Abulhasan Ali ibn Usmon Hujviriy. Kashful Ma’jub Li Arbobul Qulub. Risoladan parcha.

045    Мен бу китобни “Кашфул-маҳжуб” деб атадим. Истагим: ички нур билан безалган инсонлар китобнинг номини ўқиганданоқ унинг нима ҳақида эканлигини дарҳол англаб етсинлар… Ушбу китоб Ҳаққа етишмоқ йўлида тасаввуф аҳлининг берган фикр-мулоҳазаларини ўз ичига олганлиги учун ҳам шундай ном олди, бошқача ном билан аташ ўринли эмас эди.

 

АБУЛ-ҲАСАН АЛИ ИБН УСМОН ҲУЖВИРИЙ
КАШФУЛ-МАҲЖУБ ЛИ АРБОБУЛ-ҚУЛУБ
(Сирларнинг кашф этилиши)
Рисоладан парча
031

017Абул Ҳасан Али ибн Усмон ибн Али Ғазнавий Жуллубий Ҳужвирий Ғазна яқинидаги Ҳужвир қишлоғида туғилган, Жуллабда яшаган. “Нафаҳот ул-yнс”, “Сафинат ул-авлиё”, “Риёз ул-авлиё”, “Калимат ут-табъ” асарларида маълумот бор. Устозлари: Абул Фазл Муҳаммад ибн Ҳасан Хутталий, Абу Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад Ашканий, Абул Қосим Гургоний, Хожа Музаффар.
«Кашфу-л-маҳжуб» (“Қалб сирларининг кашф этилиши”) асарида унинг ўзи қуйидаги асарлар битгани қайд этади: “Девон”, “Минхожу-д-дин» («Диннинг тўғри йўли”), “Асрору-л-хирақ ва-л-маъунат» (“Хирқа ва маъун сирлари”), “Китабу-л-фано ва бақо” (“Фано ва бақо китоби”), ”Китабу-л-баён ли аҳли-л-ъиййан” (“Баён этилган моҳият изоҳлари китоби”), “Баҳру-л-қулуб” (“Қалблар денгизи”), “Ал-риъййат ли ҳуқуқ Аллоҳ” (“Аллоҳ олдидаги фарзларни сақлаш”). Булардан ташқари номи айтилмай Мансур Халложнинг нақллари талқини ва Иймон ҳақидаги китоб муаллифи ҳамдир. Бу асарларнинг бирортаси сақланиб қолмаган.
Асарнинг тўла номи: “Кашфул маҳжуб ли арбобу-л-қулуб” (“Қалб сирларидан хабардорлар ҳижобларининг кашф этилиши”. Асар Лахўрда ҳужвирли дўсти Абу Саййид саволларига берилган жавоблар тариқасида ёзилган. Асарнинг мақсади, суфийларнинг нақлларини тўплаш (тасаввуф адабиёти анъанасига кўра) эмас, балки суфийлик назарияси ва амалиётини баён этишдан иборат. Рисоланинг 14-бобида 12 та суфийлик мактаби ҳақида маълумот берилган.
Ушбу асарга араб тилида ёзилган Абу Наср Саррож (ваф. 377 ҳ.)нинг “Китобу-л-лумаъ» (“Шуълалар ҳақида китоб”) рисоласи асос қилиб олинган.

031

Маҳжуб ҳақида

ornament53.jpgМен бу китобни “Кашфул-маҳжуб” деб атадим. Истагим: ички нур билан безалган инсонлар китобнинг номини ўқиганданоқ унинг нима ҳақида эканлигини дарҳол англаб етсинлар.

Шуни унутмаслик керакки, барча инсонлар руҳ ҳақиқатидан нозик парда билан тўсилгандир. Оллоҳнинг дўстлари бўлган пайғамбаримиз, азиз-авлиёлар бундан мустасно, албатта. Ушбу китоб Ҳаққа етишмоқ йўлида тасаввуф аҳлининг берган фикр-мулоҳазаларини ўз ичига олганлиги учун ҳам шундай ном олди, бошқача ном билан аташ ўринли эмас эди.

Парда кўтарилган вақтда парда орқасидаги нарса кўринади. Бу худди ким узоқ бўлса яқин бўлолмайди, яқин турса узоқ бўлолмайди, деган сўзга ўхшайди. Масалан: сирка ичида туғилган жонзот сиркасиз жойда яшай олмайди, сиркасиз жойда туғилган жонзод сиркага тушса дарҳол нобуд бўлади.

Ҳақ йўлида юриш қийин. Аммо шу мақсадда дунёга келган одамга бу қийин эмас. Ҳадис: “Ким нима учун яралган бўлса, ўшани осонгина топа олади”.

“Парда” икки хил бўлади. Бири – ёпувчи (ҳижоби райний), иккинчиси – хиралаштирувчи, қоронғилаштирувчи (ҳижоби ғайний). Биринчисини умуман очиб бўлмайди, иккинчиси очилиши мумкин. Уларнинг орасидаги фарқ тахминан бундай: масалан, бир одам ўз моҳиятига кўра, ҳақдан парда орқали тўсилган бўлади. Унинг учун ҳақиқат ва ботилнинг фарқи йўқ. Бошқа биров эса маълум сифатлар орқалигина Ҳақдан ҳижоб орқали ажратилган бўлади. Бундай одам доимо орадан ўша пардани кўтариш йўлини излайди, ёлғон-у ботилдан қочади. Шунга кўра, “ҳижоби райний”ни очиб бўлмайди. “Райн” сўзи “хатм” (муҳрланган), “табъ” (табиат, феъл) маъноларида ҳам қўлланилади.

Вақти келиб Ҳақ ва нафс ўртасида ҳижоб кўтарилиши, чунки нафс сифатлари ўзгариши мумкин.

Мутасаввиф шайхлар “райн” ва “ғайн” ҳақида кўплаб фикрлар қолдиришган. Жунайд (разийаллоҳу-анҳу) айтади: “Ар-Райн мин жумлат ал-ватанат, вал-ғайн мин жумлат ал-хатарат” – яъни “Райн доимий ва ўзгармас ва хатарлар жумласидан, “ғайн” эса ўзгарувчилар жумласидан. Чунки, ватан – доимий, хатар эса ўткинчидир.

Масалан: тошга қанча сайқал берганинг билан у ойнага айланмайди. Асли маъдан бўлган, аммо бирон сабаб билан хиралашган ойнани эса яхшилаб артиш орқали тиниқ кўзгуга айлантириш мумкин.

Мен бу китобни ўз қалбини поклаш, дунё чангларидан тозалаб сайқаллаш йўли билан Ҳақ нурига етишмоқчи бўлган инсонлар учун ёздим. Улар бу китобни ўқиб, ўз нафслари ва ҳақиқати ўртасидаги парда кўтаришнинг ўзига хос йўлини кашф қиладилар. Ҳақ йўлини инкор қилувчи, “ҳижоби райн” тарафидагилар эса бу китобни ҳеч қачон тушуна олмайдилар ва ўқиш улар учун фойдасиздир.

Билимларнинг юзага чиқиши

Олимлар ҳақида ҳадиси қудсийда шундай марҳамат қилинади: “Оллоҳга хизмат қиладиганлар орасида фақат олимларгина ундан қўрқадилар”. Оллоҳ расули Муҳаммад (с.а.в) шундай демишлар: “Илм ўрганиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”. Муҳаммад (с.а.в) яна шундай демишлар: “Чинга бориб бўлса ҳам илм изла!”

Билимлар чексиз, инсон умри эса чегараланган. Барча илмларни эгаллаш учун инсон умри етмайди. Шунга кўра, у фақат зарурий билимларга эга бўлиши кифоя. Фалакиёт, риёзиёт, тиббиёт сингари илмлар борки, уларнинг инсон билиши шарт бўлган жиҳатлари бисёр. Масалан, фалакиёт (астрономия)ни намоз ва тоат-ибодат вақтларини тўғри аниқлаш учун, риёзиёт (математика)ни меросни тўғри тақсимлаш, идда кунларини тўғри ҳисоблаш учун, тиббиётни жон маркабини турли ташқи таъсирлардан сақлай билиш ва тоат-ибодат учун доимий қувватга эга бўлиш “сир”ларини англаш учун ўрганилади.

Одамнинг ҳаракат дастурини тўғри белгилаб олиши учун билимлар зарур, албатта. Илмларни чуқур ўрганган сари инсон Оллоҳ таолонинг сифатларини шунчалик яқиндан била боради. Оллоҳ фойдасиз билимларни эгалловчиларни лаънатлайди. Пайғамбар (с.а.в) ҳадисида бундай дейилади: “Фойдасиз билимларни эгаллашдан ўзинг асра!”. Озгина билим билан ҳам катта ишларни бажариш мумкин, қачонки бу илм диёнат (соф виждонга) асосланган бўлса. Пайғамбар сўзи: Дин илмидан хабарсиз мутаассиб жувозга қўшилган эшакка ўхшайди. Зеро, бундай ҳолатда эшак изи бўйлаб айланаверади, юриши унмайди.

Айрим уламолар илмни амалдан устун қўядилар, айримлар эса амални илмдан устун деб биладилар. Аммо иккаласи ҳам хато қилади. Илм билан боғланмас экан, амал тақдирлашга лойиқ эмас. Масалан, намозга киришдан аввал қибла аниқланиши керак. Қиблани билмай ўқилган намоз ботилдир. Илмсиз амал кишини ҳалокатга дучор қилади. Шунингдек, амалсиз илм ҳам бефойда. Икки тоифадаги одам албатта адашади. Биринчиси, илмни юзаки, номига эгаллаган, уни нимага сарфлаш йўлини билмайдиган кишилар, иккинчиси, амалиёт бўлса бас, илм ўрганиш шарт эмас, дегувчилар.

Иброҳим Адҳам илм излаб сафарда юрган кезларида бир тошга дуч келибди. Унда шундай ёзув бор экан: “Тошнинг орқа томонига қара”. Шундай қилибди. Қараса, тошнинг орқа томонида “Бор илмингга амал қилмайсан, нега янги илм излайсан?” деган ёзувга кўзи тушибди.

Анас ибн Молик бундай дейди: “Оқил билишга, нодон олишга ҳаракат қилади”

Агар кимки илмни ҳокимият, шон-шараф, бойликка эга бўлиш учун ўрганса, у олим эмас. Илм эгалламасдан туриб, Оллоҳни таниш мумкин эмаслигини англаган киши ҳақиқий мужтаҳиддир.

Илми “қол” ва илми “ҳол” ҳақида

Билимлар ўз моҳиятига кўра икки хил бўлади. Илоҳий (ҳол) ва инсоний (қол). Инсоний илм илоҳий илм олдида қийматсиздир. Илоҳий илмлар туганмас ва мангудир. Инсонга хос илмлар эса чекланган.

Илм деганда у ёки бу нарса ҳақида билимга эга бўлиш ёки уни қамраб олишни тушунамиз. Аниқроқ қилиб айтганда, илм ёрдамида билимсиз, авом одам донога айланади.

Илоҳий билим орқали мавжуд ва номавжуд ҳилқатлар билиб олинади. Илоҳий билим бўлинмас ва Оллоҳдан ажралмас бир ҳилқатки, бунинг тасдиғини Парвардигорнинг тавфиқи билан англаш мумкин. Илоҳий билимлар яширин маъноларни ўз ичига олади ва уларни кашф этади. Илоҳий билим орифга, олимга ҳар бир ҳаракатда Оллоҳни кўришга имкон беради. Ориф ҳар бир ҳаракатини Оллоҳ кўриб турганлигини аниқ ҳис қилади.

Ривоят қилишларича, Басра амалдорлардан бири ўз боғига кирганда, ногаҳон боғбоннинг гўзал хотинига кўзи тушибди. Боғбонни бир юмуш билан юбориб, аёлга шундай дебди:

– Дарвозани беркитиб кел!

Аёл унга жавобан шундай дебди:

– Ҳамма жойни беркитдим, фақат бир нарсани беркитолмадим. У сира тўсилмайди.

– Беркитиб бўлмас нарса нима эди?

– Оллоҳдан ҳеч нарсани беркитиб бўлмайди.

Амалдор бу жавобни эшитиб, қилмишидан пушаймон бўлди ва аёлдан кечирим сўради.

Авлиё Хотим ал-Асом бундай дейди:

– Мен тўрттадан ташқари барча дунёвий билимлардан воз кечдим.

– Тўрт дунёвий билимлар қайсилар?

– Биринчиси, билганим шуки, менинг ризқим қанча белгиланган бўлса, шунчаси насиб қилади, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Шунга кўра, улушимни кўпайтираман, деб овора бўлиб ўтирмайман. Иккинчиси: Яратган эгам олдидаги қарзимни ўзимдан бошқа ҳеч ким узолмайди. Умр бўйи ўша қарзни узиш билан бандман. Учинчиси: мени доимо бир нарса (ўлим) таъқиб қилади. Ундан қочиб қутилиб бўлмайди. Доимо уни кутиб олиш ҳаракатидаман. Ва охиргиси, тўртинчиси: Оллоҳ томонидан доимо кузатувдаман ва рухсат этилмаган ишни қилишдан уяламан.

Билим ҳақида пирларнинг деганлари

Муҳаммад ибн Фазл ал-Балхий дейди:

“Билимлар уч хил бўлади – Оллоҳни таниш илми, Оллоҳ билан робита (боғланиш) илми, ладуний илм”.

Ладуний илм-маърифатни Оллоҳ таоло фақат ўз пайғамбарларига ва азиз – авлиёларга ато қилади. Ладуний илмга оддий воситалар билан эришиб бўлмайди.

Оллоҳни таниш илми орқали биз бажарилиши шарт бўлган шариат қонун-қоидаларини билиб оламиз. Уни “шариат илми” деса ҳам бўлади.

Оллоҳ билан робита (боғланиш) илми авлиёлик даражаси ва мақом манзиллари ҳақида билимга эга бўлишдир.

Илоҳий илм (маърифат)га шариат аҳкомларисиз эришиб бўлмайди. Шариат илмига эса манзилма-манзил, даражама-даража эришиш мумкин.

Улуғ пирлардан бири Абу Али Сақофий (Нишопурлик авлиё, вафоти 328 ҳижрий) дейди:

“Илм – қалб ҳаёти, иймон нуридирким уни ғафлат ҳалокатидан, кофирлик залолатидан омонда сақлайди”.

Даҳрий қалби ўликдир, зеро, улар Оллоҳдан хабарсиздирлар, юраклари давосиз касалдирки, Оллоҳ кўрсатмаларидан бехабардир.

Абу Бакр Варроқ Термизий дейди:

“Зуҳдга (ҳалол, покликка) асосланмаган, фақат фикрга қаноатланган илм зиндиқликка олиб келади. Фиқҳга (шариатга) асосланган, аммо варъага (покликка) асосланмаган илм софлигини йўқотади”.

Оллоҳнинг ягоналигини (тавҳидни) риёзат чекмасдан билмоқчи бўлган сулук жабрдан нарига ўтолмайди. Тавҳидни даъво қилган шогирд қазо ва қадар мазмунига амал қилиши, бундан ташқари, тақдир ва ирода эркинлиги ўртасида “олтин оралиқ”ни эгаллаб, ирода эркинлигига иқтидо қилмоғи лозим”.

Пирнинг яна бир ҳикматида шундай дейилади:

“Тавҳид қисматдан олдинда, ирода эркинлигидан юқори туради”.

Ахлоқ ва иймонни йўқотиш пала-партишлик ва ғафлатдан келиб чиқади.

Атоқли пир Яҳё ибн Муоз ар-Розий дейди:

“Жамоатни уч хил одамлардан эҳтиёт қилинг: олимларни назар-писанд қилмайдиган, Қуръони каримни мунофиқона тиловат қилувчилар ва нодон, тақлидчи сохта сўфийлардан”.

Қалби фақат дунёвий фойда кетидан қувишга, ҳукмдор ва золимларга ёқишга мойил, ўз қобилиятига катта баҳо бериб, турли мунозаралар ва диний уламоларга ҳужум қилиш билан вақт ўтказадиган бундай кишилар олимларга паст назар билан қарайдилар.

Қуръони каримни мунофиқона тиловат қилувчилар орзу-истакларига мос келадиган бўлса энг ёмон, ҳатто ҳамма ланъатланган нарсалардан ҳам тоймайдиган кимсалардир. Эзгулик, ҳатто у энг хайрли бўлса ҳам уларнинг феъл-атворига тўғри келмайди. Улар одамларга ёқиш учун нохолис хатти-ҳаракатлар қиладилар.

Жоҳил тақлидчи, сохта сўфийлар пир кўрмаган, шайхлардан одоб ўрганмаган, маънан тажрибага эга бўлмаган, сўфийларча кўк уст-бош кийиб одамларни чалғитиб юрувчи тийиқсиз нафс сўқмоқларидан юрувчи кишилардир.

Боязид Бистомий шундай дейди:

“Ўттиз йил ўзимни маънан жиловлашга уриниб шу нарсага амин бўлдимки, илмга амал қилишдан оғирроқ нарса йўқ экан”.

Одам табиатида илмга амал қилишдан кўра оловга кириб чиқиш осонроқдир. Жоҳиллар учун эса бир қатра илм эгаллашдан кўра минг марта пулсиротдан ўтмоқ осонроқ туюлади.

Қалби нотоза одам заррача илмни ҳаётга татбиқ қилиш ўрнига ўз чодири билан жаҳаннамга қулашни афзал билади. Сизга эса билим ўрганиш ва даражангизни ошириш буюрилгандир.

Агар кимки ғайрат билан илм эгалласа, унинг билими камолга етган сари кўз олдида ҳақиқат намоён бўлаверади. Охир-оқибат у шуни билиб оладики, билимнинг охири йўқ ва унинг нима билан тугашини ҳеч ким билмайди. Зеро, бор нарсаларнинг номларини билиш ҳали ҳақиқатни билиш дегани эмас.

Фақирлик ҳақида

Билгинки, фақирлик ҳақиқат йўлидаги энг баланд мақомдир. Фақир киши эса юқори ҳурмат эгасидир.

Пайғамбар (с.а.в) ҳадиси:

“Ё Оллоҳ, менга фақирларча ҳаёт бер, фақирларча ўлим бер ва қиёматда ўзинг ёрлақаган фақирлар қаторида тирилтиргин”.

Яна Пайғамбар (с.а.в) ҳадиси:

“Охират куни Оллоҳ бундай дейди:

– Менинг севган бандаларимни чақиринг.

Шунда фаришталар сўрайди:

– Сенинг севганларинг кимлар?

