Мамлакат ҳукмдорнинг ўз ўғиллари ва ака-укалари билан бўлиб оладиган умумий моли эмасдир. Мамлакат фақат ҳукмдорга тегишли. Ҳукмдор ўлгандан кейин ким унинг ўрнига ўтирса, мамлакат идора қилиш ҳам унинг қўлига ўтади. Бир пайтлар хато йўлга кирган аждодларимиз ҳукмдор бўлиб турган пайтларида мамлакатни ота-ўғиллар ва ака-укалар орасида бўлдилар. Шунинг учун ҳам узоқ ҳукмдорлик қила олмадилар
ШАЙХ АДАБАЛИНИНГ
УСМОН ҒОЗИЙГА НАСИҲАТЛАРИ
Муҳаммад Қобил таржимаси
Тарихга шон ва шараф берган буюк давлат арбоблари улуғ устозлар соясида етишган эдилар. Улар ўз тарбиясидагилар қалбига масъулият ва марҳамат туйғулари жойлаштирганлар.
Эртуғрул Ғозий буюк шайх Адабали (1206 — 1326) ҳазратларини ўзига устоз деб билар, ўғли Усмон Ғозийни ҳам бу устознинг тарбиясига берган эди. Эртуғрул Ғозий ўғли Усмон Ғозийга шундай васият қолдирган эди:
“Эй ўғил! Шайх Адабалини асло хафа қилма. У бизнинг қавмимизнинг машъалидир. Тарозиси бир дирҳамга ҳам адашмайди.
Менга қарши келсанг ҳам, унга қарши келма. Менга қарши чиқсанг, хафа бўламан. Унга қарши келсанг, кўзларим сенга боқмайдиган, боқса ҳам, сени кўрмайдиган бўлади. Бу сўзларим шайх Адабали учун эмас, сен учундир. Бу гапларимни васиятим ўрнида кўр”.
Жуда тиришқоқ бўлган Усмон Ғозийни Шайх Адабали ўз тарбиясига олиб, унга маърифатуллоҳ (Аллоҳни таниш) завқини тоттирди ва гўзал ахлоқ соҳиби қилиб тарбиялади. Шу тарзда Усмон Ғозийни жаҳоншумул давлатнинг ҳукмдорлигига ҳозирлади. Айни жиҳатдан Усмонли давлатининг асл меъмори Шайх Адабали ҳазратларидир. Онадўлининг бошқа беклари бундай устозлари бўлмагани учун инқирозга учрар экан, Усмонли беклиги қисқа бир фурсатда давлатга айланиб, кейин жаҳон миқёсидаги буюк салтанат даражасига етди. Бу давлат олти аср мобайнида дунёни Ислом дини билан таништирди, адолат ва ҳақ тарафида бўлди, Ҳақнинг тарозиси бўлди.
Шайх Адабали ҳазратларининг Усмон Ғозий ва ундан кейин келадиган давлат раҳбарларига тавсияларидан бири мана бу эди:
“Эй ўғил!
Сиз бексиз! Бундан кейин жаҳл биздан, итоатгўйлик сиздан… Ранжиш биздан, кўнгил олиш сиздан… Айблаш биздан, чидаш сиздан… Ожизлик, заифлик биздан, сабр сиздан… Талашиб-тортишиш, уруш-жанжал, тушунмовчиликлар биздан, адолат қилиш сиздан… Ёмон сўз, шум оғиз, ҳақсиз гап биздан, кечириш сиздан…
Эй ўғил!
Бундай кейин бўлиш биздан, бутун қилиш сиздан… Эринчоқлик биздан, огоҳлантириш, ғайратга ғайрат қўшиш, барпо қилиш сиздан…
Эй ўғил!
Юкингиз оғир, ишингиз қийин, масъулиятингиз оғир… Аллоҳ таоло ёрдамчингиз бўлсин. Беклигингизни муборак қилсин. Ҳақ йўлига фойдали бўлсин. Нурини узоқларга етиштирсин. Сизга юкингизни ташийдиган куч, оёғингизни чалкаштирмайдиган ақл ва юрак берсин…
Сиз ва дўстларингиз қилич билан, биз каби дарвешлар фикр, тафаккур ва дуо билан бизга ваъда қилинганларнинг йўлини очмоғимиз, тўсиқларни ўртадан кўтариб ташлашимиз керак.
