Xoja Ahrori Valiy aytur erdilarkim…& Tabarruk risolalar & Xo’ja Ahror hayoti va faoliyati

Ashampoo_Snap_2017.02.26_22h55m23s_004_a.png   Айтур эрдиларким: подшоҳларнинг билмоқлари лозимки, салтанат Яратганнинг марҳамати билан уларга инъом этилган буюк бойликдир. Шунинг учун бу буюк бойлик қадрига етиб, фурсатни ғанимат деб билсинлар…

Ashampoo_Snap_2017.02.19_01h38m03s_002_ф.pngХОЖА АҲРОРИ ВАЛИЙ
АЙТУР ЭРДИЛАРКИМ…

08

Хожа Аҳрор она томонидан Шайх Хованди Таҳур ва унинг отаси Шайх Умар Боғистоний авлодидан, ота томонидан эса Муҳаммад Номий Бағдодий авлодидан бўлиб, Тошкандда, 806 ҳижрий йилнинг рамазон ойида, яъни 1404 мелодий йилнинг март ойида дунёга келди. Бу тарихни исботловчи яна бир муҳим хабарни Муҳаммад Қози шундай ҳикоя қилади: «Хожа Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор шундай ҳикоя қилганлар: Мен бир йиллик бўлганимда сочимни олдириб тўй берибдилар. Аммо шу вақтда Амир Темурнинг вафоти ҳақида хабар келгач, тўй тарқалиб, тайёрланган ошларни емабдилар ва қозонлари билан бирга тоққа олиб чиқибдилар». Бу марака Боғистонда ўтказилган экан, деб қўшиб қўяди Муҳаммад Қози. Чунки бу оиланинг макони, боғлари Боғистонда ҳам бор эди.

Маълумки, Амир Темур 1405 йилнинг 18 февралида вафот қилиб, бу хабар маълум вақт сир тутилган, кейинчалик эса яшин тезлигида тарқалган эди. Демак, бу 1405 йилнинг март ойига тўғри Келади. Бундан аён буладики, Хожа Аҳрор 1404 йилнинг март ойида дунёга келган. Хожа Аҳрорнинг асл номи Хожа Убайдуллоҳдир. Унинг болалик ва ёшлик йиллари Тошкандда ўтган. Ўша вақтнинг удумига кўра у мактабга борган, савод чиқарган, Шеърият ва тарих билан қизиққан, шу билан бирга у ёшлигидан тасаввуф намояндалари фаолияти билан кўпроқ шуғулланган. Бу ҳолни Хожа Аҳрор кейинчалик шундай эслайди: «Ёшлик даврида азизлар суҳбатида кўп бўлардим. Менда уларнинг ҳар биридан ўзига хос кайфиятлар бўларди. То бир тариқани Белгилаб олгунча кўп машаққатлар чекилди. Бунинг сабабларини кейинчалик англадим: бу билан азизлар тариқ – йўлни танлаш осон эмаслигини, мақсад сари – тўғри йўлни (тариқатни) топиш йўлида интилмоқ лозимлигини назарда тутган эканлар. Биз ҳам шундай қилдик ва нимага эришган бўлсак ана шунинг натижасида эришдик» (Академик Ботирхон Валихўжаевнинг «Буюк маънавий муршид» рисоласидан).

08

1. Айтур эрдиларким: золимлар ва жабр қилгувчиларни йўқотиш борасида ҳиммат қилмоқ лозимдир.

7

2. Айтур эрдиларким: менинг сизларга дунёни (мол-мулкни) манъ этишим, дунёни сизлардан дариғ тутишим маъносида эмас, балки сизларни дунёдан асрамоқ маъносидадир. Чунки одам шунчалик улуғворлиги билан ўз вақтини арзимас нарсалар учун зоеъ қилмоғига ҳайфим келади.

7

3. Илмни дунё (мол-мулк) орттириш ва мансаб эгаллаш учун хизмат қилдиргувчи олимлардан узоқ бўлмоқ керак.

