Boturxon Valixo’jayev. Buyuk ma’naviy murshid. Birinchi qism & Xoja Ahror Valiy majmuasi. Videolavha

Ashampoo_Snap_2016.12.25_17h27m31s_001_a.png   ХV асрнинг  йирик сиймоларидан бўлмиш Хожа Убайдуллоҳ Шоший – Хожа Аҳрори Вали нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган муршиди бўлиш билан бирга ўз замонасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий ҳаётда катта из қолдирган арбоблардандир. Бу даврда унинг шуҳрати фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хоразм, Дашти Қипчоқ, Хуросон ва Ҳиндистонгача бўлган Кенг жуғрофий минтақада таралган эди.

НАҚШБАНДИЯНИНГ ШУҲРАТЛИ МАШЪАЛИ
Дилором Салоҳий
филология фанлари доктори
003

СЎЗ БОШИ

Давлатимиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ инсонпарвар ислом дини тарғиботчиси, зукко диний ва сиёсий арбоб Хожа Аҳрори Вали ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги тарихий ҳақиқат чуқур илмий таҳлиллар воситасида ёритилди. Таниқли адабиётшунос олим Ботурхон Валихўжаев машҳур суфий ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ўзбек ва тожик тилларида «Хожа Аҳрори Вали» номли китобни, «Чакидаҳои қалам», «Хожа Аҳрор тарихи» номли рисолаларни ёзди. Бугун биз ҳақли равишда олимнинг мазкур туркум асарларини давримизнинг катта адабий воқеаси, десак арзийди.

023 Олим Хожа Аҳрори Вали яшаган давр, у мансуб бўлган жамият ижтимоий-сиёсий муҳити табиатига ижодий ёндашиб, аллома сиймосини ҳар томонлама таҳлил қилди. Олимнинг 1992 ва 1993 йилларда Самарқанднинг «Сўғдиёна» ва «Зарафшон» нашриётларида босилиб чиққан «Хожа Аҳрори Вали» номли тожик ва ўзбек тилларидаги китоблари аллома шахсини беш йўналишда очиб беради. Муаллиф тожик тилидаги рисоласини «Хамсат ул-қатарот дар зикри ҳазрати бобаракот» («Баракотли ҳазрат ҳақларида беш қатра») деб номлаган. Алишер Навоий қаламларига мансуб ҳазрати Абдураҳмон Жомийга бағишланган «Хамсат ул-мутаҳаййирин» услубида ёзилган бу рисола Хожа ҳаётига оид каттагина илмий адабиётни таҳлил қилади. Китобдаги биринчи қатра – Хожа Аҳрор ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш тарихига бағишланган, иккинчи қатра – Муҳаммад Қози ва Хожа Аҳрор ҳақидаги мулоҳазалардан иборатдир. Учинчи бўлимда Хожа Аҳрори Валининг турмуш тарзлари баён қилинади ва тўртинчи бўлим ҳазрати Хожанинг атворлари, ёзган асарлари ва панд-ўгитларига доир фикрларни истифода этади. Китобнинг якунловчи бешинчи бўлими Хожа Аҳрор авлодлари ҳақидаги маълумотлардан иборат.

Рисоланинг ўзбек тилидаги нашри тожик тилидаги нашрнинг такрори эмас. Бу китоб мундарижаси олти бўлимдан иборат бўлиб, илмий таҳлилларнинг кенглиги билан фарқ қилади. Китобнинг олтинчи бўлими «Аҳрорийлар фахри» деб номланиб, Хожа Аҳрори Вали авлодларининг кўзга кўринган намояндалари, хусусан, машҳур шоирлар Султонхонтўра Адо ва Нақибхон Туғраллар ҳаёти ва фаолиятларига оид оҳорли маълумотларга бойдир. Хожа Аҳрор шахсини мукаммалроқ гавдалантириш мақсадида муаллиф китобга «Хожа Аҳрорнинг шуҳратли мухлислари» деган каттагина бўлимни киритган ва шубҳасиз, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Хожага бўлган муносабатлари ифодаланган бу бўлим китобнинг илмий қимматини янада оширган. Китобнинг муҳим аҳамиятга молик мулоҳазаларга бой бўлган Хожанинг фазилатлари ва ақидаларига бағишланган бўлими Хожа шахсига нисбатан кўп йиллар давомида айтилиб келинган ёлғон фикрларни кескин фош қилади.

Ботурхон Валихўжаевнинг ушбу китоби ўзбек адабиётшунослиги ва тарихшунослиги томонидан қизғин кутиб олиниши билан бирга жаҳон илмий жамоатчилигининг ҳам эътиборини қозонди. Бунга қадар олимнинг тадқиқотлари Америка, Италия, Чехия, Афғонистон, Туркия, Эрон илмий-адабий нашрларида эълон қилинган эди. Хожа Аҳрори Вали ҳақидаги ушбу асар эса АҚШ Гарвард университети олими Жо Эн Гросс томонидан сўраб олинди ва ҳозирги кунда бу университетда махсус курс сифатида ўқитилмоқда.

Кейинги йилларда Хожа Аҳрори Вали ҳаёти, фаолияти, мероси ҳақида бир қатор асарлар нашр этилмоқда. А. Ўринбоев, М.Қутибоев, Ҳ.Баракаев, М.Муҳаммадхўжаевларнинг Хожа Аҳрори Вали ҳақидаги монография ва асарлари босилиб чиқди.

Ботурхон Валихўжаевнинг Ўзбекистон истиқлолининг илк Неъмати бўлмиш «Хожа Аҳрори Вали» номли китоби нашр этилганига ҳам 11 йил бўлди. Бугун бу китобга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Шуни назарда тутиб, ёш ва умидли адабиётшунос олима Дилора Ражабова китобнинг тўлдирилган янги нусхасини нашрга тайёрлади. Китобнинг ушбу янги нашри йирик диний раҳнамо ва мутафаккир олимнинг 600 йиллик тўйи муносабати билан «тўйга тўёна» сифатида юзага келди. Бу адабий ҳодисанинг яна бир рамзий маъноси бор: буюк маънавий муршид ХХИ асрда ҳам инсонлар қалбини ҳикмат ва маърифат зиёсидан баҳраманд этишда давом этмоқдалар.
Қўлингиздаги «Аҳрор» – поклик манбаи барчамизга муборак бўлсин, азиз китобхон.

МУРШИДИ КОМИЛ
099Дилора Ражабова
Самарқанд давлат университети ўзбек адабиёти тарихи кафедраси илмий тадқиқотчиси.

Академик Ботурхон Валихўжаевнинг «Хожа Аҳрори Вали» мавзуидаги туркум асарларида фақат исломий марифат ривожида муҳим ўрин тутган мутафаккир сиймо ҳаёти ва фаолиятигина эмас, балки Шарқ маданиятига сезиларли таъсир ўтказган улуғ алломалар Бурҳониддин Соғаржий, Фазлуллоҳ Абуллайсийлар хонадонидан етишиб чиққан машҳур кишилар ҳақидаги ҳақиқатлар ҳам ёритилади.

023 Олим «Хожалар хожаси – Хожа Убайд» (Бобур таърифи) тарихи ҳақида мулоҳаза юритар экан, ҳақли равишда «Наҳотки, халқ «қотил» ва «жоҳил»ни бир Неча ўн йиллар эмас, балки бир Неча юз йиллар давомида шунчалик эъзозласа? Бунга қўшимча равишда ўз даврининг улуғ мутафаккир ва шоирлари – Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур нега Хожа Аҳрорни ўзларининг маънавий пирлари, муршидлари сифатида эҳтиром қиладилар, унга бағишлаб асарлар битадилар, унинг асарларини ўзбек тилига ўгирадилар? Ёки бу алломалар унинг кимлигини билмасми эдилар?» (62-бет), дея савол қўяди. Олимнинг ўзи қўйган саволга жавобан китобда келтирилган Хожа Аҳрори Вали ҳаёти тафсилотлари, илмий ва сиёсий фаолиятининг ҳозирча фанга маълум бўлган мукаммал тавсифи, ХХ аср Ғарб ва хорижий Шарқ олимлари билдирган фикрларнинг илмий таҳлиллари ўқувчини ҳам ажаблантирган юқоридаги саволга ойдинлик киритади.

Хожа Аҳрори Вали шахси ўз даврининг маънавий талаби, файласуфлар тили билан айтганда, ўша давр учун зарурат эди. Унга қўл берган шаҳзодалар унинг маслаҳатларига кириб хато қилмадилар. У қонли урушлар йўлига кўндаланг турди, ака-ука шаҳзодаларни яраштирди. У тарбиялаган муридлардан шайхул-ислом Абдураҳмон Жомийлар, Алишер Навоийлар етишиб чиқди. Ҳазрат Амир Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр» асарида таъкидлаганиДек, Ҳожа Аҳрори Вали ўша давр Мовароуннаҳру Хуросонининг мураббийси, нигаҳбони эди. Хожа Аҳрор шоҳлар карамига, мурувватига муҳтож эмас эди, балки шоҳлар унинг оқилона маслаҳатларига муҳтож эдилар. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» асарида ёзганиДек: «…Мовароуннаҳр салотуни ўзларини аларнинг муридзодалари ва маҳкуми ҳукми тутар эдилар. Йўқки, ёлғуз Мовароуннаҳр салотуни, балки Хуросон ва Ироқ ва Озарбайжон, ҳаттоки бир саридин Рум ва Мисрғача ва бир саридин Хитой ва Ҳиндгача барча мулук ва салотин ўзларин Хўжанинг маҳкуми ва маъмури фармони тутар эрди…».
Бу мавзуда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Темурийлардан Султон Аҳмад Мирзо ҳақида гапириб, шунай ёзади: «Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзонинг замонасида рафоият ва фароғат бирла ўткариб эрдилар, аксар муомала Ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) жиҳатидан адл ва шаръ тариқи била эди». Хожа Аҳрор зиммасидаги бундай вазифани эса на Самарқанд шайхул-исломи Хожа Мавлоно Исомиддин бажара олар ва на бошиқа бир шариат Пешвосининг бунга илму иқтидори етар эди.

Олимнинг қатор илмий асарлар таҳлилидан сўнг чиқарган мантиқий хулосаси шуни тасдиқлайдики, бизнинг давримизда Хожа Аҳрори Валидек «мард, нокиза ва вали» инсон шахси калтабин сиёсат қурбонигина бўлди, холос. Унинг асосий «айби» даҳрийлар жамиятидаги динсиз авлодларининг диндор аждоди бўлганлигида эди. Шу ўринда бизга асрдош бўлган олимларнинг Хожа шахсини қоралаш учун дастак қилиб олган уйдирмаларига эътиборни тортмоқчимиз. У ҳам бўлса, Хожа Аҳрорнинг Улуғбек Мирзо фоЖеали тақдирига тааллуқли бўлган ёки бўлмаганлиги масаласидир. Олим бу хусусда ўз мулоҳазаларини бир ҳикоя муносабати билан ўқувчига маълум қилади. Яъни, Улуғбек Мирзонинг Чиннихонани қуриб битказилиши муносабати билан Боғи Майдонда берган тўйида Сайид Ошиқнинг шаробхўрликка қарши айтилган гаплари баҳонасида содир бўлган воқеа тафсилотларини Келтиради ва бу ҳикояни ҳазрати Хожа ўз суҳбатдошларига айтиб берганлигини таъкидлайди. Олим шунай хулоса чиқаради: «Хожа Ҳазратлари Мирзо Улуғбекнинг донишманд шахслигини алоҳида таъкидлайди… бу ҳикояни Келтирар экан, Мирзо Улуғбекни қораламайди. ҳикоянинг руҳидан унга бўлган хайрихоҳлиги сезилади, аммо унинг атрофидагилардан унча рози эмас, шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг шунчалик донишмандлиги билан чингизий расм-одатларни йўқота олмаганлигидан афсуслангандай бўлади» (100-бет).

Ушбу масалага олимнинг назокат билан муносабат билдириши унинг илмий услуби фазилатини, соф зиёлиёна дунёқарашини намойиш қилади. Китобларнинг фазилати шундаки, уларда Хожанинг таваллудларидан то вафотларигача бўлган хронология барча тафсилотлари билан келтирилади. Хожа ҳақидаги барча илмий асарлар таълиқ этилади, бизга анчайин номаълум бўлган чет эл олимларининг «Туркистоннинг бу табаррук авлиёси» хусусидаги холисанилло фикрлари ва асарларига мурожаат этилади. Олим ўзига хос илмий услубда тарих саҳифаларида нақш этилган ҳақиқатларни очиш билан турли сохта фикрлар, рўёларга, омонат сиёсатлар хизматкорлари уйдирмаларига зарба беради.

Ботурхон Валихўжаевнинг ўзи ҳам, феъли атвори ҳам хушсурат ва гўзал бўлган, Беозор, маърифатпарвар ва халқпарвар сиймо Хожа Аҳрори Вали ҳақидаги асарлари Ўзбекистон фани хазинасига қўшилган қимматли бойликдир.

099

Ботирхон Валихўжаев
БУЮК МАЪНАВИЙ МУРШИД
099

КИРИШ

Кимки ҳақиқатни билатуриб, нотўғри маслаҳат берса, Демак, унга хиёнат қилибди…
Ҳадис.

Алҳақ! Асрлар қаъридан янграган бу ҳикматга ҳамиша ҳам амал қилинди, деб бўлмайди. Шунинг натижасида мўйсафид тарихни, мозий ўтмишни баҳолашда ҳам, унда ўзининг кўпқиррали фаолияти билан из қолдирган зотларни ўрганиш ва тарғиб қилишда ҳам шунчалик чалкашликларга йўл қўйилдики, унинг салбий натижалари эндиликда яққол билинмоқда. Шукрлар бўлсинки, бундай хатоликларга йўл қўйилаётганини идрок этиш, тушуниш ва уларни ислоҳ қилиш йўлига тушиб олиш замонларига ҳам етиб келдик, хатолик ва чалкашликларни бартараф этиб, иккинчи хил қилиб айтганда, мозий тарихимиз варақларини ҳақиқат Мезони асосида ўқиб талқин қилишга киришдик. Шу боис бўлди-да, жаҳон маданияти ва тафаккури тарихининг улкан ёдгорлиги бўлмиш Қуръони каримнинг ўзбек тилига таржимаси амалга оширилди. Расулуллоҳнинг ҳаёти, фаолияти ва ҳикматлари баёни бўлмиш ҳадислар она тилимизга ўгирилди, шариат асосларига доир рисолалар нашр эттирилди. Тарихимизнинг турли саҳифалари янгича ўқилиб, оқилона талқин қилинмоқда; инсоният тафаккури тараққиёти тарихида муҳим ўрин эгаллаган Шарқ фалсафаси ва унинг тасаввуфга оид қисмига бўлган эътибор кучаймоқда. Натижада кейинги йилларда З. Қулизода («Закономерности развития восточной философии ХИИ–ХВИ вв. (Регион ислама и проблема Запад Восток», Баку, 1983), М.Т. СТепанянц («Философские аспекти суфизма», «Наука», Москва, 1987), М. Ҳазратқулов («Тасаввуф», «Маориф», ДушанБе, 1988), А. Муҳаммадхўжаевнинг («ГноСеоЛегия суфизма», «Дониш», ДушанБе, 1990) шу масалага бағишланган тадқиқотлари яратилди. Хожа Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёрларнинг асарлари нашр эттирилиб, чуқур ва ҳар томонлама ўрганишга киришилмоқда. Тарихий шахслардан Амир Темурга бўлган нигоҳимиз Кенгаймоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолиятининг жаҳоний аҳамиятига тўла ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

 Маданият, адабиёт, илм ва халқ тарихини янгича нуқтаи назардан ёритиш соҳасида қилинадиган ишларимиз ҳали анчагина. Жумладан, Ҳусайн Бойқаро, Бойсунғур мирзо, Абу Саъид мирзо ва бошқаларнинг тарихда тутган мавқеини белгилаш алоҳида тадқиқотларни кутмоқда. Абулғози Баҳодирхон асарларининг моҳиятини чуқур аниқлаш ҳамда ундан қолган илмий Меросни тўлалигича нашр этиш, Амирий тахаллуси билан шеърлар ижод қилган амир Умархон ҳамда Фируз тахаллуси ила бадиий ижод билан шуғулланган ва ХИХ асрнинг иккинчи ярмида Хива адабий муҳитини, маданий-илмий ҳаётини ташкил этишда фаоллик кўрсатган Муҳаммад Раҳимхон иккинчининг хизматларини холисона аниқлашнинг вақти келди. Шу муносабат билан бир воқеани эслаб ўтишни зарур деб ҳисоблайман.

1968 йил май ойининг 7 кунида ЎзБекистон Фанлар Академиясининг биринчи қаватидаги кичик мажлислар залида гуманитар фанлар бўйича ҳимоя илмий Кенгашида каминанинг докторлик иши муҳокама қилинаётган эди. Илмий Кенгаш ишида машҳур алломалардан Яҳё Ғуломов, Ойбек, Воҳид Зоҳидов, Иззат Султон, Муҳаммаджон Йўлдошев, Воҳид Абдуллаев, Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов, туркманистонлик академик Боймуҳаммад Қарриев ва бошқалар қатнашмоқда эди. Каминага турли саволлар берилди. Саволга шошма-шошарлик билан жавоб қайтарганимни ўйласам хижолатим ортади (Ўша вақтда жавобимни тўғри деб ўйлаганман).

Хива тарихининг билимдони академик Муҳаммаджон Йўлдошев томонидан берилган савол Муҳаммад Раҳим иккинчи – Фируз хизматига баҳо бериш масаласи билан боғлиқ эди. Олим менинг жавобларимни эшитиб «Муҳаммад Раҳим иккинчи – Фируз ҳақида чуқурроқ ўйлаб, унинг тарихда тутган мавқеини холисона белгиламоқ даркор», деб айтганлари ҳамон эсимда. Демак, ўша вақтларда ҳам тарихимизнинг холисона ёритилиши лозимлигининг жонкуярлари бор эди.

Яна бир муаммога диққат билан қараш лозим кўринади. У ҳам бўлса, ислом ва унинг шу динни қабул қилганлар илмий ва бадиий тафаккурига кўрсатган таъсири масаласидир. Бизгача етиб келган минг йиллик илмий, адабий, меъморий, маданий ёдгорликларни яратган қомусий олимлар, ширинкалом шоирлар, моҳир Меъморлар, соҳир мусиқийшунос ва бастакорлар, нодир санъатлари билан башариятнинг илмий ва бадиий тафаккурининг маҳсули бўлмиш китобларнинг асрлар оша авлодларга етиб келишига боис бўлган моҳир ҳаттотлар, истеъдодли наққош на рассомлар, деҳқон ва ҳунармандлар, хуллас, ҳамма-ҳаммаси Қуръони карим, ҳадислар ва фиқҳ илмидан ўз имкониятлари доирасида савод чиқариб, уларда баён этилан ахлоқ ва одобга амал қилдилар, илму ҳунарни ўргандилар, инсон на инсониятга ҳалол ва пок эътиқод ила хизмат қилишга камарбаста бўлдилар.

«Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллодин ўргандим» ДейилганиДек, ана шу ғоя уларнинг қон-қонига сингиб Кетиб, яратган турли хил асарларида ҳам исломнинг таъсири ўз ифодасини топди. Фикримизнинг исботи учун баъзи мисолларга диққатни жалб қилмоқчимиз.

Машҳур муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194–810-256–870) нинг «Ал-жоМе ас-саҳеҳ» асари мусулмон оламида шунчалик эътиборга сазоворки, у жуда кўп марта кўчирилиб, нашр эттирилгангина эмас, балки унга кўпгина шарҳлар ҳам битилган. Ана шундай мушореҳлардан бири ХВ асрда яшаган Қасталоний бўлиб, у «Саҳеҳ ал-Бухорий жавҳарлари ва Қасталоний шарҳи» (Шинжон, 1981, уйғур тилида) асарини яратган. Шу асарда жумладан қуйидаги бир ҳадис келтирилган: «Омир Шаиби Нўъмон ибн Башар разиюллоҳу анҳудан ривоят қилиндики, пайғамбар алайҳиссалом бундай деган: «Мўминлар бир-бирига раҳмдил бўлишда, бир-бири билан дўстлашишда инсоннинг бир бутун баданига ўхшайди. Инсоннинг бирор аъзоси оғриса, бутун бадани беором бўлади ва қизийди» (Ўша нашр, 290-бет).

Агар эътибор қилинса, мазкур ҳадиснинг умумий мазмуни бизга таниш, яъни бадиий адабиётнинг машҳур намояндалари ижодида унинг ўзига хос Шеърий шарҳи мавжуд. Жумладан, Шайх Саъдий Шерозийнинг жаҳоний шуҳратга молик «Гулистон» асарида шундай қитъа бор:

Бани одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш зи як жавҳаранд.
Чу узве ба дард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор.
Ту, к-аз меҳнати дигарон беғамй,
Нашояд, ки номат ниҳанд одамй.

(Саъдии Шерозй. Куллиёт, ч. Ш., Душанбе, 1990, саҳ.51)

Таржимаси:

Бир-бирин мучаси бор барча киши,
Битта гавҳардандир яратилиши.
Бирор муча бўлса оғриққа дучор,
Бошқа аъзоларда қолмагай қарор.
Ўзгалар ҳақида чекмагувчи ғам,
Нечук саналади қатори одам.

(Саъдий, Гулистон. Тошкент, 1965, 36-бет).

Мазкур қитъа маъно ва ғоя жиҳатидан юқорида эслатилган ҳадис билан ҳамоҳангдир. Шунинг билан бир қаторда қитъа бадиият қонуниятлари асосида яратилган асар сифатида муштарак мазмунни янгича кашф этади, уни чуқурлаштиради, унга сайқал беради.
Кўрганларнинг ҳикоя қилишларича, Саъдий Шерозий яратган ушбу қитъа бизнинг замонамизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (АҚШ) биносида бир неча юз тилларга таржима қилиниб, ёзиб қўйилган экан.

Бундай мулоҳазалар улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг

Одамий эрсанг демагил одамий,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.
Улки киши ўлмагидин шод эрур,
Гўркану ғосилу жаллод эрур.

(Навоий. Ҳайрат-ул-аброр. Тошкент, 1970, 141-б., араб ёзувида) мисраларида баён этилган умуминсоний аҳамиятга молик ғояларни тарғиб этувчи байтларига ҳам тегишлидир. Чунки Мир Алишер Навоий ҳам умумбашарий мазмунни бадиият қонуниятлари асосида қайта кашф этди ва уни нотакрорий тарзда, янгича талқин қилди. Шуни назарда тутмоқ керакки, Саъдий ҳам, Навоий ҳам масалага ниҳоят кенг, умуминсоний манфаатлардан келиб чиқиб ёндашдилар. Шунинг натижасида уларнинг асарларида «бани Одам» – ҳазрати Одам авлоди, «одамий»лар, яъни турли дин ва мазҳабда бўлишидан қатъий назар – Одам авлоди алоҳида диққатнинг мавзуси бўлган. Бу эса Саъдий на Навоийларнинг ижтимоий-фалсафий на эстетик қарашлари заминида майдонга келиб, улар ижодининг асосий моҳияти ва маромини ёркин намойиш этади.

Шундай килиб, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳеҳ»ида келтирилган ҳадисда баён этилган фикр ҳам шундай аҳамиятга молик бўлиб, унда имон келтирувчиларнинг яхлитлиги, шу жиҳатдан тинч-осойишталиги, бирдамлиги муаммосининг қўйилиши диққатга сазовордир. Агар шу тахлитда мулоҳаза юритадиган бўлсак, унда исломий панд-насиҳат ёки ўгитларнинг, жамият ва табиат, инсон ва инсонийликка доир мулоҳазаларнинг бадиий адабиётда ўзига хос тарзда шарҳланиб, янгитдан кашф этилиши жаҳоний шуҳратга молик обидаларнинг яратилишига туртки бўлган, деб айтиш ҳақиқатдан узоқ эмас.

Қуръони каримда Юсуф сураси бўлиб, унда Ёқуб пайғамбарнинг ўғли Юсуф ва унинг саргузаштлари ниҳоят қизиқарли тарзда баён этилган. Бу мавзуни чуқур текширган арабшунослар Юсуф қиссасининг «аҳсан ул-қасас» – гўзал қисса сифатида баҳоланиши Бежиз эмаслигини алоҳида уқтирганлар ва уни Таврот ҳамда Инжиллардаги вариантлари билан солиштириб, муҳим хулосаларга келганлар. (Бу масала М.Б. Пиотровскийнинг «Қуръоний ривоятлар» (Коранические сказания. Москва, «Наука», 1991) китобида яхши баён этилган).

Шундан келиб чиқиб, мусулмон олами адиблари томонидан Юсуф қиссасининг қаламга олиниб, шеърий ва насрий тарзда майдонга келтирган асарларини эсласак, унда «аҳсан ул-қасас» юзлаб достон ва қиссаларнинг яратилишига туртки бўлганлиги шу асосда кўплаб бадиий ёдгорликлар яратилганлигининг шоҳиди бўламиз. Фикримизнинг далили учун Абдураҳмон Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо», Нозим Ҳиравийнинг «Юсуф ва Зулайҳо»ларини эслатиш мумкин. ЎзБек адабиётида эса Дурбекнинг «Юсуф ва Зулайҳо» достони билан бир қаторга Носируддин Бурҳониддин Рабғузийнинг «Қиссаи Рабғузий» асарида Юсуф ҳақида ёзилган насрий қиссани, Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо»сидаги Юсуф ҳақидаги қиссани эсласак масала ойдинлашади. Қуръон ва ҳадисларда баён этилган ғояларнинг баёни, шарҳи тарзида эслатиладиган бадиий асарлар ва ёки ижод ҳам борки, буларнинг жаҳоний аҳамиятини ҳеч ким шубҳа остига ололмайди. Жумладан, машҳур Жалолиддин Румийнинг «Маснавий маънавий» деб номланган шоҳ асари ҳақида шундай байт битилган:

«Маснавии маънавии» Мавлавий
Ҳаст Қуръон дар забони паҳлавий.

Яъни, Мавлавий Румийнинг «Маснавий маънавий» асари паҳлавий (форсий) тилидаги Қуръондир.

Тўғри, бу фикрни икки хил талқин қилиш мумкин: биринчиси, «Маснавий маънавий» Қуръони каримнинг паҳлавий (форсий) тилдаги баёни бўлса, иккинчиси эса, форсий тилда яратилган «Маснавий маънавий» Қуръони карим сингари мўътабар ва муқаддас асардир. Шарқ фалсафий-бадиий тафаккурининг нодир ёдгорликларидан бири ҳисобланмиш «Маснавии маънавий» ҳақида бундай тушунчаларнинг бўлишида, шубҳасиз, чуқур бир ҳикмат бор.

Ёки, туркий адабиётнинг эндиликда кенг миқёсда ижоди ўрганилаётган намояндаларидан бири бўлган Хожа Аҳмад Яссавий ўзининг ҳикматлари ва уларнинг моҳияти ҳақида сўз юритиб, қуйидагича ёзганлари ҳам Бежиз эмас:

Мени ҳикматларим кони ҳадисдур,
Киши бўй элтмаса билгил хабисдур.
Мени ҳикматларим фармони субҳон,
Ўқуб уқсанг ҳама маънии Қуръон.

(А.Яссавий. Ҳикматлар. Тошкент, 1991, 198-бет)

Шу муносабат билан Мир Алишер Навоий фаолиятига назар ташласак, унинг «Арбаин» иа «Назм ул-жавоҳир»лари ҳам ҳадисларнинг шеърий шарҳи жараёнида майдонга келган мустақил бадиий асарлар эканлиги англашилади.
Юқоридаги фикрлар шундан гувоҳлик берадики, мусулмон оламидаги илмий ва бадиий тафаккур маълум маънода ислом яратган илмий-бадиий ёдгорликлар ва фалсафий қарашлар негизида ривожланиб, уларни бадиийлик қонуниятлари ва замон талаблари асосида янги-янги босқичга кўтарган ёки, иккинчи хил қилиб айтганда, ғоявий жиҳатдан умумий бўлган нодир бадиий асарларни майдонга келтирган. Шундан-да мусулмон оламидаги бадиий ёдгорликларнинг ўзаро ўхшашлиги ва, шунинг билан бир қаторда, ўхшамаслиги анъанаси, яъни назираи беназир йўналиши кўзга ташланади. Яна бир томони шундаки, мусулмон оламига мансуб муқаддас китоб – Қуръон ҳам, нодир ҳадислар ва фиқҳ илми ёдгорликлари ҳам фақат ислом динини ўз эътиқоди деб билганлар манфаатларинигина кўзлаб қолмай, балки аҳли китоб – Таврот, Забур, Инжил ва Қуръондаги қонун-қоида ва фалсафий ақидаларга ишонувчиларнинг ҳамда умуман инсон зотининг – бани Одам манфаатларини кўзлаганликлари билан умумбашарий ва байналмилал аҳамиятга моликдир. Шуларни ҳисобга олганда, маданиятимиз тарихини кенг кўламда ўрганиш зарурияти ўз-ўзидан равшан бўлиб қолади. Натижада Низомий ва Саъдий, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг маънавий-бадиий олами сирларини яхшироқ англаш, уларни тўғри талқин қилиш, тушунтириш имкониятлари кенгаяди…

Шундан келиб чиққан ҳолда тасаввуф ва унинг турли кўринишлари, жумладан, нақшбандия тариқатига ҳам тегишинча муносабатда бўлмоқ лозим. Чунки бу тариқат, хусусан, ХV асрдаги илмий, маданий-адабий ҳаёт ҳамда мафкура соҳасида катта мавқега эга эди. Шунинг учун унинг моҳияти ва шу тариқатнинг кўзга кўринган намояндалари ҳаёти, фаолияти, асарларини чуқур ўрганмасдан туриб, мазкур даврнинг хусусиятларини ҳар томонлама тасаввур этиш мушкул. Шу боис мазкур рисолада нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлмиш хожа Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрори Вали ҳақида мулоҳаза юритиш, унинг ҳаёти, фаолияти, асарлари, машҳур ихлосмандлари ва аҳрория хонадонининг кейинги даврлардаги вакиллари тўғрисида баҳс юритиш мақсадга мувофиқ деб билинди. Чунки бундай сиймоларнинг хизматлари ва мавқеини аниқламаслик уни унутиш билан тенгдир. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий эса шундай ёзади:

Кишилик будурким унутсанг ани.
Чу таркинг қилур тарк қилсанг ани.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари авлодларни шундай огоҳлантирмоқдаларки, агар сиз кишилик оламининг удуми бўлмиш одамият ва одамгарчиликни, тарихий шахс ва ҳодисаларни унутсангиз, унда келажак авлод ҳам сизни унутади.

