Xurshid Davron. Xalq ichra bo’lginu Haq birla bo’lgil.

Ashampoo_Snap_2016.09.03_01h28m21s_001_.png16 сентябр – Баҳоуддин Нақшбанд куни

    Буюк ватандошимиз, тариқат пири Хожа Баҳоуддин Нақшбанд кунлари муносабати билан 1993 йили «Ватан» газетасида чоп этилган ушбу мақолани тақдим этмоқдаман.

Хуршид Даврон
ХАЛҚ ИЧРА БЎЛГИНУ
ҲАҚ БИРЛА БЎЛГИЛ…

01

X-XV асрлар орасидаги беш юз йиллик давр Мовароуннаҳрнинг гуллаган мавсуми бўлди. Шу давр ичида Мовароуннаҳр  тафаккури ўтмиш хазинаси устида юксалиб, бетакрор бир очун яратдики, бу ганжинаи ҳикмат шуури асрлар оша юракларимизни ёритмоқда, имонимизга қувват бағишламоқда. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ал-Фаробий, Абу Маҳмуд Хўжандий, Хожа Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Хожа Исмоил Бухорий,  Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур мирзо, Али Қушчи, қолаверса, ҳар бирининг номи тарих варақларига абадий муҳрланган самарқандийлар, бухорийлар, насафийлар, хоразмийлар, тирмизийлар, хўжандийлар, шошийлар, фарғонийлар, туркистонийлар, марғинонийлар — барчаси олтин даврнинг безаги бўлдилар.

Бу олийнишон даврнинг энг буюк сиймоларидан бири ҳазрати қутбил-авлиё Баҳоуддин Нақшбанд эдилар.

Ҳеч бир воқеа сабабсиз бўлмаганидек, даҳоларнинг туғилиши ва камолга етмоғи ҳам маълум асосга боғлиқдир. Исломият вужудга келиши билан унинг заминида дунёга келган тасаввуф таълимоти тараққиётида кўҳна Туронзамин  фарзандларининг хизмати беқиёс бўлди. Хожа Ҳаким ат-Термизий, Хожа Абубакр Варроқ Тирмизий, Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандий, Хожа Абдуллоҳ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Абу Туроб ан-Нахшабий, Шайх Нажмиддин Кубро, Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Али Ромитаний, Шайх Маждиддин Бағдодий, Шайх Сайфиддин Бохарзий каби сиймолар илоҳий маърифат йўлининг раҳнамолари бўлдилар. Хожа Баҳовуддин Нақшбанд даҳоси, энг аввало, Аллоҳнинг назари ва мана шу номлари саналган донишмандлар ҳикмати билан ёришди ва жилваланди.

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ВА ТАРБИЯСИ

Муҳаммад ибни Муҳаммад Бухорий — Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 1318 йили Бухоро яқинидаги Кўшки Ҳиндувон манзилида дунёга келди. Ривоят қилишларича, Хожагон силсиласининг улуғ пешвоси Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий Кўшки Ҳиндувондан ўтаётиб: «Бу ердан бир марднинг иси келмоқдаки, Кўшки Ҳиндувон Қасри Орифон бўлғусидур!» деб башорат қилган эканлар. У киши қишлоққа яқинлашганлари сайин бу муаттар ҳид кучайиб борган ва бир ўғлон дунёга келган, бу гўдак Хожа Баҳовуддин Нақшбанд эканлар. Хожа Баҳовуддиннинг бобоси гўдакни Хожа Самосий қошига олиб келди. Хожа Самосий: «Бу ўғлон бизнинг фарзандимиздур ва биз уни қабул қилдик», дедилар. Сўнг ўзларига эргашган асҳобларига   айтдиларки:»Бу ўша мен ҳидини сезган ўғлондур, огоҳ бўлингким, кун келиб, у бу рўзғор (тариқат) муқтадоси бўлғуси!». Гўдакни қўлга олиб, муборак нафаслари билан уни қутлаган Хожа Самосий биринчи халифалари бўлмиш Амир Сайид Кулолга қараб: «Бизнинг фарзандимиз Баҳовуддиндан шафқат ва тарбиятни дариғ тутмагил, аксинча бўлса, сени соҳиби ҳол қилмагайман», деган эканлар. Ҳазрат Амир Кулол ҳам таъзим бажо келтириб: «Гуноҳ қилсам, мард эмасман!» деб айтибдилар.

Хожа Баҳовуддин мурғакликдан илмга машғул бўлдилар, етти ёшда Қуръонни ёд билдилар. Буюк Шайхлардан Абулҳасан Нурий: «Тасаввуф на русумдур, на улум (илмлар), балки эҳтиёждир, агар русум бўлганида мужоҳада (ҳаракат) била қўлга киритмоқ мумкин эди, агар илм бўлганида таълим била ҳосил қилинарди. Аллоҳ мулкига на русум, на илм билан кириб бўлмас», деб айтганлари юзасидан хулоса қилсак, ёш Баҳовуддин туғилган онидан вужудида уйғонган эҳтиёж ва туғма дарвишлиги (фақири зотий) сабабидан ёшликдан сўфий йўлига боғланди. У Бухородаёқ Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний руҳиятидан тарбия топади (Ўтган зотлардан руҳиятиан тарбия олган сўфийларни увайсий дерлар). Ҳазрати Хожа Нақшбанд тарбияси ҳақида нақл этувчи бу ҳикоят  бунинг исботидир:

«Баҳовуддин Нақшбанд дейдиларки, бир кеча ҳол даражасига тушишимнинг дастлабки пайтларида, жазабот ғалаба қилиб, Бухоронинг табаррук зотлари мозорларидан бирига етдим. Ҳар бир мозорда чироғ кўрдим. Чироғлар ёндирилган, ичида ёғи тўла ва пиликлар ёғ ичинда. Пиликлар ёғдан чиқиб, равшанроқ ёниши учун уларни озгина ҳаракатга келтириш керак эди. Охирги мозорда қибла томонга мутаважжиҳ бўлиб ўтирдим. Шунда ғойибдан бир ҳол зоҳир бўлди. Мушоҳада қилдим ва кўрдимки, қибла девори очилиб, буюк тахт пайдо бўлди. Тахт олдига яшил парда тортилган, атрофида жамоат ўтирибди. Уларнинг орасидан Хожа Муҳаммад Бобони танидим ва билдимки, улар марҳумлар эканлар.

Жамоат ичидан бири менга деди:
— Тахтда Абдулхолиқдирлар. Бу жамоат эса ул зотнинг хулафолари.

Сўнгра  у  жамоат аҳлининг ҳар бирига ишорат қилиб деди:
— Хожа Аҳмад Сиддиқ, Хожа Авлиёи Калон, Хожа Ориф Ривгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний (қуддиса оллоҳу сирраҳу ва наввара оллоҳу марқадаҳу).

Хожа Муҳаммад Бобога етганидан сўнг:
— У кишини ҳаётлик чоғларида кўргансан. Сенинг шайхингдирлар, сенга бўрк берганлар ва каромат қилганларки, келадиган балолар сенинг баракотинг ила йўқолур, — деди.

Шу пайт жамоат деди:
— Қулоқ тутиб тинглагин, улуғ Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний сенга сўзлайдилар. Ҳақ таоло сулуки йўлида улардан сенга чора йўқдир.

Жамоатдан илтимос қилиб дедим:
— Ҳазрат Хожага салом берсам ва у зотнинг муборак жамолларига мушарраф бўлсам.

Пардани олдимдан кўтардилар. Нуроний пирни кўрдим. Салом бердим.

Жавоб бердилар. Шу вақт Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳақиқат йўлининг аввали, ўртаси ва охирги тааллуқли сўзларни баён этдилар:
— Бунда кўринган чироқлар сендаги истеъдод ва қобилиятга ишорат ва башоратдир. Аммо пиликлар равшанроқ ёниши ва сирлар намоён айлаши учун бу истеъдод пиликларини ҳаракатга келтириш лозимдир.

Яна Абдулхолиқ Ғиждувоний айтдилар ва муболаға қилдилар:
— Барча аҳволда қадамни амру наҳйи қоидасига қўйгил, азимат бирла амал қил, суннатни бажо келтиргил, рухсат ва бидъатлардан йироқ бўлгин, Мустафо саллолоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўзингга пешво қил ва у кишининг муқаддас асҳобларидан бўл.

Улар яна дедилар:
— Бундан сўнг Насафга юз тутгин, Амир Кулол хизматларида бўлгин.

Уларнинг айтганларича, Насафга — Амир Кулол хизматларига етдим. Амир Кулол илтифотлар қилдилар ва лутфлар кўргиздилар. Менга зикр талқин қилдилар, нафй(йўқлик) ва исбот тариқати ила хуфия йўли билан машғул этдилар. Мен ҳақиқатда маъмур бўлганим учун амал ва азиматда алония зикри билан шуғулланмадим…».

