O’zbek tilining ayrim xususiyatlari haqida.

001
Ўзбек тилида сингармонизм йўқ, у шу жиҳати билан бошқа туркий тиллардан ажралиб туради, деган фикр ҳақиқатга қанчалик мос келади? Ўзбек тили – туркий тиллардан бири, маълум маънода, бу тил оиласида марказий ўринни ишғол этувчи тил бўлгани ҳолда, қандай қилиб у сингармоник тил бўлмасин? «Ўзбек тилида сингармонизм йўқ» дейиш ва буни «исбот»лашга уриниб нима ютамиз?

011
ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ АЙРИМ ХУСУСИЯТЛАРИ ҲАҚИДА
Зуҳриддин Исомиддинов
«Til va adabiyot ta’limi»  журнали, 4/2010

04 Зуҳриддин Исомиддинов — адабиётшунос олим,публицист, филология фанлари номзоди. Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси директори бўлиб ишлаган. Бугун Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона нодир қўлёзмалар бўлими мудири. Унинг миллий тарих, жаҳон ва ўзбек адабиёти, ўзбек адабий тили, жамият ва инсон муаммоларига бағишланган кўплаб публицистик мақолалари, бадиий эсселари эълон қилинган. Бир неча тўпламлар муаллифи.

04


Ўтин ёриш, ўра қазиш, гувала қуйиш каби билак кучини талаб қиладиган юмушлар бор. Бунда кўп фикр қилиш шарт эмас, тиришиб ишласангиз бўлди. Илм эса, ақлталаб меҳнат. Мураккаблиги шундаки, айнан бир нарсани икки олим икки хил, бунинг устига бир-бирига мутлақо тескари талқин этиши ҳам мумкин. Бунда ҳақиқат ким томонида эканини аниқлаш ҳам қийинроқ кечади, чунки ҳар бир одам ўз фикрини маъқуллайди.

Ушбу мақолада биз ўзбек тили фонетикаси хусусиятлари бўйича бир қарашга ўз муносабатимизни билдириб, фикр-мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.

Қайси фан соҳасида бўлмасин, ҳар бир тадқиқот инкишоф даражасига етса, инсон ақли нималарга қодир эканини кўрсатади. XIX аср бошида яшаган француз тилшуноси Ж.Шампольоннинг кашфиёти бунга далил бўла олади. 16 ёшида академик даражасига етган бу йигит Мисрда ер остидан топилган, «Розетта тоши» деб номланган тошга битилган, ҳали ҳеч ким ўқий олмаган ёзув сирини очишга бел боғлайди. Ж.Шампольон олдидаги жумбоқ ниҳоятда мураккаб эди: бу иероглифларни битган халқ тарих саҳнасидан ўчиб кетган, демак тили қанақа бўлганини аниқлаш имкони йўқ эди. Йўқ бўлиб кетган халқнинг номаълум тилида битилган намуналарни умрида дуч келмаган алифбода ўқиш! Қарангки, Ж.Шампольон бунинг уддасидан чиққан. Кашфиётига ўзи ҳам ишонмай, синаш учун бошқа матнларга мурожаат қилиб кўргач, ҳушидан кетган – унинг меҳнати юз фоиз натижа бера бошлаган эди!

«Преподавание языка и литературы» журналининг 2009 йил 6-сонида эълон қилинган «Туркий тилларда қ, ғ ва к, г ўртасида оппозиция борми?» (1) деган мақолани ўқиб, хаёлимдан ана шу фикрлар ўтди.

Бу мақола илм неча ўн йиллаб изланиш орқали эришган муҳим бир натижани рад этиб, қуйидагича бошланади: «Туркшуносликка оид илмий асарларда тил орқа қ, ғ товушлари тил олди к, г товушларига зид қўйиб талқин этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қ, ғ товушларини к, г товушларига қарши қўйиб ўрганиш тўғри эмас, чунки улар бир-бирининг вариантларидир»(2). Фикр давом эттирилиб: «Бу ундошларни қўлланилишига кўра туркий тиллар қ, ғ ловчи ва к, г ловчи икки гуруҳга ажралади. Чунончи, татар тили к ловчи гуруҳга, ўзбек тили эса қ ловчи гуруҳга мансуб» дейилади ва қарашларни далиллаш учун қуйидагича мисоллар келтирилади: кыяк (татарча) – қиёқ (ўзбекча); кыямат – қиёмат; куш – қўш; кушма – қўшма; кыш – қиш; кушу – қўшув; кычкыру – қичқирув; кул – қўл; кыска – қисқа; кулай – қулай; куян – қуён; кулак – қулоқ…»