ХОЖА АҲРОРИ ВАЛИНИ АНГЛАШГА ИНТИЛИШ

08ХV асрнинг йирик сиймоларидан бўлмиш Хожа Убайдуллоҳ Шоший – Хожа Аҳрори Вали нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган муршиди бўлиш билан бирга ўз замонасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий ҳаётда катта из қолдирган арбоблардандир. Бу даврда унинг шуҳрати фақат Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хоразм, Дашти Қипчоқ, Хуросон ва Ҳиндистонгача бўлган Кенг жуғрофий минтақада таралган эди. Замонасидаги темурий ҳукмдорлар Султон Абу Саъид мирзо, унинг ўғли Султон Аҳмад мирзолар қошида Ҳожа Аҳрорнинг обрў-эътибори шунчалик баланд эдики, улар муршидларининг маслаҳатларидан баҳраманд бўлмай туриб, бирор бир масалани ҳал қилишга шошилмас эдилар. Уларгина эмас, балки Андижон ҳокими Умаршайх мирзо Ҳожа Аҳрорни мўътабар санарди. Хожа Аҳрор фақат ҳокимлар наздида эътиборга сазовор бўлиб қолмай, балки ўз асрининг машҳур олим ва адиблари, жумладан {ожа Фазлуллоҳ Абулайсий, Саъдиддин Қошғарий, Саид Қосим Анвор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқалар ҳам уни «каъбаи мақсуд» (Абдураҳмон Жомий ибораси), «муршиди офоқ» (Алишер Навоий ибораси) деб эътироф этганлар, унга бағишлаб достонлар ва асарлар битганлар, унинг номини ҳурматла эслаганлар.

Аммо шуни уқтириш лозимки, Хожа Аҳрор ҳаётлигида унга бошқача муносабатда бўлиб, уни обрўсизлантириш учун интилганлар ҳам бўлганлар, унинг тўғрисида ҳар хил ривоятлар (албатта, ёмонловчи) тўқиганлар ва тарқатганлар. Бу ҳол шайхулислом Хожа Мавлоно ва Хожа Аҳрор ўртасидаги муносабатларда яққол кўзга ташланади. Аммо бу фитна амалга ошмай, фитначилар ўзлари, жумладан Хожа Мавлоно шарманда бўлиб, умри охирида қилмишларидан пушаймон бўлиб, Хожа Аҳрордан узрлар сўраган. Бу воқеага бағишланган ҳикоят Хожа Аҳрорнинг ўзи томонидан ҳамда унинг гувоҳи бўлган шахслар томонидан айтилиб, шогирди Муҳаммад Қози томонидан қуйидагича ёзиб қолдирилган (Мазкур воқеанинг мазмуни академик В.В. Бартолднинг «Улуғбек ва унинг даври» асарида Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт» китоби асосида баён қилинган «Хожа Мавлононинг ҳазрати эшон (Хожа Аҳрор) билан хусумати қиссаси:

Хожа Мавлоно ўзининг хосса суҳбатдошлари билан бўлган ўлтиришда эшон ҳазратлари (Хожа Аҳрор) ҳақида ғийбат сўзлар айтибди. Эшон ҳазратларига мухлис бўлганлардан бири бу ғийбатларни эшитиб, шундай деган экан: Ҳеч бўлмаганда эшон ҳазратларининг соҳиб давлат эканликларини назарда тутиб, бундай ғийбат сўзларни ошириб юбормасангизлар. Хожа Мавлоно унга шундай жавоб берибди: Тўғри айтасиз, Мен ҳам буни биламан, аммо нима қилайки, обрў-иззат ғурури мени тинч қўймаяпти. Шайх ул-исломлик лавозими тақозаси билан мен шундай қилишга мажбурман.

(Хожа Аҳрор) айтур эдиларки, мирзо Султон Абу Саъид вафотининг хабари келгандан сўнг бир кун йўлда Хожа Мавлоно билан юзма-юз учрашиб қолдик. Аммо Хожа Мавлоно юзини биздан ўгириб, «Хожа, салом алейк» деб айтдида, тўхтамасдан отини тез суриб кетди. Ваҳоланки, бундан олдинги куни кўчада учрашиб қолганимизда, биз билан бирга ярим шаръий (тахминан 20-30 метр масофа) йўлни бирга ўтди ва жуда мажбур қилганимиздан сўнггина орқага қайтиб, йўлини давом эттирган эди. Шунда бирор иш пайида юргани кўнглимиздан ўтган эди.

Бир неча кундан сўнг, маълум бўлдики, Хожа Мавлоно амирлар билан келишиб, шундай қарорга келган экан: бундан сўнг Хожа (Аҳрор)нинг уйига бормайсизлар, унинг сўзларига қулоқ солмайсизлар, унга умуман эътибор қилмайсизлар. Шунинг билан бирга шундай ҳам деган экан: Мен шундай фатво-шаръий ҳукм чиқараманки, сизлар унинг (Хожа Аҳрорнинг) мол-мулкини мусодара қила олгайсизлар. Ана шу кенгаш вақтида Амир Абдулали бўлмаган ва у кечикиб келган экан. (Амир Абдулали ҳақида Бобур ўзининг «Бобурнома»сида шундай ёзади: «Султон Аҳмад Мирзо умаросидан яна бири Абдулали тархон эди. Дарвеш Муҳаммад тархонга уруқ бўлар эди, Боқи тархоннинг оаси бўлғай. Агарчи дарвеш Муҳаммад тархон ғўра ва муча била мундин улуғ эди, вале бу фиръавн ани кўзга илмас эди. Бухоро ҳукумати неча йил мунда эди. Навкарни яхши шафқат била сақлар эди. Бахшиш ва Пуршиш ва девон ва дастгоҳ ва шилон ва мажлиси подшоҳона эди. Зобит ва золим ва фосиқ ва мудаммеъ киши эди. Шайбонийхон гарчи навкари эмас эди, вале неча маҳал мунинг била бўлур эди.

Шайбонийхоннинг мунча тараққий топмоғига ва мунча қадим хонаводалар бузилмоғига Абдулали тархон сабаб бўлди» («Бобурнома» Тошкент, 1960, 77-бет). Шунда амир Дарвеш Муҳаммад (бу амир хақида ҳам Бобур шундай маълумот беради: «Султон Аҳмад мирзонинг умаросидин) яна бири Дарвеш Муҳаммад тархон эди. Ўрда Буға тархоннинг ўғли, Султон Аҳмад мирзо, Султон Маҳмуд мирзонинг туққан тағойиси эди. Мирзо (Султон Аҳмад мирзо) қошида борча беклардин улуғроқ ва мўътабарроқ эди. Мусулмон ва одми ва дарвешваш киши эди. Ҳамиша мушаф китобат қилур эди. Шатранжни бисёр ўйнар эди, яхши ўйнар эди. Қуш илмини хўб билур эди. Қушни хўб солур эди. Охир Бойсунғур мирзо билан Султон Али мирзонинг ғавғосида улуғлуқ замонида бадномлик била ўлди» («Бобурнома», 77-бет). Айтибдурким, биз бир келишувга келдик. Сиз йўқ эдингиз. Сизнинг ҳам бу келишувга қўшилишингиз маъқул кўринади. Шундан сўнг амир Абдулали айтибди: Қандай келишув эканини тушунтирсангиз, шунга қараб иш тутсам. Амир Дарвеш Муҳаммад тархон Хожа Мавлоно билан қилинган келишув моҳиятини тушунтиргач, ўйлаб турибдида, шундай дебди: Бу масалада хато қилибсизлар. Чунки бу азиз (Хожа Аҳрор) биз ва сизнинг эътиборимиз туфайли мўътабар бўлган эмас, балки ҳақнинг, яъни Оллоҳ таолонинг эътибори натижасида мўътабар бўлган зотдир. Эртага бу мўътабар зот шундай зарба берадики, бу зарба натижасида сизу биз ер билан яксон бўламиз, шармандаи шармисор бўлиб қоламиз.

Маълум бўлсинким, мн бу масалада сизнинг келишувингизни маъқулламайман. Бундай душманликдан кўра ҳар қандай бошқа макруҳлик менга яқинлашадиган бўлса, унга розиман.

Эшон ҳазратлари (Хожа Аҳрор) шундай айтар эдиларки, амир Абдулали гарчи нафсини қондириш учун зулм қилгувчи бўлсада, аммо бизнинг мўътабар тариқатимизга бўлган ихлоси туфайли Оллоҳ таоло унинг нохуш ва номақбул ҳаракатларини Кечириб, уни авф қилгусидир. Жаҳон устод ул-уламоси жаноб мавлоно Али Аррон шундай ҳикоят қилиб эдиларки, Хожа Мавлононинг амирлар билан келишувидан (Хожа Аҳрор борасида) сўнг шайх ул-ислом Хожа Мавлононннг қабулига борган эдим. Хожа Мавлоно шундай деди: Мавлоно, ташрифингиз яхши бўлди. Ҳозир қишлоқий шайхни (Хожа Аҳрорни) кўришга борурмиз. Мен уни қай аҳволга солишимни кўриб қўйсангиз. Мавлоно Али Аррон айтур эрдиларким, менинг Хожа Аҳрор ҳазратларига нисбатан эътиқодим баланд эди. Хожа Мавлононинг бу гапларини эшитиб, жуда хафа бўлдим. Мен Хожа Аҳрор ҳазратлари уйларига бормаслигимни айтиб, ижозат сўрасам-да, Хожа Мавлоно рухсат бермади ва шундай деди: унинг (Хожа Аҳрорнинг) ҳақида нима қилмоқчи бўлсак сизнинг ҳузурингизда амалга оширурмиз. Бу гапларни  эшитиб, ҳушимни йўқотаёздим. Аммо ҳеч илож тополмадим. Хожа Мавлоно билан боришга мажбур эдим.

Ўша куни Хожа Аҳрор ҳазратлари Мотриддаги уйларида эдилар. Мотрид томон йўл олинди. Мен ҳам мажбуран Хожа Мавлоно билан бирга борардиму Оллоҳ таолога илтижо қилиб сўрардимки, Хожа Мавлононинг ҳазрати Хожа Аҳрорга нисбатан қилмоқчи бўлган одобсизликларини кўрмаслигим ва унинг гувоҳи бўлмаслигимнинг чора-тадбирини кўришни амалга оширса…

Мотридга етиб келдик. Хожа Аҳрор ҳазратлари гумбазли айвонда ўтирган эканлар. Бизни кутиб олиб, дастурхон олиб келиш учун ўзлари уйга кирдилар ва ўз қўллари билан Хожа Мавлоно олдига дастурхон ёздилар, таом қўйдилар. Хожа Мавлоно таомга майл кўрсатиб, ҳазрат Хожа Аҳрорга бир гап айтишга ҳозирлик кўриб, энди оғиз очмоқчи ҳам эдики, ногоҳ биров келиб, Мирзо Султон Аҳмад ўз амирлари билан ташриф буюрдилар, деб хабар берди. Хожа Мавлоно бу хабарни эшитиб, шошиб қолди. Чунки амирлар кенгашида Хожа Аҳрор уйига бормасликни унинг ўзи уқтирган эди. Уларнинг Хожа Аҳрор уйига нима мақсадда келганликларини Хожа Мавлоно билмасди ва шунинг учун ниҳоятда тараддудланиб қолди. Ҳазрати эшон (Хожа Аҳрор) Султон Аҳмад мирзо ва унинг амирларини кутиб олиш учун чиққан вақтда Хожа Мавлоно ва бу фақир, (мавлоно Али Аррон) Султон Аҳмад мирзо ва амирлари кўрмасин деб ҳовлидаги одамлар кўмагида тўрт пахсалик девордан ошиб ташқарига тушдик. Мен (Али Аррон) бу вақтда Хожа Мавлононинг Хожа Аҳрорга нисбатан қўпол муомалаларини кўрмаганим учун шукрлар айтур эдим.

Тўнлари ва оёқ кийимлари тупроққа беланган икки қария девор тагида ўтирар эдик. Бизнинг отларимизни олиб келганларидан сўнг отларга миндик ва ўша ердан бир-биримиздан ажралиб кетдик. Шундан сўнг Султон Аҳмад мирзо ва унинг амирлари худди авваллари бўлганидек ҳазрати эшон (Хожа Аҳрор) зиёратига тез-тез бориб турардилар. Ана шунда амир Абдулалининг башорати тўғри чиқди.

Бир дарвеш шундай ҳикоя қилдики, бир вақт Хожа Мавлононинг мажлисида бизнинг Хожамиз (Хожа Аҳрор) ҳақида сўз борибди. Хожа Мавлоно шундай деган эмиш; бу жуал (ахлат қўнғизига, Хожа Аҳрор)га эътибор қилманг, чунки унинг иши мол-мулк йиғишдан бошқа нарса эмас (Бу ўринда шуни эслатиш лозимки, Хожа Мавлононинг бу сўзлари «Маноқиби Хожа Аҳрор» деб аталган китобдаги айрим воқеалар қаҳрамони айтган сўзлар билан ҳамоҳангдир. Жумладан: «Бир кун Хожа Аҳрор Самарқанднинг Суғдидаги мулкига кетаётганда бир қаландар унинг йўлини тўсиб: эй дунёдор, қанча дунё тўплайсан?» – деб айтган. Бу ҳол кейинчалик таъкидлайдиганимиз бир ҳақиқатни – Хожа Аҳрорга қарши курашнинг уюштирилган эканини яна бир карра тасдиқлайди).

Бу сўзлар ҳазрати эшонга етиб борибди. Ҳазрати эшон шундай дебдурлар: оқибатда жуалдай ўлгай.

Хожа Муҳаммад жарроҳнинг ўғли Мавлоно Маъруф шундай деди: Мен Ҳиротда эдим. Хожа Мавлоно ҳам бу шаҳарга келди. Шаҳар акобирлари уни кўришга келдилар. Улар Хожа Мавлоно сўзларида паришонлик борлигини мушоҳада қилдилар. Шундан сўнг олдига жуда оз киши борар эди. Охири амир Чақмоқ мадрасасида яшади. Унинг олдига келган одамга «Буларнинг ҳаммаси ўша шайхнинг (Хожа Аҳрор) каромати» деб айтар эди. Шунда улардан бири айтди: эй Хожа Мавлоно, сиз шайх ул-исломсиз, Самарқанд соҳибисиз, ота-боболарингиз у шаҳарда иззатли ва ҳурматлидурлар. Умрингиз охирида бундай паришонлик ва хўрликка учрашувингиз ўша шайхнинг каромати бўлмай нима ҳам бўларди. Оқибатда Хожа Мавлоно касалликка учради, касаллиги вақтида мен (Мавлоно Маъруф) унга қарашиб турардим. Бир куни ҳужрасига кирсам, нажосати устида ўтириб, қўллари билан уни титиб бармоқларини бурнига келтириб, эй Мавлоно Маъруф, мушил (нажосат)нинг ҳиди ёқимли экан, деганини эшитиб, нафратим ошди-да, ҳазрати эшон (Хожа Аҳрор)нинг сўзлари хотирага келди. Ул ҳазрат «Хожа Мавлоно жуалдай ўлсин» деган эдилар. Дарвоқе, шундай бўлди. Умрининг охирида Мавлоно Муҳаммад Муаммоий унинг олдига келганида, кўзларини очиб Мавлоно Муҳаммад Муаммоийга қараб, шундай деди: «Ҳурматли Мавлоно Муҳаммад! Агар муҳтарам Хожа Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрор)нинг зиёратига борсангиз бизнинг гуноҳларимизни айтиб, узримизни ҳам етказсангиз: нима қилган бўлсак нафс-иззатталашлик ва обрў орттириш учун қилган эдик. Ҳаммасидан воз кечдик. Карам қилсинлар-да, бизнинг гуноҳларимизни бағишласинлар». Шундай деди-да оламдан кўз юмди».

Мавлоно Маъруфнинг бу ҳикоясини Муҳаммад Қози Хожа Аҳрорнинг кайфиятлари яхши бўлган бир вақтда ул ҳазратга айтганида Хожа Аҳрор ниҳоятда таъсирланиб, Хожа Мавлононинг гуноҳларини бағишлаганлар. Бу ҳикоя ҳаётий ва воқеий бўлиб, унда қатнашувчи ва ҳикоя қилувчилар ҳам воқеаларнинг бевосита гувоҳи бўлган тарихий шахслардир. Шунинг учун унга ишонмаслик ва ёки эътибор бермаслик мумкин эмас. Шунга қўшимча тарзда Рашид Набиевнинг «ХV асрда Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий ҳаётидан (Хожа Аҳрор ҳақида мулоҳазалар)» номли мақоласида фойдаланилган «Маноқиби Хожа Аҳрор»даги қуйидаги маълумотни ҳам назарда тутмоқ лозим кўринади.

«Маноқиби Хожа Аҳрор»да шундай келтирилган экан:  «Абдураззоқ ном шахсе буд, ки кори ў ҳамеша қати тариқ буд, ба бадй ва далерй шуҳрати азим дошт. Хожа Мавлоно ба ў маблағи касир зар ваъда карданд, ки агар ту ҳазрати Хожа (Аҳрор) ро бикушй, ин маблағро бар ту расонам. У низ қабул карда, ки он чунон бикунад».

Мазмуни: Абдураззоқ деган бир киши бор эди. У ҳамиша йўлтўсарлик қилар, ёмонлиги ва дадиллиги билан шуҳрат қозонган эди. Хожа Мавлоно унга кўп олтин ваъда қилиб, агар Сен ҳазрат Хожа (Аҳрор)ни ўлдирсанг, шу олтинларни бераман, деган. У ҳам рози бўлиб шундай қилажагини айтган».

«Маноқиби Хожа Аҳрор»да келтирилган бошқа бир воқеа ҳам аҳамиятли бўлиб, бу ҳақда Р. Набиев шундай ёзади: «Маноқиби Хожа Аҳрор» исмли бир асарда айтилишича, Абу Саъид ўзи Хуросонга кетган чоқларда Самарқандда ўзи билан номдош бўлган бир кишини – Абу Саъид исмли бировни ҳоким қилиб қолдирган. Шаҳар ҳокими Абу Саъид бошлиқ Султон Абу Саъид амирлари Хожа Аҳрордан норози бўлиб, Хуросонга Султон Абу Саъидга хат ёзадилар. Ҳақиқатда Хожа Аҳрорнинг ҳаракатида шаҳарни Абу Саъид душманларига олиб бериш мақсади кўриниб, унинг томонидан содир бўлган бу нарсани амирлар тезда сезиб оладилар. Юборилган хатнинг мазмуни Хожа Аҳрорнинг Самарқанд ҳокимига ва умуман Султон Абу Саъид давлатига қарши қаратилган ҳаракатларини ҳукумдорга етказишдан иборат бўлиб, у Султоннинг энг ишонган одами Мавлоно Муҳаммад Али Хоразмий қўли билан ёзилади.

Абу Саъид бу хатни олгач, Самарқандга келишга мажбур бўлади. У Аббос чўлига (Дарғомнинг жанубий томонида) келганда, Хожа Аҳрор ҳам бошқа амирлар қаторида Самарқанддан султонни кутиб олишга чиқади ва Абу Саъидга уч марта: Мирзо, биз сизга қандай эътиқод қилган бўлсак, сиз ҳам бизга шундай эътиқод қилинг, нима қилган бўлсак сизнинг давлатингиз ва мусулмонларнинг рифоҳияти (тинчлиги, осойишталиги) учун қилдик, деб мурожаат қилганда, Абу Саъид жавоб қайтармади, лекин Хожанинг маълум моҳир бир тактика билан иш кўриши унга аниқ бўлганидан кейинроқ бу аҳвол билан келишишга мажбур бўлади».

Келтирилган мисоллардан маълум бўладики, Хожа Аҳрорга қарши курашни асосан ҳоким табақа вакиллари ва шариат пешволари олиб борганлар, уни обрўсизлантириш, таъсир доирасини чеклаш учун интилганлар. Хожа Аҳрор ҳақида ўша даврда ва кейинроқ ёзилган айрим мақомот ва маноқибларда ана шундай «ғийбатлар, номуносиб нарсалар назм ва наср билан» атайлаб яратилгандир. Бас, шундай экан, Хожа Аҳрор ҳақида мақомот ва маноқиблардаги маълумотларга ниҳоят эҳтиёткорлик ва дақиқлик билан ёндашиш, улардаги ғийбат ва ҳақиқатни аниқлаб олиш талаб қилинади. Албатта, шундай ёндашмоқ адолатдан бўлур эди. Агар шундай йўл тутилмаса, Хожа Аҳрорнинг ҳақиқий сиймоси ва мавқеини аниқлашда чалкашликлар давом этаверади.

Хожа Аҳрор ҳаётлиги вақтида унга бўлган икки хил муносабат кейинги асрларда ҳам давом этди. ХVII асрнинг охири – ХVIII асрнинг бошларида фаолият кўрсатган Роқим Самарқандийнинг «Тарихи касира» (Кўп тарих) асарида Хожа Аҳрорга нисбатан самимият ва эҳтиром билан сўз юритилади. Бу ўринда унинг мазмунан таржимасини тўлиқ ҳолда келтириш жоиздир.

ХОЖА АҲРОРИ ВАЛИНИНГ ДАВРИ ВА ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
022

081 Хожа Аҳрор тарихимизнинг ХV асрида Мовароуннаҳр ва Хуросонда Темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган даврда яшади. Бу давр илмнинг турли соҳа мутахассислари – тарихчи, файласуф, санъатшунос, иқтисодчи, адабиётшунос ва тилшунос олимлар томонидан, гарчи даврнинг ҳамма масалалари тўлиқ ва холисона ёритилган деб бўлмаса-да, ўрганилган. Хожа Аҳрор Амир Темур умрининг сўнгида дунёга келиб, унинг ҳаёти Мовароуннаҳрда Халил султон, Мирзо Улуғбек, Абдуллатиф, Мирзо Абдулло, Султон Абу Саъид, Султон Аҳмад, Хуросонда эса Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Султон Абу Саъид ва Ҳусайн Бойқаро ҳукмронликлари даврига тўғри Келади. Бу даврда Самарқанд марказлигида Мовароуннаҳрда ҳам, Ҳирот марказлигидаги Хуросонда ҳам маълум вақтда тожу тахт учун курашлар давом этган бўлса-да, илм ва маданиятнинг, ҳунармандчилик ва тижоратнинг ривожланган пайтига мос Келади. Худди шу даврда жаҳон илми ва маданияти хазинасига катта ҳисса бўлиб қўшилган илмий-адабий обидаларни ва меъморий ёдгорликларни яратишда Амир Темур ва Мирзо Улуғбекларнинг, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг, Камолиддин Беҳзод ва Султон Али Машҳадийларнинг, Мирхонд ва Хондамирларнинг, Али Қушчи ва Қозизода Румийларнинг хизматлари алоҳида аҳамият касб этди. Худди шу даврда Шарқ фалсафасидаги тасаввуфнинг нақшбандия тариқати бу ўлкаларда катта эътибор қозонди ва ижтимоий гуруҳларнинг барча табақалари орасида кенг ёйилди. Бу ҳодисанинг сабабини шу билан изоҳлаш лозимки, ўша даврдаги зулм ва адолатсизликка нисбатан қарши кураш Озарбайжонда ҳуруфийлар тариқатини ва унинг машҳур вакилларидан Фазлуллоҳ Наимий, Имодиддин Насимийларни тарих саҳифасига олиб чиққан бўлса, Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия тариқатининг ёйилишига ва унинг машҳур намояндаларидан Саъдиддин Қошғарий, Хожа Аҳрори Вали ва Абдураҳмон Жомийларнинг етишиб чиқишларига боис бўлди. Чунки ҳар икки тариқат ҳам тасаввуф фалсафаси ва исломий ақидалар доирасида майдонга келган бўлса-да, аммо ҳуруфиядаги пантеизмда ҳам, нақшбандиядаги ҳунар ва Реал борлиқ, ҳаётдан узоқлашмаслик ҳақидаги таълимот ҳам биринчи ўринда инсон ва унинг манфаатлари қўйилганлиги диққатга сазовордир. Ҳуруфиянинг машҳур вакили Имодиддин Насимийнинг қуйидаги байтлари айтилганларни исбот эта олувчи далилдир.

Одами фазли худо бил одами,
Коинота кадхудо бил одами.
Сен дарахти мунтаҳо бил одами,
Соҳиби арзу само бил одами.

Ёки:

Манга сиғар икки жаҳон ман бу жаҳона сиғмасам,
Гавҳари ломакон манам, кавну макона сиғмасам.

Бу байтларда Насимий инсоннинг улуғ мавқеини улуғлайди, ҳатто Ер ва Кўкнинг соҳиби эканини уқтиради. Шу билан бирга Насимий форс тилида ёзган қуйидаги рубоийсида бу фикрни янада давом эттириб, инсонни Оллоҳ даражасига кўтаради, инсонда ОЛЛОҲни кўради:

Бинни ту ҳайъати «алиф»дорад рост,
Абрўи ту «лом алиф» бувад аз чапу рост.
«Ҳо»и доираи ду гўш, ай, мазҳари Ҳақ,
3-ни жиҳат агар «оллоҳ» хонанд равост.

Мазмуни:

Сенинг бурнинг «алиф»нинг қоматидекдир.
Қошларинг ўнг ва сўлдаги «лом алиф»декдир.
Қулоқларингдаги доира «ҳо» ҳарфидек,
эй ҳақнинг мазҳари.
Шу жиҳатдан сени «Оллоҳ» деб билсалар жоиздир.

Ҳуруфийларнинг бу масалага доир тушунчалари ва муносабатини Озарбайжоннинг таниқли алломаси Ҳамид Арасли шундай изоҳлаган эди: «Ҳуруфийлик таълимотига кўра, олам иккитадир: бири кўраётганимиз коинот, иккинчиси эса инсон. Биринчи оламда Қуёш, Ой, юлдузлар, бутун само, Ер юзи – ўрмонлар, тоғлар, дарёлар, денгизлар жойлашган. Иккинчи оламда, яъни инсонда бутун обектив борлиқ ўз аксини топгандир. Ҳуруфийлар Қуръон оятларидан келиб чиқиб, Қуёшнинг, Ойнинг инсон истаги билан айланишини даъво қиладилар. Инсоннинг ташқи оламида эса Қуёшнинг, Ойнинг ва бутун само жисмларининг мавжуд эканлигига инонадилар… Ҳуруфийлар айни замонда Оллоҳнинг гўзал инсон юзида тажассум этишлигини, яратилиш сирининг сўзда эканлигини, сўз ҳарфлар билан ифода этилишини, ҳарфлар эса инсон юзида жойлашганини даъво қиладилар. Шунинг учун коинотнинг бутун сирларини инсонни ўрганиш йўллари билан изоҳлайдилар. Ўзини тўғри идрок этган Оллоҳ бўла олишлигини уқдирадилар. Бинобарин:

«Ҳақ таоло одам ўғли ўзидир»
(Ҳ.Арасли. Имодиддин Насимий. ТошКент, 1972, 46-47 бетлар).

Диққатга сазовор жойи шундаки, Хожа Аҳрор яшаган даврда, хусусан, ХV асрнинг биринчи ярмида Самарқандда ҳам, Ҳиротда ҳам бу фалсафий йўналиш, яъни ҳуруфия нақшбандия билан биргаликда мавжуд эди. Бунга қўшимча тарзда шуни ҳам эслатиш жоизки, ҳуруфиянинг асосчиларидан бўлмиш Фазлуллоҳ Наимий ва унинг ўғиллари ҳам Самарқандда бўлиб, ҳуруфия, унинг моҳияти ва хусусиятлари тўғрисида мулоҳаза билдирганлар, ҳатто Мирзо Улуғбек ҳам бу йўналиш билан қизиқиб қолган экан (З.А.Кули-заде, МировоззРение Касими Анвара, Баку, 1976). Бу йўналишга мансуб деб билинган машҳур Саид Қосим билан эса Хожа Аҳрори Вали биринчи марта Самарқандда учрашиб, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган эди (бу ҳақда кейинчалик батафсил тўхталамиз).
Мовароуннаҳр ва Хуросонда нақшбандия асосчиларидан Баҳовуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Бухорий Нақшбандий (1318–1389)нинг Муҳаммад Порсо, Яъқуб Чархий каби шогирдлари, Саъдиддин Қошғарий, Шайх Аттор Самарқандий, Хожа Аҳрори Вали каби намояндалари ҳам ўз асарларида ва суҳбатларида инсоннинг ўзлигини таниш лозимлигини, фақирликни фуқаро учун хизмат қилиш, зулм ва адолатсизликка қарши кураш воситаси деб ҳисоблашни тарғиб қиладилар. Жумладан, Муҳаммад Порсо шундай деган экан:

Ту ў нашавй валекин ар жаҳд куни,
Жое бирасй, к-аз ту тўи бархезад

Мазмуни:
Сен у (Оллоҳ) бўла олмассан, аммо жаҳд қилсанг, сенда сенинг ўзлигинг намоён бўлади.

