Iqbol Qo’shshayeva. Jo’mard yigit tazarrusi

Ashampoo_Snap_2017.04.11_21h52m43s_002_.png   “Пушкин адабиёт қасрига нопок либосда кириб келмади”. Николай Гоголь бу фикрни айтар экан, Александр Пушкиннинг пок идеалларини, соф ниятини назарда тутади…

ЖЎМАРД ЙИГИТ ТАЗАРРУСИ
Иқбол Қўшшаева
004

Мен Пушкинни севги боис қаттиқ севдим. У менга одам боласини гоҳ телба, гоҳ одил, гоҳ даҳо, гоҳ гадо қиладиган; гоҳ гулханга ўхшаб сачраб-сачраб ёндирадиган бир ҳиссиётнинг номини топиб берди. Муҳаббат Онегинни жим тинглаётган Татьяна экан. Татьянанинг хонишларида заррача бўлса-да, рад этилганлик алами йўқ. У мардлик суврати. Ғурур суврати. Бир умр ўқиб, тўймайдиган китобим менинг Татьянам!
Марина Цветаева

73277225.jpg“Пушкин адабиёт қасрига нопок либосда кириб келмади”. Николай Гоголь бу фикрни айтар экан, Александр Пушкиннинг пок идеалларини, соф ниятини назарда тутади. Шоирнинг юксак идеаллари, метин шахсияти айнан “Евгений Онегин” шеърий романида бор бўйича кўринади. Шоирнинг ўзи тан олишича, бу асар ақлнинг совуқ кузатуви ва юрак ҳасратининг маҳсулидир. Сиз унда орзу-хаёллар билан видолашаётган романтик йигит дардларига ошно бўласиз. Унинг эрка руҳи туйғуси пўк аёллардан безгани каби, жамият риёларидан ҳам эрта толиқади. Хаёл ва ҳаёт ўртасидаги зиддиятлар йигит кўнглини топтайди.

Александр Сергеевич бу оғриғини қоғозга тўкиш учун тўққиз йил тер тўкди. 1823 йили бошланган асарига 1832 йили нуқта қўйди. Бу пайтга келиб Пушкин уйланган ва ўттиз уч ёшда эди. Қолаверса, ўтган йиллар давомида қувғинликда ҳаёт кечирди. Эрксевар шоир чекка бир қишлоққа сургун қилинади. Шаҳар ҳавосига ўрганган ижодкор қишлоқнинг биқиқ ҳаётига сиғмайди. Мана шу кайфият тўғридан-тўғри қаҳрамони Онегин сийратига кўчади
.
Саргардонликнинг сабаби бор эди, албатта. Шоир 1826 йилнинг 8 сентябрида император Николай I билан учрашади. Подшога очиқдан-очиқ “Мен сизнинг эмас, декабристлар тарафида эдим”, деб ўз қатъиятини намоён этади. Умуминсоният мулкига айланган “Евгений Онегин” шеърий романи мана шу ўжар руҳ, тобланган шахсиятнинг мардона иқроридир. Асрлар ошса ҳамки, ўз даври юрагига жароҳат бўлиб кўчган Шахс азоби ва аёл гўзаллигини номус тарозисида ўлчаган жўмард йигит тазарруси миллионлаб дилларни қалқитиб келяпти.

Евгений Онегин — киборлар дунёсидан буткул толиққан, ўзининг эрка-тантиқ, бузуқ ҳаётидаги зерикишдан-да зериккан, ҳатто ўз ўлимини ҳам истаган инсон…

…Унинг ҳислари совиди эрта,
Зериктирди кибор ҳаёт шовқини.
Фикрини гўзаллар, жононлар қисқа
Замонгина машғул этганди уни;

Хиёнатлар уни чарчатиб қўйди.
Дўстлар, дўстликлардан жуда тез тўйди.
Яна ҳар кун лазиз овқат ейиш,
Ҳар кун шампанской қониқиб ичиш…
…Булардан зерикди, дили бўлди қон…

Қулфланган эшик ортида ҳамиша дур-жавоҳир яширин. Табиийки, ички дунёси бой, ўз оламига эга Татьяна ҳам йигитларнинг энг муносибига кўнглини очади.

