Luiji Malerba. Zakiy tovuqlar.

055

Хўроз ўпкаси шамоллаб оламдан ўтди. Шунда қандайдир бир товуқ келиб, патларини юлиб, дод солиб айтардики, «Бу хўроз ёлғиз мени севиб яшади ва битта севги билан оламдан ўтди». Бошқа товуқлар эса уни «Ғайриқонуний бева»деб аташди. «Агар дод-войингни тўхтатмасанг, баданинг жиш бўлиб қолгунча патингни битталаб юламиз!»дея таҳдид қилишди бошқа товуқлар унга.

033

Луиджи Малерба
ЗАКИЙ ТОВУҚЛАР

Ақлли товуқлардан бири товуқхона бурчагига ўтиб олди-да, оёқлари билан бошини қашишга тушди. Шу қадар ҳафсала билан қашидики, оқибатда калласи кал бўлиб қолди. Кунларнинг бирида дугонаси келиб, нималардан ташвишда эканлиги ҳақида сўради.
-Патим тўкилиб, кал бўлиб қолганимни қаттиқ ўйлаб турибман,-деди жавобан мияси бутун товуқ.

Шанба куни эрталаб товуқлар катакдан ташқарилаб, дон ва чувалчанг қидириш учун йўлга чиқдилар. Йўлда уларнинг бири қуёнхона олдига келиб қуёндан сўради:
-Сизларда ҳам бугун якшанбами?

Қуён бош ирғаб тасдиқлагач, товуқ бу янгиликдан дугоналарини хабардор қилмоққа шошилди. Шунда донишманд хўроз бир зум ўйга толди-да, муносабат билдирди:

-Жудаям ғалати.

Мияси бутун бир товуқ катакдан катакка ўтиб, ўзича ғўнғилларди:
-Мен кимман ўзи? Мен кимман ўзи?
Шунда дугоналари ташвишга тушиб қолишди: шўрлик ақлдан озмадимикин! Охири бўлмагач, бир товуқ чидаб туролмасдан жавоб қилди:
-Сен тентаксан, бошқа ҳеч нарса!
Ўзига ишончи бўлмаган товуқ ақллилик балосидан бирдан тўхтади.

Бир спортчи товуқ уч ғилдиракли велосипедда юришни орзу қилди. Бироқ орадан кўп ўтмасдан бу ниятидан қайтди. Уч ғилдиракли велосипедни бошқариш учун учта оёқ бўлиши керак, дея донишманд-лик билан ўйлади у.

Бир саводсиз товуқ жимжимадор имзолар қўйишни ҳавас қилиб юрарди. Ниҳоят, у ўқиш ва ёзишни биладиган товуқни излаб топди ва ундан дарс оладиган бўлди. Бироқ саводсиз товуқ манглайига оёғи билан ураркан ҳайқирди:
-Ахир, мен ўз исмимни билмайман-ку!

Кунларнинг бирида жоҳил товуқ лотин ҳақидаги суҳбатни эшитиб қолди ва ўзича бу-лотин деганлари овқатнинг янги тури бўлса керак, деган тўхтамга келди. Бу ҳақда дугоналарига ҳам айтган эди, улар ишонишмади. Шунда ўзини энг ақлли товуқлардан бири деб ҳисоблайдиган товуқ шундай деди:

-Ҳой эси паст товуқлар, лотин дегани янги овқат тури эмас, балки уй ҳайвонидир,-кейин эса салобат билан қўшиб қўйди,-у чўчқага ҳам ўхшаб кетади, лекин анча ифлос жонивордир.

Бир ақли паст хўроз «кечми, эртами, албатта, тухум туғсам керак», дея ишонч билан ўйлаб юрарди. Шу мақсадда у товуқхона бурчагида соатлаб ўтирарди. Лекин ҳарчанд уринмасин, биттаям тухум туға олмади. «Адолатсизликни қаранг, ўйлади у,-мияси ярим товуқлар бемалол тухум туғишади, мен эса орқам ёрилиб кетгудек бўлиб қанча ўтирсам ҳамки, тухум туға олмайман».

-Биродарлар, файласуф бўлишнинг ўзига хос йўли бор,-деди ўзини доноларнинг доноси дея ҳисоблайдиган қари товуқ,-файласуф бўлиш учун бирон нарса ҳақида ўйлаш шарт эмас, ҳеч нарса ҳақида ўйласа ҳам бўлади.