Нақшбандия тариқатининг намояндалари ўз мухлисларини одамлар билан бирга бўлиш, фойдали меҳнат ва бирор-бир ҳунар билан шуғулланишга даъват этганлар, фақирларга ғамхўр бўлишни уқтирганлар. Аммо шуни эслатиш лозимки, мазкур даврдаги иқтисодий ва мафкуравий муҳит ниҳоят мураккаб бўлган. Устунликка эга бўлиш учун олиб борилган кураш, хиёнат ва суиқасдлар фақат ҳоким табақа ўртасидагина эмас, балки шариат Пешволари орасида ҳам авж олган. Натижада халқ оммаси, Меҳнат аҳли азоб-уқубатларга гирифтор бўлган, қийналган, оғир аҳволда кун кечирган. Шоирлар тасвиридагиДек, вафо Анқо уруғидай топилмас, адолат орзудагина, самимият хаёлдагина, ўзаро қардошлик ва раҳму шафқат қоғоздагина бўлган эди у замон.

Ана шундай мураккаб бир шароитда тарих майдонига қадам қўйган Хожа Убайдуллоҳ Шоший жамиятнинг кўпгина табақалари орасида шуҳрат қозониб, Хожа Аҳрори Вали (мард, покиза ва вали) номи билан тилларда достон бўлди. Бунинг сабаби нимада? Ахир, нақшбандия тариқатининг бошқа машҳур муршидлари – Яъқуб Чархий, Саъдиддин Кошғарий, Низомиддин Хомушлар ҳам бор эдиларку?! Нега энди Хожа Аҳрори Вали бунчалик иззат-эҳтиромга сазовор бўлди?! Аввало, шуни айтиш лозимки, бу ардоқли сиймо мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтди. Бу масалани ойдинлаштириш учун Хожа Аҳрори Валининг таржимаи ҳолига назар ташлаш лозим. Хожа Аҳрорнинг ўз таржимаи ҳолини ёзиб қолдиргани бизга маълум эмас. Аммо унинг суҳбатларида қатнашиб, унинг билан бирга узоқ муддат яшаган шогирдлари, мухлислари томонидан Хожа Аҳрор ҳаёти, фаолияти, фазилатлари, айтганлари ҳақида ёзилган мақомот ва маноқиблар бизгача етиб келган. Мақомот ва маноқибларда Хожа Аҳрорнинг ўзи томонидан ҳикоя қилинган, таржимаи ҳолини ёритадиган маълумотлар билан бирга унинг фазилатлари, атрофидагилар билан муносабати, турли масалага оид айтган сўз ва мулоҳазалари мақомотларни ёзган муаллифлар томонидан тўпланиб, алоҳида ҳикоят ёки ривоят тарзида қайд қилинган. Ана шундай мақомот ва маноқиблардан Хожа Аҳрорнинг куёви амир Абдулаввал томонидан тузулиб, «Масмуот» (Эшитилганлар) номи билан эслатиладиган асари, севимли шогирди Муҳаммад Қози томонидан ёзилган «Силсилат ул-орифин» китоби, юқорида эслатилган асарлардаги материаллардан фойдаланиб, ўзи ҳам Хожа Аҳрор билан учрашганида эшитган ҳикояларини қўшиб, «Рашаҳот айн ул-ҳаёт» (Ҳаёт чашмасидан қатралар) номи билан машҳур бўлган асарни ёзган Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийларнинг қимматбаҳо материалларга бой мақомотларини ҳамда Хожа Аҳрорнинг молиявий ишлари билан шуғулланувчи мавлоно Шайх тўплаган ва номаълум шахс томонидан тузилган «Маноқиби Хожа Аҳрор» каби китобларни эслатиш мумкин. Бу манбалардаги маълумотлардан турли тадқиқотчилар фойдаланган.

Биз Хожа Аҳрор таржимаи ҳоли ва фазилатларини баён этишда асосан Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» асарига таянамиз. Бунинг сабаби шундан иборатки, Хожа Аҳрор тириклиги вақтидаёқ ўзи ҳақида бирор нарса ёзишни Муҳаммад Қозидан сўраган экан. Муҳаммад Қози ким эди ва Нега Хожа Аҳрор унга бу ишни амалга оширишни гўё васият қилган?

Муҳаммад Қозининг таржимаи ҳоли ва Хожа Аҳрор билан муносабатига доир маълумотлар унинг томонидан ёзилган «Силсилат ул-орифин» китобида ҳамда ХVII аср охири ва ХVIII аср бошларида яратилган «Тарихи касира»да мавжуд. Бу ҳақда, жумладан, «Тарихи касира»да шундай ёзилган (мазмунан таржимаси): «Тариқат вакиллари орасида мумтоз инсонлардан бўлмиш марҳум ҳазрат мавлоно Муҳаммад Қози авлиёлар акмали, суфийларнинг муҳтарами, ОЛЛОҲ сирларининг огоҳи, покизалар қутби ҳазрат Хожа Аҳрорнинг тарбиясида вояга етганлардан биридир. Ҳазрат Хожа Аҳрор кашфу каромат маъдани бўлмиш мавлоно Муҳаммад Қозига ҳамиша илтифот кўргузар эдилар ва мавлоно Муҳаммад Қози ҳам, ўз навбатида, ул ҳазратга нисбатан содиқлик камарини боғлаб, ўзининг олий ахлоқи ва кўнгулдан бўлган самимиятини изҳор қилишга интиларди. Шунинг натижаси сифатида ҳазрат Хожа Аҳрор ҳақида «Силсилат ул-орифин» отлиқ бир китоб ёзмиш. Алҳақ, бу китоб орифлар кўзининг қорачиғи, ошиқлар кўнгли маркази ва содиқлар кўксидан жой олди. Аммо Муҳаммад Қозининг ҳаёти ниҳоясига етиб, 921 ҳижрий 1515 Мелодий йилда оламдан кўз юмди. Айрим фозил кишилар у кишининг вафотига таърихлар битдилар… Муҳаммад Қозининг қабри ҳазрат Хожа Аҳрор (мақбараси)нинг оёғи томонидадир…»

Кўринадики, Роқим Самарқандий қаламига мансуб «Тарихи касира» асарида Муҳаммад Қози ҳақида айрим маълумотлар: Хожа Аҳрорнинг содиқ шогирди, донишманд эканлиги, «Силсилат ул-орифин»нинг муаллифи бўлгани ва 921 ҳижрий – 1515 Мелодий йилда вафот этгани, қабри эса Хожа Аҳрор мақбарасининг жанубида эканлиги ойдинлашади. Аммо унинг туғилган йили қайд қилинмаган. Бундай маълумотларни Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин»да Келтирган айрим таъкидлари тўлдирадики, биз уларни ўрни-ўрни билан эслатиб ўтамиз. Шундай қилиб, Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» асари Хожа Аҳрорнинг хоҳиши билан ёзилган. Муҳаммад Қозининг эътироф этишича, у бу ишни Хожа Аҳрорнинг ҳаётлиги вақтида бошлаб, бунинг учун маТериал тўплай бошлаган. Буни эшитган Мовароуннаҳр ҳокими Султон Аҳмад мирзо Муҳаммад Қозига одам юбориб: «Бу хайрли ишни бошлаб, яхши иш қилибсан, билгилки, Мен ул ҳазратнинг аҳволлари ва кароматлари ҳақида кўп нарса билурМен, керакли маълумотларни Мендан олишинг мумкин», мазмунида хабар юборган экан. Муҳаммад Қози ўзи билган маълумотларга Султон Аҳмад мирзо, Хожа ака (Хожа Аҳрорнинг катта ўғли Хожа Абдуллоҳ), мавлоно Лутфуллоҳ, мавлоно Шайх, Ҳасан Баҳодур, Нажиби нажжор, мавлоно ДарВеш Сарипулий, Хожа Муҳаммад жарроҳнинг ўғли мавлоно Маъруф, Амир Абдулаввал каби Хожа Аҳрор билан бевосита муносабатда бўлганлардан ул ҳазрат билан боғлиқ бўлган турли характердаги ҳикоят ва нақлларни тўплади. Шунинг натижасида у китобни ёзишга киришиб, Хожа Аҳрор вафотидан 14 йил ўтгач, яъни 910 ҳижрий – 1504 Мелодий йилда китобни ёзиб тугатди. О.Д. Чеховичнинг маълумотига кўра, «Силсилат ул-орифин»нинг иккита қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар акаДемияси Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланиб, улардан бири 1565 йилда 500 бет ҳажмида кўчирилган экан. Биз «Силсилат ул-орифин»нинг ёзилишидан олти йил кейин, китоб муаллифи ҳаёт бўлган вақтда, яъни 915 ҳижрий 1510 мелодий йилда Бухорода Амирий ибни Хожаги Низомий Балхий томонидан 730 бет ҳажмида кўчирилган қадимийроқ нусхасидан фойдаландик. Юқорида таъкидлаганимиздек, мазкур нусха донишманд Абдулҳамид Пўлодийнинг шахсий кутубхонасида бўлиб, бизга лутфан туҳфа қилган эдилар.

Шуни эътироф этиш лозимки, «Силсилат ул-орифин»да Хожа Аҳрорнинг таржимаи ҳоли узлуксиз тарзда баён қилинган ҳам эмас ва шунинг билан бирга ул ҳазрат ҳаётининг ҳамма лавҳалари тўлиқ ёритилганича йўқ. Шунга қарамай, асарда Хожа Аҳрор билан боғлиқ бўлган кўпгина муҳим маълумотлар мавжуд.
«Бизнинг Хожамиз (Хожа Аҳрор), – деб ёзади Муҳаммад Қози, – Хожа Маҳмуднинг ўғлидир. Хожа Маҳмуд эса хожа Шаҳобиддиннинг ўғли бўлиб, Хожа Шаҳобиддин уч ё тўрт восита билан Хожа Номийга бориб етади. Айтурларким, Хожа Муҳаммад Номий асли Бағдоддан бўлиб, шоФеия уламосининг улуғларидан бўлмиш ва зоҳиру ботин илмларида асрнинг нодири ва замоннинг имоми ҳазрат шайх Абу Бакр Муҳаммад ибни Али ибни Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлгач, ҳазратнинг мулозамати муносабати билан Шош – Тошкентга келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожамизнинг оналари Довуднинг қизи бўлиб, хожа Довуд Ҳазрати шайх Хованди Таҳурнинг ўғлидир, шайх Хованди Таҳур эса шайх Умар Боғистонийнинг ўғлидир».

Бундан кўринадики, Хожа Аҳрор она томонидан Шайх Хованди Таҳур ва унинг отаси Шайх Умар Боғистоний авлодидан бўлса, ота томонидан эса Муҳаммад Номий Бағдодий авлодидан экан.

Бу ўринда ана шу хонадонлар вакиллари ҳақида бизга маълум бўлган айрим маълумотларни Келтириш маъқул кўринади. Қайд қилинганидек, Хожа Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир. Хожа Маҳмуд ва унинг таржимаи ҳолига доир маТериаллар ҳозирча камроқ. Аммо Хожа Аҳрор отасининг хоҳиши билан «Волидия» асарини ёзгани маълум.

Хожа Маҳмуд ҳақида Салоҳиддин Тошкандийнинг 1908 йилда ёзилиб, нашр эттирилган «Темурнома» («Чўлпон», Тошкент, 1990) номли асарида ҳам баъзи маълумот учрайди. Аммо бу маълумот ривоятга асосланган.

Хожа Маҳмуднинг отаси Хожа Шаҳобиддин ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотга дуч келмадик. Шундай бўлса-да, Муҳаммад Қози томонидан Келтирилган қуйидаги ҳикояда Хожа Шаҳобиддин ҳақида сўз боради (мазмунан таржимаси). «Ҳазрати Хожа Аҳрор айтур эрдиларким, бобом хожа Шаҳобиддин умрлари охирида касал бўлиб ётганда катта ўғиллари Муҳаммадга қараб, ўғилларинг – набираларимни олиб кел, дебдилар. Амаким Хожа Муҳаммад ўғиллари – Хожа Ишоқ ва Хожа Масъудларни олиб келибдилар. Хожа Шаҳобиддин уларни кўргач, Хожа Муҳаммадга қараб айтибдилар: ўғилларингдан бирор-бир иш чиқмайди, иккови ҳам сарсон-саргардон бўлғусидир. Шундан сўнг кичик ўғиллари Хожа Маҳмудга қараб, ўғлингни олиб кел, дебдилар. Хожа Маҳмуд мени (Хожа Аҳрорни) кичик бўлганим учун тўнларига ўраб, олиб келибдилар. Бобомнинг кўзлари Менга тушиши билан ўринларидан туриб, мен истайдиган ўғил шудир, деб Менга юзларини суркабдилар ва отамга қараб, бу ўғлимнинг тарбиясига алоҳида эътибор қилгайсан, бу ўғил оламгир бўлгай, шариат ва тариқатни ривожлантиргай, ман-ман деган оқимлар унинг фармонида бўлгайлар. У бошқа машойихлар қилолмаган ишларни амалга оширгай… Шундай деб катта ўғиллари Хожа Муҳаммадга қараб айтибдилар: сенинг ўғилларинг ҳақида бундай гаплар айтилмади, хафа бўлмайсан, чунки бу ўғил (Хожа Аҳрор)нинг тақдири шундай бўлгач, мен бошқача сўз айта олмасман. Афсуски, мен бу ўғлимнинг омадларини кўра олмасман.

Хожа Аҳрор тилидан яна бир ҳикоят келтирганки, унда ҳам Хожа Шаҳобиддин тилга олинган:  «Хожа Имод ул-мулк бобом Хожа Шаҳобиддинни кўрмоқ учун Тошкентга келган эдилар. Мен жуда ёш бўлсам-да, уларнинг суҳбатларида қатнашдим. Ҳамма ухлаб қолган бўлса-да, Мен ўтирардим ва уларнинг сулук ҳамда тариқат ҳақидаги суҳбатларидан баҳраманд бўлардим».

Бундан бошқа маълумот ҳозирча учрамади. Хожа Аҳрорнинг аждоди бўлмиш Хожа Муҳаммад Номий билан боғлиқ айрим маълумотлар эса Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» китобида келтирилган. Айтилганидек, Хожа Муҳаммад Номий асли Бағдоддан бўлиб, унинг Тошкент – Шошга келиб, турғун бўлиб қолиши сабаби ҳақида шундай маълумот берилади: (мазмунан таржимаси) «Хожа калон, яъни Хожа Аҳрорнинг катта ўғли Хожа Абдуллоҳ, шундай ҳикоя қилган эдилар: отамиз ҳазрати Хожа Аҳрор Хожа Маҳмуднинг ўғли бўлиб, у Хожа Шаҳобиддининг ўғли. Хожа Шаҳобиддин уч-тўрт восита билан Хожа Муҳаммад Номийга бориб етадилар. Айтурларким, Хожа Муҳаммад Номий Бағдоддан бўлиб, шоФеиянинг улуғ уламоларидан, зоҳир ва ботин илмларининг донишмандларидан бўлмиш замонанинг имоми шайх Абу Бакр Муҳаммад бин Али бин Исмоил Қаффоли Шошийнинг муридлари бўлгач, ул кишининг хизмати учун Тошкентга келиб, турғун бўлиб қолганлар.

Шайх Абу Бакр Муҳаммад Қаффоли Шоший (шайхнинг туғилган йилини аниқлай олмадик. Унинг вафоти йили баъзи манбаларда 366 ҳ. – 976–977 м. йил Дейилса, айримларида 427 ҳ. – 1035–1036 м. йил деб кўрсатилади. Эҳтимолки, булардан бири туғилган йили бўлиши мумкиндир. Буни яна аниқлаш лозим) ўз замонининг таниқли уламоларидан бўлиб, тафсир ва фатво бобида кўпгина китоблар битганлар. Ул жумладан, «Шавоҳид ун-нубувва», «Далоил ал-қибла»лардир. Имом Ғаззолий, Имом Розий, Имом Наввийларнинг китобларида Шайх Абу Бакр Муҳаммад Қаффоли Шошийнинг асарларига мурожаатлар бор.

Шайх Абу Бакр Муҳаммад Қаффоли Шоший ўз вақтларини уч қисмга бўлган эдилар: бир йил Рум томонидаги Ғазо шаҳрига борардилар, ул вақтларда Румда ислом ёйилмаган экан; бир йил ҳажга борардилар ва яна бир йил вилоятларида бўлиб, халқни Ҳақ томон даъват қилурдилар. Бу тўпламни тузувчининг ақидасига кўра, шайх Абу Бакр Муҳаммад Қаффоли Шоший Рум томонидаги Ғазо шаҳрига борганларида Хожа Муҳаммад Номий ул ҳазратда валийлик ва йўлбошловчилик фазилатларини мушоҳада қилиб, мурид бўлганлар ва ул кишининг хизмати учун Шошга келиб, турғун бўлиб қолганлар. Айримлар Муҳаммад Номий Хоразмда деб айтсаларда, аммо, бизнингча, юқоридаги ҳолат ҳақиқатга яқиндир. Шайх Қаффоли Шоший бир Неча марта Бағдод ва Ғазога борганлар ва бу тўғрироқдир.

Айтурларким, ҳазрати шайх Абу Бакр Қаффоли бир марта ҳажга бораётиб, Бағдодга кирибдилар. Шаҳарда ташвиш ва бесаришталик ҳукм сураркан. Бунинг сабаби шу эканки, Рум султони Бағдод подшоҳига ибри тилида жуда мураккаб услубда чиройли нома юборибди, унда уч ишдан бирини бажариш лозимлиги айтилган экан; биринчиси, номага шундай жавоб ёзмоқ; иккинчиси, агар бу муяссар бўлмаса, бойлик жўнатмоқ ва агар бул ҳам қабул қилинмаса, унда учинчиси – урушга тайёр бўлмоқ кераклиги. Бағдодликлар румийлар билан урушмоққа тайёр эмасдилар ҳамда Рум подшоҳи талаб қилган миқдордаги бойликлари ҳам юқ эди. Шунинг учун ибри тилида жавоб хат ёзишни маъқулладилар. Шу мақсадда Бағдоддаги уламо ва фозилларни тўплаб хатга жавоб ёзиш лозимлигини айтдилар, Лекин уни ҳеч ким ёза олмади. Рум подшосининг элчиси эса жавобни Тезлаштиришни ҳар гал эслатарди. Худди шу вақтда шайх Абу Бакр Қаффол Бағдодга кириб борган эди.

Туркистондан бир донишманд келганлиги ҳақидаги гап шаҳарга тарқалди. Бу хабар Бағдод подшосига бориб етди. Подшоҳ одамларини юбориб, шайх Абу Бакр Қаффолни ҳурмат билан саройга Келтирди. Подшоҳ шайх Абу Бакр Қаффолга мақсадини айтиб, унга Рум султонининг номасини берди. Шайх Абу Бакр Қаффол етмиш икки тилни биларди. Шунинг учун хатни ўқиб чиқдию, бир шарт билан жавоб ёзаман деди. Подшоҳ ул шарт нима деб сўради. Шайх айтди: подшоҳ ҳазратлари амир ул-мўминин Усмоннинг мушафи (қуръони)ни менга берсалар, жавоб ёзурман. Подшоҳ бу шартга кўнмади, аммо жавоб ёзишни илтимос қилаВерди. Шунда подшоҳ уламо ва амирлар билан Кенгашди. Улар айтдилар: шартни бажармасангиз, хатнинг жавобини ёзмайди. Шартни қабул қилиб, мушафни беринг. Шундан сўнг кўп олтин бериб, қайтиб олармиз, агар йўқ деса, зўрлик билан ҳам мушафни олурмиз. Подшоҳ рози бўлиб, амир ул-мўминин Усмоннинг қуръонини шайх Абу Бакр Қаффолга берди. Қуръонни олган шайх подшоҳнинг асл мақсадини ҳам сезди. Хатга жавоб ёзиш учун подшоҳдан ўн кун муҳлат сўради. Подшоҳ рози бўлди. Шайх подшоҳ олдидан чиқиб ўзининг ниҳоят зийрак шогирдини учар отга миндириб, Қуръонни унга бериб, ўн кун ичида Табризга етиб бориши лозимлигини айтиб, уни жўнатди. Шундан сўнг ибри тилида ниҳоят гўзал жавоб хатини ёзди. Ўн кундан сўнг подшоҳ чопари келиб, хатни сўради. Шайх ҳазратлари Рум султонининг номаси ва унга ёзган жавобини подшоҳ олдига олиб бордилар ва уни ўқиб бердилар. Бундай гўзал жавоб хатни эшитиб ҳамма ҳайратда қолди. Элчи хатни олиб Румга Кетди. Рум султони уни ўқигач, айтди: шуниси маълумки, бундай жавоб ёзгувчи Бағдодда йўқдир. Бас шундай экан, уни ким ёзди? Элчи айтди: бу хатни Туркистондан келган бир донишманд ёзди, чунки бағдодлик уламо уни ёзишдан ожиз қолган эдилар. Рум султони ҳам шундайга ўхшайди, деб айтди.

Ул мушаф (қуръон) Хоразмшоҳ Шошни хароб қилган замонда Абу Мусо маҳалласидан ғойиб бўлган эди.

Айтурларким, шайх Абу Бакр Қаффол Ғазога борган йили улар румликлар билан уришиб, енгилган эдилар. Шунда бошқа бағдодликлар каби шайх ҳазратлари ҳам румликларга асир тушган эдилар. Уларни кўрган Рум султони ҳазрати шайхга қараб Деди: Сен бағдодликларга ўхшамайсан. Тўғрисини айт, қаерликсан? Шайх ҳазратлари: Мен Шошдан бўламан, дедилар. Рум султони айтди: Сен менинг хатимга ибри тилида жавоб ёзган киши эмасмисан. Шайх айтди: Худди шундай. Рум султони шайх ҳазратларига қараб, бизга Тавротни араб тилига ўгириб бер. Агар шу ишни бажарсанг, Сен ва бошқа асирларни озод қилиб, кўпгина инъом ҳам берурман, деди. Шайх ҳазрати айтди: жуда яхши. Фақат шартим шуки, мавжуд бўлган Таврот анча ўзгаришга учраган. Мен эса бундай нусхани таржима қилолмайман. Султон дарғазаб бўлиб, агар таржима қилмасанг сени ҳам, барча асирларни ҳам ҳалок қилгумдур, деди. Шайх айтди: Нима хоҳласанг қил, аммо мен Тавротнинг нозил қилинган нусхасинигина арабчага ўгирурман. Румликлар ўзаро маслаҳатлашиб, айтдилар: Майли, ўша нусхани етказурмиз, таржима қилгил, аммо биз Муҳаммад ҳақидаги бобларга келганда, ундан кўз юмиб ўтармиз. Алқисса, ҳазрати шайх Тавротнинг ўшал нусхасини олиб, тезлик билан арабчага ўгиришга киришдилар… Таврот араб тилига ўгирилгач, Рум султони шайх ҳазратларига кўп тўҳфалар бериб, бошқа асирларни ҳам озод қилади, Қаффоли Шоший Тошкентга қайтади ва шу ерда вафот этади. Қаффоли Шоший дафн этилган жой ҳозирги кунда Тошкентда Ҳасти имом (ҳазрати имом) мозори тарзида эслатилади.

Бундан кўринадики, Хожа Аҳрорнинг ота томони аждоди ва улар мулоқотда бўлган машҳур шахслар хонадоннинг бир неча асрлар давомида фалсафий қарашлар, жумладан, тасаввуф соҳасида ўзига хос мавқега эга эканлигидан гувоҳлик беради.

Хожа Аҳрорнинг она томонидан аждодлари ҳам шундай мавқега эга бўлган хонадонга мансуб. Жумладан, Хожа Аҳрор онасининг бобоси ҳазрати шайх Хованди Таҳур (ҳозир Шайҳонтаҳур тарзида машҳур) хожагон тариқатининг кўзга кўринган вакилларидан бўлиб, анча шуҳрат қозонганлардан биридир. Шайх Хованди Таҳур хожагон тариқати масалаларидан баҳс юритувчи рисоланинг муаллифи ҳамдир. Бу рисолани мутолаа қилган Хожа Аҳрор бобосининг тавҳидни шарҳлашга бағишланган фикрларидан айримларини ўз суҳбатлари вақтида иқтибос келтирар экан. Жумладан: «Шайх Хованди Таҳур ўз рисолаларида шундай дебдурлар: шариатда тавҳид Ҳақни бир Демак ва бир билмакдир, тариқатда эса Ҳақ субҳонаҳудан бошқа нарсалардан кўнгилни яккалаш демакдир».

Худди шу фикр келтирилар экан, ҳазрат Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «тавҳид фақат Ҳақни ягона билмоқгина эмас, балки Ҳақ билан ягона бўлмоқ ҳамдир», деган ақидаси келтирилиб, шайх Хованди Таҳурнинг мулоҳазалари янада мустаҳкамланади. Хожа Аҳрор бошқа бир муносабат билан шайх Хованди Таҳур рисоласидан қуйидаги сўзларни келтиради: «Дилбар жамолсиз бўлмас, раҳбар эса камолсиз». Демак, бунда сўз раҳбар – муршид ҳақида борар экан, ҳар қандай киши ҳам муршид раҳбар (йўл бошловчи бўлавермаслиги алоҳида уқтирилиб, фақат шу соҳада камолга эришган шахсгина раҳбар – муршид бўла олишлиги таъкидланган. Шундай экан, ҳар бир соҳада, жумладан, тасаввуфда ҳам шунга доир барча масалаларни ниҳоят чуқур билган, ўзлаштирган ва муаммоларни тўғри ҳал эта оладиган бўлмоқ лозимлиги масаласи қўйилган ва шундай бўлмоқ талаб ҳам қилинган.

Маълумотларга кўра, Шайх Хованди Таҳур ўз фикрларини фақат насрий тарзда баён қилгангина эмас, балки шоирлик қобилиятига эга бўлганлиги учун шеърий тарзда ҳам ифода этган экан. Шуниси ҳам борки, Шайх Хованди Таҳур тасаввуф аҳли – Абу Сайд Абулхайр, Абдуллоҳ Ансорийлар сингари Шеърнинг тўртлик – рубоий жанрига мурожаат қилган. Ана шундай тўртлик рубоийларидан бири қуйида келтирилган:

Маҳбуб ба жуз ҳабиб зебо набувад,
Ҳар боғча жои тамошо набувад.
Дилро ба каСе маДеҳ, ки дар олами ишқ,
Ҳар жо, ка равад рахти варо жо набувад.

Мазмуни:

Севикли севгучигагина гўзал кўринур,
Ҳар боғча ҳам тамоша жойи бўла олмас.
Кўнгилни бировга бермагилки, ишқ оламида,
Қайга борса ҳам у қўним топа олмас.

(2-байтни шундай ҳам тушунмоқ мумкин: ишқ оламида қайга борса ҳам у қўним топа олмас).

Фалсафий-тасаввуфий мазмунни ифода этувчи бу тўртлик Шайх Хованди Таҳурнинг насрда баён этган мулоҳазалари билан ҳамоҳанг бўлганлиги жиҳатидан диққатни ўзига тортади.

Шайх Хованди Таҳур таржимаи ҳолига доир бошқа масалалар ҳали аниқланмаган бўлса-да, аммо шу нарса аёнки, у Хожа Аҳрор туғилганга қадар оламдан кўз юмган ва ҳозир Тошкентдаги Шайхонтаҳур деб аталадиган мақбарада дафн қилинган.

Шайх Хованди Таҳурнинг отаси Умар Боғистоний бўлиб, бу шахс Баҳовуддин Нақшбанд томонидан ниҳоят ҳурмат қилинган ва эътироф этилган сиймолардан бўлган. Шайх Умар Боғистонийнинг таржимаи ҳоли ва фаолиятига доир маълумот ҳозирча бизнинг қўлимизда йўқ. (Аммо унинг ХИВ асрда умр кечиргани ва фаолият кўрсатгани аниқ). Бу хонадоннинг вакиллари сифатида қонуншунослик (фиқҳ) соҳасида машҳур бўлган Мавлоно Тожиддин Дарғамий, мавлоно Муҳаммад Пушоғурийлар ҳам тилга олинади.

Шундай қилиб, Хожа Аҳрор мансуб бўлган хонадон тасаввуф соҳасида фаолият кўрсатиб, кўзга кўринарли муршидларни етказгани билан эътироф этилган эди. Хожа Аҳрор ана шу хонадонда, Тошкандда, 806 ҳижрий йилнинг рамазон ойида, яъни 1404 мелодий йилнинг март ойида дунёга келди. Бу тарихни исботловчи яна бир муҳим хабарни Муҳаммад Қози шундай ҳикоя қилади: «Хожа Убайдуллоҳ Хожа Аҳрор шундай ҳикоя қилганлар: Мен бир йиллик бўлганимда сочимни олдириб тўй берибдилар. Аммо шу вақтда Амир Темурнинг вафоти ҳақида хабар келгач, тўй тарқалиб, тайёрланган ошларни емабдилар ва қозонлари билан бирга тоққа олиб чиқибдилар». Бу марака Боғистонда ўтказилган экан, деб қўшиб қўяди Муҳаммад Қози. Чунки бу оиланинг макони, боғлари Боғистонда ҳам бор эди.

