Botir Zokirov: Kuylamoq — yashamoq demakdir

03326 апрел – Буюк Санъаткор Ботир Зокиров таваллуд топган куннинг 81 йиллиги

   Кеча ойдин. Юлдузларга термулган сари юраги ҳаприқади, вужудида нималардир тўлқин уради. Унга тинчлик бермаётган, ярим тунда уйқусини ўғирлаб, юлдузларга ошно қилиб сеҳрлаган нарса нима бўлдийкин? Лекин тилига келмаётган, номини тополмаётган ўша туйғулари, юрагини қинидан чиқармоқчи бўлаётган ҳис-ҳаяжонлари ўз-ўзидан қуюлиб бўғзига келаверади, келаверади… келаверади…

041

«КУЙЛАМОҚ — ЯШАМОҚ ДЕМАК!»
Ашурали Жўраевнинг “Юрак бўронлари”
ҳужжатли қиссасидан

041

00ee877a1f7246f67e0badda72e8fa57.jpgБотир Зокиров кундалигининг илк саҳифасини шундай сўзлар билан бошлади: «Мен ўз кундалигимни ажойиб ёшлигимнинг энг бахтиёр кунларидан — болалигимнинг илк орзулари рўёбга чиққан кунидан бошлагим келади…

Ўша куни мен Тошкент Давлат консерваторияси вокал факультети тайёрлов бўлимига муваффақиятли имтиҳон топширдим. Ўша дақиқаларда мен саҳнада туриб ҳассос ва талабчан тингловчилар қаршисида кечирган чексиз ҳаяжонларим, изтиробларим куйлашим биланоқ тумандай тарқаб кетди.

Имтиҳонлардан сўнг ўқишга қабул қилинган «аълочи»лар қаторида менинг ҳам фамилиямни айтишганида дастлабки ҳаяжонларим бамисли қувончга айланди. Ўша кундан бошлаб мен мусиқа эҳроми — консерватория талабаси бўлдим, ўша кундан бошлаб севимли машғулотимнинг сарҳадсиз уммонига шўнғидим… 1952 йил 20 август».

Лекин унинг ҳаётига аллақачон шафқатсиз тамғасини босган хасталик барча орзуларига зомин бўлди. У консерваторияда ўқишини тугатолмади. Кейинчалик Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетида, таниқли режиссёр Александр Гинзбург қўлида таҳсил ола бошлади. Лекин касаллик уни қўшиқдан заррача ажратолмади. Талабалик йилларида «Ёшлик» эстрада ансамблида қатнашарди. Тузалгач, яна ансамблга қайтди.

Ансамбль бу пайтлар Москвада бўладиган Бутунжаҳон студент-ёшлари фестивалига (1957 йил) қизғин тайёргарлик кўраётган эди.

— Болам, Москвага борадиган бўлсанг, биронта янги қўшиқ ўрганишинг керак,— деди онаси Шоҳиста опа.
— Ким ўргатади ўша қўшиқни, ойижон?
— Ўзим ўргатаман, жон болам. Луиза билан бирга айтасизлар.

2162719.jpgШоҳиста опа бир сўзли аёл. Болаларидаги қўшиққа бўлган катта ҳавасни кўриб илҳоми келди. Тез кунда «Ўзбекистон — менинг диёрим» деган шеър ёзиб, ўзи куй басталади. Сўнг рубобни Ботирга, доирани Лунзага берди. Бир ҳафта деганда қўшиқ тайёр бўлди. Шунда Ботир янги қўшиқ қанчалик қийинчиликлар билан яратилишини биринчи бор ҳис қилди…

Ака-сингил кучли ҳаяжон билан қўшиқни ширали овозда куйлаб бўлдилар, шунда атрофни қарсак тутди, фестиваль қатнашчилари уларни узоқ олқишладилар. Бу қўшиқ фестивалнинг бронза мукофоти билан тақдирланди.

Қутлуғ келган биринчи қадам уларга ишонч, куч- ғайрат бағишлади.

1958 йил «Ёшлик» ансамбли базасида Ўзбекистон Давлат эстрада оркестри тузилди. Оркестрни тузишда Ботир Зокиров актив қатнашди. Ака-сингил оркестрда солист бўлиб ишлай бошладилар.

Оркестр Ботир Зокиров ижодий йўлини қатъий белгилаб берди. Бу ўзбек мусиқа ва қўшиқчилиги тарихида очилмаган қўриқ — эстрада санъати эди. Барча соҳалар каби Ботир Зокиров танлаган эстрада йўли оғир,  машаққатли ва изтиробларга тўла эди. Лекин у бундан асло чўчимади.

Биринчи бўлиш ҳамиша мушкулдир.

Оркестрда композиторлардан Ян Френкель, Альберт Малаховлар фаолият кўрсатишарди. Чолғучилар орасида Хитойдан қайтиб келган рус муҳожирлари ҳам бор эди. Ўша кунларда Тошкентда бўладиган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари конференцияси (1958 йил, сентябрь) ҳамда Москвада бўладиган ўзбек адабиёти ва санъати декадасига (1959 йил) қизғин тайёргарлик кўрилаётган эди. Иш қизғин эди. Репертуарни яхши асарлар билан бойитиш учун тинимсиз машғулотлар ўтказиларди.

— Болам, соғлиғингга қарагин. Ўзингни асра, — дерди Шоҳиста опа ҳар куни Ботирни ишга кузатаркан. «Хўп, ойижон», дерди-да, оркестрга келиши билан ваъдасини унутарди…

Қомпозитор Ян Френкель оранжировка қилишга уста эди. У қайта ишлаган Шарқ халқларининг қатор қўшиқлари, биринчи бор конференцияда Ботир ва Луиза ижросида янгради. Икки қитъа адиблари икки ёш талантни узоқ олқишладилар. Ҳатто ҳиндистонлик адиблар Ботир ижросига ҳинд санъаткорлари билан тенглаштириб баҳо бердилар. Айрим чет эллик журналистлар улардан интервьюлар олди. Шунда Луиза ижро этган индонезияча қўшиқни эшитган индонезиялик  адиб уларга шундай савол берди:

— Жуда хурсанд бўлдик. Раҳмат сизларга. Айтинглар-чи, қўшиқ сўзларининг мазмунига тушунасизларми?
— Йўқ.

— Унда сўзларнинг маъносига тушуниб, кейин куйлаш керак. Мана, масалан, сиз, — деди адиб Луизага юзланиб.— Саҳнада — қайиқда қўшиқ айта туриб ҳаракатларингиз билан гитарачи йигитга севги изҳор қиласиз. Афсуски, қўшиқ севги ҳақида эмас, бу индонезиялик оналар «алла»си-ку!

  Ака-сингил хижолат тортиб, гуноҳкорлардай бир-бирига қараб олишди. Лекин бу воқеа уларга бир умрлик сабоқ бўлди…

 Москвада ўтказилган декадада эса машҳур араб композитори Дориш Ал-Аттошнинг (Ян Френкель қайта ишлаган) «Араб тангоси» қўшиғи биринчи марта янгради. Янгради-ю, чақмоқ янглиғ Ботир Зокиров номини қўшиқсеварлар қалбига олиб кирди. Бу кутилмаган катта омад, шуҳрат ва келажакка ишонч эди. Кейинчалик бу қўшиқ хонанда репертуарининг муқаддимаси бўлиб қолди. Концертларда, гастролларда агар шу қўшиқ янграмаса томошабинлар бараварига: «Араб тангоси», «Араб тангоси!» деб қатъий талаб қилишарди. Мазкур қўшиқ номи билан минглаб нусхаларда унинг пластинкалари чоп этилди. Қўшиқ унга оламшумул шуҳрат келтирди…

  Декададан қайтгач, оркестр бадиий раҳбари ва дирижёри Альберт Малахов тўсатдан вафот этди. Эстрада санъати жонкуярининг бевақт ўлими Ботирни қаттиқ изтиробга солди. Оркестрга бадиий раҳбарлик қилиш унинг зиммасига юкланди. Бу эса ундан тинимсиз изланишни, яна ҳам тер тўкиб меҳнат қилишни талаб этарди.

— Ботир доимо ишлашни яхши кўрарди,— деб хотирлайди композитор Энмарк Солиҳов.— У меҳнат қилган сари роҳатланарди, илҳомланарди. Бирор бошлаган ишини поёнига етказмагунча тинмасди. У қисқа вақт ичида оркестр шуҳратини иттифоққа олиб чиқди. Москва, Ленинград шаҳарларига устма-уст гастролларга борди. Нур бор жойда соя бўлганидек, ўзимизда оркестр душманлари пайдо бўлди. Улар турли баҳоналар билан оркестр фаолиятини ерга уришга кўп бор уриндилар. Маданият министрлигининг ўша пайтдаги собиқ раҳбарлари репертуарни тасдиқламай уни кўп қийнашарди. Турли ташкилотларга югуртиравериб овора қилишди. Чунки Ботир санъатни тушунмайдиган «раҳбарлар»га  бўйин эгишни ёмон кўрарди. Ундайларни «санъат чиновниги» деб атарди. Ҳеч қачон уларга ялинмасди. Буларнинг ҳаммаси унинг соғлигига ёмон таъсир қилди. Оқибатда касаллик уни операция столига ётқизди…

Саҳрога илк бора чиққан йўловчига ҳамиша қийин. Ё у азоб-уқубатлар билан йўл очади, ё ҳудудсиз саҳро қўйнида ном-нишонсиз йитиб кетади. Ботир Зокиров ҳам 60-йилларда бечора йўловчининг аҳволига тушиб қолди. Бир томондан санъатдан йироқ кимсалар ғашига тегса, иккинчи тамондан ўпка хасталиги ҳадеганда хуруж қилавериб унинг тинка-мадорини қуритарди. Лекин у касалга таслим бўлишни истамади. Ажал билан олишгандек касаллик билан олишаверди. Шу боис гоҳ  Москва касалхоналарида, гоҳ Қрим санаторияларида тез-тез ётиб даволанишга мажбур эди. Даволаниш баъзан ойлаб, йиллаб чўзиларди. Бундай пайтларда у кўпроқ картиналар чизиш билан машғул бўларди. Унинг ўша даврларда чизган «Москва манзаралари», «Қрим манзаралари» деб номланган туркум асарларини кўрсангиз, ҳаётга ташна қалбнинг бетакрор рангларидан завқланасиз. Ботир Зокиров қўшиқда сўз, оҳанг танлаганидек, картинада оҳори тўкилмаган рангларни танларди. Хасталик азобини тортиб юрган кезларида чизган турли картиналарида кўпроқ қора бўёқ ажралиб туради. Лекин у қора бўёқни тушкунлик аломати эмас, балки ҳаётга муҳаббат тарзида талқин этади. Масалан, бир картинасида қалин дарахтзор оралаб кетаётган кишини тасвирлайди. Дарахтлар қора, одам қора. Лекин олисда яшил, қизғиш ранглар қоришмаси кўзга ташланади. Ўша ёруғ ранглар қора одамни ўзига чорлаяпти…

У Кремль касалхонасида ётганида ўша пайтда Москвада яшаган таниқли ўзбек композитори Икром Акбаров билан яқиндан танишди. Бу танишув Ботир Зокиров ижодида ўзига хос ёрқин саҳифалар очди. Бу саҳифалардан икки санъаткорнинг ўзбек эстрадасига асос солган ўлмас миллий қўшиқлари абадий ўрин олди.