Улуғларимиз “Ақл Каъбага бормоқ учун туя ҳозирлагунча, қалб минг бор зиёрат қилиб келади”, деб бежиз айтмаган. Шу маънода Татьянанинг тошқин қалби, ёрқин идроки турган-битгани тилсимдан иборат аслзода Онегинни илғамаслиги мумкин эмасди. Нигоҳи қорнига қадалган ўртамиёна одамлар орасида ғалатфеъл Онегин, шубҳасиз, чақнаган юлдуз! Татьяна аллақачон қалби билан етган ҳақиқатни, афсуски, Онегиннинг ўзи кеч англайди. Иккиси ҳам қийқириқ издиҳом учун ўгай, жамият учун ортиқча шахс. Ҳаммалашган орзу-ҳаваслар, кўпчиликни хурсанд қила оладиган даҳмазалар иккиси учун ҳам кераксиз матоҳ. Онегин ялтироқ тўдага интилади, ҳашам ортида бекинган бадбурушликни кўради ва ундан юз ўгиради… Туйғуси маъюс ва чуқур Татьянада эса аввалданоқ тўда базмига мўралаш хоҳишининг ўзи бўлмаган. Қиз гарчи ўзи ўша қозонда қайнамаса-да, ички донишмандлик ила бу жилвалар тубанлик томошаси эканини англаган эди.

…Шунинг учунмиким: Татьянасига
Тангри бахш этмишдир кенг ақл билан
Исёнкор хаёлни, инодчи бошни.
Жонли иродани ва кенг қарашни…

Татьянанинг шу вақтга қадар яшаб келган соф, ички маънавий ҳаёти фақат Онегин туфайли илк бор юзага чиқади.

Пушкиннинг ўз ботинига ғарқ маъюс Татьянаси — ёввойи, одамсуймас, кулги-шодликлардан узоқ, хаёлпараст маъсума, унинг гўшаси — кимсасиз жойлар…

Бешикка беланган кунлардан буён,
Ўйчанлик бу қизга ўртоқ эди чин…
…Ёшликдан ёққанди унга романлар,
Романда унутди ҳар нимани ул;

…Оқ кўнгил ва содда эди отаси…
Қизининг бошида нақ тонгга қадар,
Ёстиқлар тагида китоблар ётар, —
Бу ҳақда у сира чекмади қайғу.

0b07d187159d08dc62e8150f73f65cc6.jpgАсарда киборлар дунёсининг завқи, тантанаси, ўйин-кулгилар, турфа турли хотин-халажларнинг ғамзаси борича тасвирланади. Англия ижодкорлари ишлаган “Онегин” фильмини кўрсангиз, беш-олти одам, жуда тор давра, лекин киборлар дунёсидаги мана шу завқ-шавқ, ўйин-кулги орасидаги тубанлик, меҳрсизлик, бузуқлик, ҳиссизлик, манфурлик бор қинғирлиги билан акс этган. Шеърий романда тасвирланган киборлар тўдаси ҳақидаги шоирнинг ҳукмига эътибор беринг:

Ҳаммани тутуриқсиз, пуч гап машғул этади;
Уларда ҳар нарса лоқайд ва сўлғун,
Ҳатто бўҳтонлари рангсиз ва юпун;

Пуч, қовжироқ гаплар, суриштиришлар
Ғийбатлар, жўйишлар, ҳар хил миш-мишлар,
Бутун кун чўзилсин ялт этмас фикр…

Толғин фикр кулмас: лоақал баъзан
Ҳазил-чун юраклар бир сесканмайдир,
Учрамас ҳатто кулгига арзигулик аҳмоқлик.

Учрамас ҳатто кулгига арзигулик аҳмоқлик! Кўнгил “кулгига арзигулик аҳмоқлик”ни қўмсаш даражасига келдими, энди унинг макони ЁЛҒИЗЛИК. Биргина шу мисрада нафақат Пушкину Лермонтовлар ёзғирган замоннинг қиёфасини кўрамиз, балки Ерда ўзича ғимирлаб юрган руҳсизликнинг ғарибдан ғариб аҳволи-да кўз ўнгимизда гавдаланади.

Ҳар бир гўзал ҳодиса ўз баҳосича бадал тўлайди. Пушкин ҳам, Лермонтов ҳам қаҳрамонлари каби ўз камолоти учун жуда катта товонга тушади. Дунё ўз қаричига сиғмаган орзулар учун сиздан аёвсиз ўч олади. Айбсиз орзулар увол кетган парвози ҳаққи хаёлпарастни жазолайди. Санъат асарининг умрини узайтирадиган ҳам ана шу мангу ҳақиқат, азалий дарддир. “Евгений Онегин” асари ўз даврида эътирозларга сабаб бўлган. Негаки, шоир қотиб қолган кўникмаларни синдиришга, азалий қолипларни бузишга ундайди. Мунаққид Булгарин “Пушкиннинг таланти тушиб кетган”, деб айюҳаннос солса, бошқаси “Асарнинг охирида на тўй бор, на жаноза”, дея айблайди. Кўриб турганингиздек, пушкину онегинлар, лермонтову печоринлар бор безориликларию кўргуликлари билан ҳам маҳдуд даврнинг чинакам қаҳрамони, асл одами — жавоҳири эдилар. “Евгений Онегин” асари бўлмаганда Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” романи ҳам ёзилмасди. Зиддиятли образ, бахтсизликлар дояси Печорин “Замон қаҳрамони!” деб мардонавор тан олинмасди. Ёки Гоголь рус воқелигини бу қадар теран ва аниқ тасвирлашга, “ҳазрати инсон” устидан аччиқдан-аччиқ кула олишга журъат топиши даргумон эди. Чунки рус адабиёти тарихида “Евгений Онегин” жамиятга аёвсиз нигоҳини қаратган, ижтимоий муаммоларни инсон тақдири мисолида очиб бера олган илк асардир.

