Qur’onda Rasul (s.a.v.) vasfi.

04  Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг мисолим шуки, худди бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганда эди», дейдилар, мен набийлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман».

ҚУРЪОНДА РАСУЛ (с.а.в) ВАСФИ
(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
“Тафсири Ҳилол” асаридан)

08

09“Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Ким орқасига қайтса,Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмайди ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлайди” (Оли Имрон, 144-оят)

Уҳуд жангида камончилар ўз жойларини тарк этгач, мусулмонларнинг мушриклар қуршовида қолган қисми жуда оғир ҳолатга тушиб қолишди. Шу пайт мушриклардан Ибн Қамъа исмли одам зарб билан Набий алайҳиссаломнинг бошларини ёрди ва мушриклар ҳузурига бориб: «Муҳаммадни ўлдирдим!» деб қичқирди. Жанг майдонида «Муҳаммад ўлибди», «Расулуллоҳ ўлибди» деган гап яшин тезлигида тарқалди. Бу хабарни эшитган мусулмонларда тушкунлик ва заифлик пайдо бўлди. Улар дуч келган томонга тумтарақай қоча бошлашди. Фақат Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг оз сонли кишилар билан собит туришларигина катта фалокатнинг олдини олди. «Расуллуллоҳ ўлди» деган хабар мусулмонларни ҳаддан ташқари умидсизлантириб юборди. Ҳаттоки Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо каби улкан саҳобийлар ҳам бу машъум хабардан кейин умидсиз бўлиб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан биргаликда жангни тўхтатиб, ўтириб қолишди. Ушбу оят мусулмонларнинг бу тасаввурлари нотўғри эканини баён қилиб, уларга ибратли дарс бермоқда: «Муҳаммад ҳам бир Расул, холос». Яъни Сизларга йўлбошчи бўлиб юрган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби бир пайғамбардир, холос.

«Ундан олдин ҳам расуллар ўтган».
Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўша ўтган пайғамбарлар силсиласидан бир ҳалқадир. Аллоҳ Ўз динини бандаларига етказиш учун Одам Атодан буён ҳар замон ва ҳар қавмнинг хусусиятларига қараб улар ичидан пайғамбарлар танлаб, уларга ваҳий юбориб турган. Инсоният тарихи давомида кўплаб пайғамбарлар келиб-кетган.

«Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?!»
Муҳаммаднинг ўлими сизларни Аллоҳнинг динидан қайтарадими?!  Сиз эътиқод қилаётган дин Муҳаммаднинг дини эмас-ку, балки Аллоҳнинг дини-ку! Аллоҳнинг динига хизмат қилиш учун қанчадан-қанча пайғамбарлар келиб-кетганлар. Ислом дини бир кишининг ҳаётига боғлиқ эмас, балки у қиёмат қоим булгунча қоладиган диндир. Агар дин бир кишининг, ҳатто Муҳаммад алайҳиссалом каби улкан ва комил инсоннинг ҳаётига боғлиқ бўладиган бўлса, унинг абадийлиги қолмас эди. Демак, унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганингиздан сўнг тушкунликка тушиб, қочиб қолишингиз нотўғридир.

«Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмайди».
Ҳаммангиз қайтиб кетсангиз ҳам, Аллоҳга ҳеч зарар етмайди. Балки ким орқага қайтса, ўшанинг зарарини ўзи тортади. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улкан неъматдир. Ким бу неъматга эришишда ҳидоят топса, икки дунёнинг бахтига муяссар  бўлади.

«Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлайди».
Ким Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради.

Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб келган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Набий алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбага қарашга  одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларининг масъул эканларини сезсинлар.

Шу билан бирга, бу ҳодиса ва оят Набий алайҳиссаломнинг вафотларига тайёргарлик, мусулмонлар бошига бир куни шундай мусибат тушганда довдираб қолмасликлари учун сабоқ, дарс эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. У киши вафот этганларида ҳеч кимнинг ишонгиси келмади. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини чиқариб: «Ким «Муҳаммад ўлди», деса, бошини узаман!» деб ҳовлида айланиб юрдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ҳақиқатни тушуниб етдилар. Бу вақтда у киши шаҳардан ташқарига чиққан эдилар.

