Abdunabi Boyqo’ziev. She’rni Shukur Qurbon o’qisin

Ashampoo_Snap_2017.01.17_21h02m17s_004_b.png    Маълумки, ўтган асрда Чўлпон, Усмон Носир нафасини уйғотган Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Омон Матжондан кейин ўзбек адабиётида янги бир ижодий “портлаш” юз берди. Бу портлаш Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Йўлдош Эшбек, Шукур Қурбон деган (учинчи авлодга мансуб) шоирлар шодасини адабиётимиз осмонига юлдуздай сочиб юборди.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
ШЕЪРНИ  ШУКУР ҚУРБОН ЎҚИСИН
003

Иқтидорлилар иқтидорли бўлганликлари учун ҳам бошқалардан ажралиб туриши кўп айтилган. Истедодлининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати, хатто ғайри табиийроқ шеър ўқиш алпоз, оҳанглари билан “бошқачаман”, деб туришини ҳам носамимийликка йўймаслик керак.

Тўғри, бугун ўзбек адабиётида кўзга “бошқачароқ ташланадиган” ижодкорлар жуда кўп. Бироқ уларнинг орасида қиёфада бетакрорлик, ўзига хослик, хоксор ва беғуборликда шоир Шукур Қурбонга ўхшаши бўлмаса керак.

Мен бу гапларни Шукур аканинг ижодий фаолиятини салкам қирқ йилдан буён ҳавас қилиб кузатиб келаётган, турли давра ва анжуманларда шеърларини бироз саркашми-ей, девонавашми-ей ҳолатларда жўшиб, изтиробланиб ўқишларидан завқланиб яшаётган бир мухлис сифатида, чин юракдан айтаяпман.

Ҳа, аслида, шеърни ёд айтиш ҳам бир санъат. Ашъорни Лутфий, Жомий, Навоий, Чўлпон, Усмон Носир, Қодирий боболар қандай ўқишган, билмайман. Пойтахтга қишлоқдан кечикиброқ келганимиз боис Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Миртемир домлалар, Зулфия, Саида опалар шеърларини ўз розларида эшитиш насиб этмаган. Бизга бу бир армон. Бироқ бизнинг авлод Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Рауф Парфи, Омон Матжон шеърияти оҳанги ва таъмини муаллифлари лафзидан туйиш бахтига муяссар авлодмиз.

Маълумки, ўтган асрда Чўлпон, Усмон Носирлардан кейин ўзбек адабиётида янги бир ижодий “портлаш” юз берди. Бу ўша, юқорида санаб ўтганимиз, миллий шеъриятимиз яловини анча олислардан ҳам кўринадиган даражада ҳилпирата олган, битикларини биз ўз оғизларидан эшитган, афсонавий иккинчи авлод ижоди тимсолида намоён бўлган эди. Ўша йиллари адабиёт муҳлислари ҳам, хатто адабий жамоатчилик ҳам ўзбек шеърияти ўзининг авж оригиналлигига эришди. Бундан бошқачароқ оҳангларда куйлайдиган шоирлар энди ким билсин, қачон келади, келармикин, деб турган бир паллада яна бир “портлаш” юз берди. Бу портлаш Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Йўлдош Эшбек, Шукур Қурбон деган (учинчи авлодга мансуб) шоирлар шодасини адабиётимиз осмонига юлдуздай сочиб юборди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўша биз юқорида биринчи ҳамда иккинчи авлод деб атаган шоирлар яратган ажойиб шеърий намуналардан сармаст шеърхон кейинги учинчи авлод қуйиб узатган, анчайин жўшқин, янги таъм ва оҳанглардаги назм бодасини ҳам ютоқиб сипқарар, улар иштирокида бот-бот шеърият кечалари, мушоиралар ташкил этароқ, кўнгилларини ҳушнуд этишни ҳам бошлаб юборган эди. Шеър ишқибозлари, адабиётшунослар бу янги авлоднинг илгариги авлодда кузатилмаган андак саркаш, далли-дов аммо беғубор “қилиқлари”дан завқлар олар, уларнинг бўйи раста мисралари бўйини нафақат Ўзбекистон, балки иттифоқ шеърияти бўй-бастига муқояса қилиб қувонар, бу қувончларини бутун дунёга кўз-кўз қилгиси келарди.

Ashampoo_Snap_2016.06.15_17h36m21s_004_.pngШу учинчи авлод шоирлари иштирок этадиган турли йиғин ва мушоираларга биз ҳаваскор қаламкашлар ҳам алоҳида бир интизорлик билан ошиқардик. Ушбу тадбирлар, шубҳасиз, адабиёт мухлисларига айни кунларда айрим саройларда ўтказилаётган концертлардан кўпроқ одам келарди ва кўпроқ завқ бағишларди, десам муболаға бўлмайди. Бундай кечалардан биз Усмон Азимнинг Маяковскиёна “Бўридай ғажирдим бюрократизмни”деб турган ҳолатидаги шеърларини, Азим Суюннинг “Мени ўлдиролмас ҳеч қандай алам, На бошга тушгувчи турфа хил савдо. Ишқдан яраланган ёвқур юрак ҳам, На бир тасодифдан келгувчи бало.” деган ҳайқириқларида, Шукур Қурбоннинг қўрқмай, баралла “Золимларга нима керак? Мутеъ керак аввало, Мазлум танда ёнса юрак, Золим учун бу – бало. Замон ўлди Ўрусия замони!” дея изтиробланиб шеър ўқишларида ўзимизни, ўзлигимизни қайта–қайта кашф этиб қайтар эдик.

Кейинги пайтларда, негадир, шоир Шукур Қурбон билан суҳбатлашиш, давраларда бирга шеърлар ўқиш насиб этармикин, деган ўй хаёлимдан бот-бот ўтадиган бўлиб қолувди. Яхши ниятга фаришталар омин деркан. Баҳорсумал кунлардан бирида «Шарқ» нашриёт матбаа акциядорлик кампанисидан таниқли адиб Эркин хожи Маликов қўнғироқ қилиб қолдилар:

– Вилоятларда ўтказилаётган тадбирларимизга шоирларни ҳам жалб этяпмиз. Шукур акангиз билан Водийни бир айланиб келмайсизларми…

– Қайси Шукур ака? – сўрайман, шоша-пиша.
– Шоир Шукур Қурбон-да, – дея таъкидлайди, Хожи ака. – Рўйхатга киритаверайликми?
– Жонимиз билан. “Шарқ”чилардан кўп қарздормиз. Бир хизматга чақирибсизу, йўқ деймизми, Ҳожи бува!..

Шундай қилиб, март кунларининг бир тиниқ тонгида икки шоир ва ёшгина ака-ука ҳофизлар Беҳзод ҳамда Хумоюн Отахоновлар (янгийўллик ҳаваскор ҳофизлар) билан Концерннинг яп-янги некциясида қайдасан Водий, дея йўлга отландик. Вазифамиз таҳминан аниқ: “Шарқ” НМАК оталиққа олган туманлардаги кўнгилочар тадбирларда қатнашиш.
Наманганнинг Косонсой тумани…

Иқтисодиёт коллежида бўладиган тадбир соат 15.00 га белгиланибди. Демак икки соатдан кўпроқ бўш вақтимиз бор. Имкониятдан фойдаланиб, Шукур ака раҳбарлигида томошани туман марказидаги бозорни айланишдан бошладик. Расталарнинг кўриниши ва жойлашиши водийга хос бозорлардан айтарлик фарқ қилмайди. Нарх-наволар ҳам деярли ўша-ўша. Лекин ерли аҳолининг икки тиллилиги эътиборимизни тортди. Ўнг томонингда турган одам бирон нарсани ўзбекча совдалашса, чап ёнингдаги ҳаридор тожикчалаб тортишарди.

Дон-дун растасидамиз. Шукур ака сал нарироқда растадаги гуруч уюмларини сийпалаб, ёнидаги ҳофиз болага “Эҳ, бозор ўзгариб кетибди… Яқиндагина келиб кетувдим, Бошқачароқ эди!..” деб атрофга ҳайратланиб боқади. Шу ерда бир шумлигим тутди. Гуруч сотаётган қирқ беш ёшлардаги қора чопон, норғил йигитнинг енгидан секин тортдиб, Шукур акага ишора қилиб дедим:

– Анави, қошлари ўскин, шапкали одамни танияпсизми? Шоир Шукур Қурбон шу киши бўладилар. «Шайтанат» деган машҳур фильмдаги «Шайтонлари чиқди йўлдан» қўшиғини ана шу киши ёзган. Эслайсизми?

– Э, ҳа, эслайман, – дейди сотувчи аввалига ишониб-ишонмай. Сўнг бирдан, ҳаяжони жўшади. – Эслади-им, бу одам мактабими-изго илгори ҳам кегон. Битта китобини дастхат ёзиб совға қилиб қизимизга бериб кетгон. Ўша шоирнинг тириги шу кишими?

– Ҳа-да, яқинда невара қизини чиқармоқчи. Косонсойнинг обжувозида туйилган “чўнғара”сидан опкелиб элга ош бераман, деб ният қилган. Атайлаб, Тошкандан келди. Бир қоп олади. Ҳаридор чалғимасин. Секин имлаб, ишни пишитиб қўяқолмайсизми?

Гуручфуруш ҳам содда экан.

– Чўнғара гуруч Қўқон тарафларда бўлади ако. Ома, ако, бизникиём қолишмайду. Мана буни кўринггг, деб гуручидан бир сиқимини кафтимга тўкмоқчи эди, қўлини қайтардим: – Шоир акамиз умуман, обжувоз гуруч билан арчмани фарқига бормайди. Тошканлик бўпкетган Косонсойликлардан. Чўнғара деб, яхшилаб мақтасангиз, оловуради.

– Қалин қошлари, мўйлов қўйиши, портфел кўтариб олганидан, шу одам, ҳойнаҳой ўзимиз томонларнинг одами бўлса керак, деб тусмоллаб эдим, адашмаппан.

– Ҳа яшанг. Ота-бувалари мана шу томонлардан. Маҳкам ушланг. Чамадони тўла пул. Чуст, Марғилон, Қўқон қилиб, келин сепини ҳам бутлаб кетаман, деб юрибди.

Аслида, Шукур аканинг чамадон келбат портфелида “Шарқ”чилар чиқарган, “Юз қўшиқ” деб номланган китобидан юзтаси жайланганини бироздан кейин, коллеждаги учрашув тугаб-тугамаёқ мухлисларни чорлаб толомон китоб “реализализация”сини бошлаб юборганда билиб олдик.
Хуллас, ҳафиз Беҳзоджон билан ишни пишитиб, нарироққа жилдик.

Гуручфуруш Шукур аканинг қошига пешвоз чиқди ва “ўрай” бошлади. Аллофнинг зикрида сотилиб кетаётган бир қоп гуруч, шоирнинг фикрида эса, ким билади, нима ўй. Бир содда сотармон билан бир ёлғон олармон ўртасидаги «савдо спектакли» анчагача қизғин ривожланиб бир манзилда муваффақиятсиз тугаганини айтмасак, унчалик ёмон чиқмади. Буни мен ака-ука ҳофизларнинг завқланиб кузатишларидан сезиб турдим. Аслида, бу битимнинг муваффақиятсиз тугаши аниқ эдику-я…

Ижодий учрашувларимиз Косонсой шаҳридаги коллежлардан бирида бошланди. Кечани Компания Бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов очаркан, мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, фан ва техника соҳаларидаги ўзгаришларни яланғоч рақамларда эмас, айнан, ёшларимиз жон қулоғи билан қабул қиладиган адабий-бадиий тимсоллар, тарихий қаҳрамонлар мисолида ифодалаб берди.

Шукур ака, албатта, ҳаяжонлиб, бутун зал бўйлаб, тингловчилар билан бағрлашиб тўлқинланиб шеърлар ўқиди. Тўғри, бугун ўзбек адабиётида ҳолатдан чиқиброқ, ўзига хос шеър ўқийдиган ижодкорлар жуда кўп. Бироқ уларнинг орасида янаям ўзига хоси, жўшқинлигу хоксор ва беғуборликда барибир шоир Шукур Қурбонга тенг келадигани йўқ.
Шоирни бутун зал ҳар бир шеъри тугаб-тугамаёқ қарсакларга кўмиб турди.

* * *

Водий аҳли билан ушувларимиз бир неча кун давом этди. Қайси туманга бормайлик, мухлисларнинг залларга сиғмай кутиб олишларидан “Шарқ” НМАК ҳамда маҳаллий фаолларнинг тадбирларга жиддий тайёргарлик кўрганликлари билиниб турарди.

Сўнги учрашув Фарғона вилоятининг Учтепа туманидаги коллежга белгиланган экан. Бу ерда ҳам шеър ўқишда Шукур Қурбоннинг, аскияда Маҳмуд қизиқ Исмоиловнинг, ҳангомада Сойиб қизиқнинг қўли баланд келди, десак бўлаверади.

Учрашув тугаб, кузаш асносида, муҳлислар Шукур Қурбонни арининг уясидай ўраб олиб ким китоб, ким дастхат ундириш, ким бир оғизгина саломлашиб, қўлларини олиш истагида унга талпинишларидан бу ажойиб шоирнинг айни дамларда ҳам мухлислари қалбини ҳаяжонга соладиган қизғин
ижод оғушида эканлигига қайта-қайта гувоҳ бўлдик.

22.03.2012

Шукур ҚУРБОН
ВИДОЛАШУВ
003

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига

1

Ўзинг меҳрибонсан, Ўзинг ар-Раҳмон,
Ўзинг кечиргувчи, Ўзинг ал-Амон,
Ислом Каримни ҳам этгил маҳфират,
Кечир гуноҳларин, айла шафоат,

Солиҳ бандаларинг каби унга ҳам
Жаннат боғларидан жой бер муҳташам,
Ки пок иймон билан жидду жаҳд этди,
Ўзингдан эди у, Ўзингга етди.

2

Амир Темурдан сўнг Ислом Каримдек
Юксак бир султонга халқим эди зор.
Аввало Худо-ю, юртимизда эрк
Унинг азми ила бўлди барқарор.

Нафақат эрк, балки Ватан – фаровон,
Мутеликдан йироқ, қулликдан йироқ.
Қаршимизда йўллар очилди равон,
Юртбошига осон бўлмади бироқ:

Ҳам фикран, ҳам руҳан курашди бу зот,
Ўзбек ким эканин англади дунё.
Оломонлар ичра миниб кирди от
Ва отдан тушмади ҳаёт экан то.

3

Янги давлат барпо этиш, инчунун,
Бошқаларга енгил бўлмайди, тайин
Ва лекин Мовардий авлоди учун –
Ислом Карим учун эмасди қийин…

…Интернет орқали, буюртма билан
Келар осмон бўйлаб
Минг йиллик китоб –
“Давлатчилик таълимоти” –
Инглизча нусхаси буюк бобомиз –
Мовардийнинг “Ал-aҳком..”и.
Электрон нусха.
Келар Лондондан…

– Раҳмат, қанча тўлаш керак?
Доллардами, еврода, сўмда?
– Ёзганлари учун уни бобомиз,
Фойдаланишгани учун ундан асрлаб,
Бизга – авлодларга текин экан бу…

Кибор Америка, Хитой – тадбиркор,
Бальзак юрти – кўҳна Фарангистон бу.
Сайёҳлар макони – Малайзия ҳам,
Японлар диёри – тўрт томони сув,
Йил бўйи рақс тушиб, кўзин ёшлаган,
Бобур эъзозлаган юрт, бу – Ҳиндистон,
Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) таваллуд топган
Араблар ўлкаси – мўъмин-мусулмон…

Бари бизга бурчдор, бари ўқиган
Бизнинг давлатчилик таълимотимиз.
Расман биз уларга ёт-бегонамиз,
Илмимиз туфайли яқин отимиз…

Эй дўст, китобини ўқиб давлатлар,
Бу ёруғ дунёда юксалган халқмиз.
Келажаги буюк давлатмиз дея
Шиор кўтарганда минг бора ҳақмиз.

Давлат қандай бўлар кўрсатмоқдамиз,
Мана, неча йилким жумла жаҳонга.
Жумла жаҳон ҳали кўп таъзим қилар
Менинг ватанимга – Ўзбекистонга!..

4

Дерлар, билинади, оламдан ўтгач
Қадри яхшиларнинг, хўбларнинг азал.
Мана, тутаётир у вафот этгач
Етти ёшдан етмиш ёшгача аза.

Ўлмоқ, бу Аллоҳнинг иродаси, рост,
Вафот этмади у ажали билан.
Буюк сиймоларга юз йил умр оз,
Эрта кетди, демак, айтинг, не бўлган?..

Ҳа, хасталик боис вафот этди у,
Ким у юртбошини хасталантирган?
Менмасми кўнглига солган ғам-қайғу?
Сизмасми ё бошқа… бағрин ёндирган?

Эълон қилганда юрт мустақиллигин,
Чапак чалишга ҳам ярамаган ким?
Жонига суъиқасд этилди, лекин
Аҳволинг қалай, деб сўрамаган ким?

Тан олайлик, ахир, қанчамиз учун
Истиқлол бойиш-чун берилган имкон.
Шунга бахш этдилар кўплар қалб кучин,
Ҳалол ва ҳаромни унутиб осон.

Мансабимиз қилиб суъиистеъмол,
Бўшатилдик, ахир, қанчамиз ишдан.
Бари бу инсонни айлади беҳол
Ҳамда соғлиғини чиқарди издан.

Қанчамиз ёт ғоя этагин тутиб,
Қайтдик чет эллардан мисли ёв-душман.
Чидади аламин ичига ютиб,
Кечирди неча бор, қилдикми пушмон?

“Ўзбек модели”-ю, “беш тамойил”нинг
Маъносига ҳали кўпчилик етмас.
Узлуксиз таълимдан юксалган элнинг
Фарзандидан, ким у , мўъжиза кутмас?

Таниш-билишчилик, порахўрликлар
Адоғин кўролмай йўқотди тинчин:
“Дўзахга тушар-ку булар – шўрликлар,
Қайда қолди дини Исломнинг кучи?!…”

Нафс кўчасида бозор очиб кенг,
Сотдик бир-бировни бир-бировга жим.
Ачинди сотгану сотилганга тенг,
Қайғусин бўлишиб, ҳамдард бўлди ким?

Ватан ёшларини “Рио”да қучган
Зафарлари ила қутлаган у чоқ
Шодлик оғир келди юраги учун…
Айтинг, ўтганми бир хон ёки подшоҳ,
Ки Ватан келгусин у каби кўриб,
У каби бахтиёр жон таслим этган?..

Эй, қайси биримиз элим, юртим деб,
Ҳузур-ҳаловатдан, роҳатдан кечган?..
Тан олинг, шўровий онгчамиз билан
Тисландик, у қанча демасин “Олға!”
Кўпларнинг бошида ҳамон осилган
Чиркин ўтмишдаги “ўроқ ва болға”.

Яна ҳам барига чидади юрак,
Яна ҳам шунча йил яшаб ўтди у.
“Миллатга жон фидо айламоқ керак! –
Дея ёна-ёна ёниб битди у.

Мотамда йиғланар сокит ва унсиз,
Пушаймон ёшларин тўкмоқда кўзлар.
Шу етар, биламиз, мен, у ҳамда сиз,
Сиғмайди кўнгилга йиғлоқи сўзлар.

Ёзган китоблари, хитоблари, бас,
Ёритар то абад йўлларимизни.
Чекилган ғамлар ҳам бекорга кетмас,
Тавба бўлиб энди поклайди бизни.

2 сентябрь 2016 йил – 2 февраль 2017 йил

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV
SHE’RNI SHUKUR QURBON O‘QISIN
003

Iqtidorlilar iqtidorli bo‘lganliklari uchun ham boshqalardan ajralib turishi ko‘p aytilgan. Istedodlining yurish-turishi, xatti-harakati, xatto g‘ayri tabiiyroq she’r o‘qish alpoz, ohanglari bilan “boshqachaman”, deb turishini ham nosamimiylikka yo‘ymaslik kerak.

To‘g‘ri, bugun o‘zbek adabiyotida ko‘zga “boshqacharoq tashlanadigan” ijodkorlar juda ko‘p. Biroq ularning orasida qiyofada betakrorlik, o‘ziga xoslik, xoksor va beg‘uborlikda shoir Shukur Qurbonga o‘xshashi bo‘lmasa kerak.

Men bu gaplarni Shukur akaning ijodiy faoliyatini salkam qirq yildan buyon havas qilib kuzatib kelayotgan, turli davra va anjumanlarda she’rlarini biroz sarkashmi-yey, devonavashmi-yey holatlarda jo‘shib, iztiroblanib o‘qishlaridan zavqlanib yashayotgan bir muxlis sifatida, chin yurakdan aytayapman.

Ha, aslida, she’rni yod aytish ham bir san’at. Ash’orni Lutfiy, Jomiy, Navoiy, Cho‘lpon, Usmon Nosir, Qodiriy bobolar qanday o‘qishgan, bilmayman. Poytaxtga qishloqdan kechikibroq kelganimiz bois G‘afur G‘ulom, Maqsud Shayxzoda, Mirtemir domlalar, Zulfiya, Saida opalar she’rlarini o‘z rozlarida eshitish nasib etmagan. Bizga bu bir armon. Biroq bizning avlod Erkin Vohid, Abdulla Orif, Rauf Parfi, Omon Matjon she’riyati ohangi va ta’mini mualliflari lafzidan tuyish baxtiga muyassar avlodmiz.

Ma’lumki, o‘tgan asrda Cho‘lpon, Usmon Nosirlardan keyin o‘zbek adabiyotida yangi bir ijodiy “portlash” yuz berdi. Bu o‘sha, yuqorida sanab o‘tganimiz, milliy she’riyatimiz yalovini ancha olislardan ham ko‘rinadigan darajada hilpirata olgan, bitiklarini biz o‘z og‘izlaridan eshitgan, afsonaviy ikkinchi avlod ijodi timsolida namoyon bo‘lgan edi. O‘sha yillari adabiyot muhlislari ham, xatto adabiy jamoatchilik ham o‘zbek she’riyati o‘zining avj originalligiga erishdi. Bundan boshqacharoq ohanglarda kuylaydigan shoirlar endi kim bilsin, qachon keladi, kelarmikin, deb turgan bir pallada yana bir “portlash” yuz berdi. Bu portlash Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Halima Xudoyberdiyeva, Xurshid Davron, Azim Suyun, Muhammad Rahmon, Yo‘ldosh Eshbek, Shukur Qurbon degan (uchinchi avlodga mansub) shoirlar shodasini adabiyotimiz osmoniga yulduzday sochib yubordi.

O‘tgan asrning saksoninchi yillarida o‘sha biz yuqorida birinchi hamda ikkinchi avlod deb atagan shoirlar yaratgan ajoyib she’riy namunalardan sarmast she’rxon keyingi uchinchi avlod quyib uzatgan, anchayin jo‘shqin, yangi ta’m va ohanglardagi nazm bodasini ham yutoqib sipqarar, ular ishtirokida bot-bot she’riyat kechalari, mushoiralar tashkil etaroq, ko‘ngillarini hushnud etishni ham boshlab yuborgan edi. She’r ishqibozlari, adabiyotshunoslar bu yangi avlodning ilgarigi avlodda kuzatilmagan andak sarkash, dalli-dov ammo beg‘ubor “qiliqlari”dan zavqlar olar, ularning bo‘yi rasta misralari bo‘yini nafaqat O‘zbekiston, balki ittifoq she’riyati bo‘y-bastiga muqoyasa qilib quvonar, bu quvonchlarini butun dunyoga ko‘z-ko‘z qilgisi kelardi.

Ashampoo_Snap_2016.06.06_22h21m12s_005_.pngShu uchinchi avlod shoirlari ishtirok etadigan turli yig‘in va mushoiralarga biz havaskor qalamkashlar ham alohida bir intizorlik bilan oshiqardik. Ushbu tadbirlar, shubhasiz, adabiyot muxlislariga ayni kunlarda ayrim saroylarda o‘tkazilayotgan konsertlardan ko‘proq odam kelardi va ko‘proq zavq bag‘ishlardi, desam mubolag‘a bo‘lmaydi. Bunday kechalardan biz Usmon Azimning Mayakovskiyona “Bo‘riday g‘ajirdim byurokratizmni”deb turgan holatidagi she’rlarini, Azim Suyunning “Meni o‘ldirolmas hech qanday alam, Na boshga tushguvchi turfa xil savdo. Ishqdan yaralangan yovqur yurak ham, Na bir tasodifdan kelguvchi balo.” degan hayqiriqlarida, Shukur Qurbonning qo‘rqmay, baralla “Zolimlarga nima kerak? Mute’ kerak avvalo, Mazlum tanda yonsa yurak, Zolim uchun bu – balo. Zamon o‘ldi O‘rusiya zamoni!” deya iztiroblanib she’r o‘qishlarida o‘zimizni, o‘zligimizni qayta–qayta kashf etib qaytar edik.

Keyingi paytlarda, negadir, shoir Shukur Qurbon bilan suhbatlashish, davralarda birga she’rlar o‘qish nasib etarmikin, degan o‘y xayolimdan bot-bot o‘tadigan bo‘lib qoluvdi. Yaxshi niyatga farishtalar omin derkan. Bahorsumal kunlardan birida «Sharq» nashriyot matbaa aksiyadorlik kampanisidan taniqli adib Erkin xoji Malikov qo‘ng‘iroq qilib qoldilar:

– Viloyatlarda o‘tkazilayotgan tadbirlarimizga shoirlarni ham jalb etyapmiz. Shukur akangiz bilan Vodiyni bir aylanib kelmaysizlarmi…

– Qaysi Shukur aka? – so‘rayman, shosha-pisha.
– Shoir Shukur Qurbon-da, – deya ta’kidlaydi, Xoji aka. – Ro‘yxatga kiritaveraylikmi?
– Jonimiz bilan. “Sharq”chilardan ko‘p qarzdormiz. Bir xizmatga chaqiribsizu, yo‘q deymizmi, Hoji buva!..

Shunday qilib, mart kunlarining bir tiniq tongida ikki shoir va yoshgina aka-uka hofizlar Behzod hamda Xumoyun Otaxonovlar (yangiyo‘llik havaskor hofizlar) bilan Konsernning yap-yangi neksiyasida qaydasan Vodiy, deya yo‘lga otlandik. Vazifamiz tahminan aniq: “Sharq” NMAK otaliqqa olgan tumanlardagi ko‘ngilochar tadbirlarda qatnashish.
Namanganning Kosonsoy tumani…

Iqtisodiyot kollejida bo‘ladigan tadbir soat 15.00 ga belgilanibdi. Demak ikki soatdan ko‘proq bo‘sh vaqtimiz bor. Imkoniyatdan foydalanib, Shukur aka rahbarligida tomoshani tuman markazidagi bozorni aylanishdan boshladik. Rastalarning ko‘rinishi va joylashishi vodiyga xos bozorlardan aytarlik farq qilmaydi. Narx-navolar ham deyarli o‘sha-o‘sha. Lekin yerli aholining ikki tilliligi e’tiborimizni tortdi. O‘ng tomoningda turgan odam biron narsani o‘zbekcha sovdalashsa, chap yoningdagi haridor tojikchalab tortishardi.

Don-dun rastasidamiz. Shukur aka sal nariroqda rastadagi guruch uyumlarini siypalab, yonidagi hofiz bolaga “Eh, bozor o‘zgarib ketibdi… Yaqindagina kelib ketuvdim, Boshqacharoq edi!..” deb atrofga hayratlanib boqadi. Shu yerda bir shumligim tutdi. Guruch sotayotgan qirq besh yoshlardagi qora chopon, norg‘il yigitning yengidan sekin tortdib, Shukur akaga ishora qilib dedim:

– Anavi, qoshlari o‘skin, shapkali odamni taniyapsizmi? Shoir Shukur Qurbon shu kishi bo‘ladilar. «Shaytanat» degan mashhur filmdagi «Shaytonlari chiqdi yo‘ldan» qo‘shig‘ini ana shu kishi yozgan. Eslaysizmi?

– E, ha, eslayman, – deydi sotuvchi avvaliga ishonib-ishonmay. So‘ng birdan, hayajoni jo‘shadi. – Esladi-im, bu odam maktabimi-izgo ilgori ham kegon. Bitta kitobini dastxat yozib sovg‘a qilib qizimizga berib ketgon. O‘sha shoirning tirigi shu kishimi?

– Ha-da, yaqinda nevara qizini chiqarmoqchi. Kosonsoyning objuvozida tuyilgan “cho‘ng‘ara”sidan opkelib elga osh beraman, deb niyat qilgan. Ataylab, Toshkandan keldi. Bir qop oladi. Haridor chalg‘imasin. Sekin imlab, ishni pishitib qo‘yaqolmaysizmi?

Guruchfurush ham sodda ekan.

– Cho‘ng‘ara guruch Qo‘qon taraflarda bo‘ladi ako. Oma, ako, biznikiyom qolishmaydu. Mana buni ko‘ringgg, deb guruchidan bir siqimini kaftimga to‘kmoqchi edi, qo‘lini qaytardim: – Shoir akamiz umuman, objuvoz guruch bilan archmani farqiga bormaydi. Toshkanlik bo‘pketgan Kosonsoyliklardan. Cho‘ng‘ara deb, yaxshilab maqtasangiz, olovuradi.

– Qalin qoshlari, mo‘ylov qo‘yishi, portfel ko‘tarib olganidan, shu odam, hoynahoy o‘zimiz tomonlarning odami bo‘lsa kerak, deb tusmollab edim, adashmappan.

– Ha yashang. Ota-buvalari mana shu tomonlardan. Mahkam ushlang. Chamadoni to‘la pul. Chust, Marg‘ilon, Qo‘qon qilib, kelin sepini ham butlab ketaman, deb yuribdi.

Aslida, Shukur akaning chamadon kelbat portfelida “Sharq”chilar chiqargan, “Yuz qo‘shiq” deb nomlangan kitobidan yuztasi jaylanganini birozdan keyin, kollejdagi uchrashuv tugab-tugamayoq muxlislarni chorlab tolomon kitob “realizalizatsiya”sini boshlab yuborganda bilib oldik.
Xullas, hafiz Behzodjon bilan ishni pishitib, nariroqqa jildik.

Guruchfurush Shukur akaning qoshiga peshvoz chiqdi va “o‘ray” boshladi. Allofning zikrida sotilib ketayotgan bir qop guruch, shoirning fikrida esa, kim biladi, nima o‘y. Bir sodda sotarmon bilan bir yolg‘on olarmon o‘rtasidagi «savdo spektakli» anchagacha qizg‘in rivojlanib bir manzilda muvaffaqiyatsiz tugaganini aytmasak, unchalik yomon chiqmadi. Buni men aka-uka hofizlarning zavqlanib kuzatishlaridan sezib turdim. Aslida, bu bitimning muvaffaqiyatsiz tugashi aniq ediku-ya…

Ijodiy uchrashuvlarimiz Kosonsoy shahridagi kollejlardan birida boshlandi. Kechani Kompaniya Bosh muharriri Ahror Ahmedov ocharkan, mustaqillik yillarida mamlakatimiz erishgan iqtisodiy, ijtimoiy-siyosiy, ma’naviy-ma’rifiy, fan va texnika sohalaridagi o‘zgarishlarni yalang‘och raqamlarda emas, aynan, yoshlarimiz jon qulog‘i bilan qabul qiladigan adabiy-badiiy timsollar, tarixiy qahramonlar misolida ifodalab berdi.

Shukur aka, albatta, hayajonlib, butun zal bo‘ylab, tinglovchilar bilan bag‘rlashib to‘lqinlanib she’rlar o‘qidi. To‘g‘ri, bugun o‘zbek adabiyotida holatdan chiqibroq, o‘ziga xos she’r o‘qiydigan ijodkorlar juda ko‘p. Biroq ularning orasida yanayam o‘ziga xosi, jo‘shqinligu xoksor va beg‘uborlikda baribir shoir Shukur Qurbonga teng keladigani yo‘q.
Shoirni butun zal har bir she’ri tugab-tugamayoq qarsaklarga ko‘mib turdi.

* * *

Vodiy ahli bilan ushuvlarimiz bir necha kun davom etdi. Qaysi tumanga bormaylik, muxlislarning zallarga sig‘may kutib olishlaridan “Sharq” NMAK hamda mahalliy faollarning tadbirlarga jiddiy tayyorgarlik ko‘rganliklari bilinib turardi.

So‘ngi uchrashuv Farg‘ona viloyatining Uchtepa tumanidagi kollejga belgilangan ekan. Bu yerda ham she’r o‘qishda Shukur Qurbonning, askiyada Mahmud qiziq Ismoilovning, hangomada Soyib qiziqning qo‘li baland keldi, desak bo‘laveradi.

Uchrashuv tugab, kuzash asnosida, muhlislar Shukur Qurbonni arining uyasiday o‘rab olib kim kitob, kim dastxat undirish, kim bir og‘izgina salomlashib, qo‘llarini olish istagida unga talpinishlaridan bu ajoyib shoirning ayni damlarda ham muxlislari qalbini hayajonga soladigan qizg‘in
ijod og‘ushida ekanligiga qayta-qayta guvoh bo‘ldik.

22.03.2012

Shukur QURBON
VIDOLASHUV
003

Mamlakatimiz Birinchi Prezidenti Islom Karimov xotirasiga

1

O‘zing mehribonsan, O‘zing ar-Rahmon,
O‘zing kechirguvchi, O‘zing al-Amon,
Islom Karimni ham etgil mahfirat,
Kechir gunohlarin, ayla shafoat,

Solih bandalaring kabi unga ham
Jannat bog‘laridan joy ber muhtasham,
Ki pok iymon bilan jiddu jahd etdi,
O‘zingdan edi u, O‘zingga yetdi.

2

Amir Temurdan so‘ng Islom Karimdek
Yuksak bir sultonga xalqim edi zor.
Avvalo Xudo-yu, yurtimizda erk
Uning azmi ila bo‘ldi barqaror.

Nafaqat erk, balki Vatan – farovon,
Mutelikdan yiroq, qullikdan yiroq.
Qarshimizda yo‘llar ochildi ravon,
Yurtboshiga oson bo‘lmadi biroq:

Ham fikran, ham ruhan kurashdi bu zot,
O‘zbek kim ekanin angladi dunyo.
Olomonlar ichra minib kirdi ot
Va otdan tushmadi hayot ekan to.

3

Yangi davlat barpo etish, inchunun,
Boshqalarga yengil bo‘lmaydi, tayin
Va lekin Movardiy avlodi uchun –
Islom Karim uchun emasdi qiyin…

…Internet orqali, buyurtma bilan
Kelar osmon bo‘ylab
Ming yillik kitob –
“Davlatchilik ta’limoti” –
Inglizcha nusxasi buyuk bobomiz –
Movardiyning “Al-ahkom..”i.
Elektron nusxa.
Kelar Londondan…

– Rahmat, qancha to‘lash kerak?
Dollardami, yevroda, so‘mda?
– Yozganlari uchun uni bobomiz,
Foydalanishgani uchun undan asrlab,
Bizga – avlodlarga tekin ekan bu…

Kibor Amerika, Xitoy – tadbirkor,
Balzak yurti – ko‘hna Farangiston bu.
Sayyohlar makoni – Malayziya ham,
Yaponlar diyori – to‘rt tomoni suv,
Yil bo‘yi raqs tushib, ko‘zin yoshlagan,
Bobur e’zozlagan yurt, bu – Hindiston,
Muhammad Payg‘ambar (s.a.v.) tavallud topgan
Arablar o‘lkasi – mo‘’min-musulmon…

Bari bizga burchdor, bari o‘qigan
Bizning davlatchilik ta’limotimiz.
Rasman biz ularga yot-begonamiz,
Ilmimiz tufayli yaqin otimiz…

Ey do‘st, kitobini o‘qib davlatlar,
Bu yorug‘ dunyoda yuksalgan xalqmiz.
Kelajagi buyuk davlatmiz deya
Shior ko‘targanda ming bora haqmiz.

Davlat qanday bo‘lar ko‘rsatmoqdamiz,
Mana, necha yilkim jumla jahonga.
Jumla jahon hali ko‘p ta’zim qilar
Mening vatanimga – O‘zbekistonga!..

4

Derlar, bilinadi, olamdan o‘tgach
Qadri yaxshilarning, xo‘blarning azal.
Mana, tutayotir u vafot etgach
Yetti yoshdan yetmish yoshgacha aza.

O‘lmoq, bu Allohning irodasi, rost,
Vafot etmadi u ajali bilan.
Buyuk siymolarga yuz yil umr oz,
Erta ketdi, demak, ayting, ne bo‘lgan?..

Ha, xastalik bois vafot etdi u,
Kim u yurtboshini xastalantirgan?
Menmasmi ko‘ngliga solgan g‘am-qayg‘u?
Sizmasmi yo boshqa… bag‘rin yondirgan?

E’lon qilganda yurt mustaqilligin,
Chapak chalishga ham yaramagan kim?
Joniga su’iqasd etildi, lekin
Ahvoling qalay, deb so‘ramagan kim?

Tan olaylik, axir, qanchamiz uchun
Istiqlol boyish-chun berilgan imkon.
Shunga baxsh etdilar ko‘plar qalb kuchin,
Halol va haromni unutib oson.

Mansabimiz qilib su’iiste’mol,
Bo‘shatildik, axir, qanchamiz ishdan.
Bari bu insonni ayladi behol
Hamda sog‘lig‘ini chiqardi izdan.

Qanchamiz yot g‘oya etagin tutib,
Qaytdik chet ellardan misli yov-dushman.
Chidadi alamin ichiga yutib,
Kechirdi necha bor, qildikmi pushmon?

“O‘zbek modeli”-yu, “besh tamoyil”ning
Ma’nosiga hali ko‘pchilik yetmas.
Uzluksiz ta’limdan yuksalgan elning
Farzandidan, kim u , mo‘’jiza kutmas?

Tanish-bilishchilik, poraxo‘rliklar
Adog‘in ko‘rolmay yo‘qotdi tinchin:
“Do‘zaxga tushar-ku bular – sho‘rliklar,
Qayda qoldi dini Islomning kuchi?!…”

Nafs ko‘chasida bozor ochib keng,
Sotdik bir-birovni bir-birovga jim.
Achindi sotganu sotilganga teng,
Qayg‘usin bo‘lishib, hamdard bo‘ldi kim?

Vatan yoshlarini “Rio”da quchgan
Zafarlari ila qutlagan u choq
Shodlik og‘ir keldi yuragi uchun…
Ayting, o‘tganmi bir xon yoki podshoh,
Ki Vatan kelgusin u kabi ko‘rib,
U kabi baxtiyor jon taslim etgan?..

Ey, qaysi birimiz elim, yurtim deb,
Huzur-halovatdan, rohatdan kechgan?..
Tan oling, sho‘roviy ongchamiz bilan
Tislandik, u qancha demasin “Olg‘a!”
Ko‘plarning boshida hamon osilgan
Chirkin o‘tmishdagi “o‘roq va bolg‘a”.

Yana ham bariga chidadi yurak,
Yana ham shuncha yil yashab o‘tdi u.
“Millatga jon fido aylamoq kerak! –
Deya yona-yona yonib bitdi u.

Motamda yig‘lanar sokit va unsiz,
Pushaymon yoshlarin to‘kmoqda ko‘zlar.
Shu yetar, bilamiz, men, u hamda siz,
Sig‘maydi ko‘ngilga yig‘loqi so‘zlar.

Yozgan kitoblari, xitoblari, bas,
Yoritar to abad yo‘llarimizni.
Chekilgan g‘amlar ham bekorga ketmas,
Tavba bo‘lib endi poklaydi bizni.

2 sentyabr 2016 yil – 2 fevral 2017 yil

009

(Tashriflar: umumiy 607, bugungi 1)

Izoh qoldiring