7

4. Айтур эрдиларким: такаббур (манманлик) ниҳоятда хосиятсиз ва оқибатсиздир, у охири хўрлик ва пастликка олиб келади. Айтибдурларки, ҳар ким ўзининг ҳолига яраша камтарлик ва хушмуомалаликни эгаллаб борса, хусусан, бу давлат ва бойлик эгаларига зарурий мақбул одат бўлгай.

7

5. Айтур эрдиларким: суфия тоифасининг одатига кўра, расмий илмларни унча яхши эгалламаган бўлса-да, аммо Ҳазрати Расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларидан хабари бор кишини олим дебдилар. Шу билан бирга барча расмий илмларни эгаллаган бўлса-ю, аммо Ҳазрати Расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларидан хабарсиз бўлса, ундай кишини омий дерлар.

7

6. Айтур эрдиларким: кўп кулмоқ кўнгилнинг ўлиши боисидир… Кўринадиган ишларни бажариш маънавий алоқани ўрнатиш учун монеъ бўлмаслиги лозим ва, шунингдек, маънавий алоқани ўрнатиш кўринадиган ишларни бажаришга халақит бермаслиги керак. Солик (тариқат йўловчиси) шу мартабага етганда, ҳар қандай ишни бажаришга муҳтождир. Ғафлат кўнгил мавти (ўлими)нинг сабабидир. Кўнгилнинг ҳақиқий ҳаёти огоҳлик ва ҳузурдир.

7

7. Айтур эрдиларким: дарвешлик доимий тарзда зикр айтмоқ билан машғулланмоқ эмас, балки Ҳазрати Расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларини, жумладан, юмшоқлик, карам, саховат, садоқат, камтарлик ва бошқаларни ўрганиш ва ўзлаштиришдан иборатдир.

7

8. Айтур эрдиларким: ҳар кимки бу шариф маконда (Ерда) бўлмоқ шарафига муяссар бўлган бўлса, ул киши шунга интилмоғи керакки, унинг мавжудлиги мусулмонларға роҳат бағишласа; унинг билан мулоқотда бўлган амир ва султонлар ҳам унинг мижози ва ахлоқидан таъсирланиб, мусулмонларга манфаат етказиш ниятида бўлсалару уларга жабру-зулм қилишдан, уларни камситишдан ўзларини сақласалар; унинг суҳбатида бўлган ва бандаларни ташвишга қолдиришга боис бўладиган маънони – сўзларни эшитмасалар.

Гўзал ахлоқ-одоб, мукаммал фаросатлилик ва илмларнинг нозикликларига риоя қилмай яшамоқ – умр кечирмоқ мумкин бўлмас.

7

9. Баъзан авлод-фарзандларига қараб, шундай дер эдилар:

Билингким, неки жон роҳатидек туюлгай,
Жонингизни азобда қолдиргувчн бўлгай.

Сизни дунё (мол-мулк)дан ўзингизни тийишингизни айтиш бу бахиллик ёки хасисликдан эмас, балки истайманки, сиз бу дунё (бойлик) билан овора бўлиб қолиб маънавиятдан, охират саодатидан ва мақсуд жамолидан маҳрум бўлиб қолмасангиз.

Фарзанд ота-онанинг бир бўлагидир. Ҳеч бир ота-она жигаргўшасининг нуқсонли бўлишини хоҳламайди. Вақт ва фурсат ғаниматдир. Шуни ўйлаб кўрингки, мендан сўнг бундай сўзларни кимдан эшитаркансиз. Ҳозир ёшлик ва саломатлик пайти бўлиб, маишат асбоби – тирикчилик учун зарурий нарсалар муҳайёдир. Ҳар бир нарсани қилишни кўнглингизга келтирманг, бир-бирингиздан хабардор бўлинг. Агар бу ишларни қила олмай кейин пушаймон бўлсангиз фойдаси йўқ.