Масалан, у товуқхона бурчагига ўтиб олади-да, ҳеч нарса ҳақида ўйлайди. Унинг айтишича, худди шундай қилиб, у файласуфга айланди.

Бир олифта, диди баланд товуқ даладаги гулларни ҳидлаб-ҳидлаб, худди капалак сингари гулдан гулга учиб ўта бошлади. Токи гулларнинг ҳидидан маст бўлиб, боши гаранг бўлгунча шу ишида давом этди. Қарасаки, бу ишининг охири яхши бўлмайдиган. Сўнгра даволаниш учун бошини гўнгнинг ичига тиқиб олиб ётди.

Файласуф товуқ тошга қараб ўзича ғўнғилларди:
-Қани, бунинг аслида ҳам тош эканлигини ким исботлайди? Ким?-сўнгра эса нигоҳини дарахтга қаратиб дерди:- Ҳўш, мана бунинг дарахт эканлигини ким исботлайди?
-Мен исботлай оламан,-деди шунда бир товуқ.
Файласуф-товуқ унга нописандлик билан қараб деди:
-Сен ўзи кимсан, менинг саволларимга жавоб берадиган?
Шунда ҳалиги товуқ саросимага тушиб минғиллади:
-Мен товуқман.
-Хўш, сенинг ҳақиқатан ҳам товуқ эканлигингни ким исботлайди?
Орадан кўп ўтмади: файласуф-товуқ батамом ёлғизланиб қолди.

Хушчақчақ товуқлардан бири қақағлашни ва кечами-кундузми, қичқиришни одат қилди. Тухум туғса ҳам, туғмаса ҳам қақағлайверарди. Товуқ ҳар сафар қақағлаганида хонадон соҳибаси умид билан товуқхонага югуриб келар ва тухум йўқлигини кўриб жаҳли чиқарди.

-Нега сен бўлар-бўлмасга қақағлайверасан?-сўрашди ундан дугоналари.

-Бахтиёрликдан, дугонажонларим, бахтиёрликдан,-дея жавоб қиларди хушчақчақ товуқ.

Шўрликнинг эс-ҳуши жойида бўлмаса керак, деган хулосага келишди дугоналари. Товуқ эса мияси бутун, ақли жойида эканлигини айтишдан тўхтамасди, фақат бахтли товуқ эканлигини таъкидларди, холос.

-Хўш, айтинг-чи, менинг бахтиёрлигимдан сизларга қандай ёмонлик етаяпти?

Бир очофат товуқ жуда кўп чиғаноқларни чўқирди ва охири қорин оғригига гирифтор бўлди. Кечаси туш кўрди, кўрсаки, у товуқ эмиш. Бу туш уни шу қадар ҳаяжонлантирдики, тонг саҳарлаб у ўрмонга кетди ва шу билан ном-нишонсиз ғойиб бўлди.

Бергамолик бир товуқнинг миясида салгина ўзгаришлар пайдо бўлганлиги боис, уни жиннихонага жойлаштиришди.
Жуфти ҳалоли хўроз унга вақти-вақти билан қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрарди. Товуқ эса ўз навбатида ҳасрат қиларди:
–Азизим, мен ҳам сизга қўнғироқ қилай дейман, лекин бизда телефон йўқ-да.
Шундан сўнг хўроз товуқларга айтдики, «Дугонангиз ҳалиям тузалмабди, жиннихонада анча вақт қолса керак».

Товуқ тумшуғида пишлоқ бўлагини тутиб турарди. Шунда унинг ёнига мушук келди.
-Қанотларинг қандай кўркам, тумшуғинг нақадар чиройли! Бундай чиройли, бундай латофатга эга бўлган сендек жозибадор товуқ қўшиқ айтишни ҳам қойил қилса керак? Тортинма, куйла, азизим, куйла, хонишларингдан бир роҳат қилай,-деди мушук лаганбардорлик билан.

Товуқ ҳам анойилардан эмасди. У қарға билан тулки ҳақидаги масални эшитган эди. Шунинг учун мушукка жавоб қилди:
-Тошингни тер!
Шунда товуқнинг тумшуғидаги пишлоқ ерга тушди. Буни кутиб ўтирган мушук пишлоқни ола солиб қочди.

Бир товуқ рангли тошлардан коллекция йиғди. Сўнгра хазинасини чуқурга кўмди ва тошларга қараб завқланиш учун тез-тез келарди. Коллекциясини жуда қадрлар, бироқ меросхўрлари бўлмаганлиги боис ўлимидан сўнг бойликнинг кимга қолиши юзасидан кўп ташвиш тортарди. Охир-оқибатда ақлли товуқ тошларни битта қолдирмасдан еб қўйишга қарор қилди. Тошларни егач, ошқозони ҳазм қилолмасдан, ўлди.

