Jamol Kamol. Akademik Vohid Abdullayevni eslab

02115 МАЙ — АДАБИЁТШУНОС ОЛИМ, АКАДЕМИК ВОҲИД АБДУЛЛАЕВ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Табиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар. Гавҳари шабчироқ ҳақидаги эртакни ўқигансиз. Хўш, ёмби гавҳар, гавҳари шабчироқ деб аташга арзигулик инсонлар учрамайдими? Ёмби гавҳар ўзидан нур таратиб турармиш, унинг ёғдусида кечаси китоб ўқиса бўлармиш. Ўзидан нур таратиб турадиган инсонлар йўқми? Бор, атоқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ана шундай сиймо эдилар. Неча йиллар Самарақанд адабий муҳитини машъал бўлиб ёритиб турдилар.

Жамол КАМОЛ
АКАДЕМИК ВОҲИД АБДУЛЛАЕВНИ ЭСЛАБ

009

09Абдуллаев Воҳид Абдуллаевич (1912.15.5 — Самарқанд — 1985.30.7) -адабиётшунос. Ўзбекистон ФА акад. (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1973). Филол. фанлари д-ри (1959), проф. (1960). 1932 й. Фарғона педагогика ин-тини битирган. Воҳид Абдуллаев 1935 — 43 й.ларца Бухоро ва Самарқанд педагогика ин-тларининг, 1944 — 69 йларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд ун-ти ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири, 1963 й. дан шу ун-т ректори. 1930 й.дан шеърлар, илмий мақолалар ёза бошлаган.
«Самарқанд сайли» (1970) шеърий китоби нашр этилган. «Навоий Самарқандда» (1948), «Нишотий ва унинг «Ҳусни Дил» достони», «Хоксор ва унинг «Мунтахаб ул-луғот» китоби» (1955), «Нишотий ва Хоксор» (1960), «Ўзбек адабиёти тарихи» (1964), «Сайланма» (1982) каби китоблари ўзбек адабиёти ва адабиётшунослиги масалаларига бағишланган.Воҳид Абдуллаевнинг олий ўқув юртлари учун «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслигида 17 — 19-а.лардаги ўзбек адабиёти тарихи тадқик этилган.


 

Табиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар. Гавҳари шабчироқ ҳақидаги эртакни ўқигансиз. Хўш, ёмби гавҳар, гавҳари шабчироқ деб аташга арзигулик инсонлар учрамайдими? Ёмби гавҳар ўзидан нур таратиб турармиш, унинг ёғдусида кечаси китоб ўқиса бўлармиш. Ўзидан нур таратиб турадиган инсонлар йўқми? Бор, атоқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ана шундай сиймо эдилар. Неча йиллар Самарақанд адабий муҳитини машъал бўлиб ёритиб турдилар.

Мен бу муҳтарам зот ила Бухоро педагогика институти (ҳозирги университет)да танишганман. У киши давлат имтиҳонлари комиссиясининг раиси бўлиб келганди ўшанда. Басавлат, ширинсўз, бутун қиёфасидан нур таралиб турган Воҳид домла давраларнинг гули бўлган, бир неча шогирдлар орттирган эди Бухорода.

Иккинчи бор Тошкентда кўришиб, суҳбатлашдик. Суҳбатимиз қизиқ кечган. Бир куни эрталаб аспирантлар ётоғидан чиқсам, эшикда Воҳид домла турибдилар. Саломлашдим.
“Аспирантурада ўқияпсизми? Ҳай-ҳай, на гўзал, — дедилар табассум қилиб. – Ғайрат қилинг! Шоирдан ёмон олим чиқмайди”.

Кейин қайси мавзуда ишлаётганим, илмий раҳбарим ҳақида суриштирдилар. Ва тўсатдан: “Мени вокзалгача кузатиб қўйсангиз, учта муҳим гап айтаман, хурсанд бўласиз”, — дедилар.

“Жоним билан, домла”, — дедим ва қўлларидан портфелини олдим.

Иков йўлга тушдик. Аспирантлар ётоғидан катта йўлгача чамаси уч юз метр масофа. Ўн учинчи трамвайга ўтириб, вокзалга жўнадик. Тиқир-тиқир кетяпмиз… Вагонда одам сийрак. Воҳид домла овоз қўйиб, баланд руҳ билан ғалати бир шеър ўқидилар:

Нимайиз бор, нимайиз бор?
Бир намат, бўриёмиз бор.
Сенингдек подшоларга
Дуойи бериёмиз бор.

“Қалай? – дедилар мен томонга маъноли боқиб.
“Зўр!” – дедим.

“Ана шунақа! Бизга ҳамроҳ бўлсангиз, теша тегмаган шеърларни эшитаверасиз, — дедилар кулиб. – Келинг, энди биринчи муҳим гапни айтай… Сизни кекса ҳофиз Расулқори Мамадалиев дуо қилганидан хабарингиз борми?”

“Йўқ”, – дедим.

“Бўлмаса, эшитинг. Марғилонда эдик. Катта давра. Тўрда Расулқори ҳофиз. Ашулахонлик. Бир маҳал телевизорда “Марҳаба, талантлар!” кўрсатуви бошланди. Фарғоналик ёшлар билан бухоролик ёшлар беллашуви. Бухоролик қизлар сизнинг “Ҳай-ҳай, на гўзал, кўзгуда жонона кўринди” шеърингизни қўшиқ қилиб айтишди. Жюри раиси Туроб Тўла уларнинг ижросига ўн балл баҳо берди.