Бир марта фарзандларига хитобан шундай дедилар: ҳамиша камтарлик ва хушмуомалаликда бўлингиз, ўзгаларни ўзингиздан кам билманг, ёлғон сўзламанг, агар биров сизнинг камчиликларингизни айтса, буни неъмат (бойлик) деб билинг…

7

10. Айтур эрдиларким: дўстларга касаллиги вақти мадад қилиш ва оғирини енгиллатиш яхши ишдир. Мадад икки навъдир: бири, касалликдан қутулиш уучун барча чора-тадбирларни ишга солиш ва, иккинчиси, касаллик туфайли бузилган кайфиятни яхшилаш, кўтаришдир.

7

11. Айтур эрдиларким: суҳбатнинг фойдаси чексиздир. Шунинг учун дўстлар билан бўлмоқ ва улар билан суҳбат қилмоқни тарк этмаслик даркор.

7

12. Айтур эрдиларким: биз кўп вақтни мусулмонларни подшоҳлар зулмидан халос қилиш учун сарфлаймиз.

7

13. Айтур эрдиларким: бизнинг дунё (мол-мулк) билан шуғулланишимиз саховат ва карам қилиш учун эмас, балки одамларни тамаъ қилишдан қутқариш учундир.

7

14.Айтур эрдиларким: подшоҳларнинг билмоқлари лозимки, салтанат Яратганнинг марҳамати билан уларга инъом этилган буюк бойликдир. Шунинг учун бу буюк бойлик қадрига етиб, фурсатни ғанимат деб билсинлар. Аллоҳнинг бандаларига лутф ва шафқатини дариғ тутмасинларки, бу азим нуқсондир. Бу олам роҳати боқий эмас, чунки кўз юмиб очгунча тугайди. Шуни эсда тутсинларки, уларгача ҳам бошқалар подшоҳлик қилганлар ва бир муддат ўтгач, уларнинг ўринларига бошқалар келгайлар.

Шоҳлар ноғораси чалинганда шундай нидо келарди:
Бу саройга ҳар бир подшоҳ навбати-ла келади.

7

15. Айтур эрдиларким: ҳоким ва султонлар мусулмон ва фуқаро ва раиятнинг адабини бериш учун мўлжалланган қамчига ўхшайдилар. Шуни билсинларки, бир от йигирмата қамчини ҳам эскиртириб қўяди. Мамлакатнинг заволи ва хароб бўлишидан андиша қилсинлар, ҳеч вақт раият ва фуқаро аҳволидан хабарсиз қолмасинлар, чунки салтанат ва ҳукуматга эга бўлишнинг асл сабабчилари бу фуқаро ва раиятдирлар.

7

16. Айтур эрдиларким: ёшлар таҳсил билан банд бўлиб, уларнинг вақти сарфу наҳв қоидаларини ўзлаштириш билан ўтади. Бундай қоида ёдлашдан уларнинг зеҳни койимаслиги учун нима қилмоқ керак? Буюклар айтибдирларки, устоз қоидаларни ўргатгандан сўнг бу тоифанинг (тасаввуф) ибратли сўз ва шавқли ҳикояларидан сўзласа, яхши бўлар эди.

Манба: Ботирхон Валихўжаевнинг «Буюк маънавий муршид» рисоласи
Ботурхон Валихўжаев. Буюк маънавий муршид. Биринчи қисм.
Ботурхон Валихўжаев. Буюк маънавий муршид. Иккинчи қисм.
Ботурхон Валихўжаев. Буюк маънавий муршид. Учинчи қисм.