Хабарни эшитиб, тезда етиб келдилар. Ҳужраи Саодатга кириб, Пайғамбар алайҳиссолату вассаломни ўпдилар-да:
«Тириклигингизда ҳам пок эдингиз, ўликлигингизда ҳам поксиз, дедилар. Сўнгра ташқарига чиқиб, баланд овоз билан: “Эй одамлар! Ким Муҳаммадга сиғинаётган бўлса, Муҳаммад вафот этди! Аммо ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса, Аллоҳ тирик ва ўлмайди!» дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ана ўшандагина мусулмонлар ўзларига келиб, ҳушёр тортдилар.

“Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир” (Аҳзоб, 40).

Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйланганлари учун «Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди», деб бўҳтон қилманглар. Чунки «Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас». Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шурҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри билан, жоҳилият ҳукмларидан бирини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат орқали шу одатни йўқ қилиш  учун бўлган эди. Зайд ҳеч қачон у зотга ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. У зот эса ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.

«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир».
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳамма учун юборган Расулидир. У зот пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир пайғамбар келмас.

«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир».
У ҳамма нарсани ана шу ўта билиши асосида тасарруф қилади. Ушбу масалада ҳам ана шу билими билан тасарруф қилди. Эҳтимол, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмагани ҳам ҳикматлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо  уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Мория Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадижа онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан уч нафари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтган. Фақат Фотима онамизгина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин вафот этганлар. Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг  ҳикматидандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Расул ҳам, Набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга хилоф  эътиқод қилса, кофир бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг мисолим шуки, худди бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганда эди», дейдилар, мен набийлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман»; Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен Аллоҳнинг наздида набийларнинг сўнггисидирман», деганлар.

“Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки, у Роббларидан келган ҳақдир – иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилайди” (Муҳаммад, 2).

Иймон ҳақиқий бўлса, эгасини солиҳ амалларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони каримда кўпинча «иймон»дан кейин «амали солиҳ» зикр этилади.

«Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган…»
Аслида, иймоннинг ичида Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримга иймон ҳам бор, лекин бу ерда Қуръон Парвардигор томонидан келган ҳақ нарса эканини яна бир бор бўрттириб кўрсатиш учун алоҳида таъкидланяпти.

«…ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки,у Роббларидан келган ҳақдир…»
Агар улар айб ёки гуноҳ ишларни иймонга келишдан аввал содир этган бўлсалар, иймонга келишнинг ўзи иймондан олдинги барча гуноҳларни ювиб юборади. Иймондан кейин содир этилган бўлса, ҳақиқий иймон гуноҳкорни тавбага чорлайди.

Тавба қилган иймонли бандасининг гуноҳини эса Аллоҳ таоло албатта мағфират қилади.

«…иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилайди».
Аллоҳ таоло иймонли кишиларнинг «аҳволларини яхшилайди». Яъни иймонли инсоннинг ҳамма тарафдан кўнгли тўқ бўлади. Бундай инсон хотиржам, қалби сокин, тани соғ, ишончи комил, виждони пок, ҳаёти тинч, оиласи саодатли бўлади. Хуллас, Аллоҳ таоло ҳамма жиҳатдан унинг аҳволини яхшилайди. Бу эса улкан бахт бўлиб, бундай бахтга фақат иймонли кишиларгина муяссар бўладилар.

“Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар.  Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир. Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир. Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар – улар билан кофирларни ғазаблантириш учун. Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди” (Фатҳ, 29).

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг Расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир…»
Маълумки, мушрик ва кофирлар бу сифатларни инкор қилган эдилар. Уларнинг вакили Суҳайл ибн Амр, мазкур сура тафсирининг аввалида айтилганидек, Набий алайҳиссалом сулҳ матнини имло қилаётганларида, матндан «Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб туриб олган, «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда бу ишларни қилмас эдик» деган маънода гап қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда.

