Мен бу ерга аслида сен билан бутунлай видолашгани келдим. Модомики, қонуний хотининг эканман, ўз бурчимни бажараман. Руҳонийдан бош тортдинг — хўп, майли. Мотам маросими, кечаси билан ёнингда яқинларинг туришидан, қурбонликдан, гулчамбардан бўйин товладинг — эътирозим йўқ. Хокингни денгизга оқизиш мумкинлигини айтибсан. Менга фақат сенинг хоҳишингни бажариш қоляпти. Ҳаёт билан ўзинг хоҳлагандек видолашдинг. Олтмиш уч ёшда ҳаётдан кўз юмиш — бу ҳали эрта, лекин биз барчамиз тақдирнинг измидамиз.
Фумио Нива
БЕГОНАЛАР
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси
Атоқли япон адиби Фумио Нива 1904 йилнинг 22 ноябрида кунчиқар мамлакатининг Миэ префектурасида буддавий руҳоний оиласида дунёга келган. Нагоя шаҳри яқинидаги Йоккаичи ибодатхонаси қошидаги бошланғич диний мактабда таҳсил олгач, 1929 йилда диний Васэда университетининг филология факультетини тамомлаган. Ўқишни якунлагач, отаси ўрнида руҳоний хизматни ўтай бошлайди. Аммо, 1932 йилнинг баҳорида диний хизматни тарк этиб, Токиога боради ва ёзувчилик фаолиятини бошлайди.
Адибнинг дастлабки романлари («Будда дарахти», «Ширин балиқ») илиқлик билан кутиб олинди. Иккинчи ҳаҳон уруши пайтида ҳарбий мухбирлик қилади. Урушдан кейин бутун вақтини адабиётга бағишлайди. Шундан кейин унинг 80 романи,100 жилдлик ҳикоялари нашр этилади. 1966 йилдан 1972 йилга қадар Япония адиблар ссоциацияси президенти сифатида фаолият юритди. Адиб 2005 йилнинг 20 апрелида вафот этган.
Кўҳна уйнинг тинчини телефон кўнғироғи бузди. Тиёко таажжубланди, чунки унга камдан-кам қўнғироқ қилишарди.
— Алло, Куки эшитади.
— Ойи, отам тўсатдан вафот этди. Юрак хуружидан. «Тез ёрдам»да касалхонага олиб келишди, аммо ҳаётини сақлаб қолиша олмади.
Бу Тани эди. Тиёкони эрининг вафотидан кўра ўғлининг овози ҳаяжонга солди. Унинг овози нақ Масатанэ Кукиники эди. Аёлга худди эри гапираётгандек туюлди. Бир неча сониядан кейингина эрининг қазо қилгани унинг шуурига етиб борди.
— Ҳеч қандай маърака-парака бўлмайди. Биласиз, отам буни тириклигида кўп тайинларди. Гулчамбар ва қурбонлик ҳақида ҳатто гап бўлиши мумкин эмас. Тобут тепасида кечаси билан туришнинг ҳам кераги йўқ. Ўлими олдидан дадам хокини денгизга тўкиш мумкинлигини айтганди. Хуллас, унинг талабларига кўра иш кўришга келишдик.
— Қайси касалхонада?..
— А.Ю.
Шу билан суҳбат тугади. Тани худди отаси каби ишнинг моҳиятини расмий оҳангда баён қилди. Тиёко будкада паришонхотир туриб қолди. Қалби бўм-бўш эди. Ҳушига келганда ўзини шкаф ёнида кўрди.Уй ишларига қарашадиган хизматкор Отокидан дарак йўқ эди. Уни чақириш бефойдалигини англаб, ўзи йўлга отлана бошлади. Сўнг йўлакка чиқди.
— Йўл бўлсин, бекам, — деди хизматкор Отоки ошхона томондан чиқиб келиб.
-Токиога кетяпман. Эртага қайтаман. Ҳозиргина Тани қўнғироқ килди, Масатанэ тўсатдан вафот этибди.
Отоки бекаси атрофида жонсарак айланди.
— Шуниси ҳам бормиди ҳали.
Тиёко қўлида саквояж билан уйидан чиқди.
— Танамидан такси чақирайми?
— Автобусда кетаман. У ёғига ўзлари олиб кетишади.
Отоки олтмишга кирган Тиёконинг дарвоза томон шахдам одимлаётганига оғзи очилиб қараб қолди. Кўп ўтмай шохдевор ортида қорага бўялиб, битта қилиб ўрилган соч ғира-шира кўзга ташланди.
Тиёконинг силлиқ, битта ҳам ажин тушмаган заъфарон юзи тим қора сочларига мос змас эди. Отоки турган жойида қотиб қолди. Бекаси қишлоқнинг асосий йўлини кесиб ўтди. Уйдан юз қадамча нарида дарё бўйлаб асфальт йўл ётқизилган, бироқ аёл эски сўқмоқ бўйлаб югургилаб кетди. Отоки бекасининг изидан чопди. Етиб олиб, жимгина саквояжга қўл узатди, Тиёко ҳам индамасдан юкини берди.
Улар умуман оғиз очишмади. Ниҳоят, автобус келди. Отоки кўз қири билан қараб, одоб-ла таъзим қилди. У Тиёкодан бир ёшга кичик бўлишига қарамай, юзини ажин қоплаганди.
Автобусда Тиёко ҳеч нарсани ўйламасдан кетди. Юраги ҳаприқарди-ю, лекин негадир дард чекмас эди, Қирқ дақиқадан сўнг Танамига етиб келди ва Нагоягача чипта олди. Электропоездда ҳам ўйсиз кетди. Нагоя вокзалидан тезюрар поездга чикди. Поезд жилиши билан бэнто (махсус ёпиқ идишга солинган гуруч ва балиқли таом. Сайт изоҳи) сотиб олди. Бугун кечроқ овқатланяпман деб ўйлади у. Ойнага қараб оғзига егулик солди. Четдан қараганда, бу муҳтарама аёл Токиога невараларини кўргани кетяпти, деб ўйлаш мумкин эди.
Юрагини қўрқувми, ҳаяжонми аста-секин қамраб ола бошлади. Аёл ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилди. Яна Танининг овозини эслади. Бу ўй таъбини хира қилди. Тиёко кутилмаган ўлим сабабини англаб етишга уринди. Бироқ бирор тўхтамга келгунича поезд Токиога кириб келди. Охирги марта Тиёко бу ерларга қишлоқ кексалари билан саёҳатга келганди, бироқ ўшанда ҳам на эри, на ўғли билан кўришганди.
А.Ю. шифохонаси — Токиодаги машҳур жой. Ҳайдовчи Тиёкони қаерга элтиб қўйиш кераклигини дарҳол тушунди. Машинада Тиёко отасининг ўзидек гапирадиган Тани билан бўладиган учрашувини тасаввур қилишга уринди. Ўғлим ҳозир ўттиз иккида, ўйлади у, олти йилдан бери кўришганимиз йўқ…
Шифохона маҳобатли эди. Эшик тагида касал кўргани келганлар тизилиб ўтиришарди. Тиёко уриниб-суриниб ичкарига кирди. У ён-бу ён аланглаб, маълумотлар бўлимига йўналди. Рўпарадаги хонадан соч-соқоли оқарган киши унга пешвоз чиқди.
— Мен бугун эрталаб жони узилган Масатанэ Кукининг яқини бўламан. У ҳали ҳам палатадами, қайси хонада?
Эркак олдиндан билгандек жавоб берди:
— Менинг исмим Сзки. Сиз жаноб Кукининг аёли бўлсангиз керак. Биз у билан ўрта мактабда бирга ўқиганмиз. Унинг вафоти ҳақида, одатдагидек, кечки хабарларни кўраётиб билдим. Эрталаб қазо қилди-ю, кечқурун газеталарда эълон қилишди. Бунчалик эпчилликларига лол қолдим-у, оёғимни қўлимга олиб, бу ёққа югурдим. Тобут маросим залида.