Баъзи туркий тиллар «ж»ловчи, айримлари «й»ловчи экани маълум эди (йўл-жўл…), аммо – «қ»ловчи» ва «к»ловчи» тил» деган тасниф кишини ўйлантиради. Менинг билишимча, татарлар ўз атоқли шоирини Тўқай деб талаффуз қилгани ҳолда, Тукай деб ёзишади. Маълумки, бир қанча туркий тилларнинг жорий алифбосида кирилл ёзувига ўтиш муносабати билан бир қатор хатоликларга йўл қўйилган, шу туфайли бу тиллардаги товушларни ёзувда тўла акс эттириш имкони бўлмай қолди. Қолаверса, алифбода нечта ҳарф бўлса, шунча товуш бор, дегани эмас. Мақолада илгари сурилган фикр тўғри бўлса, фақат татар тили эмас, олтой, қирғиз, қримтатар тиллари ҳам «к»ловчи тил»га мансуб бўлиб қолар эди, чунки уларнинг ёзувида ҳам қ, ғ ҳарфлари йўқ.

Масалан, қирғиз халқи ўз миллати номини алифбодаги ноқислик туфайли кыргыз деб ёзади. Шу билан бу тил боягидай «к»ловчи тил» бўлиб қоладими? Йўқ, чунки талаффузда қырғыз деб айтилади. Қрим татарлари эса к ва г ҳарфлари қ, ғ товушларини ифодалаётган ўринда уларга айириш (русча – қаттиқлиқ) белгисини қўшиб ёзадилар: Қрим – Кърым, ғоз – гъаз. Бизнингча, тил хоссалари алифбою имлога эмас, жонли нутққа таяниб аниқланади.

Татар тилининг билимдони бўлмаганим сабабли, татар тили борасида баҳс очиб ўтирмай, атоқли олим, профессор М.З.Закиевнинг «Языки мира. Тюркские языки» деб номланган обрўли мажмуада чоп этилган «Татарский язык» (3) деган қомусий мақоласини эслатиб ўтмоқчи эдим.
М.Закиев бу мақоласида татар тилининг фонологик хоссалари ҳақида ҳам сўз юритиб, барча товушларни жадвалга солиб кўрсатади ва шарҳлайди. Татар тилида қ ва ғ – увуляр товушлари мавжуд эканини, аммо кирилл алифбосида қ товуши к ҳарфи орқали англатилишини баён қилиб, татар талаффузидаги кол қозоқча қулга, кул эса қолга тўғри келишини айтади (4). Бундан, «татар тили – к ловчи, ўзбек тили қ ловчи тил» деган қараш мутлақо асоссиз экани маълум бўлади.

Гап шундаки, талай йиллардан бери айрим тилшунослар «ўзбек тилида сингармонизм йўқ» деган фикрни олға суриб, буни исботлаш учун ҳар хил «далил»лар топишади. Афтидан уларнинг назарида, сингармонизмдан холи тил – ривожланган тил. «Преподавание языка и литературы» журналидаги мазкур мақолада ҳам «Ўзбек тили – носингармоник тил» деган ғоя илгари сурилган ва бунинг исботи сифатида «Бобурнома»дан ушбу парча мисол келтирилган: «…маълум бўлдиким, турки лафзида маҳал иқтизоси била то ва дол, яна ғайн ва қоф ва коф бир-бирлари била мубаддал бўлурлар эмиш» (5)… Яъни, Бобур «турки лафзида маҳал иқтизоси била» (яъни грамматик ҳолат тақозо этса)… ғайн (ғ) ва қоф (қ) ва коф (к) бир-бири билан алмашиши маълум бўлди, дея ушбу рубоийни келтиради:

Ёд этмас эмиш кишини меҳнатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши,
Кўнглум бу ғариблиқта шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта киши.

Бу рубоийда меҳнатта, ғурбатта сўзларида «да» суффикси маҳал иқтизоси била «та»га алмашгани, шунингдек, ғариб сўзи тил орқа «ғ» увуляр ундоши билан бошланиб, бошқа унлиларни ҳам тил орқалик хоссасига ўтказгани (ғарыб) сабабли, «лик» суффикси «лиқ» (лық) шаклини олган. Бобур замонида сингармонизм деган атама йўқ эди, шунинг учун шоир «вақти келса, шароит тақозо этса», деган маънодаги ифодани қўллаган.