Мўмин-мусулмонларнинг яхши сифатлари кўп, аммо ушбу оятда уларнинг вакиллари бўлмиш саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:

«…у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли,ўзаро раҳмдилдирлар».
Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар ўзларининг оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлса, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга нисбатан меҳрибон бўлишган.

«Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан».
Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир.  Лекин, шундай бўлса ҳам,оятда  банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.

«Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар».
Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли  ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб, Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.

Яна бир сифатлари: «Юзларидаги аломатлари сажда асаридир». Яъни ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади.

Пайғамбаримиздан қилинган ривоятлардан бирида:«Кимнинг тунда намози кўпайса, кундузи юзи чиройли бўлади», дейилган. Саҳобаи киромлар бу борада ҳаммага ўрнак бўлишган.

«Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир».
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, саҳобаи киромларнинг сифатлари аввалги илоҳий китоблар – Таврот ва Инжилда ҳам зикр қилинган. Маълумки, ҳозирда яҳудийларнинг қўлларидаги Таврот Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан нозил қилиинган ҳақиқий Таврот эмас, балки бузилиб, ростидан ёлғони, тўғрисидан нотўғриси кўп ҳолатга келган бир китобдир. Инжил ҳақида ҳам худди шу нарсани айтиш мумкин. Шундай бўлса-да,уламоларимиз бу икки китобнинг ҳозирги нусхаларидан ҳам мазкур ояти каримани тасдиқловчи матнларни топишган.

Биз ўрганаётган ояти каримада эса ҳақиқий, ҳеч бузилмаган илоҳий васф келган, у ҳам бўлса: «Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар…» Ушбу зарбулмасал ила Аллоҳ таоло Ислом динининг бошланиши, ўсиши, улғайишини баён қилмоқда.

Чунки Муҳаммад алайҳиссалом ёлғиз ўзлари бошлаган даъватни саҳобаи киромлар қўллаб-қувватлашди ва шу тарзда, худди қобиғини ёриб чиққан уруғ аста-секин ривожланиб, деҳқоннинг кўзини қувонтирадиган ўсимликка айлангани сингари, Ислом ҳам Пайғамбаримиз бошчиликларидаги саҳобалар жамиятида ўсиб, кўзни қувонтириб борди.

Лекин бу ҳолат кофирларнинг ғазабини қўзғатар эди.Шунинг учун ҳам ояти каримада «…улар билан кофирларни ғазаблантириш учун» деган ибора келди. Ушбу маънодан келиб чиқадики, саҳобалардан ғазаби қўзиган, уларни беҳурмат қилганлар кофирлар қаторига қўшилар экан.

Оятдаги шунчалик иззат-икром устига, Аллоҳ таоло саҳобаи киромларга яна мағфират ва улуғ ажрларни ҳам ваъда қилмоқда:

«Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди». Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У Зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди. Саҳобалар – улуғ инсонлар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларини топишдан ҳам улуғроқ бахт борми дунёда?! Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон саҳобаи киромларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши лозим. Уларга нисбатан беодоблик қилишга ҳеч  кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», деганлар.

Imom Ahmad ibn Hanbal rahmatullohi alayhi Ubay ibn Ka’bdan, u kishi o‘z otalaridan rivoyat qilgan hadisda Nabiy sollallohu alayhi vasallam quyidagilarni aytadilar: “Mening misolim shuki, xuddi bir odam go‘zal va mukammal hovli-joy qurib, undan birgina g‘ishtni qo‘ymay, o‘rnini ochiq qoldirgan, odamlar binoni aylanib ko‘rib, undan ajablanib, so‘ngra: «Agar mana shu yerga ham g‘isht qo‘yilganda edi”, deydilar, men nabiylar ichida o‘sha joyga qo‘yilgan g‘ishtman».