— Ботиржон, бир йўла тузалиб олинг. Кейин бафуржа ишлаймиз. Ҳозир жуда қийналяпсиз,— деди бир куни Икром ака иш жараёнида Ботирнинг тоби қочиб қолганини кўриб.

— Бу лаънати касал ҳеч қачон тузалмайди. Мен эса куйлашим шарт. Сиз мени ўйламасдан янги куйларни ёзаверинг. Вақтни бой бермаслигимиз керак, Икром ака,— деди у оғриқ бир оз босилгач.

— Мен врач сифатида  олдин соғлиқ, кейин қўшиқ туришини қаттиқ талаб қиламан!— деди унинг ранг-рўйини кўрган Икром аканинг турмуш ўртоғи Нина Сергеевна.

— Вой, онажоним-ей, соғ одам қандай қилиб қўшиқ айтади?— деди Ботир одатдагидай ҳазил қилиб. Сўнг «Бир куни Афанди…» дея гапини латифага улаб юборди. Бир зумда Икром ака ҳам, Нина Сергеевна ҳам унинг касаллигини унутишди. Завқ-шавққа тўлиб латифагўйлик қилаётган Ботирни кўрган киши сира бемор деб ўйламасди. У шундай пайтда ҳақиқий қизиқчиларга ўхшаб кетарди.

У нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам касали ҳақида ўйлашига, гапиришга йўл қўймасди. Концертларини ҳаяжонланиб тинглайдиган минглаб қўшиқ мухлисларининг кўпчилиги унинг хасталигидан бехабар эди. Ботир касалликни яхши қўшиқ, самимий кулги ва кучли ирода билан енгарди.

Бир гал Томск шаҳрига гастролга борганида концертдан сўнг бир гуруҳ томошабинлар уни саволга тутиб: «Ўпкангизнинг ярми йўқми?» деб сўрашган эди. Бу савол унинг суяк-суякларигача зирқиратиб юборганди. Эй, одамзот! Қўшиқни тинглаб тинчгина кетавер. Саволинг нимаси? Шу-шу, томошабинларга рўбарў  келишдан чўчийди. Чўчийди эмас, уларнинг ноўрин саволларига юраги бардош беролмайди.

1961 йил уни биринчи марта операция столига ётқизишди. У ўша кунларни кундалигига шундай қайд этган: «Операциядан кейинги тўртинчи кун. Яхши ва ёмон. Ёмон ва яхши. Ширин ва аччиқ. Азоб ва ёқимли… Доимо хонам тўла дўстлар. Яхши! «Албатта, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, албатта!» дея билдирилаётган самимий тилаклар. Асло тоқат қилиб бўлмайдиган оғриқлар хуруж қилганда эса, илк бор саҳнага чиққан кунни хотирлаш кўнгилга таскин-тасалли беради».

У қанчалик уринмасин, саҳнага илк бора чиқиб қўшиқ айтган кунини эслолмайди. Эсида фақат Кўкча дарвозасидаги ҳовлиси, олма, ўрик, ноклар ғарқ пишган палла. У чорпояда юлдуз тўла осмонга термулиб ётибди. Кеча ойдин. Юлдузларга термулган сари юраги ҳаприқади, вужудида нималардир тўлқин уради. Унга тинчлик бермаётган, ярим тунда уйқусини ўғирлаб, юлдузларга ошно қилиб сеҳрлаган нарса нима бўлдийкин? Лекин тилига келмаётган, номини тополмаётган ўша туйғулари, юрагини қинидан чиқармоқчи бўлаётган ҳис-ҳаяжонлари ўз-ўзидан қуюлиб бўғзига келаверади, келаверади… келаверади… Аста-секин лаблари қимирлай бошлайди. Юлдузлар ҳам гўё унинг қалбини тушунгандек, сен куйлашинг керак, қўшиқ айтишинг керак, деяётгандек туюлади. Сўнг юлдузлар билан қўшиқ бир-бирига қўшилиб кетади.

Қани менинг юлдузим? Қани менинг қўшиғим?

У кўп марта адашди, қийналди, изланди, йўлидаги тўсиқларни енгиб, қайта-қайта куйлади, охири ўз қўшиғини топди. Лекин қанчалик куйиб-ёнмасин, кўзлари тўрт бўлиб ахтармасин, ҳали-ҳануз бахт юлдузиии учратгани йўқ. Тўғри, бир сафар Москвада концерт бераётганида уни залда томошабинлар орасида тасодифан кўриб қолди. Ўшанда гастролнинг охирги концерти эди. Кўриб қолди-ю, ўзини саҳнада бир зум йўқотди.

Унинг кўзларига юлдуздан бўлак ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмасди. Юлдуз бўлса залнинг бешинчи қаторида ўтириб, сочлари елкаларида паришон, ўзини батамом унутган, фақат  хонанданинг мунгли қалб фарёдини тингларди. Хонанда эса ундан кўзларини узмай, фақат у учунгина ёниб куйларди:

Қайдасан, азизим, қаро кўзлигим,
Севгили юлдузим, ширин сўзлигим,
Қўлимда сенга деб қуйилган шароб
Кўзларим йўлингда, анор юзлигим…

Концертдан сўнг юлдузини излади. Тополмади… Бир неча марта унинг суратини чизишга уринди. Чизолмади. Яна қалбларни соғинчларга тўлдириб куйлади:

Қайдасан, азизим, қаро кўзлигим…

1964 йили Ботирни Кремль касалхонасида иккинчи марта операция столига ётқизишди. Азоб-уқубатларга тўла ўша оғир кунларни у кундалигига ёзиб борди. Бу мураккаб операция уни ҳаётга қайтарди. Ажал бу гал ҳам суюкли хонандани мухлислар қалбидан юлиб ололмади.

15 ЯНВАРЬ:

«Афсус! Операцияни жумага қолдиришди. Салом, яна бир кўнгилсизлик! Кечаги рентген сурати ёмон чиқибди. Қимирламай ётишимни қаттиқ тайинлашди. Қўшиқни ёзиш эса чиппакка чиқяпти. Тинимсиз машғулотлар ҳайф кетди. Мана, сенга қувонч учун мукофот.

Ўпкадаги кичик тешикча катта бўлиб қолибди. Бу сўнгги машғулотлар оқибати. Барибир янги қўшиқни ёзиб ололмаяпмиз. Бунга Икром ака эмас, мен айбдорман. Чунки биз бекорга ҳаяжонландик, хавотирландик. Қўшиқ ёзилмаса майли. Ахир мен нималарни  истамайман? Лаънати касал менга бўйсунмайди. Лекин уни ўз ихтиёрига қўймаслигим керак.

Оқшом  Икром ака келди. Менинг сиҳат-саломатлигимни кўриб хурсанд бўлди. Қўшиқ ёзишга йиғилган барча оркестр ижрочилари менга салом айтибди…

16 ЯНВАРЬ:

«Эртагаям операция бўлмайди. Лев Константинович Богуш касал. Кейинги сешанбагача қимирламай ётиш керак.

Кечқурун Икром ака келиб, операцияга рози бўлма, деди. Чунки ўтган сешанбада ёнимда ётган беморни олти соат операция қилишди. У нобуд бўлди. Икром ака, отамни чақириш, маслаҳатлашиш керак, деди. Икром акага мени операция қилиш зарурлигини тушунтирдим.

Ира (Эркли Маликбоева) телефон қилди. Ҳаммаси жойида, яхши дедим.

Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Ўз тарихимизни ғурурланиб, фахрланиб ўқиб-ўрганишни бошладим. Қанча-қанча очилмаган тенгсиз хазиналар. Ўз маданиятимизни ҳали жуда юксакларга кўтаришимиз керак. Албатта кўтариш керак! Қандай қилиб? Ҳамма гап шунда.

Яна кўп нарсалар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритишга ҳали имкониятим бор.

Бир нарсани англадим. Шу пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар қайтадан бошлаш керак…»

10 ФЕВРАЛЬ:

«Эрталаб кўнгилсизлик бўлди. Кўчада бир одамни машина уриб, ўлдириб кетибди. Бугун касалхонага келганимга икки ой бўлса, шу муддат ичида бу иккинчи воқеа.

Аҳволим яхши эмас. Кундузи ҳикоя ёздим. Эҳтимол бу менинг илк ҳикоямдир. Бу ҳикояни ичимдан тўқимадим. Ҳикоянинг номини «Кутиш» ё «Охунбобоев ҳайкади ёнида» деб аташ мумкин. Ҳикоя кўпгина яхши, очиқкўнгил, камтар танишларим ҳақида…»

15  ФЕВРАЛЬ:

«Худога шукр! Рентген яхши чиқибди. Операцияга ярайман. Ниҳоят эртага операция! Лекин улар аниғини айтишмаяпти. Чунки Богуш, операциядан фақатгина бир фоиз умид бор холос, деди.

Куни бўйи Эдуардас Межелайтиснинг «Инсон» китобини ўқидим. Китоб яхши безалган. Красаускаснинг гравюралари табиий. Поэмадаги кўп фикрлар менинг дардларимга ҳамоҳанг. Ўзим очган дунёни «кўриб», ўзим уялиб кетдим, Межелайтис менга руҳ бағишлади. Нега энди ўзимдан-ўзим уялишим керак?..

Бекор хурсанд бўлдим. Ҳароратим 37,8°. Бундай иситма билан операция қилмасликлари мумкин. Бари- бари жонга тегди!»

16  ФЕВРАЛЬ:
«Тонг оқарди. Кун ўтяпти. Шафқатсиз савол эса момақалдироқдек янграб турибди. Қанча ўй-хаёллару қанча ҳаяжонлардан сўнг! Нега ҳаяжонланяпман? Бугун бўлмаса, эртага бўлар, улгураман-ку… Эҳтимол, йўқ! Балки врачларнинг ўзлари чўчишаётгандир?

Соат 4.30. Дам олиш вақти тугади. Ниҳоят мени чақиришди. Уколга олиб кетишиб… сўнг… хайрият, аниқ бир қарорга келишди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди.

Соат бешда операция столида ётардим. Тепамда ҳамшира Наталья Ивановна. У қўлларимни ушлаб олгану кўзларимга қарашга қўрқади. У ҳадеб Сергей Яковлевич Лемишевнинг томоғидаги рак туберкулёзни оцерация қилишгани ҳақида гапиради. У бошимни силаб ҳаяжонланяпти, нуқул «Молодец, Ботир», деб қайта-қайта пичирлайди.

Атрофимда жарроҳлар иш бошлашди. Гўё мен ҳам уларга қўшилиб ишлай бошладим. Ўн иккигача санадим. Кейин нима бўлганини билмайман. Бу ҳолат умрбод эсимдан чиқмайди.

Кейин врачлар айтиб беришди: «Операция ўта мураккаб, жиддий ва хавфли эди… Операциядан сўнг Богуш йиғлаб юборди…»

19 ФЕВРАЛЬ:
«Боксдан палатага ўтказишди. 10-палата. Тўрт кишимиз».

