Истеъдодли шоир Асқар Маҳкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарнихон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж. Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Асқар Маҳкам
БУЮК ПЛАГИАТ
Ҳикоя
Кўп қаватли иморатлар қуршовида қийиқ ҳошиясидек нақшинкор масжиддан тунги ибодатга чорлаб, азон айтилган чоғда бутун башариятга оталик даъвосини қилган «доҳий» замонидан қолган маҳобатли қора-қизғиш стол юзида қалашиб ётган ва Русиянинг турли шаҳарларида чоп этилган; қаттиқ муқоваларига чиғаноқ шаклида чизмалар ишланган китобларга жон киргандек бўлди. Муттасил шундай. Тун чўкади, маҳобатли стол жонланаверади. Балки ҳамма сир ана шу «доҳиёна» столдадир. Ахир, қатағон йилларига доир фильмларда кўз ойнаги остидаги шаҳвоний нигоҳларида минг тус ва минг маъно ифодаланган, яйдоқ бошидаги доирали шляпаси ҳатто «халқлар отаси»нинг ўзига ҳам такаббурона қайишган Лаврентий ва унинг хуфялари худди шундай ваҳимали, япасқи столлар ортида ўтириб, жонларини ҳовучларида «куф-куф»лаганча «доҳий» билан телефонда гаплашишар, шундан сўнг, янги қурбонларнинг сўнгсиз рўйхати тузиларди. У қассоб кундасига ўхшаш бу столдан аллақачон қутилмоқчи эди, аммо (қуриб кетсин) – ота мерос. Иложи йўқ. «Йўқ, – деди унинг ичида ниҳоят бир эзғин ва таҳликали овоз, – Бу «кунда»ни йўқотасан. Қачонгача унинг ёнига кушхона новвосидек боришим керак. Қачонгача у менга қоронғи карцерни, жилла қурса, палахса-палахса гўшт ўйиб ташланган баҳайбат ёғоч кундани эслатиши керак!..» У олис Русиядан келтирилган, қаттиқ муқовали ва чиғаноқсимон нақшалар солинган китобларга қўрқиб назар ташлади. Назарида, тахлаб ташланган китоблар черков қўнғироғидек ҳали замон қаттиқ садо чиқаради ва унинг сирларини оламга ошкор қилади. Улкан стол ҳам негадир жонлидек туюла бошлади. Бу мудҳиш сирларни кейинги пайтда ичкиликка муккасидан кетган ва қарийб ақл-ҳушдан жудо бўлган қаланғи мутаржим, черков қўнғироғидек дўппайиб турган мусофир китоблар ва ана шу стол билади. Тўртинчи гувоҳ эса… У ҳаммадан қўрқинчли эди.
Бир меъёрда қалқиб турган кул ранг парданинг чайқалиши, девордаги қутига осувлик соатнинг оғир ва сокин чиқиллаши, тунов кун қўшни балконидаги дудланган балиқ устухонига тиқилиб тонггача хирқираб чиққан мушкнинг совуқ кўзлари ва остонада бир-бирига мингашиб олган кўҳна туфлиларнинг униққан сиёҳи, умуман, хонадаги ҳамма-ҳамма нарса сирлар пардасини йиртиб, унинг кимлигини оламга ошкор қиладигандек туюлаверади. Қалтироқ қўллари қора-қўнғир қаламни жоду дастасини тутгандек ҳадик ва хавотир билан ушлади. Қалашиб ётган қоғозларнинг тўққиз юз етмиш олтинчи саҳифасини «каллаклаш»га бошлади. Иқтибосларнинг аксарияти руҳшунос Фрейддан олинган эди. «Қуриб кетгур, шундан бошқа иқтибос оладиган одам қуриганмиди? – ғижинди у ва жумла устидан пала-партиш чизиқ тортди. Фрейдни кимнинг исми билан алмаштиришни билмай узоқ тайсалланди, ниҳоят топди. «Карамзин. Мос тушармикин? Шарқдан олсаммикан, балки хитой, япон ёхуд корейс файласуфлари билан алшаштирсамми? Хўш, энди иқтибоснинг ўзини ўзгартириш керак». У негадир ҳатто номини ҳам хушламайдиган Фрейдга тегишли иқтибосни оғзига кўнгилсиз нарсани олгандек ғижиниб талаффуз қилди. «Насл-насабини ўрганишга киришган ҳар бир одамда муракаб психологик жараёнлар содир бўлиши мумкин. Ер юзидаги деярли барча одамларда насл-насаб белгилари мавжуд». Аслини олганда, у худди ана шундай машаққатли ўғриликдан чарчаган эди. Бировларнинг мазмунли-мазмунсиз иқтибосларини доимий таҳрир қилиш, ўзгаларнинг фикрларини ўғрилаш ва уларнинг ости ё устига ўзининг исм-шарифини тиркашдан ҳам зерика бошлади. Тавба, негадир ҳеч ким эътибор бермайди. Яқинда нашрдан чиққан фалсафанинг муҳим масаласига бағишланган «фундаментал ўғрилик» нақ олти юз саҳифадан иборат эди. Биров ақалли кўнгли учун бир шапалоқ тақриз ҳам ёзмади. Балки, ҳамма унинг қилмишларини билар, балки шунинг учун китоб дўконлари пештахтасига чиқаётган, ёхуд олий ўқув юртларига тарқатилаётгани китоблари хусусида қабристон жимлигини раво кўришаётгандир. Яна ким билсин? Нима бўлганда, ўғрилик ҳам анойи иш эмас экан. Айниқса, илмдаги ўғрилик. Бу «қонуний ўғрилар» ёхуд чўнтаккесарларнинг иши эмас. Тасаввур қилинг, Фрейд ёхуд Ницшенинг «панжасига панжа урмоқ»нинг ўзи бўладими?
