Cho’lpon va XX asr o’zbek she’riyati.

002
ХХ асрнинг 10-йилларида адабиёт майдонида тонг юлдузи ўлароқ кўринган ва шу сабабли Фитрат томонидан Чўлпон тахаллуси билан “тақдирланган” шоир ана шу авлод орасидан отилиб чиқиб, ўзбек шеъриятини миллий уйғониш қуролига айлантирибгина қолмай, унинг тили ва услубини, шакл ва воситаларини янгилаб ҳам берди.

002

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1897 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Дастлаб мадрасада (1908—12), сўнгра рус-тузем мактабида (1912—14) тахсил олган. Шеърий асарлари «Ўзбек ёш шоирлари», «Уйғониш» (1922), «Булоқлар» (1923), «Тонг сирлари» (1926) ва «Соз» (1935) тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. 20-йилларда ёзган «Ойдин кечаларда», «Қор қўйнида лола», «Новвой қиз» цингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналаридир. «Кеча ва кундуз» (1936) романи ҳамда «Ёрқиной», «Халил фаранг», «Ўлдирувчи» (1921), «Севги ва салтанат», «Чўпон севгиси» (1922) каби песалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). Унинг таржимасидаги У. Шекспирнинг «Ҳамлет» трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади.
У 1938 йил 14 июл куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, Тошкент шаҳри атрофида отиб ташланган. Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

07
ЧЎЛПОН ВА ХХ АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИ
НАИМ КАРИМОВ
Маъруза 1997 йил ноябрида Ҳумболдт номидаги Берлин университетида Чўлпоннинг 100 йиллигига бағишланган анжуманда ўқилган.
08

Кўп асрлик ўзбек шеърияти тарихидаги янги давр ХХ аср билан бошланди. Чўлпон гарчанд 1925 йилга оид “Улуғ ҳиндий” мақоласида ўзбек мумтоз адабиётининг Алишер Навоийдан Муқимийга қадар бўлган намояндаларини назарда тутиб, “Бир хил, бир хил, бир хил”, деган ва “Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир”, дея изҳори дил қилган бўлса-да, ўзида ва, умуман, ўзбек шеъриятида янгиликка бўлган эхтиёжни аср бошларидаёқ сезган. Буни Фитрат ҳам, Ҳамза ҳам, Авлоний ҳам сезишган. Аммо ўзбек шеъриятидаги, шеър тузилишидаги ислоҳот аввало Фитрат ва Чўлпон номлари билан боғлиқ.

Чўлпон 1933 йили рус ёзувчиси В.Ян билан қилган суҳбатида Фитратни ўзбек шеър тузилишининг ислоҳотчиси, деб айтган. Ва ислоҳотчи деганда, унинг арабий-форсий шакл ҳамда қолиплардан воз кечиб, жонли халқ тили билан халқ шеърияти вазнларида ёза бошлаганини назарда тутган. Унинг ўзи Фитрат бошлаган ана шу ислоҳотни муваффақият билан давом эттириб ва якунлаб, ўзбек шеърияти тараққиёти тарихида янги даврни бошлаб берган. Бугун биз бу адабий даврни ХХ аср ўзбек адабиёти, деб атамоқдамиз.
Хўш, Чўлпон номи билан бевосита боғлиқ бу ўзгаришлар нимадан иборат? Унинг шеъриятимиз равнақига қўшган ҳиссаси нимада зуҳур бўлади?.. Бундай саволларга жавоб бериш учун Чўлпон “бир хил, бир хил, бир хил” деб таърифлаган адабиётга назар ташлаш жоиз.

