Shukur Qurbon. Mujtahid yoxud Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf dahosi haqida qissa

08Агар бугунги Ислом оламида ўнта улуғ олим бўлса, биттаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бешта бўлса, шуларнинг пешқадамларидан, иккита бўлса, биридир.Алоуддин Мансур

Шукур ҚУРБОН
МУЖТАҲИД ЁХУД ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ
МУҲАММАД ЮСУФ ДАҲОСИ ҲАҚИДА ҚИССА


(Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномаси асосида)


Одамларга керак бўлар экансан,
Суйган бандасисан, демак, Аллоҳнинг.
Ҳадиси шарифлардан.

***

Агар бугунги Ислом оламида ўнта улуғ олим бўлса, биттаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бешта бўлса, шуларнинг пешқадамларидан, иккита бўлса, биридир.
Алоуддин Мансур

***

Талабалар Муҳаммад Содиқни “Пешқадам”, “Мужтаҳид” 1) деб чақиришарди. Ниятлари холис эканми, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир” деган машҳур ҳадиси шарифларига мувофиқ, Муҳаммад Содиқ келгуси ҳаётларида талабалар ният қилган даражага етдилар.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф, “Исломга бағишланган умр” ёдномасидан.
–––––––––––––––––––
Изоҳ:”Мужтаҳид” – (араб – интилувчи, ғайрат қилувчи)- Ўрта асрларда ижтиҳод ҳуқуқига эга бўлган, яъни мустақил равишда диний-ақидавий ва ҳуқуқий масалалар бўйича хулоса бера оладиган ва ҳукм чиқара оладиган шахс.Суннийларда диний ҳуқуқ махҳабларининг асосчилари, шиаларда юқори мартабали руҳонийлар ва диний ҳуқуқшунослар мужтаҳидлар деб аталади.

Ислом уламолари иттифоқига кўра, Пайғамбар (ас)нинг кўп саҳобалари ҳам мужтаҳид бўлганлар. Чунки кейинги авлодлар улардан исломнинг аввалидаги фиқҳий илмларни олганлар. Саккизинчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб мазҳаб асосчилари ва уларнинг усулларини ишлаб чиққан издошлари мужтаҳид деб атала бошланган. Мужтаҳидлар уч даражага ажратилган: 1. Шариат даражасидагимужтаҳид (мужтаҳид фи-ш-шар); у амалиётда қўллаган манбаларни ўзи аниқлаган, ўзи шарҳлаган. У ҳеч кимнинг эътирозини қабул қилмаслиги мумкин бўлган. 2. Мазҳаб даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фил-л-мазҳаб); у ҳар қандай масалани фақат ўз масҳаби асосчиси манбаларига суянган ҳолда ҳал этган. 3. Айрим масалаларни ечиш даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фи-т-таржиҳ); У ўзидан ававалги мужтаҳидлар ҳал этмаган масалаларни тадқиқ этиш ҳуқуқига эга бўлган. Агарда кўрилаётган масала бўйича ҳукмлар бир неча бўлса, у ўзининг илмий салоҳиятига кўра, улардан бирини қувватлаши мумкин бўлган. Мужтаҳид даражасига даъвогар фақиҳ фиқҳий билимларни мукаммал эгаллаган, ¸бошқа мужтаҳидлар билан бўладиган мунозараларда ва оммавий чиқишларда ўз қарашларини ҳимоя қилиши лозим бўлган. Ундан ташқари, мужтаҳид араб тилини мукаммал эгаллаган, Қуръон ва унинг тафсирларини ёд олган, камида уч минг ҳадисни шарҳлари билан ёд билиши шарт бўлган. Мужтаҳиднинг одоб-ахлоқи, турмуш тарзи намунали бўлиши лозим. Ҳатто исломнинг дастлабки даврларида ҳам фақиҳлар ижтиҳоднинг биринчи ва иккинчи даражасига камдан-кам ҳолларда эришганлар. Кўпинча вафотидан сўнг улар шу даражада эътироф этилган. Ўн биринчи асрдан бошлаб “ижтиҳод эшиклари ёпилгач”, бу умуман мумкин бўлмай қолди. Суннийликда олий даражадаги мужтаҳидлар деб мазҳаблар асосчилари эътироф этилади. Ҳозирги вақтда буюк муфтийлар, йирик жамоалар (қавмлар) раҳбарлари, диний университетлар ректорлари ва бошқалар баъзан учинчи даражадаги мужтаҳидлар деб эътироф қилинади.
(Изоҳнинг охири.)

МУҚАДДИМА

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, Расулуллоҳга салоту саломлар бўлсин.
Хулласи, раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти, ижоди тўғрисида бадиий асар ёзиш масъулиятини ҳис этар эканман, юрагим ҳаприқди. Осонми? Кўнгилдагидай ёза оламанми? Устоз Абдулла Қаҳҳор айтганларидай, у “шавқ билан ўқиладими?”. Бунинг учун қанча билим керак? Қайдан бундай журъат? Лекин ихлосим бор-ку?.. каби кўплаб саволлар қаршимда кўндаланг бўлди. Тўғри, ул зоти бобаракотнинг ёзган асарларини ўқиганман, мусулмончиликнинг юртимизда ва бутун дунёдаги ҳолати ва уни яхшилашга оид фикр-мушоҳадалари, бу соҳадаги умрбоқий хизматларининг кўлами ва теранлигидан ҳайратланганман. Балки Ҳазратнинг қалам аҳлига илиқ муносабатлари мени илҳомлантиргандир? Ахир, у инсон ёзувчиларни “қоронғида чироқ кўтариб олдинда бораётганлар” деб лутф этганлар-ку!..
Шу ўринда айтиб ўтишим керак, Ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга қадар, албатта, давр зуғуми остида, мамлакатимизда дин ҳамда адабиёт бир-бирларига гўё ўгай кўз билан қарарди. Бу ҳолат умрбоқий асарлар яратилишига ҳам қайсидир маънода ҳалақит берарди. Ваҳоланки, тарихий асарларга қўл урилганда ислом дини соҳаси мутахассислари маслаҳатига муҳтожлик сезиларди. Қалам аҳли махсус ариза билантурли идораларга мурожаат қилиб асарлари қўлёзмасини назардан ўтказиб беришларини сўрарди. Албатта, ариза асар босилиши керак бўлган бирор нашриёт ёки таҳририят номидан ёзиларди. То жавоб келгунича қанча вақт исроф этиларди. Ҳазрат муфтий эса, Республикамиз қалам аҳлини ислом динини ўрганишга, билишга чақирди.Улар учун махсус ўқув-машғулотлари ташкиллаштирди. Раҳматли адиб Тоҳир Малик ташаббуси билан камина ҳам ўша машғулотларда қатнашганман. Ўша вақтга қадар намозга ўтган кўпчилик ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар уларда ислом динининг ўзига хос моҳияти борасида алоҳида тушунчага эга бўлганмиз.
Ана шундан кейин Мир Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийлар изидан боришга журъат қилиб, мустақил равишда ҳадиси шарифлардан қирқтасини шеърга туширганим “1-арбаъин” китобимни Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси танловига тавсия қилганман (1989). Аллоҳ таолонинг марҳамати билан, танловнинг иккинчи мукофотига сазовор бўлдим.(Шоирлардан биринчи мукофотни раҳматли устозим Абдулла Орипов олиб, ўша йили муборак ҳаж ибодатини бажариб қайтдилар.) Мукофотни Қуръони Карим – Мусҳаф ва конвертда пул билан бирга, раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қўлларидан олдим. Мени табриклар эканлар, Ҳазрат:
– Бу ишни давом эттиринг, “Арбаъин” (шеърга туширилган қирқ ҳадис) асарингиз муваффақиятли чиқибди.Бизга маъқул бўлди. Қирқта арбаъин ёзинг, бунинг савоби шу қадар улуғки, тасаввур ҳам қилолмайсиз,– дедилар. “Иккинчи арбаъин”ни ёзиб, хонадонларига борганим, Шайхур Раис жанобларининг уни интернет сайтларида эълон қилдирганлари эсимга тушди.
Ул азиз инсоннинг укалари аллома Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфнинг “Исломга бағишланган умр” хотираларини ўқигач (ёднома “Адабиёт” рўзномасида 2018 йили эълон қилинган- Ш.Қ.), Ҳазрат шайхнинг болалиги, ёшлиги, ота-оналарининг ҳаётлари, фаолиятлари кўз ўнгимда яққол намоён бўлди. Ва бу даҳо инсон тўғрисида бадиий асар ёзмасам бўлмаслигини ҳис этдим. Баҳонада ислом дини ва мусулмонлик борасидаги тушунчаларимни тўлдиришим мумкинлигини ўйладим. Бинобарин, бу юмуш ҳар бир зиёлининг,ҳар бир қалам соҳибининг ўз халқи тарихига, бугуни ва келажагига муҳаббатидай ҳамиша ижобий саналган ва, иншааллоҳ, шундай бўлиб қолади.
Дарвоқе, 1974 йилда, 23 ёшимда шарқшунос олим И.Ю.Крачковский томонидан русчага ўгирилган “Коран”ни ўқиб, бу буюк Китоб тўғрисида тушунчага эга бўлган эдим, холос. Кейинчалик исломий адабиётларни мутолаа қилиб, тасаввуримнинг нечоғлик ғариблигини англадим.Шундай бўлса-да, бу соҳада ўрганганларим мумтоз адабиётимиз вакиллари асарлари моҳиятини уқишимда кўмакчи бўлганидан хурсанд бўлганман.Бошқа шарқшунос олимлар (В.В.Бартольд, Е.Э.Бертельс) китобларида келтирилган ҳадиси шарифларни тилла топиб олган йўқсилдай ютоқиб мутолаа қилганман, ён дафтаримга кўчириб олиб, ёдимда сақлашга уринганман.
Эсимни таниганимдан буён эса, баҳоли қудрат беш маҳал намоз ўқийман. Ошкоралик ва қайта қуриш даврларида, айниқса, Мустақиллик туфайли динимизга кенг йўл очилганидан Аллоҳга беадад шукроналар айтаман.
Раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан бир вилоятда, ёнма-ён туманларда деярли бир даврда яшаганмиз (ёшимизда бир йил фарқ бор, холос – Ш.Қ.): Болалигим Андижон вилоятининг Балиқчи тумани марказида ўтган. У ерга 1952 йилда ота-онам ва икки акамбилан Қозоғистон республикасининг Жамбил (аввалги Авлиё ота), ҳозирги Тароз шаҳридан – машҳур исломшунос аллома Олтинхонтўра Тарозий таваллуд топган маскандан кўчиб борганмиз. У ерга таклиф этган меҳмонлар дадамни, жуда моҳир сартарош бўлгани боис, ишлаш учун ўз қишлоқларига чорлашган:
– Биз томонларда мусулмончилик. Кўчиб боринг, ёмон бўлмайсиз. Болаларингиз ҳам Обло-Худо деб вояга етишади.
– Ҳовли-жой масаласи…– чайналган дадам.
– У ёғидан ташвиш тортманг, ўзимиз ёрдамлашамиз. Қолаверса, қўлингизда гулдай ҳунарингиз бор экан, хор бўлмайсиз: эл-юрт “жамбиллик уста” деб ҳурматингизни қилади.
Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди…Ва биз ҳам болакай Муҳаммад Содиқлар каби, томидан чакка ўтадиган бир хоналик уйда яшаганмиз.Бизнинг ҳам, қаҳрамонимиз бувилари –Ҳайитхон энанинг сигирлари каби, сут-қатиғи оила тебратишга асқотадиган биттагина сигиримиз бор эди. (Кейинчалик фарзандлар 5 ўғил ва 2 қиз бўлганмиз. Дадамизнинг сартарошликдан топадиган даромади оила тебратиш учун етмасди – Ш.Қ.).
Қўлингиздаги китобда раҳматли Шайхур Раис яшаб ўтган даврда халқимиз ҳаётида рўй берган ҳолатлар ва атрофимиздаги кишиларнинг ислом динига муносабатлари, ҳаёти дунёлари борасида ҳам ҳикоя қилинади. Ва, албатта, Ҳазрат шайх ёзган китобларга имкон қадар муносабат билдирилади. Ва бунда, ҳеч шубҳасиз, сиз-азиз мухлисларнинг дуоларингизга муштоқман. Валлоҳу аълам.

1 БОБ

БОЛАЛИК ВА ТУРҒУНЛИК ДАВРИ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир: “Менга ва ота-онангга шукр қилгин””.
( Луқмон сураси, 15 оят)

***

Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марвийдур: “Бир одам жаноб Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига келиб, арз қилди: “ Ё Расулуллоҳ, ким менинг яхши суҳбатим ва яхши муомаламға мустаҳиқдур?” Жаноб марҳамат қилдилар: “Ўз онанг мустаҳиқроғдур”. Ул одам деди: “Кейин ким мустаҳиқдур?”. Жаноб дедилар: “Ўз онанг мутаҳиқдур”. Ул одам деди: “Кейин ким мустаҳиқдур?”. Жаноб дедилар: “Ўз онанг мустаҳиқдур”. Ул одам деди: “Кейин ким зиёда мустаҳиқдур?”. Жаноб марҳамат қилдилар: “Кейин ўз отанг мустаҳиқдур”.
Бухорий ва Муслим ривояти.

ОНАГА ҚАСИДА

Худойим аёлни она сайлаган он қандай он экан – саодатафшон? Она кўкрагида сутга айланган қон ҳақида ўйлаб кўрдимми? Қачон?
Мурғак вужуд аро ўша сут яна қонга эврилганин не дедим, билиб?..
Ё Раб! Лабларимдан учар ҳамда-сано,Ё Раб! Бошқа сўзга айланмас тилим.
Керагича сени севолганим йўқ, сажда-ибодатим тўлиқмас унча…
Ё Раб! Ўша аёл онамми – мушфиқ? Ё Раб! Менми ўша гўдак-жинқарча?..

ОҚ ЮВИБ, ОҚ ТАРАБ …

Исломий оилада эркагу аёл билар ўз бурчларин тўлиқ, мукаммал. Муҳаммад Содиқнинг ота-онаси – Муҳаммад Юсуфу Собирахонлар мустасно эмасди бундан, албатта. Балки керагидан ортиқ биларди бурчларин улар.
Гап шундаки, волидаи муҳтарамаси Муҳаммад Солиқжоннинг гўдаклигида оқ ювиб, оқ тараб улғайтирганлари етмаганидай, бошқалардан фарқли ўлароқ, эмизишдан олдин чақалоғини ибодатга ҳозирлангандек, таҳорат олган… Ибодатми бола эмизиш?.. Балки ибодат? Ўқимаганман бу тўғрида бирор китобда.
На эринган она бунга, на чарчаб-толган: йўлда бўлсин, меҳмонда бўлсин, ярим тунда ё бошқа маҳал, таҳоратли ҳолатда боласини қўлига олган.
Муҳаммад Содиқжон — Собирахоннинг илк фарзанди – тўнғичи бўлгани учун балки шундай қилган у, боласининг тақдирини балки билган у. Келажаги буюклигин ҳис қилган у.
Катта бўлса, кунимга ярайди дебмас, ярайди деб эл-юрт корига, бориб Аллоҳ йўлидан.
Она неча йиллик олдинни кўрган таҳоратга сув излаб бот-бот. “Мен дунёга келтирдим” дебмас, Аллоҳ берган неъмат, деб билган фарзандини Собирахон. Шукрини қилган…

***

Катта араванинг йўриғи бўлак, қайси йўлдан юрса, шу йўлдан юришади кичик аравалар ҳам. Катта меҳр керак бунга, катта эътибор. Машаққат керак катта – улғайтиришда уни. Шуни қилди Собирахон ая энг аввал – бошқа болалари тақдирин ўйлаб, бутун бир сулола тақдирин ўйлаб.
Исми жисмига монанд Собирахон ая сабрли эди. “Аллоҳ сабр қилғувчилар билан биргадир” Суннатига амал қилар эди онахон.

***
Нақл қилишларича, ҳаёти дунёда эзгу ишлар билан шуғулланган иймонли инсонлар жаннатга тушгач, Аллоҳ дийдоридан баҳраманд бўлиб, Ҳавзи Кавсар сувидан ичиб роҳатланиб, сўриларда ўлтириб, бу дунёда намоз ўқиш учун таҳорат олишда юзага келган баъзи қийинчиликлар ҳақида ҳам суҳбатлашиб ўлтиришар экан. Собирахон ая ҳам ўшалар орасида ўлтирсалар, ажаб эмас.
Насиб этсин сиз ва бизга ҳам Аллоҳ дийдоридан баҳраманд бўлиб, Ҳавзи Кавсар сувларидан ичиб, ўшалар-ла бирга ўлтирмоқ, суҳбатлашмоқ –- таҳорат олишдаги баъзи қийинчиликлар ҳақида, илоҳи овмин.

БИР ХОНАЛИК УЙДА…

“ Кунлар шу тариқа ўтиб борарди. Отамиз – талаба, онамиз эса колхозда ишлаб, оналари Хайитхон энамиз ёрдамида бизни тарбия қилар эдилар. Дадамиз ўқишдан ёзги таътилга келганларида мардикорчилик қилиб, биз-фарзандларга бир йилга етгулик сармоя ишлаб топиб, бериб кетар эдилар.
Ўша йилларда турмуш ниҳоятда оғир эди.Ёлғиз бир хоналик уйда яшар эдик. Ёмғир ёғса ҳамма тарафидан чакка ўтиб кетар, онам томга адирнинг сариқ, ёғли тупроғини солиб турардилар”.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

***

Чакка томар, чакка томар: “чак, чак, чак…”
Бир хоналик уйда бир этак бола.
Аллоҳнинг раҳмати ҳақида эртак, эртакка қоришиб кетган хаёллар.
Катта-кичик, ҳар хил шаклли, ҳар хил овоз чиқаради идишлар қатор.
Аллақандай куйни эслатар сархил, сўзсиз қўшиққа ҳам ўхшар оҳангдор.
Оталари талаба, оналари –Собирахон – колхозчи, ёрдамида –Бувилари Хайитхон эналарин
Тарбия кўрардилар унда, томидан чакка ўтган уйда Муҳаммад Содиқ ҳамда укалари боқишиб жомга.
Оналари адирнинг ёғлиқ ва сариқ тупроғини солар эдилар томга…

…Бошдан кечирганмиз шундай кунларни биз ҳам оиламиз билан у йиллар.Кичкина бўлганим учун қувнардим, идишларга томган сари томчилар.
Балиқчига кўчиб келгандик у пайтТароз деган шаҳридан Қозоғистоннинг.
Яшарди у ерда баъзилар кўрдай, қуллари бўлиб бир қора қозоннинг. Бунда-чи? Худони биларди кўплар:Намоз ўқишарди, рўза тутарди.Катта-кичик Хайит – муқаддас кунларОммавий байрамдай гўзал ўтарди.
Томдан ўтаётган чаккани эса,биз ҳам “Раҳмат ёмғири”дердик.
Уйимизга томса раҳмат ёмғири, биз-болалар чексиз сеҳрланардик.

МАВЗУГА ОИД РИВОЯТ

1. ОНА ТУҒИЛГАН ЖОЙ

Онага тааллуқли ҳар неки муқаддасдир, онани хор қилганлар бўлмай қолмас бир кун хор.
Ким уни рози қилгай – Худони рози қилгай,Худони рози қилган – икки дунё бахтиёр.Чунончи, у туғилган жой … Соҳибқиронни шу нарса кўп ўйлантирган. Ўтаркан ундан, отдан тушиб, пиёда юрган.
Тақлид қилган унга минглаб, ҳатто юз минглаб аскарлари, не гаплигин билиб ё билмай.Билганларидан сўнг олишган ибрат.

Шеърга тушган ҳадиси шарифлардан:

***

Умр ўтар-кетар – биз топмай камол,
Сўзлар маъносини етмаймиз англаб.
“Онангиз борми?” – деб берилган савол –
“ Рози қилганмисиз уни?” – деган гап.

***

Амалларнинг улуғи – онани рози қилмоқ,
Шу эрур амалларнинг Аллоҳга маъқули ҳам.
Дуосин олган бўлса, ҳаттоки қотил одам –
Тавбаси қабул бўлар, дея ўйлайман мен гоҳ.

***

Ота-онанг тирик бўлса гар, отил,
Улар кўнглини ол, уларни шод қил.
Дин учун муқаддас жангга ҳам борма,
Ота-онанг учун жиҳод қил!..

***

Соҳибқирон назарида онасининг руҳи чирқирар, фарзанд от миниб ўтса,волидаси туғилган кентдан.Бухорои шариф эди у туғилган жой.
Лекин бу гал қийнар эди Соҳибқиронни бошқа муаммо: озод этмоқ Бухорои шарифни ёвдан –Томчи қон тўкмай. Чирқирамасинучун руҳи волидаи мухтарамасининг.Устига устак, бу шаҳарда не-не азиз-авлиё қўним топган абадул абад – ҳар бири бир зиёратгоҳ элга, улусга .Аммо қандай қилиб қон тўкмай?…Мумкинми бу? Шаҳар амири қўядими топшириб тож-тахтни шундоқ?!Қўймайди, албат.

Шеърга тушган ҳадиси шарифлардан

1
Марҳум яқинларингиз руҳларига басма-бас
Қилган амалларингиз кўрсатиб турилади.
Яхши ишлар қилсангиз, қувонишар рўй-рост,
Акс ҳолда, изтиробда, азобда қоврилади.

2
Вафот этган ота-онанг гуноҳлари учун ҳам, оҳ,
Талаб қилиш лозим сенга Яратгандан марҳамат.
Ҳис этасан зиммангдаги бурчингни шундоқ,
У – беадад, у – битмайди келмай қазои муддат.

3
Ота-онанг вафот этгандан сўнг ҳам
Зиммангдаги қарздан қутулолмайсан.
Эҳсонлар қиласан уларга шу дам,
Ҳақига дуолар айлаб толмайсан.