Маълумки, Амир Темур 1405 йилнинг 18 февралида вафот қилиб, бу хабар маълум вақт сир тутилган, кейинчалик эса яшин тезлигида тарқалган эди. Демак, бу 1405 йилнинг март ойига тўғри Келади. Бундан аён буладики, Хожа Аҳрор 1404 йилнинг март ойида дунёга келган. Хожа Аҳрорнинг асл номи Хожа Убайдуллоҳдир. Унинг болалик ва ёшлик йиллари Тошкандда ўтган. Ўша вақтнинг удумига кўра у мактабга борган, савод чиқарган, Шеърият ва тарих билан қизиққан, шу билан бирга у ёшлигидан тасаввуф намояндалари фаолияти билан кўпроқ шуғулланган. Бу ҳолни Хожа Аҳрор кейинчалик шундай эслайди: «Ёшлик даврида азизлар суҳбатида кўп бўлардим. Менда уларнинг ҳар биридан ўзига хос кайфиятлар бўларди. То бир тариқани Белгилаб олгунча кўп машаққатлар чекилди. Бунинг сабабларини кейинчалик англадим: бу билан азизлар тариқ – йўлни танлаш осон эмаслигини, мақсад сари – тўғри йўлни (тариқатни) топиш йўлида интилмоқ лозимлигини назарда тутган эканлар. Биз ҳам шундай қилдик ва нимага эришган бўлсак ана шунинг натижасида эришдик».

Хожа Аҳрор Тошкандда дафн этилган кўпгина азизу уламолар, жумладан, Абу Бакр Қаффол, Шайх Зайниддин Кўйиорифон, Шайх Хованди Таҳурларнинг оромгоҳларини зиёрат қилар, уларнинг фаолияти ва асарлари билан танишарди ҳамда бунинг орқали ўзидаги фазилатларни сайқаллаштириб борарди. Шу жиҳатдан унинг қуйидагича ҳикоя қилишларини кўздан кечириш масалани ойдинлаштирар деган умиддамиз:

«Кичик ёшимда Менда ваҳима-қўрқиш ҳиссиёти кучли эди. Бир ўзим уйдан ташқарига чиқолмасдим. Бир кечаси қорним тоқат қилиб бўлмайдиган даражада оғриди, чидай олмадим-да, ихтиёрсиз равишда уйдан ташқарига чиқдим. Шунда Абу Бакр Қаффолнинг нурли мақбарасини зиёрат қилиш фикри пайдо бўлди. У ерга бордим. Шундан сўнг Шайх Хованди Таҳур мазорини зиёрат қилиш иштиёқи ҳам пайдо бўлди. У ерга ҳам бордим… Ана шу вақтларда Менда ваҳима-қўрқиш аломатлари сезилмади. Шундан сўнг Тошканднинг бир-биридан анча узоқ бўлган мазоротларини бир кечада айланиб чиқадиган бўлдим».

Яна бир ҳикоя: «Ёшлигимда ҳазрат Шайх Абу Бакр Қаффол Шошийнинг нурли мазоротларига борганимда тушимда ҳазрати Исони кўрдим. Ҳазрати Исо айтдилар: ғам ема, биз сенинг тарбиянгни ўз зиммамизга олганмиз. Тушимнинг таъбирини айримлардан сўрадим. Улар айтдилар: сенинг тушингни саломат-соғлом бўлгайСен, деб таъбир қилурмиз. Мен бу таъбирдан рози эмасдим. Уларга шундай Дедим: сизнинг таъбирингиз менга маъқул эмас. Мен уни бошқача таъбир қиламан: Ҳазрати Исо уйғотиш-тирилтириш мазҳаридирлар. Қайси бир авлиёда уйғотиш-тирилтириш сифатлари учраса, уларни исавий машраб дебдурлар. Ҳазрати Исо менинг тарбиямни ўз ихтиёрига олган эканлар, Демак Менда ўлик қалбларни қайта уйғотиш-тирилтириш сифати намоён бўлгай. Тез орада айтганларим икки марта тасдиқлангач, кўпгина одамлар ундан баҳраманд бўлдилар».
Хожа Аҳрорнинг валийлигини белгилаб, унинг Хожа Аҳрори Вали деб аталишига боис бўлган бу сифатларни Абдураҳмон Жомий таъкидлаб ўтган эди:

Зада ашоби Хожа ҳалқа ба ҳам,
Чун нигинанд ҳалқа дар хотам
Хаббазо, ҳалқае, ки фавжи малак
Ҳалқа дар гўши он аст авжи фалак.
Филмасал, гар ҳазор дил мурда,
Аз ҳавои нафс афсурда
Бигзарад аз ҳарими маҳфилашон
Зинда гардад зи мурдагй дилашон.
Ёди вақте, ки вақти ман хуш буд,
Давлатам сўяшон инонкаш буд.
Гирдашон гаштаме ва ҳар рўза
КардаМе қатра-қатра дарюза.

Мазмуни: Хожа ва унинг суҳбатдошлари узук ва унга қадалган кўзга ўхшайдилар, гўё маликалар йиғинида фалак хизматларига Бел боғлаб тургандек. Агар нафсга берилиш туфайли кўнгли ўлик мингта киши бу манзил яқинидан ўтса, уларнинг кўнгиллари тирилади. Мен ул ҳазратнинг хизматида бўлган бахтли дамларни ҳар вақт эслайман, чунки мен ул киши атрофида, парвонадек айланиб, ҳар куни уларнинг сифатларидан қатра-қатра баҳраманд бўлардим.

Бундан равшан бўладики, Хожа Аҳрор «нафсга берилиш туфайли ўлган қалбларни тирилтирувчи» сифатига эга бўлар экан, кишиларнинг нафсга, мол-мулкка, бойликка ва амалга берилиш натижасида маънавий жиҳатдан қашшоқланиши, кўнгилнинг ўлишини назарда тутиб, уларни ана шу ҳолатдан халос қилиш – маънавий жиҳатдан камолга эриштиришни, Ҳақ таолони кўнглида жо қилиб, ярамас ўй-хаёллардан қутилиш ва олижаноб ниятлар манзилгоҳига айлантириб, инсонларда инсонийликни тирилтириш – уйғотишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ана шу мақсад йўлида бутун умри давомида фаолият кўрсатди ва обрў-эътибор қозонди. Хожа Аҳрорнинг ёшлик даври ўқиш ва табаррук жойларни зиёрат қилиш билангина ўтган эмас. Шунинг билан бирга, у рўзғор ва деҳқончилик ишларига кўмаклашган, меҳнат ҳам қилган. Бу ҳақда ўзи шундай ҳикоя қилади: «Авваллари отамнинг экин ерлари Келесда эди. Бир вақт ғалла ўрилгач, бир турк орқали уни уйга жўнатдилар. Мен ғаллани жойлаштириш билан бандлигим вақтида ғалла олиб келган турк бўшатилган қопларни олиб, жўнаб қопти. Бирдан унинг кетиб қолишини сезиб, Менда кучли бир изтироб юз берди. Чунки мен у кишига мулозамат қила олмай, миннатдорчилик билдирмай қолган эдим. Бу ҳолат мени қийнади. Ғаллани шундай қолдирдимда, уни ахтариб кетдим. Мен уни шаҳар йўлининг ярмида учратдим. Мен унга узрлар айтиб, Кечиришни сўрадим, токи шу муносабат билан Ҳақ таоло менга раҳм қилиб, ишларим юришиб Кетса. Ул турк менинг ҳаракатларимни кўриб, илтимосимни эшитиб таажжубланди ва айтди: сен турк машойихлари айтганлари каби, яъни «ҳар ким кўрсанг Хизр бил ва ҳар тун кўрсанг қадр бил» амал қилмоқдасан. Чунки Мен бир оддий кишиман ва ҳатто заруратдагина қўл-бетимни юваман. Мен ўзимнинг кимлигимни ҳам билмайман. Шунга қарамасдан менинг илтимосларимни эшитиб, унда бир кайфият уйғониб, қўл кўтариб менинг ҳақимда дуо қилди. Мен унинг дуоларидан ўзимда енгиллик сездим».

Бу ҳикоя Хожа Аҳрор ёшлигидан бошлаб, ҳар кимда ўзига хос фазилат бор, унинг ҳурматини, албатта, жойига келтирмоқ лозим, деган тушунча билан яшаганлигини кўрсатади. Бу эса ниҳоятда муҳим бўлиб, оддий меҳнаткаш кишиларни ҳамиша улуғлаш ва кишининг ўзи ҳам камтар бўлиши кераклиги ғояси билан суғорилгандир.

Хожа Аҳрор мактабда ўқиш жараёнида ўша давр таомилига кўра «Чор китоб», «Ҳафтияк», «Қуръон» ва Ҳадисларни ҳамда мактабда ўқитиладиган бошқа фанларни ўқиган, тасаввуф соҳасида яратилган асарларни мутолаа қилишга киришган. Унинг хотираси ёшликдан мустаҳкам бўлиб, ўтган воқеалар, суҳбатларнинг мазмунини кейинчалик қийинчиликсиз эсга оларди. Жумладан, Қози шундай ёзади:  «(Хожа Аҳрор) айтур эдиларки, Мен кичик эдим ва мактабга борардим. Йўлда икки кишининг ўзаро гаплашиб турганини кўрдим. Уларнинг бири иккинчисига шундай дер эди: агар қопағон итга дуч келиб қолсанг, ундан қутулишинг қийин бўлади. Бу вақтда итнинг эгасини ёрдамга чақириб, унинг паноҳида қопағон итдан қутулиш мумкин. Эндиликда золимлар зулмидан қутулиш йўли йўқ экан, ягона тадбир бу Ҳақ таолога мурожаат қилиб, ундан золимлардан қутулишга кўмаклашишни илтимос қилиб сўрамоқдир».

Хожа Аҳрор туғилган хонадон вакиллари ўқимишли кишилар бўлишган. Ана шулардан бири Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳимдир. Хожа Иброҳимнинг таржимаи ҳолидан айрим лавҳалар бизга маълум. Жумладан, Хожа Иброҳим ХИВ аср охири – ХВ аср бошларида Самарқанддаги Эгу Темур номи билан юритиладиган мадрасада таълим олган ва шу ерда истиқомат қилган (бу мадраса ҳозир сақланмаган ва қаерда жойлашгани ҳам аниқланмаган). Хожа Иброҳим ўша замоннинг машҳур олимларидан бўлмиш ва шу мадрасада яшовчи Саййид Шариф Журжонийдан (1377–1411) таълим олган. Шу билан бир қаторда самарқандлик уламолардан Хожа Алоуддин Атторларнинг суҳбатларидаи баҳраманд бўлган. кейинчалик эса бу уламо авлодидан бўлмиш мавлоно Муҳаммад Аттор Самарқандий, унинг ўғли мавлоно Ҳасанлар ҳақида Хожа Аҳрор ниҳоят самимият билан сўз юритади. Жумладан, мавлоно Муҳаммад Аттор ва унинг ўғли Мавлоно Ҳасанларнинг хожагон тариқатининг азиз ва содиқ давомчилари эканликлари қайд қилиниб, уларнинг асосий маром ва мақсади халққа фойда келтиришга интилиш эканлиги уқтирилади. Улар ўз муридларига айтар эдиларки, «бир мусулмонга нафъ етказиш учун интилмоқ керак». Шу мақсадда мавлоно Муҳаммад Аттор ҳар йили шаҳар дарвозабонларига мева ва турли хил ширинликлар етказиб берар экан. Бундан мақсад агар бирор фақирнинг иши уларга тушиб қолса, ёрдамлари тегар, деб ўйлар экан. Айтишларича, Хожа Алоуддин Аттор, мавлоно Муҳаммад Аттор ва Ҳасаннинг қабрлари шайх Аттор Самарқандий номи билан шаҳардаги хон Саййид имом қабристонида экан. Буларнинг ҳаёти ва фаолияти даври ХIV аср охири ва ХV асрларга мос келади.

Шундай қилиб, Хожа Аҳрорнинг тоғаси Иброҳим Самарқандда Эгу Темур мадрасасида эканлиги вақтида замонасининг машҳур алломалари билан мулоқотда бўлиб, ўзи ҳам эътиборли шахслардан бирига айланган. Шунинг учун у жияни Хожа Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрор)нинг ҳам ана шу муҳитда бўлишини, маълумотини оширишини истар эди. Бу ҳақда Хожа Аҳрор кейинчалик шундай ҳикоя қилган экан:
«Тоғам ўқишни давом эттиришимни жуда ҳам истар эдилар. Шу мақсадда мени Шошдан Самарқандга олиб келдилар». Айрим ишораларга кўра бу воқеа Хожа Аҳрорнинг 23–24 ёшлиги вақтида, яъни 1427 йилда содир бўлган экан.

Маълумки, бу даврда Самарқандда Мирзо Улуғбек ташкил этган илмий-адабий муҳит ниҳоятда шуҳрат қозониб, ўша замоннинг машҳур алломалари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшед, Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид Абулайс, Саъдиддин Қошғарий мавлоно Саккокий, Бисотий, Амир Саййид Қосим Анвор каби шоир ва адиблар илм-фаннинг турли соҳаларида фаолият кўрсатар эдилар. Шу билан бир қаторда бу аллома ва адиблар ўша даврдаги Самарқандда мавжуд бўлган Улуғбек мадрасаси, амир Шоҳмалик мадрасаси, Эгу Темур мадрасаси, Фирузшоҳ мадрасаси, Сароймулкхоним мадрасаси (мадрасаи хоним), мавлоно Қутбиддин садр мадрасаси, Фазлуллоҳ Абулайс хонақоси каби илм даргоҳларида таълим олаётган толиби илмларга дарс айтиб, маърузалар қилиб, ёш авлодни илм-фаннинг сирларидан хабардор қилардилар. Бундан ташқари, Мирзо Улуғбекнинг ташаббуси билан қурилаётган турли хил иморатлар (Чинихона, Расадхона), боғларни бино қилишда донишманд меъморлар, моҳир наққошу рассомлар, заркорлар ҳам тўпланган эдилар. Шунинг натижасида ўша даврда Самарқанд илму фан ва турли хил ҳунармандчиликнинг марказига айланиб, илмий-ижодий ва гўзаллик яратишга иштиёқ жараёни кенг миқёсда давом этарди.

Хожа Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрор тоғаси хожа Иброҳим билан биринчи марта Самарқандга келганида ана шу муҳитнинг гувоҳи бўлган эди. Хожа Иброҳим жияни Убайдуллоҳни шаҳардаги мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштирди, Хожа Убайдуллоҳ шу мадраса ҳужраларидан бирида яшаб, ўқишни бошлади. Тоғаси ҳар замон ундан хабар олар, ўқишга астойдил киришиш зарурлигини уқтириб турарди. Хожа Убайдуллоҳ мавлоно Қутбиддин садр мадрасасида ўқишни бошлаш билан бирга бошқа илм даргоҳлари – мадрасаларда яшагувчи аллома ва толиби илмлар билан танишади. Ана шундай алломалардан бири Саъдиддин Қошғарий эди.

Саъдиддин Қошғарий (вафоти 1456 йил, Ҳирот шаҳрида) нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган намояндаларидан бўлиб, худди шу даврда Самарқандда эди. Фазлуллоҳ Абулайс хонақосида яшаб, ундан фиқҳ, арабиятдан баҳраманд ҳам бўлар эди. Хожа Убайдуллоҳ бу аллома билан муносабатда бўлиб, унинг нақшбандия тариқатига доир суҳбатларига қатнашар ва ўзи кўпгина масалаларни аниқлаб оларди. «Бир кун, – деб ҳикоя қилади Хожа Аҳрор, – Фазлуллоҳ Абулайс хонақоси олдидан ўтаётган эдим, бир дўстим Мен «бу хонақода биров касал бўлиб ётибди, шуни кўриб ўтайлик», деди. Хонақога кирдик, қарасам, бу касал мавлоно Саъдиддин Қошғарий экан, ҳол аҳвол сўрадим. Ҳасба (тиф) касалига учраб, аҳволи оғир экан. Уни кўришга келганлар чиқиб кетдилар ва Мен ёлғиз қолдим. Мавлонога қаровчи бирор киши йўқлиги сабабли мавлоно тузалгунга қадар унга қарашдим. Мавлоно тузалди, аммо Мен шу касалликка чалиниб, Мавлоно Қутбиддин садр мадрасасидаги ҳужрада ётиб қолдим».

Касаллик узоқ давом этади ва шу туфайли Хожа Аҳрор жисмоний жиҳатдан анча кучсизланиб қолади. Ана шу кунларда тоғаси хожа Иброҳим ўқишнинг қолиб кетаётганлигини орага солгач, Хожа Аҳрор унга қараб, мен ўқишни давом эттира олмасам керак, чунки саломатлигим бунга имкон бермайди, деб айтади. Шундан сўнг хожа Иброҳим «мен бунчалик билмас эканман, ундай бўлса, қандай тарзда машғулот қилишни ўзинг биласан», деб жавоб беради. Шундан сўнг Хожа Аҳрор мадраса дастури билан ўқишни давом эттирмайди. Шуни назарда тутиб, кейинчалик ўзи бир суҳбатда айтган экан: «Бизнинг мадрасада олган таълимимиз «Масобеҳ» китобининг бир варағини ўқишдан нарига ўтган эмас».

Маълумки, Хожа Аҳрор тилга олган «Масобеҳ» китоби, аниқроғи «Масобеҳ ус-сунна» Абу Муҳаммад ал-Ҳусайн бин Масъуд ал-Марваррудий ал-Бағдодий (ваф. 112 м. йил) қаламига мансуб бўлиб, у пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадислари тўпламидир. Бу китоб ўша даврдаги мадрасалар ўқиш дастури бўйича ўқитиладиган асарлардан бири эди. Унга турли шарҳлар ёзилиб, улар ҳам ўқитиларди. Китоб араб тилида битилгандан маълумки, Хожа Аҳрор туркий ва форсий тиллар билан бирга араб тилини ҳам билар ва бу тилда ёзилган асарларни мутолаа қиларди. Хожа Аҳрорнинг мадраса таълимини оз олгани ҳақидаги эътирофи Бежиз эмас. Чунки кейинчалик мухолифлари уни ўқимаганликда айблашга интилардилар ва орқасидан «қишлоқи шайх» деб Менсимас эдилар. Бу эътироф ана шуларга жавоб тарзида айтилгандек туюлади.

Мадраса таълимини саломатлиги ёмонлашгани сабабли давом эттиролмаган бўлсада, аммо у мустақил мутолаа қилар ҳамда ўша даврнинг забардаст уламолари билан мулоқот ва суҳбатларда бўлиб ўзининг билимини оширарди. Хожа Аҳрор ҳатто шахсий ҳаётидан ҳам воз кечиб, ўқиш ва мутолаани, суҳбатлардан баҳраманд бўлишни афзал кўрган. Бу жиҳатдан Муҳаммад Қози томонидан Келтирилган қуйидаги ҳикоя эътиборга лойиқ: Самарқанддаги шайхлардан бири Саъдиддин Қошғарийга шундай дебди: Хожа Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрор)га айтинг, синглимнинг қизини – жиянимни ўз никоҳига олсин. Саъдиддин Қошғарий бу гапни Хожа Аҳрорга етказганда, Хожа Аҳрор шундай жавоб берибди: мен ўз вилоятим ва маърифатгоҳимни тарк этиб кадхудо (уйланиш, куёв) бўлиш учун бу шаҳарга келган эмасман, балки менинг мақсадим уламо ва алломалар суҳбатидан баҳраманд бўлмоқдир.

Ана шу мақсадни амалга ошириш учун кўп мутолаа қилди, суҳбатларда бўлди. Бунинг исботи учун Хожа Аҳрор суҳбатларида тилга олинган ва мисоллар келтирган қуйидаги манбаларни эслатиш мумкин: Муҳиддин ибн ал Арабийнинг «Фусус ал-ҳикам», Имом Муҳаммад ал Ғаззолийнинг асарлари, Имом Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Ал-жоМеъ ус-саҳиҳ», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозили соирин», Абдураззоқ Кошийнинг «Шарҳи Манозили соирин», Фаридиддин Атторнинг «Тазкират ул-авлиё», ибн Жуллобийнинг «Кашф ул-маҳжуб», Хожа Муҳаммад бин Али Ҳаким Термизий асарлари, шайх Хованди Таҳур, Хожа Муҳаммад Порсонинг (ваф. 1419) хожагон тариқати масалаларига бағишланган рисолалари, Саййид Қосим Анвор, Камол Хўжандий, Абу Саййид Абулхайр кабилар манзум асарлари ва бошқалар. Кўринадики, Хожа Аҳрор ўша замон учун мутолаа қилиниши шарт бўлган Қуръони Карим ва Расулуллоҳ ҳадислари, сарф ва нахвлар билан бир қаторда ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ, фалсафа – тасаввуф, шеърият ва наср намуналарини ўзбек, озарбойжон, форс-тожик ва араб тилларида мутолаа қилиб, керакли жойларда улардан фойдаланган, шеърларни ёд олиб, фикрларининг исботи учун уларни ўқиган Хожа Аҳрор ёд олган ва суҳбатларда улардан фойдаланган Шеърлардан Муҳаммад Қози ўз китобида анча намуналарни келтирган. Биз бу ўринда улардан айримларини Келтириш билан чекланмоқчимиз. Жумладан:

Хожа Аҳрор айтур эдиларки, шайх Фаридиддин Аттор буюрмишлар:

Дил зи пур гуфтан бимирад дар бадан,
Гарчи гуфторат бувад дурри Адан.

Мазмуни: Агарчи сўзларинг Адан дурларидек бўлса ҳам, кўп гапирмоқ баданда кўнгилни ўлдиради.

Яна Ҳожа Аҳрор бу байтни кўп такрорлардилар:

Чу шаккар мехўри бо гул биёмез,
Ки дар таркиб бошад нафъи бисёр.

Мазмуни: Шакар есанг уни гул билан аралаштиргил, чунки икковининг қоришувидан кўп наф етади.

Бу байтни ҳам кўп ўқир эдилар:

Роҳ ба ваҳдат назад ҳар ки нашуд дар талаб
Жумлаи зарротро аз дилу аз жон мурид.

Мазмуни: Кимки барча зарраларга бутун вужуди билан мурид бўлмаган бўлса, ул киши ваҳдат сари йўл ола олмайди.

Яна бир мисол:
Хожа Аҳрор шайх Саъдиддин Ҳамавийнинг рубоийларини кўп ўқир эдилар ва буни тез-тез айтурдилар:

Онам, ки жаҳон чу ҳуққа дар мушти ман аст,
В-ин қуввати Ҳақ зи қуввати пушти ман аст.
В-ин кавну макон ва ҳар чи дар олам аст,
Дар қабзаи қудрати ду ангушти ман аст.

Мазмуни:

Мен ул манки, жаҳон менинг кафимда коптокдекдир,
Ва ҳақнинг қуввати менинг Белимдаги қувватдандир.
Бу кавну макон ва оламда нима бор бўлса,
Барчаси менинг икки бармоғим қудратидандир.

Бу рубоий ниҳоятда чуқур фалсафий мазмунга эга бўлиб, унда Инсон ва Коинот, Инсон ва Ҳақ муносабатларидан баҳс юритилади ва юқорида уқтирганимиз ҳуруфийлар таълимотига яқин фикрлар баён этилган. Хожа Аҳрор томонидан бу рубоийнинг ёд олиниб тез-тез тилга олиниши бежиз кўринмайди. Бунда Саййид Қосим Анвор билан Хожа Аҳрор орасида бўлган мулоқот ва суҳбатлар таъсир кўрсатган кўринади. Маълумки, Хожа Аҳрор биринчи марта Самарқандда бўлиб, мавлоно Қутбиддин садр мадрасасидан ҳужра олиб ўқишни бошлаб, касаллиги туфайли уни давом эттиролмаган эди. Ана шу вақтда Саъдиддин Қошғарий унинг қошига келиб, Саййид Қосим Анворнинг Самарқандга келганини хабар қилади ва зиёратига бориш лозимлигини айтади. Шунда Хожа Аҳрор камқувватлигини, мавлонони кейинчалик зиёрат қилажагини айтади. Бу воқеа 1428 йили содир бўлган эди.

Амир Саййид Қосим Анвор (1366–1434) ўз асрининг аллома ва шоирларидан бўлиб, асарлари ва эркин фикрлари билан шуҳрат қозонган эди. Унинг асарларидан «Саволу жавоб», «Илмнинг баёнида», «Суфия истилоҳидан юз мақом», «Ҳуроия рубойисининг шарҳи» каби рисолалари, шеърлар девони, «Анис ул-офирин» маснавийсини эслатиш мумкин. Шуни ҳам уқдириш лозимки, Алишер Навоий 3–4 ёшида ёдлаган машҳур байт ҳам ана шу аллома ва шоир қаламига мансубдир. Амир Қосим Анвор Табризда туғилган бўлса-да, Арабистон, Эрон, Афғонистон, Мовароуннаҳрнинг кўпгина шаҳарларида бўлган. Унинг Самарқандга биринчи марта келиши Амир Темур ҳали ҳаёт бўлган вақтга тўғри келади. Амир Темурни кўрганлиги ҳақида «Амир Темурни кўриш воқеасининг баёни» маснавийсини ҳам ёзган. кейинчалик Шоҳруҳ Мирзо салтанати замонида Ҳиротда яшайди ва бу шаҳарнинг эркин фикрловчилари орасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлади. Унинг мухлислари кўпайиб, шеърлари эса қарийб ҳар бир хонадонга кириб боради. 1427 йилда Ҳирот жоМеъ масжидида намозга келган Шоҳрух Мирзога суиқасд ташкил қилинади. Бу суиқасднинг ижрочиси Аҳмад Лур бўлиб, мавлоно Саййид Қосим Анвор турадиган манзилга келар ва унинг фарзанди қатори бўлмиш Амир махдум билан мулоқотда бўларкан. Буни аниқлаган подшоҳ суиқасдда Саййид Қосим Анворнинг ҳам қўли бўлса керак, деб уни Ҳиротдан Самарқандга сургун қилади. Мирхонд «Равзат ус-сафо»да ёзишича, худди шу вақтда Саййид Қосим Анвор қуйидаги ғазални битган экан:

Эй, ошиқон, эй ошиқон, ҳангоми он шуд к-аз жаҳон,
Мурғи дилам тайрон кунад болои ҳафтўм осмон.
Мақтаъ: Қосим, сухан кўтоҳ кун, бар хезу азми роҳ кун,
Шакар бар тутй фикан, мурда ба пеши каргасон.

Мазмуни:
Эй, ошиқлар, эй ошиқлар, кўнгил қушининг еттинчи осмонга парвоз қилиш вақти бўлди… Қосим, сўзни кўпайтирма, тургилу йўлга отлан, тўти олдига шакар қўйгилу ўлаксахўрга ўлаксани қолдиргил.

Мавлоно Саййид Қосим Самарқандга Келгач, Мирзо Улуғбек унинг донишманд, оддий ва олижаноб шахслигини кўриб, унинг муриди бўлади, устозини ниҳоятда эҳтиром қилади, деб ёзади Мирхонд. Саййид Қосим Самарқанддаги амир Шоҳмалик мадрасасидаги ҳужралардан бирида жойлаштирилади. Худди ана шу вақтда Хожа Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрор Саййид Қосим Анвор билан танишади. Хожа Аҳрор бу машҳур аллома ва шоир билан биринчи марта учрашувини шундай ҳикоя қилади: Эшитдимки, ҳазрати Амир Қосим (Анвор) шайх Абулайс ҳаммомига борибдилар. Мен мавлоно Қутбиддин мадрасасида эдим. Ҳазрат Амир Қосим суҳбатларига мушарраф бўлмоқ учун йўлга чиқдим. Ҳазрат ҳаммомдан чиқиб, тахти равонга ўтирдилар ва тўрт киши уни кўтариб борарди. Мен тахти равоннинг бир поясини елкамга олиб, …амир Шоҳмалик мадрасасигача кўтариб бордим… Амир Саййид Қосим Анвор тахти равондан тушганларидан сўнг ҳазратнинг одамлари менга мурожаат қилиб, айтдиларки, сен бу хизматинг билан одамийлар қаторига қўшилдинг… Амир Қосим Анвор ҳузурига кирдим. Ул ҳазрат сўрадилар: бобу, отинг надир? Дедим: Убайдуллоҳ… Айтдилар: буюргил!»

Хожа Аҳрорнинг Саййид Қосим билан мулоқоти шундай бошланиб, у машҳур шоирда яхши таассурот қолдирди. Шунинг натижасида Саййид Қосим Анвор Самарқандда экан, Хожа Аҳрор унинг билан кўп учрашди, турли масалалардан баҳс қилдилар. Саййид Қосим Хожа Аҳрорга ўзи, қарашлари, саёҳатлари ҳақида ниҳоятда муҳим воқеалардан ҳикоя қилди.