Ўзбек мумтоз шеърияти, гарчанд улкан бадиий ютуқларни қўлга киритган бўлса ҳам, ХХ асрдек янги тариҳий даврда бундан бир неча асрлар илгари топилган ва неча асрлардан бери ишлатилавериб сийқаси чиқаёзган шакллардан, тилдан, поэтик тафаккур тарзидан фойдаланиш адабий депсиниш, адабиёт тарихидаги турғунлик бўлурди. Бунинг устига, аср бошларида қўшни мамлакатларда рўй берган инқилобий ҳаракатлар Ўрта Осиё минтақасини ҳам жунбишга келтириб, унинг эскирган ва чириган жимият тизилмасида яшаётганини ошкор қилиб қўйди. Жамиятнинг илғор кучларини уйғотиши ва бирлаштириши мумкин бўлган адабиётнинг ҳам халқ ҳаётидан олислиги маълум бўлиб қолди. Давр жамият ва халқни асрий феодал уйқусидан уйғотишни Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза, Абдулла Авлоний, Тавалло сингари ёзувчилар зиммасига юклади. ХХ асрнинг 10-йилларида адабиёт майдонида тонг юлдузи ўлароқ кўринган ва шу сабабли Фитрат томонидан Чўлпон тахаллуси билан “тақдирланган” шоир ана шу авлод орасидан отилиб чиқиб, ўзбек шеъриятини миллий уйғониш қуролига айлантирибгина қолмай, унинг тили ва услубини, шакл ва воситаларини янгилаб ҳам берди.

Чўлпоннинг шеърий мероси нисбатан катта эмас. “Уйғониш” (1922), “Булоқлар” (1923), “Тонг сирлари” (1926) ва “Соз” (1935) тўпламлари, шунингдек, “Ўзбек ёш шоирлари” (1922) жамоа мажмуасидан, бундан ташқари, вақтли матбуот саҳифаларидан ўрин олган шеърлари 300 тага етмайди.

Бу шеърларнинг ҳаммаси ҳам бир хил баланд савияда эмас. Шу саноқдаги шеърларнинг учдан бир қисмигина катта бадиий қимматга эга. Унинг ХХ аср ўзбек шеърияти равнақига туртки берган шу шеърларида Чўлпон фавқулодда буюк шеърий истеъдодини тўла намойиш этган.

Чўлпон шеъриятининг нафақат ижод аҳли, балки оддий китобхонларга кўрсатган таъсири ҳақида қуйидаги фактни келтириш ўринли. 1929-1930 йилларда миллий истиқлолчилик ҳаракатининг Мунаввар қори Абдурашидов раҳбарлигидаги аъзолари қамоққа олинганда, хуфялардан бири камерада бўлиб ўтган бир суҳбат ҳақида маълумот берган. Андижонлик маҳбуслардан бири ўзи тушган фожиали аҳволнинг сабабчиси Чўлпон эканини айтиб, “Агар Чўлпон ва унинг шеърлари бўлмаганида, мен бу сассиқ камерада ётмаган бўлардим”, деган ва Чўлпонни яратган Парвардигордан ранжиган. Аммо хийла вақт ўтгач, у ўзига келиб, “Яхши ҳам Чўлпон ва унинг шеърлари бор. Уларсиз бизнинг кўзимиз очилмаган бўларди”, -– деб айтган.
Бу, бизнингча, Чўлпон шеърига оддий китобхон томонидан берилган юксак баҳодир.

Чиндан ҳам, 1917 йил инқилоблари арафаси ва 20-йилларда Чўлпон шеърияти туфайли халқнинг бир қисмида Ватан, Миллат, Ҳуррият, Истиқлол ва Миллий тараққиёт тушунчалари пайдо бўлган. Унинг шеърлари шу даврда ҳам, кейин ҳам катта ижтимоий мақсадга хизмат қилган. У бу шеърлари билан бевосита халққа мурожаат этиб, унинг дилидаги дард ва аламларини унга тушунарли тилда ва уни тўлқинтирарли шаклда ифодалаган. Бошқача айтганда, у шеъриятни халққа, унинг ҳаётига, қалбига, изтироблари, азоблари, орзу ва умидларидан иборат руҳий оламига яқинлаштирган. Бу, Чўлпон шеъриятига хос бўлган биринчи хусусиятдир. Иккинчи хусусият шундаки, у нозик қалб ва нозиктаъб шоир сифатида туйғунинг, ҳиссиётнинг шеърий асардаги кучини бениҳоя оширди. Ва, ниҳоят, учинчи хусусият шуки, Чўлпон ўзбек шеъриятида янги вазннинг мустаҳкам ўрин олишига, унинг янги жанр ва шакллар билан бойишига, унинг тилини софлаш, соддалаштириш ва ёрқинлаштириш ишига ката ҳисса қўшди.

