Ашуро айёмида жамоати касир алар (Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қ. т. р;) хизматида ўлтуруб эрдилар ва алар маърифатда сўз айтадур эрдилар. Ногоҳ бир йигит кирди. Зоҳидлар суратида, эгнида хирқа ва кифтида сажжода ва бир гўшада ўлтурди. Ҳазрат Хожа анга назар қилдилар. Ул йигит дедики, Ҳазрат Рисолат с. а. в. дебдурларки, [Мўминнинг фаросатидин қўрқинг! Чунки у улуғ ва қудратли Аллоҳ нури билан боқади]. Бу ҳадиснинг сирри недур?
Алар дедиларки, бу ҳадиснинг сирри будурки, хирқанг остидағи зуннорингни кесиб, иймон кетургойсен. Ул йигит филҳол зуннорин кести ва иймон келтурди ва Ҳазрат Хожа асҳобға боқиб дедиларки, эй ёронлар, келингки, андоқки зоҳир зуннорин кесиб, бу наваҳд йигит иймон келтурди, биз ҳам ботин зунноринки иборати ужбдиндур қатъ қилиб, иймон келтурали, то андоқки, ул омурзида бўлди, биз доғи омурзида бўлали! Ажаб ҳолате асҳобға зоҳир бўлди. Хожанинг оёғиға тушарлар эрди ва тавбаларин тоза қилурлар эрди (Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат мнн шамойим ул-футувват» асаридан).
АШУРО КУНИ ФАЗИЛАТЛАРИ
Аҳли-оиласига кенглик қилиш
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки Ашуро куни оиласига кенглик қилса, Аллоҳ йил бўйи унга кенглик қилади” (Табароний ривояти).
“Ашуро” сўзи луғатда “Муҳаррам ойининг ўнинчи куни” маъносини англатади. Мазкур куннинг бир неча фазилатлари бор. Ушбу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавн ва унинг лашкарлари зулмидан халос қилган.
Жоҳилият даврида Қурайш аҳли Ашуро куни рўзасини тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кун рўзасини тутиб келганлар. Мадинага келганларида бир йил тутганларидан кейин Рамазон рўзаси фарз бўлгач, ўз умматларига ушбу кун рўзасини тутишни ихтиёрий эканини маълум қилдилар. Шу зайл Ашуро куни рўзаси суннат бўлиб қолган.
Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутилади. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийлар ҳам бу кунда рўза тутишлари маълум бўлди. Табиийки, у зот аҳли китобларга терс иш қилардилар. Шу сабаб: “Келаси йил тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Аммо келаси йил келмай туриб, у зот Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилдилар. Шундай бўлса-да, У зотнинг сўзлари мусулмонлар учун суннат бўлиб қолган.
Саҳиҳ ҳадисларда Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган. Бу ушбу куннинг нечоғли фазилатли эканига далолат қилади.
Биз ўрганаётган ривоятда айтилишича, Ашуро куни аҳли-аёли ва қўл остидагиларга ейиш, ичиш, кийим-кечак ва шу каби нарсаларда кенглик қилиш йил бўйи банданинг кенглик ва фаровонликка эришишига сабаб бўлар экан. Бундан келиб чиқадики, мўмин-мусулмонлар Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишлари, ўнинчи куни оила бошлиғи ота-она ва фарзандларига ёки бирон жамоатнинг раҳбари, масъул кишилар қўл остидагиларга сахийлик кўрсатиш яхшидир. Бу нарса мўминлар ўртаси яхшиланиши, меҳр-муҳаббат ришталари боғланиши ва яхшилик қилаётган кишининг ризқи ва касб-корига барака киришига омил бўлиб хизмат қилади.
Ашуро куни рўзаси
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни дейилади. Бу куннинг ўзига хос фазилати бор. Бу ҳақда кўплаб ривоят ва ҳадислар келган.