3B.jpg XV asrning yirik siymolaridan bo‘lmish Xoja Ubaydulloh Ahrori Valiy naqshbandiya tariqatining ko‘zga ko‘ringan murshidi bo‘lish bilan birga o‘z zamonasidagi ijtimoiy-siyosiy, iqtisodiy va mafkuraviy hayotda katta iz qoldirgan arboblardandir. Bu davrda uning shuhrati faqat Movarounnahrdagina emas, balki Xorazm, Dashti Qipchoq, Xuroson va Hindistongacha bo‘lgan keng jug‘rofiy mintaqada taralgan edi.

fe84afd88e43ea27eb04191323c11d5a.jpgXOJA AHRORI VALIY
AYTUR ERDILARKIM…
08

Xoja Ahror ona tomonidan Shayx Xovandi Tahur va uning otasi Shayx Umar Bog‘istoniy avlodidan, ota tomonidan esa Muhammad Nomiy Bag‘dodiy avlodidan bo‘lib, Toshkandda, 806 hijriy yilning ramazon oyida, ya’ni 1404 melodiy yilning mart oyida dunyoga keldi. Bu tarixni isbotlovchi yana bir muhim xabarni Muhammad Qozi shunday hikoya qiladi: «Xoja Ubaydulloh Xoja Ahror shunday hikoya qilganlar: Men bir yillik bo‘lganimda sochimni oldirib to‘y beribdilar. Ammo shu vaqtda Amir Temurning vafoti haqida xabar kelgach, to‘y tarqalib, tayyorlangan oshlarni yemabdilar va qozonlari bilan birga toqqa olib chiqibdilar». Bu maraka Bog‘istonda o‘tkazilgan ekan, deb qo‘shib qo‘yadi Muhammad Qozi. Chunki bu oilaning makoni, bog‘lari Bog‘istonda ham bor edi.

Ma’lumki, Amir Temur 1405 yilning 18 fevralida vafot qilib, bu xabar ma’lum vaqt sir tutilgan, keyinchalik esa yashin tezligida tarqalgan edi. Demak, bu 1405 yilning mart oyiga to‘g‘ri Keladi. Bundan ayon buladiki, Xoja Ahror 1404 yilning mart oyida dunyoga kelgan. Xoja Ahrorning asl nomi Xoja Ubaydullohdir. Uning bolalik va yoshlik yillari Toshkandda o‘tgan. O‘sha vaqtning udumiga ko‘ra u maktabga borgan, savod chiqargan, She’riyat va tarix bilan qiziqqan, shu bilan birga u yoshligidan tasavvuf namoyandalari faoliyati bilan ko‘proq shug‘ullangan. Bu holni Xoja Ahror keyinchalik shunday eslaydi: «Yoshlik davrida azizlar suhbatida ko‘p bo‘lardim. Menda ularning har biridan o‘ziga xos kayfiyatlar bo‘lardi. To bir tariqani Belgilab olguncha ko‘p mashaqqatlar chekildi. Buning sabablarini keyinchalik angladim: bu bilan azizlar tariq – yo‘lni tanlash oson emasligini, maqsad sari – to‘g‘ri yo‘lni (tariqatni) topish yo‘lida intilmoq lozimligini nazarda tutgan ekanlar. Biz ham shunday qildik va nimaga erishgan bo‘lsak ana shuning natijasida erishdik» (Akademik Botirxon Valixo‘jayevning “Buyuk ma’naviy murshid” risolasidan).

08

1. Aytur erdilarkim: zolimlar va jabr qilguvchilarni yo’qotish borasida himmat qilmoq lozimdir.

7

2. Aytur erdilarkim: mening sizlarga dunyoni (mol-mulkni) man’ etishim, dunyoni sizlardan darig’ tutishim ma’nosida emas, balki sizlarni dunyodan asramoq ma’nosidadir. Chunki odam shunchalik ulug’vorligi bilan o’z vaqtini arzimas narsalar uchun zoe’ qilmog’iga hayfim keladi.

7

3. Ilmni dunyo (mol-mulk) orttirish va mansab egallash uchun xizmat qildirguvchi olimlardan uzoq bo’lmoq kerak.

7

4. Aytur erdilarkim: takabbur (manmanlik) nihoyatda xosiyatsiz va oqibatsizdir, u oxiri xo’rlik va pastlikka olib keladi. Aytibdurlarki, har kim o’zining holiga yarasha kamtarlik va xushmuomalalikni egallab borsa, xususan, bu davlat va boylik egalariga zaruriy maqbul odat bo’lgay.

7

5. Aytur erdilarkim: sufiya toifasining odatiga ko’ra, rasmiy ilmlarni uncha yaxshi egallamagan bo’lsa-da, ammo Hazrati Rasulullohning olijanob xulq-axloqlaridan xabari bor kishini olim debdilar. Shu bilan birga barcha rasmiy ilmlarni egallagan bo’lsa-yu, ammo Hazrati Rasulullohning olijanob xulq-axloqlaridan xabarsiz bo’lsa, unday kishini omiy derlar.

7

6. Aytur erdilarkim: ko’p kulmoq ko’ngilning o’lishi boisidir… Ko’rinadigan ishlarni bajarish ma’naviy aloqani o’rnatish uchun mone’ bo’lmasligi lozim va, shuningdek, ma’naviy aloqani o’rnatish ko’rinadigan ishlarni bajarishga xalaqit bermasligi kerak. Solik (tariqat yo’lovchisi) shu martabaga yetganda, har qanday ishni bajarishga muhtojdir. G’aflat ko’ngil mavti (o’limi)ning sababidir. Ko’ngilning haqiqiy hayoti ogohlik va huzurdir.

7

7. Aytur erdilarkim: darveshlik doimiy tarzda zikr aytmoq bilan mashg’ullanmoq emas, balki Hazrati Rasulullohning olijanob xulq-axloqlarini, jumladan, yumshoqlik, karam, saxovat, sadoqat, kamtarlik va boshqalarni o’rganish va o’zlashtirishdan iboratdir.

7

8. Aytur erdilarkim: har kimki bu sharif makonda (Yerda) bo’lmoq sharafiga muyassar bo’lgan bo’lsa, ul kishi shunga intilmog’i kerakki, uning mavjudligi musulmonlarg’a rohat bag’ishlasa; uning bilan muloqotda bo’lgan amir va sultonlar ham uning mijozi va axloqidan ta’sirlanib, musulmonlarga manfaat yetkazish niyatida bo’lsalaru ularga jabru-zulm qilishdan, ularni kamsitishdan o’zlarini saqlasalar; uning suhbatida bo’lgan va bandalarni tashvishga qoldirishga bois bo’ladigan ma’noni – so’zlarni eshitmasalar.

Go’zal axloq-odob, mukammal farosatlilik va ilmlarning nozikliklariga rioya qilmay yashamoq – umr kechirmoq mumkin bo’lmas.

7

9. Ba’zan avlod-farzandlariga qarab, shunday der edilar:

Bilingkim, neki jon rohatidek tuyulgay,
Joningizni azobda qoldirguvchn bo’lgay.

Sizni dunyo (mol-mulk)dan o’zingizni tiyishingizni aytish bu baxillik yoki xasislikdan emas, balki istaymanki, siz bu dunyo (boylik) bilan ovora bo’lib qolib ma’naviyatdan, oxirat saodatidan va maqsud jamolidan mahrum bo’lib qolmasangiz.

Farzand ota-onaning bir bo’lagidir. Hech bir ota-ona jigargo’shasining nuqsonli bo’lishini xohlamaydi. Vaqt va fursat g’animatdir. Shuni o’ylab ko’ringki, mendan so’ng bunday so’zlarni kimdan eshitarkansiz. Hozir yoshlik va salomatlik payti bo’lib, maishat asbobi – tirikchilik uchun zaruriy narsalar muhayyodir. Har bir narsani qilishni ko’nglingizga keltirmang, bir-biringizdan xabardor bo’ling. Agar bu ishlarni qila olmay keyin pushaymon bo’lsangiz foydasi yo’q.