Чўлпон шеъриятига хос ана шу тамойиллар бошқа шоирларимиз томонидан турли тарихий-маданий даврда давом эттирилди. Шу маънода Чўлпон анъаналаридан фойдаланиш қуйидаги босқичларга бўлинади:

1. Чўлпон ҳаёт бўлган 20-йиллар.
2. Чўлпон “халқ душмани” деб эълон қилинган 30-50-йиллар.
3. “Хрушчевча илиқлик” даври деб аталган 60-йиллар.
4. Совет жамиятидаги демократик ўзгаришлар даври бўлган 70-80- йиллар.
5. Мустақиллик даври.

Ушбу маърузада* бу даврларнинг ҳаммасини илмий тавсифлаш шарт эмас. Лекин шунга қарамай, баҳсни биринчи босқичдан бошламай илож йўқ.

Шу нарса мароқлики, бу даврда кўзга ташланган икки тамойил совет даври ўзбек шеъриятининг қарийб сўнгги кунларига қадар давом этди ва ўзида шу шеъриятнинг моҳиятини ифодалади. Яъни 20-йилларда, бир томондан, Боту ва Ғайратийлар Чўлпон билан мунозарага киришиб, унинг дунёқарашига қарши чиқишган бўлсалар, Ойбек ва Усмон Носир Чўлпоннинг лирик шоир сифатидаги анъналарини меҳр билан давом эттиришди. Боту ва Ғайратийлар бошлаб берган йўл 30-йилларда катта кўлам касб этиб, социалистик реализмга асосланган ўзбек шеърияти дарёсини ҳосил қилди. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун сингари шоирлар шу дарё соҳилида ўсиб улғайдилар. Ойбекнинг “Наъматак”, умуман, “Чимён дафтари” туркумига кирган шеърларининг буржуа лирикаси намуналари деб эълон қилиниши ва бу лирика тарафдорларига қарши курашнинг бошланиши билан Чўлпон “байроқдор”и бўлган ўзбек шеъриятидаги бадиий-услубий тамойил таққа тўхтади. Ойбек ҳам “гражданлик лирикаси” деб аталган расмий шеърият доирасида ижод қилишга мажбур бўлди. Шу зайилда 30-йиллардан 60-йилларга қадар давом этган ўзбек шеъриятидан Чўлпон анъаналари ситиб чиқарилди. Ҳатто Сталин шахсига сиғиниш фош этилиб, Абдулла Қодирий сингари ёзувчилар оқланганларидан кейин ҳам вульгар адабиётшунослик номояндалари Чўлпоннинг ижодкор сифатида оқланишига, демак, “соф лирика”нинг адабиётмиз бағрига қайтишига монелик қилдилар.

Аммо тарих ўз ишини қилади. Сталиннинг ўлими билан совет жамиятида рўй бера бошлаган ўзгаришлар марказдан, тўғрироғи, келажакдан эса бошлаган янги шабадалар ўзбек адабиёти денгизини мавжлантириб юборди. Бирин-кетин уфқда Эркин Вохидов ва Абдулла Орипов ўзига хос шеърияти билан пайдо бўлди. Сўнг Рауф Парфи, Миразиз Аъзам, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек ва бошқалар бодроқдек бодраб чиқдилар. Сиёсий иқлимнинг юмшаши, инсонпарварлик нормаларининг тиклана бошлаши, адабиёт асарлари марказида инсон образи туради, деган эски ҳақиқатнинг эсланиши билан Ғафур Ғулом, Шайхзода, Уйғун, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, М.Бобоев, Рамз Бобожон сингари шоирлар ижодининг ҳаддан зиёд сиёсийлашиб кетгани сезилиб қолди. Шунинг натижаси ўлароқ янги авлод ўз нигоҳини Чўлпонга қаратди. Шеъриятимизда яна Чўлпон руҳи бўй кўрсата бошлади. Бу чўлпонона тамойилнинг қанот ёзишига ёш авлод билан бирга Ойбек ва Миртемир сингари кекса авлод вакиллари муҳим ҳисса қўшдилар.

Агар совет даври ўзбек шеъриятига бугунги кун талаблари ва ҳақиқий адабий мезонлар асосида ёндашилса, асосан Чўлпон руҳига яқин шеърларгина қолади ва шу шеърлар ХХ аср миллий шеъриятимизнинг олтин фондини ташкил этади.