Муҳаммад Қози ўз асарида улардан жуда муҳим деб билганларини Келтирган. Жумладан: (Хожа Аҳрор) ҳикоя қилар эдиларки, Саййид Анвор Самарқандга келганларида Бобои Обрез авлодидан бўлмиш ва шайх Абусаид Шайхоннинг она томонидан, бобоси шайх Бурхон ул ҳазратни (Саййид Қосим)ни кўриш учун келибдилар. Уйда кўпгина одамлар бўлиб, Саййид (Қосим) ёнбошлаб ўтирган эканлар. Саййид Қосимнинг бундай ўтириши шайх Бурхонга ёқмабди ва Саййидга қараб шундай дебди: «Сиз шайх бўлатуриб бундай ўтирсангиз, муридларингиз чўзилиб олиб, ётиб қолади. Бундай ўтириш сизга ярашмайди». Саййид Қосим оёқларини йиғиб ўтирмагунча шайх Бурхон гапираверибди. Бу йиғинда ҳозир бўлган Мир Махдум ва бошқа шайхлар шайх Бурхоннинг Саййидга билдирган эътирозларидан ранжиб, ундан тавҳиднинг мушкил масалаларини сўрабдилар. Шайх Бурхон айтибди: Мен бундай масалаларни билмайман. Аммо шуни биламанки, Саййид Қосимнинг боғбони уч кундан кейин ўлади ва Саййид Қосимнинг ўзи эса фалаж касалига йўлиқади. Шундай деб туриб кетибди. Уч кундан кейин боғбон ўлибди; ўша кунлари ҳаво жуда иссиқ бўлган экан, Саййид Қосим бўшаб қолган яхдон деворига суяниб, ухлаб қолибди ва уйқудан турса, фалаж бўлиб қолган экан.

Шундан сўнг Саййид Қосим шайх Бурхонни доим ҳурмат қилар, унга баъзан наввот, баъзан эса ақча туҳфа қилиб юборар эканлар. Бу воқеа Саййид Қосимнинг Самарқандга биринчи марта келганларида содир бўлган экан. Саййид Қосим Анвор иккинчи марта Самарқандга ташриф буюрганларида Мен (Хожа Аҳрор) шайх Бурхони Ҳазратнинг ҳузурига олиб келдим. Ҳазрат аввалида шайх Бурхонни танимадилар. Шунда мен айтдим: ҳазрат, сиз бу киши билан мулоқотда бўлгансиз, бу киши Хожа Кавший маҳалласида истиқомат қилгувчи шайх Бурхондирлар. Бу гапдан сўнг ҳазрат шайх Бурхонни танидилар ва шодликларидан йиғлаб юбордилар. Айтдилар: Қозизода Румийга хат ёзиб, сизни кўп суриштирдим. Аммо Қозизода сизнинг ҳаққингизда ҳеч нарса ёзмадилар. Мен ҳамиша сизни эслардим ва соғ-саломат кўришни истардим. Худога шукрки, сизни кўриш ва суҳбатингизда бўлишга муяссар бўлдим. Шундан сўнг шайх Бурхонга жуда кўп илтифот кўрсатдилар.

Бу ҳикоя икки жиҳатдан характерлидир: бири шундан иборатки, унда Саййид Қосим Анворнинг Самарқандда икки марта бўлганлиги таъкидланади, иккинчиси эса биринчи марта Самарқандда бўлиб, яна иккинчи марта Самарқандга ташриф буюриш оралиғида Самарқанддаги Қозизода Румий билан хат орқали алоқада бўлиб тургани аниқланади. Маълумки, Қозизода Румий Мирзо Улуғбекнинг устози бўлиб, унинг наздида катта эътибор ва обрўга лойиқ шахслардан эди. Ана шу омил эса Мирзо Улуғбекнинг Саййид Қосимга кўрсатган илтифотларию унга мурид бўлиши, амир Шоҳмалик мадрасасига жойлаштириб, тахти равон ва хизмат қилгувчилар билан таъминлаганини ҳам асослайди. Агар шундай бўлса, унда Саййид Қосим Анвор зиёратига келган Мирзо Улуғбек билан Саййид Қосим ҳурмати ва эътиборига сазовор бўлган Хожа Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрор)нинг Саййид Қосим Анвор ҳузурида учрашган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмасдай туюлади. Аммо бу ҳақда биз ҳозирча Хожа Аҳрорнинг ўзи томонидан баён қилинган эътирофларига дуч келганимизча йўқ.

Яна бошқа бир ҳикояни эшитайлик:

(Хожа Аҳрор) ҳикоя қиладиларки, Амир Саййид Қосим менга (Хожа Аҳрорга) қараб шундай деган эдилар: Бобу (ўғлим), бу замонда ҳақиқий асрор ва маорифнинг камлиги сабабини биласанми? Ва ўзлари шундай жавоб қилдилар: бунинг сабаби шундаки, бу иш инсондаги ботиний мусаффоликка, ботиний мусаффолик эса ҳалол луқмага асосланади. Бу замонда ҳалол луқма камайганлиги сабабли ботиний мусаффолик ҳам камайиб Кетган. Ботинда эса илоҳий асрор ва маориф хиралашмайди ва шундай ҳикоя қилган эдилар: мен қўлимда куч-қувват борлиги вақтида ҳазорбахя дўппи тикардим ва тирикчилигим шунинг орқасидан ўтарди. Қўлим фалаж бўлгач бунинг сабаби юқоридаги ҳикояда келтирилган, ишлай олмайдиган бўлдим. Ота-бобомдан кўпгина китоб қолган эди, уларни сотдим ва саёҳат учун харж қилаяпман. Ҳозир ҳам ўша ҳисобдан яшаяпмиз».

Тажрибали, кўпни кўрган Саййид Қосим Анвор ёш Хожа Убайдуллоҳга бу ҳикояни Бежиз айтмаган. Унинг маърифий аҳамияти шундан иборатки, меҳнат билан кун Кечирмоқ ҳалол ва маънавий жиҳатдан покиза бўлмоқ ҳамма нарсадан устун тургувчи олижаноб фазилат эканлигига алоҳида урғу берилади ва Хожа Убайдуллоҳнинг ўз фаолияти давомида шунга амал қилишга даъватдай бўлиб эшитилади.

Саййид Қосим Анвор баён қилган ҳикоялардан шу нарса билинадики, суҳбатлар мавзуси ранг-баранг бўлиб, уларда Қосим Анворнинг таржимаи ҳолига доир муҳим лавҳалар ҳам, унинг дунёқараши, фалсафий-ижтимоий ақидалари ҳам, турли шоирлар билан бўлган мулоқотлари ҳам ўз аксини топган. Ана шулардан яна бирини Хожа Аҳрор шундай ҳикоя қилган: Хожа Камол Хўжандий Сарой шаҳрида эканида унинг обрў-эътибори кучайиб, кўпгина мухлисларни ҳам орттирган экан. Шу орада бир шайх пайдо бўлиб, «менинг кароматим шулки, ўт (олов)га кириб, куймасдан чиқаман» дер эмиш. Буни эшитганлар шайхга эътиқод қилибдилар.

Хожа Камол Хўжандий эса бу ишнинг бирор сири бўлса керак, деб ўйлаб, шу вақтда Сарой шаҳрига ташриф буюрган Саййид Қосим Анворга воқеани баён этибди. Саййид Қосим Анвор айтибди: бу ишда бирор ҳийла бўлса керак, ҳар эҳтимолга қарши у шайхни ҳаммомга киритиб, яхшилаб чўмилтириш даркор. Агар баданига бирор хил мой суртган бўлса, шу баҳонада у ювилади». Бу маслаҳат Хожа Камол Хўжандийга маъқул тушиб шайхни ҳаммомга киритиб, яхшилаб чўмилтирибди. Шундан сўнг катта тандирни қиздириб, одамларни йиғиб, шайхга айтибди: кароматингизни намойиш этиш вақти келди. Сиз мана бу тандир ичига киринг! Шайх турли баҳона билан кароматини намойиш этишдан воз Кечибди. Шунда унга эътиқод қўйган кишилар шайхга қараб, айтибдурлар: «шайх ҳазратларининг каромат кўрсатиш вақти етди, марҳамат қилсинлар». Аммо шайх унамабди. Шунда уни кўтариб олиб, қиздирилган тандир ичига ташлабдилар. Шайх куйиб кетибди.

Келтирилган ҳикоянинг воқеий ёки тўқима эканлиги Келгуси тадқиқотларда аниқланар. Аммо муҳими шундаки, Саййид Қосим Анворнинг Хожа Аҳрор билан қилган суҳбатларида ҳийлакор, фирибгар шайхларни фош этгувчи бу ҳикоянинг келтирилиши ва кейинчалик Хожа Аҳрор, ўз навбатида, мухлислари билан бўлган суҳбатларда уни ҳикоя қилиши алоҳида аҳамият касб этади. Бу орқали Хожа Аҳрор машҳур Камол Хўжандий ва Саййид Қосим Анворларнинг донишмандликлари ва заковатларини алоҳида уқтиради, ўзи ҳам уларнинг йўлларини давом эттиргувчи эканига ишора этади.

Шундай қилиб, Саййид Қосим Анворнинг иккинчи марта Самарқандда бўлганлиги вақтида ўтказган суҳбатлари ёш Хожа Убайдуллоҳда катта таассурот қолдириш билан бирга Хожа Убайдуллоҳ, ўз навбатида, Саййид Қосим Анворда ҳам яхши таассурот қолдиради. Шунинг учун Саййид Қосим Анвор ўзининг дўстлари, ҳаммаслаклари, жумладан, мавлоно Фатхуллоҳ Табризий билан қилган суҳбатларида Хожа Аҳрорни мақтар ва ҳурмат қилар экан. Бу ҳақда мавлоно Фатхуллоҳ Табризий шундай ҳикоя қилади: Саййид Қосим Анвор Самарқанддалиги вақтида унинг ҳузурига кўп борардим, тасаввуф ва унинг турли масалалари ҳақида суҳбатларидан баҳраманд бўлардим. Бир кун Саййид Қосим Анвор ҳузурларида бўлганимда Ҳазрат Хожа (Аҳрор) кириб келдилар. Шу вақтда Саййид Қосим илҳоми жўшиб кетди. Ҳар гал Хожа Аҳрор ташриф буюрганда шундай бўлар ва Саййид Қосим турли масалаларга оид қизиқ ҳикояларни илҳом билан айтар эдилар. Бошқа вақтда бундай бўлмасди.

Хожа Аҳрор кетганидан сўнг Саййид Қосим Анвор Менга мурожаат қилиб, шундай Дедилар: Агар сен саодатга эришмоқни истасанг, бу туркистонлик йигит (Хожа Аҳрор) этагини маҳкам тутгил. Чунки у замоннинг аъжубаси бўлиб, ундан кўпгина ишлар содир бўлғувсидир. Тез орада жаҳон унинг валийлик нури билан ёришади ва ўлган кўнгилларни ўзининг суҳбатлари шарофатила тирилтиргувсидир. Саййид Қосим Анворнинг бу сўзларидан сўнг Мен (Фатхуллоҳ Табризий) Ҳазрат Хожа (Аҳрор) Султон Абу Саййид замонида Тошканддан Самарқандга келганларида ҳамиша уларнинг мулозаматларида бўлардим.

Бу эътирофлар ниҳоят эътиборга лойиқдир. Хусусан, 71–72 ёшдаги Қосим Анвор томонидан 24 ёшар Хожа Убайдуллоҳга нисбатан билдирилган бу муносабат, берилган баҳо диққатга сазовордир. Шунинг учун Саййид Қосим Анвор ҳам Хожа Убайдуллоҳни ўзига яқин тутиб кўпгина масалалар бўйича унинг фикрини билишни истар ҳамда одамларни таниш масаласида унга маслаҳатлар ҳам берар экан. Масалан, бир суҳбат чоғида ниҳоят мутакаббир бўлган бир олим ҳақида билдирган фикрларини Хожа Аҳрор шундай эслайди:  Ҳазрати Саййид (Қосим Анвор) асрнинг фозилларидан бўлмиш Хожа Али Чокардизагийнинг ўзига бино қўйгани ва такаббурлигидан ҳайратда қолиб, Менга шундай деб эдилар: бобу, бу Хожа Али на мунча кеккаймаса?!

Бу билан ёш Хожа Убайдуллоҳга мағрурланиш яхши фазилат эмаслигини уқтиргандай бўлган эди Саййид Қосим Анвор.

Саййид Қосим Анвор суҳбатларида баён этилган бир муҳим мулоҳаза ҳақида Хожа Убайдуллоҳ шундай дейди: Бир кун Саййид Қосим Анвор шундай Дедилар: бизга ташвиш орттирувчи бу атрофимиздаги нодон кишилардир. Сизга (Хожа Аҳрорга) эса, ташвиш орттиргувчи сизнинг дунёнгиз (бойлигингиз) бўлгусидир. Бунда ҳазрат Саййид Қосим Анвор менинг ҳаётимда содир бўлган воқеаларни башорат қилган эканлар.

Шуниси маълумки, Саййид Қосим Анвор суҳбатларидан баҳраманд бўлган, унинг панд-насиҳатларини эшитган Хожа Убайдуллоҳ ўзининг кейинги фаолияти давомида уларни амалга оширишга астойдил киришган ва, шу билан бирга, ўзининг олижаноб фазилатлари билан уларни янги-янги сифатлар ила бойитган.

Шундай қилиб, Хожа Убайдуллоҳ биринчи марта 1427–1429 йилларда тоғаси хожа Иброҳимнинг ташаббуси билан мадрасада ўқиш учун Самарқандда бўлди: Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида қайноқ илмий-ижодий муҳит, унинг забардаст намояндалари, хусусан, фалсафа-тасаввуф соҳасидаги Саъдиддин Қошғарий, Саййид Қосим Анвор, Аттор Самарқандийлар билан мулоқотда, ўзининг билими ва тасаввури доирасини кенгайтирди, ўзига хос ҳурматга ҳам сазовор бўлдики, бу хоҳ Саййид Қосим Анворнинг ҳаммаслакларига Хожа Убайдуллоҳ тўғрисида билдирган фикрларидан ҳам ойдинлашади. Бу орада Саъдиддин Қошғарий ва Саййид Қосим Ҳиротга қайтдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Самарқанд муҳитидан кўпгина баҳраманд бўлган бўлса-да, у Ҳирот томон бормоқчи бўлади. Шу вақтда хожагон тариқатининг мухлисларидан бири унга мурожаат қилиб, Ҳиротга борманг, Саъдиддин Қошғарий борганидан пушаймон бўлибди, дебди. Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротга бориш ниятидан қайтмаяжагини айтгач, ўша мухлис шундай дебди: ундай бўлса, илтимосим шуки, Ҳиротда шайх Умар хонадонидан баҳраманд бўлишга интилсангиз. Мен шайхни кўрганман, у киши тариқатимизнинг жонкуярларидандир.

Хожа Убайдуллоҳ Ҳирот сафарига Бухоро орқали йўлга чиқади, Пирмастда шайх Сирожиддин ҳузурида бўлади. Бухорога Келгач, мавлоно Муборак шоҳ мадрасаси ҳужрасидан жой олиб, бобоси шайх Хованди Таҳур мухлисларидан бўлмиш мавлоно Ҳамидиддин ва Хожа Алоуддин Ғиждувонийларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Хожа Алоуддин Хожа Аҳрорда жуда кўп фазилатларни кузатар ва «у етук шахс» деб айтарди.

Бухородан Ҳиротга йўл олади. Ҳирот сафари жараёнида Хожа Аҳрор асли хоразмлик бўлган улуғ ёшли Хожа Мусофир номли шахс билан учрашади. Хожа Мусофир турли масалалар ҳақида ҳикоя қиларди, жумладан, ўзи кўрган ва шоҳиди бўлган қуйидаги воқеани айтиб берди, деб эслайди Хожа Убайдуллоҳ. Мен, – деган эди Хожа Мусофир, – Хожа Баҳовуддин Нақшбанд суҳбатларида кўп бўлганман. Менда рақс ва қўшиққа нисбатан кучли мойиллик бор эди. Бир куни Хожа Баҳовуддин ҳузурида ўйин ва қўшиқ ташкил этиш мақсадида қўшиқчилар, дойра ва най асбобларини ҳозирладик. Бунга Хожа нима дер эканлар, деб ўйладик. Ҳазрат Хожа мажлисда қатнашдилар, аммо ўйин ва қўшиқларни манъ қилмадилар. Фақат «инкор намекунем ва ин кор намекунем» (инкор қилмаймиз, аммо бу ишни қилмаймиз) деб айтдилар.

Бу ҳикояда нақшбандия тариқатининг мавжуд ҳаёт ва унинг барча мураккабликларини эътироф этгувчилик, хурсандчилик қилувчиларга монеъ бўлмаслик хусусиятлари яққол баён этилган. Булар эса, кейинчалик Хожа Убайдуллоҳ фаолиятида ҳам меъёрни сақлаш шарти билан давом эттирилган.

Ҳирот шаҳрига яқин бўлган Чилдухтарон работида – деб ҳикоя қилади Хожа Аҳрор, – бир шахсни учратдим. Бу киши суҳбат чоғида Хулғутав мавЗеида Баҳовуддин Нақшбанд халифаларидан бўлмиш мавлоно Яъқуб Чархий ҳақида жуда самимият билан сўзлади. Буни эшитиб, бу ҳазрат қошига борсаммикан, деган фикр ҳам туғилди. Аммо Ҳиротга яқинлашиб қолганимни назарда тутиб, аввал Ҳиротга боришга қатъий қарор қилдим. Хожа Аҳрор Ҳиротга етиб боради ва унинг эътироф этишича, бу шаҳарда 4-5 йил қолади. Бу вақт Ҳиротда Шоҳрух Мирзо ҳокимияти давом этар ва Ҳиротда илмий-адабий муҳит ўзининг хусусиятлари билан мавжуд эди. Ҳиротга келган Хожа Аҳрорни эса, биринчи навбатда, тасаввуф ва унинг намояндалари қизиқтиради. Шунинг учун Самарқандда орттирган дўст ва маслакдоши Саъдиддин Қошғарийни сўроғлаб топади ва унинг суҳбатларини, Ҳирот бўйлаб саёҳатларини давом эттиради. Шу билан бирга у Ҳиротнинг машҳур мутасаввуфларидан шайх Баҳовуддин Умар, шайх Зайниддин Хавофийларнинг ҳузурида ҳам бўлиб, улардан шайх Баҳовуддин Умарга нисбатан кўпроқ мойиллик кўрсатар, унинг суҳбатларида кўп бўларди. Хожа Убайдуллоҳ бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: шайх Баҳовуддин Умар суҳбатлари менинг учун унчалик фойдали эмасди. Шуниси борки, бу суҳбатлар вақтида Мен ўзлигимни кўпроқ таний бошладим.

Шундай экан, шайх Баҳовуддин Умарнинг қайси фазилатлари Хожа Убайдуллоҳнинг диққатини ўзига тортган эди? Бундай фазилатлардан бири шундаки, эслайди Хожа Убайдуллоҳ, – шайх Баҳовуддин Умар ўзларини суҳбатдошларидан катта тутмасдилар, ниҳоят камтар эдилар, кишилар билан самимий ва очиқ муносабатда бўлардилар, ҳар кимга ўзига муносиб Келадиган тарзда муомала қилардилар. Иккинчиси эса, ўзларининг турмуш тарзи оддий ва камтарона эди… Чилла ўтиришни тарк қилмасдилар. Биз бу ҳазратнинг хонадонига беш йил борди-келди қилган эканмиз, шу орада бир мартагина гўштли таом еганмиз, холос. Бу ҳам бесабаб эмасди. Чунки шу куни шайхнинг уйларига амир Феруз шоҳнинг укаси амир Маҳмудшоҳ келган эди. Мен эса, мавлоно Саъдиддин Қошғарий билан ташқарида ўтирган эдим, бизнинг олдимизга гўштлик таом Келтирдилар.

Хожа Убайдуллоҳнинг қуйидаги ҳикояси ҳам диққатни ўзига тортади:  «Рамазон ойида шайх Баҳовуддин Умар Козургоҳдаги Хожа Абдуллоҳ Ансорий оромгоҳида узлатда бўлдилар. Ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, ўтирадиган жойда соя бўлмасада, у кишининг муридлари қатори мен ҳам қуёшда ўтирдим, анча қийналдим. Ифтор вақтида рўза очилиб, таом едик. Эртаси маълум бўлдики, биз еган таом бошқалар – омма учун мўлжалланган маҳсулотдан тайёрланган экан. Бундан мен жуда қайғурдим ва кейинчалик ўз меҳнатим билан Деҳқончилик қилиб, умр кечиришимнинг ҳам, мол-мулк орттиришга интилишимнинг боиси ҳам шу ҳодиса бўлган эди. Аммо дунё орттиришим авлодим ва суҳбатдошларимга анча ташвиш келтирди. Энди билсам улуғ машойихларнинг кўпи шунинг учун тарки дунё (бойликдан воз Кечиш) қилар эканлар».

Бунда муҳим бир кузатишнинг хулосаси бор, яъни Хожа Убайдуллоҳ Меҳнат қилмай кун кечириш ёки бировларга мўлжалланган нарсаларга эга бўлишга интилишдан нафратланган ҳамда Меҳнат билан орттирилган мол-мулк ҳам ташвиш ва кўнгилсизликларга олиб Келажагини таъкидламоқда. Демак, инсон ўз эҳтиёжидан ортиқча нарсага интилиб, ўзига-ўзи кулфат ва ғам-андуҳ орттирар экан.

Шу билан бирга, Хожа Аҳрорнинг таъкидлашича, кўпгина машойихлар, жумладан, Зайниддин Хавофий, Баҳовуддин Умарлар ҳам фуқаро манфаати билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилишда ёки золимлар зулми олдини олишда фаоллик кўрсатмас эканлар. Шунинг учун улар бундай масалалар бўйича Шоҳрух Мирзо олдига шахсан бормаган эканлар. Шайх Баҳовуддин Умар эса масалаларни ҳал қила олиш қобилиятига эга бўлмаган бировни Шоҳрух Мирзо ва унинг амалдорлари олдига юбориб қўя қолар экан. У шахсни халқ «шайх элчиси» дер экан. «Шайх элчиси» бозорларда от суриб борар ва бирор ишни натижали ҳал қила олмас экан. Хожа Аҳрорнинг фикрича, фуқаро манфаатлари ёки зулм ва адолатсизликларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал этишда машойихлар фаоллик кўрсатиб, шоҳлар, жумладан, Шоҳрух Мирзо ҳузурига борганларида, обрўларига зиён етмасди. Бу хулосалар ниҳоятда муҳим бўлиб, Хожа Аҳрор ўз фаолияти давомида ана шуларга амал қилган. Демак, Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротда экан, нақшбандия тариқати намояндалари суҳбатлардан баҳраманд бўлиш билан бирга моддий ва руҳий ҳаёт масалаларига доир ўз тушунчаларига эга бўлган.

Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротда ўзининг ҳаммаслаги Саъдиддин Қошғарий билан кўп бўларди. Улар ўз фикрларининг тасдиғи учун полвонлар кураши маъракасига қатнашар, бирор полвоннинг ғолиб Келишини олдиндан башорат қилар ва бу башорат амалга ошарди. Булар Хожа Убайдуллоҳ, башоратларининг имтиҳони сифатида қараларди.

Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротда турли тоифадаги кишилар билан ҳам мулоқот қилар, унга нисбатан эътиқод қўяр эдилар. Ана шундай кишилардан бири мавлоно ҳожи Маҳмуд мужаллид (муқовасоз) экан. У Хожа Убайдуллоҳга шунчалик эътиқод қўйибдики, охири фақат унинг мулозаматида бўлар ва, ҳатто, Машҳад шаҳридан отасини келтириб, Хожа Убайдуллоҳ билан таништириб қўйибди.

Мавлоно ҳожи Маҳмуд орада кўринмай қолди, – деб ҳикоя қилади Хожа Убайдуллоҳ – суриштириб кўрсам, уни мирзо Бойсунғур тавсияси билан Шоҳрух Мирзо девонида муқовасозлик лавозимига тайинлабдилар. Бордим. Яхши жойда ўтираркан. Турк ва ҳинду қуллар хизматида камарбаста, ёнида бир йигит муқовасозлик ҳунарини ўрганарди. Бу ким, деб сўраганимда, ҳожи Маҳмуд айтди: Шоҳрух Мирзо бу йигитга муқовасозликни ўргат, деб топширди, унинг оти шайх Бусаъиддир. Мен кирганимда ҳамма ўрнидан турди-ю, аммо бу йигит оёқ оғриғи туфайли турмаган эди. Шунда Мен «ҳали Сени юзи қаро кўрарман» деб кўнглимдан ўтказдим. Бир неча вақт ўтгач, тобим қочди, табиблар бир хил доруни ичишни ва парҳез таомлар танаввул қилишни тавсия қилдилар. Мен ҳожи Маҳмуд олдига келиб, воқеани айтдим, у доруни топиб берди. Парҳез ошимни ким пиширади деганда шайх Бусаъид Мен пишираман деди. Бир кун таом пишираётганда қўли қозонга Тегиб, қора бўлибди, буни сезмай юзини артибди ва юзи ҳам қора бўлибди. Шу ҳолда уни кўрдиму, «шунга розиман» деб кўнглимдан ўтказдим. Шундан сўнг у бизга ихлос қўйди ва доим биз билан бўларди.

Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротда экан, баъзан ўзи билан бўлар ва, ҳатто, бир куни Малик дарвозаси соқчилари шароб ичган кўринади, деб уни айбламоқчи бўлдилар. Шунда Хожа Убайдуллоҳни танийдиганлар орага тушиб, уни қўйиб юбордилар. Хожа Убайдуллоҳнинг ҳикоя қилишича, бир куни Малик дарвозаси олдида (бундан кўринадики, унинг асосий йўли шу дарвоза билан боғлиқ экан) дарВеш Аҳмад Самарқандийни учратди. У, – мен сизга бораётган эдим, – дейди. Қайтишда бир тор кўчага кириб, ўзининг аҳволидан гапиради, кўп йиғлайди ва айтади: мен ночор аҳволга тушиб, нима қиларимни билмай қолганимда, бир киши Сен Хожа Убайдуллоҳ олдига бор, у киши Сенинг мушкулларингни осон қилгайлар, деб маслаҳат берди. Шунинг учун мен сизга ихлос қилиб, ёрдам сўраб келдим.

Унинг қийин аҳволга тушишининг баёни шундай: шайх Зайниддин Хавофий дарВеш Аҳмад Самарқандийга воизлик қилишга рухсат берибди ва одамларни унинг ваъзларини эшитишга даъват этибди. Бу ҳолат неча марта такрорланибди. Аммо нима сабабдандир дарвеш Аҳмаддан ранжибди ҳамда одамларни унинг ваъзига бормасликка ташвиқ қилибди, ҳаттоки уни кофирликда ҳам айблабди. Натижада дарВеш Аҳмад ваъзини эшитувчилар сони етти-саккиз киши бўлиб қолибди. Хожа Убайдуллоҳ у воқеани эшитиб, дарВеш ҳолига ачиниб, унга раҳми келибди ва бир куни фалон масжидда, бошқа куни иккинчи масжидда, янаги сафар намоз ўқийдиган бошқа масжидда ваъз бўлажагини хабар қилинг, дебди. Шундай қилибдилар ва жума куни белгиланган масжидда шундай кўп одам йиғилибдики, ҳеч қўяВеринг. Айримлар дарвеш Аҳмад ваъзини бузишга қаратилган чора-тадбир кўрган бўлсаларда, аммо одамларнинг дарвеш Аҳмадни эшитишга иштиёқи кўпаяверибди. Шунда Ҳиротда «бир ёш ўғлон шайх Зайниддинга қарши иш юритиб, дарвешга кўмаклашибди» деган овоза тарқалди. Натижада Хожа Убайдуллоҳнинг обрўси Ҳиротда бениҳоят ошибди ҳамда унинг Ҳиротдан кетиш сабабларидан бири ҳам шу бўлибди.

Хожа Убайдуллоҳ тўрт-Беш йил Ҳиротда машҳур машойихлар суҳбатида бўлса-да, аммо у ҳали асосий мақсадига – тариқат йўлидаги маънавий пирни топишга эриша олмаган эди. Ана шу омил ҳам уни шайх Баҳовуддин Умардан рухсат сўраб, Чағониён томон йўл олишига сабаб бўлган эди. Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротдан Балхга келиб, мавлоно Ҳисомаддин Балхий билан мулоқотда бўлиб, унинг қистови билан тариқатнинг жуда нозик масалаларидан хабардор бўлади, сўнг Чағониёнга ўтади.

Бу ҳақда Хожа Убайдуллоҳ шундай ҳикоя қилади:  «Чағониёнга келдиму касал бўлиб қолишим сабабли Хулғутавда яшовчи мавлоно Яъқуб Чархий мулозаматига дарров бора олмадим. Шу орада турли кишилар билан мулоқотида бўлдим, сўз мавлоно Яъқуб Чархийдан борганда айримлар ул киши ҳақида ёқимсиз гаплар айтиб, мени иккилантириб қўйди. Ўзимча ўйладиму шахснинг мулоқотида бўлиш ниятида келиб, кўрмасдан, кетиш бўлмайди Дедимда, мавлононинг ҳузурига бордим. Яхши кутиб олиб, сўрадилар: Сиз қаердансиз? Айтдим: Шош вилоятидан. Яна сўрадилар: шайх Умар Боғистонийга бирор алоқангиз борми? менинг ул ҳазрат билан муносабатимни бирдан айтиш ноқулай бўлар деган хаёлга бориб, шундай жавоб бердим; бизнинг оталаримиз ул шайх хонадонининг мухлисларидирлар. Айтдилар: улуғ Хожа Баҳовуддин шайх Умар Боғистонийни ниҳоятда мақтар эдилар… Эртаси яна борганимда мени жаҳл билан кутиб олдилар. Мен одамларнинг киши ҳақидаги сўзлари рост экан-да деган хаёлга бордим. Аммо бир муддат ўтгач, жуда бир хушмуомалалик билан менга қўлларини узатдилар.

