Doston aytishda so’z, soz va ovoz bir bo’lsin. Baxshi Abdunazar Poyonov bilan suhbat & «Alpomish» dostoni. Hujjatli film & «Alpomish» dostonidan parchalar

067   Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов  “Oxus Culture” ташкилоти ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси билан ҳамкорликда 15-16-17-18-19-январь кунлари  галерея биносида “Алпомиш” достонини ижро этди. Таниқли бахши билан достон ва бахшичилик ҳақида суҳбатлашдик.

ДОСТОН АЙТИШДА СЎЗ, СОЗ
ВА ОВОЗ БИР БЎЛСИН

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ БАХШИСИ АБДУНАЗАР ПОЁНОВ БИЛАН СУҲБАТ
02

“Oxus Culture” ташкилоти ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорликда 15-16-17-18-19-январь кунлари Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси биносида “Алпомиш” достонини Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижро этди. У киши билан достон ва бахшичилик ҳақида суҳбатлашдик.

067

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Халқ достонларидаги муболаға санъатининг ниҳоятда кўп ва орттирилган даражада қўлланилишига сабаб нимада?

Абдуназар ПОЁНОВ: Аниқ бир сабаб кўрсатиш қийин, биздан олдин ўтган устозларимиз шундай куйлаган биз ҳам шундай куйлаймиз, уни камайтиришга ёки умуман айтмасликка, йўқотиб юборишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Лекин биз уни бирозгина кўпайтиришимиз мумкин. Муболағанинг қўлланилиш сабаби ва биз унга бироз қўшимча қўшиш сабабларидан бири бу тингловчиларни қизиқтириш, уларнинг эътиборларини, диққатларини имкон қадар ўзимизга тортиш. Бир вақтлар Азим шоир деган бахши ўтган, ўзи савдо сотиқ билан шуғулланган, ишлари билан Қозоғистонга борган пайти мол оладиган докондорни тополмай турса уни тўйга кетганлигини айтган. Дўкондорни излаб тўйга борсалар Азим шоирни тўйдаги айтишувга таклиф қилибди. Уларнинг тўйларида ўша пайтлари қиз томон ва йигит томонга ажралиб айтишувлар бўларкан. Азим шоирга қайси томондан бўлишини сўрабти, шунда дўкончининг қиз томондалигини билиб шу тарафга ўтибди. Айтишув бошланган бизнинг бахши “Алпомиш”дан айтайинми деб тингловчилардан изн олиб достоннинг энг муболағали жойларидан келтирибди:

Шомурти шохалаб ётган,
Ичида сичқонлар болалаб кетган.
Изидан тушган пишак
Олти ойда етган…

Шунда тингловчилар орасида қозоқнинг бир муллоси бор экан, эй ўзбек сен бундай ёлғон айтма олти ойлик йўл қанда бўлиб кетади, росингни айт дебти. Достонни куйлашда давом этибди:

Уч юз қулоч арқон жетмас белига
Тушунмайди одам унинг тилига
Дучор бўлди Қоражоннинг қўлига
Уни ҳам силтаб отти Чилбирнинг чўлига…

деган қаторлардан сўнг бахшини яна тўхтатибди, уч юз қулоч арқон унинг белига етмаслиги мумкин эмас, шунча арқон билан бир овулни ўраб олса бўлади деб эътироз билдирибти. Айтиш давом этибти қиз томон йигит томонни енгибти. Бунда Азим шоир бахшимизнинг ҳам ҳиссалари катта бўлган. Бизга шу нарсаларни ҳикоя қилиб берган. Ёзма адабиёт пайдо бўлишидан олди бўлган бундай ҳодисалар кейинчаллик хатга кўчирилган. Бундай муболағалар халққа, тингловчига қизиқарли бўлганлиги учун йўқ бўлмай келяпти деб ўйлайман.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Бахши бува ҳозир айтиб ўтдингиз биз бу муболағаларни кўпайтиришимиз мумкин-у, лекин қамайтиролмаймиз деб. Шу кўпайишда, яъни муболағанинг ўта даражада орттирилишга маълум бир мезонлар талаб қилиб қўйиладими?

