Malik Qayumov. Xotiralarimdan.

Ashampoo_Snap_2018.04.10_16h11m33s_004_.png22 апрел  — ўзбек ҳужжатли киносининг асосчиларидан бири  Малик Қаюмов туғилган кун

    Ўзбекистон ҳужжатли киносининг асосчиларидан бири  Малик (Абдумалик)  Қаюмов (1911—2010)   умри давомида икки юздан ортиқ фильмни суратга олган, улар орасида «Паранжи», «Қудратли тўлқин», «Олтин тўй», «Ўн уч қалдирғоч», «Тожихон билан учрашувлар», «Хива – тўрт дарвозали шаҳар», «Инсониятнинг беш қўли», «Баҳордан баҳоргача» ва бошқа фильмлар бор. У узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон кинематографистлари уюшмасига раҳбарлик қилган,кўплаб халқаро ва миллий мукофотларга сазовор бўлган. Қуйида Малик Қаюмовичнинг ўз ҳаёти ҳақидаги ҳикоясини  эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Малик Қаюмов
ХОТИРАЛАРИМДАН
001

Таваллудим ва насл-насабим ҳақида

099   Ўзим туғилган сана ва ойни билмайман. Фақат туғилган йилимни биламан – 1911 йил. Отам ўз болаларининг туғилган кунларини Қуръон саҳифаларига ёзиб қўярдилар. Аммо у вафот этганидан кейин Қуръонни йўқотиб қўйдик ва мен туғилган аниқ сана номаълумлигича қолди. Ойим бу баҳор кунларида, бозорда эндигина кўк пайдо бўлган пайтларда юз берганини айтгандилар.

Биз Тошкентнинг бугунги кунда Эски шаҳар деб аталадиган қисмида, ҳозирги аэропорт яқинида яшардик. Электр йўқ эди, сувни бир чақирим жойдан ташиб келтирардик. Шунга қарамай, ёмон яшамаганмиз.

Отамнинг исми Абдуқаюм эди. У нафақат Тошкентдаги, балки бутун Туркистондаги энг бой кишилардан эди. У бир нечта кўнчилик корхоналарига эга эди. Усталарни Германиядан олиб келарди. Энг сара қўйларнинг териси отамга тегишли эди. Шунингдек, унинг 400 гектар ерда мевали боғлари бўларди. Отни яхши кўрганидан отчопар қурдирганди ва пойгалар уюштириб турарди. Отам вафот этганидан кейин унинг банкдаги ҳисоб рақамида ўн миллион тилла пул топгандилар. Отам тилла тангаларни ёмон кўрардилар, бу пуллар чўнтакни тешади, дердилар. Онамга уйланганларида юзта кўйлак, эллик жуфт турли пойабзал, сон-саноқсиз тақинчоқлар, тилла буюмлар ва марваридлар юборган эканлар. Афтидан, шу бойликлар кейинчалик онамнинг беш болани боқишларига имкон берган кўринади. Бир куни – мен уч ёшларда эдим – отам уйга қайтгач, кўнгли айниётганини айтди ва ухлаб қолди, ҳуфтон намозига ҳам турмади. Эрталаб эса у қазо қилганди.

Бобом (онамнинг отаси) чиройли ойналарни яхши кўрардилар – унинг уйидаги қирқ деразани рангли шишалар безаб турарди. Онам томондан ҳамма қариндошларимиз узоқ умр кўрганлар: бувим юз ўн ёшга кирганлар, онам тўқсон олтига кирганлар, тоғам тўқсон иккига кириб вафот этганлар. Отам томондан бўлган қариндошларимиз эрта қазо қилганлар. Биз беш ўғил эдик, мен уларнинг тўртинчиси эдим. Укам отамнинг вафотларидан кейин туғилган. Ака-укаларим отамни тортдилар ва унча узоқ яшамадилар, мен онамга тортдим.

Ойим ўқимишли аёл эдилар: рус тилида эркин гапирардилар, арабча ўқирдилар, Қуръонни билардилар. Бизни ҳам ўқишга мажбур қилардилар. Шунинг учун ҳам олти ёшга кирганимда акам мени мактабга олиб бордилар.