Мақолада бундан шундай хулоса чиқарилган: «Мазкур парчадан кўриниб турибдики, Бобур келтирган маълумот ҳам эски ўзбек тилида сингармонизм йўқлигини кўрсатади. Сингармонизм бор дегувчи туркшунослар -лик аффикси тил олди унлиларига, -лиқ, -лиғ аффикслари эса тил орқа унлиларига қўшилади ва бу оппозиция унлилар гармониясини юзага келтиради, деб айтадилар. Бобурнинг қайди эса эски ўзбек тилида сингармонизм йўқлигидан далолат беради, чунки -та ва -да -лиқ, -лиғ ва -лик ўртасида оппозиция йўқ: улар бир-бирининг вариантларидир».

Ахир Бобур шеърларида, масалан, «Оёғин ўпсам етишгай арш тоқиға бошим» каби мисралар, «кўрсатмагай»,
«айрилмағай» каби сўз шакллари беҳисоб ва уларни тўлиқ сингармоник шаклда эканини далиллаб ўтириш ортиқча.

Камина «Тил ва адабиёт таълими» журналида «Ўзбек тилининг бир хоссаси ҳақида» (6) деган мақола эълон қилган эдим. Мен унда сингармонизмни инкор қилиш ўзбек тилининг бир туркий тил эканини ҳам рад этишдир; тилимиз имлосини ана шу руҳга мослаш она тилимизнинг асл миллий табиатини бузади, китобий ва сунъий бир тилга айлантиради, деган фикрни баён қилган эдим, ҳозир ҳам шу фикрда собитман.

«Ўзбек тилининг этимологик луғати»да ҳам «күл» сўзининг келиб чиқиши берилар экан, «ўзбек тилида «ү» унлиси кейинчалик «у» га айланган» деб, «қишлоқ сўзидаги «ы» (қышлоқ) унлиси кейинчалик қисқа «и»га айланиб кетган», деб уқтирилади (7). Аммо асосий масала – бу каби юзлаб сўзлар этимологиясини топиш ўқувчининг ўзига ҳавола этилади.

Борига барака, ҳар ким имконича, аммо наҳот ўзбеклар күл сўзини кул деб, қышлоқни қишлоқ деб айтса? Бу даъво тўғри бўлганида, ўзбек тили, ҳақиқатан ҳам, носингармоник бир тил бўлар эди. Аммо хайриятки, ҳеч бир ўзбек уларни ёзилганидай талаффуз қилмайди. Қила олмайди ҳам.

Ўзбек тилида сингармонизм йўқ, у шу жиҳати билан бошқа туркий тиллардан ажралиб туради, деган фикр ҳақиқатга қанчалик мос келади? Ўзбек тили – туркий тиллардан бири, маълум маънода, бу тил оиласида марказий ўринни ишғол этувчи тил бўлгани ҳолда, қандай қилиб у сингармоник тил бўлмасин? «Ўзбек тилида сингармонизм йўқ» дейиш ва буни «исбот»лашга уриниб нима ютамиз?

Бизнингча, бу ғоя замирида икки нарса: бир томондан – тилга жонли, тирик бир воқелик сифатида қарамаслик, иккинчи ёқдан – туркий тиллараро генетик ва типологик қардошликни рад этиб, уларни бир-биридан узоқ тиллар қилиб кўрсатиш ётади. Бу «ғоя»нинг хато эканлигини асосламай туриб, туркий тилларни теран илмий ўрганиш, кенгроқ олганда эса туркий халқлар орасида қардошлик омилларини кучайтириш амри маҳол бўлади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, юқоридаги қараш В.Ҳумболдт ва Ф.Шлегелнинг «флектив (аксар Европага хос) тиллар агглютинатив (жумладан туркий) тиллардан устун» деган фикрини ёдга туширади. Н.Г.Чернишевский бу «назария»дан кулиб, «грамматик шаклни флексия усули билан ясаш яхшими ёки йўқ – кимга қандай ёқса, шундай деб ўйлай бериши мумкин. Бу – оқ-сариқ чиройлими ёки қорача чиройлими деган саволга ўхшайди» деб истеҳзо қилган эди (8).

Юқорида эслатилган «Языки мира. Тюркские языки» номли тўпламлар қадимги ва ёзма манбалар орқали бизга етиб келган 15 та ва ҳозирги 39 та туркий тил бирма-бир тасниф этилган ва ушбу тилларнинг барчасида сингармонизм мавжудлиги далиллаб кўрсатилган (9). Бу қомусий тўпламдаги 60 мақоланинг ҳар бири А.Н.Кононов, Е.А.Поцелуевский, Н.А.Баскаков, А.М.Шчербак, К.М.Мусаев каби улкан турколог алломалар қаламига мансуб.

Демак, ўзбек тили хам маълум маънода, бу тиллар оиласидаги тиллардан биридир. Шунинг учун носингар- моник бўлиши мумкин эмас.