QUR’ONDA RASUL (s.a.v) VASFI
(Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning
“Tafsiri Hilol” asaridan)

08

09“Muhammad ham bir Rasul, xolos. Undan oldin ham rasullar o‘tgan. Agar u o‘lsa yoki qatl qilinsa, orqangizga qaytasizmi?! Kim orqasiga qaytsa,Allohga hech qanday zarar keltira olmaydi va Alloh shukr qiluvchilarni albatta mukofotlaydi” (Oli Imron, 144-oyat)

Uhud jangida kamonchilar o‘z joylarini tark etgach, musulmonlarning mushriklar qurshovida qolgan qismi juda og‘ir holatga tushib qolishdi. Shu payt mushriklardan Ibn Qam’a ismli odam zarb bilan Nabiy alayhissalomning boshlarini yordi va mushriklar huzuriga borib: “Muhammadni o‘ldirdim!” deb qichqirdi. Jang maydonida “Muhammad o‘libdi”, “Rasululloh o‘libdi” degan gap yashin tezligida tarqaldi. Bu xabarni eshitgan musulmonlarda tushkunlik va zaiflik paydo bo‘ldi. Ular duch kelgan tomonga tumtaraqay qocha boshlashdi. Faqat Rasululloh alayhissolatu vassalomning oz sonli kishilar bilan sobit turishlarigina katta falokatning oldini oldi. “Rasullulloh o‘ldi” degan xabar musulmonlarni haddan tashqari umidsizlantirib yubordi. Hattoki Umar ibn Xattob va Tolha ibn Ubaydulloh roziyallohu anhumo kabi ulkan sahobiylar ham bu mash’um xabardan keyin umidsiz bo‘lib, bir guruh muhojir va ansoriylar bilan birgalikda jangni to‘xtatib, o‘tirib qolishdi. Ushbu oyat musulmonlarning bu tasavvurlari noto‘g‘ri ekanini bayon qilib, ularga ibratli dars bermoqda: “Muhammad ham bir Rasul, xolos”. Ya’ni Sizlarga yo‘lboshchi bo‘lib yurgan Muhammad alayhissalom ham boshqa payg‘ambarlar kabi bir payg‘ambardir, xolos.

“Undan oldin ham rasullar o‘tgan”.
Muhammad alayhissalom ham o‘sha o‘tgan payg‘ambarlar silsilasidan bir halqadir. Alloh O‘z dinini bandalariga yetkazish uchun Odam Atodan buyon har zamon va har qavmning xususiyatlariga qarab ular ichidan payg‘ambarlar tanlab, ularga vahiy yuborib turgan. Insoniyat tarixi davomida ko‘plab payg‘ambarlar kelib-ketgan.

“Agar u o‘lsa yoki qatl qilinsa, orqangizga qaytasizmi?!”
Muhammadning o‘limi sizlarni Allohning dinidan qaytaradimi?! Siz e’tiqod qilayotgan din Muhammadning dini emas-ku, balki Allohning dini-ku! Allohning diniga xizmat qilish uchun qanchadan-qancha payg‘ambarlar kelib-ketganlar. Islom dini bir kishining hayotiga bog‘liq emas, balki u qiyomat qoim bulguncha qoladigan dindir. Agar din bir kishining, hatto Muhammad alayhissalom kabi ulkan va komil insonning hayotiga bog‘liq bo‘ladigan bo‘lsa, uning abadiyligi qolmas edi. Demak, uning o‘limi haqidagi xabarni eshitganingizdan so‘ng tushkunlikka tushib, qochib qolishingiz noto‘g‘ridir.

“Kim orqasiga qaytsa, Allohga hech qanday zarar keltira olmaydi”.
Hammangiz qaytib ketsangiz ham, Allohga hech zarar yetmaydi. Balki kim orqaga qaytsa, o‘shaning zararini o‘zi tortadi. Islom dini Alloh taolo tomonidan bandalarga berilgan ulkan ne’matdir. Kim bu ne’matga erishishda hidoyat topsa, ikki dunyoning baxtiga muyassar bo‘ladi.