Мутаржим таржимани фақат бир нусхада амалга оширганидан хуноби ошди. Фрейднинг изини йўқотиш мумкин, у Карамзин ҳам бўлди, дейлик. Унди Карамзиннинг сўзи карамзинона бўлиши керак! «Насл-насабини ўрганишга киришган ҳар бир одамда…» «Авлод-аждодлари ҳаётини тадқиқ этган ҳар бир индивидда…» «Чакки эмас», – ўйлади ва «кашфиёт»ни давом эттирди. «Авлод-аждодлари ҳаётини тадқиқ этган ҳар бир индивидда жиддий руҳий кечинмалар содир бўлиши мумкин». «Худди шундай, – хаёлидан ўтказди у. – Энди Фрейдни кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайдилар. Керак бўлса, Ницшенинг қанот-қуйруқли «Худо ўлди» иборасини ҳам ўзгартира оламан. Масалан, Тангри ҳалок бўлди. Йўқ. Субстанция таназзулга юз тутди. Бу ҳам Ницшеникидек жарангламайди. Яратгувчи фавт бўлди…» Бу эса бирмунча шарқона…»
«Мутаржим ҳам ҳаддидан ошмоқда, – тобора эзилиб ўйлай бошлади у, – бир саҳифа таржимага минг сўмдан сўраяпти. Минг сўм. Тўққиз юз саҳифа китоб тўққиз юз минг дегани. Аблаҳ. Кеча тағин пул сўраб келибди. Аҳволига қараб бўлмайди. Исқирт. Ичмаса ишлаёлмасмиш. Шу туришига яна аёлларга ҳам кўз сузганига ўласанми? Падарлаънат!» – астойидил жиғибийрони чиқди, – Қалами ўткирроқ муҳаррир топиш керак. Энг охирида ўзим кўраман…»
Негадир ҳамма ерда иқтибос Фрейддан эди. «Ҳомернинг ақалли биргина шеъридан кўра, Гераклнинг гурзисини тортиб олган яхшироқ». Негадир бу гапларни Фрейд айнан унга нисбатан айтаётгандек туюларди. Лаънат бўлсин, бошқа иш қилиш керак. Буни билиб қолишлари мумкин. Унда нима деган одам бўлади! Шундоқ ҳам кейинги пайтда унинг имзоси билан чоп этилаётган том-том китобларга шубҳа билан қарай бошлашяпти. Бир одам қандай қилиб бу қадар теран фундаментал тадқиқотларни ёзиши мумкин? Агар бир саҳифа таржимага минг сўмдан қуртдек санаб берсанг… Ҳа, айтганча, бу адабиётларни Русиядан олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Сўнгги марта тижорат билан Русияга борган йигит – ўзининг аспиранти– ўсмоқчилаб сўрагани ёдига тушди: «Устоз, бу китоблар ҳозир бизда ўқитилмайди-ку. Сиз нима қиласиз?..» «Тезроқ тугатиш керак ва албатта, юқорига етказиш лозим, – ўйларди у. – Фаолиятимга етарли баҳо берилмаяпти. Шунча меҳнатнинг қадр-қиммати бўлмаса. Ўзлари ҳеч иш қилишмайди, қилганни кўришолмайди. Яна ёдига Фрейднинг ўша жумласи тушди. «Ҳомернинг ақалли биргина шеъридан кўра, Геркулеснинг гурзисини тортиб олган яхшироқ». Машҳур руҳшуноснинг хира сувратига назар ташлади. Қуюқ соқоллари калта қилиб текисланган, оқ оралаган сочлари орқага силлиқ қилиб таралган, теран кўзларининг ости салқи, кўринишдан ғоят асабий. Агар бу номаъқулчиликларга унинг ўзи гувоҳ бўлса борми? Қайдадир Шарқда, Фрейдгина эмас, ҳатто Ҳегел ва Ҳёте тан берган Шарқда қишлоқдан чиққан бир азамат қўли-қўлига тегмай уни ўзлаштираётганини билса борми? Бу қовоқлар баттар осилиб тушар, чуқур кўзлардаги киноянинг ўрнини тизгинсиз ғазаб эгалларди, вассалом. Унинг профессорлиги ҳам, Худо ёрлақаб академик бўлиб қолса, академиклиги ҳам чиққан ерига кириб кетади. Аммо, Фрейд қаёқдаю у қаёқда? Бировнинг тушига кирибдими?