Бир куни эрта тонгда товуқхонада шовқин-сурон кўтарилди. Барча товуқлар ярқираб нур таратаётган тилла тухум атрофини қуршаб олишди. Тилла тухум туққан товуқ эса атрофга мағрур қарар ва бу тантанавор ҳолатдан ҳузурланарди. Аммо шунда товуқлардан бири орадан сакраб чиқди ва тумшуғи билан тухумга ўралган олтин рангли қоғозни йиртиб ташлади. Ўлғон фош бўлди.

-Ҳазил қилувдим, дугонажонлар, ҳазил қилувдим!-деди муттаҳам товуқ ва тоза ҳаводан нафас олиш учун шошилинч ташқарига чиқди.

Бир товуқ хат ёзмоқ учун ғоз пати керак деб эшитган эди. Ғознинг ёнига борди-да, «Патингдан биттагинани юлиб олсам майлими, ёзишим учун керак», деди. «Майли, розиман, лекин эвазига оёқларингни суғуриб оламан. Чунки бурга чақса, қашишим керак бўлади». Буни эшитган товуқ товуқхонасига қараб урра қочди.

Бир фаромушхотир қуён адашиб товуқхонага кириб келди. Бунақасини аввал ҳеч кўрмаган товуқлар кўзларига ишонмадилар.
-Ана, ана, буни қаранглар!-дейишди улар жўр бўлишиб, -бу мияси йўқ товуқни қаранглар, ўзини қуён деб кўрсатмоқчи!

Бир товуқ тўртгача санашни ўргангач, дугоналаридан ўзини профессор деб аташларини талаб қила бошлади. У ҳаттоки хўрозни ҳам ағдариб ташлаб, жойини ўзи эгаллашни истаб қолди. Товуқлар унинг патини битталаб, токи яланғоч бўлиб қолгунига қадар юлишди ва шундай дейишди: «Агар юлинган патларингнинг барчасини санаб берсанг, сени профессор деб атаймиз».

Бир оч товуқ майсазордаги илонни кўриб қолди. Илон ҳам оч эди. Улар бир-бирига бир зум тикилишди, сўнгра товуқ илонни чўқий бошлади. Илон эса ўз навбатида оғзини катта очганча вишиллаб товуқни ютиб юбормоққа ташланди. Оқибатда иккови ҳам дами қисилиб ўлди.

Кунларнинг бирида хўроз тумовга чалинди. Товуқлар эса бири қўйиб иккинчиси уни парваришлашга тушдилар. Бу иш уларга шу қадар ёқиб тушдики, хўроз тузала бошлади дегунча уни яна тумовга чалинсин, дея кўпайлашиб совуқ сувга улоқтиришди. Бироқ бу сафар шўрлик бабақ хўроз ўпкаси шамоллаб оламдан ўтди.

Бир бефаросат товуқ қопқонга оёғини тиқиб олиб, қутилолмай кўп гаранг бўлди. Бир маҳал мушукнинг «миёв»лаганини эшитиб қолди. «Тағин, мени сичқон деб ўйлашмасин», дея ўйлади-да, қаттиқ қўрқувга тушганидан оёғини зарб билан қопқондан суғуриб олди. Шу билан у қутилиб қолди.

Нозик табиатли бир товуқ телевизордан «Бовари хоним» фильмини томоша қилгач, чекка бир қишлоқдаги ғариб товуқхонада яшаётганидан ўзига жуда раҳми келиб кетди. У пойтахтга боришни, гавжум хиёбонлардан солланиб юришни, ўтган-кетганнинг ҳайратли эътиборини ўзига тортишни орзу қилди. У хаёлан чиройли, безатилган дўконларни, ёғду таратиб турган витриналарни кўз олдига келтирди. Шундай қилиб, кунларнинг бирида нозик табиатли товуқни ҳам, бошқа кўп товуқларни ҳам ҳамма ёғи берк машинага юклашди. Товуқлар саросимада тушкунликка тушиб қолишди. Бироқ биз айтаётган товуқ бағоят бахтиёрликдан ўзини қўярга жой тополмас эди. Чунки фургон машинасининг рақами пойтахтга тегишли эканлигини кўриб қолган эди. Эртаси куни унинг терисини шилиб, бошини пастга қилганча, шаҳар марказидаги катта дўкон витринасига осиб қўйишди.

Хўроз ўпкаси шамоллаб оламдан ўтди. Шунда қандайдир бир товуқ келиб, патларини юлиб, дод солиб айтардики, «Бу хўроз ёлғиз мени севиб яшади ва битта севги билан оламдан ўтди». Бошқа товуқлар эса уни «Ғайриқонуний бева»деб аташди. «Агар дод-войингни тўхтатмасанг, баданинг жиш бўлиб қолгунча патингни битталаб юламиз!»дея таҳдид қилишди бошқа товуқлар унга.

Ўзига хўп бино қўйган бир такаббур товуқ қулай имконият дегунча ўзининг оёқлари барча товуқларнинг оёғидан ҳам чиройли эканлигини мақтаб, намойиш қиларди. Аммо кунларнинг бирида ўз аксини ойнада кўриб, ўзининг нақадар беўхшов, хунук эканлигидан изтиробга тушди. Шу кундан эътиборан у ўзини бошқалардан четга ола бошлади. Унинг қанча пайтлардан бири изтироб чекаётганини сезиб қолган дугонаси қулоғига шивирлади:
-Бундай ҳолатда хунук аёллар нима қилишади?

Ўлғончи товуқ кунлардан бирида эрта саҳар туриб, тиши оғриётганидан шикоят қилди. «Эси паст товуқ, билмайсанми, товуқларда тиш бўлмайди», дея танбеҳ беришган эди, у уялганидан бутазорга кириб яширинди.

Ақлдан озган бир товуқ ўзини буғдой дони дея ҳисобларди ва чўқиб еб қўймасин деб дугонасини кўргани ҳамоно қочарди. Уни даволашди, сўнгра ҳаммага эшиттириб деди:
-Мен буғдой дони эмас, балки товуқман.
Аммо ўтлоқда бошқа бир товуққа кўзи тушгач, яна қочиб қўяверди.
-Нима бўлди сенга ўзи, яна қочаяпсанми?-дея сўрашди ундан.
-Мен-ку ўзимнинг буғдой дони эмаслигимни яхши биламан, лекин анави товуқ менинг дон эмас, товуқ эканлигмни билармикин?..

Икки товуқ ҳайвонот боғига томошага боришди ва у ерда ўзлари аввал учратмаган-қафасдаги жониворларни, қушларни кўришди. Сўнгра улар бир-бирларига узоқ ўйланиб қолдилар ва нега бу ерда товуқ солинган катаклар йўқ, дея ажабланишди.
-Демак, бундан чиқадики, товуқлар қуш эмас экан-да,-дейишди улар маъюс тортишиб.

Парижлик бир товуқ Эйфел минорасига чиқди. Зинадан занага базўр кўтарилиб, энг юқоридаги майдонга қадар чиқиб борди. Баланддан пастга қаради, ҳайратда тумшуғи очилди, уйлар, ҳайкаллар, боғларни кўриб ҳаяжонланди.
«Бу қандай шаҳар бўлди экан?»деди ўзига-ўзи парижлик товуқ. Сўнгра яна зиналардан пастга туша бошлади. У Эйфел минорасидан кўринган шаҳарнинг номи қандай эканлигини қоровулдан сўрамоқчи эди.

Америкапараст кайфиятдаги бир товуқ доимо кока-кола ичиб юрар, сўнгра эса гўё маст бўлиб қолгандек деворга бошини урар эди. Кўп ўтмай унинг бу ишидан товуқлар шуни англаб етишдики, бу билан товуқ кока-колани бошқаларга тарғиб қилмоқчи бўлаяпти. Кунларнинг бирида барчалари уни қуршаб олдилар ва дедилар:
-Сотқин товуқ! Мараз!
Америкапараст бечора товуқ уялганидан бутазорга кириб бекинди.

Наталия исмли товуқ роман ёзишга орзуманд бўлди. Бироқ романнинг сюжети, персонажлари ва услубини ўйлаб топа олмади. Шунда оқ кўнгилли курк товуқ ғозлар орасида довруқли бўлиб кечган болалик хотиралари ҳақида ажойиб китоб битди.

Кунларнинг бирида товуқхонага эшакнинг ҳанграгани овози келди. Товуқлар бундай товушни аввал ҳеч эшитмаган эдилар. Шунда улар бу овоз шерники бўлса керак, дея тахмин қилишди. Эшакни олдин умуман кўрмаган бир товуқ остонадан ташқарига қараб дугоналарига хабар қилди: «Ҳақиқатан ҳам шер экан!» Ўзини шер деб қабул қилганликларини билиб, эшак қувончдан роса сакради.

