Botirxon Valixo’jayev. Buyuk ma’naviy murshid. Ikkinchi qism.

Ashampoo_Snap_2016.12.25_17h27m31s_001_d.pngМашҳур мутафаккир, нақшбандия тариқати раҳнамоларидан бири Хожа Аҳрори Вали таваллудининг 610 йиллиги олдидан

    Мирзо Улуғбек расадхонасининг биноси ХV асрнинг иккинчи ярмида ҳам мавжуд бўлиб, Алишер Навоий Самарқандда бўлган вақтларда расадхона ўзининг салобатли кўриниши билан кишиларни, жумладан, улуғ ўзбек шоирини мафтун этган». Шундан сўнг ўша мақолада Бобурнинг «Бобурнома» (ХV асрнинг иккинчи ярми), Ҳасан Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» (ХVI асрнинг иккинчи ярми), Дарвеш Али Чангийнинг «Тўҳфат ус-сурур» (XVII асрнинг аввали) каби асарлардан далиллар келтирилиб, расадхонанинг ХVI асрда ҳам мавжудлиги, фақат шундан сўнг қаровсиз қолгани туфайли бузилгани таъкидланган.  Кўринадики, Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонанинг бузилишига Хожа Аҳрорнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу соҳада у гуноҳкор ҳам эмас.

Ботирхон Валихўжаев
БУЮК МАЪНАВИЙ МУРШИД
Давоми
07


ХОЖА АҲРОРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ, МЕРОСИ ВА АҚИДАЛАРИ

033 Хожа Аҳрор доим суҳбатдошлар билан бўлишни хоҳлар, шахсан меҳнат қилар, ота сифатида фарзандларига панд-насиҳат берар, бошқаларнинг манфаатларини ўзининг манфаатларидан устун қўяр эди. Айтилганларнинг исботи учун Хожа ҳазратлари ҳаётидан айрим лавҳаларни келтириш мақсадга мувофиқдир.
«Бир кун Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан Дашти Аббосга бордилар, – деб ёзади Муҳаммад Қози. У жойлар шайх Абусаъид экинзорлари бўлиб, уларнинг ҳосили пишиб етилган эди. Шайх Абусаъид Хожа ҳазратлари ҳузурига келиб доимо меҳмондорчилик қиларди. Бу орада пишиб етилган ҳосилга қарамади ва ўз одамларининг уларни йиғиштиришларига ҳам рухсат бермади. Хожа ҳазратлари шайх Абусаъидга қараб: пишиб ётган ҳосилни йиғиштириб олинг, биз билан бўлиб қолиб, улар нобуд бўлмасин, деб айтсалар-да, шайх бунга эътибор бермасди. Бу ҳақда қанчалик гапирмасинлар, шайх Абусаъид индамасди. Шундан сўнг Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан у ердаги ғаллани ўриб олдилар, уни янчдилар ва тайёр ғаллани шайх Абусаъидга юбордилар. Хожа ҳазратлари айтдиларки, шайх Абусаъид жуда бой эмаски, ҳосилнинг нобуд бўлиши унга таъсир қилмаса, аммо у бизга нисбатан одобни сақлаб, биз бу ердалигимиз вақтида бу ишни амалга оширишни лозим кўрмади».

Бу ҳаётий лавҳа Хожа ҳазратлариниг шахсий фазилатларидан бирини – бевосита меҳнат қилиш ҳамда бировнинг манфаатини кўзлаш ва уни хурсанд қилишга интилишни намоён этади.
Ёки, «Хожа ҳазратлари ўз яқинлари билан Кеш (Шаҳрисабз) томон йўл олдилар. Йўлда дам олиш ниятида чодир тикдилар. Намози шомдан сўнг ёмғир ёға бошлади. Хожа хазратлари чодирдан чиқиб, яқинларини чодирга киритдилар. Ўзлари эса тун бўйи ташқарида ёмғир остида эдилар. Эрталаб бу ҳолни кўрган суҳбатдошлари унинг сабабини сўраганларида шундай дедилар: Ёмғир ёғаётганда биз чодирда бўлиб, дўстларимизнинг ташқарида, ёмғирда бўлишларидан ҳижолатда қолдик».

Хожа ҳазратлари доимо айтиб келадигани «ҳар вақт бир мусулмон кўнглидаги оғирликни ўз зиммангга олишинг керак. Ўзингнинг оғирлигингни эса бошқаларга юкламаслигинг керак» деган фикрларига бевосита амал қилганлари кўзга ташланади. Шуниси диққатга сазоворки, бундай фазилатга амал қилиш, кейинчалик Хожа ҳазратларининг мухлислари бўлмиш Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг фаолиятларида кўп марта учрайди. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»сидаги мана бу тасвир айтилганларга мисол бўла олади.

Бу воқеа 1506 йилнинг қишида Ҳиротдан Қобулга йўл олган Заҳириддин Муҳаммад Бобур билан содир бўлган. Бобур ўз кишилари билан тоғ орқали Кобулга борарди.
«Ушбу тариқ била қор тепиб, йўл қилиб, – деб давом эттиради Бобур, – Инжукон ердин уч-тўрт кунда кўтали Зарриннинг тубига ҳаволи Қутий деган ҳаволга Келдук. Ушбу кун ғариб чопқун била қор ёғар эди. Андоғким, борчага ўлим ваҳми бўлди. Ул эл тоғдағи ғор ва ковокларни ҳавол дерлар. Бу ҳаволга етганда чопқун беҳад тез бўлди. Ушбу ҳавол қошида ўқ тушилди. Қор улуқ, йўл якраҳа, Тепилган, босилган йўл била ҳам от бахийла (зўрға) борадур. Кунлар ғоят қисқаликка илгариги киши ёруғ чоқда ҳавол олдига келдилар, намозишом, номози хуфтангача эл кела қолди. Андин сўнгра келган ерда-ўқ тушти. Кўп эл от устида-ўқ тонг оттурди. Ҳавол торроқ кўринди, мен ҳаволнинг оғзида курак олиб, қор кураб, ўзимга бир такия миқдорда ер ясадим. Қорни кукусгача қоздум, ҳануз ерга етмайдур эди. Бир нима елга паноҳ бўлди, ўшанда-ўқ ўтирдим. Ҳар неча дедиларким, ҳаволга боринг, бормадим. Кўнгулга кечдиким, барча эл қорда ва истироҳат била мунда. Барча улус ташвиш била машаққатда мен мунда уйқу билан фароғатда мурувватдин йироқ ва ҳамжиҳатликдан қироқ ишдур. Мен ҳам ҳар ташвиш ва машаққат бўлса, кўрайин, ҳар Нечук эл тоқат қилиб турса, турайин. Бир форсий масал бор: «Марг бо ёрон сур аст» (дўстлар билан ўлмоқ тўйдир). Ўшондоқ чопқунда қозғон, ясоғон чуқурда ўлтурдим, намози ҳуфтонгача қор онча чопқунлаб ёғдиким, Мен энгашиб ўлтуруб эдим, орқамға ва бошимға ва қулоқларимнинг устига тўрт энлик қор бор эди. Ўшул кеча қулоғимга совуқ таъсир қилди» («Бобурнома», Тошкент, 1960, 257-258-бетлар).

Худди мана шу фазилат ўзини эл қатори билиш, эл билан бирга бўлиш подшоҳ Бобурнинг олижаноб фазилат соҳиби эканидан ҳам унинг лашкари ва атрофидагиларига унга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни ҳам юзага келтирган.
Демак, Хожа ҳазратларига мухлис бўлиб, унинг фазилатларидан ибрат олган кишилар панд емаганлар.

033

Хожа ҳазратларининг одатларидан бири шундан иборат эдики, ул киши ўз кашфиёт ва кароматларини «тушда шундай кўрдим» деб баён этардилар. Бу кашфиёт ва кароматлар эса Хожа ҳазратларининг воқеаларни синчиклаб кузатиб боргани, уларни мантиқий жиҳатдан таҳлил қилгани ва маълум бир хулосага келгани натижасида майдонга келган бўлиб, улар ҳазратнинг мушоҳада ва муҳокама қобилиятининг кучлилигидан далолат беради. «Тушда кўрмоқ» эса уларни баён этиш воситаси сифатида қўлланиб, кашфиёт ва кароматларнинг ғайб олами асрори қирраларининг кўриниши тарзида талқин этилган. Албатта, воқеаларнинг содир бўлишини олдиндан кашф каромат қилиш руҳий оламнинг, руҳий ҳолатнинг ҳали бутунлайича тадқиқ этилган соҳаси деб бўлмайди. Унинг бутун нозикликлари, сирларини илмий асосда ўрганиш ва ёритиш маъқул. Бу гап фақат Хожа ҳазратлари фаолияти билан боғлиқ бўлиб қолмай, балки Ер куррасининг турли минтақаларида, турли даврда ва ҳозир ҳам бўлган бундай ҳодиса ва шахсларга ҳам Тегишлидир. Хожа ҳазратларининг фазилатларидан сўз кетар экан яна бир ҳолни назарда тутмоқ лозим. У ҳам бўлса, Хожа ҳазратлари нақшбандия тариқати намояндаларининг удумига кўра, ҳар хил мазҳаб ва динга эътиқод қилгувчиларни ҳурмат қилардилар ва улардан фуқаро манфаатлари ва адолат йўлида ўрганиши мумкин бўлган нарсаларни ўзлаштиришга тарафдор эдилар. Шу жиҳатдан Хожа ҳазратларининг қуйидагича айтганлари диққатга сазовордир: «Бу тариқат донишмандлари сўзларидаги хатоликларни тўғри кўрсата олган киши кофир бўлганида ҳам Мен бошимни оёқ қилиб, унинг ҳузурига бораман, суҳбатида бўламан, унинг кофирлигини ҳеч вақт хотирамга ҳам келтирмайман ҳамда унинг олдига бориб суҳбат қилгандан ор қилмайман». Бу муҳим гап ва хулосадир.

Хожа ҳазратлари шароб ва шаробхўрликни ёқтирмас, унинг яхшиликка олиб келмаслигини ҳам назарда тутарди. Агар бу масала ўша даврнинг машҳур адиб ва шоирлари, жумладан, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида ҳам («Баҳористон», «Ҳайрат ул-аброр» ва бошқалар) баён этилгани назарда тутилса, унда ўша даврнинг машҳур алломалари ақидаларидаги ҳамоҳанглик кўзга ташланади.

Шу жиҳатдан қараганда, Хожа ҳазратларининг Мавлоно Муҳаммад Хавофийдан эшитиб, кейинчалик суҳбатдошларига ҳикоя қилган қуйидаги воқеа қизиқарлидир:
«Айтур эрдиларки, Мирзо Улуғбек Боғи майдонда Чинихонани қуриб битказани муносабати билан тўй берди. Бу тўйда барча акобирлар, жумладан, шайх ул-ислом, қози ва шайхлар ҳам бор эдилар. Чинихона ичидаги майдоннинг ҳама жойида чингизий одатга кўра шароб шишаларини қўйиб чиққан эдилар. Бу шишалардан шаробнинг ҳиди анқиб турар, унинг ранги ҳам кўринарди. Акобирдан ҳеч бири бундай ҳолни манъ қилишга оғиз оча олмасди.

Бу вақтда эътибордан четда бўлиб қолган Сайид Ошиқ бундай ҳолни эшитибди-да, ўзининг қариндош-уруғини йиғиб, мен бугун ҳазрат пайғамбаримиз айтганларига риоя қилиб, Мирзо Улуғбекнинг бундай ишларини манъ қилмоқчиман. Эҳтимолки, мени ўлдирар, шариат йўлида мен соқолларимнинг қизил рангга бўялишини хоҳлайман. Шундан сўнг оила аъзолари ва қариндошларига боғлари, саройлари ва мол-мулкини васият қилиб, маст туядек оғзидан кўпиклар сачратиб, Мирзо Улуғбекнинг ҳузурига борибди. Чинихонада ўтказилаётган тўйга кириб бориб, Мирзо Улуғбекка қараб айтибди: Эй Улуғбек, бу қандай гап, Сен нималар қилаяпсан. Ҳеч мусулмон бундай ишни қилмайди.

Мирзо Улуғбек айтибди: Эй Сайид, нега дағаллик қиляпсан? Мен учун Сен буюкмисан ёки ҳазрати Мусо ва Ҳорун? Мен ёмонменми ёки Фаръавн ёмонми? Сайиднинг қулоғи оғир бўлганлигидан бу гапларни эшитмабди ва жавоб бермабди. Мирзо Улуғбекнинг ишораси билан Сайидни бўйнидан боғлаб ташқарига судрабдилар. Мирзо Улуғбек ғазаби ошган ҳолда айтибди: Эй Сайид, сен истайсанки, мен сени ўлдирсам, аммо мен бундай қилмайман. Шу вақтда шайхул-ислом Хожа Исомиддин Мирзо Улуғбекдан Сайид Ошиқ гуноҳини бағишлашни сўрабди. Мирзо Улуғбек айтибди: бу Сайид ҳаммом қурдиришингиз муносабати билан уюштирилган маъракада сизга нисбатан дағаллик қилгани учун мансабидан Четлаштиришни талаб қилган эдингиз. Эндиликда тўйимизда бизга нисбатан дағаллик қилаётганда унинг гуноҳини Кечиришни сўраяпсиз. Буни қандай тушунмоқ керак Хожа Исомиддин айтибди: бизнинг феълу хўйимиз ўзимизга лойиқ, подшоларники эса шоҳона мавқега муносибдир. Бу жавобни эшитган Мирзо Улуғбек Сайид Ошиқ журъатини бағишлабди. Аммо Мавлоно Муҳаммад Хавофий шундай деган эдилар: Мирзо Улуғбек Сайид Ошиқни бўйнидан боғлаб судраётганларида, унга қараб, раҳмат бўлсин, деб айтган бўлса, бизларга қараб эса сизларга, лаънат дер эди. (Хожа ҳазратлари) айтурдиларки, Мирзо Улуғбек шунчалик донишманд бўлгани билан чингизий одатларни йўқота олмаган эди. Шу жиҳатдан ҳозирги подшоларнинг ишларига шукр қилса, бўлади».

Хожа ҳазратлари Мирзо Улуғбекнинг донишманд шахслигини алоҳида таъкидлайди. Шу билан бирга унинг Сайид Ошиқ гуноҳини бағишлагани ҳам, унга раҳмат деганини ҳам ўз атрофидаги уламолардан эса нафратланиб, уларни лаънатлаганини ҳам уқтирарди, ёки диққатини уларга қаратади. Чунки Сайид Ошиқнинг қўрқмасдан, очиқчасига унга – Мирзо Улуғбекка мурожаат қилиб, ношоиста ишларни Бетига айтганидан ниҳоят таъсирланади ва ўз ишларини фикран таҳлилдан ўтказиб, унга тўғри маслаҳат бермаган уламоларга лаънатлар дейди.

Хожа ҳазратлари бу ҳикояни келтирар экан, Мирзо Улуғбекни қораламайди. Ҳикоянинг руҳидан унга бўлган хайрихоҳлиги сезилади, аммо унинг атрофидагилардан унча рози эмас, шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг шунчалик донишмандлиги билан чингизий расм-одатларни йўқота олмаганидан афсуслангандай бўлади.
Шуниси ҳам борки, Хожа ҳазратлари Сайид Ошиқ ҳақида унчалик баланд фикрда эмаслиги ҳам билинади. Жумладан, Муҳаммад Қози келтирган бир ҳикояда шундай ҳол Сезилади. Чунки унда Хожа ҳазратлари солеҳ, зоҳид ва уламоларни эътироф этган ҳолда, аммо уларнинг унинг тариқасига алоқаси йўқлигини айтади. Демак, ўзини улардан ажратади. Шу учун ана шундай тоифадан бўлмиш бировнинг унинг суҳбатида қатнашганидан норози бўлиб, сиз Сайид Ошиқнинг муриди бўлишингиз мумкин, бизга эса муносиб эмассиз, деб чиқариб юборади.

Бундан кўринадики, Сайид Ошиқ тўғри сўз одам эди, деб уни ҳурмат қилиб, Хожа ҳазратлари унинг йўлини – дағаллигини бўлса керак, маъқулламайди. Шу жиҳатдан қараганда, донишманд Мирзо Улуғбекка тўй маъракасида, кўпчилик олдида дағаллик қилганини ҳам ёқтирмагандай бўлади, чунки шунда Мирзо Улуғбекнинг «мен сени ўлдирмайман» деган гапини эслатиш билан Мирзо Улуғбекнинг бундай дағаллардан қанчалик устун турганига ишора қилмадимикан?! Чунки Хожа ҳазратларининг ўз фикрларини маълум ҳикоя ёки ривоятни Келтириш орқали баён қилиш, билдириш одати борлигини назарда тутсак, унда бу мулоҳаза асослидай бўлиб туюлади.

Хожа ҳазратлари фазилатларидан яна бири шу эдики, суҳбатдоши бўлғувчи шахсни ниҳоятда ўбдон ўрганар ва содиқлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина ўзини унга яқинлаштирар, ўз суҳбатларидан баҳраманд этар ва илтифотини аямасди. Бунга мисол сифатида унинг Сайид Абдулаввалга бўлган муносабатини кўрсатиш мумкин. Хожа ҳазратлари уни етти йил синайди ва унинг содиқлигига ишонч ҳосил қилгач, уни ўзига яқинлаштирибгина қолмай, балки қизини унга тўй қилиб бериб, ўзига куёв қилиб олади. Бундай муносабат Муҳаммад Қози билан ҳам содир бўлиб, ниҳоят уни ўзининг энг яқин суҳбатдоши ва шогирди сифатида эъзозлайдиган бўлади. Булар пир ва мурид ўртасидаги муносабат талабларига мувофиқ келиш қонун-қоидалари асосида ҳам амалга оширилган эди. Хожа ҳазратнинг фазилатларидан бири фуқарога ғамхўрлик қилиш масаласи юқорида батафсил ёритилган эди. Бу ғамхўрликнинг яна бир шакли мадраса, масжид, хонақолар ҳам бино қилиб, улардан фуқарони баҳраманд қилиш ҳам эди. Шу мақсадда Хожа ҳазратлари Самарқанд, Тошканд, Кобулда ана шундай иморатларни қурдирган ва уларни вақф билан таъминлаган эдилар. Бу мадрасаларнинг ҳозирги тақдири бизга номаълум. Аммо Самарқандда Мадрасаи сафед деб аталган мадрасанинг номи бор ва шу номда гузар бор-у, мадрасанинг ўзи эса сақланмаган. Самарқандда сақланиб қолган иморатлардан бири бу унинг ҳозир қабри жойлашган мавЗеда бино қилдирган ёзги масжиддир. Албатта, у ҳам аср оша таъмир қилинган ва ўзгаришларга учратан.
Турли хил ижтимоий фаолият, иморат қуриш билан бирга Хожа Аҳрор ижодкорлик билан ҳам шуғулланган.