Сабр жудажуда муҳим нарса. Бек сабр қилишни билиши лозим. Вақти келмай туриб гул очилмайди. Хом нок ейилмайди, ейилса ҳам томоққа тиқилиб қолади. Ўйламай, шошилиб ишлатилган қилич ҳам пишмай туриб ейилган нок кабидир.
Миллатингиз ўз зийраклиги ичида яшасин. Ундан юз ўгирманг. Ҳар доим унинг мавжудлигини ҳис қилиб туринг. Жамиятни бошқарадиган ҳам, уни тирик тутадиган ҳам шу зийракликдир.
Энг буюк зафар нафсингизни танишингиздир. Инсоннинг ўзи ўзига энг хавфли душмандир. Дўст эса ўз нафсини таниган кишидир.
Мамлакат ҳукмдорнинг ўз ўғиллари ва ака-укалари билан бўлиб оладиган умумий моли эмасдир. Мамлакат фақат ҳукмдорга тегишли. Ҳукмдор ўлгандан кейин ким унинг ўрнига ўтирса, мамлакат идора қилиш ҳам унинг қўлига ўтади. Бир пайтлар хато йўлга кирган аждодларимиз ҳукмдор бўлиб турган пайтларида мамлакатни ота-ўғиллар ва ака-укалар орасида бўлдилар. Шунинг учун ҳам узоқ ҳукмдорлик қила олмадилар (Бу насиҳат Усмонли давлатининг олти юз йил яшашига сабабчи бўлди).
Бир марта ерга ўтирган киши ўрнидан осонлик билан тура олмайди. Ҳаракат қилмаган киши танбал бўлиб қолади. Танбал киши эса бекорчи гаплар билан машғул бўлади. Бекорчи гаплардан эса турли миш-мишлар туғилади. Миш-мишлар тарқаган жойда эса қутулиш бўлмайди. Дўст душманга, душман эса жониворга айланади…
Тўкилган қон бекорга тўкилмаслиги керак. Оқаётган қоннинг йўл ва ёни бўлиши керак. Зеро, қон тупроқни суғориш учун оқмайди.
Инсоннинг кучи бир кун тугайди, лекин илм мангу яшайди. Илмнинг нури ёпиқ кўзлардан ҳам ичкарига киради, уларга зиё беради.
Ҳайвон ўлса – самари, инсон ўлса – асари қолади. Кетган учун эмас, ташлаб кетмаган учун кўз ёши тўкмоқ лозим. Ташлаб кетганнинг ташлаб кетган жойидан ишни давом эттириш керак бўлади.
Урушни севмайман. Қон оқишидан хурсанд бўлмайман. Шундай бўлса ҳам, қилич доимо қинида қолмаслиги керак. Лекин қилич ҳаёт бериш учун қинидан чиқиши лозим. Бир кишининг бошқа бир кишига қилич кўтариши жиноят. Бек мамлакатдан устун эмас – биргина бекнинг хоҳиши учун уруш қилинмайди.
Ўтиришга, дам олишга вақтимиз йўқ. Чунки фурсат йўқ, вақт оз.
Ёлғизлик – қўрқоқлар учун. Тупроқнинг етилиш вақтини билган киши бошқалардан насиҳат сўраб ўтирмайди. Тупроқнинг тобга келганини била олса, кифоя.
Ўтмишини билмаган келажагини ҳам билмайди. Эй Усмон, ўтмишингизни яхши билингки, келажакка ишонч билан қадам қўясиз. Қаердан келганингизни унутмангки, қаерга кетишингизни ҳам унутмагайсиз…”
Мана шундай қиёмат насиҳатлари билан шайх Адабали ҳазратлари Усмонбекни хамир каби пиширар эдилар. Пишириши ҳам лозим эди. Чунки Усмонбек қийин аҳволда эди. Ҳар томондан келиб ўзига қўшилган бекликларни бир ерда тўпласинми, Византияни ё Германни қўлласинми, Мўғулларни кузатсинми, қўшни бекликлар билан жанг қилсинми? Мана шундай вазиятда шайх Адабали Усмонбекга насиҳатлари билан ёрдам берар, унга йўл кўрсатар эди.