Сэки Тиёкони залга олиб борди, йўл-йўлакай завқ билан гапириб кетди:
— Мактабни тугатиб Кукини кўздан қочирдим, уч йил аввал кутилмаганда Синдзюкуда синфдошлар билан бўлган учрашувда тўқнашиб қолдик. Токиода яшаётган оғайниларимизни изладик — еттитаси йиғилди. Биз йилда бир тўпланишга келишдик, лекин Куки фақат бир марта кўринди. Умуман олганда, радиода ишлашини билардим…
Сэки яқиндагина Танамига қўшилган Кувада шаҳридан эди. Сэкига Тиёкони илгари кўргандек туюлди. Хотирида унинг силлиқ юзи сақланиб қолганди.
— «Масатанэ Куки 30-январ куни А.Ю. шифохонасида вафот этди. Марҳумнинг васияти бўйича мотам маросими ўтказилмайди». Мен ушбу эълонни ўқиб, ўйланиб қолдим: наҳот, бу Кукига хос бўлса? Ҳатто ўлимидан кейин ҳам одамларни ҳайратга солди.
Тиёкога унинг сўзлари ғалати туюлмади. У ҳамон сукут сақларди. Улар йўлак бўйлаб анчагина юришди, кейин қайсидир палатадан чиқиб, тик зиналардан ертўлага тушишди. Маросим залида олти киши бор эди. Ўртага, супача устига, тобут қўйилганди. Деворлар бетон, шифт пастаккина, ҳаво бўғиқ эди, на шам, на исириқдон бор эди. Кичкина гулдонга сариқ хризантема гулдастаси солиб қўйилганди. Бадандан ўтиб кетадиган совуқ. Залдагилар марҳумнинг ҳамкасблари зди. Биронтаси Тиёкони танимасди. Сэки, вазиятни фаҳмлаб, улардан бирига мурожаат этди.
— Марҳумнинг турмуш ўртоғини таништиришга ижозат этсангиз. У ҳозиргина ота юрти Миэ префектурасидан келиб турибди. Менинг исмим Сэки, жаноб Кукининг мактабдош дўстиман.
Ҳамма ҳайрон бўлиб Тиёкога тикилиб қолди. Ёши каттароқлари таъзим қилишди. Бу ердаги вазиятда уни бошқарувчи ролига чиқариб қўйишди. У беихтиёр тегишли сўзларни айтди. Ҳамкасблар марҳум билан хайрлашиб, таассуротларини ўртоқлашганча тарқалишди.
— Жаноб Кукининг хотини бор, деб ўйламагандим.
— У сира шахсий ишлари тўғрисида гапирмаган. Сирли одам эди. Қизиқ, буни қандай тушуниш мумкин. Ўғли ҳақида, рости, бировдан эшитганман. Кукининг ўзи эса ўғли ҳақида чурқ этмаган.
— Аёллар билан муносабатлари қулоғимга чалинувди. Буюк консператор эди.
— Айтишларича, шу қовоқбош ҳам ўлимини олдиндан сезган экан.
Тиёко эрининг касбдошлари учун ғийбат мавзусига айланганини тушуниб турарди. У ёлғиз қолишни истади. Аёл тобут тепасида бошини хам қилиб, кўзини юмиб турарди.
-Танини кўрдингизми?
— Бу ёққа келганимда ўғлингиз аллақачон чиқиб кетган экан. Буни менга радиодагилардан кимдир айтди. Марҳумни сўнгги йўлга кузатишга ҳамкасблардан озгинаси келган кўринади. Хайрла-шув чамаси, олтигача. Тани, айтишларига кўра, тобут ёнида икки соатча турибди.
«Нима учун охиригача қолмадийкин?» — ўйлади Тиёко.
Сэки оғиз жуфтламоқчи эди, Тиёко қўймади:
— Меҳмонхонада тунамоқчиман. Сўраганим учун авф этгайсиз, биронтасини тавсия қилолмайсизми?
— Таниникида қолмайсизми?
— Унинг уйида меҳмон учун жой йўқ.
Сэки зални тарк этди. Бу ерда ҳатто стул ҳам топилмайди. Тиёко тобутда ётган Масатанэ Куки билан ёлғиз қолди.
«Мен бу ерга аслида сен билан бутунлай видолашгани келдим. Модомики, қонуний хотининг эканман, ўз бурчимни бажараман. Руҳонийдан бош тортдинг — хўп, майли. Мотам маросими, кечаси билан ёнингда яқинларинг туришидан, қурбонликдан, гулчамбардан бўйин товладинг — эътирозим йўқ. Хокингни денгизга оқизиш мумкинлигини айтибсан. Менга фақат сенинг хоҳишингни бажариш қоляпти. Ҳаёт билан ўзинг хоҳлагандек видолашдинг. Олтмиш уч ёшда ҳаётдан кўз юмиш — бу ҳали эрта, лекин биз барчамиз тақдирнинг измидамиз. Сени калтафаҳм дейишди, радиода кузатувчан ҳисоблашаркан. Фақат сен нимаики қилмагин, хотинингга бунинг алоқаси йўқ. Тани Токио университетига кирганидан бери мени унутдинг. Ундан ҳам олдин ўз отангни ташлаб кетдинг. Бир ўзим ўн йил мобайнида отангга ғамхўрлик қилдим. Кукилар хонадонининг давлати билан уни ҳар қандай касалхонага ётқизиб, бегона қўлларга топширишим мумкин эди. Бироқ қария қадрдон уйини тарк этгиси келмади. Аввал-бошда ёрдамчилар бор эди, кейин ҳамшира ҳам қочиб кетди. Ўн йил, то отанг бандаликни бажо келтирмагунча, ҳатто ҳамшира ҳам жирканадиган ишларни қилдим. Қизиқ, падарингга қилган яхшиликларим тўғрисида ўйлаб кўрганмикинсан? Тани мактабга қатнай бошлади. Йиллар шувиллаб ўтар, энди у юқори синфда ўқирди. Кейин уйимизда сен пайдо бўлдинг. Кукилар хонадонида яна кулгу овозлари эшитилди. Она юртингга камдан-кам келардинг. Хизмат юзасидан Нагоя, Киото, Осакаларда бўлардинг-у, бизникига бирров кириб ўтишга нима тўсқинлик қиларди? Йўқ, сен ишингни баҳона қилардинг. Чол сен ҳақингда токиолик танишидан билиб турди, чунки менга ачинарди. Отанг билан муносабатларинг яхши эмаслигини аллақачонлар тушунгандим. Бунинг арзирли сабаби йўқ эди. Ёшлигингдан бир ўзинг яшашни яхши кўришингни, оилангдан ўзингни олиб қочишингни эшитардим. Бунақалар камёб эмас. Ёш улғайган сари ўзини севиш худбинлик билан алмашади, деб ҳисоблашади. Отанг ҳам, балки, алоҳида феъл-атвори билан ажралиб турган бўлса керак. Сизларни ҳамжиҳатлик руҳида тарбияламагани ачинарли ҳол. Отангнинг феълида шунақа хислати бор эди: агар фарзандлари ўнгга қарашса, у юзини чапга буриб оларди. Сизлар ичларингда бир- бирларингни ёқтирмасдинглар. Сен радиога жойлашдинг. Ҳаётнинг маъносини ишдан топдинг. Она юртинг эса йилдан-йилга сендан узоқлашиб борди.
Отанг сен ҳақингда бегоналардан суриштираётганини билиб ғазабландинг ва шу кундан бошлаб уй билан алоқани бутунлай уздинг. На сен, на Тани дафн маросимига келдиларинг. Қариндош-уруғларни, иккови чет эл сафарида, деб алдашимга тўғри келди. Албатта, сеч бу ҳақда ҳеч нимани билмасдинг. Сен бошқа оламда яшардинг. Осакада ҳам, Токиода ҳам жазманларинг бор эди. Калтафаҳмга аёллар керак эди. Бу сир сенгагина маълум эди».
