Turg’un Po’lat. Ichkuyov. Qissa & 4-qismli telefilm

Ashampoo_Snap_2018.04.13_17h25m26s_003_.png   Ёзувчи Турғун Пўлат (1928-1974) «Ичкуёв» (1975) қиссаси билан 70-йиллар ўзбек насри тарихида қолди. Зеро, «Ичкуёв» 70-йиллар ўзбек насрида янги фикр, янги қараш, ҳаёт ҳақиқатини рўй-рост кўрсатиш нуқтаи назаридан муҳим асар эди. Шу туфайли ҳам бу асар тез орада кўп қисмли телефилм бўлиб, зангори экранга кўчди. 1979 йилда ана шу филм ижодкорлари қаторида адибга ҳам Республика Давлат мукофоти берилди.

Турғун Пўлат
ТЎЙЛАР МУБОРАК
09

turgun_polat-64.jpgЁзувчи Турғун Пўлат 1928 йилда Наманганда таваллуд топган. У кўп вақт жамоа, давлат хўжаликларида ҳисобчи, хўжалик ишлари билан машғул бўлган.

Ёзувчи сифатида 50-йилларнинг бошларида матбуотда кўрина бошлаган. Дастлаб шоир сифатида «Бизнинг бобо» (1951); «Буюк савдо» (1952), «Мангу қўлдошимсан» (1956), «Фестивал қўшиғи» (1959) каби шеърий асарлари билан танилди. Айни чоғда «Аёллар исёни» (1967), «Жиғилдон қори» (1970), «Тўра ҳужжат» (1970) каби ҳажвий ҳикоялари яратилди. Сўпгра унинг «Миррихдан келган меҳмон» (1973) ҳажвий ҳикоялар тўплами, «Водийларни яёв кезганда» (1971) очерклари, «Ичкуёв» (Қисса ва ҳажвиялар» — 1979—1986 нашрлари) чоп этилди. Шунингдек, Турғун Пўлат публитсист ва очеркнавис сифатида ҳам ўнлаб асарлар яратди.

Унинг «Табаррук заминда» (1970), «Хотинбоз» (1972), «Яловбардор» (1986) каби асарлари шу жиҳатдан муҳим эди. Хуллас, ёзувчи ўзиннпг шеър ва очеркларида бўладими, ҳикоя ва қиссаларида бўладими, ҳаётдаги, одамлардаги нуқсонлар устидан кулиб, уни бартараф этиш йўлини излайди. Айниқса, унинг «Ичкуёв» (1975) қиссаси адибга шу жиҳатдан шараф келтирди: шу номдаги телевизион бадиий филми учун унга 1979 йили вафотидан сўнг Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.

09

Мамазоҳир яқин уч-тўрт ойдан буён кўчадами, чойхонадами, радио ё телевизордами «Тўйлар муборак» деган ашулани эшитиб қолгудай бўлса, бехосдан «қуллуқ, қул-луқ» деб юборадиган қилиқ чиқарди. Тағин унинг ёши элликдан ошиб, етти боланинг отаси бўлганда, хотинини янгилабди-да, деб ўйламанг. Йўқ, асло ундай эмас. Агарда бу шаҳардан юз чақирим нари-берида Мамазоҳирчалик покиза, оилага садоқатли одам топсангиз, менинг лотереяга ютиб олган «Волга»мни индамасдан миниб кетаверинг: миқ этсам, одам эмасман!

Мамазоҳир «Тўйлар муборак»ни эшитганда, «қуллуқ, қуллуқ» дейишининг боиси шуки, бу сўзлар унинг қулоғига «Уйлар муборак» бўлиб киради, бутун олам унинг қувончига ҳамдам бўлиб, уни янги уй билан табриклагандек туюлади. Ҳа, ҳа, энди пайқагандирсиз, бизнинг Мамазоҳир шаҳарнинг қоқ ўртасидан беш хонали янги уй олган! Табрикламаган бўлсангиз, ҳали ҳам кеч эмас, бир бориб, табриклаб келинг: анча кўнгли кўтарилади.

Ана шунда янги уйнинг калити қўлига теккунча бошидан қанақа ҳангомалар кечганини, эҳтимол, сизга ҳам айтиб берар. Ўзиям жуда қизиқ бўлган-да!

* * *

…Мамазоҳир чорвачилик билан боғланган бир ташкилотда иқтисодчи зоотехник бўлиб ишлайди. Қиладиган иши — колхозларда етиштириладиган ем-хашакнинг ҳисобини олиб боришу давлат фондидан бериладиган ҳар хил емларни колхозларга тақсимлаш. Сиртдан қараганда, бундан жўн иш йўқ. Аммо мендақа одамни қўйиб қўйса, бир кун ҳам чидаш бера олмайман. «Нега бизга шелуха кам тегди», «Фалон колхоз ҳадеб кунжара олаверадими» ва ҳоказо, ва ҳоказо, кони ғалванинг уяси. Оғир карвонлигиданми ё териси қаттиқми, ҳар қалай Мамазоҳир бу вазифани ўттиз йилдан бери эплаштириб келяпти. Техникумни битириб, тўғри шу ташкилотга тушганича, ҳали ҳеч қаёққа қимирлаган эмас.

Мамазоҳир ишга янги келган йили «ёш мутахассисга ғамхўрлик» маъносида унга бир қаватли ғиштин уйдан иккита хона беришган. Ўша вақтда бу бино шаҳарнинг энг кўркам, энг шинам иморатларидан саналарди. Йиллар ўтиб шаҳар ҳам энига, ҳам бўйига ўсди. Бир вақтлар ҳамманинг ҳавасини қўзғатган иморат энди кўп қаватли уйлар қаршисида шумшайиб, кўзга хунук кўринадиган бўлиб қолди. Ичидаги водопроводини айтмасангиз, мақтагудек оҳанжамаси йўқ ҳисобда.

Буниси ҳам майли-я, Мамазоҳир аёлманд бўлиб қолган. Роҳилахон уни икки лобар қиз билан бешта алпдай ўғилнинг отаси қилиб қўйган. Нуктадон шоиримизнинг: «Яшаш орзусини синаш-чун атай…» деган шеърий банди худди Мамазоҳир тилидан Роҳилахон шаънига айтилган мадҳиядай.

Болалар битта-иккита бўлганда ҳам баҳарнав эди. Лекин уларнинг саноғи уч кам ўнга етиб, олди институтга, кети мактабга қатнай бошлагач, Мамазоҳир ўзини сув устида қалқиб юрувчи пўкакдай бесаранжом сезадиган бўлиб қолди. Кундузи идорада кунжара билан шелуханинг машмашаси, кечқурун уйда «менинг дарсим зарурроқ, сен кейин тайёрлайсан», деб биттаю битта столни талашадиган болаларнинг хархашаси…

Мамазоҳир билан бирга шу уйдан жой олган қўшнилари янгисига кўчиб олишди. Уларнинг ўрнига келганлари ҳам кўп қаватли шинам иморатлардан жой топиб чиқиб кетишди. Аммо, Мамазоҳирлар хонадони худди михлаб қўйгандай ўрнидан силжимайди. Негаки Мамазоҳир, боя айтганимиздай, чорвачилик билан боғланган ташкилотда ишлайди. Бу ташкилотнинг ўзи шаҳарда-ю, лекин иши қишлоқ билан битади. Шу важдан ташкилот бошлиқларининг шаҳар раҳбарлари билан ҳеч қандай борди-келдиси йўқ. Мамазоҳирнинг фикрича эса, унга уй олиб бериш учун бошлиқлар ўртага тушмаса, ўзи бу ишни икки дунёда эплаёлмайди. Ёмон кўргани — идорама-идора юриш.

Кунора Роҳилахон учқун теккан бензиндай ловиллаб қолади:
— Пешанам шўр бўлмаса, келиб-келиб зоотехникка тегаманми-а! Қассобга тегмайманми, сомсапазга тегмайманми, данғиллама участкада оёқ-қўлимни узатиб ётган бўлардим!