«Амир Кулол ўз асҳоблари билан алония зикрига машғул бўлган вақтда, Хожа(Нақшбанд) туриб у ердан кетганлар. Бу асҳобнинг хотирига оғир ботса-да, Хожа  парво қилмас, бу мақомда уларга тақлид қилмас эканлар. Аммо Амир Кулол хизмат ва мулозиматларидан бирор дақиқа ҳам қолмас, ҳамиша у кишининг ирода остоналарига таслим бошини эгиб, у зотдек бўлишга ҳаракат қилар эканлар.

Амир Кулолнинг Хожага бўлган илтифотлари кундан-кунга ошиб борган. Бир кун Амир Кулолнинг асҳоблари хилватда Хожа Нақшбанднинг қусур ва нуқсонларини очдилар. Амир Кулол бу хилватда то бутун асҳоб — каттадан-кичикигача беш юздан ортиқ киши Сухорий масжидига йиғилмагунча ҳеч нарса демадилар. Ҳар ким (масжид қурилишида) бир иш билан шуғулланарди. Лой ишини тугатганидан сўнг, асҳоб Амир Кулолнинг олдига келдилар. Шу вақтда Амир Кулол уларга юзланиб дедилар:

— Сизлар фарзандим Баҳовуддин ҳақида ёмон гумонлар қилиб хато қилгансизлар. Унинг баъзи ҳолатларини қусурли амал деб билгансизлар. Ҳақ Субҳона назари унинг бутун борлиғини қамраб олгандир. Ҳақ Таоло бандаларининг назари тобеъдир ва назар қилиш даражасида ундан мақбули ва ихтиёрлиси йўқдир.

Кейин ғишт ташиш билан банд бўлган ҳазрат Хожани талаб этиб, йиғилганлар олдида у кишига юзланиб дедилар:
— Фарзандим Баҳовуддин, сизнинг нафасингиз ўрнига Хожа Муҳаммад Бобо нафасларини қўйдим. У киши айтган эдиларки: «Тарбиятда сенинг ҳаққингга ниманики ўрнига келтирган бўлсам, сен ҳаммасини хато қилмасдан фарзандим Баҳовуддин ҳаққига қўй». Мен шундай қилдим.

Амир Кулол ўзларининг муборак кўкракларига ишорат қилиб айтдилар:

— Сиз учун бўстонни қуритдик. Сизнинг руҳингиз қуши башарият байзасидан оламга чиқди. Аммо сизнинг ҳиммат қушингиз баландга парвоз этгувсидир. Энди сизга ижозат. Ҳар ердаки мақомингизга бир бўй етса, туркданми, тожикданми, уни талаб этинг. Талабгорликда ҳимматингизга йўл очинг.

Ҳазрат Хожа Баҳовуддин Нақшбанд айтдиларки, ҳазрат Амир Кулолдан бу нафас зоҳир бўлганидан сўнг, бизнинг ибтидомиз бошланди. Билдикки, агар шу тарзда тобеълик қилсак балолардан йироқ ва саломатликка яқинроқ бўлурмиз».

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд устозидан ижозат олганидан сўнг Пири Туркистоний — Хожа Аҳмад Яссавийнинг авлодидан бўлмиш Қусам шайх ҳузурига бордилар ва унинг қўлида уч ой таҳсил олдилар. Уч ойдан сўнг Бухорога қайтдилар. Ривоят қилишларича, «андин сўнгра ҳар қачон Қусам шайх Нахшабдан Бухорога келур эрди, хожа Баҳовуддинға мулозамат қилурлар эрди. Шайх дебтурки: «Бу навъ талабгорликки, сенда кўрубмен, толиблардин ҳеч қайсида кўрмаймен».

Бир куни Хожа Нақшбанд тушларида Хожа Аҳмад Яссавий шогирдларидан бўлмиш Ҳаким Ота — Сулаймон Бақирғонийни кўрдилар. Ҳаким Ота Хожа Баҳовуддинни бир кишига супориш қиладилар. Ҳазрат кўрган тушларини бувиларига айтганида, кекса кампир: «Эй фарзанд, сенга турк машойихидин насибе бўлғусидур», — деди.

Бир куни бозор айланиб юрган хожа тушида кўрган одамни кўриб қоладилар, одамлардан унинг отини суриштирсалар, «Халил» деб айтадилар. Шу куни улар учрашадилар. Хожа Баҳовуддин нақл қиладиларки: «Ул дарвиш қошидин биров келиб мени тилади. Куз айёми эрди. Бир пора мева олдим. Чун тиладимки, ул воқеани (тушни) анга изҳор қилгаймен. Айтдики, улча сенинг хотирингдадур, бизга аёндур. Баён қилмоқ ҳожат эмас. Менинг ҳолим ўзга бўлди. Кўнгил майли анинг суҳбатиға кўп бўлди ва анинг суҳбатида шигарф аҳвол ва ғариб ва ажиб нималар мушоҳада бўлур эрди андин».

Хожа Баҳовуддин Халил Ота хизматида олти йил бўлдилар. Шундан кейин Халил Ота Чингизхон авлодларидан бўлмиш амир Ясовур ўғлоннинг фарзанди бўлганлари учун Чиғатой хони Тармашаринхон ўлимидан сўнг бошланган тожу-тахт курашларига аралашади ва Мовароуннаҳр ҳокимиятини эгаллайди. Яна олти йил давомида дарвешдан чиққан султон хизматини қилган Хожа Баҳовуддин охир-оқибатда устозининг тожу-тахт ҳирсига берилиб, зулм йўлига ўтганини кўриб, ундан кўнгил узиб, Бухорога қайтадилар.

Шундан кейин Хожа Нақшбанд икки маротаба ҳажга бордилар. Иккинчи сафарида йўлда Хожа Муҳаммад Зоҳид Порсони учратадилар. Хожа Муҳаммад Порсо Нишопур томонга, Хожа Баҳовуддин эса Ҳиротга йўл оладилар. Хожа Ҳиротга келиб Шайх Зайниддин Абу бакр Тойибодий (Амир Темурнинг пири, 1389 йилда вафот қилган) билан мулоқот қиладилар ва уч кун шайх ҳузурида яшайдилар. Сўнг Нишопурга бориб, Хожа Муҳаммад Порсони олиб Ҳижозга жўнайдилар. Ҳаждан қайтиб бир неча муддат Марвда истиқомат қиладилар.

Шундан кейин умрларининг охиригача, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий башорати ўнг келиб, Кўшки Ҳиндувондан Қасри Орифонга айланган она қишлоғида яшаган Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳижрий 791 (мелодий 1388 — 1389 йиллар) оламдан кўз юмадилар.

Хожа Али Домод — Хожа Баҳовуддин асҳобларидан эди, нақл қиладилар:

«Ҳазрати Хожа оғир бемор эрдилар ва аларнинг ишоратлари бирла бир қабр тайёр қилиб, олдиларига келдим ва: «Ўзларидан кейин кимни иршод маснадига тайинларканлар?» деб хотирамдан ўтказдим. Эшон бошларини кўтариб: «Сухан ўшалким, Ҳижозга бораётиб, йўлда айтиб эрдим, ҳар ким мени орзу қилса, Хожа Муҳаммад Порсога назар қилсин», дедилар ва бошқа куни вафот этдилар».

Хожа Алоуддин Ғиждувоний нақл қиладилар:

«Ҳазрат ўлум тўшагида ётганларида бошларида «Ёсин» сурасини ўқий бошладим. Уни хатм қилган эрдим, эшонда шундай нур пайдо бўлдиким, дарҳол калима ўқишга киришдим. Шу билан Эшоннинг нафаслари етмиш уч ёшда тўхтади. Ва ул киши вафот тарихига ушбу марсия келди:

Рафт шоҳи Нақшбандон Хожаи дунёву дин,
Он ки буди шоҳи роҳи дину давлат миллаташ.
Маскану маъвои чун буд Қасри Орифон,
«Қасри ирфон» зин сабаб омад ҳисоби реҳлаташ.

(Дунёда диннинг хожаси шоҳи Нақшбанд (Баҳовуддин) кетди (вафот этди), у дину давлатнинг шоҳи эди. Унинг маскану маъвоси Қасри Орифон бўлгани учун вафоти тарихи шу сабаб «Қасри ирфон»дан чиқади.)

«Қасри ирфон»нинг абжад ҳисоби  791 (1389) бўлганидан, ундан Ҳазрат Нақшбандий вафот этган йили келиб чиқади.

ШОГИРДЛАРИ ВА УЛУҒ ИЗДОШЛАРИ

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд тариқат йўлида кўп забардаст шогирдлар тайёрладилар. Шулардан энг машҳурлари: Хожа Аловуддин Аттор, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Муҳаммад Фағнавий, Хожа Мусофир Хоразмий, Хожа Алоуддин Ғиждувоний.