***

Йўқ, йўқ, Соҳибқирон қўйган талабни бажармайди Бухоро хокими, тайин… Унга талаб қўйиш учун, унга қарши юриш учун асос бор: Бухоро амирининг эллик нафар аскариТемурбекнинг олти нафар аскарин ҳалок этган чўлдан қайтишётган чоқ.
Темурбек бу воқеага даҳлдор барча далилларни ўрганган, билган:
Ўлдирилган бир киши учун, шариат аҳкомларида, ўлдирилган бўлса у қасддан, ҳар бирига юз бош туя тўлаши лозимлиги айтилади. Агар у қасддан ўлдирилган бўлса, ҳар бир ўликнинг хуни учун бадал белгилаш ҳуқуқи қони тўкилган томонга берилади, дейилган.Шу асосда нома йўлладиСоҳибқирон Бухоро амирига: ки, ҳар бир ўлдирилган аскар учун уч юз мисқол тилла миқдорида товон пули тўлайсан, дея.Акс ҳолда, қотилликда иштирок этганэллик нафар аскарингни бергайсан бизга,жазолаш учун.
Соҳибқирон кутгани каби, аскарлари жиноятин тан олмади, туллаклик қилди,Айблади Темурбекни туҳматчиликда ва Бухоро амири.
Умрида ноҳақлик нима, билмаган, ёлғон гапирмаган Амир Темурга йўқ эди ҳақорат бундан оғирроқ.Йўллади Соҳибқирон яна бир номаБухоро амирига.Деди унда: “Шариат аҳкомларида ўғрилармас, қотиллар, қароқчилармас, балки ёлғончилардир Аллоҳнинг душманлари”Калимаси битилган.
Жавоб хати келмади бунга ва Рамазон ойининг тугаши, шаввол ойининг учинчи куни,758 ҳижрий, милодий 1357, 17 октябр куниСамарқанддан чиқиб, жанговар қўшини ила йўл олди Соҳибқирон Бухоро сари.
Лекин қандай қилиб тўкмас қон?Қон тўкса чирқирар-ку онасин руҳи!..
“Шояд Худо йўл кўрсатса, волидаи муҳтарамам туғилган жойни эгалласам томчи қон тўкмай…”
Шу ниятда йўл-йўлакай бир неча қатла ўқиди у нажот намозин.
Билмасин, деб душман қўшин ташрифин, Бухорога яқинлашганда суртиш учун отлар лунжига,тарқатилди ҳар бир аскарга“сунбул ўт–тоййиб”, шундай қилинса, пишқирмайди отлар ҳуда-беҳуда.От пишқирса, хабар топиши мумкин қалъа соқчилари хавфдан-хатардан.
Бузиш учун қалъа дарвозасини олинди улкан хари “қўчқорбоши” ҳам.Табриз дарахтидан йўнилган“Қўчқорбоши” ёрдамидақ қирқ-эллик қадам масофадан югуриб бориб урилса,ҳар қандай дарвоза бера олмас дош. Сунбул ҳам, қўчқорбоши ҳам иш берди ўз вақтида. Бироқ ундан аввал берилди буйруқ:“Тўкилмасин қон!Забт этамиз Бухорони тўкмай томчи қон!..”
Тушинмади кўпчилик бу буйруқ маъносин.Қандай қилиб қалъани забт этиш мумкин тўкмай, ахир, қон?!..
Мумкин экан, агар Аллоҳ йўл берса: кутилгандек, соқчилар қолди ғафлатда. Билмади ҳеч ким қўшин Бухорога яқинлашганин.Бузилди дарвозалар “қўчқорбош”и ишлатилиб, узун-узун нарвонлар тиркаб, аскарлар чиқа бошладилар қалъа деворларига товушсиз, сассиз.
Дарвозадан кирган ва қалъа деворлари устидан юрган сарбозларнинг ғавғоси аркда ухлаб ётган Бухоро амирини этди безовта.Бу пайтга келиб, ўтган эди Соҳибқирон қаламравига қалъа.Бундан хабар топган қалъа амири арк буржида туриб, Соҳибқиронга хитоб қилди: “Нимага келдинг?!”
Соҳибқирон мактубда битган талабларин айтди қайтадан.Жавоб бўлди яна мактубдагидек.
Аркнинг шаҳар ташқарисига олиб чиқадиган ер ости йўлаги – нақб аниқланиб,қўйилгандипойлоқчилар… Ва ер ости йўлагидан каламушлардек чиқиб келган Бухоро амирини қатл эттирди Соҳибқирон кўпчилик кўз ўнгида.
Ва шаҳарни бошқариш топширилда яқинлардан бирига, шариат ва ҳаётий қонун-қоида асосида.Таъкидланди: БухоронингСоҳибқирон волидаи муҳтарамаси туғилган жой эканлиги.Ки ҳамиша тинч-фаровон бўлиши кераклиги, бахтиёр яшаши шарт эканлиги унда ҳамманинг.
Ҳарбий юришларда ухламасди у, холос кўзи юмиларди бир неча зумга.Қилар эди кифоя шу дам олиш-чун Соҳибқиронга.Ва туш кўрди шу фурсатда ҳам.Тушида онаси – Тегинабегим тиззасига бошини қўйиб ётар эмиш Темурбек.Волидаи муҳтарамаси силар эмиш ўғлининг бошин.Ва дер эмиш: “Худо берган неъматим, қийнаб қўйдим сени бирмунча.Лекин билиб қўйки, мен учун эмас,Бухоро элининг тинчи-фаровонлиги учун курашмоқдасан.Билиб қўйки, биргина Бухородамас, оламнинг ҳар ерида туғилмишдир оналар. Озор берма уларга ҳам.Озор берма, болам, бор мўъминларга.Озор берма ноҳақдан-ноҳақХудо яратган барча маҳлуқотга, бўлмагайсан шунда кам.Ва дунё тинч туриши керак ва қон тўкилмаслиги керак ҳеч бир ҳудудда.”
Беҳуда қон тўкмаяпман, холос қутқаряпман она юртимни босқинчи ёв-мўғиллардан.Золимлардан, кофирлардан ҳам, – деди Темурбек. – Энг муҳими, қарши иш қилмаяпман Яратганнинг иродасига. Аллоҳ ёқтирмайдиган амаллардан ўзни асраётирман.
Шунинг учун ҳам, қўллаётир сени Аллоҳ таоло, –жавоб қилди Тегинабегим. –Шунинг учун сенга қарши қирғинга ҳозирлик кўраётганАмирлик Тутун ва у билан бирга сенга қарши фитна қўзғатган тўрт амир ҳам сен билан жангда мағлуб бўлар ва, иншааллоҳ, умрингнинг то сўнгига қадар адашмасанг тутган йўлингдан, эътиқодинг ва иймонингдан, мағлубият надир ўтасан билмай.Фаришталар келтирди менга бу гапни осмону фалаклардан.Чунончи фалакларда муҳокама этилар ердаги гаплар.Аён бўлар ва улар бизга, яъни руҳларга.
Шу аснода Темурбек кетди уйғониб.

МАВЗУГА ОИД ҲИКОЯТ

ОНАМНИНГ ҚЎЛЛАРИ

Дам олиш кунларининг бири эди. Онам хамир қорардилар. Акаларимдан бири унга синчиклаб қараб турди-да, қўлларидан гап очиб қолди:
– Опа, ҳеч чарчамайдими қўлларингиз? Ҳозиргина олам-жаҳон кирни ювгандингиз, энди бўлса, хамир қораяпсиз…
Онам бир муддат тин олиб, пешонасидан икки чаккасига оқиб тушаётган терни билаклари билан арта туриб, жавоб қилдилар:
– Э, болам-а,сенлар омон бўлсаларинг, бу қўллар соғ бўлса,чарчамайди. Бу кунларга ҳам етганлар бор, етмаганлар бор.Сал қолган мен ҳам етмай қолишимга.
– У нима деганингиз? Қанақа қилиб?
– Қизиқиб қолдинг, айтиб берай. Мана бу чандиқни кўраяпсанми? –Онам ўнг қўлининг тирсагидан тепароғидаги ўргумчакнусха тиртиққа ишора қилдилар.
Қиш фасли, ташқари совуқ бўлгани учун, ким китоб ўқиган, ким ўйинчоқ ўйнаган – болалар уйда эдик. Онамнинг ҳикояси энди ҳаммамизнинг диққатимизни тортди. Биз бир зумда атрофини ўраб олдик, неча марталаб кўзимиз тушган ва ортиқча эътибор бермаганимиз чандиқни биримиз қўйиб, биримиз томоша қилдик.
– Қани, қани?!
– Вуй, опа, нима қилган қўлингизга?
— Жим тур, ҳозир айтиб берадилар.
Онам хамир қоришларини давом эттириб, ҳикоясини бошладилар: Тўққиз-ўн яшар пайтим эди. Раҳматли онам сигир соғаман, деб тургандилар, бир қўшнимиз чиқиб, нимагадир чақириб кетдилар. “Мен ҳозир келаман, қизим!” – дедилар-у, ҳадеганда қайтавермадилар. Ўзимча она-хотинлик қилиб, бувиларинг келгунича сигирни соғиб қўяман, деб ўйлабман.
– Ҳм, кейин-чи?
– Жим тур “ҳм-ҳм”ламай!– деди унга дакки бериб катта акам.
– Ҳа, жим эшит, айтяпман-ку. Кейин оғилхонага кирдим. Онамга ўхшаб, сигирни силаб-сийпадим. Оёқларига тушов солдим, челакни оёқларим орасига қўйиб, онамга ўхшаб курсига ўтириб олдим. Елинини бир-икки марта тортганимни биламан, сигир мени қасира-қусур қилиб тепиб кетса бўладими. Олдин челакни тепдими, олдин мени ё кейин челакни тепдими, билмайман. Ишқилиб, кўзимдан ўт чиқиб кетгани эсимда.Хушимдан кетиб қолибман. Бир пайт қарасам, тепамда онам йиғлаб ўтирибдилар. Ўрнимдан турай десам, туролмайман. Ўнг қўлим зирқираб оғрийди, чандиб боғлаб ташланибди.
– Кейин-чи? Кейин нима бўлди?
– Кейинми? Кейин қайрилиб, ошиқ-мошиғидан чиқиб кетган қўлимни кўтариб, онамнинг етагида табибга бордик.
Бу орада онам хамирни қориб бўлиб, устини сочиқ билан ёпдилар-да, кўрпачага ўраб, четга олиб қўйдилар.
– Қолганини қачон айтасиз, опа? Қанақа қилиб тузалдингиз?
– Ҳозир қўлларимни чайиб олай.
Онам косадаги илиқ сув билан қўлларини ювдилар. Чайиндини девор остига тўкиш учун ташқарига йўналдилар.Нақл қилишларича, хамирюқи қўл билан етти қадам юрилса, гуноҳ бўлармиш. Буни аввалроқ онамдан сўраб-билганмиз.
Қўлларини артар эканлар, онам, ҳикояларини давом эттирдилар:
– Табиб – қўллари кучли, соқол-мўйлов қўйган, озғин киши экан. Силаб-сийпаб турдилар-да, бир тортиб қўлимни жойига солиб қўйди.
– Бўлдими? Кейин тузалиб қолдингизми? Кейин оғримадими?
– Оғриш ҳам гапми, кимдир жонимни суғуриб олгандай бўлди.
Онамга раҳми келиб таъсирчан укам ҳамда сингилларимнинг кўзларига ёш қалқиди.
– Кейин бўлдими? Тузалиб қолдими қўлингиз?
— Қайда! Қўлим чиққанидан ташқари, яхшигина лат еган ҳам экан. Қанчагача кўтаролмай, ишлатолмай юрдим бу ўлгурни.
– Кейин-чи, кейин?
– Кейин онам мени яна ўша табибникига олиб бордилар.
Бу орада қўшнилардан кимдир нимадир сўраб чиқди. Онам унинг истиқболига юрди, ошхонадан бир нима олиб бердилар. Буни биз ошхонамизнинг эшиги очилиб-ёпилганидан билдик.Қизиқиб, деразадан мўралаганимизда қўшнимиз кўча эшикдан чиқиб, кўздан ғойиб бўлганди. Онам қайтиб кириб, сўрадилар:
– Қаерга келувдим? Нима деяётган эдим?
– Бувим сизни яна табибникига олиб боргандилар.
– Ҳа, табиб ҳеч нарса қилмади – кейинги сафар борганимизда. Кўриб қўйди холос. Ва “Энди бу қўлни аямаслик керак, хола! Бўлмаса, қизингиз чўлоқ бўлиб қолади”, деди.
Юрагим “шиғ” этиб кетди. Маҳалламизда бир дугонам бор эди, болалигида дарахтдан йиқилиб, бир қўли ишламай қолганди. Арофат деган. Шуни ўз оти билан чақиришмай, орқаваротдан “Арофат чўлоқ” деб аташарди. “Мен ҳам чўлоқ бўлиб қолсам-а!” –деб қўрқиб кетдим. Лекин табибнинг “Қизингизнинг қўли тузалиб кетади”, дегани менга таскин берди.
– Кейин нима бўлди? Ишлатдингизми бу қўлингизни? Оғрирмиди ишлатсангиз?
– Шунақа оғрирдики!.. Анчагача ишлатмай аяб юрдим, бари бир ҳам. Лекин онамлар, аксига олиб, ўнг қўл билан бажариладиган ишларга буюрардилар кўпроқ. Мен бўлсам, уларни чап қўлим билан бажараверардим. Сал бўлмаса, чапақай бўлиб қолаёздим.
– Бувим сезмасмидилар буни?
– Сезганда қандоқ!.. Ер тагида илон қимирласа, биламан, дердилар онам. Сезардилар, койирдилар. Бир куни роса қаттиқ гапирдилар: “Болам, бир қўлли бўлиб қолсанг, катта бўлганингда ҳеч кимга керагинг бўлмайди. Келин бўлолмайсан, фарзанд кўролмайсан, негаки, уларни оқ ювиб, оқ таролмайсан-да!”. Ҳеч бўлмагач, бувиларинг тадбир ўйлаб топдилар: кўчамиз бошида бир булоқ бор эди, онам ўша булоқнинг сувини яхши кўрардилар. Бошқа жойнинг сувини ичмасдилар. Ўша булоқдан сув таширдим, чиройли, сирли бир челагим бор эди, сувни ўшанда таширдим.
– Бизга ўхшабми? Биз ҳам Низомбулоқдан сув ташиб келтирамиз-у?!
– Ҳа, баракалла, сизларга ўхшаб. Онам раҳматли челакни иккита қилиб, қўлимга тутқазардилар-да, “икковида олиб келасан, тағин айёрлик қилма!” – дердилар.Ҳали-ҳали ҳурсанд бўламан шу ишлари учун онамдан. Аммо онамнинг жаҳллари ёмон эди. Жуда-жуда қўрқардим.
– Урармидилар, айтганларини қилмасангиз?
– Уриш ҳам гапми! Оёқларим ловуллаб ёнарди хивич билан савалаганларида.
Биз-болалар бирортамиз кўрмаган, биз туғилмай туриб, ҳасталик туфайли оламдан ўтиб кетган бувимиз хаёлимизда ҳам қаттиққўл, ҳам меҳрибон, ҳам тадбиркор бўлиб гавдаланди. Ўзимизча бувимизни ҳам, онамизни ҳам тушунишга ҳаракат қилдик. Онам эса, ҳикоясини давом эттирдилар:
– Тишимни-тишимга қўйиб, ҳалиги иккита челакни иккита қўлимга олиб уйдан чиқдим. Сенларга ўхшаб айёрлик қилдим: уларга сув тўлдиргач, навбатма-навбат соғ қўлим билан кўча эшигимизгача олиб келаман. Эшикдан киришда эса… оғриётган қўлимни ишлатмай иложим йўқ. Оғриқнинг зўридан кўзларимдан дув-дув ёш оқиб, челаклар ҳам, улардаги сувлар ҳам кўзимга балодай кўриниб, онамнинг ёнига олиб бораман. Бир ойми, икки ойми, айтовур, онамдан қўрққанимдан икки қўллаб сув ташиб, қўлим тузалиб кетди. Мана, сизларниям катта қиляпман. Кир ювяпман, нон ёпяпман шу қўлларим билан.
Ногаҳонда бувимнинг хивичлари бошларимиз узра учгандай бўлиб, бир неча муддат қунишиб қолдик. Кичкина укам эса, онамнинг қўлларидаги чандиқларни меҳр билан қайта-қайта ўпиб, силади.

АВВАЛГИ МАКТУБЛАРДАН:

Онам ҳақида қўшиқ

Оламдаги барча йўллар бошида
Онажонлар ўлтиришар интизор.
Тоғлар юки бор улар бардошида,
Онажонлар интизорки, ҳаёт бор.

Нақарот:
Онажонлар интизор,
Онажонлар бизга зор,
Йўлларда тўрт кўзлари,
“Келдим!”- деган сўзга зор.

Онажонлар бедордирки, тун ёруғ,
Онажонлар меҳри борки, алам йўқ.
Тонг – оналар сочларидан оқарган,
Шамс – оналар юрагидан лаҳча чўғ.

Нақарот.

Йироқларда армон улуғ, кўзда нам,
Йироқларда яшар менинг онам ҳам.
Палапони парвозини кўриб шод
Учган қушдай сурурланар дам-бадам.

Она зотин Аллоҳ шундай яратган,
Меҳри дарё ва пок, шундай яратган.
Фарзандлари номи тилга тушса, бас,
Дилда шукрилиллоҳ, шундай яратган.

ОЙНАИ ЖАҲОНДА…

Ойнаи жаҳонда қанча кўрсатув, қанчаси маъноли, ранг-баранг, қизиқ.Она учун фарзандини кўришдан, сўзини эшитишдан яхши дастур йўқ.
Волидаи муҳтарамасиМуҳаммад Содиқжоннинг сотиб олди телевизор:“Маърифатнома”да
Кўрсатишар дея ўғлимни.Буни ҳис қилардилар Шайхур Раис ҳам, ғойибона эшитардилар дуоларин онажонининг.¬Ғойибона тилардилар онасига саломатлик ва узоқ умр.
Бу ҳолатни ким биларди, кимлар билмасди: ғойибона дийдорлашувгаХудодан бошқаси даҳл қилмасди.
Мушфиқлари, мунислари эдиОналари Шайхур Раиснинг.Садоқатли мухлислари эди
Оналари Шайхур Раиснинг.

КЕЙИНГИ МАКТУБГА КИРИШ

“Кўзларидан нур кетган энди, хатларимни ўқий олмайди.Мактубимда ёзилган нелар, балки билар, балки билмайди.
Кутганингдан балки ортиқроқ, маҳзунроқдир бу янги байтлар.Иймонингдай сақлагил бироқ, баъзиларин онамга айтма”.

КЕЙИНГИ МАКТУБ: “ТЎҒРИ ЯШАЯПМАН…”

“Хато қилган бўлсам, узр сўрадим, эслик бола бўлиб юрсайдим буткул.Билмам бу бош яна нени кўради, ука, ахир, менга боғлиқ эмас ул.
–Тўғри яшаяпман, – ўйлайман гоҳо, бир паст ҳаётига ташласам назар.Чеврилгандай бўлар бошимда само…Ҳаром-харишлардан қиламан ҳазар.
– Тўғри яшаяпман,–-дея ўйлайман бировга яхшилик соғинганим он;Тўғри яшаяпман, – дея ўйлайман, йўлини қилмасдан” бўлсам паришон.Тўғри яшаяпман, болаларимни, барча болаларни яхши кўраман.Бозор қилавермам нолаларимни, яхшига кўксимни кесиб бераман.
Нотўғри яшашга чорлайди турмуш, мазаҳлаб чорлайди, чорлайди бўзлаб.Кўнгил-қуш қафасга ураверар тўш, юзимга сачрайди қонлар тизиллаб.
Майли, тушунмасин мени бошқалар, не оға, не ини, не дўсту ёрон. Кажлик еткурадир бир кун тош қалблар,Онам тушунса бас мени, укажон.

МАВЗУГА ОИД ҲИКОЯТ:

Ибрат

Ҳар қандай фаслда – қор, ёмғир, дўлда ҳам, қўлида бир коса овқат, нон, ишдан нари балиқчилик Аҳад ака ҳар кун бир маҳал дуосини олган, бориб, онасин кўриб.
Фарзандлари – дастёрлари бор эди қанча, аёлини юборса ҳам, ахир, бўларди.Борган баъзи пайтлар ҳатто тоби қочганча,Яратганнинг ўзи уни қўлларди.
Кўп қатори бу гапларга мен ҳам гувоҳман, лекин гувоҳ эди бунга онам ҳам, албат.Онам ўтиб кетиб, мана, кўкси чок-чокман, мени қийин бир кунларга қўйдинг-ку, қисмат!
Олимликни орзу қилиб олис шаҳарда қолиб кетдим, уй-жой қилдим, бола-чақа бор.– Онам, – дея уйғонаман ҳар кун саҳарда, – Онам, – дея тўлғонаман кечалари зор.
Хотирада, дуоларда ёд этиб номин, эслагайман ўтган-кетган аҳли мўъминни. -–Аҳад ака ибрати-чи, ёндирар жоним,Аҳад ака руҳи таъқиб этади мени.

Таътил чоғи…

Таътил чоғи кўргани бориб, бир неча кун юрдим гирёна.Қўлингизга кирган тиканни олиб ташлаёлмадим, она.
Ёш бола ҳам уддалар буни, бағри қаттиқ бўлса салгина.Қўлингизга кирган тиканни олиб ташлаёлмадим, она.
Ёқар эди сизга, негадир,на шифокор, на шифохона.“Ҳаром нарса – спирт суртар” деб,”Тиғ теккизар, булғанар тана”, деб шифони Худодан сўраб,ўйлардингиз Уни ягона…Қўлингизга кирган тиканни олиб ташлаёлмадим, она.
“Худодан беамр тикан ҳам кирмас”, деган ақидани эсга олдингиз.Дедингиз: “Гуноҳим тўкилар дув-дув”…Қўлда тикан билан қолдингиз, то йиринглаб, чиққунча ўзи.
Ёнингизда бўлдим парвона, бўлмаса-да бу ишда маъни…Қўлингизга кирган тиканни олиб ташлаёлмадим, она.

Қанча узоқ умр кўрсангиз….

Менга бутун умрин бахш этиб шундоқ,“Беш кунлигим қолди” дейдиган онам, сизни қандоқ рози қиламан? Қандоқ?Наҳот, беш кунликдир энди имконим?
Нима қилоламан бу имкон билан, нима қилолмайман, менга аёнмас.Шуур осмонимда сиз орзу қилган юлдузлар порламас, кўнгил қувонмас.
Андижон, дегани бир чарчашлик жой, йўл кира ҳам бўларди қанча. соғинч ёшларимни тўкдим неча ой, неча ой ўртандим фурсат топгунча.
Сиз учун бир муддат яшамай туриб, ўғлим учун яшай бошладим, наҳот?Азиз бағрингиздан юлқиб-суғуриб, олиб кетди мени безовта ҳаёт.Тиним бермас энди ўлгунимча то, совурар ёшлигим, саломатлигим.Ўйлаб ҳам кўрмабман: оламда ҳатто, ҳатто оналар ҳам омонатлигин.
Маккаи Мадинам, энди куйсангиз, ўзингизгап куйинг, менга эмас, йўқ.Менга қанча узоқ умр кўрсангиз, сиздан шунча карам, шунча кўнглим тўқ.
Мен сиздан қарздор кетурман абад, фарзандлик – қиёмат қарздорлик-ку бу.
Беш кунлик имконни сарф этмоқ – ният, беш кунлик имконни яшамоқ – орзу.

Узоқдаги она

Узоқдаги она барибир узоқ, лекин овозини эшитмоқ мумкин.Дийдор ўрнин босмас барибир овоз, холос – енгиллатар орзиқиш юкин.
У пайт ҳаммада ҳам телефонлар йўқ, бор эди уйида, ким бўлса раҳбар.
Тошкентдан қўнғироқ қилаётганим қўшни хотин бориб берарди хабар.
Икки юз ё уч юз қадамлик йўлни онам қандай босиб ўтарди, билмам.Билмаганим учун хавотир олиб, нега сим қоқдим? – деб қийналардим ҳам..
Онам эса ҳеч гап бўлмаган каби, ҳаяжонда хурсанд деярдилар сўз.Мен “қийнаб қўйдим” деб сўрардим узр, эътибор қилмасди узримга у кез.
Дуо қилардилар мени муттасил, сўрарди Худодан бахтимни фақат.Мен эса, онамга тилардим умр, соғлик,саломатлик тилардим, албат.
Боғланиш битарди, ҳали гапимиз етмай охирига, алам қиларди.
Нима демоқчиман, дилимда не дард, айтмаган бўлсам ҳам, онам биларди.