“Va Alloh shukr qiluvchilarni albatta mukofotlaydi”.
Kim Islomning ulug‘ ne’mat ekanini tushunib yetsa, shukr qilsa, ya’ni Islomni o‘ziga hayot yo‘li qilib olib, Allohga bu ne’mat uchun hamdu sano aytsa, Alloh taolo unga mukofot beradi.

Uhud g‘azotida bo‘lib o‘tgan bu hodisa va uning bayoni bo‘lib kelgan ushbu oyat orqali Alloh taolo musulmonlarni Nabiy alayhissalomning shaxslariga ortiqcha yopishishdan qaytarib, asosiy manbaga qarashga odatlantirishni xohlagan. Musulmonlar to‘g‘ridan-to‘g‘ri Allohning O‘ziga murojaat qilishni o‘rgansinlar. Ular Allohning oldida o‘zlarining mas’ul ekanlarini sezsinlar.

Shu bilan birga, bu hodisa va oyat Nabiy alayhissalomning vafotlariga tayyorgarlik, musulmonlar boshiga bir kuni shunday musibat tushganda dovdirab qolmasliklari uchun saboq, dars edi. Haqiqatan ham shunday bo‘ldi. U kishi vafot etganlarida hech kimning ishongisi kelmadi. Hatto Umar ibn Xattob roziyallohu anhu qilichlarini chiqarib: “Kim «Muhammad o‘ldi”, desa, boshini uzaman!» deb hovlida aylanib yurdilar. Faqat Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhu bu haqiqatni tushunib yetdilar. Bu vaqtda u kishi shahardan tashqariga chiqqan edilar.

Xabarni eshitib, tezda yetib keldilar. Hujrai Saodatga kirib, Payg‘ambar alayhissolatu vassalomni o‘pdilar-da:
“Tirikligingizda ham pok edingiz, o‘likligingizda ham poksiz, dedilar. So‘ngra tashqariga chiqib, baland ovoz bilan: “Ey odamlar! Kim Muhammadga sig‘inayotgan bo‘lsa, Muhammad vafot etdi! Ammo kim Allohga sig‘inayotgan bo‘lsa, Alloh tirik va o‘lmaydi!” dedilar va ushbu oyati karimani tilovat qildilar. Ana o‘shandagina musulmonlar o‘zlariga kelib, hushyor tortdilar.

“Muhammad sizlardan bironta erkakning otasi bo‘lgan emas. Lekin Allohning Rasuli va nabiylarning so‘nggisidir. Alloh har bir narsani o‘ta biluvchidir” (Ahzob, 40).

Ey odamlar, Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Zaynabga uylanganlari uchun “Muhammad o‘z o‘g‘lining xotiniga uylandi”, deb bo‘hton qilmanglar. Chunki “Muhammad sizlardan bironta erkakning otasi bo‘lgan emas”. Jumladan, Zaynabni taloq qilgan Zayd ibn Horisaning ham otasi bo‘lgan emas. Zaydning otasi Horisa ibn Shurhabiyldir. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallam Zayd taloq qilgan Zaynabga Allohning amri bilan, johiliyat hukmlaridan birini botil qilish uchun uylandilar. Payg‘ambar sollallohu alayhi vasallamning johiliyat hukmi bo‘yicha Zaydni asrab olishlari ham Alloh iroda etgan hikmat orqali shu odatni yo‘q qilish uchun bo‘lgan edi. Zayd hech qachon u zotga o‘g‘il bo‘lgan emas. Muhammad sollallohu alayhi vasallamga hech kim o‘g‘il bo‘lgan emas. U zot esa hech kimingizga ota bo‘lgan emas.

“Lekin Allohning Rasuli va nabiylarning so‘nggisidir”.
Lekin Muhammad sollallohu alayhi vasallam Allohning hamma uchun yuborgan Rasulidir. U zot payg‘ambarlarning so‘nggisidir, undan keyin hech bir payg‘ambar kelmas.

“Alloh har bir narsani o‘ta biluvchidir”.
U hamma narsani ana shu o‘ta bilishi asosida tasarruf qiladi. Ushbu masalada ham ana shu bilimi bilan tasarruf qildi. Ehtimol, Muhammad sollallohu alayhi vasallamning o‘g‘il farzandlari turmagani ham hikmatlidir.

Rasululloh sollallohu alayhi vasallam Xadija onamizdan Qosim, Toyyib, Tohir ismli o‘g‘illar ko‘rganlar, ammo ularning hammasi kichiklik paytlarida vafot etgan. Moriya Qibtiyadan Ibrohim ismli farzand ko‘rganlar, u emizikli paytida vafot etgan. Xadija onamizdan to‘rtta qizlari bo‘lgan: Zaynab, Ruqayya, Ummu Kulsum va Fotima onamiz. Ulardan uch nafari Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan oldin dunyodan o‘tgan. Faqat Fotima onamizgina u zot sollallohu alayhi vasallamdan olti oy keyin vafot etganlar. Payg‘ambarlarning so‘nggisi bo‘lmish Muhammad sollallohu alayhi vasallamga farzand bobida mazkur holatning joriy qilinishi Alloh taoloning hikmatidandir.

Nabiy sollallohu alayhi vasallamdan so‘ng Rasul ham, Nabiy ham kelmasligi aniq. Kim bunga xilof e’tiqod qilsa, kofir bo‘ladi. Muhammad sollallohu alayhi vasallamning so‘nggi payg‘ambar ekanlarining xabarini bergan ushbu oyati karimani tasdiqlovchi ko‘plab hadisi shariflar ham vorid bo‘lgan.

Imom Ahmad ibn Hanbal rahmatullohi alayhi Ubay ibn Ka’bdan, u kishi o‘z otalaridan rivoyat qilgan hadisda Nabiy sollallohu alayhi vasallam quyidagilarni aytadilar: “Mening misolim shuki, xuddi bir odam go‘zal va mukammal hovli-joy qurib, undan birgina g‘ishtni qo‘ymay, o‘rnini ochiq qoldirgan, odamlar binoni aylanib ko‘rib, undan ajablanib, so‘ngra: «Agar mana shu yerga ham g‘isht qo‘yilganda edi”, deydilar, men nabiylar ichida o‘sha joyga qo‘yilgan g‘ishtman»; Imom Ahmad ibn Hanbal Irboz ibn Soriya roziyallohu anhudan rivoyat qilgan hadisda Nabiy sollallohu alayhi vasallam: “Albatta, men Allohning nazdida nabiylarning so‘nggisidirman”, deganlar.

“Iymon keltirgan, solih amallarni qilgan va Muhammadga nozil qilingan narsaga – holbuki, u Robblaridan kelgan haqdir – iymon keltirganlarning ayblarini berkitadi va ahvollarini yaxshilaydi” (Muhammad, 2).

Iymon haqiqiy bo‘lsa, egasini solih amallarga undaydi, shuning uchun ham Qur’oni karimda ko‘pincha “iymon”dan keyin “amali solih” zikr etiladi.

“Iymon keltirgan, solih amallarni qilgan…”
Aslida, iymonning ichida Muhammad alayhissalomga nozil qilingan Qur’oni karimga iymon ham bor, lekin bu yerda Qur’on Parvardigor tomonidan kelgan haq narsa ekanini yana bir bor bo‘rttirib ko‘rsatish uchun alohida ta’kidlanyapti.

“…va Muhammadga nozil qilingan narsaga – holbuki,u Robblaridan kelgan haqdir…”
Agar ular ayb yoki gunoh ishlarni iymonga kelishdan avval sodir etgan bo‘lsalar, iymonga kelishning o‘zi iymondan oldingi barcha gunohlarni yuvib yuboradi. Iymondan keyin sodir etilgan bo‘lsa, haqiqiy iymon gunohkorni tavbaga chorlaydi.

Tavba qilgan iymonli bandasining gunohini esa Alloh taolo albatta mag‘firat qiladi.

“…iymon keltirganlarning ayblarini berkitadi va ahvollarini yaxshilaydi”.
Alloh taolo iymonli kishilarning “ahvollarini yaxshilaydi”. Ya’ni iymonli insonning hamma tarafdan ko‘ngli to‘q bo‘ladi. Bunday inson xotirjam, qalbi sokin, tani sog‘, ishonchi komil, vijdoni pok, hayoti tinch, oilasi saodatli bo‘ladi. Xullas, Alloh taolo hamma jihatdan uning ahvolini yaxshilaydi. Bu esa ulkan baxt bo‘lib, bunday baxtga faqat iymonli kishilargina muyassar bo‘ladilar.

“Muhammad Allohning Rasulidir, u bilan birga bo‘lganlar kofirlarga shiddatli, o‘zaro rahmdildirlar. Ularni ruku’ va sajda qilgan hollarida ko‘rasan. Allohdan fazl va rozilik tilarlar. Yuzlaridagi alomatlari sajda asaridir. Ularning Tavrotdagi va Injildagi misollari ana shundaydir. Bu xuddi urug‘ini yorib chiqib, quvvatlanib, yo‘g‘onlashib, poyasida tik turib, dehqonlarni ajablantirgan bir ekinga o‘xshar – ular bilan kofirlarni g‘azablantirish uchun. Alloh ulardan iymon keltirgan va solih amallarni qilganlariga mag‘firat va buyuk ajrni va’da qildi” (Fath, 29).

Bu oyati karima Muhammad alayhissalomning Rasullik sifatlarini ta’kidlash bilan boshlanmoqda:

“Muhammad Allohning Rasulidir…”
Ma’lumki, mushrik va kofirlar bu sifatlarni inkor qilgan edilar. Ularning vakili Suhayl ibn Amr, mazkur sura tafsirining avvalida aytilganidek, Nabiy alayhissalom sulh matnini imlo qilayotganlarida, matndan “Allohning Rasuli” degan iborani o‘zgartirishlarini qat’iy talab qilib turib olgan, “Biz sening Allohning Rasuli ekaningni tan olganimizda bu ishlarni qilmas edik” degan ma’noda gap qilgan edi. Oyati karima mushriklarning mana shu qaysarliklariga qaqshatqich zarba bermoqda.

Mo‘min-musulmonlarning yaxshi sifatlari ko‘p, ammo ushbu oyatda ularning vakillari bo‘lmish sahobai kiromlarning ba’zi sifatlari maxsus vasf qilinmoqda:

“…u bilan birga bo‘lganlar kofirlarga shiddatli,o‘zaro rahmdildirlar”.
Sahobai kiromlarning fazllarini zohir etish uchun keltirilgan ushbu sifat har bir mo‘minning ham sifati bo‘lishi lozim. Sahobalar o‘zlarining otalari yoki bolalari kofirlar safida bo‘lsa, ularga qarshi ham qattiqqo‘l bo‘lganlar. Ammo, kim bo‘lishidan qat’i nazar, musulmonga nisbatan mehribon bo‘lishgan.

“Ularni ruku’ va sajda qilgan hollarida ko‘rasan”.
Ular doim ruku’ va sajda holatida, ya’ni ibodat holatida bo‘ladilar. Mo‘min-musulmon shaxsning, xossatan, oyatda madhlari kelayotgan sahobai kiromlarning barcha hayotlari ibodatdan iboratdir. Lekin, shunday bo‘lsa ham,oyatda bandaning Allohga eng yaqin bo‘ladigan payti – ruku’ va sajda paytining zikr qilinishi bejiz emas. Oyati karimadagi tavsifdan ular xuddi doimo ruku’ va sajdada turgandek tasavvur paydo bo‘ladi.

“Allohdan fazl va rozilik tilarlar”.
Ularning asosiy sifatlaridan biri – hamma ishni Allohning fazli va roziligi uchun qilishlari. Boshqa biror taraf yoki shaxsning roziligi deb, Allohning roziligini chetga surmaydilar. Shuning uchun fazlu marhamatni ham faqat yagona Allohning O‘zidan kutadilar.