Оллоҳ жавоб беради:

– Фақирлар ва мискинлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида ул зот билан бирга Маккадан Мадинага ҳижрат қилган муҳожирларнинг кўпчилигини камбағаллар ташкил қилар эди. Улар асосий вақтларини масжидда Оллоҳга ибодат этиш ва Яратганга таваккул қилиш билан ўтказишар, уларнинг ризқларини Оллоҳнинг ўзи етказишига қаттиқ ишонар эдилар. Пайғамбаримиз(с.а.в)га эса улар ҳақида ғамхўрлик қилиш буюрилган эди.

“Эрта-ю кеч Парвардигорнинг юзини истаб унга илтимос қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг. Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобларингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолманг”. (Анъом сураси, 52-оят).

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) улардан (муҳожирлардан) бирини кўрган заҳоти “Отам-онам сизга қурбон бўлсин, сиз туфайли Оллоҳ мени ўзига бундай қаратди”, деб муҳожирларга ёрдам беришдан чарчамасди.

Шундай қилиб, Оллоҳ бутун зоҳирий ва ботиний оламини иймон-эътиқодга бағишлаган фақирларни улуғлади. Фақирлик уларнинг фахрига айланди. Саҳобалар фақирликнинг кетишидан кўзёши тўкдилар, келишидан қувондилар.

Фақирлик ўзининг расм – анъаналарига, моҳияти (ҳақиқати)га эга. Доимий йўқчилик ва муҳтожлик унинг анъанасидир. Охират саодати ва эркинлик унинг моҳиятидир.

Ким унинг зоҳирини танласа мақсадга, яъни моҳиятга етолмай зоҳирийлигича қолади.

Ривоятда айтилишича шоҳ бир дарвешни чақириб бундай дебди:

– Қани, нима тилагинг бўлса мендан илтимос қил!

Дарвеш жавоб берибди:

– Қулларимдан бирор нарса сўраш одатим йўқ.

– Бу нима деганинг?

– Менинг иккита қулим бор. Улар эса сенинг хўжайинларингдир. Булар – хоҳиш ва орзу-ҳавас.

Пайғамбар (с.а.в) ҳадиси:

“Фақирлик ўзига муносибларга шуҳрат келтиради. Бу шуҳрат шундан иборатки, фақирнинг бадани илоҳий тарзда пасткаш ва гуноҳли қилмишлардан ҳимояланган, юраги эса қабоҳат ва хатарли ўй-хаёллардан холи бўлади. Чунки унинг зоҳирий аъзолари Оллоҳнинг раҳмати билан, ботини эса Парвардигорнинг марҳамати билан ҳимоялангандир. Шунинг учун ҳам уларнинг баданлари руҳоний, қалблари раббонийдир. Фақирликда олам ва одамлар билан алоқалар узилади. Фақирлик тарозисида бу дунё пашша қанотича оғирликка эга бўлмайди, ўша дақиқада одам икки дунёдан ҳам енгиллашади”.

Фақирликнинг афзаллиги ва ғанийлик ҳақида

Сўфий шайхлари фақирлик ва ғанийлик тушунчалари ҳақида, бу тушунчалар одамийнинг сифатларига айланганлиги ҳақида турли фикрларни билдирадилар. Зеро, ҳақиқий ғанийлик Оллоҳ сифатидирки, бошқа сифатлари қатори комиладир.

Яҳё ибн Муоз ар-Розий, Аҳмад-Ховарий, Хорис ал-Муҳосибий, Абул Аббос ибн Ато, Рувайм, Абул Ҳасан ибн Симъун ва ҳозирги замон (XI аср) шайхларидан мавлоно Абу Саид Фазлуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Майхоний сингари пирлар фақирликдан ғанийликни устун қўядилар.

Улар буни шу билан асослайдиларки, ғанийлик Оллоҳ сифатидир. Оллоҳга фақирлик сифати тўғри келмайди. Ғанийлик Оллоҳ ва одамнинг умумий сифати бўлиб, ҳеч нарсани бундан юқори қўйиб бўлмайди.

Менинг фикримча (Ҳужвирий): ғанийликнинг Оллоҳ ва инсонга нисбатан олинганлиги оддий сўз санъати бўлиб, амалда эса бундай эмас. Ҳақиқий ўхшашлик бир-бирига бутунлай мос келишда кўринади. Оллоҳ сифатлари мангу (доимий), одамники эса яратилгандир. (У йўқолиши ҳам мумкин). Шунга кўра, бундай дейиш ўринсиздир.

Менимча ҳам (Ҳужвирий) ғанийлик инсонга эмас, Аллоҳга хосдир, фақирлик эса Оллоҳга эмас, инсонга хосдир.

Банданинг “ғаний” аталганлиги оддий ўхшатиш (сифатлаш) бўлиб, ҳақиқатда эса ҳеч қачон ғаний бўла олмайди.

Яна бир далил: одам тўплаган (бойлик) мол-дунё одамга берилган тасодифий ҳолатдир. Оллоҳнинг ғанийлиги эса барча ҳолатларнинг яратувчиси учун тасодифий эмас, доимийдир. Шунга кўра, ғанийлик сифатининг (одам ва Оллоҳга) тенг эканлиги ҳақида гап бўлиши мумкинми?

Хусусият, моҳият, асмои ҳусно соҳасида Оллоҳга шерик излаш кечирилмас ҳолдир. Оллоҳнинг ғанийлиги ҳеч қандай зотга боғлиқ эмас, Оллоҳ нимани хоҳласа ўзининг ҳукмидадир. Ҳамиша шундай бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Одамнинг бу дунёда тўплаган мол-дунёси, яшаш учун керакли воситалар, ҳаёт қувочлари, гуноҳдан қутилиш ёки мушоҳада билан таскин топиш, ҳаммаси ўткинчи ва ўзгарувчидир.

Оддий одамлар орасида шундайлари ҳам борки, бойларни фақирлардан устун қўядилар ва буни шундай асослайдилар. Эмишки, Оллоҳ ғанийларни икки дунёда саодатли қилиб яратган ва шунинг учун уларга кўп мол-дунё ато этган. Бойлик деганда улар дунё мол-мулкини, роҳат-фароғатини, орзу-истакларининг амалга ошишини тушунадилар.

Буни шу билан асослайдиларки, Оллоҳнинг берганига шукур, фақирликда сабр қилиш, омади чопмаганда бардошли бўлиш, муваффақият қозонганда (Оллоҳдан) миннатдор бўлиши керак. Зотан, муваффақият уни қўлдан беришга қараганда яхшидир.

Бунга жавобан мен шундай дейман: Оллоҳ бизга муваффақият учун шукроналик билдиришни буюрар экан, бизнинг муваффақиятимизни кенгайтирувчи воситаларга Оллоҳ раҳмати ёғилган бўлади. Омадсиз ҳолларда одамзодга сабр-бардошли бўлишни буюрар экан, Оллоҳ ўзига яқин қилиш йўлида сабр-бардош ато этади.

Оллоҳ сўзи: “Қасамки, агар берган неъматларимга шукур қилсангизлар албатта (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 14-оят).

Оллоҳ сўзи: “Аллоҳ албатта, сабр қилувчилар билан биргадир” (“Бақара” сураси, 153-оят).

Шайхлар ғанийликни фақирликдан устун қўйган эканлар, бунда “бойлик” (мол-мулк) тушунчасини умумистеъмол маъносида қўлламаганлар. Улар бунда бойликка эришмоқни эмас, бойликни берувчига эришмоқни назарда тутганлар. Шу нарса аниқки, Оллоҳга яқинликка эришмоқ ва Парвардигор мағфирати (гуноҳларни авф этиши)га эришмоқ – иккаласи бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.

Кўпчилик сўфий шайхлар ва оддий одамлар фақирликни бойликдан устун қўйишларига сабаб шулки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда фақирликнинг устунлиги таъкидланади. Мусулмонларнинг кўпчилиги бу фикрни маъқуллайдилар.

Тарихда Жунайд Бағдодий ва Восил ибн Атонинг бу масалада мунозара қилганликлари ҳақида ёзиб қолдирилган. Буни ўқиган эдим: ибн Ато (р.а) ғанийликнинг устунлигини шу билан изоҳлайдики, маҳшар куни ҳар бир одам топган бойлиги учун ҳисоб беради.

Жунайд (р.а) бунга жавобан:

“Ҳа, Оллоҳ таоло бойларни маҳшар кунида ҳисоб бериш учун фақирларни эса оқлаш учун чақиради, оқланиш эса жавобгарликка тортилишдан авлодир”, дейди.

Сулаймон пайғамбарнинг шоҳлиги ҳам, гадо (фақир)лиги ҳам бир хил. Аюбнинг сабр-бардоши (балолар ўтида) адо бўлаёзганида Сулаймоннинг подшолиги чўққига кўтарилган эди. Оллоҳ иккаласига ҳам бир хил маънода сўз айтди. Сулаймон ҳақида “нақадар яхши бандадир” (“Сод” сураси, 30-оят), Аюб пайғамбар ҳақида “У нақадар яхши бандадир” (“Сод” сураси, 44-оят) деди. Оллоҳ берган ғанийлик Сулаймоннинг бойлигини ҳам, фақирлигини ҳам баробар қилади.

Муаллиф сўзи:

“Мен эшитдимки, Абдулқосим Қушайрий (р.а) шундай деган: “Одамлар фақирлик ва бойлик ҳақида кўп сўзлайдилар, бировлар бойликни, бошқалар фақирликни танлайдилар. Мен эса Оллоҳ менга нимани лозим кўрса, ўшани танлаган бўлардим. Агар Оллоҳ менга бойликни лозим кўрса, йўқ демас эдим. Агар Оллоҳ менга фақирликни лозим кўрса, таъна қилмасдим ва ношукурлардан бўлмасдим”.

Шунга кўра, ғанийлик ва фақирлик одамга берилган илоҳий туҳфадир.

Ғанийлик фасоди – бузилиши фаромушликдан (ношукурликдан), фақирлик фасоди манфаатпарастликдандир.

Иккаласи ҳам бир-биридан кам эмас. Аммо улар ҳаётда қандай кечиши билан бир-биридан фарқ қилади. Фақирлик дилни Оллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан тозалаш, ғанийлик (бойлик) эса дилни барча нарсалар, ҳатто сўз-ла таърифлаб бўлмас нарсалар билан тўлдиришдир.

Агар дил Оллоҳдан бошқа барча нарсалардан тозаланган бўлса фақирликдан ҳам, ғанийликдан ҳам устун даражага етади.

Ғанийлик дунё нарсаларига кўзи тўқлик, фақирлик эса ана шу нарсаларнинг етишмаслигидир. Аммо барча мавжудотлар Оллоҳга тегишлидир. Агар изловчи, солик топганлари билан видолашса, ғанийлик ва фақирлик қарама-қаршилиги йўқолади, униси ҳам, буниси ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолади.

Сўфий шайхларнинг фақирлик ҳақида деганлари

Замондошларимиздан бири шундай дейди: “Бутун борлиғи шу дунё ашёларидан тоза бўлган одамгина фақир саналади”. Масалан: кимга Оллоҳ ақча берса-ю, у ақчаларни сақлаб қолса ҳам, қайтарса ҳам фақир бўлолмайди. Зеро, фақирлик ҳар қандай танловдан холидир.

Яҳё ибн Муоз ар-Розий бундай дейди:

“Ал – фақир хавф ал-фақир” (фақир фақирдан қўрқади). Ҳақиқий фақирлик белгилари: авлиёлик, мушоҳадалар чўққисига ҳамда йўқлик, фано даражасига эришган одам уни йўқотиб қўйиш ва унга бирор зарар етишидан қўрқиб яшайди.

Рувайм (р.а) бундай дейди:

“Фақирлик белгиси: унинг юраги турли худбинона назоратлардан, қалби турли айниш ва бузилишлардан муназзаҳ (тоза) бўлган ибодатдир. Бу эса, тафаккур қилиш ҳаракат қилишга халақит бермайди, тутган йўли эса тафаккурга халал бермайди, бу эса бандалик сифатини йўқотиш, (яъни, руҳий оламда яшаш) демакдир.

Бишри Хофий (р.а) айтади:

“Мақомлардан энг яхшиси – фақирликка ўлгунча чидамли бўлишдир”.

Фақирлик бор “мақомларни” йўқотмоқдир. Шунга кўра, фақирликка бардош бермоқ иш ва ҳаракатларнинг тугал эмаслигини ҳис этиб, одамнинг барча (фоний) сифатлардан воз кечмоғини билдиради. Маълумки, бу билан фақирлик бойликдан устун қўйилмоқда ва фақирликни ҳеч қачон қўлдан бермаслик таъкидланмоқда.

Шиблий (р.а) дейди:

“Фақир Оллоҳдан бошқа ҳеч нарса билан қаноатланмайди, бошқа (нарса)ни хоҳламайди ҳам”. Гап шу ҳақда бормоқдаки: унингсиз ғаний бўлолмайсан, Унга эриш – бой бўласан. Сенинг вужудинг “Оллоҳдан бошқадир”. Шунинг учун ҳам ўша “бошқа” (“бегона”)дан қутулмагунча ғаний бўлолмайсан. Сенинг нафсинг сен билан ғанийлик ўртасидаги парда (тўсиқ)дир. Шу парда кўтарилса сен чинакам ғаний бўласан.

Бу мулоҳаза жуда нозик ва икки маънолидир. Аҳли ҳақиқат деб аталувчилар буни “фақирлик ҳеч қачон фақр мақомидан айрилмайди” деб тушунадилар.

Абдуллоҳ Ансорий (р.а) ҳам шундай деб ўйлар эдилар. Ул ҳазратнинг айтишича: Бизнинг дардимиз (ғам-аламимиз) ўткинчи эмас, бизнинг интилишимиз бесамар мақсад сари етказмайди, қанча ҳаракат қилмайлик, икки дунёда фано (йўқлик) даражасига эриша олмаймиз, бу фоний дунё бойликларидан фойдаланиш қариндошликка ўхшаб кетади. Оллоҳнинг эса қариндоши йўқ.

Ундан (Оллоҳдан) юз буриш учун (одам) фаромушхотир бўлиши лозим. Дарвеш эса унутиш хусусиятидан маҳрумдир. Қандай улуғвор вазифа, қандай машаққатли йўл бу! Фано топган нафсини йўқотган киши бақо (мангулик) билан бирлашмагунча мангу ҳаётга эриша олмайди.

Фақат риёзиёт (меҳнат) йўлидан борган кишигина бунга эришиши мумкин. Аммо биз ўзимизни овутиш учун “тариқ” (йўл) деган гапларни ўйлаб топдик. Рамзий иборалар ўз-ўзига, “манзил” эса инсон табиатидан нари эмас. Шундай экан, қандай қилиб инсоний сифат ва муносабатлардан у худди Оллоҳдек холи бўлиши мумкин?

Юқорида айтилганларнинг таъсири ва аҳамияти жуда муҳимдир. Бунинг асосан икки муҳим жиҳати бор.

Биринчиси: агар одам ҳеч нарсага эга бўлолмаса у ўз ҳолатига қаноат ҳосил қилади. Агар бирон нарсага эришса, унинг сахийлиги муҳаббатга айланади. “Қаноатланган” дегани иймон либосини қабул қилиш (“қабули хилъат”) демакдир. Иймон либосини киймоқ Оллоҳга яқинлашиш (қурбат) белгисидир…

Мен бу соҳада чала тушунчалари сабабли фақирлик моҳиятини инкор этувчи сохта сўфий ва сўзбоз (арбоб ал-лисон)ларни кўрдим. Аслида улар фақирлик моҳияти хусусиятларига эга бўлишни хоҳламаганликлари учун уни инкор қилдилар. Улар ўзларининг (маънавий) руҳий даражаларини “фақирлик” ва “поклик” деб атаб, ҳақиқат ва аслиятга етиша олмадилар. Буларнинг ақидаси барча ўзга нарсаларни инкор қилиб ва тантиқлик одатини папалаб вояга етказишга ўхшаб кетади.

Уларнинг ҳар бири маълум даражада фақирликдан тўсилган эди. Сўфийлик тушунчаси эса маънавий даражаларини тобора такомиллаштириб боришни тақозо этади. Натижада улар сўфийликни тўлиқ эгаллаб олдик деб даъво қиладилар. Аслида фақирлик руҳий – маънавий ҳолатнинг аъло даражада такомиллашувига боғлиқдир. Шунга кўра, соликнинг такомиллашиш йўлидаги манзил ва бекатлардан ўтишидан, рамзий маъноларни англаган ҳолда олға юришидан бошқа иложи йўқ. Акс ҳолда донолар олдида билимсиз (оми) кишига айланиб қолиши мумкин.

Манба: Ҳамидулла Болтабоев. Ислом тасаввуфи манбалари. Т,2005 ва «Шарқ юлдузи» журналининг 2013 йил 3 — сони

09

АБУЛ-ҲАСАН АЛИ ИБН УСМОН ҲУЖВИРИЙ
“КАШФУ-Л-МАҲЖУБ”дан

045

24-боб. Ўнинчи ҳижобнинг очилиши: тасаввуф тили ва истилоҳлари.

ornament53.jpgҲар бир машғулот ва ҳар бир касбнинг ўз сир-синоати, ўзига хос лаҳжаси — алоҳида сўзлари бўлади. Бу “махфий” тилни фақат ўша касб эгаларигина тушунадилар. Сўфийлар орасида ҳам шунадай сўзлар борки, уларнинг маъноси фақат уларнинг ўзларига аён, бу соҳадан бегоналар тушунмайдилар. Ана шундай сўзлардан баъзиларининг тасаввуфий маъноларини туштираман. Аввало, тасаввуфда қуйидаги жуфт сўзлар учрайди.

Ҳол билан вақт…

Тасаввуфда вақт сўзи, умуман, вақт, замон ўтишини эмас, балки тилагувчи (талаб), истаганини изловчи (мурид) учун ҳол вақти етганлигини билдиради. Бундай вақт келганида мурид ўтмишини ҳам, келажагини ҳам ўйламай қўяди, чунки Ҳаққа етишган ҳол келган вақтда мурид учун ўтган ҳаётнинг ҳам, келажакдаги ҳаётининг ҳам аҳамияти йўқолади.

Айтишларича, Жунайд (р.а.) саҳрода бораётиб, бир одам бир харобада, тиконли дарахт остида ўтирганини кўрибди. Унинг “бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деган саволига, дарвиш:

— Мен бу ерда йўқолган вақтимни излаяпман, — деди.

Жунайд (р.а.) ундан “Қачондан буён бу ерда ўтирибсан? – деб сўраганида, дарвиш:

— Ўн икки йил бўлди. Аё, шайх, сиз ҳиммат кўргизиб, дуо қилсангиз, эҳтимол, йўқолган вақтимни топарман? – деди.