Кейинги иқтибос Фрейднинг «Мен ва У» китобидан олинган эди. «Унга нисбатан МЕН ўта кучли айғирни жиловламоқчи бўлган чавандозга ўхшайди». Фрейд нимани назарда тутяпти, ўзича хаёл қилди у. Нега Уни МЕН жиловлаши керак ва нега у асов отга менгзайди. Албатта, гениал олимнинг фикрларини чақишга қурби етмасди. «Нега чиранасан, – ўзини-ўзи койий бошлади. – Агар Фрейдни англаганингда уни чўнтагини кесмаган бўлардинг…» Аммо буни қандай қилиб, таҳрир қилса бўлади. Чиндан боши қотди. «Унга нисбатан МЕН ўта кучли айғирни жиловламоқчи бўлган чавандозга ўхшайди». Худбинлик фалсафасими? Эгоизмми? Ким билсин? Аммо қандай қилиб буни Фрейддан тортиб олиш мумкин? «Унга қиёс қилганда МЕН асов тулпорни тушовламоқчи бўлган суворийга ўхшайди». Ёмон эмас, бироқ айни ўзи-ку! Иқтибоснинг остига кимни осилтириб қўйсин: Мишель Монтенними? Николай Кузанскийними? Эразм Роттердамскийними? Балки Хайдеггер…
Тун оҳиста-оҳиста яримлаб борарди. Тўртинчи қаватдаги ёлғиз хона балконига тушиб турган ёруғлик ҳамма нарсани кўриб турса-да хонадон соҳибига «садоқат»ининг рамзи сифатида нафас олмасди. Ҳаммаёқ осуда. «Тавба, – ўйларди у, – ўғрилик тунда амалга оширилишининг сабаби шунда экан-да. Ўзининг ўғридан қаери кам? Одамлар бошларига пайпоқ тортиб кирсалар, у пайпоқсиз, ханажарсиз ўғрилик қиляпти. Ўғри фавқулодда соҳибнинг назарига тушса, қочиб кўради, эплай олмаса, уни даф қилмоққа уринади, балки қурол ишлатар… Уни эса ҳеч ким кўрмайди. У фақат тўртинчи гувоҳ – Фрейднинг ўзидан қўрқади, холос. Ҳозир унинг кўчирмаларини ўрганадиган одам қолганми? Устига-устак нуфузли идоранинг раҳбари бўлса, фан доктори, беш минут кам академик. Таржимада гаплар узайгани сайин узайиб борар, ҳар бир жумлани икки-учга бўлиб, қайта-қайта ўқигани билан деярли ҳеч нарсани англаёлмасди. Яна миясига қон тепди. «Исқирт, тили жуда оғир-да». Шу лаҳзада Фрейдни сўкдими, ёхуд мутаржимними, билиб бўлмасди. Дераза ортида тонг оқариб кўрина бошлади. У бутун вужуди лоҳасланиб, бошига кимдир ҳарир пайпоқ тортгандек кўзлари юмила бошлади. Чарчаганини ҳис қилди. Аста диванга чўзилди…
Тун қуюқ ва ваҳимали эди. Нақ Варфоломей кечасидек. Кул ранг пардаси зулмат шамолининг қўлларида сертаҳлика чайқалаётган дераза шарақлади. Бир-бирига мингашган туфлиларни оёқлари билан аёвсиз «ғажиганча» тўрт нафар бошига пайпоқ тортган ўғри остонада пайдо бўлди. Молихулёнинг хуружими? Алаҳсирашми? Дюманинг рўмонларидан бирини мутолаа қиляптими? Йўқ. Диваннинг бош томонида Олимп ҳайкалларидек тош қотиб турган дев жусса бошидан пайпоқни тортди. «Оҳ, Худо! Фрейднинг ўзи. Қўлида Геркулеснинг гурзиси. У буларнинг ҳаммасини – Геркулес ва унинг тишли гурзисини ҳам – антик адабиёт тарихи китобида кўрган. Дум-думалоқ тўқмоқдан ирғиб