Payg‘ambarimiz Muhammad (s.a.v.) sifatlari va go’zal axloqlari

0_1bc30a_f5738a36_orig.png     Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. Сарвари оламнинг изидан бориб, бу дунёда мақтовга, охиратда савобга эришмоқ учун бу бобда* Расулуллоҳнинг бетакрор сифатлари ҳамда гўзал ахлоқлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД (С.А.В.)НИНГ
СИФАТЛАРИ ВА ГЎЗАЛ АХЛОҚЛАРИ
09

0 rasul.jpgАллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. Сарвари оламнинг изидан бориб, бу дунёда мақтовга, охиратда савобга эришмоқ учун бу бобда* Расулуллоҳнинг бетакрор сифатлари ҳамда гўзал ахлоқлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Аллоҳ ҳаммамизга ҳидоят ато қилиб, бизни тўғри йўлга бошласин. Инсондаги улуғлик ва камолот фазилатлари икки турлидир: биринчиси, дунёвий хислати зарурия бўлиб, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчиси, диний хислати қасбия бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Аллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурия касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас. Масалан: Пайғамбар алайҳиссаломнинг яратилишларидаги табиий камолотлари, ҳусндаги гўзалликлари, ақлий заковатлари, идрокларининг юксаклиги, тилларининг фасоҳатлилиги, ҳис-туйғу ва баданларининг кучлилиги, ҳаракатларининг мўътадиллиги, насабларининг тозалиги, қавмлари ва юртларининг мўътабарлиги каби хислатлар бўлиб, яшаш зарурати тақозо этадиган овқат, уйқу, кийим-кечак, турар-жой, мол-мулк ва обрў-эътибор кабилар шу жумлага мансубдир; дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, тамкинлик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд табиий йўсиндаги ғайрикасбий камолот хусусиятларининг барчаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг вужудларида мавжуд эди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ранг- рўйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзоларининг мутаносиблиги ривоятларда бундай тасвирланади: Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзлари оппоқ, нуроний, кўзлари катта, қорачиғлари тимқора, оқи қизғишга мойил, киприклари қуюқ, қошлари узун, ингичка, қирра бурунларининг учи хиёл эгилган, тишлари гуруч донасидек оппоқ, ораси очиқроқ, пешоналари кенг, юзлари думалоқ, соқоллари қуюқ, кўкраклари кенг, гавдали, билаклари узун, кафтлари, оёқларининг товони кенг, ўрта бўй, миқтидан келган, жундор одам эдилар; кўкракларида пастга қараб ўсган майин ёллари бор эди, кулганларида тишлари худди марварид доналаридек ярқираб кетарди, гапирганларида шуълаланиб, оғизларидан нур таралаётгандек бўларди, бўйинлари ҳам гавдаларига ғоят мос эди.

Баро ибн Озиб: «Умримда қора сочлари қулоқларини босиб тушган, қизил тўнли Пайғамбар алайҳиссаломдан келишганроқ одамни кўрган эмасман», дейди. Абу Ҳурайра: «Мен Расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганларида юзларидан нур ёғилиб, шуъласи деворларга тушарди», деб эслайди. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзи худди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди», дейилган. Ҳазрати Али Расулуллоҳ ҳақида гапириб: «Пайғамбар алайҳиссалом дастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билгандан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен Расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим», дейди.

Пайғамбар алайҳиссалом тозаликда, хушбўйликда, ифлослик ва нажосатдан йироқликда алоҳида хусусиятларга эга эдиларки, бундай фазилатлар у Зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ислом дини покизалик асосига қурилган», дея марҳамат қилганлар. Анас:

«Пайғамбар алайҳиссаломдаги хушбўй ҳид мен ҳидлаб кўрган анбарларнинг, ифорнинг ва бошқа мушку анбарларнинг атридан ёқимлироқ эди», деган. Жобир эса «Пайғамбар алайҳиссалом юзимни силаб қўйган эдилар, у кишининг қўлларидан худди аттор (атр сотувчи)нинг қутисидан таралгандек димоғимга гуп этиб хушбўй ис урилди», дейди. Кўпларнинг таъкидлашича, Сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам, у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар Расулуллоҳ, бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан. Имом Бухорий катта тарихда Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан, шубҳасиз, Расулуллоҳ ўтганларини билар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом ақлда комилликлари, зеҳнлари ўткирлиги, ҳиссиётларининг кучлилиги, тилларининг бийронлиги, ҳаракатларининг чаққонлиги, аҳлоқларининг гўзаллигига қараганда у Зоти муборакни ҳеч шубҳасиз энг ақлли ва энг ҳушёр инсон деб эътироф этиш керак. Сарвари олам илгари ўқиб, хат-савод чиқармаган, махсус сабоқ олмаган, дунёвий ва диний китобларни кўрмаган бўлишларига қарамай, одамларга жуда кўп илмларни ўргатдилар, шариатни барпо этдилар, одамларнинг шахсий ва жамоат ишларини бошқаришлари, халққа қўллаган сиёсатлари, бетакрор хулқ-атворлари ва ажойиб турмуш тарзлари у киши ақл-заковатда комил, идроклари теран зот эканликларини исботлаб турибди. Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиётганларида орқадаги нарсаларни ҳам худди олдиларидагидек аниқ-тиниқ кўрардилар. Аллоҳ таолонинг Шуаро сурасидаги: «Аллоҳ намозга турган пайтингиздаги ҳаракатларингизни ҳам кўриб туради», деган 219-ояти бевосита юқоридаги фикрларнинг тасдиғидир. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссалом қоронғида ҳам худди ёруғ пайтдагидек кўраверар, Хулкардаги ўн бир юлдузни бемалол санай олардилар», дейди. Ривоятларда айтилишича, Расулуллоҳ замонасининг паҳлавони Раконани курашда енгиб, Ислом динига даъват этган эканлар. Абу Ҳурайра: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломдан кўра тез юрадиган одамни учратмаганман. У киши йўлга чиққанида ер худди қатламадек қатланиб, қисқараётгандек туюлар, биз қийналиб юрсак, у киши, аксинча, яйраб одимлар, худди тепаликдан пастга тушаётгандек бемалол қадам ташлардиар. Кулганларида овозларини баландлатмай табассум қилар эдилар», дейди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг нутқлари бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикрлари аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар. Ҳар бир халққа уларнинг ўз тили, шеваси ва услубида фасоҳатига яраша гапирар эдилар. Кўпгина саҳобалар сўзларнинг маъносини айтиб беришни Пайғамбар алайҳиссаломдан илтимос қилишарди. Расулуллоҳнинг ҳадислари ва тарихлари билан танишган одам бу нарсани, айниқса,, яхши ҳис этади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қурайш халқига, Ҳазри Мавж ва Яман подшоларига ҳамда Нажднинг оқсоқолларига айтган гаплари бир-биридан кескин фарқ қилади. У киши бирон қабила билан гаплашганларида улар ёқтирадиган ибораларни ишлатар, ерлик одамларга хуш келадилан услубда сўзлашар эдилар. Сарвари олам мана шу тарзда Ислом динининг таълимотларини одамларга етказар, Қуръон оятларини, шариат аҳкомларини ҳар бир кишининг диди, савиясига мослаб тушунтирар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳат билан айтилган чуқур маъноли, лўнда сўзларини шарҳлаб, музмунини чақишга уриниб, услубларини тадқиқ этиб китоблар ёзилган. Қуйидаги ҳикматдан иборат сўз − иборалар Расулуллоҳнинг донишмандлик ва фасоҳат бобида чинакам камолотга етганликларининг тасдиғидир:

Ҳамма мусулмонларнинг жони баробардур. Уларнинг энг тубани ҳам бировларни асраш кўйида юради, душманга қарши (туришда) уюшқоқ бўлишади.

Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишларидек баробардур.

Киши суйган одами билан бирга (бўлади).

Сен бировга раво кўрганни у сенга раво кўрмаса, бундай суҳбатдошликда хосият йўқ.

Инсонлар маъдан конларига ўхшашади.

Ўз қадр-қимматини билган одам ҳалок бўлмайди.

Маслаҳатга чақирилган одам ишончли одам.

Гапириб яхшиликка эришган ёки сукут сақлаб омон қолган бандага Аллоҳ раҳмат қилсин.

Мусулмон бўлсанг саломат бўласан, мусулмон бўлсанг, Аллоҳ икки ҳисса ажр беради. Сизларнинг хушахлоқ, камтар, дўстлаштиргувчи ва дўстликка интилганингииз қиёмат куни менга энг ардоқли ва энг яқин бўладиганингиздир.

У (яъни мусулмон) беҳуда гапирадиган ёки арзимас нарсаларга бахиллик қиладиган бўлиши мумкин.

Иккиюзламачи одам Аллоҳнинг даргоҳида мақбул эмас.

Бундан ташқари, Пайғамбар алайҳиссалом беҳуда баҳс-мунозарани, кўп савол сўрашни, молни исроф қилишни, оналарни ранжитишни, қиз болаларни тириклай кўмишни ман қилиб, айтган гаплари ҳам айни доноликнинг нишонасидур.

Ҳар қандай шароитда Аллоҳга тақводор бўл. Ёмонлик қилсанг, уни яхшилик билан юв. Одамларга хушмуомала бўл. Ишнинг яхшиси ўртачасидир.

Дўстингга ҳаддан ташқари яқин бўлма, бир куни у сенинг душманингга айланиб қолиши мумкин.

Зулм қилувчиларнинг зулми қиёмат куни ўзларига қоронғу зулмат бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги дуолари ҳам у кишининг юксак фасоҳати ва заковатидан далолат беради:

«Эй Аллоҳ, сендан тилагим шуки, раҳматинг билан қалбимни ҳидоят қилгайсан, ишларимни пароканда этмагайсан, тарқоқ ишларимни жамлагайсан, умид боғлаган ишларимни рўёбга чиқаргайсан, амалимни пок қилғайсан, ишларимни тўғри йўлга солгайсан, дўстлигимни қайтаргайсан, мени барча ёмонликлардан асрагайсан. Эй Аллоҳ, осон ўлимни, шаҳидларча қазони, бахтиёр ҳаётни, душманлар устидан ғалаба қозонишни тилайман».

Бундан ташқари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўпгина кишилар томонидан зикр этилган сўзлари, нутқлари, хутбалари, дуолари, сулҳномалари ҳайратомуз фасоҳат ва ҳикматга тўладир. Саҳобалар Расулуллоҳга: «Сиздан кўра фасоҳатлироқ гап гапирадиган кишини кўрмадик», дейишганда у Зоти муборак: «Қуръон менинг тилимда, яъни равшан арабий тилда нозил этилган экан, бошқача бўлиши ҳам мумкинми?» дея жавоб қайтарганлар. Расулуллоҳ: «Мен Қурайш қабиласида дунёга келиб, бани Саъд аймоғида вояга етдим», деганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг гап-сўзларида саҳро одамларига хос қудрат ва босиқлик, шаҳарликларга хос нафислик билан назокат жам бўлган. Бундан ташқари, Сарвари олам бошқа одамларга насиб этмайдиган ваҳий орқали Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига эришганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом насабларининг асиллиги, юртларининг улуғлиги ҳаммага аён. Расулуллоҳ Қурайш қабиласи Ҳошим жамоасининг кўрар кўзи, арабларнинг энг асили, ота-она томонидан ҳурматга сазовор, Аллоҳ учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом учун ҳам азиз маскан ҳисобланмиш Маккадан эдилар. Бу ҳақда китобнинг бош қисмида батафсил гапирилгани учун ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз.

Инсон ҳаётига зарур ҳисобланган айрим нарсаларнинг оз бўлиши фазилатдир. Масалан: овқат билан уйқунинг ками шу жумлага киради. Одамлар азалу азалдан меъёрида овқатланиш билан кам ухлашни мақтаб, кўп ейиш билан кўп ухлашни айблашган. Кўп ейиш, кўп ичиш очкўзлик, ҳарислик, шаҳватпарастлик нишонасидир. Кўп ейиш ва кўп ухлаш бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам зарар, кони зиён, турли касалликларни келтириб чиқаради, ақлни заифлаштириб, хомуш қилиб қўяди; оз ейиш эса қаноатнинг, нафсни жиловлай билишнинг, шаҳватни ўлдиришнинг нишонасидир, баданни соғломлаштириб, зеҳнни ўткирлаштиради; кўп ухлаш кишини ланж, заиф, хомуш, ялқов қилиб қўяди, инсон умрини зое кетгизади, дийдасини қотиради, ғафлатда қолдириб, дилини ўлдиради. Пайғамбар алайҳиссалом оз еб, кам ухлаганлар. Шу боис у киши доим оз ейишни тарғиб этганлар: «Одам боласи қорин деган расво идишни тўлдиролгани йўқ. Тўйиш учун бир неча луқма кифоя, Ейиш зарур бўлганда у ошқозоннинг учдан бирини овқат учун, учдан бирини сув учун, учдан бирини нафси учун ажратиб қўйсин» деганлар. Кўп ейиш билан кўп ичиш кўп ухлашга сабаб бўлади. Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг қорни ёлчиб овқатга тўйган эмас. У киши оиласидагилардан бўлакча овқат сўрамас, берганни еб, берганни ичардилар», дейди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен суяниб ўтириб овқат емайман», деганлар. Табиийки, киши чордона қуриб, бемалол суяниб ўтирса, кўпроқ овқат егиси келиши турган гап. Расулуллоҳ эса қовушмасдан чўнқайиб ўтирганларича наридан-бери овқатланганлар. «Мен бир қулман, овқатни қулдек ўтириб ейман», деганлар у Зоти муборак. Расулуллоҳ жуда кам ухлаганлар, шунда ҳам: «Икки кўзим ухлагани билан қалбим сира ухламайди», деганлар.

Инсонда қанча кўп ва қанча юқори бўлса шунча фазилат саналадиган нарсалар бор. Обрў-еътибор шулар жумласидандир. Донолар таъкидлашича, кишининг обрўсига қараб, унинг ҳурмати белгиланади. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни «Дунё ва охиратда обрўли», дея сифатлаган. Муҳаммад алайҳиссалом эса Пайғамбар бўлишларидан аввал ҳам, кейин ҳам эл-юртнинг ҳурматига сазовор бўлганлар. Мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом билан саҳобаларга озор беришни, суиқасд қилишии кўзлашса-да, кўпинча у кишидан ҳайиқишар, барибир, йўриқларига юришарди. Биринчи марта дуч келган одамни Пайғамбар алайҳиссаломнинг салобатлари босарди. Қийла деган аёл Расулуллоҳни кўрганда қўрққанидан оёқ-қўли бўшашиб, қалтирай бошлаганда у киши: «Эй мискина, қўрқма, ўзингни босиб ол», деганлар. Ибн Масъуд ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, бир одам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, гапиролмай қалт-қалт титрайверганда, Расулуллоҳ: «Қўрқма, мен подшоҳ эмасман», деганлар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг қадр-қимматлари баландлиги ва Аллоҳ таоло у кишини пайғамбарликка танлагани бу дунёда эришган энг юқори мартабаларидир. Охиратда эса Расулуллоҳ бани Инсон саййидидурлар.