Bir marta farzandlariga xitoban shunday dedilar: hamisha kamtarlik va xushmuomalalikda bo’lingiz, o’zgalarni o’zingizdan kam bilmang, yolg’on so’zlamang, agar birov sizning kamchiliklaringizni aytsa, buni ne’mat (boylik) deb biling…

7

10. Aytur erdilarkim: do’stlarga kasalligi vaqti madad qilish va og’irini yengillatish yaxshi ishdir. Madad ikki nav’dir: biri, kasallikdan qutulish uuchun barcha chora-tadbirlarni ishga solish va, ikkinchisi, kasallik tufayli buzilgan kayfiyatni yaxshilash, ko’tarishdir.

7

11. Aytur erdilarkim: suhbatning foydasi cheksizdir. Shuning uchun do’stlar bilan bo’lmoq va ular bilan suhbat qilmoqni tark etmaslik darkor.

7

12. Aytur erdilarkim: biz ko’p vaqtni musulmonlarni podshohlar zulmidan xalos qilish uchun sarflaymiz.

7

13. Aytur erdilarkim: bizning dunyo (mol-mulk) bilan shug’ullanishimiz saxovat va karam qilish uchun emas, balki odamlarni tama’ qilishdan qutqarish uchundir.

7

14.Aytur erdilarkim: podshohlarning bilmoqlari lozimki, saltanat Yaratganning marhamati bilan ularga in’om etilgan buyuk boylikdir. Shuning uchun bu buyuk boylik qadriga yetib, fursatni g’animat deb bilsinlar. Allohning bandalariga lutf va shafqatini darig’ tutmasinlarki, bu azim nuqsondir. Bu olam rohati boqiy emas, chunki ko’z yumib ochguncha tugaydi. Shuni esda tutsinlarki, ulargacha ham boshqalar podshohlik qilganlar va bir muddat o’tgach, ularning o’rinlariga boshqalar kelgaylar.

Shohlar nog’orasi chalinganda shunday nido kelardi:
Bu saroyga har bir podshoh navbati-la keladi.

7

15. Aytur erdilarkim: hokim va sultonlar musulmon va fuqaro va raiyatning adabini berish uchun mo’ljallangan qamchiga o’xshaydilar. Shuni bilsinlarki, bir ot yigirmata qamchini ham eskirtirib qo’yadi. Mamlakatning zavoli va xarob bo’lishidan andisha qilsinlar, hech vaqt raiyat va fuqaro ahvolidan xabarsiz qolmasinlar, chunki saltanat va hukumatga ega bo’lishning asl sababchilari bu fuqaro va raiyatdirlar.

7

16. Aytur erdilarkim: yoshlar tahsil bilan band bo’lib, ularning vaqti sarfu nahv qoidalarini o’zlashtirish bilan o’tadi. Bunday qoida yodlashdan ularning zehni koyimasligi uchun nima qilmoq kerak? Buyuklar aytibdirlarki, ustoz qoidalarni o’rgatgandan so’ng bu toifaning (tasavvuf) ibratli so’z va shavqli hikoyalaridan so’zlasa, yaxshi bo’lar edi.

Manba: Botirxon Valixo’jaevning «Buyuk ma’naviy murshid» risolasi
Boturxon Valixo’jaev. Buyuk ma’naviy murshid. Birinchi qism.
Boturxon Valixo’jaev. Buyuk ma’naviy murshid. Ikkinchi qism.
Boturxon Valixo’jaev. Buyuk ma’naviy murshid. Uchinchi  qism.

Elyor Karimov. Xo’ja Ahror hayoti va faoliyati by Khurshid Davron on Scribd

Xoja Ubaydulloh Ahror. Tabarruk risolalar by Khurshid Davron on Scribd

004

(Tashriflar: umumiy 2 507, bugungi 1)

1 izoh

  1. iltimos payg`ambarlr hayoti haqida ham kitob chiqarsangiz.Oldindan rahmat

Izoh qoldiring