Тиёко зинапоядан чиқаётган қадам товушларини эшитди. Ўгирилиб қаради. Залга Сэки кириб келди.
— Манавини меҳмонхонадаги навбатчи бошқарувчига кўрсатинг. У ерда мени яхши танишади, шундай экан, ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилаверинг,— деди у Тиёкога ташриф қоғозини узатиб.
Ташриф қоғозига: «Фирма директори», деб ёзилганди. Тиёко, бу илтифотли жаноб Сэки президентликка ҳам лойиқ, деб ўйлади.
— Эримнинг хокини ўзим билан олиб кетмоқчиман.
— Албатта. Менимча, у кулини денгизга оқизишни васият қилганди. Қолганини яқинларининг ихтиёрига топширган.
— Ёрдамингиз учун катта раҳмат. Сизни ортиқ ушлаб турмоқчимасман. Бу ерда яна бироз қоламан. Тез орада ёпилса керак, шунга охиригача қолсам дегандим.
— Бошқа ҳеч ким келмаса керак. Чунки кечаси марҳум тепасида ўтириш бекор қилинди.
Сэки ҳақ эди. У кетганидан сўнг бошқа ҳеч ким келмади.
«Сендан биргина нарсани сўрамоқчиман. Тани ўттиз иккида, уйланганига уч йил бўлди. Нима учун келининг видолашгани келмади? Ўғил билан келин сўнгги дақиқаларгача тобут ёнида бўлишлари лозим, дейилган. Аммо биргина мен қолдим. Танига қўнғироқ қилишганида оёғини қўлига олиб келибди ва квартирангда нотаниш аёлга дуч келибди. Соғлиғинг ёмонлашгани ҳақида шу аёл Танига хабар берган экан. Бироқ касалхонага сен билан келмади — феълингни билиб олган кўринади. Мен албатта у билан учрашиб, эримга қилган жонкуярлиги учун миннатдорчилик билдираман. Бундай вазиятларда аёллар актрисалик қила олишади. Қолаверса, мен рақибалик ҳақида гапирадиган ёшда эмасман. Бу хотин мени қизиқтирмайди. Бу гал мен устун келдим. Демак, у ҳаётингдаги охирги аёл бўлган. Крематорийга ҳам келмаслиги аниқ. Ҳамма унга олайиб қарашини хоҳламаса керак. Айтишларича, у ўттиз бешда экан. Нима ҳам дердим, аёллар айни шу ёшда яна ҳам очилиб кетишади. У дидингга мос — тўлишган, қўпол, камгап, лекин оппоқ. Тани бир ўзи келди. Хотинини нимага олиб келмадийкин? Ҳеч ким аниқ билмайди, аммо баъзи бировлар ниманидир пайқашган. Танининг хотини оқ, тўладан келган. Исми Ясуко. Сенинг аёлларинг орасида нечанчиси эди у? У Токиодан, шундайми? Детектив агентлиги ҳисоботида у голф ишқибози деб қайд этилган. Сен ҳам, Тани ҳам голф ўйнардинглар. Айнан голф Ясуко билан Танини учраштирмаганмиди? Қизиқ, улар ўртасидаги алоқани билганингда қандай аҳволга тушган экансан? Ота ва ўғил муносабатлари сен туфайли ўзгармади. Сен учун аёллар шунчаки эрмак эди. Сен қийналмай унисини деб бунисининг баҳридан ўтардинг, тез орада яна янгисини топиб олардинг. Дарҳақиқат, детективлар зўр ишлашади. Қайнотам сени доимий кузатув остига олиши учун агентликка мурожаат қилди. Ҳар йили уйимизга сен ҳақингда хабар келиб турарди. Сен тўғрингда ўқиш менга ҳам қизиқ эди. Конверт ичига хизмат ҳақи учун ҳисоб ҳам солиб қўйилган бўларди. Қурғур, ўлиб кетди. Кузатишга одам йўқ, уйга ҳисобот келмай қўйди. Яхшиямки, буларни вафотингдэн кейин биляпсан. Жазманларинг орасида ёш қизлар, бевалар, бардаги жононлар ҳам бўларди. Нима учун бирортаси билан узоқроқ қолмадинг? Она шаҳримда хотиним бор, деб айтмаган бўлсанг керак. Аёллар қонуний оила қуриш ниятинг йўқлигини дарров фаҳмлашган бўлишса керак. Уларни деб бошингни оғритиб ўтирмасдинг. Негадир сенга Ясуконинг Тани билан танишиши зарур бўлиб қолди. Тани Токиога кўчиб ўтгач, унинг барча харажатларини бўйнингга олдинг, ўқишига пул тўладинг. Унга пулни фақат компаниянг қабулхонасидан беради, деб эшитгандим. Ўз ўғлингни бирон марта уйингга таклиф қилмагансан. Темир тамойилингни сира бузмасдинг: сирни сақлаш учун аввало яқинлардан қутулиш лозим. Тамойилга путур етди, энди Ясуко Таниники эди. Мен уни кечирмадим. Ҳатто неварам туғилса-да кечирмайман. Бунга ҳаққим бор. Қайсарлик борасида сенга салгина ўхшаб кетяпман. Кексаликдан бўлса керак. Ҳа, аёл қисмати оғир. Пешонасига туғилганидан ўзини бегона қўлларга топшириши ёзилган. Табиат қонунидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсан. Эркаклар эса беқарор яшаш учун туғилишади, худди сен каби.
Ясуконинг келмагани яхши бўлди. Танидан келганимни эшитиб, бу ерга келишга кўнмаган, шекилли. Тани бир нималар деб тўнғиллаган. Бу Танига хос. Оғир, вазмин, бироз айёр, умуман, феъл-атвори юмшоқ. У билан ҳали кўришганим йўқ, сенга ўхшаб гапиради. Бўйи ҳам сеникидек, новча. Юз тузилиши ҳам, менимча сеникига тортган. Университетга кирганида уйга кам келарди, кейинчалик аста-секин бизни буткул йўқламай қўйди. Шаҳарнинг югур-югур ҳаёти туғилиб ўсган жойингни хотирангдан ўчириб ташлайди. На сен, на Тани ўғлини оқ ювиб, оқ тараб, Токиога жўнатган, мияси айниган чолнинг кетидан ўн йил юришга мажбур бўлган аёлни эсламадинглар. Икковларинг ҳам фаромушхотир чикдиларинг. Мен ўзимни эрим ва ўғлим томонидан унутиб юборилгандек ҳис қилдим. Нима учун шундай бўлди? Қайнотам ер-мулкка эгалик ҳуқуқини менга ўтказиб берди. Бутун мероси менинг тасарруфимда. Мен, ахир, унга мутлақо бегонаман. Айнан шунинг учун молиявий ишларни ҳал этиш мумкин бўлди. Эр- хотин, она-бола ҳар доимо бу муаммони қийинчилик билан ечишади. Сен билан Тани ҳамиша хотинингиз ва волидангизни мазах қилардинглар. Турган гап, бир марта бўлсин қанчалар азоб чекаётганлигини ўйламагансизлар. Тани, балки Ясукога боғланиб қолгандир. Ясуко ундан катта. Сендан кўра Тани билан унга яхшироқ. Ўғлим ўз отасининг жазманини қучоқлаётганини тасаввур этсам, юрагим сиқилади. Бу ўйга сира кўника олмаяпман. Бутун умр менга эътибор қилмадинг. Отанг билан орани очиқ қилиб, уни менга ташлаб кетдинг. Мени назарингга илмасдинг. Бирга ётган аёлларингни ҳам менсимасдинг. Ҳис-туйғуларинг ҳақида билишгач, улар сени тинч қўйишарди. Кўп аёллар билан бирга бўлсанг-да, биронтасини чин юракдан севмадинг. Албатта, бу — сенинг ишинг. Аёллар сенга жисмоний майл учун керак эди. Сен жозибали, қатъий эдинг, бекорга кўчада сенга қайрилиб қарашармиди? Истеъдодингга яхшигина ҳақ тўлашарди. Сен ҳақингда ҳамиша дув-дув гап юрарди. Сени ҳурмат қилишар, севишарди. Балки, дўстларинг ҳамда ҳамкасбларинг «Масатанэ Куки ҳақида эсдаликлар» китобини чиқаришар. Дафн маросимини йўққа чиқардинг, шунинг учун улар сени шарафлашни ўзларига бурч деб билишяпти. Улар-ни тушунаман. Сен билан қиз кўриш маросимида учрашганимизда қанчалик ҳаяжонланганим ҳали- ҳануз ёдимда. Эсдаликларда фақат ҳаётингдаги текшириб кўрилган фактлар ёзилса керак, деб ўйлайман. Бундай китобдаги ҳар битта сўзни тарозига солиб кўриш кераклигини ҳамма билади. Яхши китоб чиқиши аниқ. Сен тўғрингда ҳар бир киши виждонан ёзади. Муаллифлар орасида ўз эсдаликларини алоҳида боб билан ёзадиган икки-учта аёллар ҳам чиқиб қолади. Лекин ҳақиқий қалбингни биргина мен биламан. Мен — сенинг ягона қораловчингман. То ўлим соатларигача шу ҳуқуқни сақлаб тураман. Агар ўз ҳаётини бағишлагани учун компания Масатанэ Кукини мукофотламоқчи бўлса, яхшиси пулни Тани олақолсин».
Остонада маросим залининг хизматчиси кўринганда Тиёко кетишга шайланаётганди. Бош силкиб, зинапоядан чиқиб кетди.
Меҳмонхонага келиб Тиэко назоратчига Сэкининг ташриф қоғозини кўрсатди.
— Сизни кутаётгандик.
Уни тўртинчи қаватдаги хонага кузатиб қўйишди. Дераза ортида қоронғу тушиб қолганди. Тиёко Танига сим қокди. Гўшакни кўтаргунча узоқ кутиб турди,
— Сен эртага крематорийда бўласанми?
-Ҳа.
— Мен бормайман. Хокни меҳмонхонага келтириб бер. Уни нима қилишни ўзим ҳал қиламан. Поездда ота-боболаримиз қабристонига қўйиш ёки дарёга оқизишни ўйлаб кўраман.
Тиёко Ясуко ҳар бир сўзни берилиб эшитаётганлигини кўриб турарди, гўё. Меҳмонхона номини айтиб, гўшакни илди.
Эртасига тушдан сўнг эшик тақиллади.
— Ҳозиргина келтиришди, — деди хизматчи Тиё-кога оқ матога ўралган қутичани узатаётиб.
— Ўша одам ҳали ҳам шу ердами?
— У киши дарҳол кетиб қолди.
Демак, бу Тани, ўйлади асабийлашиб Тиёко. Унда шундай ҳис пайдо бўлдики, гўё уни бирор муҳим нарсада доғда қолдиришганди. «Наҳот, шу даражада юраксиз бўлса?» — деб ўйлади, маъюс бўлиб қолди.
Тиёко вокзалга етиб борди. Оппоқ матодаги қутича одамларни ўзига жалб қиларди. Тиёко ер ости савдо марказига тушиб, қоғоз сумка сотиб олди. Отокига совға танлади. Токио осмонига боққанча йигирма дақиқа поезд кутди. Одамларнинг назари силлиқ юзли, қўлида саквояж ва қоғоз сумка кўтариб олган аёлда тўхтарди.
Экспресс жойидан қўзғалди.
«Онанг сени кечирмайди. Қабрга кирмагунимча, Тани, сени айблайвераман».
«Хокимни аждодларим ётган қабристонга қўйишса яхши бўларди», — хаёлидан ўтказди Тиёко. Руҳи енгиллашди.
Нагояда Кинтецу йўналишидаги электропоездга ўтирди. Тиёко Танами платформасига тушганда қош қорая бошлаганди. Кечки шафақ Судзуко тоғ тизмаларини ёритиб турарди.
— Бандаргоҳга, — таксига ўтириб сўз қотди Тиёко.
— Тикугами? — сўради ҳайдовчи.
Поездда Тиёко ёшлигида синфдошлари билан Танамидан у ёқларга борганини эслаб келганди. Бу Исэ кўрфазида жойлашган, тухум шаклидаги бухта эди. У ерда балиқ тутишга мўлжалланган кемачалар сузиб юрарди.
— Тикуда нима ишингиз бор? Қоронғу тушиб қолди, қоқиниб-нетиб кетишингиз мумкин, — деди ҳайдовчи машинадан тушаётиб.
— Бир илтимосни бажариш керак. Бу кўрфазда денгизга, албатта, бир нарсани оқизиш лозим.
Ҳайдовчи Тиёконинг кетидан хавотирланиб қараб қолди. Пристандаги нотекис тарашланган тошлар юришга халал берарди. «Кеч тушди», — ўйлади Тиёко. Юзига, кийимларига денгиз ҳавоси урилди. Денгиз тим қора эди. Тўлқинлар ўркачлари билан
тўлқин қайтаргичларга аста уриларди. Тиёко анчадан буён тўлқинлар шовуллашини эшитмаганди. Мактабга эндигина қатнаётган пайтлари қум соҳилда ўйнаб, денгизга тикилишни ёқтирарди. Тиёко бу ердан унча узоқ бўлмаган қишлоқда туғилганди. Унинг ота-онаеи Кукилар оиласи билан битта ибодатхона — Бодайдзига боришар, уларнинг аждодлари қабри ҳам битта қабоистонда эди. «Хокимни ота-онамнинг қабри ёнига қўйишганида қабристон қоровули ҳайратда қолса керак», — хаёл қилди Тиёко. У тўлқин қайтаргичнинг энг чеккасида турарди. Қоғоз сумкадан оққа ўралган қутичани чиқарди. Ҳайдовчи қоронғуда кўрмаса керак. Тиёко қутичани шу ҳолича денгизга ташламоқчи бўлди, аммо кейин қирғоқ бўйидаги энига уч юз метрга чўзилган тошлар уюмига кўзи тушди. Денгизга оқизиб кетолмайди. Матони ечиб, қутичадан чинни кўзачани олди. Ичида Масатанэ Кукининг хоки бор. Меҳмонхонада қутичани олиб Тиёко унга ҳатто кўз ташламаганди. Тим қора денгизга хотиржам нигоҳ ташлади ва кўзачани денгизга улоқтирди. Ниманингдир синган товуши янгради, сув сатҳида оқ булутчалар пайдо бўлди. Тиёконинг кўзига шундай кўрингандир, балки. Тўлқинлар қирғоққа югуришди. Улар гўё ҳеч нима бўлмагандек эринчоқлик билан чайқаларди.
Тиёко машинага қайтди.
— Сиздан хавотирланаёггандим, — деди ҳайдовчи.
— Комодзава қишлоғига.
— Танамига жўнамасмидингиз?
Тиёко индамади. Эри бу дунёни тарк этмагунча буйруқ беришга ўрганмаганди.
Куки, оиласининг одатий тартибини бузишни истамай, яқинларини крематорий ва дафн маросимида учрашиш мажбуриятидан халос этди. У одати бўйича ҳамманинг кўнглига қараганди. Хокимни денгизга оқизишади, деб ўйламаганди. Бу буйруқни бажаришга ботина олмасликларига ишончи комил эди. Тиёко ўч олиш йўлини ўзи топди.
— Хокни олиб келдингизми? — сўради Отоки остонага аранг оёқ босган бекасидан.
— Танида қолдирдим.
— Шунақами? Шуниси маъқулдир, балки.
Тиёко бамайлихотир меҳмонхонага ўтди.