Одамлар мол-дунёси кўплиги билан фахрланишади, бой-бадавлат кишилар бир кунимизга асқотиб, ҳожатимизни чиқарармикин, деган илинжда кишилар уларни катта билиб, иззат-икром қилишади. Мол-мулкнинг кўплиги фазилат эмас, бойлигини ўзининг ва бошқаларнинг эҳтиёжи учун сарфлаб, яхши ном қозонса ва кишиларнинг ҳурматига эришса, аҳли дунё назарида катта олижаноблик ҳисобланади; агар бисотини охиратни кўзлаб яхши йўлларга, фойдали ишларга сарфласа, ҳамма одамнинг назарида фазилат саналади. Бадавлат одам бахил бўлиб, бойлигини яхшиликка сарф этиш ўрнига мол-мулк тўплашга ҳирс қўйса, бундай бойликнинг қадри йўқ, мулкдор эса бахил, пасткаш, деган ҳақоратга учрайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларига ер юзининг хазиналари, мамлакатларининг калитлари топширилган, ғаниматлар у кишига ҳалол қилинган эди. Расулуллоҳ ҳаёт вақтларида Ҳижоз, Яман, Шом, Ироқнинг бир қисми, Араб ярим ороли фатҳ этилиб, жуда кўп ғанимат, хирож, закот моллари келтирилган, яқин−йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бу нарсаларни шахсий мулк сифатида ўзлаштириб олганлари, бирон тангалик нарсани ўз эҳтиёжлари учун ишлатганлари йўқ, ҳамма нарса тегишли жойга сарфланди. Одамлар бойиб, мусулмонларнинг бели бақувват бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжалланганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди», деганлар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳнинг қўлларига Мурра динорлари келган эди, унинг озгинасини қолдириб аёлларидан бирининг қўлига бериб қўйдилар. Лекин барибир, ётиб уйқулари келмади, то қолган динорларни ҳам бўлиб бермагунларича кўнгиллари жойига тушмади. Ёнларида ҳеч вақо қолмагандан кейингина: «Энди хотиржам бўлдим», дея енгил тин олганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганларида жанговар совутлар оиланинг харажатлари учун гаровга қўйилган эди. У Зоти муборак озиқ-овқат, енгил бош, уй-жойнинг эҳтиёжига ярашаси билан қаноатланганлар, ортиқча нарсаларга сира қизиқма-ганлар. Сарвари олам сира кийим танлаган эмаслар, кўпинча дағал газламалардан тикилган тўн ва шунга ўхшаш либослар киярдилар. Ваҳоланки, ҳузурларига ташриф буюрганларга олтин ҳал билан зийнатланган тўн кийдирар, келолмаганларга жўнатиб юборар эдилар. Бу нарса Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёнинг бойлигига сира қизиқмаганликларини, бор нарсаларини мустаҳиқ (закот олиши лозим бўлган одам)ларга сарф этиш фазилатига эга эканликларини кўрсатади. Гўзал одоб-ахлоқлардан иборат хислатлар ҳусни хулқ дейилади. Расулуллоҳ бундай хислатларнинг тимсоли эдилар. У кишининг ҳусни хулқлари ҳар жиҳатдан камолатга етган, мукамммал эди. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 4-оятида Пайғамбар алайҳиссаломни мақтаб: «Сен чиндан ҳам юксак ахлоқ эгасисан», деган. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқи — Қуръон эди. У киши Қуръон мамнун бўлган нарсадан мамнун бўлар, ғазабланганидан ғазабланардилар», дейди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари: «Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилдим», деганлар. Анас: «Расулуллоҳ энг гўзал ахлоқ эгаси эдилар», деган. Муҳаммад алайҳиссалом худди бошқа пайғамбарларга ўхшаш маънавий ва ахлоқий баркамолликка эришган эдилар. Бу Зоти мубораклар пайғамбарликка танланиб, Аллоҳнинг нури дилларини ёритиши билан фазлу камолат чўққисига кўтарилдилар. Парвардигор уларни пайғамбарликка танлаши биланоқ тиришиб ўзларини қийнамай, машқ қилмай, бебаҳо фазилатларга эга бўлдилар. Пайғамбарларга хос бундай гўзал ахлоқ ва хислатлар беҳисоб. Биз уларнинг моҳиятини баён этиш билан чекланиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Одоб-ахлоқнинг манбаи − ақл. Илм-маърифат − ақлнииг маҳсули. Донолик, теран фикр, ростгўйлик, тўғрилик, узоқни кўра билиш, нафснинг кўйига тушмаслик, аксинча уни тийиш, шаҳват билан курашиш, тўғри тадбир ва тўғри сиёсат юритиш, паст орзу-ҳаваслардан холи бўлиш каби хусусиятларга фақат ақл туфайли эришилади. Пайғамбар алайҳиссалом ақл ва илм жиҳатдан ҳеч кимга насиб этмаган энг юксак даражага етганлар. Бунга Расулуллоҳнинг ҳаёт йўли ва Ислом тарихи билан танишган, у кишининг лўнда, маъноли сўзларини, гўзал ахлоқларини, ҳадисларини ўрганган, Сарвари оламнинг Таврот, Инжил ва бошқа муқаддас китоблар ҳақидаги билимларини, файласуфларнинг фалсафаси ва ўтган умматлар тарихи ҳақидаги билимлари, мақол-маталлари, одамларга қўллаган сиёсий тадбирлари, йўлга қўйилган шариат ҳақидаги билимларини, табобат, алжабр, насабшуносликка оид фикрларини тадқиқ этган кишилар амин бўлишади. Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳиссалом уммий Пайғамбар бўлиб, ҳеч қаерда ўқимаган, аввалги китобларни кўрмаган, бировга шогирд тушмаган эдилар, у Зоти муборак фақат Аллоҳ таоло дилларига жо этиб, билдирган илмга эга эдилар, холос. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўргатган илмлар, келажакдаги содир бўладиган ишлар ҳақидаги башоратлари, яратганнинг қудрати ва мулки азими ҳақида билдирганларидан ташқари ўз ақлу фаросатларига яраша дунёвий ва ухровий маълумотларга эга эдилар. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 112-оятида Пайғамбар алайҳиссаломга: «Аллоҳ сенга билмайдиган нарсаларингни билдирди, сенга Аллоҳнинг фазли каттадир», дейди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг мулойимлиги, бағри кенглиги, ўч олишга қодир бўла туриб авф этишлари, бошларига мусибат тушганда, чидам билан енгишлари, сабрлиликлари ҳаммамиз учун ибратдир .Аллоҳ таоло ўз каломида Пайғамбар алайҳиссаломга: «Афвни дўст тутгин, амри маъруф қилгин ва нодонлар билан тенг бўлмагин», дейди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссаломдан бу оятнинг маъносини тушунтириб беришни сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ сендан юз ўгирганларга яқин бўлишни, муҳтож бўлганингда ҳеч нарса бермаганларга беришни, зулм ўтказганларни авф этишни буюради», деганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда яна бундай дейди: «Сенга етган азиятларга сабр қилгин, бу улуғ ишдир», Шўро сурасининг 42-оятида: «Кимки сабр қилса, (золимдан ўч олишга қодир бўла туриб қасос олмаса) ва уни афв этса, бу улуғ ишдир». Шунингдек Нур сурасининг 22-оятида: «Афв этсин, бағри кенг бўлсин. Аллоҳнинг сизларга мағфират қилишини истамайсизларми? Аллоҳ мағфират қилгувчидир, бениҳоя меҳрибондир», дейди.Пайғамбар алайҳиссалом ҳақидаги ривоятлардан у Кишида мазкур сифатлар мукаммал жамулжам экани аён бўлади. Ҳар қандай юмшоқ табиат одам ҳам ҳамиша мулойим бўлавермайди. Пайғамбар алайҳисслом икки ишдан бирини танлаш лозим бўлганда гуноҳ бўлмаса, улардан осонроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ саналса, бу нарсалардан ўзларини йироқ тутардилар. У киши ўзлари учун ўч олмасдилар, фақат Аллоҳнинг ҳукми оёқ ости қилингандагина Аллоҳ учун қасос олардилар». Одамлар Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошларига жуда кўп кулфатлар солган мушрикларни дуойи бад қилишни сўрашганда, Расулуллоҳ: «Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар (ҳеч нарсани) билишмайди», дея яратганга ёлборганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг нечоғли мулойим ва раҳмдил одамликларини Макка фатҳ этилган куни у Кишининг дилларини жуда қаттиқ оғритган, масхаралаб устиларидан кулган, мусулмонларни юртидан ҳайдаб чиқарган ва уларга қарши уруш очган, бунга ҳам қаноат қилмай, бошқа араб қабилаларини тўплаб, Расулуллоҳга қарши гижгижлаган Қурайш мушрикларини афви умумий қилганлари рўйирост кўрсатиб турибди. Расулуллоҳ шу куни улардан: «Мени нима қилади, деб ўйлаяпсизлар?» деб сўрадилар. Мушриклар: «Сен мард қариндошимизнинг мард ўғлисан, бизга, албатта, яхши муносабатда бўласан, деб ўйлаймиз», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Боринглар, ҳаммангиз озодсиз!» дедилар. Анас бундай дейди: «Мен Расулуллоҳнинг ёнларида турган эдим. Аробийлардан бири келиб, тўнларининг этагидан қаттиқ тортган эди, ёқаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг бўйинларини қийиб юборди. «Эй Муҳаммад, ёнингдаги Аллоҳнинг молидан манави икки туямга ортиб бер, асаканг кетмайди. Менга ўзингнинг ёки отангнинг молидан бермайсан», деди аробий сурбетлик билан. Расулуллоҳ бироз сукут сақлаб тургач: «Бу−Аллоҳнинг моли, мен Аллоҳнинг бир бандасиман, сенинг қилмишинг учун ўч оламан», дедилар. Аробий: «Йўқ, ўч олмайсан», деди. Расулуллоҳ ҳайрон бўлиб: «Нега ўч олмас эканман?» — деб сўрадилар. Аробий ҳозиржавоблик билан: «Сен ёмонликка ёмонлик қилмайсан», деди. Пайғамбар алайҳиссалом кулиб любордилар ва аробийнинг бир туясига арпа, иккинчисига хурмо ортиб беришни буюрдилар».

Оиша разияллоҳу анҳо: «Агар Аллоҳнинг ҳурмати оёқ ости қилинмаса, Расулуллоҳ ўзларига зулм ўтказганлардан нолиганларини ёки ўч олганларини сира эслолмайман. Пайғамбар алайҳиссалом худо йўлида олиб борилган жангдан бошқа жойда бирон кимсани чертмаганлар; умриларида на хизматкорлари, на аёлларини бир шапалоқ урмаганлар», деб эслайди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга раҳмат ёғдирсин! Мусулмонлар суннатларига эргашиб, у кишини рози қилишсин!

Сахийлик ва мардлик бобида замондошлари орасида Пайғамбар алайҳиссаломга тенг келадиган одам йўқ эди. Жобирнинг айтишича, биров нима сўрамасин, Расулуллоҳ сира йўқ деган эмас эканлар. Ибн Аббос: «Яхшилик учун Расулуллоҳнинг қўллари ҳаддан ташқари очиқ эди. Айниқса, рамазон ойида сахий бўлиб кетардилар. Жаброил билан учрашган кезлари одамларга яхшилик қилиш учун елдиримдек тез елиб-югурар эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳавозин қабиласи асирларини озод қилиш учун қўллаган тадбирлари, дили Ислом динига мойил одамларга жуда кўп мол-мулк берганлари у Кишининг саховатларига далилдир. Бу ҳақда юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.

Кунларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом қўлларига тушган тўқсон минг динорни бўйра устига ташлаб, охирги чақасигача саҳобаларга бўлиб бердилар. Бир одам келиб Расулуллоҳдан нарса сўраганда у Киши:«Ёнимда ҳеч вақо йўқ, лекин сенинг сўраганинг менинг гарданимда қарз бўлиб турсин, қўлимга бирон нима тушган заҳоти бераман», деганлар. Умар ибн Хаттоб: «Аллоҳ сизни бажо келтириб бўлмайдиган ишга ундагани йўқ-ку», деганида, Расулуллоҳ унинг гапини хушламай жавобсиз қолдирганлар. Ансорлардан бир киши: «Эй Расулуллоҳ, бераверинг, худо бор, камбағал бўлиб қолишдан қўрқманг», деганида Сарвари олам кулимсираб: «Мен шундай қилишга буюрилдим», дея жавоб қайтарганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саховатларига доир мисоллар ҳаддан ташқари кўп, уларнинг ҳаммасини баён этишнинг имкони йўқ.

Пайғамбар алайҳиссалом жасоратли ва ботир киши эдилар, шерюраклиги билан донг таратган одамлар қалтис вазиятларда орқага чекинганларида ҳам, Сарвари олам жанг майдонини ташлаб қочмаганлар. Аксинча, олға интилиб, ҳаммани курашга ундаганлар, орқага чекинишни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Расулуллоҳнинг Ҳунайн ва Уҳуд ғазотидаги қаҳрамонликларини юқорида баён этдик. Ибн Умар: «Расулуллоҳдан кўра жасур, сахий, қаноатли кишини кўрган эмасман», дейди. Али ибн Абу Толиб:«Биз энг мушкул пайтларда Расулуллоҳга илтижо қилардик. Жанг майдонларида, Пайғамбар алйҳиссалом душманга энг яқин жойда турардилар, Бадр ғазотида Расулуллоҳ ғаним билан юзма-юз туриб, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатдилар», дейди. Анас: «Расулуллоҳ энг қаҳрамон, энг чиройли, энг сахий киши эдилар. Бир куни кечаси Мадина аҳолиси ваҳимали овоздан уйғониб, душман ҳужум қилган бўлса керак, деган хаёлда қуролланиб, овоз келган томонга қараб юрди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ аллақачон Абу Талҳанинг яйдоқ отига миниб, вазиятни аниқлаб келибдилар. «Қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!» дея одамларни хотиржам қилдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом дунёдаги энг ҳаёли одам бўлганлар, бировларнинг айбларини кўриб туриб кўрмасликка олардилар. Абу Саид Худрий: «Расулуллоҳ гўшангадаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Олийжаноб ва ҳаёли бўлганлари учун бировларга малол келадиган гапни юзма-юз туриб айтмасдилар», деб эслайди. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ бировлар ҳақида бирон ёмон гап эшитсалар, ҳеч қачон фалончи бундай иш қилибди, деб отини атамас, аксинча, орамизда шундай иш қилиб юрганлар бор экан, дея танбеҳ бериш билан чекланардиар. У Киши одоб- ахлоққа зид сўз, хатти-ҳаракатлардан йироқ эдилар. Бозорларда шовқин-сурон солмас, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, ёмонлик қилганларни, албатта, афв этардилар. Ҳазрати Али: «Пайғамбар алайҳиссалом энг бағри кенг, энг ростгўй, энг мулойим ва энг хушмуомала одам эдилар», дейди. Расулуллоҳ кишиларни ўзларидан йироқлаштирмас, аксинча, доим ўзларига жалб этиб турардилар. Ҳар бир қавмнинг яхши одамини эъзозлаб, уни ўз аймоғига бошлиқ қилиб қўярдилар. Одамларни бирон нарсадан огоҳлантирганларида авзоларини ўзгартирмай ва пешоналарини тириштирмай гапирардилар. Расулуллоҳ ўта ҳушёр одам эдилар. Саҳобаларни тез-тез йўқлаб турардилар, давраларда суҳбатдошларига ўзига яраша жой кўрсатардилар. Бундай йиғинда иштирок этган кишиларнинг ҳар бири Расулуллоҳ ҳаммадан кўра менинг ҳурматимни жойига қўйдилар, деган фикр билан ўз кўнглини чоғ этарди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳожатманд бўлиб келган одамни бажонидил қабул қилиб, арзига сабр-тоқат билан қулоқ солардилар. Имкони бўлса, бундай одамларнинг ҳожатини чиқарар, имкони бўлмаса, яхши гап билан кўнглини овлаб кузатардилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг феъл-атворлари шу қадар ёқимли эдики, одамлар у Кишининг бундан бошқача бўлишлари мумкинлигини тасаввур этишолмасди. Ҳақиқат олдида Расулуллоҳ учун кишиларнинг ҳаммаси баробар эди. Ибн Абу Ҳола у Кишини шундай таърифлайди: «Расулуллоҳ ҳамиша очиқ чеҳра, ёқимли, мулойим эдилар. У Киши тўнг, қўпол, шовқин соладиган, одобсиз, ҳаддан зиёд айблагувчи ёки мадҳияловчи эмасдилар». Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида Расулулоҳга мурожаат этиб тайинлайди: «Сен Аллоҳнинг раҳмати билан уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, бағритош бўлганингда, улар ёнингга яқин йўлашмасди. Уларни афв эт, улар учун истиғфор айт, ҳамма ишда улар билан кенгаш». Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 34-оятида яна бундай деб уқтиради: «Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтар. Шундай қилсанг, сен билан адоватда бўлган одам дўстингга айланади».

Пайғамбар алайҳиссалом чақирган ерга борардилар, берилган совға оз бўлса-да, рад этмай олардилар ва шунга яраша қайтарардилар. Саҳобалари билан ҳазиллашардилар, борди-келди қилардилар, дардлашиб кўнгилларининг чигилини ёзардилар, уларнинг болаларини эркалатардилар, ўз ҳужраларига таклиф этардилар, хоҳ ҳур одам, хоҳ қул, хоҳ канизак, хоҳ ғариб-бечора бўлсин, чақирган одамнинг таклифини рад этмай, албатта, борардилар. Мадинанинг нариги чеккасидаги касалларни ҳам бориб кўрардилар, узр айтувчиларнинг узрини қабул қилардилар. Анас айтади: «Бирон киши Расулуллоҳнинг қулоқларига шивирласа, унинг гапи тугамагунча бошларини олиб қочмасдилар; кўришганда то бошқалар қўлини қўйиб юбормагунча қўлларини тортиб олмасдилар, учраганларга олдин салом берардилар, саҳобаларга аввал қўл узатардилар, бировларни қийнаб қўймаслик учун саҳобаларнинг олдида оёқларини узатиб ўтирмасдилар, ҳузурларига кирган одамни иззат-икром билан кутиб олардилар, уларнинг тагига тўшак ёки тўнларини солардилар, кўнмаганига қўймай меҳмонни тўрга чиқарардилар, саҳобаларни исм-шарифи билан тўлиқ атардилар, уларни ҳурматлаб, энг яхши кўрадиган исмлари билан мурожаат қилардилар; гапираётган одам, ким бўлишидан қатъи назар, гапини бўлмасдилар, Қуръон оятлари нозил бўлаётган ёки ўзлари ваъз айтаётганларида кўнгиллари яйраб, табассум билан чеҳралари очилиб юрардилар.

Пайғамбар алайҳиссалом одамларга меҳрибон, марҳаматли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Тавба сурасининг 128-оятида Расулуллоҳни сифатлаб: «Сизларнинг бошингизга мусибат тушса, У бундан эзилади, У сизларни яхши кўради, мўминларга меҳрибон, марҳаматлидир», деса, Анбиё сурасининг 109-оятида: «Биз сени бутун оламга раҳмат қилиб юбордик», дейди.

Ривоят қилинишича, бир аробий Расулуллоҳдан нарса сўраб келган. «Пайғамбар алайҳиссалом унга сўраганини бериб: «Рози бўлдингми?» деб сўраганларида, аробий: «Йўқ, мени рози қилолмадинг», дея жавоб қайтарган. Саҳобалар жаҳли чиқиб ўринларидан туриб кетишган. Расулуллоҳ уларни қўл ишораси билан қайтариб, аробийни уйларига олиб кетганлар ва талай нарса бериб: «Энди розимисан?» деб сўраганлар. Аробий: «Ҳа, энди рози бўлдим, Аллоҳ сенга оилангдан, хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин», деган. Расулуллоҳ: «Агар шу гапингни саҳобаларнинг олдида айтганингда, кўнгиллари эрирди, бояги муомалангдан кейин уларнинг дили ғаш бўлиб қолди», дедилар. Аробий у Кишининг гапига биноан эртасига келади. Расулуллоҳ саҳобаларга: «Бу кеча сизларни хафа қилган гапни айтган аробий,сўраган нарсаларини берганимдан кейин рози бўлди. Ростми?» дедилар. Аробий: «Рост. Аллоҳ сенга оилангдан ва хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин!» дея кечаги гапни такрорлади. Расулуллоҳ саҳобаларга: «Иккаламизнинг ўртамиздаги гап туяси қочиб кетган одамнинг ишига ўхшайди. Бир одамнинг туяси қочиб кетибди, одамлар уни қувлаган сари тезроқ югурибди. Туянинг эгаси: «Бўлди, аралашманглар, ўзимнинг туямни ўзим тутиб оламан», дебди. Озгина ўт юлиб, туяни ушлабди, юкларини ортиб дарров миниб олибди. Агар мен аробийни кечаги гапи учун қўйиб берганимда сизлар уни ўлдириб қўярдинглар, у дўзахга кирар эди». Расулуллоҳ айтадилар: «Саҳобаларим ҳақида менга иғвогарлик қилманглар. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўнглим ёришиб чиқишни истайман».

Расулуллоҳ намоз ўқиётганларида ёш боланинг йиғисини эшитсалар, ибодатни қисқартирардилар. Ибн Масъуд: «Расулуллоҳ бизга малол келмасин деб ваъзни ҳам қисқароқ қилардилар», дея хотирлайди.

Пайғамбар алайҳиссалом вафодор, сўзининг устидан чиқадиган, силаи раҳмли Зот эдилар. Абдуллоҳ ибн Хамсо бундай ривоят қилади: «Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан илгари у Кишидан бир нарса сотиб олгандим, менда озгина пул қолганди. Пулни бир жойга олиб келиб беришга ваъдалашиб, эсимдан чиқиб кетибди. Уч кундан кейин келсам, Расулуллоҳ кутиб ўтирибдилар.«Мени роса сарғайтирдинг-ку, уч кундан бери кутиб ўтирибман», дедилар».

Бирон жойдан совға-салом келиб қолса, Расулуллоҳ, бу нарсани фалончи хонимга элтиб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди, уни жуда яхши кўрарди, дер эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом хеш-ақробаларига уларнинг даражасига қараб силаи-раҳм қилар эдилар. Бир куни ҳузурларига келган элчилар ҳайъатини Расулуллоҳнинг ўзлари кутиб, хизмат қилганлар. Саҳобалар шу хизматни биз қилсак, бўлмайдими, дсб ажабланишган. Расулуллоҳ: «Улар саҳобаларимизни иззат-икром қилишган, уларни шунга яраша мукофотламоқчиман», деганлар. У Зоти муборакка пайғамбарлик ваҳийси келганда, ҳазрати Хадича разияллоҳу анҳо: «Суюнаверинг, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Сиз силаи-раҳм қиласиз, ожизларга ёрдам берасиз, ғарибларнинг ҳолидан хабар оласиз, меҳмонни яхши кутасиз, ҳақни ўз жойида қарор топтириш учун курашасиз», деганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом мартабалари баланд, насл-асаблари улуғ бўлса-да, камтар, камсуқум Зот эдилар. У кишининг камтарликлари шу даражада эдики, подшо- пайғамбарлик билан банда-пайғамбарликдан бирини танлаш имтиёзи берилганда, у Киши банда Пайғамбар бўлишни ихтиёр этганлар. Бир куни Расулуллоҳ асо тутиб саҳобаларнинг олдига чиққанларида ҳурматлари учун улар гурра ўрнидан қўзғолишган. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ажам (эронлик)лар бир-бирини улуғлаб ўринларидан қўзғолгандек сакраб турманглар. Мен ҳам бир бандаман, еб-ичишда, ётиб-туришда сизлардан фарқим йўқ», деганлар. Расулуллоҳ кўпинча эшакда юрардилар, доим орқаларига бировни мингаштириб олардилар, мискинларнинг ҳолидан хабардор бўлардилар, ғарибу ғураболар билан суҳбатлашиб ўтирардилар, қул уйига таклиф этса ҳам, борардилар, қаерда дуч келсалар, саҳобалар билан аралашиб кетаверардилар. У Киши доим: «Мени насоролар Ийсони учиргандек учириб юборманглар. Мен ҳам бир бандаман, мени Аллоҳнинг бандаси ва элчиси деб билинглар», дер эдилар.

Расулуллоҳ ҳаж қилганларида минган туяларининг устида эски тўқим, энгилларида тўрт дирҳамга ҳам арзимайдиган жун ёпинчиқ бор эди. Сарвари олам: «Эй Аллоҳ, ҳажимни риёсиз ва шон-шавкатсиз қилгин», дея Худога ёлборар эдилар. Ваҳоланки, у пайтда араб замини фатҳ этилиб, Расулуллоҳ шу ҳаж чоғида юзта туяни қурбонлик қилган эдилар. Макка фатҳ этилган куни Расулуллоҳ Ислом лашкари билан Маккага кираётганларида Аллоҳга тавозуъ қилиб, бошлари тўқимга теккунча қуйи эгилган эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай дейди: «Бир куни Расулуллоҳ билан бирга бозорга бориб, у кишига кийимлик олдик. Сарвари олам газлама учун ортиқча ҳақ тўладилар. Сотувчи қувониб кетганидан у Кишининг қўлини ўпмоқчи бўлди. Расулуллоҳ шартта қўлларини тортиб олдилар-да: «Бу − ажамларнинг одати. Улар подшоҳларининг қўлини шундай ўпишади, мен подшоҳ эмас, сизларга ўхшаган оддий бир одамман», дедилар. Олинган газламани мен кўтариб юрмоқчи эдим: «Ҳар ким ўзига тегишли нарсани ўзи кўтариб юриши керак, деб менга бермадилар».

Пайғамбар алайҳиссалом азалдан энг ишончли, энг ростгўй одам эдилар. Расулуллоҳнинг бу фазилатларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этишарди. Пайғамбарлик шарафига эришмасларидан аввал ҳам у кишини амин, яъни ишончли деб аташар, ёшу қари бирдек ҳурмат қилишарди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир фазилатлари ўзларининг гапларидан ойдинлашади. «Никоҳимда бўлмаган бирон аёлнинг қўлини тутган эмасман», дейдилар у Зоти муборак. Абул Аббос янада ибратли бир воқеани ҳикоя қилади: «Кисро кунларни тақсимлаб, бўрон чиққан куни ухлаш, ҳаво булутли кунда овга чиқиш, ёмғирли кунда нағма-наво тинглаб, шароб ичиш, қуёш чарақлаб турган кунда ишлаш керак, деган. Пайғамбар алайҳиссалом эса кунни учга бўлиб, бир қисмини Аллоҳ учун, бир қисмини оилалари учун, қолган қисмини ўзлари учун тақсим этганлар. Ўзлари учун ажратилган қисмини эса одамларнинг ҳожатини чиқариш учун сарфлаганлар. Саҳобаларни ҳам кўпнинг ҳожатини чиқаришга ундаб: «Мен мушкулини осон этолмаган кишиларнинг ҳожатини раво қилинглар. Ҳожатманднинг мушкулини осон этган одамни Аллоҳ қиёмат кунининг ваҳимасидан асрайди», — деганлар. Расулуллоҳ ҳеч қачон бировнинг гуноҳи учун бошқа кишини жазолаган эмаслар, бировнинг устидан иғво қилган кимсаларнинг гапига қулоқ солмасдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ўта вазмин, хушахлоқ, кўпинча юкинган куйи сукут сақлардилар, фақат лозим бўлгандагина гапирардилар. У кишининг гаплари айни вақтида айтилиб, юракка эм бўларди. Беҳуда чакак урадиганларнинг гапига қулоқ солмасдилар, қаҳ-қаҳ отмасдан фақат табассум билан кулардилар, саҳобалар ҳам у кишига ҳурматан ва тақлидан табассум билан кифояланишар эди. Расулуллоҳнинг суҳбатлари ширин, ҳаёли, дилни яйратадиган ва амин кайфиятда ўтарди. У Киши бор даврада ҳеч қачон шовқин-сурон, хунук гап эшитилмасди. Сарвари олам гапираётганларида суҳбатдошлари худди бошларига хумо қуши қўнгандек қилт этмай тинглашарди. Ибн Абу Ҳола: «Расулуллоҳнинг сукутлари тўрт хил эди: «Ёқимли, эҳтиёткорона, бировга малол келмайдиган ва чуқур тафаккурга тўла», деб эслайди. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳнинг сўзлари маъноли, худди санаса бўладиган даражада дона-дона эди. Сарвари олам хушбўй нарсаларни яхши кўрар, уларни кўп ишлатар ва бошқаларга ҳам тавсия этардилар», деб эслайди. Расулуллоҳ овқат ва ичимликларни пуфлаб истеъмол қилишни қатъиян ман этардилар, ҳар ким овқатни ўз олдидан олиб ейиши, мисвок ишлатиши, қўл ва оёқ бармоқларининг орасини тозалаб юриши зарурлигини кўп уқтирар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом тамадан холи эдилар, бойликка қизиқмас, фатҳ этилган жуда кўп жойларда тоғдек уюлиб ётган мол-мулкка лоақал кўз қирини ташлаб қўймасдилар. У Киши вафот этганларида оилаларининг нафақаси учун совутлари бир яҳудийга гаровга қўйилган эди. Расулуллоҳ ҳамиша: «Эй Аллоҳ, Муҳаммаднинг оиласига куни ўтгудек ризқ берсанг, кифоя», деб дуо қилардилар. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ кетма-кет уч кун тўйиб овқат емай дунёдан ўтдилар. У Кишидан олтин, кумуш, бирон туя ёки қўй қолгани йўқ. Расулуллоҳ вафот этганларида менинг уйимда тўрт ҳовуч арпадан бўлак егулик йўқ эди», деб эслайди. Расулуллоҳ: «Аллоҳ менга Макканинг тоғларини олтинга айлантириб бермоқчи эди, мен:«Кераги йўқ, Роббим, бир кун оч, бир кун тўқ ўтганим дуруст. Оч қолганимда сенга илтижо қилиб, дуода бўламан, тўқ кунимда сенга шукр қилиб, сано айтаман», дедим,деганлар. «Пайғамбар алайҳиссалом қайта-қайта элакдан ўтказилган майин уннинг нонини оғизларига солмаганлар, қайнаган сувга босиб ўлдирилган қўйнинг гўштидан тотмаганлар», дейди Анас. (Ўша пайтда ўзига тўқ одамлар қўйни қайнаган сувга босишарди-да, жунини юлиб, териси билан пишириб ейишарди.)

Расулуллоҳ ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи солинган чарм тўшакда ётардилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳнинг тўшаклари биттагина палос эди, уни икки буклаб солиб берардик. Бир куни палосни тўр буклаб солиб берган эдик, эртасига у киши палосни неча қават қилиб тўшаганимизни сўрадилар, биз тўрт буклаб солганимизни айтганимизда, бундан кейин икки қават қилиб солинглар, бугун ўриннинг юмшоқлиги мени намоздан қўйди, деганлар. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ тўйгунча овқат еган эмаслар, лекин ҳеч қачон бировга зорланмаганлар. Бойликдан кўра йўқсилликни яхши кўрардилар. Кўпинча очликдан туни бўйи қоринлари оғриб чиқар, лекин шунга қарамай, кундузлари рўза тутардилар. Агар у Киши Аллоҳдан бутун оламнинг хазинаю неъматларини, тўкин-сочин ҳаётни сўрасалар, бериши муқаррар эди, бироқ Расулуллоҳ сўрамасдилар. У Кишининг аҳволига ачиниб йиғлардим, очликдан оғриётган қоринларини икки қўллаб силаб чиқардим. Сизга жоним фидо бўлсин, хазинадан эҳтиёжингизга яраша мол-дунё олақолмайсизми, деганимда, у Зот: эй Оиша, менга мол-дунёнинг нима кераги бор? Менинг иродали пайғамбар дўстларим бундан ҳам оғир аҳволга чидашган, шу сабабли улар Аллоҳнинг даргоҳига борганда ҳурматга, савобга эришишди. Мен фаровон ҳаёт кечириб, Аллоҳнинг даргоҳида мартабам уларникидан пастроқ бўлиб қолишидан қўрқаман. Мен учун пайғамбар қариндошларим билан бирга бўлишдан ортиқ бахт йўқ, дердилар», дея ҳикоя қилади. Ҳазрати Оишанинг гувоҳлик беришича, Пайғамбар алайҳиссалом мана шу сўзларни айтганларидан кейин орадан бир неча ой ўтгач, вафот этганлар.

Расулуллоҳнинг Аллоҳдан қўрқишлари ва тоат-ибодатлари у кишининг илмларига яраша эди, Шу боис Сарвари олам: «Мен билган нарсаларни билганингизда камроқ кулиб, кўпроқ йиғлардингиз. Сизлар кўрмаган нарсалар менга аён, сизлар эшитмайдиган нарсалар менга маълум. Осмон оҳлар уради, унинг фарёд чекмоғи боис осмонда ҳар тўрт энлик жойда бир фаришта Аллоҳга сажда қилиб туради. Худо ҳақи, мен билганларимдан хабардор бўлсангиз, шубҳасиз, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз. Тўшакларингизда аёлларингиз билан лаззатланмас эдингиз, Аллоҳга илтижо айлаб, қир-адирларга чиқиб кетардингиз. Кошки эди, мен кесиб ташланадиган дарахт бўла қолсам», дея нидо қилганлар Пайғамбар алайҳиссалом. Кўп намоз ўқийверганларидан Расулуллоҳнинг оёқлари шишиб кетганини кўрган баъзи бировлар:

«Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?» дейишганда, у Зоти муборак: «Мен шукр қилгувчи бандалардан эмасманми?» дея жавоб берганлар.

Ҳазрати Оиша: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодати тинимсиз ёғиб турадиган ёмғирга ўхшарди. Қайси бирингизнинг Расулуллоҳдек бунга тоқатингиз етади? У киши рўза тутганларида, оғиз очмасмикинлар, деб ўйлардик, оғиз очганларида рўза тутмасмикинлар, деган хаёлга борардик», дея хотирлайди.

Авф ибн Молик: «Расулуллоҳ билан бир кеча бирга бўлгандим. У Киши мисвок билан тишларини ювдилар, кейин таҳорат қилиб, намозга турдилар. Мен ҳам у Кишига эргашдим. Расулуллоҳ Бақара сурасини ўқий бошладилар, Аллоҳнинг раҳматига оид оятларни ўқиганда тўхтаб, Парвардигорнинг раҳматини тилардилар, Аллоҳнинг азобига оид оятларни ўқиганда эса тўхтаб, Яратганнинг азобидан паноҳ сўрардилар. Шундан кейин руку қилар ва қиёмда қанча турган бўлсалар, рукуда ҳам шунча турардилар. Рукуда: «Қудратнинг, салтанатнинг ва буюкликнинг соҳиби бўлмиш Аллоҳ покдир», дер ва ундан кейингина саждага борардилар. Саждада ҳам рукуда айтганларини такрорлар, сўнгра Оли Имрон сурасини ўқир, кейин келадиган сураларни қўшимча қиларди ва намозни яна аввалги тартибда давом эттирардилар», дея ҳикоя қиларди.

Бошқа бир саҳоба: «Расулуллоҳникига келсам, намоз ўқиётган эканлар, қоринларидан худди шақирлаб қайнаётган қозондек овоз чиқарди», дейди. Ибн Абу Ҳола Расулуллоҳни, ҳамиша ғамгин, ўйчан, ҳаловат нималигини билмасдилар, деб таърифлайди. Ҳазрати Али: «Мен Расулуллоҳдан у кишининг суннатларини сўраганимда: «Маърифат — ҳамёним, ақл—динимнинг асоси, Аллоҳни дўст тутиш — таянч нуқтам, Аллоҳга бўлган иштиёқим — уловим, Аллоҳнинг зикри — улфатим, Аллоҳга бўлган ишончим — хазинам, ғам-қайғу — ҳамроҳим, илм — қуролим, сабр — чопоним, Аллоҳнинг қисматига рози бўлиш — ғаниматим, ожизлик — фахрим, тамасизлик — ҳунарим, иймон — қувватим, ростгўйлик — шафоатим, тоат-ибодат — қаноатим, жиҳод — ахлоқим, намоз — қувончим, Аллоҳнинг зикри — қалбимнинг меваси; ташвишим умматимдан, иштиёқим Роббимга», деб жавоб берганлар», дея таърифлайди.

Аллоҳ Расулуллоҳни умматидан хайриятларга эриштирсин! Қиёмат куни Аллоҳнинг розилигига, Расулуллоҳнинг шафоатига эришиш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг бетакрор, гўзал ахлоқларини, беназир хизматларини мулоҳаза қилиб, у Зоти муборакка эргашган ва у Кишининг йўлини маҳкам ушлаган бандага Аллоҳ раҳмат қилсин! Эй меҳрибон Парвардигор, марҳаматингни дариғ тутмай бизни яхши ишларга муваффақ айлагайсан!

211547-INNERRESIZED600-600-181833-INNERRESIZED600-600-1.jpgDunyo shu paytga qadar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdek mukammal, barchaga o‘rnak bo‘la oladigan go‘zal axloq sohibi, dunyodagi barcha yaxshi sifatlarni o‘zida mujassam etgan zotni ko‘rmagan va bundan keyin ham ko‘rmaydi. Islom instituti talabasi Nizomiddinov Hoshimjon tayyorlagan G‘arb mutafakkirlarining payg‘ambarimiz Muhammad (s. a. v.) haqida aytgan fikrlarini taqdim etamiz.

PAYG‘AMBARIMIZ MUHAMMAD (S.A.V.)
HAQIDA MASHHUR KISHILARNING FIKRLARI
09

Dunyo shu paytga qadar Rasululloh sollallohu alayhi vasallamdek mukammal, barchaga o‘rnak bo‘la oladigan go‘zal axloq sohibi, dunyodagi barcha yaxshi sifatlarni o‘zida mujassam etgan zotni ko‘rmagan va bundan keyin ham ko‘rmaydi.

Buyuk nemis faylasufi Yoxann Volfgang Gyote bunday deb yozgan: “Men dunyo tarixini o‘qib shunday xulosaga keldim: dunyo podshohlari to‘plagan barcha saltanatu boylik, qasrlaru saroylar Muhammad alayhissalomning yamoq yaktaklariga ham arzimas ekan… Biz Yevropa millatlari, madaniy imkonimiz yuqori bo‘lishiga qaramay, Muhammad alayhissalom so‘nggi pog‘onasiga qadar chiqa olgan zinaning birinchi pillapoyasidamiz, xolos. Hech shubha yo‘qki, biron kimsa u zotdan yuqoriroqqa o‘ta olmaydi”.

Bernard Shou: “Agar Muhammad alayhissalomdek bir odam hozirgi dunyoni boshqarganida edi, bu dunyoning mushkulliklarini hal qilishga muvaffaq bo‘lar edi, bu esa o‘z navbatida, hozirgi dunyoga yetishmayotgan xotirjamlik va saodatni olib kelgan bo‘lardi”, – degan edi.

Fransiyaning taniqli olimlaridan Lamartinning bunday so‘zlari bor: “Agar kishining buyukligi uning qilgan ishlariga, qozongan zafarlariga, imkoniyati oz bo‘lsa-da, ko‘p ish qilganiga qarab baholanadigan bo‘lsa, Muhammad alayhissalom insonlarning eng buyugidir. U kishi ham payg‘ambar, ham notiq, ham siyosatchi, sarkarda, qalblar himoyachisi, g‘oyalar targ‘ibotchisi, imom, davlat arbobi, yer yuzining 20 ta mintaqasida islomiy saltanat qura olgan… Muhammad alayhissalom ana shunday zot edi! Unga hech qaysi buyuk inson tenglasha olmaydi! Nahotki u zot o‘lchovlarga sig‘sa!”.

Oksford universiteti professori Vilyam Mongomeri: “Muhammad alayhissalomning zafar-yutuqlari uning buyukligiga dalildir. Bunday martabaga erishgan boshqa shaxs G‘arbda ma’lum emas. U zotni sehrgarlikda ayblagan kishilar o‘z maqsadiga erisholmay, noiloj qolgan odamning chiranishidir”, – degan.

G‘arb kishilari Payg‘ambarimiz sollallohu alayhi vasallamning tarixlarini, siyratlarini, hayot yo‘llarini yaxshi o‘rgangani sababli mana shunday xulosalarga kelganlar. Shundan kelib chiqib, biz suyukli Payg‘ambarimiz alayhissalomning hayot yo‘llarini barchadan yaxshiroq bilishimiz, barcha narsada u zotga ergashishimiz lozim bo‘ladi.

0a.jpgPAYG‘AMBARIMIZ MUHAMMAD (S.A.V.)NING
SIFATLARI VA GO‘ZAL AXLOQLARI
09

0 rasul.jpgAlloh taolo Payg‘ambarimiz Muhammad alayhissalomga hech kimga bermagan bu dunyo va oxiratning kamolotlarini ato etgan. Sarvari olamning izidan borib, bu dunyoda maqtovga, oxiratda savobga erishmoq uchun bu bobda* Rasulullohning betakror sifatlari hamda go‘zal axloqlari haqida qisqacha to‘xtalib o‘tamiz.

Alloh hammamizga hidoyat ato qilib, bizni to‘g‘ri yo‘lga boshlasin. Insondagi ulug‘lik va kamolot fazilatlari ikki turlidir: birinchisi, dunyoviy xislati zaruriya bo‘lib, u inson tabiati va yashash ehtiyojidan kelib chiqadi, ikkinchisi, diniy xislati qasbiya bo‘lib, bu sifatga erishganlar maqtovga sazovor va Allohga yaqinlashganlar jumlasiga kiradi. Dunyoviy xislati zaruriya kasbiy bo‘lmaydi, u insonning ixtiyoriga bog‘liq ham emas. Masalan: Payg‘ambar alayhissalomning yaratilishlaridagi tabiiy kamolotlari, husndagi go‘zalliklari, aqliy zakovatlari, idroklarining yuksakligi, tillarining fasohatliligi, his-tuyg‘u va badanlarining kuchliligi, harakatlarining mo‘’tadilligi, nasablarining tozaligi, qavmlari va yurtlarining mo‘’tabarligi kabi xislatlar bo‘lib, yashash zarurati taqozo etadigan ovqat, uyqu, kiyim-kechak, turar-joy, mol-mulk va obro‘-e’tibor kabilar shu jumlaga mansubdir; din, ilm, muloyimlik, sabr, shukr, adolat, haqqoniylik, ta’madan yiroqlik, kamtarlik, kechirimlilik, iffat, saxiylik, shijoat, hayo, odamgarchilik, kamgaplik, tamkinlik, og‘ir-bosiqlik, mehr-shafqat, husnixulq, yaxshi muomala kabi yuksak axloq-odobning barchasi oxiratga mansub xislati kasbiya sanalib, bular go‘zal axloq deb ataladi. Insonda mavjud tabiiy yo‘sindagi g‘ayrikasbiy kamolot xususiyatlarining barchasi Payg‘ambar alayhissalomning vujudlarida mavjud edi.

Payg‘ambar alayhissalomning rang- ro‘ylari benihoya chiroyli, gavda tuzilishi va a’zolarining mutanosibligi rivoyatlarda bunday tasvirlanadi: Payg‘ambar alayhissalomning yuzlari oppoq, nuroniy, ko‘zlari katta, qorachig‘lari timqora, oqi qizg‘ishga moyil, kipriklari quyuq, qoshlari uzun, ingichka, qirra burunlarining uchi xiyol egilgan, tishlari guruch donasidek oppoq, orasi ochiqroq, peshonalari keng, yuzlari dumaloq, soqollari quyuq, ko‘kraklari keng, gavdali, bilaklari uzun, kaftlari, oyoqlarining tovoni keng, o‘rta bo‘y, miqtidan kelgan, jundor odam edilar; ko‘kraklarida pastga qarab o‘sgan mayin yollari bor edi, kulganlarida tishlari xuddi marvarid donalaridek yarqirab ketardi, gapirganlarida shu’lalanib, og‘izlaridan nur taralayotgandek bo‘lardi, bo‘yinlari ham gavdalariga g‘oyat mos edi.

Baro ibn Ozib: «Umrimda qora sochlari quloqlarini bosib tushgan, qizil to‘nli Payg‘ambar alayhissalomdan kelishganroq odamni ko‘rgan emasman», deydi. Abu Hurayra: «Men Rasulullohdan ko‘ra chiroyli odamni ko‘rmaganman. Quyosh xuddi u kishining yuzidan balqigandek tuyulardi, kulganlarida yuzlaridan nur yog‘ilib, shu’lasi devorlarga tushardi», deb eslaydi. Ibn Abu Holaning hadisida: «Payg‘ambar alayhissalomning yuzi xuddi o‘n to‘rt kunlik oydek nurlanib turardi», deyilgan. Hazrati Ali Rasululloh haqida gapirib: «Payg‘ambar alayhissalom dastlab ko‘rgan odamga vajohatli tuyulardi, yaqindan bilgandan keyin esa eng suyukli kishisiga aylanib qolardi. Men Rasulullohdek odamni avval ham, keyin ham ko‘rmadim», deydi.

Payg‘ambar alayhissalom tozalikda, xushbo‘ylikda, ifloslik va najosatdan yiroqlikda alohida xususiyatlarga ega edilarki, bunday fazilatlar u Zoti muborakdan boshqa kishida topilmasdi. Alloh taolo Rasulullohni shariatining pokizaligi bilan yanada yuksak kamolotga erishtirdi. Payg‘ambar alayhissalom: «Islom dini pokizalik asosiga qurilgan», deya marhamat qilganlar. Anas:

«Payg‘ambar alayhissalomdagi xushbo‘y hid men hidlab ko‘rgan anbarlarning, iforning va boshqa mushku anbarlarning atridan yoqimliroq edi», degan. Jobir esa «Payg‘ambar alayhissalom yuzimni silab qo‘ygan edilar, u kishining qo‘llaridan xuddi attor (atr sotuvchi)ning qutisidan taralgandek dimog‘imga gup etib xushbo‘y is urildi», deydi. Ko‘plarning ta’kidlashicha, Sarvari olam xushbo‘y narsalarni iste’mol qilsalar ham, qilmasalar ham, u kishi bilan ko‘rishgan odamning qo‘lidan kechgacha yoqimli hid kelib turarkan. Agar Rasululloh, biron bolaning boshini silab qo‘ysalar, kechgacha o‘rtoqlari uning yonidan ketolmay qolisharkan. Imom Buxoriy katta tarixda Jobirdan rivoyat qilishicha, mushk-anbar ufurib turgan ko‘chadan yurgan odam bu yerdan, shubhasiz, Rasululloh o‘tganlarini bilar ekan.

Payg‘ambar alayhissalom aqlda komilliklari, zehnlari o‘tkirligi, hissiyotlarining kuchliligi, tillarining biyronligi, harakatlarining chaqqonligi, ahloqlarining go‘zalligiga qaraganda u Zoti muborakni hech shubhasiz eng aqlli va eng hushyor inson deb e’tirof etish kerak. Sarvari olam ilgari o‘qib, xat-savod chiqarmagan, maxsus saboq olmagan, dunyoviy va diniy kitoblarni ko‘rmagan bo‘lishlariga qaramay, odamlarga juda ko‘p ilmlarni o‘rgatdilar, shariatni barpo etdilar, odamlarning shaxsiy va jamoat ishlarini boshqarishlari, xalqqa qo‘llagan siyosatlari, betakror xulq-atvorlari va ajoyib turmush tarzlari u kishi aql-zakovatda komil, idroklari teran zot ekanliklarini isbotlab turibdi. Payg‘ambar alayhissalom namoz o‘qiyotganlarida orqadagi narsalarni ham xuddi oldilaridagidek aniq-tiniq ko‘rardilar. Alloh taoloning Shuaro surasidagi: «Alloh namozga turgan paytingizdagi harakatlaringizni ham ko‘rib turadi», degan 219-oyati bevosita yuqoridagi fikrlarning tasdig‘idir. Hazrat Oisha raziyallohu anho: «Payg‘ambar alayhissalom qorong‘ida ham xuddi yorug‘ paytdagidek ko‘raverar, Xulkardagi o‘n bir yulduzni bemalol sanay olardilar», deydi. Rivoyatlarda aytilishicha, Rasululloh zamonasining pahlavoni Rakonani kurashda yengib, Islom diniga da’vat etgan ekanlar. Abu Hurayra: «Men Payg‘ambar alayhissalomdan ko‘ra tez yuradigan odamni uchratmaganman. U kishi yo‘lga chiqqanida yer xuddi qatlamadek qatlanib, qisqarayotgandek tuyular, biz qiynalib yursak, u kishi, aksincha, yayrab odimlar, xuddi tepalikdan pastga tushayotgandek bemalol qadam tashlardiar. Kulganlarida ovozlarini balandlatmay tabassum qilar edilar», deydi.

Payg‘ambar alayhissalomning nutqlari benihoya fasohatli va chuqur ma’noli edi. Gaplari sun’iylikdan xoli, ravon, jumlalari lo‘nda, qisqa, tushunarli, fikrlari aniq, mazmunli, takallufsiz va chuqur ma’noli edi. U kishi arab tilining lahjalarini, hikmatli so‘zlarini ko‘p bilardilar. Har bir xalqqa ularning o‘z tili, shevasi va uslubida fasohatiga yarasha gapirar edilar. Ko‘pgina sahobalar so‘zlarning ma’nosini aytib berishni Payg‘ambar alayhissalomdan iltimos qilishardi. Rasulullohning hadislari va tarixlari bilan tanishgan odam bu narsani, ayniqsa,, yaxshi his etadi. Payg‘ambar alayhissalomning Quraysh xalqiga, Hazri Mavj va Yaman podsholariga hamda Najdning oqsoqollariga aytgan gaplari bir-biridan keskin farq qiladi. U kishi biron qabila bilan gaplashganlarida ular yoqtiradigan iboralarni ishlatar, yerlik odamlarga xush keladilan uslubda so‘zlashar edilar. Sarvari olam mana shu tarzda Islom dinining ta’limotlarini odamlarga yetkazar, Qur’on oyatlarini, shariat ahkomlarini har bir kishining didi, saviyasiga moslab tushuntirar edilar.

Payg‘ambar alayhissalomning fasohat bilan aytilgan chuqur ma’noli, lo‘nda so‘zlarini sharhlab, muzmunini chaqishga urinib, uslublarini tadqiq etib kitoblar yozilgan. Quyidagi hikmatdan iborat so‘z − iboralar Rasulullohning donishmandlik va fasohat bobida chinakam kamolotga yetganliklarining tasdig‘idir:

Hamma musulmonlarning joni barobardur. Ularning eng tubani ham birovlarni asrash ko‘yida yuradi, dushmanga qarshi (turishda) uyushqoq bo‘lishadi.

Insonlarning hammasi taroqning tishlaridek barobardur.

Kishi suygan odami bilan birga (bo‘ladi).

Sen birovga ravo ko‘rganni u senga ravo ko‘rmasa, bunday suhbatdoshlikda xosiyat yo‘q.

Insonlar ma’dan konlariga o‘xshashadi.

O‘z qadr-qimmatini bilgan odam halok bo‘lmaydi.

Maslahatga chaqirilgan odam ishonchli odam.

Gapirib yaxshilikka erishgan yoki sukut saqlab omon qolgan bandaga Alloh rahmat qilsin.

Musulmon bo‘lsang salomat bo‘lasan, musulmon bo‘lsang, Alloh ikki hissa ajr beradi. Sizlarning xushaxloq, kamtar, do‘stlashtirguvchi va do‘stlikka intilganingiiz qiyomat kuni menga eng ardoqli va eng yaqin bo‘ladiganingizdir.

U (ya’ni musulmon) behuda gapiradigan yoki arzimas narsalarga baxillik qiladigan bo‘lishi mumkin.

Ikkiyuzlamachi odam Allohning dargohida maqbul emas.

Bundan tashqari, Payg‘ambar alayhissalom behuda bahs-munozarani, ko‘p savol so‘rashni, molni isrof qilishni, onalarni ranjitishni, qiz bolalarni tiriklay ko‘mishni man qilib, aytgan gaplari ham ayni donolikning nishonasidur.

Har qanday sharoitda Allohga taqvodor bo‘l. Yomonlik qilsang, uni yaxshilik bilan yuv. Odamlarga xushmuomala bo‘l. Ishning yaxshisi o‘rtachasidir.

Do‘stingga haddan tashqari yaqin bo‘lma, bir kuni u sening dushmaningga aylanib qolishi mumkin.

Zulm qiluvchilarning zulmi qiyomat kuni o‘zlariga qorong‘u zulmat bo‘ladi.

Payg‘ambar alayhissalomning quyidagi duolari ham u kishining yuksak fasohati va zakovatidan dalolat beradi:

«Ey Alloh, sendan tilagim shuki, rahmating bilan qalbimni hidoyat qilgaysan, ishlarimni parokanda etmagaysan, tarqoq ishlarimni jamlagaysan, umid bog‘lagan ishlarimni ro‘yobga chiqargaysan, amalimni pok qilg‘aysan, ishlarimni to‘g‘ri yo‘lga solgaysan, do‘stligimni qaytargaysan, meni barcha yomonliklardan asragaysan. Ey Alloh, oson o‘limni, shahidlarcha qazoni, baxtiyor hayotni, dushmanlar ustidan g‘alaba qozonishni tilayman».

Bundan tashqari, Payg‘ambar alayhissalomning ko‘pgina kishilar tomonidan zikr etilgan so‘zlari, nutqlari, xutbalari, duolari, sulhnomalari hayratomuz fasohat va hikmatga to‘ladir. Sahobalar Rasulullohga: «Sizdan ko‘ra fasohatliroq gap gapiradigan kishini ko‘rmadik», deyishganda u Zoti muborak: «Qur’on mening tilimda, ya’ni ravshan arabiy tilda nozil etilgan ekan, boshqacha bo‘lishi ham mumkinmi?» deya javob qaytarganlar. Rasululloh: «Men Quraysh qabilasida dunyoga kelib, bani Sa’d aymog‘ida voyaga yetdim», deganlar. Payg‘ambar alayhissalomning gap-so‘zlarida sahro odamlariga xos qudrat va bosiqlik, shaharliklarga xos nafislik bilan nazokat jam bo‘lgan. Bundan tashqari, Sarvari olam boshqa odamlarga nasib etmaydigan vahiy orqali Allohning madadi va qo‘llab-quvvatlashiga erishganlar.

Payg‘ambar alayhissalom nasablarining asilligi, yurtlarining ulug‘ligi hammaga ayon. Rasululloh Quraysh qabilasi Hoshim jamoasining ko‘rar ko‘zi, arablarning eng asili, ota-ona tomonidan hurmatga sazovor, Alloh uchun ham, Payg‘ambar alayhissalom uchun ham aziz maskan hisoblanmish Makkadan edilar. Bu haqda kitobning bosh qismida batafsil gapirilgani uchun ortiqcha to‘xtalib o‘tirmaymiz.

Inson hayotiga zarur hisoblangan ayrim narsalarning oz bo‘lishi fazilatdir. Masalan: ovqat bilan uyquning kami shu jumlaga kiradi. Odamlar azalu azaldan me’yorida ovqatlanish bilan kam uxlashni maqtab, ko‘p yeyish bilan ko‘p uxlashni ayblashgan. Ko‘p yeyish, ko‘p ichish ochko‘zlik, harislik, shahvatparastlik nishonasidir. Ko‘p yeyish va ko‘p uxlash bu dunyoda ham, u dunyoda ham zarar, koni ziyon, turli kasalliklarni keltirib chiqaradi, aqlni zaiflashtirib, xomush qilib qo‘yadi; oz yeyish esa qanoatning, nafsni jilovlay bilishning, shahvatni o‘ldirishning nishonasidir, badanni sog‘lomlashtirib, zehnni o‘tkirlashtiradi; ko‘p uxlash kishini lanj, zaif, xomush, yalqov qilib qo‘yadi, inson umrini zoye ketgizadi, diydasini qotiradi, g‘aflatda qoldirib, dilini o‘ldiradi. Payg‘ambar alayhissalom oz yeb, kam uxlaganlar. Shu bois u kishi doim oz yeyishni targ‘ib etganlar: «Odam bolasi qorin degan rasvo idishni to‘ldirolgani yo‘q. To‘yish uchun bir necha luqma kifoya, Yeyish zarur bo‘lganda u oshqozonning uchdan birini ovqat uchun, uchdan birini suv uchun, uchdan birini nafsi uchun ajratib qo‘ysin» deganlar. Ko‘p yeyish bilan ko‘p ichish ko‘p uxlashga sabab bo‘ladi. Oisha raziyallohu anho: «Payg‘ambar alayhissalomning qorni yolchib ovqatga to‘ygan emas. U kishi oilasidagilardan bo‘lakcha ovqat so‘ramas, berganni yeb, berganni ichardilar», deydi. Payg‘ambar alayhissalom: «Men suyanib o‘tirib ovqat yemayman», deganlar. Tabiiyki, kishi chordona qurib, bemalol suyanib o‘tirsa, ko‘proq ovqat yegisi kelishi turgan gap. Rasululloh esa qovushmasdan cho‘nqayib o‘tirganlaricha naridan-beri ovqatlanganlar. «Men bir qulman, ovqatni quldek o‘tirib yeyman», deganlar u Zoti muborak. Rasululloh juda kam uxlaganlar, shunda ham: «Ikki ko‘zim uxlagani bilan qalbim sira uxlamaydi», deganlar.

Insonda qancha ko‘p va qancha yuqori bo‘lsa shuncha fazilat sanaladigan narsalar bor. Obro‘-e’tibor shular jumlasidandir. Donolar ta’kidlashicha, kishining obro‘siga qarab, uning hurmati belgilanadi. Alloh taolo Iyso alayhissalomni «Dunyo va oxiratda obro‘li», deya sifatlagan. Muhammad alayhissalom esa Payg‘ambar bo‘lishlaridan avval ham, keyin ham el-yurtning hurmatiga sazovor bo‘lganlar. Mushriklar Payg‘ambar alayhissalom bilan sahobalarga ozor berishni, suiqasd qilishii ko‘zlashsa-da, ko‘pincha u kishidan hayiqishar, baribir, yo‘riqlariga yurishardi. Birinchi marta duch kelgan odamni Payg‘ambar alayhissalomning salobatlari bosardi. Qiyla degan ayol Rasulullohni ko‘rganda qo‘rqqanidan oyoq-qo‘li bo‘shashib, qaltiray boshlaganda u kishi: «Ey miskina, qo‘rqma, o‘zingni bosib ol», deganlar. Ibn Mas’ud rivoyat qilgan bir hadisda aytilishicha, bir odam Payg‘ambar alayhissalomning huzurlariga kelib, gapirolmay qalt-qalt titrayverganda, Rasululloh: «Qo‘rqma, men podshoh emasman», deganlar.

Muhammad alayhissalomning qadr-qimmatlari balandligi va Alloh taolo u kishini payg‘ambarlikka tanlagani bu dunyoda erishgan eng yuqori martabalaridir. Oxiratda esa Rasululloh bani Inson sayyididurlar.

Odamlar mol-dunyosi ko‘pligi bilan faxrlanishadi, boy-badavlat kishilar bir kunimizga asqotib, hojatimizni chiqararmikin, degan ilinjda kishilar ularni katta bilib, izzat-ikrom qilishadi. Mol-mulkning ko‘pligi fazilat emas, boyligini o‘zining va boshqalarning ehtiyoji uchun sarflab, yaxshi nom qozonsa va kishilarning hurmatiga erishsa, ahli dunyo nazarida katta olijanoblik hisoblanadi; agar bisotini oxiratni ko‘zlab yaxshi yo‘llarga, foydali ishlarga sarflasa, hamma odamning nazarida fazilat sanaladi. Badavlat odam baxil bo‘lib, boyligini yaxshilikka sarf etish o‘rniga mol-mulk to‘plashga hirs qo‘ysa, bunday boylikning qadri yo‘q, mulkdor esa baxil, pastkash, degan haqoratga uchraydi. Payg‘ambar alayhissalomning qo‘llariga yer yuzining xazinalari, mamlakatlarining kalitlari topshirilgan, g‘animatlar u kishiga halol qilingan edi. Rasululloh hayot vaqtlarida Hijoz, Yaman, Shom, Iroqning bir qismi, Arab yarim oroli fath etilib, juda ko‘p g‘animat, xiroj, zakot mollari keltirilgan, yaqin−yiroqdagi podshohlar had-hisobsiz sovg‘a-salomlar yuborishgan edi. Lekin Payg‘ambar alayhissalom bu narsalarni shaxsiy mulk sifatida o‘zlashtirib olganlari, biron tangalik narsani o‘z ehtiyojlari uchun ishlatganlari yo‘q, hamma narsa tegishli joyga sarflandi. Odamlar boyib, musulmonlarning beli baquvvat bo‘ldi. Payg‘ambar alayhissalom: «Uhud tog‘idek oltinim bo‘lsa, undan Alloh yo‘lida sarflash uchun mo‘ljallanganidan tashqari biron dinorni olib qolish meni xursand qilmaydi», deganlar. Kunlarning birida Rasulullohning qo‘llariga Murra dinorlari kelgan edi, uning ozginasini qoldirib ayollaridan birining qo‘liga berib qo‘ydilar. Lekin baribir, yotib uyqulari kelmadi, to qolgan dinorlarni ham bo‘lib bermagunlaricha ko‘ngillari joyiga tushmadi. Yonlarida hech vaqo qolmagandan keyingina: «Endi xotirjam bo‘ldim», deya yengil tin olganlar.

Payg‘ambar alayhissalom vafot etganlarida jangovar sovutlar oilaning xarajatlari uchun garovga qo‘yilgan edi. U Zoti muborak oziq-ovqat, yengil bosh, uy-joyning ehtiyojiga yarashasi bilan qanoatlanganlar, ortiqcha narsalarga sira qiziqma-ganlar. Sarvari olam sira kiyim tanlagan emaslar, ko‘pincha dag‘al gazlamalardan tikilgan to‘n va shunga o‘xshash liboslar kiyardilar. Vaholanki, huzurlariga tashrif buyurganlarga oltin hal bilan ziynatlangan to‘n kiydirar, kelolmaganlarga jo‘natib yuborar edilar. Bu narsa Payg‘ambar alayhissalom bu dunyoning boyligiga sira qiziqmaganliklarini, bor narsalarini mustahiq (zakot olishi lozim bo‘lgan odam)larga sarf etish fazilatiga ega ekanliklarini ko‘rsatadi. Go‘zal odob-axloqlardan iborat xislatlar husni xulq deyiladi. Rasululloh bunday xislatlarning timsoli edilar. U kishining husni xulqlari har jihatdan kamolatga yetgan, mukammmal edi. Alloh taolo Nur surasining 4-oyatida Payg‘ambar alayhissalomni maqtab: «Sen chindan ham yuksak axloq egasisan», degan. Hazrati Oisha raziyallohu anho: «Payg‘ambar alayhissalomning xulqi — Qur’on edi. U kishi Qur’on mamnun bo‘lgan narsadan mamnun bo‘lar, g‘azablanganidan g‘azablanardilar», deydi. Payg‘ambar alayhissalomning o‘zlari: «Men go‘zal axloqlarni kamolga yetkazish uchun yuborildim», deganlar. Anas: «Rasululloh eng go‘zal axloq egasi edilar», degan. Muhammad alayhissalom xuddi boshqa payg‘ambarlarga o‘xshash ma’naviy va axloqiy barkamollikka erishgan edilar. Bu Zoti muboraklar payg‘ambarlikka tanlanib, Allohning nuri dillarini yoritishi bilan fazlu kamolat cho‘qqisiga ko‘tarildilar. Parvardigor ularni payg‘ambarlikka tanlashi bilanoq tirishib o‘zlarini qiynamay, mashq qilmay, bebaho fazilatlarga ega bo‘ldilar. Payg‘ambarlarga xos bunday go‘zal axloq va xislatlar behisob. Biz ularning mohiyatini bayon etish bilan cheklanib, Muhammad alayhissalomning sifatlari haqida to‘xtalib o‘tmoqchimiz.

Odob-axloqning manbai − aql. Ilm-ma’rifat − aqlniig mahsuli. Donolik, teran fikr, rostgo‘ylik, to‘g‘rilik, uzoqni ko‘ra bilish, nafsning ko‘yiga tushmaslik, aksincha uni tiyish, shahvat bilan kurashish, to‘g‘ri tadbir va to‘g‘ri siyosat yuritish, past orzu-havaslardan xoli bo‘lish kabi xususiyatlarga faqat aql tufayli erishiladi. Payg‘ambar alayhissalom aql va ilm jihatdan hech kimga nasib etmagan eng yuksak darajaga yetganlar. Bunga Rasulullohning hayot yo‘li va Islom tarixi bilan tanishgan, u kishining lo‘nda, ma’noli so‘zlarini, go‘zal axloqlarini, hadislarini o‘rgangan, Sarvari olamning Tavrot, Injil va boshqa muqaddas kitoblar haqidagi bilimlarini, faylasuflarning falsafasi va o‘tgan ummatlar tarixi haqidagi bilimlari, maqol-matallari, odamlarga qo‘llagan siyosiy tadbirlari, yo‘lga qo‘yilgan shariat haqidagi bilimlarini, tabobat, aljabr, nasabshunoslikka oid fikrlarini tadqiq etgan kishilar amin bo‘lishadi. Vaholanki, Muhammad alayhissalom ummiy Payg‘ambar bo‘lib, hech qayerda o‘qimagan, avvalgi kitoblarni ko‘rmagan, birovga shogird tushmagan edilar, u Zoti muborak faqat Alloh taolo dillariga jo etib, bildirgan ilmga ega edilar, xolos. Payg‘ambar alayhissalom Alloh taolo o‘rgatgan ilmlar, kelajakdagi sodir bo‘ladigan ishlar haqidagi bashoratlari, yaratganning qudrati va mulki azimi haqida bildirganlaridan tashqari o‘z aqlu farosatlariga yarasha dunyoviy va uxroviy ma’lumotlarga ega edilar. Alloh taolo Niso surasining 112-oyatida Payg‘ambar alayhissalomga: «Alloh senga bilmaydigan narsalaringni bildirdi, senga Allohning fazli kattadir», deydi.

Payg‘ambar alayhissalomning muloyimligi, bag‘ri kengligi, o‘ch olishga qodir bo‘la turib avf etishlari, boshlariga musibat tushganda, chidam bilan yengishlari, sabrliliklari hammamiz uchun ibratdir .Alloh taolo o‘z kalomida Payg‘ambar alayhissalomga: «Afvni do‘st tutgin, amri ma’ruf qilgin va nodonlar bilan teng bo‘lmagin», deydi. Rasululloh Jabroil alayhissalomdan bu oyatning ma’nosini tushuntirib berishni so‘radilar. Jabroil alayhissalom: «Ey Muhammad, Alloh sendan yuz o‘girganlarga yaqin bo‘lishni, muhtoj bo‘lganingda hech narsa bermaganlarga berishni, zulm o‘tkazganlarni avf etishni buyuradi», deganlar. Alloh taolo Qur’oni Karimda yana bunday deydi: «Senga yetgan aziyatlarga sabr qilgin, bu ulug‘ ishdir», Sho‘ro surasining 42-oyatida: «Kimki sabr qilsa, (zolimdan o‘ch olishga qodir bo‘la turib qasos olmasa) va uni afv etsa, bu ulug‘ ishdir». Shuningdek Nur surasining 22-oyatida: «Afv etsin, bag‘ri keng bo‘lsin. Allohning sizlarga mag‘firat qilishini istamaysizlarmi? Alloh mag‘firat qilguvchidir, benihoya mehribondir», deydi.Payg‘ambar alayhissalom haqidagi rivoyatlardan u Kishida mazkur sifatlar mukammal jamuljam ekani ayon bo‘ladi. Har qanday yumshoq tabiat odam ham hamisha muloyim bo‘lavermaydi. Payg‘ambar alayhisslom ikki ishdan birini tanlash lozim bo‘lganda gunoh bo‘lmasa, ulardan osonrog‘ini tanlar edilar. Agar gunoh sanalsa, bu narsalardan o‘zlarini yiroq tutardilar. U kishi o‘zlari uchun o‘ch olmasdilar, faqat Allohning hukmi oyoq osti qilingandagina Alloh uchun qasos olardilar». Odamlar Uhud jangida Payg‘ambar alayhissalomning boshlariga juda ko‘p kulfatlar solgan mushriklarni duoyi bad qilishni so‘rashganda, Rasululloh: «Ey Alloh, qavmimni hidoyat qilgin, chunki ular (hech narsani) bilishmaydi», deya yaratganga yolborganlar.

Payg‘ambar alayhissalomning nechog‘li muloyim va rahmdil odamliklarini Makka fath etilgan kuni u Kishining dillarini juda qattiq og‘ritgan, masxaralab ustilaridan kulgan, musulmonlarni yurtidan haydab chiqargan va ularga qarshi urush ochgan, bunga ham qanoat qilmay, boshqa arab qabilalarini to‘plab, Rasulullohga qarshi gijgijlagan Quraysh mushriklarini afvi umumiy qilganlari ro‘yirost ko‘rsatib turibdi. Rasululloh shu kuni ulardan: «Meni nima qiladi, deb o‘ylayapsizlar?» deb so‘radilar. Mushriklar: «Sen mard qarindoshimizning mard o‘g‘lisan, bizga, albatta, yaxshi munosabatda bo‘lasan, deb o‘ylaymiz», deyishdi. Payg‘ambar alayhissalom: «Boringlar, hammangiz ozodsiz!» dedilar. Anas bunday deydi: «Men Rasulullohning yonlarida turgan edim. Arobiylardan biri kelib, to‘nlarining etagidan qattiq tortgan edi, yoqasi Payg‘ambar alayhissalomning bo‘yinlarini qiyib yubordi. «Ey Muhammad, yoningdagi Allohning molidan manavi ikki tuyamga ortib ber, asakang ketmaydi. Menga o‘zingning yoki otangning molidan bermaysan», dedi arobiy surbetlik bilan. Rasululloh biroz sukut saqlab turgach: «Bu−Allohning moli, men Allohning bir bandasiman, sening qilmishing uchun o‘ch olaman», dedilar. Arobiy: «Yo‘q, o‘ch olmaysan», dedi. Rasululloh hayron bo‘lib: «Nega o‘ch olmas ekanman?» — deb so‘radilar. Arobiy hozirjavoblik bilan: «Sen yomonlikka yomonlik qilmaysan», dedi. Payg‘ambar alayhissalom kulib lyubordilar va arobiyning bir tuyasiga arpa, ikkinchisiga xurmo ortib berishni buyurdilar».

Oisha raziyallohu anho: «Agar Allohning hurmati oyoq osti qilinmasa, Rasululloh o‘zlariga zulm o‘tkazganlardan noliganlarini yoki o‘ch olganlarini sira eslolmayman. Payg‘ambar alayhissalom xudo yo‘lida olib borilgan jangdan boshqa joyda biron kimsani chertmaganlar; umrilarida na xizmatkorlari, na ayollarini bir shapaloq urmaganlar», deb eslaydi. Alloh taolo Rasulullohga rahmat yog‘dirsin! Musulmonlar sunnatlariga ergashib, u kishini rozi qilishsin!

Saxiylik va mardlik bobida zamondoshlari orasida Payg‘ambar alayhissalomga teng keladigan odam yo‘q edi. Jobirning aytishicha, birov nima so‘ramasin, Rasululloh sira yo‘q degan emas ekanlar. Ibn Abbos: «Yaxshilik uchun Rasulullohning qo‘llari haddan tashqari ochiq edi. Ayniqsa, ramazon oyida saxiy bo‘lib ketardilar. Jabroil bilan uchrashgan kezlari odamlarga yaxshilik qilish uchun yeldirimdek tez yelib-yugurar edilar. Payg‘ambar alayhissalomning Havozin qabilasi asirlarini ozod qilish uchun qo‘llagan tadbirlari, dili Islom diniga moyil odamlarga juda ko‘p mol-mulk berganlari u Kishining saxovatlariga dalildir. Bu haqda yuqorida batafsil to‘xtalib o‘tdik.

Kunlarning birida Payg‘ambar alayhissalom qo‘llariga tushgan to‘qson ming dinorni bo‘yra ustiga tashlab, oxirgi chaqasigacha sahobalarga bo‘lib berdilar. Bir odam kelib Rasulullohdan narsa so‘raganda u Kishi:«Yonimda hech vaqo yo‘q, lekin sening so‘raganing mening gardanimda qarz bo‘lib tursin, qo‘limga biron nima tushgan zahoti beraman», deganlar. Umar ibn Xattob: «Alloh sizni bajo keltirib bo‘lmaydigan ishga undagani yo‘q-ku», deganida, Rasululloh uning gapini xushlamay javobsiz qoldirganlar. Ansorlardan bir kishi: «Ey Rasululloh, beravering, xudo bor, kambag‘al bo‘lib qolishdan qo‘rqmang», deganida Sarvari olam kulimsirab: «Men shunday qilishga buyurildim», deya javob qaytarganlar. Payg‘ambar alayhissalomning saxovatlariga doir misollar haddan tashqari ko‘p, ularning hammasini bayon etishning imkoni yo‘q.

Payg‘ambar alayhissalom jasoratli va botir kishi edilar, sheryurakligi bilan dong taratgan odamlar qaltis vaziyatlarda orqaga chekinganlarida ham, Sarvari olam jang maydonini tashlab qochmaganlar. Aksincha, olg‘a intilib, hammani kurashga undaganlar, orqaga chekinishni xayollariga ham keltirmaganlar. Rasulullohning Hunayn va Uhud g‘azotidagi qahramonliklarini yuqorida bayon etdik. Ibn Umar: «Rasulullohdan ko‘ra jasur, saxiy, qanoatli kishini ko‘rgan emasman», deydi. Ali ibn Abu Tolib:«Biz eng mushkul paytlarda Rasulullohga iltijo qilardik. Jang maydonlarida, Payg‘ambar alyhissalom dushmanga eng yaqin joyda turardilar, Badr g‘azotida Rasululloh g‘anim bilan yuzma-yuz turib, mislsiz qahramonlik ko‘rsatdilar», deydi. Anas: «Rasululloh eng qahramon, eng chiroyli, eng saxiy kishi edilar. Bir kuni kechasi Madina aholisi vahimali ovozdan uyg‘onib, dushman hujum qilgan bo‘lsa kerak, degan xayolda qurollanib, ovoz kelgan tomonga qarab yurdi. Vaholanki, Rasululloh allaqachon Abu Talhaning yaydoq otiga minib, vaziyatni aniqlab kelibdilar. «Qo‘rqmanglar, hech gap yo‘q!» deya odamlarni xotirjam qildilar.

Payg‘ambar alayhissalom dunyodagi eng hayoli odam bo‘lganlar, birovlarning ayblarini ko‘rib turib ko‘rmaslikka olardilar. Abu Said Xudriy: «Rasululloh go‘shangadagi kelinchakdan ham hayoliroq edilar. Oliyjanob va hayoli bo‘lganlari uchun birovlarga malol keladigan gapni yuzma-yuz turib aytmasdilar», deb eslaydi. Hazrati Oisha raziyallohu anho: «Rasululloh birovlar haqida biron yomon gap eshitsalar, hech qachon falonchi bunday ish qilibdi, deb otini atamas, aksincha, oramizda shunday ish qilib yurganlar bor ekan, deya tanbeh berish bilan cheklanardiar. U Kishi odob- axloqqa zid so‘z, xatti-harakatlardan yiroq edilar. Bozorlarda shovqin-suron solmas, yomonlikka yomonlik bilan javob qaytarmas, yomonlik qilganlarni, albatta, afv etardilar. Hazrati Ali: «Payg‘ambar alayhissalom eng bag‘ri keng, eng rostgo‘y, eng muloyim va eng xushmuomala odam edilar», deydi. Rasululloh kishilarni o‘zlaridan yiroqlashtirmas, aksincha, doim o‘zlariga jalb etib turardilar. Har bir qavmning yaxshi odamini e’zozlab, uni o‘z aymog‘iga boshliq qilib qo‘yardilar. Odamlarni biron narsadan ogohlantirganlarida avzolarini o‘zgartirmay va peshonalarini tirishtirmay gapirardilar. Rasululloh o‘ta hushyor odam edilar. Sahobalarni tez-tez yo‘qlab turardilar, davralarda suhbatdoshlariga o‘ziga yarasha joy ko‘rsatardilar. Bunday yig‘inda ishtirok etgan kishilarning har biri Rasululloh hammadan ko‘ra mening hurmatimni joyiga qo‘ydilar, degan fikr bilan o‘z ko‘nglini chog‘ etardi. Payg‘ambar alayhissalom hojatmand bo‘lib kelgan odamni bajonidil qabul qilib, arziga sabr-toqat bilan quloq solardilar. Imkoni bo‘lsa, bunday odamlarning hojatini chiqarar, imkoni bo‘lmasa, yaxshi gap bilan ko‘nglini ovlab kuzatardilar. Payg‘ambar alayhissalomning fe’l-atvorlari shu qadar yoqimli ediki, odamlar u Kishining bundan boshqacha bo‘lishlari mumkinligini tasavvur etisholmasdi. Haqiqat oldida Rasululloh uchun kishilarning hammasi barobar edi. Ibn Abu Hola u Kishini shunday ta’riflaydi: «Rasululloh hamisha ochiq chehra, yoqimli, muloyim edilar. U Kishi to‘ng, qo‘pol, shovqin soladigan, odobsiz, haddan ziyod ayblaguvchi yoki madhiyalovchi emasdilar». Alloh taolo Oli Imron surasining 159-oyatida Rasululohga murojaat etib tayinlaydi: «Sen Allohning rahmati bilan ularga muloyim bo‘lding. Agar qo‘pol, bag‘ritosh bo‘lganingda, ular yoningga yaqin yo‘lashmasdi. Ularni afv et, ular uchun istig‘for ayt, hamma ishda ular bilan kengash». Alloh taolo Fussilat surasining 34-oyatida yana bunday deb uqtiradi: «Yomonlikka yaxshilik bilan javob qaytar. Shunday qilsang, sen bilan adovatda bo‘lgan odam do‘stingga aylanadi».

Payg‘ambar alayhissalom chaqirgan yerga borardilar, berilgan sovg‘a oz bo‘lsa-da, rad etmay olardilar va shunga yarasha qaytarardilar. Sahobalari bilan hazillashardilar, bordi-keldi qilardilar, dardlashib ko‘ngillarining chigilini yozardilar, ularning bolalarini erkalatardilar, o‘z hujralariga taklif etardilar, xoh hur odam, xoh qul, xoh kanizak, xoh g‘arib-bechora bo‘lsin, chaqirgan odamning taklifini rad etmay, albatta, borardilar. Madinaning narigi chekkasidagi kasallarni ham borib ko‘rardilar, uzr aytuvchilarning uzrini qabul qilardilar. Anas aytadi: «Biron kishi Rasulullohning quloqlariga shivirlasa, uning gapi tugamaguncha boshlarini olib qochmasdilar; ko‘rishganda to boshqalar qo‘lini qo‘yib yubormaguncha qo‘llarini tortib olmasdilar, uchraganlarga oldin salom berardilar, sahobalarga avval qo‘l uzatardilar, birovlarni qiynab qo‘ymaslik uchun sahobalarning oldida oyoqlarini uzatib o‘tirmasdilar, huzurlariga kirgan odamni izzat-ikrom bilan kutib olardilar, ularning tagiga to‘shak yoki to‘nlarini solardilar, ko‘nmaganiga qo‘ymay mehmonni to‘rga chiqarardilar, sahobalarni ism-sharifi bilan to‘liq atardilar, ularni hurmatlab, eng yaxshi ko‘radigan ismlari bilan murojaat qilardilar; gapirayotgan odam, kim bo‘lishidan qat’i nazar, gapini bo‘lmasdilar, Qur’on oyatlari nozil bo‘layotgan yoki o‘zlari va’z aytayotganlarida ko‘ngillari yayrab, tabassum bilan chehralari ochilib yurardilar.

Payg‘ambar alayhissalom odamlarga mehribon, marhamatli edilar. Alloh taolo Qur’oni Karimdagi Tavba surasining 128-oyatida Rasulullohni sifatlab: «Sizlarning boshingizga musibat tushsa, U bundan eziladi, U sizlarni yaxshi ko‘radi, mo‘minlarga mehribon, marhamatlidir», desa, Anbiyo surasining 109-oyatida: «Biz seni butun olamga rahmat qilib yubordik», deydi.

Rivoyat qilinishicha, bir arobiy Rasulullohdan narsa so‘rab kelgan. «Payg‘ambar alayhissalom unga so‘raganini berib: «Rozi bo‘ldingmi?» deb so‘raganlarida, arobiy: «Yo‘q, meni rozi qilolmading», deya javob qaytargan. Sahobalar jahli chiqib o‘rinlaridan turib ketishgan. Rasululloh ularni qo‘l ishorasi bilan qaytarib, arobiyni uylariga olib ketganlar va talay narsa berib: «Endi rozimisan?» deb so‘raganlar. Arobiy: «Ha, endi rozi bo‘ldim, Alloh senga oilangdan, xesh-aqrabolaringdan yaxshilik qaytarsin», degan. Rasululloh: «Agar shu gapingni sahobalarning oldida aytganingda, ko‘ngillari erirdi, boyagi muomalangdan keyin ularning dili g‘ash bo‘lib qoldi», dedilar. Arobiy u Kishining gapiga binoan ertasiga keladi. Rasululloh sahobalarga: «Bu kecha sizlarni xafa qilgan gapni aytgan arobiy,so‘ragan narsalarini berganimdan keyin rozi bo‘ldi. Rostmi?» dedilar. Arobiy: «Rost. Alloh senga oilangdan va xesh-aqrabolaringdan yaxshilik qaytarsin!» deya kechagi gapni takrorladi. Rasululloh sahobalarga: «Ikkalamizning o‘rtamizdagi gap tuyasi qochib ketgan odamning ishiga o‘xshaydi. Bir odamning tuyasi qochib ketibdi, odamlar uni quvlagan sari tezroq yuguribdi. Tuyaning egasi: «Bo‘ldi, aralashmanglar, o‘zimning tuyamni o‘zim tutib olaman», debdi. Ozgina o‘t yulib, tuyani ushlabdi, yuklarini ortib darrov minib olibdi. Agar men arobiyni kechagi gapi uchun qo‘yib berganimda sizlar uni o‘ldirib qo‘yardinglar, u do‘zaxga kirar edi». Rasululloh aytadilar: «Sahobalarim haqida menga ig‘vogarlik qilmanglar. Men sizlarning huzuringizga ko‘nglim yorishib chiqishni istayman».

Rasululloh namoz o‘qiyotganlarida yosh bolaning yig‘isini eshitsalar, ibodatni qisqartirardilar. Ibn Mas’ud: «Rasululloh bizga malol kelmasin deb va’zni ham qisqaroq qilardilar», deya xotirlaydi.

Payg‘ambar alayhissalom vafodor, so‘zining ustidan chiqadigan, silai rahmli Zot edilar. Abdulloh ibn Xamso bunday rivoyat qiladi: «Muhammad alayhissalom Payg‘ambar bo‘lishlaridan ilgari u Kishidan bir narsa sotib olgandim, menda ozgina pul qolgandi. Pulni bir joyga olib kelib berishga va’dalashib, esimdan chiqib ketibdi. Uch kundan keyin kelsam, Rasululloh kutib o‘tiribdilar.«Meni rosa sarg‘aytirding-ku, uch kundan beri kutib o‘tiribman», dedilar».

Biron joydan sovg‘a-salom kelib qolsa, Rasululloh, bu narsani falonchi xonimga eltib beringlar, u Xadichaning dugonasi edi, uni juda yaxshi ko‘rardi, der edilar. Payg‘ambar alayhissalom xesh-aqrobalariga ularning darajasiga qarab silai-rahm qilar edilar. Bir kuni huzurlariga kelgan elchilar hay’atini Rasulullohning o‘zlari kutib, xizmat qilganlar. Sahobalar shu xizmatni biz qilsak, bo‘lmaydimi, dsb ajablanishgan. Rasululloh: «Ular sahobalarimizni izzat-ikrom qilishgan, ularni shunga yarasha mukofotlamoqchiman», deganlar. U Zoti muborakka payg‘ambarlik vahiysi kelganda, hazrati Xadicha raziyallohu anho: «Suyunavering, Alloh sizni aslo sharmanda qilmaydi. Siz silai-rahm qilasiz, ojizlarga yordam berasiz, g‘ariblarning holidan xabar olasiz, mehmonni yaxshi kutasiz, haqni o‘z joyida qaror toptirish uchun kurashasiz», deganlar.

Payg‘ambar alayhissalom martabalari baland, nasl-asablari ulug‘ bo‘lsa-da, kamtar, kamsuqum Zot edilar. U kishining kamtarliklari shu darajada ediki, podsho- payg‘ambarlik bilan banda-payg‘ambarlikdan birini tanlash imtiyozi berilganda, u Kishi banda Payg‘ambar bo‘lishni ixtiyor etganlar. Bir kuni Rasululloh aso tutib sahobalarning oldiga chiqqanlarida hurmatlari uchun ular gurra o‘rnidan qo‘zg‘olishgan. Payg‘ambar alayhissalom: «Ajam (eronlik)lar bir-birini ulug‘lab o‘rinlaridan qo‘zg‘olgandek sakrab turmanglar. Men ham bir bandaman, yeb-ichishda, yotib-turishda sizlardan farqim yo‘q», deganlar. Rasululloh ko‘pincha eshakda yurardilar, doim orqalariga birovni mingashtirib olardilar, miskinlarning holidan xabardor bo‘lardilar, g‘aribu g‘urabolar bilan suhbatlashib o‘tirardilar, qul uyiga taklif etsa ham, borardilar, qayerda duch kelsalar, sahobalar bilan aralashib ketaverardilar. U Kishi doim: «Meni nasorolar Iysoni uchirgandek uchirib yubormanglar. Men ham bir bandaman, meni Allohning bandasi va elchisi deb bilinglar», der edilar.

Rasululloh haj qilganlarida mingan tuyalarining ustida eski to‘qim, engillarida to‘rt dirhamga ham arzimaydigan jun yopinchiq bor edi. Sarvari olam: «Ey Alloh, hajimni riyosiz va shon-shavkatsiz qilgin», deya Xudoga yolborar edilar. Vaholanki, u paytda arab zamini fath etilib, Rasululloh shu haj chog‘ida yuzta tuyani qurbonlik qilgan edilar. Makka fath etilgan kuni Rasululloh Islom lashkari bilan Makkaga kirayotganlarida Allohga tavozu’ qilib, boshlari to‘qimga tekkuncha quyi egilgan edi. Abu Hurayra raziyallohu anhu shunday deydi: «Bir kuni Rasululloh bilan birga bozorga borib, u kishiga kiyimlik oldik. Sarvari olam gazlama uchun ortiqcha haq to‘ladilar. Sotuvchi quvonib ketganidan u Kishining qo‘lini o‘pmoqchi bo‘ldi. Rasululloh shartta qo‘llarini tortib oldilar-da: «Bu − ajamlarning odati. Ular podshohlarining qo‘lini shunday o‘pishadi, men podshoh emas, sizlarga o‘xshagan oddiy bir odamman», dedilar. Olingan gazlamani men ko‘tarib yurmoqchi edim: «Har kim o‘ziga tegishli narsani o‘zi ko‘tarib yurishi kerak, deb menga bermadilar».

Payg‘ambar alayhissalom azaldan eng ishonchli, eng rostgo‘y odam edilar. Rasulullohning bu fazilatlarini hatto dushmanlari ham e’tirof etishardi. Payg‘ambarlik sharafiga erishmaslaridan avval ham u kishini amin, ya’ni ishonchli deb atashar, yoshu qari birdek hurmat qilishardi. Payg‘ambar alayhissalomning yana bir fazilatlari o‘zlarining gaplaridan oydinlashadi. «Nikohimda bo‘lmagan biron ayolning qo‘lini tutgan emasman», deydilar u Zoti muborak. Abul Abbos yanada ibratli bir voqeani hikoya qiladi: «Kisro kunlarni taqsimlab, bo‘ron chiqqan kuni uxlash, havo bulutli kunda ovga chiqish, yomg‘irli kunda nag‘ma-navo tinglab, sharob ichish, quyosh charaqlab turgan kunda ishlash kerak, degan. Payg‘ambar alayhissalom esa kunni uchga bo‘lib, bir qismini Alloh uchun, bir qismini oilalari uchun, qolgan qismini o‘zlari uchun taqsim etganlar. O‘zlari uchun ajratilgan qismini esa odamlarning hojatini chiqarish uchun sarflaganlar. Sahobalarni ham ko‘pning hojatini chiqarishga undab: «Men mushkulini oson etolmagan kishilarning hojatini ravo qilinglar. Hojatmandning mushkulini oson etgan odamni Alloh qiyomat kunining vahimasidan asraydi», — deganlar. Rasululloh hech qachon birovning gunohi uchun boshqa kishini jazolagan emaslar, birovning ustidan ig‘vo qilgan kimsalarning gapiga quloq solmasdilar.

Payg‘ambar alayhissalom o‘ta vazmin, xushaxloq, ko‘pincha yukingan kuyi sukut saqlardilar, faqat lozim bo‘lgandagina gapirardilar. U kishining gaplari ayni vaqtida aytilib, yurakka em bo‘lardi. Behuda chakak uradiganlarning gapiga quloq solmasdilar, qah-qah otmasdan faqat tabassum bilan kulardilar, sahobalar ham u kishiga hurmatan va taqlidan tabassum bilan kifoyalanishar edi. Rasulullohning suhbatlari shirin, hayoli, dilni yayratadigan va amin kayfiyatda o‘tardi. U Kishi bor davrada hech qachon shovqin-suron, xunuk gap eshitilmasdi. Sarvari olam gapirayotganlarida suhbatdoshlari xuddi boshlariga xumo qushi qo‘ngandek qilt etmay tinglashardi. Ibn Abu Hola: «Rasulullohning sukutlari to‘rt xil edi: «Yoqimli, ehtiyotkorona, birovga malol kelmaydigan va chuqur tafakkurga to‘la», deb eslaydi. Hazrati Oisha: «Rasulullohning so‘zlari ma’noli, xuddi sanasa bo‘ladigan darajada dona-dona edi. Sarvari olam xushbo‘y narsalarni yaxshi ko‘rar, ularni ko‘p ishlatar va boshqalarga ham tavsiya etardilar», deb eslaydi. Rasululloh ovqat va ichimliklarni puflab iste’mol qilishni qat’iyan man etardilar, har kim ovqatni o‘z oldidan olib yeyishi, misvok ishlatishi, qo‘l va oyoq barmoqlarining orasini tozalab yurishi zarurligini ko‘p uqtirar edilar.

Payg‘ambar alayhissalom tamadan xoli edilar, boylikka qiziqmas, fath etilgan juda ko‘p joylarda tog‘dek uyulib yotgan mol-mulkka loaqal ko‘z qirini tashlab qo‘ymasdilar. U Kishi vafot etganlarida oilalarining nafaqasi uchun sovutlari bir yahudiyga garovga qo‘yilgan edi. Rasululloh hamisha: «Ey Alloh, Muhammadning oilasiga kuni o‘tgudek rizq bersang, kifoya», deb duo qilardilar. Hazrati Oisha: «Rasululloh ketma-ket uch kun to‘yib ovqat yemay dunyodan o‘tdilar. U Kishidan oltin, kumush, biron tuya yoki qo‘y qolgani yo‘q. Rasululloh vafot etganlarida mening uyimda to‘rt hovuch arpadan bo‘lak yegulik yo‘q edi», deb eslaydi. Rasululloh: «Alloh menga Makkaning tog‘larini oltinga aylantirib bermoqchi edi, men:«Keragi yo‘q, Robbim, bir kun och, bir kun to‘q o‘tganim durust. Och qolganimda senga iltijo qilib, duoda bo‘laman, to‘q kunimda senga shukr qilib, sano aytaman», dedim,deganlar. «Payg‘ambar alayhissalom qayta-qayta elakdan o‘tkazilgan mayin unning nonini og‘izlariga solmaganlar, qaynagan suvga bosib o‘ldirilgan qo‘yning go‘shtidan totmaganlar», deydi Anas. (O‘sha paytda o‘ziga to‘q odamlar qo‘yni qaynagan suvga bosishardi-da, junini yulib, terisi bilan pishirib yeyishardi.)

Rasululloh ichiga xurmo daraxtining po‘stlog‘i solingan charm to‘shakda yotardilar. Hafsa roziyallohu anho shunday hikoya qiladi: «Rasulullohning to‘shaklari bittagina palos edi, uni ikki buklab solib berardik. Bir kuni palosni to‘r buklab solib bergan edik, ertasiga u kishi palosni necha qavat qilib to‘shaganimizni so‘radilar, biz to‘rt buklab solganimizni aytganimizda, bundan keyin ikki qavat qilib solinglar, bugun o‘rinning yumshoqligi meni namozdan qo‘ydi, deganlar. Hazrati Oisha: «Rasululloh to‘yguncha ovqat yegan emaslar, lekin hech qachon birovga zorlanmaganlar. Boylikdan ko‘ra yo‘qsillikni yaxshi ko‘rardilar. Ko‘pincha ochlikdan tuni bo‘yi qorinlari og‘rib chiqar, lekin shunga qaramay, kunduzlari ro‘za tutardilar. Agar u Kishi Allohdan butun olamning xazinayu ne’matlarini, to‘kin-sochin hayotni so‘rasalar, berishi muqarrar edi, biroq Rasululloh so‘ramasdilar. U Kishining ahvoliga achinib yig‘lardim, ochlikdan og‘riyotgan qorinlarini ikki qo‘llab silab chiqardim. Sizga jonim fido bo‘lsin, xazinadan ehtiyojingizga yarasha mol-dunyo olaqolmaysizmi, deganimda, u Zot: ey Oisha, menga mol-dunyoning nima keragi bor? Mening irodali payg‘ambar do‘stlarim bundan ham og‘ir ahvolga chidashgan, shu sababli ular Allohning dargohiga borganda hurmatga, savobga erishishdi. Men farovon hayot kechirib, Allohning dargohida martabam ularnikidan pastroq bo‘lib qolishidan qo‘rqaman. Men uchun payg‘ambar qarindoshlarim bilan birga bo‘lishdan ortiq baxt yo‘q, derdilar», deya hikoya qiladi. Hazrati Oishaning guvohlik berishicha, Payg‘ambar alayhissalom mana shu so‘zlarni aytganlaridan keyin oradan bir necha oy o‘tgach, vafot etganlar.

Rasulullohning Allohdan qo‘rqishlari va toat-ibodatlari u kishining ilmlariga yarasha edi, Shu bois Sarvari olam: «Men bilgan narsalarni bilganingizda kamroq kulib, ko‘proq yig‘lardingiz. Sizlar ko‘rmagan narsalar menga ayon, sizlar eshitmaydigan narsalar menga ma’lum. Osmon ohlar uradi, uning faryod chekmog‘i bois osmonda har to‘rt enlik joyda bir farishta Allohga sajda qilib turadi. Xudo haqi, men bilganlarimdan xabardor bo‘lsangiz, shubhasiz, oz kulib, ko‘p yig‘lar edingiz. To‘shaklaringizda ayollaringiz bilan lazzatlanmas edingiz, Allohga iltijo aylab, qir-adirlarga chiqib ketardingiz. Koshki edi, men kesib tashlanadigan daraxt bo‘la qolsam», deya nido qilganlar Payg‘ambar alayhissalom. Ko‘p namoz o‘qiyverganlaridan Rasulullohning oyoqlari shishib ketganini ko‘rgan ba’zi birovlar:

«Alloh sizning hamma gunohlaringizni mag‘firat qilgan bo‘lsa, shunchalik azob chekib o‘zingizni qiynaysizmi?» deyishganda, u Zoti muborak: «Men shukr qilguvchi bandalardan emasmanmi?» deya javob berganlar.

Hazrati Oisha: «Payg‘ambar alayhissalomning ibodati tinimsiz yog‘ib turadigan yomg‘irga o‘xshardi. Qaysi biringizning Rasulullohdek bunga toqatingiz yetadi? U kishi ro‘za tutganlarida, og‘iz ochmasmikinlar, deb o‘ylardik, og‘iz ochganlarida ro‘za tutmasmikinlar, degan xayolga borardik», deya xotirlaydi.

Avf ibn Molik: «Rasululloh bilan bir kecha birga bo‘lgandim. U Kishi misvok bilan tishlarini yuvdilar, keyin tahorat qilib, namozga turdilar. Men ham u Kishiga ergashdim. Rasululloh Baqara surasini o‘qiy boshladilar, Allohning rahmatiga oid oyatlarni o‘qiganda to‘xtab, Parvardigorning rahmatini tilardilar, Allohning azobiga oid oyatlarni o‘qiganda esa to‘xtab, Yaratganning azobidan panoh so‘rardilar. Shundan keyin ruku qilar va qiyomda qancha turgan bo‘lsalar, rukuda ham shuncha turardilar. Rukuda: «Qudratning, saltanatning va buyuklikning sohibi bo‘lmish Alloh pokdir», der va undan keyingina sajdaga borardilar. Sajdada ham rukuda aytganlarini takrorlar, so‘ngra Oli Imron surasini o‘qir, keyin keladigan suralarni qo‘shimcha qilardi va namozni yana avvalgi tartibda davom ettirardilar», deya hikoya qilardi.

Boshqa bir sahoba: «Rasulullohnikiga kelsam, namoz o‘qiyotgan ekanlar, qorinlaridan xuddi shaqirlab qaynayotgan qozondek ovoz chiqardi», deydi. Ibn Abu Hola Rasulullohni, hamisha g‘amgin, o‘ychan, halovat nimaligini bilmasdilar, deb ta’riflaydi. Hazrati Ali: «Men Rasulullohdan u kishining sunnatlarini so‘raganimda: «Ma’rifat — hamyonim, aql—dinimning asosi, Allohni do‘st tutish — tayanch nuqtam, Allohga bo‘lgan ishtiyoqim — ulovim, Allohning zikri — ulfatim, Allohga bo‘lgan ishonchim — xazinam, g‘am-qayg‘u — hamrohim, ilm — qurolim, sabr — choponim, Allohning qismatiga rozi bo‘lish — g‘animatim, ojizlik — faxrim, tamasizlik — hunarim, iymon — quvvatim, rostgo‘ylik — shafoatim, toat-ibodat — qanoatim, jihod — axloqim, namoz — quvonchim, Allohning zikri — qalbimning mevasi; tashvishim ummatimdan, ishtiyoqim Robbimga», deb javob berganlar», deya ta’riflaydi.

Alloh Rasulullohni ummatidan xayriyatlarga erishtirsin! Qiyomat kuni Allohning roziligiga, Rasulullohning shafoatiga erishish uchun Payg‘ambar alayhissalomning betakror, go‘zal axloqlarini, benazir xizmatlarini mulohaza qilib, u Zoti muborakka ergashgan va u Kishining yo‘lini mahkam ushlagan bandaga Alloh rahmat qilsin! Ey mehribon Parvardigor, marhamatingni darig‘ tutmay bizni yaxshi ishlarga muvaffaq aylagaysan!

08

(Tashriflar: umumiy 94 429, bugungi 5)

18 izoh

  1. Judayam ajoyib huddi odam ul muborak zotning asrlariga va yonlariga tushub qolgandek bòldi. Huddi ul zot yonimda turgandek bòldilar. Raxmat tayorlaganlardan Olloh rozi bòlsin.

  2. MashaAlloh juda ajoyib yoritilibdi .
    Anchagina manfaatli bo’ldi inshaAlloh.
    Xizmat qilganlardan Alloh rozi bo’lsin

  3. Assalamu alaykum va rohmatullohu va barokatux qadrli dindoshlarim . Sizlardan ALLOH TAOLLO rozi bo’lsin. InshaAllah jannatlarda Muhammad Mustafo sollollohu alayhi vassallam bilan birga bo’lishlik nasib qilsin Amin !

  4. Juda yaxshi yozilibdi. Ayniqsa oz yeb oz uxlash haqidagi joylari menga yoqdi. Oʼzim uchun kerakli xulosani chiqardim. Rahmat katta

  5. Barchamizga Payg’ambarimiz S.A.V shafoatlariga erishishlik nasib qilsin. Alloh ilmlrizdi ziyoda qilsin. Allah rozi bulsin.

  6. Alloh bizni payg’ambarimizning gozal xulqlari bilan ruhimiz va jasadimizni gozal qilsin

  7. Аллохим сиздан рози болсин жуда якимли мазза килиб укидим пайгамбарим Мухаммад саллалоху алайхи васаллам хакида куп билишни истаганлар учин килган хизматларингизга ташаккур булсин !

  8. Ollox rozi bolsin odamlar bazilari telefonda boshini kotarmaydi lekin bazi odamlar paygambarimiz haqida ma’lumotga qiziqadi katta rahmat jannatlarda hammamiz birga korishaylik♡♡

Izoh qoldiring