Жунайд (р.а.) айтади:

— Мен у ердан узоқлашдим, ҳаж маросимини адо этиб, ҳалиги дарвиш ҳақига дуо қилдим. Ижобат бўлди. Қайтаётиб, дарвиш яна ўша ерда ўтирганини кўрдим.

— Вақтингни топибсан, яна бу ерда нима қилиб ўтирибсан? – деб сўрадим. У жавоб берди:

— О, шайх, шу ерда ўтириб, йўқотган вақтимни топдим, энди Ҳаққа етишиб, роҳатланаётган вақтимда бу жойни ташлаб кетсам бўлмас. Агар шу ерда жонимни Ҳаққа топширсам, қиёматда ҳам шу оромбахш тупроқдан бош кўтарсам, дейман.

Ҳол — етишган вақтни тўлдириб, жисмга жон бўлиб кирувчи неъматдир, вақт эса ҳолга муҳтождир, чунки, ҳол вақтга жон бериб, уни безайди.

Вақтини топган одам ҳолни ҳам топса, энди у мустақим, барқарор бўлиб, ҳеч қандай ўзгаришлар унинг руҳига таъсир кўрсатолмайди.

Агар ким мутамаккин бўлса (риёзат чекиб, софликка интилаётган бўлса, у кўп нарсани (бу ерда эришган фазилатларини дейилмоқчи — М.М.) унутиб қўяди. У ҳолга эришганида эса, етишган вақти барқарор, мустаҳкам, мутамаккин бўлади. Энди у ҳеч нарсани (бор фазилатларини) унутмайди.

Ҳол тили сукут сақлайди, фақат хайрли, эзгу иш, амаллари ҳолидан сўзлайди.

Ҳолдан сўз сўраманг, чунки ҳол бир жойда мақол (сўзлар) йўқдир. Ҳақ таоло кимга ҳол ато қилса, унинг кўнгли турли кечинмалар (ғам-ташвишдан) ҳоли бўлиб қолади.

Мақом ва тамкин

Мақом толибнинг тилагида собитлигидир. Ким Ҳаққа етишишга ташна бўлса, у бораётган йўлнинг бошланиши мақомдир. Толиб бу йўлдаги ҳар бир мақомга етишганида ором олса ҳам сўнгги манзилда кўнгли таскин топиб, таркибу хийладан (мураккаб ғам-ташвишлардан) тозаланади.

Одам (а.с.) тавба мақомида, Нуҳ (а.с.) зуҳд мақомида, Иброҳим (а.с.) – таслим мақомида, Мусо (а.с.) инобат (қалб кўзининг очилиши) мақомида, Довуд (а.с.) – рижо (умид), Яҳъё (а.с.) – ҳавф мақомида, бизнинг пайғамбаримиз (Муҳаммад с.а.в.) зикр (Ҳақ-таолони ёдда тутиш) мақомида эдилар. Буларнинг барчалари ўз ҳаёт йўлида кўп (яхши ишлар қилиб) амалларга, фазилатларга эришдилар, аммо ҳар бири ўз мақомига қайтиб келдилар.

Ҳаққа уч йўл билан етишилади: 1. Манзил, мақом. 2. Ҳол. 3. Тамкин (барқарорлик, мустақимлик, дил ҳотиржамлиги).

Ҳақ таоло бандаларини ҳақ йўлига солиш учун турли мақомлардаги 124 минг пайғамбарини юборди. Бу мақом ва манзилларнинг энг сўнггиси тамкин мақоми бўлиб, бунга етишув йўлидаги барча ҳолатлар (ҳоллар)ни таърифласам, сўзим сира тугамас эди.

Тамкин аҳли дилларнинг энг юксак манзилидир. Турли манзилдагилар ўз манзилларидан бирма-бир ўтиб, охири тамкин манзилига келадилар. Манзиллар бошловчилар – толиблар эришадиган мақомлардир, тамкин эса, Ҳаққа етишиб, ором олинадиган сўнгги манзилдир. Мусо (а.с.) тамкин манзилига етишганида (Ҳаққа етишганида) Ҳазрати Ҳақ унга чориғингни улоқтир (Қуръон, 20:12) ва асо (таёқ)ингни ташла (Қуръон, 20:12), деб амр қилди.

Ишқ, ошиқликнинг бошланиши – талаб (толиблик), охири — тамкин, ҳотиржамликдир. Дарё уммонига етишганида тез оқишдан тўхтайди, сувнинг таъми ҳам ўзгаради. Сувга ташналар уммон сувдан ўлимга тайёр туради, бўйнига оғир тош боғлайди ва уммонга шўнғийди. Шу йўл билан у ё гавҳарли садафни топади, ё гавҳардай қимматли жонини йўқотади.

Машойихлардан бири айтур: “Тамкинга етишганида талвин йўқолади”.

Талвин суфийлар истилоҳида толибнинг йўлида ва турли манзилларида турли ҳолларни кўнгилдан кечиришидир. Тамкинга эришган зот (мутамаккин) Ҳаққа етишгани сабабли ҳеч қандай ҳоллардаги ўзгаришларга учрамайди.

Муҳозарат (қалб ҳозирлиги) ва мукошафат

Муҳозарат турли ҳолларга қалбнинг тайёрлиги, ҳозирлигидир. Мукошафат – толиб, суфий қалбида сир (илоҳий руҳ)нинг кўриниши, аён бўлишидир.

Муҳозарат – дилга илоҳий аломатларни (оятларни) кўришга тайёрлиги, мукошафат – дилнинг мушоҳадага (Ҳақ таолонинг қудрати комиласини тафаккур қилишга) тайёрлигидир.

Муҳозарат аломати диққатни жону дилдан муттасил илоҳий аломатлар — оятларга қаратиш, мукошафат аломати Ҳақ таоло қудратининг чексизлигидан доимий ҳайратланиб яшашдир.

Муҳозарат билан мукошафат ўртасида катта фарқ бор. Биринчиси, Аллоҳга дўстлик йўлидан бориш, иккинчиси, шу дўстликка етишганликдир.

Ҳазрат Иброҳим дўстлик йўлидан бориб, тоққа кўтарилди. Тоғнинг юксаклигини кўриб, Худонинг борлигини билиб, унинг аломатларида уни кўришга тайёр, ҳозир бўлди. Унинг яратмишларида Уни кўриб, ҳузурга етишди ва ҳайқирди: Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда юзимни осмонлар ва ерни яратган Зотга қаратдим… (Анъом сураси, 79-оят)

Аллоҳнинг севимли дўсти – ҳабиби Муҳаммад (с.а.в.) меърожга чиққан (кўтарилган) вақтида Аллоҳ яратган барча мавжудотлардан ва ўзидан ҳам кечиб, юзини фақат Аллоҳ тарафга қаратди. Бу мукошафат, кашф вақтида унинг Ҳаққа ташналиги кучайди, у Худо одамлар тасаввур қилган барча сифатлар, ўхшатишлардан танзиҳ, пок эканлигини тушуниб, ҳайрати ортиб, унда олдинга юришга ҳам, орқага қайтишга ҳам мажоли қолмади. Дўстликда ҳайрат Ҳақ таолонинг борлиги, ишқдаги ҳайрат эса Аллоҳнинг зоти ва сифати бирлашуви оламда якка, ягоналиги, яъни тавҳиддир.

Шу сабабдан Шиблий раҳматиллоҳи алайҳи доимо “Эй, ҳайронларни ҳайрон қилган Зот, ҳайратимга ҳайрат қўшдир” дер эди.

Қабз ва басит

Қабз – қисувга олиш, басит кенгайтиришдир. Бу икки ҳолат бизнинг ирода – истагимизга боғлиқ эмас, буларни одамзод ўзига яқин ҳам, ўзидан узоқ ҳам қила олмайди.

Аллоҳ-таоло сўзи: Ва Аллоҳу йақбизу ва йабсуту туржун (Физқингиз эшигини тор ва кенг қилгувчи Аллоҳдир) (“Бақара” сураси, 245-оят)

Қабз — ҳижоб (парда) билан тўсилган қалбнинг қисилиш, басит-Аллоҳни кашф этиш ҳолатида қалбнинг кенгайишидир.

Аллоҳ таоло сўзи: “Бас, уларнинг орасида (Қуръонини ўқиб, унга амал қилмайдиган, ўз жонига жабр қилгувчилар ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчилар ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан доимо яхшиликларга шошилгувчилар ҳам бор” (“Фотир” сураси, 32-оят).

Машойихдан баъзиларининг қабз даражаси баландроқ, басит даражаси пастроқ дейдилар. Баъзилари бунинг тескарисини айтадилар (Ҳақ таоло гоҳида яхшиларнинг ризқ эшигини тор, ёмонларнинг ризқ эшигини кенг қилиб қўяди, бунинг сабаби Аллоҳга аёндир – М.М.)

Қабз қилинган (ризқи кам) одамларнинг қалби турли кенг одамларнинг қалби бузилиши ва иллатларга мойил бўлади. Қабз Аллоҳнинг (севимли) одамларини бошқа ризқ берувчилардан рашк қилишидир. Яҳъё (а.с.) йиғлаб туғилган, Исо (а.с.) эса кулиб дунёга келган экан. Шунда (устози) Яҳъё (а.с.) (шогирди) Исо (а.с.)га “О, Исо, Худо даргоҳидан узоқлашувдан қўрқмайсанми?” – деб сўраган. Исо (а.с.) унга: “О, Яҳъё, сен Худонинг марҳаматига умид қилмайсанми? Сенинг кўз ёшларинг ва менинг кулгим мангу илоҳий аҳдни ўзгартиролмайди”, — деган.

Унс ва ҳайбат

Унс ва ҳайбат Ҳақ йўлида толиб эришадиган икки ҳол (ҳолат)дир. Ҳақ таоло инсон кўнглига бор буюклиги, шон-шавкати, жалолатини билдирса, бундан дарвишлар ҳайбатга тушадилар. Агар Ҳақ таоло жамолидан хабар топса, дарвиш бу гўзалликка анис (яқин дўст) бўлиши унсдир.

Машойихдан баъзилари ҳайбат Ҳақни таниганлар мақоми, унс бу йўлга энди кирган – янги толиблар мақоми, дейдилар. Ҳақ таолонинг буюклиги, жамолини ҳали англаб етмаганлар ўзини Ул зотга яқин тутадилар, билганлар эса ўзини Ҳақ таолога дўст дейишни одобсизлик деб биладилар, улар Ҳақ таолонинг буюклиги, жамолидан (қўрқиб) ҳайбатга тушадилар. Чунки Ҳақ билан инсон ўртасида дўстлик, яқинлик бўлиши асло мумкин эмас.

Менинг шайхим мана бу гапни такрорлашни яхши кўрар эди: “Ҳақ таоло “Ҳақиқатан, менинг бандаларим”, “Эй бандаларим, сендан сўрайдилар”, “бандаларимга айтгинки” деб айтганидан кейин бандалар Худога яқин бўлишлари мумкин эмас, дейишлари ажабланарлидир.

Ҳақ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган: “Эй, бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлган бандаларим, бу Кун (қиёматда) сизлар учун ҳеч хавфу хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар (Зуҳруф сураси, 68-оят).

Шу сабабли машойихдан баъзилари ҳайбат — бегоналик, унс — яқинлик, дейдилар.

Камина (Али ибн Усмон Хужвирий) айтаманки, бу иккала тоифанинг сўзларида ҳам ҳақиқат бор. Аҳли фано ҳайбатни афзал кўрадилар, аҳли баҳо унс, яқинликни афзал биладилар.

Қаҳр ва лутф

Бу иккала истилоҳ (термин) дарвишга Худо ато этган ҳолатларни билдиради. Худонинг қаҳридан қўрқувчи дарвиш ўз табиатидаги тубан, ярамас майл, истаклардан (бахиллик, ҳасад, тамаъ, такаббурлик, мол-дунёга очлик)дан қутилишга интилади.

Ҳақ таолонинг лутф марҳаматига умид қилган дарвиш Худонинг ўзи каромати билан уни ёмон йўллардан қайтаради, нафсини жиловлашга ёрдам беради, деб ишонади.

Нафий ва исбот

Суфийлар тилидан нафий инсондаги жониворлик сифатларини инкор қилиш, исбот эса – илоҳий мақсад, яъни таъйидни исботлаш орқали ёмон қилиқларни маҳв этиш, йўқотишдир. Толиб, дарвиш ўзидаги яхши ҳулқ, ҳислат–фазилатларни тасдиқлаш, барқарор қилиш йўли билан инсонга хос иллатларни йўқотишга, бу орқали ҳақиқатни қарор топтиришга ҳаракат қилади.

Суфийлар яна айтадиларки, агар инсонлар Худо танлаган йўлидан борса, инсондаги йўл таниш эркинлиги йўқолади, яъни танлашга ҳожат қолмайди. Худони яхши билмаган одамнинг йўл танлашдан кўра Худо танлаган, буюрган йўлдан бориши афзалроқдир (Инсон Худо танлаган йўлни яхши танлаганида, билганида унинг ўз танлови Худонинг танловига мувофиқ келади – тарж.)

Муҳодасат (мулоқот) ва мусомарат (тунги мулоқот)

Бу истилоҳлар инсон билан Худо ўртасидаги муносабатнинг икки турини – ички ва ташқи ҳолатларини англатади. Худои таолога кундузги муносабатлар – муҳодасат, тунги яширин муножотлар мусомаратдир. Булар иккаласи сўзсиз, кўнгил муножотларидир. Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в.) меърож кечаси Ҳақ таолонинг чексиз буюклигига, жалолатидан ҳайратларга шўнғиб, тили калимага келмай, “Илоҳо, сенга мадҳу сано айтишга мажолим етмайди” дея олган холос.

Муҳодасат Мусо (а.с.) қирқ кун (чилла ибодат қилиб ўтиргандан сўнг Сино тоғи (Тури Сино)га чиқиб, Худонинг овозини эшитгач, унинг жамолини кўришни илтимос қилиш ва Худо бу сўровни инкор этиб, тоғни талқон қилишдир.

Ҳақ таоло томонга инсон ўзи бориши бошқа, Худо уни ўзига яқин қилиши бошқадир. Қуръони каримнинг 17-сура 1-ояти (Худо меърож кечаси Расулуллоҳни ўз томонига келтиргани) ва 7-сура 139-ояти (Худо Бани Исроил қавмини Нил денгизидан ўтказиш) Худо танлаган йўлнинг ёрқин намунасидир.

Тунгги суҳбатда (мусомарат) ошиқ ва маъшуқлар бир-бирига бегона бўлмайдилар

Илм ва маърифат

Уламолар илм билан маърифатни бир-биридан ажратмайдилар. Фақат бир масалада уламолар орифлардан фарқланадилар: уламолар фикрича, Ҳақ таоло олимдир, аммо Уни ориф дейишга рухсат этилмаган.

Суфий шайхлар фикрича, маърифат – ибодат ва ҳол билан боғлиқ барча билимлардир. Бундай билимлар соҳибини ориф дейдилар. Суфий шайхлар яна айтадиларки, маънавият ва илоҳиёт билан алоқадор бўлмаган барча билимлар – маърифат эмас, шунчаки илмлардир. Бундай илмларнинг соҳиблари – уламо, олимлардир.

Хуллас, суфийлар барча мавжудотларнинг маъно ва моҳиятини билувчиларни ориф дейдилар. Илоҳиятга, руҳиятга, маънавиятга боғлиқ бўлмаган билим соҳибларини олим дейдилар. Шу сабабли, суфийлар ўз рақиблари – турли-туман илмларни билувчи олимларни менсимай донишманд, билимлар йиғиндиси деб атайдилар.

Суфийлар фикрича, олимларни диний илмларга амал қилмагани, фақат ўз илмига ишонгани учун мутакаббир дейдилар. Орифлар эса ўз илмларида Ҳақ таоло мададига суянадилар. Масаланинг бу жиҳати ҳақида аввалроқ (15-бобда) муфассал фикр юритгинимиз сабабли бу ерда шу айтилганлар билан чекланамиз.

Шариат ва ҳақиқат

Суфийлар бу икки сўзни зоҳирий ҳолатни қувватлаш ва ботиний, ички ҳолатда Ҳаққа содиқ бўлиш маъносида қўллайдилар.

Бу масалада икки хил адашувчилар бор. Баъзи тақлидчи дин уламолари шариат билан Ҳақиқат ўртасида фарқ йўқ, шариатда ҳақиқат бор ва ҳақиқатда шариат бор, дейдилар. Иккинчи тоифа адашувчилар – зиндиқлар айтадиларки, ҳақиқатда шариатсиз ҳам яшай олади. Уларнинг фикрича, ҳақиқат бор жойда шариат йўқолар ва шариат бор жойда ҳақиқат йўқолар эмиш. Қаромита (қарматийлар), шиалар ва уларнинг иблисга эргашганлари (мувасвисон) шундай ақида қиладилар.

Ҳақиқат билан шариат бир-биридан бошқа эканлигига улар дин билан ибодат бошқа-бошқа эканлигини далил қиладилар. Шариат ва Ҳақиқат моҳиятан бир эканлигига далил шуки, ибодатсиз динни дин демаймиз ва динсиз ибодатни ибодат демаймиз. Аммо булар ўртасида фарқ бор. Ҳақиқатнинг маъноси ният холислиги. Одам атодан то қиёматгача ўзгармас, барқарордир. Шариатнинг маъноси турли даврларда (ва турли мазҳабларда) баъзи аҳкомлари бекор қилиниб, баъзилари ўзгартиб турилади.

Шариат – одамларнинг аъмоли, қилмишлари, амалларидир, Ҳақиқат эса Ҳақ таолонинг ҳифзи (бало-қазолардан асраши) ва ҳимоя қилишидир. Шу сабабли ҳақиқат шариат билан ҳамда шариат ҳақиқат билан қувватланади. Буларнинг ўзаро муносабатини бадан ва руҳ муносабатига ўхшайди. Руҳсиз бадан ўликдир ва бадансиз руҳ бу дунёда яшай олмайди. Жонли инсонда бадан ҳам, руҳ ҳам бўлиши зарур.