Хожа Баҳовуддин асос солган нақшбандия тариқати вақт ўтиб тасаввуфнинг энг улуғ ва машҳур силсиласига айланиб, Мовароуннаҳр чегарасидан чиқиб, Ҳиндистон, Эрон, Ироқу Шом, Кошғар ўлкаларида ҳам қарор топди, вақт ўтиб юртимизда ва номлари тилга олинган ҳудудларда нақшбандия ривожига ҳисса қўшган донишманд сиймолар дунёга келди. Шулардан энг донгдорлари: Мавлоно Яъқуб Чархий, Хожа Аҳрори Валий, Дарвиш Муҳаммад, Хожоги Амканакий, Хожа Муҳаммад Боқий, Шайх Сайфиддин, Шоҳ Абдуллоҳ Деҳлавий, мавлоно Саъдиддин Қошғарий, Шайх Хованди Таҳур, мавлоно Муҳаммад Қозий Одамуллоҳ, Хожоги Аҳмад Косоний Даҳбедий, Сайид Пошшохожа, Абдураҳмон Жомий…

ТАРИҚАТДАГИ ШАХСИЯТИ

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари Хожагон силсиласининг Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний кашф этган саккиз (Ҳуш дар дам Назар ба қадам. Сафар дар ватан. Хилват дар анжуман. Ёдкард. Нигоҳдошт. Бозгашт. Ёддошт.)  ақидасига ўзининг яна уч ақидасини қўшадилар. Шу туфайли Хожагон тариқати замирида яна бир оқим — Нақшбандия (Биринчиси Яссавия эди) пайдо бўлади. Хожа Баҳовуддин илова талаботлар қуйидагилар эди:

1. Вуқуфи замоний.  Бу қоида ҳақида Фахруддин Али ас-Сафий «Рашаҳот»да шундоқ ёзади:»Банда ҳамиша ўз аҳволидан воқиф бўлмоғи лозим, токи ҳар бир сифат ўзгариши (замонида) банданинг ҳоли нечук кечади, мавжиби узр» — бу солиқ ўз умрининг ҳар бир дақиқасини яхшилик ёки ёмонлик билан ўтганини ҳисоб-китоб, назорат қилиб яшамоғини билдиради.

2. Вуқуфи ададий.  Ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанднинг ўзлари айтганларидек, ададга (сонга) риоя қилиш қалбий (хуфия) зикр асносида зокирни фикр ўзгариб кетишидан ёки паришонхотирликдан сақлайди.

3. Вуқуфи қалбий. Ҳазрат Хожа Баҳовуддиннинг ўзлари айтганларким, вуқуфи қалбий дилнинг ҳар лаҳзада Аллоҳ Таолога огоҳ ва ҳозир, Аллоҳ Таоло томонга тайёр ва омода бўлиб туришидан иборатдир.

«ДАСТ БА КОРУ ДИЛ БА ЁР»

Асл сўфий дунё ва унинг бойлигини тарк этган кишидир. У бу дунёда ҳеч кимга ва ҳеч нарсага боғлиқ эмас. Бу — фақрлик туйғуси билан яшашдир. Фақрлик туйғусига эга инсон на бировга банда-ю, на бировга хўжа, у ёлғиз Аллоҳга банда, у ёлғиз Аллоҳга эҳтиёж сезади. Хожа Баҳовуддин шу сабаб айтадиларки:

Ҳеч монею ҳечи мо кам не,
Аз пайи ҳеч ҳечи мо ғам не.
Жанда бар пушту, пушт — гўристон,
Гар мирем мо ҳеч мотам не.

(Бизнинг ҳеч нарсамиз йўқ, лекин ҳеч нарсадан камимиз йўқ. Ўша «ҳеч», яъни нарса кетидан югуриб, ғам-ташвишда ҳам эмасмиз. Эгнимизда жанда, орқамизда гўристон, агар ўлсак, ҳеч бир мотам ҳам керак эмас).

Ҳамма нарсадан воз кечиш, охир-оқибатда ўзликдан кечиш — сўфия маслаги мана шу. Боязид Бистомий айтганларки: «Ўзингдан ўтинг, (Аллоҳга) етдинг!».
Бу дунё ҳою ҳаваси, чиройли нарсалар, ширин емаклари, маишатини тарк этган, ёлғиз Аллоҳ деган сўфий, Хожа Баҳовуддин назарида, фақат меҳнати билан ҳалол луқма топиб кун кечириши керак бўлган. «Косиб Аллоҳнинг дўстидир» ҳадисига амал қилган сўфийлар эътиқодига кўра, бирор касб ортидан топилган нон ҳалол ҳисобланган,  луқманинг ҳалоллиги шу йўл билан таъминланган.

Шу сабабдан Хожа Баҳовуддиннинг яна бир кўрсатмаси бўйича, нақшбандия кишилари бирор касбга эга бўлишлари шарт бўлган. Тарихдан маълумки, нақшбандия пайдо бўлмасдан олдин ҳам жуда кўп сўфийлар шу ақидага амал қилганлар. «Насойимул муҳаббат»да келтирилишича, «Шайхулмашойих шайх Абу Сайид Харроз — этик тикувчи, Шайх Муҳаммад Саккокий — пичоқчи, Шайх Абу Ҳафз Ҳаддод — темирчи, Шайх Абубакр Ҳаббоз — новвой, Шайх Абулаббос Омилий — қассоб, Шайх Абулҳасан — заргар, Шайх Банон — ҳаммол бўлганлар. Ҳазрат Навоий ёзганларидек, «кимхо нақшини боғламоққа машҳур» бўлган Хожа Баҳовуддин бу ақидани ўз тариқати учун зарур шартга айлантирди. Шу жиҳатдан нақшбандия тариқатининг негизини асосан ҳунармандлар ташкил этарди. Бу тариқат тарки дунёчиликни рад этди ва унинг шиори «Даст ба кору дил ба ёр», яъни қўл ишда-ю, дил ишқда — Аллоҳда» бўлди.

АДАБИЁТЛАР

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд аҳволу осори ҳақида Хожа Муҳаммад Порсонинг «Мақомати Хожа Баҳовуддин», Абулҳасан Муҳаммад Боқийнинг «Мақомати Баҳовуддин», мавлоно Яъқуб Чархийнинг нақшбандия тарихи ва пешволарига бағишланган «Рисолаи мухтасар дар исботи вужуди авлиё ва мароқиби он» номли асарлари мавжуд. Шунингдек, Абдураҳмон Жомийнинг «Нафаҳотул унс», Алишер Навоийнинг «Насойимул Муҳаббат», Фахриддин Али ас-Сафийнинг «Рашаҳоти айнал-ҳаёт», Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» ва бошқа жуда кўп асарларда Хожа Баҳовуддин ва унинг издошларига оид эътиборли қайдлар мавжуд.

«Рашаҳоти айналҳаёт» дан:

«Ҳазрат Амир Кулол сўнгги бетоблик чоғларида асҳобларини Хожа (Баҳовуддин Нақшбанд)га итоатга чақирдилар. Бир асҳоб Амир Кулолга савол берди:
— Ҳазрат, Хожа Баҳовуддин алония зикрида сизга тобеълик қилмади-ку.

Амир буюрдилар:
— У кишидан ўтган ҳар бир амал қандай тарзда бўлмасун, илоҳий ҳикмат билан бўлур ва у кишининг ихтиёри орада йўқдур…».

«Насойимул муҳаббат»дан:

«Мавлоно Жалилиддин Холидий ҳазратларидан сўрабтурларки, ҳазрати Хожа Баҳовуддиннинг ва тариқининг нисбати мутааххир (охирги) машойихдин қайси бирнинг тариқиға муносибати бор? Ул дебтурки сўз мутақаддамин машойихдин ва минг икки юз йилдин ортиқдурки, бу навъ осори валоят (валийлиги) зуҳурики, ҳазрати Хожада Тангри таоло иноятидин воқеъ бўлубтур, тариқат машойихиға мутааххирлардин ҳеч кимга бўлмайдур».

«Нафаҳотул унс»дан:

«Ҳазрат Баҳовуддиндан сўрадилар:
— Тариқатингизнинг асоси нимада?

Айтдилар:
— Жамоат ичида хилватда бўлиш; зоҳирдан халқ билан ва ботиндан Ҳақ таоло билан.

Яна у кишидан сўрадилар:
— Сизнинг тариқатингизда зикри жаҳр, хилват ва самоъ бўлурми?

Дедилар:
— Бўлмас.

Бир киши ҳазратдан сўради:
— Сизнинг силсилангиз қаерга етади?

Дедилар:
— Киши силсила бирлан ҳеч ерга етмайди.

Яна деганлар:
— Бизнинг тариқатимиз суҳбат, хилватда шуҳрат, шуҳратда офат. Хайрият жамиятда ва жамият суҳбатдадир. Шарт шуки, бир-бирларига фойдалари тегса, бу йўл толибларининг жамъи бир-бири билан суҳбат қурса, унда жуда кўп хайр ва баракот бўлур. Умидимиз борки, мулозимат ва мудовимат ила ҳақиқий иймон бўлгай.