“Ўзи бир пайтлар шалоқ, қартабоз тўдага қўрбоши, саёқ,
Букунларда эса ҳалим, ишонарли дўст ва ҳаттоки у энди ҳалол бир одам…”

Бу Зарецкий образига берилган таъриф. Асарни ўқиётганингизда мулойимгина, ўтмиши саёқлик билан ўтган бўлса-да, ҳозир ҳалоллик тўнини кийиб олган, дўмбоққина заминдор кўз олдингизга келади. Лекин “Онегин” фильмида Зарецкий образига аҳамият берсангиз: бир қароқчи, даҳшатли бир ёвуз одам. Фильм ижодкорлари Зарецкий образи орқали нафақат дуэл бошида турган шунчаки фосиқ, балки жоҳил муҳитнинг образини ярата олишган. Бемеҳр. Аёвсиз.

Евгений Онегин кимдир дуэлни тўхтатишини, шу отишма бўлмаслигини ич-ичидан хоҳлайди. Лекин Зарецкийнинг ғийбатчилигини, унинг қандай мавжудотлигини билгани боис бундай каслар қўним топган дунёда номи бадном бўлишини тушунгани учун ҳам дуэлга боради… Ўз муҳитидаги жаҳолатга қарши чиқолмайди, муҳит деди-дедисининг қурбони бўлади. Ҳаракат қилади, бироқ мана бу зарецкийлар, жамоат фикри айни фожиага олиб боради… Евгений Онегин кейин батамом ўзгаради. Татьянани илк бор учратгандаги худбин қалби — қалб эмас. Энди у Татьянани кўради! Лекин буюк асарларда ҳаёт ҳақиқати акс этмасдан иложи йўқ: Татьяна — ўзганинг ёри.

Иккиси ҳам бир манзилга етганди. Ўйчан Татьянани танҳолик улғайтирган руҳи, хаёллари олиб келса, Онегинни ҳаётнинг тўфонлари суриб келади.

Танимоқ нима? Узоқ йиллар бир том остида яшашми? Йўқ. Танимоқ — фикр-туйғулар эврилишининг айни бир ўзанга қараб силжиши. Ҳақиқат шуки, Татьяна Онегинни таниганди. Хўш, Онегин-чи? У Татьянани танимасмиди? Нега унда содда шоир Ленскийга “Агар ўрнингда бўлганимда, синглисини эмас, опасини танлардим”, деб айтади? Онегин Татьянанинг туйғуси тўмтоқ ольгалардан ўзгачалигини, кўнгил одамини ботиний бир сезги ила излаб яшаш бу каби қизларнинг ёзуғи эканини фаҳмларди. Лекин йигит қалбини тўсиб қўйган турғун тушунчалар бу қиз ўзи учун ҳаёт-мамот қадар мунгли ҳақиқат эканини тан олишга йўл қўймайди. Йўқса, Онегин қиз идрокидаги фавқулоддаликни, маъсумиятни бир боқишдаёқ баҳолай олган. Шу сабаб ҳам машҳур маъшуқ йигит закий Татьянага бошқа аёлларга қараган каби муносабатда бўлишдан тийилади, қизнинг туйғуларини эрмак қилмайди.