Атоқли тилшунос Н.З.Гаджиева «Туркий тиллар» (10) номли мақоласида: «Туркий тиллар сингармониясига унли товушларда палатал гармония мавжудлиги ва аксар ҳолларда унинг лаб сингармонизми билан уйғун ҳолда бўлиши, унли товушларнинг тил олди ва тил орқа ундошлари билан уйғунлашиб келиш қаторига боғлиқ равишда ўзаро қарама-қарши қўйилиши… хосдир» (11) деб белгилайди. Аммо бу олим ҳам «ўзбек тили бундан истисно» деган гапни айтган эмас.

Ўзбек тилида сингармонизм йўқ дейиш, мантиқан, бу тил агглютинатив тил эмас дейишдир.

Чунки «туркий тиллар агглютинацияси сингармонизмда намоён бўлади». Атоқли тилшунос, академик Азим Ҳожиев ҳам юқоридаги тўпламга киритилган «Ўзбек тили» номли мақоласида адабий тилимизда сингармонизм бирмунча сустроқ равишда бўлса ҳам мавжудлигини, айрим шеваларда эса у фонетик қонуният эканини баён қилиб, «аффикслар -кан/-қан, -ган/-ған каби сингармонистик вариациялари билан келади», – дейди (12).

Аслида, сингармоник шаклдаги аффикслар фақат «айрим шеваларда» эмас, жами ўзбекларнинг жонли нутқида, шунингдек адабий тилда ҳам тўлиқ қўлланилишини (тўккан/боққан, соғлиқ/эслик…) кузатсак, ўзбек тили ҳам бошқа туркий тиллар каби сингармоник бир тил экани аён бўлади.

Тўғри, жуда узоқ замонлардан бери тожик халқи билан ёнма-ён яшаб, бу тилдан минг-минглаб носингармоник шаклдаги сўзларни қабул қилиш, шунингдек, ўн асрлик ёзма адабий жараён туфайли яна минглаб араб сўзларини олиш, жонли сўзлашувда буларни доимий равишда аралаш қўллаш таъсирида ўзбек тилида сингармонизм бироз сустлашган. Буни Н.З.Гаджиева ҳам қайд этиб, мазкур мақоласида: «…унли товушларнинг қатор бўйлаб қарама-қарши равишда қўйилиши жараёнининг сусайишига боғлиқ равишда сингармонизмга тўлиқ амал қилмаслик ҳоллари юзага келгани туфайли Ўрта Осиёда (хусусан, «эронийлашган» шевалар энг кўп учрайдиган Ўзбекистонда) палатал сингармониянинг сўниши рўй берди», – деб ёзади (13). Бу – тўғри фикр. Дарҳақиқат, носингармоник шаклда бўлган форсий ва арабий сўзларга туркий суффикслар қўшилганида сингармонизмга амал қилиш имкони бўлмайди.

Аммо бу билан ўзбек тили носингармоник тил бўлиб қолмайди. Масалан, қирғизча «көлдөрдөгү өрдөктөр» деган бирикмада барча унлилар лабланган товушлар бўлса, ўзбек тилида «кўллардаги ўрдаклар»да қисқа, лабланмаган а ҳамда шундай хоссали ў товуши келади. Сингармонизм, дарҳақиқат, сусайган.

«Преподавание языка и литературы» журналида чоп этилган мақоладан сингармонизмни нафақат ўзбек, балки бошқа туркий тилларда ҳам йўқ деган фикр келиб чиқади: бу демак тиллар фонологияси бўйича юзлаб олимларнинг беҳисоб асарларидан ҳеч бири эътиборга ҳам олинмай, улардан бир-иккитасига эътироз ҳам билдирилмай… мақолада учинчи «назария» қуйидагича илгари сурилиб: «туркий тилларда қ ва к, ғ ва г товушлари ҳам, ғ товуши ҳам алоҳида фонема сифатида мавжуд эмас, улар фонологик роль ўйнамайди, бинобарин бир-бирининг вариантлари, холос», деган фикр майдонга ташланади.

Аммо бундай «фонологик роль ўйнамайди» деган фикр кишини ўйлантиради. Маълумки, ҳар бир товуш – бир фонема, бир фонологик ҳодиса. Қайси товушлар «фонологик роль ўйнайдиган товуш» деб ҳисобланиши тушунарсиз. Эҳтимол, «морфемик роль ўйнамайди» дейилмоқчидир?