Манбаъ: Усмон Нурий Тўпбошнинг «Бир кўза сув» китоби, Москва, 2010
SHAYX ADABALINING
USMON G’OZIYGA NASIHATLARI
Muhammad Qobil tarjimasi
Tarixga shon va sharaf bergan buyuk davlat arboblari ulug‘ ustozlar soyasida yetishgan edilar. Ular o‘z tarbiyasidagilar qalbiga mas’uliyat va marhamat tuyg‘ulari joylashtirganlar.
Ertug‘rul G‘oziy buyuk shayx Adabali (1206 — 1326) hazratlarini o‘ziga ustoz deb bilar, o‘g‘li Usmon G‘oziyni ham bu ustozning tarbiyasiga bergan edi. Ertug‘rul G‘oziy o‘g‘li Usmon G‘oziyga shunday vasiyat qoldirgan edi:
“Ey o‘g‘il! Shayx Adabalini aslo xafa qilma. U bizning qavmimizning mash’alidir. Tarozisi bir dirhamga ham adashmaydi.
Menga qarshi kelsang ham, unga qarshi kelma. Menga qarshi chiqsang, xafa bo‘laman. Unga qarshi kelsang, ko‘zlarim senga boqmaydigan, boqsa ham, seni ko‘rmaydigan bo‘ladi. Bu so‘zlarim shayx Adabali uchun emas, sen uchundir. Bu gaplarimni vasiyatim o‘rnida ko‘r”.
Juda tirishqoq bo‘lgan Usmon G‘oziyni Shayx Adabali o‘z tarbiyasiga olib, unga ma’rifatulloh (Allohni tanish) zavqini tottirdi va go‘zal axloq sohibi qilib tarbiyaladi. Shu tarzda Usmon G‘oziyni jahonshumul davlatning hukmdorligiga hozirladi. Ayni jihatdan Usmonli davlatining asl me’mori Shayx Adabali hazratlaridir. Onado‘lining boshqa beklari bunday ustozlari bo‘lmagani uchun inqirozga uchrar ekan, Usmonli bekligi qisqa bir fursatda davlatga aylanib, keyin jahon miqyosidagi buyuk saltanat darajasiga yetdi. Bu davlat olti asr mobaynida dunyoni Islom dini bilan tanishtirdi, adolat va haq tarafida bo‘ldi, Haqning tarozisi bo‘ldi.
Shayx Adabali hazratlarining Usmon G‘oziy va undan keyin keladigan davlat rahbarlariga tavsiyalaridan biri mana bu edi:
“Ey o‘g‘il!
Siz beksiz! Bundan keyin jahl bizdan, itoatgo‘ylik sizdan… Ranjish bizdan, ko‘ngil olish sizdan… Ayblash bizdan, chidash sizdan… Ojizlik, zaiflik bizdan, sabr sizdan… Talashib-tortishish, urush-janjal, tushunmovchiliklar bizdan, adolat qilish sizdan… Yomon so‘z, shum og‘iz, haqsiz gap bizdan, kechirish sizdan…
Ey o‘g‘il!
Bunday keyin bo‘lish bizdan, butun qilish sizdan… Erinchoqlik bizdan, ogohlantirish, g‘ayratga g‘ayrat qo‘shish, barpo qilish sizdan…
Ey o‘g‘il!
Yukingiz og‘ir, ishingiz qiyin, mas’uliyatingiz og‘ir… Alloh taolo yordamchingiz bo‘lsin. Bekligingizni muborak qilsin. Haq yo‘liga foydali bo‘lsin. Nurini uzoqlarga yetishtirsin. Sizga yukingizni tashiydigan kuch, oyog‘ingizni chalkashtirmaydigan aql va yurak bersin…
Siz va do‘stlaringiz qilich bilan, biz kabi darveshlar fikr, tafakkur va duo bilan bizga va’da qilinganlarning yo‘lini ochmog‘imiz, to‘siqlarni o‘rtadan ko‘tarib tashlashimiz kerak.
Sabr judajuda muhim narsa. Bek sabr qilishni bilishi lozim. Vaqti kelmay turib gul ochilmaydi. Xom nok yeyilmaydi, yeyilsa ham tomoqqa tiqilib qoladi. O‘ylamay, shoshilib ishlatilgan qilich ham pishmay turib yeyilgan nok kabidir.