Татьяна киборлар дунёсида… Гўё бир чексиз уммонда, шовқин-сурон муҳитда, биргина ўзи ҳеч кимга аҳамият бермасдан индамай сузиб юрибди. Бу риёкор дунё унга қизиқмас. Бу бойлик-ҳашам унга ёт-бегона…

Гўё туш кўргандек улар гапини
Татьяна тинглайди ҳиссиз, бепарво;
Ҳеч нима англамас: лекин сақлар у,
Бир сукут ичинда севикли — мангу
Кўнгил сирларини; улар бебаҳо…

У ҳамон ўша севгисининг асираси, ҳамон ўй-хаёлида Ўша — Онегини…

105c5ec783f6t.jpgТуйғулар етовида юрган Татьянада эркаклар учун хавфли тузоқ — нозу-ишвадан мутлақ холи ростгўйлик бор эди. Шу учун ҳам муаллиф Пушкиннинг ўзи суюкли, маъюс Татьянанинг ошкора дардкашига айланади. Хаёлий қаҳрамонига уйғонган севгисини алам билан баралла изҳор қилади. Бу ғирром дунё, қолаверса, шўрлик қиз Тангри инояти деб билган Онегин ҳам ундаги самимиятга ҳеч арзимаслигини ўкинч ва йиғи билан таъкидлайди. Шоир жуда кечикиб англанган Татьянасига қадар ўзи ҳам ольгалар ошиғи бўлганини, энди улар йигит кўнглини зада қилганини тан олади.

Туби қора ўрага айланаёзган юракдаги мудроқ туйғуларни уйғотишга — муҳаббат ва олижанобликка, машъум зарецкийларни назарга илмайдиган руҳий эркинликка эришишга, қўлни қондан асрашга, инсонни ҳазрати инсон мақомига юксалтиришга Татьянанинг шаффоф меҳри қодир эди. Шу боис афсусу надоматларда ўртанган Онегин чўкаётган одам каби Татьянага интилади. Ундан қутқаришини, ўзини асраб қолишини ўтинади. … Лекин бу бир вақтлар рад этилган кўнгилнинг аламли тантанаси эмасди. Қасос ҳисси — олий қалб, мағрур Татьяна учун ёт тушунча. Бу кўргилик — Аёлнинг ҳеч измида бўлмаган қаттол қисмат қаҳри эди. Ўз вақтида қадрланмаган туйғулар, маъсум хаёлларда оқиб кетган гул ёшликнинг заволи Онегиндан шафқатсиз ўч олади.

Онегиндаги ҳамлетона ҳалокат — кўзнинг бемаҳал очилиши, оламу одамни оҳорсиз кўриш кайфияти Лермонтовда ижтимоий тус олиб кескинлашди — Печоринни туғдирди, Толстойда фалсафий моҳият касб этиб вазминлашди — Болконскийга кўчди, Чеховда умри увол зиёли инсоннинг ёлғизлиги бўлиб Астровда кўринди, Пастернакда ҳам замон, ҳам қалб фожиаси тимсолида Юрий Живаго драмасида яшади. Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири “Наҳот, изтиробда доим тафаккур” деб ҳануз фарёд қилаётгандек… Минг афсус, бу эр йигитларнинг АЁЛ иродасини мўрт қилувчи муҳаббати ҳеч кимга бахт келтирмаган…

Озурдажон Татьяна Ларина-чи? У ҳаётнинг лойқасига обдон чўмилган, даққи туйғулар шилимидан кўнгли зада бўлган бўйин бермас шоирнинг орзуси эди… Рус адабиёти тарихида сукут сақлаган қаҳрамон аёл — фақат Пушкиннинг Татьянаси бўлиб қолди. Буюк шоир нафақат ўз ижодида, балки шахсий ҳаётида ҳам аёл ор-номусини ўзи учун ҳаёт-мамот масаласи эканини исботлаган ШАХС эди. Жўмард Александрни дуэлга, ажал ёқасига етаклаган сарой найрангини эсланг. Яна бир ҳақиқат ҳам борки, эҳтимол, Татьяна “тўрт бурчак виждон”да — китобларда танҳодир, лекин муроса эвазига кун кўришга маҳкум турмушнинг закий ва қисматни бўйнига олган татьяналари бисёр…

Александр Сергеевич Пушкиннинг бошқа асарларида ўз-ўзини кашф этиш, жамики энг ардоқли, энг муқаддас тушунчаларга муносабат, инсон гўзаллигига чинакам эҳтиром бу даражада ёрқин намоён бўлмаган. “Евгений Онегин” ўз замонига сиғмаган, лекин ҳамма замонларнинг эрка фарзандига айланган шоир арзи ҳолидир.