Чўлпоннинг ХХ аср ўзбек шеъриятига таъсири икки хил кўринишга эга. Биринчиси – Чўлпоннинг ҳаётлик пайтидаги таъсири. Совет адабиётшунослиги Ҳамзанинг 20-йиллар адабий ҳаётдаги ўрнини қанчалик қабартиб кўрсатишга ҳаракат қилган бўлмасин, шу даврдаги адабий жараёнга катта таъсир кўрсатган бирдан-бир шоир Чўлпондир. Масалан, Ойбек адабиёт оламига Чўлпоннинг содиқ издоши сифатида кириб келган. Унинг 20-йилларда яратган аксар шеърларидан Чўлпоннинг “ҳид” и уфуриб туради.

Мана бир мисол:

Кузнинг ҳазин, гўзал палласи,
Япроқлардан ерларда гилам.
Бир дам ўтир, кўнглим ғунчаси,
Балки қургай кўзларимда нам…

Тўқимайман бирон сафсата
Куз, муҳаббат, ҳаёт баҳсидан.
Бизнинг учун олтин манзара
Сўзлар буюк руҳлар бахтидан.

Бир дам ўтир, севгилим, қувнай,
Кузнинг ҳазин завқини сурай.

Бу сатрларда Чўлпоннинг “Гўзал” шеъридаги “кундан ҳам, ойдан ҳам гўзал” Аёл тасвирлангандек. Аммо бу Аёл, Чўлпон сингари, Ойбек учун ҳам “баланд дор”. Ойбекнинг лирик қаҳрамони учун шу ажойиб куз палласида у билан ёнма-ён ўтириш ва табиат гўзаллигини бирга туйиш етарли.

Агар Чўлпоннинг лирик қахрамони асосан жамият фарзанди ўлароқ гавдаланган бўлса, Ойбекнинг лирик қахрамони табиат фарзандидир. Чўлпоннинг лирик қаҳрамони ҳатто табиат бағрида ҳам тузум қафасини сезиб, ҳис этиб, бўғилиб туради. Чўлпонга нисбатан бир оз эркин яшаган. Ойбек кўзларига темир панжара кўринмайди. Шунинг учун ҳам у ва унинг лирик қахрамони табиат манзараларидан, воқеликдаги гўзалликдан баҳра олади. Унинг учун энг катта бахт – шу гўзалликни бутун қалби ва вужуди билан сезиш, ўзини табиат фарзанди, деб ҳис этиш. Чўлпон учун эса энг катта бахт эркинлик, руҳнинг ҳурлигидир. Чўлпон ва Ойбек лирикаси ўртасида шундай нозик фарқ бўлишига қарамай, Ойбекдаги гўзаллик туйғусининг “илдизлар”и Чўлпон лирикасига бориб тақалади.

1936 йили Ойбек “Евгений Онегин” шеърий романини Ўзбекистоннинг Чимён деб аталмиш гўзал бир масканида таржима қилган. У, бир томондан, шу қорли тоғлар билан қуршалган табиатнинг фусункор бир парчасидан, иккинчи томондан, Пушкин ижоди сарчашмасидан илҳомланиб, “Чимён дафтари” туркумини яратди. Бу туркумда у Чўлпон бошлаб берган лирик руҳни баланд пардаларга кўтариб, чўлпонона поэтик ранглар билан товланган услубга янги сайқал берди. Бу туркумга кирган шеърларнинг Ҳамид Олимжоннинг шу йилларда ёзган лирик асарларидан фарқи шундаки, бахт-саодат тушунчаси уларнинг бирида табиат, иккинчисида эса жамият билан боғлиқ. Ойбек шу маънода “лирик интермеццолар” муаллифи – буюк Ҳайннриҳ Ҳайнега ҳам яқин.