033 Ҳозирги кунда қуйидаги асарлар унинг қаламига нисбат берилади:

1. «ФИҚРОТ УЛ-ОРИФИН» (орифлар сўзларидан парчалар) ёки айрим нусхаларда «Воридот» (фикрда туғилувчи ёки кўнгилдан ўтувчи нарсалар, ўйлар) деб аталиб, тасаввуф аҳли, жумладан, Хожа Аҳрорнинг турли масалаларга доир фикрларини қамраб олган, тожик тилидан битилган насрий асар. Бу асардаги мулоҳазалардан Хожа Аҳрор ҳақида маноқиб ва мақомот ёзган муаллифлар фойдаланганлар. Бу асарнинг қўлёзма ва босма нусхалари бор. Жумладан, у 1328 ҳ. – 1910 м. йилда Тошканддаги босмахонада нашр этилган. Юқорида келтирилганидек, Хожа Аҳрор Шоҳрухияда тузилган сулҳ шартномаси маросими олдидан Муҳаммад Қозига мурожаат қилиб, «бизнинг рисоламизни олиб келиб Султон Маҳмудхонга ўқиб берсангиз», деганда шу рисолани назарда тутган кўринади.

2. «ВОЛИДИЯ» (отага бағишланган) ёки «МУХТАСАР». Бу рисола Хожа Аҳрорнинг волиди – отаси Хожа Маҳмуд хоҳиши билан ёзилганлиги ва мухтасар – ихчам бўлганлиги сабабли юқоридаги номлар билан аталган. Асарда ахлоқ-одоб, инсоннинг ўзини таниши, фақру фано масалаларидан сўз юритилиб кўп кишилар уни ўқиганлар. Жумладан, Алишер Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирин»ида ёзишича, у Абдураҳмон Жомий ҳузурида кўпгина бошқа китоблар қатори бу рисолани ҳам ўқиганини таъкидлайди: «Яна ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ…нинг оталари ишорати била битилган рисолаларидур, ҳам фақр ҳам фано тариқидаким, оз ўғулга бу давлат муяссар бўлуб эркинким, ота амри била бу навъ шойиста хизмат қилмиш бўлғай» (Алишер Навоий. Асарлар. 15 томлик, 14-том, 61-бет).
Шундан сўнг бу рисолага мурожаат қилганлардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Бу рисола маъқул бўлгани туфайли Бобур 1528 йилда бу насрий асарни ўзбек тилига ўгириб, 243 байтлик манзумага айлантирди (манзума ҳақида кейинчалик Кенгроқ тўхталамиз). Бу рисола ва манзума тўғрисида афғонистонлик олима Шафиқа Ёрқин шундай ёзади: «Темурийлар ва Ўрта Осиё суфийларининг пир ва муршиди Хожа Аҳрорнинг «Волидия» номли насрий рисоласини Бобур Шеърий тарзда ўзбек тилига ўгирди. Бу рисоланинг мавзуи инсон зоҳири ва ботинини покиза қилмоқдан иборат бўлиб, Абул Фазл Алломий уни «маърифат Денгизининг дурдонаси» деб билади».

3. «ҲУРОИЯ» ёки «ҲАВРАИЯ» РИСОЛАСИ. Бу асар машҳур шоир Абу Саъид Абулхайрнинг (967–1048) бир рубоийси шарҳига бағишлангандир. Бу бежиз эмас эди. Чунки шарҳ қилинаётган рубоий Хожа Аҳроргача ҳам машҳур бўлиб, уни шарҳлаш учун Сайид Неъматуллоҳ Вали (1329–1431) уч рисола, Амир Сайид Қосим Анвор (1355–1433) бир рисола ва шайх Озарий (1382–1452) бир рисола ёзган эдилар. Агар Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»ида келтирилган қуйидаги маълумотлар ҳисобга олинса, унда масала анча ойдинлашади. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»нинг еттинчи мажлисини Амир Темурнинг зикри билан бошлаб, шундай ёзади:
«Темур курагон… агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм-насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғондин минг яхши байт айтқонча бор…» Давомида эса Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳнинг ичкиликка берилишига айбдор саналганлардан бири Хожа Абдулқодир бўлиб, у ўзини Девоналикка солиб юрарди. Амир Темур Ироққа юриш қилганида Хожа Абдулқодирни тутиб келадилар. Алишер Навоий давом эттириб, ёзади:
«Чун Хожа (Абдулқодир)нинг камолотидин бири Қуръон ҳифзи ва қироат илми эди, филҳол бийик ун била. Қуръон ўқумоқ бунёд қилдиким, ул ҳазрат (Амир Темурнинг) ғазаби лутфга мубаддал бўлуб, фазл ва камол аҳли сори боқуб, бу мисрани бавақт ўқидиким:

Абдол зи бим чанг бар мушаф зад».

(мазмуни: абдол девона) (қўрққанидан Қуръонга қўл узатди.) Ана шу мисра Хожа Аҳрор шарҳ ёзган рубоийнинг якунловчи – тўртинчи мисрасидир. Рубоийнинг тўлиқ матни қуйидагича:

Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,
Ризвон зи таажжуб кафи худ бар каф зад.
Он холи сияҳ бир он рухон мутраф зад.
Абдол зи бим чанг бар мушаф зад.

Мазмуни: Жаннат гўзаллари менинг ёримни кўриш учун сафга тизилдилар. Мамнуният жаннати эса, ёрнинг гўзаллигидан ажабланиб, офарин дегандай қарсак чалди. Ул юзга қора хол қўйиб, гўё юзини парда билан ёпгандай бўлди, абдол (девона) эса қўрққанидан Қуръонга қўл узатти.

Юқорида эслатилганлар шундан гувоҳлик берадики, бу рубоий ўша даврларда ниҳоятда Кенг тарқалган бўлиб, уни ҳар хил талқин қилишлар унга шарҳ ёзишларни ҳам тақозо этган. Шунинг учун Хожа Аҳрорнинг ҳам унга шарҳ ёзгани бесабаб эмасди. Шу асарнинг қўлёзма нусхалари ҳамда 1899 йили шарқшунос олим В.А.Жуковский томонидан С.–ПеТербургда нашр эттирилган нусхаси ҳам бор.

4. РУҚАОТ – МАКТУБЛАР. Хожа Аҳрор ўз замондошларидан кўпига турли муносабат билан номалар ёзган. Уларнинг ҳаммаси ҳам тўлиқ сақланган деб бўлмайди. Баъзи хатлар тўплами – муншаотларда уларнинг айримлари сақланиб қолган бўлса, муҳим бир қисми Алишер Навоийга ёзганлари улуғ ўзбек шоири томонидан авайлаб, сақланиб, бошқа хатлар қатори бир албом ҳолига Келтирилган. Алишер Навоий бу хақда «Насойим ул-муҳаббат»да шундай ёзади:
«Ҳақир (Навоий) билан илтифотлари кўп бор учун ваҳиёсор руқъалари (илҳомжахш номалари) била мушарраф қилиб, ишларга маъмур (амр, фармон) қилурлар эди. Ул руқъаларни мураққаъ (албом) ясаб, жадвал ва такаллуфот била табаррук йўсини била асрабМен» (Алишер Навоий. Асарлар. 15 томлик, 15-том, 140-бет). Ана шу «Навоий албоми» билан машҳур бўлган нодир асарнинг сақланиб, бизгача етиб келишида ХИХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги Бухоро адабий-илмий муҳитининг кўзга кўринган вакили Шарифжон махдум Садри Зиёнинг хизмати каттадир. Бу асар ҳозирги кунда ЎзБекистон Фанлар акаДемияси Абу Райҳон беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда.

Хожа Аҳрорнинг Алишер Навоийга ёзган ва бизгача сақланган хатлари турли мавзуларга бағишланган бўлса-да, аммо уларнинг мағз-мағзини «бир фақирга нажот бермоқ ва унинг кўнглига хурсандлиғ бағишламоқ» муаммоси ташкил этади. Шундай экан, Хожа Аҳрорнинг турли шахсларга ёзган ва сақланиб қолган мактубларини тўплаб нашр этиш ва уларни илмий жиҳатдан ҳар томонлама тадқиқ этиш кўпгина масалаларни тушунтиришга, кўпгина жумбоқларга аниқлик киритишга кўмаклашар, деган умиддамиз.
Қуйида биз Хожа Аҳрорнинг турли масалаларга доир фикр-мулоҳазаларидан баъзиларини келтириб, улардан хулоса чиқариш ёки уларни шарҳлашни муҳтарам ўқувчига ҳавола этамиз.

ХОЖА АҲРОРНИНГ АЙТГАНЛАРИ, ҲИКМАТЛАРИ

033 1. Айтур эрдиларким: золимлар ва жабр қилгувчиларни йўқотиш борасида ҳиммат қилмоқ лозимдир.

2. Айтур эрдиларким: менинг сизларга дунёни (мол-мулкни) манъ этишим, дунёни сизлардан дариғ тутишим маъносида эмас, балки сизларни дунёдан асрамоқ маъносидадир. Чунки одам шунчалик улуғворлиги билан ўз вақтини арзимас нарсалар учун зоеъ қилмоғига ҳайфим Келади.

3. Илмни дунё (мол-мулк) орттириш ва мансаб эгаллаш учун хизмат қилдиргувчи олимлардан узоқ бўлмоқ керак.

4. Айтур эрдиларким: такаббур (манманлик) ниҳоятда хосиятсиз ва оқибатсиздир, у охири хўрлик ва пастликка олиб Келади. Айтибдурларки, ҳар ким ўзининг ҳолига яраша камтарлик ва хушмуомалаликни эгаллаб борса, хусусан, бу давлат ва бойлик эгаларига зарурий мақбул одат бўлгай.

5. Айтур эрдиларким: суфия тоифасининг одатига кўра, расмий илмларни унча яхши эгалламаган бўлсада, аммо пайғамбар расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларидан хабари бор кишини олим дебдилар. Шу билан бирга барча расмий илмларни эгаллаган бўлсаю, аммо пайғамбар расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларидан хабарсиз бўлса, ундай кишини омий дерлар.

6. Айтур эрдиларким: кўп кулмоқ кўнгилнинг ўлиши боисидир… Кўринадиган ишларни бажариш маънавий алоқани ўрнатиш учун моНеъ бўлмаслиги лозим ва, шунингДек, маънавий алоқани ўрнатиш кўринадиган ишларни бажаришга халақит бермаслиги керак. Солик (тариқат йўловчиси) шу мартабага етганда, ҳар қандай ишни бажаришга муҳтождир. Ғафлат кўнгил мавти (ўлими)нинг сабабидир. Кўнгилнинг ҳақиқий ҳаёти огоҳлик ва ҳузурдир.

7. Айтур эрдиларким: дарвешлик доимий тарзда зикр айтмоқ билан машғулланмоқ эмас, балки пайғамбар расулуллоҳнинг олижаноб хулқ-ахлоқларини, жумладан, юмшоқлик, карам, саховат, садоқат, камтарлик ва бошқаларни ўрганиш ва ўзлаштиришдан иборатдир.

8. Айтур эрдиларким: ҳар кимки бу шариф маконда (Ерда) бўлмоқ шарафига муяссар бўлган бўлса, ул киши шунга интилмоғи керакки, унинг мавжудлиги мусулмонларға роҳат бағишласа; унинг билан мулоқотда бўлган амир ва султонлар ҳам унинг мижози ва ахлоқидан таъсирланиб, мусулмонларга манфаат етказиш ниятида бўлсалару уларга жабру-зулм қилишдан, уларни камситишдан ўзларини сақласалар; унинг суҳбатида бўлган ва бандаларни ташвишга қолдиришга боис бўладиган маънони – сўзларни эшитмасалар.
Гўзал ахлоқ-одоб, мукаммал фаросатлилик ва илмларнинг нозикликларига риоя қилмай яшамоқ – умр кечирмоқ мумкин бўлмас.

9. Баъзан авлод-фарзандларига қараб, шундай дер эдилар:

Билингким, Неки жон роҳатидек туюлгай,
Жонингизни азобда қолдиргувчн бўлгай.

Сизни дунё (мол-мулк)дан ўзингизни тийишингизни айтиш бу бахиллик ёки хасисликдан эмас, балки истайманки, сиз бу дунё (бойлик) билан овора бўлиб қолиб маънавиятдан, охират саодатидан ва мақсуд жамолидан маҳрум бўлиб қолмасангиз.
Фарзанд ота-онанинг бир бўлагидир. Ҳеч бир ота-она жигаргўшасининг нуқсонли бўлишини хоҳламайди. Вақт ва фурсат ғаниматдир. Шуни ўйлаб кўрингки, мендан сўнг бундай сўзларни кимдан эшитаркансиз. Ҳозир ёшлик ва саломатлик пайти бўлиб, маишат асбоби – тирикчилик учун зарурий нарсалар муҳайёдир. Ҳар бир нарсани қилишни кўнглингизга Келтирманг, бир-бирингиздан хабардор бўлинг. Агар бу ишларни қила олмай кейин пушаймон бўлсангиз фойдаси йўқ.
Бир марта фарзандларига хитобан шундай Дедилар: ҳамиша камтарлик ва хушмуомалаликда бўлингиз, ўзгаларни ўзингиздан кам билманг, ёлғон сўзламанг, агар биров сизнинг камчиликларингизни айтса, буни Неъмат (бойлик) деб билинг…

10. Айтур эрдиларким: дўстларга касаллиги вақти мадад қилиш ва оғирини енгиллатиш яхши ишдир. Мадад икки навъдир: бири, касалликдан қутулиш уучун барча чора-тадбирларни ишга солиш ва, иккинчиси, касаллик туфайли бузилган кайфиятни яхшилаш, кўтаришдир.

11. Айтур эрдиларким: суҳбатнинг фойдаси Чексиздир. Шунинг учун дўстлар билан бўлмоқ ва улар билан суҳбат қилмоқни тарк этмаслик даркор.

12. Айтур эрдиларким: биз кўп вақтни мусулмонларни подшоҳлар зулмидан халос қилиш учун сарфлаймиз.

13. Айтур эрдиларким: бизнинг дунё (мол-мулк) билан шуғулланишимиз саховат ва карам қилиш учун эмас, балки одамларни тамаъ қилишдан қутқариш учундир.

14. Айтур эрдиларким: подшоҳларнинг билмоқлари лозимки, салтанат яратувчининг марҳамати билан уларга инъом этилган буюк бойликдир. Шунинг учун бу буюк бойлик қадрига етиб, фурсатни ғанимат деб билсинлар. Оллоҳнинг бандаларига лутф ва шафқатини дариғ тутмасинларки, бу азим нуқсондир. Бу олам роҳати боқий эмас, чунки кўз юмиб очгунча тугайди. Шуни эсда тутсинларки, уларгача ҳам бошқалар подшоҳлик қилганлар ва бир муддат ўтгач, уларнинг ўринларига бошқалар келгайлар.

Шоҳлар ноғораси чалинганда шундай нидо Келарди:
Бу саройга ҳар бир подшоҳ навбати-ла Келади.

15. Айтур эрдиларким: ҳоким ва султонлар мусулмон ва фуқаро ва раиятнинг адабини бериш учун мўлжалланган қамчига ўхшайдилар. Шуни билсинларки, бир от йигирмата қамчини ҳам эскиртириб қўяди. Мамлакатнинг заволи ва хароб бўлишидан андиша қилсинлар, ҳеч вақт раият ва фуқаро аҳволидан хабарсиз қолмасинлар, чунки салтанат ва ҳукуматга эга бўлишнинг асл сабабчилари бу фуқаро ва раиятдирлар.
16. Айтур эрдиларким: ёшлар таҳсил билан банд бўлиб, уларнинг вақти сарфу наҳв қоидаларини ўзлаштириш билан ўтади. Бундай қоида ёдлашдан уларнинг зеҳни койимаслиги учун нима қилмоқ керак? Буюклар айтибдирларки, устоз қоидаларни ўргатгандан сўнг бу тоифанинг (тасаввуф) ибратли сўз ва шавқли ҳикояларидан сўзласа, яхши бўлар эди.

ЯХШИЛАР ҚУТБИ ВА МАДАДКОРИ ҲАЗРАТ ХОЖА АҲРОРНИНГ ВАФОТИ ТАРИХИ

033 Хожа Убайдуллоҳ – Хожа Аҳрор илоҳиёт сирлари маорифининг донишманди, тариқат йўловчиси, ҳеч шубҳасиз валийлик осмонининг қутби, ҳақиқатга интилувчиларнинг пушту паноҳидир. Бу ҳазрат Мавлоно Яъқуб Чархийнинг мукаммал тарбияти услуби этагига иродат қўлини чўзди. Ҳазрати Мавлоно Яъқуб Чархий эса, ўз навбатида, ҳазрати шоҳи нақшбанднинг баланд учар қуши домига тушиб, унинг муриди бўлган эди. Гарчи ҳазрат Хожада шаҳаншоҳлик ва подшоҳликнинг Беқиёс исТеъдоди бўлсада, аммо рисолатпаноҳнинг ҳадисларида айтилганидек: «ал-фақиру фахри», яъни «фақирлик менинг фахримдир» мазмунига амал қилиб, фақирликнинг тўғри йўлидан четга қадам қўймадилар ва ҳақиқатни кўрувчи назарларини илоҳий тажаллиётдан бошқа дунёвий нарсаларга қаратмадилар. Ҳазрати Хожанинг мол-мулклари Бениҳоят кўп бўлсада, аммо уларнинг табаррук хотири Деҳқончиликка майл қилиб, ундан олинадиган маҳсулотларни фуқаро ва Бечораларга сарф қилур эдилар. Шу жиҳатдан мавлоно Абдураҳмон Жомий Ҳазрати Хожа ҳақида шундай бу  юруб эдилар;