Бир саводсиз товуқ жойидан туриб, товуқхонанинг ўртасига борди-да, йиртилган газета бўлагини гўё ўқиётгандек турди.
-Хўш, жаҳон айвонида нима гаплар бор экан?-сўради ундан дугонаси.
Ўзининг нодонлиги, саводсизлигини билдириб қўймаслик учун товуқ ишонч билан шундай деди:
-Айтарлик бирон гап йўқ.
Кунлардан бир куни дарғазаб, асабий бир товуқ савдсиз товуқни шунақа тепдики, шўрлик ўтлоққа бориб тушди.
-Мана буни янгилик деса бўлади, бу ҳақда газеталарда ёзишармикин!-деди асабий товуқ.

Ўзига бино қўйган, ўта иззатталаб бир товуқ гўзаллик кўрик-танловида қатнашиб, совриндор бўла олмади. Ҳафсаласи пир бўлганча товуқхонага қайтди.
-Сиёсий сабабларни баҳона қилиб танловда ўрин беришмади,-деди товуқ.
-Сен ўзи қайси партияга мансубсан?-деб сўрашди дугоналари.
Товуқ бу саволга нима деб жавоб қиларини билмади.

Товуқлардан энг эзгу орзу-умидлари ҳақида сўрашди. Улардан бири «Узунлиги бир километр келадиган чувалчанг топсам, ўзимни бахтиёр санардим», деди. Иккинчиси «Телевизор орқали қақағлаб чиқишни истайман», деди. Учинчиси «Қопқонга тушган тулкини учратсам-да, бурнини роса чўқисам дейман»,деди. Сўралганлардан охирги товуқ эса шундай деди: «Ошимни ошаб, ёшимни яшаб, қариб оламдан ўтсам, дея орзу қиламан».

Бир бахтсиз товуқ ҳаёт билан хайрлашишга жазм қилди. Томдан ўзини пастга ташлади, аммо бирон ери тимдаланмасдан бутун қолди. Ўзини сувга отди, чўкиб кетмади. Шунда дугоналаридан бири унга маслаҳат берди: «Тулки инига бошингни тиқиб тур, мақсадингга эришасан…

-Мен асло жиним суймайдиган махлуққа ҳузур-ҳаловат бағишлагандан кўра худкушликдан воз кечаман,-деди бахтсиз товуқ.

Ўзига жуда катта баҳо бериб юрадиган бир товуқ тарихда ўзидан ўчмас из қолдиришни истарди. Цементни сувга аралаштириб, оёқларини солиб ўтирди. Кўп ўтмай аралашма қотиб қолди ва товуқ ўзини ўзи қотириб ташлади. Ҳақиқатан ҳам ўчмас из қолдирди.

Доимо ўйга ботиб юрадиган бир товуқ бош мия жойлашадиган калласининг бўм-бўшлигидан кўп шикоят қиларди.

-Гоҳи-гоҳи миям умуман йўқмикан деб қўрқиб ҳам кетаман,-дерди ҳасрат билан бахти қаро товуқ,-Агар миям бўлганида эди, мен уни сезишим, билишим керак эди.
Аммо шунда бошқа товуқлар унга таскин беришди: «Биз ҳам миямиз борлигини сезмай яшаб келаяпмиз».

076

ЛУИЖИ МАЛЕРБА (LUIGI MALERBA; 1929 йилда туғилган.) — итальян адиби. «Илон» («II serpente», 1966; Кампьелло мукофоти), «Протагонист» («II protagonista», 1973), «Император атиргуллари» («Le rose imperiali», 1974) романлари, «Алвафитнинг кашф этилиши» («La scoperta dell’ alfabeto», 1963) номли ва бошқа ҳикоялар тўпламларининг муаллифи. Рус тилида «Сальто-мортале» повести ва бир неча ҳикояси «Иностранная литература» журналида босилган.
Сизга тақдим этилган юморескалар 1980 йилда чоп этилган «Закий товуқлар» («Le galline pensierose». Torino, Giulio Einaudi editore S.p.A., 1980) тўпламидан саралаб олинган

.
Маҳмуд АБУЛФАЙЗ ўзбекчалаштирди

(Tashriflar: umumiy 224, bugungi 1)

Izoh qoldiring