Модомики Ойбек учун табиат ва гўзаллик бирламчи аҳамиятга молик тушунчалар экан, унинг лирик шеърларида услубнинг чўлпонона бир йўналишда нафосатланиши ҳам табиийдир. Гўзаллик ошуфтаси Ойбек учун юлдузли осмон “юлдузлар чамани” ёхуд “юлдуз-ла тикилган кўк каштаси”, чақмоқнинг эгри-бугри излари эса “чақмоқлар илони”дир. У ўзида нозик туйғуларнинг пайдо бўлишини “ҳислар ғунчалайди” деб айтади; қиш кунларида гиламга тушган ва тебранган қуёш нурини сариқ мушукнинг ўйинига ўхшатади. Бу шарқона тил ва услубнинг ҳам Чўлпон булоғидан сув ичгани сир эмас.

Ойбек – бу Чўлпоннинг ҳар томонлама давоми. У олижаноб инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам қарийб барча жаҳон адабиёти классикларинниг таржимони сифатида ҳам Чўлпонни эслатади. У ҳам, шоир Чўлпон сингари, бояги шоирона услубни ўзбек насрига олиб кириб, “Қутлуғ қон” ва “Навоий” романларини яратди.
Ойбек ижодига кўпроқ тўхталганимизнинг боиси шундаки, у Чўлпонлар, Абдулла Қодирийлар “халқ душмани” деб эълон қилинган ва уларнинг асарларини ҳатто ўқиш ҳам жиноят ҳисобланган узоқ йиллар давомида ҳам шеъриятда, ҳам насрда Чўлпон анъаналарини давом эттириб, Чўлпон билан ёш адабий авлодлар ўртасида кўприк вазифасини бажарди.

Ойбекдан фарқли ўлароқ, Миртемир бепоён қозоқ чўлларининг ҳавосини эмиб ўсган.

Чўлпон бармоқ вазнининг турли-туман кўринишлари ва банд шакллари билан бирга ўзбек шеъриятини, Фитратдан фарқли ўлароқ, сарбаст шеърлари – сочмалари билан ҳам бойитган. Агар нозиктаъб Ойбек Чўлпон туфайли, бошқа қатор шакллар қатори, терцет санъатини ҳам эгаллаган бўлса, Миртемирга унинг сочмалари ибратли ва оҳанрабо бўлиб кўринди. У инқилобий давр руҳини ифодалашда сочмадан фойдаланиб, “Шуълалар қўйнида” деган дастлабки китобини яратди. Шу нарса ажойибки, Миртемир кейинчалик ҳам ўз шеърларини дастлаб сочма шаклида (буни шоирнинг ўзи қоралама деб атарди) ёзиб, кейин уни вазнга солган ва қофия билан безаган. Сочма шу тарзда унинг поэтик фикрлаш тарзини белигилаб берган.

001Чўлпоннинг ўзбек шеърияти ва, умуман, маданияти тарихидаги хизматларидан бири таржима санъати билан боғлиқ. Ўзбек адабий тилининг ХХ асрда беқиёс даражада ўзгариши ва “Ҳамлет” сингари буюк асарларнинг барча лисоний жозибасини ўзбек тилида ифодалаш имконияти Чўлпон ва Абдулла Қодирий туфайли содир бўлди. Унинг таржималарида бошқа тилга мансуб бегона қатлам, бегона лисоний унсурлар мутлақо кўринмайди. Масалан, у А.С. Пушкиннинг “Булбул ва гул” шеърини шундай маҳорат билан ўгирганки, худди у ўзбек тилида ёзилгандек таассурот қолдиради. Пушкиннинг бошқа бир таржимони – Миртемир учун Чўлпоннинг шу таржимаси эталон бўлиб хизмат қилган.

У ушбу шеърнинг:

Баҳор чоғда холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, “Гулим, раҳм айлагил”, – дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона…

деган сатрларини ёд ўқиб, улардаги вазннинг шарқона нафис мусиқаси ва шу мусиқа мавжларида эркин сузаётган “фарёду афғона – тўлғона-тўлғона” қофиясини юксак шеърий санъатнинг намунаси сифатида идрок этар ва шу шеърнинг том маънодаги ҳаммуаллифи бўлган Чўлпондан сабоқ оларди. Шуни айтиш ўринлики, Миртемир эътиборини тортган “тўлғона-тўлғона” сўзларининг эквиваленти Пушкинда йўқ, лекин Чўлпон таржимага шу сўзларни киритиш билан “Булбул ва гул”нинг ўзбекона руҳ ва ранглар билан товланиб юборишига эришган. Адабий тилимизга Чўлпон туфайли қайта кириб келган “тўлғона-тўлғона” сўзларида ажиб бир халқона оҳанг бор. Ўзбек шеърияти тарихига халқчил шоир сифатида кирган Миртемирнинг адабий манбаларидан бири ҳам, ундаги халқона руҳга озуқа берган замин ҳам Чўлпон ижодидир.