Мен у кишининг манглайида оқ доғни кўриб қолиб қўлимни узатмадим, мавлоно менинг ҳолатимни Сезиб қўлларини тортиб олдилар ва қиёфаларини шундай ўзгартирдиларки, мен уни кўриб, мавлонони қучиб олишга шайландим. Шунда қўлларини узотиб, айтдилар: менинг қўлларимни ушлагил, чунки Хожа Баҳовуддин деб эдиларки, Яъқуб сенинг қўлинг бу менинг қўлимдир, шундай бўлгач, Хожа Баҳовуддиннинг қўлларини оласиз. Мен дарҳол мавлононинг қўлларини ушладим.

Хожа Убайдуллоҳнинг мавлоно Яъқуб Чархий суҳбатлари ҳақидаги эсдаликлардан шу нарса ҳам маълум бўладики, Хожа Баҳовуддин Нақшбанддан бошлаб унинг Яъқуб Чархий каби шогирдлари ҳам нақшбандия тариқатида эркин фикрлилик ўзгалар фикри ва ишларини эътироф этиш, уларни инкор этмаслик, аммо имоннинг Оллоҳ таолога нисбатан эътиқоднинг бут ва шубҳасиз бўлишлиги лозимлиги масалаларига катта эътибор берган эканлар. Шу жиҳатдан Хожа Убайдуллоҳнинг қуйидагича ҳикоя қилиши бежиз эмасдай туюлди. «Мавлоно Яъқуб айтурдиларки, бизга Хожа Баҳовуддиндан қолган ана шу зикр бўлиб, кимки жазаба усулида муридларни тарбиялай олса, яхши бўларди».

Маълумки, хожагон тариқатида жаҳрия ва хуфия навъли зикрлар бўлиб, Хожа Убайдуллоҳ хуфия зикр – зикри дил –яъни Оллоҳ таолони доимо кўнгилда деб билиш тарафдори бўлган. Аммо унинг даврида жаҳрия-жазаба усули ҳам – Оллоҳ таолони баланд овоз билан, ўзидан кетгунча, жазабага етгунча эслаш усули тарафдори ҳам бўлганлар. Аммо Хожа Убайдуллоҳ уларни ёқламаган ва шунинг билан бир қаторда инкор этмаган кўринади. Унинг ўрнида Ҳақ таолони кўнгилда тутиб, фуқаро манфаатларини кўзлаш, зулм ва адолатсизлик олдини олиш учун интилишни маъқул деб билган. Эҳтимолки, бунда унинг Саййид Қосим Анвор билан Самарқандда доимий тарзда суҳбатда бўлиши ва Саййид Қосим Анвордаги эркин фикрлаш, ўз муддаосини – адолат ва ҳақиқат учун кураш ақидаларини очиқ-ойдин айтиш хусусиятларининг таъсири ҳам бордир. Бунда тилга олинган мавлоно Яъқуб Чархий (ваф. 1447 м.) Баҳовуддин Нақшбанднинг шогирдларидан бўлиб, нақшбандия тариқатининг нуфузли намояндаларидандир. Унинг бу тариқатга оид «Рисолаи унсия» асари борлиги қайд қилинган.

Шундай қилиб, Хожа Убайдуллоҳ мавлоно Яъқуб Чархий сиймосида ўзи излаган маънавий пирни топгач, унинг ижозати билан Қарши, Шаҳрисабз, Самарқанд ва Жиззах орқали ўз ватани Шошга — Тошкандга қайтади. Бу воқеа 1433–1434 йилларда содир бўлган кўринади. Хожа Аҳрорнинг Шош – Тошканддаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлмасакда, баъзи уламолар билан қилинган суҳбатлар, атрофга саёҳат қилишга доир айрим лавҳаларга дуч келдик. Хожа Аҳрор ҳақида сўз юритган олимларнинг қайд қилишларича, у Тошкандда деҳқончилик билан шуғулланган. Шу билан бирга нақшбандия тариқати намояндаларидан Мавлоно Исмоил Низомиддин Хомушлар билан суҳбатлар қурган.

Жумладан, Муҳаммад Қози шундай лавҳани – Хожа Аҳрор ҳикоясини келтиради:  «(Хожа Аҳрор) айтур эрдиларки, Хожа Баҳовуддин Нақшбанднинг суҳбатдошларидан бўлмиш мавлоно Сайфиддин Манорийнинг ўғли мавлоно Исмоил Фаркат шаҳридан (Тошкент яқинидаги қадимий шаҳарлардан) бизни кўриш учун келиб, бир Кеча меҳмонимиз бўлдилар. Мавлоно Исмоилни мавлоно Сайфиддин Манорийнинг фарзанди бўлганлиги учун отаси ҳурмати жиҳатидан эъзозладим. Саҳар вақти мавлоно Исмоилни ғамгин ҳолатда учратдим. Сабабини сўраганимда, шундай деди: туш кўрсам, қўлимда оқ бургут бўлиб, у учиб кетибди, аммо оёғида ипи осилиб турарди. Паришонлигимнинг боиси мана шу тушдир. Айтдим: тушнинг таъбири шуки, сиз суҳбатларимиздан баҳраманд бўлибсиз ва табиий ишлар (ухлаш) билан банд бўлганингиз туфайли унинг таъсири камайибди. Аммо қуш оёғидаги ип ҳали баҳраманд бўлишингиз мумкинлигига ишорадир, яъни алоқа тамоман узилган эмас. У яна бургут тимсолида зоҳир бўлгай, чунки бургут бошқа қушларни ов қилгувчи қушдир… Бу орада шундай маълум бўлдики, мавлоно Исмоил ўзини анча тутиб олган эди. Мен айтдим: қарангчи, қуш келибди-ми? Бу савол уни ҳушига келтириб, хурсанд бўлди ва шундан сўнг биздан ажралмади. Бизнинг атрофимизда бошқа суҳбатдошлар ҳам йиғила бошладилар. Суҳбатдошларнинг эҳтиёжларини қондириш зарурияти деҳқончилик билан шуғулланишни тақозо қиларди. Уларнинг хотири тирикчилик ўтказиш ташвиши билан паришон бўлмасин, деб деҳқончилик қилар эдик . Шу сабабли дунё (мол-мулк) кераклиги билинди, бизда у кўпайди».

Шундай қилиб, Хожа Убайдуллоҳ Тошкандда эътибор қозонди ва унинг ҳузурига хожагон тариқатининг кўзга кўринган намояндалари ҳам Келишарди. Булардан мавлоно Низомиддин Хомушнинг Хожа Убайдуллоҳ билан учрашгани ҳақида ҳикоялар мақомотларда, жумладан, Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин»ида ҳам келтирилган. Ана шу манбада келтирилишича, Хожа Убайдуллоҳ шундай ҳикоя қилган экан:  Тошкандда эканимиз вақтида уйимизга мавлоно Низомиддин Хомуш Меҳмон бўлдилар. Мен у кишининг иззат-ҳурматини жойига келтирмоқ учун доимо ҳаракат қилардим. Мавлононинг истаклари билан Тошканд мазоротларини бирга зиёрат қилардик. Суҳбат давомида эса турли масалалар ҳақида сўзлаб ҳар хил ривоятлар келтирардилар. Бир куни шундай воқеани айтдилар: икки киши бор эди, улар эгизак бўлиб, орқаси билан бир-бирига ёпишган эди. Шундай бўлса-да, доим шукр дер эдилар. Шунда биров сўради: аҳволингиз бундай бўлса-да Нега доим шукр Дейсизлар? Ул икков шундай деб жавоб бердилар: бундан ҳам оғир азоб-уқубат борлигини тасаввур қилиб, шундай Деймиз. Кўп вақт ўтмай улардан бири вафот этди. Яна у билан учрашганда тириги айтди: бу энг оғир балодир, ундан қутулиш мушкул, чунки доим ўликни кўтариб юрмоқ керак. Шунисига ҳам шукр қиламан.

Бу воқеий ҳодиса бўлса, унда табиатнинг турли хилдаги мўъжизалари тарихини ўрганиш учун бир маТериал бўла олади ва агар у тамсилий ҳикоя тарзида яратилган бўлса, унда кишилар доимо шукр айтиш билан яшашлари даркор, яъни Оллоҳнинг хоҳишига қарши бормасликлари керак, деган ғоя олға сурилган. Албатта, бундай фикр тасаввуф тариқати намояндалари ақидаси сифатида қаралмоғи лозим. Шу маънода қуйида келтирилган ҳикояда ҳам мавлоно Низомиддин Хомушнинг каромотларидан бири баён қилинган:  Хожа Убайдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: биров келиб, Мавлоно Низомиддин Хомуш касал бўлиб қолганини айтади. Бу вақтда у Тошкандда бизнинг уйимизда эди. Бордим. Қарасам, унинг устига кўп тўн ёпиб, яна бир неча киши у ҳазратнинг устини маҳкамлаб турарди, аммо шунга қарамай мавлоно титрарди, тишлари тишларига Тегмасди, бу ҳолни кўриб хафа бўлдим. Шу вақтда биров эшикдан кириб келди. Ҳаво совуқ бўлиб, у киши сувга тушиб, тўнлари ҳўл бўлиб, ўзи совуқдан титрарди. Мавлоно айтдилар: мени қўйинглар-да, бу одамни иситинглар. Мен унинг учун совуқ қотардим. Ҳалиги шахснинг кийимларини алмаштириб, уни исита бошладилар. Шунда мавлоно ҳеч заҳматсиз ўринларидан турдилар ва соппа-соғ эдилар.

Мавлоно Низомиддин Хомуш Тошкандда Хожа Убайдуллоҳ уйида турар экан, уни зиёрат қилиш учун атрофдан ҳам одамлар келар эдилар. Ана шулардан бири Фаркат мавлонозодаси бўлиб, у ҳазратга туҳфа ҳам тақдим этган. Шундай қилиб, Хожа Убайдуллоҳ Тошкандда экан, унинг обрўйи оша боради ва шунинг билан бирга мухолифлари ҳам пайдо бўлаВеради. Жумладан, Тошканддаги уламолардан бўлмиш Миржамол Хожа Убайдуллоҳни менсимас, уни ориф ва уламолар қаторига қўшмас ҳам экан. Шундан бўлса керак, Хожа Убайдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: Тошкандда бир дарВеш бор эди. Кўча ва бозорда учрашиб қолса, менга астагина шундай дер эди: худо сизни бундай мусулмончиликдан қутқарсин.

Буни ҳар хил тушунса бўлади. Биринчидан, Миржамол кабиларнинг Хожа Убайдуллоҳга нисбатан муносабатларини кўрган дарВеш Хожа Убайдуллоҳга ҳамдард бўлиб, сиз улардай йўл тутманг, улардан узоқлашинг Демоқчидир. Иккинчидан, дарвеш қаландарона ҳаёт тарзини бошдан кечирар экан, бундан норози бўлиб, Хожа Убайдуллоҳга қаландарлик машраби йўлидан борманг, демоқчидир. Балким ҳар икки ҳолатда ҳам бир ҳақиқат маълум бўлади: Хожа Убайдуллоҳнинг эътибори кучая боргани сари мухолифлари ҳам кўпайган.

Мухолифликлардан ранжиган Хожа Убайдуллоҳ бир вақт Фаркатга боради. «Ул ҳазратнинг дўстлари, – деб ҳикоя қилади мавлоно Қози, — ҳазратдан сўнг Фаркат томон йўл оладилар. Фаркатга келганда Хожа Убайдуллоҳни мавлоно Сайфиддин Манорий мозорининг ҳужрасида учратдилар. Хожа Убайдуллоҳни бу ерда кўрганлар унинг ҳайбати ва салобатидан ҳушсиз бўлиб йиқилдилар, анчадан сўнг ўзларига келдилар».

Кўринадики, Хожа Убайдуллоҳнинг Тошканд даври ҳаёти ва фаолияти Текис давом этмаган. Афсуски, унинг бу даврдаги фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётга қатнашуви ва бошқа масалаларга оид материаллар ҳозирча бизга маълум эмас. Муҳаммад Қози ҳам ўз асарида бу ҳақда кам тўхталган.

Хожа Убайдуллоҳнинг Тошкандда Темурийзода Абу Саъид Мирзо билан бўлган мулоқотларининг сабаб ва тафсилотлари ҳам унча аниқланган эмас. Шуниси маълумки, Шоҳрух Мирзо вафоти (1447), Улуғбек Мирзо фожиасидан (1449) сўнг Мовароуннаҳр ва Хуросонда Темурий шоҳзодаларнинг тахт-тож учун кураши ниҳоятда авжига чиқади. Шунинг натижасида Улуғбек Мирзонинг ўғли Абдуллатиф ўлдирилгач, Улуғбекнинг куёви Абдулло Мирзо Самарқанд тахтига чиқади. Аммо бошқа Темурийзодалар, жумладан, Абу Саъид Мирзо тахт-тож учун курашни давом эттириб, Абдулло Мирзога қарши кураш учун Дашти Қипчоқ ҳокими Абулхайрхонга (ваф. 1469–1470) мурожаат қилиб, ҳарбий ёрдам сўрайди. А.А. Семеновнинг таъкидига кўра, Абулхайрхон темурийзодаларнинг ўзаро курашларига биринчи бор аралашиб, Абу Саъид Мирзонинг илтимосини қондиради ва унга ҳарбий ёрдам кўрсатади. Худди ана шу муносабат билан Дашти Қипчоққа йўл олган Абу Саъид Тошкандда ҳам бўлиб, Хожа Убайдуллоҳ билан танишган кўринади. Бу воқеалар эса 1451–1452 йилларга тегишлидир. Бир масала бизга ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда, яъни нима учун Абу Саъид Мирзо Тошкандда эканлиги вақтида бошқа уламоларга эмас, балки Хожа Убайдуллоҳга учрашган? Хожа Убайдуллоҳнинг қайси томонлари Абу Саъид Мирзонинг диққатини ўзига тортган? Иккинчи томондан эса, Хожа Убайдуллоҳ Абу Саъид Мирзони қандай танийди? Нега у Абу Саъид Мирзога руҳий ҳомийлик қилишга розилик берди?

Агар баъзи ишораларга эътибор қилинса, бу саволларнинг айримларига жавоб топиш имкони борга ўхшайди. Жумладан, айтишларича, Хожа Убайдуллоҳ қандайдир масала бўйича Мовароуннаҳр подшоси Абдулло Мирзога мурожаат қилиш мақсадида Самарқандга борган экан. Аммо сарой амалдорлари уни Абдулло Мирзо қабулига киритмагач, у ноилож Тошкандга қайтибди. Агар шундай бўлса, Хожа Убайдуллоҳнинг Абдулло Мирзо ва унинг амиру амалдорларидан қаттиқ ранжигани табиий. Худди шу ҳолатда Тошкандга келган Абу Саъид мирзо ва унинг Самарқандга юриш қилиш режаларини эшитган Хожа Убайдуллоҳ Абу Саъид мирзонинг руҳий ҳомий бўлиш ҳақидаги илтимосини қабул қилмадимикан?! Бунинг устига ўзи ҳам қўшилиб Самарқанд томон бормадимикан?! Шундай бўлган кўринади.

Шу жиҳатдан Абу Саъид мирзонинг Самарқанд ҳокими Абдулло мирзога қарши юришида қатнашган Абу Саъид мирзонинг лашкарбошларидан бўлган Ҳасан баҳодурнинг қуйидаги ҳикояси диққатга сазовор кўринади: «Абу Саъид мирзо лашкари Тошканддан Самарқанд томон йўл олганда Мен унинг билан бирга эдим, – дейди Ҳасан баҳодур. – Булунғур ариғи яқинида мирзо Абдулло қўшинлари саф тортиб турган экан. Мен мирзо Султон Абу Саъидга яқин турдим. Мирзо Султон Абу Саъид лашкарининг сони тахминан етти мингдан иборат бўлса, мирзо Абдулло лашкари ва қурол-яроғи жуда кўп эди. Бу орада бизнинг лашкарларимиздан бир қисми мирзо Абдулло томон ўтди. Мирзо Султон Абу Саъид ниҳоятда ташвишга тушиб, унда қўрқиш аломати сезила бошланди. Шу вақтда мирзо Султон Абу Саъид менга мурожаат қилиб, «Эй Ҳасан, бирор нарса кўряпсанми?» деб сўради. Мен айтдим: «Султоним, мен Хожа (Аҳрор) ҳазратларини кўряпман, ул киши лашкаримиз олдида бормоқдалар». Мирзо Султон Абу Саъид айтди: «Мен ҳам кўряпман». Мен айтдим: «Мирзо, ғам еманг» душман устидан ғалаба қозонажакмиз». Шу вақтда мен «ёғи қочди» деб баланд овоз билан айтиб юборган эканман бу гапни бутун лашкаримиз такрорлаб, илгари ҳаракат қилди. Озгина фурсат ўтмай, мирзо Абдулло асир тушди ва унинг лашкари енгилди. Шу куннинг ўзида Самарқанд қўлга кирди». Муҳаммад Қози шунга илова қилиб, Хожа Аҳрордан эшитган қуйидаги гапни ҳам келтиради: (Хожа Аҳрор) айтурдиларки, «мирзо Абдулло асир тушгач, уни дарҳол ўлдирдилар. Мен Тошканд томон йўл олдим».

Бундан кўринадики, Султон Абу Саъиднинг мирзо Абдулло лашкарлари устидан ғалаба қозониши унинг Хожа Убайдуллоҳга нисбатан бўлган ихлосини янада кучайтирган ва унга боғланиб қолган. Ана шунинг натижасида Самарқанд тахтига ўтирган Султон Абу Саъид мирзо Хожа Убайдуллоҳнинг ўзи ёнида бўлишини маъқул кўриб, уни Тошканддан Самарқандга кўчиртириб келган. Хожа Убайдуллоҳнинг Султон Абу Саъид мирзо томонидан Самарқандга кўчиртириб келгани ўша воқеанинг шоҳидлари томонидан тасдиқланган.

Жумладан, Хожа Аҳрорнинг муридларидан бўлмиш мавлоно дарвеш Сарипулий шундай ҳикоя қилади: «Мирзо Султон Абу Саъид ҳукмронликни қўлга олгач, Хожа Убайдуллоҳ ҳазратларини Тошканддан Самарқандга кўчиртириб келди. Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Самарқандга кўчиб келганларида у кишини биринчи бўлиб зиёрат қилган Мен эдим».

Бу воқеа 1452 йилда содир бўлиб, шундан сўнг Хожа Убайдуллоҳ умрининг охиригача Самарқанд билан боғланди. Албатта, у Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг жуда кўп шаҳарлари, қишлоқларига саёҳатлар қиларди, аммо асосий макони Самарқанд бўлиб қолди. Хожа Убайдуллоҳ Султон Абу Саъид ва сўнгра унинг ўғли Султон Аҳмаднинг Самарқанддаги ҳукмронликлари даврида улар наздида жуда катта эътиборга сазовор бўлиб қолмай, балки Меҳнаткаш аҳоли, тижорат аҳли, ҳунармандлар, илм, адабиёт, тасаввуф ва бошқа соҳаларнинг забардаст вакиллари доирасида шуҳрат қозонди, кўпгина мол-мулк, ер ва бойликлар соҳиби ҳам бўлди. Хожа Аҳрор эътиборининг Тезда ошгани шундан ҳам билинадики, 1454 йилда Хожа Аҳрор томонидан сотиб олинган ҳовли васиқасида у олий мақом, давлат ва дин шарафи, илоҳий сирларнинг орифи ва мазҳари каби фахрий унвонлар соҳиби сифатида ҳамда фуқаро ва акобирларнинг пушту паноҳи, деб тилга олинган.

Шуниси эътиборга лойиқки, Хожа Убайдуллоҳнинг бундай юксак мартабалар ва эҳтиром соҳиби экани шу васиқада замонасининг аълам ул-уламоси Хожа Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид Абулайс томонидан ҳам «Шундай, В-олло-ҳу аълам», дейилиб тасдиқланган. Бундай ҳол фақат Самарқанддагина эмас, балки Хуросонда ҳам маълум ва машҳур бўлган.

Маълумки, Хуросон ҳокими Султон Абулқосим Бобур 1454 йилда Абу Саъид мирзо ҳукмронлик қилаётган Самарқандга юриш қилди. Шу воқеа билан боғлиқ бўлган айрим лавҳалар Муҳаммад Қози томонидан Келтирилганки, улар бир томондан, Хожа Убайдуллоҳнинг мавқеини тушинишда, иккинчи томондан эса, Абулқосим Бобурга Тегишли баъзи масалаларни ойдинлаштиришда кўмаклашади. Улардан бири қуйидагича:  Айтурларким, Абулқосим Бобур Мирзо Самарқандни қамал қилган вақтда Хожа Абу Наср Порсо ҳазратлари Балхда эканлар. Бир куни Балхда «Абулқосим Бобур Самарқандни эгаллабди» деган гап тарқалибди. Хожа Абдулмалик изтироб билан Хожа Абу Наср ҳузурига келиб, «Мирзо Бобур Самарқандни олибди» Деди. Хожа Абу Наср бунга эътибор бермабди. Хожа Абдулмалик эса бу гапни бир Неча марта такрорлабди. Бу вақтда Хожа Абу Наср таҳорат қилиб, қўлларини юваётган эканлар. Хожа Абдулмалик ҳаддан ташқари муболаға қилаВергач, Хожа Абу Наср айтибдиларки, шундай овоза қилибдиларми, деб қўлларини узатиб, мана, Бобур Самарқандни олар экан?! Самарқанднинг эгаси бор, унинг ижозатисиз ва розилигисиз ҳеч ким Самарқандни ололмайди. Хожа Абдулмалик «Самарқанднинг эгаси ким» деб сўрабди. Хожа Абу Наср айтибдилар: Хожа Убайдуллоҳ ҳазратлари… Бир кеча фурсат ўтгач, Бобурнинг Самарқандни олгани ҳақидаги овозанинг ёлғонлиги маълум бўлибди.

Мана бу ҳикоя ҳам қизиқ: Абдулқосим Бобур икки юз минг лашкар билан Самарқандга йўл олгач, бу хабарни эшитган Султон Абу Саъид мирзо Хожа Убайдуллоҳ ҳазратлари ҳузурига келиб, Мен мирзо Бобурга қарши кураша олиш қувватига эга эмасмен, нима қилмоқ керак, дебди. Хожа ҳазратлари унга тасалли берибдилар. Мирзо Бобур лашкарлари Амударёдан ўтгач, Султон Абу Саъид мирзонинг амирлари Туркистонга чекиниб, у ерни мустаҳкамлаш керак, деган маслаҳатга келибдилар ва сафар асбобларини тайёрлай бошлабдилар. Бундан воқиф бўлган Хожа ҳазратлари дарров келиб, туяларга ортилган юкларни туширишни айтиб, мирзо Султон Абу Саъидга мурожаат қилиб, «қаерга бормоқчисиз? Ҳеч қаерга боришнинг ҳожати йўқ, мушкул шу ерда осон бўлади. Мен сизнинг ҳимоянгизни ўз зиммамга олганман. Гарчи баъзи амирларингиз Хожа ҳазратлари бизни ўлимга бошлаяпти, деб айтган бўлсалар-да, Сиз бунга ишонманг» дебдилар. Султон Абу Саъиднинг Хожа ҳазратларига эътиқоди кучли бўлганлиги сабабли ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмади ва ҳеч қаерга отланмади. Мирзо Бобурнинг амирлари «Султон бизга қарши туришга дош беролмай, Самарқандни бизга қолдириб кетади» деган хаёлда эканлар. Аммо Султон Абу Саъид қалъани мустаҳкамлаб, урушга шайланибди. Мирзо Бобур Самарқанд қалъасига яқинлашибди. Унинг илғори Халил ҳинду бошчилигида Намозгоҳ яқинида шаҳардан чиққан озгина кишилар билан урушибди. Бу урушда Халил ҳинду асир тушибди.

Мирзо Бобур Самарқанднинг қадимий ҳисори-қалъаси (ҳозирги Афросиёб)да ўринлашибди. Унинг аскарлари озиқ-овқат излаб, атрофга борганларида аҳоли уларни тутиб, қулоқ ва бурунларини Кесадилар. Шундай қилиб, мирзо Бобур аскарларидан кўпи қулоқ ва бурунсиз бўлиб қолади. Мирзо Бобур лашкарининг аҳволи ниҳоятда оғир бўлибди. Бу орада уларнинг отлари ҳам касалликка учраб ўлибди. Ўликларнинг ҳидидан ҳам аҳвол оғирлашибди. Ниҳоят мирзо Бобур Мавлоно Муҳаммад Муаммоийни ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ ҳузурига юбориб, сулҳ тузишни таклиф қилибди.

Мавлоно Муҳаммад Муаммоий Хожа Убайдуллоҳ билан мулоқот вақтида қизиқ гапларни айтибди: бизнинг мирзомиз (Бобур мирзо) олиҳиммат кишидир, қаерга борса, уни олмай қўймаслар… Ҳазрати Хожа айтурдиларки, Мен бу гапнинг жавобида шундай Дедим: агар мирзо Бобурнинг бобоси Шоҳрух мирзога нисбат бўлган ҳурматим бўлмаганда эди, чунки мен мирзо Шоҳрух вақтида Ҳиротда бўлганимда кўпгина фароғатлар кўрган эдим, масала бошқачароқ ҳал бўлиши мумкин эди. Хулоса, сулҳ тузишга рози бўлибдилар. Мирзо Бобур ҳазрат Хожа чиқиб, сулҳ тузишимизда қатнашсалар, деб айтибди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ бу иш Султон Абу Саъиддан ижозат сўраганда, султон ҳазрат Хожанинг чиқишларига розилик бермабди. Сулҳ тузиш маросимига ҳазрат Хожанинг шогирди мавлоно Қосим қатнашибди. Хожа Убайдуллоҳ бу маросимга қатнашишлари учун Султон Абу Саъиднинг кўнмагани сабабини суриштирибдилар. Султон Абу Саъид шундай дебди: мирзо Бобур сўзга чечан ва суҳбатдошини мафтун эта олувчи йигитдир. Шунинг учун сиз уни кўриб, унга мойил бўлиб қолишингиз мумкин деган фикр билан сизнинг боришингизга рози бўлмадим. Агар шундай бўлганда, менинг ишларим қийин бўлиб қоларди.

Бундан ташқари, Муҳаммад Қози Хожа Убайдуллоҳнинг Мирзо Бобур сифатларига доир ҳикояларини шундай келтиради:

Хожа Убайдуллоҳ айтурларки, Мирзо Бобур тасаввуфни билишни даъво қилиб, мажлисларида тасаввуфнинг муқаддимотидан баҳслар бўлар экан. Мутасаввуфлардан Пирзода Қаюм мирзо Бобур мулозаматида бўлар эди. Мирзо Бобур бу тоифага мўътақид эди.

Мирзо Бобур Самарқанднинг қадимий ҳисорида (ҳозирги Афросиёб) ёнбошлаб олиб, баланд овоз билан «орифда ҳиммат йўқ, орифда ҳиммат йўқ. Агарчи Самарқандни ололмаган бўлсакда, аммо билдикки, Хожа ҳазратлари ориф эмас эканлар. Бизни ҳиммат била хароб қилдилар», – деб нола қилган экан…

Айтдиларки, Мирзо Бобур мавлоно Саъдиддин Қошғарий суҳбатидан жуда кўп баҳраманд бўлиб, мавлонога борди-келди қилишни таклиф этганда мавлоно кўнмабди. Саъдиддин Қошғарий вафот этганда мирзо Бобур ул ҳазратнинг тобутларини Маликон масжиди ёнидаги уйларидан то хиёбоннинг бошигача кўтариб борибди. Ҳаво иссиқ экан, Терга ботиб, тўнлари ҳўл бўлишига қарамай мавлононинг тобутини қабристонгача олиб борган экан. Салтанат ва бойлик арбобларининг дарвешларга бўлган бундай эътиқоди ва ҳурмати ибратга лойиқдир.

Хожа Убайдуллоҳнинг Мирзо Бобур ва унинг фазилатларига доир ҳикояларида бу Темурийзодага нисбатан бўлган хайрхоҳлиги кўзга ташланади. Ана шу темурийзода ҳиммати туфайли Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийлар унинг саройида тарбияланган ва ҳурмат қилинганликлари ҳамда кейинчалик Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»да Мирзо Бобур ҳақида самимият билан ёзганларини, уларнинг Хожа Убайдуллоҳ ҳикоялари билан ҳамоҳанглигини эсласак, унда темурийзода мирзо Абулқосим Бобур шахсиятининг моҳияти анча ойдинлашади. Алишер Навоий унинг ҳақида шундай ёзган эди: «Бобур мирзо – дарВешваш ва фоний сифат ва карим ул-ахлоқ киши эрди. Ҳиммати олдида олтуннинг дағи кумушнинг тошу туфроғча ҳисоби йўқ эрди. Тасаввуф рисолаларидан «Ламаот» била «Гулшани роз»га кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмға мулойим эрди. Бу рубоий анингдурким:

Чун бодау жомро ба ҳам пайвастй,
Медон ба яқин ки ринди болодастй,
Жом аст шариат ва ҳақиқат – бода,
Чун жом шикастй ба яқин бадмастй.

Мазмуни: бода билан жомни бир-бирига боғлаб қўйдинг: маълум бўладики, сен ўткир риндлардан экансан. Шариат – жом, ҳақиқат – бода, жомни синдирдинг – билиндики Сен бадмаст экансан.

Агарчи туркча назмлар ҳам айтур эрдики, барчаға қабул эрди, аммо бу байт ҳам анингдурким:

Неча юзунг кўруб ҳайрон ўлойин,
Илоҳи мен сенга қурбон ўлойин.

Кўринадики, мирзо Абулқосим Бобур ўзининг кўпгина фазилатлари, жумладан, тасаввуф аҳлига эътиқоди нуқтаи назаридан замондошларидан бўлмиш Султон Абу Саъид мирзо, Хожа Убайдуллоҳ ва Алишер Навоийларнинг диққатини ўзига қарата олган Темурийзода эди. Мирзо Абулқосим Бобур Ҳиротда эканида мавлоно Саъиддин Қошғарий билан қилган суҳбатлари чоғида сўз, албатта, мавлоно Саъдиддиннинг маслакдоши ва дўсти Ҳожа Убайдуллоҳ ҳақида Кетган ва шундай қилиб, Мирзо Бобур Хожа Убайдуллоҳни сиртдан билган ҳамда унга ихлос қўйган кўринади. Шунинг учун Самарқандни қамал қилган вақтида натижага эриша олмагач, сулҳ тилаб, ўз вакилини Хожа Убайдуллоҳ ҳузурига юборган ва масала ҳал бўлгач, сулҳ битимини тузиш маросимида Хожанинг қатнашишини илтимос қилган. Аммо Абу Саъид мирзо Хожанинг бу маросимга қатнашувига розилик бермаган.

Бу ҳикоялардан маълумки, Хожа Убайдуллоҳнинг Султон Абу Саъид ҳукмронлиги даврида Самарқандга кўчиб келишидан 2–3 йил ўтмай унинг эътибори жуда ошиб Кетган ва бу ҳол Мовароуннаҳрдагина эмас, балки Хуросон ва бошқа ўлкаларда ҳам маълум бўлган. Булар эса, жумладан, Мирзо Бобурнинг Самарқандни ололмагани воқеаси, Султон Абу Саъиднинг Хожа Убайдуллоҳга нисбатан бўлган эътиқодини янада кучайтирган. Бунинг боиси яна нимада эди? Бизнингча, бунинг сабабларидан бири шундан иборат бўлса керакки, Хожа Убайдуллоҳ ўша даврда халқ оммаси ва жамиятнинг турли табақалари орасида эътибор қозонган нақшбандия – хожагон тариқатининг асосий йўналишини шундай белгилаган эди: «Хожагон тариқати дарвешларининг удуми шундан иборатки, улар ўзларининг барча ҳимматларини ҳамиша бирор-бир иш билан машғул бўлишга сарфлайдилар… Айтибдурларки, халойиқнинг Ҳақ субҳонаҳуга эришиш воситаси уни эслаш даражасига боғлиқ бўлса-да, аммо унинг энг яхши йўли бир мусулмон кўнглини хурсанд қилмоқдан иборатдир. Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг табаррук сўзларидан бири будир:

Дари хилват банду дари суҳбатро кушой,
Дари шайхиро банду дари ёриро кушой.

Мазмуни:

Хилват эшигин ёпгилу суҳбат эшигин оч,
Шайхлик эшигин ёпгилу ёрлик эшигин оч.

Афғонистоннинг таниқли олими Абдулҳай Ҳабибий худди шу масалани изоҳлаб, қуйидагича ёзади: «Хожа Аҳрорнинг сўзларидан маълум бўладики, нақшбандийлар одамларга ижтимоий жиҳатдан фойдали бўлган роҳат ва хурсандчилик бағишлаш каби олижанобликни гўзал ахлоқ деб биладилар.»

Шу билан бирга Хожа Аҳрорнинг қуйидаги сўзлари ҳам унинг ҳаракат дастури тарзида тушуниларди: «Агар биз шайхликни бўйнимизга олганимизда эди, унда биронта шайх мурид тополмасди. Аммо бизга бошқа масъулият, яъни мусулмонларни золимлар зулмидан ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган. Ана шуни амалга ошириш ва мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида подшоҳлар билан мулоқотда бўлиб туриш, уларнинг ишончини қозониш лозим… Агар машойихлар ўз вақтларини аяб, бу ишга эътибор қилмаган бўлсалар, биз фуқаро учун ўз вақтимизни аямаймиз». Яна шундай дер эдилар:
«Бу замонда подшоҳлар ҳузурига бориб, мазлумлар ва ҳожатмандларнинг мушкулини осон қилишдан яхши хислат бўлмас. Шунга эришмоқ лозимки, бир мазлумнинг арзини султонларга етказиб, унга мададкор бўлиш, адолатсизлик ҳамда зулмни бартараф қилиш учун барча куч ва ғайратни аямаслик керак».

Юқорида баён этилган ҳаракат маромномаси Хожа Убайдуллоҳнинг катта бобоси Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли Шайх Хованди Таҳурга айтган ҳикматли сўзи «Таҳур, мулло бўлма, шайх бўлма, сўфи бўлма, мусулмон бўл!» мазмунини, яъни мусулмон бўлмоқ – фуқаро манфаатлари учун яшамоқ эканлигини ўзи учун кашф қилганидан далолат беради. Хожа Убайдуллоҳ фаолиятидаги кўп масалаларни шу жиҳатдан тушунмоқ ва шарҳламоққа тўғри Келади. Чунончи, бу даврга келиб, Моваруннаҳрнинг турли шаҳар ва қишлоқларида Хожа Убайдуллоҳга қарашли мол-мулк, ер ва катта бойликлар майдонга келади. Буларнинг бир қисми сотиб олинган бўлса, айримлари назр қилиш йўли билан унинг номига ўтказилган эди.

Деҳқонларнинг ўз ихтиёридаги ерларни Хожа Убайдуллоҳ номига ўтказишлари – назр қилишларининг сабабларидан бири шундан иборат бўлса керакки, Абу Саъид мирзонинг фармони билан Хожа Убайдуллоҳга қарашли ер ва мулкдан ушр (ўндан бир) солиғигина олинарди. Бошқаларнинг ер ва мулкидан эса, унга қўшимча яна турли хил солиқлар ҳам ундирилар эди. Бу эса Деҳқонларни ниҳоят оғир аҳволга солиб қўярди. Шунинг учун кўпчилик Деҳқонлар ерларини Хожа Убайдуллоҳга назр қилиш билан унинг номига ўтказардилару ўзлари ўша ерларда ишлашни давом эттирардилар. Бунинг натижасида улар ортиқча солиқлардан халос бўлишарди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»да ёзганлари ҳам шу маънода бўлса керак: «Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг мутааллиқларигаким, бурун харж ва таҳмилларини кўп фақир ва мискинларнинг ҳимояти била зулм ва тааддидин халос бўлурлар эди».

Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг ўз қарамоғидаги деҳқон ва чорвадорларни зулм, камситишдан ҳимоя қилгани, зулм қилгувчи амалдорларга нисбатан Кескин чоралар кўрганини исботловчи турли воқеий ҳикоялар ҳам мавжуд. Жумладан, Муҳаммад Қози қуйидагича ҳикоя қилади:  «Бир карра Қаршига борардилар. Қаршига яқинлашганларида Хожа Убайдуллоҳга Тегишли туяларни боқувчи Қора Аҳмад исмли араблардан бўлмиш киши келиб, араблар тоифасининг оқсоқоли Саййид Муҳаммад сортнинг унга кўрсатган зулм ва таҳқирларидан йиғлаб шикоят қилади. Хожа Убайдуллоҳ унинг сўзларини эшитиб, аҳволида ўзгариш пайдо бўлган бўлса-да, ҳеч нарса демади. Самарқандга қайтганларида Малик кўчасида ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Саййид Муҳаммад сорт ва Муҳаммад Али кўкалдош билан учрашдилар. Ҳол-аҳвол сўралгач, ҳазрат аччиқ билан Саййид Муҳаммад сортга қараб, Сен бизнинг одамларимизни таҳқир қилиб, уларга зулм қилур экансан. Шуни яхши билгилки, Мен ҳам таҳқир йўлларини яхши биламан. Биз ҳам сенга нисбатан шундай қилурмиз, бундан қўрқишинг керак, деб кесатиб гапирдилар ва уни жўнатиб юбордилар.

Шу куни ва эртаси эрталабгача ҳеч кимга гапирмадилар. Бирор киши ҳам журъат қилиб, ул ҳазрат билан гаплаша олмади. Бир Неча фурсат ўтгач, Саййид Муҳаммад сорт касал бўлиб, оғирлашиб борди. У бу ҳақда мирзо Султон Аҳмад подшоҳга хабар етказиб, бунинг сабаби ҳазрати Хожага нисбатан қилган одобсизлиги экани, у кишининг ғазабига учраганини баён қилди ва иложи бўлса ҳазратнинг гуноҳимни бағишлашларига кўмаклашишни сўради. Султон Аҳмад мирзо Дарвеш Аминни ҳазрати Хожа ҳузурига йўллаб, Саййид Муҳаммад сортнинг гуноҳини бағишлашларини жуда ҳам илтимос қилди. ДарВеш Амин Султон Аҳмаднинг илтимосини такрор-батакрор айтгач, Хожа ҳазратлари айтдиларки, ўлган Саййид Муҳаммад сортнинг гуноҳини қандай қилиб авф этайин. Мен Исо эмасманки, ўликларга жон ато қилиб, уларни тирилтирсам. Мирзо Султон мени кўрмоқчи бўлган экан, Мен борурМен, деб Арк томон йўл олдилар. Аркнинг эшигига яқинлашганларида бировнинг тобутини кўтариб чиқдилар. Бу Саййид Муҳаммад сорт жасади солинган тобут эди. Ҳазрати Хожа Аркка кирмай қайтдилар.

Бу воқеий ҳикоя Хожа Убайдуллоҳнинг Меҳнаткашларни ҳар қандай зулм ва таҳқирдан ҳимоя қилганидан далолат беради. Тўғри, бунда Хожа Убайдуллоҳнинг руҳий таъсир кучининг нақадар зўрлигига алоҳида диққат қилинмоқда. Хожа Убайдуллоҳ фақат Деҳқон ва чорвадорларнинггина эмас, балки ҳунар ва тижорат аҳлининг манфаатларини ҳам ҳимоя қилган. Бунга мисол сифатида Хожа Убайдуллоҳ томонидан ҳикоя қилинган қуйидаги лавҳа диққатга сазовордир.

«Бир марта Абу Саъид мирзодан шахсий тамғани (Хожа Убайдуллоҳ молларидан олинган тижорат солиғи) бағишлашни, яъни бекор қилишни сўраган эдим, уни бағишладилар. Шундан кейин айтдим: мен ва сизнинг орамизда анчадан бери дўстлик муносабатлари мавжуд. Нима бўлардики, ҳимматингизни олий даражага етказиб, ғайри шаръий бўлмиш тамға солиғини ҳамма учун ҳам бекор қилсангиз. Сизнинг олий ҳимматли эканингизни билганим учун ҳам бундай илтимос қилаяпман. Мирзо Султон Абу Саъид ҳеч нарса демади. Биз ҳам бошқа гапирмадик. Бу орада Амир Нурсаъид бизнинг ҳузуримизга келганда, юқоридаги воқеани унга айтдик. Амир Нурсаъид мирзо Абу Саъид ҳузурида бўлганида шундай дебди: Олиҳазрат, ажаб иш қилиб, тамға солиғини ҳамма учун Бекор қилибсиз. Абу Саъид мирзо айтибди: «ҳазрати Хожа сўзни олий ҳимматликдан бошлаганларида мен бу илтимосни қондирмасам, ҳимматсиз бўлиб қолишимни сезиб айтганларини қабул қилдим. Хожа ҳазратларининг эҳтироми учун тамғани барча учун бекор қилурмиз». Бир неча муддат ўтмай, ваъдага кўра тамға солиғи барча учун бекор қилинди».

Бу воқеанинг тўғрилигини «Равзат ус-сафо»нинг муаллифи Мирхонд ҳам тасдиқдаб, шундай ёзади: «Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Ҳиротга Султон Абу Саъид ҳузурига келиб, Самарқанд ва Бухоро учун тамға солиғини бекор қилишни илтимос қилдилар. Подшоҳ Хожа ҳазратлари илтимосларини қабул қилиб, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг жуда катта маблағни ташкил этувчи ва подшоҳлик хазинасига тушувчи тамға солиғини бекор қилдилар».

Бу ҳикояларда Хожа Убайдуллоҳнинг ажиб фазилати кўзга ташланади. У фақат ўзини, ўз манфаатини ўйламаган. Агарда шундай бўлмаса, ўзининг моллари учун тамға солиғини Бекор қилдириб, жимгина юриши ҳам мумкин эди-ку! Йўқ, у кўпни, бошқаларни ҳам ўйлади ва имконият борида Самарқанд ва Бухоро вилоятлари учун бу солиқни Бекор қилдирди. Бундай ҳолат Хожа Убайдуллоҳнинг тижорат аҳли, ҳунармандлар ҳам бошқа табақалар наздидаги обрўсини янада оширди ва мухлисларини ҳам, мухолифларини ҳам сўзсиз кўпайтирди.

Хожа Убайдуллоҳ орттирган кўпгина бойликларини халққа солинган ортиқча солиқларни тўлашга, мадраса, хонақоҳ, масжид ва бошқа хилдаги иморатларни қурдиришга сарфлади. Мисол учун, Умаршайх мирзо Шош – Тошканд аҳолисидан 250000 динор ҳажмидаги солиқни талаб қилганда, Хожа Убайдуллоҳ бу маблағнинг ҳаммасини ўзи тўлабгина қолмай, балки унга қўшимча равишда 70000 динорни ҳам солиқ тўпловчиларга тўлаган. Бундан ташқари, у ўзи қурдирган мадраса, масжид, хонақоҳларни таъмирлаш, у ерда ишловчи ва яшовчилар, мударрис ва толиби илмларни моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўпгина ер ва мол-мулкни вақф қилдирган эди. Бу вақфларнинг сони ва мақсади ҳақида Хожа Убайдуллоҳнинг ўзи шундай деб айтган.

«(Хожа Убайдуллоҳ) айтур эрдиларки, қурдирилган иморатларда истиқомат қилувчиларни таъминлаш учун 254 вақф қилинган. Бундан мақсад шуки, биз ҳаёт эканмиз, биродарларимиз тирикчилик ташвишини тортмасинлар. Биздан сўнг ҳам бу вақфларнинг даромади ўшаларга мўлжалланади. Шуниси ҳам борки, вақф қилинган жойлардан олинадиган даромадларни ейиш ва ичиш билан қаноатланиб қолмай, балки хожагон тариқати сирларини ҳам чуқур ўрганиб, бир-бирини баҳраманд этсалар, токи ғайб олами (билинмаган олам) асроридан файз топсалар».

Олима О.Д. Чеховичнинг ёзишича, Хожа Убайдуллоҳ баъзан Мовароуннаҳр ҳокими Султон Аҳмад мирзога ҳам маълум маблағни, жумладан, ўн минг кумуш тангани жўнатган. Кўринадики, Хожа Убайдуллоҳга қарашли бўлган мол-мулк, ер ва турли жойлардан олинадиган даромад асосан хайрли ишларга сарф қилинган.

Муҳаммад Қози томонидан келтирилган бир лавҳа жуда қизиқ ҳодисадан гувоҳлик беради. «Ҳазрат мол-мулкларининг барчаси фуқаро учун сарфланарди, баъзан эса харажат даромаддан кўп бўлар ва йилнинг охирида қарздор бўлиб қолардилар».

Бундай эътироф Хожа Убайдуллоҳнинг ҳисобсиз мол-мулки, бойлиги ҳақидаги ривоятларга оқилона тарзда муносабатда бўлишни тақозо этади.

Айтилганлардан маълумки, Хожа Убайдуллоҳ таъсир доирасининг кенгайиб, шуҳрат қозониши бежиз бўлмаган, шу туфайли турли табақа вакиллари унга ишонганлар ва ундан мадад истаганлар. Бу ҳол ўша давр ҳокимларини Хожа Убайдуллоҳ билан ҳисоблашишга мажбур этган кўринади. Шундан бўлса керакки, Хожа Убайдуллоҳ даврининг турли султонлари билан бевосита муносабатда бўлган, уларга насиҳатомуз сўзлар ёки ҳикоялар айта олган. Масалан, кимга, қайси султонга қаратилгани аниқ эслатилмаган бўлса-да, унинг шундай ёзгани ибратлидир: «Ташқи ва маънавий саодатнинг боиси шариат қонун-қоидаларига риоя қилишдан иборатдир. Агар душманлик ва Келишмовчилик бўлса, ҳеч нарса бўлмайди. Хотиманинг гўзаллиги ва роҳатнинг боқийлиги қонун-қоидага амал қилишдандир. Сабр қилмоқдан ўзга чора йўқдир. Ҳақ субҳонаҳу бандаларини ранжитмаслигингиз муносиб кўринади».

Мазкур хатнинг қандай муносабат билан, қачон майдонга келгани ҳам аниқ эмас, аммо энг муҳими унда султонни шариат қонун-қоидаларидан Четга чиқмаслик, душманлик ва келишмовчиликни юзага келтирмаслик ва, ниҳоят, Оллоҳ бандалари – фуқарони ранжитмасликка даъват қилганидир. Бундан келиб чиқадиган яна бир хулоса шундан иборатки, қонун олдида шоҳ ҳам, фақир ҳам Тенг эканлигига ишора қилинмоқда. Бу эса маълум даражада султонларнинг ўзбошимчалиги ёки қонун-қоидани писанд қилмаслигининг олдини олишга қаратилган.

Агар ўша даврдаги муҳитга, хусусан, нақшбандия тариқатига мансуб бўлган бадиий ижодкорлар яратган асарларга мурожаат қилинса, юқорида баён қилинган ғоянинг бадиий тарзда ифода этилганини ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, Хожа Убайдуллоҳ мансуб бўлган тариқатни қабул қилган улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Низомиддин Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонининг учинчи мақолотидан сўнг Келтирилган мўъжаз ҳикоясида шоҳ Ғозий ва даъвогар кампир воқеасини баён этганда, шоҳ Ғозийнинг шариат қонуни олдида бошқа фуқаролар билан Тенг ҳолда бўйсуниши ва унинг ҳукмини бажаришга тайёр эканини тасвирлайди. Бу ғоя эса юқорида эслатганимиз Хожа Убайдуллоҳнинг султонга ёзган мактуби ғоясига ҳамоҳанг бўлиб, фарқ эса Алишер Навоий уни бадиий тасвир воситасида амалга оширишидагина кўринади.

Шуни ҳам эслатиш лозимки, Хожа Убайдуллоҳ ўзининг адолат ва адолатсизлик, зулм ва карамнинг хусусиятлари ҳақидаги мулоҳазаларини ҳикоя Келтириш билан ифода қилган ва бу фикрни баён этишнинг ўзига хос шакли бўлган. Жумладан, Муҳаммад Қози шундай ҳикоя қилади:  Бир кун амирлар йиғилишида Хожа Убайдуллоҳ ғалланинг ҳосили олдинги йиллардагидай эмаслигини айтиб, ғалланинг кўриниши яхши-ю, аммо тош босмайди, ҳеч нарсада барака қолмабди. Бунинг сабаби эса, худди Анушервон ҳақидаги ҳикояда бўлганидай, подшоҳнинг хотирига, раиятига нисбатан зулм ва адолатсизлик қилиш фикри келиши билан боғлиқдир, деб айтибдурлар ва Анушервон ҳақидаги қиссани келтирибдилар: Бир кун келиб Анушервон ов қилиш ниятида отланибди. Йўлда чанқаб қолибди. Бир қишлоққа келиб, у ердаги уй эгасидан сув сўрабди. Қизгина бир қадаҳда устига найшакар барги қўйилган шарбат Келтирибди. Анушервон шарбат ичиб бўлгач, қизгинадан сўрабди: шарбат устига нима учун найшакар баргини қўйдингиз? Қизгина шундай жавоб берибди: Чанқаб келгандингиз, муздай шарбатни сипқориб ичиб қўйсангиз, касал бўлиб қолишингиз мумкин эди. Секинлик билан шимириб ичишингиз мумкин бўлсин деб, шарбат устига найшакар баргини қўйган эдим. Шундан сўнг Анушервон, солиқлар қандай, деб сўрабди. Қизгина жавоб берибди. Анушервон уни эшитиб, солиқ миқдори кам экан, уни кўпайтириш зарур деб, кўнглидан ўтказибди. Бир неча вақт ўтгач, яна шу қишлоққа келибди ва ўша уй бекасидан сув сўрабди. Ўша қизгина ичкарига кириб, анча ҳаяллабди, сўнг бир қадаҳ шарбат чиқарибди. Анушервон айтибди: Бу сафар Нега ҳаялладинг? Аввалги сафар, – деб жавоб берибди қизгина, – битта найшакар поясини сиқиб, бир қадаҳ шарбат олган эдим. Бу гал эса, уч-тўрт поядан зўрға бир қадаҳ шарбат чиқди. Бунинг сабаби нимада? – деб сўрабди Анушервон. Қизгина жавоб берибди: Эҳтимолки, шоҳнинг кўнглида раиятга зулм ва адолатсизлик қилиш нияти келган бўлса керакки, бу шум ният туфайли Оллоҳ таоло одамлар орасидан баракани кўтарган кўринади.

Бу ўринда яна Алишер Навоийга мурожаат қилиб, унинг «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги шоҳ Баҳром унинг ов вақтида бир хароба қишлоққа бориб қолгани ҳамда бошқа воқеалар тасвирига бағишланган мўжаз ҳикоясини эслаш мумкинки, Хожа ҳазратлари Алишер Навоий ҳикояларидаги ғоявий ва бадиий тасвир ўхшашлиги диққатга сазовордир.

Хожа Аҳрорнинг ижтимоий фаолияти кузатилганда шу нарса ойдинлашадики, у фуқаро осойишталиги, ҳунар ва тижорат аҳли ишининг равнақи учун ҳар қандай баҳсли муаммоларни уруш ва қон тўкиш йўли билан эмас, балки имкони борича келишув, қурол-яроғ ишламатган ҳолда ҳал қилишга интилар экан. Бунинг учун эса ўз обрўсидан фойдаланиб, султону мирзоларга хатлар ёзар ёки ўзи бундай масалаларда шахсан қатнашар экан. Ана шундай воқеалардан бири мирзо Умар шайх Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмад мирзо орасида бўлиши мумкин бўлган урушнинг олдини олиш воқеасидир. Бу воқеа кўпгина тарихий ва эсдалик характердаги асарларда – Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин», Али Сафийнинг «Рашаҳот», Ҳофиз Танишнинг «Шарафномаи шоҳий»ларида эслатилган. Бу воқеанинг содир бўлган йили айрим манбаларда 1463 йил деб кўрсатилгани ҳолда Ҳофиз Таниш ўзининг «Шарафномаи шоҳий» асарида бу тарихни 890 ҳ. – 1485 м. йил деб қайд қилган.

Шу воқеанинг бевосита қатнашчиси бўлган ва сулҳ шартномасини ўз қўли билан ёзган Муҳаммад Қози «Силсилат ул-орифин»да шундай ҳикоя қилади:

Султон Аҳмад мирзо, Умар шайх мирзо Султон Маҳмудхонларнинг мулоқоти қиссаси.

Қисса шундан иборатки, Умар шайх мирзо Султон Маҳмудхон билан келишиб, Шоҳрухияга келгани ҳақида хабар келди. Мирзо Султон Аҳмад ҳам кўпгина лашкар тўплаб, ҳазрат Хожа Аҳрорни ҳам ўзи билан олиб ҳар томон йўл олди. Ҳазрат Хожа Аҳрорни ўзи билан бирга олиб боришдан мақсад улар билан сулҳ тузиш эканини изҳор қилганди.

Хожа Аҳрор қирқ кун Султон Аҳмад мирзо лашкари билан бирга эдилар. Қирқ кундан сўнг Султон Аҳмад мирзонииг лашкари Шоҳрухия музофотларидан бири бўлмиш Оққўрғонга келиб қўнди. Султон Аҳмад мирзонинг одати шу эдики, лашкардаги айримлар Ҳазратга нисбатан одобсизлик қилиб қўймасин деб, Хожа Аҳрорни ўз қароргоҳида жойлаштирарди. Бир кун Хожа Аҳрорнинг жаҳли чиқиб, Султон Аҳмад мирзога қараб, бизни нима учун олиб келдингиз? Мен ҳарбий одам эмасманки, урушсам. Агар урушмоқчи бўлсангиз, бизни нима учун олиб келдингиз, сулҳ тузмоқчи бўлсангиз, уни нега кечиктираяпсиз? Сизнинг лашкарингиз орасида туришга бошқа тоқатим қолмади, деб айтибди. Мирзо айтибди: барча ишсизнинг илтифотингизга боғлиқдир, сиз нимани лозим топсангиз, ўша амалга ошгувсидир.

Шунда Ҳазратнинг ишоралари билан бир Неча киши отланди, улар қаторида Мен ҳам бор эдим. Умар шайх, Султон Маҳмудлар томон йўл олинди. Улар ҳам буни эшитиб, Ҳазратни кутиб олиш учун ярим йўлгача чиқдилар ва бирга Шоҳрухияга бордилар. Бу мулоқот вақтида Ҳазрат Султон Маҳмудхонга кўп илтифот кўрсатдилар. Бунда сулҳ тузиш маросимининг режаси келишиб олинди. келишувга кўра, икки лашкар саф тортиб турардилар, ўртада шоҳона чодир тикилади. Икки томондан саноқли кишилар чодирга Келадилар ва шу ерда Ҳазрат уларни келиштиради ва сулҳ шартномаси имзоланади. Кун охирлашгач, Ҳазратнинг Султон Маҳмудхонга кўрсатган илтифотларининг натижалари сезила бошланди. Бу ердан кетиш тараддуди кўрилаётганда Ҳазрат менга қараб айтдилар: бизнинг рисоламизни олиб келиб, уни Султон Маҳмудхон ҳузурида ўқиб берсангиз. Эрталаб, келишувга кўра, Султон Аҳмад мирзонинг лашкари жубба (жангда кийиладиган кийим) киймай, яроғларини олган ҳолда Талли Қаҳқаҳа деган жойда саф тортдилар. Хожа ҳазратлари яна Шоҳрухияга бордилар. Султон Маҳмудхон у кишининг ҳузурига зудлик билан келган бўлса-да, аммо Умар шайх мирзо бироз ҳаяллаб, малол келгандай бўлиб келди. Хожа ҳазратлари бу ҳолни мушоҳада қилиб, мени ҳузурларига чақириб, зудлик билан Султон Аҳмад мирзо олдига бориб, Умар шайх мирзонинг эриниб чиққанини айтиб қўй, токи у ҳам ўзининг эҳтиёти чораларини кўриб, бу масалада менинг умидимда бўлиб қолмасин. Зеро, пайғамбар алайҳиссалом ҳам эҳтиёт чорасини кўриб, туя тиззаларини боғлаб қўй, деганлар.

Мен Султон Аҳмад мирзо ҳузурига бориб, айтилган гапларни етказдим. Султон Аҳмад мирзо лашкарини эргаштириб, Хожа ҳазратлари ҳузурига отланди. Шундай қилиб, маълум фурсат ўтгач, икки лашкар жубба киймай барча қуроллар билан қуролланган ҳолда бир-бири қаршисида саф тортдилар. Ўртада тикланиши лозим бўлган чодирнинг ўрни ҳақида кўп баҳс бўлди: биров уни биринчи томонга, бошқалар эса иккинчи томонга яқин бўлибди, деб даъво қила бошладилар. Музокара чўзилди. Бирданига Хожа Ҳазратлари пешин намози учун шу ерда таҳорат олдилар. Шундан сўнг мени ўз ҳузурларига чақириб, айтдилар: Султон Аҳмад мирзо ҳузурига бориб айтингки, Мен (Хожа Ҳазратлари) бир кишиман, бунинг устига қарилиғим таъсир қилаётир, шундай бўлса-да, сизлар бир-бировларингиз билан урушмангиз, деб ҳарбий юкларингизнинг оғирлигини ҳам зиммамга олдим. Бошқа куч-қудратим ва тоқатим ҳам қолмади. Агар бизга эътиқодингиз бўлса, унда қўйинг, чодирни қаерга тикламоқчи бўлсалар тиклайверсинлар.

Мен Хожа ҳазратларининг бу сўзларини яхши хулқли Султон Аҳмад мирзога етказганимда, ул подшо шундай Дедилар: майли, чодирни қаерда тикламоқчи бўлсалар, тиклайВерсинлар. менинг яккаю ягона умидим ва ишончим Хожа ҳазратларидирлар. Шундан сўнг чодирни маълум жойда тикладилар. Султон Аҳмад мирзо маълум одамлари билан келиб, чодирдан жой олдилар. кейин Хожа ҳазратлари бориб, Султон Маҳмудхон ва Умар шайх мирзоларни келишилган миқдордаги одамлари билан бирга бошлаб келдилар. Улар чодирга яқин келиб, отлардан тушдилар. Шунда Султон Аҳмад мирзо одамлари билан чодирдан чиқиб, уларни кутиб олдилар. Хожа ҳазратлари аввал Султон Маҳмудхонни бошлаб келди, Султон Аҳмад мирзо у билан қучоқлашиб кўришди. Сўнг Умар шайх мирзони бошлаб келдилар. Умар шайх акаси – Султон Аҳмад мирзо қўлларини олиб юзларига суртар ва йиғларди. Султон Аҳмад мирзо ҳам укасининг бўйнидан ўпар ва тинмай йиғларди. Бундай лаҳзани кузатаётганларнинг ҳаммаси ҳам йиғлар ва оҳу фиғон Чекарди. Ҳаммалари чодир тагида жойлашдилар. Шундай бир ҳашаматли йиғин эдики, Мен дастурхон ёзишда шошиб қолдим. Икки томон лашкари эса, эгардан тушмай, чодирни зийраклик билан кузатардилар, бирор нохуш ҳаракатни сезсалар бир-бирларига қарши курашга тайёр турардилар. Овқат Келтирдик. Овқатлангандан сўнг сулҳ шартларини Келишиб олдилар. Хожа ҳазратлари Тошкандни Султон Маҳмудхон ихтиёрида қолдирдилар. Мен сулҳ шартномасини ёздим ва имзоланди. Фотиҳа ўқиб, ўринларидан турдилар. Ўша куни ҳамманинг тилида Хожа ҳазратлари салобатининг улуғворлигидан сўз борарди. Чунки ўшанда йиғилган юз минг лашкар агар урушга киришиб Кетсами, қанча фалокат юз бериши ва қон тўкилиши ҳам мумкин эди. Хожа ҳазратларининг салобати, ғайрати ва ҳиммати туфайли бир неча соат ичида ана шунча одамлар орасидан хусумат ва душманлик йўқолиб, дўстлик – тотувлик тикланди. Бундан ҳамма ҳайратда қолди ва офарин деди. Хожа ҳазратларига қараб айтурдиларки, бошқа машойихда бундай куч-қувват ва хусусият кўринмайди.

Сулҳ йиғинидан сўнг лашкарлар бир-бирига худди барралар она қўйларга интилгандай интилдилар, уларнинг кўнглида хусумат йўқ эди. Хожа ҳазратлари Султон Маҳмудхонга қараб, сиз Тошкандга боринг, биз ҳам бошқа йўлдан у ерга борармиз, деб лашкарлардан узоқлашдилар ва Мулкат деган мавзега келдилар. Шунда Менга қараб айтдилар: бизнинг бу ишларимизга нима дейсан? Бу воқеани эса ёзишинг керак».

Кўринадики, Муҳаммад Қози Хожа ҳазратлари истакларини бажо келтириб, бу воқеани ёзиб қолдирди. Воқеанинг тасвири ўзининг икир-чикирларни қамраб олгани, тарихий шахсларнинг руҳий ҳолати ва ака-укаларнинг кўришиш манзараларининг тасвири билан ҳам ўқувчида жуда катта таассурот қолдиради ҳамда тарихий шахсларнинг, қандай мансаб ва амал соҳиби бўлганидан қатъий назар, инсоний фазилатлар соҳиби экани намоён этади: Султон Аҳмад мирзо ва Умар шайх мирзоларнинг учрашуви, охирида Хожа ҳазратларининг ўз қилмишларидан мамнунликлари тасвири ва бошқалар.

Шу билан бирга у юқоридаги тахминни, яъни воқеанинг 1485 йилда содир бўлганини қўллаб-қувватлайди. Чунки Хожа ҳазратлари ўзларининг қариликларидан шикоят қиладилар ва ёш темурийзода Султон Аҳмад мирзо ҳам шу ҳолатни эътиборга олган кўринади. Маълумки, бу вақтда Хожа ҳазратларининг ёшлари 80 дан ошиб, 81 га қадам қўйган эдилар. Яна, Муҳаммад Қози 70-йилларнинг охиридан Хожа Аҳрор умрининг охири – 1490 йилгача 10–12 йил давомида у билан бўлган. 1463 йилда эса у Хожа Аҳрор наздида эмас эди. Шундай экан, бу воқеанинг 1485 йилда содир бўлгани ҳақиқатга яқиндир, чунки Муҳаммад Қози унинг ҳужжатини ёзган кишидир. Бу вақтда эса Муҳаммад Қози Хожа Аҳрорнинг энг ишончли кишиларидан бири эди. Шундай қилиб, Муҳаммад Қозининг ёзганлари ишончли ҳужжат сифатида қабул қилиниши маъқул. Шуни эслатиш лозимки, Хожа ҳазратлари ўз фаолиятлари вақтида яна шундай хайрли ишларни амалга оширишга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, ҳамма вақт ҳам масала юқоридагидек ижобий ҳал бўлавермас эди.

Баъзан Темурийзодалар Хожа ҳазратларининг маслаҳатларига эътибор бермасдилар. Масалан, Ҳофиз Танишнинг «Шарафномаи шоҳий» ёки «Абдуллонома» асарида уқтирилганидек, 893 ҳ. – 1487–1488 м. йили Султон Аҳмад мирзо кўпгина лашкар тўплаб, Тошканд томон юриш уюштирди. Бундан хабар топган Хожа ҳазратлари подшоҳни бу йўлдан қайтармоқчи бўлдилар. Чунки, деб эслатади Хожа ҳазратлари, яқинда бўлган сулҳ шартномасига кўра Тошканд Султон Маҳмудхон ихтиёрига берилган. Сизнинг бу шартномани бузишингиз муносиб эмас. Шартномани бузишнинг оқибати хайрли бўлмаслиги маълумдир. Султон Аҳмад мирзо эса Хожа ҳазратларининг бу маслаҳатларини инобатга олмади. У бир юз эллик минг лашкар билан Тошкандга юриш қилди. Уч кун урушган бўлсалар-да, натижа номаълум эди. Шу орада Султон Аҳмад мирзо лашкаридаги Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон билан келишиб, у томонга ўтди. Шундан сўнг Султон Аҳмад мирзо лашкари енгилиб, кўпгина кишилар ҳалок бўлди, кўпчилик қочди, Чирчиқ дарёсида оқиб кетди.

Натижада мағлуб бўлган Султон Аҳмад мирзо Самарқандга қайтиб келгач, насиҳатга қулоқ солмагани учун Хожа ҳазратлари унга нисбатан ўз муносабатларини ўзгартирдилар.

Оқилона маслаҳатларга қулоқ солмасликнинг сабабларидан бири шу эдики, Хожа ҳазратлари обрўсининг Султонлар ва халқ наздида ортиб бориши амиру амалдорларни ҳам, шариат Пешволарини ҳам ташвишга солиб қўйган эди. Аввалида эслатганимиздек, уни обрўсизлантириш, унга жисмоний зарар етказиш ёки турли йўл билан камситишга, ҳатто уни Султон Аҳмад мирзо билан тўқнаштиришга, подшоҳда унга нисбатан шубҳа туғдиришда интилишлар ҳам бўлган. Ана шундай кайфият эса «Силсилат ул-орифин»да Келтирилган қуйидаги воқеий лавҳада яққол сезилади.

«Хожа Мустафо Румий Бухородан Шаҳрисабз орқали Самарқандга – ҳазрат Хожа Аҳрорнинг зиёратига келарди. У Шаҳрисабзга қўнганида Султон Аҳмад мирзо девони амалдорларидан бўлмиш Мирак Ҳасан билан мулоқотда бўлибди. Мирак Ҳасан Хожа Мустафо Румийга шундай дебди: Хожа Мустафо, Сен мард кишисан. Мен бир гапни айтсам, уни ҳазрати Хожага етказасанми? Хожа Мустафо: ҳа, етказаман, деб жавоб берибди.

Бир дарвиш шундай нақл қилди: мен ҳазрати Хожа суҳбатларида бўлганимда, Хожа Мустафо Румий ҳам бор эди. У ҳазрати Хожага қараб, шундай Деди: Мирак Ҳасан девон билан мулоқотда бўлганимда бир гапни сизга етказишни топширган эди. Хожа ҳазратлари айтдилар: қандай гап экан? Хожа Мустафо айтди: Мирак Ҳасан шундай деди: Султон Аҳмад мирзонинг озгина жони қолган. Ҳазрати Хожа илтифот қилиб, уни ҳам олсинлар-да, бизларни ундан (Султон Аҳмад мирзодан) халос қилсалар. Хожа ҳазратлари бу гапни эшитиб, кайфиятларида ўзгариш юз бериб, оқ сочлари тик тургандай бўлди. Қўлларини қўллари устига қўйдиларда, айтдилар: бу ит бизни қассоблик қилишга даъват этмоқда. Ғазаблари кучайган, даст турдиларда уйга кириб кетдилар. Ўнбеш кундан сўнг Мирак Ҳасан бир гуноҳи билан Султон Аҳмад мирзо ғазабига учраб, тириклайин терисини шилишга буюрди».

Хожа ҳазратларининг мухолифлари бунинг билангина чегараланиб қолмай, балки уни саводсизлик, ўқимаганликда ҳам таъна қилганлар. Худди шу гаплар тарқалганда Самарқанднинг аълам ул-уламоси фақеҳ (ислом қонуншуноси) Хожа Фазлуллоҳ Абулайсий Хожа ҳазратларини бундай таъналардан жуда нозик тарзда ҳимоя қилган кўринади: «Айтурларки, – деб ёзади Муҳаммад Қози, – ҳурматли Хожа Фазлуллоҳ шайх Абулайс шундай деган эканлар: биз бу бузругвор (Хожа Аҳрор)нинг камолотларини билмасмиз. Бизга шунчалиги маълумки, ул ҳазрат расмий тарзда кам ўқиган бўлсаларда, аммо ҳар куни бизнинг олдимизга «Тафсири Қози»даги (эҳтимолки, XIII аср охири ва ХIV аср бошларида яшаган Шероз қозиси Байзавийнинг «Анвар ул-таъвил» номли араб тилида ёзилган тафсири қисқартирилган тарзда шундай номланган бўлса керак) шарҳларга нисбатан бўлган шубҳалари билан келиб, бизни масалада лол қолдирадилар. Бу кароматдан бошқа гап эмас.

Ёки замонасининг донишмандларидан бири бўлмиш мавлоно Али Аррон эса Хожа ҳазратларининг билимдонликларидан ниҳоятда ҳайратланар ва у киши олдида бирор нарса айтишга ботина олмасди.

«Мавлоно Али Аррон, – деб ёзади Муҳаммад Қози, – Хожа ҳазратлари мажлисига кўп келардилар. Бир кун Хожа ҳазратлари мавлоно Али Арронга мурожаат қилиб, айтдилар: сизнинг ҳузурингизда бизнинг гапиришимиз одобдан бўлмас. Сиз гапиринг, биз эшитайлик. Мавлоно Али Аррон шундай жавоб бердилар: файзлар етказгувчи олам сирларидан бевосита сўз айтувчи ҳазрат олдида бизнинг гапиришимиз одобсизлик саналади».

Бундай ҳол эса Хожа ҳазратларига таъна тошини отувчиларга яхшигина жавоб эди. Шундай бўлса-да, ғийбат ва таъналарнинг ҳаммаси Хожа ҳазратлари мавқеига, унинг султон ва амиру амалдорлар ҳамда шариат Пешволари наздидаги эътиборига таъсир қилмасдан қолмасди. Аммо Хожа Аҳрор ҳазратларининг фуқаропарварлигини, олижаноб фазилатларини қадрлагувчилар унга нисбатан бўлган эътиқодларини сусайтирган эмасди. Шунинг учун Хожа ҳазратлари Андижон ёки Қаршида, Доиж (Лойиш) ёки Форобда, Мотрид, Камонгарон ёки Хожа Кафший каби шаҳар, ноҳия ва маҳаллаларда бўлганларида мухлислари эътиқодининг бутунлиги назарга ташланарди.

«Бир йил шаҳарда вабо тарқалиб, ҳамма ташвишда эди. Шу вақтда Хожа ҳазратлари уйдагилари билан мавлоно Фазлуллоҳнинг Камонгарон тоғи этагида жойлашган боғида эдилар. Ҳазратнинг муридлари ва хизматида бўлгувчилар эса Вахашти қишлоғида эдилар. Ҳазрат бу жойга келиб, мухлислари билан суҳбат қурардилар».

Хожа ҳазратларининг ёши улғаяВергач, саломатлиги сусайиб борар, баъзан касалланиб қоларди. Бир марта қаттиқ касалланиши ва тузалиши воқеаси Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин»ида шундай ҳикоя қилинган: «Аввалги марта касал бўлиб қолганларида бу китоб тузгувчини (Муҳаммад Қозини) табиб олиб келиш учун Ҳиротга жўнатдилар. Бу вақтда Хожа ҳазратларининг шогирди мавлоно Қосим тирик эди ва Менга қараб, Тезда бориб келишим шартлигини алоҳида тайинлаган эди. Мен табибни келтирганимда мавлоно Қосим оламдан ўтган эдилар. менинг Самарқанддан Ҳиротга бориб келишим учун эса ҳаммаси бўлиб ўттиз беш кун вақт ўтган эди, холос. Мен Хожа ҳазратларидан мавлоно Қосимнинг вафоти сабабларини сўрадим. Хожа ҳазратлари айтдилар: Мавлоно Қосим бир кун менинг ҳузуримга кириб, «мен ўзимни сизга фидо қилдим», – деб айтди. Мен айтдим: Қосим, сен фақир кишисан, кўпгина кишилар Сенинг қарамоғингдалар, шунинг учун бундай қилма. Шунда мавлоно Қосим айтди: Мен бу ишда сиз билан маслаҳатлашмоқ учун келганим йўқ, бу ишни қилдим ва Ҳақ субҳонаҳу уни қабул этди. Мен қанча гапирсам ҳам у бошқа ҳеч нарса демади. Эртаси куни Хожа ҳазратларининг касаллари мавлоно Қосимга ўтиб, оламдан ўтибди.

033Шундан сўнг Хожа ҳазратлари тузалиб, саломатликлари ҳам мустаҳкамланди. Айрим дўстлар айтдиларки, мавлоно Қосим 891 йил зулҳижжа ойининг олтинчи куни (1486 йил, 3 Декабр куни) — душанба куни намози дигарнинг охирида оламдан кўз юмди. Шу куннинг намози шомида Хожа ҳазратлари ҳузурига кирдим, ул ҳазрат бу воқеа муносабати билан ниҳоят айтурдилар ва мавлоно Қосимнинг олижаноб фазилатларидан кўп гапирдилар. Айтдиларки, Қосим тенги йўқ маънавий бойлик эди».

Мавлоно Қосим ўзининг олижаноб фазилатлари билан кўпчиликка маълум ва машҳур эди. Ҳатто Алишер Навоий ҳам унинг билан танишган ва унинг ҳақида яхши таассуротда эди. Шунинг учун у ўзининг «Насойим ул-муҳаббат» асарида мавлоно Қосим ҳақида самимият билан қуйидагиларни ёзади: «Мавлоно Қосим ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг кибор (катта) ашобидиндур (суҳбатдошларидандир). Анжуманда ҳамдам ва хилватда маҳрам. Асли Фаркат навоҳисидиндур (ноҳиясидандир). Эллик йилга яқин ул ҳазрат хизматин андоқ қилдиким, ҳаргиз аларнинг муборак хотирларига андин ғайри муҳаббат ва илтифот воқеъ бўлмади ва мавлоно Қосимни салотин хизматиға баъзи арбоби ҳожот муҳиммоти учун йиборур эрдилар ва салотин истиқбол қилиб, таъзим била ўлтуртиб, ҳар не алар ул Ҳазратдин рисолат (хабар) қилсалар эрди, миннат тутиб, ҳамул навъ эъзоз била узотурлар эрди.

Ва мавлоно ул навъ фоний ва мақбул киши эрдиким, ани кўрган киши гирифтор (мафтун) бўлур эрди. Ул жумладин бири бу фақирдурким (Алишер Навоийдирки), аларни ул ҳазрат мусулмонлар маслаҳати учун Мовароуннаҳрдин Хуросонга рисолат (элчи) расми била йибориб эрдилар ва бу фақир (Алишер Навоий) ҳамул келганларида кўруб, аларнинг волиҳи (шайдоси) бўлиб эрди. Ул ишни ясаб (бажариб), азим эъзоз ва икромлар топиб бордилар.

Аларнинг ёши етмишдан ўтиб эрди. Оламдин ўтганлари бу навъ эрдиким, ҳазрати Хожанинг азим заъфлари (касали) бор эрди ва сўл ёнларида бир санчиқ эмишки атиббо (табиблар) ва халқ ҳаётларидин тамаъ мунқатеъ (умид узган) қилган эмишлар. Мавлоно ул ҳолни кўруб андоқки хожалар хонаводаси баъзи дилхоҳ элнинг маризининг юки остиға кириб, ул юкни кўтариб, мариз сиҳҳат топар ва ул киши ул маризни қабул қилиб, оғриқ юки остиға кириб, ҳазрати Хожа ҳам ул вақт сиҳҳат топибдур, мавлоно ҳам ул сўл ёнига ҳамул санчиғ туруб, бир ҳафта ҳамул маризға гирифтор бўлуб, жонларин Хожалариға фидо қилдилар. Бир кун фақир (Навоий) ҳазрати махдумий Нуран (Жомий) хизматларида эрдим ва Хожаи бузургвор ашобидин сўз ўтар эрди. Фақир ул ҳазратдин савол қилдимким, аларнинг ашобидин иршоди била мувофиқ сулук қилиб, фақир тариқида мартаба ҳосил қилғон ва фано расмида ёруғлуқ топиб, ўзлук зулматидин халос бўлғон улки сизни муборак хотирингизга зоҳирдур, кимлар эркин? Алар дедиларким, барча бу тариқда яхши сулук дарВешлар қилибдурлар. Аммо биз мавлоно Қосимни бағоят вораста (камолга эришган, намуна бўла оладиган) киши топибмиз».

Кўринадики, Алишер Навоий Хожа Убайдуллоҳнинг содиқ шогирдларидан бўлмиш мавлоно Қосим, унинг таржимаи ҳоли, фазилатлари, Хожа ҳазратлари ҳузуридаги ҳамда бошқалар наздидаги мавқеи ҳақида жуда ноёб маълумотларни Келтириб, ўзининг бу шахс билан учрашгани тўғрисида алоҳида мамнуният билан хабар қилади.

Хожа ҳазратлари умрининг охирида сўнгги марта ўзи туғилган ва улғайган Шош – Тошкандга боради. Бу галдаги саёҳатнинг тасвири ва Тошканддаги ишлари ҳақида унинг билан бирга бўлган Муҳаммад Қози шундай ҳикоя қилади:

«Охирги марта Тошкандга бордилар-да, шундан сўнг оламдан кўз юмдилар (агар бу эътирофни ҳисобга олсак, унда бу сафар 1489 йилнинг иккинчи ярмида содир бўлган кўринади).

Тошкандда эканимизда бир куни мени – Муҳаммад Қозини ўз ҳузурларига чақириб, айтдилар: ошхона ишлари билан шуғулланувчи мавлоно Лутфуллоҳни муҳим бир иш билан Самарқандга юбордик. Энди ошхона ишлари – ошпазлик сенинг зиммангда бўлади ва умрим охирида истардимки, ота-боболаримиз мозорида Туркистоннинг оч-ялонғочларини овқат билан таъминласам, чунки бу замонда Туркистонда қаҳатлик бўлганлиги сабаб Бева-Бечораларнинг аҳволи ниҳоятда оғирдир. Бу ишни Сен бажарасанми ёки ўзим қилайми? Мен бу ишни бажаришга ваъда бердим. Ҳар куни еттита қўй сўйилар, етти юзта нон ёпиларди. Мен уларнинг ҳаммасини ўз қўлим билан фуқарога тарқатар эдим. Бунинг устига Тошканд атрофидаги қишлоқларда етиштирилиб, сотилмаётган қовунларни ҳам шундай тарқатишга тўғри келарди. Иш шу қадар кўпайиб Кетдики, рамазон ойида Хожа ҳазратлари саҳарликка турганлари вақтидагина мен бирор-бир таом ейишга улгура олар эдим, холос. Бир Кечаси олдимга нон ва гўштни қўйиб, Сенинг овқатинг шу бўлса, қай ерга ҳам бора олардинг, деган фикр кўнглимдан ўтди.

Шу вақтда биров келиб, сени Хожа ҳазратлари кўрмоқчилар, деди. Мен ҳозиргина – нохуш хаёлга борганим Хожа ҳазратларига маълум бўлибди-да, Дедимда тавба қилиб, ҳазрат ҳузурига бордим. Таҳорат қилаётган эканлар, мени кўриб айтдилар: Биласанми, хожагон тариқатининг улуғлари хизмат қилиши мумкин бўлганларга умид билан қараганлар. Чунки кимки хизмат ва ғайрат қилса, хусусан, жамоат учун хизмат қилувчи бўлса ва унинг хизматидан бошқалар манфаат кўрса, ундайларга олам ул-ғайбдан кўп файзлар етгай. Кимки жамоат манфаатлари учун хизмат қилиб, олам ул-ғайб файзига мушарраф бўлган бўлса, бундай киши саодатли-бахтли кишидир. Бу гапни эшитиб, кўнглимдан ўтган нохуш хаёлларимдан пушаймон бўлдим ва шундан сўнг ҳар қанча хизмат қилса ҳам оз эканлигига ишонч ҳосил қилдим».

Бундай хусусият, яъни инсонларга хизмат қилиш Хожа ҳазратлари фаолиятининг асосий мағзини ташкил этгани учун ҳам ҳамма жойда ва ҳамма вақт масалаларга шу нуқтаи назаридан ёндашдилар. Хожа ҳазратлари қуйидаги байтни ёддан ўқурдилар, деб эслайди Муҳаммад Қози:

Ҳиммат туро ба кунгураи кибриё кашад.-
Ин сақфи хоҳро Беҳ аз ин нордбон махоҳ.

Мазмуни: ҳиммат сени фалакнинг юқори поғонасига кўтаради. Бу баланд дунё – осмонга чиқмоқни хоҳласанг, бундан (ҳимматдан) яхшироқ норвон бўлмас.

Кимнинг қаламига мансублиги номаълум бўлган бу байтни ўқиётганда Хожа ҳазратлари ўз ақидаларидан келиб чиқиб, Шарқ адабнётшунослигида дахлия деб аталадиган санъатни қўллаб, биринчи мисра аввалидаги «ҳиммат» сўзини, Мен «хизмат» сўзи билан алмаштираман ва шундай ўқийман, дер эканлар:

Хизмат туро ба кунгураи кибриё кашад, —

Яъни хизмат-сени фалакнинг юқори поғонасига кўтаради.

Бошқача қилиб айтганда, обрў-эътиборингни оширади. Шундан келиб чиқиб иккинчи мисра шарҳланса унда «бу баланд осмонга (обрў-эътибор, ҳурматга) чиқмоқчи бўлсанг, хизмат қилишдан яхшироқ норвон бўлмас» деган маъно келиб чиқади. Хожа ҳазратларининг дахлияси натижасида байт мазмуни бизнинг замонамиз учун мувофиқлиги ҳам ўз-ўзидан аёндир.

Ёшнинг улуғлиги, хасталик Хожа ҳазратларини уринтириб қўйган эди. Натижада анча озиб ҳам қолган эди. Бу ҳақда мавлоно Лутфуллоҳ шундай дейди: «Самарқанднинг машҳур маҳаллаларидан бўлмиш Хожа Кашфий маҳалласидаги уйларига бордим. Ҳаво иссиқ эди. Хожа ҳазратлари ички кўйлак билан ташқарига чиқдилар. Мен Хожа ҳазратларининг анчагина озиб қолганларини шунда кўрдим… Шундай бўлса-да, бу жуссада катта маънавий куч бор эди».

Хожа ҳазратлари ҳижрий ҳисобда 89 йилу етти ой умр кўрганлар. Бу ҳақда ўзлари «агар яна беш ой яшаш насиб қилса, 90 ёшга кирурмиз», деган эканлар. Хожа ҳазратлари саксон тўққиз кун касал ётгач, Камонгаронда ҳижрий 895 йилнинг рабеъ ул-аввал ойининг йигирма тўққизинчи куни –шанба куни кечаси, яъни 1490 мелодий йилнинг 21 февралида вафот этганлар. Бу воқеанинг гувоҳи бўлган 044Муҳаммад Қозининг ёзишича, Хожа ҳазратлари ўша куни намози хуфтондан озгина ўтганда оламдан кўз юмганлар. Бундан олдинроқ эса, яъни куннинг намози пешин вақтида ер қаттиқ ва баланд овоз билан қимирлаган. Бу ҳодисадан Хожа ҳазратлари руҳиятида ўзгариш пайдо бўлиб, дарҳол ўз авлодлари ва суҳбатдошларидан айримларини чақириб, улар билан видолашган эканлар. Хожа ҳазратларининг табаррук жасади Камонгарондан Хожа Кафший маҳалласига келтирилиб, шу ернинг мазоротида дафн этилган. Қабри устига катта санъаткорлик билан ишланган ёдгорлик тоши ўрнатилган. кейинчалик унинг атрофида авлоди ва мухлислари дафн этилган. Шундан сўнг Хожа Кафший маҳалласининг бу қисми Хожа Аҳрор номи билан аталган .

Хожа ҳазратлари умри давомида Камонгарон мавзеига кўп борарди, чунки у ерда унинг боғлари ва табиийки, яшайдиган иморатлари ҳам бўлган. Шуни назарда тутиб, ҳозирги Камонгаронда улардан бирор из бормикан, деган масалани аниқлаш мақсадида Низомхон ва Имомхон Салимовлар билан Камонгаронда бўлдик. Шуни қайд қилиш керакки, Камонгаронликлар Хожа ҳазратларини жуда ҳурмат қилар эканлар. Шунинг учун эски қабристонда Хожа Аҳрор номи билан аталган масжидни аҳолининг ташаббуси ва ҳашари билан таъмир қилиб, қабристонда гумбазли мақбара ҳам қурмоқда эдилар. Кўпгина ривоятни ҳам ҳикоя қилишди. Биз бунда Хожа ҳазратлари боғи ёки ундаги иморатларининг аниқ жойи ва изларини аниқлай олмадик. Бунинг учун: мутахассисларнинг махсус текширувлари лозим деган фикрга келдик.

Хожа ҳазратлари уйланган бўлиб, ўғил ва қиз фарзандлари бор эди. Улардан иккитаси – Хожа Абдуллоҳ ва Хожа Яҳёлар ўзидан из қолдирганлардан бўлиб, оталари вафотидан, хусусан, Самарқанд ҳокими Султон Аҳмад мирзо вафотидан сўнг Темурий шаҳзодалар ҳамда Темурийлар ва шайбонийларнинг тож-тахт учун курашларига аралашиб муваффақиятсизликка учрайдилар: Хожа Яҳё ўлдирилади, Хожа Абдуллоҳ эса Тошкандга кетади. Хожа ҳазратларининг катта ўғиллари бўлмиш Хожа Абдуллоҳ асосан илмий йўналишда кўпроқ шуғулланган бўлса, Хожа Яҳё эса отасининг ўринбосари бўлиш ҳаракатида бўларди. Хожа ҳазратларининг фарзандларидан қолган авлоднинг бир қисми ҳозир Хожа Аҳрор мавЗеида яшайди. Аммо олима О.А. Сухарева қайд қилганидек, уларнинг аниқ ёзилган шажараси ҳозирча номаълум.

Шуни ҳам эслатиш лозимки, Хожа ҳазратлари авлоди фақат нақшбандия соҳасидагина хизмат қилмай, балки уларнинг орасидан маданият, адабиёт ва илмнинг кўпгина соҳалари бўйича вакиллар етишиб чиққанки, бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.

(ДАВОМИ БОР)

Рисоланинг лотин алифбосида мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин

Рисола муаллифи ҳақида

088 Ботирхон Валихўжаев (1932. 1. 4, Самарқанд — 2005, Самарқанд) — адабиётшунос. Ўзбекистон ФА академиги. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), профессор (1971). Самарканд давлат университининг филология факультетини битирган (1953), шу универсиеттда ўқитувчи (1956-63), факульте деканининг ўринбосари (1964-69), декан (1971-73, 1986-88), тожик тили ва адабиёти кафедраси (1974— 85), ўзбек адабиёти тарихи кафедраси (1985 й.дан) мудири, проректор (1990 й.дан). В. илмий ишлари адабиёт тарихи, адзбиётшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарканд адабий ва илмий муҳити тарихи, Ибн Сино, Низомий, Жомий, Навоий каби олим ва мумтоз шоирларнинг ижодига бағишланган. «Ўзбекистан адабий-танкидий қарашлари тарихидан» (1960), «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» (1974), «Навоий ижоди — илҳом манбаи» (1991), «Хожа Аҳрор Вали» (1993), «Хожа Аҳрор тарихи» (1994) каби илмий асарлар ва бир неча ўқув қўлланмалар муаллифи. Ботирхон Валихўжаев асарлари Россия, Афғонистон, Туркия ва Эронда нашр этилган.

https://lh4.googleusercontent.com/-jU8o9amW6LY/U8u3tgMicvI/AAAAAAAAP4Q/w47e0VoLnFE/s485/0%2520content.JPG

(Tashriflar: umumiy 920, bugungi 1)

Izoh qoldiring