«Музаккири аҳбоб»дан:

«Ҳазрати хожамиз (яъни Хожа Баҳовуддин) фарзандлик назарини тариқат шайхи ҳазрат Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийдан топганлар. Зеро, ҳазрат Мир Кулол ўшал Бобо (Самосий)нинг нафис нафаслари бўйича аларни тарбият қилганлар. Ҳазрат Бобо тарбияти эса Хожайи Азизон Ромитанийдан, аларнинг бўлса Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдан, аларники Хожа Ориф Ривгарийдан, аларники ҳазрат Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувонийдан, аларники ҳазрат Абу Ёқуб Юсуф ал-Ҳамадонийдан, аларники эса имом Муҳаммад Ғаззолийнинг шайхи бўлган Абу Али Формадийдан ва аларники Шайх Абулқосим Гургонийдан ҳосил бўлган. Абу Али Формадийнинг тасаввуфдаги насаби икки томонламадир: биринчиси уч восита билан ҳазрати Шайх Жунайдга ва иккинчиси Шайх Абулҳасан Харақонийники эса орифлар султони ҳазрат Абу Язид Бастомийга боғланади, аларники имом Жаъфар Содиққа, аларники оталари ҳазрат имом Муҳаммад Боқирга, аларнинг падарлари ҳазрат имом Зайнилобиддинга, аларники ҳазрат оталари, шаҳидлар сайиди имом Ҳусайнга, аларники эса ҳазрати амирал-мўъминин Алига ва аларники Ҳазрати сайиди коинот, сайиди мукаввинот саллаллоҳи алайҳи васалламга бориб боғланади».

НАҚШБАНДИЯ АҲАМИЯТИ

«Дунёнинг тинчлиги ва фаровонлиги, инсоният келажаги, дарҳақиқат, доно ва оқил, пок ниятли одамлар фаолиятига боғлиқ. Яъни илоҳий поклик ва нафосат, эътиқод ва тафаккур бизни бало-қазодан қутқаради, ҳаётни асраб-авайлаб, сақлаб туради. Тасаввуф ўз усули, ҳақиқат деб топган йўли билан шу мақсад учун курашган. Бу ҳаётбахш таълимотнинг пешволари яратган асарлар, сўфиёна руҳдаги шеъру достонларни мутолаа қилар эканмиз, ёруғликнинг зулмга, хайрнинг шаррга, файзу камолнинг нуқсу ноқисликка, калтафаҳмлик ва нодонликка қарши омонсиз жангига гувоҳ бўламиз. Тасаввуф шайхлари зулм ва қоронғилик лашкарига қарши маърифатни қурол қилиб жангга кирган паҳлавонларга ўхшаб кетадилар. Улар Каъба деб кўнгилни тан олдилар, кўнгил раъига юрадиган, дунёни кўнгил орқали биладиган ва кўнгилга сиғинадиган одам — Аллоҳнинг севгани, деб чиқдилар. Бу одамлар — жамиятнинг тирик виждони эдилар, кишилар уларга қараб ҳушёр тортар, дунё беҳудалигидан ўзига келиб, ўз қалбига, қилаётган ишларига разм солардилар, тавба-тазарруъ қилардилар. Уларнинг афъолу аъмоли инсонлар дилига қувват, кўзига нур бағишлаган. Тасаввуф, шу зайлда, инсонни тарбиялар, уни шак ва шубҳа, изланиш — қидиришлар йўлидан бошлаб, ўз тийнати, ўз моҳияти ҳақида ўйлашга ўргатарди…».

Тасаввуф илмининг билимдон тадқиқотчиси устоз Нажмиддин Комиловнинг бу ҳаяжонли мушоҳадаси «Нақшбандия таълимотини нима учун ўрганиш керак?» саволига энг холис ва эътиборли жавобдир. Қолаверса, исломий ўзликка қайтиш, тоталитаризм таъсирида бузилган маънавиятларимизни поклаш, миллатимиз онгини жаҳолат чангалидан халос этиш — Ватан истиқболи учун туну кун қилиниши зарур бўлган вазифалар эканини тан олсак, жамиятимизнинг мана шу тўхтамида ахлоқий низом, инсонпарварлик йўли бўлмиш нақшбандия таълимоти бизга обу-ҳаводек зарурдир.

ХОЖА НАҚШБАНД ҲАҚИДА НАҚЛЛАР

Хожа Баҳовуддин Нақшбанд хизматларини кўп қилган Хожа Мусофир Хоразмий нақл қиладилар:

«Бир куни ҳамма иттифоқ бўлиб рубоб, қаввол (ашулачи), дафоф (чолғучи) ҳозир қилиб ҳазрат Баҳовуддин мажлисларига кирдик. Ҳазрат ҳеч нарса демадилар ва суҳбат охирида айтдиларки: «Биз бу ишни қилмаймиз ва инкор ҳам этмаймиз».

Яна шу ҳурматли хожа нақл қиладилар:

«Ҳазрат Хожа Баҳовуддинга иморат бино этиш жиҳатидан машғул эдик. Ҳазратнинг жами асҳоблари иморат ила банд эдилар. Хожа Муҳаммад Порсо (Хожа Нақшбанднинг энг улуғ шогирдлари) лой олиб берар эди. Кун бениҳоя қизидики, ҳазрат Баҳовуддин ҳаммамизга бир оз сояда дам олишимизга рухсат бердилар.

Ҳаммамиз оёқ-қўлларимизни ювиб, сояга бориб бирор лаҳза ухлаш ҳаракатида бўлдик. Хожа Муҳаммад Порсо ўзини сояга олиб, лой оёқларини офтобрўйга узатиб ухлади. Мен уйғоқ эдим. Ҳазрати Хожа Нақшбанд келиб ҳамма ётганларни кўздан кечириб, Хожа Порсо томонга ўтдилар ва унинг лой оёқларига юзларини қўйиб: «Худовандо, шу оёқнинг ҳурматига Баҳовуддинга раҳмат қилғил!» дедилар.

Хожа Аловуддин Ғиждувонийки, Хожа Баҳовуддиннинг муриди эди, нақл қиладилар:

«Мен Хожани охирги беморлик ёстиғида ётганларида олдиларига бордим. Менга боқиб:»Ало, дастурхонга яқин кел, таомдан е», дедилар. Мен бир-икки луқма олиб, дастурхонни йиғиб қўйдим. Ҳазрат кўзларини очиб, «Дастурхонни оч, таомни е», дедилар. Яна очиб, бир-икки луқма олдим. Шундай қилиб, дастурхонни тўрт марта йиғиб, тўрт марта очдим. Ҳазрат, «Таомни яхши ейиш керак, ишни ҳам яхши қилиш керак», дедилар.

Яна шу муҳтарам зот нақл қиладилар:

«Бир гал суҳбатда ўлтирган асҳоблар:»Ҳазрат қайси биримизни ўз ўринларига тайин қилар эканлар?» деб ўйладилар. Ҳазрат бирдан уларга қараб: «Шу аҳволда нега менга ташвиш бергайсиз. Бу амр менга боғлиқ эмас, агар сизларни Аллоҳ ўшанга раво кўрган бўлса, унинг ҳукми бўлади», дедилар.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий «Насойимул муҳаббат»да ушбу нақлни келтирганлар:

«(Ҳазрати Хожа Баҳовуддин Нақшбанд) дебтурларки: Ҳазрати Хожаи Азизон (Хожа Али Ромитоний) дер эмишларки:»Ер, бу тоифанинг кўзида бир суфрачадур» ва биз дербизки:»Тирноғ юзичадур».

Яна шундай нақл қиладилар:

«Хожа Баҳовуддин асранди қизларини Хожа Аловуддин Атторга никоҳлаб бергач, уни мадрасадан олиб, ўз тарбияларига киритибдилар. Бир кун ҳазрат куёви Аловуддинга бир сават олмани бериб, оёқ-яланг Бухоро бозор ва кўчаларида баланд товуш билан олма сотиш мақсадини билдириб юришни буюрдилар. Унинг бу амрини Хожа Аловуддин бажонидил қабул қилдилар. Ўз биродарларининг бу ҳолда юрганида номус қилган укалари Хожа Муборак билан Хожа Шаҳобиддин унга таъна қилдилар. Бу ҳолдан хабар топган Хожа Нақшбанд Хожа Аловуддинга акалари дўкони олдига бориб, баланд товуш билан савдо қилишни буюрдилар ва айтдиларки: » Ҳар қандай меҳнатнинг уяти йўқ, киши таомни азият чекиб, меҳнат қилиб еса, ўша ҳалолдур».

Яна нақл қилишларича, Хожа Баҳовуддин ҳар доим мажлисларда Хожа Аловуддин Атторни ўз ёнларига ўтқазар ва мудом унга қараб-қараб қўяр эканлар. Бир куни бунинг маъносини Хожа Нақшбанддан сўраганларида, ҳазрат: «Уни олдимга ўтирғизишимнинг сабаби шуки, мабодо уни бўри емасин дейман, бўри нафсдурки, унинг ўзида пинҳондур», деб айтган эканлар.

1993

Xurshid Davron
XALQ ICHRA BO’LGINU HAQ BIRLA BO’LGIL…
01

X-XV asrlar orasidagi besh yuz yillik davr Movarounnahrning gullagan mavsumi bo’ldi. Shu davr ichida Movarounnahr tafakkuri o’tmish xazinasi ustida yuksalib, betakror bir ochun yaratdiki, bu ganjinai hikmat shuuri asrlar osha yuraklarimizni yoritmoqda, imonimizga quvvat bag’ishlamoqda. Abu Rayhon Beruniy, Abu Ali ibn Sino, Muhammad al-Xorazmiy, Ahmad al-Farg’oniy, Abu Nasr al-Farobiy, Abu Mahmud Xo’jandiy, Xoja Ahmad Yassaviy, Mahmud Koshg’ariy, Ahmad Yugnakiy, Xoja Ismoil Buxoriy, Amir Temur, Mirzo Ulug’bek, Alisher Navoiy, Bobur mirzo, Ali Qushchi, qolaversa, har birining nomi tarix varaqlariga abadiy muhrlangan samarqandiylar, buxoriylar, nasafiylar, xorazmiylar, tirmiziylar, xo’jandiylar, shoshiylar, farg’oniylar, turkistoniylar, marg’inoniylar — barchasi oltin davrning bezagi bo’ldilar.

Bu oliynishon davrning eng buyuk siymolaridan biri hazrati qutbil-avliyo Bahovuddin Naqshband edilar.

Hech bir voqea sababsiz bo’lmaganidek, daholarning tug’ilishi va kamolga yetmog’i ham ma’lum asosga bog’liqdir. Islomiyat vujudga kelishi bilan uning zaminida dunyoga kelgan tasavvuf ta’limoti taraqqiyotida ko’hna Turonzamin farzandlarining xizmati beqiyos bo’ldi. Xoja Hakim at-Termiziy, Xoja Abubakr Varroq Tirmiziy, Shayx Abu Mansur al-Moturidiy as-Samarqandiy, Xoja Abdulloh G’ijduvoniy, Xoja Ahmad Yassaviy, Abu Turob an-Naxshabiy, Shayx Najmiddin Kubro, Xoja Abdulholiq G’ijduvoniy, Xoja Ali Romitaniy, Shayx Majdiddin Bag’dodiy, Shayx Sayfiddin Boxarziy kabi siymolar ilohiy ma’rifat yo’lining rahnamolari bo’ldilar. Xoja Bahovuddin Naqshband dahosi, eng avvalo, Allohning nazari va mana shu nomlari sanalgan donishmandlar hikmati bilan yorishdi va jilvalandi.

TARJIMAI HOLI VA TARBIYASI

Muhammad ibni Muhammad Buxoriy — Xoja Bahovuddin Naqshband 1318 yili Buxoro yaqinidagi Ko’shki Hinduvon manzilida dunyoga keldi. Rivoyat qilishlaricha, Xojagon silsilasining ulug’ peshvosi Xoja Muhammad Boboyi Samosiy Ko’shki Hinduvondan o’tayotib: «Bu yerdan bir mardning isi kelmoqdaki, Ko’shki Hinduvon Qasri Orifon bo’lg’usidur!» deb bashorat qilgan ekanlar. U kishi qishloqqa yaqinlashganlari sayin bu muattar hid kuchayib borgan va bir o’g’lon dunyoga kelgan, bu go’dak Xoja Bahovuddin Naqshband ekanlar. Xoja Bahovuddinning bobosi go’dakni Xoja Samosiy qoshiga olib keldi. Xoja Samosiy: «Bu o’g’lon bizning farzandimizdur va biz uni qabul qildik», dedilar. So’ng o’zlariga ergashgan as’hoblariga aytdilarki:»Bu o’sha men hidini sezgan o’g’londur, ogoh bo’lingkim, kun kelib, u bu ro’zg’or (tariqat) muqtadosi bo’lg’usi!». Go’dakni qo’lga olib, muborak nafaslari bilan uni qutlagan Xoja Samosiy birinchi xalifalari bo’lmish Amir Sayid Kulolga qarab:
«Bizning farzandimiz Bahovuddindan shafqat va tarbiyatni darig’ tutmagil, aksincha bo’lsa, seni sohibi hol qilmagayman», degan ekanlar. Hazrat Amir Kulol ham ta’zim bajo keltirib: «Gunoh qilsam, mard emasman!» deb aytibdilar.

Xoja Bahovuddin murg’aklikdan ilmga mashg’ul bo’ldilar, yetti yoshda Qur’onni yod bildilar. Buyuk Shayxlardan Abulhasan Nuriy: «Tasavvuf na rusumdur, na ulum (ilmlar), balki ehtiyojdir, agar rusum bo’lganida mujohada (harakat) bila qo’lga kiritmoq mumkin edi, agar ilm bo’lganida ta’lim bila hosil qilinardi. Alloh mulkiga na rusum, na ilm bilan kirib bo’lmas», deb aytganlari yuzasidan xulosa qilsak, yosh Bahovuddin tug’ilgan onidan vujudida uyg’ongan ehtiyoj va tug’ma darvishligi (faqiri zotiy) sababidan yoshlikdan so’fiy yo’liga bog’landi. U Buxorodayoq Xoja Abduholiq G’ijduvoniy ruhiyatidan tarbiya topadi (O’tgan zotlardan ruhiyatian tarbiya olgan so’fiylarni uvaysiy derlar). Hazrati Xoja Naqshband tarbiyasi haqida naql etuvchi bu hikoyat buning isbotidir:

«Bahovuddin Naqshband deydilarki, bir kecha hol darajasiga tushishimning dastlabki paytlarida, jazabot g’alaba qilib, Buxoroning tabarruk zotlari mozorlaridan biriga yetdim. Har bir mozorda chirog’ ko’rdim. Chirog’lar yondirilgan, ichida yog’i to’la va piliklar yog’ ichinda. Piliklar yog’dan chiqib, ravshanroq yonishi uchun ularni ozgina harakatga keltirish kerak edi. Oxirgi mozorda qibla tomonga mutavajjih bo’lib o’tirdim. Shunda g’oyibdan bir hol zohir bo’ldi. Mushohada qildim va ko’rdimki, qibla devori ochilib, buyuk taxt paydo bo’ldi. Taxt oldiga yashil parda tortilgan, atrofida jamoat o’tiribdi. Ularning orasidan Xoja Muhammad Boboni tanidim va bildimki, ular marhumlar ekanlar.

Jamoat ichidan biri menga dedi:
— Taxtda Abdulxoliqdirlar. Bu jamoat esa ul zotning xulafolari.

So’ngra u jamoat ahlining har biriga ishorat qilib dedi:
— Xoja Ahmad Siddiq, Xoja Avliyoi Kalon, Xoja Orif Rivgariy, Xoja Mahmud Anjir Fag’naviy, Xoja Ali Romitaniy (quddisa ollohu sirrahu va navvara ollohu marqadahu).

Xoja Muhammad Boboga yetganidan so’ng:
— U kishini hayotlik chog’larida ko’rgansan. Sening shayxingdirlar, senga bo’rk berganlar va karomat qilganlarki, keladigan balolar sening barakoting ila yo’qolur, — dedi.

Shu payt jamoat dedi:
— Quloq tutib tinglagin, ulug’ Xoja Abduxoliq G’ijduvoniy senga so’zlaydilar. Haq taolo suluki yo’lida ulardan senga chora yo’qdir.

Jamoatdan iltimos qilib dedim:
— Hazrat Xojaga salom bersam va u zotning muborak jamollariga musharraf bo’lsam.

Pardani oldimdan ko’tardilar. Nuroniy pirni ko’rdim. Salom berdim.

Javob berdilar. Shu vaqt Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy haqiqat yo’lining avvali, o’rtasi va oxirgi taalluqli so’zlarni bayon etdilar:
— Bunda ko’ringan chiroqlar sendagi iste’dod va qobiliyatga ishorat va bashoratdir. Ammo piliklar ravshanroq yonishi va sirlar namoyon aylashi uchun bu iste’dod piliklarini harakatga keltirish lozimdir.

Yana Abdulxoliq G’ijduvoniy aytdilar va mubolag’a qildilar:
— Barcha ahvolda qadamni amru nahyi qoidasiga qo’ygil, azimat birla amal qil, sunnatni bajo keltirgil, ruxsat va bid’atlardan yiroq bo’lgin, Mustafo sallolohu alayhi vasallam hadislarini o’zingga peshvo qil va u kishining muqaddas as’hoblaridan bo’l.

Ular yana dedilar:
— Bundan so’ng Nasafga yuz tutgin, Amir Kulol xizmatlarida bo’lgin.

Ularning aytganlaricha, Nasafga — Amir Kulol xizmatlariga yetdim. Amir Kulol iltifotlar qildilar va lutflar ko’rgizdilar. Menga zikr talqin qildilar, nafy(yo’qlik) va isbot tariqati ila xufiya yo’li bilan mashg’ul etdilar. Men haqiqatda ma’mur bo’lganim uchun amal va azimatda aloniya zikri bilan shug’ullanmadim…».

«Amir Kulol o’z as’hoblari bilan aloniya zikriga mashg’ul bo’lgan vaqtda, Xoja(Naqshband) turib u yerdan ketganlar. Bu as’hobning xotiriga og’ir botsa-da, Xoja parvo qilmas, bu maqomda ularga taqlid qilmas ekanlar. Ammo Amir Kulol xizmat va mulozimatlaridan biror daqiqa ham qolmas, hamisha u kishining iroda ostonalariga taslim boshini egib, u zotdek bo’lishga harakat qilar ekanlar.

Amir Kulolning Xojaga bo’lgan iltifotlari kundan-kunga oshib borgan. Bir kun Amir Kulolning as’hoblari xilvatda Xoja Naqshbandning qusur va nuqsonlarini ochdilar. Amir Kulol bu xilvatda to butun as’hob — kattadan-kichikigacha besh yuzdan ortiq kishi Suxoriy masjidiga yig’ilmaguncha hech narsa demadilar. Har kim (masjid qurilishida) bir ish bilan shug’ullanardi. Loy ishini tugatganidan so’ng, as’hob Amir Kulolning oldiga keldilar. Shu vaqtda Amir Kulol ularga yuzlanib dedilar:

— Sizlar farzandim Bahovuddin haqida yomon gumonlar qilib xato qilgansizlar. Uning ba’zi holatlarini qusurli amal deb bilgansizlar. Haq Subhona nazari uning butun borlig’ini qamrab olgandir. Haq Taolo bandalarining nazari tobe’dir va nazar qilish darajasida undan maqbuli va ixtiyorlisi yo’qdir.

Keyin g’isht tashish bilan band bo’lgan hazrat Xojani talab etib, yig’ilganlar oldida u kishiga yuzlanib dedilar:
— Farzandim Bahovuddin, sizning nafasingiz o’rniga Xoja Muhammad Bobo nafaslarini qo’ydim. U kishi aytgan edilarki: «Tarbiyatda sening haqqingga nimaniki o’rniga keltirgan bo’lsam, sen hammasini xato qilmasdan farzandim Bahovuddin haqqiga qo’y». Men shunday qildim.

Amir Kulol o’zlarining muborak ko’kraklariga ishorat qilib aytdilar:
— Siz uchun bo’stonni quritdik. Sizning ruhingiz qushi bashariyat bayzasidan olamga chiqdi. Ammo sizning himmat qushingiz balandga parvoz etguvsidir. Endi sizga ijozat. Har yerdaki maqomingizga bir bo’y yetsa, turkdanmi, tojikdanmi, uni talab eting. Talabgorlikda himmatingizga yo’l oching.

Hazrat Xoja Bahovuddin Naqshband aytdilarki, hazrat Amir Kuloldan bu nafas zohir bo’lganidan so’ng, bizning ibtidomiz boshlandi. Bildikki, agar shu tarzda tobe’lik qilsak balolardan yiroq va salomatlikka yaqinroq bo’lurmiz».

Xoja Bahovuddin Naqshband ustozidan ijozat olganidan so’ng Piri Turkistoniy — Xoja Ahmad Yassaviyning avlodidan bo’lmish Qusam shayx huzuriga bordilar va uning qo’lida uch oy tahsil oldilar. Uch oydan so’ng Buxoroga qaytdilar. Rivoyat qilishlaricha, «andin so’ngra har qachon Qusam shayx Naxshabdan Buxoroga kelur erdi, xoja Bahovudding’a mulozamat qilurlar erdi. Shayx debturki: «Bu nav’ talabgorlikki, senda ko’rubmen, toliblardin hech qaysida ko’rmaymen».

Bir kuni Xoja Naqshband tushlarida Xoja Ahmad Yassaviy shogirdlaridan bo’lmish Hakim Ota — Sulaymon Baqirg’oniyni ko’rdilar. Hakim Ota Xoja Bahovuddinni bir kishiga suporish qiladilar. Hazrat ko’rgan tushlarini buvilariga aytganida, keksa kampir: «Ey farzand, senga turk mashoyixidin nasibe bo’lg’usidur», — dedi.

Bir kuni bozor aylanib yurgan xoja tushida ko’rgan odamni ko’rib qoladilar, odamlardan uning otini surishtirsalar, «Xalil» deb aytadilar. Shu kuni ular uchrashadilar. Xoja Bahovuddin naql qiladilarki: «Ul darvish qoshidin birov kelib meni tiladi. Kuz ayyomi erdi. Bir pora meva oldim. Chun tiladimki, ul voqeani (tushni) anga izhor qilgaymen. Aytdiki, ulcha sening xotiringdadur, bizga ayondur. Bayon qilmoq hojat emas. Mening holim o’zga bo’ldi. Ko’ngil mayli aning suhbatig’a ko’p bo’ldi va aning suhbatida shigarf ahvol va g’arib va ajib nimalar mushohada bo’lur erdi andin».

Xoja Bahovuddin Xalil Ota xizmatida olti yil bo’ldilar. Shundan keyin Xalil Ota Chingizxon avlodlaridan bo’lmish amir Yasovur o’g’lonning farzandi bo’lganlari uchun Chig’atoy xoni Tarmasharinxon o’limidan so’ng boshlangan toju-taxt kurashlariga aralashadi va Movarounnahr hokimiyatini egallaydi. Yana olti yil davomida darveshdan chiqqan sulton xizmatini qilgan Xoja Bahovuddin oxir-oqibatda ustozining toju-taxt hirsiga berilib, zulm yo’liga o’tganini ko’rib, undan ko’ngil uzib, Buxoroga qaytadilar.

Shundan keyin Xoja Naqshband ikki marotaba hajga bordilar. Ikkinchi safarida yo’lda Xoja Muhammad Zohid Porsoni uchratadilar. Xoja Muhammad Porso Nishopur tomonga, Xoja Bahovuddin esa Hirotga yo’l oladilar. Xoja Hirotga kelib Shayx Zayniddin Abu bakr Toyibodiy (Amir Temurning piri, 1389 yilda vafot qilgan) bilan muloqot qiladilar va uch kun shayx huzurida yashaydilar. So’ng Nishopurga borib, Xoja Muhammad Porsoni olib Hijozga jo’naydilar. Hajdan qaytib bir necha muddat Marvda istiqomat qiladilar.

Shundan keyin umrlarining oxirigacha, Xoja Muhammad Boboyi Samosiy bashorati o’ng kelib, Ko’shki Hinduvondan Qasri Orifonga aylangan ona qishlog’ida yashagan Xoja Bahovuddin Naqshband hazratlari hijriy 791 (melodiy 1388 — 1389 yillar) olamdan ko’z yumadilar.

Xoja Ali Domod — Xoja Bahovuddin as’hoblaridan edi, naql qiladilar:

«Hazrati Xoja og’ir bemor erdilar va alarning ishoratlari birla bir qabr tayyor qilib, oldilariga keldim va: «O’zlaridan keyin kimni irshod masnadiga tayinlarkanlar?» deb xotiramdan o’tkazdim. Eshon boshlarini ko’tarib:»Suxan o’shalkim, Hijozga borayotib, yo’lda aytib erdim, har kim meni orzu qilsa, Xoja Muhammad Porsoga nazar qilsin», dedilar va boshqa kuni vafot etdilar».

Xoja Alouddin G’ijduvoniy naql qiladilar:

«Hazrat o’lum to’shagida yotganlarida boshlarida «Yosin» surasini o’qiy boshladim. Uni xatm qilgan erdim, eshonda shunday nur paydo bo’ldikim, darhol kalima o’qishga kirishdim. Shu bilan Eshonning nafaslari yetmish uch yoshda to’xtadi. Va ul kishi vafot tarixiga ushbu marsiya keldi:

Raft shohi Naqshbandon Xojai dunyovu din,
On ki budi shohi rohi dinu davlat millatash.
Maskanu ma’voi chun bud Qasri Orifon,
«Qasri irfon» zin sabab omad hisobi rehlatash.

(Dunyoda dinning xojasi shohi Naqshband (Bahovuddin) vafot qildi, u dinu davlatning shohi edi. Uning maskanu ma’vosi Qasri Orifon bo’lgan, shu sabab vafoti tarixi «Qasri irfon»dan chiqadi.)

«Qasri irfon»ning abjad hisobi 791 (1389) bo’lganidan, undan Hazrat Naqshbandiy vafot etgan yili kelib chiqadi.

SHOGIRDLARI VA ULUG’ IZDOSHLARI

Xoja Bahovuddin Naqshband tariqat yo’lida ko’p zabardast shogirdlar tayyorladilar. Shulardan eng mashhurlari: Xoja Alovuddin Attor, Xoja Muhammad Porso, Xoja Muhammad Fag’naviy, Xoja Musofir Xorazmiy, Xoja Alouddin G’ijduvoniy.

Xoja Bahovuddin asos solgan naqshbandiya tariqati vaqt o’tib tasavvufning eng ulug’ va mashhur silsilasiga aylanib, Movarounnahr chegarasidan chiqib, Hindiston,Eron, Iroqu Shom, Koshg’ar o’lkalarida ham qaror topdi, vaqt o’tib yurtimizda va nomlari tilga olingan hududlarda naqshbandiya rivojiga hissa qo’shgan donishmand siymolar dunyoga keldi. Shulardan eng dongdorlari: Mavlono Ya’qub Charxiy, Xoja Ahrori Valiy, Darvish Muhammad, Xojogi Amkanakiy, Xoja Muhammad Boqiy, Shayx Sayfiddin, Shoh Abdulloh Dehlaviy, mavlono Sa’diddin Qoshg’ariy, Shayx Xovandi Tahur, mavlono Muhammad Qoziy Odamulloh, Xojogi Ahmad Kosoniy Dahbediy, Sayid Poshshoxoja, Abdurahmon Jomiy…

TARIQATDAGI SHAXSIYATI

Xoja Bahovuddin Naqshband hazratlari Xojagon silsilasining Xoja Abduxoliq G’ijduvoniy kashf etgan sakkiz (Hush dar dam Nazar ba qadam. Safar dar vatan.
Xilvat dar anjuman. Yodkard. Nigohdosht. Bozgasht. Yoddosht.) aqidasiga o’zining yana uch aqidasini qo’shadilar. Shu tufayli Xojagon tariqati zamirida yana bir oqim — Naqshbandiya (Birinchisi Yassaviya edi) paydo bo’ladi. Xoja Bahovuddin ilova talabotlar quyidagilar edi:

1. Vuqufi zamoniy. Bu qoida haqida Faxruddin Ali as-Safiy «Rashahot»da shundoq yozadi:»Banda hamisha o’z ahvolidan voqif bo’lmog’i lozim, toki har bir sifat o’zgarishi (zamonida) bandaning holi nechuk kechadi, mavjibi uzr» — bu soliq o’z umrining har bir daqiqasini yaxshilik yoki yomonlik bilan o’tganini hisob-kitob, nazorat qilib yashamog’ini bildiradi.

2. Vuqufi adadiy. Hazrat Bahovuddin Naqshbandning o’zlari aytganlaridek, adadga (songa) rioya qilish qalbiy (xufiya) zikr asnosida zokirni fikr o’zgarib ketishidan yoki parishonxotirlikdan saqlaydi.

3. Vuqufi qalbiy. Hazrat Xoja Bahovuddinning o’zlari aytganlarkim, vuqufi qalbiy dilning har lahzada Alloh Taologa ogoh va hozir, Alloh Taolo tomonga tayyor va omoda bo’lib turishidan iboratdir.

«DAST BA KORU DIL BA YOR»

Asl so’fiy dunyo va uning boyligini tark etgan kishidir. U bu dunyoda hech kimga va hech narsaga bog’liq emas. Bu — faqrlik tuyg’usi bilan yashashdir. Faqrlik tuyg’usiga ega inson na birovga banda-yu, na birovga xo’ja, u yolg’iz Allohga banda, u yolg’iz Allohga ehtiyoj sezadi. Xoja Bahovuddin shu sabab aytadilarki:

Hech moneyu hechi mo kam ne,
Az payi hech hechi mo g’am ne.
Janda bar pushtu, pusht — go’riston,
Gar mirem mo hech motam ne.

(Bizning hech narsamiz yo’q, lekin hech narsadan kamimiz yo’q. O’sha «hech», ya’ni narsa ketidan yugurib, g’am-tashvishda ham emasmiz. Egnimizda janda, orqamizda go’riston, agar o’lsak, hech bir motam ham kerak emas).

Hamma narsadan voz kechish, oxir-oqibatda o’zlikdan kechish — so’fiya maslagi mana shu. Boyazid Bistomiy aytganlarki: «O’zingdan o’ting, (Allohga) yetding!».

Bu dunyo hoyu havasi, chiroyli narsalar, shirin yemaklari, maishatini tark etgan, yolg’iz Alloh degan so’fiy, Xoja Bahovuddin nazarida, faqat mehnati bilan halol luqma topib kun kechirishi kerak bo’lgan. «Kosib Allohning do’stidir» hadisiga amal qilgan so’fiylar e’tiqodiga ko’ra, biror kasb ortidan topilgan non halol hisoblangan, luqmaning halolligi shu yo’l bilan ta’minlangan.

Shu sababdan Xoja Bahovuddinning yana bir ko’rsatmasi bo’yicha, naqshbandiya kishilari biror kasbga ega bo’lishlari shart bo’lgan. Tarixdan ma’lumki, naqshbandiya paydo bo’lmasdan oldin ham juda ko’p so’fiylar shu aqidaga amal qilganlar. «Nasoyimul muhabbat»da keltirilishicha, «Shayxulmashoyix shayx Abu Sayid Xarroz — etik tikuvchi, Shayx Muhammad Sakkokiy — pichoqchi, Shayx Abu Hafz Haddod — temirchi, Shayx Abubakr Habboz — novvoy, Shayx Abulabbos Omiliy — qassob, Shayx Abulhasan — zargar, Shayx Banon — hammol bo’lganlar. Hazrat Navoiy yozganlaridek, «kimxo naqshini bog’lamoqqa mashhur» bo’lgan Xoja Bahovuddin bu aqidani o’z tariqati uchun zarur shartga aylantirdi. Shu jihatdan naqshbandiya tariqatining negizini asosan hunarmandlar tashkil etardi. Bu tariqat tarki dunyochilikni rad etdi va uning shiori «Dast ba koru dil ba yor», ya’ni qo’l ishda-yu, dil ishqda — Allohda» bo’ldi.

ADABIYOTLAR

Xoja Bahovuddin Naqshband ahvolu osori haqida Xoja Muhammad Porsoning «Maqomati Xoja Bahovuddin», Abulhasan Muhammad Boqiyning «Maqomati Bahovuddin»,mavlono Ya’qub Charxiyning naqshbandiya tarixi va peshvolariga bag’ishlangan «Risolai muxtasar dar isboti vujudi avliyo va maroqibi on» nomli asarlari mavjud.

Shuningdek, Abdurahmon Jomiyning «Nafahotul uns», Alisher Navoiyning «Nasoyimul Muhabbat», Faxriddin Ali as-Safiyning «Rashahoti aynal-hayot», Hasanxoja Nisoriyning «Muzakkiri ahbob» va boshqa juda ko’p asarlarda Xoja Bahovuddin va uning izdoshlariga oid e’tiborli qaydlar mavjud.

«Rashahoti aynalhayot» dan:

«Hazrat Amir Kulol so’nggi betoblik chog’larida as’hoblarini Xoja (Bahovuddin Naqshband)ga itoatga chaqirdilar. Bir as’hob Amir Kulolga savol berdi:
— Hazrat, Xoja Bahovuddin aloniya zikrida sizga tobe’lik qilmadi-ku.

Amir buyurdilar:
— U kishidan o’tgan har bir amal qanday tarzda bo’lmasun, ilohiy hikmat bilan bo’lur va u kishining ixtiyori orada yo’qdur…».

«Nasoyimul muhabbat»dan:

«Mavlono Jaliliddin Xolidiy hazratlaridan so’rabturlarki, hazrati Xoja Bahovuddinning va tariqining nisbati mutaaxxir (oxirgi) mashoyixdin qaysi birning tariqig’a munosibati bor? Ul debturki so’z mutaqaddamin mashoyixdin va ming ikki yuz yildin ortiqdurki, bu nav’ osori valoyat (valiyligi) zuhuriki, hazrati Xojada Tangri taolo inoyatidin voqe’ bo’lubtur, tariqat mashoyixig’a mutaaxxirlardin hech kimga bo’lmaydur».

«Nafahotul uns»dan:

«Hazrat Bahovuddindan so’radilar:
— Tariqatingizning asosi nimada?

Aytdilar:
— Jamoat ichida xilvatda bo’lish; zohirdan xalq bilan va botindan Haq taolo bilan.

Yana u kishidan so’radilar:
— Sizning tariqatingizda zikri jahr, xilvat va samo’ bo’lurmi?

Dedilar:
— Bo’lmas.

Bir kishi hazratdan so’radi:
— Sizning silsilangiz qaerga yetadi?

Dedilar:
— Kishi silsila birlan hech yerga yetmaydi.

Yana deganlar:
— Bizning tariqatimiz suhbat, xilvatda shuhrat, shuhratda ofat. Xayriyat jamiyatda va jamiyat suhbatdadir. Shart shuki, bir-birlariga foydalari tegsa, bu yo’l toliblarining jam’i bir-biri bilan suhbat qursa, unda juda ko’p xayr va barakot bo’lur. Umidimiz borki, mulozimat va mudovimat ila haqiqiy iymon bo’lgay.

«Muzakkiri ahbob»dan:

«Hazrati xojamiz (ya’ni Xoja Bahovuddin) farzandlik nazarini tariqat shayxi hazrat Xoja Muhammad Boboyi Samosiydan topganlar. Zero, hazrat Mir Kulol o’shal Bobo (Samosiy)ning nafis nafaslari bo’yicha alarni tarbiyat qilganlar. Hazrat Bobo tarbiyati esa Xojayi Azizon Romitaniydan, alarning bo’lsa Xoja  Mahmud Anjir Fag’naviydan, alarniki Xoja Orif Rivgariydan, alarniki hazrat Xoja Abduholiq G’ijduvoniydan, alarniki hazrat Abu Yoqub Yusuf al-Hamadoniydan, alarniki esa imom Muhammad G’azzoliyning shayxi bo’lgan Abu Ali Formadiydan va alarniki Shayx Abulqosim Gurgoniydan hosil bo’lgan. Abu Ali Formadiyning tasavvufdagi nasabi ikki tomonlamadir: birinchisi uch vosita bilan hazrati Shayx Junaydga va ikkinchisi Shayx Abulhasan Xaraqoniyniki esa oriflar sultoni hazrat Abu Yazid Bastomiyga bog’lanadi, alarniki imom Ja’far Sodiqqa, alarniki otalari hazrat imom Muhammad Boqirga, alarning padarlari hazrat imom Zaynilobiddinga, alarniki hazrat otalari, shahidlar sayidi imom Husaynga, alarniki esa hazrati amiral-mo»minin Aliga va alarniki Hazrati sayidi koinot, sayidi mukavvinot sallallohi alayhi vasallamga borib bog’lanadi».

NAQSHBANDIYA AHAMIYATI

«Dunyoning tinchligi va farovonligi, insoniyat kelajagi, darhaqiqat, dono va oqil, pok niyatli odamlar faoliyatiga bog’liq. Ya’ni ilohiy poklik va nafosat, e’tiqod va tafakkur bizni balo-qazodan qutqaradi, hayotni asrab-avaylab, saqlab turadi. Tasavvuf o’z usuli, haqiqat deb topgan yo’li bilan shu maqsad uchun   kurashgan. Bu hayotbaxsh ta’limotning peshvolari yaratgan asarlar, so’fiyona ruhdagi she’ru dostonlarni mutolaa qilar ekanmiz, yorug’likning zulmga, xayrning sharrga, fayzu kamolning nuqsu noqislikka, kaltafahmlik va nodonlikka qarshi omonsiz jangiga guvoh bo’lamiz. Tasavvuf shayxlari zulm va qorong’ilik lashkariga qarshi ma’rifatni qurol qilib jangga kirgan pahlavonlarga o’xshab ketadilar. Ular Ka’ba deb ko’ngilni tan oldilar, ko’ngil ra’iga yuradigan, dunyoni ko’ngil orqali biladigan va ko’ngilga sig’inadigan odam — Allohning sevgani, deb chiqdilar. Bu odamlar — jamiyatning tirik vijdoni edilar, kishilar ularga qarab hushyor tortar, dunyo behudaligidan o’ziga kelib, o’z qalbiga, qilayotgan ishlariga razm solardilar, tavba-tazarru’ qilardilar. Ularning af’olu a’moli insonlar diliga quvvat, ko’ziga nur bag’ishlagan. Tasavvuf, shu zaylda, insonni tarbiyalar, uni shak va shubha, izlanish — qidirishlar yo’lidan boshlab, o’z tiynati, o’z mohiyati haqida o’ylashga o’rgatardi…».

Tasavvuf ilmining bilimdon tadqiqotchisi ustoz Najmiddin Komilovning bu hayajonli mushohadasi «Naqshbandiya ta’limotini nima uchun o’rganish kerak?»  savoliga eng xolis va e’tiborli javobdir. Qolaversa, islomiy o’zlikka qaytish, totalitarizm ta’sirida buzilgan ma’naviyatlarimizni poklash, millatimiz ongini jaholat changalidan xalos etish — Vatan istiqboli uchun tunu kun qilinishi zarur bo’lgan vazifalar ekanini tan olsak, jamiyatimizning mana shu to’xtamida  axloqiy nizom, insonparvarlik yo’li bo’lmish naqshbandiya ta’limoti bizga obu-havodek zarurdir.

XOJA NAQSHBAND HAQIDA NAQLLAR

Xoja Bahovuddin Naqshband xizmatlarini ko’p qilgan Xoja Musofir Xorazmiy naql qiladilar:

«Bir kuni hamma ittifoq bo’lib rubob, qavvol (ashulachi), dafof (cholg’uchi) hozir qilib hazrat Bahovuddin majlislariga kirdik. Hazrat hech narsa demadilar va suhbat oxirida aytdilarki: «Biz bu ishni qilmaymiz va inkor ham etmaymiz».

Yana shu hurmatli xoja naql qiladilar:

«Hazrat Xoja Bahovuddinga imorat bino etish jihatidan mashg’ul edik. Hazratning jami as’hoblari imorat ila band edilar. Xoja Muhammad Porso (Xoja Naqshbandning eng ulug’ shogirdlari) loy olib berar edi. Kun benihoya qizidiki, hazrat Bahovuddin hammamizga bir oz soyada dam olishimizga ruxsat berdilar.

Hammamiz oyoq-qo’llarimizni yuvib, soyaga borib biror lahza uxlash harakatida bo’ldik. Xoja Muhammad Porso o’zini soyaga olib, loy oyoqlarini oftobro’yga uzatib uxladi. Men uyg’oq edim. Hazrati Xoja Naqshband kelib hamma yotganlarni ko’zdan kechirib, Xoja Porso tomonga o’tdilar va uning loy oyoqlariga yuzlarini qo’yib: «Xudovando, shu oyoqning hurmatiga Bahovuddinga rahmat qilg’il!» dedilar.

Xoja Alovuddin G’ijduvoniyki, Xoja Bahovuddinning muridi edi, naql qiladilar:

«Men Xojani oxirgi bemorlik yostig’ida yotganlarida oldilariga bordim. Menga boqib:»Alo, dasturxonga yaqin kel, taomdan ye», dedilar. Men bir-ikki luqma olib, dasturxonni yig’ib qo’ydim. Hazrat ko’zlarini ochib, «Dasturxonni och, taomni ye», dedilar. Yana ochib, bir-ikki luqma oldim. Shunday qilib, dasturxonni to’rt marta yig’ib, to’rt marta ochdim. Hazrat, «Taomni yaxshi yeyish kerak, ishni ham yaxshi qilish kerak», dedilar.

Yana shu muhtaram zot, naql qiladilar:

«Bir gal suhbatda o’ltirgan as’hoblar:»Hazrat qaysi birimizni o’z o’rinlariga tayin qilar ekanlar?» deb o’yladilar. Hazrat birdan ularga qarab: «Shu ahvolda nega menga tashvish bergaysiz. Bu amr menga bog’liq emas, agar sizlarni Alloh o’shanga ravo ko’rgan bo’lsa, uning hukmi bo’ladi», dedilar.

Hazrat Mir Alisher Navoiy «Nasoyimul muhabbat»da ushbu naqlni keltirganlar:

«(Hazrati Xoja Naqshband) debturlarki: Hazrati Xojai Azizon (Xoja Ali Romitoniy) der emishlarki:»Yer, bu toifaning ko’zida bir sufrachadur» va biz derbizki:»Tirnog’ yuzichadur».

Yana shunday naql qiladilar:
«Xoja Bahovuddin asrandi qizlarini Xoja Alovuddin Attorga nikohlab bergach, uni madrasadan olib, o’z tarbiyalariga kiritibdilar. Bir kun hazrat kuyovi Alovuddinga bir savat olmani berib, oyoq-yalang Buxoro bozor va ko’chalarida baland tovush bilan olma sotish maqsadini bildirib yurishni buyurdilar. Uning bu  amrini Xoja Alovuddin bajonidil qabul qildilar. O’z birodarlarining bu holda yurganida nomus qilgan ukalari Xoja Muborak bilan Xoja Shahobiddin unga ta’na qildilar. Bu holdan xabar topgan Xoja Naqshband Xoja Alovuddinga akalari do’koni oldiga borib, baland tovush bilan savdo qilishni buyurdilar va aytdilarki: » Har qanday mehnatning uyati yo’q, kishi taomni aziyat chekib, mehnat qilib yesa, o’sha haloldur».

Yana naql qilishlaricha, Xoja Bahovuddin har doim majlislarda Xoja Alovuddin Attorni o’z yonlariga o’tqazar va mudom unga qarab-qarab qo’yar ekanlar. Bir kuni buning ma’nosini Xoja Naqshbanddan so’raganlarida, hazrat: «Uni oldimga o’tirg’izishimning sababi shuki, mabodo uni bo’ri yemasin deyman, bo’ri nafsdurki, uning o’zida pinhondur», deb aytgan ekanlar.

1993

089

(Tashriflar: umumiy 667, bugungi 1)

Izoh qoldiring