Манба: «Маънавий ҳаёт» журнали

05labf4r51298830731.jpgJO‘MARD YIGIT TAZARRUSI
Iqbol Qo‘shshayeva
004

Men Pushkinni sevgi bois qattiq sevdim.  U menga odam bolasini goh telba, goh odil, goh daho, goh gado qiladigan; goh gulxanga o‘xshab sachrab-sachrab yondiradigan bir hissiyotning nomini topib berdi.  Muhabbat Oneginni jim tinglayotgan Tatyana ekan. Tatyananing xonishlarida zarracha bo‘lsa-da, rad etilganlik alami yo‘q.  U mardlik suvrati. G‘urur suvrati.  Bir umr o‘qib, to‘ymaydigan kitobim mening Tatyanam!
Marina Svetayeva

maxresdefault.jpg“Pushkin adabiyot qasriga nopok libosda kirib kelmadi”. Nikolay Gogol bu fikrni aytar ekan, Aleksandr Pushkinning pok ideallarini, sof niyatini nazarda tutadi. Shoirning yuksak ideallari, metin shaxsiyati aynan “Yevgeniy Onegin” she’riy romanida bor bo‘yicha ko‘rinadi. Shoirning o‘zi tan olishicha, bu asar aqlning sovuq kuzatuvi va yurak hasratining mahsulidir. Siz unda orzu-xayollar bilan vidolashayotgan romantik yigit dardlariga oshno bo‘lasiz. Uning erka ruhi tuyg‘usi po‘k ayollardan bezgani kabi, jamiyat riyolaridan ham erta toliqadi. Xayol va hayot o‘rtasidagi ziddiyatlar yigit ko‘nglini toptaydi.

Aleksandr Sergeyevich bu og‘rig‘ini qog‘ozga to‘kish uchun to‘qqiz yil ter to‘kdi. 1823 yili boshlangan asariga 1832 yili nuqta qo‘ydi. Bu paytga kelib Pushkin uylangan va o‘ttiz uch yoshda edi. Qolaversa, o‘tgan yillar davomida quvg‘inlikda hayot kechirdi. Erksevar shoir chekka bir qishloqqa surgun qilinadi. Shahar havosiga o‘rgangan ijodkor qishloqning biqiq hayotiga sig‘maydi. Mana shu kayfiyat to‘g‘ridan-to‘g‘ri qahramoni Onegin siyratiga ko‘chadi
.
Sargardonlikning sababi bor edi, albatta. Shoir 1826 yilning 8 sentyabrida imperator Nikolay I bilan uchrashadi. Podshoga ochiqdan-ochiq “Men sizning emas, dekabristlar tarafida edim”, deb o‘z qat’iyatini namoyon etadi. Umuminsoniyat mulkiga aylangan “Yevgeniy Onegin” she’riy romani mana shu o‘jar ruh, toblangan shaxsiyatning mardona iqroridir. Asrlar oshsa hamki, o‘z davri yuragiga jarohat bo‘lib ko‘chgan Shaxs azobi va ayol go‘zalligini nomus tarozisida o‘lchagan jo‘mard yigit tazarrusi millionlab dillarni qalqitib kelyapti.

Yevgeniy Onegin — kiborlar dunyosidan butkul toliqqan, o‘zining erka-tantiq, buzuq hayotidagi zerikishdan-da zerikkan, hatto o‘z o‘limini ham istagan inson…

…Uning hislari sovidi erta,
Zeriktirdi kibor hayot shovqini.
Fikrini go‘zallar, jononlar qisqa
Zamongina mashg‘ul etgandi uni;

Xiyonatlar uni charchatib qo‘ydi.
Do‘stlar, do‘stliklardan juda tez to‘ydi.
Yana har kun laziz ovqat yeyish,
Har kun shampanskoy qoniqib ichish…
…Bulardan zerikdi, dili bo‘ldi qon…

Qulflangan eshik ortida hamisha dur-javohir yashirin. Tabiiyki, ichki dunyosi boy, o‘z olamiga ega Tatyana ham yigitlarning eng munosibiga ko‘nglini ochadi.

Ulug‘larimiz “Aql Ka’baga bormoq uchun tuya hozirlaguncha, qalb ming bor ziyorat qilib keladi”, deb bejiz aytmagan. Shu ma’noda Tatyananing toshqin qalbi, yorqin idroki turgan-bitgani tilsimdan iborat aslzoda Oneginni ilg‘amasligi mumkin emasdi. Nigohi qorniga qadalgan o‘rtamiyona odamlar orasida g‘alatfe’l Onegin, shubhasiz, chaqnagan yulduz! Tatyana allaqachon qalbi bilan yetgan haqiqatni, afsuski, Oneginning o‘zi kech anglaydi. Ikkisi ham qiyqiriq izdihom uchun o‘gay, jamiyat uchun ortiqcha shaxs. Hammalashgan orzu-havaslar, ko‘pchilikni xursand qila oladigan dahmazalar ikkisi uchun ham keraksiz matoh. Onegin yaltiroq to‘daga intiladi, hasham ortida bekingan badburushlikni ko‘radi va undan yuz o‘giradi… Tuyg‘usi ma’yus va chuqur Tatyanada esa avvaldanoq to‘da bazmiga mo‘ralash xohishining o‘zi bo‘lmagan. Qiz garchi o‘zi o‘sha qozonda qaynamasa-da, ichki donishmandlik ila bu jilvalar tubanlik tomoshasi ekanini anglagan edi.

…Shuning uchunmikim: Tatyanasiga
Tangri baxsh etmishdir keng aql bilan
Isyonkor xayolni, inodchi boshni.
Jonli irodani va keng qarashni…

Tatyananing shu vaqtga qadar yashab kelgan sof, ichki ma’naviy hayoti faqat Onegin tufayli ilk bor yuzaga chiqadi.

Pushkinning o‘z botiniga g‘arq ma’yus Tatyanasi — yovvoyi, odamsuymas, kulgi-shodliklardan uzoq, xayolparast ma’suma, uning go‘shasi — kimsasiz joylar…

Beshikka belangan kunlardan buyon,
O‘ychanlik bu qizga o‘rtoq edi chin…
…Yoshlikdan yoqqandi unga romanlar,
Romanda unutdi har nimani ul;

…Oq ko‘ngil va sodda edi otasi…
Qizining boshida naq tongga qadar,
Yostiqlar tagida kitoblar yotar, —
Bu haqda u sira chekmadi qayg‘u.

0_10bd85_40e22fd4_XL.jpgAsarda kiborlar dunyosining zavqi, tantanasi, o‘yin-kulgilar, turfa turli xotin-xalajlarning g‘amzasi boricha tasvirlanadi. Angliya ijodkorlari ishlagan “Onegin” filmini ko‘rsangiz, besh-olti odam, juda tor davra, lekin kiborlar dunyosidagi mana shu zavq-shavq, o‘yin-kulgi orasidagi tubanlik, mehrsizlik, buzuqlik, hissizlik, manfurlik bor qing‘irligi bilan aks etgan. She’riy romanda tasvirlangan kiborlar to‘dasi haqidagi shoirning hukmiga e’tibor bering:

Hammani tuturiqsiz, puch gap mashg‘ul etadi;
Ularda har narsa loqayd va so‘lg‘un,
Hatto bo‘htonlari rangsiz va yupun;

Puch, qovjiroq gaplar, surishtirishlar
G‘iybatlar, jo‘yishlar, har xil mish-mishlar,
Butun kun cho‘zilsin yalt etmas fikr…

Tolg‘in fikr kulmas: loaqal ba’zan
Hazil-chun yuraklar bir seskanmaydir,
Uchramas hatto kulgiga arzigulik ahmoqlik.

Uchramas hatto kulgiga arzigulik ahmoqlik! Ko‘ngil “kulgiga arzigulik ahmoqlik”ni qo‘msash darajasiga keldimi, endi uning makoni YOLG‘IZLIK. Birgina shu misrada nafaqat Pushkinu Lermontovlar yozg‘irgan zamonning qiyofasini ko‘ramiz, balki Yerda o‘zicha g‘imirlab yurgan ruhsizlikning g‘aribdan g‘arib ahvoli-da ko‘z o‘ngimizda gavdalanadi.

Har bir go‘zal hodisa o‘z bahosicha badal to‘laydi. Pushkin ham, Lermontov ham qahramonlari kabi o‘z kamoloti uchun juda katta tovonga tushadi. Dunyo o‘z qarichiga sig‘magan orzular uchun sizdan ayovsiz o‘ch oladi. Aybsiz orzular uvol ketgan parvozi haqqi xayolparastni jazolaydi. San’at asarining umrini uzaytiradigan ham ana shu mangu haqiqat, azaliy darddir. “Yevgeniy Onegin” asari o‘z davrida e’tirozlarga sabab bo‘lgan. Negaki, shoir qotib qolgan ko‘nikmalarni sindirishga, azaliy qoliplarni buzishga undaydi. Munaqqid Bulgarin “Pushkinning talanti tushib ketgan”, deb ayyuhannos solsa, boshqasi “Asarning oxirida na to‘y bor, na janoza”, deya ayblaydi. Ko‘rib turganingizdek, pushkinu oneginlar, lermontovu pechorinlar bor bezoriliklariyu ko‘rguliklari bilan ham mahdud davrning chinakam qahramoni, asl odami — javohiri edilar. “Yevgeniy Onegin” asari bo‘lmaganda Lermontovning “Zamonamiz qahramoni” romani ham yozilmasdi. Ziddiyatli obraz, baxtsizliklar doyasi Pechorin “Zamon qahramoni!” deb mardonavor tan olinmasdi. Yoki Gogol rus voqeligini bu qadar teran va aniq tasvirlashga, “hazrati inson” ustidan achchiqdan-achchiq kula olishga jur’at topishi dargumon edi. Chunki rus adabiyoti tarixida “Yevgeniy Onegin” jamiyatga ayovsiz nigohini qaratgan, ijtimoiy muammolarni inson taqdiri misolida ochib bera olgan ilk asardir.

“O‘zi bir paytlar shaloq, qartaboz to‘daga qo‘rboshi, sayoq,
Bukunlarda esa halim, ishonarli do‘st va hattoki u endi halol bir odam…”

Bu Zareskiy obraziga berilgan ta’rif. Asarni o‘qiyotganingizda muloyimgina, o‘tmishi sayoqlik bilan o‘tgan bo‘lsa-da, hozir halollik to‘nini kiyib olgan, do‘mboqqina zamindor ko‘z oldingizga keladi. Lekin “Onegin” filmida Zareskiy obraziga ahamiyat bersangiz: bir qaroqchi, dahshatli bir yovuz odam. Film ijodkorlari Zareskiy obrazi orqali nafaqat duel boshida turgan shunchaki fosiq, balki johil muhitning obrazini yarata olishgan. Bemehr. Ayovsiz.

Yevgeniy Onegin kimdir duelni to‘xtatishini, shu otishma bo‘lmasligini ich-ichidan xohlaydi. Lekin Zareskiyning g‘iybatchiligini, uning qanday mavjudotligini bilgani bois bunday kaslar qo‘nim topgan dunyoda nomi badnom bo‘lishini tushungani uchun ham duelga boradi… O‘z muhitidagi jaholatga qarshi chiqolmaydi, muhit dedi-dedisining qurboni bo‘ladi. Harakat qiladi, biroq mana bu zareskiylar, jamoat fikri ayni fojiaga olib boradi… Yevgeniy Onegin keyin batamom o‘zgaradi. Tatyanani ilk bor uchratgandagi xudbin qalbi — qalb emas. Endi u Tatyanani ko‘radi! Lekin buyuk asarlarda hayot haqiqati aks etmasdan iloji yo‘q: Tatyana — o‘zganing yori.

Ikkisi ham bir manzilga yetgandi. O‘ychan Tatyanani tanholik ulg‘aytirgan ruhi, xayollari olib kelsa, Oneginni hayotning to‘fonlari surib keladi.

700906a8e3871cd5f999513ff6968ad0.jpgTanimoq nima? Uzoq yillar bir tom ostida yashashmi? Yo‘q. Tanimoq — fikr-tuyg‘ular evrilishining ayni bir o‘zanga qarab siljishi. Haqiqat shuki, Tatyana Oneginni tanigandi. Xo‘sh, Onegin-chi? U Tatyanani tanimasmidi? Nega unda sodda shoir Lenskiyga “Agar o‘rningda bo‘lganimda, singlisini emas, opasini tanlardim”, deb aytadi? Onegin Tatyananing tuyg‘usi to‘mtoq olgalardan o‘zgachaligini, ko‘ngil odamini botiniy bir sezgi ila izlab yashash bu kabi qizlarning yozug‘i ekanini fahmlardi. Lekin yigit qalbini to‘sib qo‘ygan turg‘un tushunchalar bu qiz o‘zi uchun hayot-mamot qadar mungli haqiqat ekanini tan olishga yo‘l qo‘ymaydi. Yo‘qsa, Onegin qiz idrokidagi favquloddalikni, ma’sumiyatni bir boqishdayoq baholay olgan. Shu sabab ham mashhur ma’shuq yigit zakiy Tatyanaga boshqa ayollarga qaragan kabi munosabatda bo‘lishdan tiyiladi, qizning tuyg‘ularini ermak qilmaydi.

Tatyana kiborlar dunyosida… Go‘yo bir cheksiz ummonda, shovqin-suron muhitda, birgina o‘zi hech kimga ahamiyat bermasdan indamay suzib yuribdi. Bu riyokor dunyo unga qiziqmas. Bu boylik-hasham unga yot-begona…

Go‘yo tush ko‘rgandek ular gapini
Tatyana tinglaydi hissiz, beparvo;
Hech nima anglamas: lekin saqlar u,
Bir sukut ichinda sevikli — mangu
Ko‘ngil sirlarini; ular bebaho…

U hamon o‘sha sevgisining asirasi, hamon o‘y-xayolida O‘sha — Onegini…

Tuyg‘ular yetovida yurgan Tatyanada erkaklar uchun xavfli tuzoq — nozu-ishvadan mutlaq xoli rostgo‘ylik bor edi. Shu uchun ham muallif Pushkinning o‘zi suyukli, ma’yus Tatyananing oshkora dardkashiga aylanadi. Xayoliy qahramoniga uyg‘ongan sevgisini alam bilan baralla izhor qiladi. Bu g‘irrom dunyo, qolaversa, sho‘rlik qiz Tangri inoyati deb bilgan Onegin ham undagi samimiyatga hech arzimasligini o‘kinch va yig‘i bilan ta’kidlaydi. Shoir juda kechikib anglangan Tatyanasiga qadar o‘zi ham olgalar oshig‘i bo‘lganini, endi ular yigit ko‘nglini zada qilganini tan oladi.

Tubi qora o‘raga aylanayozgan yurakdagi mudroq tuyg‘ularni uyg‘otishga — muhabbat va olijanoblikka, mash’um zareskiylarni nazarga ilmaydigan ruhiy erkinlikka erishishga, qo‘lni qondan asrashga, insonni hazrati inson maqomiga yuksaltirishga Tatyananing shaffof mehri qodir edi. Shu bois afsusu nadomatlarda o‘rtangan Onegin cho‘kayotgan odam kabi Tatyanaga intiladi. Undan qutqarishini, o‘zini asrab qolishini o‘tinadi. … Lekin bu bir vaqtlar rad etilgan ko‘ngilning alamli tantanasi emasdi. Qasos hissi — oliy qalb, mag‘rur Tatyana uchun yot tushuncha. Bu ko‘rgilik — Ayolning hech izmida bo‘lmagan qattol qismat qahri edi. O‘z vaqtida qadrlanmagan tuyg‘ular, ma’sum xayollarda oqib ketgan gul yoshlikning zavoli Onegindan shafqatsiz o‘ch oladi.

Onegindagi hamletona halokat — ko‘zning bemahal ochilishi, olamu odamni ohorsiz ko‘rish kayfiyati Lermontovda ijtimoiy tus olib keskinlashdi — Pechorinni tug‘dirdi, Tolstoyda falsafiy mohiyat kasb etib vazminlashdi — Bolkonskiyga ko‘chdi, Chexovda umri uvol ziyoli insonning yolg‘izligi bo‘lib Astrovda ko‘rindi, Pasternakda ham zamon, ham qalb fojiasi timsolida Yuriy Jivago dramasida yashadi. Bu qahramonlarning har biri “Nahot, iztirobda doim tafakkur” deb hanuz faryod qilayotgandek… Ming afsus, bu er yigitlarning AYOL irodasini mo‘rt qiluvchi muhabbati hech kimga baxt keltirmagan…

Ozurdajon Tatyana Larina-chi? U hayotning loyqasiga obdon cho‘milgan, daqqi tuyg‘ular shilimidan ko‘ngli zada bo‘lgan bo‘yin bermas shoirning orzusi edi… Rus adabiyoti tarixida sukut saqlagan qahramon ayol — faqat Pushkinning Tatyanasi bo‘lib qoldi. Buyuk shoir nafaqat o‘z ijodida, balki shaxsiy hayotida ham ayol or-nomusini o‘zi uchun hayot-mamot masalasi ekanini isbotlagan SHAXS edi. Jo‘mard Aleksandrni duelga, ajal yoqasiga yetaklagan saroy nayrangini eslang. Yana bir haqiqat ham borki, ehtimol, Tatyana “to‘rt burchak vijdon”da — kitoblarda tanhodir, lekin murosa evaziga kun ko‘rishga mahkum turmushning zakiy va qismatni bo‘yniga olgan tatyanalari bisyor…

Aleksandr Sergeyevich Pushkinning boshqa asarlarida o‘z-o‘zini kashf etish, jamiki eng ardoqli, eng muqaddas tushunchalarga munosabat, inson go‘zalligiga chinakam ehtirom bu darajada yorqin namoyon bo‘lmagan. “Yevgeniy Onegin” o‘z zamoniga sig‘magan, lekin hamma zamonlarning erka farzandiga aylangan shoir arzi holidir.

Manba: «Ma’naviy hayot» jurnali

Aleksandr Pushkin. Yevgeniy Onegin (Oybek tarjimasi) — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

Aleksandr Pushkin. Yevgeniy Onegin (Mirzo Kenjabek tarjimasi) — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

007

(Tashriflar: umumiy 2 080, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bu maqola «Ma’naviy hayot» jurnalida e’lon qilingan. Manba ko’rsatilsa, yaxshi bo’lar edi…

  2. Ushbu maqola muallif tomonidan bizga yuborilgani uchun manba ko’rsatilmagan edi. Mana endi siz manbani ko’rsatdingiz va biz buni e’tiborga oldik. Rahmat sizga!

Izoh qoldiring