Fumio Niva
BEGONALAR
Rus tilidan Saidjalol Saidmurodov tarjimasi
Atoqli yapon adibi Fumio Niva 1904 yilning 22 noyabrida kunchiqar mamlakatining Mie prefekturasida buddaviy ruhoniy oilasida dunyoga kelgan. Nagoya shahriyaqinidagi Yokkaichi ibodatxonasi qoshidagi boshlang’ich diniy maktabda tahsil olgach, 1929 yilda diniy Vaseda universitetining filologiya fakul`tetini tamomlagan. O’qishni yakunlagach, otasi o’rnida ruhoniy xizmatni o’tay boshlaydi. Ammo, 1932 yilning bahorida diniy xizmatni tark etib, Tokioga boradi va yozuvchilik faoliyatini boshlaydi.
Adibning dastlabki romanlari («Budda daraxti», «Shirin baliq») iliqlik bilan kutib olindi. Ikkinchi hahon urushi paytida harbiy muxbirlik qiladi. Urushdan keyin butun vaqtini adabiyotga bag’ishlaydi. Shundan keyin uning 80 romani,100 jildlik hikoyalari nashr etiladi. 1966 yildan 1972 yilga qadar Yaponiya adiblar ssotsiatsiyasi prezidenti sifatida faoliyat yuritdi.
Adib 2005 yilning 20 aprelida vafot etgan.
Ko’hna uyning tinchini telefon ko’ng’irog’i buzdi. Tiyoko taajjublandi, chunki unga kamdan-kam qo’ng’iroq qilishardi.
— Allo, Kuki eshitadi.
— Oyi, otam to’satdan vafot etdi. Yurak xurujidan. «Tez yordam»da kasalxonaga olib kelishdi, ammo hayotini saqlab qolisha olmadi.
Bu Tani edi. Tiyokoni erining vafotidan ko’ra o’g’lining ovozi hayajonga soldi. Uning ovozi naq Masatane Kukiniki edi. Ayolga xuddi eri gapirayotgandek tuyuldi. Bir necha soniyadan keyingina erining qazo qilgani uning shuuriga yetib bordi.
— Hech qanday ma’raka-paraka bo’lmaydi. Bilasiz, otam buni tirikligida ko’p tayinlardi. Gulchambar va qurbonlik haqida hatto gap bo’lishi mumkin emas. Tobut tepasida kechasi bilan turishning ham keragi yo’q. O’limi oldidan dadam xokini dengizga to’kish mumkinligini aytgandi. Xullas, uning talablariga ko’ra ish ko’rishga kelishdik.
— Qaysi kasalxonada?..
— A.YU.
Shu bilan suhbat tugadi. Tani xuddi otasi kabi ishning mohiyatini rasmiy ohangda bayon qildi. Tiyoko budkada parishonxotir turib qoldi. Qalbi bo’m-bo’sh edi. Hushiga kelganda o’zini shkaf yonida ko’rdi.Uy ishlariga qarashadigan xizmatkor Otokidan darak yo’q edi. Uni chaqirish befoydaligini anglab, o’zi yo’lga otlana boshladi. So’ng yo’lakka chiqdi.
— Yo’l bo’lsin, bekam, — dedi xizmatkor Otoki oshxona tomondan chiqib kelib.
-Tokioga ketyapman. Ertaga qaytaman. Hozirgina Tani qo’ng’iroq kildi, Masatane to’satdan vafot etibdi.
Otoki bekasi atrofida jonsarak aylandi.
— Shunisi ham bormidi hali.
Tiyoko qo’lida sakvoyaj bilan uyidan chiqdi.
— Tanamidan taksi chaqiraymi?
— Avtobusda ketaman. U yog’iga o’zlari olib ketishadi.
Otoki oltmishga kirgan Tiyokoning darvoza tomon shaxdam odimlayotganiga og’zi ochilib qarab qoldi. Ko’p o’tmay shoxdevor ortida qoraga bo’yalib, bitta qilib o’rilgan soch g’ira-shira ko’zga tashlandi.
Tiyokoning silliq, bitta ham ajin tushmagan za’faron yuzi tim qora sochlariga mos zmas edi. Otoki turgan joyida qotib qoldi. Bekasi qishloqning asosiy yo’lini kesib o’tdi. Uydan yuz qadamcha narida daryo bo’ylab asfal`t yo’l yotqizilgan, biroq ayol eski so’qmoq bo’ylab yugurgilab ketdi. Otoki bekasining izidan chopdi. Yetib olib, jimgina sakvoyajga qo’l uzatdi, Tiyoko ham indamasdan yukini berdi.
Ular umuman og’iz ochishmadi. Nihoyat, avtobus keldi. Otoki ko’z qiri bilan qarab, odob-la ta’zim qildi. U Tiyokodan bir yoshga kichik bo’lishiga qaramay, yuzini ajin qoplagandi.
Avtobusda Tiyoko hech narsani o’ylamasdan ketdi. Yuragi hapriqardi-yu, lekin negadir dard chekmas edi, Qirq daqiqadan so’ng Tanamiga yetib keldi va Nagoyagacha chipta oldi. Elektropoezdda ham o’ysiz ketdi. Nagoya vokzalidan tezyurar poezdga chikdi. Poezd jilishi bilan bento (maxsus yopiq idishga solingan guruch va baliqli taom. Sayt izohi) sotib oldi. Bugun kechroq ovqatlanyapman deb o’yladi u. Oynaga qarab og’ziga yegulik soldi. Chetdan qaraganda, bu muhtarama ayol Tokioga nevaralarini ko’rgani ketyapti, deb o’ylash mumkin edi.
Yuragini qo’rquvmi, hayajonmi asta-sekin qamrab ola boshladi. Ayol o’zini tinchlantirishga harakat qildi. Yana Tanining ovozini esladi. Bu o’y ta’bini xira qildi. Tiyoko kutilmagan o’lim sababini anglab yetishga urindi. Biroq biror to’xtamga kelgunicha poezd Tokioga kirib keldi. Oxirgi marta Tiyoko bu yerlarga qishloq keksalari bilan sayohatga kelgandi, biroq o’shanda ham na eri, na o’g’li bilan ko’rishgandi.
A.YU. shifoxonasi — Tokiodagi mashhur joy. Haydovchi Tiyokoni qaerga eltib qo’yish kerakligini darhol tushundi. Mashinada Tiyoko otasining o’zidek gapiradigan Tani bilan bo’ladigan uchrashuvini tasavvur qilishga urindi. O’g’lim hozir o’ttiz ikkida, o’yladi u, olti yildan beri ko’rishganimiz yo’q…
Shifoxona mahobatli edi. Eshik tagida kasal ko’rgani kelganlar tizilib o’tirishardi. Tiyoko urinib-surinib ichkariga kirdi. U yon-bu yon alanglab, ma’lumotlar bo’limiga yo’naldi. Ro’paradagi xonadan soch-soqoli oqargan kishi unga peshvoz chiqdi.
— Men bugun ertalab joni uzilgan Masatane Kukining yaqini bo’laman. U hali ham palatadami, qaysi xonada?
Erkak oldindan bilgandek javob berdi:
— Mening ismim Szki. Siz janob Kukining ayoli bo’lsangiz kerak. Biz u bilan o’rta maktabda birga o’qiganmiz. Uning vafoti haqida, odatdagidek, kechki xabarlarni ko’rayotib bildim. Ertalab qazo qildi-yu, kechqurun gazetalarda e’lon qilishdi. Bunchalik epchilliklariga lol qoldim-u, oyog’imni qo’limga olib, bu yoqqa yugurdim. Tobut marosim zalida.