Ё бўлмаса:
— Дунёга келиб, Маърифатхончалик бўлмаганимга куйиб кетаман! Юзининг чўтирига седана сепсанг биттаси ерга тушмайди-ю, турмуши бамисоли хонзодаларнинг ўзгинаси! Учта жонига тўртта хона, яна мўрчаси ҳам ичида!

Шундай пайтларда Мамазоҳирга сичқоннинг уяси минг танга бўлиб кетади.

Хабарингиз бордир, бурноғи йили шаҳримизга сел келувди. Ўшанда Сой кўча тарафда қуламаган иморат қолмади чоғи. «Чоғи» деяётганимнинг боис шуки, фақат Мамазоҳир ўтирган иморатга дард тегмаса бўладими! Барака топкур усталар унинг пойдеворини шунақаям баланд олишган эканки, телба тошқин чунон чирангани билан деворнинг сувоғини бир энликча ҳам ҳўллай олмади. Бошқа одам бўлса-ку, усталарни алқайвериб эси кетарди-я, аммо бизнинг Мамазоҳир уларнинг гўрига ҳар соатда мингтадан ғишт қалаб юборди. Ўртаб, ёнганичаям бор-да! Ўнгу сўлда иморати вайрон бўлган хонадонлар ё Майгир тарафдан участка ажратиб, ё бўлмаса шаҳар марказидан уй олиб чиқиб кетишди. Мамазоҳир бўлса, бояги-бояги, бой хўжамнинг таёғидай бўлиб, ўтирган жойида қимирламай қолаверди. Вайроналар текисланиб, ўрнида янги, кўп қаватли иморатлар қад кўтаряпти ҳамки, Мамазоҳирларнинг уйи бузилмасдан, ўша данғиллама иморатлар қаршиси шоҳи кўйлакка чипта ямоқ бўлиб турибди!

Бир куни эрталаб Мамазоҳир ишга келиб, энди у ёқ-бу ёғини тўғрилаётган пайтда бирдан уни идора бошлиғи Тоҳир Саидович йўқлатиб қолди.
— Бир яхши гап айтсам нима суюнчи берардингиз?— деди бошлиқ хурсандчилигидан оғзининг таноби қочиб.
— Нима хоҳласангиз шу-да, биз суюнчидан қочармидик,— деб ийманиброқ жавоб берди Мамазоҳир нима гаплигини илғаёлмай.
— Бўлмаса, эшитинг: Сизга марказдаги янги уйлардан битта тўрт хонали квартирани сағирнинг молидай беғубор қилиб ундириб қўйдим. Мана бу хатни олиб бориб шаҳар ижрокомининг раис муовини Сотқин Ботировичнинг қўлига шахсан топширасиз. Ордер ёзиб беради. Чопинг!

Мамазоҳир шу топда бошлиқнинг юзидан «чўлп-чўлп» ўпиб олгиси, уни ўриндиқдан даст кўтариб шифтга ирғитгиси келди-ю, аммо севинчини зўрға ичига ютиб:
— Раҳмат, раҳмат! — деб қўя қолди. Тоҳир Саидович:
— Боқиб ётган сўқимингиз бўлса, қассоб чақираверинг!— деганда, Мамазоҳир аллақачон кўчага чиқиб олган эди.

Енгил вазндаги полвонларга ўхшаш паст бўй, гирдиғум Мамазоҳирнинг асфалт йўлкадан пилдироқдай думалаб бораётганини кўрган одамлар: «Хотини туғибдию қайнанасидан суюнчи олгани шошилиб кетаётганга ўхшайди», деб ўйлашарди.

Мана, Мамазоҳир иккинчи космик тезлик билан шаҳар ижрокомига ҳам етиб келди. Пойгакдаги қоровулдан сўраб, учинчи қаватга кўтарилди. «Шаҳар ижрокомининг раис муовини С. Б. Ботиров» деб лавҳа осилган эшикни ҳам топди. «Ё пирим!» деб уни очиб, ичкари кирган эди, «С. Б. Ботиров» ўрнига иккала бети ошқовоқдай кўпчиб чиққан, ҳар кифтида биттадан азамат бемалол ўйнайдиган бақалоқ аёлни кўриб, сал бўлмаса лабига учуқ тошаёзди. Аёл бир тирсагини стол устидаги қалин ойнакка тираб, аллаким билан телефонда гаплашаётган экан. Мамазоҳирни кўриб «чиқ, чиқ!» дегандай, зарда билан қўлини икки-уч силкиди. Мамазоҳир эса бу ишорани тушунса ҳам, ўзини тушунмасликка солиб қаққайиб тураверди. Ниҳоят, аёл трубкани жойига қўйди. Мамазоҳирга бошдан-оёқ синчков назар солгач, эркакнамо йўғон овоз билан:
— Бугун қабул куни эмас!..— деди.

Бунгача Мамазоҳир хонани обдан кўздан кечириб кирган жойи қабулхоналигини, «С. Б. Ботиров»нинг кабинети эса ўнг томондаги эшик эканини билиб олган эди.
— Мана шу хатни ўзларига топширишим керак эди-да,— деди Мамазоҳир.
— Нима масалада — квартира тўғрисидами? Мамазоҳирдан бўлак, иш кўрган одам бўлса-ку, шу топда бир жуфт ёлғон гапириб: «Йўқ, хизматга тааллуқли хат», деб айтган ва котибани алдаб, Сотқин Ботировичнинг ҳузурига лип этиб кириб кетган бўларди-я. Аммо, Мамазоҳир сўтаклигига бориб, ростини айта қолди:
— Ҳа, квартира хусусида.
— Ундай бўлса қабул куни келасиз. Пайшанбада.
— Ҳозир шундоқ кириб, ташлаб чиқсам бўлмайдими? Ё ўзингиз киргизиб берсангиз?
— Ҳей, одам! Марсдан тушганмисиз? Қонун-қоидани биласизми? Пастда кираверишдаги эълонларни нимага ёпиштириб қўйибмиз? Саводингиз бордир, ўқисангиз бўлмайдими?

Мамазоҳир дами чиқиб кетган пуфакдай сўлжайиб пастга тушди. Босмахонада босиб чиқарилган супрадай тахта қоғозга шаҳар ижрокоми раисидан тортиб, то статистика бошқармасининг инспектори билан овчилар союзининг раисигача номма-ном саналиб, ҳар бирининг қаршисига қайси куни соат нечадан нечагача ҳожатмандларни қабул қилиши кўрсатиб қўйилибди. Яна бир эълонда «шаҳар ижрокомининг раис муовини Сотқин Ботирович ҳафтанинг пайшанба кунлари соат 14 дан 18 гача қабул қилади. Ҳожатмандлар душанба куни эрталаб 10 дан 13 га қадар қабулхона секретарига учраб, навбатга ёзилмоқлари керак», дейилибди.

«Ҳафтада бир кун, муайян соатларда ҳожатмандларни қабул қилишса, роса жонининг ҳузурини кўзлаган одамлар эканми! Биз экан-да, одамзоднинг соддаси. Эрталабми, пешинми, кечқурунми, ким келса қабул қилаверамиз», деб хаёлидан ўтказди Мамазоҳир.

«Тоҳир Саидовичга ҳайронман,— деб ўйлар эди у яна, боя ўзи келган йўлкадан шалпайганича битта-битта одим ташлаб бораркан,— нега мени йўқ нарсага югуртиради? Ё мени калака қилдимикан?»
* * *

Аммо Мамазоҳирни калака қилиш Тоҳир Саидовичнинг етти ухлаб тушига ҳам кирган эмас эди…

Тоҳир Саидович футболга муккасидан кетган ишқибоз. Баҳор келиши билан нуқул «Пахтакор» ўйнайдиган куни Тошкентда «иши» чиқиб қолади. Уни ҳам қўяверинг, бирор сайҳонликда тўртта тирмизак тўп талашиб турганини кўриб қолса, тўхтаб, шунинг натижасини билмагунча кўнгли тўлмайди.

Бозортепадаги «Ҳосилот» колхози стадион қуриб, футбол командаси тузгач, Тоҳир Саидовичга ўхшаш одамларга яна ҳам жон кирди. Ҳеч бўлмаса, «Пахтакор» сафарда юрган кунлари қош-қовоғингда футбол бор-ку! Шаҳардан ўттиз чақирим нарида бўлса нима?! Ҳозирги асфалт йўлларда машинага Кўҳи Қоф ҳам бир қадам!

Ўша куни «Ҳосилот» заб «ўйин кўрсатди-да!» Айниқса марказий ҳужумчи Ҳовлиқмаевнинг жонбозлигини айтмайсизми. Бурчакдан узатилган тўпни, Ахбор Имомхўжаев айтгандай, «боши билан тепиб», дарвозага киргизди-я, азамат! Ҳисоб «Ҳосилот» фойдасига 4:0 бўлди.

Тоҳир Саидович стадиондан хурсанд бўлиб чиқиб, шофёрини топиш учун атрофга аланглаган эди, такси машиналар орасида гирдикапалак бўлиб юрган одамга кўзи тушиб қолди. Боёқишни ҳеч қайси шофёр олгиси келмас эди. Бу одам Тоҳир Саидовичга танишдек кўринди. «Отинг қурғур ким эди-я? Ҳа, ҳа, Сотқин Ботирович, шаҳар ижрокоми раисининг муовини». Тоҳир Саидович секин бориб, унинг тирсагидан ушлади:
— Сотқин ака, машина керакми? Мен бирга олиб кета қолай…
— Ҳе, ассалому алайкум. Раҳмат. Келинойингиз бир жойга борадиган бўлиб, машинамни шаҳарга қайтарворгандим, бир амалларман, деб. Раҳмат, мурувватингиз учун!

Икковлари Тоҳир Саидовичнинг «газик»ида шаҳарга жўнашди. Иккита, касб-кори бир-бирига ҳеч мос келмайдиган одамнинг топишиб қолганидан ёмони йўқ. Гапи гапига қовушмай тураверади. Ўртага зилдек сукунат чўкиб, икковини икки ёққа ажратиб қўяди. Ҳозиргина ўтган футбол ўйинининг тафсилотларини бегона киши, яъни шофёр олдида муҳокама қилиш эса, иккита туппа-тузук идоранинг бошлиғига муносиб эмас.

Тасодифан бировнинг машинасига юк бўлиб қолгани учун боядан бери хижолат чекиб келаётган ҳамроҳини ноқулайликдан қутултириш мақсадида Тоҳир Саидович сўз қотди:
— Тошқин оқибатларини тугатай, деб қолдингларми?

Сотқин Ботирович набирасининг кўмагисиз нинага ип ўтказиб олган кампирдай кўнгли ёришди. Чунки гапга мавзу топилган эди-да!
— Ҳе, нимасини айтасиз,— деди у жонланиб.— Аввал бошпанасиз қолган одамларни жойлай олмай гаранг эдик. Энди ҳашарчилар ҳаммаёққа уй қуриб ташлагандан кейин кимни олиб кириб қўйишимизни билмай ҳайронмиз.

Серфарзанд оилалар учун сатта тўрт хонали уйлар қуришибди. Ҳозирча шу уйларга эга тополмай сарсонмиз.

Тоҳир Саидович бу сўзни эшитганда, биров пешанасидан чертмак олгандай сапчиб тушди. «Ие, бу ёқда бўш уйлар турган экану бизнинг Мамазоҳир акамиз ҳалиям товуқ катагидай тор уйда тиқилиб ётибди. Биттасини шу одамга сўраб олиб бермайманми?»
— Менга қаранг, Сотқин ака, сизни шу сарсонликдан сал қутултириб қўйсам, нима дейсиз?
— Жон кошкийди!
— Ундай бўлса, бизнинг Мамазоҳир ака деган бир кекса хизматчимиз бор. Боёқиш боши айланса, кети айланмайдиган тор уйда туради. Шу одамга бир яхшилик қилиб юбормайсизми?

Машинанинг ичида чироғи бўлганида, шу пайт Тоҳир Саидович Сотқин аканинг қорамтир юзидан қон қочиб, офтобда ўнгган сатин тусига кирганини кўрарди. Аммо чироқ йўқ-да! Сотқин Ботирович эса, ўзи пиширган «ош»ни сир бой бермай, ўзи ичишда давом этди:
— Жоним билан! Эртага бир энлик қоғоз билан олдимга юборинг. Тайёр уйлардан бирига ордер ёзиб бераман-қўяман.

Худди шу аснода «газик» Сотқин Ботирович яшайдиган ҳовлининг дарвозаси олдига келиб тўхтаган эди.

Мамазоҳир тушмагур эса, Тоҳир Саидовични «калака қилди», деб юрибди!
* * *

— Одам ҳам шунақа лапашанг бўладими, эй тавба!— деб Мамазоҳирнинг ўзини койиб берди Тоҳир Саидович у шаҳар ижрокомидан қайтиб келгандан кейин.— Тайёр ошни сузиб еёлмасангиз-а! Ўзига бориб учранг, дедим-ку.

Мамазоҳир ҳафсаласи пир бўлганини билдириш маъносида қўл силтаб чиқиб кетаётган эди, Тоҳир Саидович уни тўхтатди:
— Шошманг, қаёққа? Ҳозир ўзига телефон қиламан.— Бошлиқ ойна тагидаги рўйхатнинг «Б» бобидан керакли рақамни топиб, телефон дискасини айлантира бошлади.— Сотқин Ботирович керак эдилар. Йўқлар? Қаердалар? Президиумда? Хўп, майли, кейин телефон қиларман…

Тоҳир Саидович столни ноғора қилиб чертганича андак ўйланиб қолди. Рост гап, шу топда Мамазоҳирдан ўзи ҳам хижолатда эди. Лекин бошлиқларнинг хижолати нима-ю, шувоққа тушган ўт нима: бирпасда пов этиб сўнади. Тоҳир Саидович ҳам дарров ўзини ўнглаб олди:
— Пайшанбада кел, деган бўлса, ўша куни боринг. Аммо, хотиржам бўлингки, уй накд! Бугун сизга жавоб, бориб янгамдан суюнчини олаверинг!..

Мамазоҳир уйига келиб, бу севинчли хабарни хотинига айтганида, Роҳилахон аввалига ишонмади, кейин ўртада Тоҳир Саидовичнинг ўзи далолатчи бўлиб турганини эшитгач, «ҳе, у киши таги йўқ гапни айтмайдилар, шунча замондан бери қилган нолаларим табиатнинг энг нозик жойларига етиб бориб, Тоҳир Саидовичнинг юракларига шафқат солибди» деб, ҳаво деган текин нарсадан турли-туман режалар тузишга тушди.
— Ҳой, дадаси, уйни тўрт хонали дедингизми? Озлик қилмасмикин? Ёнига яна иккита хона қўштириб олмабсиз-да? Ҳа, майли, ҳозирча шуниси ҳам бўлади. Бир хонасига қизларингизни, бирига ўғилларни жойлаймиз. Ўзимиз бир хонасини эгаллаймиз. Битта хонани келинчакларнинг уйидай қилиб меҳмонларга ясатиб қўямиз…

Роҳилахон осмону фалакда парвоз қилиб юраркан, пешонаси тақ этиб бирон тоғ чўққисига урилиб кетди шекилли, дабдурустдан сергак тортиб, атрофига олазарак қарай бошлади.
— Ҳой, боқибеғам, эрта-индин янги уйга кўчадиган бўлсангиз, бисотингизда учта гиламу иккита сандиқдан бўлак ҳеч вақо йўқ-ку?! Тўртта ҳайҳотдай хонани нима билан тўлдирасиз? Кўч-кўронингизни машинага ортганда одамлар кулишмайдими: «Мамазоҳирбой ўттиз йилдан бери зоотехникман деб юраверган экан-да, тамоми топган-тутгани бир машинаям чиқмади-ку», дейишиб. Йўқ, туринг, рўмолимнинг учида тугиб юрган беш-олти юз пулим бор. Икковлашиб бир магазин айланайлик. Полский гарнитурлар келган дейишади. Зора биронтасига илиниб қолсак…

Мамазоҳир хотинининг гапини қайтаришга одатланмаган. Йўқ эса, «Ўпкангни бос, хотин, аввал ҳеч бўлмаса ордер қўлга тегсин, гарнитур олиш қочмас», дерди-я…

Хуллас, эр-хотиннинг «магазин айланиши» кечқурун уйга бир машина гарнитур келиши билан тугалланди. Янги мебелнинг устига қопланган тахталарнинг биронта ҳам михини кўчирмай, шундоқлигича болалар хонасига олиб киришган эди, у ерда қадам босгудек бўш жой қолмади. Шу оқшом ҳаммалари битта хонага тиқилиб олишди. Болаларнинг хархашаси ҳар кунгидан анча авжлироқ бўлган эса-да, янги уйнинг нашидаси билан унчалик билинмади…
* * *

Орзиқиб кутилган пайшанба ҳам келди. Мамазоҳир нонуштадан кейин катта қизи яхшилаб дазмоллаб қўйган қўчалик костюмини кийиб, шаҳар ижрокоми қайдасан, деб йўлга равона бўлди. Тоҳир Саидович бир кун аввал: «Мен ўзи билан телефонда гаплашиб қўйдим, эртага кечқурун паловни сизникида еймиз», деган эди.

Ўша таниш қабулхона. Аммо бугун деворнинг икки тарафига териб қўйилган ўнлаб ўриндиқларнинг ҳаммаси банд. Ўриндиқ тегмаганлар эшик ёнидаги жавонга суяниб туришибди. Мамазоҳир ҳам атрофга разм солгач, ўшаларнинг ёнидан ийманиброқ жой олди.

Бақалоқ хотин дам-бадам «С. Б. Ботиров» деган эшикдан ичкарига кириб-чиқяпти. Ниҳоят, қабул бошланди. Ботировнинг ҳузуридан биров суюниб чиқса, биров қовоғи осилиб чиқяпти. Уч-тўрт одамни ўтказиб туриб, Мамазоҳир оҳиста бақалоқ хотиннинг столи олдига борди-да, мулойим овоз билан:
— Мен қачон кираман?— дея сўради.
— Сизми? Сиз рўйхатда йўқсиз. Шунинг учун ҳаммадан кейин кирасиз,— деб жавоб берди секретар Мамазоҳирга ўқрайиб. Бу гап Мамазоҳирнинг қулоғига «Сиз режасиз қурилган уйсиз, сизни булдозер олиб келиб бузиб ташлаймиз», дегандақа совуқ эшитилди.

Қиёмат қойимнинг ҳам чегараси бор, деганларидек, охири Мамазоҳирга ҳам навбат келди. Ичкарига таваззу билан кириб бораркан, тўрда ўтирган қорамағиз, от юз, қошлари чимирилган йигитни кўриб ичига ўт ёқилгандай бўлди; у Мамазоҳирга танишдек эди. Айниқса унинг узун қилиб ўстирган, қоқ пешонасининг устидан фарқ очилиб, дам сайин иккала чаккасига, қошининг учига қадар осилиб тушаётган қоп-қора сочи кўзига иссиқ кўринди. Ботиров Мамазоҳирнинг кириб келганини пайқадими-пайқамадими, ҳар қалай, қоғоз кўриш билан овора бўлиб ўтираверди. Унгача Мамазоҳир уни қаердан танишини эслашга яна бир уриниб кўрди. Охир топди. Уни қарангки, бу одам қуйиб қўйгандай шоир Маяковскийга ўхшар экан. Э, тавба, худди ўзи-я. Агар кино-пинода Маяковскийнинг ролини бажарса борми, лауреат бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
— Хўш?— Ботировнинг жарангдор овози Мамазоҳирнинг сачраб кетган хаёлини бир жойга тўплаб қўйди. У такаллуф билан қўлидаги қоғозни узатди. Ботиров уни очиб ўқир экан, энсаси қотганнамо афт-башараси буришди, қошлари баттар чимирилиб, пешонасида иккита йўғон чизиқ пайдо бўлди.
— Хўш?— деди Ботиров қоғозни яна Мамазоҳирга қайтариб бераркан. Мамазоҳир нима қилишини билмай, типирчилаб қолди.
— Ҳалиги… Тоҳир Саидович билан гаплашган экансиз… Янги уйга ордер бор экан…

Сотқин Ботирович Мамазоҳирга бақрайиб қараганича андак хаёлга ботди. Сўнг қўлидаги қаламни зарда билан ойнакка бир уриб, шарт ўрнидан турди:
— Э, қанақа қизиқ одамсизлар! Отамнинг уй қурадиган заводи бормики, «ма санга, ма санга» деб улашаверсам. Уй йўқ! Бекор овора бўлиб келибсиз!..

Мамазоҳир ўзини дадил тутишга ҳаракат қилди:
— Келмас эдиму Тоҳир Саидович…

Ботиров дераза олдига бориб, ташқарига разм соларкан, худди кўчага гапираётгандай давом этди:
— Мен ҳеч қанақа Тоҳир Саидовични танимайман. Унга ҳеч қачон уй ҳам ваъда қилган эмасман.— Сўнг бир нарсани эслагандай, чўнтагини ковлаб, битта уч сўмликни олди-да, яна столга қайтиб келди:— Ҳа, айтганча, Тоҳир Саидовичингизни бир марта кўргандек эдим… Аммо ўзинглар ҳам жуда назари паст одам экансизлар-да! Бир марта машинангларга тушиб, балога қолдимми? Манг, ушланг, мановини ўша Тоҳир Саидовичингиз билан бўлишиб олинг-да, қайтиб менга турқингизни кўрсатманг! — Ботиров шундай деб, уч сўмликни Мамазоҳирга узатди. Мамазоҳир пулни беихтиёр олди, оёқларидан тобора дармон кетганича орқасига ўгирилиб, эшик томонга юрди. Қабулхонага чиққунча рўпарасидан Роҳилахон, етти боласи, гарнитур, пешонасида қолган биттаю битта хона лип-лип этиб ўтди-да, қўзлари тинди…

Мамазоҳир кўзини очса шифохонада ётибди. Тепасида оқ халат кийган докторлар гиргиттон.
— Асти қимирлай кўрманг!— деб огоҳлантиришди уни.— Ҳатто ёнингизга ҳам ўгирилманг. Фақат кўкка қараб ётинг. Шунда тез тузаласиз.

Оламда кечаётган воқеалардан уни ҳар куни Роҳилахон хабардор қилиб туради. Мамазоҳир шифохонага тушгандан кейин уйга шаҳар советидан депутатлар келибди, «бай-бай, одам ҳам шунақа пандавақи бўладими, илгарироқ ариза-париза қилиб, уй сўрамайсизларми, аллақачон битиб кетадиган иш экан», деб буларнинг ўзларидан хафа бўлишибди. Шаҳар ижрокоми депутатлар хулосасини мажлисда кўриб чиқиб, Мамазоҳир оиласига зудлик билан беш хонали уй беришга қарор қилибди. Сотқин Ботировичга ҳайфсан берилибди.

Бир куни Роҳилахон ўзида йўқ ҳолда суюниб келди. Мамазоҳирга индамай, бир парча пуштиранг қоғоз узатди. Бу — беш хонали уйнинг ордери эди!..

Мамазоҳир «Тўйлар муборак»ни эшитганда «қуллуқ, қуллуқ!» дейишининг боисини энди билдингизми? Ҳа, гап шундай!





Yozuvchi Turg‘un Po‘lat (1928-1974) “Ichkuyov” (1975) qissasi bilan 70-yillar o‘zbek nasri tarixida qoldi. Zero, “Ichkuyov” 70-yillar o‘zbek nasrida yangi fikr, yangi qarash, hayot haqiqatini ro‘y-rost ko‘rsatish nuqtai nazaridan muhim asar edi. Shu tufayli ham bu asar tez orada ko‘p qismli telefilm bo‘lib, zangori ekranga ko‘chdi. 1979 yilda ana shu film ijodkorlari qatorida adibga ham Respublika Davlat mukofoti berildi.

Turg‘un Po‘lat
TO‘YLAR MUBORAK
09

turgun-polat.jpgYozuvchi Turg‘un Po‘lat 1928 yilda Namanganda tavallud topgan. U ko‘p vaqt jamoa, davlat xo‘jaliklarida hisobchi, xo‘jalik ishlari bilan mashg‘ul bo‘lgan.

Yozuvchi sifatida 50-yillarning boshlarida matbuotda ko‘rina boshlagan. Dastlab shoir sifatida “Bizning bobo” (1951); “Buyuk savdo” (1952), “Mangu qo‘ldoshimsan” (1956), “Festival qo‘shig‘i” (1959) kabi she’riy asarlari bilan tanildi. Ayni chog‘da “Ayollar isyoni” (1967), “Jig‘ildon qori” (1970), “To‘ra hujjat” (1970) kabi hajviy hikoyalari yaratildi. So‘pgra uning “Mirrixdan kelgan mehmon” (1973) hajviy hikoyalar to‘plami, “Vodiylarni yayov kezganda” (1971) ocherklari, “Ichkuyov” (Qissa va hajviyalar» — 1979—1986 nashrlari) chop etildi. Shuningdek, Turg‘un Po‘lat publitsist va ocherknavis sifatida ham o‘nlab asarlar yaratdi.

Uning “Tabarruk zaminda” (1970), “Xotinboz” (1972), “Yalovbardor” (1986) kabi asarlari shu jihatdan muhim edi. Xullas, yozuvchi o‘zinnpg she’r va ocherklarida bo‘ladimi, hikoya va qissalarida bo‘ladimi, hayotdagi, odamlardagi nuqsonlar ustidan kulib, uni bartaraf etish yo‘lini izlaydi. Ayniqsa, uning “Ichkuyov” (1975) qissasi adibga shu jihatdan sharaf keltirdi: shu nomdagi televizion badiiy filmi uchun unga 1979 yili vafotidan so‘ng Hamza nomidagi Respublika Davlat mukofoti berildi.

09

Mamazohir yaqin uch-to‘rt oydan buyon ko‘chadami, choyxonadami, radio yo televizordami “To‘ylar muborak” degan ashulani eshitib qolguday bo‘lsa, bexosdan “qulluq, qul-luq” deb yuboradigan qiliq chiqardi. Tag‘in uning yoshi ellikdan oshib, yetti bolaning otasi bo‘lganda, xotinini yangilabdi-da, deb o‘ylamang. Yo‘q, aslo unday emas. Agarda bu shahardan yuz chaqirim nari-berida Mamazohirchalik pokiza, oilaga sadoqatli odam topsangiz, mening lotereyaga yutib olgan “Volga”mni indamasdan minib ketavering: miq etsam, odam emasman!

Mamazohir “To‘ylar muborak”ni eshitganda, “qulluq, qulluq” deyishining boisi shuki, bu so‘zlar uning qulog‘iga “Uylar muborak” bo‘lib kiradi, butun olam uning quvonchiga hamdam bo‘lib, uni yangi uy bilan tabriklagandek tuyuladi. Ha, ha, endi payqagandirsiz, bizning Mamazohir shaharning qoq o‘rtasidan besh xonali yangi uy olgan! Tabriklamagan bo‘lsangiz, hali ham kech emas, bir borib, tabriklab keling: ancha ko‘ngli ko‘tariladi.

Ana shunda yangi uyning kaliti qo‘liga tekkuncha boshidan qanaqa hangomalar kechganini, ehtimol, sizga ham aytib berar. O‘ziyam juda qiziq bo‘lgan-da!

* * *

…Mamazohir chorvachilik bilan bog‘langan bir tashkilotda iqtisodchi zootexnik bo‘lib ishlaydi. Qiladigan ishi — kolxozlarda yetishtiriladigan yem-xashakning hisobini olib borishu davlat fondidan beriladigan har xil yemlarni kolxozlarga taqsimlash. Sirtdan qaraganda, bundan jo‘n ish yo‘q. Ammo mendaqa odamni qo‘yib qo‘ysa, bir kun ham chidash bera olmayman. “Nega bizga sheluxa kam tegdi”, “Falon kolxoz hadeb kunjara olaveradimi” va hokazo, va hokazo, koni g‘alvaning uyasi. Og‘ir karvonligidanmi yo terisi qattiqmi, har qalay Mamazohir bu vazifani o‘ttiz yildan beri eplashtirib kelyapti. Texnikumni bitirib, to‘g‘ri shu tashkilotga tushganicha, hali hech qayoqqa qimirlagan emas.

Mamazohir ishga yangi kelgan yili “yosh mutaxassisga g‘amxo‘rlik” ma’nosida unga bir qavatli g‘ishtin uydan ikkita xona berishgan. O‘sha vaqtda bu bino shaharning eng ko‘rkam, eng shinam imoratlaridan sanalardi. Yillar o‘tib shahar ham eniga, ham bo‘yiga o‘sdi. Bir vaqtlar hammaning havasini qo‘zg‘atgan imorat endi ko‘p qavatli uylar qarshisida shumshayib, ko‘zga xunuk ko‘rinadigan bo‘lib qoldi. Ichidagi vodoprovodini aytmasangiz, maqtagudek ohanjamasi yo‘q hisobda.

Bunisi ham mayli-ya, Mamazohir ayolmand bo‘lib qolgan. Rohilaxon uni ikki lobar qiz bilan beshta alpday o‘g‘ilning otasi qilib qo‘ygan. Nuktadon shoirimizning: “Yashash orzusini sinash-chun atay…” degan she’riy bandi xuddi Mamazohir tilidan Rohilaxon sha’niga aytilgan madhiyaday.

Bolalar bitta-ikkita bo‘lganda ham baharnav edi. Lekin ularning sanog‘i uch kam o‘nga yetib, oldi institutga, keti maktabga qatnay boshlagach, Mamazohir o‘zini suv ustida qalqib yuruvchi po‘kakday besaranjom sezadigan bo‘lib qoldi. Kunduzi idorada kunjara bilan sheluxaning mashmashasi, kechqurun uyda “mening darsim zarurroq, sen keyin tayyorlaysan”, deb bittayu bitta stolni talashadigan bolalarning xarxashasi…

Mamazohir bilan birga shu uydan joy olgan qo‘shnilari yangisiga ko‘chib olishdi. Ularning o‘rniga kelganlari ham ko‘p qavatli shinam imoratlardan joy topib chiqib ketishdi. Ammo, Mamazohirlar xonadoni xuddi mixlab qo‘yganday o‘rnidan siljimaydi. Negaki Mamazohir, boya aytganimizday, chorvachilik bilan bog‘langan tashkilotda ishlaydi. Bu tashkilotning o‘zi shaharda-yu, lekin ishi qishloq bilan bitadi. Shu vajdan tashkilot boshliqlarining shahar rahbarlari bilan hech qanday bordi-keldisi yo‘q. Mamazohirning fikricha esa, unga uy olib berish uchun boshliqlar o‘rtaga tushmasa, o‘zi bu ishni ikki dunyoda eplayolmaydi. Yomon ko‘rgani — idorama-idora yurish.

Kunora Rohilaxon uchqun tekkan benzinday lovillab qoladi:
— Peshanam sho‘r bo‘lmasa, kelib-kelib zootexnikka tegamanmi-a! Qassobga tegmaymanmi, somsapazga tegmaymanmi, dang‘illama uchastkada oyoq-qo‘limni uzatib yotgan bo‘lardim!

Yo bo‘lmasa:
— Dunyoga kelib, Ma’rifatxonchalik bo‘lmaganimga kuyib ketaman! Yuzining cho‘tiriga sedana sepsang bittasi yerga tushmaydi-yu, turmushi bamisoli xonzodalarning o‘zginasi! Uchta joniga to‘rtta xona, yana mo‘rchasi ham ichida!

Shunday paytlarda Mamazohirga sichqonning uyasi ming tanga bo‘lib ketadi.

Xabaringiz bordir, burnog‘i yili shahrimizga sel keluvdi. O‘shanda Soy ko‘cha tarafda qulamagan imorat qolmadi chog‘i. “Chog‘i” deyayotganimning bois shuki, faqat Mamazohir o‘tirgan imoratga dard tegmasa bo‘ladimi! Baraka topkur ustalar uning poydevorini shunaqayam baland olishgan ekanki, telba toshqin chunon chirangani bilan devorning suvog‘ini bir enlikcha ham ho‘llay olmadi. Boshqa odam bo‘lsa-ku, ustalarni alqayverib esi ketardi-ya, ammo bizning Mamazohir ularning go‘riga har soatda mingtadan g‘isht qalab yubordi. O‘rtab, yonganichayam bor-da! O‘ngu so‘lda imorati vayron bo‘lgan xonadonlar yo Maygir tarafdan uchastka ajratib, yo bo‘lmasa shahar markazidan uy olib chiqib ketishdi. Mamazohir bo‘lsa, boyagi-boyagi, boy xo‘jamning tayog‘iday bo‘lib, o‘tirgan joyida qimirlamay qolaverdi. Vayronalar tekislanib, o‘rnida yangi, ko‘p qavatli imoratlar qad ko‘taryapti hamki, Mamazohirlarning uyi buzilmasdan, o‘sha dang‘illama imoratlar qarshisi shohi ko‘ylakka chipta yamoq bo‘lib turibdi!

Bir kuni ertalab Mamazohir ishga kelib, endi u yoq-bu yog‘ini to‘g‘rilayotgan paytda birdan uni idora boshlig‘i Tohir Saidovich yo‘qlatib qoldi.
— Bir yaxshi gap aytsam nima suyunchi berardingiz?— dedi boshliq xursandchiligidan og‘zining tanobi qochib.
— Nima xohlasangiz shu-da, biz suyunchidan qocharmidik,— deb iymanibroq javob berdi Mamazohir nima gapligini ilg‘ayolmay.
— Bo‘lmasa, eshiting: Sizga markazdagi yangi uylardan bitta to‘rt xonali kvartirani sag‘irning moliday beg‘ubor qilib undirib qo‘ydim. Mana bu xatni olib borib shahar ijrokomining rais muovini Sotqin Botirovichning qo‘liga shaxsan topshirasiz. Order yozib beradi. Choping!

Mamazohir shu topda boshliqning yuzidan “cho‘lp-cho‘lp” o‘pib olgisi, uni o‘rindiqdan dast ko‘tarib shiftga irg‘itgisi keldi-yu, ammo sevinchini zo‘rg‘a ichiga yutib:
— Rahmat, rahmat! — deb qo‘ya qoldi. Tohir Saidovich:
— Boqib yotgan so‘qimingiz bo‘lsa, qassob chaqiravering!— deganda, Mamazohir allaqachon ko‘chaga chiqib olgan edi.

Yengil vazndagi polvonlarga o‘xshash past bo‘y, girdig‘um Mamazohirning asfalt yo‘lkadan pildiroqday dumalab borayotganini ko‘rgan odamlar: “Xotini tug‘ibdiyu qaynanasidan suyunchi olgani shoshilib ketayotganga o‘xshaydi”, deb o‘ylashardi.

Mana, Mamazohir ikkinchi kosmik tezlik bilan shahar ijrokomiga ham yetib keldi. Poygakdagi qorovuldan so‘rab, uchinchi qavatga ko‘tarildi. “Shahar ijrokomining rais muovini S. B. Botirov” deb lavha osilgan eshikni ham topdi. “Yo pirim!” deb uni ochib, ichkari kirgan edi, “S. B. Botirov” o‘rniga ikkala beti oshqovoqday ko‘pchib chiqqan, har kiftida bittadan azamat bemalol o‘ynaydigan baqaloq ayolni ko‘rib, sal bo‘lmasa labiga uchuq toshayozdi. Ayol bir tirsagini stol ustidagi qalin oynakka tirab, allakim bilan telefonda gaplashayotgan ekan. Mamazohirni ko‘rib “chiq, chiq!” deganday, zarda bilan qo‘lini ikki-uch silkidi. Mamazohir esa bu ishorani tushunsa ham, o‘zini tushunmaslikka solib qaqqayib turaverdi. Nihoyat, ayol trubkani joyiga qo‘ydi. Mamazohirga boshdan-oyoq sinchkov nazar solgach, erkaknamo yo‘g‘on ovoz bilan:
— Bugun qabul kuni emas!..— dedi.

Bungacha Mamazohir xonani obdan ko‘zdan kechirib kirgan joyi qabulxonaligini, “S. B. Botirov”ning kabineti esa o‘ng tomondagi eshik ekanini bilib olgan edi.
— Mana shu xatni o‘zlariga topshirishim kerak edi-da,— dedi Mamazohir.
— Nima masalada — kvartira to‘g‘risidami? Mamazohirdan bo‘lak, ish ko‘rgan odam bo‘lsa-ku, shu topda bir juft yolg‘on gapirib: “Yo‘q, xizmatga taalluqli xat”, deb aytgan va kotibani aldab, Sotqin Botirovichning huzuriga lip etib kirib ketgan bo‘lardi-ya. Ammo, Mamazohir so‘takligiga borib, rostini ayta qoldi:
— Ha, kvartira xususida.
— Unday bo‘lsa qabul kuni kelasiz. Payshanbada.
— Hozir shundoq kirib, tashlab chiqsam bo‘lmaydimi? Yo o‘zingiz kirgizib bersangiz?
— Hey, odam! Marsdan tushganmisiz? Qonun-qoidani bilasizmi? Pastda kiraverishdagi e’lonlarni nimaga yopishtirib qo‘yibmiz? Savodingiz bordir, o‘qisangiz bo‘lmaydimi?

Mamazohir dami chiqib ketgan pufakday so‘ljayib pastga tushdi. Bosmaxonada bosib chiqarilgan supraday taxta qog‘ozga shahar ijrokomi raisidan tortib, to statistika boshqarmasining inspektori bilan ovchilar soyuzining raisigacha nomma-nom sanalib, har birining qarshisiga qaysi kuni soat nechadan nechagacha hojatmandlarni qabul qilishi ko‘rsatib qo‘yilibdi. Yana bir e’londa “shahar ijrokomining rais muovini Sotqin Botirovich haftaning payshanba kunlari soat 14 dan 18 gacha qabul qiladi. Hojatmandlar dushanba kuni ertalab 10 dan 13 ga qadar qabulxona sekretariga uchrab, navbatga yozilmoqlari kerak”, deyilibdi.

“Haftada bir kun, muayyan soatlarda hojatmandlarni qabul qilishsa, rosa jonining huzurini ko‘zlagan odamlar ekanmi! Biz ekan-da, odamzodning soddasi. Ertalabmi, peshinmi, kechqurunmi, kim kelsa qabul qilaveramiz”, deb xayolidan o‘tkazdi Mamazohir.

“Tohir Saidovichga hayronman,— deb o‘ylar edi u yana, boya o‘zi kelgan yo‘lkadan shalpayganicha bitta-bitta odim tashlab borarkan,— nega meni yo‘q narsaga yugurtiradi? Yo meni kalaka qildimikan?”
* * *

Ammo Mamazohirni kalaka qilish Tohir Saidovichning yetti uxlab tushiga ham kirgan emas edi…

Tohir Saidovich futbolga mukkasidan ketgan ishqiboz. Bahor kelishi bilan nuqul “Paxtakor” o‘ynaydigan kuni Toshkentda “ishi” chiqib qoladi. Uni ham qo‘yavering, biror sayhonlikda to‘rtta tirmizak to‘p talashib turganini ko‘rib qolsa, to‘xtab, shuning natijasini bilmaguncha ko‘ngli to‘lmaydi.

Bozortepadagi “Hosilot” kolxozi stadion qurib, futbol komandasi tuzgach, Tohir Saidovichga o‘xshash odamlarga yana ham jon kirdi. Hech bo‘lmasa, “Paxtakor” safarda yurgan kunlari qosh-qovog‘ingda futbol bor-ku! Shahardan o‘ttiz chaqirim narida bo‘lsa nima?! Hozirgi asfalt yo‘llarda mashinaga Ko‘hi Qof ham bir qadam!

O‘sha kuni “Hosilot” zab “o‘yin ko‘rsatdi-da!” Ayniqsa markaziy hujumchi Hovliqmayevning jonbozligini aytmaysizmi. Burchakdan uzatilgan to‘pni, Axbor Imomxo‘jayev aytganday, “boshi bilan tepib”, darvozaga kirgizdi-ya, azamat! Hisob “Hosilot” foydasiga 4:0 bo‘ldi.

Tohir Saidovich stadiondan xursand bo‘lib chiqib, shofyorini topish uchun atrofga alanglagan edi, taksi mashinalar orasida girdikapalak bo‘lib yurgan odamga ko‘zi tushib qoldi. Boyoqishni hech qaysi shofyor olgisi kelmas edi. Bu odam Tohir Saidovichga tanishdek ko‘rindi. “Oting qurg‘ur kim edi-ya? Ha, ha, Sotqin Botirovich, shahar ijrokomi raisining muovini”. Tohir Saidovich sekin borib, uning tirsagidan ushladi:
— Sotqin aka, mashina kerakmi? Men birga olib keta qolay…
— He, assalomu alaykum. Rahmat. Kelinoyingiz bir joyga boradigan bo‘lib, mashinamni shaharga qaytarvorgandim, bir amallarman, deb. Rahmat, muruvvatingiz uchun!

Ikkovlari Tohir Saidovichning “gazik”ida shaharga jo‘nashdi. Ikkita, kasb-kori bir-biriga hech mos kelmaydigan odamning topishib qolganidan yomoni yo‘q. Gapi gapiga qovushmay turaveradi. O‘rtaga zildek sukunat cho‘kib, ikkovini ikki yoqqa ajratib qo‘yadi. Hozirgina o‘tgan futbol o‘yinining tafsilotlarini begona kishi, ya’ni shofyor oldida muhokama qilish esa, ikkita tuppa-tuzuk idoraning boshlig‘iga munosib emas.

Tasodifan birovning mashinasiga yuk bo‘lib qolgani uchun boyadan beri xijolat chekib kelayotgan hamrohini noqulaylikdan qutultirish maqsadida Tohir Saidovich so‘z qotdi:
— Toshqin oqibatlarini tugatay, deb qoldinglarmi?

Sotqin Botirovich nabirasining ko‘magisiz ninaga ip o‘tkazib olgan kampirday ko‘ngli yorishdi. Chunki gapga mavzu topilgan edi-da!
— He, nimasini aytasiz,— dedi u jonlanib.— Avval boshpanasiz qolgan odamlarni joylay olmay garang edik. Endi hasharchilar hammayoqqa uy qurib tashlagandan keyin kimni olib kirib qo‘yishimizni bilmay hayronmiz.

Serfarzand oilalar uchun satta to‘rt xonali uylar qurishibdi. Hozircha shu uylarga ega topolmay sarsonmiz.

Tohir Saidovich bu so‘zni eshitganda, birov peshanasidan chertmak olganday sapchib tushdi. “Ie, bu yoqda bo‘sh uylar turgan ekanu bizning Mamazohir akamiz haliyam tovuq katagiday tor uyda tiqilib yotibdi. Bittasini shu odamga so‘rab olib bermaymanmi?”
— Menga qarang, Sotqin aka, sizni shu sarsonlikdan sal qutultirib qo‘ysam, nima deysiz?
— Jon koshkiydi!
— Unday bo‘lsa, bizning Mamazohir aka degan bir keksa xizmatchimiz bor. Boyoqish boshi aylansa, keti aylanmaydigan tor uyda turadi. Shu odamga bir yaxshilik qilib yubormaysizmi?

Mashinaning ichida chirog‘i bo‘lganida, shu payt Tohir Saidovich Sotqin akaning qoramtir yuzidan qon qochib, oftobda o‘nggan satin tusiga kirganini ko‘rardi. Ammo chiroq yo‘q-da! Sotqin Botirovich esa, o‘zi pishirgan “osh”ni sir boy bermay, o‘zi ichishda davom etdi:
— Jonim bilan! Ertaga bir enlik qog‘oz bilan oldimga yuboring. Tayyor uylardan biriga order yozib beraman-qo‘yaman.

Xuddi shu asnoda “gazik” Sotqin Botirovich yashaydigan hovlining darvozasi oldiga kelib to‘xtagan edi.

Mamazohir tushmagur esa, Tohir Saidovichni “kalaka qildi”, deb yuribdi!
* * *

— Odam ham shunaqa lapashang bo‘ladimi, ey tavba!— deb Mamazohirning o‘zini koyib berdi Tohir Saidovich u shahar ijrokomidan qaytib kelgandan keyin.— Tayyor oshni suzib yeyolmasangiz-a! O‘ziga borib uchrang, dedim-ku.

Mamazohir hafsalasi pir bo‘lganini bildirish ma’nosida qo‘l siltab chiqib ketayotgan edi, Tohir Saidovich uni to‘xtatdi:
— Shoshmang, qayoqqa? Hozir o‘ziga telefon qilaman.— Boshliq oyna tagidagi ro‘yxatning “B” bobidan kerakli raqamni topib, telefon diskasini aylantira boshladi.— Sotqin Botirovich kerak edilar. Yo‘qlar? Qayerdalar? Prezidiumda? Xo‘p, mayli, keyin telefon qilarman…

Tohir Saidovich stolni nog‘ora qilib chertganicha andak o‘ylanib qoldi. Rost gap, shu topda Mamazohirdan o‘zi ham xijolatda edi. Lekin boshliqlarning xijolati nima-yu, shuvoqqa tushgan o‘t nima: birpasda pov etib so‘nadi. Tohir Saidovich ham darrov o‘zini o‘nglab oldi:
— Payshanbada kel, degan bo‘lsa, o‘sha kuni boring. Ammo, xotirjam bo‘lingki, uy nakd! Bugun sizga javob, borib yangamdan suyunchini olavering!..

Mamazohir uyiga kelib, bu sevinchli xabarni xotiniga aytganida, Rohilaxon avvaliga ishonmadi, keyin o‘rtada Tohir Saidovichning o‘zi dalolatchi bo‘lib turganini eshitgach, “he, u kishi tagi yo‘q gapni aytmaydilar, shuncha zamondan beri qilgan nolalarim tabiatning eng nozik joylariga yetib borib, Tohir Saidovichning yuraklariga shafqat solibdi” deb, havo degan tekin narsadan turli-tuman rejalar tuzishga tushdi.
— Hoy, dadasi, uyni to‘rt xonali dedingizmi? Ozlik qilmasmikin? Yoniga yana ikkita xona qo‘shtirib olmabsiz-da? Ha, mayli, hozircha shunisi ham bo‘ladi. Bir xonasiga qizlaringizni, biriga o‘g‘illarni joylaymiz. O‘zimiz bir xonasini egallaymiz. Bitta xonani kelinchaklarning uyiday qilib mehmonlarga yasatib qo‘yamiz…

Rohilaxon osmonu falakda parvoz qilib yurarkan, peshonasi taq etib biron tog‘ cho‘qqisiga urilib ketdi shekilli, dabdurustdan sergak tortib, atrofiga olazarak qaray boshladi.
— Hoy, boqibeg‘am, erta-indin yangi uyga ko‘chadigan bo‘lsangiz, bisotingizda uchta gilamu ikkita sandiqdan bo‘lak hech vaqo yo‘q-ku?! To‘rtta hayhotday xonani nima bilan to‘ldirasiz? Ko‘ch-ko‘roningizni mashinaga ortganda odamlar kulishmaydimi: “Mamazohirboy o‘ttiz yildan beri zootexnikman deb yuravergan ekan-da, tamomi topgan-tutgani bir mashinayam chiqmadi-ku”, deyishib. Yo‘q, turing, ro‘molimning uchida tugib yurgan besh-olti yuz pulim bor. Ikkovlashib bir magazin aylanaylik. Polskiy garniturlar kelgan deyishadi. Zora birontasiga ilinib qolsak…

Mamazohir xotinining gapini qaytarishga odatlanmagan. Yo‘q esa, “O‘pkangni bos, xotin, avval hech bo‘lmasa order qo‘lga tegsin, garnitur olish qochmas”, derdi-ya…

Xullas, er-xotinning “magazin aylanishi” kechqurun uyga bir mashina garnitur kelishi bilan tugallandi. Yangi mebelning ustiga qoplangan taxtalarning bironta ham mixini ko‘chirmay, shundoqligicha bolalar xonasiga olib kirishgan edi, u yerda qadam bosgudek bo‘sh joy qolmadi. Shu oqshom hammalari bitta xonaga tiqilib olishdi. Bolalarning xarxashasi har kungidan ancha avjliroq bo‘lgan esa-da, yangi uyning nashidasi bilan unchalik bilinmadi…
* * *

Orziqib kutilgan payshanba ham keldi. Mamazohir nonushtadan keyin katta qizi yaxshilab dazmollab qo‘ygan qo‘chalik kostyumini kiyib, shahar ijrokomi qaydasan, deb yo‘lga ravona bo‘ldi. Tohir Saidovich bir kun avval: “Men o‘zi bilan telefonda gaplashib qo‘ydim, ertaga kechqurun palovni siznikida yeymiz”, degan edi.

O‘sha tanish qabulxona. Ammo bugun devorning ikki tarafiga terib qo‘yilgan o‘nlab o‘rindiqlarning hammasi band. O‘rindiq tegmaganlar eshik yonidagi javonga suyanib turishibdi. Mamazohir ham atrofga razm solgach, o‘shalarning yonidan iymanibroq joy oldi.

Baqaloq xotin dam-badam “S. B. Botirov” degan eshikdan ichkariga kirib-chiqyapti. Nihoyat, qabul boshlandi. Botirovning huzuridan birov suyunib chiqsa, birov qovog‘i osilib chiqyapti. Uch-to‘rt odamni o‘tkazib turib, Mamazohir ohista baqaloq xotinning stoli oldiga bordi-da, muloyim ovoz bilan:
— Men qachon kiraman?— deya so‘radi.
— Sizmi? Siz ro‘yxatda yo‘qsiz. Shuning uchun hammadan keyin kirasiz,— deb javob berdi sekretar Mamazohirga o‘qrayib. Bu gap Mamazohirning qulog‘iga “Siz rejasiz qurilgan uysiz, sizni buldozer olib kelib buzib tashlaymiz”, degandaqa sovuq eshitildi.

Qiyomat qoyimning ham chegarasi bor, deganlaridek, oxiri Mamazohirga ham navbat keldi. Ichkariga tavazzu bilan kirib borarkan, to‘rda o‘tirgan qoramag‘iz, ot yuz, qoshlari chimirilgan yigitni ko‘rib ichiga o‘t yoqilganday bo‘ldi; u Mamazohirga tanishdek edi. Ayniqsa uning uzun qilib o‘stirgan, qoq peshonasining ustidan farq ochilib, dam sayin ikkala chakkasiga, qoshining uchiga qadar osilib tushayotgan qop-qora sochi ko‘ziga issiq ko‘rindi. Botirov Mamazohirning kirib kelganini payqadimi-payqamadimi, har qalay, qog‘oz ko‘rish bilan ovora bo‘lib o‘tiraverdi. Ungacha Mamazohir uni qayerdan tanishini eslashga yana bir urinib ko‘rdi. Oxir topdi. Uni qarangki, bu odam quyib qo‘yganday shoir Mayakovskiyga o‘xshar ekan. E, tavba, xuddi o‘zi-ya. Agar kino-pinoda Mayakovskiyning rolini bajarsa bormi, laureat bo‘lib ketishi hech gap emas.
— Xo‘sh?— Botirovning jarangdor ovozi Mamazohirning sachrab ketgan xayolini bir joyga to‘plab qo‘ydi. U takalluf bilan qo‘lidagi qog‘ozni uzatdi. Botirov uni ochib o‘qir ekan, ensasi qotgannamo aft-basharasi burishdi, qoshlari battar chimirilib, peshonasida ikkita yo‘g‘on chiziq paydo bo‘ldi.
— Xo‘sh?— dedi Botirov qog‘ozni yana Mamazohirga qaytarib berarkan. Mamazohir nima qilishini bilmay, tipirchilab qoldi.
— Haligi… Tohir Saidovich bilan gaplashgan ekansiz… Yangi uyga order bor ekan…

Sotqin Botirovich Mamazohirga baqrayib qaraganicha andak xayolga botdi. So‘ng qo‘lidagi qalamni zarda bilan oynakka bir urib, shart o‘rnidan turdi:
— E, qanaqa qiziq odamsizlar! Otamning uy quradigan zavodi bormiki, “ma sanga, ma sanga” deb ulashaversam. Uy yo‘q! Bekor ovora bo‘lib kelibsiz!..

Mamazohir o‘zini dadil tutishga harakat qildi:
— Kelmas edimu Tohir Saidovich…

Botirov deraza oldiga borib, tashqariga razm solarkan, xuddi ko‘chaga gapirayotganday davom etdi:
— Men hech qanaqa Tohir Saidovichni tanimayman. Unga hech qachon uy ham va’da qilgan emasman.— So‘ng bir narsani eslaganday, cho‘ntagini kovlab, bitta uch so‘mlikni oldi-da, yana stolga qaytib keldi:— Ha, aytgancha, Tohir Saidovichingizni bir marta ko‘rgandek edim… Ammo o‘zinglar ham juda nazari past odam ekansizlar-da! Bir marta mashinanglarga tushib, baloga qoldimmi? Mang, ushlang, manovini o‘sha Tohir Saidovichingiz bilan bo‘lishib oling-da, qaytib menga turqingizni ko‘rsatmang! — Botirov shunday deb, uch so‘mlikni Mamazohirga uzatdi. Mamazohir pulni beixtiyor oldi, oyoqlaridan tobora darmon ketganicha orqasiga o‘girilib, eshik tomonga yurdi. Qabulxonaga chiqquncha ro‘parasidan Rohilaxon, yetti bolasi, garnitur, peshonasida qolgan bittayu bitta xona lip-lip etib o‘tdi-da, qo‘zlari tindi…

Mamazohir ko‘zini ochsa shifoxonada yotibdi. Tepasida oq xalat kiygan doktorlar girgitton.
— Asti qimirlay ko‘rmang!— deb ogohlantirishdi uni.— Hatto yoningizga ham o‘girilmang. Faqat ko‘kka qarab yoting. Shunda tez tuzalasiz.

Olamda kechayotgan voqealardan uni har kuni Rohilaxon xabardor qilib turadi. Mamazohir shifoxonaga tushgandan keyin uyga shahar sovetidan deputatlar kelibdi, “bay-bay, odam ham shunaqa pandavaqi bo‘ladimi, ilgariroq ariza-pariza qilib, uy so‘ramaysizlarmi, allaqachon bitib ketadigan ish ekan”, deb bularning o‘zlaridan xafa bo‘lishibdi. Shahar ijrokomi deputatlar xulosasini majlisda ko‘rib chiqib, Mamazohir oilasiga zudlik bilan besh xonali uy berishga qaror qilibdi. Sotqin Botirovichga hayfsan berilibdi.

Bir kuni Rohilaxon o‘zida yo‘q holda suyunib keldi. Mamazohirga indamay, bir parcha pushtirang qog‘oz uzatdi. Bu — besh xonali uyning orderi edi!..

Mamazohir “To‘ylar muborak”ni eshitganda “qulluq, qulluq!” deyishining boisini endi bildingizmi? Ha, gap shunday!

08

(Tashriflar: umumiy 448, bugungi 1)

Izoh qoldiring