08Абдуназар ПОЁНОВ: Халқ достонларининг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш, уларни бойитиш мақсадимиз, муддаомиз. Агар бугун бир жойини қолдириб айтсак, эртага иккинчи жойини ташлаб кетсак учунчи куни яна бир жойига путир етса достонлар йўқ бўлиб, унитилиб кетиши мумкин. Айни ҳозирги кунда ҳам кўплаб достонларимиз бор, лекин унинг оҳанглари йўқ. Дўмбира, овоз, матин шу учтаси сўз, соз, овоз бир бўлса кейин жонли ижро бўлади. Фолклоршунос олим Малик Муродов домла айтарди бу достон бахшиларнинг сози билан, овози билан достон бўлади, китобга тушган матн ўлик матн, қачон бахши айтса куйласа у тирилади деярди. Шунинг учун биз жуда ошириб эмас, аввалгини йўқотмасдан кейингига, оз моз шунга монанд сўзлар бўлса қўшишимиз керак, шунда достон бойиди. Достоннинг дастлабки ҳажми вақт ўтган сари қисқариб бораверса у китоб ҳолидадаги вариантлари ҳам қисқариб кетса бу йўқликка юз тутиши мумкин. Биз шуларнинг олдини олиш мақсадидагина достон суюжетидан четлашмаган ҳолда бирозгина қўшимчалар қўшишимиз мумкин. Аввалги бахшиларимизга қараганда бугунги кун бахшиларининг айтаётганларида фарқ бор, бу фарқ достонлардаги қисқариш камайиш, балки бу аудиториянинг талаби шундайдир. Устозларимиз Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир, Шерна шоирлар талқинидаги “Алпомиш” достонини айтиш учун ўртача 35-40 соат вақт керак бўлади. Мана биз 5 кунга мўлжаллаб олган достонни ҳар куни икки соат, икки ярим соатдан айтсак ҳам ўн бир соат, ўн икки соат айтган бўламиз бу ҳам қисқарган бўлади лекин, мен унинг бирор воқеасини қолдирмасдан айтяпман.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: “Алпомиш” достонида умуман олганда барча достонларда 40 рақамига алоҳида урғу берилади. Масалан: 40 кеча кундуз берилган тўй, 40 кунлик йўл, 40 каниз ёки хизматкор, маҳрам ва шу кабилар 40 сонида қандай рамзий маъно бор?

Абдуназар ПОЁНОВ: Тўғри достонларда уч, етти каби сонлар қаторида қирқ сонига алоҳида урғу берилади, кўп ишлатилади. Қирқ қулоқли қозондек, Зил тоғидан қирқ арав тош олиб келиб Алпомиш ётган чоҳга ташлаш, қирқ чилла, қирқ чилтанлар ва шу кабилар кўплаб учрайди. Динимизда ҳам қирқ рақами ҳосиятли деб қаралади, илгариги даврларда уламоларнинг айниқса дин кишиларининг чилла ўтириши, чилла сўзининг маъноси ҳам қирқ дегани. Чилладан сўнг қайта дунёга келгандек, табиий ва илмий қуввати ортишгандек бўлиши достонларда ўз аксини топган. Ҳозир айнан мана бу сабаб билан қирқ рақами кўп қўлланади деёлмайман, бунга аниқлик киритиш кўпроқ адабиётшунослар, фолклоршуносларнинг вазифаси деб биламан.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Достондаги қаҳрамонларнинг тушлари, тингловчи учун ҳам ўқувчи учун ҳам жуда қизиқарли. Масалан Алпомишнинг 7 ёш пайтида тушига Пир бобоси кириб ёнига қилич қўйиб кетиши ва бу ҳақиқатдан ҳам содир бўлганлиги, Алпомиш ва Қоражоннинг дўстлашувининг тушларда аён бўлиши, Барчинойнинг отасини қайта қайта тушида кўриб безовта бўлиши. Қаҳрамонлар тушларининг ҳақиқатдан ҳам ўнгларида содир бўлиши. Буларнинг қандай тарихий ёки тарбиявий аҳамияти бор?

Абдуназар ПОЁНОВ: Достондаги тушлар кўп нарсани англатади. Масалана “Кунтуғмуш” достонида Кунтуғмушга Ҳолбека ўзи кўрган хосиятсиз тушни айтади:

Икки қаноти майиб бўлган қуш кўрдим
Кеча шундай бир қабоҳат туш кўрдим…

деб атрофдагиларларга шубҳа назари билан қарайди, душманлар қўлига тушиб қолмасдан бу ерлардан кетайлик деса Кунтуғмуш туш шайтоний ҳам раҳмоний бўлади сенинг кўрган тушинг шайтоний, айниқса, аёлларнинг туши кўпинча шайтоний бўлади, одам қорни тўйиб ухлаб қолса ҳам, ноқулай ётиб қолган бўлса ҳам ёмон туш кўради деб уни юпатган бўлади. Лекин тонг отгач уларни ғанимлар таниб қоладида тутишади. Кунтуғмушнинг ҳам гапида жон бор эди. Қадимий китобларнинг баъзиларида келтирилишича одам ётганда ўнг томон билан ётиш керак дейилса, баъзиларида эса пайғамбарлар осмонга қараб ётишар экан дейди, авлиёлар ўнг томони билан ётишар экан дейди, подшолар чап томони билан ётишаркан дейилади. Чалқанчасига ётиш эса шайтоннинг ётиши дейди. Булар фарзадир, тахминдир, лекин тиббиёт нуқтаи назаридан қаралса юзтубан бўлиб ётиш одам саломатлигига зарарлиги аниқланган, овқат ҳазим қилишда муамолар бунга сабаб бўларкан. Умуман олганда булар билан достонларда нима айтилмоқчи, ҳамма нарсани яхшиликка деб билиш, яхши ният қилишга халқни ўргатишдир. Масалан Бойбўрининг кўрган тушлари ва унинг ижобати, Алпомиш билан Қоражоннинг илоҳий дўстлигининг дастлабки белгиси тушда аён бўлиши бу тушлардан яхшилик ахтариш, тушлардан эзгулик излаш кераклигининг белгиси. Агар эътибор берилса тушлар билан боғлиқ деярли барча эпизодлар ижобий маъно мазмун касб этади.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Ёшларни комил инсон руҳида тарбийлашда “Алпомиш” достонининг қайси жиҳатлари алоҳида аҳамиятга эга ва қайси жиҳатлари бўртиб кўринади. Умуман олганда достоннинг ёшлар тарбиясидаги рўли ва аҳамияти ҳақида гапирсангиз?

Абдуназар ПОЁНОВ: “Алпомиш” достонини ҳамма ёшларимиз тинглашини ҳохлайман, уни ўқиш бошқа, тинглаш бошқа китобни ўқиса яхши, лекин тингласа бахши унга дўмбира ва овоз тўни ёрдамида нола, қайғу, қувонч, шодлик каби кайфият белгисини едириб юборади. Достоннинг тарбиявий аҳамияти нима? Бунда фақат яхшилик куйланади масалан барча достонларнинг якуний қисмида яхшилар етди муродга ёмонлар қолди уятга ёки ёмонлар қолди иснотга мазмуни билан тугайди. Достонда ватанчарварлик, мардлик, жасурлик, ор номус ота онага ҳурмат иззат, катталарни иззат қилиш кичкиналарни ҳурмат қилиш каби тушунчалар тарғиб қилинади. Яхши гап, тўғри гап, ёлғон гап, ёмон гап, ғийбат гап бунинг барча барчасини ишлатганлар қандай аҳволга тушганлари кўрсатиб берилади. Бундан ташқари ахлоқ, одоб қариндош уруғчилик муносабатлари, юртни қадрлаш, элни эъзозлаш кераклиги воқеалар асосида ёритиб берилган. Қадим замонларда ҳам ўзга юртларда ҳеч ким ўз юртидай эминликда бўлмаган, унинг билими бўладими, ҳунари бўладими у кишидан келадиган наф тугагунча ҳурматда бўлганлиги достонларимизда кўрсатилган.
Достонда ҳам келтирилган ўзга элга бориб шоҳ бўлгунча ўз элингнинг қули бўл деб. Бу тушунча тарихдан маълум ўз исботини топган. Бу ерда урғу фақат Алпомишга қаратилиши керак эмас, тўғри йигитларимиз худди Алпомишдек март, жасур, кучли, ватанчарвар, ориятли, номусли бўлиши керак. Алпомиш бизнинг афсонавий миллий қаҳрамонимиз. Қизларимизнинг Барчинойдай вафодор, сабрли, ақлли, мулоҳазали, уста тадбирли бўлиши керак. Умуман олганда достоннинг ҳар бир жиҳати ёшларимизни комил инсон руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган манбадир. Ана шундайлиги сабабли ҳам унинг умри боқий акс ҳолда бугунги кунга келиб “Алпомиш” достони қолаверса бошқа халқ достонлари йўқолиб кетган бўларди.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Шеробод бахшичилик мактабида қайси достонни мураккаб, уни куйлаш кўп вақт ва меҳнат талаб қилади?

Абдуназар ПОЁНОВ: Ҳажмининг катта кичиклигига қараб барча достонларга ҳам ижодий меҳнат сарфланади. Ҳажми кичкина достонни тез ўрганса бўлади кичкина бўлганда ҳам 120 бет 180 бет атрофида. Энг ҳажми катта достонлардан бири “Алпомиш” достони, энг қизиқарли достон ҳам шу достон. Бахшичилигимизда биринчи бўлиб устзолар “Алпомиш”дан ўргатиб бошлайди чунки, Сурхандарё, Қашқадарёда бахшичиликнинг бешиги сифатида қаралади бу достонга. Олдин “Алпомиш” ўрганилади кейин бошқаларини, бу мажбурий эмас, лекин шундай бўлиши керак деб ҳисобланади. Чунки “Алпомиш”даги воқеалар бошқа достонлардаги воқеаларига яқинлик жиҳати бор. “Алпомиш”ни ўргангандан сўнг қолганларини ўрганиш осон бўлади. Биласиз бу достоннинг 40 га яқин вариантлари бор, китоб ҳолида фақатгина Фозил Йўлдош оғзидан ёзиб олинган вариант нашрдан чиққан. Ўтган йили вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мен ижро этган “Алпомиш” достони китоб ҳолида нашрдан чиқди. Уни сурхандарёлик Чоршам бахши Раҳматуллаев деган кишидан ўрганганман.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Бахшичиликда устоз шогирд анъаналари кечаси ва бугуни ҳақида ўзингиз мисолингизда гапирсангиз?

Абдуназар ПОЁНОВ: Устоз шогирд анъаналари узоқ ўтмиш билан боғлиқ, кейинчаллик буюк устозлар буларнинг мактабларига асос солган. Олдинги даврларда бир бола бахши бўлишга қизиқса бахши устозининг уйида бўлган унинг хизматини қилган, тўйларга, маросимларга борганда ёнида юрган шу тариқа достонларни ёд олган. Бизда Шеробод бахшичилик мактабининг асосчисини Шерна бахши дейди у Шерназар бахши ҳам дейилган. Унинг Умр шоир, Шотўра бахши, Мордоноқил бахши, Боймурод бахши каби йигирмага яқин шогирдлари бўлган. Ҳали айтганимдек шогирдлар бахшининг изидан юрган тўйга, байрамга ҳамиша бирга борганлар. Устоз ўзи биларкан қайси шогирди қачон эл хизматига чиқса бўлади, қачон катта бахши бўлиб давраларда куйласа бўлади ва дуо қиларкан. Лекин дуо олмасдан олдин эл олдига чиқолмаган, унга эл ҳам бу устозидан дуо олмаган деб яхши назар билан қарамас экан. Бу йиллар мобайнида анъана бўлиб келган. Шерна бахшидан кейин Мардоноқил бахши унинг ўғли Хушвақт бахши менинг устозим буёғига шогирдларим Муҳаммад бахши Эшбоев, Сафар бахши Шойдилов каби ўнлаб шогирдлар билан устоз шогирд анъаналарини шу тариқа давом эттириб келмоқдамиз. Яна бир нарсани айтиб ўтишим керакки бахши бўладиган одамнинг бу нарса қонида бўлиши керак, ўзида кучли иштиёқ бўлиши керак бўлмаса бари бефойда.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Халқ достонлари ихлосмандларига, ўқувчи-ю, тингловчиларига тилакларингизни билдириб ўтсангиз?

Абдуназар ПОЁНОВ: Чин ихлосмадларга тилагим ҳамиша соғ омон бўлсинлар, достон тинглаш учун вақтлари Ҳамиш мўл кўл бўлсин. Устозим Хушвақт бахшининг отаси айтган экан молингни харидорига сот деб бу чин дилдан тинглаш нияти билан келган одам бўлса битта бўлса ҳам айтиб беравер дегани экан. Мингта одам бўлсаю, берилиб эшитадигани бўлмаса фойдаси йўқ. Бахши бўлиш истагидаги ёшларга куч ғайрат, сабр қаноат, тилайман улуғ устоз бахшилардек бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилишда шаҳду шижоатни қўлдан бермасинлар.

Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ: Самимий суҳбат учун сизга ташаккур, халқ хизматидан асло чарчаманг. Суҳбат учун қамматли вақтингизни аяманингиздан миннатдормиз!

Суҳбатдош: Республика ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси Анвар АЛЛАМБЕРГЕНОВ.

17 январь 2019 йил

Oʻzbekiston xalq baxshisi Abdunazar Poyonov    “Oxus Culture” tashkiloti va Oʻzbekiston Tasviriy sanʼat galereyasi bilan hamkorlikda 15-16-17-18-19-yanvar kunlari  galereya binosida  “Alpomish” dostonini ijro etdi. Taniqli baxshi bilan doston va baxshichilik haqida suhbatlashdik.

DOSTON AYTISHDA SOʻZ, SOZ
VA OVOZ BIR BOʻLSIN
O’zbekiston xalq baxshisi Abdunazar Poyonov bilan suhbat
02

“Oxus Culture” tashkiloti va Oʻzbekiston Tasviriy sanʼat galereyasi hamkorlikda 15-16-17-18-19-yanvar kunlari Oʻzbekiston Tasviriy sanʼat galereyasi binosida “Alpomish” dostonini Oʻzbekiston xalq baxshisi Abdunazar Poyonov ijro etdi. U kishi bilan doston va baxshichilik haqida suhbatlashdik.

89

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Xalq dostonlaridagi mubolagʻa sanʼatining nihoyatda koʻp va orttirilgan darajada qoʻllanilishiga sabab nimada?

Abdunazar POYONOV: Aniq bir sabab koʻrsatish qiyin, bizdan oldin oʻtgan ustozlarimiz shunday kuylagan biz ham shunday kuylaymiz, uni kamaytirishga yoki umuman aytmaslikka, yoʻqotib yuborishga bizning haqqimiz yoʻq. Lekin biz uni birozgina koʻpaytirishimiz mumkin. Mubolagʻaning qoʻllanilish sababi va biz unga biroz qoʻshimcha qoʻshish sabablaridan biri bu tinglovchilarni qiziqtirish, ularning eʼtiborlarini, diqqatlarini imkon qadar oʻzimizga tortish. Bir vaqtlar Azim shoir degan baxshi oʻtgan, oʻzi savdo sotiq bilan shugʻullangan, ishlari bilan Qozogʻistonga borgan payti mol oladigan dokondorni topolmay tursa uni toʻyga ketganligini aytgan. Doʻkondorni izlab toʻyga borsalar Azim shoirni toʻydagi aytishuvga taklif qilibdi. Ularning toʻylarida oʻsha paytlari qiz tomon va yigit tomonga ajralib aytishuvlar boʻlarkan. Azim shoirga qaysi tomondan boʻlishini soʻrabti, shunda doʻkonchining qiz tomondaligini bilib shu tarafga oʻtibdi. Aytishuv boshlangan bizning baxshi “Alpomish”dan aytayinmi deb tinglovchilardan izn olib dostonning eng mubolagʻali joylaridan keltiribdi:

Shomurti shoxalab yotgan,
Ichida sichqonlar bolalab ketgan.
Izidan tushgan pishak
Olti oyda yetgan…

Shunda tinglovchilar orasida qozoqning bir mullosi bor ekan, ey oʻzbek sen bunday yolgʻon aytma olti oylik yoʻl qanda boʻlib ketadi, rosingni ayt debti. Dostonni kuylashda davom etibdi:

Uch yuz quloch arqon jetmas beliga
Tushunmaydi odam uning tiliga
Duchor boʻldi Qorajonning qoʻliga
Uni ham siltab otti Chilbirning choʻliga…

degan qatorlardan soʻng baxshini yana toʻxtatibdi, uch yuz quloch arqon uning beliga yetmasligi mumkin emas, shuncha arqon bilan bir ovulni oʻrab olsa boʻladi deb eʼtiroz bildiribti. Aytish davom etibti qiz tomon yigit tomonni yengibti. Bunda Azim shoir baxshimizning ham hissalari katta boʻlgan. Bizga shu narsalarni hikoya qilib bergan. Yozma adabiyot paydo boʻlishidan oldi boʻlgan bunday hodisalar keyinchallik xatga koʻchirilgan. Bunday mubolagʻalar xalqqa, tinglovchiga qiziqarli boʻlganligi uchun yoʻq boʻlmay kelyapti deb oʻylayman.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Baxshi buva hozir aytib oʻtdingiz biz bu mubolagʻalarni koʻpaytirishimiz mumkin-u, lekin qamaytirolmaymiz deb. Shu koʻpayishda, yaʼni mubolagʻaning oʻta darajada orttirilishga maʼlum bir mezonlar talab qilib qoʻyiladimi?

Abdunazar POYONOV: Xalq dostonlarining yoʻq boʻlib ketishining oldini olish, ularni boyitish maqsadimiz, muddaomiz. Agar bugun bir joyini qoldirib aytsak, ertaga ikkinchi joyini tashlab ketsak uchunchi kuni yana bir joyiga putir yetsa dostonlar yoʻq boʻlib, unitilib ketishi mumkin. Ayni hozirgi kunda ham koʻplab dostonlarimiz bor, lekin uning ohanglari yoʻq. Doʻmbira, ovoz, matin shu uchtasi soʻz, soz, ovoz bir boʻlsa keyin jonli ijro boʻladi. Folklorshunos olim Malik Murodov domla aytardi bu doston baxshilarning sozi bilan, ovozi bilan doston boʻladi, kitobga tushgan matn oʻlik matn, qachon baxshi aytsa kuylasa u tiriladi deyardi. Shuning uchun biz juda oshirib emas, avvalgini yoʻqotmasdan keyingiga, oz moz shunga monand soʻzlar boʻlsa qoʻshishimiz kerak, shunda doston boyidi. Dostonning dastlabki hajmi vaqt oʻtgan sari qisqarib boraversa u kitob holidadagi variantlari ham qisqarib ketsa bu yoʻqlikka yuz tutishi mumkin. Biz shularning oldini olish maqsadidagina doston suyujetidan chetlashmagan holda birozgina qoʻshimchalar qoʻshishimiz mumkin. Avvalgi baxshilarimizga qaraganda bugungi kun baxshilarining aytayotganlarida farq bor, bu farq dostonlardagi qisqarish kamayish, balki bu auditoriyaning talabi shundaydir. Ustozlarimiz Fozil Yoʻldosh oʻgʻli, Poʻlkan shoir, Sherna shoirlar talqinidagi “Alpomish” dostonini aytish uchun oʻrtacha 35-40 soat vaqt kerak boʻladi. Mana biz 5 kunga moʻljallab olgan dostonni har kuni ikki soat, ikki yarim soatdan aytsak ham oʻn bir soat, oʻn ikki soat aytgan boʻlamiz bu ham qisqargan boʻladi lekin, men uning biror voqeasini qoldirmasdan aytyapman.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: “Alpomish” dostonida umuman olganda barcha dostonlarda 40 raqamiga alohida urgʻu beriladi. Masalan: 40 kecha kunduz berilgan toʻy, 40 kunlik yoʻl, 40 kaniz yoki xizmatkor, mahram va shu kabilar 40 sonida qanday ramziy maʼno bor?

Abdunazar POYONOV: Toʻgʻri dostonlarda uch, yetti kabi sonlar qatorida qirq soniga alohida urgʻu beriladi, koʻp ishlatiladi. Qirq quloqli qozondek, Zil togʻidan qirq arav tosh olib kelib Alpomish yotgan chohga tashlash, qirq chilla, qirq chiltanlar va shu kabilar koʻplab uchraydi. Dinimizda ham qirq raqami hosiyatli deb qaraladi, ilgarigi davrlarda ulamolarning ayniqsa din kishilarining chilla oʻtirishi, chilla soʻzining maʼnosi ham qirq degani. Chilladan soʻng qayta dunyoga kelgandek, tabiiy va ilmiy quvvati ortishgandek boʻlishi dostonlarda oʻz aksini topgan. Hozir aynan mana bu sabab bilan qirq raqami koʻp qoʻllanadi deyolmayman, bunga aniqlik kiritish koʻproq adabiyotshunoslar, folklorshunoslarning vazifasi deb bilaman.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Dostondagi qahramonlarning tushlari, tinglovchi uchun ham oʻquvchi uchun ham juda qiziqarli. Masalan Alpomishning 7 yosh paytida tushiga Pir bobosi kirib yoniga qilich qoʻyib ketishi va bu haqiqatdan ham sodir boʻlganligi, Alpomish va Qorajonning doʻstlashuvining tushlarda ayon boʻlishi, Barchinoyning otasini qayta qayta tushida koʻrib bezovta boʻlishi. Qahramonlar tushlarining haqiqatdan ham oʻnglarida sodir boʻlishi. Bularning qanday tarixiy yoki tarbiyaviy ahamiyati bor?

Abdunazar POYONOV: Dostondagi tushlar koʻp narsani anglatadi. Masalana “Kuntugʻmush” dostonida Kuntugʻmushga Holbeka oʻzi koʻrgan xosiyatsiz tushni aytadi:

Ikki qanoti mayib boʻlgan qush koʻrdim
Kecha shunday bir qabohat tush koʻrdim…

deb atrofdagilarlarga shubha nazari bilan qaraydi, dushmanlar qoʻliga tushib qolmasdan bu yerlardan ketaylik desa Kuntugʻmush tush shaytoniy ham rahmoniy boʻladi sening koʻrgan tushing shaytoniy, ayniqsa, ayollarning tushi koʻpincha shaytoniy boʻladi, odam qorni toʻyib uxlab qolsa ham, noqulay yotib qolgan boʻlsa ham yomon tush koʻradi deb uni yupatgan boʻladi. Lekin tong otgach ularni gʻanimlar tanib qoladida tutishadi. Kuntugʻmushning ham gapida jon bor edi. Qadimiy kitoblarning baʼzilarida keltirilishicha odam yotganda oʻng tomon bilan yotish kerak deyilsa, baʼzilarida esa paygʻambarlar osmonga qarab yotishar ekan deydi, avliyolar oʻng tomoni bilan yotishar ekan deydi, podsholar chap tomoni bilan yotisharkan deyiladi. Chalqanchasiga yotish esa shaytonning yotishi deydi. Bular farzadir, taxmindir, lekin tibbiyot nuqtai nazaridan qaralsa yuztuban boʻlib yotish odam salomatligiga zararligi aniqlangan, ovqat hazim qilishda muamolar bunga sabab boʻlarkan. Umuman olganda bular bilan dostonlarda nima aytilmoqchi, hamma narsani yaxshilikka deb bilish, yaxshi niyat qilishga xalqni oʻrgatishdir. Masalan Boyboʻrining koʻrgan tushlari va uning ijobati, Alpomish bilan Qorajonning ilohiy doʻstligining dastlabki belgisi tushda ayon boʻlishi bu tushlardan yaxshilik axtarish, tushlardan ezgulik izlash kerakligining belgisi. Agar eʼtibor berilsa tushlar bilan bogʻliq deyarli barcha epizodlar ijobiy maʼno mazmun kasb etadi.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Yoshlarni komil inson ruhida tarbiylashda “Alpomish” dostonining qaysi jihatlari alohida ahamiyatga ega va qaysi jihatlari boʻrtib koʻrinadi. Umuman olganda dostonning yoshlar tarbiyasidagi roʻli va ahamiyati haqida gapirsangiz?

Abdunazar POYONOV: “Alpomish” dostonini hamma yoshlarimiz tinglashini hoxlayman, uni oʻqish boshqa, tinglash boshqa kitobni oʻqisa yaxshi, lekin tinglasa baxshi unga doʻmbira va ovoz toʻni yordamida nola, qaygʻu, quvonch, shodlik kabi kayfiyat belgisini yedirib yuboradi. Dostonning tarbiyaviy ahamiyati nima? Bunda faqat yaxshilik kuylanadi masalan barcha dostonlarning yakuniy qismida yaxshilar yetdi murodga yomonlar qoldi uyatga yoki yomonlar qoldi isnotga mazmuni bilan tugaydi. Dostonda vatancharvarlik, mardlik, jasurlik, or nomus ota onaga hurmat izzat, kattalarni izzat qilish kichkinalarni hurmat qilish kabi tushunchalar targʻib qilinadi. Yaxshi gap, toʻgʻri gap, yolgʻon gap, yomon gap, gʻiybat gap buning barcha barchasini ishlatganlar qanday ahvolga tushganlari koʻrsatib beriladi. Bundan tashqari axloq, odob qarindosh urugʻchilik munosabatlari, yurtni qadrlash, elni eʼzozlash kerakligi voqealar asosida yoritib berilgan. Qadim zamonlarda ham oʻzga yurtlarda hech kim oʻz yurtiday eminlikda boʻlmagan, uning bilimi boʻladimi, hunari boʻladimi u kishidan keladigan naf tugaguncha hurmatda boʻlganligi dostonlarimizda koʻrsatilgan.
Dostonda ham keltirilgan oʻzga elga borib shoh boʻlguncha oʻz elingning quli boʻl deb. Bu tushuncha tarixdan maʼlum oʻz isbotini topgan. Bu yerda urgʻu faqat Alpomishga qaratilishi kerak emas, toʻgʻri yigitlarimiz xuddi Alpomishdek mart, jasur, kuchli, vatancharvar, oriyatli, nomusli boʻlishi kerak. Alpomish bizning afsonaviy milliy qahramonimiz. Qizlarimizning Barchinoyday vafodor, sabrli, aqlli, mulohazali, usta tadbirli boʻlishi kerak. Umuman olganda dostonning har bir jihati yoshlarimizni komil inson ruhida tarbiyalashga xizmat qiladigan manbadir. Ana shundayligi sababli ham uning umri boqiy aks holda bugungi kunga kelib “Alpomish” dostoni qolaversa boshqa xalq dostonlari yoʻqolib ketgan boʻlardi.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Sherobod baxshichilik maktabida qaysi dostonni murakkab, uni kuylash koʻp vaqt va mehnat talab qiladi?

Abdunazar POYONOV: Hajmining katta kichikligiga qarab barcha dostonlarga ham ijodiy mehnat sarflanadi. Hajmi kichkina dostonni tez oʻrgansa boʻladi kichkina boʻlganda ham 120 bet 180 bet atrofida. Eng hajmi katta dostonlardan biri “Alpomish” dostoni, eng qiziqarli doston ham shu doston. Baxshichiligimizda birinchi boʻlib ustzolar “Alpomish”dan oʻrgatib boshlaydi chunki, Surxandaryo, Qashqadaryoda baxshichilikning beshigi sifatida qaraladi bu dostonga. Oldin “Alpomish” oʻrganiladi keyin boshqalarini, bu majburiy emas, lekin shunday boʻlishi kerak deb hisoblanadi. Chunki “Alpomish”dagi voqealar boshqa dostonlardagi voqealariga yaqinlik jihati bor. “Alpomish”ni oʻrgangandan soʻng qolganlarini oʻrganish oson boʻladi. Bilasiz bu dostonning 40 ga yaqin variantlari bor, kitob holida faqatgina Fozil Yoʻldosh ogʻzidan yozib olingan variant nashrdan chiqqan. Oʻtgan yili viloyat hokimligi tashabbusi bilan men ijro etgan “Alpomish” dostoni kitob holida nashrdan chiqdi. Uni surxandaryolik Chorsham baxshi Rahmatullayev degan kishidan oʻrganganman.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Baxshichilikda ustoz shogird anʼanalari kechasi va buguni haqida oʻzingiz misolingizda gapirsangiz?

Abdunazar POYONOV: Ustoz shogird anʼanalari uzoq oʻtmish bilan bogʻliq, keyinchallik buyuk ustozlar bularning maktablariga asos solgan. Oldingi davrlarda bir bola baxshi boʻlishga qiziqsa baxshi ustozining uyida boʻlgan uning xizmatini qilgan, toʻylarga, marosimlarga borganda yonida yurgan shu tariqa dostonlarni yod olgan. Bizda Sherobod baxshichilik maktabining asoschisini Sherna baxshi deydi u Shernazar baxshi ham deyilgan. Uning Umr shoir, Shotoʻra baxshi, Mordonoqil baxshi, Boymurod baxshi kabi yigirmaga yaqin shogirdlari boʻlgan. Hali aytganimdek shogirdlar baxshining izidan yurgan toʻyga, bayramga hamisha birga borganlar. Ustoz oʻzi bilarkan qaysi shogirdi qachon el xizmatiga chiqsa boʻladi, qachon katta baxshi boʻlib davralarda kuylasa boʻladi va duo qilarkan. Lekin duo olmasdan oldin el oldiga chiqolmagan, unga el ham bu ustozidan duo olmagan deb yaxshi nazar bilan qaramas ekan. Bu yillar mobaynida anʼana boʻlib kelgan. Sherna baxshidan keyin Mardonoqil baxshi uning oʻgʻli Xushvaqt baxshi mening ustozim buyogʻiga shogirdlarim Muhammad baxshi Eshboyev, Safar baxshi Shoydilov kabi oʻnlab shogirdlar bilan ustoz shogird anʼanalarini shu tariqa davom ettirib kelmoqdamiz. Yana bir narsani aytib oʻtishim kerakki baxshi boʻladigan odamning bu narsa qonida boʻlishi kerak, oʻzida kuchli ishtiyoq boʻlishi kerak boʻlmasa bari befoyda.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Xalq dostonlari ixlosmandlariga, oʻquvchi-yu, tinglovchilariga tilaklaringizni bildirib oʻtsangiz?

Abdunazar POYONOV: Chin ixlosmadlarga tilagim hamisha sogʻ omon boʻlsinlar, doston tinglash uchun vaqtlari Hamish moʻl koʻl boʻlsin. Ustozim Xushvaqt baxshining otasi aytgan ekan molingni xaridoriga sot deb bu chin dildan tinglash niyati bilan kelgan odam boʻlsa bitta boʻlsa ham aytib beraver degani ekan. Mingta odam boʻlsayu, berilib eshitadigani boʻlmasa foydasi yoʻq. Baxshi boʻlish istagidagi yoshlarga kuch gʻayrat, sabr qanoat, tilayman ulugʻ ustoz baxshilardek boʻlishi uchun tinimsiz mehnat qilishda shahdu shijoatni qoʻldan bermasinlar.

Anvar ALLAMBЕRGЕNOV: Samimiy suhbat uchun sizga tashakkur, xalq xizmatidan aslo charchamang. Suhbat uchun qammatli vaqtingizni ayamaningizdan minnatdormiz!

Suhbatdosh: Respublika yosh ijodkorlarning Zomin seminari ishtirokchisi Anvar ALLAMBЕRGЕNOV.

17 yanvar 2019 yil

07

(Tashriflar: umumiy 770, bugungi 1)

Izoh qoldiring