Yana bir sifatlari: “Yuzlaridagi alomatlari sajda asaridir”. Ya’ni ibodatning asari yuzlaridan bilinib turadi. Bu oddiy haqiqat bo‘lib, ibodatli, pok, taqvodor insonlarning yuzlaridan iymon nuri yog‘ilib turishini har bir mulohazali, ko‘zi ochiq kishi ko‘ra oladi.

Payg‘ambarimizdan qilingan rivoyatlardan birida:“Kimning tunda namozi ko‘paysa, kunduzi yuzi chiroyli bo‘ladi”, deyilgan. Sahobai kiromlar bu borada hammaga o‘rnak bo‘lishgan.

“Ularning Tavrotdagi va Injildagi misollari ana shundaydir”.
Ushbu oyati karimadan ma’lum bo‘ladiki, sahobai kiromlarning sifatlari avvalgi ilohiy kitoblar – Tavrot va Injilda ham zikr qilingan. Ma’lumki, hozirda yahudiylarning qo‘llaridagi Tavrot Muso alayhissalomga Alloh taolodan nozil qiliingan haqiqiy Tavrot emas, balki buzilib, rostidan yolg‘oni, to‘g‘risidan noto‘g‘risi ko‘p holatga kelgan bir kitobdir. Injil haqida ham xuddi shu narsani aytish mumkin. Shunday bo‘lsa-da,ulamolarimiz bu ikki kitobning hozirgi nusxalaridan ham mazkur oyati karimani tasdiqlovchi matnlarni topishgan.

Biz o‘rganayotgan oyati karimada esa haqiqiy, hech buzilmagan ilohiy vasf kelgan, u ham bo‘lsa: “Bu xuddi urug‘ini yorib chiqib, quvvatlanib, yo‘g‘onlashib, poyasida tik turib, dehqonlarni ajablantirgan bir ekinga o‘xshar…” Ushbu zarbulmasal ila Alloh taolo Islom dinining boshlanishi, o‘sishi, ulg‘ayishini bayon qilmoqda.

Chunki Muhammad alayhissalom yolg‘iz o‘zlari boshlagan da’vatni sahobai kiromlar qo‘llab-quvvatlashdi va shu tarzda, xuddi qobig‘ini yorib chiqqan urug‘ asta-sekin rivojlanib, dehqonning ko‘zini quvontiradigan o‘simlikka aylangani singari, Islom ham Payg‘ambarimiz boshchiliklaridagi sahobalar jamiyatida o‘sib, ko‘zni quvontirib bordi.

Lekin bu holat kofirlarning g‘azabini qo‘zg‘atar edi.Shuning uchun ham oyati karimada “…ular bilan kofirlarni g‘azablantirish uchun” degan ibora keldi. Ushbu ma’nodan kelib chiqadiki, sahobalardan g‘azabi qo‘zigan, ularni behurmat qilganlar kofirlar qatoriga qo‘shilar ekan.

Oyatdagi shunchalik izzat-ikrom ustiga, Alloh taolo sahobai kiromlarga yana mag‘firat va ulug‘ ajrlarni ham va’da qilmoqda:

«Alloh ulardan iymon keltirgan va solih amallarni qilganlariga mag‘firat va buyuk ajrni va’da qildi». Albatta, Allohning va’dasi haq, U Zot O‘z va’dasiga aslo xilof qilmaydi. Sahobalar – ulug‘ insonlar. Payg‘ambarimizning suhbatlarini topishdan ham ulug‘roq baxt bormi dunyoda?! Shuning uchun ham har bir musulmon sahobai kiromlarning hurmatlarini o‘rniga qo‘yishi lozim. Ularga nisbatan beodoblik qilishga hech kimning haqqi yo‘q. Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalom hadisi shariflaridan birida: “Sahobalarimni so‘kmanglar, mening nafsim qo‘lida bo‘lgan Zot bilan qasamki, agar birortangiz Uhud tog‘idek oltin nafaqa qilsangiz ham, ularning bittasining bir muddiga (og‘irlik o‘lchovi) to‘g‘ri kelmaydi”, deganlar.

05

(Tashriflar: umumiy 9 258, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring