Shukur Qurbon. Ramazoni sharif ilhomlari

065

   Шоир Шукур Қурбоннинг ўзбек шеъриятида ўзига муносиб ўрни бор. Унинг шеърлари, хусусан тарихий достонлари адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олган. Бугунги саҳифамизда шоирнинг  қутлуғ Рамазони шарифга бағишланган бир туркум шеърини тақдим этамиз.

Шукур ҚУРБОН
РАМАЗОНИ ШАРИФ ИЛҲОМЛАРИ
04

05   Шукур Қурбон (Олимжон ўғли) — 1951 йил 6 июлда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган. ЎзМУнинг филология факультетини битириб (1968-73), «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятида иш фаолиятини бошлаган. Шундан кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоят бўлимида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, «Соғлом авлод учун» журнали муҳарририятида,Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Нашриёт-матбаахизмати”ида хизмат қилган. Илк шеърлари Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов назарига тушган, устоз унга «Оқ йўл» тилаган. Шоир битиклари дарслик ва қўлланмалардан ўрин олган. Ўзбекистон радиоси «Олтин фонди»да унинг радиопостановка ва юзга яқин қўшиқлари сақланмоқда. Маънавий-маърифий йўналишдаги асарлари учун 1989 йилда шоир Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси мукофоти соҳиби. Шоир мустақиллик йилларида самарали ижод қилди. Ўнга яқин шеърий тўплам, йигирмага яқин қўшиқ, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Тоҳир Малик ва Муҳаммад Юсуфлар ҳақида бадиа ва эсселар яратди. Жонажон истиқлолимизни шарафловчи сонетлар гулдастасини эълон қилдирди (“Шарқ юлдузи” журналида), маънавиятимиз мероси бўлмиш ҳадиси шарифлар асосида ёзилган 1600 та тўртлиги адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлди. Таржима соҳасида ҳам шоир баракали қалам тебратган: у жаҳон адабиёти вакилларидан Франческо Петрарк Адам Мицкевич, Жак Превер, Нозим Ҳикмат, М. Ю. Лермонтов, А. С.Пушкин, Расул Ҳамзатов, Е. Евтушенко ва бошқаларнинг асарларини она тилимизга ўгирган. Шукур Қурбон 1982 йилдан бери Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 04

***

Рамазони шариф, бошландинг, наҳот?
Файзингдан кўзларим ёшланди, ҳайҳот!
Сенда поклик, сенда эзгулик қанча!
Сен тугасанг, тугаб қолмасми ҳаёт?!

***

Майда фикрлар-ла тўлдирдик онгни,
Арзимас дардлар-ла қийнаймиз жонни.
Дўстим, рамазони шариф жуда кам,
Ўттиз кунда поклаб бўлмас дунёни.

***

Рамазони шариф уқдиради, бас:
Ҳаёт еб-ичишдан иборат эмас.
Оллоҳни таниган ва соғлом инсон
Бу юксак каломни нотўғри демас.

***

Нафс деб тўлғондик, югурдик-елдик,
Охир ўзгармас бир қарорга келдик:
Муҳим билмасайдик емоқ-ичмоқни,
Бошқа нарса билан синалар эдик.

***

Кундузи оч юрганлар кечаси ўлмас,
Рўза тутган, тутмаган бир бўлиб қолмас.
Берар белги, ишора, албатта, Аллоҳ,
Бу гапларни оғзи очиқлар билмас.

***

Рамазони шариф, ҳар кунинг байрам –
Саҳарлигинг сирли, ифторлигинг ҳам,
Байрам шиори, куй, рақс-наволари
Ёт кўзлардан нари – дилда мужассам.

***

Яратган Эгам ва банда ўртасида бор
Кўринмас бир ришта – мангу барқарор.
Ўша ҳаёт-мамот сизу биз учун,
Буни ким ҳис этмас – йўқ ундан абгор.

***

Аллоҳни таниш-чун берилган бу онг,
Иймон деб ёниш-чун берилган бу онг.
Рамазон рўзасини тутиш бир умр
Нафсни тийишга асқотса, не тонг!

***

Ё Раб! Исминг айтиб, сўзни покладик,
Сен томон қарадик – кўзни покладик.
Бор-йўғи ўттиз кун рўзангни тутиб,
Қанчалаб гуноҳдан ўзни покладик.

ШЕЪРГА ТУШГАН ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН

1.
Икки учи бўлгандек таёқнинг, болам,
Ота-онанг жаннатинг, дўзаҳингдир ҳам.
Дуосин олганлар тушар жаннатга,
Қарғишин олганлар жойи – жаҳаннам.

2.

Кимки хизматин қилиб кекса ота-онасин
Ё улардан бирининг дуосин ололмаса,
Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин,
Бурни ерга ишқалансин, жаннатий бўлолмаса.

РАМАЗОН ҚЎШИҒИН АЙТИБ КЕЛДИЛАР

Маслаҳат қилдилар, журъат қилдилар,
Баъзи катталардан сўраб билдилар,
Кўҳна удумларни ҳурмат қилдилар,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Бири босиқ эди, бири шўх эди,
Ўт эди юраклар, кўзлар чўғ эди,
Устлари бут эди, қорни тўқ эди,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Уйлар қават-қават эди ва баланд,
Зиналар, зиналар эди беадад,
Эшиклар темирдан эди қатма-қат,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Ҳеч кимса йўқ каби, тингладилар жим,
Тошдай қотиб қалби, тингладилар жим,
Очмади уларга эшикни ҳеч ким,
Минг йиллик йўллардан қайтиб келдилар,
Болалар рамазон айтиб келдилар.

Табаррук сўзларга тўлди йўлаклар,
Ҳижолат ичинда сўлди йўлаклар,
Заҳаранда билан кулди юраклар:
Минг йиллик йўллардан қайтиб кетдилар,
Болалар рамазон айтиб кетдилар.

АҲМАД ЯССАВИЙ

Нақл қилишларча, Арслонбоб Пайғамбар алайҳиссаломдан олган хурмони Яссига келиб, уни Яссавийга топширди.

Мадинада Пайғамбар бўлиб Муҳаммад –
айлайҳи вассалам номлари оят –
каби янграганда тилларда, балқди –
Бизда – Туркистонда Қул Хожа Аҳмад –

Султони орифин – Яссавий бобо
Ва ҳануз ҳайратвор у тузган наво.
Шеърми ё ҳикматми манзумалари –
Илоҳий шакли тарз, илоҳий маъно.

Сўзга сиғмас улар, лекин сиғдирган,
Бамисли осмондан осмон ёғдирган.
Жаҳолат томонга юз бурган элни
Иймону эътиқод сари оғдирган.

Аллоҳ ижодидир ўзи бетимсол,
Кечган ҳаёти ҳам ижоди мисол.
Олис Туркистонни Мадина билан
Ҳамда ўзи билан боғлаган алҳол.

Боғлаган келажак билан ҳам, албат,
Боғлаган ўзин ҳам Қул Хожа Аҳмад.
Шунда даврамизга юрибди руҳи,
Тинглар сўзларимиз хотиржам ғоят.

Негаки, биз тўғри йўлдамиз бутун,
Негаки йўл очиқ тоза қалб учун.
Негаки, Пайғамбар бахш айлаган ул –
Хурмо ёшларимиз оғзида бу кун.

Шимган банда борки кучлидир, демак,
Элу юрт олдида бурчлидир, демак.
Бурчин ҳис этганни, олға кетганни
Парвардигор Ўзи қўллайди бешак.

ШЕЪРГА ТУШГАН ҲАДИСЛАР

* * *

– Дуоларим мустажоб бўлмаяпти сира ҳам,
Нетай, ё Расулуллоҳ, борми бунинг давоси?
– Эй Саъд! Ким бир луқма таом еяркан ҳаром,
Қирқ кунгача қабул бўлмас дуоси.

* * *

Агар мўъмин оиласи билан бўлса жам –
Бир дастурхон атрофида, уларга Аллоҳ
Қарар раҳмат назари-ла, тарқалмасданоқ,
Кечирилар гуноҳлари ҳаммасининг ҳам

* * *

Кимки “Алҳамдулиллоҳ” деса, унга осмон
Эшиклари очилар. Такбир айтса тўлар, бас,
Еру осмон ораси. Ажру савоб бепоён –
Магар Аллоҳдан ўзга уни ҳеч бир жон билмас.

* * *

Икки учи бўлгандек таёқнинг, болам,
Ота-онанг жаннатинг, дўзаҳингдир ҳам.
Дуосин олганлар тушар жаннатга,
Қарғишин олганлар жойи – жаҳаннам.

* * *

Кимки хизматин қилиб кекса ота-онасин
Ё улардан бирининг дуосин ололмаса,
Бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин,
Бурни ерга ишқалансин, жаннатий бўлолмаса.

ТЎРТЛИКЛАР

Иймон ҳаловати не – ҳар киши ҳам билсайди,
Билмаса кўр бўлсайди, гунг ҳамда кар бўлсайди.
Она қорнида туриб, эл-улусни ҳаромдан –
Қайтаргувчи фарзандлар – Машраблар туғилсайди.

* * *

Иқтисодий тангликлар аввал ҳам бўлган экан,
То у ўтиб кетгунча эл жондан тўйган экан.
Ўргатаман деб овқат емай ҳам яшамоқни,
Афанди, эшагини ўлдириб қўйган экан.

* * *

Бўтана сой каби безовта дунё,
Тинчлик керак, дўстим, халққа аввало.
Донолар айтадилар: “Сув лойқаланса,
Балиқлари қўл билан овланар ҳатто”.

* * *

Балиқчида балиқ кўп, думин ликиллатмасин,
Думини ликиллатиб, олға кетсин-кетмасин –
Бизга бунинг фарқи йўқ. Қирғоқда одамлар бор,
Таҳорат олишмоқчи… Сувни лойқалатмасин.

ИЛОҲИЙ МЎЪЖИЗАЛАР

1. (Бир хил тасвирлар)

Бошқа-бошқа шаҳар,
Девор – бошқа-бошқа
Ва хариталар –
Деворларга илинган:
Бошқа-бошқа нарсаларнинг
хариталари,
Бошқа-бошқа одамлар томонидан чизилган.
Бўлиши мумкинми
ҳеч қачон,
айтинг,
бир хил.

Катталикда бир хил,
Бир хил шаклда,
Ҳатто бирор чизиқ, нуқтада фарқсиз.
Амриқо олимлари ушлашар ёқа:
– Бўлиши мумкинмас, бу – коинотнинг
Харитаси – кичрайтирилган.
– Йўқ, йўқ, катталаштирилган
Харитаси –
Одамий зот мия шарининг!

Бошимиз ва елкамиз узра
Икки коинотни яратмоқ нечун?
Нечун икки мия шарин яратмоқ?..
Аллоҳ таолодан бошқаси билмас.

Мақсад нима уларни
Кўрсатмоқдан одамий зотга?
Олллоҳ таолодан бошқаси билмас.

Нега катталаштирмоқ?
Кенгайтирмоқ – нимага, айтинг?

2. (Раҳмат ёмғирлари)

Аллоҳ – улуғ, Аллоҳ – меҳрибон!
Боқинг ёмғирга!
Раҳмат бўлиб ёғар бошимиз узра.
Ҳолбуки ёғиши мумкин эди у –
Натрий кисмлотаси тарзида буткул.

Уқтирар илм:
Ҳаводаги сув, карбондиоксид,
Кислород ва азот реакцияга
Киришгандан сўнг,
Натрий кислотаси ёғиши учун
Барча шарт-шароит бўлар муҳайё…
Натрий кислотаси ёғмайди аммо.

Яшринишга қидирмангиз жой.
Чоғланинг яшамоққа –
Мўъмин-мусулмон бўлиб,
Қаҳри келмаслиги учун Худойнинг :
Ёғмаслиги учун
оловли ёмғир
бошимиз узра,
Яшамоққа чоғланинг.

3. (Ойда айтилган азон)

Ойда азон айтилди.
Қандай қилиб?
Ким томонидан?..
Бу сир ёлғизи аллоҳга аён

Қандай билсин бу сирни жаноб Армстронг,
Насроний бўлса,
Эшитмаган бўлса азонни асло,
Устига устак,
Ойга оёқ қўйган биринчи одам
Бисмиллоҳни айтмаган бўлса.

Лекин Худо битта. Худо
Яратган Ислом битта –
Пайғамбари Аллоҳ кашф этган азон.
Ўзи билар қандай янгратар, қайда янгратар!

Лекин жаноб Армстронг
Ойдамас, Ерда –
Эшитганда уни кўпроқ ҳаяжонланди
Ва деди:
–– Айтинг,  қандоқ мусиқа?!..
У илк бор янграганда… ойда
Сескандим,
Иккинчи бор айтилди… ерда,
Хузур қилдим мен.

Шуни маълум қилиш-чун дунё аҳлига,
Оллоҳ унингт ҳаво кемасин ерга соғ-омон
Қўндирганин англади кейин
Жаноб Армстронг
Мусулмон бўлгач.

Shoir Shukur Qurbonning o‘zbek she’riyatida o‘ziga munosib o‘rni bor. Uning she’rlari, xususan tarixiy dostonlari adabiyotimiz xazinasidan munosib o‘rin olgan. Bugungi sahifamizda shoirning  qutlug‘ Ramazoni sharifga bag‘ishlangan bir turkum she’rini taqdim etamiz.

Shukur QURBON
RAMAZONI SHARIF ILHOMLARI
04

 09Shukur Qurbon (Olimjon o’g’li) — 1951 yil 6 iyulda Andijon viloyatining Baliqchi tumanida tug’ilgan. O’zMUning filologiya fakul`tetini bitirib (1968-73), «Sharq yulduzi» jurnali tahririyatida ish faoliyatini boshlagan. Shundan keyin O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasiningToshkent viloyat bo’limida, O’zbekiston teleradiokompaniyasida, «Sog’lom avlod uchun» jurnali muharririyatida, Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi “Nashriyot-matbaaxizmati”ida  xizmat qilgan. Ilk she’rlari O’zbekiston Qahramoni, atoqli adabiyotshunos olim Ozod Sharafiddinov nazariga tushgan, ustoz unga «Oq yo’l» tilagan. Shoir bitiklari darslik va qo’llanmalardan o’rin olgan. O’zbekiston radiosi «Oltin fondi»da uning radiopostanovka va yuzga yaqin qo’shiqlari saqlanmoqda. Ma’naviy-ma’rifiy yo’nalishdagi asarlari uchun 1989 yilda shoir Movarounnahr musulmonlari diniy boshqarmasi mukofoti sohibi. Shoir mustaqillik yillarida samarali ijod qildi. O’nga yaqin she’riy to’plam, yigirmaga yaqin qo’shiq, Ozod Sharafiddinov, Abdulla Oripov, Tohir Malik va Muhammad Yusuflar haqida badia va esselar yaratdi. Jonajon istiqlolimizni sharaflovchi sonetlar guldastasini e’lon qildirdi (“Sharq yulduzi” jurnalida), ma’naviyatimiz merosi bo’lmish hadisi shariflar asosida yozilgan 1600 ta to’rtligi adabiyotimizda o’ziga xos voqea bo’ldi. Tarjima sohasida ham shoir barakali qalam tebratgan: u jahon adabiyoti vakillaridan Franchesko Petrark Adam Mitskevich, Jak Prever, Nozim Hikmat, M. YU. Lermontov, A. S.Pushkin, Rasul Hamzatov, YE. Yevtushenko va boshqalarning asarlarini ona tilimizga o’girgan. Shukur Qurbon 1982 yildan beri O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. 

04

***

Ramazoni sharif, boshlanding, nahot?
Fayzingdan ko’zlarim yoshlandi, hayhot!
Senda poklik, senda ezgulik qancha!
Sen tugasang, tugab qolmasmi hayot?!

***

Mayda fikrlar-la to’ldirdik ongni,
Arzimas dardlar-la qiynaymiz jonni.
Do’stim, ramazoni sharif juda kam,
O’ttiz kunda poklab bo’lmas dunyoni.

***

Ramazoni sharif uqdiradi, bas:
Hayot yeb-ichishdan iborat emas.
Ollohni tanigan va sog’lom inson
Bu yuksak kalomni noto’g’ri demas.

***

Nafs deb to’lg’ondik, yugurdik-yeldik,
Oxir o’zgarmas bir qarorga keldik:
Muhim bilmasaydik yemoq-ichmoqni,
Boshqa narsa bilan sinalar edik.

***

Kunduzi och yurganlar kechasi o’lmas,
Ro’za tutgan, tutmagan bir bo’lib qolmas.
Berar belgi, ishora, albatta, Alloh,
Bu gaplarni og’zi ochiqlar bilmas.

***

Ramazoni sharif, har kuning bayram –
Saharliging sirli, iftorliging ham,
Bayram shiori, kuy, raqs-navolari
Yot ko’zlardan nari – dilda mujassam.

***

Yaratgan Egam va banda o’rtasida bor
Ko’rinmas bir rishta – mangu barqaror.
O’sha hayot-mamot sizu biz uchun,
Buni kim his etmas – yo’q undan abgor.

***

Allohni tanish-chun berilgan bu ong,
Iymon deb yonish-chun berilgan bu ong.
Ramazon ro’zasini tutish bir umr
Nafsni tiyishga asqotsa, ne tong!

***

YO Rab! Isming aytib, so’zni pokladik,
Sen tomon qaradik – ko’zni pokladik.
Bor-yo’g’i o’ttiz kun ro’zangni tutib,
Qanchalab gunohdan o’zni pokladik.

SHE’RGA TUSHGAN HADISI SHARIFLARDAN

1.
Ikki uchi bo’lgandek tayoqning, bolam,
Ota-onang jannating, do’zahingdir ham.
Duosin olganlar tushar jannatga,
Qarg’ishin olganlar joyi – jahannam.

2.

Kimki xizmatin qilib keksa ota-onasin
YO ulardan birining duosin ololmasa,
Burni yerga ishqalansin, burni yerga ishqalansin,
Burni yerga ishqalansin, jannatiy bo’lolmasa.

RAMAZON QO’SHIG’IN AYTIB KELDILAR

Maslahat qildilar, jur’at qildilar,
Ba’zi kattalardan so’rab bildilar,
Ko’hna udumlarni hurmat qildilar,
Ming yillik yo’llardan qaytib keldilar,
Bolalar ramazon aytib keldilar.

Biri bosiq edi, biri sho’x edi,
O’t edi yuraklar, ko’zlar cho’g’ edi,
Ustlari but edi, qorni to’q edi,
Ming yillik yo’llardan qaytib keldilar,
Bolalar ramazon aytib keldilar.

Uylar qavat-qavat edi va baland,
Zinalar, zinalar edi beadad,
Eshiklar temirdan edi qatma-qat,
Ming yillik yo’llardan qaytib keldilar,
Bolalar ramazon aytib keldilar.

Hech kimsa yo’q kabi, tingladilar jim,
Toshday qotib qalbi, tingladilar jim,
Ochmadi ularga eshikni hech kim,
Ming yillik yo’llardan qaytib keldilar,
Bolalar ramazon aytib keldilar.

Tabarruk so’zlarga to’ldi yo’laklar,
Хijolat ichinda so’ldi yo’laklar,
Zaharanda bilan kuldi yuraklar:
Ming yillik yo’llardan qaytib ketdilar,
Bolalar ramazon aytib ketdilar.

AHMAD YASSAVIY

Naql qilishlarcha, Arslonbob Payg’ambar alayhissalomdan olgan xurmoni Yassiga kelib, uni Yassaviyga topshirdi.

Madinada Payg’ambar bo’lib Muhammad –
aylayhi vassalam nomlari oyat –
kabi yangraganda tillarda, balqdi –
Bizda – Turkistonda Qul Xoja Ahmad –

Sultoni orifin – Yassaviy bobo
Va hanuz hayratvor u tuzgan navo.
She’rmi yo hikmatmi manzumalari –
Ilohiy shakli tarz, ilohiy ma’no.

So’zga sig’mas ular, lekin sig’dirgan,
Bamisli osmondan osmon yog’dirgan.
Jaholat tomonga yuz burgan elni
Iymonu e’tiqod sari og’dirgan.

Alloh ijodidir o’zi betimsol,
Kechgan hayoti ham ijodi misol.
Olis Turkistonni Madina bilan
Hamda o’zi bilan bog’lagan alhol.

Bog’lagan kelajak bilan ham, albat,
Bog’lagan o’zin ham Qul Xoja Ahmad.
Shunda davramizga yuribdi ruhi,
Tinglar so’zlarimiz xotirjam g’oyat.

Negaki, biz to’g’ri yo’ldamiz butun,
Negaki yo’l ochiq toza qalb uchun.
Negaki, Payg’ambar baxsh aylagan ul –
Xurmo yoshlarimiz og’zida bu kun.

Shimgan banda borki kuchlidir, demak,
Elu yurt oldida burchlidir, demak.
Burchin his etganni, olg’a ketganni
Parvardigor O’zi qo’llaydi beshak.

SHE’RGA TUSHGAN HADISLAR

* * *

– Duolarim mustajob bo’lmayapti sira ham,
Netay, yo Rasululloh, bormi buning davosi?
– Ey Sa’d! Kim bir luqma taom yeyarkan harom,
Qirq kungacha qabul bo’lmas duosi.

* * *

Agar mo»min oilasi bilan bo’lsa jam –
Bir dasturxon atrofida, ularga Alloh
Qarar rahmat nazari-la, tarqalmasdanoq,
Kechirilar gunohlari hammasining ham

* * *

Kimki “Alhamdulilloh” desa, unga osmon
Eshiklari ochilar. Takbir aytsa to’lar, bas,
Yeru osmon orasi. Ajru savob bepoyon –
Magar Allohdan o’zga uni hech bir jon bilmas.

* * *

Ikki uchi bo’lgandek tayoqning, bolam,
Ota-onang jannating, do’zahingdir ham.
Duosin olganlar tushar jannatga,
Qarg’ishin olganlar joyi – jahannam.

* * *

Kimki xizmatin qilib keksa ota-onasin
YO ulardan birining duosin ololmasa,
Burni yerga ishqalansin, burni yerga ishqalansin,
Burni yerga ishqalansin, jannatiy bo’lolmasa.

TO’RTLIKLAR

Iymon halovati ne – har kishi ham bilsaydi,
Bilmasa ko’r bo’lsaydi, gung hamda kar bo’lsaydi.
Ona qornida turib, el-ulusni haromdan –
Qaytarguvchi farzandlar – Mashrablar tug’ilsaydi.

* * *

Iqtisodiy tangliklar avval ham bo’lgan ekan,
To u o’tib ketguncha el jondan to’ygan ekan.
O’rgataman deb ovqat yemay ham yashamoqni,
Afandi, eshagini o’ldirib qo’ygan ekan.

* * *

Bo’tana soy kabi bezovta dunyo,
Tinchlik kerak, do’stim, xalqqa avvalo.
Donolar aytadilar: “Suv loyqalansa,
Baliqlari qo’l bilan ovlanar hatto”.

* * *

Baliqchida baliq ko’p, dumin likillatmasin,
Dumini likillatib, olg’a ketsin-ketmasin –
Bizga buning farqi yo’q. Qirg’oqda odamlar bor,
Tahorat olishmoqchi… Suvni loyqalatmasin.

ILOHIY MO»JIZALAR

1. (Bir xil tasvirlar)

Boshqa-boshqa shahar,
Devor – boshqa-boshqa
Va xaritalar –
Devorlarga ilingan:
Boshqa-boshqa narsalarning
xaritalari,
Boshqa-boshqa odamlar tomonidan chizilgan.
Bo’lishi mumkinmi
hech qachon,
ayting,
bir xil.

Kattalikda bir xil,
Bir xil shaklda,
Hatto biror chiziq, nuqtada farqsiz.
Amriqo olimlari ushlashar yoqa:
– Bo’lishi mumkinmas, bu – koinotning
Xaritasi – kichraytirilgan.
– Yo’q, yo’q, kattalashtirilgan
Xaritasi –
Odamiy zot miya sharining!

Boshimiz va yelkamiz uzra
Ikki koinotni yaratmoq nechun?
Nechun ikki miya sharin yaratmoq?..
Alloh taolodan boshqasi bilmas.

Maqsad nima ularni
Ko’rsatmoqdan odamiy zotga?
Ollloh taolodan boshqasi bilmas.

Nega kattalashtirmoq?
Kengaytirmoq – nimaga, ayting?

2. (Rahmat yomg’irlari)

Alloh – ulug’, Alloh – mehribon!
Boqing yomg’irga!
Rahmat bo’lib yog’ar boshimiz uzra.
Holbuki yog’ishi mumkin edi u –
Natriy kismlotasi tarzida butkul.

Uqtirar ilm:
Havodagi suv, karbondioksid,
Kislorod va azot reaktsiyaga
Kirishgandan so’ng,
Natriy kislotasi yog’ishi uchun
Barcha shart-sharoit bo’lar muhayyo…
Natriy kislotasi yog’maydi ammo.

Yashrinishga qidirmangiz joy.
Chog’laning yashamoqqa –
Mo»min-musulmon bo’lib,
Qahri kelmasligi uchun Xudoyning :
Yog’masligi uchun
olovli yomg’ir
boshimiz uzra,
Yashamoqqa chog’laning.

3. (Oyda aytilgan azon)

Oyda azon aytildi.
Qanday qilib?
Kim tomonidan?..
Bu sir yolg’izi allohga ayon

Qanday bilsin bu sirni janob Armstrong,
Nasroniy bo’lsa,
Eshitmagan bo’lsa azonni aslo,
Ustiga ustak,
Oyga oyoq qo’ygan birinchi odam
Bismillohni aytmagan bo’lsa.

Lekin Xudo bitta. Xudo
Yaratgan Islom bitta –
Payg’ambari Alloh kashf etgan azon.
O’zi bilar qanday yangratar, qayda yangratar!

Lekin janob Armstrong
Oydamas, Yerda –
Eshitganda uni ko’proq hayajonlandi
Va dedi:
–– Ayting, qandoq musiqa?!..
U ilk bor yangraganda… oyda
Seskandim,
Ikkinchi bor aytildi… yerda,
Xuzur qildim men.

Shuni ma’lum qilish-chun dunyo ahliga,
Olloh uningt havo kemasin yerga sog’-omon
Qo’ndirganin angladi keyin
Janob Armstrong
Musulmon bo’lgach.

07

(Tashriflar: umumiy 466, bugungi 1)

2 izoh

  1. Sarlavhada Ustod Shodi yoxud bastakor haqida hikoyat deyilgan…lekin saytda unaqa she’rga duch kelmadim…

Izoh qoldiring