Ҳожиб ибн Умар Ҳакам ибн Аърождан ривоят қилади: “Мен Ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг олдига борсам у Зам-зам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан. Мен: “Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер”, дедим. Шунда у: “Агар Муҳаррам ойи ҳилолини кўрсанг, ҳисобини қилиб, тўққизинчи куни рўза тут”, деди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай рўза тутармидилар?” деб сўрагандим, у: “Ҳа”, деб жавоб берди” (Муслим ривояти).
Ашуро куни фазилати, у кунда тутиладиган рўза билан чамбарчас боғлиқ. Яҳудийлар Ашуро кунини улуғлаб, бу кунда рўза тутардилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топганларидан кейин ўзлари рўза тутдилар ва умматларини ҳам рўза тутишга буюрдилар. Ҳатто Ашуро куни рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини хабар қилдилар. Бу ҳақидаги ривоятни қуйида кўриб чиқамиз. Ҳозир эса юқорида келган ривоятга эътибор қаратамиз.
Бу ерда Муҳаррамнинг ўнинчи эмас, балки тўққизинчи куни рўза тутиш ҳақида гап кетмоқда. Бунинг сабабини қуйидаги ривоятни ўрганиш орқали билиб оламиз.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга бошқаларни ҳам буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни, яъни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб юрардилар. Баъзи саҳобалар яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашиб, байрам қилишларини айтишганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келаси йили, тўққизинчи куни ҳам рўза тутишни ният қилдилар. Аммо келаси йил келмасидан аввал у зот Аллоҳ даргоҳига риҳлат қилдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ниятлари, қилишни режалаштирган ишлари суннат бўлиб, бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак. Демак, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки тўққизинчи ёки ўн биринчи кунлари ҳам рўза тутиш мақсадга мувофиқ. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийларга тескари иш қилиб келганлар. Бу ерда ҳам шу одатни кўриш мумкин. Айнан уларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуродан бир кун олдин рўза тутишни ният қилганлар.
Ривоятларни жамлаб умумий хулоса чиқариш мумкин. Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кун – Ашуро куни ва ушбу ой, яъни Рамазон ойи рўзасини истаганчалик бошқа кун ва ойларнинг рўзасини афзал кўрмас эдилар” (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил рўзани интиқ бўлиб кутардилар. Булар Ашуро куни рўзаси ва Рамазон ойи рўзаси. Рамазон ойи рўзаси фарз. Уни тутган банда чексиз ажр-савобга эришади. Бу ой фазилати ва унда тутиладиган рўза ҳақида қанча гапирса, шунча оз. Аммо мазкур ривоятда Ашуро кунининг рўзаси ҳам қанчалик фазилатли экани айтилмоқда. Зеро, набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон амални қилишга беҳикмат интиқ бўлмаганлар. У зот қачон Муҳаррам ойи келар экан, ўша кунда рўза тутаман, деб интизорлик билан кутдиларми, демак, бу кунда рўза тутиш, бошқа солиҳ амалларни қилиш мақсадга мувофиқ. Биз ҳам Пайғамбаримизга эргашиб, Рамазон ва Ашуро рўзаларини интиқиб кутишимиз ва уларни рисодаладгидек адо этишга ҳаракат қилишимиз керак.
Эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага борганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?” деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли куни бўлиб, унда Аллоҳ бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу сабаб Мусо ушбу кунда рўза тутган”, деб жавоб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва ушбу кун рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга амр қилдилар” (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло айнан шу куни Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан қутқарган экан. Яҳудийлар мана шуни сабаб қилиб, бу кунда рўза тутар эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитиб, Мусо алайҳиссаломга яҳудийлардан кўра мусулмонлар ҳақлироқ эканини айтдилар ва Ашуро куни рўза тутишга амр қилдилар.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани маълум бўлади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Уламолар юқорида келган ва бу борада ворид бўлган барча ривоятдан келиб чиқиб, Ашуро куни рўза тутиш суннати муаккада, деган хулосага келишган. Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.
Одилхон қори ИСМОИЛОВ,
Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби