Islomga baxshida umr: Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf & Kitob o’qish haqida

0_166c44_5e8a74f0_orig.pngУч йил аввал атоқли аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафот қилганларини эшитиб, бу нурли инсон ҳақига Қуръони Карим бағишлаб, Аллоҳдан содиқ бандасини ўз раҳматига олишини сўраган эдим. Шайх ҳазратлари билан учрашуву суҳбатларимни, менинг таклифим билан истиқлол арафасида «Камалак» нашриётида «Имон» номли китобларини нашр этган пайтларни эсладим. Кутубхонам тўрида сақланаётган аллома совға қилган китобларни олиб, варақладим. Шайхдан улкан мерос қолди, бу мерос асрларча Ислом оламининг энг нодир хазинаси сифатида эъзозланишига шубҳам йўқ.

A96C79D9-CE05-462F-BBD3-1C3B5AD76725_cx11_cy24_cw89_w1023_r1_s.jpgШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
ҳаёт ва ижод йўли

Муҳаммад Содиқ ибн Муҳаммад Юсуф ибн Муҳаммад Али, 1952 йилнинг 15 апрелида Андижон вилоятида таваллуд топган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўзбекистонда ва ислом дунёсидаги энг машҳур олимлардан эди. Шайх Муҳаммад Содиқ Ислом уламоларининг энг катта нодавлат ташкилоти бўлган Ислом Уламоларининг Миллатлараро Иттифоқининг пешқадам аъзоларидан бири ҳисобланарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ бошланғич диний таълимни отасидан олган. Совет ўрта мактабини 1970 йилда тўлиқ аъло баҳоларга тугатгач, Муҳаммад Содиқ Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ўқишга қабул қилинади. Кейинчалик, Тошкентдаги Олий Ислом Институтида таҳсил олиб, 1975 йилда муваффаққиятли тамомлади. 1976 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ливиядаги ад-Даваъ ал-Ислами Миллий Ислом Университетига қабул қилинди, ҳамда молиявий рағбат билан муваффаққиятли тамомлаган. Ливияда таҳсил олиш йиллари Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Мусулмон уламоларининг келажак авлодига, айниқса, Араб дунёсига ва ҳаттоки узоқ Япония каби мамлакатларга ҳам танитган.

1997 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Саудия Арабистондаги халқаро Ислом ташкилоти бўлган Робита ал-Исломия (Мусулмон Олами Лигаси) таркибидаги Мусулмон давлатлар ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги федерациясига раҳбар этиб тайинланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шу кунгача ушбу ташкилот бошқарув кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланар эди.

dc66bbdec8c43c32cdac14a16f909827.jpgИжодий фаолияти

Шайх кўплаб исломий китоблар муаллифидир. 1994 йилдан 2000 йилгача шайх ишларининг 60 фоизи, яъни ўттизга яқин машҳур мақолалар ва йигирма бешгача яқин китоблар, ҳамда қўлланмалар нашрдан чиқарилди. Ушбу илмий ишларнинг кўпчилик қисми ўзбек тилида ёзилган бўлиб, улардан баъзилари рус ва бошқа МДҲга аъзо давлатлар тилларига таржима қилинган.

Шайх юқорида кўрсатилган муддат давомида Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Ислом Маданияти Маркази Шайх Муҳаммад Содиқнинг кўплаб ишларини нашр қилиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири Ҳилол“, “Тасаввуф ҳақида Тасаввур“, “Ихтилофлар ҳақида“, “Дин насиҳатдир“, “Руҳий тарбия“ ва шу каби кўплаб китоблари ҳозирги кунга қадар китобхонлар орасида машҳур бўлиб, қўлма-қўл ўтиб келмоқда. Шунингдек, ўқувчиларнинг талабларига биноан қайта қайта нашрдан чиқаётган “Сунний Ақидалар“ ва 39 жузъдан иборат “Ҳадис ва Ҳаёт“ китоби ҳам Ўзбекистон халқи орасида эъзоз билан мутолаа қилинадиган китоб қаторидан жой олган. 2004 йилда ташкил топган www.islom.uz веб лойиҳаси эса шахсан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳбарлигида йўлга қўйилган. Ушбу сайт Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга тўғридан тўғри савол бериш имкониятини яратар эди.

Шайх  аъзо бўлган ташкилотлар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф охирги йилларда илмий ва даъватга ҳамда диний маданиятни оширишдаги фаолиятларга ўзини бағишлаган эди. Шайх қуйидаги халқаро ташкилотлар аъзоси ҳисобланган:

  • Макка шаҳридаги Бутун Дунё Ислом Робитасининг таъcис мажлиси
  • Бутун дунё тасаввуф уюшмаси
  • Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти аъзоси
  • Бутун дунё даъати уюшмаси аъзоси
  • Бутун дунё уламолари кенгаши уюшмаси аъзоси
  • Исломобод шаҳридаги бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси
  • Макка шаҳридаги бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроий қўмитаси аъзоси
  • Бутун дунё масжидлар уюшмасининг аъзоси
  • Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси

Шайхнинг илмий даражалари

  • Тошкентдаги Имом Бухорий номли олий маъҳадини битирувчиси
  • Триполи шаҳридаги Бутун Дунё исломга даъват факултетини битирувчиси
  • Тошкентдаги Имом Бухорий номли олий маъҳадида тафсир, улумул Қуръон ва фароиз фанидан дарс берувчи
  • Тошкентдаги Имом Бухорий номли олий маъҳадда мудир ноиби бўлиб ишлаган
  • Тошкентдаги Имом Бухорий номли олий маъҳадда мудир бўлиб ишлаган
  • Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда муфтийси лавозимида ишлаган
  • Тошкент ислом университетида олий ўқуви бўлимида устоз бўлиб ишлаган.
Шайхнинг ҳаёт йўли барчага ибрат бўларли тарзда кечди. Шайх мерос қилиб қолдирган китоблар ва билимлар жамиятнинг ахлоқий турмушида кишиларга тўғри йўл кўрсатиш учун хизмат қилишда давом этаверади.

1426085065103.jpgИЛМНИ ТАРТИБ БИЛАН ОЛИШ КЕРАК!
09

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло борлиқни тартиб-интизом асосида яратган. Шундай экан, У Зотнинг динини ўрганиш ҳам тартибли равишда бўлиши лозим. Ана шунда иш баркамол ва мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, инсон эътиқодини ростламай туриб, шариат аҳкомларига тўғри ва изчил амал қила олмайди. Араб тилининг балоғатини ўрганмай туриб, Қуръоннинг фасоҳатини англашнинг имкони йўқ. Фиқҳдан баҳраланмаган одам Қуръон ва Суннатнинг мақсадини тушунмаслиги аниқ. Тасаввуфнинг таъмини тотмаган одам кўпгина оят-ҳадисларнинг мазасини туймайди. Ушбу таомил бузилганда нималар содир бўлгани ва бўлаётганини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шу боис, Ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Ҳатто бир муаллифнинг асарларини ўрганишда ҳам маълум тартибларни тавсия қилишган. Биз ҳам ушбу анъанага кўра, ҳозирда юртимизда китоблари энг кўп чоп қилинган мусаннифимиз, буюк олимимиз, устозлар устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг асарларини ўрганиш тартибини тақдим қилмоқчимиз.

Юртимизда қадимдан буюк алломалар етишиб чиққан. Улар ўзларининг илмий асарлари орқали дунё тамаддунига, жаҳон маданиятига, хусусан, исломий илмлар ривожига бемисл ҳисса қўшганлар. Ана шундай буюк дарғаларнинг сўнгги вакили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бўлдилар. Очиғини айтишимиз керак, охирги асрларда олимлар, фузалолар кўп ўтган бўлса-да, улар катта илмий асарлар қолдиришга кўп эътибор бермаганлар. Эҳтимол, бу ҳол улар яшаган давр ва шароит тақозоси бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, бу нарса тарихий воқеликдир. Яна бир ҳақиқат шуки, ўшандай илмий ҳаракатлар олиб борган баъзи уламоларнинг асарлари кенг оммага тарқамай қолиб ҳам кетган. Хусусан, худосизлик тузуми ҳукм сурган пайтларда халқимиз ўз динини ўрганишдан буткул маҳрум бўлиб қолди, диний адабиётлар батамом тугатилди. Ушбу катта бўшлиқни тўлдириш эса устоз раҳматуллоҳи алайҳга муяссар бўлди. У киши исломий илмларнинг деярли барча йўналишларида қалам тебратиб, халқимизнинг диний савиясини оширишга, маънавий хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшдилар. Бугун бу ҳақиқатни илму фаросатли, қалб кўзи очиқ, инсофи бор ҳар бир инсон яхши билади, тасдиқлайди.

Шайх ҳазратларининг асарларига халқимизнинг муҳаббати ва иштиёқи ниҳоятда баланд. Бугун бу асарлар кирмаган ўзбек хонадони жуда кам бўлса керак. Мухлис кишилар у зотнинг деярли барча китобларини жамлаган. Аммо бу китоблар турли мавзуларда, турли ҳажмларда бўлгани боис, кўпчилик ўқувчилар ўзлари ёки фарзандлари бу асарларни қайси биридан бошлаб, қай тартибда ўқиш мақсадга мувофиқ бўлишини сўраб, мурожаатлар қилишмоқда. Бу ниҳоятда тўғри фикр. Зеро, Ҳазрат динни тартибли равишда ўрганиш лозимлигини доимо таъкидлар эдилар, барча тушунмовчиликлар ушбу таомилга амал қилмасликдан келиб чиқаётганини уқтирар эдилар. Хуллас, мазкур мурожаатлар, хусусан, фарзандларига шу асарларни ўқитиб, авлодларини илм-маърифатли қилиб тарбиялаш илинжида савол йўллаган ака-ука, опа-сингилларимизнинг ҳаракатлари туртки бўлиб, шу мазмундаги саволларга жавоб тариқасида қуйидаги жадвални омма эътиборига ҳавола қилишни маъқул топдик. Ўйлаймизки, бу камтарона уринишимиз фойдадан холи бўлмайди.

Ҳар бир ишда тартиб зарур. Тартибли ишнинг самараси мўл бўлади, ўзи бардавом бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг энг афзали – оз бўлса ҳам, давомий бўлганидир», деганлар.

Рўйхатда китоблар мазмуни ва долзарблигига кўра босқичларга ажратилди. Ҳар бир босқичда тахминий тартиб бор бўлса-да, уларни ҳар бир ўқувчи ўз қизиқиши ва имкониятидан келиб чиқиб, ўзи учун тартиблаб олиши мумкин. Айниқса, бунда китобхоннинг ёши ҳам эътиборлидир. Ўқувчи толиқмаслиги учун мураккаброқ китоблар ўртасида тушуниш осонроқ бўлган кичикроқ асарлар тавсия қилинди. Бу китобларнинг ҳар бири мустақил асар бўлса-да, уларни тартибли равишда ўрганиш ўқув самарасини ошириб, инсонга илм талаб қилишда ғайрат-шижоат беради.

Айни пайтда, ҳар бир одамга айни дамда кундалик ҳаётида долзарб бўлиб турган мавзуни олдин ўрганиб олиши фарз эканини ҳам эслатиб ўтиш даркор. Мисол учун, оила қурмоқчи бўлганлар «Бахтиёр оила» китобини, савдогарлар «Бозор» китобини аввал ўқиб, ўрганишлари лозим.

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бу жадвалда шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг барча асарларини ўқишга ва ўқитишга бел боғлаган кишилар назарда тутилган. Аммо ушбу тартиб ҳазратнинг асарлари билан танишаётган барча ўқувчилар учун ҳам манфаатли бўлади, деган умиддамиз.

ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ
ҲАЗРАТЛАРИНИНГ НАШР ҚИЛИНГАН АСАРЛАРИНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ

БИРИНЧИ БОСҚИЧ

1. Иймон

2. Соф табиат дини

3. Амаллар ниятга боғлиқдир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни)

4. Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида)

5. Мўминнинг қалқони – муфассал рўза китоби

6. Мўминнинг нажоти – муфассал закот китоби

7. Мўминнинг умр сафари — муфассал ҳаж китоби

8. Ёлғон

9. Ижтимоий одоблар.

10. Бахтиёр оила

11. Исроф

12. Сунний ақийдалар

13. Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар

14. Васатия – ҳаёт йўли

15. Тасаввуф ҳақида тасаввур

16. Самарқанднинг сара уламолари

17. Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 1-қисм

ИККИНЧИ БОСҚИЧ

18. Мукаммал саодат йўли

19. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар

20. Кифоя (1, 2, 3-жузлар).

21. Яхшилик ва силаи раҳм (1, 2-жузлар)

22. Бозор ва унга боғлиқ масалалар

23. Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати

24. Дин насиҳатдир.

25. Очиқ хат

26. Руҳий тарбия (1, 2, 3-жузлар)

27. «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми (1‒10-жузлар)

28. Зуҳд ва ҳаё («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни)

29. Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 2-қисм

УЧИНЧИ БОСҚИЧ

30. Қуръон илмлари

31. Тафсири Ҳилол (1, 2, 3-жузлар)

32. Ҳадис ва Ҳаёт силсиласи (11‒20-жузлар)

33. Одоблар хазинаси («Адабул муфрад»: 1, 2, 3, 4-жузлар).

34. Мазҳаблар – бирлик рамзи

35. Соғлом бола

36. Ҳидоят имоми (Имом Абу Мансур Мотуридий)

37. Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни)

38. Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 3-қисм

ТЎРТИНЧИ БОСҚИЧ

39. Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талхийси

40. Тафсири Ҳилол (4, 5, 6-жузлар).

41. Мусталаҳул ҳадис

42. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

43. Ҳадис ва Ҳаёт силсиласи (21-30 ҳамда 34, 35, 36, 37-жузлар)

44. Хислатли ҳикматлар шарҳи (1, 2, 3, 4-жуз)

45. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар

46. Усулул фиқҳ

47. Дин насиҳатдир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни)

48. Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 4-қисм

ЭРКИН МАВЗУЛАР

50. Кексаларни эъзозлаш

51. Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир

52. Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 5-қисм

53. Қарз ва унга боғлиқ масалалар

54. Қуръон Карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси

55. Олтин силсила («Саҳиҳул Бухорий»)

Эслатма: «Мусталаҳул ҳадис», «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» ва «Усулул фиқҳ» каби китоблар мутахассисликка оид бўлгани учун оддий ўқувчига бироз мураккаброқ туйилиши мумкин. Уларни ўқишда шу соҳанинг олимларидан ёрдам сўраш мақсадга мувофиқ бўлади. Шуни эътиборда тутиш лозим.

КИТОБ ЎҚИШ ҲАҚИДА

Фурсатдан фойдаланиб, шайх ҳазратларининг китоб ўқишдаги тажриба ва тавсияларидан ҳам эслаб ўтсак. У киши китоб ўқиш учун кундалик дафтар тутишни тавсия қилар эдилар. «Ҳар бир китобни бошлашда ўша кунни дафтарга қайдлаб қўясиз. Китобда тушуна олмаган, савол туғилган ўринлар учун ҳам дафтарга ишора қўйиб борасиз. Бирор жумла ёки гапни тушуна олмасангиз, кўп ўйланиб вақтни кетказмаслик керак, вақти-соати келиб, бирор жойдан ўша гапнинг содда ифодаланган шакли чиқиб қолади, жумбоқ ўз-ўзидан ечилади. Кейин китобни тугатган санангизни белгилайсиз. Шунда қанча ва қайси китобларни ўқиганингиз кўз ўнгингизда бўлади. Бу ҳолат сизга янада шижоат беради», деган эдилар.

Баъзан одамларнинг «Ҳазратнинг китоблари илмий-да, тушуна олмаяпмиз», деяётганини эшитиб қоламиз. Бу гап қисман тўғри, аммо ҳаммаси ҳам шундай эмас. Уларни юқорида берилган тартибда ўқилса, тушуниш қийин бўлган жойини белгилаб бориб, кейин аҳли илмлардан сўраб олинса ёки «Савол-жавоб» сайтидан сўралса ёхуд китоб ўқишда бардавом бўлинса, аста-секин ҳамма нарса тушунарли бўлиб, мутолаа очилиб бораверади. Шуниси аниқки, мусулмон одам динини ўрганиш учун ушбу довонни ошиб ўтиши лозим, бошқача қилиб айтганда, илм олиш учун бироз машаққат тортиши керак.

Шайх ҳазратлари ҳар бир ишда тартибли бўлиб, вазифаларни маҳкам тутиш лозимлигини ҳам таъкидлардилар. «Бир ишга ўзингизни бир муддат мажбурласангиз, ўша нарса сизга одатга айланиб қолади, кейин ўшани бажармасангиз, уйқунгиз келмайдиган бўлиб қолади», дер эдилар. У зот китоб ўқиш ҳақида яна «Бугун китоб ўқиган одам кечаги одам эмас-да», деб қўярдилар.

Бир куни ҳазрат билан бир жойдан келаётиб, «фоточтение» ‒ тез ўқиш усулларидан бири ҳақида сўрадим, чунки ўша кунлари шу мавзуда бир китобчани ўқиётгандим. Устоз: «Бу каби усуллар ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлавермайди, матн эсда қолса ҳам, бошқа жиҳатларда нуқсон бўлади, масалан, фикрлаш етук бўлмайди. Ундан кўра ўзимизнинг ўқишимиз яхши», дедилар.

Яна бир куни ҳазратга ўқиётган китобларимиздаги кўп гаплар ёддан чиқиб кетаётганидан шикоят қилгандек бўлдим. Шунда устоз: «Ўзи шунақа бўлади. Бир маълумотни бир китобда кўриб, кейин шу бўйи ўқимасангиз, эсингиздан чиқиб кетиши осон бўлади. Агар ўша маълумотни бир сафар бу китобда, кейин бошқа бир китобда, бир муддат ўтиб, яна қайсидир асарда ўқисангиз, ана шунда хотирада яхши қолади», дедилар. Шу боис, китобларда айрим маълумотларни такрор ўқишдан малолланманг, бу ҳам сиз учун фойда. Бир маълумотни битта китобда такрор ўқигандан кўра, бошқа-бошқа асарларда ўқиш унинг ёдда яхшироқ сақланишини таъминлайди.

Шу ўринда яна бир хотира ёдимга тушади. Бир гал муаллифнинг китобда олдин нашр бўлган битикларидан фойдаланиши ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Шунда мен: «Муаллиф ўзининг китобидан иқтибос келтирса бўлаверадими?» дедим. Ҳазрат: «Ҳа, ўзининг эски асарларидан ўттиз фоизгача фойдаланса бўлади», дедилар.

Шайх ҳазратлари: «Бир мавзу ҳақида қайси китобда қандай маълумот борлигини эслаб қолишнинг ўзи ҳам катта ютуқ, жуда батафсил эсда қолмаса ҳам майли. Керак бўлганда дарров излаб, топиб оласиз», дердилар. У киши яна: «Бир нарсани ўқисангиз, қанчадир қисми эсда қолиб, қолгани эсдан чиқади. Агар ўшани ўқиш билан бирга ёзиб ҳам чиқсангиз, анча кўпроқ қисми ёдингизда сақланиб қолади. Аммо маълумотни эсда сақлашнинг энг юқори даражаси ўша мавзуни кимгадир дарс қилиб ўтишда экан. Дарс берсангиз, ҳам яхши уқиб оласиз, ҳам эсда сақлаб қоласиз», дегандилар. Шунга кўра, ўқиган китобларингизни фарзанд-набираларга тушунтириб борсангиз, олган маълумотингиз хотирага мустаҳкамроқ жойлашади.

Ҳазратнинг китоб ҳақида айтган яна бир гаплари бугун жуда ҳам муҳим: «Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узуқ-юлуқ маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. Тўғри, бунда ҳам анча-мунча илмга эга бўлиш мумкин. Аммо китобнинг ўрни бошқа. Китобда муаллиф аввал муқаддима ёзади. Унда ушбу асарда қайси мавзуда ва нималар ҳақида сўз боришини баён қилади. Кейин ўзи ёритаётган мавзунинг тарихидан гап бошлайди ва аста-секин асосий нуқтага етиб боради. Сўнг эса керакли хулосаларни бериб, сўзига хотима ясайди. Шу боис, китобни бир четдан ўқиган одам билан у ер-бу ердан маълумот ўқиб юрган одамнинг орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Ҳаккам-дуккам маълумотларни ўқишга ўрганган одамнинг фикрлаши ҳам ҳаккам-дуккам бўлиб қолади, бир нарсани гапирсангиз, атрофлича фикрлай олмайди».

Ҳозирги кунда китобларнинг электрон шакллари ҳам жуда оммалашди. Бунга хизмат қилаётганларни Аллоҳ ёрлақасин, ажрларини мўл қилсин. Бунинг қулайлиги, йўл-йўлакай ўқишга муносиблиги ва бошқа манфаатли жиҳатлари борлиги аниқ. Аммо ҳар қанча фойдали бўлмасин, барибир оддий, қоғоз китобнинг ўрнини боса олмас экан. Қолаверса, китоб очиб ўқишнинг файзи бошқа. Кимга қанақа билмадим-у, аммо менга шунақа туюлади. Ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, электрон китобда ўқиган маълумотларим оддий китобда ўқиганларимчалик эсда қолмайди. Менимча, экрандаги кадрни кўриш учун миянинг анча қисми банд бўлади чоғи ва шу боис, маълумотни хотирага сақлашда сустлик юзага келади.

Ота-она фарзандларининг кўз ўнгида ҳадеб телевизор кўриб ўтиравермай, китоб ўқиб турса, болалар ҳам китобхон бўлади. Уларга қилинадиган совғалар ичида ҳам албатта китоб, дафтар-қаламлар бўлиши керак. Уларни ўзлари учун кийим танлашга ўргатганимиз каби китоб олишга ҳам ўргатишимиз даркор. Тўй- маърака, борди-келдиларга қунт қилганимиз каби болаларга ҳам китоб хусусида ваъдалар бериб, уларни амалга оширишимиз керак. Ота-она ҳар куни маълум пайтда оила даврасида китоб ўқишни йўлга қўйиши лозим. Болаларга ўқиши керак бўлган китобларни тайинлаб бериб, кейин ундан имтиҳон олиб, кундалигига баҳо қўйиб, муваффақиятлари билан қутлаб, совғалар улашиш жуда ҳам муҳим. Буларнинг барчасида изчиллик талаб қилинади.

Яна бир тавсия. Агар имкон бўлса, фарзандларга «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидан олинган қисқа ҳадисларнинг матнларини ёдлатиб борилса ҳам жуда яхши бўлади. Шунингдек, «Ақийдатут-Таҳовия»нинг матнини ҳам ёдлатилса айни муддао бўлади. Айниқса, Қуръонни ёд олиб бўлган болалар нима қилишини билмай, тўхталиб қоладилар. Қуръон билан зеҳни чархланиб турган толиби илм учун ҳадис ва илмий матнларни ёдлаш ҳам анча осон кечади. Улар бу матнларнинг маъноларини тўлиқ тушунмасалар ҳам ёдлаб олаверсалар, кейинроқ маъносини ўрганиб, тўлдириб оладилар ва бу илм уларга мулк бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, шайх ҳазратларининг асарларини ўрганишда муаллиф раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур кўрсатмаларига амал қилиб борилса, иншааллоҳ, жуда улуғ иш бўлади. «Тома-тома кўл бўлур», деганларидек, ҳадемай анча катта илмга, маънавий камолотга етиб қолинади. Шу билан бирга, китоб ўқишда қалбни мусаффо тутиш ва ўқиганларига амал қилиб бориш илмнинг баракали бўлиши учун асосий омил эканини ҳам унутмаслик керак.

Шуни таъкидлаш ўринлики, бу ерда фақат шайх раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари ҳақида сўз юритдик, холос. Аммо юртимизда яна бошқа кўплаб уламоларимизнинг китоблари ҳам нашр бўлмоқда. Уларни ҳам ушбу тартибга қиёслаган ҳолда ўқиб борилса, жуда яхши бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргина нарсани зиёда этишни сўраб дуо қилишни буюрган. У ҳам бўлса, илмдир.

«Роббим! Илмимни зиёда қил!» деб айт» (Тоҳо сураси, 114-оят).

Аллоҳ ҳаммаларимизнинг илмимизни зиёда қилсин ва манфаатли айласин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Ashampoo_Snap_2018.04.13_13h02m11s_001_.pngБУГУН КИТОБ ЎҚИГАН ОДАМ КЕЧАГИ ОДАМ ЭМАС…
Шайх ҳазратлари китоб ўқиш ҳақида
09

Асл олим – илми диний ё дунёвий бўлишидан қатъи назар – олим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек икки юзга яқин китоб ёзган олимнинг китоб ўқиш ҳақидаги тавсиялари жуда эътиборга молик экан. Сизларга ҳам илиндим.

Табиийки, гап олди-қочди асарлар эмас, асл илмий китоблар мутолааси ҳақида.

1. Бугун китоб ўқиган одам кечаги одам эмас-да.

2. Бир маълумотни бир китобда кўриб, кейин шу бўйи ўқимасангиз, эсингиздан чиқиб кетиши осон бўлади. Агар ўша маълумотни бир сафар бу китобда, кейин бошқа бир китобда, бир муддат ўтиб, яна қайсидир асарда ўқисангиз, ана шунда хотирада яхши қолади…

3. Бир мавзу ҳақида қайси китобда қандай маълумот борлигини эслаб қолишнинг ўзи ҳам катта ютуқ, жуда батафсил эсда қолмаса ҳам майли. Керак бўлганда дарров излаб, топиб оласиз…

4. Бир нарсани ўқисангиз, қанчадир қисми эсда қолиб, қолгани эсдан чиқади. Агар ўшани ўқиш билан бирга ёзиб ҳам чиқсангиз, анча кўпроқ қисми ёдингизда сақланиб қолади. Аммо маълумотни эсда сақлашнинг энг юқори даражаси ўша мавзуни кимгадир дарс қилиб ўтишда экан. Дарс берсангиз, ҳам яхши уқиб оласиз, ҳам эсда сақлаб қоласиз…

5. Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узуқ-юлуқ маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. Тўғри, бунда ҳам анча-мунча илмга эга бўлиш мумкин. Аммо китобнинг ўрни бошқа. Китобда муаллиф аввал муқаддима ёзади. Унда ушбу асарда қайси мавзуда ва нималар ҳақида сўз боришини баён қилади. Кейин ўзи ёритаётган мавзунинг тарихидан гап бошлайди ва аста-секин асосий нуқтага етиб боради. Сўнг эса керакли хулосаларни бериб, сўзига хотима ясайди. Шу боис, китобни бир четдан ўқиган одам билан у ер-бу ердан маълумот ўқиб юрган одамнинг орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Ҳаккам-дуккам маълумотларни ўқишга ўрганган одамнинг фикрлаши ҳам ҳаккам-дуккам бўлиб қолади, бир нарсани гапирсангиз, атрофлича фикрлай олмайди…

6. Бир ишга ўзингизни бир муддат мажбурласангиз, ўша нарса сизга одатга айланиб қолади, кейин ўшани бажармасангиз, уйқунгиз келмайдиган бўлиб қолади…

7. Фурсатдан фойдаланиб, шайх ҳазратларининг китоб ўқишдаги тажриба ва тавсияларидан ҳам эслаб ўтсак. У киши китоб ўқиш учун кундалик дафтар тутишни тавсия қилар эдилар. «Ҳар бир китобни бошлашда ўша кунни дафтарга қайдлаб қўясиз. Китобда тушуна олмаган, савол туғилган ўринлар учун ҳам дафтарга ишора қўйиб борасиз. Бирор жумла ёки гапни тушуна олмасангиз, кўп ўйланиб вақтни кетказмаслик керак, вақти-соати келиб, бирор жойдан ўша гапнинг содда ифодаланган шакли чиқиб қолади, жумбоқ ўз-ўзидан ечилади. Кейин китобни тугатган санангизни белгилайсиз. Шунда қанча ва қайси китобларни ўқиганингиз кўз ўнгингизда бўлади. Бу ҳолат сизга янада шижоат беради», деган эдилар.

Шаҳноза Тўрахўжаеванинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

Uch yil avval atoqli alloma Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf vafot qilganlarini eshitib, bu nurli inson haqiga Qur’oni Karim bag‘ishlab, Allohdan sodiq bandasini o‘z rahmatiga olishini so‘ragan edim. Shayx hazratlari bilan uchrashuvu suhbatlarimni, mening taklifim bilan istiqlol arafasida “Kamalak” nashriyotida “Imon” nomli kitoblarini nashr etgan paytlarni esladim. Kutubxonam to‘rida saqlanayotgan alloma sovg‘a qilgan kitoblarni olib, varaqladim. Shayxdan ulkan meros qoldi, bu meros asrlarcha Islom olamining eng nodir xazinasi sifatida e’zozlanishiga shubham yo‘q.

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning
hayot va ijod yo‘li

Muhammad Sodiq ibn Muhammad Yusuf ibn Muhammad Ali, 1952 yilning 15 aprelida Andijon viloyatida tavallud topgan.

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf O‘zbekistonda va islom dunyosidagi eng mashhur olimlardan edi. Shayx Muhammad Sodiq Islom ulamolarining eng katta nodavlat tashkiloti bo‘lgan Islom Ulamolarining Millatlararo Ittifoqining peshqadam a’zolaridan biri hisoblanardi.

Shayx Muhammad Sodiq boshlang‘ich diniy ta’limni otasidan olgan. Sovet o‘rta maktabini 1970 yilda to‘liq a’lo baholarga tugatgach, Muhammad Sodiq Buxoro shahridagi Mir Arab madrasasiga o‘qishga qabul qilinadi. Keyinchalik, Toshkentdagi Oliy Islom Institutida tahsil olib, 1975 yilda muvaffaqqiyatli tamomladi. 1976 yilda Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf Liviyadagi ad-Dava’ al-Islami Milliy Islom Universitetiga qabul qilindi, hamda moliyaviy rag‘bat bilan muvaffaqqiyatli tamomlagan. Liviyada tahsil olish yillari Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufni Musulmon ulamolarining kelajak avlodiga, ayniqsa, Arab dunyosiga va hattoki uzoq Yaponiya kabi mamlakatlarga ham tanitgan.

1997 yilda Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf Saudiya Arabistondagi xalqaro Islom tashkiloti bo‘lgan Robita al-Islomiya (Musulmon Olami Ligasi) tarkibidagi Musulmon davlatlar va Mustaqil Davlatlar Hamdo‘stligi federatsiyasiga rahbar etib tayinlandi. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf shu kungacha ushbu tashkilot boshqaruv kengashining doimiy a’zosi hisoblanar edi.

Ijodiy faoliyati

Shayx ko‘plab islomiy kitoblar muallifidir. 1994 yildan 2000 yilgacha shayx ishlarining 60 foizi, ya’ni o‘ttizga yaqin mashhur maqolalar va yigirma beshgacha yaqin kitoblar, hamda qo‘llanmalar nashrdan chiqarildi. Ushbu ilmiy ishlarning ko‘pchilik qismi o‘zbek tilida yozilgan bo‘lib, ulardan ba’zilari rus va boshqa MDHga a’zo davlatlar tillariga tarjima qilingan.

Shayx yuqorida ko‘rsatilgan muddat davomida Qirg‘izistonning O‘sh shahridagi Islom Madaniyati Markazi Shayx Muhammad Sodiqning ko‘plab ishlarini nashr qilib bordi. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning “Tafsiri Hilol“, “Tasavvuf haqida Tasavvur“, “Ixtiloflar haqida“, “Din nasihatdir“, “Ruhiy tarbiya“ va shu kabi ko‘plab kitoblari hozirgi kunga qadar kitobxonlar orasida mashhur bo‘lib, qo‘lma-qo‘l o‘tib kelmoqda. Shuningdek, o‘quvchilarning talablariga binoan qayta qayta nashrdan chiqayotgan “Sunniy Aqidalar“ va 39 juz’dan iborat “Hadis va Hayot“ kitobi ham O‘zbekiston xalqi orasida e’zoz bilan mutolaa qilinadigan kitob qatoridan joy olgan. 2004 yilda tashkil topgan www.islom.uz veb loyihasi esa shaxsan Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahbarligida yo‘lga qo‘yilgan. Ushbu sayt Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufga to‘g‘ridan to‘g‘ri savol berish imkoniyatini yaratar edi.

section_1493295751.jpgShayx a’zo bo‘lgan tashkilotlar

Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf oxirgi yillarda ilmiy va da’vatga hamda diniy madaniyatni oshirishdagi faoliyatlarga o‘zini bag‘ishlagan edi. Shayx quyidagi xalqaro tashkilotlar a’zosi hisoblangan:

    • Makka shahridagi Butun Dunyo Islom Robitasining ta’cis majlisi
    • Butun dunyo tasavvuf uyushmasi
  • Butun dunyo Islomiy xalqlari boshqaruvining bosh kotibiyati a’zosi
  • Butun dunyo da’ati uyushmasi a’zosi
  • Butun dunyo ulamolari kengashi uyushmasi a’zosi
  • Islomobod shahridagi butun dunyo Islom uyushmasi a’zosi
  • Makka shahridagi butun dunyo mutafakkir ulamolari yig‘inining ijroiy qo‘mitasi a’zosi
  • Butun dunyo masjidlar uyushmasining a’zosi
  • Iordaniyadagi Oli Bayt mussasasiga qarashli Islomiy fikrlar akademiyasi a’zosi

Shayxning ilmiy darajalari

  • Toshkentdagi Imom Buxoriy nomli oliy ma’hadini bitiruvchisi
  • Tripoli shahridagi Butun Dunyo islomga da’vat fakultetini bitiruvchisi
  • Toshkentdagi Imom Buxoriy nomli oliy ma’hadida tafsir, ulumul Qur’on va faroiz fanidan dars beruvchi
  • Toshkentdagi Imom Buxoriy nomli oliy ma’hadda mudir noibi bo‘lib ishlagan
  • Toshkentdagi Imom Buxoriy nomli oliy ma’hadda mudir bo‘lib ishlagan
  • O‘rta Osiyo va Qozog‘iston musulmonlari diniy idorasi raisi hamda muftiysi lavozimida ishlagan
  • Toshkent islom universitetida oliy o‘quvi bo‘limida ustoz bo‘lib ishlagan.

Shayxning hayot yo‘li barchaga ibrat bo‘larli tarzda kechdi. Shayx meros qilib qoldirgan kitoblar va bilimlar jamiyatning axloqiy turmushida kishilarga to‘g‘ri yo‘l ko‘rsatish uchun xizmat qilishda davom etaveradi.

27405904_969959079834880_234479328593707008_n.jpgILMNI TARTIB BILAN OLISH KЕRAK!
09

Alloh taologa hamdu sanolar, Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga durudu salavotlar bo‘lsin!

Alloh taolo borliqni tartib-intizom asosida yaratgan. Shunday ekan, U Zotning dinini o‘rganish ham tartibli ravishda bo‘lishi lozim. Ana shunda ish barkamol va maqsadga muvofiq bo‘ladi. Misol uchun, inson e’tiqodini rostlamay turib, shariat ahkomlariga to‘g‘ri va izchil amal qila olmaydi. Arab tilining balog‘atini o‘rganmay turib, Qur’onning fasohatini anglashning imkoni yo‘q. Fiqhdan bahralanmagan odam Qur’on va Sunnatning maqsadini tushunmasligi aniq. Tasavvufning ta’mini totmagan odam ko‘pgina oyat-hadislarning mazasini tuymaydi. Ushbu taomil buzilganda nimalar sodir bo‘lgani va bo‘layotganini bugun hammamiz ko‘rib turibmiz. Shu bois, Islom ulamolari yosh avlodga ilmlarni tartib bilan o‘rgatishga alohida e’tibor berganlar. Hatto bir muallifning asarlarini o‘rganishda ham ma’lum tartiblarni tavsiya qilishgan. Biz ham ushbu an’anaga ko‘ra, hozirda yurtimizda kitoblari eng ko‘p chop qilingan musannifimiz, buyuk olimimiz, ustozlar ustozi shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahmatullohi alayhning asarlarini o‘rganish tartibini taqdim qilmoqchimiz.

Yurtimizda qadimdan buyuk allomalar yetishib chiqqan. Ular o‘zlarining ilmiy asarlari orqali dunyo tamadduniga, jahon madaniyatiga, xususan, islomiy ilmlar rivojiga bemisl hissa qo‘shganlar. Ana shunday buyuk darg‘alarning so‘nggi vakili shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf rahmatullohi alayh bo‘ldilar. Ochig‘ini aytishimiz kerak, oxirgi asrlarda olimlar, fuzalolar ko‘p o‘tgan bo‘lsa-da, ular katta ilmiy asarlar qoldirishga ko‘p e’tibor bermaganlar. Ehtimol, bu hol ular yashagan davr va sharoit taqozosi bo‘lgandir. Nima bo‘lganda ham, bu narsa tarixiy voqelikdir. Yana bir haqiqat shuki, o‘shanday ilmiy harakatlar olib borgan ba’zi ulamolarning asarlari keng ommaga tarqamay qolib ham ketgan. Xususan, xudosizlik tuzumi hukm surgan paytlarda xalqimiz o‘z dinini o‘rganishdan butkul mahrum bo‘lib qoldi, diniy adabiyotlar batamom tugatildi. Ushbu katta bo‘shliqni to‘ldirish esa ustoz rahmatullohi alayhga muyassar bo‘ldi. U kishi islomiy ilmlarning deyarli barcha yo‘nalishlarida qalam tebratib, xalqimizning diniy saviyasini oshirishga, ma’naviy xazinasini boyitishga ulkan hissa qo‘shdilar. Bugun bu haqiqatni ilmu farosatli, qalb ko‘zi ochiq, insofi bor har bir inson yaxshi biladi, tasdiqlaydi.

Shayx hazratlarining asarlariga xalqimizning muhabbati va ishtiyoqi nihoyatda baland. Bugun bu asarlar kirmagan o‘zbek xonadoni juda kam bo‘lsa kerak. Muxlis kishilar u zotning deyarli barcha kitoblarini jamlagan. Ammo bu kitoblar turli mavzularda, turli hajmlarda bo‘lgani bois, ko‘pchilik o‘quvchilar o‘zlari yoki farzandlari bu asarlarni qaysi biridan boshlab, qay tartibda o‘qish maqsadga muvofiq bo‘lishini so‘rab, murojaatlar qilishmoqda. Bu nihoyatda to‘g‘ri fikr. Zero, Hazrat dinni tartibli ravishda o‘rganish lozimligini doimo ta’kidlar edilar, barcha tushunmovchiliklar ushbu taomilga amal qilmaslikdan kelib chiqayotganini uqtirar edilar. Xullas, mazkur murojaatlar, xususan, farzandlariga shu asarlarni o‘qitib, avlodlarini ilm-ma’rifatli qilib tarbiyalash ilinjida savol yo‘llagan aka-uka, opa-singillarimizning harakatlari turtki bo‘lib, shu mazmundagi savollarga javob tariqasida quyidagi jadvalni omma e’tiboriga havola qilishni ma’qul topdik. O‘ylaymizki, bu kamtarona urinishimiz foydadan xoli bo‘lmaydi.

Har bir ishda tartib zarur. Tartibli ishning samarasi mo‘l bo‘ladi, o‘zi bardavom bo‘ladi. Shuning uchun Rasululloh sollallohu alayhi vasallam: “Amallarning eng afzali – oz bo‘lsa ham, davomiy bo‘lganidir”, deganlar.

Ro‘yxatda kitoblar mazmuni va dolzarbligiga ko‘ra bosqichlarga ajratildi. Har bir bosqichda taxminiy tartib bor bo‘lsa-da, ularni har bir o‘quvchi o‘z qiziqishi va imkoniyatidan kelib chiqib, o‘zi uchun tartiblab olishi mumkin. Ayniqsa, bunda kitobxonning yoshi ham e’tiborlidir. O‘quvchi toliqmasligi uchun murakkabroq kitoblar o‘rtasida tushunish osonroq bo‘lgan kichikroq asarlar tavsiya qilindi. Bu kitoblarning har biri mustaqil asar bo‘lsa-da, ularni tartibli ravishda o‘rganish o‘quv samarasini oshirib, insonga ilm talab qilishda g‘ayrat-shijoat beradi.

Ayni paytda, har bir odamga ayni damda kundalik hayotida dolzarb bo‘lib turgan mavzuni oldin o‘rganib olishi farz ekanini ham eslatib o‘tish darkor. Misol uchun, oila qurmoqchi bo‘lganlar “Baxtiyor oila” kitobini, savdogarlar “Bozor” kitobini avval o‘qib, o‘rganishlari lozim.

Shuni ham ta’kidlash o‘rinliki, bu jadvalda shayx Muhammad Sodiq rahmatullohi alayhning barcha asarlarini o‘qishga va o‘qitishga bel bog‘lagan kishilar nazarda tutilgan. Ammo ushbu tartib hazratning asarlari bilan tanishayotgan barcha o‘quvchilar uchun ham manfaatli bo‘ladi, degan umiddamiz.

SHAYX MUHAMMAD SODIQ MUHAMMAD YUSUF
HAZRATLARINING NASHR QILINGAN ASARLARINI O‘QISH TARTIBI

BIRINCHI BOSQICH

1. Iymon

2. Sof tabiat dini

3. Amallar niyatga bog‘liqdir (“Islomning madori bo‘lgan hadislar” rukni)

4. Mo‘minning meroji – mufassal namoz kitobi (kiril va lotin alifbolarida)

5. Mo‘minning qalqoni – mufassal ro‘za kitobi

6. Mo‘minning najoti – mufassal zakot kitobi

7. Mo‘minning umr safari — mufassal haj kitobi

8. Yolg‘on

9. Ijtimoiy odoblar.

10. Baxtiyor oila

11. Isrof

12. Sunniy aqiydalar

13. Ixtiloflar: sabablar, yechimlar

14. Vasatiya – hayot yo‘li

15. Tasavvuf haqida tasavvur

16. Samarqandning sara ulamolari

17. Zikr ahlidan so‘rang (turkumi) 1-qism

IKKINCHI BOSQICH

18. Mukammal saodat yo‘li

19. Aqoid ilmi va unga bog‘liq masalalar

20. Kifoya (1, 2, 3-juzlar).

21. Yaxshilik va silai rahm (1, 2-juzlar)

22. Bozor va unga bog‘liq masalalar

23. Folbinlik, sehrgarlik, jin chiqarish va noan’anaviy davolash kabi ishlar haqiqati

24. Din nasihatdir.

25. Ochiq xat

26. Ruhiy tarbiya (1, 2, 3-juzlar)

27. “Hadis va Hayot” turkumi (1‒10-juzlar)

28. Zuhd va hayo (“Islomning madori bo‘lgan hadislar” rukni)

29. Zikr ahlidan so‘rang (turkumi) 2-qism

UCHINCHI BOSQICH

30. Qur’on ilmlari

31. Tafsiri Hilol (1, 2, 3-juzlar)

32. Hadis va Hayot silsilasi (11‒20-juzlar)

33. Odoblar xazinasi (“Adabul mufrad”: 1, 2, 3, 4-juzlar).

34. Mazhablar – birlik ramzi

35. Sog‘lom bola

36. Hidoyat imomi (Imom Abu Mansur Moturidiy)

37. Halol ochiq oydindir, harom ochiq oydindir (“Islomning madori bo‘lgan hadislar” rukni)

38. Zikr ahlidan so‘rang (turkumi) 3-qism

TO‘RTINCHI BOSQICH

39. Aqidatut-Tahoviya sharhining talxiysi

40. Tafsiri Hilol (4, 5, 6-juzlar).

41. Mustalahul hadis

42. Rasululloh sollallohu alayhi vasallam

43. Hadis va Hayot silsilasi (21-30 hamda 34, 35, 36, 37-juzlar)

44. Xislatli hikmatlar sharhi (1, 2, 3, 4-juz)

45. Fiqhiy yo‘nalishlar va kitoblar

46. Usulul fiqh

47. Din nasihatdir (“Islomning madori bo‘lgan hadislar” rukni)

48. Zikr ahlidan so‘rang (turkumi) 4-qism

ERKIN MAVZULAR

50. Keksalarni e’zozlash

51. Mazhabsizlik – Islom shariatiga tahdid soluvchi eng xatarli bid’atdir

52. Zikr ahlidan so‘rang (turkumi) 5-qism

53. Qarz va unga bog‘liq masalalar

54. Qur’on Karim va o‘zbek tilidagi ma’nolari tarjimasi

55. Oltin silsila (“Sahihul Buxoriy”)

Eslatma: “Mustalahul hadis”, “Fiqhiy yo‘nalishlar va kitoblar” va “Usulul fiqh” kabi kitoblar mutaxassislikka oid bo‘lgani uchun oddiy o‘quvchiga biroz murakkabroq tuyilishi mumkin. Ularni o‘qishda shu sohaning olimlaridan yordam so‘rash maqsadga muvofiq bo‘ladi. Shuni e’tiborda tutish lozim.

KITOB O‘QISH HAQIDA

Fursatdan foydalanib, shayx hazratlarining kitob o‘qishdagi tajriba va tavsiyalaridan ham eslab o‘tsak. U kishi kitob o‘qish uchun kundalik daftar tutishni tavsiya qilar edilar. “Har bir kitobni boshlashda o‘sha kunni daftarga qaydlab qo‘yasiz. Kitobda tushuna olmagan, savol tug‘ilgan o‘rinlar uchun ham daftarga ishora qo‘yib borasiz. Biror jumla yoki gapni tushuna olmasangiz, ko‘p o‘ylanib vaqtni ketkazmaslik kerak, vaqti-soati kelib, biror joydan o‘sha gapning sodda ifodalangan shakli chiqib qoladi, jumboq o‘z-o‘zidan yechiladi. Keyin kitobni tugatgan sanangizni belgilaysiz. Shunda qancha va qaysi kitoblarni o‘qiganingiz ko‘z o‘ngingizda bo‘ladi. Bu holat sizga yanada shijoat beradi”, degan edilar.

Ba’zan odamlarning “Hazratning kitoblari ilmiy-da, tushuna olmayapmiz”, deyayotganini eshitib qolamiz. Bu gap qisman to‘g‘ri, ammo hammasi ham shunday emas. Ularni yuqorida berilgan tartibda o‘qilsa, tushunish qiyin bo‘lgan joyini belgilab borib, keyin ahli ilmlardan so‘rab olinsa yoki “Savol-javob” saytidan so‘ralsa yoxud kitob o‘qishda bardavom bo‘linsa, asta-sekin hamma narsa tushunarli bo‘lib, mutolaa ochilib boraveradi. Shunisi aniqki, musulmon odam dinini o‘rganish uchun ushbu dovonni oshib o‘tishi lozim, boshqacha qilib aytganda, ilm olish uchun biroz mashaqqat tortishi kerak.

Shayx hazratlari har bir ishda tartibli bo‘lib, vazifalarni mahkam tutish lozimligini ham ta’kidlardilar. “Bir ishga o‘zingizni bir muddat majburlasangiz, o‘sha narsa sizga odatga aylanib qoladi, keyin o‘shani bajarmasangiz, uyqungiz kelmaydigan bo‘lib qoladi”, der edilar. U zot kitob o‘qish haqida yana “Bugun kitob o‘qigan odam kechagi odam emas-da”, deb qo‘yardilar.

Bir kuni hazrat bilan bir joydan kelayotib, “fotochteniye” ‒ tez o‘qish usullaridan biri haqida so‘radim, chunki o‘sha kunlari shu mavzuda bir kitobchani o‘qiyotgandim. Ustoz: “Bu kabi usullar har doim ham muvaffaqiyatli bo‘lavermaydi, matn esda qolsa ham, boshqa jihatlarda nuqson bo‘ladi, masalan, fikrlash yetuk bo‘lmaydi. Undan ko‘ra o‘zimizning o‘qishimiz yaxshi”, dedilar.

Yana bir kuni hazratga o‘qiyotgan kitoblarimizdagi ko‘p gaplar yoddan chiqib ketayotganidan shikoyat qilgandek bo‘ldim. Shunda ustoz: “O‘zi shunaqa bo‘ladi. Bir ma’lumotni bir kitobda ko‘rib, keyin shu bo‘yi o‘qimasangiz, esingizdan chiqib ketishi oson bo‘ladi. Agar o‘sha ma’lumotni bir safar bu kitobda, keyin boshqa bir kitobda, bir muddat o‘tib, yana qaysidir asarda o‘qisangiz, ana shunda xotirada yaxshi qoladi”, dedilar. Shu bois, kitoblarda ayrim ma’lumotlarni takror o‘qishdan malollanmang, bu ham siz uchun foyda. Bir ma’lumotni bitta kitobda takror o‘qigandan ko‘ra, boshqa-boshqa asarlarda o‘qish uning yodda yaxshiroq saqlanishini ta’minlaydi.

Shu o‘rinda yana bir xotira yodimga tushadi. Bir gal muallifning kitobda oldin nashr bo‘lgan bitiklaridan foydalanishi haqida suhbatlashib qoldik. Shunda men: “Muallif o‘zining kitobidan iqtibos keltirsa bo‘laveradimi?” dedim. Hazrat: “Ha, o‘zining eski asarlaridan o‘ttiz foizgacha foydalansa bo‘ladi”, dedilar.

Shayx hazratlari: “Bir mavzu haqida qaysi kitobda qanday ma’lumot borligini eslab qolishning o‘zi ham katta yutuq, juda batafsil esda qolmasa ham mayli. Kerak bo‘lganda darrov izlab, topib olasiz”, derdilar. U kishi yana: “Bir narsani o‘qisangiz, qanchadir qismi esda qolib, qolgani esdan chiqadi. Agar o‘shani o‘qish bilan birga yozib ham chiqsangiz, ancha ko‘proq qismi yodingizda saqlanib qoladi. Ammo ma’lumotni esda saqlashning eng yuqori darajasi o‘sha mavzuni kimgadir dars qilib o‘tishda ekan. Dars bersangiz, ham yaxshi uqib olasiz, ham esda saqlab qolasiz”, degandilar. Shunga ko‘ra, o‘qigan kitoblaringizni farzand-nabiralarga tushuntirib borsangiz, olgan ma’lumotingiz xotiraga mustahkamroq joylashadi.

Hazratning kitob haqida aytgan yana bir gaplari bugun juda ham muhim: “Hozirda odamlar manavi telefon va shunga o‘xshash jihozlarda uzuq-yuluq ma’lumotlarni o‘qishga o‘rganib qolishyapti. To‘g‘ri, bunda ham ancha-muncha ilmga ega bo‘lish mumkin. Ammo kitobning o‘rni boshqa. Kitobda muallif avval muqaddima yozadi. Unda ushbu asarda qaysi mavzuda va nimalar haqida so‘z borishini bayon qiladi. Keyin o‘zi yoritayotgan mavzuning tarixidan gap boshlaydi va asta-sekin asosiy nuqtaga yetib boradi. So‘ng esa kerakli xulosalarni berib, so‘ziga xotima yasaydi. Shu bois, kitobni bir chetdan o‘qigan odam bilan u yer-bu yerdan ma’lumot o‘qib yurgan odamning orasida yer bilan osmoncha farq bo‘ladi. Hakkam-dukkam ma’lumotlarni o‘qishga o‘rgangan odamning fikrlashi ham hakkam-dukkam bo‘lib qoladi, bir narsani gapirsangiz, atroflicha fikrlay olmaydi”.

Hozirgi kunda kitoblarning elektron shakllari ham juda ommalashdi. Bunga xizmat qilayotganlarni Alloh yorlaqasin, ajrlarini mo‘l qilsin. Buning qulayligi, yo‘l-yo‘lakay o‘qishga munosibligi va boshqa manfaatli jihatlari borligi aniq. Ammo har qancha foydali bo‘lmasin, baribir oddiy, qog‘oz kitobning o‘rnini bosa olmas ekan. Qolaversa, kitob ochib o‘qishning fayzi boshqa. Kimga qanaqa bilmadim-u, ammo menga shunaqa tuyuladi. O‘zimning shaxsiy tajribamdan kelib chiqib aytsam, elektron kitobda o‘qigan ma’lumotlarim oddiy kitobda o‘qiganlarimchalik esda qolmaydi. Menimcha, ekrandagi kadrni ko‘rish uchun miyaning ancha qismi band bo‘ladi chog‘i va shu bois, ma’lumotni xotiraga saqlashda sustlik yuzaga keladi.

Ota-ona farzandlarining ko‘z o‘ngida hadeb televizor ko‘rib o‘tiravermay, kitob o‘qib tursa, bolalar ham kitobxon bo‘ladi. Ularga qilinadigan sovg‘alar ichida ham albatta kitob, daftar-qalamlar bo‘lishi kerak. Ularni o‘zlari uchun kiyim tanlashga o‘rgatganimiz kabi kitob olishga ham o‘rgatishimiz darkor. To‘y- ma’raka, bordi-keldilarga qunt qilganimiz kabi bolalarga ham kitob xususida va’dalar berib, ularni amalga oshirishimiz kerak. Ota-ona har kuni ma’lum paytda oila davrasida kitob o‘qishni yo‘lga qo‘yishi lozim. Bolalarga o‘qishi kerak bo‘lgan kitoblarni tayinlab berib, keyin undan imtihon olib, kundaligiga baho qo‘yib, muvaffaqiyatlari bilan qutlab, sovg‘alar ulashish juda ham muhim. Bularning barchasida izchillik talab qilinadi.