Seki Tiyokoni zalga olib bordi, yo’l-yo’lakay zavq bilan gapirib ketdi:
— Maktabni tugatib Kukini ko’zdan qochirdim, uch yil avval kutilmaganda Sindzyukuda sinfdoshlar bilan bo’lgan uchrashuvda to’qnashib qoldik. Tokioda yashayotgan og’aynilarimizni izladik — yettitasi yig’ildi. Biz yilda bir to’planishga kelishdik, lekin Kuki faqat bir marta ko’rindi. Umuman olganda, radioda ishlashini bilardim…
Seki yaqindagina Tanamiga qo’shilgan Kuvada shahridan edi. Sekiga Tiyokoni ilgari ko’rgandek tuyuldi. Xotirida uning silliq yuzi saqlanib qolgandi.
— «Masatane Kuki 30-yanvar kuni A.YU. shifoxonasida vafot etdi. Marhumning vasiyati bo’yicha motam marosimi o’tkazilmaydi». Men ushbu e’lonni o’qib, o’ylanib qoldim: nahot, bu Kukiga xos bo’lsa? Hatto o’limidan keyin ham odamlarni hayratga soldi.
Tiyokoga uning so’zlari g’alati tuyulmadi. U hamon sukut saqlardi. Ular yo’lak bo’ylab anchagina yurishdi, keyin qaysidir palatadan chiqib, tik zinalardan yerto’laga tushishdi. Marosim zalida olti kishi bor edi. O’rtaga, supacha ustiga, tobut qo’yilgandi. Devorlar beton, shift pastakkina, havo bo’g’iq edi, na sham, na isiriqdon bor edi. Kichkina guldonga sariq xrizantema guldastasi solib qo’yilgandi. Badandan o’tib ketadigan sovuq. Zaldagilar marhumning hamkasblari zdi. Birontasi Tiyokoni tanimasdi. Seki, vaziyatni fahmlab, ulardan biriga murojaat etdi.
— Marhumning turmush o’rtog’ini tanishtirishga ijozat etsangiz. U hozirgina ota yurti Mie prefekturasidan kelib turibdi. Mening ismim Seki, janob Kukining maktabdosh do’stiman.
Hamma hayron bo’lib Tiyokoga tikilib qoldi. Yoshi kattaroqlari ta’zim qilishdi. Bu yerdagi vaziyatda uni boshqaruvchi roliga chiqarib qo’yishdi. U beixtiyor tegishli so’zlarni aytdi. Hamkasblar marhum bilan xayrlashib, taassurotlarini o’rtoqlashgancha tarqalishdi.
— Janob Kukining xotini bor, deb o’ylamagandim.
— U sira shaxsiy ishlari to’g’risida gapirmagan. Sirli odam edi. Qiziq, buni qanday tushunish mumkin. O’g’li haqida, rosti, birovdan eshitganman. Kukining o’zi esa o’g’li haqida churq etmagan.
— Ayollar bilan munosabatlari qulog’imga chalinuvdi. Buyuk konsperator edi.
— Aytishlaricha, shu qovoqbosh ham o’limini oldindan sezgan ekan.
Tiyoko erining kasbdoshlari uchun g’iybat mavzusiga aylanganini tushunib turardi. U yolg’iz qolishni istadi. Ayol tobut tepasida boshini xam qilib, ko’zini yumib turardi.
-Tanini ko’rdingizmi?
— Bu yoqqa kelganimda o’g’lingiz allaqachon chiqib ketgan ekan. Buni menga radiodagilardan kimdir aytdi. Marhumni so’nggi yo’lga kuzatishga hamkasblardan ozginasi kelgan ko’rinadi. Xayrla-shuv chamasi, oltigacha. Tani, aytishlariga ko’ra, tobut yonida ikki soatcha turibdi.
«Nima uchun oxirigacha qolmadiykin?» — o’yladi Tiyoko.
Seki og’iz juftlamoqchi edi, Tiyoko qo’ymadi:
— Mehmonxonada tunamoqchiman. So’raganim uchun avf etgaysiz, birontasini tavsiya qilolmaysizmi?
— Taninikida qolmaysizmi?
— Uning uyida mehmon uchun joy yo’q.
Seki zalni tark etdi. Bu yerda hatto stul ham topilmaydi. Tiyoko tobutda yotgan Masatane Kuki bilan yolg’iz qoldi.
«Men bu yerga aslida sen bilan butunlay vidolashgani keldim. Modomiki, qonuniy xotining ekanman, o’z burchimni bajaraman. Ruhoniydan bosh tortding — xo’p, mayli. Motam marosimi, kechasi bilan yoningda yaqinlaring turishidan, qurbonlikdan, gulchambardan bo’yin tovlading — e’tirozim yo’q. Xokingni dengizga oqizish mumkinligini aytibsan. Menga faqat sening xohishingni bajarish qolyapti. Hayot bilan o’zing xohlagandek vidolashding. Oltmish uch yoshda hayotdan ko’z yumish — bu hali erta, lekin biz barchamiz taqdirning izmidamiz. Seni kaltafahm deyishdi, radioda kuzatuvchan hisoblasharkan. Faqat sen nimaiki qilmagin, xotiningga buning aloqasi yo’q. Tani Tokio universitetiga kirganidan beri meni unutding. Undan ham oldin o’z otangni tashlab ketding. Bir o’zim o’n yil mobaynida otangga g’amxo’rlik qildim. Kukilar xonadonining davlati bilan uni har qanday kasalxonaga yotqizib, begona qo’llarga topshirishim mumkin edi. Biroq qariya qadrdon uyini tark etgisi kelmadi. Avval-boshda yordamchilar bor edi, keyin hamshira ham qochib ketdi. O’n yil, to otang bandalikni bajo keltirmaguncha, hatto hamshira ham jirkanadigan ishlarni qildim. Qiziq, padaringga qilgan yaxshiliklarim to’g’risida o’ylab ko’rganmikinsan? Tani maktabga qatnay boshladi. Yillar shuvillab o’tar, endi u yuqori sinfda o’qirdi. Keyin uyimizda sen paydo bo’lding. Kukilar xonadonida yana kulgu ovozlari eshitildi. Ona yurtingga kamdan-kam kelarding. Xizmat yuzasidan Nagoya, Kioto, Osakalarda bo’larding-u, biznikiga birrov kirib o’tishga nima to’sqinlik qilardi? Yo’q, sen ishingni bahona qilarding. Chol sen haqingda tokiolik tanishidan bilib turdi, chunki menga achinardi. Otang bilan munosabatlaring yaxshi emasligini allaqachonlar tushungandim. Buning arzirli sababi yo’q edi. Yoshligingdan bir o’zing yashashni yaxshi ko’rishingni, oilangdan o’zingni olib qochishingni eshitardim. Bunaqalar kamyob emas. Yosh ulg’aygan sari o’zini sevish xudbinlik bilan almashadi, deb hisoblashadi. Otang ham, balki, alohida fe’l-atvori bilan ajralib turgan
bo’lsa kerak. Sizlarni hamjihatlik ruhida tarbiyalamagani achinarli hol. Otangning fe’lida shunaqa xislati bor edi: agar farzandlari o’ngga qarashsa, u yuzini chapga burib olardi. Sizlar ichlaringda bir- birlaringni yoqtirmasdinglar. Sen radioga joylashding. Hayotning ma’nosini ishdan topding. Ona yurting esa yildan-yilga sendan uzoqlashib bordi.
Otang sen haqingda begonalardan surishtirayotganini bilib g’azablanding va shu kundan boshlab uy bilan aloqani butunlay uzding. Na sen, na Tani dafn marosimiga keldilaring. Qarindosh-urug’larni, ikkovi chet el safarida, deb aldashimga to’g’ri keldi. Albatta, sech bu haqda hech nimani bilmasding. Sen boshqa olamda yasharding. Osakada ham, Tokioda ham jazmanlaring bor edi. Kaltafahmga ayollar kerak edi. Bu sir sengagina ma’lum edi».
Tiyoko zinapoyadan chiqayotgan qadam tovushlarini eshitdi. O’girilib qaradi. Zalga Seki kirib keldi.
— Manavini mehmonxonadagi navbatchi boshqaruvchiga ko’rsating. U yerda meni yaxshi tanishadi, shunday ekan, o’zingizni uyingizdagidek his qilavering,— dedi u Tiyokoga tashrif qog’ozini uzatib.