Кўчамиздагиларнинг ҳаммаси меҳрибон ва оқила бўлганлари учун ойимни яхши кўрардилар. У кишининг олдига маслаҳат ва ёрдам сўраб ёки шунчаки яхши гап эшитиш учун келардилар. У киши ҳар доим шундай дердилар: дўстингни яхши кўр ва душманинг билан ўчакишма. Ўзингни ҳурмат қил, аммо бошқаларни ҳам иззатини жойига қўй. Агар битта нонинг бўлса ҳам, ўзингдан кўра муҳтожроқ одамга бер. Агар қўлингда ҳеч нарса бўлмаса, дил сўзингни дариғ тутма.

Санъат оламига кириб келишим

0041929 йили бир куни мактабимизда хушсурат киши – машҳур адмиралнинг ўғли Николай Николаевич Кладо пайдо бўлди. У ўн уч киши ичидан нимагадир мени танлаб, Ўзбекистондаги биринчи киностудия дарвозасига етаклаб келди. Мен ичкарига кирдим ва унинг эшиклари мен учун бир умрга ёпилди. Кладо мени ўзининг «Бағдоддан келган америкалик аёл» фильмида батрак ролида суратга олди. Кейин яна бир неча ролларда суратга тушдим, аммо мен кўпроқ ўзим кино олишни истардим. Баъзан менга объективга қарашга ва ҳатто дастакни бурашга рухсат беришарди.

Тасвирчи Фридрих Константинович Веригодоровский деган немис одам эди. Мен унга учоёқ ташишда, тунлари пленка ўрашда, сурат чиқаришда ёрдамлашардим. У менга кинотасвирчи билиши керак бўлган қарийб барча ишни ўргатди.

1930 йили Кладо мени Ленинградга олиб келди. Унинг уйидаги ўн олти хона китоблар билан лиқ тўла эди. Николайнинг онаси мендан «Уруш ва тинчлик»ни ўқиганмисан, деб сўради. Мен албатта ўқимагандим. У токчадан бир китоб олиб, олдимга қўйди ва ҳар куни 50 варақдан ўқишни буюрди. Бундан ташқари, у киши менга столда қандай ўтиришни, пичоқ ва санчқини қандай тутишни ўргатди – яъни мен у кишидан оддий Европа этикасини ўргандим.

1931 йилга келиб мен БДКИда ўқир эдим. Икки йил ўтгач эса ҳаммасини ўрганиб олдим, деган қарорга келиб, Тошкентга қайтдим ва кино ола бошладим. Дипломни эса ололмадим. Агар ўшанда Москвада қолганимда, мен Тошкентдаги биринчи троллейбусни, аёллар паранжи ташлаган гулханни… яна кўп нарсаларни суратга ололмаган бўлардим. Кейинчалик, ССЖИ халқ артисти унвонини олганимда, Меҳнат қаҳрамони, Давлат мукофоти совриндори ва ҳ.к. бўлганимда, мени бир ой парта ортида ўтириб, ўша дипломни олишга кўндиргандилар. Ҳозиргача «Нега шундай қилган эканлар», деб ўйлайман.

Майитларни тинч қўйинг!

03 1941 йил июнида мени Амир Темур, унинг ўғли Шоҳруҳ ва набираси Улуғбек мақбараларининг очилишини суратга олиш учун тайинлашди. Қабрларни очиш ишларида аввалроқ Иван Грозний суяклари қолдиқларидан унинг чинакам (?) қиёфасини тиклаган Михаил Михайлович Герасимов иштирок этарди.

17 июнь куни Шоҳруҳ ва Улуғбек қабрини очдилар. Шоҳруҳ Мирзо кафанга ўралган, Улуғбек эса арчадан қилинган тобутда ётарди. Тарихдан маълумки, буюк олимнинг калласи олинган. Шунинг учун боши танасидан жудо қилинган жасадни топганимизда роса суюнганмиз – кўз ўнгимизда, шубҳасиз, Улуғбек жасади қолдиқлари турарди.

Узоқ давом этган тасвирга олиш ишларидан сўнг чой ичгани чойхонага кирдим. У ерда учта чол ўтирар, улар олдида эски китоб бор эди. Улардан бири мендан «қабрларни очишга алоқангиз борми?» деб сўради. Мен «уларнинг энг каттасиман», дея ҳазиллашдим. Шунда чол менга: Темурнинг қабрини очиш мумкин эмас – уруш руҳи чиқиб кетиши мумкин, деди. Мен:  «Буни қаердан биласиз?» — деб сўрадим. Улар олдиларидаги очиқ китобни кўрсатиб: «Ўқи!» дедилар. Арабчани мен мактабдаёқ  ўрганган эдим, шунинг учун ҳам китобдан қуйидагиларни ўқидим: «Буюк Темур жасадига дахл қилма, акс ҳолда уруш бошланади».

Олимлар олдига – ҳукумат комиссияси раиси, шарқшунос А. А. Семенов, Т. Н. Қори Ниёзий ёнига чопиб бордим. Шундай-шундай, чоллар билан гаплашиб кўринглар, дедим. Ҳамма юқорига кўтарилди.  Улар китобга қараб кулишди. Чоллар аразлаб, китобни олиб,  кетиб қолишди.

Мен чолларни суратга олиш учун аппарат олдига югурдим. Бироқ, улар кетиб қолишганди. Бармоқ тишлаганча қолавердим.

Учинчи қабрни очдилар. Герасимов қопқоқни очиб, оёқ суягини қўлига олди. Шубҳасиз, бу оёқ суяги жаҳонгир  Амир Темурга тегишли эди: тизза бўғимида яроқ изини кўрдик. 21 июнь куни бош чаноғини чиқариб олдилар, менинг камерам буни тасвирга олди, 22 июнь куни эрталаб эса биз радиодан уруш бошланганини эшитдик.

Уруш йиллари

Ўша куннинг ўзидаёқ Герасимов учта калла суягини Москвага олиб кетди. Мен эса Регистон майдонида қизил туғларни ўпаётган, қасамёд қабул қилаётган ўн минглаб аскарларни кузатиб турардим. Шунда энди улгурсам керак, деб ўйладим. Минорага чиқиб, тепадан ажойиб томошанинг ҳаммасини суратга олдим.

Тез орада фронтга кетдим. Кинотасвирчилар уруш пайтида гранаталар улоқтиришмас ва зарурат бўлмаса отишмас эдилар. Лекин аскарлар билан бирга, қадамба-қадам юрардилар. Доим олдинги сафда икки кишилашиб ишлардилар. Менинг ёнимда дўстим Алеша Сёмин бор эди, у икки марта мени жанг майдонидан ярадор ҳолда олиб чиққан…

1944 йили Минск остонасида автоматдан отилган учта ўқ чап оёғимга келиб тегди – бир умрга Темурланг каби оқсоқ бўлиб қолдим. Мени Москвадаги Лефортово госпиталига олиб келдилар. Оёғимни кесиб ташламоқчи бўлишди… Бир куни палатада ётганимда қизиқ воқеа рўй берганини эслайман: қарасам, ҳамма соқол қиртишлаяпти, у ёқ-бу ёғини тозалаяпти, атир сепаяпти. Нима бало бўлдийкин, деб ўйладим. Йигитлар ақлдан озишибди. Охири чидамасдан: «Нима бўлаяпти ўзи, кимни кутаяпсизлар?» деб сўрадим. Ҳаммаси жўр бўлиб: «Галина Дмитриевнани! Қараб тур, ҳали у киши келганларида сен ҳам енгил тортасан!» дейишди. Галина Дмитриевна Чеснокова узун бўйли, сарвқомат, тилла сочли, мовийкўз аёл эди. У оёғимни кесиб ташлашни бекор қилди – оёқсиз тасвирчилик қилиб бўларканми. Кейин бутун операция мобайнида менинг унга қандай қилиб севги изҳор қилганимни гапириб бергандилар. 1945 йил мартида эса мен 2-гуруҳ ногирони бўлиб госпиталдан чиқиб кетдим.

Мендан тез-тез қандай қилиб шу ёшда ўзимни тетик сақлашим ҳақида сўраб қоладилар. Мен шунчаки бутун умр мобайнида ойимга берган ваъдамни бажараман, холос. Ичмайман, чекмайман, ҳеч қачон бу ишларни қилмаганман.

Мен бахтли инсонман

032    Агар мен нимадандир афсуслансам, ўзим суратга олган нарсалардан эмас, суратга ололмай қолган, кўз юмган нарсалардан афсусланаман.

Мен бир муддат нон шаҳри бўлолмай қолган Тошкентдаги очликни суратга олмаганим учун ўзимни кечиролмайман. Мен очликдан силласи қуриб, ишга кетаётган кишиларни кўргандим, уларнинг кўпчилиги йўлда кетаётиб йиқилиб тушардилар. Битта одамга бир кеча-кундузга яримта нон берардилар. Мен масжидлар ва черконларни қандай бузилганини, мадрасаларнинг қандай ташлаб кетилганини суратга ололмаганман. Ўзига ўлчаб берилган ерни олаётиб, бу бахтдан йиғлаган деҳқонни тасвирга туширмаганман. Шаҳарга сув ўтказганларида бухоролик кишининг қандай йиғлаганини, 270 километр узунликдаги Фарғона каналининг 45 кун ичида қандай қазилганини суратга ололмаганман. Бўлажак бадиий фильм учун Фарғона водийсига материал йиғишга келган Сергей Эйзенштейннинг қандоқ ҳайратга тушгани ёдимда. У бу ерда бирон нарса ўйлаб топишга ҳожат йўқ, бор нарсанинг ўзи ҳар қандай тўқимадан таъсирлироқ, деганди.

Неча бор ўлим мен билан бекинмачоқ ўйнади, мен эса нима учун ва қандай қилиб уни алдаганимни билмайман. Икки марта суратга олиш чоғида чўкиб кетишимга сал қолган. Авиацион ва автомобиль ҳалокатида ўлим ёқасидан қайтганман. Мен ўз умрим давомида кўп бор турли ўлкаларга учганман, кўп нарса кўрганман, тасвирга олганман, жуда кўп одамлар билан суҳбатлашганман. Турли даврларда Шарль де Голль, Джаваҳарлал Неру, Индира Ганди, Шастри, Хо Ши Мин билан ҳамсуҳбат бўлганман…

«Қўлинг теккан ҳамма нарсани яхшилашга ҳаракат қил» — деган эди Александр Довженко менга бир пайтлар. Менга тез-тез картиналарим ўта чиройли эканини айтиб, танбеҳ берадилар. Тўғри, чиройли. Ахир менинг юртим ва халқим чиройли эмасми? Нима учун мен тасқаралик йўқ жойда уни кўришим ва топишим керак? Албатта, ҳамма нарса Қаюмовнинг фильмларида кўрсатилганидек зўр эмас. Лекин мен ўз Ватанимни ана шу шаклу шамойилда кўраман. Агар мени дунё таниган ва тан олган бўлсалар, бу фақат одамларга аввалда яхши маълум бўлмаган она юртимни, Хоразм ва Қорақалпоғистонни танитганим учун бўлган. Кейин мен бутун умр ўзбек ҳовлилари, қадимий мадрасалар, ариқлар, каналлар… ўзбекларни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Энг аввало одамларимизни кўрсатдим. Аммо шу билан бирга мен интернационалистман ва шовинизмдан нафратланаман: бошқа халқларга нисбатан нафрат – ожизларнинг хусусияти. Лекин мен ўз халқимни бошқалардан кўра яхшироқ биламан.

С. Янишев ёзиб олган

22 aprel — o‘zbek hujjatli kinosining asoschilaridan biri Malik Qayumov tug‘ilgan kun

O‘zbekiston hujjatli kinosining asoschilaridan biri Malik (Abdumalik) Qayumov (1911—2010) umri davomida ikki yuzdan ortiq filmni suratga olgan, ular orasida “Paranji”, “Qudratli to‘lqin”, “Oltin to‘y”, “O‘n uch qaldirg‘och”, “Tojixon bilan uchrashuvlar”, “Xiva – to‘rt darvozali shahar”, “Insoniyatning besh qo‘li”, “Bahordan bahorgacha” va boshqa filmlar bor. U uzoq yillar mobaynida O‘zbekiston kinematografistlari uyushmasiga rahbarlik qilgan,ko‘plab xalqaro va milliy mukofotlarga sazovor bo‘lgan. Quyida Malik Qayumovichning o‘z hayoti haqidagi hikoyasini e’tiboringizga havola qilamiz.

Malik Qayumov
XOTIRALARIMDAN
001

Tavalludim va nasl-nasabim haqida

099 O‘zim tug‘ilgan sana va oyni bilmayman. Faqat tug‘ilgan yilimni bilaman – 1911 yil. Otam o‘z bolalarining tug‘ilgan kunlarini Qur’on sahifalariga yozib qo‘yardilar. Ammo u vafot etganidan keyin Qur’onni yo‘qotib qo‘ydik va men tug‘ilgan aniq sana noma’lumligicha qoldi. Oyim bu bahor kunlarida, bozorda endigina ko‘k paydo bo‘lgan paytlarda yuz berganini aytgandilar.

Biz Toshkentning bugungi kunda Eski shahar deb ataladigan qismida, hozirgi aeroport yaqinida yashardik. Elektr yo‘q edi, suvni bir chaqirim joydan tashib keltirardik. Shunga qaramay, yomon yashamaganmiz.

Otamning ismi Abduqayum edi. U nafaqat Toshkentdagi, balki butun Turkistondagi eng boy kishilardan edi. U bir nechta ko‘nchilik korxonalariga ega edi. Ustalarni Germaniyadan olib kelardi. Eng sara qo‘ylarning terisi otamga tegishli edi. Shuningdek, uning 400 gektar yerda mevali bog‘lari bo‘lardi. Otni yaxshi ko‘rganidan otchopar qurdirgandi va poygalar uyushtirib turardi. Otam vafot etganidan keyin uning bankdagi hisob raqamida o‘n million tilla pul topgandilar. Otam tilla tangalarni yomon ko‘rardilar, bu pullar cho‘ntakni teshadi, derdilar. Onamga uylanganlarida yuzta ko‘ylak, ellik juft turli poyabzal, son-sanoqsiz taqinchoqlar, tilla buyumlar va marvaridlar yuborgan ekanlar. Aftidan, shu boyliklar keyinchalik onamning besh bolani boqishlariga imkon bergan ko‘rinadi. Bir kuni – men uch yoshlarda edim – otam uyga qaytgach, ko‘ngli ayniyotganini aytdi va uxlab qoldi, hufton namoziga ham turmadi. Ertalab esa u qazo qilgandi.

Bobom (onamning otasi) chiroyli oynalarni yaxshi ko‘rardilar – uning uyidagi qirq derazani rangli shishalar bezab turardi. Onam tomondan hamma qarindoshlarimiz uzoq umr ko‘rganlar: buvim yuz o‘n yoshga kirganlar, onam to‘qson oltiga kirganlar, tog‘am to‘qson ikkiga kirib vafot etganlar. Otam tomondan bo‘lgan qarindoshlarimiz erta qazo qilganlar. Biz besh o‘g‘il edik, men ularning to‘rtinchisi edim. Ukam otamning vafotlaridan keyin tug‘ilgan. Aka-ukalarim otamni tortdilar va uncha uzoq yashamadilar, men onamga tortdim.

Oyim o‘qimishli ayol edilar: rus tilida erkin gapirardilar, arabcha o‘qirdilar, Qur’onni bilardilar. Bizni ham o‘qishga majbur qilardilar. Shuning uchun ham olti yoshga kirganimda akam meni maktabga olib bordilar.

Ko‘chamizdagilarning hammasi mehribon va oqila bo‘lganlari uchun oyimni yaxshi ko‘rardilar. U kishining oldiga maslahat va yordam so‘rab yoki shunchaki yaxshi gap eshitish uchun kelardilar. U kishi har doim shunday derdilar: do‘stingni yaxshi ko‘r va dushmaning bilan o‘chakishma. O‘zingni hurmat qil, ammo boshqalarni ham izzatini joyiga qo‘y. Agar bitta noning bo‘lsa ham, o‘zingdan ko‘ra muhtojroq odamga ber. Agar qo‘lingda hech narsa bo‘lmasa, dil so‘zingni darig‘ tutma.

San’at olamiga kirib kelishim

1929 yili bir kuni maktabimizda xushsurat kishi – mashhur admiralning o‘g‘li Nikolay Nikolayevich Klado paydo bo‘ldi. U o‘n uch kishi ichidan nimagadir meni tanlab, O‘zbekistondagi birinchi kinostudiya darvozasiga yetaklab keldi. Men ichkariga kirdim va uning eshiklari men uchun bir umrga yopildi. Klado meni o‘zining “Bag‘doddan kelgan amerikalik ayol” filmida batrak rolida suratga oldi. Keyin yana bir necha rollarda suratga tushdim, ammo men ko‘proq o‘zim kino olishni istardim. Ba’zan menga obyektivga qarashga va hatto dastakni burashga ruxsat berishardi.

Tasvirchi Fridrix Konstantinovich Verigodorovskiy degan nemis odam edi. Men unga uchoyoq tashishda, tunlari plenka o‘rashda, surat chiqarishda yordamlashardim. U menga kinotasvirchi bilishi kerak bo‘lgan qariyb barcha ishni o‘rgatdi.

1930 yili Klado meni Leningradga olib keldi. Uning uyidagi o‘n olti xona kitoblar bilan liq to‘la edi. Nikolayning onasi mendan “Urush va tinchlik”ni o‘qiganmisan, deb so‘radi. Men albatta o‘qimagandim. U tokchadan bir kitob olib, oldimga qo‘ydi va har kuni 50 varaqdan o‘qishni buyurdi. Bundan tashqari, u kishi menga stolda qanday o‘tirishni, pichoq va sanchqini qanday tutishni o‘rgatdi – ya’ni men u kishidan oddiy Yevropa etikasini o‘rgandim.

1931 yilga kelib men BDKIda o‘qir edim. Ikki yil o‘tgach esa hammasini o‘rganib oldim, degan qarorga kelib, Toshkentga qaytdim va kino ola boshladim. Diplomni esa ololmadim. Agar o‘shanda Moskvada qolganimda, men Toshkentdagi birinchi trolleybusni, ayollar paranji tashlagan gulxanni… yana ko‘p narsalarni suratga ololmagan bo‘lardim. Keyinchalik, SSJI xalq artisti unvonini olganimda, Mehnat qahramoni, Davlat mukofoti sovrindori va h.k. bo‘lganimda, meni bir oy parta ortida o‘tirib, o‘sha diplomni olishga ko‘ndirgandilar. Hozirgacha “Nega shunday qilgan ekanlar”, deb o‘ylayman.

Mayitlarni tinch qo‘ying!

03 1941 yil iyunida meni Amir Temur, uning o‘g‘li Shohruh va nabirasi Ulug‘bek maqbaralarining ochilishini suratga olish uchun tayinlashdi. Qabrlarni ochish ishlarida avvalroq Ivan Grozniy suyaklari qoldiqlaridan uning chinakam (?) qiyofasini tiklagan Mixail Mixaylovich Gerasimov ishtirok etardi.

17 iyun kuni Shohruh va Ulug‘bek qabrini ochdilar. Shohruh Mirzo kafanga o‘ralgan, Ulug‘bek esa archadan qilingan tobutda yotardi. Tarixdan ma’lumki, buyuk olimning kallasi olingan. Shuning uchun boshi tanasidan judo qilingan jasadni topganimizda rosa suyunganmiz – ko‘z o‘ngimizda, shubhasiz, Ulug‘bek jasadi qoldiqlari turardi.

Uzoq davom etgan tasvirga olish ishlaridan so‘ng choy ichgani choyxonaga kirdim. U yerda uchta chol o‘tirar, ular oldida eski kitob bor edi. Ulardan biri mendan “qabrlarni ochishga aloqangiz bormi?” deb so‘radi. Men “ularning eng kattasiman”, deya hazillashdim. Shunda chol menga: Temurning qabrini ochish mumkin emas – urush ruhi chiqib ketishi mumkin, dedi. Men: “Buni qayerdan bilasiz?” — deb so‘radim. Ular oldilaridagi ochiq kitobni ko‘rsatib: “O‘qi!” dedilar. Arabchani men maktabdayoq o‘rgangan edim, shuning uchun ham kitobdan quyidagilarni o‘qidim: “Buyuk Temur jasadiga daxl qilma, aks holda urush boshlanadi”.

Olimlar oldiga – hukumat komissiyasi raisi, sharqshunos A. A. Semenov, T. N. Qori Niyoziy yoniga chopib bordim. Shunday-shunday, chollar bilan gaplashib ko‘ringlar, dedim. Hamma yuqoriga ko‘tarildi. Ular kitobga qarab kulishdi. Chollar arazlab, kitobni olib, ketib qolishdi.

Men chollarni suratga olish uchun apparat oldiga yugurdim. Biroq, ular ketib qolishgandi. Barmoq tishlagancha qolaverdim.

Uchinchi qabrni ochdilar. Gerasimov qopqoqni ochib, oyoq suyagini qo‘liga oldi. Shubhasiz, bu oyoq suyagi jahongir Amir Temurga tegishli edi: tizza bo‘g‘imida yaroq izini ko‘rdik. 21 iyun kuni bosh chanog‘ini chiqarib oldilar, mening kameram buni tasvirga oldi, 22 iyun kuni ertalab esa biz radiodan urush boshlanganini eshitdik.

Urush yillari

O‘sha kunning o‘zidayoq Gerasimov uchta kalla suyagini Moskvaga olib ketdi. Men esa Registon maydonida qizil tug‘larni o‘payotgan, qasamyod qabul qilayotgan o‘n minglab askarlarni kuzatib turardim. Shunda endi ulgursam kerak, deb o‘yladim. Minoraga chiqib, tepadan ajoyib tomoshaning hammasini suratga oldim.

Tez orada frontga ketdim. Kinotasvirchilar urush paytida granatalar uloqtirishmas va zarurat bo‘lmasa otishmas edilar. Lekin askarlar bilan birga, qadamba-qadam yurardilar. Doim oldingi safda ikki kishilashib ishlardilar. Mening yonimda do‘stim Alesha Syomin bor edi, u ikki marta meni jang maydonidan yarador holda olib chiqqan…

1944 yili Minsk ostonasida avtomatdan otilgan uchta o‘q chap oyog‘imga kelib tegdi – bir umrga Temurlang kabi oqsoq bo‘lib qoldim. Meni Moskvadagi Lefortovo gospitaliga olib keldilar. Oyog‘imni kesib tashlamoqchi bo‘lishdi… Bir kuni palatada yotganimda qiziq voqea ro‘y berganini eslayman: qarasam, hamma soqol qirtishlayapti, u yoq-bu yog‘ini tozalayapti, atir sepayapti. Nima balo bo‘ldiykin, deb o‘yladim. Yigitlar aqldan ozishibdi. Oxiri chidamasdan: “Nima bo‘layapti o‘zi, kimni kutayapsizlar?” deb so‘radim. Hammasi jo‘r bo‘lib: “Galina Dmitriyevnani! Qarab tur, hali u kishi kelganlarida sen ham yengil tortasan!” deyishdi. Galina Dmitriyevna Chesnokova uzun bo‘yli, sarvqomat, tilla sochli, moviyko‘z ayol edi. U oyog‘imni kesib tashlashni bekor qildi – oyoqsiz tasvirchilik qilib bo‘larkanmi. Keyin butun operatsiya mobaynida mening unga qanday qilib sevgi izhor qilganimni gapirib bergandilar. 1945 yil martida esa men 2-guruh nogironi bo‘lib gospitaldan chiqib ketdim.