Кўрамизки, Чўлпондан кейинги авлод Ойбек ва Миртемир сиймосида ўзбек шеъриятини яна бир поғона кўтарди ва ана шу юксалиш жараёни, биринчи навбатда, Чўлпон номи билан боғлиқ анъаналар ва бадиий тажрибаларни давом эттириш ҳамда ривожлантириш ҳисобига бўлди. Шубҳасиз, бу жарёнда Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Уйғун, Зулфия, Усмон Носир, Амин Умарий сингари шоирлар ҳам иштирок этдилар. Аммо уларнинг аксар қисми лирикадан совет воқелигини тасдиқлаш мақсадида фойдаланди. 1937 йилдан кейин авж олган бу ҳол 60-йилларга қадар давом этди ва шу йилларда ўзбек шеъриятида шиорбозлик, плакатбозлик авж олиб, шеърият санъат тури сифатида инқирозга учради.

Золимлар ўлганда, марҳумлар тирилади, деган гап бор. ХХ асрнинг ёвуз даҳоларидан бири Сталиннинг ўлими билан у барпо этган сиёсий тузум секин-аста нураб, ўзбек адабиёти оёқларидаги кишан парчалана бошлади. Буни янги авлод – Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов авлоди биринчи бўлиб ҳис этди. 1956 йили ёш Э.Воҳидовнинг кейинчалик машҳур бўлиб кетган бир шеъри босилди. “Камтарлик ҳақида” деб номланган бу шеърда 40-50-йиллар ўзбек шеърияти учун бегона бўлган икки жиҳоз – чойнак билан пиёла тасвирланган. Шоир такаббур Чойнак билан камтарин Пиёла образини яратгач, бундай ёзган:

Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.

Эркин Воҳидов бу шеърдаги ҳар икки жиҳоз билан ўзбек шеъриятига унутилаёзган миллий руҳни қайта олиб кирди. Нафақат бу икки жиҳоз, балки камтаринлик билан боғлиқ ғоя ҳам миллий эди. Айни пайтда шеърда қанчалик мағрур бўлганига қарамай, Чойнакнинг эгилиши – ер сари эгилиши, демак, барча жиҳозлар сингари синиши ва ер тагига кириши мумкинлигига шама ҳам бор эди. Бу шамани сиёсий оҳангдан ҳоли, деб бўлмайди. Чўлпонда бундай шаманинг бўлиши мумкин эмас. У тузумнинг ошкора мухолифи бўлган пайтларида ўз дилидаги нафратини ҳам, ҳуррият ҳақидаги орзусини ҳам асло яширмаган. Аммо у агар 37-йил тўфонидан омон қолганида, эҳтимол, дарду мақсадини матн остига яширган бўлармиди.

Камтарлик ҳақидаги шеъридаёқ миллийликка бўлган майли учқун сочган Э.Воҳидов, кўп ўтмай, аруз вазнида талайгина ғазаллар ёзди. Бу асарлар Чўлпон “бир хил, бир хил, бир хил” деб атаган мумтоз шеъриятдан замонавий нафаси билан, 60-йиллар кишисининг дили ва дидига яқинлиги билан ажралади. Э.Воҳидов бу шеърларида миллий қадриятлар ва миллий тарихга нисбатан бугун бизда авж олган туйғуни 60-йиллардаёқ ботиний ҳис билан туйган ва “Ёшлик девони”га сочиб юборган эди. Ҳатто Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони”га кириб борган Шарқ руҳи совет даври адабиётимиздан қувиб чиқарилган эди. Эркин Вохидов ана шу руҳни 60-йиллар шеъриятига олиб кирибгина қолмай, “Ўзбегим” қасидасини ҳам яратди. У билан изма-из, бир йил фарқи билан, Абдулла Ориповнинг ҳам “Ўзбекистон” қасида-достони майдонга келди. Бу ҳар иккала қасидада Чўлпон ҳур ва озод бўлишини орзу қилган, улуғ тарихга ва жаҳоншумул сиймоларига эга бўлган Ўзбекистон куйланган эди.

Баҳс Э.Воҳидовнинг “Ёшлик девони” устида борар экан, у майдонга келган вақтда газета ва журнал саҳифаларида партияни, пахтани, тинчликни олқишловчи, Америка империализмини қораловчи шеърлар дарёси тўлқинланиб турарди. Ана шундай шароитда у арузий шеъриятга хос мусиқий равонлик ва нафосат билан бирга ўзбекона миллий руҳнинг ҳам шеъриятимизда қарор топишига ўз ҳиссасини қўшди. Аруз шеърий санъатлар фавворасини тақозо этувчи шеърий тизилма бўлгани учун “Ёшлик девони”да шоирнинг бой руҳий олами гўзал бир шаклда ифодасини топди.

Чўлпон гарчанд арузнавис салафлари изидан бормай, бармоқ вазнига катта эътибор берган бўлса-да, арузга ҳам ўқтин-ўқтин мурожаат этиб турган. Лекин унинг арузи анаънавий бўлмаганидек, туйғуларида ҳам сийқалик бўлмаган.

Мана, бир мисол:

Боғларда сўлди гуллар, сўлди гуллар, сезмадим,
Қип-қизориб ботди кунлар, ботди кунлар сезмадим.
Қайда қолди қонли кинлар, қонли кинлар сезмадим,
Сочларинг боғлаб олиб, боғлаб олибдир сезгини!…

Э.Воҳидов ғаззалларида шунга ўхшаш туйғулар нафосати ва ифода малоҳати мавжланиб туради.
А.Орипов эса шеъриятга исёнкор шоир сифатида кириб келди. Унинг аксар шеърларида гарчанд ғафурона оҳанглар эшитилиб турса-да, у, моҳиятан, Чўлпон шеърлари билан кўз очган шоир. Унинг илҳоми ана шу икки қутб орасида ҳалигача парвоз қилиб, чўлпонона шеърият сари яқинлашганида, шеърлари ҳиссий теранлик касб этиб боради.

Содда Чўлпон 1921 йили, амирлик ағдарилиб, Бухоро Халқ Республикаси барпо этилганида, “Халқ” шеърини ёзиб, унинг тарих ижодкори сифатидаги ролига катта баҳо берган. Лекин орадан кўп ўтмай, у “Милтираган хира чироқсан, йўқсил, Ел қаттиқроқ келиб урса ўчарсан”, – деб большевиклар миниб олган халққа тўғри баҳо қўйган. Орадан олтмиш йил ўтгандан сўнг ҳам шу халқ табиати ва тақдирида ўзгариш бўлмади. Бундан изтироб чеккан А.Орипов Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари фарзандларини асрашга қодир бўлмаган халқни оломон деб атаб, ёзди:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Лорка отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?…

Абдулла Орипов, худди Чўлпон каби, бу шеърни маснавийда, худди Чўлпондек “кўч-ўч” қофияларидан фойдаланиб ёзган. Агар халқ кучига бир зум бўлса-да ишонган Чўлпон маслакдошларига мурожаат этиб, “Бутун кучни халқ ичидан олайлик!” – деган бўлса, Абдулла ҳам бевосита халққа мурожаат этиб, “Қачон халқ бўласан, эй сен – оломон?!” деб хайқирган. Бу шоирнинг Чўлпон билан баҳси эмас, балки унинг дардини тушунган кишининг ноласидир.

А. Орипов қалби жароҳатланган ё эски жароҳатлари очилган пайтда шундай чўлпонона кучга эга шеърларини ёзди.

Ўзбек шоирлари Чўлпондан қанчалик узоқлашсалар, унга шунчалик яқинлашмоқдалар. Агар ўша 60-йилларда Э.Вохидов ва А.Орипов авлоди билан бирга Ойбек ва Миртемир ижодида иккинчи баҳор бошланди, десак янглишган бўламиз. Ойбек ўша йиллари ёзган тўртликлари ва улардаги “Ҳақиқат соқовдир, заифдир инсон…” сингари сатрлари билан совет даври фожиаларининг илдизини очиб ташлади. Миртемир Тошбу, Патти каби қаҳрамонлари сиймосида жабрдийда халқ образини яратди. У ўз ижодининг такомилида халқона руҳ билан тўйинган шоирдан халқ дардини дадил ифодалай олувчи, халқ ва юрт дарди билан яшовчи шоир даражасига кўтарилди.

Кекса ва ёш авлод вакилларининг ана шу парвози фонида Асқад Мухтор шеърияти ўзининг янгича ҳарорати, фалсафий мушоҳадаларга бойлиги билан ажралади. Афсуски, биз, ўзбек адабиётшунослари, бу тилга олинган шоирларни ҳанузга қадар жаҳонга бутун куч-қудрати билан кўрсата олмадик. Агар келажакда немис, инглиз, француз… китобхонлари уларнинг энг яхши асарларини она тилларида ўқиш имкониятига эга бўлсалар, ХХ аср ўзбек шеърияти жаҳон адабиётига бир неча буюк шоирларни етказиб берганига имон келтирадилар.

Ҳозирги ўзбек шеъриятидаги Чўлпон анъаналари хусусида сўз борганда, Рауф Парфи номини тилга олмаслик номардлик бўлурди. Унинг ижоди – ҳозирги шеъриятимиздаги соф чўлпонона ҳодиса. Унинг туйғулари қанчалик тиниқ бўлса, шунчалик дардлидир.

Рауф Парфининг дастлабки шеърларига “оқ йўл” тилаган Асқад Мухтор шоирга катта баҳо бериб, бундай ёзган эди: “Лирика ижоднинг энг субъектив турларидан биридир. Рауф Парфи ўз изланишларининг баъзи босқичларида интим ҳисларининг ташқи олам билан боғланишини йўқотди. Субъектив ҳиссиётнинг шеър бўлиши учун бундай боғланиш ришталари жуда муҳим”.

Асқад Мухторнинг кучи шундаки, унинг шеърларидаги интим ҳислар ташқи олам билан узвий боғланган. У туйғуларнинг шу боғланишида юксакликка кўтарилади. Рауф Парфининг кучи эса интим туйғуларининг теранлигида, давр билан эмас, фоже халқнинг жароҳатларидан томаётган қон томчилари билан йўғрилганлигидадир. У ана шу заминда Чўлпон билан уйғунлашиб боради.

70-йиллар миллий шеъриятимизга кириб келган шоирлар қалбида Рауф Парфи қони оз эмас. Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мирзо Кенжабек сингари шоирлар ва улардан уч-тўрт кўйлакни ортиқ йиртган Миразиз Аъзам шеъриятимизнинг ҳаётни ҳақиқат кўзлари билан кўришга муҳим ҳисса қўшдилар. Агар Чўлпон миллий уйғониш адабиётининг намояндаси ўлароқ асримизнинг биринчи чорагида халқни уйғотган бўлса, улар худди шундай вазифани 80-йилларнинг ўрталарида ўз олдиларига қўйиб, миллий мустақиллик учун фаол курашдилар. Чўлпон улар учун Йўлчи юлдуз бўлиб хизмат этди.

Бугун ўзбек шеърияти ўз тарихининг янги даврига қадам қўйди. Истиқлол даври шеъриятига хос муҳим хусусиятлардан бири шундаки, миллий рангларга эга бўлиш ва миллий қадриятларни шарафлаш билан бирга миллий ҳақиқатни кашф этиш, инсон қалбини яқиндан ҳис қилиш, унинг теран қатламларига назар ташлаш, ундаги эзгу ва заиф жиҳатларни нурлантириш орқали томошага ўч оломонни халқ даражасига, ўз ғурурини билган, келажакка ёруғ юз билан интилган халқ даражасига кўтаришдир.

ХХ аср ўзбек шеъриятидаги Чўлпон номи билан боғлиқ манзаралар, менимча, шулардан иборат.


Манба: Шоир ва адабиётшунос олим Беҳзод Фазлиддин веб-саҳифаси

0998

(Tashriflar: umumiy 9 755, bugungi 1)

Izoh qoldiring