26 ФЕВРАЛЬ:
«Эрталабдан хушхабарлар: рентген яхши, уколлар бошқа қилинмайди. Ҳар қалай ваъда беришди-ку! Сайр қилиш мумкин. Тоза ҳавода. Фақат қирқ минут. О, баъзан нимадан озиқланаётганимизни унутиб қўямиз. Ахир баҳорнинг илиқ, салқин табиий ҳавосини хонадаги кислородга алмаштириш мумкинми?

Нафас олиш қандай бахт!..»

6 АПРЕЛЬ:
«Високий Горида бир юзу қирқ кун. Тамом! Соат бирдан бери озодликдаман!»

12 АПРЕЛЬ:
«Салом, Тошкент! Салом, ўғлим!

Karim-Zakirov-otets-430x600.jpgТошкентни баҳор нафаси тутган. Ўрик гуллабди. Отам ҳар сафар мени ҳар хил ҳолатда кутиб олади. Назаримда у киши анча қартайиб қолибди. Онам эса ўша-ўша, шаддот ва чаққон.

Укаларим анча улғайибди. Жамшид — студент, хурсанд. Моцартдан чалади. Фаррухга қўшилиб қўшиқ ҳам айтади. Навфал билан Фаррух гитарани ажабтовур чалишиб, яхшигина куйлашяпти. Онам Навфалга ажойиб қўшиқ ўргатибдилар…»

У туғилган тупроғига соғ-омон қайтиб келганидан, ота-онаси, укалари, умр йўлдоши, дўстлари ва жажжигина ўғли Бахтиёрни кўрганидан, улар билан яна дийдорлашганидан минг бора хурсанд эди. Ҳаммалари унга ҳайрат ва ҳаяжон билан термулишар, бири қўйиб, бири аҳвол сўрар, хуллас, унинг ҳаётга қайта келганидан олам-жаҳонга сиғишмасди,

У операциядан сўнг бир оз рангини олдирган бўлса ҳам, лекин кўзлари оловдай чақнаб турарди. Бу кўзлар ҳаётга чексиз муҳаббат ва букилмас ироданинг рамзи эди.

У ўша йили тутган кундалигини қуйидаги умид ва ишонч сўзлари билан якунлади: «Уч йиллик оғир хасталик ва сукут… Ўпкани  тинимсиз машқ қилдиришим керак. Мен эстрадага қайтишим шарт! Шарт! Шарт! Мен қайтаман! Ҳаёт… унинг ҳар лаҳзаси каҳрабодек гўзал… Жудаям қўшиқ айтгим келяпти!..»

Ботир жони жаҳони бўлган қўшиқни соғинган эди. Қўшиққа бўлган буюк соғинч туйғуси бу гал ҳам қаттол жарроҳ қўлидан уни омон-эсон олиб чиқди. Ҳатто профессор Лев Константинович Богуш: «Мен бу дилбар ўзбек йигитининг ҳаётдан кўз юмишини асло тасаввур қилолмайман. Уни операцияга тайёрланглар. У жонини худога эмас, менга, Богушга топшира қолсин!»—деган эди бир оз умидсизликка тушиб. Гарчи профессор фамилиясини худога уйқашлигини сўз ўйини қилаётган бўлса-да, беморнинг операциядан тирик чиқишига аниқ кафолат беролмади. Операция саккиз соат давом этди. Гўё бу дақиқалар Богуш учун ҳам, врач ва ҳамширалар учун ҳам саккиз йилга чўзилди. Энг сўнгги имкониятлар, тажрибалар ишга солинди. Уни операция қилишаётганини эшитган касалхонанинг ўнлаб беморлари, ҳамширалари йўлакда туриб йиғлашарди. Ҳеч ким унинг ҳаётдан бевақт кўз юмишини, тўғрироғи, қўшиқнинг ўлимини истамасди. Умид ва ишончсизлик исканжасида оғриқ азобидан инграётган қўшиқнинг ҳам юраги уриб турарди…

Ботирнинг тўйиб-тўйиб, ёниб-ёниб қўшиқ айтгиси келарди. У операциядан олдин Икром Акбаров билан ҳамкорликда янги қўшиқлар яратишни кўнглига тугиб қўйганди. Энди чинакамига ишга киришиши керак!

У ҳар бир янги қўшиқ устида узоқ машқ қилар, токи қўшиқ қалбини пўртанага келтирмагунча айтмасди. У билардики, хонанда юракдан ёниб куйламаса, тингловчи қалбини забт этолмайди. У ҳар бир янги қўшиқни  камида етти-саккиз вариантдан сўнг қиёмига етказарди,

— Ботиржон, тобингиз йўқ. Чарчаяпсиз. Сизга кўп уриниш мумкин эмас-ку!—дерди унинг тинимсиз машқ қилаётганини кўрган Икром ака.
— Кўнглимдагидек чиқмаяпти, Икром ака. Томошабинни алдашга виждоним чидамайди. Келинг, тағин бир марта такрорлайлик-чи?—деб яна машғулотга киришиб кетарди.

У қўшиқ сўзларига катта эътибор берар, баъзан шеърлардан ортиқча сўзларни олиб ташлар, агар маъқул келмаса, шеърни қайтадан ёзарди. У айниқса 60-йилларда қўшиқбоп яхши шеърларга зор эди.

— Икром ака, эътибор беряпсизми, шоир зоти кўпайган сари чинакам яхши шеър камайиб боряпти,— дерди баъзан куюниб…

Операциядан сўнг орадан икки йил ўтгач, биринчи марта гастролга яна Москвага борди. У концертга профессор Л. К. Богуш бошчилигида врачлар ва ҳамшираларни таклиф қилди. Концертга эса юзлаб мухлислар билет топишолмади. Чунки қўшиқсевар Москва Ботир Зокировни жуда-жуда соғинган эди.

… У қўшиқ куйлаётиб, залга қаради. Қаради-ю, бир нуқтага термулиб куйлайверди. Бу сафар ҳам унинг етолмаган юлдузи ўша қатор, ўша ўринда ўтириб уни тингларди. Шалоладай сочлари елкаларини тутган. Тимқора кўзлари қўшиқ сеҳридан ёнади. Вужуди қулоқ бўлиб саҳнага тикилган. Саҳнада эса севимли хонандаси одатдагидай бўғзида дард билан хониш қилиб, уни чорлаяпти:

Боғимга ноз ила, ёр, кел,
Қувноқ овоз ила, ёр, кел,
Сеники бу чаман, бу гуллар,
Сеники куйлаган булбуллар
Куй ила, соз ила, ёр, кел.

У ҳам учиб бормоқчи, лекин қанотлари йўқ, югуриб борай деса мадори етишмайди, жавоб қилай деса нафаси тиқилиб қолаверади. Қўшиқ уни батамом сеҳрлаб ташлаган. Хонанданинг саволларига хаёлан жавоб беришдан ўзга чора йўқ.

«Соғ-омон тузалиб қайтдингми, қўшиғим? Сени кутавериб кўзларим йўлларингда сарғайди, қайта кўрармиканман, деб шўрлик қалбим яна пора-пора бўлди. Қайдасан, қайлардасан, жони жаҳоним — қўшиғим? ЁЛҒИЗ пластинканг ҳамиша қалбим малҳами. Уни эшитавериб-эшитавериб овозингни томирларимга пайванд этдим. Лекин сени қайта кўраман, сени тинглаб яна қирғоқларига сиғмаган дарёдай бўламан деб сира- сира ўйламагандим. Ҳозир оламда мендан бахтли, мендан бахтиёр инсон йўқ. Чунки сенинг ўтли кўзларингга термулиб, нолаю афғонларингни, дарду ҳасратларингни қайтадан томирларимга, қалбимга жо қиляпман, қўшиғим. Мен бугун қайтадан дунёга келдим. Келиб яна сени кўрдим, фақат сени топдим, қўшиғим!..»

Дилимда ғазалим сен, ёр,
Мен айтай, гўзалим сен, ёр.
Сўзимиз порласин оташдай,
Ишқимиз яшнасин қуёшдай,
Сеники бу чаман, бу гуллар,
Куй ила, соз ила, ёр, кел…

Концерт тугаши билан Ботирни врачлар ўраб олишди. Бу сафар ҳам уни кўролмади, дийдорига тўёлмади. Соғинч ҳисларини баён этмоқчи, мириқиб-мириқиб дардлашмоқчи эди. Бўлмади…

— Ниманг билан қўшиқ айтдинг? Сен ҳақиқатан инсонмисан ё сеҳргармисан? Наҳотки, бу ўзинг бўлсанг, Ботир?—деди Лев Константинович Богуш кўзларига ёш олиб.

Ҳамширалар уни қучоқлаб, қўлларини юзларига босиб йиғлашарди. Қаршиларида тирик мўъжиза тургандек, унга қайта-қайта ҳайрат билан тикилишарди.

Бу ҳақиқий мўъжиза эди. Рўй берган мўъжизага хонанданинг ўзи ҳам ишонмасди…

Ботир ўша оқшом дам олишдан олдин Тошкентга телефон қилиб таъби бир оз хира бўлди. Саҳнадаги қувончидан асар ҳам қолмади. Республика маданият министрининг муовини яна янги репертуарни тасдиқламабди. Чунки яқин-орада оркестр қардош Болгария, Венгрия, Чехословакия мамлакатлари бўйлаб гастролга бориши керак эди. Бир хаёли санъатни тушунмайдиган ўша калтабин муовинга телефон қилмоқчи бўлди. Лекин кўзи ожиз одамга нуқул кўрсан, дейишдан нима фойда?

У узоқ вақт ухлай олмади. Асабийлашди. Врачларнинг жуда қатъий тақиқлашига қарамай, ҳамроҳларидан яширинча секин айвонга чиқиб сигарета тутатди. Барибир алами босилмади. Кўз олдига Маразнинг жирканч башараси келаверди.

Ҳа, бу ўша Маразнинг иши. Санъатни, санъаткор қалбини тушунмайдиган Маразнинг. Санъат остонасига қадам қўйибдики, ўша Мараз унинг қадамини пойлайди, ижод йўлларига тўсиқ бўлади. Иложини топса, ундан қуёшнинг нурларини тўсади, ойни беркитади, яна иложини топса нафас олдирмай қўяди. Нега? Нима учун?.. Йўқ, фақат у эмас, жамики миллий маданият ва санъатнинг талантлари Маразнинг дастидан ҳамиша озор чекади. Кимки хушомад, лаганбардорлпк қилса, ўша «яхши», «истеъдодли», мукофоту унвонлар ҳам ўшаники. Эсида, қайсидир йили Ашхободга бир группа ўзбек санъаткорлари концертга боришди. Қонцертнинг  тантанали очилиш маросимида программа бўйича биттадан қўшиқ айтиш керак эди. Таниқли ҳофиз Комилжон Отаниёзов саҳнага чиққанида зал оёққа турди. Хонанда бир қўшиқ билан саҳнадан чиқиб кетолмади. Яна бир қўшиқ куйлади. Шунда ҳам зўрға-зўрға саҳнани тарк этди. Тарк этди-ю, ортида қўлларини белига қўйиб, безрайиб турган Маразга дуч келди.

— Нега иккита айтасиз? Нега «қонун»ни бузасиз?— Ўшқира бошлади у хонандага юзланиб.

— Авваламбор, бу қонун эмас. Иккинчидан, олсанг номерингни оласан, қўлимдаги торни олармидинг? Ҳа, сани…— деди хонанда жаҳл билан. Ва ўша куни самолётга ўтириб жўнаб кетди.

Қилғилиқни қилган Мараз эса хонандани сўраган юзлаб мухлисларига: «Касал бўлиб кетди», дея ёлғон гап тарқатди. Шунақа юзсиз, имонсиз бу Мараз!

Мана, неча йилдирки, Мараз унга ҳам тинчлик бермайди. Гоҳ репертуарни, гоҳ гастроль планларини тасдиқламайди. Минг азоб-уқубат билан тасдиқлатганларини икки кундан сўнг яна кўраман, эшитаман, деб йўққа чиқаради. Санъатни тушунса, тўғри маслаҳат берса яхшику-я, лекин тушунмай ҳаммани қон қилади, Шуниси ёмон.

Ботир санъатни тушунмайдиган бундай маразнусха «чиновник»лардан безор бўлган эди. Улар нафақат эстрадани, балки миллий қўшиқ санъати ривожига ҳам кескин тўсқинлик қилишарди. Қизиқ! Сени ўзга шаҳарларда, ўзга юртларда роса эъзозлашса-ю, ўз юртингда қадр топмасанг. Ҳар қадамда изингни, сўзингни пойлашса, ҳаракатларингдан хато излашса, тўғри сўз учун таъқиб этишса… Бу аҳволда қандай қилиб на маданиятни, на санъатни ривожлантириб бўлади? У баъзи «санъаткор»лар каби катта-кичик раҳбарлар ҳузурига тез-тез кириб қуллуқ қилмас, бўлар-бўлмас хизматларини бажаравермас, тингловчилар номидан хатлар уюштирмас, унвону мукофотлар учун  елиб-югурмас, умуман, уларга ялиниб-ёлвормасди. Бундай «фазилатлар» унинг қонида йўқ эди.

1.jpgБотир Зокиров энг қийин пайтларда ҳам санъатдан йироқ раҳбарлар олдида бўйин эгмади. У инсон сифатида ҳам, санъаткор сифатида ҳам имонига, эътиқодига ҳамиша содиқ қолди. Бу хислатлар унга кўпроқ   отасидан ўтган эди. «Ўғлим, тўғри   бўл, ҳалол бўл. Шон-шуҳратга, мукофотга ҳирс қўйма. Санъатингни халқ эътироф этса бўлди», дерди ҳамиша отаси.

Бир куни унга республика марказий комитети фан ва маданият бўлимининг ўша даврдаги мудири телефон қилди.

— Кечқурун ҳукумат боғида меҳмонлар бўлади. Шунга битта концерт қўйиб берасизлар. Ўзингиз албатта бўлинг,— деб жиддий тайинлади.

У трубкани қўяр экан, «меҳмонлар» сўзини одатдагидек чет элдан меҳмонлар келган, шуларга концерт бериш керак, деб тушунди. У бундай концертларга ҳамиша пухта тайёрланиб, миллий санъатимизни чет  элликларга манзур қилишга иштиёқманд эди.

Оқшом бўлим мудири тайинлаган жойга боришса, ҳеч қандай меҳмон йўқ. Суриштириб билишса катталардан бирининг ўғли уйланаётган экан. Ўша катта тўйда шахсан Ботир Зокировнинг қўшиқ айтишини тайинлабди. Буни эшитиб хонанданинг фиғони фалакка чиқди. Бу ҳақоратдан бўлак нарса эмас! Ахир санъатни шунчалар оёқости қилиш мумкинми?

— Йиғиштиринглар! Кетдик!— деди у чолғучиларга овози титраб.
— Қаёққа?!— дея дағдаға билан бўлим мудири унга юзланди.

— Кечирасиз, ҳали отарчилик даражасига кўтарилганимизча йўқ!—деди Ботир аччиқ киноя билан.
— Қайтинг. Кейин пушаймон қиласиз.

— Отарчилик қилиб виждон қийналгандан кўра, минг марта пушаймон еган яхши,— деди у жаҳл билан машнна эшигини ёпиб.
— Кўрамиз!..

Худди шундай «Кўрамиз!» воқеаси у билан бир йил муқаддам Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитетининг собиқ биринчи секретари (Раъно Абдуллаева назарда тутилмоқда. ХДК изоҳи)  орасида ҳам содир бўлган эди.

Секретарь дастлаб чақиртирганида у касал эди. Боролмади. Тузалиб боргач эса, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, опа ўшқириб берди:
— Нега чақиртирсак келмайсиз?!
— Касал эдим.

— Бошқа баҳона ўйлаб тополмадингизми?
— Баҳона эмас, тўғрисини айтяпман.

— Сиз артистларни биламиз. Нуқул осмонда юрасизлар. Айниқса, сизга ўхшаганлар катта идораларни назар-писанд қилмайди. Сал пастроқ тушинг, оқибати яхши бўлмайди.

Унинг дабдурустдан совуқ пўписалари Ботирнинг ҳамиятига тегди.

— Илтимос, қўрқитманг, опа. Кейин бақирманг. Шуни билиб қўйингки, санъатда буйруқ ҳам, бюрократизм ҳам кетмайди. Бу жойда ўтирган одам аввало маданиятли бўлиши керак…

— Сиз ҳали аёл кишини ҳақорат қиляпсизми?— Опа шартта унинг сўзларини бўлди.— Йўқ! Мен бунга йўл қўймаймаи. Бу гапларингиз учун керакли жойда жавоб берасиз!

— Мени урушиш ё насиҳат қилишга чақирган бўлсангиз, эшитишга вақтим йўқ,— деди у ўрнидан туриб. Чунки гапи тўғрими, нотўғрими, нуқул ўзиникини маъқуллайдиган бу аёлга бирор гапни уқтириш қийин эди.

Шундай кўнгилсиз воқеа, орадан бир неча йиллар ўтиб, у республика  комсомоли мукофотига тавсия қилинган йили ҳам рўй берди. Бир куни опа уни яна ҳузурига чақирди. «Мукофотни сизга лозим топяпмиз, энди шу сочингизни, кийим-бошингизни сал-пал тартибга олсангиз», дея одатдагидай унга насиҳат қила бошлади. Ботирнинг яна жаҳли чиқди.

— Агар сочим билан уст-бошимга мукофот берадиган бўлсангиз керак эмас,— деди.

Опа бирдан ловиллади… Бу хабарни тегишли жойларга етказди… Мукофот унга эмас, укаси Навфал Зокировга берилди. Бундан у заррача хафа бўлгани йўқ…

Ҳа, катта-кичик идораларда, кабинетларда бирдек таҳлика билан айтилган «кўрамиз»лар бир умрга унинг соғлиғига, ижодига, энг муҳими, яхши қўшиқларига зомин бўлди. Унинг назарида шу сўз фақат ўзбеклар учун яратилган-у, кўрсатишни ҳам фақат ўзбекларга чиқаргандай. Ахир биргина шу совуқ сўз туфайли қанчадан-қанча тоза юраклар, ҳур фикрлар, ноёб талантлар маломатларга учрадилар, баъзилари бадном бўлдилар. Нимани кўрсатади? Манманлигиними, саводсизлигиними, зўравонлигиними… Қачонгача кўрсатади? Нега ҳануз-ҳануз айрим раҳбарларда зўравонлик, ҳокими мутлақ бўлиш, маънавий манманлик психологияси йўқолмаяпти? «Кўрамиз»лар дастидан миллий маданият ва санъатимиз аксарият оёқости қилиняпти. Бизда истеъдод билан фахрланиш, уни униб-ўсиши ва бошка халқларга кўз-кўз килиш туйғуси етишмайди. Шулар-ку, етишмас экан, одамни ўз ҳолига қўйишса бўларди.

«Нега шундай? Нима учун? Қачонгача?»

У вужудига қуюндай қуйилиб келаётган бундай саволларга жавоб тополмай қийналарди.

«Ўзимиз ўзлигимиз илдизини қирқсак, маданият ва санъатимнзни оёқости қилсак, ғуруримизни бемаъниларча топтасак, истеъдод бошида бюрократларча қилич яланғочлаб турсак қачон халқ бўламиз? Қачон қад ростлаймиз? Қачон?..»

Бетизгин, бежавоб саволлар карвони аста-секин йўқолиб, вужудига беихтиёр янги шеър оқиб кела бошлади.  Қўлига қалам олиб, кундалигининг ёзилмаган саҳифаларини очди.

Бой берилди  жуда кўп  йиллар*.
Жуда!
Узоқ яшадим мен, тун денгизида
Олис юлдузларнинг ёнишларидек —
Ёлқин топурманми энди ўзимдан!

Пешомамга юз йил яшаш битгандай!
Бу энсиз, бебошвоқ кўрликда мубҳам,
Гуллар очилишин бой бердим қандай,
Инсон табассуми, таваллудин ҳам

Ва боқиб энг сўнгги шуъла изидан,
Фасли хазон дарди ила сўйлайман:
«Мен энди ҳар кеча бепарво кезган
Шошган йўловчимасман», фақат ўйлайман.

Демак, гап бундоқ, ўз қўшиқларимда
Куйладим мен — соя ва акс садони!
Қўшиқлар не ҳақда?
Не бор дардимда?!
Одамларга айта олурман нени?»

. …Халққа хизмат қилмоқ учун
Овозим ҳам, ўзим ҳам ярайман ҳали,
Куйламоқ бу — мен учун яшамоқ демак!
Бироқ бошқаларнинг илҳоми ила
Кўнгилхушлик қилмоқ менга керакмас!

Изламоқ ва яратмоқ истайман бу кун
Ўз санъатимни!..

 *   Б. Зокиров қаламига мансуб шеърни шоир Шукур Қурбон таржима қилган.

26 aprel – Buyuk San’atkor Botir Zokirov tavallud topgan kunning 81  yilligi

«KUYLAMOQ — YASHAMOQ DEMAK!»
Ashurali Jo’raevning “Yurak bo’ronlari”
hujjatli qissasidan

041

1413888219_botirzokirov.jpgBotir Zokirov kundaligining ilk sahifasini shunday so’zlar bilan boshladi: «Men o’z kundaligimni ajoyib yoshligimning eng baxtiyor kunlaridan — bolaligimning ilk orzulari ro’yobga chiqqan kunidan boshlagim keladi…

O’sha kuni men Toshkent Davlat konservatoriyasi vokal fakul`teti tayyorlov bo’limiga muvaffaqiyatli imtihon topshirdim. O’sha daqiqalarda men sahnada turib hassos va talabchan tinglovchilar qarshisida kechirgan cheksiz hayajonlarim, iztiroblarim kuylashim bilanoq tumanday tarqab ketdi.

Imtihonlardan so’ng o’qishga qabul qilingan «a’lochi»lar qatorida mening ham familiyamni aytishganida dastlabki hayajonlarim bamisli quvonchga aylandi. O’sha kundan boshlab men musiqa ehromi — konservatoriya talabasi bo’ldim, o’sha kundan boshlab sevimli mashg’ulotimning sarhadsiz ummoniga sho’ng’idim… 1952 yil 20 avgust».

Lekin uning hayotiga allaqachon shafqatsiz tamg’asini bosgan xastalik barcha orzulariga zomin bo’ldi. U konservatoriyada o’qishini tugatolmadi. Keyinchalik Toshkent Teatr va rassomlik san’ati institutining rejissyorlik fakul`tetida, taniqli rejissyor Aleksandr Ginzburg qo’lida tahsil ola boshladi. Lekin kasallik uni qo’shiqdan zarracha ajratolmadi. Talabalik yillarida «Yoshlik» estrada ansamblida qatnashardi. Tuzalgach, yana ansamblga qaytdi.

Ansambl` bu paytlar Moskvada bo’ladigan Butunjahon student-yoshlari festivaliga (1957 yil) qizg’in tayyorgarlik ko’rayotgan edi.

— Bolam, Moskvaga boradigan bo’lsang, bironta yangi qo’shiq o’rganishing kerak,— dedi onasi Shohista opa.
— Kim o’rgatadi o’sha qo’shiqni, oyijon?
— O’zim o’rgataman, jon bolam. Luiza bilan birga aytasizlar.

2219039.jpgShohista opa bir so’zli ayol. Bolalaridagi qo’shiqqa bo’lgan katta havasni ko’rib ilhomi keldi. Tez kunda «O’zbekiston — mening diyorim» degan she’r yozib, o’zi kuy bastaladi. So’ng rubobni Botirga, doirani Lunzaga berdi. Bir hafta deganda qo’shiq tayyor bo’ldi. Shunda Botir yangi qo’shiq qanchalik qiyinchiliklar bilan yaratilishini birinchi bor his qildi…

Aka-singil kuchli hayajon bilan qo’shiqni shirali ovozda kuylab bo’ldilar, shunda atrofni qarsak tutdi, festival` qatnashchilari ularni uzoq olqishladilar. Bu qo’shiq festivalning bronza mukofoti bilan taqdirlandi.

Qutlug’ kelgan birinchi qadam ularga ishonch, kuch- g’ayrat bag’ishladi.

1958 yil «Yoshlik» ansambli bazasida O’zbekiston Davlat estrada orkestri tuzildi. Orkestrni tuzishda Botir Zokirov aktiv qatnashdi. Aka-singil orkestrda solist bo’lib ishlay boshladilar.

Orkestr Botir Zokirov ijodiy yo’lini qat’iy belgilab berdi. Bu o’zbek musiqa va qo’shiqchiligi tarixida ochilmagan qo’riq — estrada san’ati edi. Barcha sohalar kabi Botir Zokirov tanlagan estrada yo’li og’ir, mashaqqatli va iztiroblarga to’la edi. Lekin u bundan aslo cho’chimadi.

Birinchi bo’lish hamisha mushkuldir.

Orkestrda kompozitorlardan Yan Frenkel`, Al`bert Malaxovlar faoliyat ko’rsatishardi. Cholg’uchilar orasida Xitoydan qaytib kelgan rus muhojirlari ham bor edi. O’sha kunlarda Toshkentda bo’ladigan Osiyo va Afrika mamlakatlari yozuvchilari konferentsiyasi (1958 yil, sentyabr`) hamda Moskvada bo’ladigan o’zbek adabiyoti va san’ati dekadasiga (1959 yil) qizg’in tayyorgarlik ko’rilayotgan edi. Ish qizg’in edi. Repertuarni yaxshi asarlar bilan boyitish uchun tinimsiz mashg’ulotlar o’tkazilardi.

— Bolam, sog’lig’ingga qaragin. O’zingni asra, — derdi Shohista opa har kuni Botirni ishga kuzatarkan. «Xo’p, oyijon», derdi-da, orkestrga kelishi bilan va’dasini unutardi…

Qompozitor Yan Frenkel` oranjirovka qilishga usta edi. U qayta ishlagan Sharq xalqlarining qator qo’shiqlari, birinchi bor konferentsiyada Botir va Luiza ijrosida yangradi. Ikki qit’a adiblari ikki yosh talantni uzoq olqishladilar. Hatto hindistonlik adiblar Botir ijrosiga hind san’atkorlari bilan tenglashtirib baho berdilar. Ayrim chet ellik jurnalistlar ulardan interv`yular oldi. Shunda Luiza ijro etgan indoneziyacha qo’shiqni eshitgan indoneziyalik adib ularga shunday savol berdi:

— Juda xursand bo’ldik. Rahmat sizlarga. Aytinglar-chi, qo’shiq so’zlarining mazmuniga tushunasizlarmi?
— Yo’q.

— Unda so’zlarning ma’nosiga tushunib, keyin kuylash kerak. Mana, masalan, siz, — dedi adib Luizaga yuzlanib.— Sahnada — qayiqda qo’shiq ayta turib harakatlaringiz bilan gitarachi yigitga sevgi izhor qilasiz. Afsuski, qo’shiq sevgi haqida emas, bu indoneziyalik onalar «alla»si-ku!

Aka-singil xijolat tortib, gunohkorlarday bir-biriga qarab olishdi. Lekin bu voqea ularga bir umrlik saboq bo’ldi…

Moskvada o’tkazilgan dekadada esa mashhur arab kompozitori Dorish Al-Attoshning (Yan Frenkel` qayta ishlagan) «Arab tangosi» qo’shig’i birinchi marta yangradi. Yangradi-yu, chaqmoq yanglig’ Botir Zokirov nomini qo’shiqsevarlar qalbiga olib kirdi. Bu kutilmagan katta omad, shuhrat va kelajakka ishonch edi. Keyinchalik bu qo’shiq xonanda repertuarining muqaddimasi bo’lib qoldi. Kontsertlarda, gastrollarda agar shu qo’shiq yangramasa tomoshabinlar baravariga: «Arab tangosi», «Arab tangosi!» deb qat’iy talab qilishardi. Mazkur qo’shiq nomi bilan minglab nusxalarda uning plastinkalari chop etildi. Qo’shiq unga olamshumul shuhrat keltirdi…

Dekadadan qaytgach, orkestr badiiy rahbari va dirijyori Al`bert Malaxov to’satdan vafot etdi. Estrada san’ati jonkuyarining bevaqt o’limi Botirni qattiq iztirobga soldi. Orkestrga badiiy rahbarlik qilish uning zimmasiga yuklandi. Bu esa undan tinimsiz izlanishni, yana ham ter to’kib mehnat qilishni talab etardi.

— Botir doimo ishlashni yaxshi ko’rardi,— deb xotirlaydi kompozitor Enmark Solihov.— U mehnat qilgan sari rohatlanardi, ilhomlanardi. Biror boshlagan ishini poyoniga yetkazmaguncha tinmasdi. U qisqa vaqt ichida orkestr shuhratini ittifoqqa olib chiqdi. Moskva, Leningrad shaharlariga ustma-ust gastrollarga bordi. Nur bor joyda soya bo’lganidek, o’zimizda orkestr dushmanlari paydo bo’ldi. Ular turli bahonalar bilan orkestr faoliyatini yerga urishga ko’p bor urindilar. Madaniyat ministrligining o’sha paytdagi sobiq rahbarlari repertuarni tasdiqlamay uni ko’p qiynashardi. Turli tashkilotlarga yugurtiraverib ovora qilishdi. Chunki Botir san’atni tushunmaydigan «rahbarlar»ga bo’yin egishni yomon ko’rardi. Undaylarni «san’at chinovnigi» deb atardi. Hech qachon ularga yalinmasdi. Bularning hammasi uning sog’ligiga yomon ta’sir qildi. Oqibatda kasallik uni operatsiya stoliga yotqizdi…

Sahroga ilk bora chiqqan yo’lovchiga hamisha qiyin. YO u azob-uqubatlar bilan yo’l ochadi, yo hududsiz sahro qo’ynida nom-nishonsiz yitib ketadi. Botir Zokirov ham 60-yillarda bechora yo’lovchining ahvoliga tushib qoldi. Bir tomondan san’atdan yiroq kimsalar g’ashiga tegsa, ikkinchi tamondan o’pka xastaligi hadeganda xuruj qilaverib uning tinka-madorini quritardi. Lekin u kasalga taslim bo’lishni istamadi. Ajal bilan olishgandek kasallik bilan olishaverdi. Shu bois goh Moskva kasalxonalarida, goh Qrim sanatoriyalarida tez-tez yotib davolanishga majbur edi. Davolanish ba’zan oylab, yillab cho’zilardi. Bunday paytlarda u ko’proq kartinalar chizish bilan mashg’ul bo’lardi. Uning o’sha davrlarda chizgan «Moskva manzaralari», «Qrim manzaralari» deb nomlangan turkum asarlarini ko’rsangiz, hayotga tashna qalbning betakror ranglaridan zavqlanasiz. Botir Zokirov qo’shiqda so’z, ohang tanlaganidek, kartinada ohori to’kilmagan ranglarni tanlardi. Xastalik azobini tortib yurgan kezlarida chizgan turli kartinalarida ko’proq qora bo’yoq ajralib turadi. Lekin u qora bo’yoqni tushkunlik alomati emas, balki hayotga muhabbat tarzida talqin etadi. Masalan, bir kartinasida qalin daraxtzor oralab ketayotgan kishini tasvirlaydi. Daraxtlar qora, odam qora. Lekin olisda yashil, qizg’ish ranglar qorishmasi ko’zga tashlanadi. O’sha yorug’ ranglar qora odamni o’ziga chorlayapti…

U Kreml` kasalxonasida yotganida o’sha paytda Moskvada yashagan taniqli o’zbek kompozitori Ikrom Akbarov bilan yaqindan tanishdi. Bu tanishuv Botir Zokirov ijodida o’ziga xos yorqin sahifalar ochdi. Bu sahifalardan ikki san’atkorning o’zbek estradasiga asos solgan o’lmas milliy qo’shiqlari abadiy o’rin oldi.

— Botirjon, bir yo’la tuzalib oling. Keyin bafurja ishlaymiz. Hozir juda qiynalyapsiz,— dedi bir kuni Ikrom aka ish jarayonida Botirning tobi qochib qolganini ko’rib.

— Bu la’nati kasal hech qachon tuzalmaydi. Men esa kuylashim shart. Siz meni o’ylamasdan yangi kuylarni yozavering. Vaqtni boy bermasligimiz kerak, Ikrom aka,— dedi u og’riq bir oz bosilgach.

— Men vrach sifatida oldin sog’liq, keyin qo’shiq turishini qattiq talab qilaman!— dedi uning rang-ro’yini ko’rgan Ikrom akaning turmush o’rtog’i Nina Sergeevna.

— Voy, onajonim-yey, sog’ odam qanday qilib qo’shiq aytadi?— dedi Botir odatdagiday hazil qilib. So’ng «Bir kuni Afandi…» deya gapini latifaga ulab yubordi. Bir zumda Ikrom aka ham, Nina Sergeevna ham uning kasalligini unutishdi. Zavq-shavqqa to’lib latifago’ylik qilayotgan Botirni ko’rgan kishi sira bemor deb o’ylamasdi. U shunday paytda haqiqiy qiziqchilarga o’xshab ketardi.

U nafaqat o’zini, balki boshqalarni ham kasali haqida o’ylashiga, gapirishga yo’l qo’ymasdi. Kontsertlarini hayajonlanib tinglaydigan minglab qo’shiq muxlislarining ko’pchiligi uning xastaligidan bexabar edi. Botir kasallikni yaxshi qo’shiq, samimiy kulgi va kuchli iroda bilan yengardi.

Bir gal Tomsk shahriga gastrolga borganida kontsertdan so’ng bir guruh tomoshabinlar uni savolga tutib: «O’pkangizning yarmi yo’qmi?» deb so’rashgan edi. Bu savol uning suyak-suyaklarigacha
zirqiratib yuborgandi. Ey, odamzot! Qo’shiqni tinglab tinchgina ketaver. Savoling nimasi? Shu-shu, tomoshabinlarga ro’baro’
kelishdan cho’chiydi. Cho’chiydi emas, ularning noo’rin savollariga yuragi bardosh berolmaydi.

1961 yil uni birinchi marta operatsiya stoliga yotqizishdi. U o’sha kunlarni kundaligiga shunday qayd etgan: «Operatsiyadan keyingi to’rtinchi kun. Yaxshi va yomon. Yomon va yaxshi. Shirin va achchiq. Azob va yoqimli… Doimo xonam to’la do’stlar. Yaxshi! «Albatta, hali hammasi yaxshi bo’ladi, albatta!» deya bildirilayotgan samimiy tilaklar. Aslo toqat qilib bo’lmaydigan og’riqlar xuruj qilganda esa, ilk bor sahnaga chiqqan kunni xotirlash ko’ngilga taskin-tasalli beradi».

U qanchalik urinmasin, sahnaga ilk bora chiqib qo’shiq aytgan kunini eslolmaydi. Esida faqat Ko’kcha darvozasidagi hovlisi, olma, o’rik, noklar g’arq pishgan palla. U chorpoyada yulduz to’la osmonga termulib yotibdi. Kecha oydin. Yulduzlarga termulgan sari yuragi hapriqadi, vujudida nimalardir to’lqin uradi. Unga tinchlik bermayotgan, yarim tunda uyqusini o’g’irlab, yulduzlarga oshno qilib sehrlagan narsa nima bo’ldiykin? Lekin tiliga kelmayotgan, nomini topolmayotgan o’sha tuyg’ulari, yuragini qinidan chiqarmoqchi bo’layotgan his-hayajonlari o’z-o’zidan quyulib bo’g’ziga kelaveradi, kelaveradi… kelaveradi… Asta-sekin lablari qimirlay boshlaydi. Yulduzlar ham go’yo uning qalbini tushungandek, sen kuylashing kerak, qo’shiq aytishing kerak, deyayotgandek tuyuladi. So’ng yulduzlar bilan qo’shiq bir-biriga qo’shilib ketadi.

Qani mening yulduzim? Qani mening qo’shig’im?

U ko’p marta adashdi, qiynaldi, izlandi, yo’lidagi to’siqlarni yengib, qayta-qayta kuyladi, oxiri o’z qo’shig’ini topdi. Lekin qanchalik kuyib-yonmasin, ko’zlari to’rt bo’lib axtarmasin, hali-hanuz baxt yulduziii uchratgani yo’q. To’g’ri, bir safar Moskvada kontsert berayotganida uni zalda tomoshabinlar orasida tasodifan ko’rib qoldi. O’shanda gastrolning oxirgi kontserti edi. Ko’rib qoldi-yu, o’zini sahnada bir zum yo’qotdi.

Uning ko’zlariga yulduzdan bo’lak hech kim, hech narsa ko’rinmasdi. Yulduz bo’lsa zalning beshinchi qatorida o’tirib, sochlari yelkalarida parishon, o’zini batamom unutgan, faqat xonandaning mungli qalb faryodini tinglardi. Xonanda esa undan ko’zlarini uzmay, faqat u uchungina yonib kuylardi:

Qaydasan, azizim, qaro ko’zligim,
Sevgili yulduzim, shirin so’zligim,
Qo’limda senga deb quyilgan sharob
Ko’zlarim yo’lingda, anor yuzligim…

Kontsertdan so’ng yulduzini izladi. Topolmadi… Bir necha marta uning suratini chizishga urindi. Chizolmadi. Yana qalblarni sog’inchlarga to’ldirib kuyladi:

Qaydasan, azizim, qaro ko’zligim…

1964 yili Botirni Kreml` kasalxonasida ikkinchi marta operatsiya stoliga yotqizishdi. Azob-uqubatlarga to’la o’sha og’ir kunlarni u kundaligiga yozib bordi. Bu murakkab operatsiya uni hayotga qaytardi. Ajal bu gal ham suyukli xonandani muxlislar qalbidan yulib ololmadi.

15 YANVAR`:

«Afsus! Operatsiyani jumaga qoldirishdi. Salom, yana bir ko’ngilsizlik! Kechagi rentgen surati yomon chiqibdi. Qimirlamay yotishimni qattiq tayinlashdi. Qo’shiqni yozish esa chippakka chiqyapti.Tinimsiz mashg’ulotlar hayf ketdi. Mana, senga quvonch uchun mukofot.

O’pkadagi kichik teshikcha katta bo’lib qolibdi. Bu so’nggi mashg’ulotlar oqibati. Baribir yangi qo’shiqni yozib ololmayapmiz. Bunga Ikrom aka emas, men aybdorman. Chunki biz bekorga hayajonlandik, xavotirlandik. Qo’shiq yozilmasa mayli. Axir men nimalarni istamayman? La’nati kasal menga bo’ysunmaydi. Lekin uni o’z ixtiyoriga qo’ymasligim kerak.

Oqshom Ikrom aka keldi. Mening sihat-salomatligimni ko’rib xursand bo’ldi. Qo’shiq yozishga yig’ilgan barcha orkestr ijrochilari menga salom aytibdi…

16 YANVAR`:

«Ertagayam operatsiya bo’lmaydi. Lev Konstantinovich Bogush kasal. Keyingi seshanbagacha qimirlamay yotish kerak.

Kechqurun Ikrom aka kelib, operatsiyaga rozi bo’lma, dedi. Chunki o’tgan seshanbada yonimda yotgan bemorni olti soat operatsiya qilishdi. U nobud bo’ldi. Ikrom aka, otamni chaqirish, maslahatlashish kerak, dedi. Ikrom akaga meni operatsiya qilish zarurligini tushuntirdim.

Ira (Erkli Malikboeva) telefon qildi. Hammasi joyida, yaxshi dedim.

Sharq tarixini o’qiyapman. Juda ko’p narsalarni bilmasligim ayon bo’ldi. O’z tariximizni g’ururlanib, faxrlanib o’qib-o’rganishni boshladim. Qancha-qancha ochilmagan tengsiz xazinalar. O’z madaniyatimizni hali juda yuksaklarga ko’tarishimiz kerak. Albatta ko’tarish kerak! Qanday qilib? Hamma gap shunda.

Yana ko’p narsalar haqida fikr-mulohazalar yuritishga hali imkoniyatim bor.

Bir narsani angladim. Shu paytgacha olgan bilimlarim hech narsaga arzimas ekan. Hammasini imkon qadar qaytadan boshlash kerak…»

10 FEVRAL`:

«Ertalab ko’ngilsizlik bo’ldi. Ko’chada bir odamni mashina urib, o’ldirib ketibdi. Bugun kasalxonaga kelganimga ikki oy bo’lsa, shu muddat ichida bu ikkinchi voqea.

Ahvolim yaxshi emas. Kunduzi hikoya yozdim. Ehtimol bu mening ilk hikoyamdir. Bu hikoyani ichimdan to’qimadim. Hikoyaning nomini «Kutish» yo «Oxunboboev haykadi yonida» deb atash mumkin. Hikoya ko’pgina yaxshi, ochiqko’ngil, kamtar tanishlarim haqida…»

15 FEVRAL`:

«Xudoga shukr! Rentgen yaxshi chiqibdi. Operatsiyaga yarayman. Nihoyat ertaga operatsiya! Lekin ular anig’ini aytishmayapti. Chunki Bogush, operatsiyadan faqatgina bir foiz umid bor xolos, dedi.

Kuni bo’yi Eduardas Mejelaytisning «Inson» kitobini o’qidim. Kitob yaxshi bezalgan. Krasauskasning gravyuralari tabiiy. Poemadagi ko’p fikrlar mening dardlarimga hamohang. O’zim ochgan dunyoni «ko’rib», o’zim uyalib ketdim, Mejelaytis menga ruh bag’ishladi. Nega endi o’zimdan-o’zim uyalishim kerak?..

Bekor xursand bo’ldim. Haroratim 37,8°. Bunday isitma bilan operatsiya qilmasliklari mumkin. Bari- bari jonga tegdi!»

16 FEVRAL`:
«Tong oqardi. Kun o’tyapti. Shafqatsiz savol esa momaqaldiroqdek yangrab turibdi. Qancha o’y-xayollaru qancha hayajonlardan so’ng! Nega hayajonlanyapman? Bugun bo’lmasa, ertaga bo’lar, ulguraman-ku… Ehtimol, yo’q! Balki
vrachlarning o’zlari cho’chishayotgandir?

Soat 4.30. Dam olish vaqti tugadi. Nihoyat meni chaqirishdi. Ukolga olib ketishib… so’ng… xayriyat, aniq bir qarorga kelishdi. Yelkamdan tog’ ag’darilgandek bo’ldi.

Soat beshda operatsiya stolida yotardim. Tepamda hamshira Natal`ya Ivanovna. U qo’llarimni ushlab olganu ko’zlarimga qarashga qo’rqadi. U hadeb Sergey Yakovlevich Lemishevning tomog’idagi rak tuberkulyozni otseratsiya qilishgani haqida gapiradi. U boshimni silab hayajonlanyapti, nuqul «Molodets, Botir», deb qayta-qayta pichirlaydi.

Atrofimda jarrohlar ish boshlashdi. Go’yo men ham ularga qo’shilib ishlay boshladim. O’n ikkigacha sanadim. Keyin nima bo’lganini bilmayman. Bu holat umrbod esimdan chiqmaydi.

Keyin vrachlar aytib berishdi: «Operatsiya o’ta murakkab, jiddiy va xavfli edi… Operatsiyadan so’ng Bogush yig’lab yubordi…»

19 FEVRAL`:
«Boksdan palataga o’tkazishdi. 10-palata. To’rt kishimiz».

26 FEVRAL`:
«Ertalabdan xushxabarlar: rentgen yaxshi, ukollar boshqa qilinmaydi. Har qalay va’da berishdi-ku! Sayr qilish mumkin. Toza havoda. Faqat qirq minut. O, ba’zan nimadan oziqlanayotganimizni unutib qo’yamiz. Axir bahorning iliq, salqin tabiiy havosini xonadagi kislorodga almashtirish mumkinmi?

Nafas olish qanday baxt!..»

6 APREL`:
«Visokiy Gorida bir yuzu qirq kun. Tamom! Soat birdan beri ozodlikdaman!»

12 APREL`:
«Salom, Toshkent! Salom, o’g’lim!

Toshkentni bahor nafasi tutgan. O’rik gullabdi. Otam har safar meni har xil holatda kutib oladi. Nazarimda u kishi ancha qartayib qolibdi. Onam esa o’sha-o’sha, shaddot va chaqqon.

Ukalarim ancha ulg’ayibdi. Jamshid — student, xursand. Motsartdan chaladi. Farruxga qo’shilib qo’shiq ham aytadi. Navfal bilan Farrux gitarani ajabtovur chalishib, yaxshigina kuylashyapti. Onam Navfalga ajoyib qo’shiq o’rgatibdilar…»

U tug’ilgan tuprog’iga sog’-omon qaytib kelganidan, ota-onasi, ukalari, umr yo’ldoshi, do’stlari va jajjigina o’g’li Baxtiyorni ko’rganidan, ular bilan yana diydorlashganidan ming bora xursand edi. Hammalari unga hayrat va hayajon bilan termulishar, biri qo’yib, biri ahvol so’rar, xullas, uning hayotga qayta kelganidan olam-jahonga sig’ishmasdi,

U operatsiyadan so’ng bir oz rangini oldirgan bo’lsa ham, lekin ko’zlari olovday chaqnab turardi. Bu ko’zlar hayotga cheksiz muhabbat va bukilmas irodaning ramzi edi.

U o’sha yili tutgan kundaligini quyidagi umid va ishonch so’zlari bilan yakunladi: «Uch yillik og’ir xastalik va sukut… O’pkani tinimsiz mashq qildirishim kerak. Men estradaga qaytishim shart! Shart! Shart! Men qaytaman! Hayot… uning har lahzasi kahrabodek go’zal… Judayam qo’shiq aytgim kelyapti!..»

Botir joni jahoni bo’lgan qo’shiqni sog’ingan edi. Qo’shiqqa bo’lgan buyuk sog’inch tuyg’usi bu gal ham qattol jarroh qo’lidan uni omon-eson olib chiqdi. Hatto professor Lev Konstantinovich Bogush: «Men bu dilbar o’zbek yigitining hayotdan ko’z yumishini aslo tasavvur qilolmayman. Uni operatsiyaga tayyorlanglar. U jonini xudoga emas, menga, Bogushga topshira qolsin!»—degan edi bir oz umidsizlikka tushib. Garchi professor familiyasini xudoga uyqashligini so’z o’yini qilayotgan bo’lsa-da, bemorning operatsiyadan tirik chiqishiga aniq kafolat berolmadi. Operatsiya sakkiz soat davom etdi. Go’yo bu daqiqalar Bogush uchun ham, vrach va hamshiralar uchun ham sakkiz yilga cho’zildi. Eng so’nggi imkoniyatlar, tajribalar ishga solindi. Uni operatsiya qilishayotganini eshitgan kasalxonaning o’nlab bemorlari, hamshiralari yo’lakda turib yig’lashardi. Hech kim uning hayotdan bevaqt ko’z yumishini, to’g’rirog’i, qo’shiqning o’limini istamasdi. Umid va ishonchsizlik iskanjasida og’riq azobidan ingrayotgan qo’shiqning ham yuragi urib turardi…

Botirning to’yib-to’yib, yonib-yonib qo’shiq aytgisi kelardi. U operatsiyadan oldin Ikrom Akbarov bilan hamkorlikda yangi qo’shiqlar yaratishni ko’ngliga tugib qo’ygandi. Endi chinakamiga ishga kirishishi kerak!

U har bir yangi qo’shiq ustida uzoq mashq qilar, toki qo’shiq qalbini po’rtanaga keltirmaguncha aytmasdi. U bilardiki, xonanda yurakdan yonib kuylamasa, tinglovchi qalbini zabt etolmaydi. U har bir yangi qo’shiqni kamida yetti-sakkiz variantdan so’ng qiyomiga yetkazardi,

— Botirjon, tobingiz yo’q. Charchayapsiz. Sizga ko’p urinish mumkin emas-ku!—derdi uning tinimsiz mashq qilayotganini ko’rgan Ikrom aka.
— Ko’nglimdagidek chiqmayapti, Ikrom aka. Tomoshabinni aldashga vijdonim chidamaydi. Keling, tag’in bir marta takrorlaylik-chi?—deb yana mashg’ulotga kirishib ketardi.

U qo’shiq so’zlariga katta e’tibor berar, ba’zan she’rlardan ortiqcha so’zlarni olib tashlar, agar ma’qul kelmasa, she’rni qaytadan yozardi. U ayniqsa 60-yillarda qo’shiqbop yaxshi she’rlarga zor edi.

— Ikrom aka, e’tibor beryapsizmi, shoir zoti ko’paygan sari chinakam yaxshi she’r kamayib boryapti,— derdi ba’zan kuyunib…

Operatsiyadan so’ng oradan ikki yil o’tgach, birinchi marta gastrolga yana Moskvaga bordi. U kontsertga professor L. K. Bogush boshchiligida vrachlar va hamshiralarni taklif qildi. Kontsertga esa yuzlab muxlislar bilet topisholmadi. Chunki qo’shiqsevar Moskva Botir Zokirovni juda-juda sog’ingan edi.

… U qo’shiq kuylayotib, zalga qaradi. Qaradi-yu, bir nuqtaga termulib kuylayverdi. Bu safar ham uning yetolmagan yulduzi o’sha qator, o’sha o’rinda o’tirib uni tinglardi. Shaloladay sochlari
yelkalarini tutgan. Timqora ko’zlari qo’shiq sehridan yonadi. Vujudi quloq bo’lib sahnaga tikilgan. Sahnada esa sevimli xonandasi odatdagiday bo’g’zida dard bilan xonish qilib, uni chorlayapti:

Bog’imga noz ila, yor, kel,
Quvnoq ovoz ila, yor, kel,
Seniki bu chaman, bu gullar,
Seniki kuylagan bulbullar
Kuy ila, soz ila, yor, kel.

U ham uchib bormoqchi, lekin qanotlari yo’q, yugurib boray desa madori yetishmaydi, javob qilay desa nafasi tiqilib qolaveradi. Qo’shiq uni batamom sehrlab tashlagan. Xonandaning savollariga xayolan javob berishdan o’zga chora yo’q.

«Sog’-omon tuzalib qaytdingmi, qo’shig’im? Seni kutaverib ko’zlarim yo’llaringda sarg’aydi, qayta ko’rarmikanman, deb sho’rlik qalbim yana pora-pora bo’ldi. Qaydasan, qaylardasan, joni jahonim — qo’shig’im? YOLG’IZ plastinkang hamisha qalbim malhami. Uni eshitaverib-eshitaverib ovozingni tomirlarimga payvand etdim. Lekin seni qayta ko’raman, seni tinglab yana qirg’oqlariga sig’magan daryoday bo’laman deb sira- sira o’ylamagandim. Hozir olamda mendan baxtli, mendan baxtiyor inson yo’q. Chunki sening o’tli ko’zlaringga termulib, nolayu afg’onlaringni, dardu hasratlaringni qaytadan tomirlarimga, qalbimga jo qilyapman, qo’shig’im. Men bugun qaytadan dunyoga keldim. Kelib yana seni ko’rdim, faqat seni topdim, qo’shig’im!..»

Dilimda g’azalim sen, yor,
Men aytay, go’zalim sen, yor.
So’zimiz porlasin otashday,
Ishqimiz yashnasin quyoshday,
Seniki bu chaman, bu gullar,
Kuy ila, soz ila, yor, kel…

Kontsert tugashi bilan Botirni vrachlar o’rab olishdi. Bu safar ham uni ko’rolmadi, diydoriga to’yolmadi. Sog’inch hislarini bayon etmoqchi, miriqib-miriqib dardlashmoqchi edi. Bo’lmadi…

— Nimang bilan qo’shiq aytding? Sen haqiqatan insonmisan yo sehrgarmisan? Nahotki, bu o’zing bo’lsang, Botir?—dedi Lev Konstantinovich Bogush ko’zlariga yosh olib.

Hamshiralar uni quchoqlab, qo’llarini yuzlariga bosib yig’lashardi. Qarshilarida tirik mo»jiza turgandek, unga qayta-qayta hayrat bilan tikilishardi.

Bu haqiqiy mo»jiza edi. Ro’y bergan mo»jizaga xonandaning o’zi ham ishonmasdi…

Копия 0-BZ maktub.jpgBotir o’sha oqshom dam olishdan oldin Toshkentga telefon qilib ta’bi bir oz xira bo’ldi. Sahnadagi quvonchidan asar ham qolmadi. Respublika madaniyat ministrining muovini yana yangi repertuarni tasdiqlamabdi. Chunki yaqin-orada orkestr qardosh Bolgariya, Vengriya, Chexoslovakiya mamlakatlari bo’ylab gastrolga borishi kerak edi. Bir xayoli san’atni tushunmaydigan o’sha kaltabin muovinga telefon qilmoqchi bo’ldi. Lekin ko’zi ojiz odamga nuqul ko’rsan, deyishdan nima foyda?

U uzoq vaqt uxlay olmadi. Asabiylashdi. Vrachlarning juda qat’iy taqiqlashiga qaramay, hamrohlaridan yashirincha sekin ayvonga chiqib sigareta tutatdi. Baribir alami bosilmadi. Ko’z oldiga Marazning jirkanch basharasi kelaverdi.

Ha, bu o’sha Marazning ishi. San’atni, san’atkor qalbini tushunmaydigan Marazning. San’at ostonasiga qadam qo’yibdiki, o’sha Maraz uning qadamini poylaydi, ijod yo’llariga to’siq bo’ladi. Ilojini topsa, undan quyoshning nurlarini to’sadi, oyni berkitadi, yana ilojini topsa nafas oldirmay qo’yadi. Nega? Nima uchun?.. Yo’q, faqat u emas, jamiki milliy madaniyat va san’atning talantlari Marazning dastidan hamisha ozor chekadi. Kimki xushomad, laganbardorlpk qilsa, o’sha «yaxshi», «iste’dodli», mukofotu unvonlar ham o’shaniki. Esida, qaysidir yili Ashxobodga bir gruppa o’zbek san’atkorlari kontsertga borishdi. Qontsertning tantanali ochilish marosimida programma bo’yicha bittadan qo’shiq aytish kerak edi. Taniqli hofiz Komiljon Otaniyozov sahnaga chiqqanida zal oyoqqa turdi. Xonanda bir qo’shiq bilan sahnadan chiqib ketolmadi. Yana bir qo’shiq kuyladi. Shunda ham zo’rg’a-zo’rg’a sahnani tark etdi. Tark etdi-yu, ortida qo’llarini beliga qo’yib, bezrayib turgan Marazga duch keldi.

— Nega ikkita aytasiz? Nega «qonun»ni buzasiz?— O’shqira boshladi u xonandaga yuzlanib.

— Avvalambor, bu qonun emas. Ikkinchidan, olsang nomeringni olasan, qo’limdagi torni olarmiding? Ha, sani…— dedi xonanda jahl bilan. Va o’sha kuni samolyotga o’tirib jo’nab ketdi.

Qilg’iliqni qilgan Maraz esa xonandani so’ragan yuzlab muxlislariga: «Kasal bo’lib ketdi», deya yolg’on gap tarqatdi. Shunaqa yuzsiz, imonsiz bu Maraz!

Mana, necha yildirki, Maraz unga ham tinchlik bermaydi. Goh repertuarni, goh gastrol` planlarini tasdiqlamaydi. Ming azob-uqubat bilan tasdiqlatganlarini ikki kundan so’ng yana ko’raman, eshitaman, deb yo’qqa chiqaradi. San’atni tushunsa, to’g’ri maslahat bersa yaxshiku-ya, lekin tushunmay hammani qon qiladi, Shunisi yomon.

Botir san’atni tushunmaydigan bunday maraznusxa «chinovnik»lardan bezor bo’lgan edi. Ular nafaqat estradani, balki milliy qo’shiq san’ati rivojiga ham keskin to’sqinlik qilishardi. Qiziq! Seni o’zga shaharlarda, o’zga yurtlarda rosa e’zozlashsa-yu, o’z yurtingda qadr topmasang. Har qadamda izingni, so’zingni poylashsa, harakatlaringdan xato izlashsa, to’g’ri so’z uchun ta’qib etishsa… Bu ahvolda qanday qilib na madaniyatni, na san’atni rivojlantirib bo’ladi? U ba’zi «san’atkor»lar kabi katta-kichik rahbarlar huzuriga tez-tez kirib qulluq qilmas, bo’lar-bo’lmas xizmatlarini bajaravermas, tinglovchilar nomidan xatlar uyushtirmas, unvonu mukofotlar uchun yelib-yugurmas, umuman, ularga yalinib-yolvormasdi. Bunday «fazilatlar» uning qonida yo’q edi.

Botir Zokirov eng qiyin paytlarda ham san’atdan yiroq rahbarlar oldida bo’yin egmadi. U inson sifatida ham, san’atkor sifatida ham imoniga, e’tiqodiga hamisha sodiq qoldi. Bu xislatlar unga ko’proq otasidan o’tgan edi. «O’g’lim, to’g’ri bo’l, halol bo’l. Shon-shuhratga, mukofotga hirs qo’yma. San’atingni xalq e’tirof etsa bo’ldi», derdi hamisha otasi.

Bir kuni unga respublika markaziy komiteti fan va madaniyat bo’limining o’sha davrdagi mudiri telefon qildi.

— Kechqurun hukumat bog’ida mehmonlar bo’ladi. Shunga bitta kontsert qo’yib berasizlar. O’zingiz albatta bo’ling,— deb jiddiy tayinladi.

U trubkani qo’yar ekan, «mehmonlar» so’zini odatdagidek chet eldan mehmonlar kelgan, shularga kontsert berish kerak, deb tushundi. U bunday kontsertlarga hamisha puxta tayyorlanib, milliy san’atimizni chet elliklarga manzur qilishga ishtiyoqmand edi.

Oqshom bo’lim mudiri tayinlagan joyga borishsa, hech qanday mehmon yo’q. Surishtirib bilishsa kattalardan birining o’g’li uylanayotgan ekan. O’sha katta to’yda shaxsan Botir Zokirovning qo’shiq aytishini tayinlabdi. Buni eshitib xonandaning fig’oni falakka chiqdi. Bu haqoratdan bo’lak narsa emas! Axir san’atni shunchalar oyoqosti qilish mumkinmi?

— Yig’ishtiringlar! Ketdik!— dedi u cholg’uchilarga ovozi titrab.
— Qayoqqa?!— deya dag’dag’a bilan bo’lim mudiri unga yuzlandi.

— Kechirasiz, hali otarchilik darajasiga ko’tarilganimizcha yo’q!—dedi Botir achchiq kinoya bilan.
— Qayting. Keyin pushaymon qilasiz.

— Otarchilik qilib vijdon qiynalgandan ko’ra, ming marta pushaymon yegan yaxshi,— dedi u jahl bilan mashnna eshigini yopib.
— Ko’ramiz!..

Xuddi shunday «Ko’ramiz!» voqeasi u bilan bir yil muqaddam O’zbekiston LKSM Markaziy Komitetining sobiq birinchi sekretari (Ra’no Abdullaeva nazarda tutilmoqda. XDK izohi) orasida ham sodir bo’lgan edi.

Sekretar` dastlab chaqirtirganida u kasal edi. Borolmadi. Tuzalib borgach esa, hech narsadan hech narsa yo’q, opa o’shqirib berdi:
— Nega chaqirtirsak kelmaysiz?!
— Kasal edim.

— Boshqa bahona o’ylab topolmadingizmi?
— Bahona emas, to’g’risini aytyapman.

— Siz artistlarni bilamiz. Nuqul osmonda yurasizlar. Ayniqsa, sizga o’xshaganlar katta idoralarni nazar-pisand qilmaydi. Sal pastroq tushing, oqibati yaxshi bo’lmaydi.

Uning dabdurustdan sovuq po’pisalari Botirning hamiyatiga tegdi.

— Iltimos, qo’rqitmang, opa. Keyin baqirmang. Shuni bilib qo’yingki, san’atda buyruq ham, byurokratizm ham ketmaydi. Bu joyda o’tirgan odam avvalo madaniyatli bo’lishi kerak…

— Siz hali ayol kishini haqorat qilyapsizmi?— Opa shartta uning so’zlarini bo’ldi.— Yo’q! Men bunga yo’l qo’ymaymai. Bu gaplaringiz uchun kerakli joyda javob berasiz!

— Meni urushish yo nasihat qilishga chaqirgan bo’lsangiz, eshitishga vaqtim yo’q,— dedi u o’rnidan turib. Chunki gapi to’g’rimi, noto’g’rimi, nuqul o’zinikini ma’qullaydigan bu ayolga biror gapni uqtirish qiyin edi.

Shunday ko’ngilsiz voqea, oradan bir necha yillar o’tib, u respublika komsomoli mukofotiga tavsiya qilingan yili ham ro’y berdi. Bir kuni opa uni yana huzuriga chaqirdi. «Mukofotni sizga lozim topyapmiz, endi shu sochingizni, kiyim-boshingizni sal-pal tartibga olsangiz», deya odatdagiday unga nasihat qila boshladi. Botirning yana jahli chiqdi.

— Agar sochim bilan ust-boshimga mukofot beradigan bo’lsangiz kerak emas,— dedi.

Opa birdan lovilladi… Bu xabarni tegishli joylarga yetkazdi… Mukofot unga emas, ukasi Navfal Zokirovga berildi. Bundan u zarracha xafa bo’lgani yo’q…

Ha, katta-kichik idoralarda, kabinetlarda birdek tahlika bilan aytilgan «ko’ramiz»lar bir umrga uning sog’lig’iga, ijodiga, eng muhimi, yaxshi qo’shiqlariga zomin bo’ldi. Uning nazarida shu so’z faqat o’zbeklar uchun yaratilgan-u, ko’rsatishni ham faqat o’zbeklarga chiqarganday. Axir birgina shu sovuq so’z tufayli qanchadan-qancha toza yuraklar, hur fikrlar, noyob talantlar malomatlarga uchradilar, ba’zilari badnom bo’ldilar. Nimani ko’rsatadi? Manmanliginimi, savodsizliginimi, zo’ravonliginimi… Qachongacha ko’rsatadi? Nega hanuz-hanuz ayrim rahbarlarda zo’ravonlik, hokimi mutlaq bo’lish, ma’naviy manmanlik psixologiyasi yo’qolmayapti? «Ko’ramiz»lar dastidan milliy madaniyat va san’atimiz aksariyat oyoqosti qilinyapti. Bizda iste’dod bilan faxrlanish, uni unib-o’sishi va boshka xalqlarga ko’z-ko’z kilish tuyg’usi yetishmaydi. Shular-ku, yetishmas ekan, odamni o’z holiga qo’yishsa bo’lardi.

«Nega shunday? Nima uchun? Qachongacha?»

U vujudiga quyunday quyilib kelayotgan bunday savollarga javob topolmay qiynalardi.

«O’zimiz o’zligimiz ildizini qirqsak, madaniyat va san’atimnzni oyoqosti qilsak, g’ururimizni bema’nilarcha toptasak, iste’dod boshida byurokratlarcha qilich yalang’ochlab tursak qachon xalq bo’lamiz? Qachon qad rostlaymiz? Qachon?..»

Betizgin, bejavob savollar karvoni asta-sekin yo’qolib, vujudiga beixtiyor yangi she’r oqib kela boshladi. Qo’liga qalam olib, kundaligining yozilmagan sahifalarini ochdi.

Boy berildi juda ko’p yillar*.
Juda!
Uzoq yashadim men, tun dengizida
Olis yulduzlarning yonishlaridek —
Yolqin topurmanmi endi o’zimdan!

Peshomamga yuz yil yashash bitganday!
Bu ensiz, beboshvoq ko’rlikda mubham,
Gullar ochilishin boy berdim qanday,
Inson tabassumi, tavalludin ham

Va boqib eng so’nggi shu’la izidan,
Fasli xazon dardi ila so’ylayman:
«Men endi har kecha beparvo kezgan
Shoshgan yo’lovchimasman», faqat o’ylayman.

Demak, gap bundoq, o’z qo’shiqlarimda
Kuyladim men — soya va aks sadoni!
Qo’shiqlar ne haqda?
Ne bor dardimda?!
Odamlarga ayta olurman neni?»

. …Xalqqa xizmat qilmoq uchun
Ovozim ham, o’zim ham yarayman hali,
Kuylamoq bu — men uchun yashamoq demak!
Biroq boshqalarning ilhomi ila
Ko’ngilxushlik qilmoq menga kerakmas!

Izlamoq va yaratmoq istayman bu kun
O’z san’atimni!..

* B. Zokirov qalamiga mansub she’rni shoir Shukur Qurbon tarjima qilgan.

044

(Tashriflar: umumiy 2 434, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ботир Зокировнинг кушиклари улмас оханглари билан ханузгача калбимизда. Рухи шод булсин унинг.
    «Шарқ тарихини ўқияпман. Жуда кўп нарсаларни билмаслигим аён бўлди. Ўз тарихимизни ғурурланиб, фахрланиб ўқиб-ўрганишни бошладим. Қанча-қанча очилмаган тенгсиз хазиналар. Ўз маданиятимизни ҳали жуда юксакларга кўтаришимиз керак. Албатта кўтариш керак! Қандай қилиб? Ҳамма гап шунда.
    Яна кўп нарсалар ҳақида фикр-мулоҳазалар юритишга ҳали имкониятим бор.
    Бир нарсани англадим. Шу пайтгача олган билимларим ҳеч нарсага арзимас экан. Ҳаммасини имкон қадар қайтадан бошлаш керак…»
    Мана, яшашга иштиёк! … Ташаккур!

Izoh qoldiring