18 май — Қрим татарлари депортация қилинган куннинг 71 йиллиги
Орадан қанча вақт ўтса ҳам уйга қайтганимда гўё кўча эшик қаршисида креслога ўтирган онам “Келдингми, балам?” деб мени кутиб оладигандек бўлаверади. Онамниг вафотидан кейин Тошкентда яна йигирма йил яшаган бўлсам-да, уйда ёлғиз қолганимда доимо онамнинг “Келдингми, балам?” деган сўзи қулоғимга чалингандек бўлади.
Сафтер Нагаев
“КЕЛДИНГМИ, БАЛАМ?..”
Зебунисо ҲУСАЙН таржимаси
Сафтер Нагаев 1941 йили 1 январда Қиримнинг Алушта тумани Кичик ўзан қишлоғида туғилган. 1944 йилги сургунда онаси билан бирга Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳозирги Учкўприк туманига келиб тушади. Шу ерда ўрта мактабни тамомлаб, 1957 йил Тошкент Давлат университети журналистика факултетига ўқишга киради.
Сафтер Нагаев Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси эди. Унинг энг салмоқли асарлари қиримтатар адабиётида жиддий воқеа бўларди. “Маданий инқилоб аскари”, “Кўнгилга яқин одамлар”, “Фидокорлик”, “Исмоилбейнинг Туркистон сафари”, “Саҳролар алангаси”, “Минг бир ўлимни енгиб” ва бошқа китоблари адабиёт оламида ўзига хос из қолдирган. У халқаро “Аҳмад Яссавий” мукофоти ва “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Адиб 2009 йил 2 июнда вафот этди. “Келдингми, балам?..” номли эссесини ёзувчи онасига бағишлаган бўлиб, унда халқимизнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатлари акс этади. Қуйида ушбу эсседан парчалар чоп этилмоқда.
“Келдингми, балам?..” Бу ибора мен учун бир тимсол. Уйга қайтиб, эшикдан ичкарига қадам босар-босмасимдан раҳматли онам мени шундай деб кутиб оларди.
Менинг қимматли онажоним оддийгина аёл эди. Исмини зўрға ёзар, керакли қоғозларга “Робия” деб имзо қўярди, ожизагинам. Ёш бева қолиб, уч ўғлини қўлидан келганича тарбиялаган бир қишлоқлик муниса эди менинг онам…
2002 йилнинг 20 июли. Ёз чилласида сўнгги марта Тошкентнинг Дўмбиробод қабристонига бордим. Онамнинг қабрига яқин келдим. Шунда секингина, мулойим овоз билан “Келдингми, балам?..” деган сўзлари қулоғимга чалингандек бўлди. Сергак тортиб, атрофга алангладим. Ҳеч ким йўқ. Қабрнинг оёқ тарафига ўтиб, чўккаладим. Дуо қилиш учун қўлларимни очдим, аммо тилим айланмас, овозим чиқмасди. Гўё ичимдан бир нарса узилгандек… Ғам-андуҳга ботиб, гапира бошладим: “Онажон, мени кечиринг, энди олдингидек ёнингизга тез-тез келолмайман. Она тупроққа, сиз ва мен дунёга келган диёрга қайтишга, узоқ йиллар сургунликлар сурони олиб келган ва соғ-омон қолишимиз учун бағрини очган бу ўлкани тарк этишга мажбурман. Отам ётган маконга қайтаман. Оёқларим йўлда, кўзларим орқада, сиз билан видолашаман…”
Бир амаллаб қабристондан чиқдим. Йўл бўйи хаёлот дунёсига чўмиб, онамнинг долғали ҳаёти ҳақидаги хотираларимни бир-бир саҳифалаб борардим. Кўз ўнгимда онажонимнинг умр йўли қаергадир ошиққан поезд вагонлари каби гавдаланди. Машаққатли, оғир, чидаш қийин бўлган кунларимиз ипга тизилган мунчоқдек кўз ўнгимда кетма-кет пайдо бўларди…
Онам ўттиз ёшида уч боласи билан бева қолган. Орадан кўп вақт ўтмай, машъум уруш бошланади. Онамнинг исми Робия, Алушта туманининг Темирчи қишлоғидан бўлган. Оилада уч қиз ва бир ўғил бўлиб, Усмон тоғам урушга кетиб, қайтмайди. Кичик холам Хадичанинг эри Умар Муродов ҳам урушга кетиб, дом-дараксиз кетган. Бу воқеалардан кейин холаларим Темирчига қайтишга қарор қилишади ва онамни ҳам ўзлари билан бирга олиб кетмоқчи бўлишади. Аммо онам: “Болаларимнинг отасининг уйини ташлаб кетмайман”, деб Кичик ўзанда қолади.
Қишлоғимизни тарк қилиш воқеаси ҳам аянчли хотира бўлиб қолган. Онам эрта тонгда ғира-шира маҳали, болаларим тургунича боғларни суғораман, деб боғчага тушиб кетади. Шу пайт аскарлар уйма-уй юриб, одамларнинг уйига бостириб кириб, қишлоқнинг бир ерига мол ҳайдагандек ҳайдаб келтиришади. Шунда ҳовлимизда яшайдиган Тўқтар амакининг хотини София янга ораларида овсини Робия йўқлигини билиб, катта қизи Умайяни яширинча уйга жўнатади. Бизникига келса, уйда аскарларни кўради. Улар бизни уйғотишади. Мен: “Онам қаерда?” деб қичқириб йиғлай бошлайман. Умайя опа вазиятни тушуниб, боғчага югуради ва узоқдан: “Робия янга, тезроқ келинг, бизни кўчиришяпти”, деб онамни чақиради. “Тўхта, озгина қолди, шу ерниям суғорай, ҳозир бораман”, дейди у. Опам унга яқин келади-да: “Қишлоқда бир ўзингиз қолдингиз, ташланг шуни!” деб қўлидаги кетмонни олиб отади ва аҳволни тушунтириб, уйга бошлайди.
Қишлоқ паркида халқ тўпланган. Оқшом одамларни Оқмасжид вокзалига келтиришади. Мен темирйўл бўйи ёниб турган чироқларга қараганча, узоққа кетиб қолибман. Онам йиғлаб-сиқтаб мени топгунича вокзалда жомадонларимизни ўғирлашган. Шундай қилиб, қаттиқ чарчоқ ва ҳеч вақосиз йўлга чиққанмиз. Шўрлик онамнинг бошида яна не-не балолар бор эди…
Фарғона вилоятининг Молотов туманига келиб тушдик. Командир бир қанча оилани Суюнчол қишлоғи шийпонига жойлаштирди. Қишлоқнинг марказида чойхона ёнида кўлга ўхшаган катта ҳовуз бор эди. Унда уруғлик чигитни увитишарди. Бир оқшом болалар билан ҳовуз ёнида ўйнаётганимизда сувга йиқилиб тушдим. Ивиб шишган чигит томоғимга ёпишиб, мени пастга тортар эди. Бундан хабар топган онам етиб келиб, ўзини сувга отади. Чиқармоқчи бўлади, аммо у ҳам бўғила бошлайди. Шунда чойхонада ўтирган ўзбеклар бизни қутқариб қолишади.
Орадан кўп вақт ўтмай онам оғир хасталанди ва уни туман марказига олиб кетишди. Мен акаларим Сайёр ва Диловар билан қолдим. Билмадим, қачон ва қандайдир сақланиб қолган битта жун ёпинчиғимиз бор экан. Акам уни тўртта нонга алмаштирган. Кейин бизни туман марказига яқин Пахтачи колхозидаги Бегвача қишлоғига кўчиришди. Онам мактабда ва колхоз идорасида фаррош бўлиб ишлар, ҳар куни бир неча километр юриб туман марказидан почта ҳам таширди.
* * *
Бир куни онам почтага бораётиб мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Қўшни қишлоққа етганимизда онамнинг юзи оқариб, боши айланди шекилли, йўл юзидаги бир уйнинг эшиги олдида тўхтади. Деворга суяниб анча ўтирди. Эшик очилиб, бир киши чиқди. Бизни кўриб, яқинлашди-да: “Опа, нима бўлди? Уйга юринг, чой ичволасиз”, деди. Кейин хотинини чақириб: “Бечораларга бирор нарса бер, очга ўхшайди”, деди. Онам бирдан сергак тортди, кўзларини очиб, бегона одамга қаради-да: “Йўқ-йўқ, керакмас. Биз тиланчи эмасмиз. Бир оз ҳолсизландим. Ҳозир кетамиз”, деб ўрнидан турмоқчи бўлди. “Тиланчи эмаслигингиз кўриниб турибди, фақат чарчаган бўлсангиз керак, уйга кириб, иссиқ чой ичинг”, деди ҳалиги киши куюниб. Яхши одамлар экан, онамни ҳовлисига олиб кириб, сўрига чиқаришди, бошига ёстиқ қўйиб, ётқизишди. Ҳалиги одамнинг хотини онамга иссиқ чой тутди ва кейин бир муддат қаергадир ғойиб бўлди. Мен эса онамнинг ёнида ўтириб, қалтирардим. Қандай қилиб уйга кетишимизни ўйлаб, юзига қараб хавотирланардим. Бир оздан кейин қўлида бир коса сут, қўлтиғида битта нон билан аёл пайдо бўлди. Онамнинг бошига қўлини қўйиб, бир нималар деди. “Қўрқма, болам. Онанг ҳозир ўрнидан туради. Сен мана буларни еб ол”, деб косадаги сутдан пиёлага қуйди-да ноннинг ярмини менга узатди. “Насибангиз бор экан. Қўшнимиз ҳозиргина сигирини соғибди, тандирдан нон узибди. Тортинма, болам, ол, ол…”
* * *
1980 йили Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлдим. Аммо негадир аъзолик билетимни беришмади. Онам буни сезмай қолмади: “Балам, нима ташвишинг бор, афт-ангорингга қараб бўлмайди?” деди. Мен унга: “Айтганим билан барибир тушунмайсиз”, дедим. Онам менга қараб: “Тушунмас эмишман. Дунёга келтирганим, бир парча гўштлигидан ўстириб, катта қилганим болам тушунар экан-да, мен тушунмайманми?! Оналар ҳамма нарсани тушунади. Фақат улар ҳеч нарсага аралашишмайди. Идиш-товоқ орасида фарзандининг ташвиши билан яшайди. Майли, ҳозир айтмасанг, вақти-соати келиб юрагингни очарсан. Лекин билиб қўй, дардингни юрагингнинг энг чуқур жойларида сақла, сени хафа қилганлар маъюслигингни сезишмасин”, деди мардонавор оҳангда.
* * *
Орадан қанча вақт ўтса ҳам уйга қайтганимда гўё кўча эшик қаршисида креслога ўтирган онам “Келдингми, балам?” деб мени кутиб оладигандек бўлаверади. Онамниг вафотидан кейин Тошкентда яна йигирма йил яшаган бўлсам-да, уйда ёлғиз қолганимда доимо онамнинг “Келдингми, балам?” деган сўзи қулоғимга чалингандек бўлади.
Тошкентни тарк этиш олди қабристонга бориб, видолашган куним кечаси онамни туш кўрдим. Яна одатларига кўра: “Келдингми, балам? Сафаринг хайрли бўлсин”, деди менга яқин келиб, бошимни силади-да, мендан узоқлашди…
“Ҳидоят” журналининг 2012 йил 9-сонида босилган.
Safter Nagaev
“KELDINGMI, BALAM?..”
Zebuniso Husayn tarjimasi
Safter Nagaev 1941 yili 1 yanvarda Qirimning Alushta tumani Kichik o’zan qishlog’ida tug’ilgan. 1944 yilgi surgunda onasi bilan birga O’zbekistonning Farg’ona viloyati hozirgi Uchko’prik tumaniga kelib tushadi. Shu yerda o’rta maktabni tamomlab, 1957 yil Toshkent Davlat universiteti jurnalistika fakultetiga o’qishga kiradi.
Safter Nagaev O’zbekiston Yozuvchilari uyushmasi a’zosi edi. Uning eng salmoqli asarlari qirimtatar adabiyotida jiddiy voqea bo’lardi. “Madaniy inqilob askari”, “Ko’ngilga yaqin odamlar”, “Fidokorlik”, “Ismoilbeyning Turkiston safari”, “Sahrolar alangasi”, “Ming bir o’limni yengib” va boshqa kitoblari adabiyot olamida o’ziga xos iz qoldirgan. U xalqaro “Ahmad Yassaviy” mukofoti va “Do’stlik” ordeni bilan taqdirlangan. Adib 2009 yil 2 iyunda vafot etdi. “Keldingmi, balam?..” nomli essesini yozuvchi onasiga bag’ishlagan bo’lib, unda xalqimizning bag’rikenglik, mehmondo’stlik kabi fazilatlari aks etadi. Quyida ushbu essedan parchalar chop etilmoqda.
“Keldingmi, balam?..” Bu ibora men uchun bir timsol. Uyga qaytib, eshikdan ichkariga qadam bosar-bosmasimdan rahmatli onam meni shunday deb kutib olardi.
Mening qimmatli onajonim oddiygina ayol edi. Ismini zo’rg’a yozar, kerakli qog’ozlarga “Robiya” deb imzo qo’yardi, ojizaginam. Yosh beva qolib, uch o’g’lini qo’lidan kelganicha tarbiyalagan bir qishloqlik munisa edi mening onam…
2002 yilning 20 iyuli. Yoz chillasida so’nggi marta Toshkentning Do’mbirobod qabristoniga bordim. Onamning qabriga yaqin keldim. Shunda sekingina, muloyim ovoz bilan “Keldingmi, balam?..” degan so’zlari qulog’imga chalingandek bo’ldi. Sergak tortib, atrofga alangladim. Hech kim yo’q. Qabrning oyoq tarafiga o’tib, cho’kkaladim. Duo qilish uchun qo’llarimni ochdim, ammo tilim aylanmas, ovozim chiqmasdi. Go’yo ichimdan bir narsa uzilgandek… G’am-anduhga botib, gapira boshladim: “Onajon, meni kechiring, endi oldingidek yoningizga tez-tez kelolmayman. Ona tuproqqa, siz va men dunyoga kelgan diyorga qaytishga, uzoq yillar surgunliklar suroni olib kelgan va sog’-omon qolishimiz uchun bag’rini ochgan bu o’lkani tark etishga majburman. Otam yotgan makonga qaytaman. Oyoqlarim yo’lda, ko’zlarim orqada, siz bilan vidolashaman…”
Bir amallab qabristondan chiqdim. Yo’l bo’yi xayolot dunyosiga cho’mib, onamning dolg’ali hayoti haqidagi xotiralarimni bir-bir sahifalab borardim. Ko’z o’ngimda onajonimning umr yo’li qaergadir oshiqqan poezd vagonlari kabi gavdalandi. Mashaqqatli, og’ir, chidash qiyin bo’lgan kunlarimiz ipga tizilgan munchoqdek ko’z o’ngimda ketma-ket paydo bo’lardi…
Onam o’ttiz yoshida uch bolasi bilan beva qolgan. Oradan ko’p vaqt o’tmay, mash’um urush boshlanadi. Onamning ismi Robiya, Alushta tumanining Temirchi qishlog’idan bo’lgan. Oilada uch qiz va bir o’g’il bo’lib, Usmon tog’am urushga ketib, qaytmaydi. Kichik xolam Xadichaning eri Umar Murodov ham urushga ketib, dom-daraksiz ketgan. Bu voqealardan keyin xolalarim Temirchiga qaytishga qaror qilishadi va onamni ham o’zlari bilan birga olib ketmoqchi bo’lishadi. Ammo onam: “Bolalarimning otasining uyini tashlab ketmayman”, deb Kichik o’zanda qoladi.
Qishlog’imizni tark qilish voqeasi ham ayanchli xotira bo’lib qolgan. Onam erta tongda g’ira-shira mahali, bolalarim turgunicha bog’larni sug’oraman, deb bog’chaga tushib ketadi. Shu payt askarlar uyma-uy yurib, odamlarning uyiga bostirib kirib, qishloqning bir yeriga mol haydagandek haydab keltirishadi. Shunda hovlimizda yashaydigan To’qtar amakining xotini
Sofiya yanga oralarida ovsini Robiya yo’qligini bilib, katta qizi Umayyani yashirincha uyga jo’natadi. Biznikiga kelsa, uyda askarlarni ko’radi. Ular bizni uyg’otishadi. Men: “Onam qaerda?” deb qichqirib yig’lay boshlayman. Umayya opa vaziyatni tushunib, bog’chaga yuguradi va uzoqdan: “Robiya yanga, tezroq keling, bizni ko’chirishyapti”, deb onamni chaqiradi. “To’xta, ozgina qoldi, shu yerniyam sug’oray, hozir boraman”, deydi u. Opam unga yaqin keladi-da: “Qishloqda bir o’zingiz qoldingiz, tashlang shuni!” deb qo’lidagi ketmonni olib otadi va ahvolni tushuntirib, uyga boshlaydi.
Qishloq parkida xalq to’plangan. Oqshom odamlarni Oqmasjid vokzaliga keltirishadi. Men temiryo’l bo’yi yonib turgan chiroqlarga qaragancha, uzoqqa ketib qolibman. Onam yig’lab-siqtab meni topgunicha vokzalda jomadonlarimizni o’g’irlashgan. Shunday qilib, qattiq charchoq va hech vaqosiz yo’lga chiqqanmiz. Sho’rlik onamning boshida yana ne-ne balolar bor edi…
Farg’ona viloyatining Molotov tumaniga kelib tushdik. Komandir bir qancha oilani Suyunchol qishlog’i shiyponiga joylashtirdi. Qishloqning markazida choyxona yonida ko’lga o’xshagan katta hovuz bor edi. Unda urug’lik chigitni uvitishardi. Bir oqshom bolalar bilan hovuz yonida o’ynayotganimizda suvga yiqilib tushdim. Ivib shishgan chigit tomog’imga yopishib, meni pastga tortar edi. Bundan xabar topgan onam yetib kelib, o’zini suvga otadi. Chiqarmoqchi bo’ladi, ammo u ham bo’g’ila boshlaydi. Shunda choyxonada o’tirgan o’zbeklar bizni qutqarib qolishadi.
Oradan ko’p vaqt o’tmay onam og’ir xastalandi va uni tuman markaziga olib ketishdi. Men akalarim Sayyor va Dilovar bilan qoldim. Bilmadim, qachon va qandaydir saqlanib qolgan bitta jun yopinchig’imiz bor ekan. Akam uni to’rtta nonga almashtirgan. Keyin bizni tuman markaziga yaqin Paxtachi kolxozidagi Begvacha qishlog’iga ko’chirishdi. Onam maktabda va kolxoz idorasida farrosh bo’lib ishlar, har kuni bir necha kilometr yurib tuman markazidan pochta ham tashirdi.
* * *
Bir kuni onam pochtaga borayotib meni ham o’zi bilan birga olib ketdi. Qo’shni qishloqqa yetganimizda onamning yuzi oqarib, boshi aylandi shekilli, yo’l yuzidagi bir uyning eshigi oldida to’xtadi. Devorga suyanib ancha o’tirdi. Eshik ochilib, bir kishi chiqdi. Bizni ko’rib, yaqinlashdi-da: “Opa, nima bo’ldi? Uyga yuring, choy ichvolasiz”, dedi. Keyin xotinini chaqirib: “Bechoralarga biror narsa ber, ochga o’xshaydi”, dedi. Onam birdan sergak tortdi, ko’zlarini
ochib, begona odamga qaradi-da: “Yo’q-yo’q, kerakmas. Biz tilanchi emasmiz. Bir oz holsizlandim. Hozir ketamiz”, deb o’rnidan turmoqchi bo’ldi. “Tilanchi emasligingiz ko’rinib turibdi, faqat charchagan bo’lsangiz kerak, uyga kirib, issiq choy iching”, dedi haligi kishi kuyunib. Yaxshi odamlar ekan, onamni hovlisiga olib kirib, so’riga chiqarishdi, boshiga yostiq qo’yib, yotqizishdi. Haligi odamning xotini onamga issiq choy tutdi va keyin bir muddat qaergadir g’oyib bo’ldi. Men esa onamning yonida o’tirib, qaltirardim. Qanday qilib uyga ketishimizni o’ylab, yuziga qarab xavotirlanardim. Bir ozdan keyin qo’lida bir kosa sut, qo’ltig’ida bitta non bilan ayol paydo bo’ldi. Onamning boshiga qo’lini qo’yib, bir nimalar dedi. “Qo’rqma, bolam. Onang hozir o’rnidan turadi. Sen mana bularni yeb ol”, deb kosadagi sutdan piyolaga quydi-da nonning yarmini menga uzatdi. “Nasibangiz bor ekan. Qo’shnimiz hozirgina sigirini sog’ibdi, tandirdan non uzibdi. Tortinma, bolam, ol, ol…”
* * *
1980 yili Yozuvchilar uyushmasiga a’zo bo’ldim. Ammo negadir a’zolik biletimni berishmadi. Onam buni sezmay qolmadi: “Balam, nima tashvishing bor, aft-angoringga qarab bo’lmaydi?” dedi. Men unga: “Aytganim bilan baribir tushunmaysiz”, dedim. Onam menga qarab: “Tushunmas emishman. Dunyoga keltirganim, bir parcha go’shtligidan o’stirib, katta qilganim bolam tushunar ekan-da, men tushunmaymanmi?! Onalar hamma narsani tushunadi. Faqat ular hech narsaga aralashishmaydi. Idish-tovoq orasida farzandining tashvishi bilan yashaydi. Mayli, hozir aytmasang, vaqti-soati kelib yuragingni ocharsan. Lekin bilib qo’y, dardingni yuragingning eng chuqur joylarida saqla, seni xafa qilganlar ma’yusligingni sezishmasin”, dedi mardonavor ohangda.
* * *
Oradan qancha vaqt o’tsa ham uyga qaytganimda go’yo ko’cha eshik qarshisida kresloga o’tirgan onam “Keldingmi, balam?” deb meni kutib oladigandek bo’laveradi. Onamnig vafotidan keyin Toshkentda yana yigirma yil yashagan bo’lsam-da, uyda yolg’iz qolganimda doimo onamning “Keldingmi, balam?” degan so’zi qulog’imga chalingandek bo’ladi.
Toshkentni tark etish oldi qabristonga borib, vidolashgan kunim kechasi onamni tush ko’rdim. Yana odatlariga ko’ra: “Keldingmi, balam? Safaring xayrli bo’lsin”, dedi menga yaqin kelib, boshimni siladi-da, mendan uzoqlashdi…
“Hidoyat” jurnalining 2012 yil 9-sonida bosilgan.