Yana bir tavsiya. Agar imkon bo‘lsa, farzandlarga “Hadis va Hayot” turkumidan olingan qisqa hadislarning matnlarini yodlatib borilsa ham juda yaxshi bo‘ladi. Shuningdek, “Aqiydatut-Tahoviya”ning matnini ham yodlatilsa ayni muddao bo‘ladi. Ayniqsa, Qur’onni yod olib bo‘lgan bolalar nima qilishini bilmay, to‘xtalib qoladilar. Qur’on bilan zehni charxlanib turgan tolibi ilm uchun hadis va ilmiy matnlarni yodlash ham ancha oson kechadi. Ular bu matnlarning ma’nolarini to‘liq tushunmasalar ham yodlab olaversalar, keyinroq ma’nosini o‘rganib, to‘ldirib oladilar va bu ilm ularga mulk bo‘lib qoladi.

Xulosa qilib aytganda, shayx hazratlarining asarlarini o‘rganishda muallif rahmatullohi alayhning mazkur ko‘rsatmalariga amal qilib borilsa, inshaalloh, juda ulug‘ ish bo‘ladi. “Toma-toma ko‘l bo‘lur”, deganlaridek, hademay ancha katta ilmga, ma’naviy kamolotga yetib qolinadi. Shu bilan birga, kitob o‘qishda qalbni musaffo tutish va o‘qiganlariga amal qilib borish ilmning barakali bo‘lishi uchun asosiy omil ekanini ham unutmaslik kerak.

Shuni ta’kidlash o‘rinliki, bu yerda faqat shayx rahmatullohi alayhning asarlari haqida so‘z yuritdik, xolos. Ammo yurtimizda yana boshqa ko‘plab ulamolarimizning kitoblari ham nashr bo‘lmoqda. Ularni ham ushbu tartibga qiyoslagan holda o‘qib borilsa, juda yaxshi bo‘ladi.

Alloh taolo Qur’oni Karimda Rasululloh sollallohu alayhi vasallamga birgina narsani ziyoda etishni so‘rab duo qilishni buyurgan. U ham bo‘lsa, ilmdir.

“Robbim! Ilmimni ziyoda qil!” deb ayt» (Toho surasi, 114-oyat).

Alloh hammalarimizning ilmimizni ziyoda qilsin va manfaatli aylasin!

Hasanxon Yahyo Abdulmajid

Manba: www.islom.uz

image1-702x336.jpgBUGUN KITOB O‘QIGAN ODAM KЕCHAGI ODAM EMAS…
Shayx hazratlari kitob o‘qish haqida
09

Asl olim – ilmi diniy yo dunyoviy bo‘lishidan qat’i nazar – olim. Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufdek ikki yuzga yaqin kitob yozgan olimning kitob o‘qish haqidagi tavsiyalari juda e’tiborga molik ekan. Sizlarga ham ilindim.

Tabiiyki, gap oldi-qochdi asarlar emas, asl ilmiy kitoblar mutolaasi haqida.

1. Bugun kitob o‘qigan odam kechagi odam emas-da.

2. Bir ma’lumotni bir kitobda ko‘rib, keyin shu bo‘yi o‘qimasangiz, esingizdan chiqib ketishi oson bo‘ladi. Agar o‘sha ma’lumotni bir safar bu kitobda, keyin boshqa bir kitobda, bir muddat o‘tib, yana qaysidir asarda o‘qisangiz, ana shunda xotirada yaxshi qoladi…

3. Bir mavzu haqida qaysi kitobda qanday ma’lumot borligini eslab qolishning o‘zi ham katta yutuq, juda batafsil esda qolmasa ham mayli. Kerak bo‘lganda darrov izlab, topib olasiz…

4. Bir narsani o‘qisangiz, qanchadir qismi esda qolib, qolgani esdan chiqadi. Agar o‘shani o‘qish bilan birga yozib ham chiqsangiz, ancha ko‘proq qismi yodingizda saqlanib qoladi. Ammo ma’lumotni esda saqlashning eng yuqori darajasi o‘sha mavzuni kimgadir dars qilib o‘tishda ekan. Dars bersangiz, ham yaxshi uqib olasiz, ham esda saqlab qolasiz…

5. Hozirda odamlar manavi telefon va shunga o‘xshash jihozlarda uzuq-yuluq ma’lumotlarni o‘qishga o‘rganib qolishyapti. To‘g‘ri, bunda ham ancha-muncha ilmga ega bo‘lish mumkin. Ammo kitobning o‘rni boshqa. Kitobda muallif avval muqaddima yozadi. Unda ushbu asarda qaysi mavzuda va nimalar haqida so‘z borishini bayon qiladi. Keyin o‘zi yoritayotgan mavzuning tarixidan gap boshlaydi va asta-sekin asosiy nuqtaga yetib boradi. So‘ng esa kerakli xulosalarni berib, so‘ziga xotima yasaydi. Shu bois, kitobni bir chetdan o‘qigan odam bilan u yer-bu yerdan ma’lumot o‘qib yurgan odamning orasida yer bilan osmoncha farq bo‘ladi. Hakkam-dukkam ma’lumotlarni o‘qishga o‘rgangan odamning fikrlashi ham hakkam-dukkam bo‘lib qoladi, bir narsani gapirsangiz, atroflicha fikrlay olmaydi…

6. Bir ishga o‘zingizni bir muddat majburlasangiz, o‘sha narsa sizga odatga aylanib qoladi, keyin o‘shani bajarmasangiz, uyqungiz kelmaydigan bo‘lib qoladi…

7. Fursatdan foydalanib, shayx hazratlarining kitob o‘qishdagi tajriba va tavsiyalaridan ham eslab o‘tsak. U kishi kitob o‘qish uchun kundalik daftar tutishni tavsiya qilar edilar. “Har bir kitobni boshlashda o‘sha kunni daftarga qaydlab qo‘yasiz. Kitobda tushuna olmagan, savol tug‘ilgan o‘rinlar uchun ham daftarga ishora qo‘yib borasiz. Biror jumla yoki gapni tushuna olmasangiz, ko‘p o‘ylanib vaqtni ketkazmaslik kerak, vaqti-soati kelib, biror joydan o‘sha gapning sodda ifodalangan shakli chiqib qoladi, jumboq o‘z-o‘zidan yechiladi. Keyin kitobni tugatgan sanangizni belgilaysiz. Shunda qancha va qaysi kitoblarni o‘qiganingiz ko‘z o‘ngingizda bo‘ladi. Bu holat sizga yanada shijoat beradi”, degan edilar.

Shahnoza To‘raxo‘jayevaning feysbukdagi sahifasidan olindi

07

(Tashriflar: umumiy 26 285, bugungi 4)

10 izoh

  1. Mashaallah Alhamdilillah rahmat juda katta foyda , yordam oldim
    Shayx kitoblarini qay tartib ketma-ketlikda qaysi birini o’qishni bilmay yurgandim

  2. Rahmat kattakon Hazratimizni Alloh rozi qilsin , sizga ham kattakon Rahmat Hazratimiz haqida shuncha ma’lumot berganingiz uchun

  3. Men farzandimni Shayh Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlariga òxshashini Allohdan sòrab homilador bòlgandim .Allohimga shukur Allohni mòjizasi bilan tashqi kòrinishi ham òxshaydigan òģil farzand kòrdim .Ismini MuhammadIslom qòydik.InshaAlloh kelajakda Shayh Muhammad Sodiqdek ilmli Allohni sevuvchi Islom dini uchun umrini baxshida etguvchi olim bòlsin.

Izoh qoldiring