Tashrif qog’oziga: «Firma direktori», deb yozilgandi. Tiyoko, bu iltifotli janob Seki prezidentlikka ham loyiq, deb o’yladi.
— Erimning xokini o’zim bilan olib ketmoqchiman.
— Albatta. Menimcha, u kulini dengizga oqizishni vasiyat qilgandi. Qolganini yaqinlarining ixtiyoriga topshirgan.
— Yordamingiz uchun katta rahmat. Sizni ortiq ushlab turmoqchimasman. Bu yerda yana biroz qolaman. Tez orada yopilsa kerak, shunga oxirigacha qolsam degandim.
— Boshqa hech kim kelmasa kerak. Chunki kechasi marhum tepasida o’tirish bekor qilindi.
Seki haq edi. U ketganidan so’ng boshqa hech kim kelmadi.
«Sendan birgina narsani so’ramoqchiman. Tani o’ttiz ikkida, uylanganiga uch yil bo’ldi. Nima uchun kelining vidolashgani kelmadi? O’g’il bilan kelin so’nggi daqiqalargacha tobut yonida bo’lishlari lozim, deyilgan. Ammo birgina men qoldim. Taniga qo’ng’iroq qilishganida oyog’ini qo’liga olib kelibdi va kvartirangda notanish ayolga duch kelibdi. Sog’lig’ing yomonlashgani haqida shu ayol Taniga xabar bergan ekan. Biroq kasalxonaga sen bilan kelmadi — fe’lingni bilib olgan ko’rinadi. Men albatta u bilan uchrashib, erimga qilgan jonkuyarligi uchun minnatdorchilik bildiraman. Bunday vaziyatlarda ayollar aktrisalik qila olishadi. Qolaversa, men raqibalik haqida gapiradigan yoshda emasman. Bu xotin meni qiziqtirmaydi. Bu gal men ustun keldim. Demak, u hayotingdagi oxirgi ayol bo’lgan. Krematoriyga ham kelmasligi aniq. Hamma unga olayib qarashini xohlamasa kerak. Aytishlaricha, u o’ttiz beshda ekan. Nima ham derdim, ayollar ayni shu yoshda yana ham ochilib ketishadi. U didingga mos — to’lishgan, qo’pol, kamgap, lekin oppoq. Tani bir o’zi keldi. Xotinini nimaga olib kelmadiykin? Hech kim aniq bilmaydi, ammo ba’zi birovlar nimanidir payqashgan. Tanining xotini oq, to’ladan kelgan. Ismi Yasuko. Sening ayollaring orasida nechanchisi edi u? U Tokiodan, shundaymi? Detektiv agentligi hisobotida u golf ishqibozi deb qayd etilgan. Sen ham, Tani ham golf o’ynardinglar. Aynan golf Yasuko bilan Tanini uchrashtirmaganmidi? Qiziq, ular o’rtasidagi aloqani bilganingda qanday ahvolga tushgan ekansan? Ota va o’g’il munosabatlari sen tufayli o’zgarmadi. Sen uchun ayollar shunchaki ermak edi. Sen qiynalmay unisini deb bunisining bahridan o’tarding, tez orada yana yangisini topib olarding. Darhaqiqat, detektivlar zo’r ishlashadi. Qaynotam seni doimiy kuzatuv ostiga olishi uchun agentlikka murojaat qildi. Har yili uyimizga sen haqingda xabar kelib turardi. Sen to’g’ringda o’qish menga ham qiziq edi. Konvert ichiga xizmat haqi uchun hisob ham solib qo’yilgan bo’lardi. Qurg’ur, o’lib ketdi. Kuzatishga odam yo’q, uyga hisobot kelmay qo’ydi. Yaxshiyamki, bularni vafotingden keyin bilyapsan. Jazmanlaring orasida yosh qizlar, bevalar, bardagi jononlar ham bo’lardi. Nima uchun birortasi bilan uzoqroq qolmading? Ona shahrimda xotinim bor, deb aytmagan bo’lsang kerak. Ayollar qonuniy oila qurish niyating yo’qligini darrov
fahmlashgan bo’lishsa kerak. Ularni deb boshingni og’ritib o’tirmasding. Negadir senga Yasukoning Tani bilan tanishishi zarur bo’lib qoldi. Tani Tokioga ko’chib o’tgach, uning barcha xarajatlarini bo’yningga olding, o’qishiga pul to’lading. Unga pulni faqat kompaniyang qabulxonasidan beradi, deb eshitgandim. O’z o’g’lingni biron marta uyingga taklif qilmagansan. Temir tamoyilingni sira buzmasding: sirni saqlash uchun avvalo yaqinlardan qutulish lozim. Tamoyilga putur yetdi, endi Yasuko Taniniki edi. Men uni kechirmadim. Hatto nevaram tug’ilsa-da kechirmayman. Bunga haqqim bor. Qaysarlik borasida senga salgina o’xshab ketyapman. Keksalikdan bo’lsa kerak. Ha, ayol qismati og’ir. Peshonasiga tug’ilganidan o’zini begona qo’llarga topshirishi yozilgan. Tabiat qonunidan hech qayoqqa qochib qutula olmaysan. Erkaklar esa beqaror yashash uchun tug’ilishadi, xuddi sen kabi.
Yasukoning kelmagani yaxshi bo’ldi. Tanidan kelganimni eshitib, bu yerga kelishga ko’nmagan, shekilli. Tani bir nimalar deb to’ng’illagan. Bu Taniga xos. Og’ir, vazmin, biroz ayyor, umuman, fe’l-atvori yumshoq. U bilan hali ko’rishganim yo’q, senga o’xshab gapiradi. Bo’yi ham senikidek, novcha. Yuz tuzilishi ham, menimcha senikiga tortgan. Universitetga kirganida uyga kam kelardi, keyinchalik asta-sekin bizni butkul yo’qlamay qo’ydi. Shaharning yugur-yugur hayoti tug’ilib o’sgan joyingni xotirangdan o’chirib tashlaydi. Na sen, na Tani o’g’lini oq yuvib, oq tarab, Tokioga jo’natgan, miyasi aynigan cholning ketidan o’n yil yurishga majbur bo’lgan ayolni eslamadinglar. Ikkovlaring ham faromushxotir chikdilaring. Men o’zimni erim va o’g’lim tomonidan unutib yuborilgandek his qildim. Nima uchun shunday bo’ldi? Qaynotam yer-mulkka egalik huquqini menga o’tkazib berdi. Butun merosi mening tasarrufimda. Men, axir, unga mutlaqo begonaman. Aynan shuning uchun moliyaviy ishlarni hal etish mumkin bo’ldi. Er- xotin, ona-bola har doimo bu muammoni qiyinchilik bilan yechishadi. Sen bilan Tani hamisha xotiningiz va volidangizni mazax qilardinglar. Turgan gap, bir marta bo’lsin qanchalar azob chekayotganligini o’ylamagansizlar. Tani, balki Yasukoga bog’lanib qolgandir. Yasuko undan katta. Sendan ko’ra Tani bilan unga yaxshiroq. O’g’lim o’z otasining jazmanini quchoqlayotganini tasavvur etsam, yuragim siqiladi. Bu o’yga sira ko’nika olmayapman. Butun umr menga e’tibor qilmading. Otang bilan orani ochiq qilib, uni menga tashlab ketding. Meni nazaringga ilmasding. Birga yotgan ayollaringni ham mensimasding. His-tuyg’ularing haqida bilishgach, ular seni tinch qo’yishardi. Ko’p ayollar bilan birga bo’lsang-da, birontasini chin yurakdan sevmading. Albatta, bu — sening ishing. Ayollar senga jismoniy mayl uchun kerak edi. Sen jozibali, qat’iy eding, bekorga ko’chada senga qayrilib qarasharmidi? Iste’dodingga yaxshigina haq to’lashardi. Sen haqingda hamisha duv-duv gap yurardi. Seni hurmat qilishar, sevishardi. Balki, do’stlaring hamda hamkasblaring «Masatane Kuki haqida esdaliklar» kitobini chiqarishar. Dafn marosimini yo’qqa chiqarding, shuning uchun ular seni sharaflashni o’zlariga burch deb bilishyapti. Ular-ni tushunaman. Sen bilan qiz ko’rish marosimida uchrashganimizda qanchalik hayajonlanganim hali- hanuz yodimda. Esdaliklarda faqat hayotingdagi tekshirib ko’rilgan faktlar yozilsa kerak, deb o’ylayman. Bunday kitobdagi har bitta so’zni taroziga solib ko’rish kerakligini hamma biladi. Yaxshi kitob chiqishi aniq. Sen to’g’ringda har bir kishi vijdonan yozadi. Mualliflar orasida o’z esdaliklarini alohida bob bilan yozadigan ikki-uchta ayollar ham
chiqib qoladi. Lekin haqiqiy qalbingni birgina men bilaman. Men — sening yagona qoralovchingman. To o’lim soatlarigacha shu huquqni saqlab turaman. Agar o’z hayotini bag’ishlagani uchun kompaniya Masatane Kukini mukofotlamoqchi bo’lsa, yaxshisi pulni Tani olaqolsin».