чиққан ўткир тишлар қутурган итникига ўхшарди. «Тамом, – ўйлади у. – Ҳозир гурзининг аёвсиз тишлари яйдоқ калламдан дарча очади, ўзимни эса бетон полга парчинлайди, нақ Исодек. Ундан сўнг, кўчага олиб чиқиб, сазойи қилади. Балки эшакка тескари миндирар. Аммо бўйнимга ёрлиқ осмай қўймайди. Осади. «Буюк плагиат» деб ёзилган ёрлиқ…» Фрейд айни ўша китобдаги сувратига жуда ўхшарди. Худди ўзи ўйлагандек бўлди. Гурзи унинг бошига эмас, негадир тишсиз томони билан кифтига гурсиллаб тушди. Полга ағдарилиб тушаркан, устидан қалин китоблар ҳам бирин-кетин қулаб, кўмиб қўяёзди. Аслида унинг шоён мақсади ҳам шу эди. Буюк китобларга кўмилиш ва шу билан дунёвий ва ухровий ҳаётини чўққиларга кўтариш. У ерга – чўққига чиқса – бўлди, билган номаъқулчиликни қилаверади. Аммо ҳозир бундай тотли хаёлларнинг мавриди эмасди. Кифтига тушган гурзи ва ағдарилиб тушаётган китоблар «мозори»и ичида қолиб кетаётганди. Оҳ!.. Бордию шу тобда ўлиб қолса нима бўлади?.. Қора пайпоқлилар унинг оёқ-қўлларини чирмаб боғладилар ва пастга олиб тушдилар. Мутаржимига ўхшаш доимий кайфи қайроқ қўшнисининг жангалга айланган девор гулларига тумшуқ чўзиб, яшил баргларни куртиллатиб бамайлихотир кавшаётган қора эшак боғловлик турарди. Худо урди, – ўйлади у, – сазойи қилишлари аниқ.. Э, Худо, қайси кўчадан бошлашаркин? Наҳотки шоҳ кўчадан юришса?.. Ахир, унда нима деган одам бўлади? Балки бирор тор кўчадан солишар…» Ўй-хаёлларининг поёнига етиб-етмай юзларига қора ҳарир пайпоқ тортган уч нафар барзанги уни эшакка чаппа ўтирғизиб қўйишди. Эшак яшил барглар хуморида эндигина девор гулга тумшуқ чўзган эди ҳамки Фрейд унинг нўхтасини қаттиқ тортди. Эшак қайсарлик билан бўйин сунди. Шунда қаердандир Русиядан унга муттасил адабиётлар ташиган аспирант йигит пайдо бўлди-да устозининг бўйнига ҳалқали оқ тахтани осиб қўйди. Аспирантнинг юзларида доимий масхараомиз кулгу сирғалиб турарди. Тахта дағалроқ ёғочдан ясалган эканми, бир чеккаси устозининг иягига тегиб кетди, аспирант тавозе билан узр сўради. У хавотир билан бир қургина тахтага назар ташлашга ўлгурди. Ё пирай, тахта юзига қора ҳарфлар билан «Буюк плагиат» деб ёзилган эди. Ниҳоят кож эшак қулоқларини қарсиллатиб қоқди ва Фрейднинг етагида нақ шоҳ кўчага томон бурилди… Ҳайтовур, кўчанинг сўл қанотига тизилган кишиларни танимади, аммо ўнг томондагилар, оҳ Худойим, у раҳбарлик қилаётган институт ходимлари… Қиқир-қиқир, ҳиринг-ҳурунг, ваҳа-ҳалар ичида кесатиқ ва пичинглар ҳам қулоққа чалиниб турарди. Ногоҳ нимадир суюқ бир нарса чапиллаб юзига ёпишди. У астойидил дод солди ва…
Маҳобатли стол юзида тунов дудланган балиқ қилтаноғига тиқилиб туни бўйи ихраб чиққан мушук яшил кўзларини ҳадик билан унга тикиб турарди…
Манба: www.uforum.uz