Эътибор қилайлик, ўзбек тилида «дўмбоққина», «нозиккина» деган сўзлар бор ва улар «дўмбоқ» ва «нозик» сўзларига «қина» ва «кина» суффикслари қўшиб ясалади. Ушбу суффикслар шаклан сал фарқли (қ-к) бўлгани билан, функционал жиҳатдан эквивалент: эркалатувчи- кичрайтирувчи қўшимчалар. Шунга таяниб, ўзбек тилида мустақил қ ва к ҳамда г ва ғ фонемалари мавжуд эмас, улар аслида бир товуш, шунинг учун алоҳида фонологик роль ўйнамайди, деган хулосага келиш мумкинми? Йўқ, аксинча, ҳатто шу мисолларда ҳам тилимизнинг сингармоник тил эканлиги кўриниб турибди. Чунки биринчи сўзда тўлиғича тил орқа, иккинчисида эса бата- мом тил олди ундошлари уюшиб келган. Муаллифнинг даъвоси тўғри бўлса, жуда кўп товушлар «мустақил товуш эмас, бир-бирининг вариантлари» деб аталиб қолиши турган гап: (п-б: пўлат-болат; й-ж: йўрға-жөрғө; қ-ғ: қари-ғарри; т-д: тош-даш; п-м: пилта-милте; м-б: минг-бинг; к-г: кўз-гўз ва ҳоказо). Бу аҳволда туркий тилларда мустақил, «фонологик роль ўйнайдиган» товушнинг ўзи қолмайди.

Мақолада мумтоз шеърият ва ҳозирги ўзбек тилидан (русча таржимаси билан бирга) йигирма бешта намуна тақдим этилган. Улардан тўрттасини биз ҳам келтирайлик:

Дайр пири хизматиға чекмайинму белни чуст,
Ким неча зуннордин тонгмиш белимга бир марас.

Йигитлигим борибон, келди бошима қарылығ…

Чопқыр – ўткир, томызғы-кузги…

Кўриниб турибдики, бу мисоллардан биронтаси мақолада илгари сурилган фикрни тасдиқламайди, аксинча ўзбек тилида сингармонизм мавжудлигидан далолат беради. Чунончи, ўзбек тилида тил орқа «х» товуши билан бошланган «хизматимға» сўзи тил орқа «ға» суффиксини, «белимга» сўзидаги «а» товуши тил олди
«га» суффиксини, «йигитлигим» сўзидаги «и» ва «г» товушлари тил олди «га»ни ҳамда «қарилиғ» сўзидаги тил орқа «қ» ва «а» товушлари тил орқа «лиғ» суффиксини тақозо этган. Кейинги мисолларда ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин.

Хулоса қилиб айганда, тилшунослик, бир ёқдан, шунчалар аниқ фанки, бунда бирон унсурни бошқаси билан, ҳатто кўпинча функциядоши билан ҳам алмаштириш мумкин эмас. Ҳар бир конкрет ҳолда алоҳида ечим талаб қилинади, бунда универсал, бир йўналишли қоидалар бўлиши мумкин эмас. Бошқа жиҳатдан, гуманитар илм соҳаси ҳам, у кишининг онг-шуурига, қалби ва ҳиссиётига таъсир этадиган воситани таҳлил этади. Шу сабаб, тилни ўқиб-ўрганиш, айрим қоидаларни ёдлаб олиш кифоя қилмайди, уни теран ҳис этиш керак.

————————

1 «Есть ли оппозиция между қ,ғ и к,г в тюркских языках?» // «Преподавание языка и литературы», 2009, № 6. С. 39–44.
2 Там же. С. 39.
3 М.З. Закиев. Татарский язык // «Языки мира. Тюркские языки», Бишкек, 1997.
С. 357–372.
4 Там же, с. 360.
5 «Бобурнома», Т., 1960, 156-б.
6 З.Исомиддинов. Ўзбек тилининг бир хоссаси ҳақида//«Тил ва адабиёт таълими» журн., 2009, № 4, 77–89-б.
7 Ўзбек тилининг этимологик луғати. Т.: «Университет» нашр, 2000, 214–215-б.
8 С.Усмонов. Умумий тилшунослик, Т.: Ўқитувчи, 1972, 64-б.
9 Тюркские языки // «Языки мира. Тюркские языки». Изд. дом «Кыргызстан».
С. 544.
10 Н.З.Гаджиева. Тюркские языки // «Языки мира. Тюркские языки». С. 17–34.
11 Н.З. Гаджиева. Там же. С. 23.
12 А.П.Ходжиев. Узбекский язык // «Языки мира. Тюркские языки». С. 426–437.
13 Н.З.Гаджиева. Там же. С. 23.

XDK

(Tashriflar: umumiy 1 051, bugungi 1)

Izoh qoldiring