Mendan tez-tez qanday qilib shu yoshda o‘zimni tetik saqlashim haqida so‘rab qoladilar. Men shunchaki butun umr mobaynida oyimga bergan va’damni bajaraman, xolos. Ichmayman, chekmayman, hech qachon bu ishlarni qilmaganman.

Men baxtli insonman

 Agar men nimadandir afsuslansam, o‘zim suratga olgan narsalardan emas, suratga ololmay qolgan, ko‘z yumgan narsalardan afsuslanaman.

Men bir muddat non shahri bo‘lolmay qolgan Toshkentdagi ochlikni suratga olmaganim uchun o‘zimni kechirolmayman. Men ochlikdan sillasi qurib, ishga ketayotgan kishilarni ko‘rgandim, ularning ko‘pchiligi yo‘lda ketayotib yiqilib tushardilar. Bitta odamga bir kecha-kunduzga yarimta non berardilar. Men masjidlar va cherkonlarni qanday buzilganini, madrasalarning qanday tashlab ketilganini suratga ololmaganman. O‘ziga o‘lchab berilgan yerni olayotib, bu baxtdan yig‘lagan dehqonni tasvirga tushirmaganman. Shaharga suv o‘tkazganlarida buxorolik kishining qanday yig‘laganini, 270 kilometr uzunlikdagi Farg‘ona kanalining 45 kun ichida qanday qazilganini suratga ololmaganman. Bo‘lajak badiiy film uchun Farg‘ona vodiysiga material yig‘ishga kelgan Sergey Eyzenshteynning qandoq hayratga tushgani yodimda. U bu yerda biron narsa o‘ylab topishga hojat yo‘q, bor narsaning o‘zi har qanday to‘qimadan ta’sirliroq, degandi.

Necha bor o‘lim men bilan bekinmachoq o‘ynadi, men esa nima uchun va qanday qilib uni aldaganimni bilmayman. Ikki marta suratga olish chog‘ida cho‘kib ketishimga sal qolgan. Aviatsion va avtomobil halokatida o‘lim yoqasidan qaytganman. Men o‘z umrim davomida ko‘p bor turli o‘lkalarga uchganman, ko‘p narsa ko‘rganman, tasvirga olganman, juda ko‘p odamlar bilan suhbatlashganman. Turli davrlarda Sharl de Goll, Djavaharlal Neru, Indira Gandi, Shastri, Xo Shi Min bilan hamsuhbat bo‘lganman…

“Qo‘ling tekkan hamma narsani yaxshilashga harakat qil” — degan edi Aleksandr Dovjenko menga bir paytlar. Menga tez-tez kartinalarim o‘ta chiroyli ekanini aytib, tanbeh beradilar. To‘g‘ri, chiroyli. Axir mening yurtim va xalqim chiroyli emasmi? Nima uchun men tasqaralik yo‘q joyda uni ko‘rishim va topishim kerak? Albatta, hamma narsa Qayumovning filmlarida ko‘rsatilganidek zo‘r emas. Lekin men o‘z Vatanimni ana shu shaklu shamoyilda ko‘raman. Agar meni dunyo tanigan va tan olgan bo‘lsalar, bu faqat odamlarga avvalda yaxshi ma’lum bo‘lmagan ona yurtimni, Xorazm va Qoraqalpog‘istonni tanitganim uchun bo‘lgan. Keyin men butun umr o‘zbek hovlilari, qadimiy madrasalar, ariqlar, kanallar… o‘zbeklarni ko‘rsatishga harakat qildim. Eng avvalo odamlarimizni ko‘rsatdim. Ammo shu bilan birga men internatsionalistman va shovinizmdan nafratlanaman: boshqa xalqlarga nisbatan nafrat – ojizlarning xususiyati. Lekin men o‘z xalqimni boshqalardan ko‘ra yaxshiroq bilaman.

S. Yanishev yozib olgan

05

(Tashriflar: umumiy 531, bugungi 1)

Izoh qoldiring