Ҳазорон мазраа дар Зери кишт аст,
Ки зоди рафтани роҳи биҳишт аст

яъни, мингларча ерларга экин экилиб, уларнинг ҳосили эса жаннатга борувчиларнинг йўл озиқаси бўларди.
Бу дунё ерларидан етиштирилган маҳсулотларни садақа қилмоқ охиратни обод қилгувсидир.
Яхшиларнинг сайиди бўлмиш ҳазрат Хожа Аҳрор аҳлуллоҳ сулукининг Ҳаққа муҳаббат тариқи, вужуди мутлаққа бандалик ва иродат йўлининг солики бўлиб, дунёдорлик ва унга боғлиқ нарсалардан кўз юмиш ул ҳазратнинг махсус одати эди. Илоҳ даргоҳининг мақбули бўлмиш бу ҳазратга ғолиб ва баланд мартабали кўпгина подшоҳлар таъзим бажо келтириб, унинг зафар бағишлагувчи руҳидан мадад истардилар. Уламо ва фозил кишилар ҳазрати Хожа Аҳрорнинг Оллоҳнинг раҳматли ариғи ва маърифати дарёсидан суғорилган покизалик манбаи бўлмиш боғидаги чаманзордан мурод гуллари ва ихлос самараларини топадилар. Муаллифдан (рубоий):

То равзаи Хожаи мутаҳҳар анвор аст,
Манзилгаҳи қутб, мажмаи аброр аст.
Хайрияти ҳар ду кавн ҳосил гардад,
Он кас, ки ғуломи Хожаи Аҳрор аст.

Мазмуни:

Покиза Хожанинг равзаси нур таратар экан,
Яхшиларнинг тўпланиш манзили-қутбидир.
Ҳар икки дунё муаммолари хайрли ечилади,
Кимки Хожа Аҳрор бандаси-мухлисидир.

Хуллас, бу китобнинг ёзувчиси султон ул-авлиё ва муин ул-фуқаро (Хожа Аҳрор) аҳволи шарҳида нима ҳам Дея оларди. Зеро Маҳдумий Абдураҳмон Жомий ўзларининг «Туҳфат ул-Аҳрор» достонларида бу ҳақда батафсил тўхталганлар. Жумладан:

Зад ба чаҳон навбати шоҳаншаҳй,
Кавкабаи фақри Убайдуллаҳй.
Рўи замин к-аш на сару на бун аст,
Дар назараш чун руи як нохун аст.
Он ки зи ҳуррияти фақр огаҳ аст,
Хожаи Аҳрор – Убайдуллаҳ аст.

Мазмуни:

Жаҳонга шаҳаншоҳлик навбати етди,
Убайдуллоҳ фақри ҳашаматининг.
Ер юзи аввалдан охирги нуқтасигача,
Унинг олдида тирноқдай кўринар, бас.
Фақрнинг ҳурриятидан огоҳ зот-бу
Хожа Аҳрор Убайдуллоҳ бу.

Шу билан бирга мавлоно Муҳаммад Қози ҳазратлари ҳам бу табаррук зотнинг аҳволоти шарҳини «Силсилат ул-орифин» китобларида битибдирлар. Мир Абдулаввал ҳазратлари ҳам ўз «Мажмаа»ларида эшон ҳазратларининг аҳволотлари ҳақида муфассал сўз юритганлар. Ҳусайн Воизнинг муҳтарам фарзанди мавлоно Фахриддин ҳам ўзининг «Рашоҳот» номли файзли асарида бу ҳазратнинг аҳволотлари, кашфу каромат ва одатлари бобида маълумот беради. Мавлоно Фахриддин эшон ҳазратлари билан ул жанобнинг кексаликлари вақтида учрашган эди.
Хожа Аҳрор ҳазратлари тарих 895 ҳижрий йил ражаб ойининг шанба кунида (1490, май-июн ойлари) Самарқанд қишлоқларидан бўлмиш Камонгаронда (Ургут туманида) бу олам билан видолашдилар. У ҳазратнинг табаррук жасадлари Камонгарондан Хожа Кафшгар маҳалласига олиб келиниб, дафн этилди. Бу қабристонга ҳазратнинг кўпгина яқинлари, машҳур уламо ва фозиллар дафн этилганлар. Жумладан, бу асар муаллифининг аждоди бўлмиш мавлоно Исматуллоҳ ибн Мавлоно Маҳмуд ибн мавлоно Неъматуллоҳ, ҳадисларнинг тафсирчиси муҳаддис мавлоно Маҳмуд ибн мавлоно Абдулали Гелоний (бул зот камина Роқимнинг аждодларидандир), Мавлоно Исомиддин ва бошқалар.

616x510.jpg

Ҳазрати Хожа Аҳрорнинг мозорлари шаҳардан бир мил (4 км) масофададир. Шаҳар дарвозасидан ҳазрати эшон мақбараларигача борадиган йўл хиёбондир. Бу хиёбон ўзининг кўкаламзорлиги, баланд бўйли дарахтлари туфайли ҳамиша соя салқиндир. (Хиёбон тасвирига бағишланган шеър келтирилган).
Шундан сўнг Хожа Аҳрор вафоти муносабати билан турли шоирлар, жумладан, Алишер Навоий томонидан ёзилган таърих-қитъа кетма-кет жойлаштирилган.

Амири кабир Алишер Навоийнинг ҳазрати эшон вафоти муносабати билан ёзган таърих-қитъалари қуйидагича:

Хожагон тариқатининг хожаси Убайдуллоҳ,
Муршиди соликони роҳи яқин.
Шуд ба хулди барин, ки аз фавташ,
Соли таърих гашт: «хулди барин».

Мазмуни:

Хожагон тариқатининг хожаси Убайдуллоҳ,
Табаррук йўл йўловчиларининг муршиди.
Вафот этгач, биҳишт сари отланди,
Шунинг учун тарихи йили бўлди «хулди,барин».

Ана шу таърих муносабати билан айрим мулоҳазаларни баён этиш маъқул кўринди.

«Хулди барин» иборасидаги «хулд» сўзи икки маънони билдиради: доимий боқийлик ва биҳишт, жаннат. «Барин» сўзининг маъноси олий, баланддир. Шу жиҳатдан «хулди барин» иборасининг бир маъноси «абадий ва олий боқийлик» бўлса, иккинчиси «олий биҳишт», энг юқори жаннатдир. Агар «хулди барин» ибораси абжад усулида ҳисобланса, 896 рақами келиб чиқади.
Ваҳоланки, барча манбаларда Хожа Аҳрорнинг вафоти йили 895 ҳижрий йил деб кўрсатилган. Шу жиҳатдан бу таърихда («хулди барин» – 896) озгина тушунмовчилик бўлган кўринади. Бундай тушунмовчилик Хожа Аҳрор вафот этган ойни кўрсатишда ҳам учрайди. Жумладан, «Тарихи касира»да Хожа Аҳрорнинг вафоти 895 ҳижрий йилнинг ражаб ойи шанба кунида деб кўрсатилса, Хожа Аҳрорнинг шогирди ва бу воқеа (вафот) гувоҳи бўлган Муҳаммад Қози шундай ёзади: «Вафоти эшон (Хожа Аҳрор) дар шаби шанБе бисту нуҳуми рабеъ ул аввали санаи хамса ва тисъин ва самона миа (895) буд», яъни Хожа Аҳрорнинг вафоти 895 йилнинг 29 рабеъ ул аввал ойи, шанба кечаси содир бўлди, деб ёзади.
Агар 895 ҳижрий йилнинг ражаб ойи 1490 мелодий йилнинг май-июн ойларига мос келса, раБеъ ул-аввал ойи 1490 йилнинг январ-феврал ойларига тўғри Келади. Ойнинг куни ҳам 29 раБеъ ул-аввал деб кўрсатилган экан, бу 21 февралдир. Бизнингча, бу масалада Муҳаммад Қози маълумотига асослансак маъқул бўлади. Шунингдек, Абдураҳмон Жомийнинг «Хотимат ул-ҳаёт» Девонида Муҳаммад Қозининг фикрини қувватлагувчи таърих (895) Келтирилган ва Хожа Аҳрор Расулуллоҳ вафот этган ойи вафот этди, деб таъкидланган (А. Жомий. «Васитат ул-иқд» ва «Хотимат ул-ҳаёт». М., 1980. 306 бет, араб ёзувида). Маълумки, Расулуллоҳ, яъни Муҳаммад пайғамбар 11 ҳижрий йил рабеъ ул-аввал ойида – 632 Мелодий йилнинг июн ойида вафот этган (О.Г. Болшаков. История халифата, 1989. с.186). Хуллас, Хожа Аҳрорнинг вафот этган вақти 895 йил, 29 раБеъ ул-аввал ойи, шанба Кечаси, Мелодий йил ҳисобида 1490 йил 21 Феврал шанба кечасидир.

033 Энди «Тарихи касира» ҳақидаги мулоҳазаларимизни давом эттирамиз. Хожа Аҳрори Валининг номи ниҳоят эҳтиром билан тилга олиниб, у султон ул-авлиё (Авлиёлар султони) ва муин ул-фуқаро (фақирлар мададкори) тарзида тавсифланган. Бу даврда Хожа Аҳрор ҳақида Муҳаммад Қози, Мир Абдулаввал ҳамда Али Сафий томонидан ёзилган асарлар ҳам маълум ва машҳур бўлган экан.

Кейинги даврларда Хожа Аҳрор ва унинг фаолиятини талқин этиш, уни таниш қандай давом этди. ХИХ асрда яратилган турли хил манбаларда Хожа Аҳрор ҳақида ижобий фикр юритиш ҳолати кўзга ташланади. Жумладан, машҳур можор олими Ҳерман Вамбери Ўрта Осиё, жумладан, Бухорога қилган саёҳатлари натижасида ёзган «Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи» асарида Хожа Аҳрор ҳақида шундай ёзади:
«Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – Баҳовуддин Нақшбандий тариқатининг муриди ва энг мухлис муршиди. Олим ва мутасаввуф сифати билан шу қадар буюк ҳурмат ва обрў қозонган эдики, ўша вақтдаги хонлар бир-бирига рақобат қилгандек унинг ҳусни таважжуҳига ноил бўлишга интилар эдилар. Шу ҳолда ҳам у гўё Муҳаммад Пайғамбар тарафидан баён қилинган «ал-фақру фахри» (фақирлик менинг фахрим) сўзига фавқулодда риоя этиб, Қоракўл яқинида ўз қўли билан қўш ҳайдаб камбағалдай яшар эди. Хожа Аҳрор Вали 895 (1489) йилда Қумагирон кентига борган пайтда вафот этди. Унинг эътиқодга доир «Тўҳфаи Аҳрор» номли китоби кўп кишилар тарафидан ҳозиргача ўқилмоқда ва қабрини зиёрат қилиш учун Самарқандга ҳар тарафдан кишилар келадилар. (Ҳ. Вамбери. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. Тошкент, 1990, 74-бет).

Ҳ.Вамберининг маълумотида айрим таҳрирталаб жойлар ҳам учрайди. Жумладан, Хожа Аҳрорнинг вафоти йили ҳижрий 895 йил деб тўғри кўрсатилгани ҳолда, аммо Мелодий 1490 йил ўрнида 1489 йил деб ёзилган. Ёки, Хожа Аҳрор «Қоракўл яқинида ўз қўли билан қўш ҳайдаб, камбағалдай яшар эди» деб ёзилиши ҳам тўғри эмас. Чунки унинг асосий умри Тошкент, Самарқанд, Ҳирот, Бухорода ўтиб, аммо унинг Қоракўл ва бошқа жойларда турғун яшагани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Вамбери Хожа Аҳрор вафот этган жойнинг номини Қумагирон тарзида хато ёзган. Аслида у Камонгарон бўлиши керак. Бундан ташқари Ҳ.Вамбери Хожа Аҳрорнипг «Тўҳфаи Аҳрор» китобидан хабар беради. Ваҳоланки, бизга маълум бўлган манбаларда Хожа Аҳрорнинг «Тўҳфаи Аҳрор» асари қайд қилинган эмас. Шундай бўлса-да, Ҳ.Вамбери маълумотининг муҳим томони Хожа Аҳрорнинг ХИХ асрдаги шуҳрати ҳамда унга нисбатан халқ эҳтиромининг гувоҳи бўлиб, ўз таассуротларини қоғозга туширганидир.

031

ХIХ аср охирлари ва ХХ асрда Хожа Аҳрор ҳақида эълон қилинган ишлар ва уларнинг моҳияти профессор А.Н. Болдиревнинг «Яна Хожа Аҳрор масаласига доир» номли мақоласида анча батафсил ёритилган. («Духовенство и политическая жизн на Ближнем и СРедНем ВостоКе в Период Феодализма», мақолалар тўплами, Москва, 1985, 47-62 Бетлар). А.Н. Болдиревнинг бу мақоласи Хожа Аҳрор ҳақида батафсил сўз юритиш анча қийин бўлган бир даврда майдонга келиб, унда Хожа Аҳрор тўғрисида салбий сўз юритишнинг кучайиш сабаблари қаламга олинган, Хожа Аҳрор ҳаёти ва фаолиятига янгича, холисона баҳо бериш масаласи таъкидланган. Мақолада ХИХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Н.И. Веселовский, Н.Г. Маллиский ва В.Л. Вяткинлар томонидан Хожа Аҳрор ҳақида айтилган самимий гаплар алоҳида эслатилган ва улар маъқулланган. Мақолада В.И. Вяткиннинг   1904 йилда эълон қилинган «Хожа Аҳрор таржимаи ҳолидан» мақоласидаги қуйидаги фикрлар айнан келтирилган: (мазмунан таржимаси) «Хожа Аҳрорнинг давлат арбоби сифатидаги хизматлари энг аввал шу билан белгиланадики, у Амударёнинг бу томонидаги ҳукмдорлар наздидаги беқиёс таъсиридан фойдаланиб, арзимаган баҳона билан қардошлар ўртасида қирғин урушларни бошлаб юборишга тайёр бўлганларни тинчлантириш, ўзаро урушларни тўхтатиш учун ўзининг барча имкониятларини ишга соларди. У Самарқанд, Тошканд ва Фарғонада, бу ердаги тушунчага кўра, нисбий осойишталикни барқарор қилишга кўмаклашди. Қаерда тинчлик ўрнатиш учун келишув ва иноқликка эҳтиёж бўлса, Хожа Аҳрор ўша ерга дарҳол борарди.

033 Умуман айтганда, Хожа Аҳрор, ҳукумат олдидаги фавқулодда обрўсидан келиб чиқиб, ўзининг бутун имкониятларини адолатнинг тантанаси учун ишга соларди». Кўринадики, В.Л. Вяткин бундан қарийб 90 йил олдин Хожа Аҳрор ва унинг мавқеи тўғрисида холисона фикрларни айта олган. Бу фикрлар асоссиз майдонга келган эмас. Чунки О.И. Чехович таъкидлаганидек, В.Л. Вяткин Хожа Аҳрорга бағишланган мақолаларини ёзаётганда, унинг замондошлари Мир Абдулаввалнинг «Масмуот», Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин», Али Сафийнинг «Рашаҳот айн ул-ҳаёт», каби асарларидан фойдаланган экан. Шуниси диққатга сазоворки, Ўрта Осиё халқлари тарихи, тиллари, урф-одати, дини ва адабиётини яхши билган В.Л. Вяткин юқорида эслатилган манбаларнинг маълумотларига шубҳа билан қарамаган, уларни тўғри ўқий олган ва шарҳлаган.
А.Н. Болдирев ўз мақоласида ХХ асрнинг бошида Хожа Аҳрорни қоралашга интилиш В.В. Бартолд ишларида кўзга ташланганини уқдиради.

О.Д. Чеховичнинг таъкидича, В.В. Бартолд Хожа Аҳрор ҳақида ёзаётганда В.Л. Вяткин мақолаларидан хабардор бўлган ва у фойдаланган манбаларга таянган. (Чехович О.Д. Самаркандские документы XV-XVI вв., с.17). Бас, шундай экан, нега энди айнан бир манбаларга таянган шарқшуноснинг Хожа Аҳрор фаолиятига баҳо бериши икки хил?

Маълумки, В.В. Бартолд Шарқ халқлари тарихини асл манбалар асосида чуқур ўрганиб, бу соҳада катта обрўга эга бўлган қомусий муаррихлардан саналади.

Бас, шундай экан, нега Хожа Аҳрор фаолиятини баҳолашга келганда қора буёқдан кўпроқ фойдаланади?

Нега қарийб 80 йил бу қора бўёқдан кўпгина тадқиқотчилар, адиб ва ёзувчилар ҳам фойдаланиб келдилар?

В.Л. Вяткиннинг бу масалага доир мулоҳазалари эса сояда қолиб кетди. Афсуски, А.Н. Болдирев бу масалани ойдинлаштиришга унча ўрин ажратмаган. Бу ўринда В.В.Бартолд томонидан баён қилинган мулоҳазаларнинг даврини назардан кечирмоқ маъқул кўринади.

055 Маълумки, В.В. Бартолднинг «Улуғбек ва унинг даври» рисоласи 1915 йилнинг бошларида ёзилиб, 1918 йилда нашр эттирилган. Бу асарнинг Тезислари эса 1915 йил 15 март куни ўқилган «Улуғбек ва Хожа Аҳрор» маърузасида баён этилиб, унда Хожа Аҳрор ва тарафдорларининг шариат учун маданиятга қарши кураши халқ манфаатлари йўлида ҳар қандай золимларга қарши кураш сифатида туюларди, деган ғоя олға сурилган эди. (В.В. Бартолд. Сочинения. Том ИИ, част 2, 167-бет, изоҳ). В.В. Бартолд ўз мулоҳазаларини давом эттириб, яна шу нарсани ҳам таъкидлайдики, Хожа Аҳрор ва унинг тарафдорлари умумий Тенглик учун маданиятга қарши кураш ваҳшийликни жорий қилиш эканлигини тушунмас эмишлар. Шундай қилиб, бу мулоҳазанинг, айтилиш даврига эътибор қилинса, масала бироз ойдинлашар деган умиддамиз.

Маълумки, чор ҳукумати ўз мустамлакаларида ўзини илғор ва маданиятли ҳукмдор тарзида кўрсатишга интилар эди. Шунинг учун мустамлака халқларининг ҳар қандай норозиликларини, жумладан, «Дукчи эшон» лақаби билан шуҳрат қозонган мингтепалик Муҳаммад Али Исмоил ўғлининг 1898 йилда чор ҳукуматининг «ўз истибдоди сармоясини қувватлантирмоқ учун ҳам биз, Туркистон халқини доимо асир, залил ва қул қилиб ишлатиб Келмоқ мақсади билан кўзимизнинг очилишига қарши турганига жавобан кўтарган ватанпарварлик исёни (Фозилбек Дукчи эшон воқеаси. «Шарқ юлдузи». 1991, 1-сон, 146-бет, Сирожиддин Аҳмад шарҳи), Биринчи жаҳон уруши билан бошланган ҳар қандай норозиликлар ҳам «маданиятга қарши кураш» тарзида қабул қилиниб, бу курашнинг боиси ўша даврда маҳаллий халқ орасида катта обрўга эга бўлган Дукчи эшон кабилар тушунилар ва шунинг учун улар маданиятга қарши ваҳшийликни жорий қилувчилар сифатида қаттиқ жазоланарди. Худди шу вақтда ХВ аср ҳаётига мурожаат қилиб, Улуғбек мирзо ва унинг даври ҳақида – илм ва мада-ният ривожланганлиги тўғрисида сўз юритиб, Улуғбек қатлидан сўнгги даврда Самарқанд аҳволидаги ўзгаришларни «қишлоқий шайх» Хожа Аҳрор фаолияти билан боғлаш бежиз эмас.

Асримиз бошида бу масалага сиёсий нуқтаи назардан ёндашиш тарихий шахсни бир ёқлама талқин килишга олиб келди. Хожа Аҳрорга бундай ёндашиш 20-йилларда «худосизлар жамияти» ташкилотларига жуда мос келди ва уни қўллаб-қувватлабгина қолмай, балки қора буёқни янада кўпроқ ва қуюқроқ чаплашга киришиб Кетилди. А.Н. Болдиревнинг мақоласида бундайларнинг номлари ва ишлари кўрсатиб ўтилган.

Бу йўналишнинг акс-садоси Абдурауф Фитратнинг «Ўзбек классик мусиқаси ҳам унинг тарихи» асаридан ҳам эшитилади. Жумладан, у шундай ёзган экан: «Улуғбек замонида машҳур Хожа Аҳрор Валининг ҳимояси остида Самарқандда «диний тескаричилик» (аксил ҳаракат) пайдо бўла бошлайдур. Шунинг таъсири билан Улуғбек ўлкасида бўзғуликлар юз кўрсатадир-да, Улуғбекнинг ўлими билан натижаланадир. Мана шул фожеа тескаричиликдан сўнг гўзал санъатлар маркази Самарқанддан Ҳиротга кўчириладур» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», ҳафтанома, 1991, 22 март, 6-бет).

Бу мулоҳаза изоҳга муҳтож бўлмаса керак. Масалага шу нуқтаи назардан ёндашиш фақат илмий мақолалардагина эмас, балки турли хилдаги бадиий асарларга ҳам кўчди. Натижада уларда Хожа Аҳрор фақат тескаричигина эмас, балки бузғунчи, жумладан, Улуғбек мирзо қурдирган расадхонани бузиб ташлаш ташаббускори сифатида ҳам тасвирланди. Расадхонанинг бузилишига Хожа Аҳрорнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлиги устозимиз академик Воҳид Абдуллаев билан ҳаммуаллифликда нашр эттирилган «Зеби жаҳон расадхонанинг тақдири» мақоламизда («Фан ва турмуш» журнали, 1971, 5-сон) ўша даврга оид манбалардан олинган далиллар билан исботланган эди. Чунончи, мақолада шундай фикр айтилганди: «Баъзи илмий асарлар ва мақолаларда бу ажойиб Меъморчилик обидаси расадхонанинг кейинги асрлардаги тақдири мубоҳасали тарзда баён қилинади – гуё у Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилиши биланоқ буздирилган ва харобага айлантирилган эмиш. Аммо кўпчилик тарихий-адабий манбаларда келтирилган маълумотлар бундай фикрнинг тўғри эмаслигини кўрсатмоқда. Чунончи, 1465–1469 йилларда, яъни Мирзо Улуғбек фожиавий ҳалок бўлгандан кейин орадан 15-20 йил ўтгач, Самарқандга келиб ижод этган ўзбек шоири Алишер Навоий ўзининг «Фарҳод ва Ширин» достонида Мирзо Улуғбек ва унинг илмий фаолияти тўғрисида сўз юритиб, жумладан қуйидаги машҳур мисраларни яратган эди:

Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнои жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Валек ул илм сори топди чун даст,
Кўзи олида бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.

Битиб бу навъ илми осмоний
Ки андин ёзди «Зичи курагоний».
Қиёматга Дегунча аҳли айём,
Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.

Демак, Мирзо Улуғбек расадхонасининг биноси ХV асрнинг иккинчи ярмида ҳам мавжуд бўлиб, Алишер Навоий Самарқандда бўлган вақтларда расадхона ўзининг салобатли кўриниши билан кишиларни, жумладан, улуғ ўзбек шоирини мафтун этган». Шундан сўнг ўша мақолада Бобурнинг «Бобурнома» (ХV асрнинг иккинчи ярми), Ҳасан Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» (ХVI асрнинг иккинчи ярми), Дарвеш Али Чангийнинг «Тўҳфат ус-сурур» (XVII асрнинг аввали) каби асарлардан далиллар келтирилиб, расадхонанинг ХVI асрда ҳам мавжудлиги, фақат шундан сўнг қаровсиз қолгани туфайли бузилгани таъкидланган.
Кўринадики, Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонанинг бузилишига Хожа Аҳрорнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу соҳада у гуноҳкор ҳам эмас.

Нақшбандия ва унинг вакиллари фаолиятига баҳо беришда ниҳоятда эҳтиёткорлик ва холисона ёндашиш ҳақидаги мулоҳазалар ўтган асрнинг 40-йиллардаёқ баён этилган эди. Бу жиҳатдан Е.Э. Бертелснинг ҳаракатларини А.Н.Болдирев самимият билан эслаб, ўтган асрнинг 60-йилларда бу масалага эътиборни қаратган Э. Рустамовни ҳам эсдан чиқармайди. Ниҳоят ўтган асрнинг 70-йилларда олима О.Д.Чеховичнинг ташаббуси билан нашр эттирилган «ХV–ХVI асрлар Самарқанд ҳужжатлари (Хожа Аҳрорнинг Ўрта Осиё ва Афғонистондаги мол-мулки ҳақида)» асарида шу масалага доир кўпгина муҳим ҳужжатларнинг, жумладан, 1454 йил апрел ойининг 1-кунида Хожа Аҳрорнннг Байрамхожа ўғли Ҳасандан сотиб олган ҳовли васиқаси, 1470 йил январ ойнинг 25 кунида Хожа Аҳрорнинг Самарқандда қурдирган мадрасаси учун вақфга айлантирган, ажратилган жой ва мулк вақфномаси, 1480, 1483, 1489 йилларда ҳам шундай вақфга ажратилган жой ва мулкларнинг вақфномалари ва бошқаларни илмий муомалага киритиб, шарҳ ва изоҳлар билан таъминлангани диққатга сазоворлигини уқдирмоқ керак. Тўғри, бу асар учун ёзилган кириш сўзида Хожа Аҳрор фаолиятига баҳо беришда ҳали туб ўзгариш бўлгани камроқ сезилади. Лекин унда қайд қилинган ҳужжатларнинг нашри, Хожа Аҳрорга бағишланган маноқиб ва мақомотларнинг тавсифи асарнинг қийматини белгилайдиган фазилатлардан ҳисобланади.

033 Шуни эслатиш лозимки, мамлакатимизда ўтган асрнинг 15–70-йиллари давомида Хожа Аҳрор ҳақида юқорида кўрилган йўналиш – унинг фаолиятини иложи борича қоралашга интилиш давом этаётган бир вақтда хорижий Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг алломалари тарихимиз саҳифаларини, жумладан, Хожа Аҳрор фаолиятини ёритаётганда холисона ёндашишга амал қилган кўринадилар. Масалан, шарқшуносликда катта эътибор қозонган «Форс адабиёти» асарининг муаллифи инглиз шарқшуноси Чарлз Амброуз Стори Хожа Аҳрорни «йирик вали Убайдуллоҳ Аҳрор» тарзида эслатиб ўтган. Чех олими Феликс Тауер эса «Хожа Аҳрор номи билан машҳур бўлган Носириддин Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Шоший Туркистоннинг шуҳратли машъали (азизу авлиёси), нақшбандия тариқатининг шайхидир» деб баҳолаган. Афғонистоннинг таниқли олими Абдулхай Ҳабибий ўзининг 1965 йили эълон қилинган «Комий тариқати» мақоласида Хожа Аҳрор ҳақида шундай ёзган эди: «Саъдиддин Қошғарий ва Хожа Аҳрор ўз асрининг буюк руҳоний пешволари эдилар… Хожа Аҳрор ўшал зотки, Мовароуннаҳрда шуҳрат ва шоҳона буюкликка эга бўлиб, Абдураҳмон Жомий тўрт марта унинг билан мулоқот қилишга отланган эди. Хожа Аҳрор фақирлик кийимида шоҳона тантана соҳиби эди, унинг тадбир-чоралари туфайли фақирлик (фақр) шоҳона кийганди.

Чу фақр андар қабои шоҳи омад,
Ба тадбири Убайдуллоҳй омад».

Ниҳоят, Хожа Аҳрор ва унинг фаолиятига баҳо беришга туб ўзгариш ясаш лозимлиги жиҳатидан ўтган аср 80-йилларнинг ўртасида профессор А.Н. Болдиревнинг мақоласи хотимасида Хожа Аҳрорнинг фаолиятига ҳамда нақшбандия тариқатига (умуман суфияга) мавжуд қарашларни холисона қайта кўриб чиқишга тўла асос бор, дейилган мазкур сатрлар муаллифининг бу масалага мурожаат этишига боис бўлган омиллардан биридир. Чунки ХV аср илмий, адабий ва маданий ҳаёти билан узоқ йиллар шуғулланиб келиш, толиби илмларга маъруза ўқиш жараёнида бу масала ҳамма вақт кўндаланг бўлиб турар ва уни холисона ёритиш зарурлиги эҳтиёжи ҳамма вақт cезиларди.

Иккинчи томондан, бу мавзуга мурожаат этишга туртки бўлган омиллардан бири 1989 йили 91 ёшли донишманд отахон Абдулҳамид Пўлодий менга ўз шахсий кутубхоналаридаги бир китобни ҳадя қила туриб, шундай деб айтганлари ҳам бўлди: Мен бу китобни фақат ўқиш учун тақдим этаётганим йўқ. Асосий мақсадим ва илтимосим ҳам шундан иборатки, шу китобда сўз борган зот ҳақида ёзсангиз. Мен сизнинг бу зот билан қизиқиб юрганингизни билганим учун ҳам шундай деяпман.

Китобни олар эканман, унинг номи, кимга бағишланганини билмасдим. Муҳтарам отахоннинг сўзлари эса, мени китобни тезроқ очиб кўришга ундар ва унга бўлган қизиқишимни орттирарди. Бу кайфиятимни сезган отахон шундай дедилар: Бу китоб Хожа Аҳрори Вали ҳақида ёзилган «Силсилат ул-орифин»дир. Буни эшитгач, анча тинчландим. Чунки Хожа Аҳрор ва у кишига бағишланган асарлар ҳақида бундан олдин Абдулҳамид Пўлодий билан бўлган кўпгина суҳбатларда сўз борган эди.
Китобни мутолаа қилишга киришдиму Абдулҳамид Пўлодийнинг нақадар масъулиятли вазифани олдимга қўйганларини ҳис эта бошладим. Чунки Хожа Аҳрор ва унинг фаолияти ҳақидаги қарама-қарши тушунчалар ва нуқтаи назарлар мавжудлигини, энг донишманд олиму адибларнинг бу мавзуга қўл уриб турли хилдаги асарларни ёзганликларини ҳам билардим. Ана шунда ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг «эмас осон бу майдон ичра турмоқ» деган мисралари хаёлимдан ҳам ўтди. Ҳа, бу соҳада мўътабар Хожа Аҳрор ҳазратлари руҳларидан ижозат сўрамоқ ва мадад истамоқ ниятида ул зотнинг нурли мақбараларини зиёрат қилдим, сўнгра Бухорои шарифга бориб, ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд оромгоҳларини тавоф этдим. Ниҳоят Самарқанд вилояти рўзномаси «Овози Самарқанд» муҳарририятининг топширувига кўра бу мавзуда бир мақола ёзишга киришим. Аммо айтиладиган гаплар бир мақола ҳажмига сиғмади, у кенгайиб Кетди. Шундай бўлса-да, рўзнома муҳарририяти уни 1990 йилнинг центябр-декабр ойлари давомида ўн тўққиз сонида эълон қилди. Бу мақола жумҳурият рўзномаси «Овози тожик» («Ҳақиқати ЎзБекистон») муҳарририятининг диққатини ҳам ўзига тортган экан, мақоланинг таҳрир қилинган нусхасини, 1991 йил 3–10 январ сонларида эълон қилди.

Натижада мақола билан танишув доираси кенгайди. Фақат вилоят, Республика муштарийларигина эмас, балки қардош Республикалардаги мухлислар ҳам унинг билан танишдилар. Энг муҳими, мақола ҳақида уларнинг таассуротлари, фикри, яъни уни давом эттириб, рисола ҳолига келтириш каби таклифлар менга маълум бўлди.

Бу эса менинг учун муҳим бир далда эди. Яна бир муҳим томони ва мени бу ишга дадиллаштирган омил «Мулоқот» ойномаси муҳарририятининг шу мавзуда мақола ёзишни таклиф қилгани бўлди. Бу таклифни мамнуният билан қабул қилиб, мақолани ёздим ва ойноманинг 1991 йил 3-4 сонларида нашр эттирилди. Шуни эслатиш лозимки, «Овози Самарқанд» ҳамда «Овози тожик» («Ҳақиқати ЎзБекистон») рўзномаларида босилган мақола тожик тилида ёзилган эди. «Мулоқот» ойномаси учун эса, ўзбек тилида ёзилди. Демак, икки тилда
сўзлашувчи мухлислар бу ишни маъқуллаган эканлар, энди рисолани ёзиш мумкинлигига қатъий ишонч ҳосил қилинди. Бу ўринда шуни эслатиш лозимки, кейинги вақтда Хожа Аҳрор ҳақида республикамиз матбуотида, жумладан, Самарқанд вилоят рўзномалари «Зарафшон» («Ленин йўли»)да М.Маҳмудов (1990 й. август), Х.Баракаев (1990 й. 29-30 ноябр, 1 Декабр) «Овози Самарқанд»да Х.Баҳромов (1990 й. 30 октябр), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасида Е.Березиков (1990 й. 25 январ), «Гулистон» ойномасида К.Каттаев (1991 й. 3-сон), «Сирли олам» ойномасида М.Маҳмудов (1991 й. 3-сон)ларнинг мақолалари ҳам нашр эттирилди. Турли характердаги бу мақолалардаги умумий руҳ Хожа Аҳрорга холисона баҳо беришдан иборатдир.

Шундай қилиб, муҳтарам ўқувчилар диққатига тақдим этилаётган ушбу рисола майдонга келди. Аммо у камчиликлардан холи эмас. Чунки биз Хожа Аҳрор ҳақидаги ҳамма манбаларни кўриб чиқдик, дея олмаймиз. Шундай бўлсада, журъат этдик ва бунинг учун каминани маъзур тутгайсиз. Мақсадимиз бу мўътабар зот ҳақида озми-кўпми маълумот бериш ва уни танишга даъват этишдан иборатдир, холос. Валлоҳу аълам биссавоб!

(ДАВОМИ БОР)

Рисоланинг лотин алифбосида мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин

Рисола муаллифи ҳақида

088 Ботирхон Валихўжаев (1932. 1. 4, Самарқанд — 2005, Самарқанд) — адабиётшунос. Ўзбекистан ФА академиги. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), профессор (1971). Самарканд давлат университининг филология факультетини битирган (1953), шу универсиеттда ўқитувчи (1956-63), факульте деканининг ўринбосари (1964-69), декан (1971-73, 1986-88), тожик тили ва адабиёти кафедраси (1974— 85), ўзбек адабиёти тарихи кафедраси (1985 й.дан) мудири, проректор (1990 й.дан). В. илмий ишлари адабиёт тарихи, адзбиётшунослик, адабий алоқалар, тасаввуф ва унинг намояндалари, Самарканд адабий ва илмий муҳити тарихи, Ибн Сино, Низомий, Жомий, Навоий каби олим ва мумтоз шоирларнинг ижодига бағишланган. «Ўзбекистан адабий-танкидий қарашлари тарихидан» (1960), «Ўзбек эпик поэзияси тарихидан» (1974), «Навоий ижоди — илҳом манбаи» (1991), «Хожа Аҳрор Вали» (1993), «Хожа Аҳрор тарихи» (1994) каби илмий асарлар ва бир неча ўқув қўлланмалар муаллифи. Ботирхон Валихўжаев асарлари Россия, Афғонистон, Туркия ва Эронда нашр этилган.

https://lh4.googleusercontent.com/-jU8o9amW6LY/U8u3tgMicvI/AAAAAAAAP4Q/w47e0VoLnFE/s485/0%2520content.JPG

(Tashriflar: umumiy 105, bugungi 1)

1 izoh

  1. Улуғбек расадхонасини Хўжа Аҳрор Валий ёрдамчилари томонидан яксон қилинишини Мақсуд Шайхзода боплаб тасвирлаган. Худди шу киши, менимча, Жалолиддин Менкбурнига янги, ҳозирда кенг жаранглаётган «Мангуберди» деган тахаллус қўйиб берган. Тарихда ҳеч қачон «Жалолиддин Мангуберди» деган кимса бўлмаган.

Izoh qoldiring