Ҳақиқатсиз шариат қуруқ сўз, шариатсиз ҳақиқат бор дейиш мунофиқликдир. Ҳақ таоло марҳамат қилади: “Бизнинг йўлимизда жиҳод қилган, курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабуд сураси, 69-оят). Бу ерда жиҳод қилиш – шариатдир, ҳидоятга йўллаш ҳақиқатдир. Биринчиси, зоҳирий ҳукмлар-аҳкомларга амал қилиш, ҳақиқат эса Ҳақ субхонаҳу ва таолонинг инсонни маънавий-руҳий йўллаши ва қўллашидир. Шу сабабли шариат инсон қўлга киритган амаллар, ҳақиқат эса – Худо ато қилган нодир қобилиятдир. Бу сўзлар бошқа истилоҳлар ва ифодаларда кўчма маънода ҳам қўлланилади. Буларни таҳлил ва таъвил қилишда маълум қийинчиликлар бор. Мен буларни мухтасар изоҳлаш билан чекланаман.

Суфийлар ҳақиқат, Ҳақ деганда Худони тушунадилар, чунки Ҳақ – Тангри таолонинг исмларидан биридир. Қуръон каримда бу оят шу маънода келади: “Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қадар эканлигидир” (Ҳаж сураси, 6-оят).

[Ҳақ сўзининг бошқа маънолари]

Ҳақиқат — инсоннинг Ҳақ таолога яқинлик манзилига (даража, ҳолига) келиши, қалбининг барча носозликлардан покланиши (танзиҳ).

Хотирот — инсон кўнглида яхши-ёмонни фарқловчи ақл-идрокнинг ёдда сақланиши (аҳкоми тафриқ).

Ватана — ҳар қандай илоҳий хабар, огоҳликларнинг қалбда макон қуриши.

Тамис — турли хатти-ҳаракатларнинг оқибатларини қалбдан қувиб чиқарилиши.

Алойиқ — бу дунёга хос турли алоқалардан ўзини четроқда тутиш зарурлиги.

Васойит — Ҳақ таоло билан турли воситалар орқали боғланишлар.

Завойид, зиёдалик – руҳий нурланиш, онг ёришувининг кучайиши.

Куллийат (истиғроқ) – инсоний сифатларнинг оламий сифатга айланиши.

Муолажа — қалбнинг илоҳий билимларга яқинлиги.

Муонажа — қалбнинг турли нуқсон, қусурлардан узоқлашуви.

Лавойиқ — қалбга марғуб нарсалар рад этилса ҳам, кўнгилдан кетмаслиги.

Лавомеъ — қалбнинг нурлашиш, ёруғланиш.

Таволеъ (тулуъ сўзининг кўплиги) — қалб осмонида юлдузлар-маънолар, тушунчалар порлаши, равшанлашуви.

Тавориқ — тунги таҳажжуд (Ҳақ билан мулоқот) вақтида қалбга хушхабар ёки нохуш хабарнинг келиши.

Латойиф — қалбга нозик, латиф маънавий, руҳий ҳиссиётларнинг қуйилиб келиши.

Сир — ишқнинг яширин манзили.

Нажва — Худодан бошқани танишга алоқадор яширин иллатларнинг очилиши.

Ишорат — ишқ манбаи ҳақидаги билимни сўзлар билан эмас, бошқа усулда англатмоқ.

Имо — сўз айтмай, бошқаларга эътиборни қаратиш.

Ворид — қалбга руҳий хабарларни тажалли қилиш.

Интибоҳ — қалбдан беғамлик, бепарволикнинг кетиши.

Қарор — инсон ҳиссиёти, туйғуларига боғлиқ ўзгаришлар ўрнига доимий ҳолатнинг келиши.

Инъизож, важд — қалбнинг ҳайрат вақтида тўлқинланиши…

25-боб. Ўн биринчи ҳижобнинг очилиши: самаъ

Тасаввуфда шеърият ва мусиқа

Шеър тинглаш гуноҳ эмас. Расулуллоҳ шеър тинглар эди, саҳобалар шеър эшитар ва шеър айтар эдилар. Расулуллоҳ сўзи: “Шеърда ҳикмат бор”. Яна марҳамат қилганлар: “Ҳикмат мўъминнинг йўқотган туясидир, қаерда топса олишга ҳақлидир”. Яна айтганлар: “Лабиднинг мана бу байтида ҳақиқат арабларда энг яхшисидир:

Тақдир ҳам топар завол,
Ҳақдан ўзгаси бекор.

Шеър тинглаш ҳақидаги қарашларида икки хил хато учрайди. Баъзилар шеър тинглаш бутунлай гуноҳ, деб (шоирлар) ўз мусулмон биродарларини ноўрин ҳақорат қиладилар. Бошқалар эса, аксинча, барча турдаги шеърларни яхши деб, маъшуқанинг юзи, зулфи, холини мақтовчи ишқий шеърларни тинглашга (ўқишга) вақтларини зоеъ кетказдилар.

Суфий шайхлар Расулуллоҳ сўзларига ишонадилар: “шеърнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бор”. Агар сўзларида ёмонлик, ғийбат, тухмат, ҳақорат бўлса, шеър ҳам, сочма ҳам ёмондир. Насрда ҳам, шеърда ҳам панд-насиҳат, гўзал хулқ, Ҳақ таоло амр-фармонига мувофиқ сўзлар бўлса, улар шаръийдир.

Ашула ва самоъ ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: “Ул зот яратган махлуқотида ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур” (Фотир сураси, 1-оят)

Тафсирчилар айтадиларки, бу ерда мафтункор овоз кўзда тутилгандир. Расулуллоҳ сўзи: “Овозинигизни Қуръон ўқиш билан безанглар”. Яна айтганлар: “Довуднинг овозини эшитишни истаган одам Абу Мусо Ашъарийнинг сўзини эшитсин”.

Яна ҳадисларда айтиладики, Рой аҳолиси ҳар бир дарахтнинг ўзига хос овози ва куйини эшитар эканлар. Турли товушлар бирлашганида оҳангдорлик келиб чиқади. Барча жониворлар чиройли товушларни яхши кўрадилар. Руҳ латиф ва нозик, товушларда ҳам латифлик, назокат бор. Шу сабабли руҳ ўз табиатига яқин нарсаларга интилади. Ҳақиқатни теран билишга даъво қилувчи шифокорлар ва файласуфлар бу ҳақда кўп бахс юритганлар ва мусиқада оҳангдорлик ҳақида асарлар ёзганлар. Исҳоқ Мавсумий соз чалганида боғдаги булбул сайрашдан тўхталиб, йиқилиб тушгани ҳақида ёзганлар.

Иброҳим Ҳаввос ҳикоя қилишича, у саёҳатда юрган вақтида бир араб қабиласининг шайхи занжи қулини кишанлаб, қамчилатаётган экан. Меҳмон “Бу қулнинг гуноҳи нима?” – деб сўраса, айтибдики: “Бу занжи қул ажойиб қўшиқ айтади. Унинг қўшиғини эшитиб, карвондаги туялар устида оғир юки бўлса ҳам ўйноқлаб, чопиб кетадилар ва манзилга тез етибдилар. Аммо, туяларнинг устидан юклари олингач, барча сиҳоли қолмай ўлибди. Меҳмон бу қулнинг овози шу қадар мафтункор бўлса, мен ҳам бир эшитиб кўрай, дебди. Қулнинг қўл-оёғини ечиб, ашула айттирибдилар. У ростдан ҳам шундай ажойиб куйлабдики, туялар сув ичмасдан ўйноқлаб, югуриб кетибдилар. Меҳмон завқланиб, қулнинг Худо берган овози бор экан, — деб уни мақтабди. Қабила бошлиғи меҳмонни хурсанд қилиш учун қулининг гуноҳини кечиб, уни озод қилибди”.

Хуросон, Ҳинд ва Ироқда баъзи овчилар оҳуларни ушлаб олиш учун қўнғироқчалар товушидан фойдаланар эканлар.

Кимдир агар мен овоз, оҳанг, мусиқадан сира завқ олмайман деса, у ёлғончи ва мунофиқ ёки одамзодга ҳам, ҳайвонга ҳам ўхшамаган бир махлуқдир.

Қўшиқ ва мусиқага қарши чиқиб, маъно этувчилар ўзларига зулм ва зарар етказган бўладилар. Уламолар фикрича, агар қўшиқ ва соз шариат аҳкомларига зарар етказмаса, шаръийдир. Лекин агар қўшиқ ва сўз (симоъ) аҳлоққа зид, нопок, тубан ҳис-туйғу ва эҳтиросларини уйғотса, ношаръийдир.

А.Азизқулов (СамДУ)
Хужвирий инсон маънавиятида
билимнинг аҳамияти хусусида
044

ornament53.jpgАбул Ҳасан Али ибн Усмон ибн Али ал Ғазнавий ал Жуллобий ал Хужвирий ( IX асрнинг охири ёки XI асрнинг боши — 1072-1076 йиллар орасида) ўз даврининг етук тасаввуф вакилларидан ҳисобланган. Хужвирий бирор бир тасаввуф тариқатининг асосчиси ёки йирик назариётчиси сифатида ном қозонмаган бўлсада, тасаввуф таълимотининг пайдо бўлиши, унинг моҳияти ва асосий ақидалари, ундаги тариқатларининг вужудга келиши ва бир-биридан фарқ қиладиган ғоялари баён этилган «Кашф ул маҳжуб» асарининг муаллифи сифатида ислом оламида кенг эьтироф этилган. Асарнинг илмий аҳамияти, аввало унинг тасаввуфга оид дастлабки назарий манбалардан бири эканлигидадир.[1] Агар асарнинг XI асрнинг ўрталарида яратилганлигини инобатга оладиган бўлсак, тасаввуфга оид кейинги рисолалар хусусан, Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул авлиё» сингари тасаввуфга оид асарлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилган.

«Кашф ул маҳжуб» асари 25 бобдан иборат бўлиб, унда суфийликнинг моҳияти, хусусияти инсон томонидан ҳақиқатни англаш каби масалалар баён этилган. Шунингдек асарда саҳобалар орасидаги имомлар, аҳли байтга, тобеинларга тегишли бўлгандан тасаввуф вакиллари хусусида етарли маълумот берилади. Бундан ташқари тобеинлардан то ўзи яшаган ХI-асргача бўлган орлиқдаги 64 та машҳур имомлар ва уларнинг назарий қарашлари тўғрисида қимматли маълумотлар баён этилади. Хужвирий ўзи яшаган даврнинг энг машҳур 10 та имомлари, хусусан, Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ал Қассоб, Абу Али Ҳасан ибн Муҳаммад ад Даққоқ, Абу Ҳасан Али ибн Аҳмад ал Ҳаррақоний, Абулқосим Абдулкарим Қаширий, Абулаббос Аҳмад ибн Муҳаммад ал Ашқоний ва уларнинг қарашлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтади. Асарда Мағриб, Ироқ, Шом, Ҳуросон ва Мовароуннаҳрда яшаган тасаввуф вакиллари хусусида ҳам қимматли маълумотлар келтирилади. Ўша даврда мавжуд бўлган 11 та тасаввуф оқими ва уларнинг асосий концепциялари изоҳлаб берилган. Жумладан: муҳассибийлар, қассорийлар, тайфурийлар, жунайдийлар, нурийлар, саҳмийлар, ҳакимийлар, ҳаррозийлар, хафифийлар, сайёрийлар, хулулийлар каби тасаввуф оқимларининг асосий ғоялари ва уларнинг вакилларини қарашлари ҳақида жуда қимматли маълумотлар келтирилади. Асарнинг асосий ғояси ҳақиқатга етишиш учун инсонга халақит берадиган тўсиқ (парда)лар ва уларнинг бартараф этиш учун ўн битта йўлларини назарий асослашга бағшиланган.

«Кашф ул маҳжуб» асарида Хужвирий Мовароннаҳрда ўша даврда яшаган 6 та йирик тасаввуф вакиллари ҳақида маълумот келтиради.

Хужвирий рисоласининг биринчи бобини «Билимларни тасдиқлаш (асослаш)» деб номлаб унда билим ва унинг кўлами, инсон билиши керак бўлган билим соҳалари, билим билан амалий фаолиятнинг муштараклиги, илоҳий ва инсонга хос билимлар, вақтга оид билимлар (илму вақт), ҳақиқат каби мавзуларлар хусусида фикрларини баён этган.Хужвирий рисоласини билимнинг зарурлиги ҳақидаги фикрдан бошлар экан, дастлаб Қуръондаги оятлардан далиллар келтириб, сўнг «Билим олиш ҳар бир мусулмон ва муслимага фарз»лиги ва «Хитойда бориб бўлсада, илм изла» каби ҳадисларни келтиради. Бу Хужвирийнинг билимга нисбатан рационалистик ёндашувидир.

«Билимлар соҳаси жуда кенг, инсон умри эса қисқа, шунинг учун ҳамма илмларни ўзлаштириш шарт эмас» дейди.[2] Бироқ тасаввуф илмининг назариётчиларидан бири сифатида у илоҳиёт нуқтаи назаридан зарур бўлган билимларни ўрганиш етарли деб ҳисоблайди. Масалан, астраномия — вақтни билиш учун (тунги намоз вақтларин аниқлаш учун), тиббиёт — инсонни зарарли нарсалардан ҳимояланиши учун, арифметика — мерос тақсимоти ва идда муддатларини аниқлаш учун. Аввало барча билимлар инсон эҳтиёжини қондириш учун хизмат қилади ва шу асосда вужудга келган. Хужвирий эса инсон фаолиятига оид билимлар соҳасини жуда торайтириб қўяди.

Хужвирий билимни амалий фаолият билан узвий боғлиқлигини алоҳида таъкидлаб ўтади. «Айримлар билимни амалий фаолиятдан устун қўйсалар, баъзилар эса аксинча ёндашадилар, аслида ҳар иккаласининг фикри ҳам нотўғридир….Икки хил тоифа кишилар борки, доимо хатога йўл қўйишадилар: биринчиси жамиятдаги мавқеи, обрў –эътибор учун билимга даъво киладилар, бироқ, илмдан фойдалана олмайдилар, чунки улар илмнинг асл моҳиятига ета олмайдилар; иккинчи тоифа вакиллари амалий фаолиятнинг ўзи етарлидир, билим шарт эмас деб ҳисоблайдилар»[3]. XI – асрда тасаввуф илмининг назариётчиларидан бири Хужвирийнинг назария ва амалиётнинг бирлиги хусусидаги концепцияси ҳозирги замон гносеологиясида ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Хужвирий шу ўринда би р ҳикоят келтиради. «Иброҳим Адҳам йўлда бир тошдаги ёзувга кўзи тушади. Тошда «Мени ўгириб кўр ва ўқи»деб ёзилган бўлади. Иброҳим Адҳам тошни ўгириб, ундаги қўйидаги ёзувни ўқийди «Бор бўлган билимингдан фойдаланмасдан туриб, яна янги билимларни орқасидан қувиб нима қиласан»[4]. Хужвирий назария ва амалиётнинг бирлигини таъкидлар экан, инсон олган билимларидан доимо ижимоий муносабатларда фойдаланиши зарурлигини айтиб ўтади.

Хужвирий Фан этикасига оид муҳум мфикрни илгари суради. «Агар киши билимни ҳокимият, обрў ва мансаб, ёки бойлик орттириш учун сафласа, у олим эмас» дейди[5].

Хужвирийнинг «Кашфул маҳжуб» асарида билим ва инсон билиш фаолиятига оид илгари сурган фикрлари замонавий эпистемологияда муҳум аҳамият касб этади.

Бироқ «Кашфул маҳжуб» қанчалик ноёб асар эканлигига қарамасдан ўзбек тилига таржима қилинмаган. Оврупада асар хусусида тадқиқотлар бундан 100 йил аввал бошланган бўлиб, инглиз шарқшуноси Рональд А. Никольсон 1911 йилда ўз тилига таржима қилган. Асар устида тадқиқотларни давом эттирар экан, уни қайта ишлаб, аниқликлар ва ўзгартиришлар киритиб, 1936 йилда иккинчи марта нашрдан чиқаради. Рус шарқшунос тадқиқотчиси В.А.Жуковский томонидан асар 1926 йилда рус тилига таржима қилинади ва тадқиқотчилар бу таржимани мукаммал эмаслигини таъкидлашадилар[6]. Рус тадқиқотчиси А.Орлов асарни инглизча вариантдан рус тилига ўгиради ва изоҳлари билан бирга 504 саҳифада нашр эттиради.

Хужвирий тўғрисида Ҳамиджон Ҳомидий ўзининг «Тасаввуф алломалари» рисоласида маълумотлар беради, бироқ бу ерда кўплаб ноаниқликлар учрайди.

Рисоланинг бошида Абулҳасан Исмоил Хужвирий ва унинг «Кашфул маҳжуб» асари борлиги айтиб ўтилади.[7]Рисолада тариқат шайхлари хусусида маълумотлар берар экан, Хужвирийга келганда уни Абдулҳасан Али бинни Усмон Ҳажвирий ва унинг катта ҳажмдаги шеърлар девони сақланиб қолганлиги ҳамда яна «Минҳожиддин» номли рисола муаллифи бўлганлигини айтиб ўтади.[8] Бу ерда унинг «Кашфул маҳжуб» асари тилга олинмайди. Бизнингча Ҳ.Ҳомидий Ҳужвирий билан Ҳажвирийни алоҳида шахслар деб ўйлаган бўлиши мумкин.

Энди биз тадқиқотчилар асарни форсча матнинг тўлиқ ўзбек тилига ўгиришимиз ва уни инглизга ва русча вариантлари билан қиёсий таҳлил этишимиз лозим. « Кашф ул маҳжуб» асарининг қўл ёзмаларини солиштириб ва матнни тўлиқ таржима қилсак, ўйлаймизки тасаввуфга, унинг назарий асосларига оид кўплаб янги маълумотларни қўлга киритган бўлар эдик.

[1] Ҳамиджон Ҳомидий «Тасаввуф алломалари», Тошкент. «Шарқ» 2004- 6-бет
[2] Ал Худжвири Раскрытие скрытого.(Старейший персидский трактат по суфизму).-М.: Единства. 2004.с.11
[3] Ал Худжвири Раскрытие скрытого.(Старейший персидский трактат по суфизму).-М.: Единства. 2004.с.11
4 Ўша ерда
5 Ўша мерда
[6] Пригарина Н. От научного редактора/ Ал Худжвири Раскрытие скрытого.(Старейший персидский трактат по суфизму).-М.: Единства. 2004.
7 Ҳамиджон Ҳомидий. Тасаввуф алломалари Тошкент: «Шарқ» 2004 йил 6-бет
8. Ҳамиджон Ҳомидий. Тасаввуф алломалари Тошкент: «Шарқ» 2004 йил 94-бет

XDK

ABUL-HASAN ALI IBN USMON HUJVIRIY
KASHFUL-MAHJUB LI ARBOBUL-QULUB
(Sirlarning kashf etilishi)
Risoladan parcha
031

017Abul Hasan Ali ibn Usmon ibn Ali G’aznaviy Jullubiy Hujviriy G’azna yaqinidagi Hujvir qishlog’ida tug’ilgan, Jullabda yashagan. “Nafahot ul-yns”, “Safinat ul-avliyo”, “Riyoz ul-avliyo”, “Kalimat ut-tab’” asarlarida ma’lumot bor. Ustozlari: Abul Fazl Muhammad ibn Hasan Xuttaliy, Abu Abbos Ahmad ibn Muhammad Ashkaniy, Abul Qosim Gurgoniy, Xoja Muzaffar.«Kashfu-l-mahjub» (“Qalb sirlarining kashf etilishi”) asarida uning o’zi quyidagi asarlar bitgani qayd etadi: “Devon”, “Minxoju-d-din» («Dinning to’g’ri yo’li”), “Asroru-l-xiraq va-l-ma’unat» (“Xirqa va ma’un sirlari”), “Kitabu-l-fano va baqo” (“Fano va baqo kitobi”), ”Kitabu-l-bayon li ahli-l-‘iyyan” (“Bayon etilgan mohiyat izohlari kitobi”), “Bahru-l-qulub” (“Qalblar dengizi”), “Al-ri’yyat li huquq Alloh” (“Alloh oldidagi farzlarni saqlash”). Bulardan tashqari nomi aytilmay Mansur Xallojning naqllari talqini va Iymon haqidagi kitob muallifi hamdir. Bu asarlarning birortasi saqlanib qolmagan.Asarning to’la nomi: “Kashful mahjub li arbobu-l-qulub” (“Qalb sirlaridan xabardorlar hijoblarining kashf etilishi”. Asar Laxo’rda hujvirli do’sti Abu Sayyid savollariga berilgan javoblar tariqasida yozilgan. Asarning maqsadi, sufiylarning naqllarini to’plash (tasavvuf adabiyoti an’anasiga ko’ra) emas, balki sufiylik nazariyasi va amaliyotini bayon etishdan iborat. Risolaning 14-bobida 12 ta sufiylik maktabi haqida ma’lumot berilgan.Ushbu asarga arab tilida yozilgan Abu Nasr Sarroj (vaf. 377 h.)ning “Kitobu-l-luma’» (“Shu’lalar haqida kitob”) risolasi asos qilib olingan.

031

Mahjub haqida

ornament53.jpgMen bu kitobni “Kashful-mahjub” deb atadim. Istagim: ichki nur bilan bezalgan insonlar kitobning nomini o’qigandanoq uning nima haqida ekanligini darhol anglab yetsinlar.

Shuni unutmaslik kerakki, barcha insonlar ruh haqiqatidan nozik parda bilan to’silgandir. Ollohning do’stlari bo’lgan payg’ambarimiz, aziz-avliyolar bundan mustasno, albatta. Ushbu kitob Haqqa yetishmoq yo’lida tasavvuf ahlining bergan fikr-mulohazalarini o’z ichiga olganligi uchun ham shunday nom oldi, boshqacha nom bilan atash o’rinli emas edi.

Parda ko’tarilgan vaqtda parda orqasidagi narsa ko’rinadi. Bu xuddi kim uzoq bo’lsa yaqin bo’lolmaydi, yaqin tursa uzoq bo’lolmaydi, degan so’zga o’xshaydi. Masalan: sirka ichida tug’ilgan jonzot sirkasiz joyda yashay olmaydi, sirkasiz joyda tug’ilgan jonzod sirkaga tushsa darhol nobud bo’ladi.

Haq yo’lida yurish qiyin. Ammo shu maqsadda dunyoga kelgan odamga bu qiyin emas. Hadis: “Kim nima uchun yaralgan bo’lsa, o’shani osongina topa oladi”.

“Parda” ikki xil bo’ladi. Biri – yopuvchi (hijobi rayniy), ikkinchisi – xiralashtiruvchi, qorong’ilashtiruvchi (hijobi g’ayniy). Birinchisini umuman ochib bo’lmaydi, ikkinchisi ochilishi mumkin. Ularning orasidagi farq taxminan bunday: masalan, bir odam o’z mohiyatiga ko’ra, haqdan parda orqali to’silgan bo’ladi. Uning uchun haqiqat va botilning farqi yo’q. Boshqa birov esa ma’lum sifatlar orqaligina Haqdan hijob orqali ajratilgan bo’ladi. Bunday odam doimo oradan o’sha pardani ko’tarish yo’lini izlaydi, yolg’on-u botildan qochadi. Shunga ko’ra, “hijobi rayniy”ni ochib bo’lmaydi. “Rayn” so’zi “xatm” (muhrlangan), “tab’” (tabiat, fe’l) ma’nolarida ham qo’llaniladi.

Vaqti kelib Haq va nafs o’rtasida hijob ko’tarilishi, chunki nafs sifatlari o’zgarishi mumkin.

Mutasavvif shayxlar “rayn” va “g’ayn” haqida ko’plab fikrlar qoldirishgan. Junayd (raziyallohu-anhu) aytadi: “Ar-Rayn min jumlat al-vatanat, val-g’ayn min jumlat al-xatarat” – ya’ni “Rayn doimiy va o’zgarmas va xatarlar jumlasidan, “g’ayn” esa o’zgaruvchilar jumlasidan. Chunki, vatan – doimiy, xatar esa o’tkinchidir.

Masalan: toshga qancha sayqal berganing bilan u oynaga aylanmaydi. Asli ma’dan bo’lgan, ammo biron sabab bilan xiralashgan oynani esa yaxshilab artish orqali tiniq ko’zguga aylantirish mumkin.

Men bu kitobni o’z qalbini poklash, dunyo changlaridan tozalab sayqallash yo’li bilan Haq nuriga yetishmoqchi bo’lgan insonlar uchun yozdim. Ular bu kitobni o’qib, o’z nafslari va haqiqati o’rtasidagi parda ko’tarishning o’ziga xos yo’lini kashf qiladilar. Haq yo’lini inkor qiluvchi, “hijobi rayn” tarafidagilar esa bu kitobni hech qachon tushuna olmaydilar va o’qish ular uchun foydasizdir.

Bilimlarning yuzaga chiqishi

Olimlar haqida hadisi qudsiyda shunday marhamat qilinadi: “Ollohga xizmat qiladiganlar orasida faqat olimlargina undan qo’rqadilar”. Olloh rasuli Muhammad (s.a.v) shunday demishlar: “Ilm o’rganish har bir muslim va muslima uchun farzdir”. Muhammad (s.a.v) yana shunday demishlar: “Chinga borib bo’lsa ham ilm izla!”

Bilimlar cheksiz, inson umri esa chegaralangan. Barcha ilmlarni egallash uchun inson umri yetmaydi. Shunga ko’ra, u faqat zaruriy bilimlarga ega bo’lishi kifoya. Falakiyot, riyoziyot, tibbiyot singari ilmlar borki, ularning inson bilishi shart bo’lgan jihatlari bisyor. Masalan, falakiyot (astronomiya)ni namoz va toat-ibodat vaqtlarini to’g’ri aniqlash uchun, riyoziyot (matematika)ni merosni to’g’ri taqsimlash, idda kunlarini to’g’ri hisoblash uchun, tibbiyotni jon markabini turli tashqi ta’sirlardan saqlay bilish va toat-ibodat uchun doimiy quvvatga ega bo’lish “sir”larini anglash uchun o’rganiladi.

Odamning harakat dasturini to’g’ri belgilab olishi uchun bilimlar zarur, albatta. Ilmlarni chuqur o’rgangan sari inson Olloh taoloning sifatlarini shunchalik yaqindan bila boradi. Olloh foydasiz bilimlarni egallovchilarni la’natlaydi. Payg’ambar (s.a.v) hadisida bunday deyiladi: “Foydasiz bilimlarni egallashdan o’zing asra!”. Ozgina bilim bilan ham katta ishlarni bajarish mumkin, qachonki bu ilm diyonat (sof vijdonga) asoslangan bo’lsa. Payg’ambar so’zi: Din ilmidan xabarsiz mutaassib juvozga qo’shilgan eshakka o’xshaydi. Zero, bunday holatda eshak izi bo’ylab aylanaveradi, yurishi unmaydi.

Ayrim ulamolar ilmni amaldan ustun qo’yadilar, ayrimlar esa amalni ilmdan ustun deb biladilar. Ammo ikkalasi ham xato qiladi. Ilm bilan bog’lanmas ekan, amal taqdirlashga loyiq
emas. Masalan, namozga kirishdan avval qibla aniqlanishi kerak. Qiblani bilmay o’qilgan namoz botildir. Ilmsiz amal kishini halokatga duchor qiladi. Shuningdek, amalsiz ilm ham befoyda. Ikki toifadagi odam albatta adashadi. Birinchisi,
ilmni yuzaki, nomiga egallagan, uni nimaga sarflash yo’lini bilmaydigan kishilar, ikkinchisi, amaliyot bo’lsa bas, ilm o’rganish shart emas, deguvchilar.

Ibrohim Adham ilm izlab safarda yurgan kezlarida bir toshga duch kelibdi. Unda shunday yozuv bor ekan: “Toshning orqa tomoniga qara”. Shunday qilibdi. Qarasa, toshning orqa tomonida “Bor ilmingga amal qilmaysan, nega yangi ilm izlaysan?” degan yozuvga ko’zi tushibdi.

Anas ibn Molik bunday deydi: “Oqil bilishga, nodon olishga harakat qiladi”

Agar kimki ilmni hokimiyat, shon-sharaf, boylikka ega bo’lish uchun o’rgansa, u olim emas. Ilm egallamasdan turib, Ollohni tanish mumkin emasligini anglagan kishi haqiqiy mujtahiddir.

Ilmi “qol” va ilmi “hol” haqida

Bilimlar o’z mohiyatiga ko’ra ikki xil bo’ladi. Ilohiy (hol) va insoniy (qol). Insoniy ilm ilohiy ilm oldida qiymatsizdir. Ilohiy ilmlar tuganmas va mangudir. Insonga xos ilmlar esa cheklangan.

Ilm deganda u yoki bu narsa haqida bilimga ega bo’lish yoki uni qamrab olishni tushunamiz. Aniqroq qilib aytganda, ilm yordamida bilimsiz, avom odam donoga aylanadi.

Ilohiy bilim orqali mavjud va nomavjud hilqatlar bilib olinadi. Ilohiy bilim bo’linmas va Ollohdan ajralmas bir hilqatki, buning tasdig’ini Parvardigorning tavfiqi bilan anglash mumkin. Ilohiy bilimlar yashirin ma’nolarni o’z ichiga oladi va ularni kashf etadi. Ilohiy bilim orifga, olimga har bir harakatda Ollohni ko’rishga imkon beradi. Orif har bir harakatini Olloh ko’rib turganligini aniq his qiladi.

Rivoyat qilishlaricha, Basra amaldorlardan biri o’z bog’iga kirganda, nogahon bog’bonning go’zal xotiniga ko’zi tushibdi. Bog’bonni bir yumush bilan yuborib, ayolga shunday debdi:

– Darvozani berkitib kel!

Ayol unga javoban shunday debdi:

– Hamma joyni berkitdim, faqat bir narsani berkitolmadim. U sira to’silmaydi.

– Berkitib bo’lmas narsa nima edi?

– Ollohdan hech narsani berkitib bo’lmaydi.

Amaldor bu javobni eshitib, qilmishidan pushaymon bo’ldi va ayoldan kechirim so’radi.

Avliyo Xotim al-Asom bunday deydi:

– Men to’rttadan tashqari barcha dunyoviy bilimlardan voz kechdim.

– To’rt dunyoviy bilimlar qaysilar?

– Birinchisi, bilganim shuki, mening rizqim qancha belgilangan bo’lsa, shunchasi nasib qiladi, oz ham emas, ko’p ham emas. Shunga ko’ra, ulushimni ko’paytiraman, deb ovora bo’lib o’tirmayman. Ikkinchisi: Yaratgan egam oldidagi qarzimni o’zimdan boshqa hech kim uzolmaydi. Umr bo’yi o’sha qarzni uzish bilan bandman. Uchinchisi: meni doimo bir narsa (o’lim) ta’qib qiladi. Undan qochib qutilib bo’lmaydi. Doimo uni kutib olish harakatidaman. Va oxirgisi, to’rtinchisi: Olloh tomonidan doimo kuzatuvdaman va ruxsat etilmagan ishni qilishdan uyalaman.

Bilim haqida pirlarning deganlari

Muhammad ibn Fazl al-Balxiy deydi:

“Bilimlar uch xil bo’ladi – Ollohni tanish ilmi, Olloh bilan robita (bog’lanish) ilmi, laduniy ilm”.

Laduniy ilm-ma’rifatni Olloh taolo faqat o’z payg’ambarlariga va aziz – avliyolarga ato qiladi. Laduniy ilmga oddiy vositalar bilan erishib bo’lmaydi.

Ollohni tanish ilmi orqali biz bajarilishi shart bo’lgan shariat qonun-qoidalarini bilib olamiz. Uni “shariat ilmi” desa ham bo’ladi.

Olloh bilan robita (bog’lanish) ilmi avliyolik darajasi va maqom manzillari haqida bilimga ega bo’lishdir.

Ilohiy ilm (ma’rifat)ga shariat ahkomlarisiz erishib bo’lmaydi. Shariat ilmiga esa manzilma-manzil, darajama-daraja erishish mumkin.

Ulug’ pirlardan biri Abu Ali Saqofiy (Nishopurlik avliyo, vafoti 328 hijriy) deydi:

“Ilm – qalb hayoti, iymon nuridirkim uni g’aflat halokatidan, kofirlik zalolatidan omonda saqlaydi”.

Dahriy qalbi o’likdir, zero, ular Ollohdan xabarsizdirlar, yuraklari davosiz kasaldirki, Olloh ko’rsatmalaridan bexabardir.

Abu Bakr Varroq Termiziy deydi:

“Zuhdga (halol, poklikka) asoslanmagan, faqat fikrga qanoatlangan ilm zindiqlikka olib keladi. Fiqhga (shariatga) asoslangan, ammo var’aga (poklikka) asoslanmagan ilm sofligini yo’qotadi”.

Ollohning yagonaligini (tavhidni) riyozat chekmasdan bilmoqchi bo’lgan suluk jabrdan nariga o’tolmaydi. Tavhidni da’vo qilgan shogird qazo va qadar mazmuniga amal qilishi, bundan tashqari, taqdir va iroda erkinligi o’rtasida “oltin oraliq”ni egallab, iroda erkinligiga iqtido qilmog’i lozim”.

Pirning yana bir hikmatida shunday deyiladi:

“Tavhid qismatdan oldinda, iroda erkinligidan yuqori turadi”.

Axloq va iymonni yo’qotish pala-partishlik va g’aflatdan kelib chiqadi.

Atoqli pir Yahyo ibn Muoz ar-Roziy deydi:

“Jamoatni uch xil odamlardan ehtiyot qiling: olimlarni nazar-pisand qilmaydigan, Qur’oni karimni munofiqona tilovat qiluvchilar va nodon, taqlidchi soxta so’fiylardan”.

Qalbi faqat dunyoviy foyda ketidan quvishga, hukmdor va zolimlarga yoqishga moyil, o’z qobiliyatiga katta baho berib, turli munozaralar va diniy ulamolarga hujum qilish bilan vaqt o’tkazadigan bunday kishilar olimlarga past nazar bilan qaraydilar.

Qur’oni karimni munofiqona tilovat qiluvchilar orzu-istaklariga mos keladigan bo’lsa eng yomon, hatto hamma lan’atlangan narsalardan ham toymaydigan kimsalardir. Ezgulik, hatto u eng xayrli bo’lsa ham ularning fe’l-atvoriga to’g’ri kelmaydi. Ular odamlarga yoqish uchun noxolis xatti-harakatlar qiladilar.

Johil taqlidchi, soxta so’fiylar pir ko’rmagan, shayxlardan odob o’rganmagan, ma’nan tajribaga ega bo’lmagan, so’fiylarcha ko’k ust-bosh kiyib odamlarni chalg’itib yuruvchi tiyiqsiz nafs so’qmoqlaridan yuruvchi kishilardir.

Boyazid Bistomiy shunday deydi:

“O’ttiz yil o’zimni ma’nan jilovlashga urinib shu narsaga amin bo’ldimki, ilmga amal qilishdan og’irroq narsa yo’q ekan”.

Odam tabiatida ilmga amal qilishdan ko’ra olovga kirib chiqish osonroqdir. Johillar uchun esa bir qatra ilm egallashdan ko’ra ming marta pulsirotdan o’tmoq osonroq tuyuladi.

Qalbi notoza odam zarracha ilmni hayotga tatbiq qilish o’rniga o’z chodiri bilan jahannamga qulashni afzal biladi. Sizga esa bilim o’rganish va darajangizni oshirish buyurilgandir.

Agar kimki g’ayrat bilan ilm egallasa, uning bilimi kamolga yetgan sari ko’z oldida haqiqat namoyon bo’laveradi. Oxir-oqibat u shuni bilib oladiki, bilimning oxiri yo’q va uning nima bilan tugashini hech kim bilmaydi. Zero, bor narsalarning nomlarini bilish hali haqiqatni bilish degani emas.

Faqirlik haqida

Bilginki, faqirlik haqiqat yo’lidagi eng baland maqomdir. Faqir kishi esa yuqori hurmat egasidir.

Payg’ambar (s.a.v) hadisi:

“YO Olloh, menga faqirlarcha hayot ber, faqirlarcha o’lim ber va qiyomatda o’zing yorlaqagan faqirlar qatorida tiriltirgin”.

Yana Payg’ambar (s.a.v) hadisi:

“Oxirat kuni Olloh bunday deydi:

– Mening sevgan bandalarimni chaqiring.

Shunda farishtalar so’raydi:

– Sening sevganlaring kimlar?

Olloh javob beradi:

– Faqirlar va miskinlar.

Payg’ambarimiz (s.a.v) davrlarida ul zot bilan birga Makkadan Madinaga hijrat qilgan muhojirlarning ko’pchiligini kambag’allar tashkil qilar edi. Ular asosiy vaqtlarini masjidda Ollohga ibodat etish va Yaratganga tavakkul qilish bilan o’tkazishar, ularning rizqlarini Ollohning o’zi yetkazishiga qattiq ishonar edilar. Payg’ambarimiz(s.a.v)ga esa ular haqida g’amxo’rlik qilish buyurilgan edi.

“Erta-yu kech Parvardigorning yuzini istab unga iltimos qiladigan zotlarni (huzuringizdan) haydamang. Sizning zimmangizda ularning hisob-kitoblaridan hech narsa yo’qdir va sizning hisob-kitoblaringizdan ularning zimmalarida hech narsa yo’qdir. Bas, ularni haydab, zolimlardan bo’lib qolmang”. (An’om surasi, 52-oyat).

Shuning uchun ham Payg’ambarimiz Muhammad Mustafo (s.a.v) ulardan (muhojirlardan) birini ko’rgan zahoti “Otam-onam sizga qurbon bo’lsin, siz tufayli Olloh meni o’ziga bunday qaratdi”, deb muhojirlarga yordam berishdan charchamasdi.

Shunday qilib, Olloh butun zohiriy va botiniy olamini iymon-e’tiqodga bag’ishlagan faqirlarni ulug’ladi. Faqirlik ularning faxriga aylandi. Sahobalar faqirlikning ketishidan ko’zyoshi to’kdilar, kelishidan quvondilar.

Faqirlik o’zining rasm – an’analariga, mohiyati (haqiqati)ga ega. Doimiy yo’qchilik va muhtojlik uning an’anasidir. Oxirat saodati va erkinlik uning mohiyatidir.

Kim uning zohirini tanlasa maqsadga, ya’ni mohiyatga yetolmay zohiriyligicha qoladi.

Rivoyatda aytilishicha shoh bir darveshni chaqirib bunday debdi:

– Qani, nima tilaging bo’lsa mendan iltimos qil!

Darvesh javob beribdi:

– Qullarimdan biror narsa so’rash odatim yo’q.

– Bu nima deganing?

– Mening ikkita qulim bor. Ular esa sening xo’jayinlaringdir. Bular – xohish va orzu-havas.

Payg’ambar (s.a.v) hadisi:

“Faqirlik o’ziga munosiblarga shuhrat keltiradi. Bu shuhrat shundan iboratki, faqirning badani ilohiy tarzda pastkash va gunohli qilmishlardan himoyalangan, yuragi esa qabohat va xatarli o’y-xayollardan xoli bo’ladi. Chunki uning zohiriy a’zolari Ollohning rahmati bilan, botini esa Parvardigorning marhamati bilan himoyalangandir. Shuning uchun ham ularning badanlari ruhoniy, qalblari rabboniydir. Faqirlikda olam va odamlar bilan aloqalar uziladi. Faqirlik tarozisida bu dunyo pashsha qanoticha og’irlikka ega bo’lmaydi, o’sha daqiqada odam ikki dunyodan ham yengillashadi”.

Faqirlikning afzalligi va g’aniylik haqida

So’fiy shayxlari faqirlik va g’aniylik tushunchalari haqida, bu tushunchalar odamiyning sifatlariga aylanganligi haqida turli fikrlarni bildiradilar. Zero, haqiqiy g’aniylik Olloh sifatidirki, boshqa sifatlari qatori komiladir.

Yahyo ibn Muoz ar-Roziy, Ahmad-Xovariy, Xoris al-Muhosibiy, Abul Abbos ibn Ato, Ruvaym, Abul Hasan ibn Sim’un va hozirgi zamon (XI asr) shayxlaridan mavlono Abu Said Fazlulloh ibn Muhammad al-Mayxoniy singari pirlar faqirlikdan g’aniylikni ustun qo’yadilar.

Ular buni shu bilan asoslaydilarki, g’aniylik Olloh sifatidir. Ollohga faqirlik sifati to’g’ri kelmaydi. G’aniylik Olloh va odamning umumiy sifati bo’lib, hech narsani bundan yuqori qo’yib bo’lmaydi.

Mening fikrimcha (Hujviriy): g’aniylikning Olloh va insonga nisbatan olinganligi oddiy so’z san’ati bo’lib, amalda esa bunday emas. Haqiqiy o’xshashlik bir-biriga butunlay mos kelishda ko’rinadi. Olloh sifatlari mangu (doimiy), odamniki esa yaratilgandir. (U yo’qolishi ham mumkin). Shunga ko’ra, bunday deyish o’rinsizdir.

Menimcha ham (Hujviriy) g’aniylik insonga emas, Allohga xosdir, faqirlik esa Ollohga emas, insonga xosdir.

Bandaning “g’aniy” atalganligi oddiy o’xshatish (sifatlash) bo’lib, haqiqatda esa hech qachon g’aniy bo’la olmaydi.

Yana bir dalil: odam to’plagan (boylik) mol-dunyo odamga berilgan tasodifiy holatdir. Ollohning g’aniyligi esa barcha holatlarning yaratuvchisi uchun tasodifiy emas, doimiydir. Shunga ko’ra, g’aniylik sifatining (odam va Ollohga) teng ekanligi haqida gap bo’lishi mumkinmi?

Xususiyat, mohiyat, asmoi husno sohasida Ollohga sherik izlash kechirilmas holdir. Ollohning g’aniyligi hech qanday zotga bog’liq emas, Olloh nimani xohlasa o’zining hukmidadir. Hamisha shunday bo’lgan va shunday bo’lib qolaveradi. Odamning bu dunyoda to’plagan mol-dunyosi, yashash uchun kerakli vositalar, hayot quvochlari, gunohdan qutilish yoki mushohada bilan taskin topish, hammasi o’tkinchi va o’zgaruvchidir.

Oddiy odamlar orasida shundaylari ham borki, boylarni faqirlardan ustun qo’yadilar va buni shunday asoslaydilar. Emishki, Olloh g’aniylarni ikki dunyoda saodatli qilib yaratgan va shuning uchun ularga ko’p mol-dunyo ato etgan. Boylik deganda ular dunyo mol-mulkini, rohat-farog’atini, orzu-istaklarining amalga oshishini tushunadilar.

Buni shu bilan asoslaydilarki, Ollohning berganiga shukur, faqirlikda sabr qilish, omadi chopmaganda bardoshli bo’lish, muvaffaqiyat qozonganda (Ollohdan) minnatdor bo’lishi kerak. Zotan, muvaffaqiyat uni qo’ldan berishga qaraganda yaxshidir.

Bunga javoban men shunday deyman: Olloh bizga muvaffaqiyat uchun shukronalik bildirishni buyurar ekan, bizning muvaffaqiyatimizni kengaytiruvchi vositalarga Olloh rahmati yog’ilgan bo’ladi. Omadsiz hollarda odamzodga sabr-bardoshli bo’lishni buyurar ekan, Olloh o’ziga yaqin qilish yo’lida sabr-bardosh ato etadi.

Olloh so’zi: “Qasamki, agar bergan ne’matlarimga shukur qilsangizlar albatta (ularni yanada) ziyoda qilurman” (Ibrohim surasi, 14-oyat).

Olloh so’zi: “Alloh albatta, sabr qiluvchilar bilan birgadir” (“Baqara” surasi, 153-oyat).

Shayxlar g’aniylikni faqirlikdan ustun qo’ygan ekanlar, bunda “boylik” (mol-mulk) tushunchasini umumiste’mol ma’nosida qo’llamaganlar. Ular bunda boylikka erishmoqni emas, boylikni beruvchiga erishmoqni nazarda tutganlar. Shu narsa aniqki, Ollohga yaqinlikka erishmoq va Parvardigor mag’firati (gunohlarni avf etishi)ga erishmoq – ikkalasi butunlay boshqa-boshqa narsalardir.

Ko’pchilik so’fiy shayxlar va oddiy odamlar faqirlikni boylikdan ustun qo’yishlariga sabab shulki, Qur’oni karim va hadisi sharifda faqirlikning ustunligi ta’kidlanadi. Musulmonlarning ko’pchiligi bu fikrni ma’qullaydilar.

Tarixda Junayd Bag’dodiy va Vosil ibn Atoning bu masalada munozara qilganliklari haqida yozib qoldirilgan. Buni o’qigan edim: ibn Ato (r.a) g’aniylikning ustunligini shu bilan izohlaydiki, mahshar kuni har bir odam topgan boyligi uchun hisob beradi.

Junayd (r.a) bunga javoban:

“Ha, Olloh taolo boylarni mahshar kunida hisob berish uchun faqirlarni esa oqlash uchun chaqiradi, oqlanish esa javobgarlikka tortilishdan avlodir”, deydi.

Sulaymon payg’ambarning shohligi ham, gado (faqir)ligi ham bir xil. Ayubning sabr-bardoshi (balolar o’tida) ado bo’layozganida Sulaymonning podsholigi cho’qqiga ko’tarilgan edi. Olloh ikkalasiga ham bir xil ma’noda so’z aytdi. Sulaymon haqida “naqadar yaxshi bandadir” (“Sod” surasi, 30-oyat), Ayub payg’ambar haqida “U naqadar yaxshi bandadir” (“Sod” surasi, 44-oyat) dedi. Olloh bergan g’aniylik Sulaymonning boyligini ham, faqirligini ham barobar qiladi.

Muallif so’zi:

“Men eshitdimki, Abdulqosim Qushayriy (r.a) shunday degan: “Odamlar faqirlik va boylik haqida ko’p so’zlaydilar, birovlar boylikni, boshqalar faqirlikni tanlaydilar. Men esa Olloh menga nimani lozim ko’rsa, o’shani tanlagan bo’lardim. Agar Olloh menga boylikni lozim ko’rsa, yo’q demas edim. Agar Olloh menga faqirlikni lozim ko’rsa, ta’na qilmasdim va noshukurlardan bo’lmasdim”.

Shunga ko’ra, g’aniylik va faqirlik odamga berilgan ilohiy tuhfadir.

G’aniylik fasodi – buzilishi faromushlikdan (noshukurlikdan), faqirlik fasodi manfaatparastlikdandir.

Ikkalasi ham bir-biridan kam emas. Ammo ular hayotda qanday kechishi bilan bir-biridan farq qiladi. Faqirlik dilni Ollohdan boshqa hamma narsadan tozalash, g’aniylik (boylik) esa dilni barcha narsalar, hatto so’z-la ta’riflab bo’lmas narsalar bilan to’ldirishdir.

Agar dil Ollohdan boshqa barcha narsalardan tozalangan bo’lsa faqirlikdan ham, g’aniylikdan ham ustun darajaga yetadi.

G’aniylik dunyo narsalariga ko’zi to’qlik, faqirlik esa ana shu narsalarning yetishmasligidir. Ammo barcha mavjudotlar Ollohga tegishlidir. Agar izlovchi, solik topganlari bilan vidolashsa, g’aniylik va faqirlik qarama-qarshiligi yo’qoladi, unisi ham, bunisi ham ahamiyatsiz bo’lib qoladi.

So’fiy shayxlarning faqirlik haqida deganlari

Zamondoshlarimizdan biri shunday deydi: “Butun borlig’i shu dunyo ashyolaridan toza bo’lgan odamgina faqir sanaladi”. Masalan: kimga Olloh aqcha bersa-yu, u aqchalarni saqlab qolsa ham, qaytarsa ham faqir bo’lolmaydi. Zero, faqirlik har qanday tanlovdan xolidir.

Yahyo ibn Muoz ar-Roziy bunday deydi:

“Al – faqir xavf al-faqir” (faqir faqirdan qo’rqadi). Haqiqiy faqirlik belgilari: avliyolik, mushohadalar cho’qqisiga hamda yo’qlik, fano darajasiga erishgan odam uni yo’qotib qo’yish va unga biror zarar yetishidan qo’rqib yashaydi.

Ruvaym (r.a) bunday deydi:

“Faqirlik belgisi: uning yuragi turli xudbinona nazoratlardan, qalbi turli aynish va buzilishlardan munazzah (toza) bo’lgan ibodatdir. Bu esa, tafakkur qilish harakat qilishga xalaqit bermaydi, tutgan yo’li esa tafakkurga xalal bermaydi, bu esa bandalik sifatini yo’qotish, (ya’ni, ruhiy olamda yashash) demakdir.

Bishri Xofiy (r.a) aytadi:

“Maqomlardan eng yaxshisi – faqirlikka o’lguncha chidamli bo’lishdir”.

Faqirlik bor “maqomlarni” yo’qotmoqdir. Shunga ko’ra, faqirlikka bardosh bermoq ish va harakatlarning tugal emasligini his etib, odamning barcha (foniy) sifatlardan voz kechmog’ini bildiradi. Ma’lumki, bu bilan faqirlik boylikdan ustun qo’yilmoqda va faqirlikni hech qachon qo’ldan bermaslik ta’kidlanmoqda.

Shibliy (r.a) deydi:

“Faqir Ollohdan boshqa hech narsa bilan qanoatlanmaydi, boshqa (narsa)ni xohlamaydi ham”. Gap shu haqda bormoqdaki: uningsiz g’aniy bo’lolmaysan, Unga erish – boy bo’lasan. Sening vujuding “Ollohdan boshqadir”. Shuning uchun ham o’sha “boshqa” (“begona”)dan qutulmaguncha g’aniy bo’lolmaysan. Sening nafsing sen bilan g’aniylik o’rtasidagi parda (to’siq)dir. Shu parda ko’tarilsa sen chinakam g’aniy bo’lasan.

Bu mulohaza juda nozik va ikki ma’nolidir. Ahli haqiqat deb ataluvchilar buni “faqirlik hech qachon faqr maqomidan ayrilmaydi” deb tushunadilar.

Abdulloh Ansoriy (r.a) ham shunday deb o’ylar edilar. Ul hazratning aytishicha: Bizning dardimiz (g’am-alamimiz) o’tkinchi emas, bizning intilishimiz besamar maqsad sari yetkazmaydi, qancha harakat qilmaylik, ikki dunyoda fano (yo’qlik) darajasiga erisha olmaymiz, bu foniy dunyo boyliklaridan foydalanish qarindoshlikka o’xshab ketadi. Ollohning esa qarindoshi yo’q.

Undan (Ollohdan) yuz burish uchun (odam) faromushxotir bo’lishi lozim. Darvesh esa unutish xususiyatidan mahrumdir. Qanday ulug’vor vazifa, qanday mashaqqatli yo’l bu! Fano topgan nafsini yo’qotgan kishi baqo (mangulik) bilan birlashmaguncha mangu hayotga erisha olmaydi.

Faqat riyoziyot (mehnat) yo’lidan borgan kishigina bunga erishishi mumkin. Ammo biz o’zimizni ovutish uchun “tariq” (yo’l) degan gaplarni o’ylab topdik. Ramziy iboralar o’z-o’ziga, “manzil” esa inson tabiatidan nari emas. Shunday ekan, qanday qilib insoniy sifat va munosabatlardan u xuddi Ollohdek xoli bo’lishi mumkin?

Yuqorida aytilganlarning ta’siri va ahamiyati juda muhimdir. Buning asosan ikki muhim jihati bor.

Birinchisi: agar odam hech narsaga ega bo’lolmasa u o’z holatiga qanoat hosil qiladi. Agar biron narsaga erishsa, uning saxiyligi muhabbatga aylanadi. “Qanoatlangan” degani iymon libosini qabul qilish (“qabuli xil’at”) demakdir. Iymon libosini kiymoq Ollohga yaqinlashish (qurbat) belgisidir…

Men bu sohada chala tushunchalari sababli faqirlik mohiyatini inkor etuvchi soxta so’fiy va so’zboz (arbob al-lison)larni ko’rdim. Aslida ular faqirlik mohiyati xususiyatlariga ega bo’lishni xohlamaganliklari uchun uni inkor qildilar. Ular o’zlarining (ma’naviy) ruhiy darajalarini “faqirlik” va “poklik” deb atab, haqiqat va asliyatga yetisha olmadilar. Bularning aqidasi barcha o’zga narsalarni inkor qilib va tantiqlik odatini papalab voyaga yetkazishga o’xshab ketadi.

Ularning har biri ma’lum darajada faqirlikdan to’silgan edi. So’fiylik tushunchasi esa ma’naviy darajalarini tobora takomillashtirib borishni taqozo etadi. Natijada ular so’fiylikni to’liq egallab oldik deb da’vo qiladilar. Aslida faqirlik ruhiy – ma’naviy holatning a’lo darajada takomillashuviga bog’liqdir. Shunga ko’ra, solikning takomillashish yo’lidagi manzil va bekatlardan o’tishidan, ramziy ma’nolarni anglagan holda olg’a yurishidan boshqa iloji yo’q. Aks holda donolar oldida bilimsiz (omi) kishiga aylanib qolishi mumkin.

Manba: Hamidulla Boltaboev. Islom tasavvufi manbalari. T,2005 va «Sharq yulduzi» jurnalining 2013 yil 3 — soni

09

ABUL-HASAN ALI IBN USMON HUJVIRIY
“KASHFU-L-MAHJUB”dan

045

24-bob. O’ninchi hijobning ochilishi: tasavvuf tili va istilohlari.

ornament53.jpgHar bir mashg’ulot va har bir kasbning o’z sir-sinoati, o’ziga xos lahjasi — alohida so’zlari bo’ladi. Bu “maxfiy” tilni faqat o’sha kasb egalarigina tushunadilar. So’fiylar orasida ham shunaday so’zlar borki, ularning ma’nosi faqat ularning o’zlariga ayon, bu sohadan begonalar tushunmaydilar. Ana shunday so’zlardan ba’zilarining tasavvufiy ma’nolarini tushtiraman. Avvalo, tasavvufda quyidagi juft so’zlar uchraydi.

Hol bilan vaqt…

Tasavvufda vaqt so’zi, umuman, vaqt, zamon o’tishini emas, balki tilaguvchi (talab), istaganini izlovchi (murid) uchun hol vaqti yetganligini bildiradi. Bunday vaqt kelganida murid o’tmishini ham, kelajagini ham o’ylamay qo’yadi, chunki Haqqa yetishgan hol kelgan vaqtda murid uchun o’tgan hayotning ham, kelajakdagi hayotining ham ahamiyati yo’qoladi.

Aytishlaricha, Junayd (r.a.) sahroda borayotib, bir odam bir xarobada, tikonli daraxt ostida o’tirganini ko’ribdi. Uning “bu yerda nima qilib o’tiribsan? – degan savoliga, darvish:

— Men bu yerda yo’qolgan vaqtimni izlayapman, — dedi.

Junayd (r.a.) undan “Qachondan buyon bu yerda o’tiribsan? – deb so’raganida, darvish:

— O’n ikki yil bo’ldi. Ayo, shayx, siz himmat ko’rgizib, duo qilsangiz, ehtimol, yo’qolgan vaqtimni toparman? – dedi.

Junayd (r.a.) aytadi:

— Men u yerdan uzoqlashdim, haj marosimini ado etib, haligi darvish haqiga duo qildim. Ijobat bo’ldi. Qaytayotib, darvish yana o’sha yerda o’tirganini ko’rdim.

— Vaqtingni topibsan, yana bu yerda nima qilib o’tiribsan? – deb so’radim. U javob berdi:

— O, shayx, shu yerda o’tirib, yo’qotgan vaqtimni topdim, endi Haqqa yetishib, rohatlanayotgan vaqtimda bu joyni tashlab ketsam bo’lmas. Agar shu yerda jonimni Haqqa topshirsam, qiyomatda ham shu orombaxsh tuproqdan bosh ko’tarsam, deyman.

Hol — yetishgan vaqtni to’ldirib, jismga jon bo’lib kiruvchi ne’matdir, vaqt esa holga muhtojdir, chunki, hol vaqtga jon berib, uni bezaydi.

Vaqtini topgan odam holni ham topsa, endi u mustaqim, barqaror bo’lib, hech qanday o’zgarishlar uning ruhiga ta’sir ko’rsatolmaydi.

Agar kim mutamakkin bo’lsa (riyozat chekib, soflikka intilayotgan bo’lsa, u ko’p narsani (bu yerda erishgan fazilatlarini deyilmoqchi — M.M.) unutib qo’yadi. U holga erishganida esa, yetishgan vaqti barqaror, mustahkam, mutamakkin bo’ladi. Endi u hech narsani (bor fazilatlarini) unutmaydi.

Hol tili sukut saqlaydi, faqat xayrli, ezgu ish, amallari holidan so’zlaydi.

Holdan so’z so’ramang, chunki hol bir joyda maqol (so’zlar) yo’qdir. Haq taolo kimga hol ato qilsa, uning ko’ngli turli kechinmalar (g’am-tashvishdan) holi bo’lib qoladi.

Maqom va tamkin

Maqom tolibning tilagida sobitligidir. Kim Haqqa yetishishga tashna bo’lsa, u borayotgan yo’lning boshlanishi maqomdir. Tolib bu yo’ldagi har bir maqomga yetishganida orom olsa ham so’nggi manzilda ko’ngli taskin topib, tarkibu xiyladan (murakkab g’am-tashvishlardan) tozalanadi.

Odam (a.s.) tavba maqomida, Nuh (a.s.) zuhd maqomida, Ibrohim (a.s.) – taslim maqomida, Muso (a.s.) inobat (qalb ko’zining ochilishi) maqomida, Dovud (a.s.) – rijo (umid), Yah’yo (a.s.) – havf
maqomida, bizning payg’ambarimiz (Muhammad s.a.v.) zikr (Haq-taoloni yodda tutish) maqomida edilar. Bularning barchalari o’z hayot yo’lida ko’p (yaxshi ishlar qilib) amallarga, fazilatlarga erishdilar, ammo har biri o’z maqomiga qaytib keldilar.

Haqqa uch yo’l bilan yetishiladi: 1. Manzil, maqom. 2. Hol. 3. Tamkin (barqarorlik, mustaqimlik, dil hotirjamligi).

Haq taolo bandalarini haq yo’liga solish uchun turli maqomlardagi 124 ming payg’ambarini yubordi. Bu maqom va manzillarning eng so’nggisi tamkin maqomi bo’lib, bunga yetishuv yo’lidagi barcha holatlar (hollar)ni ta’riflasam, so’zim sira tugamas edi.

Tamkin ahli dillarning eng yuksak manzilidir. Turli manzildagilar o’z manzillaridan birma-bir o’tib, oxiri tamkin manziliga keladilar. Manzillar boshlovchilar – toliblar erishadigan maqomlardir, tamkin esa, Haqqa yetishib, orom olinadigan so’nggi manzildir. Muso (a.s.) tamkin manziliga yetishganida (Haqqa yetishganida) Hazrati Haq unga chorig’ingni uloqtir (Qur’on, 20:12) va aso (tayoq)ingni tashla (Qur’on, 20:12), deb amr qildi.

Ishq, oshiqlikning boshlanishi – talab (toliblik), oxiri — tamkin, hotirjamlikdir. Daryo ummoniga yetishganida tez oqishdan to’xtaydi, suvning ta’mi ham o’zgaradi. Suvga tashnalar ummon suvdan o’limga tayyor turadi, bo’yniga og’ir tosh bog’laydi va ummonga sho’ng’iydi. Shu yo’l bilan u yo gavharli sadafni topadi, yo gavharday qimmatli jonini yo’qotadi.

Mashoyixlardan biri aytur: “Tamkinga yetishganida talvin yo’qoladi”.

Talvin sufiylar istilohida tolibning yo’lida va turli manzillarida turli hollarni ko’ngildan kechirishidir. Tamkinga erishgan zot (mutamakkin) Haqqa yetishgani sababli hech qanday hollardagi o’zgarishlarga uchramaydi.

Muhozarat (qalb hozirligi) va mukoshafat

Muhozarat turli hollarga qalbning tayyorligi, hozirligidir. Mukoshafat – tolib, sufiy qalbida sir (ilohiy ruh)ning ko’rinishi, ayon bo’lishidir.

Muhozarat – dilga ilohiy alomatlarni (oyatlarni) ko’rishga tayyorligi, mukoshafat – dilning mushohadaga (Haq taoloning qudrati komilasini tafakkur qilishga) tayyorligidir.

Muhozarat alomati diqqatni jonu dildan muttasil ilohiy alomatlar — oyatlarga qaratish, mukoshafat alomati Haq taolo qudratining cheksizligidan doimiy hayratlanib yashashdir.

Muhozarat bilan mukoshafat o’rtasida katta farq bor. Birinchisi, Allohga do’stlik yo’lidan borish, ikkinchisi, shu do’stlikka yetishganlikdir.

Hazrat Ibrohim do’stlik yo’lidan borib, toqqa ko’tarildi. Tog’ning yuksakligini ko’rib, Xudoning borligini bilib, uning alomatlarida uni ko’rishga tayyor, hozir bo’ldi. Uning yaratmishlarida Uni ko’rib, huzurga yetishdi va hayqirdi: Men haq yo’lga moyil bo’lgan holimda yuzimni osmonlar va yerni yaratgan Zotga qaratdim… (An’om surasi, 79-oyat)

Allohning sevimli do’sti – habibi Muhammad (s.a.v.) me’rojga chiqqan (ko’tarilgan) vaqtida Alloh yaratgan barcha mavjudotlardan va o’zidan ham kechib, yuzini faqat Alloh tarafga qaratdi. Bu mukoshafat, kashf vaqtida uning Haqqa tashnaligi kuchaydi, u Xudo odamlar tasavvur qilgan barcha sifatlar, o’xshatishlardan tanzih, pok ekanligini tushunib, hayrati ortib, unda oldinga yurishga ham, orqaga qaytishga ham majoli qolmadi. Do’stlikda hayrat Haq taoloning borligi, ishqdagi hayrat esa Allohning zoti va sifati birlashuvi olamda yakka, yagonaligi, ya’ni tavhiddir.

Shu sababdan Shibliy rahmatillohi alayhi doimo “Ey, hayronlarni hayron qilgan Zot, hayratimga hayrat qo’shdir” der edi.

Qabz va basit

Qabz – qisuvga olish, basit kengaytirishdir. Bu ikki holat bizning iroda – istagimizga bog’liq emas, bularni odamzod o’ziga yaqin ham, o’zidan uzoq ham qila olmaydi.

Alloh-taolo so’zi: Va Allohu yaqbizu va yabsutu turjun (Fizqingiz eshigini tor va keng qilguvchi Allohdir) (“Baqara” surasi, 245-oyat)

Qabz — hijob (parda) bilan to’silgan qalbning qisilish, basit-Allohni kashf etish holatida qalbning kengayishidir.

Alloh taolo so’zi: “Bas, ularning orasida (Qur’onini o’qib, unga amal qilmaydigan, o’z joniga jabr qilguvchilar ham bor, ularning orasida o’rtacha amal qilguvchilar ham bor va ularning orasida Allohning iznu irodasi bilan doimo yaxshiliklarga shoshilguvchilar ham bor” (“Fotir” surasi, 32-oyat).

Mashoyixdan ba’zilarining qabz darajasi balandroq, basit darajasi pastroq deydilar. Ba’zilari buning teskarisini aytadilar (Haq taolo gohida yaxshilarning rizq eshigini tor, yomonlarning rizq eshigini keng qilib qo’yadi, buning sababi Allohga ayondir – M.M.)

Qabz qilingan (rizqi kam) odamlarning qalbi turli keng odamlarning qalbi buzilishi va illatlarga moyil bo’ladi. Qabz Allohning (sevimli) odamlarini boshqa rizq beruvchilardan rashk qilishidir. Yah’yo (a.s.) yig’lab tug’ilgan, Iso (a.s.) esa kulib dunyoga kelgan ekan. Shunda (ustozi) Yah’yo (a.s.) (shogirdi) Iso (a.s.)ga “O, Iso, Xudo dargohidan uzoqlashuvdan qo’rqmaysanmi?” – deb so’ragan. Iso (a.s.) unga: “O, Yah’yo, sen Xudoning marhamatiga umid qilmaysanmi? Sening ko’z yoshlaring va mening kulgim mangu ilohiy ahdni o’zgartirolmaydi”, — degan.

Uns va haybat

Uns va haybat Haq yo’lida tolib erishadigan ikki hol (holat)dir. Haq taolo inson ko’ngliga bor buyukligi, shon-shavkati, jalolatini bildirsa, bundan darvishlar haybatga tushadilar. Agar Haq taolo jamolidan xabar topsa, darvish bu go’zallikka anis (yaqin do’st) bo’lishi unsdir.

Mashoyixdan ba’zilari haybat Haqni taniganlar maqomi, uns bu yo’lga endi kirgan – yangi toliblar maqomi, deydilar. Haq taoloning buyukligi, jamolini hali anglab yetmaganlar o’zini Ul zotga yaqin tutadilar, bilganlar esa o’zini Haq taologa do’st deyishni odobsizlik deb biladilar, ular Haq taoloning buyukligi, jamolidan (qo’rqib) haybatga tushadilar. Chunki Haq bilan inson o’rtasida do’stlik, yaqinlik bo’lishi aslo mumkin emas.

Mening shayxim mana bu gapni takrorlashni yaxshi ko’rar edi: “Haq taolo “Haqiqatan, mening bandalarim”, “Ey bandalarim, sendan so’raydilar”, “bandalarimga aytginki” deb aytganidan keyin bandalar Xudoga yaqin bo’lishlari mumkin emas, deyishlari ajablanarlidir.

Haq taolo Qur’oni karimda marhamat qilgan: “Ey, bizning oyatlarimizga iymon keltirgan va musulmon bo’lgan bandalarim, bu Kun (qiyomatda) sizlar uchun hech xavfu xatar yo’qdir va sizlar aslo g’amgin bo’lmaysizlar (Zuhruf surasi, 68-oyat).

Shu sababli mashoyixdan ba’zilari haybat — begonalik, uns — yaqinlik, deydilar.

Kamina (Ali ibn Usmon Xujviriy) aytamanki, bu ikkala toifaning so’zlarida ham haqiqat bor. Ahli fano haybatni afzal ko’radilar, ahli baho uns, yaqinlikni afzal biladilar.

Qahr va lutf

Bu ikkala istiloh (termin) darvishga Xudo ato etgan holatlarni bildiradi. Xudoning qahridan qo’rquvchi darvish o’z tabiatidagi tuban, yaramas mayl, istaklardan (baxillik, hasad, tama’, takabburlik, mol-dunyoga ochlik)dan qutilishga intiladi.

Haq taoloning lutf marhamatiga umid qilgan darvish Xudoning o’zi karomati bilan uni yomon yo’llardan qaytaradi, nafsini jilovlashga yordam beradi, deb ishonadi.

Nafiy va isbot

Sufiylar tilidan nafiy insondagi jonivorlik sifatlarini inkor qilish, isbot esa – ilohiy maqsad, ya’ni ta’yidni isbotlash orqali yomon qiliqlarni mahv etish, yo’qotishdir. Tolib, darvish o’zidagi yaxshi hulq, hislat–fazilatlarni tasdiqlash, barqaror qilish yo’li bilan insonga xos illatlarni yo’qotishga, bu orqali haqiqatni qaror toptirishga harakat qiladi.

Sufiylar yana aytadilarki, agar insonlar Xudo tanlagan yo’lidan borsa, insondagi yo’l tanish erkinligi yo’qoladi, ya’ni tanlashga hojat qolmaydi. Xudoni yaxshi bilmagan odamning yo’l tanlashdan ko’ra Xudo tanlagan, buyurgan yo’ldan borishi afzalroqdir (Inson Xudo tanlagan yo’lni yaxshi tanlaganida, bilganida uning o’z tanlovi Xudoning tanloviga muvofiq keladi – tarj.)

Muhodasat (muloqot) va musomarat (tungi muloqot)

Bu istilohlar inson bilan Xudo o’rtasidagi munosabatning ikki turini – ichki va tashqi holatlarini anglatadi. Xudoi taologa kunduzgi munosabatlar – muhodasat, tungi yashirin munojotlar musomaratdir. Bular ikkalasi so’zsiz, ko’ngil munojotlaridir. Muhammad Rasululloh (s.a.v.) me’roj kechasi Haq taoloning cheksiz buyukligiga, jalolatidan hayratlarga sho’ng’ib, tili kalimaga kelmay, “Iloho, senga madhu sano aytishga majolim yetmaydi” deya olgan xolos.

Muhodasat Muso (a.s.) qirq kun (chilla ibodat qilib o’tirgandan so’ng Sino tog’i (Turi Sino)ga chiqib, Xudoning ovozini eshitgach, uning jamolini ko’rishni iltimos qilish va Xudo bu so’rovni inkor etib, tog’ni talqon qilishdir.

Haq taolo tomonga inson o’zi borishi boshqa, Xudo uni o’ziga yaqin qilishi boshqadir. Qur’oni karimning 17-sura 1-oyati (Xudo me’roj kechasi Rasulullohni o’z tomoniga keltirgani) va 7-sura 139-oyati (Xudo Bani Isroil qavmini Nil dengizidan o’tkazish) Xudo tanlagan yo’lning yorqin namunasidir.

Tunggi suhbatda (musomarat) oshiq va ma’shuqlar bir-biriga begona bo’lmaydilar

Ilm va ma’rifat

Ulamolar ilm bilan ma’rifatni bir-biridan ajratmaydilar. Faqat bir masalada ulamolar oriflardan farqlanadilar: ulamolar fikricha, Haq taolo olimdir, ammo Uni orif deyishga ruxsat etilmagan.

Sufiy shayxlar fikricha, ma’rifat – ibodat va hol bilan bog’liq barcha bilimlardir. Bunday bilimlar sohibini orif deydilar. Sufiy shayxlar yana aytadilarki, ma’naviyat va ilohiyot bilan aloqador bo’lmagan barcha bilimlar – ma’rifat emas, shunchaki ilmlardir. Bunday ilmlarning sohiblari – ulamo, olimlardir.

Xullas, sufiylar barcha mavjudotlarning ma’no va mohiyatini biluvchilarni orif deydilar. Ilohiyatga, ruhiyatga, ma’naviyatga bog’liq bo’lmagan bilim sohiblarini olim deydilar. Shu sababli, sufiylar o’z raqiblari – turli-tuman ilmlarni biluvchi olimlarni mensimay donishmand, bilimlar yig’indisi deb ataydilar.

Sufiylar fikricha, olimlarni diniy ilmlarga amal qilmagani, faqat o’z ilmiga ishongani uchun mutakabbir deydilar. Oriflar esa o’z ilmlarida Haq taolo madadiga suyanadilar. Masalaning bu jihati haqida avvalroq (15-bobda) mufassal fikr yuritginimiz sababli bu yerda shu aytilganlar bilan cheklanamiz.

Shariat va haqiqat

Sufiylar bu ikki so’zni zohiriy holatni quvvatlash va botiniy, ichki holatda Haqqa sodiq bo’lish ma’nosida qo’llaydilar.

Bu masalada ikki xil adashuvchilar bor. Ba’zi taqlidchi din ulamolari shariat bilan Haqiqat o’rtasida farq yo’q, shariatda haqiqat bor va haqiqatda shariat bor, deydilar. Ikkinchi toifa adashuvchilar – zindiqlar aytadilarki, haqiqatda shariatsiz ham yashay oladi. Ularning fikricha, haqiqat bor joyda shariat yo’qolar va shariat bor joyda haqiqat yo’qolar emish. Qaromita (qarmatiylar), shialar va ularning iblisga ergashganlari (muvasvison) shunday aqida qiladilar.

Haqiqat bilan shariat bir-biridan boshqa ekanligiga ular din bilan ibodat boshqa-boshqa ekanligini dalil qiladilar. Shariat va Haqiqat mohiyatan bir ekanligiga dalil shuki, ibodatsiz dinni din demaymiz va dinsiz ibodatni ibodat demaymiz. Ammo bular o’rtasida farq bor. Haqiqatning ma’nosi niyat xolisligi. Odam atodan to qiyomatgacha o’zgarmas, barqarordir. Shariatning ma’nosi turli davrlarda (va turli mazhablarda) ba’zi ahkomlari bekor qilinib, ba’zilari o’zgartib turiladi.

Shariat – odamlarning a’moli, qilmishlari, amallaridir, Haqiqat esa Haq taoloning hifzi (balo-qazolardan asrashi) va himoya qilishidir. Shu sababli haqiqat shariat bilan hamda shariat haqiqat bilan quvvatlanadi. Bularning o’zaro munosabatini badan va ruh munosabatiga o’xshaydi. Ruhsiz badan o’likdir va badansiz ruh bu dunyoda yashay olmaydi. Jonli insonda badan ham, ruh ham bo’lishi zarur.

Haqiqatsiz shariat quruq so’z, shariatsiz haqiqat bor deyish munofiqlikdir. Haq taolo marhamat qiladi: “Bizning yo’limizda jihod qilgan, kurashgan zotlarni albatta o’z yo’llarimizga hidoyat qilurmiz” (Ankabud surasi, 69-oyat). Bu yerda jihod qilish – shariatdir, hidoyatga yo’llash haqiqatdir. Birinchisi, zohiriy hukmlar-ahkomlarga amal qilish, haqiqat esa Haq subxonahu va taoloning insonni ma’naviy-ruhiy yo’llashi va qo’llashidir. Shu sababli shariat inson qo’lga kiritgan amallar, haqiqat esa – Xudo ato qilgan nodir qobiliyatdir. Bu so’zlar boshqa istilohlar va ifodalarda ko’chma ma’noda ham qo’llaniladi. Bularni tahlil va ta’vil qilishda ma’lum qiyinchiliklar bor. Men bularni muxtasar izohlash bilan cheklanaman.

Sufiylar haqiqat, Haq deganda Xudoni tushunadilar, chunki Haq – Tangri taoloning ismlaridan biridir. Qur’on karimda bu oyat shu ma’noda keladi: “Bunga sabab Alloh Haq ekani va uning O’zi o’liklarga hayot berishi hamda U hamma narsaga qadar ekanligidir” (Haj surasi, 6-oyat).

[Haq so’zining boshqa ma’nolari]

Haqiqat — insonning Haq taologa yaqinlik manziliga (daraja, holiga) kelishi, qalbining barcha nosozliklardan poklanishi (tanzih).

Xotirot — inson ko’nglida yaxshi-yomonni farqlovchi aql-idrokning yodda saqlanishi (ahkomi tafriq).

Vatana — har qanday ilohiy xabar, ogohliklarning qalbda makon qurishi.

Tamis — turli xatti-harakatlarning oqibatlarini qalbdan quvib chiqarilishi.

Aloyiq — bu dunyoga xos turli aloqalardan o’zini chetroqda tutish zarurligi.

Vasoyit — Haq taolo bilan turli vositalar orqali bog’lanishlar.

Zavoyid, ziyodalik – ruhiy nurlanish, ong yorishuvining kuchayishi.

Kulliyat (istig’roq) – insoniy sifatlarning olamiy sifatga aylanishi.

Muolaja — qalbning ilohiy bilimlarga yaqinligi.

Muonaja — qalbning turli nuqson, qusurlardan uzoqlashuvi.

Lavoyiq — qalbga marg’ub narsalar rad etilsa ham, ko’ngildan ketmasligi.

Lavome’ — qalbning nurlashish, yorug’lanish.

Tavole’ (tulu’ so’zining ko’pligi) — qalb osmonida yulduzlar-ma’nolar, tushunchalar porlashi, ravshanlashuvi.

Tavoriq — tungi tahajjud (Haq bilan muloqot) vaqtida qalbga xushxabar yoki noxush xabarning kelishi.

Latoyif — qalbga nozik, latif ma’naviy, ruhiy hissiyotlarning quyilib kelishi.

Sir — ishqning yashirin manzili.

Najva — Xudodan boshqani tanishga aloqador yashirin illatlarning ochilishi.

Ishorat — ishq manbai haqidagi bilimni so’zlar bilan emas, boshqa usulda anglatmoq.

Imo — so’z aytmay, boshqalarga e’tiborni qaratish.

Vorid — qalbga ruhiy xabarlarni tajalli qilish.

Intiboh — qalbdan beg’amlik, beparvolikning ketishi.

Qaror — inson hissiyoti, tuyg’ulariga bog’liq o’zgarishlar o’rniga doimiy holatning kelishi.

In’izoj, vajd — qalbning hayrat vaqtida to’lqinlanishi…

25-bob. O’n birinchi hijobning ochilishi: sama’

Tasavvufda she’riyat va musiqa

She’r tinglash gunoh emas. Rasululloh she’r tinglar edi, sahobalar she’r eshitar va she’r aytar edilar. Rasululloh so’zi: “She’rda hikmat bor”. Yana marhamat qilganlar: “Hikmat mo»minning yo’qotgan tuyasidir, qaerda topsa olishga haqlidir”. Yana aytganlar: “Labidning mana bu baytida haqiqat arablarda eng yaxshisidir:

Taqdir ham topar zavol,Haqdan o’zgasi bekor.

She’r tinglash haqidagi qarashlarida ikki xil xato uchraydi. Ba’zilar she’r tinglash butunlay gunoh, deb (shoirlar) o’z musulmon birodarlarini noo’rin haqorat qiladilar. Boshqalar esa, aksincha, barcha turdagi she’rlarni yaxshi deb, ma’shuqaning yuzi, zulfi, xolini maqtovchi ishqiy she’rlarni tinglashga (o’qishga) vaqtlarini zoe’ ketkazdilar.

Sufiy shayxlar Rasululloh so’zlariga ishonadilar: “she’rning yaxshisi ham, yomoni ham bor”. Agar so’zlarida yomonlik, g’iybat, tuxmat, haqorat bo’lsa, she’r ham, sochma ham yomondir. Nasrda ham, she’rda ham pand-nasihat, go’zal xulq, Haq taolo amr-farmoniga muvofiq so’zlar bo’lsa, ular shar’iydir.

Ashula va samo’ haqida

Alloh taolo aytadi: “Ul zot yaratgan maxluqotida o’zi xohlagan narsani ziyoda qilur” (Fotir surasi, 1-oyat)

Tafsirchilar aytadilarki, bu yerda maftunkor ovoz ko’zda tutilgandir. Rasululloh so’zi: “Ovozinigizni Qur’on o’qish bilan bezanglar”. Yana aytganlar: “Dovudning ovozini eshitishni istagan odam Abu Muso Ash’ariyning so’zini eshitsin”.

Yana hadislarda aytiladiki, Roy aholisi har bir daraxtning o’ziga xos ovozi va kuyini eshitar ekanlar. Turli tovushlar birlashganida ohangdorlik kelib chiqadi. Barcha jonivorlar chiroyli tovushlarni yaxshi ko’radilar. Ruh latif va nozik, tovushlarda ham latiflik, nazokat bor. Shu sababli ruh o’z tabiatiga yaqin narsalarga intiladi. Haqiqatni teran bilishga da’vo qiluvchi shifokorlar va faylasuflar bu haqda ko’p baxs yuritganlar va musiqada ohangdorlik haqida asarlar yozganlar. Is’hoq Mavsumiy soz chalganida bog’dagi bulbul sayrashdan to’xtalib, yiqilib tushgani haqida yozganlar.

Ibrohim Havvos hikoya qilishicha, u sayohatda yurgan vaqtida bir arab qabilasining shayxi zanji qulini kishanlab, qamchilatayotgan ekan. Mehmon “Bu qulning gunohi nima?” – deb so’rasa, aytibdiki: “Bu zanji qul ajoyib qo’shiq aytadi. Uning qo’shig’ini eshitib, karvondagi tuyalar ustida og’ir yuki bo’lsa ham o’ynoqlab, chopib ketadilar va manzilga tez yetibdilar. Ammo, tuyalarning ustidan yuklari olingach, barcha siholi qolmay o’libdi. Mehmon bu qulning ovozi shu qadar maftunkor bo’lsa, men ham bir eshitib ko’ray, debdi. Qulning qo’l-oyog’ini yechib, ashula ayttiribdilar. U rostdan ham shunday ajoyib kuylabdiki, tuyalar suv ichmasdan o’ynoqlab, yugurib ketibdilar. Mehmon zavqlanib, qulning Xudo bergan ovozi bor ekan, — deb uni maqtabdi. Qabila boshlig’i mehmonni xursand qilish uchun qulining gunohini kechib, uni ozod qilibdi”.

Xuroson, Hind va Iroqda ba’zi ovchilar ohularni ushlab olish uchun qo’ng’iroqchalar tovushidan foydalanar ekanlar.

Kimdir agar men ovoz, ohang, musiqadan sira zavq olmayman desa, u yolg’onchi va munofiq yoki odamzodga ham, hayvonga ham o’xshamagan bir maxluqdir.

Qo’shiq va musiqaga qarshi chiqib, ma’no etuvchilar o’zlariga zulm va zarar yetkazgan bo’ladilar. Ulamolar fikricha, agar qo’shiq va soz shariat ahkomlariga zarar yetkazmasa, shar’iydir. Lekin agar qo’shiq va so’z (simo’) ahloqqa zid, nopok, tuban his-tuyg’u va ehtiroslarini uyg’otsa, noshar’iydir.

A.Azizqulov (SamDU)
Xujviriy inson ma’naviyatida
bilimning ahamiyati xususida
044

ornament53.jpgAbul Hasan Ali ibn Usmon ibn Ali al G’aznaviy al Jullobiy al Xujviriy ( IX asrning oxiri yoki XI asrning boshi — 1072-1076 yillar orasida) o’z davrining yetuk tasavvuf vakillaridan hisoblangan. Xujviriy biror bir tasavvuf tariqatining asoschisi yoki yirik nazariyotchisi sifatida nom qozonmagan bo’lsada, tasavvuf ta’limotining paydo bo’lishi, uning mohiyati va asosiy aqidalari, undagi tariqatlarining vujudga kelishi va bir-biridan farq qiladigan g’oyalari bayon etilgan «Kashf ul mahjub» asarining muallifi sifatida islom olamida keng e`tirof etilgan. Asarning ilmiy ahamiyati, avvalo uning tasavvufga oid dastlabki nazariy manbalardan biri ekanligidadir.[1] Agar asarning XI asrning o’rtalarida yaratilganligini inobatga oladigan bo’lsak, tasavvufga oid keyingi risolalar xususan, Farididdin Attorning «Tazkiratul avliyo» singari tasavvufga oid asarlar uchun muhim manba bo’lib xizmat qilgan.

«Kashf ul mahjub» asari 25 bobdan iborat bo’lib, unda sufiylikning mohiyati, xususiyati inson tomonidan haqiqatni anglash kabi masalalar bayon etilgan. Shuningdek asarda sahobalar orasidagi imomlar, ahli baytga, tobeinlarga tegishli bo’lgandan tasavvuf vakillari xususida yetarli ma’lumot beriladi. Bundan tashqari tobeinlardan to o’zi yashagan XI-asrgacha bo’lgan orliqdagi 64 ta mashhur imomlar va ularning nazariy qarashlari to’g’risida qimmatli ma’lumotlar bayon etiladi. Xujviriy o’zi yashagan davrning eng mashhur 10 ta imomlari, xususan, Abul Abbos Ahmad ibn Muhammad al Qassob, Abu Ali Hasan ibn Muhammad ad Daqqoq, Abu Hasan Ali ibn Ahmad al Harraqoniy, Abulqosim Abdulkarim Qashiriy, Abulabbos Ahmad ibn Muhammad al Ashqoniy va ularning qarashlari to’g’risida alohida to’xtalib o’tadi. Asarda Mag’rib, Iroq, Shom, Huroson va Movarounnahrda yashagan tasavvuf vakillari xususida ham qimmatli ma’lumotlar keltiriladi. O’sha davrda mavjud bo’lgan 11 ta tasavvuf oqimi va ularning asosiy kontseptsiyalari izohlab berilgan. Jumladan: muhassibiylar, qassoriylar, tayfuriylar, junaydiylar, nuriylar, sahmiylar, hakimiylar, harroziylar, xafifiylar, sayyoriylar, xululiylar kabi tasavvuf oqimlarining asosiy g’oyalari va ularning vakillarini qarashlari haqida juda qimmatli ma’lumotlar keltiriladi. Asarning asosiy g’oyasi haqiqatga yetishish uchun insonga xalaqit beradigan to’siq (parda)lar va ularning bartaraf etish uchun o’n bitta yo’llarini nazariy asoslashgabag’shilangan.

«Kashf ul mahjub» asarida Xujviriy Movaronnahrda o’sha davrda yashagan 6 ta yirik tasavvuf vakillari haqida ma’lumot keltiradi.

Xujviriy risolasining birinchi bobini «Bilimlarni tasdiqlash (asoslash)» deb nomlab unda bilim va uning ko’lami, inson bilishi kerak bo’lgan bilim sohalari, bilim bilan amaliy faoliyatning mushtarakligi, ilohiy va insonga xos bilimlar, vaqtga oid bilimlar (ilmu vaqt), haqiqat kabi mavzularlar xususida fikrlarini bayon etgan.Xujviriy risolasini bilimning zarurligi haqidagi fikrdan boshlar ekan, dastlab Qur’ondagi oyatlardan dalillar keltirib, so’ng «Bilim olish har bir musulmon va muslimaga farz»ligi va «Xitoyda borib bo’lsada, ilm izla» kabi hadislarni keltiradi. Bu Xujviriyning bilimga nisbatan ratsionalistik yondashuvidir.

«Bilimlar sohasi juda keng, inson umri esa qisqa, shuning uchun hamma ilmlarni o’zlashtirish shart emas» deydi.[2] Biroq tasavvuf ilmining nazariyotchilaridan biri sifatida u ilohiyot nuqtai nazaridan zarur bo’lgan bilimlarni o’rganish yetarli deb hisoblaydi. Masalan, astranomiya — vaqtni bilish uchun (tungi namoz vaqtlarin aniqlash uchun), tibbiyot — insonni zararli narsalardan himoyalanishi uchun, arifmetika — meros taqsimoti va idda muddatlarini aniqlash uchun. Avvalo barcha bilimlar inson ehtiyojini qondirish uchun xizmat qiladi va shu asosda vujudga kelgan. Xujviriy esa inson faoliyatiga oid bilimlar sohasini juda toraytirib qo’yadi.

Xujviriy bilimni amaliy faoliyat bilan uzviy bog’liqligini alohida ta’kidlab o’tadi. «Ayrimlar bilimni amaliy faoliyatdan ustun qo’ysalar, ba’zilar esa aksincha yondashadilar, aslida har ikkalasining fikri ham noto’g’ridir….Ikki xil toifa kishilar borki, doimo xatoga yo’l qo’yishadilar: birinchisi jamiyatdagi mavqei, obro’ –e’tibor uchun bilimga da’vo kiladilar, biroq, ilmdan foydalana olmaydilar, chunki ular ilmning asl mohiyatiga yeta olmaydilar; ikkinchi toifa vakillari amaliy faoliyatning o’zi yetarlidir, bilim shart emas deb hisoblaydilar»[3]. XI – asrda tasavvuf ilmining nazariyotchilaridan biri Xujviriyning nazariya va amaliyotning birligi xususidagi kontseptsiyasi hozirgi zamon gnoseologiyasida ham o’z ahamiyatini yo’qotgan emas. Xujviriy shu o’rinda bi r hikoyat keltiradi. «Ibrohim Adham yo’lda bir toshdagi yozuvga ko’zi tushadi. Toshda «Meni o’girib ko’r va o’qi»deb yozilgan bo’ladi. Ibrohim Adham toshni o’girib, undagi qo’yidagi yozuvni o’qiydi «Bor bo’lgan bilimingdan foydalanmasdan turib, yana yangi bilimlarni orqasidan quvib nima qilasan»[4]. Xujviriy nazariya va amaliyotning birligini ta’kidlar ekan, inson olgan bilimlaridan doimo ijimoiy munosabatlarda foydalanishi zarurligini aytib o’tadi.

Xujviriy Fan etikasiga oid muhum mfikrni ilgari suradi. «Agar kishi bilimni hokimiyat, obro’ va mansab, yoki boylik orttirish uchun saflasa, u olim emas» deydi[5].

Xujviriyning «Kashful mahjub» asarida bilim va inson bilish faoliyatiga oid ilgari surgan fikrlari zamonaviy epistemologiyada muhum ahamiyat kasb etadi.

Biroq «Kashful mahjub» qanchalik noyob asar ekanligiga qaramasdan o’zbek tiliga tarjima qilinmagan. Ovrupada asar xususida tadqiqotlar bundan 100 yil avval boshlangan bo’lib, ingliz sharqshunosi Ronal`d A. Nikol`son 1911 yilda o’z tiliga tarjima qilgan. Asar ustida tadqiqotlarni davom ettirar ekan, uni qayta ishlab, aniqliklar va o’zgartirishlar kiritib, 1936 yilda ikkinchi marta nashrdan chiqaradi. Rus sharqshunos tadqiqotchisi V.A.Jukovskiy tomonidan asar 1926 yilda rus tiliga tarjima qilinadi va tadqiqotchilar bu tarjimani mukammal emasligini ta’kidlashadilar[6]. Rus tadqiqotchisi A.Orlov asarni inglizcha variantdan rus tiliga o’giradi va izohlari bilan birga 504 sahifada nashr ettiradi.

Xujviriy to’g’risida Hamidjon Homidiy o’zining «Tasavvuf allomalari» risolasida ma’lumotlar beradi, biroq bu yerda ko’plab noaniqliklar uchraydi.

Risolaning boshida Abulhasan Ismoil Xujviriy va uning «Kashful mahjub» asari borligi aytib o’tiladi.[7]Risolada tariqat shayxlari xususida ma’lumotlar berar ekan, Xujviriyga kelganda uni Abdulhasan Ali binni Usmon Hajviriy va uning katta hajmdagi she’rlar devoni saqlanib qolganligi hamda yana «Minhojiddin» nomli risola muallifi bo’lganligini aytib o’tadi.[8] Bu yerda uning «Kashful mahjub» asari tilga olinmaydi. Bizningcha H.Homidiy Hujviriy bilan Hajviriyni alohida shaxslar deb o’ylagan bo’lishi mumkin.

Endi biz tadqiqotchilar asarni forscha matning to’liq o’zbek tiliga o’girishimiz va uni inglizga va ruscha variantlari bilan qiyosiy tahlil etishimiz lozim. « Kashf ul mahjub» asarining qo’l yozmalarini solishtirib va matnni to’liq tarjima qilsak, o’ylaymizki tasavvufga, uning nazariy asoslariga oid ko’plab yangi ma’lumotlarni qo’lga kiritgan bo’lar edik.

[1] Hamidjon Homidiy «Tasavvuf allomalari», Toshkent. «Sharq» 2004- 6-bet
[2] Al Xudjviri Raskritie skritogo.(Stareyshiy persidskiy traktat po sufizmu).-M.: Yedinstva. 2004.s.11
[3] Al Xudjviri Raskritie skritogo.(Stareyshiy persidskiy traktat po sufizmu).-M.: Yedinstva. 2004.s.11
4 O’sha yerda
5 O’sha merda
[6] Prigarina N. Ot nauchnogo redaktora/ Al Xudjviri Raskritie skritogo.(Stareyshiy persidskiy traktat po sufizmu).-M.: Yedinstva. 2004.
7 Hamidjon Homidiy. Tasavvuf allomalari Toshkent: «Sharq» 2004 yil 6-bet
8. Hamidjon Homidiy. Tasavvuf allomalari Toshkent: «Sharq» 2004 yil 94-bet

XDK

 

(Tashriflar: umumiy 2 746, bugungi 1)

2 izoh

  1. Kashful Ma’jub Li Arbobul Qulub asarini qanday qilib pdf variantda saqlab olish mumkin shuni tushuntirib bersangiz iltimos

    Sayt juda yaxshi

  2. http://ru.calameo.com/ saytiga kirib ro’yxat (Регистрация)dan o’tasiz. Keyin mening saytimdagi kerakli kitobni bosib calameoga otasiz va kitob ustidagi tegishli yuklash tugmasini bosasiz va olasiz

Izoh qoldiring