Millatingiz o‘z ziyrakligi ichida yashasin. Undan yuz o‘girmang. Har doim uning mavjudligini his qilib turing. Jamiyatni boshqaradigan ham, uni tirik tutadigan ham shu ziyraklikdir.
Eng buyuk zafar nafsingizni tanishingizdir. Insonning o‘zi o‘ziga eng xavfli dushmandir. Do‘st esa o‘z nafsini tanigan kishidir.
Mamlakat hukmdorning o‘z o‘g‘illari va aka-ukalari bilan bo‘lib oladigan umumiy moli emasdir. Mamlakat faqat hukmdorga tegishli. Hukmdor o‘lgandan keyin kim uning o‘rniga o‘tirsa, mamlakat idora qilish ham uning qo‘liga o‘tadi. Bir paytlar xato yo‘lga kirgan ajdodlarimiz hukmdor bo‘lib turgan paytlarida mamlakatni ota-o‘g‘illar va aka-ukalar orasida bo‘ldilar. Shuning uchun ham uzoq hukmdorlik qila olmadilar (Bu nasihat Usmonli davlatining olti yuz yil yashashiga sababchi bo‘ldi).
Bir marta yerga o‘tirgan kishi o‘rnidan osonlik bilan tura olmaydi. Harakat qilmagan kishi tanbal bo‘lib qoladi. Tanbal kishi esa bekorchi gaplar bilan mashg‘ul bo‘ladi. Bekorchi gaplardan esa turli mish-mishlar tug‘iladi. Mish-mishlar tarqagan joyda esa qutulish bo‘lmaydi. Do‘st dushmanga, dushman esa jonivorga aylanadi…
To‘kilgan qon bekorga to‘kilmasligi kerak. Oqayotgan qonning yo‘l va yoni bo‘lishi kerak. Zero, qon tuproqni sug‘orish uchun oqmaydi.
Insonning kuchi bir kun tugaydi, lekin ilm mangu yashaydi. Ilmning nuri yopiq ko‘zlardan ham ichkariga kiradi, ularga ziyo beradi.
Hayvon o‘lsa – samari, inson o‘lsa – asari qoladi. Ketgan uchun emas, tashlab ketmagan uchun ko‘z yoshi to‘kmoq lozim. Tashlab ketganning tashlab ketgan joyidan ishni davom ettirish kerak bo‘ladi.
Urushni sevmayman. Qon oqishidan xursand bo‘lmayman. Shunday bo‘lsa ham, qilich doimo qinida qolmasligi kerak. Lekin qilich hayot berish uchun qinidan chiqishi lozim. Bir kishining boshqa bir kishiga qilich ko‘tarishi jinoyat. Bek mamlakatdan ustun emas – birgina bekning xohishi uchun urush qilinmaydi.
O‘tirishga, dam olishga vaqtimiz yo‘q. Chunki fursat yo‘q, vaqt oz.
Yolg‘izlik – qo‘rqoqlar uchun. Tuproqning yetilish vaqtini bilgan kishi boshqalardan nasihat so‘rab o‘tirmaydi. Tuproqning tobga kelganini bila olsa, kifoya.
O‘tmishini bilmagan kelajagini ham bilmaydi. Ey Usmon, o‘tmishingizni yaxshi bilingki, kelajakka ishonch bilan qadam qo‘yasiz. Qayerdan kelganingizni unutmangki, qayerga ketishingizni ham unutmagaysiz…”
Mana shunday qiyomat nasihatlari bilan shayx Adabali hazratlari Usmonbekni xamir kabi pishirar edilar. Pishirishi ham lozim edi. Chunki Usmonbek qiyin ahvolda edi. Har tomondan kelib o‘ziga qo‘shilgan bekliklarni bir yerda to‘plasinmi, Vizantiyani yo Germanni qo‘llasinmi, Mo‘g‘ullarni kuzatsinmi, qo‘shni bekliklar bilan jang qilsinmi? Mana shunday vaziyatda shayx Adabali Usmonbekga nasihatlari bilan yordam berar, unga yo‘l ko‘rsatar edi.
Manba’: Usmon Nuriy To‘pboshning “Bir ko‘za suv” kitobi, Moskva, 2010