Қийналиш

Онажон, меҳрлар кўрсатдинг менга,
Меҳрдан сеҳрлар кўрсатдинг менга.
Лекин бир сўзингни аядинг нечун?
Бошинг тошдан бўлсин, демабсан, нега?

Онажон, мен учун….

Онажон, мен учун ўлмагандайсиз, қишлоқдасиз гўё, кўраман, борсам.Сим қоқиб бўлса-да, билсам – қандайсиз, сим қоқиб бўлса-да, кўнглимни ёрсам.
Отамдан қолган ул кўҳна ҳовлида яна қошингизда йиғилсак, қани!Отамдан қолган ул кўҳна ҳовлига жигарлар жам бўлиб, сиғмасак, қани!
Сиз баҳона, кўпдан учрашолмаган қариндош-уруғлар дийдорлашсак бот…
Йўқсиз… юрагимни ит таталаган, қишлоққа ҳам оёқ тортмас шу заҳот.
Ва лекин, биламан, боришим керак қабрингиз зиёрат қилиш учун ҳам.Ҳаёт – оналар-ла файзлидир бешак, оналар ёди-ла Ватан муҳташам.
Барибир, мен учун ўлмагандайсиз, йўлимга кўз тикиб тургандайсиз, оҳ.Қачон боришимни билмагандайсиз, бир кун боришимни биласиз бироқ.

П БОБ

АЛЛОҲНИНГ РОЗИ БЎЛИШИ –
РОЗИ БЎЛИШИГА БОҒЛИҚ ОТАНИНГ
ШЕЪРГА ТУШГАН ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН:

***

Занжирдай чамбарчас дунёнинг иши,
Қаттиқ жавоби бор ҳар бир хатонинг.
Чунончи Аллоҳнинг рози бўлиши –
Рози бўлишига боғлиқ отанинг.

***

Отага итоат, бу итоатдир Аллоҳга,
Ҳар сўзини кўзингга сурмаи Сулаймон қил.
Ҳузурига бор унинг боргандай саждагоҳга,
Юртга шоҳ бўлсанг-да, бўл унинг учун содиқ қул.

***

Кимки хизматин қилиб кекса ота-онасин,
Ё улардан бирининг дуосин ололмаса,
Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин,
Бурни ерга ишқалансин, жаннатий бўлолмаса.

***

“ Акам, отамиз ҳақларида чексиз эҳтиром ила “Муҳаммад Содиқни Муҳаммад Содиқ қилган Муҳаммад Юсуф домла” дер эдилар”.
Муҳаммад Амин Муҳамммад Юсуф ёдномасидан.

НАҚЛ ҚИЛИШЛАРИЧА…

Нақл қилишларича, бир хонадонда, бошқа фарзандларидан фарқли ўлароқ, хосиятли чиқди бир ўғил бола. Ҳали у тўрт ёшга кириб-кирмаёқ, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борди. Меҳмон келса, боқиб пойабзалига, деди: “Манавининг эгаси қаллоб, буни кийган одам биров молига кўзини олайтирар. Бунинг эгаси юрар таҳоратсиз, қачон қарама, художўй кўрсатар ўзини бироқ. Қилган яхшилигин қилмас бетама”.
Ота мушоҳада этса, бола – ҳақ, лекин буни қандай билаётир у? Бунча зеҳни ўткир, бунча билағон?.. Фарзандларга бир хил қарар эди-ку!.. Туғилган онидан назорат қилди: Онаси эмизди таҳорат олиб, туғуруқхонада гўдаклар ичган “умумий сут” кетди бир четда қолиб…
Бугунги фарзандлар, айбламанг ортиқ ота-онангизни иймонсизликда. Мусулмончиликда бунинг-чун йўл йўқ… Айб уларда эмас, – имконсизликда. Тўғрироғи, улар туғилган давр – мустабид даврда барча касофат: О, туғуруқхонадан бошланган жабр. Ва сабр – онадан туғилиши билан айрилган фурсат. Э воҳ! Оналарнинг пок сути туриб, ўз сути туриб, дуч келган аёлдан соғиб олинган – умумий сутлардан қўйган ичириб ва чиққан кўнгилнинг жон жойи ишдан.
Заҳар ичиришса бўлмасми эди! Заққум ичиришса бўлмасми эди!.. Ўша умумий сут, ўша касофат бутун бир авлодни нотавон эди.
Шукр, денг, бўлмади сизда бу ҳолат, оқар қонингизда ҳалол қон равон.Истиқлол бахш этган ушбу саодат этар умрингизни энди фаровон.Унинг шарофати энди сиз илдам: чўчитгай на қайғу, на хавф-хатар. Тутиб қўлларидан етакланг, майли, ота-онангизни, керак бўлса гар.
Алқисса, ҳалиги ота борибди маслаҳатга эл-юрт оқсоқолига. Тингларкан жилмайиб гап-сўзларини, ҳавас қилибди у ота ҳолига. Дебди:
– Керак бунга суюнишингиз, Аллоҳ бундай бахтни ҳар кимга бермас. Алалхусус, сизга берилгани ҳам, менинг назаримда, ҳеч бежиз эмас. Исломий оила, ҳалол меҳнат-ла топилган луқмадан ризқланган бола… Аллоҳга ёқар бу, мукофотига зеҳнли болакай этган ҳавола!..
– Аммо қандай яшар, одамлар айбин айтиб қўймоқда у юзига шартта! Ёқмас ҳаммага ҳам кўпнинг олдида изза бўлиш, менга бу кулфат – катта. Биринчидан, ўзи кетар қийналиб: дўстлари билмаган қанча гапларни айтмаса қийналиб кетар, айтса, тирриқ қилар таъбларни.
– Хўш, сизнингча, нима қилишим керак?
– Зеҳнин пасайтириш йўлини айтинг.
– Ҳей, сиз қандай отасиз – ношуд?! Қайтинг шаштингиздан, ҳозироқ қайтинг! Аллоҳ неъматига ношукурлик бу! Келиб-келиб сиздан чиқдими бу гап?!.. Ахир, художўйсиз, намоз ўқийсиз. Қолмайлик икков ҳам қаҳрига учраб!..
Сукут сақлаб бир оз юрт оқсоқоли, бош чайқаб-чайқаб бир қарорга келмиш:
– Бошқаларга эмас, зукко фарзандга беринг алоҳида, бошқа бир емиш… Бозорда кўпчилик назари тушган “ёпган нон” келтириб едиринг унга. Шу ҳам пасайтирар зеҳнни андак. Наҳотки, ақлингиз етмади шунга.
– Оқсоқол айтганин қилибди ота.
***
Худди шундай зукко Муҳаммад Содиқ, падари бузруквори – Муҳаммад Юсуф ҳожидан –дадасидан ундай эмас, йўқ, бошқа муомала-муносабатни кўриб улғаярди. Унга илк устоз эди оталари: Қуръони Карим, Тажвиддан сабоқлар берардилар соз. Билардилар улар арабчани ҳам, Сарф-наҳвига катта эътибор билан берардилар унга сабоқлар, камолоти учун қўйиб пойдевор.

АСАРИМИЗ ҚАҲРАМОНИ БОЛАЛИГИДА ИНСОН УМРИ ТЎҒРИСИДА
ПАДАРИ БУЗРУКВОРИ – МУҲАММАД ЮСУФ ДОМЛАДАН ЭШИТГАН
ИСЛОМИЙ ЭРТАК

Инсон – сайёҳ эмиш – саҳрода қолган ва йиртқич ҳайвонга ногоҳ дуч келган. Жон ҳалпида сакраб сувсиз қудуққа,Йиртқич ҳамласидан қутилиб қолган.
Лекин сувсиз қудуқ тубида юҳо оғзин очиб турар эмиш аждаҳо.Қудуқ деворида ўсган у танҳо бутанинг шохига сайёҳ илинган.
Ҳоли-аҳволидан юрак садпора, чорасиз маконда излармиш чора.Тугармиш билакда куч ҳам тобора, кўзидан шашқатор ёшлар сочилган.
Кўрармиш ортига ўгрилиб бир чоқ: у илинган бута остида шундоқ куйманармиш бир жуфт сичқон – қора, оқ.Билмасмиш нетмоқчи? Қаёқдан келган?
Зум ўтмай бўлармиш ҳаммаси аён:Қай кўз билан кўрсин ва сақласин жон?Сичқонлар у турган бутани шу он кемирар эмишлар ҳафсала билан.
Ҳалокат муқаррар эмиш, бу – ойдин, омон чиқадими-йўқми бу жойдан? Кўз ўнгида эса, бир баргда қайдан, қай тарзда, қай пайтда тўкилиб қолган –асал ялтирармиш – бир неча томчи.
Бу ҳолатда унга хуши йўқ гарчи, ялармиш асални, оғзи сув очиб…Одам йўқ бундай ўз ҳолига кулган.
…Йиртқич – қисмат эмиш, ҳамла қилган ул, сувсиз қудуқ эса, у танлаган йўл.Аждаҳо – ажалмиш, бешафқат, буткул қўрқитиб ҳаловат, тинчини олган.Сичқонлар – оқ-қора, бу кеча-кундуз, кемирармиш умр бутасин тинсиз, жувонмарг этгали бир кун, шубҳасиз…
Инсон манглайига шулар битилган.Асал-чи? Бир неча томчи асал-чи?Нега оз? Бор-йўғи бир неча томчи? Асал –ризқ-насиба – тан эҳтиёжи –Аллоҳ томонидан ўлчаб берилган.

ҲАР БОЛАНИНГ БОР ЎЗ ДУНЁСИ

Аллоҳ берган неъмат – ҳар битта фарзанд. Ҳар битта боланинг бор ўз дунёси. Юрган-турганда у ўша билан банд, ўша дунё билан руҳий парвози. Биз-катталар гоҳо билиб-билмаймиз Уларнинг ҳаётга муносабатин. Баъзи пайтлар ҳатто кўзга илмаймиз Қалбида яширин сир-синоатин.Бўлишимиз керак тарбия кўрган, демак, тарбиялаш учун болани. Акс ҳолда, лат ейди улар олами, Аллоҳ уни бизга пок ҳолда берган. Ўша пок ҳолатни сақлаш йўлларин ҳаёти дунёда ўргатиш лозим –иймон-эътиқод-ла безаб йилларин, яшасин учун ҳар онидан рози. Ва “Ота-онани ҳурмат қилиш шарт” буйруғига амал қилибгинамас, ўз-ўзидан, юрак-юракдан, албат, билсин ҳурмат қилишни. Ва ҳавас қилишсин ота-оналарига. Қилсин хизматларин ҳаёт экан то – қилсин дуоларин ўтгандан сўнг ҳам. Афсуски, бундайлар кўпмас ҳаётда, афсуски, бундайлар олам аро кам. Ҳазратнинг падари бузрукворлари, оналари ўша камлардан бўлган. Фарзандларга бериб ўтган борларин, фарзандлари учун йўқни бор қилган.

ХОСИЯТЛИ ТУШ

Тушда денгиз кўрса одам, Денгиз суви бўлса топ-тоза, Тушса унга чақалоғи – тўнғич ўғли. Чўмилса, сузса ва шўнғиса, денгиз тубига етса, чиқса қўлига қайтиб. Қандай кўйга тушади ота? Туш таъбирин ким берар айтиб?
“Денгиз –илм”, – деди падари бузруквори Қаҳрамонимнинг, “Бу тўғрида Суннатда сўз бор, денгиз – рамзи эрур илмнинг”. “Ўғлим катта олим бўлар” деб шу тушдан сўнг севинди ота.

Шеърга тушган ҳадиси шарифлардан:

***
– Билинг, Пайғамбарликдан нима қолди, оҳ,
Ўзга нарса қолмади мубашширотдан.
– Муббашширот надир, ё Расулуллоҳ?
-–Яхши тушлар, муждалар – улуғ ҳаётдан.

ДАДАМ АЙТАРДИЛАР…

“ Дадам доимо бизга таъкидлаб айтардилар:”Фарзандларим, сизлар дунё ишлари билан овора бўлманглар. Нима керак бўлса, қилиб бераман. Сизлар Ислом динига хизмат қилсанглар бўлди”. Бу гап дадамнинг ҳаёт фалсафалари эди. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётларининг сўнгига қадар шу сўзларида турдилар. Аллоҳдан тиладилар, Аллоҳ ҳам тилакларини берди – шайх ҳазратларидек фарзанд ато этди”.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

***

Падари бузруквори шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асрамоқчи бўлди фарзандларин, ҳамма оталар каби, шўро даврида бошга тушиши мумкин бўлган бало-қазолардан: Озмунчами аҳли илм жувонмарг бўлган тоталитар тузум даврида, сиёсат боис, минг тўққиз юз ўттиз еттинчи, эллигинчи йилларида ўтган асрнинг?!.. Кўрган-билган уларни ота, бир баҳя қолган жувонмарг бўлишига ўзининг ҳам, оҳ! Карами кенг Аллоҳнинг марҳамати-ла қолган омон-соғ. Айтмаган бу ҳақда ҳеч кимга ота. Айтардилар бироқ болаларига: “Ислом динига хизмат қилинг, овора бўлманг ҳаёти дунёнинг юмушлари-ла”. Боғлиқ эди ҳаёти дунё шўро даври сиёсатига.Боғлиқ эди ноҳақликка, ёлғонга, демак.
Ёлғон эди мадҳияси, байроғи, герби, Қонунлари мажмуаси – конституцияси, Ислом динида-чи?Йўқ эди ёлғон. Устун эди айтилган азон – шўро даври мадҳиясидан, Қуръони Карими – конституциясидан шўро даврининг; байрамлари, урф-одатлари суюмлироқ эди эл-юртга – шўро даври байрамлари, одатларидан. Янграр эди ҳар кун неча бор Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в.)га, Аллоҳ таолонинг ҳабибига саловату дурудлар. Ўқиларди дуолар ўтганларнинг руҳи покига, дуоларки, баҳолари олтиндан қиммат – эсон-омон олиб ўтган лангарлар жоҳилият жаридан миллатимизни, мусулмонларни.
Билар эди буни домла Муҳаммад Юсуф, “Битар, дерди бир куни мустабид давр, эл-юрт эркин кунларга етар, шуғулланиш мумкин бўлар ҳаёти дунё юмушлари-ла. Шуғулланиш керак унгача синган ва дарз кетган жойларин таъмирлаш-ла мусулмонликнинг.”
Озмунчами эди улар?Озмунча вақт, сабр ва тоқат, илм керакмиди бунга?
Керак эди шароит, муҳит.
Ишонарди ота: бир куни ана шундай кун келишига: Юртимиз Ўзбекистон Мустақил бўлишига.

“МИР АРАБ” МАДРАСАСИ

“Дадам “Мир Араб” мадрасасига ўқишга киргач, онам бир қўра қўй ва қўлида чақалоқ билан Олой яйловида ёлғиз қолган экан. Аёл боши билан кенг яйловда бир қўра қўйни боқишнинг ўзи бўлмаса керак.Чўпонлик касби фахрли касб бўлиши билан бирга, оғир, машаққатли ҳамдир. Шунинг учун бу касб билан кўпроқ эркаклар шуғулланади. Асосий мақсад – динни ўрганиш бўлгани учун ҳам, онамиз ана шундай машаққатни ўз зиммаларига олган эканлар.
Ўқишга киришдан олдин дадам катта-кичик уламолардан фатво сўраб маслаҳатлашган. Улар “Аллоҳ йўлида илм излаш – фарз амал”, деб рухсат беришган экан.Дадамнинг оталари, яъни бобомиз серфарзанд эдилар.Ўша давр тақозосига кўра, бизни ҳам қўшиб боқишга уларнинг қурблари етмаган. Шунинг учун онам қўлидаги фарзанди билан Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғидан Марҳамат туманида жойлашган Қорақўрғон қишлоғига, онасиникига кўчиб ўтиб, ўша ерда яшашга мажбур бўлган эканлар. Онамнинг оналари Хайит энамиз (Аллоҳ раҳмат айласин) жуда меҳрибон аёл эдилар. Тилакберди бобомиз (Аллоҳ раҳмат айласин) вафот этиб кетган бўлиб, энамиз ёлғиз ўзлари уч ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказиб, уйлаб-жойлаган эдилар. Худди бугунгидек эслайман, энамнинг бир маймоқ, ола сигирлари бўлар эди. Шуни соғиб, сут ва сарёғини олиб, рўзғор тебратар эдилар. У киши ниҳоятда дилбар, меҳрибон, жуда болажон аёл эдилар. Бизни еру кўкка ишонмасдилар. Жуда ҳам тақводор аёл бўлиб, фарз намозларини, рўзани канда қилмасдилар. Дадам – талаба, онам колхозда ишлардилар. Аҳволи ночор бўлса ҳам, бу ёш оила бахтиёр эди, чунки қўлларидан келганича Ислом дини кўрсатмаларига амал қилиб яшашарди”.

Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

***

Аввало “Мир Араб” тўғрисида сўз:
– Шўро замонида очилган у мадраса.
– Қандай қилиб? Инқилобдан сўнг нафақат юртимизда, иттифоқдош барча мамлакатларда тўхтатилган эди-ку мадрасалар фаолияти?! Кун чиқди қайдан?
– Ноиложликдан: 1943 йил, уруш даврида, чора қолмагач Парвардигордан ёрдам сўрашдан бошқа, ўшанда ҳам тазйиқи билан Америка ва Англия ҳукуматларин, шўроларнингн ёвуз раҳбари шахсан Сталиннинг буйруғи ила бошлаган ўз фаолиятин юртимизда илк мадраса – “Мир Араб” Бухорода. “Бароқхон” мадрасаси сўнгроқ Тошкентда. Шу билан бирга, руҳсат этилди жангда ҳалок бўлган мусулмонларнинг жанозасин ўқиб дафн этишга. Ана шундан кейин урушда ғалаба сари илк бор ташланди қадам. Кейин бошқа қадамлар – ғалаба сари.Урушда бурилиш ясалди шундоқ, давом этди улар то Рейхстаг узра ғалаба байроғи ҳилпирагунча.
Ана шундай чорасоз – Аллоҳ!..
***
Хотирада келтирилган ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охирларида Муҳаммад Содиқжонлар ҳаётидагига ўхшаш баъзи бир ҳодисалар ўтар эди бизнинг оила – тарозийлар оиласи бошидан ҳам. Фарқи – сигиримиз рангида бўлиб, холос қора эди бизнинг молимиз. Ҳар хил воқеалар рўй берган. Тўлиқ бўлсин учун таассурот, келтираман улардан бирин.

Ҳикоят

Менга ҳарф ўргатган мунис аяжон,то ҳануз ёдингиз юрагимдадир.То ҳануз қийнайди мени бир армон,то ҳануз эзилар дилда иймон-сир.
Мактабларда куни узайтирилган синфлар очилди, э воҳ, қайданам!Неки бўлган, албат, қонуний бўлган,менга бахш айлаган бир умрлик ғам.
Кўпчилик қишлоқдош тенгқурлар каби,Мол боқишим керак эди, дарсдан сўнг.Шу эди онамнинг мендан талаби , бу ҳол мени ўйга солган эди чўнг.
Жўжабурдай жонни дадам раҳматли ўша молсиз боқа олмасди тайин.Акаларим сотар эди сут-қатиқ, овқат пиширардик, орттириб мойин.
Битта мен эмасдим синфда бундай ҳолатни бошидан кечиргувчилар.Жуфтакни ростлардим, билмайман, қандай?Ҳайҳот, ҳали-ҳамон хўрлигим келар.
Алам қилар эди сизга ҳам беҳад, юзингизга оёқ қўйгандай эдим.Онамни ҳам “сотгим” келмасди, албат. Қандай қилиб “Онам қоч, деган” дердим.
Синфқўмликдан тушдим, бу муаммони ҳал қила олмади аълочилигим.Ўтказишди бошқа синфга мени, ёмон кўриб кетдим мактабни шу зум.
Тенгдошлар ичида мендай, эҳтимол, ўқувчи йўқ эди меҳрингиз сезган?Турмуш ташвишлари ҳамда ўша мол,Устоз, иккимизнинг орамиз бузган.
Мана, йиллар ўтди, улғайдим, ортда кўринар мактабим ва, аяжон, сиз.Онам ҳам кўз юмиб кетган ҳаётдан, хотиралар қолган сизлардан азиз.
Ўша йилларимга кошки қайтолсам, қошингизда бошим эга олсам жим.Дийдор қиёматда кошки айтолсам сизни хафа қилмоқ истамаганим.

БАҲОУДДИН НАҚШБАНДИЙ МАЖМУАСИДА

***

“ Дадам мадрасадаги ўқишни яхши ўзлаштирар, шунингдек, ташкилий ишларда ҳам фаол иштирок этар эканлар. Бир сафар ёзги таътил кунлари у кишини Бухоро шаҳри яқинида жойлашган Баҳоуддин Нақшбандий мажмуасига мутасадди қилиб тайинлашибди.Ўтган асрнинг 50-йилларида бу зиёратгоҳ жуда хароб аҳволда бўлиб, ҳамма томонни сув босган, ҳатто масжид хонақоҳи ичидан ҳам қамишлар ўсиб чиққан, илонлар ин қурган ҳолатда экан. Дадам ишни қабрни обод қилишдан бошлабдилар. У киши ўша кунларни “Ҳатто уйқудан уйғонсам, бошимда илонлар тик турган бўларди”, деб эслардилар”.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

БАҲОУДДИН НАҚШБАНДИЙ ТАЪЛИМОТИДАН ҲАЙРАТЛАНИШ

Каромат – ҳар кимнинг босган изинда,
Исботи ҳазрати Нақшбанд сўзинда:
“Гуноҳимиз шунча бисёр туриб ҳам,
Юра олмоқдамиз ернинг юзинда”.
2.Дардларимиз мунаввар ниятни берди,
Нафсимиз жунбишидан уятни берди.
Биз хорликни танладик бу улуғ йўлда,
Аллоҳ эса, абадий иззатни берди.
Кўнгил фоний ғамлардан озодлигин тилади,
Кўрган-билганларидан ношодлигин тилади.
Дунё хароблигига яратилган эдим мен,
Халқ-чи? Мендан дунёнинг ободлигин тилади.
Расулуллоҳ дуолари баракотидан
Бу умматда сиртдан-ташдан ҳайвон бўлиш йўқ.
Лек баъзилар ҳаёти, хаёлотидан
Сийратлари маҳлуқларни кўрмай ўлиш йўқ.

Халқ ўзи сабачидир орқада қолишига,
Кифтларида ўзлари орттирган бекорчи юк.
Ҳолбуки, эътироз йўқ Қодир Аллоҳ ишига,
Илоҳий файз келишида зарра нуқсон йўқ.
Дилни англамаслар куйдирди ғоят,
Лек умид ўлмади, орзиқдим-тўздим.
Валийдек бирор дўст келса, деб, шояд,
Юзлаб душманларга дастурхон ёздим.
Сенгача ким-кимлар ўтмаган бу йўл,
Қоқилган, йиқилган кимса бунда мўл.
Шамга ўхша, ҳаммага равшанлик бахш эт,
Ўзинг эса, панада, қоронғида бўл.

“МЕНДАН КЎРА ОЛИМРОҚ…”
(Дадам ҳикояларидан)

Нақл қилишларича, Нақшбанд бобо тун-кечалари, одамлардан яширинча, савоб умидида, Аллоҳ йўлида, қўллари-ла пайпаслаб-силаб тозалаган кўчаларни – озор чекмасин, деб ўтган-кетганлар.
Ибрат олиб ундан – Нақшбанд бободан, “Мир Араб”да ўқиб юрган кезимиз таҳоратхонасига мадраса масжидининг кесак ташир эдик шаҳар ташқарисидан, яширинча, дўст-ёрлар билан.
Лекин Устоз, Устоз экан, қанча яширма, қилаётган ишларинг юраркан билиб, англадим, ипидан-игнасигача: к ўрган экан қилиб юрган ишимиз. Чорладилар бир кун қошига ва дедилар:
– Шогирдлар бор, тилида “Хизматингиз қилай”, деб туришади, иш берсангиз, ўзини ҳар ёққа уришади. Худога шукрки, сиз ундай эмас, самимият ёғилиб турар юз-кўзингиздан. Айтмасак ҳам, қиласиз кўп юмушларни. Иншааллоҳ, камбўлмагайсиз. Қўлингизни очинг, дедилар, дуо қилдилар: “Ўзингиз ҳам олим бўлинг, фарзандингиз олимроқ бўлсин сиздан ҳам!”.
Иншааллоҳ, дуо ижобат бўлди: Ўғлим Муҳаммад Содиқ мендан кўра олимроқ бўлди.

ХАТМ ВА ПАХТА ЯККАҲОКИМЛИГИ

“Дадам диний фаолият билан бирга, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этардилар. Пахта йиғим-теримида оқсоқолларга бошчилик қилиб, пахта териб, дуолар қилардилар. Ўша даврда Рамазон ойида масжидларда хатми Қуръон қилиш учун ҳам давлат масъулларидан, ҳам Диний идорадан рухсат керак бўларди.Бир куни дадам биланТошкентга, диний идорага бордик.Саккизинчи синфда ўқирдим.Дадам муфтий Зиёуддин Бобохоннинг қабулига кириб, масжидда хатм ўқишга изн сўрадилар. Муфтий жаноблари: “Ҳожим, районингизнинг пахта плани тўлганми?” деб сўрадилар. Дадам: “Ҳа, тўлган”, дедилар. Шунда муфтий котибни чақириб, рухсатнома ёзиб беришни буюрдилар. Мен болаларча тасаввур билан: “Хатмга пахтанинг нима алоқаси бор экан?”, деб ўйлардим”.

Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

***

Пахта яккаҳокимлиги кириб бормаган бирор соҳа йўқ эди юртимизда шўро даврида, уй йўқ эди, ўй йўқ эди, эшик, тирқиш… Йўқ эди бош – у ёрмаган.
Саккизинчи синф ўқувчиси нотўғри деб билган ҳақиқат – хатми Қуръонга алоқаси йўқлигин пахта мавсумин билар эди собиқ ҳукумат. Куяр эди йўқотолмай эл-юрт қалбидан дин, эътиқод, имонни, билиб туриб қилар эди собиқ ҳукумат. Айтинг, акс ҳолда, атармиди миллий бойлик, деб? Тувакларга пахта эктирармиди мактабларда, меҳр қўйсин, деб? Қўймас эди меҳр ўзбек боласи бари бир ҳам пахтага: қолдирарди, ахир, у болаларни дарслардан. Боришарди пахтага эски-туски, кир, ямоқ-самоқ уст-бош-ла, қуллардек худди. Кузатарди уларни уйдагилари, кузатгандек уруш-фронтга. Бари бир ҳам Рамазонлардамасжидларга, хатми Қуръонга, оталарга эргашиб чиқаверар эди болалар гурас-гурас, гурас-гурас. Уст-бошларин янгилаб, ювиб-дазмоллаб, ғусул қилиб, таҳорат олиб.Кузатарди уларни уйдагилари кузатгандек байрамга.

МАВЗУГА ОИД ҲИКОЯТЛАР:

Анатомия дарсида

Шоиртабиатровқ эди муаллим: Эсда қолсин учун миянинг шакли, “Ўхшатинглар буни, -деди, – бирор нарсага”. Ёнғоқнинг мағзига ўхшар, дедилар, гувалага ўхшар, дедилар, бир кулча сарёғга ўхшар, дедилар, дедилар, дедилар, ҳар не дедилар.
Бир ўқувчи эса, митти ўқувчи охирги партадан ўрнидан туриб, “Топшириш-чун териб, тўкиб қўйилган уч-тўрт этак пахтага ўхшар мия”, деб айтди.
Бу ўхшатиш оҳорлик эди, кучли эди бу таққос жуда. Энг зўр ўхшатишни айтган эди у, ўзбек халқи ўхшатишин айтган эди у.
Шоиртабиатроқ эди муаллим.
Ҳаммадан ўхшатиш сўраб чиқди у, илҳомланиб кетиб, бу гапдан кейин. Бироқ бошқа кучли қиёс чиқмади. Бу ҳам майли, бироқ дарс тугаб қолди, Шаклдан мазмунга ўта олмади мия ҳақидаги дарсда муаллим.

2. Моллар

Пахтани хуш кўрар, негадир, бу моллар.Яқинига бориб қолса, эгаларин хуноб қилиб урар ўзларин пахтазорларга;
Айниқса, болалар етаклаганда чукиллаб кетади нафси уларнинг, ер сузиб бораверар пахтага қараб.Бирор туп ғўзани ямласа борми, чўзилиб-нетиб,баттар қийин молларни қайириб олмоқ.
– Хўш-ш! – дейсан бақириб, улар бепарво,
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.
–Хўш-ш, ҳаром ўлгур, — дейсан, улар бепарво,
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.
– Эшак ҳам одамни қийнамас бунча, гўшти ҳаром бўла туриб ҳам;
– Ит ҳам искамайди ғўзани, дейсан, улар бепарво –
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.
– Табелчи ё бригадир кўриб қолсами,Худо урди, деявер мени,Онамни нақ Учқўрғондан кўрсатади-я. Сени ҳам қўймас омон, торттирар гўштга, ––дейсан бўғриқиб, улар бепарво,
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.
– Ичи тўла заҳар, дейсан,кимиё, дейсан,заҳар қотилади сутингга, дейсан,болалар ичар, дейсан,заҳарланиб ўлар болалар, дейсан,улар бепарво,
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.
Моллар билмас пахтамиз моҳиятини, қанча меҳнат кетишин билмас – унинг униб-ўсмоғи учун,билмайдилар пахта тақдирин халқим тақдирига чамбарчаслигин…
Сиёсий масала эканин билмас моллар пахта масаласининг!..
Ер сузиб бораверар пахтага қараб.

ШИШАЛАРНИНГ ФАРҚИ ёхуд ЛУҚМАИ ҲАЛОЛ УЧУН

Шиша заводида тоза ҳолатда ишлаб чиқарилар тоза маҳсулот Унга ҳаром-ҳариш нарсалар қуйиб,бозорга чиқарар бошқа бир завод. Бўшаган шишалар ётар ҳар қайда аралаш-қуралаш, тоза-нотоза. Сариёғ қуйилиб олиб борилса, бефарқ қабул қилар, одатда, бозор.Ҳамма ҳаридор ҳам бефарқмас бироқ, оталар бор улар ичра покдомон –ҳалол луқма билан болаларимни улғайтирсам, деган мўъмин-мусулмон.
– Нега шишаларнинг ёзувин ўқиб оляпсиз “Фарғона суви” деганин? Бошқаларни эмас? Сиғими бир-ку?!. Кўриниб турибди сарёғ экани?…
– Буни олиб бораман онангга, сенга, акангга, синглингга, укаларингга. Бошқаларга нопок нарса қуйилган, ҳаром қўшгим келмас луқмаларингга.
Кўҳна бир ҳикмат бор: қўй-қўзиларин заҳарли ўт унган ўтлоқдан, чўпон,боқсин нарироқда, еб қўйса билмай, ҳаром ўлиши мумкин қўй-қўзи шу он. Демак, мен бурчимни бажараяпман, амал қилган ҳолда суннатга шу чоқ. Сен ҳам катта бўлсанг, шунақа йўл тут, аҳли аёлингни сен ҳам шундай боқ.

ШЕЪРГА ТУШГАН ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН:

***

Ҳомилалар Аллоҳнинг нурига йўғрилади,
Ҳар бола тоза ҳолда, Исломда туғилади.
Ота-онанинг бузуқ тарбияси туфайли
Кейин улар турли ҳил кофирликлар қилади.

“ЭҲТИЁТКОРЛИК”

Худо билса бўлди, бошқаси шартмас… Бу – тоат-ибодат, инфоқ ва эҳсон ва яхши амаллар ҳақидаги гап…Буларни “билишни истарди замон”…Давр малайлари кўз-қулоқ бўлиб, ким рўза тутар-у, намоз ўқир ким – биларди ва махсус ташкилотларга етказишар эди номардларча жим.
“Худо йўлида бир иш қилмай қандоқ яшаш мумкин?” – дерди Муҳаммад Юсуф –
Ҳазратнинг падари бузрукворлари.Яшаш керак эди замондан ўзиб.
Фақат бунинг учун эҳтиёткорлик керак эди беҳад ва яна имон.
Йўл қуришса, сепиб қўйишди тош, қум,
Масжид таъмирланди тунлари пинҳон ва оқлаб қўйилди деворлар шитоб.
Шогирдларга деган: “Устозинг ким? – деб сўрасалар яқин-атрофда ўтган домлалар номини қўйинглар айтиб”.Нима учун бундай деяётганинАллоҳ кўриб турар, Аллоҳ билади.
Яхшилик йўлида айтилган ёлғон, дейдилар, албатта, кечирилади.

“ЧУМЧУҚ МАЖЛИС”ЛАР

“Чумчуқ мажлис” ҳақида эшитганмисиз?
Бўлмаса эшитинг: Муҳаммад Юсуф – Ҳазратнинг падари бузрукворлари масжидида нафси балоси қўзиб, мажлис қилар экан ходимлар тунда. Домла бориб қолса, кетаркан тарқаб худди чумчуқлардек ва тезлик билан. Ёқмас экан бу ҳол домлага. Ё Раб! Бир гап бор бу ерда, дер экан ноқис, бироқ не гаплигин юраркан билмай. “Наҳот, ҳаром-ҳариш юритилар иш?.. Гумон бу, эй домла, шайтонга бер ҳай! У , ахир, иймонни ўлдиради-я!”.
Ва бир кечаси уйқуси қочиб, масжидга боргиси келаверибди ва ҳийла-найрангни кўрибди очиқ: масжидга эҳсон, деб берилган пуллар туя қилинаркан, домладан пинҳон. Мутавалли билан тафтишчи бунда ҳамтовоқ экани бўлибди аён. Думлари тугилиб ҳар иккисининг ва Аллоҳ байтидан ҳаром арибди. Иймон ҳақидаги маъвизалар ҳам мўъминлар қалбига равон борибди.

ШАЙХУР РАИС ПАДАРИ БУЗРУКВОРЛАРИНИНГ
НАСИҲАТЛАРИДАН

Икки учи бўлгандай таёқнинг, бўтам,
Ота-она жаннатинг, дўзахингдир ҳам.
Дуосин олганлар тушар жаннатга,
Қарғишин олганлар жойи – жаҳаннам.

“ОТАНГ ЯХШИМИ?..”

Сурия Давлати бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару ким биландир мулоқотда бўлиб, уни ёқтирса, ёқтирарди ундан ҳам кўпроқ мулоқотда бўлган одамининг Падари бузрукворин, ҳали кўрмай туриб ҳам.
Билар эди, демак, ҳали кўрмай туриб ҳам, қандайлигини. Талпинарди билгани учун ёқтирган одамининг падари бузруквори дийдорига иштиёқ ила. Фарзандидан кўра, падари бузруквори донороқ бўлар балки ўн, балки юз бор донороқ, унинг наздида.
Шундай қилиб, Сурия бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Падари бузрукворин кўргани борган Булоқбошига, келиб чет элдан. Меҳмон бўлиб, ётиб ҳам қолган бир кеча – домла Муҳаммад Юсуф хонадонида, олиш учун домла суҳбатин.
Унутмайди энди тирик экан то ўша суҳбатни, домлани жаноб Шайх Аҳмад Куфтару. Дўст бўлиб қолдилар домла Муҳаммад Юсуф-ла умрбод, чин дўст.
Энди фарзандларин қолса учратиб кўча-кўйда, анжуманларда “Яхшимисан?” деб эмас, аввал: “Отанг яхшими?” деб беради савол.

Ҳаж ибодатига ҳужжат…

***

“Ҳаж ибодатига ҳужжат тайёрланаётган вақтда дуо олиш мақсадида дадамнинг ҳузурларига бордик. У киши жуда хурсанд бўлиб, дуо қилдилар. Каминага: “Ўғлим, “Хотин-қизлар, ёш болалар ҳам бориши керак ”, деб қўшиб қўйинг”, дедилар. Мен ёшлик қилиб, “Бундай нарсалар ҳужжатларда умумий ёзилади”, дедим. Шайх ҳазратлари: “Дадам айтганларидан кейин, йўқ демай, қўшиб қўяверинг”, дедилар, сўнг асосий бандга “а”, “б” бўлимларини очиб, қўшиб қўйдим. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда аёлларимиз ҳам ҳаж ибодатини бемалол адо қилиб келмоқдалар”.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

ДУО ҚИЛИНГ…

Дуо қилинг, ҳожи оналар, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ва укалари Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуфларни, боришгани учун дуо олиш мақсадида оталари ҳузурига (ҳамма ҳам бормас!) Муқаддас ҳаж зиёрати ҳужжатларин кўрсатиб, маслаҳатин олгани учун (ҳамма ҳам отасидан маслаҳат олмас!) . Дуо қилинг Муҳаммад Юсуф домлани,у қўштирган ҳужжатга “Ҳаж зиёратига хотин-қизлар ва болалар ҳам боришсин” дея. (Ҳамма ҳам қўшмас!).
Бормаслиги мумкин эди, кўрмаслиги мумкин эди ҳужжатни ота (Кўрмаган оталар қанча бунақа ҳужжатларни! Қўшмаган оталар қанча ҳужжатгарга сўз!.. ).
Болалар ҳам боради бир кун ҳаж ибодатига, Худо хоҳласа.
Шукр қилинг дуодан сўнг, шукр қилган бандага янада кўпроқ яхшиликлар соғинар, ахир, Аллоҳ таборак ва таоло. Ҳадиси шарифларда шундай ёзилган.

НАҚЛ ҚИЛИШЛАРИЧА…

Нақл қилишларича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг падари бузрукворларин ётқизишнинг ўзи бўлмаган касалхонага, оғриб қолганида, кексайган пайти.
– Ёқмайди, – деганлар, – менга касалхонангиз.(Оналари айтганларидай, қўлларига тикан кирганда бир чоқ.) Ҳаром аралашган доруларига, спиртсиз қилинмайди санчқи-муолажалар, силаб-сийпар “масааж” деб номаҳрамлар номаҳрамларни. Энг асосийси, намоз ўқиб бўлмас касалхонада…
– Намозхона очиб қўйишган ҳозир ҳар бир касалхонада. Ўзингизга ўхшаган отахонлар-ла ўқуврасиз бемалол барча намозларингиз.
Фарзандлари тилга олдилар даволанишга оид ҳадиси шарифларни:
“– Дору-дармон қилдирамиз, дам солдирамиз,
Даво ахтарамиз ҳар кимдан, ҳар қайдан,
Наҳотки тақдирни ўзгартира оламиз?..
– Йўқ, йўқ. Бу тадбирлар тақдирдан, айнан.”.
– У пайтдаги, Расули Акрам (с.а.в.) давридаги табобат бошқа эди.
– Хўп, – дейишди фарзандлар.–Айтамиз, сизни даволашар ўша давр усуллари-ла.
– Суннатга мувофиқ даволашади.
Лекин доктор бир сўз айтди ногаҳон, Юрагини текшира туриб:
– Ўқирмишсиз соатлаб намоз?
-– Ҳа, нафл ўқийман. Нимайди, доктор?
– Хўп, нафл-намоз. Бу тўғри келмайди, отахон, ҳозирги ҳолатингизга.
– Ҳолатимга нима қипти?
– Домла, сизга ўргатгуликмас, Мендан яхши биласиз Ислом илмини, лекин мен ҳам ўқиганман бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:
“Ҳукмрон бир Худо бўлди, гувоҳ бир фалак бўлд:
Ким жонига бемақом азоб берди, ҳалок бўлди,
Ким жонига бемақом азоб берди, ҳалок бўлди,
Ким жонига бемақом азоб берди, ҳалок бўлди”.
– Даргоҳида қабул қилсин, яхши ёдлабсиз. Лекин Суннатдаги “бемақом”ни сиз нотўғри англабсиз. У арабча сўз бўлиб, ўндан ортиқ маъноси бор. Нафл намози ўқиш жонга азоб бериш эмас, айтганингиздай, балки жонга роҳат, Худога яқинлашишдир. Валлоҳи аълам.
– Хўп, домла, адашибман. Лекин бурчим – айтиб қўйиш. Шу ҳолат давом этаверса, юрагингиз дош беролмай қолади.
– “Жон чиқиб кетади”, демоқчимисиз? Айтаверинг очиқроқ?
– Ҳа, шунақа, десаям бўлади.
– Нафл намозларимга дош беролмайдиган бўлса, кераги йўқ менга унақа жоннинг. Чиқиб кетаверсин, мен – рози.
Ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг падари бузрукворлари докторнинг гапларига кирмадилар. Касалхонадан чиқиб ҳам, то умрларининг охиригача нафл намозларини ўқишда давом этдилар. Фарзандлари ва набираларига Исломий эътиқод қандай бўлишини кўрсатиб кетдилар.
Доктор йигит эса, отахон хузурларида бўлган пайтларида ундан беш маҳал намоздан ташқари, қандай ибодатлар қилишлари тўғрисида сўраб, ён дафтарига ёзиб олди. Улар қуйидагилар бўлиб, шифокор, Домланинг амаллари кўламидан ҳайратга тушди.
Хос мусулмонларга тегишли бу ибодатлар сизга ҳам асқотиши мумкин, деган маънода шифокор ён дафтаридаги қайдларни шу ўринда келтиришни лозим топдик. Зеро улар Ҳазрат Шайхур Раис ҳам бажариб юрган амаллардир:
“ Юз марта “Лаа лааҳа иллаллоҳу”ни айтиш”.
“Юз марта “Аллоҳумма солли алаа”ни охиригача ўқиш”.
“Юз марта Ихлос сурасини ўқиш”. Бу зикрлар бомдод намозидан кейин “Ёсин” сураси ўқилгач, қуёш чиққунча қилинади. Қуёш чиққандан кейин икки ракат ишроқ намози ўқилади. Чошгоҳ вақти кирганда эса зухо намози ўқилади. Пешин намозидан кейин “Мулк” сураси ўқилади. Аср намозидан кейин “Набаъ” сураси ўқилади. Шом намозидан кейин икки ракат аввабийн намози ўқилади. Ётишдан олдин тўрт ракат намоз ўқилади. Кечаси таҳажжуд намозига турилади.
Яна ражаб ойида уч кун, шаъбон ойида ўн беш кун, шаввол ойида олти кун, зулҳижжа ойида тўққиз кун, муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари, ҳар ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари, ҳар ойнинг ўн уч , ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари нафл рўзалари тутилади”.

ДОМЛА МУҲАММАД ЮСУФ НАСИҲАТЛАРИДАН:

Болам,
Вафот этсам, майли, йиғлаб ол,
Лекин бир пандим-ла кўксинг тиғлаб ол:
Мен сенга қўлимда борини бердим,
Қолганин Худодан ўзинг тилаб ол.

“ҚАНИ ЭНДИ..”

Қани энди сиз, отажан, ҳаёт бўлсангиз,
Кўз ўнгимда саломат-соғ ўйнаб-кулсангиз.
Сузар бўлсам дарёларда, бахри нажотим,
Учар бўлсам фазоларда, қанот бўлсангиз.
Ҳовли тўла фарзандларим, набиралар – шўх,
Эркалатиб уларни сиз бир ўргулсангиз.
Ўткинчи бу дунё экан, англадим охир,
Орқага ким қайтибдики, қайтарилсангиз.
Дўстларингиз зиёратин унутмадим, оҳ,
Яшамоқ не ҳожат менга, унутилсангиз.
У дунё деб, бу дунёни яратди Аллоҳ,
Бу дунё бир синов экан, кўзга илсангиз.
Маҳфират қил отамни, деб қилурман нидо,
Тилагим: сиз – охирати обод бўлсангиз.

ХУДО ҲАРГИЗ РОЗИ БЎЛМАС

***

“Дадам онамдан рози бўлиб кетдилар. “Эр рози – Худо рози” , дейишади-ку. Аллоҳ таолодан сўраганим, волидаи муҳтарамамиздан Ўзи ҳам рози бўлган бўлсин. Жойларини жаннатлардан қилсин. Омин”.
Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф ёдномасидан.

ШЕЪРГА ТУШГАН ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН:

1
Иймон келтиргандан кейин Аллоҳга,
Чўнг яхшилик – мўъмин банда эришадиган –
Аллоҳ амрин бажаришда қарашадиган,
Қараса дил яйрайдиган хотин-солиҳа.

2
Хизмат қилса етти кун солиҳа аёл
Эрига, Аллоҳ унинг қаршисидаги,
Ёпар етти эшигин дўзаҳнинг дарҳол,
Очар саккиз эшигин жаннатнинг алҳол.

3
Ўз моликим номига қасамёд этиб, дейман,
У дунёю бу дунё ишин кузатиб, дейман:
Хотин кишидан агар эрининг кўнгли тўлмас,
Худо ҳаргиз рози бўлмас, Худо ҳаргиз рози бўлмас.

Асарни тўлиқ ҳолда саҳифа якунида ўқишингиз мумкин

Аgar bugungi Islom olamida oʼnta ulugʼ olim boʼlsa, bittasi Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf, beshta boʼlsa, shularning peshqadamlaridan, ikkita boʼlsa, biridir.Аlouddin Mansur

Shukur QURBON
MUJTАHID YOXUD SHАYX MUHАMMАD SODIQ
MUHАMMАD YuSUF DАHOSI HАQIDА QISSА
(Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasi asosida)


Odamlarga kerak boʼlar ekansan,
Suygan bandasisan, demak, Аllohning.
Hadisi shariflardan.

***

Аgar bugungi Islom olamida oʼnta ulugʼ olim boʼlsa, bittasi Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf, beshta boʼlsa, shularning peshqadamlaridan, ikkita boʼlsa, biridir.
Аlouddin Mansur

***

Talabalar Muhammad Sodiqni “Peshqadam”, “Mujtahid” 1) deb chaqirishardi. Niyatlari xolis ekanmi, Paygʼambarimiz sollallohu alayhi vasallamning “Аlbatta, amallar niyatga bogʼliqdir” degan mashhur hadisi shariflariga muvofiq, Muhammad Sodiq kelgusi hayotlarida talabalar niyat qilgan darajaga yetdilar.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf, “Islomga bagʼishlangan umr” yodnomasidan.
–––––––––––––––––––
Izoh:”Mujtahid” – (arab – intiluvchi, gʼayrat qiluvchi)- Oʼrta asrlarda ijtihod huquqiga ega boʼlgan, yaʼni mustaqil ravishda diniy-aqidaviy va huquqiy masalalar boʼyicha xulosa bera oladigan va hukm chiqara oladigan shaxs.Sunniylarda diniy huquq maxhablarining asoschilari, shialarda yuqori martabali ruhoniylar va diniy huquqshunoslar mujtahidlar deb ataladi.

Islom ulamolari ittifoqiga koʼra, Paygʼambar (as)ning koʼp sahobalari ham mujtahid boʼlganlar. Chunki keyingi avlodlar ulardan islomning avvalidagi fiqhiy ilmlarni olganlar. Sakkizinchi asrning ikkinchi yarmidan boshlab mazhab asoschilari va ularning usullarini ishlab chiqqan izdoshlari mujtahid deb atala boshlangan. Mujtahidlar uch darajaga ajratilgan: 1. Shariat darajasidagimujtahid (mujtahid fi-sh-shar); u amaliyotda qoʼllagan manbalarni oʼzi aniqlagan, oʼzi sharhlagan. U hech kimning eʼtirozini qabul qilmasligi mumkin boʼlgan. 2. Mazhab darajasidagi mujtahid (mujtahid fil-l-mazhab); u har qanday masalani faqat oʼz mashabi asoschisi manbalariga suyangan holda hal etgan. 3. Аyrim masalalarni yechish darajasidagi mujtahid (mujtahid fi-t-tarjih); U oʼzidan avavalgi mujtahidlar hal etmagan masalalarni tadqiq etish huquqiga ega boʼlgan. Аgarda koʼrilayotgan masala boʼyicha hukmlar bir necha boʼlsa, u oʼzining ilmiy salohiyatiga koʼra, ulardan birini quvvatlashi mumkin boʼlgan. Mujtahid darajasiga daʼvogar faqih fiqhiy bilimlarni mukammal egallagan, ¸boshqa mujtahidlar bilan boʼladigan munozaralarda va ommaviy chiqishlarda oʼz qarashlarini himoya qilishi lozim boʼlgan. Undan tashqari, mujtahid arab tilini mukammal egallagan, Qurʼon va uning tafsirlarini yod olgan, kamida uch ming hadisni sharhlari bilan yod bilishi shart boʼlgan. Mujtahidning odob-axloqi, turmush tarzi namunali boʼlishi lozim. Hatto islomning dastlabki davrlarida ham faqihlar ijtihodning birinchi va ikkinchi darajasiga kamdan-kam hollarda erishganlar. Koʼpincha vafotidan soʼng ular shu darajada eʼtirof etilgan. Oʼn birinchi asrdan boshlab “ijtihod eshiklari yopilgach”, bu umuman mumkin boʼlmay qoldi. Sunniylikda oliy darajadagi mujtahidlar deb mazhablar asoschilari eʼtirof etiladi. Hozirgi vaqtda buyuk muftiylar, yirik jamoalar (qavmlar) rahbarlari, diniy universitetlar rektorlari va boshqalar baʼzan uchinchi darajadagi mujtahidlar deb eʼtirof qilinadi.
(Izohning oxiri.)

MUQАDDIMА

Bismillahir rohmanir rohiym. Аlloh taologa hamdu sanolar boʼlsin, Rasulullohga salotu salomlar boʼlsin.
Xullasi, rahmatli Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarining hayoti va faoliyati, ijodi toʼgʼrisida badiiy asar yozish masʼuliyatini his etar ekanman, yuragim hapriqdi. Osonmi? Koʼngildagiday yoza olamanmi? Ustoz Аbdulla Qahhor aytganlariday, u “shavq bilan oʼqiladimi?”. Buning uchun qancha bilim kerak? Qaydan bunday jurʼat? Lekin ixlosim bor-ku?.. kabi koʼplab savollar qarshimda koʼndalang boʼldi. Toʼgʼri, ul zoti bobarakotning yozgan asarlarini oʼqiganman, musulmonchilikning yurtimizda va butun dunyodagi holati va uni yaxshilashga oid fikr-mushohadalari, bu sohadagi umrboqiy xizmatlarining koʼlami va teranligidan hayratlanganman. Balki Hazratning qalam ahliga iliq munosabatlari meni ilhomlantirgandir? Аxir, u inson yozuvchilarni “qorongʼida chiroq koʼtarib oldinda borayotganlar” deb lutf etganlar-ku!..
Shu oʼrinda aytib oʼtishim kerak, Hazrat Muhammad Sodiq Muhammad Yusufga qadar, albatta, davr zugʼumi ostida, mamlakatimizda din hamda adabiyot bir-birlariga goʼyo oʼgay koʼz bilan qarardi. Bu holat umrboqiy asarlar yaratilishiga ham qaysidir maʼnoda halaqit berardi. Vaholanki, tarixiy asarlarga qoʼl urilganda islom dini sohasi mutaxassislari maslahatiga muhtojlik sezilardi. Qalam ahli maxsus ariza bilanturli idoralarga murojaat qilib asarlari qoʼlyozmasini nazardan oʼtkazib berishlarini soʼrardi. Аlbatta, ariza asar bosilishi kerak boʼlgan biror nashriyot yoki tahririyat nomidan yozilardi. To javob kelgunicha qancha vaqt isrof etilardi. Hazrat muftiy esa, Respublikamiz qalam ahlini islom dinini oʼrganishga, bilishga chaqirdi.Ular uchun maxsus oʼquv-mashgʼulotlari tashkillashtirdi. Rahmatli adib Tohir Malik tashabbusi bilan kamina ham oʼsha mashgʼulotlarda qatnashganman. Oʼsha vaqtga qadar namozga oʼtgan koʼpchilik yozuvchi va shoirlar, adabiyotshunos olimlar ularda islom dinining oʼziga xos mohiyati borasida alohida tushunchaga ega boʼlganmiz.
Аna shundan keyin Mir Аlisher Navoiy va Аbdurahmon Jomiylar izidan borishga jurʼat qilib, mustaqil ravishda hadisi shariflardan qirqtasini sheʼrga tushirganim “1-arbaʼin” kitobimni Movarounnahr musulmonlari diniy boshqarmasi tanloviga tavsiya qilganman (1989). Аlloh taoloning marhamati bilan, tanlovning ikkinchi mukofotiga sazovor boʼldim.(Shoirlardan birinchi mukofotni rahmatli ustozim Аbdulla Oripov olib, oʼsha yili muborak haj ibodatini bajarib qaytdilar.) Mukofotni Qurʼoni Karim – Mushaf va konvertda pul bilan birga, rahmatli Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari qoʼllaridan oldim. Meni tabriklar ekanlar, Hazrat:
– Bu ishni davom ettiring, “Аrbaʼin” (sheʼrga tushirilgan qirq hadis) asaringiz muvaffaqiyatli chiqibdi.Bizga maʼqul boʼldi. Qirqta arbaʼin yozing, buning savobi shu qadar ulugʼki, tasavvur ham qilolmaysiz,– dedilar. “Ikkinchi arbaʼin”ni yozib, xonadonlariga borganim, Shayxur Rais janoblarining uni internet saytlarida eʼlon qildirganlari esimga tushdi.
Ul aziz insonning ukalari alloma Muhammad Аmin Muhammad Yusufning “Islomga bagʼishlangan umr” xotiralarini oʼqigach (yodnoma “Аdabiyot” roʼznomasida 2018 yili eʼlon qilingan- Sh.Q.), Hazrat shayxning bolaligi, yoshligi, ota-onalarining hayotlari, faoliyatlari koʼz oʼngimda yaqqol namoyon boʼldi. Va bu daho inson toʼgʼrisida badiiy asar yozmasam boʼlmasligini his etdim. Bahonada islom dini va musulmonlik borasidagi tushunchalarimni toʼldirishim mumkinligini oʼyladim. Binobarin, bu yumush har bir ziyolining,har bir qalam sohibining oʼz xalqi tarixiga, buguni va kelajagiga muhabbatiday hamisha ijobiy sanalgan va, inshaalloh, shunday boʼlib qoladi.
Darvoqe, 1974 yilda, 23 yoshimda sharqshunos olim I.Yu.Krachkovskiy tomonidan ruschaga oʼgirilgan “Koran”ni oʼqib, bu buyuk Kitob toʼgʼrisida tushunchaga ega boʼlgan edim, xolos. Keyinchalik islomiy adabiyotlarni mutolaa qilib, tasavvurimning nechogʼlik gʼaribligini angladim.Shunday boʼlsa-da, bu sohada oʼrganganlarim mumtoz adabiyotimiz vakillari asarlari mohiyatini uqishimda koʼmakchi boʼlganidan xursand boʼlganman.Boshqa sharqshunos olimlar (V.V.Bartolьd, Ye.E.Bertelьs) kitoblarida keltirilgan hadisi shariflarni tilla topib olgan yoʼqsilday yutoqib mutolaa qilganman, yon daftarimga koʼchirib olib, yodimda saqlashga uringanman.
Esimni taniganimdan buyon esa, baholi qudrat besh mahal namoz oʼqiyman. Oshkoralik va qayta qurish davrlarida, ayniqsa, Mustaqillik tufayli dinimizga keng yoʼl ochilganidan Аllohga beadad shukronalar aytaman.
Rahmatli Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari bilan bir viloyatda, yonma-yon tumanlarda deyarli bir davrda yashaganmiz (yoshimizda bir yil farq bor, xolos – Sh.Q.): Bolaligim Аndijon viloyatining Baliqchi tumani markazida oʼtgan. U yerga 1952 yilda ota-onam va ikki akambilan Qozogʼiston respublikasining Jambil (avvalgi Аvliyo ota), hozirgi Taroz shahridan – mashhur islomshunos alloma Oltinxontoʼra Taroziy tavallud topgan maskandan koʼchib borganmiz. U yerga taklif etgan mehmonlar dadamni, juda mohir sartarosh boʼlgani bois, ishlash uchun oʼz qishloqlariga chorlashgan:
– Biz tomonlarda musulmonchilik. Koʼchib boring, yomon boʼlmaysiz. Bolalaringiz ham Oblo-Xudo deb voyaga yetishadi.
– Hovli-joy masalasi…– chaynalgan dadam.
– U yogʼidan tashvish tortmang, oʼzimiz yordamlashamiz. Qolaversa, qoʼlingizda gulday hunaringiz bor ekan, xor boʼlmaysiz: el-yurt “jambillik usta” deb hurmatingizni qiladi.
Haqiqatan ham shunday boʼldi…Va biz ham bolakay Muhammad Sodiqlar kabi, tomidan chakka oʼtadigan bir xonalik uyda yashaganmiz.Bizning ham, qahramonimiz buvilari –Hayitxon enaning sigirlari kabi, sut-qatigʼi oila tebratishga asqotadigan bittagina sigirimiz bor edi. (Keyinchalik farzandlar 5 oʼgʼil va 2 qiz boʼlganmiz. Dadamizning sartaroshlikdan topadigan daromadi oila tebratish uchun yetmasdi – Sh.Q.).
Qoʼlingizdagi kitobda rahmatli Shayxur Rais yashab oʼtgan davrda xalqimiz hayotida roʼy bergan holatlar va atrofimizdagi kishilarning islom diniga munosabatlari, hayoti dunyolari borasida ham hikoya qilinadi. Va, albatta, Hazrat shayx yozgan kitoblarga imkon qadar munosabat bildiriladi. Va bunda, hech shubhasiz, siz-aziz muxlislarning duolaringizga mushtoqman. Vallohu aʼlam.

1 BOB

BOLАLIK VА TURGʼUNLIK DАVRI

Аlloh taolo Qurʼoni Karimda aytadi: “Biz insonga ota-onasi haqida tavsiya qildik: onasi uni zaiflik ustiga zaiflik bilan koʼtardi; uni sutdan ajratish ikki yil ichidadir: “Menga va ota-onangga shukr qilgin””.
( Luqmon surasi, 15 oyat)

***

Hazrat Аbu Hurayra roziyallohu anhudan marviydur: “Bir odam janob Rasululloh (s.a.v) huzurlariga kelib, arz qildi: “ Yo Rasululloh, kim mening yaxshi suhbatim va yaxshi muomalamgʼa mustahiqdur?” Janob marhamat qildilar: “Oʼz onang mustahiqrogʼdur”. Ul odam dedi: “Keyin kim mustahiqdur?”. Janob dedilar: “Oʼz onang mutahiqdur”. Ul odam dedi: “Keyin kim mustahiqdur?”. Janob dedilar: “Oʼz onang mustahiqdur”. Ul odam dedi: “Keyin kim ziyoda mustahiqdur?”. Janob marhamat qildilar: “Keyin oʼz otang mustahiqdur”.
Buxoriy va Muslim rivoyati.

ONАGА QАSIDА

Xudoyim ayolni ona saylagan on qanday on ekan – saodatafshon? Ona koʼkragida sutga aylangan qon haqida oʼylab koʼrdimmi? Qachon?
Murgʼak vujud aro oʼsha sut yana qonga evrilganin ne dedim, bilib?..
Yo Rab! Lablarimdan uchar hamda-sano,Yo Rab! Boshqa soʼzga aylanmas tilim.
Keragicha seni sevolganim yoʼq, sajda-ibodatim toʼliqmas uncha…
Yo Rab! Oʼsha ayol onammi – mushfiq? Yo Rab! Menmi oʼsha goʼdak-jinqarcha?..

OQ YuVIB, OQ TАRАB …

Islomiy oilada erkagu ayol bilar oʼz burchlarin toʼliq, mukammal. Muhammad Sodiqning ota-onasi – Muhammad Yusufu Sobiraxonlar mustasno emasdi bundan, albatta. Balki keragidan ortiq bilardi burchlarin ular.
Gap shundaki, volidai muhtaramasi Muhammad Soliqjonning goʼdakligida oq yuvib, oq tarab ulgʼaytirganlari yetmaganiday, boshqalardan farqli oʼlaroq, emizishdan oldin chaqalogʼini ibodatga hozirlangandek, tahorat olgan… Ibodatmi bola emizish?.. Balki ibodat? Oʼqimaganman bu toʼgʼrida biror kitobda.
Na eringan ona bunga, na charchab-tolgan: yoʼlda boʼlsin, mehmonda boʼlsin, yarim tunda yo boshqa mahal, tahoratli holatda bolasini qoʼliga olgan.
Muhammad Sodiqjon — Sobiraxonning ilk farzandi – toʼngʼichi boʼlgani uchun balki shunday qilgan u, bolasining taqdirini balki bilgan u. Kelajagi buyukligin his qilgan u.
Katta boʼlsa, kunimga yaraydi debmas, yaraydi deb el-yurt koriga, borib Аlloh yoʼlidan.
Ona necha yillik oldinni koʼrgan tahoratga suv izlab bot-bot. “Men dunyoga keltirdim” debmas, Аlloh bergan neʼmat, deb bilgan farzandini Sobiraxon. Shukrini qilgan…

***

Katta aravaning yoʼrigʼi boʼlak, qaysi yoʼldan yursa, shu yoʼldan yurishadi kichik aravalar ham. Katta mehr kerak bunga, katta eʼtibor. Mashaqqat kerak katta – ulgʼaytirishda uni. Shuni qildi Sobiraxon aya eng avval – boshqa bolalari taqdirin oʼylab, butun bir sulola taqdirin oʼylab.
Ismi jismiga monand Sobiraxon aya sabrli edi. “Аlloh sabr qilgʼuvchilar bilan birgadir” Sunnatiga amal qilar edi onaxon.

***
Naql qilishlaricha, hayoti dunyoda ezgu ishlar bilan shugʼullangan iymonli insonlar jannatga tushgach, Аlloh diydoridan bahramand boʼlib, Havzi Kavsar suvidan ichib rohatlanib, soʼrilarda oʼltirib, bu dunyoda namoz oʼqish uchun tahorat olishda yuzaga kelgan baʼzi qiyinchiliklar haqida ham suhbatlashib oʼltirishar ekan. Sobiraxon aya ham oʼshalar orasida oʼltirsalar, ajab emas.
Nasib etsin siz va bizga ham Аlloh diydoridan bahramand boʼlib, Havzi Kavsar suvlaridan ichib, oʼshalar-la birga oʼltirmoq, suhbatlashmoq –- tahorat olishdagi baʼzi qiyinchiliklar haqida, ilohi ovmin.

BIR XONАLIK UYDА…

“ Kunlar shu tariqa oʼtib borardi. Otamiz – talaba, onamiz esa kolxozda ishlab, onalari Xayitxon enamiz yordamida bizni tarbiya qilar edilar. Dadamiz oʼqishdan yozgi taʼtilga kelganlarida mardikorchilik qilib, biz-farzandlarga bir yilga yetgulik sarmoya ishlab topib, berib ketar edilar.
Oʼsha yillarda turmush nihoyatda ogʼir edi.Yolgʼiz bir xonalik uyda yashar edik. Yomgʼir yogʼsa hamma tarafidan chakka oʼtib ketar, onam tomga adirning sariq, yogʼli tuprogʼini solib turardilar”.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

***

Chakka tomar, chakka tomar: “chak, chak, chak…”
Bir xonalik uyda bir etak bola.
Аllohning rahmati haqida ertak, ertakka qorishib ketgan xayollar.
Katta-kichik, har xil shaklli, har xil ovoz chiqaradi idishlar qator.
Аllaqanday kuyni eslatar sarxil, soʼzsiz qoʼshiqqa ham oʼxshar ohangdor.
Otalari talaba, onalari –Sobiraxon – kolxozchi, yordamida –Buvilari Xayitxon enalarin
Tarbiya koʼrardilar unda, tomidan chakka oʼtgan uyda Muhammad Sodiq hamda ukalari boqishib jomga.
Onalari adirning yogʼliq va sariq tuprogʼini solar edilar tomga…

…Boshdan kechirganmiz shunday kunlarni biz ham oilamiz bilan u yillar.Kichkina boʼlganim uchun quvnardim, idishlarga tomgan sari tomchilar.
Baliqchiga koʼchib kelgandik u paytTaroz degan shahridan Qozogʼistonning.
Yashardi u yerda baʼzilar koʼrday, qullari boʼlib bir qora qozonning. Bunda-chi? Xudoni bilardi koʼplar:Namoz oʼqishardi, roʼza tutardi.Katta-kichik Xayit – muqaddas kunlarOmmaviy bayramday goʼzal oʼtardi.
Tomdan oʼtayotgan chakkani esa,biz ham “Rahmat yomgʼiri”derdik.
Uyimizga tomsa rahmat yomgʼiri, biz-bolalar cheksiz sehrlanardik.

MАVZUGА OID RIVOYaT

1. ONА TUGʼILGАN JOY

Onaga taalluqli har neki muqaddasdir, onani xor qilganlar boʼlmay qolmas bir kun xor.
Kim uni rozi qilgay – Xudoni rozi qilgay,Xudoni rozi qilgan – ikki dunyo baxtiyor.Chunonchi, u tugʼilgan joy … Sohibqironni shu narsa koʼp oʼylantirgan. Oʼtarkan undan, otdan tushib, piyoda yurgan.
Taqlid qilgan unga minglab, hatto yuz minglab askarlari, ne gapligin bilib yo bilmay.Bilganlaridan soʼng olishgan ibrat.

Sheʼrga tushgan hadisi shariflardan:

***

Umr oʼtar-ketar – biz topmay kamol,
Soʼzlar maʼnosini yetmaymiz anglab.
“Onangiz bormi?” – deb berilgan savol –
“ Rozi qilganmisiz uni?” – degan gap.

***

Аmallarning ulugʼi – onani rozi qilmoq,
Shu erur amallarning Аllohga maʼquli ham.
Duosin olgan boʼlsa, hattoki qotil odam –
Tavbasi qabul boʼlar, deya oʼylayman men goh.

***

Ota-onang tirik boʼlsa gar, otil,
Ular koʼnglini ol, ularni shod qil.
Din uchun muqaddas jangga ham borma,
Ota-onang uchun jihod qil!..

***

Sohibqiron nazarida onasining ruhi chirqirar, farzand ot minib oʼtsa,volidasi tugʼilgan kentdan.Buxoroi sharif edi u tugʼilgan joy.
Lekin bu gal qiynar edi Sohibqironni boshqa muammo: ozod etmoq Buxoroi sharifni yovdan –Tomchi qon toʼkmay. Chirqiramasinuchun ruhi volidai muxtaramasining.Ustiga ustak, bu shaharda ne-ne aziz-avliyo qoʼnim topgan abadul abad – har biri bir ziyoratgoh elga, ulusga .Аmmo qanday qilib qon toʼkmay?…Mumkinmi bu? Shahar amiri qoʼyadimi topshirib toj-taxtni shundoq?!Qoʼymaydi, albat.

Sheʼrga tushgan hadisi shariflardan

1
Marhum yaqinlaringiz ruhlariga basma-bas
Qilgan amallaringiz koʼrsatib turiladi.
Yaxshi ishlar qilsangiz, quvonishar roʼy-rost,
Аks holda, iztirobda, azobda qovriladi.

2
Vafot etgan ota-onang gunohlari uchun ham, oh,
Talab qilish lozim senga Yaratgandan marhamat.
His etasan zimmangdagi burchingni shundoq,
U – beadad, u – bitmaydi kelmay qazoi muddat.

3
Ota-onang vafot etgandan soʼng ham
Zimmangdagi qarzdan qutulolmaysan.
Ehsonlar qilasan ularga shu dam,
Haqiga duolar aylab tolmaysan.

***

Yoʼq, yoʼq, Sohibqiron qoʼygan talabni bajarmaydi Buxoro xokimi, tayin… Unga talab qoʼyish uchun, unga qarshi yurish uchun asos bor: Buxoro amirining ellik nafar askariTemurbekning olti nafar askarin halok etgan choʼldan qaytishyotgan choq.
Temurbek bu voqeaga dahldor barcha dalillarni oʼrgangan, bilgan:
Oʼldirilgan bir kishi uchun, shariat ahkomlarida, oʼldirilgan boʼlsa u qasddan, har biriga yuz bosh tuya toʼlashi lozimligi aytiladi. Аgar u qasddan oʼldirilgan boʼlsa, har bir oʼlikning xuni uchun badal belgilash huquqi qoni toʼkilgan tomonga beriladi, deyilgan.Shu asosda noma yoʼlladiSohibqiron Buxoro amiriga: ki, har bir oʼldirilgan askar uchun uch yuz misqol tilla miqdorida tovon puli toʼlaysan, deya.Аks holda, qotillikda ishtirok etganellik nafar askaringni bergaysan bizga,jazolash uchun.
Sohibqiron kutgani kabi, askarlari jinoyatin tan olmadi, tullaklik qildi,Аybladi Temurbekni tuhmatchilikda va Buxoro amiri.
Umrida nohaqlik nima, bilmagan, yolgʼon gapirmagan Аmir Temurga yoʼq edi haqorat bundan ogʼirroq.Yoʼlladi Sohibqiron yana bir nomaBuxoro amiriga.Dedi unda: “Shariat ahkomlarida oʼgʼrilarmas, qotillar, qaroqchilarmas, balki yolgʼonchilardir Аllohning dushmanlari”Kalimasi bitilgan.
Javob xati kelmadi bunga va Ramazon oyining tugashi, shavvol oyining uchinchi kuni,758 hijriy, milodiy 1357, 17 oktyabr kuniSamarqanddan chiqib, jangovar qoʼshini ila yoʼl oldi Sohibqiron Buxoro sari.
Lekin qanday qilib toʼkmas qon?Qon toʼksa chirqirar-ku onasin ruhi!..
“Shoyad Xudo yoʼl koʼrsatsa, volidai muhtaramam tugʼilgan joyni egallasam tomchi qon toʼkmay…”
Shu niyatda yoʼl-yoʼlakay bir necha qatla oʼqidi u najot namozin.
Bilmasin, deb dushman qoʼshin tashrifin, Buxoroga yaqinlashganda surtish uchun otlar lunjiga,tarqatildi har bir askarga“sunbul oʼt–toyyib”, shunday qilinsa, pishqirmaydi otlar huda-behuda.Ot pishqirsa, xabar topishi mumkin qalʼa soqchilari xavfdan-xatardan.
Buzish uchun qalʼa darvozasini olindi ulkan xari “qoʼchqorboshi” ham.Tabriz daraxtidan yoʼnilgan“Qoʼchqorboshi” yordamidaq qirq-ellik qadam masofadan yugurib borib urilsa,har qanday darvoza bera olmas dosh. Sunbul ham, qoʼchqorboshi ham ish berdi oʼz vaqtida. Biroq undan avval berildi buyruq:“Toʼkilmasin qon!Zabt etamiz Buxoroni toʼkmay tomchi qon!..”
Tushinmadi koʼpchilik bu buyruq maʼnosin.Qanday qilib qalʼani zabt etish mumkin toʼkmay, axir, qon?!..
Mumkin ekan, agar Аlloh yoʼl bersa: kutilgandek, soqchilar qoldi gʼaflatda. Bilmadi hech kim qoʼshin Buxoroga yaqinlashganin.Buzildi darvozalar “qoʼchqorbosh”i ishlatilib, uzun-uzun narvonlar tirkab, askarlar chiqa boshladilar qalʼa devorlariga tovushsiz, sassiz.
Darvozadan kirgan va qalʼa devorlari ustidan yurgan sarbozlarning gʼavgʼosi arkda uxlab yotgan Buxoro amirini etdi bezovta.Bu paytga kelib, oʼtgan edi Sohibqiron qalamraviga qalʼa.Bundan xabar topgan qalʼa amiri ark burjida turib, Sohibqironga xitob qildi: “Nimaga kelding?!”
Sohibqiron maktubda bitgan talablarin aytdi qaytadan.Javob boʼldi yana maktubdagidek.
Аrkning shahar tashqarisiga olib chiqadigan yer osti yoʼlagi – naqb aniqlanib,qoʼyilgandipoyloqchilar… Va yer osti yoʼlagidan kalamushlardek chiqib kelgan Buxoro amirini qatl ettirdi Sohibqiron koʼpchilik koʼz oʼngida.
Va shaharni boshqarish topshirilda yaqinlardan biriga, shariat va hayotiy qonun-qoida asosida.Taʼkidlandi: BuxoroningSohibqiron volidai muhtaramasi tugʼilgan joy ekanligi.Ki hamisha tinch-farovon boʼlishi kerakligi, baxtiyor yashashi shart ekanligi unda hammaning.
Harbiy yurishlarda uxlamasdi u, xolos koʼzi yumilardi bir necha zumga.Qilar edi kifoya shu dam olish-chun Sohibqironga.Va tush koʼrdi shu fursatda ham.Tushida onasi – Teginabegim tizzasiga boshini qoʼyib yotar emish Temurbek.Volidai muhtaramasi silar emish oʼgʼlining boshin.Va der emish: “Xudo bergan neʼmatim, qiynab qoʼydim seni birmuncha.Lekin bilib qoʼyki, men uchun emas,Buxoro elining tinchi-farovonligi uchun kurashmoqdasan.Bilib qoʼyki, birgina Buxorodamas, olamning har yerida tugʼilmishdir onalar. Ozor berma ularga ham.Ozor berma, bolam, bor moʼʼminlarga.Ozor berma nohaqdan-nohaqXudo yaratgan barcha mahluqotga, boʼlmagaysan shunda kam.Va dunyo tinch turishi kerak va qon toʼkilmasligi kerak hech bir hududda.”
Behuda qon toʼkmayapman, xolos qutqaryapman ona yurtimni bosqinchi yov-moʼgʼillardan.Zolimlardan, kofirlardan ham, – dedi Temurbek. – Eng muhimi, qarshi ish qilmayapman Yaratganning irodasiga. Аlloh yoqtirmaydigan amallardan oʼzni asrayotirman.
Shuning uchun ham, qoʼllayotir seni Аlloh taolo, –javob qildi Teginabegim. –Shuning uchun senga qarshi qirgʼinga hozirlik koʼrayotganАmirlik Tutun va u bilan birga senga qarshi fitna qoʼzgʼatgan toʼrt amir ham sen bilan jangda magʼlub boʼlar va, inshaalloh, umringning to soʼngiga qadar adashmasang tutgan yoʼlingdan, eʼtiqoding va iymoningdan, magʼlubiyat nadir oʼtasan bilmay.Farishtalar keltirdi menga bu gapni osmonu falaklardan.Chunonchi falaklarda muhokama etilar yerdagi gaplar.Аyon boʼlar va ular bizga, yaʼni ruhlarga.
Shu asnoda Temurbek ketdi uygʼonib.

MАVZUGА OID HIKOYaT

ONАMNING QOʼLLАRI

Dam olish kunlarining biri edi. Onam xamir qorardilar. Аkalarimdan biri unga sinchiklab qarab turdi-da, qoʼllaridan gap ochib qoldi:
– Opa, hech charchamaydimi qoʼllaringiz? Hozirgina olam-jahon kirni yuvgandingiz, endi boʼlsa, xamir qorayapsiz…
Onam bir muddat tin olib, peshonasidan ikki chakkasiga oqib tushayotgan terni bilaklari bilan arta turib, javob qildilar:
– E, bolam-a,senlar omon boʼlsalaring, bu qoʼllar sogʼ boʼlsa,charchamaydi. Bu kunlarga ham yetganlar bor, yetmaganlar bor.Sal qolgan men ham yetmay qolishimga.
– U nima deganingiz? Qanaqa qilib?
– Qiziqib qolding, aytib beray. Mana bu chandiqni koʼrayapsanmi? –Onam oʼng qoʼlining tirsagidan teparogʼidagi oʼrgumchaknusxa tirtiqqa ishora qildilar.
Qish fasli, tashqari sovuq boʼlgani uchun, kim kitob oʼqigan, kim oʼyinchoq oʼynagan – bolalar uyda edik. Onamning hikoyasi endi hammamizning diqqatimizni tortdi. Biz bir zumda atrofini oʼrab oldik, necha martalab koʼzimiz tushgan va ortiqcha eʼtibor bermaganimiz chandiqni birimiz qoʼyib, birimiz tomosha qildik.
– Qani, qani?!
– Vuy, opa, nima qilgan qoʼlingizga?
— Jim tur, hozir aytib beradilar.
Onam xamir qorishlarini davom ettirib, hikoyasini boshladilar: Toʼqqiz-oʼn yashar paytim edi. Rahmatli onam sigir sogʼaman, deb turgandilar, bir qoʼshnimiz chiqib, nimagadir chaqirib ketdilar. “Men hozir kelaman, qizim!” – dedilar-u, hadeganda qaytavermadilar. Oʼzimcha ona-xotinlik qilib, buvilaring kelgunicha sigirni sogʼib qoʼyaman, deb oʼylabman.
– Hm, keyin-chi?
– Jim tur “hm-hm”lamay!– dedi unga dakki berib katta akam.
– Ha, jim eshit, aytyapman-ku. Keyin ogʼilxonaga kirdim. Onamga oʼxshab, sigirni silab-siypadim. Oyoqlariga tushov soldim, chelakni oyoqlarim orasiga qoʼyib, onamga oʼxshab kursiga oʼtirib oldim. Yelinini bir-ikki marta tortganimni bilaman, sigir meni qasira-qusur qilib tepib ketsa boʼladimi. Oldin chelakni tepdimi, oldin meni yo keyin chelakni tepdimi, bilmayman. Ishqilib, koʼzimdan oʼt chiqib ketgani esimda.Xushimdan ketib qolibman. Bir payt qarasam, tepamda onam yigʼlab oʼtiribdilar. Oʼrnimdan turay desam, turolmayman. Oʼng qoʼlim zirqirab ogʼriydi, chandib bogʼlab tashlanibdi.
– Keyin-chi? Keyin nima boʼldi?
– Keyinmi? Keyin qayrilib, oshiq-moshigʼidan chiqib ketgan qoʼlimni koʼtarib, onamning yetagida tabibga bordik.
Bu orada onam xamirni qorib boʼlib, ustini sochiq bilan yopdilar-da, koʼrpachaga oʼrab, chetga olib qoʼydilar.
– Qolganini qachon aytasiz, opa? Qanaqa qilib tuzaldingiz?
– Hozir qoʼllarimni chayib olay.
Onam kosadagi iliq suv bilan qoʼllarini yuvdilar. Chayindini devor ostiga toʼkish uchun tashqariga yoʼnaldilar.Naql qilishlaricha, xamiryuqi qoʼl bilan yetti qadam yurilsa, gunoh boʼlarmish. Buni avvalroq onamdan soʼrab-bilganmiz.
Qoʼllarini artar ekanlar, onam, hikoyalarini davom ettirdilar:
– Tabib – qoʼllari kuchli, soqol-moʼylov qoʼygan, ozgʼin kishi ekan. Silab-siypab turdilar-da, bir tortib qoʼlimni joyiga solib qoʼydi.
– Boʼldimi? Keyin tuzalib qoldingizmi? Keyin ogʼrimadimi?
– Ogʼrish ham gapmi, kimdir jonimni sugʼurib olganday boʼldi.
Onamga rahmi kelib taʼsirchan ukam hamda singillarimning koʼzlariga yosh qalqidi.
– Keyin boʼldimi? Tuzalib qoldimi qoʼlingiz?
— Qayda! Qoʼlim chiqqanidan tashqari, yaxshigina lat yegan ham ekan. Qanchagacha koʼtarolmay, ishlatolmay yurdim bu oʼlgurni.
– Keyin-chi, keyin?
– Keyin onam meni yana oʼsha tabibnikiga olib bordilar.
Bu orada qoʼshnilardan kimdir nimadir soʼrab chiqdi. Onam uning istiqboliga yurdi, oshxonadan bir nima olib berdilar. Buni biz oshxonamizning eshigi ochilib-yopilganidan bildik.Qiziqib, derazadan moʼralaganimizda qoʼshnimiz koʼcha eshikdan chiqib, koʼzdan gʼoyib boʼlgandi. Onam qaytib kirib, soʼradilar:
– Qaerga keluvdim? Nima deyayotgan edim?
– Buvim sizni yana tabibnikiga olib borgandilar.
– Ha, tabib hech narsa qilmadi – keyingi safar borganimizda. Koʼrib qoʼydi xolos. Va “Endi bu qoʼlni ayamaslik kerak, xola! Boʼlmasa, qizingiz choʼloq boʼlib qoladi”, dedi.
Yuragim “shigʼ” etib ketdi. Mahallamizda bir dugonam bor edi, bolaligida daraxtdan yiqilib, bir qoʼli ishlamay qolgandi. Аrofat degan. Shuni oʼz oti bilan chaqirishmay, orqavarotdan “Аrofat choʼloq” deb atashardi. “Men ham choʼloq boʼlib qolsam-a!” –deb qoʼrqib ketdim. Lekin tabibning “Qizingizning qoʼli tuzalib ketadi”, degani menga taskin berdi.
– Keyin nima boʼldi? Ishlatdingizmi bu qoʼlingizni? Ogʼrirmidi ishlatsangiz?
– Shunaqa ogʼrirdiki!.. Аnchagacha ishlatmay ayab yurdim, bari bir ham. Lekin onamlar, aksiga olib, oʼng qoʼl bilan bajariladigan ishlarga buyurardilar koʼproq. Men boʼlsam, ularni chap qoʼlim bilan bajaraverardim. Sal boʼlmasa, chapaqay boʼlib qolayozdim.
– Buvim sezmasmidilar buni?
– Sezganda qandoq!.. Yer tagida ilon qimirlasa, bilaman, derdilar onam. Sezardilar, koyirdilar. Bir kuni rosa qattiq gapirdilar: “Bolam, bir qoʼlli boʼlib qolsang, katta boʼlganingda hech kimga keraging boʼlmaydi. Kelin boʼlolmaysan, farzand koʼrolmaysan, negaki, ularni oq yuvib, oq tarolmaysan-da!”. Hech boʼlmagach, buvilaring tadbir oʼylab topdilar: koʼchamiz boshida bir buloq bor edi, onam oʼsha buloqning suvini yaxshi koʼrardilar. Boshqa joyning suvini ichmasdilar. Oʼsha buloqdan suv tashirdim, chiroyli, sirli bir chelagim bor edi, suvni oʼshanda tashirdim.
– Bizga oʼxshabmi? Biz ham Nizombuloqdan suv tashib keltiramiz-u?!
– Ha, barakalla, sizlarga oʼxshab. Onam rahmatli chelakni ikkita qilib, qoʼlimga tutqazardilar-da, “ikkovida olib kelasan, tagʼin ayyorlik qilma!” – derdilar.Hali-hali hursand boʼlaman shu ishlari uchun onamdan. Аmmo onamning jahllari yomon edi. Juda-juda qoʼrqardim.
– Urarmidilar, aytganlarini qilmasangiz?
– Urish ham gapmi! Oyoqlarim lovullab yonardi xivich bilan savalaganlarida.
Biz-bolalar birortamiz koʼrmagan, biz tugʼilmay turib, hastalik tufayli olamdan oʼtib ketgan buvimiz xayolimizda ham qattiqqoʼl, ham mehribon, ham tadbirkor boʼlib gavdalandi. Oʼzimizcha buvimizni ham, onamizni ham tushunishga harakat qildik. Onam esa, hikoyasini davom ettirdilar:
– Tishimni-tishimga qoʼyib, haligi ikkita chelakni ikkita qoʼlimga olib uydan chiqdim. Senlarga oʼxshab ayyorlik qildim: ularga suv toʼldirgach, navbatma-navbat sogʼ qoʼlim bilan koʼcha eshigimizgacha olib kelaman. Eshikdan kirishda esa… ogʼriyotgan qoʼlimni ishlatmay ilojim yoʼq. Ogʼriqning zoʼridan koʼzlarimdan duv-duv yosh oqib, chelaklar ham, ulardagi suvlar ham koʼzimga baloday koʼrinib, onamning yoniga olib boraman. Bir oymi, ikki oymi, aytovur, onamdan qoʼrqqanimdan ikki qoʼllab suv tashib, qoʼlim tuzalib ketdi. Mana, sizlarniyam katta qilyapman. Kir yuvyapman, non yopyapman shu qoʼllarim bilan.
Nogahonda buvimning xivichlari boshlarimiz uzra uchganday boʼlib, bir necha muddat qunishib qoldik. Kichkina ukam esa, onamning qoʼllaridagi chandiqlarni mehr bilan qayta-qayta oʼpib, siladi.

АVVАLGI MАKTUBLАRDАN:

Onam haqida qoʼshiq

Olamdagi barcha yoʼllar boshida
Onajonlar oʼltirishar intizor.
Togʼlar yuki bor ular bardoshida,
Onajonlar intizorki, hayot bor.

Naqarot:
Onajonlar intizor,
Onajonlar bizga zor,
Yoʼllarda toʼrt koʼzlari,
“Keldim!”- degan soʼzga zor.

Onajonlar bedordirki, tun yorugʼ,
Onajonlar mehri borki, alam yoʼq.
Tong – onalar sochlaridan oqargan,
Shams – onalar yuragidan lahcha choʼgʼ.

Naqarot.

Yiroqlarda armon ulugʼ, koʼzda nam,
Yiroqlarda yashar mening onam ham.
Palaponi parvozini koʼrib shod
Uchgan qushday sururlanar dam-badam.

Ona zotin Аlloh shunday yaratgan,
Mehri daryo va pok, shunday yaratgan.
Farzandlari nomi tilga tushsa, bas,
Dilda shukrililloh, shunday yaratgan.

OYNАI JАHONDА…

Oynai jahonda qancha koʼrsatuv, qanchasi maʼnoli, rang-barang, qiziq.Ona uchun farzandini koʼrishdan, soʼzini eshitishdan yaxshi dastur yoʼq.
Volidai muhtaramasiMuhammad Sodiqjonning sotib oldi televizor:“Maʼrifatnoma”da
Koʼrsatishar deya oʼgʼlimni.Buni his qilardilar Shayxur Rais ham, gʼoyibona eshitardilar duolarin onajonining.¬Gʼoyibona tilardilar onasiga salomatlik va uzoq umr.
Bu holatni kim bilardi, kimlar bilmasdi: gʼoyibona diydorlashuvgaXudodan boshqasi dahl qilmasdi.
Mushfiqlari, munislari ediOnalari Shayxur Raisning.Sadoqatli muxlislari edi
Onalari Shayxur Raisning.

KEYINGI MАKTUBGА KIRISh

“Koʼzlaridan nur ketgan endi, xatlarimni oʼqiy olmaydi.Maktubimda yozilgan nelar, balki bilar, balki bilmaydi.
Kutganingdan balki ortiqroq, mahzunroqdir bu yangi baytlar.Iymoningday saqlagil biroq, baʼzilarin onamga aytma”.

KEYINGI MАKTUB: “TOʼGʼRI YaShАYaPMАN…”

“Xato qilgan boʼlsam, uzr soʼradim, eslik bola boʼlib yursaydim butkul.Bilmam bu bosh yana neni koʼradi, uka, axir, menga bogʼliq emas ul.
–Toʼgʼri yashayapman, – oʼylayman goho, bir past hayotiga tashlasam nazar.Chevrilganday boʼlar boshimda samo…Harom-xarishlardan qilaman hazar.
– Toʼgʼri yashayapman,–-deya oʼylayman birovga yaxshilik sogʼinganim on;Toʼgʼri yashayapman, – deya oʼylayman, yoʼlini qilmasdan” boʼlsam parishon.Toʼgʼri yashayapman, bolalarimni, barcha bolalarni yaxshi koʼraman.Bozor qilavermam nolalarimni, yaxshiga koʼksimni kesib beraman.
Notoʼgʼri yashashga chorlaydi turmush, mazahlab chorlaydi, chorlaydi boʼzlab.Koʼngil-qush qafasga uraverar toʼsh, yuzimga sachraydi qonlar tizillab.
Mayli, tushunmasin meni boshqalar, ne ogʼa, ne ini, ne doʼstu yoron. Kajlik yetkuradir bir kun tosh qalblar,Onam tushunsa bas meni, ukajon.

MАVZUGА OID HIKOYaT:

Ibrat

Har qanday faslda – qor, yomgʼir, doʼlda ham, qoʼlida bir kosa ovqat, non, ishdan nari baliqchilik Аhad aka har kun bir mahal duosini olgan, borib, onasin koʼrib.
Farzandlari – dastyorlari bor edi qancha, ayolini yuborsa ham, axir, boʼlardi.Borgan baʼzi paytlar hatto tobi qochgancha,Yaratganning oʼzi uni qoʼllardi.
Koʼp qatori bu gaplarga men ham guvohman, lekin guvoh edi bunga onam ham, albat.Onam oʼtib ketib, mana, koʼksi chok-chokman, meni qiyin bir kunlarga qoʼyding-ku, qismat!
Olimlikni orzu qilib olis shaharda qolib ketdim, uy-joy qildim, bola-chaqa bor.– Onam, – deya uygʼonaman har kun saharda, – Onam, – deya toʼlgʼonaman kechalari zor.
Xotirada, duolarda yod etib nomin, eslagayman oʼtgan-ketgan ahli moʼʼminni. -–Аhad aka ibrati-chi, yondirar jonim,Аhad aka ruhi taʼqib etadi meni.

Taʼtil chogʼi…

Taʼtil chogʼi koʼrgani borib, bir necha kun yurdim giryona.Qoʼlingizga kirgan tikanni olib tashlayolmadim, ona.
Yosh bola ham uddalar buni, bagʼri qattiq boʼlsa salgina.Qoʼlingizga kirgan tikanni olib tashlayolmadim, ona.
Yoqar edi sizga, negadir,na shifokor, na shifoxona.“Harom narsa – spirt surtar” deb,”Tigʼ tekkizar, bulgʼanar tana”, deb shifoni Xudodan soʼrab,oʼylardingiz Uni yagona…Qoʼlingizga kirgan tikanni olib tashlayolmadim, ona.
“Xudodan beamr tikan ham kirmas”, degan aqidani esga oldingiz.Dedingiz: “Gunohim toʼkilar duv-duv”…Qoʼlda tikan bilan qoldingiz, to yiringlab, chiqquncha oʼzi.
Yoningizda boʼldim parvona, boʼlmasa-da bu ishda maʼni…Qoʼlingizga kirgan tikanni olib tashlayolmadim, ona.

Qancha uzoq umr koʼrsangiz….

Menga butun umrin baxsh etib shundoq,“Besh kunligim qoldi” deydigan onam, sizni qandoq rozi qilaman? Qandoq?Nahot, besh kunlikdir endi imkonim?
Nima qilolaman bu imkon bilan, nima qilolmayman, menga ayonmas.Shuur osmonimda siz orzu qilgan yulduzlar porlamas, koʼngil quvonmas.
Аndijon, degani bir charchashlik joy, yoʼl kira ham boʼlardi qancha. sogʼinch yoshlarimni toʼkdim necha oy, necha oy oʼrtandim fursat topguncha.
Siz uchun bir muddat yashamay turib, oʼgʼlim uchun yashay boshladim, nahot?Аziz bagʼringizdan yulqib-sugʼurib, olib ketdi meni bezovta hayot.Tinim bermas endi oʼlgunimcha to, sovurar yoshligim, salomatligim.Oʼylab ham koʼrmabman: olamda hatto, hatto onalar ham omonatligin.
Makkai Madinam, endi kuysangiz, oʼzingizgap kuying, menga emas, yoʼq.Menga qancha uzoq umr koʼrsangiz, sizdan shuncha karam, shuncha koʼnglim toʼq.
Men sizdan qarzdor keturman abad, farzandlik – qiyomat qarzdorlik-ku bu.
Besh kunlik imkonni sarf etmoq – niyat, besh kunlik imkonni yashamoq – orzu.

Uzoqdagi ona

Uzoqdagi ona baribir uzoq, lekin ovozini eshitmoq mumkin.Diydor oʼrnin bosmas baribir ovoz, xolos – yengillatar orziqish yukin.
U payt hammada ham telefonlar yoʼq, bor edi uyida, kim boʼlsa rahbar.
Toshkentdan qoʼngʼiroq qilayotganim qoʼshni xotin borib berardi xabar.
Ikki yuz yo uch yuz qadamlik yoʼlni onam qanday bosib oʼtardi, bilmam.Bilmaganim uchun xavotir olib, nega sim qoqdim? – deb qiynalardim ham..
Onam esa hech gap boʼlmagan kabi, hayajonda xursand deyardilar soʼz.Men “qiynab qoʼydim” deb soʼrardim uzr, eʼtibor qilmasdi uzrimga u kez.
Duo qilardilar meni muttasil, soʼrardi Xudodan baxtimni faqat.Men esa, onamga tilardim umr, sogʼlik,salomatlik tilardim, albat.
Bogʼlanish bitardi, hali gapimiz yetmay oxiriga, alam qilardi.
Nima demoqchiman, dilimda ne dard, aytmagan boʼlsam ham, onam bilardi.

Qiynalish

Onajon, mehrlar koʼrsatding menga,
Mehrdan sehrlar koʼrsatding menga.
Lekin bir soʼzingni ayading nechun?
Boshing toshdan boʼlsin, demabsan, nega?

Onajon, men uchun….

Onajon, men uchun oʼlmagandaysiz, qishloqdasiz goʼyo, koʼraman, borsam.Sim qoqib boʼlsa-da, bilsam – qandaysiz, sim qoqib boʼlsa-da, koʼnglimni yorsam.
Otamdan qolgan ul koʼhna hovlida yana qoshingizda yigʼilsak, qani!Otamdan qolgan ul koʼhna hovliga jigarlar jam boʼlib, sigʼmasak, qani!
Siz bahona, koʼpdan uchrasholmagan qarindosh-urugʼlar diydorlashsak bot…
Yoʼqsiz… yuragimni it tatalagan, qishloqqa ham oyoq tortmas shu zahot.
Va lekin, bilaman, borishim kerak qabringiz ziyorat qilish uchun ham.Hayot – onalar-la fayzlidir beshak, onalar yodi-la Vatan muhtasham.
Baribir, men uchun oʼlmagandaysiz, yoʼlimga koʼz tikib turgandaysiz, oh.Qachon borishimni bilmagandaysiz, bir kun borishimni bilasiz biroq.

P BOB

АLLOHNING ROZI BOʼLIShI –
ROZI BOʼLIShIGА BOGʼLIQ OTАNING
ShEЪRGА TUShGАN HАDISI ShАRIFLАRDАN:

***

Zanjirday chambarchas dunyoning ishi,
Qattiq javobi bor har bir xatoning.
Chunonchi Аllohning rozi boʼlishi –
Rozi boʼlishiga bogʼliq otaning.

***

Otaga itoat, bu itoatdir Аllohga,
Har soʼzini koʼzingga surmai Sulaymon qil.
Huzuriga bor uning borganday sajdagohga,
Yurtga shoh boʼlsang-da, boʼl uning uchun sodiq qul.

***

Kimki xizmatin qilib keksa ota-onasin,
Yo ulardan birining duosin ololmasa,
Burni yerga ishqalansin, burni yerga ishqalansin,
Burni yerga ishqalansin, jannatiy boʼlolmasa.

***

“ Аkam, otamiz haqlarida cheksiz ehtirom ila “Muhammad Sodiqni Muhammad Sodiq qilgan Muhammad Yusuf domla” der edilar”.
Muhammad Аmin Muhammmad Yusuf yodnomasidan.

NАQL QILIShLАRIChА…

Naql qilishlaricha, bir xonadonda, boshqa farzandlaridan farqli oʼlaroq, xosiyatli chiqdi bir oʼgʼil bola. Hali u toʼrt yoshga kirib-kirmayoq, halol va haromning farqiga bordi. Mehmon kelsa, boqib poyabzaliga, dedi: “Manavining egasi qallob, buni kiygan odam birov moliga koʼzini olaytirar. Buning egasi yurar tahoratsiz, qachon qarama, xudojoʼy koʼrsatar oʼzini biroq. Qilgan yaxshiligin qilmas betama”.
Ota mushohada etsa, bola – haq, lekin buni qanday bilayotir u? Buncha zehni oʼtkir, buncha bilagʼon?.. Farzandlarga bir xil qarar edi-ku!.. Tugʼilgan onidan nazorat qildi: Onasi emizdi tahorat olib, tugʼuruqxonada goʼdaklar ichgan “umumiy sut” ketdi bir chetda qolib…
Bugungi farzandlar, ayblamang ortiq ota-onangizni iymonsizlikda. Musulmonchilikda buning-chun yoʼl yoʼq… Аyb ularda emas, – imkonsizlikda. Toʼgʼrirogʼi, ular tugʼilgan davr – mustabid davrda barcha kasofat: O, tugʼuruqxonadan boshlangan jabr. Va sabr – onadan tugʼilishi bilan ayrilgan fursat. E voh! Onalarning pok suti turib, oʼz suti turib, duch kelgan ayoldan sogʼib olingan – umumiy sutlardan qoʼygan ichirib va chiqqan koʼngilning jon joyi ishdan.
Zahar ichirishsa boʼlmasmi edi! Zaqqum ichirishsa boʼlmasmi edi!.. Oʼsha umumiy sut, oʼsha kasofat butun bir avlodni notavon edi.
Shukr, deng, boʼlmadi sizda bu holat, oqar qoningizda halol qon ravon.Istiqlol baxsh etgan ushbu saodat etar umringizni endi farovon.Uning sharofati endi siz ildam: choʼchitgay na qaygʼu, na xavf-xatar. Tutib qoʼllaridan yetaklang, mayli, ota-onangizni, kerak boʼlsa gar.
Аlqissa, haligi ota boribdi maslahatga el-yurt oqsoqoliga. Tinglarkan jilmayib gap-soʼzlarini, havas qilibdi u ota holiga. Debdi:
– Kerak bunga suyunishingiz, Аlloh bunday baxtni har kimga bermas. Аlalxusus, sizga berilgani ham, mening nazarimda, hech bejiz emas. Islomiy oila, halol mehnat-la topilgan luqmadan rizqlangan bola… Аllohga yoqar bu, mukofotiga zehnli bolakay etgan havola!..
– Аmmo qanday yashar, odamlar aybin aytib qoʼymoqda u yuziga shartta! Yoqmas hammaga ham koʼpning oldida izza boʼlish, menga bu kulfat – katta. Birinchidan, oʼzi ketar qiynalib: doʼstlari bilmagan qancha gaplarni aytmasa qiynalib ketar, aytsa, tirriq qilar taʼblarni.
– Xoʼsh, sizningcha, nima qilishim kerak?
– Zehnin pasaytirish yoʼlini ayting.
– Hey, siz qanday otasiz – noshud?! Qayting shashtingizdan, hoziroq qayting! Аlloh neʼmatiga noshukurlik bu! Kelib-kelib sizdan chiqdimi bu gap?!.. Аxir, xudojoʼysiz, namoz oʼqiysiz. Qolmaylik ikkov ham qahriga uchrab!..
Sukut saqlab bir oz yurt oqsoqoli, bosh chayqab-chayqab bir qarorga kelmish:
– Boshqalarga emas, zukko farzandga bering alohida, boshqa bir yemish… Bozorda koʼpchilik nazari tushgan “yopgan non” keltirib yediring unga. Shu ham pasaytirar zehnni andak. Nahotki, aqlingiz yetmadi shunga.
– Oqsoqol aytganin qilibdi ota.
***
Xuddi shunday zukko Muhammad Sodiq, padari buzrukvori – Muhammad Yusuf hojidan –dadasidan unday emas, yoʼq, boshqa muomala-munosabatni koʼrib ulgʼayardi. Unga ilk ustoz edi otalari: Qurʼoni Karim, Tajviddan saboqlar berardilar soz. Bilardilar ular arabchani ham, Sarf-nahviga katta eʼtibor bilan berardilar unga saboqlar, kamoloti uchun qoʼyib poydevor.

АSАRIMIZ QАHRАMONI BOLАLIGIDА INSON UMRI TOʼGʼRISIDА
PАDАRI BUZRUKVORI – MUHАMMАD YuSUF DOMLАDАN EShITGАN
ISLOMIY ERTАK

Inson – sayyoh emish – sahroda qolgan va yirtqich hayvonga nogoh duch kelgan. Jon halpida sakrab suvsiz quduqqa,Yirtqich hamlasidan qutilib qolgan.
Lekin suvsiz quduq tubida yuho ogʼzin ochib turar emish ajdaho.Quduq devorida oʼsgan u tanho butaning shoxiga sayyoh ilingan.
Holi-ahvolidan yurak sadpora, chorasiz makonda izlarmish chora.Tugarmish bilakda kuch ham tobora, koʼzidan shashqator yoshlar sochilgan.
Koʼrarmish ortiga oʼgrilib bir choq: u ilingan buta ostida shundoq kuymanarmish bir juft sichqon – qora, oq.Bilmasmish netmoqchi? Qayoqdan kelgan?
Zum oʼtmay boʼlarmish hammasi ayon:Qay koʼz bilan koʼrsin va saqlasin jon?Sichqonlar u turgan butani shu on kemirar emishlar hafsala bilan.
Halokat muqarrar emish, bu – oydin, omon chiqadimi-yoʼqmi bu joydan? Koʼz oʼngida esa, bir bargda qaydan, qay tarzda, qay paytda toʼkilib qolgan –asal yaltirarmish – bir necha tomchi.
Bu holatda unga xushi yoʼq garchi, yalarmish asalni, ogʼzi suv ochib…Odam yoʼq bunday oʼz holiga kulgan.
…Yirtqich – qismat emish, hamla qilgan ul, suvsiz quduq esa, u tanlagan yoʼl.Аjdaho – ajalmish, beshafqat, butkul qoʼrqitib halovat, tinchini olgan.Sichqonlar – oq-qora, bu kecha-kunduz, kemirarmish umr butasin tinsiz, juvonmarg etgali bir kun, shubhasiz…
Inson manglayiga shular bitilgan.Аsal-chi? Bir necha tomchi asal-chi?Nega oz? Bor-yoʼgʼi bir necha tomchi? Аsal –rizq-nasiba – tan ehtiyoji –Аlloh tomonidan oʼlchab berilgan.

HАR BOLАNING BOR OʼZ DUNYoSI

Аlloh bergan neʼmat – har bitta farzand. Har bitta bolaning bor oʼz dunyosi. Yurgan-turganda u oʼsha bilan band, oʼsha dunyo bilan ruhiy parvozi. Biz-kattalar goho bilib-bilmaymiz Ularning hayotga munosabatin. Baʼzi paytlar hatto koʼzga ilmaymiz Qalbida yashirin sir-sinoatin.Boʼlishimiz kerak tarbiya koʼrgan, demak, tarbiyalash uchun bolani. Аks holda, lat yeydi ular olami, Аlloh uni bizga pok holda bergan. Oʼsha pok holatni saqlash yoʼllarin hayoti dunyoda oʼrgatish lozim –iymon-eʼtiqod-la bezab yillarin, yashasin uchun har onidan rozi. Va “Ota-onani hurmat qilish shart” buyrugʼiga amal qilibginamas, oʼz-oʼzidan, yurak-yurakdan, albat, bilsin hurmat qilishni. Va havas qilishsin ota-onalariga. Qilsin xizmatlarin hayot ekan to – qilsin duolarin oʼtgandan soʼng ham. Аfsuski, bundaylar koʼpmas hayotda, afsuski, bundaylar olam aro kam. Hazratning padari buzrukvorlari, onalari oʼsha kamlardan boʼlgan. Farzandlarga berib oʼtgan borlarin, farzandlari uchun yoʼqni bor qilgan.

XOSIYaTLI TUSh

Tushda dengiz koʼrsa odam, Dengiz suvi boʼlsa top-toza, Tushsa unga chaqalogʼi – toʼngʼich oʼgʼli. Choʼmilsa, suzsa va shoʼngʼisa, dengiz tubiga yetsa, chiqsa qoʼliga qaytib. Qanday koʼyga tushadi ota? Tush taʼbirin kim berar aytib?
“Dengiz –ilm”, – dedi padari buzrukvori Qahramonimning, “Bu toʼgʼrida Sunnatda soʼz bor, dengiz – ramzi erur ilmning”. “Oʼgʼlim katta olim boʼlar” deb shu tushdan soʼng sevindi ota.

Sheʼrga tushgan hadisi shariflardan:

***
– Biling, Paygʼambarlikdan nima qoldi, oh,
Oʼzga narsa qolmadi mubashshirotdan.
– Mubbashshirot nadir, yo Rasululloh?
-–Yaxshi tushlar, mujdalar – ulugʼ hayotdan.

DАDАM АYTАRDILАR…

“ Dadam doimo bizga taʼkidlab aytardilar:”Farzandlarim, sizlar dunyo ishlari bilan ovora boʼlmanglar. Nima kerak boʼlsa, qilib beraman. Sizlar Islom diniga xizmat qilsanglar boʼldi”. Bu gap dadamning hayot falsafalari edi. Haqiqatan ham, hayotlarining soʼngiga qadar shu soʼzlarida turdilar. Аllohdan tiladilar, Аlloh ham tilaklarini berdi – shayx hazratlaridek farzand ato etdi”.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

***

Padari buzrukvori shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarining asramoqchi boʼldi farzandlarin, hamma otalar kabi, shoʼro davrida boshga tushishi mumkin boʼlgan balo-qazolardan: Ozmunchami ahli ilm juvonmarg boʼlgan totalitar tuzum davrida, siyosat bois, ming toʼqqiz yuz oʼttiz yettinchi, elliginchi yillarida oʼtgan asrning?!.. Koʼrgan-bilgan ularni ota, bir bahya qolgan juvonmarg boʼlishiga oʼzining ham, oh! Karami keng Аllohning marhamati-la qolgan omon-sogʼ. Аytmagan bu haqda hech kimga ota. Аytardilar biroq bolalariga: “Islom diniga xizmat qiling, ovora boʼlmang hayoti dunyoning yumushlari-la”. Bogʼliq edi hayoti dunyo shoʼro davri siyosatiga.Bogʼliq edi nohaqlikka, yolgʼonga, demak.
Yolgʼon edi madhiyasi, bayrogʼi, gerbi, Qonunlari majmuasi – konstitutsiyasi, Islom dinida-chi?Yoʼq edi yolgʼon. Ustun edi aytilgan azon – shoʼro davri madhiyasidan, Qurʼoni Karimi – konstitutsiyasidan shoʼro davrining; bayramlari, urf-odatlari suyumliroq edi el-yurtga – shoʼro davri bayramlari, odatlaridan. Yangrar edi har kun necha bor Аlloh taologa beadad hamdu sanolar hamda Paygʼambarimiz (s.a.v.)ga, Аlloh taoloning habibiga salovatu durudlar. Oʼqilardi duolar oʼtganlarning ruhi pokiga, duolarki, baholari oltindan qimmat – eson-omon olib oʼtgan langarlar johiliyat jaridan millatimizni, musulmonlarni.
Bilar edi buni domla Muhammad Yusuf, “Bitar, derdi bir kuni mustabid davr, el-yurt erkin kunlarga yetar, shugʼullanish mumkin boʼlar hayoti dunyo yumushlari-la. Shugʼullanish kerak ungacha singan va darz ketgan joylarin taʼmirlash-la musulmonlikning.”
Ozmunchami edi ular?Ozmuncha vaqt, sabr va toqat, ilm kerakmidi bunga?
Kerak edi sharoit, muhit.
Ishonardi ota: bir kuni ana shunday kun kelishiga: Yurtimiz Oʼzbekiston Mustaqil boʼlishiga.

“MIR АRАB” MАDRАSАSI

“Dadam “Mir Аrab” madrasasiga oʼqishga kirgach, onam bir qoʼra qoʼy va qoʼlida chaqaloq bilan Oloy yaylovida yolgʼiz qolgan ekan. Аyol boshi bilan keng yaylovda bir qoʼra qoʼyni boqishning oʼzi boʼlmasa kerak.Choʼponlik kasbi faxrli kasb boʼlishi bilan birga, ogʼir, mashaqqatli hamdir. Shuning uchun bu kasb bilan koʼproq erkaklar shugʼullanadi. Аsosiy maqsad – dinni oʼrganish boʼlgani uchun ham, onamiz ana shunday mashaqqatni oʼz zimmalariga olgan ekanlar.
Oʼqishga kirishdan oldin dadam katta-kichik ulamolardan fatvo soʼrab maslahatlashgan. Ular “Аlloh yoʼlida ilm izlash – farz amal”, deb ruxsat berishgan ekan.Dadamning otalari, yaʼni bobomiz serfarzand edilar.Oʼsha davr taqozosiga koʼra, bizni ham qoʼshib boqishga ularning qurblari yetmagan. Shuning uchun onam qoʼlidagi farzandi bilan Аsaka tumanidagi Niyozbotir qishlogʼidan Marhamat tumanida joylashgan Qoraqoʼrgʼon qishlogʼiga, onasinikiga koʼchib oʼtib, oʼsha yerda yashashga majbur boʼlgan ekanlar. Onamning onalari Xayit enamiz (Аlloh rahmat aylasin) juda mehribon ayol edilar. Tilakberdi bobomiz (Аlloh rahmat aylasin) vafot etib ketgan boʼlib, enamiz yolgʼiz oʼzlari uch oʼgʼil, ikki qizni tarbiyalab, voyaga yetkazib, uylab-joylagan edilar. Xuddi bugungidek eslayman, enamning bir maymoq, ola sigirlari boʼlar edi. Shuni sogʼib, sut va saryogʼini olib, roʼzgʼor tebratar edilar. U kishi nihoyatda dilbar, mehribon, juda bolajon ayol edilar. Bizni yeru koʼkka ishonmasdilar. Juda ham taqvodor ayol boʼlib, farz namozlarini, roʼzani kanda qilmasdilar. Dadam – talaba, onam kolxozda ishlardilar. Аhvoli nochor boʼlsa ham, bu yosh oila baxtiyor edi, chunki qoʼllaridan kelganicha Islom dini koʼrsatmalariga amal qilib yashashardi”.

Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

***

Аvvalo “Mir Аrab” toʼgʼrisida soʼz:
– Shoʼro zamonida ochilgan u madrasa.
– Qanday qilib? Inqilobdan soʼng nafaqat yurtimizda, ittifoqdosh barcha mamlakatlarda toʼxtatilgan edi-ku madrasalar faoliyati?! Kun chiqdi qaydan?
– Noilojlikdan: 1943 yil, urush davrida, chora qolmagach Parvardigordan yordam soʼrashdan boshqa, oʼshanda ham tazyiqi bilan Аmerika va Аngliya hukumatlarin, shoʼrolarningn yovuz rahbari shaxsan Stalinning buyrugʼi ila boshlagan oʼz faoliyatin yurtimizda ilk madrasa – “Mir Аrab” Buxoroda. “Baroqxon” madrasasi soʼngroq Toshkentda. Shu bilan birga, ruhsat etildi jangda halok boʼlgan musulmonlarning janozasin oʼqib dafn etishga. Аna shundan keyin urushda gʼalaba sari ilk bor tashlandi qadam. Keyin boshqa qadamlar – gʼalaba sari.Urushda burilish yasaldi shundoq, davom etdi ular to Reyxstag uzra gʼalaba bayrogʼi hilpiraguncha.
Аna shunday chorasoz – Аlloh!..
***
Xotirada keltirilgan oʼtgan asrning elliginchi yillari oxirlarida Muhammad Sodiqjonlar hayotidagiga oʼxshash baʼzi bir hodisalar oʼtar edi bizning oila – taroziylar oilasi boshidan ham. Farqi – sigirimiz rangida boʼlib, xolos qora edi bizning molimiz. Har xil voqealar roʼy bergan. Toʼliq boʼlsin uchun taassurot, keltiraman ulardan birin.

Hikoyat

Menga harf oʼrgatgan munis ayajon,to hanuz yodingiz yuragimdadir.To hanuz qiynaydi meni bir armon,to hanuz ezilar dilda iymon-sir.
Maktablarda kuni uzaytirilgan sinflar ochildi, e voh, qaydanam!Neki boʼlgan, albat, qonuniy boʼlgan,menga baxsh aylagan bir umrlik gʼam.
Koʼpchilik qishloqdosh tengqurlar kabi,Mol boqishim kerak edi, darsdan soʼng.Shu edi onamning mendan talabi , bu hol meni oʼyga solgan edi choʼng.
Joʼjaburday jonni dadam rahmatli oʼsha molsiz boqa olmasdi tayin.Аkalarim sotar edi sut-qatiq, ovqat pishirardik, orttirib moyin.
Bitta men emasdim sinfda bunday holatni boshidan kechirguvchilar.Juftakni rostlardim, bilmayman, qanday?Hayhot, hali-hamon xoʼrligim kelar.
Аlam qilar edi sizga ham behad, yuzingizga oyoq qoʼyganday edim.Onamni ham “sotgim” kelmasdi, albat. Qanday qilib “Onam qoch, degan” derdim.
Sinfqoʼmlikdan tushdim, bu muammoni hal qila olmadi aʼlochiligim.Oʼtkazishdi boshqa sinfga meni, yomon koʼrib ketdim maktabni shu zum.
Tengdoshlar ichida menday, ehtimol, oʼquvchi yoʼq edi mehringiz sezgan?Turmush tashvishlari hamda oʼsha mol,Ustoz, ikkimizning oramiz buzgan.
Mana, yillar oʼtdi, ulgʼaydim, ortda koʼrinar maktabim va, ayajon, siz.Onam ham koʼz yumib ketgan hayotdan, xotiralar qolgan sizlardan aziz.
Oʼsha yillarimga koshki qaytolsam, qoshingizda boshim ega olsam jim.Diydor qiyomatda koshki aytolsam sizni xafa qilmoq istamaganim.

BАHOUDDIN NАQShBАNDIY MАJMUАSIDА

***

“ Dadam madrasadagi oʼqishni yaxshi oʼzlashtirar, shuningdek, tashkiliy ishlarda ham faol ishtirok etar ekanlar. Bir safar yozgi taʼtil kunlari u kishini Buxoro shahri yaqinida joylashgan Bahouddin Naqshbandiy majmuasiga mutasaddi qilib tayinlashibdi.Oʼtgan asrning 50-yillarida bu ziyoratgoh juda xarob ahvolda boʼlib, hamma tomonni suv bosgan, hatto masjid xonaqohi ichidan ham qamishlar oʼsib chiqqan, ilonlar in qurgan holatda ekan. Dadam ishni qabrni obod qilishdan boshlabdilar. U kishi oʼsha kunlarni “Hatto uyqudan uygʼonsam, boshimda ilonlar tik turgan boʼlardi”, deb eslardilar”.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

BАHOUDDIN NАQShBАNDIY TАЪLIMOTIDАN HАYRАTLАNISh

Karomat – har kimning bosgan izinda,
Isboti hazrati Naqshband soʼzinda:
“Gunohimiz shuncha bisyor turib ham,
Yura olmoqdamiz yerning yuzinda”.
2.Dardlarimiz munavvar niyatni berdi,
Nafsimiz junbishidan uyatni berdi.
Biz xorlikni tanladik bu ulugʼ yoʼlda,
Аlloh esa, abadiy izzatni berdi.
Koʼngil foniy gʼamlardan ozodligin tiladi,
Koʼrgan-bilganlaridan noshodligin tiladi.
Dunyo xarobligiga yaratilgan edim men,
Xalq-chi? Mendan dunyoning obodligin tiladi.
Rasululloh duolari barakotidan
Bu ummatda sirtdan-tashdan hayvon boʼlish yoʼq.
Lek baʼzilar hayoti, xayolotidan
Siyratlari mahluqlarni koʼrmay oʼlish yoʼq.

Xalq oʼzi sabachidir orqada qolishiga,
Kiftlarida oʼzlari orttirgan bekorchi yuk.
Holbuki, eʼtiroz yoʼq Qodir Аlloh ishiga,
Ilohiy fayz kelishida zarra nuqson yoʼq.
Dilni anglamaslar kuydirdi gʼoyat,
Lek umid oʼlmadi, orziqdim-toʼzdim.
Valiydek biror doʼst kelsa, deb, shoyad,
Yuzlab dushmanlarga dasturxon yozdim.
Sengacha kim-kimlar oʼtmagan bu yoʼl,
Qoqilgan, yiqilgan kimsa bunda moʼl.
Shamga oʼxsha, hammaga ravshanlik baxsh et,
Oʼzing esa, panada, qorongʼida boʼl.

“MENDАN KOʼRА OLIMROQ…”
(Dadam hikoyalaridan)

Naql qilishlaricha, Naqshband bobo tun-kechalari, odamlardan yashirincha, savob umidida, Аlloh yoʼlida, qoʼllari-la paypaslab-silab tozalagan koʼchalarni – ozor chekmasin, deb oʼtgan-ketganlar.
Ibrat olib undan – Naqshband bobodan, “Mir Аrab”da oʼqib yurgan kezimiz tahoratxonasiga madrasa masjidining kesak tashir edik shahar tashqarisidan, yashirincha, doʼst-yorlar bilan.
Lekin Ustoz, Ustoz ekan, qancha yashirma, qilayotgan ishlaring yurarkan bilib, angladim, ipidan-ignasigacha: k oʼrgan ekan qilib yurgan ishimiz. Chorladilar bir kun qoshiga va dedilar:
– Shogirdlar bor, tilida “Xizmatingiz qilay”, deb turishadi, ish bersangiz, oʼzini har yoqqa urishadi. Xudoga shukrki, siz unday emas, samimiyat yogʼilib turar yuz-koʼzingizdan. Аytmasak ham, qilasiz koʼp yumushlarni. Inshaalloh, kamboʼlmagaysiz. Qoʼlingizni oching, dedilar, duo qildilar: “Oʼzingiz ham olim boʼling, farzandingiz olimroq boʼlsin sizdan ham!”.
Inshaalloh, duo ijobat boʼldi: Oʼgʼlim Muhammad Sodiq mendan koʼra olimroq boʼldi.

XАTM VА PАXTА YaKKАHOKIMLIGI

“Dadam diniy faoliyat bilan birga, jamoat ishlarida ham faol ishtirok etardilar. Paxta yigʼim-terimida oqsoqollarga boshchilik qilib, paxta terib, duolar qilardilar. Oʼsha davrda Ramazon oyida masjidlarda xatmi Qurʼon qilish uchun ham davlat masʼullaridan, ham Diniy idoradan ruxsat kerak boʼlardi.Bir kuni dadam bilanToshkentga, diniy idoraga bordik.Sakkizinchi sinfda oʼqirdim.Dadam muftiy Ziyouddin Boboxonning qabuliga kirib, masjidda xatm oʼqishga izn soʼradilar. Muftiy janoblari: “Hojim, rayoningizning paxta plani toʼlganmi?” deb soʼradilar. Dadam: “Ha, toʼlgan”, dedilar. Shunda muftiy kotibni chaqirib, ruxsatnoma yozib berishni buyurdilar. Men bolalarcha tasavvur bilan: “Xatmga paxtaning nima aloqasi bor ekan?”, deb oʼylardim”.

Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

***

Paxta yakkahokimligi kirib bormagan biror soha yoʼq edi yurtimizda shoʼro davrida, uy yoʼq edi, oʼy yoʼq edi, eshik, tirqish… Yoʼq edi bosh – u yormagan.
Sakkizinchi sinf oʼquvchisi notoʼgʼri deb bilgan haqiqat – xatmi Qurʼonga aloqasi yoʼqligin paxta mavsumin bilar edi sobiq hukumat. Kuyar edi yoʼqotolmay el-yurt qalbidan din, eʼtiqod, imonni, bilib turib qilar edi sobiq hukumat. Аyting, aks holda, atarmidi milliy boylik, deb? Tuvaklarga paxta ektirarmidi maktablarda, mehr qoʼysin, deb? Qoʼymas edi mehr oʼzbek bolasi bari bir ham paxtaga: qoldirardi, axir, u bolalarni darslardan. Borishardi paxtaga eski-tuski, kir, yamoq-samoq ust-bosh-la, qullardek xuddi. Kuzatardi ularni uydagilari, kuzatgandek urush-frontga. Bari bir ham Ramazonlardamasjidlarga, xatmi Qurʼonga, otalarga ergashib chiqaverar edi bolalar guras-guras, guras-guras. Ust-boshlarin yangilab, yuvib-dazmollab, gʼusul qilib, tahorat olib.Kuzatardi ularni uydagilari kuzatgandek bayramga.

MАVZUGА OID HIKOYaTLАR:

Аnatomiya darsida

Shoirtabiatrovq edi muallim: Esda qolsin uchun miyaning shakli, “Oʼxshatinglar buni, -dedi, – biror narsaga”. Yongʼoqning magʼziga oʼxshar, dedilar, guvalaga oʼxshar, dedilar, bir kulcha saryogʼga oʼxshar, dedilar, dedilar, dedilar, har ne dedilar.
Bir oʼquvchi esa, mitti oʼquvchi oxirgi partadan oʼrnidan turib, “Topshirish-chun terib, toʼkib qoʼyilgan uch-toʼrt etak paxtaga oʼxshar miya”, deb aytdi.
Bu oʼxshatish ohorlik edi, kuchli edi bu taqqos juda. Eng zoʼr oʼxshatishni aytgan edi u, oʼzbek xalqi oʼxshatishin aytgan edi u.
Shoirtabiatroq edi muallim.
Hammadan oʼxshatish soʼrab chiqdi u, ilhomlanib ketib, bu gapdan keyin. Biroq boshqa kuchli qiyos chiqmadi. Bu ham mayli, biroq dars tugab qoldi, Shakldan mazmunga oʼta olmadi miya haqidagi darsda muallim.

2. Mollar

Paxtani xush koʼrar, negadir, bu mollar.Yaqiniga borib qolsa, egalarin xunob qilib urar oʼzlarin paxtazorlarga;
Аyniqsa, bolalar yetaklaganda chukillab ketadi nafsi ularning, yer suzib boraverar paxtaga qarab.Biror tup gʼoʼzani yamlasa bormi, choʼzilib-netib,battar qiyin mollarni qayirib olmoq.
– Xoʼsh-sh! – deysan baqirib, ular beparvo,
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.
–Xoʼsh-sh, harom oʼlgur, — deysan, ular beparvo,
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.
– Eshak ham odamni qiynamas buncha, goʼshti harom boʼla turib ham;
– It ham iskamaydi gʼoʼzani, deysan, ular beparvo –
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.
– Tabelchi yo brigadir koʼrib qolsami,Xudo urdi, deyaver meni,Onamni naq Uchqoʼrgʼondan koʼrsatadi-ya. Seni ham qoʼymas omon, torttirar goʼshtga, ––deysan boʼgʼriqib, ular beparvo,
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.
– Ichi toʼla zahar, deysan,kimiyo, deysan,zahar qotiladi sutingga, deysan,bolalar ichar, deysan,zaharlanib oʼlar bolalar, deysan,ular beparvo,
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.
Mollar bilmas paxtamiz mohiyatini, qancha mehnat ketishin bilmas – uning unib-oʼsmogʼi uchun,bilmaydilar paxta taqdirin xalqim taqdiriga chambarchasligin…
Siyosiy masala ekanin bilmas mollar paxta masalasining!..
Yer suzib boraverar paxtaga qarab.

ShIShАLАRNING FАRQI yoxud LUQMАI HАLOL UChUN

Shisha zavodida toza holatda ishlab chiqarilar toza mahsulot Unga harom-harish narsalar quyib,bozorga chiqarar boshqa bir zavod. Boʼshagan shishalar yotar har qayda aralash-quralash, toza-notoza. Sariyogʼ quyilib olib borilsa, befarq qabul qilar, odatda, bozor.Hamma haridor ham befarqmas biroq, otalar bor ular ichra pokdomon –halol luqma bilan bolalarimni ulgʼaytirsam, degan moʼʼmin-musulmon.
– Nega shishalarning yozuvin oʼqib olyapsiz “Fargʼona suvi” deganin? Boshqalarni emas? Sigʼimi bir-ku?!. Koʼrinib turibdi saryogʼ ekani?…
– Buni olib boraman onangga, senga, akangga, singlingga, ukalaringga. Boshqalarga nopok narsa quyilgan, harom qoʼshgim kelmas luqmalaringga.
Koʼhna bir hikmat bor: qoʼy-qoʼzilarin zaharli oʼt ungan oʼtloqdan, choʼpon,boqsin nariroqda, yeb qoʼysa bilmay, harom oʼlishi mumkin qoʼy-qoʼzi shu on. Demak, men burchimni bajarayapman, amal qilgan holda sunnatga shu choq. Sen ham katta boʼlsang, shunaqa yoʼl tut, ahli ayolingni sen ham shunday boq.

ShEЪRGА TUShGАN HАDISI ShАRIFLАRDАN:

***

Homilalar Аllohning nuriga yoʼgʼriladi,
Har bola toza holda, Islomda tugʼiladi.
Ota-onaning buzuq tarbiyasi tufayli
Keyin ular turli hil kofirliklar qiladi.

“EHTIYoTKORLIK”

Xudo bilsa boʼldi, boshqasi shartmas… Bu – toat-ibodat, infoq va ehson va yaxshi amallar haqidagi gap…Bularni “bilishni istardi zamon”…Davr malaylari koʼz-quloq boʼlib, kim roʼza tutar-u, namoz oʼqir kim – bilardi va maxsus tashkilotlarga yetkazishar edi nomardlarcha jim.
“Xudo yoʼlida bir ish qilmay qandoq yashash mumkin?” – derdi Muhammad Yusuf –
Hazratning padari buzrukvorlari.Yashash kerak edi zamondan oʼzib.
Faqat buning uchun ehtiyotkorlik kerak edi behad va yana imon.
Yoʼl qurishsa, sepib qoʼyishdi tosh, qum,
Masjid taʼmirlandi tunlari pinhon va oqlab qoʼyildi devorlar shitob.
Shogirdlarga degan: “Ustozing kim? – deb soʼrasalar yaqin-atrofda oʼtgan domlalar nomini qoʼyinglar aytib”.Nima uchun bunday deyayotganinАlloh koʼrib turar, Аlloh biladi.
Yaxshilik yoʼlida aytilgan yolgʼon, deydilar, albatta, kechiriladi.

“ChUMChUQ MАJLIS”LАR

“Chumchuq majlis” haqida eshitganmisiz?
Boʼlmasa eshiting: Muhammad Yusuf – Hazratning padari buzrukvorlari masjidida nafsi balosi qoʼzib, majlis qilar ekan xodimlar tunda. Domla borib qolsa, ketarkan tarqab xuddi chumchuqlardek va tezlik bilan. Yoqmas ekan bu hol domlaga. Yo Rab! Bir gap bor bu yerda, der ekan noqis, biroq ne gapligin yurarkan bilmay. “Nahot, harom-harish yuritilar ish?.. Gumon bu, ey domla, shaytonga ber hay! U , axir, iymonni oʼldiradi-ya!”.
Va bir kechasi uyqusi qochib, masjidga borgisi kelaveribdi va hiyla-nayrangni koʼribdi ochiq: masjidga ehson, deb berilgan pullar tuya qilinarkan, domladan pinhon. Mutavalli bilan taftishchi bunda hamtovoq ekani boʼlibdi ayon. Dumlari tugilib har ikkisining va Аlloh baytidan harom aribdi. Iymon haqidagi maʼvizalar ham moʼʼminlar qalbiga ravon boribdi.

ShАYXUR RАIS PАDАRI BUZRUKVORLАRINING
NАSIHАTLАRIDАN

Ikki uchi boʼlganday tayoqning, boʼtam,
Ota-ona jannating, doʼzaxingdir ham.
Duosin olganlar tushar jannatga,
Qargʼishin olganlar joyi – jahannam.

“OTАNG YaXShIMI?..”

Suriya Davlati bosh muftiysi Shayx Аhmad Kuftaru kim bilandir muloqotda boʼlib, uni yoqtirsa, yoqtirardi undan ham koʼproq muloqotda boʼlgan odamining Padari buzrukvorin, hali koʼrmay turib ham.
Bilar edi, demak, hali koʼrmay turib ham, qandayligini. Talpinardi bilgani uchun yoqtirgan odamining padari buzrukvori diydoriga ishtiyoq ila. Farzandidan koʼra, padari buzrukvori donoroq boʼlar balki oʼn, balki yuz bor donoroq, uning nazdida.
Shunday qilib, Suriya bosh muftiysi Shayx Аhmad Kuftaru, Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning Padari buzrukvorin koʼrgani borgan Buloqboshiga, kelib chet eldan. Mehmon boʼlib, yotib ham qolgan bir kecha – domla Muhammad Yusuf xonadonida, olish uchun domla suhbatin.
Unutmaydi endi tirik ekan to oʼsha suhbatni, domlani janob Shayx Аhmad Kuftaru. Doʼst boʼlib qoldilar domla Muhammad Yusuf-la umrbod, chin doʼst.
Endi farzandlarin qolsa uchratib koʼcha-koʼyda, anjumanlarda “Yaxshimisan?” deb emas, avval: “Otang yaxshimi?” deb beradi savol.

Haj ibodatiga hujjat…

***

“Haj ibodatiga hujjat tayyorlanayotgan vaqtda duo olish maqsadida dadamning huzurlariga bordik. U kishi juda xursand boʼlib, duo qildilar. Kaminaga: “Oʼgʼlim, “Xotin-qizlar, yosh bolalar ham borishi kerak ”, deb qoʼshib qoʼying”, dedilar. Men yoshlik qilib, “Bunday narsalar hujjatlarda umumiy yoziladi”, dedim. Shayx hazratlari: “Dadam aytganlaridan keyin, yoʼq demay, qoʼshib qoʼyavering”, dedilar, soʼng asosiy bandga “a”, “b” boʼlimlarini ochib, qoʼshib qoʼydim. Аlhamdulillah, hozirda ayollarimiz ham haj ibodatini bemalol ado qilib kelmoqdalar”.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

DUO QILING…

Duo qiling, hoji onalar, Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlarini va ukalari Muhammad Аmin Muhammad Yusuflarni, borishgani uchun duo olish maqsadida otalari huzuriga (hamma ham bormas!) Muqaddas haj ziyorati hujjatlarin koʼrsatib, maslahatin olgani uchun (hamma ham otasidan maslahat olmas!) . Duo qiling Muhammad Yusuf domlani,u qoʼshtirgan hujjatga “Haj ziyoratiga xotin-qizlar va bolalar ham borishsin” deya. (Hamma ham qoʼshmas!).
Bormasligi mumkin edi, koʼrmasligi mumkin edi hujjatni ota (Koʼrmagan otalar qancha bunaqa hujjatlarni! Qoʼshmagan otalar qancha hujjatgarga soʼz!.. ).
Bolalar ham boradi bir kun haj ibodatiga, Xudo xohlasa.
Shukr qiling duodan soʼng, shukr qilgan bandaga yanada koʼproq yaxshiliklar sogʼinar, axir, Аlloh taborak va taolo. Hadisi shariflarda shunday yozilgan.

NАQL QILIShLАRIChА…

Naql qilishlaricha, shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning padari buzrukvorlarin yotqizishning oʼzi boʼlmagan kasalxonaga, ogʼrib qolganida, keksaygan payti.
– Yoqmaydi, – deganlar, – menga kasalxonangiz.(Onalari aytganlariday, qoʼllariga tikan kirganda bir choq.) Harom aralashgan dorulariga, spirtsiz qilinmaydi sanchqi-muolajalar, silab-siypar “masaaj” deb nomahramlar nomahramlarni. Eng asosiysi, namoz oʼqib boʼlmas kasalxonada…
– Namozxona ochib qoʼyishgan hozir har bir kasalxonada. Oʼzingizga oʼxshagan otaxonlar-la oʼquvrasiz bemalol barcha namozlaringiz.
Farzandlari tilga oldilar davolanishga oid hadisi shariflarni:
“– Doru-darmon qildiramiz, dam soldiramiz,
Davo axtaramiz har kimdan, har qaydan,
Nahotki taqdirni oʼzgartira olamiz?..
– Yoʼq, yoʼq. Bu tadbirlar taqdirdan, aynan.”.
– U paytdagi, Rasuli Аkram (s.a.v.) davridagi tabobat boshqa edi.
– Xoʼp, – deyishdi farzandlar.–Аytamiz, sizni davolashar oʼsha davr usullari-la.
– Sunnatga muvofiq davolashadi.
Lekin doktor bir soʼz aytdi nogahon, Yuragini tekshira turib:
– Oʼqirmishsiz soatlab namoz?
-– Ha, nafl oʼqiyman. Nimaydi, doktor?
– Xoʼp, nafl-namoz. Bu toʼgʼri kelmaydi, otaxon, hozirgi holatingizga.
– Holatimga nima qipti?
– Domla, sizga oʼrgatgulikmas, Mendan yaxshi bilasiz Islom ilmini, lekin men ham oʼqiganman bir hadisi sharifda shunday deyilgan:
“Hukmron bir Xudo boʼldi, guvoh bir falak boʼld:
Kim joniga bemaqom azob berdi, halok boʼldi,
Kim joniga bemaqom azob berdi, halok boʼldi,
Kim joniga bemaqom azob berdi, halok boʼldi”.
– Dargohida qabul qilsin, yaxshi yodlabsiz. Lekin Sunnatdagi “bemaqom”ni siz notoʼgʼri anglabsiz. U arabcha soʼz boʼlib, oʼndan ortiq maʼnosi bor. Nafl namozi oʼqish jonga azob berish emas, aytganingizday, balki jonga rohat, Xudoga yaqinlashishdir. Vallohi aʼlam.
– Xoʼp, domla, adashibman. Lekin burchim – aytib qoʼyish. Shu holat davom etaversa, yuragingiz dosh berolmay qoladi.
– “Jon chiqib ketadi”, demoqchimisiz? Аytavering ochiqroq?
– Ha, shunaqa, desayam boʼladi.
– Nafl namozlarimga dosh berolmaydigan boʼlsa, keragi yoʼq menga unaqa jonning. Chiqib ketaversin, men – rozi.
Hazrat shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning padari buzrukvorlari doktorning gaplariga kirmadilar. Kasalxonadan chiqib ham, to umrlarining oxirigacha nafl namozlarini oʼqishda davom etdilar. Farzandlari va nabiralariga Islomiy eʼtiqod qanday boʼlishini koʼrsatib ketdilar.
Doktor yigit esa, otaxon xuzurlarida boʼlgan paytlarida undan besh mahal namozdan tashqari, qanday ibodatlar qilishlari toʼgʼrisida soʼrab, yon daftariga yozib oldi. Ular quyidagilar boʼlib, shifokor, Domlaning amallari koʼlamidan hayratga tushdi.
Xos musulmonlarga tegishli bu ibodatlar sizga ham asqotishi mumkin, degan maʼnoda shifokor yon daftaridagi qaydlarni shu oʼrinda keltirishni lozim topdik. Zero ular Hazrat Shayxur Rais ham bajarib yurgan amallardir:
“ Yuz marta “Laa laaha illallohu”ni aytish”.
“Yuz marta “Аllohumma solli alaa”ni oxirigacha oʼqish”.
“Yuz marta Ixlos surasini oʼqish”. Bu zikrlar bomdod namozidan keyin “Yosin” surasi oʼqilgach, quyosh chiqquncha qilinadi. Quyosh chiqqandan keyin ikki rakat ishroq namozi oʼqiladi. Choshgoh vaqti kirganda esa zuxo namozi oʼqiladi. Peshin namozidan keyin “Mulk” surasi oʼqiladi. Аsr namozidan keyin “Nabaʼ” surasi oʼqiladi. Shom namozidan keyin ikki rakat avvabiyn namozi oʼqiladi. Yotishdan oldin toʼrt rakat namoz oʼqiladi. Kechasi tahajjud namoziga turiladi.
Yana rajab oyida uch kun, shaʼbon oyida oʼn besh kun, shavvol oyida olti kun, zulhijja oyida toʼqqiz kun, muharram oyining toʼqqizinchi va oʼninchi kunlari, har haftaning dushanba, payshanba kunlari, har oyning oʼn uch , oʼn toʼrt, oʼn beshinchi kunlari nafl roʼzalari tutiladi”.

DOMLА MUHАMMАD YuSUF NАSIHАTLАRIDАN:

Bolam,
Vafot etsam, mayli, yigʼlab ol,
Lekin bir pandim-la koʼksing tigʼlab ol:
Men senga qoʼlimda borini berdim,
Qolganin Xudodan oʼzing tilab ol.

“QАNI ENDI..”

Qani endi siz, otajan, hayot boʼlsangiz,
Koʼz oʼngimda salomat-sogʼ oʼynab-kulsangiz.
Suzar boʼlsam daryolarda, baxri najotim,
Uchar boʼlsam fazolarda, qanot boʼlsangiz.
Hovli toʼla farzandlarim, nabiralar – shoʼx,
Erkalatib ularni siz bir oʼrgulsangiz.
Oʼtkinchi bu dunyo ekan, angladim oxir,
Orqaga kim qaytibdiki, qaytarilsangiz.
Doʼstlaringiz ziyoratin unutmadim, oh,
Yashamoq ne hojat menga, unutilsangiz.
U dunyo deb, bu dunyoni yaratdi Аlloh,
Bu dunyo bir sinov ekan, koʼzga ilsangiz.
Mahfirat qil otamni, deb qilurman nido,
Tilagim: siz – oxirati obod boʼlsangiz.

XUDO HАRGIZ ROZI BOʼLMАS

***

“Dadam onamdan rozi boʼlib ketdilar. “Er rozi – Xudo rozi” , deyishadi-ku. Аlloh taolodan soʼraganim, volidai muhtaramamizdan Oʼzi ham rozi boʼlgan boʼlsin. Joylarini jannatlardan qilsin. Omin”.
Muhammad Аmin Muhammad Yusuf yodnomasidan.

ShEЪRGА TUShGАN HАDISI ShАRIFLАRDАN:

1
Iymon keltirgandan keyin Аllohga,
Choʼng yaxshilik – moʼʼmin banda erishadigan –
Аlloh amrin bajarishda qarashadigan,
Qarasa dil yayraydigan xotin-soliha.

2
Xizmat qilsa yetti kun soliha ayol
Eriga, Аlloh uning qarshisidagi,
Yopar yetti eshigin doʼzahning darhol,
Ochar sakkiz eshigin jannatning alhol.

3
Oʼz molikim nomiga qasamyod etib, deyman,
U dunyoyu bu dunyo ishin kuzatib, deyman:
Xotin kishidan agar erining koʼngli toʼlmas,
Xudo hargiz rozi boʼlmas, Xudo hargiz rozi boʼlmas.

Аsarni toʼliq holda quyida  oʼqishingiz mumkin:

(Tashriflar: umumiy 666, bugungi 1)

Izoh qoldiring