Ostonada marosim zalining xizmatchisi ko’ringanda Tiyoko ketishga shaylanayotgandi. Bosh silkib, zinapoyadan chiqib ketdi.
Mehmonxonaga kelib Tieko nazoratchiga Sekining tashrif qog’ozini ko’rsatdi.
— Sizni kutayotgandik.
Uni to’rtinchi qavatdagi xonaga kuzatib qo’yishdi. Deraza ortida qorong’u tushib qolgandi. Tiyoko Taniga sim qokdi. Go’shakni ko’targuncha uzoq kutib turdi,
— Sen ertaga krematoriyda bo’lasanmi?
-Ha.
— Men bormayman. Xokni mehmonxonaga keltirib ber. Uni nima qilishni o’zim hal qilaman. Poezdda ota-bobolarimiz qabristoniga qo’yish yoki daryoga oqizishni o’ylab ko’raman.
Tiyoko Yasuko har bir so’zni berilib eshitayotganligini ko’rib turardi, go’yo. Mehmonxona nomini aytib, go’shakni ildi.
Ertasiga tushdan so’ng eshik taqilladi.
— Hozirgina keltirishdi, — dedi xizmatchi Tiyo-koga oq matoga o’ralgan qutichani uzatayotib.
— O’sha odam hali ham shu yerdami?
— U kishi darhol ketib qoldi.
Demak, bu Tani, o’yladi asabiylashib Tiyoko. Unda shunday his paydo bo’ldiki, go’yo uni biror muhim narsada dog’da qoldirishgandi. «Nahot, shu darajada yuraksiz bo’lsa?» — deb o’yladi, ma’yus bo’lib qoldi.
Tiyoko vokzalga yetib bordi. Oppoq matodagi quticha odamlarni o’ziga jalb qilardi. Tiyoko yer osti savdo markaziga tushib, qog’oz sumka sotib oldi. Otokiga sovg’a tanladi. Tokio osmoniga boqqancha yigirma daqiqa poezd kutdi. Odamlarning nazari silliq yuzli, qo’lida sakvoyaj va qog’oz sumka ko’tarib olgan ayolda to’xtardi.
Ekspress joyidan qo’zg’aldi.
«Onang seni kechirmaydi. Qabrga kirmagunimcha, Tani, seni ayblayveraman».
«Xokimni ajdodlarim yotgan qabristonga qo’yishsa yaxshi bo’lardi», — xayolidan o’tkazdi Tiyoko. Ruhi yengillashdi.
Nagoyada Kintetsu yo’nalishidagi elektropoezdga o’tirdi. Tiyoko Tanami platformasiga tushganda qosh qoraya boshlagandi. Kechki shafaq Sudzuko tog’ tizmalarini yoritib turardi.
— Bandargohga, — taksiga o’tirib so’z qotdi Tiyoko.
— Tikugami? — so’radi haydovchi.
Poezdda Tiyoko yoshligida sinfdoshlari bilan Tanamidan u yoqlarga borganini eslab kelgandi. Bu Ise ko’rfazida joylashgan, tuxum shaklidagi buxta edi. U yerda baliq tutishga mo’ljallangan kemachalar suzib yurardi.
— Tikuda nima ishingiz bor? Qorong’u tushib qoldi, qoqinib-netib ketishingiz mumkin, — dedi haydovchi mashinadan tushayotib.
— Bir iltimosni bajarish kerak. Bu ko’rfazda dengizga, albatta, bir narsani oqizish lozim.
Haydovchi Tiyokoning ketidan xavotirlanib qarab qoldi. Pristandagi notekis tarashlangan toshlar yurishga xalal berardi. «Kech tushdi», — o’yladi Tiyoko. Yuziga, kiyimlariga dengiz havosi urildi. Dengiz tim qora edi. To’lqinlar o’rkachlari bilan
to’lqin qaytargichlarga asta urilardi. Tiyoko anchadan buyon to’lqinlar shovullashini eshitmagandi. Maktabga endigina qatnayotgan paytlari qum sohilda o’ynab, dengizga tikilishni yoqtirardi. Tiyoko bu yerdan uncha uzoq bo’lmagan qishloqda tug’ilgandi. Uning ota-onaei Kukilar oilasi bilan bitta ibodatxona — Bodaydziga borishar, ularning ajdodlari qabri ham bitta qaboistonda edi. «Xokimni ota-onamning qabri yoniga qo’yishganida qabriston qorovuli hayratda qolsa kerak», — xayol qildi Tiyoko. U to’lqin qaytargichning eng chekkasida turardi. Qog’oz sumkadan oqqa o’ralgan qutichani chiqardi. Haydovchi qorong’uda ko’rmasa kerak. Tiyoko qutichani shu holicha dengizga tashlamoqchi bo’ldi, ammo keyin qirg’oq bo’yidagi eniga uch yuz metrga cho’zilgan toshlar uyumiga ko’zi tushdi. Dengizga oqizib ketolmaydi. Matoni yechib, qutichadan chinni ko’zachani oldi. Ichida Masatane Kukining xoki bor. Mehmonxonada qutichani olib Tiyoko unga hatto ko’z tashlamagandi. Tim qora dengizga xotirjam nigoh tashladi va ko’zachani dengizga uloqtirdi. Nimaningdir singan tovushi yangradi, suv sathida oq bulutchalar paydo bo’ldi. Tiyokoning ko’ziga shunday ko’ringandir, balki. To’lqinlar qirg’oqqa yugurishdi. Ular go’yo hech nima bo’lmagandek erinchoqlik bilan chayqalardi.
Tiyoko mashinaga qaytdi.
— Sizdan xavotirlanayoggandim, — dedi haydovchi.
— Komodzava qishlog’iga.
— Tanamiga jo’namasmidingiz?
Tiyoko indamadi. Eri bu dunyoni tark etmaguncha buyruq berishga o’rganmagandi.
Kuki, oilasining odatiy tartibini buzishni istamay, yaqinlarini krematoriy va dafn marosimida uchrashish majburiyatidan xalos etdi. U odati bo’yicha hammaning ko’ngliga qaragandi. Xokimni dengizga oqizishadi, deb o’ylamagandi. Bu buyruqni bajarishga botina olmasliklariga ishonchi komil edi. Tiyoko o’ch olish yo’lini o’zi topdi.
— Xokni olib keldingizmi? — so’radi Otoki ostonaga arang oyoq bosgan bekasidan.
— Tanida qoldirdim.
— Shunaqami? Shunisi ma’quldir, balki.
Tiyoko bamaylixotir mehmonxonaga o’tdi.