“Шоирига ҳам тан бериш керак, — деди таъкидлаб, — шеърни қиёмига етказибди”.

Шунда Расулқори “Шоири ким?” деб сўраб қолдилар. Мен бухоролик ёш шоир Жамол Камол деб сизни таъриф-тавсиф қилдим… Кекса ҳофиз даврага юзланиб, келинглар биродарлар, шу йигитни бир дуо қилайлик деб, дуога қўл очдилар. Сизни астойдил дуо қилдилар. Давра аҳли, чамаси йигирма чоғли киши “омин!” деб дуога қўшилди… Ҳаммага ҳам насиб этмайди бу! Хўш, хурсандмисиз?”

“Хурсандман, умрлари узоқ бўлсин!” – дедим.

Трамавайда “тиқир-тиқир” кетяпмиз денг…

“Энди иккинчи гапни эшитинг, — дедилар Воҳид домла. – Биласиз, биз, ўзбеклар, Алишер Навоийга эга чиқдик. Тожиклар Абдураҳмон Жомийга, озарийлар Шайх Низомий Ганжавийга эга чиқишди. Амир Хисрав Деҳлавийга ҳеч ким эга чиқмади. Ота-боболари Шаҳрисабзнинг турк-лочин уруғидан, ўзи Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ўша даврнинг анъанасига мувофиқ форсийда ижод этган. Форслар уни ҳинд шоири деса, ҳиндлар форс шоири дейди. Миллати бугуннинг ибораси билан айтганда – ўзбек… Ана шу буюк зотга биз эга чиқишимиз керак. Унинг ижодини ўрганишимиз, таржима қилиб, таржима қилиб, халққа тақдим этишимиз лозим. Бу борада сиз, ёш ижодкорлар фаоллик кўрсатсангиз, айни муддао бўлур эди. Маъқулми?”

“Маъқул”, — дедим мен.

Воҳид домла оҳангини келтириб, яна шеър ўқишга тушдилар.

Илоё, қорайсин фалакнинг юзи,
Жафо бирла жуфту вафо бирла тоқ.
Исодек кишига бериб бир эшак,
Эшакдек кишига берар арғумоқ.
“Қалай?” дегандек менга қарадилар.

“Зўр!” – дедим. Буни қарангки, бу кимнинг шеъри, деб сўрамабман ўшанда. Бу гап кейин хаёлимга келди.

Трамвай вокзалга яқинлашиб қолганда, учинчи муҳим гап ҳам айтилди.

“Ҳеч қачон мевани, сабзавотни пўсти билан еманг. Масалан, узумни ҳам, бодрингни ҳам пўстини айириб, арчиб енг. Негаки, пўст – қобиқ, мағизнинг ҳимоя қобиғи. Табиат уни шу мақсадда яратган, ейиш учун эмас. Шундоқ экан, мағиз билан пўстни ҳам қўшиб еб, ошқозон-ичакни қийнаманг. Пўст барибир хазм бўлмайди… Соғликни асраб-авайлашни одат қилинг”.

“Раҳмат, домла!” – дедим.

Вокзалга етиб келдик. Трамвайдан тушиб, вокзал эшигига томон йўл оларканмиз, Воҳид домла мени ҳайрон қолдириб, яна шеър ўқий кетдилар:

Хушдирки дами ажал чекиб бодайи ноб,
Сармаст ётам қабрда то рўзи ҳисоб.
Ғавғойи қиёматда турам масту хароб,
На фикри ҳисоб ўла, на парвози азоб..

“Хўш, кимнинг шеъри бу?” – сўрадилар мендан.

“Фузулийники”, — дедим, мен бу рубоийни ёд билардим.

“Баракалла! – дедилар, — Навоий ва Фузулий икки беназир шоир. Уларни ҳар куни ўқиш керак”.

Домлани вокзал ичкарисига кузатиб, изимга қайтдим. Йўл бўйи боя эшитганим дастлабки икки шеърни ичимда такрорладим. Хотирамда нақшланиб қолди улар.

Йиллар ўтди. Бир гал Бухорога борадиган бўлдим. Янги китоби корректурасини ўқишга келган шоир укамиз Тошпўлат Аҳмад менинг машинамда бирга кетадиган бўлди. Машинани галма-галдан ҳайдаб, Самарқандга етдик. Улуғбек расадхонаси пойида, чойхонада овқатланиб, чой ичдик.

Тошпўлат тўсатдан эслаб қолди.

“Жамол ака, — деди у, — Воҳид домланинг хотини вафот этган… Кириб, кўнгил сўраб чиқмаймизми?”

“Адресни биласизми?”

“Биламан”, – деди Тошпўлат. У Самарқанд университетида ўқиган, адресни билиши шу тафайли эди.

“Ўтиринг машинага, ҳайданг”, — дедим.

Хуллас, бир неча айлнама йўллардан ўтиб, Воҳид домланинг эшигига бордик. Қия очиқ дарвозадан қараб, супада ёғоч кроватда бошини эгиб, ёлғиз ўтирган домлани кўрдик. Ичкарига кириб, саломлашдик. Кўнгил сўрадик. Воҳид домла марҳумага атаб Қуръон ўқидилар, биз қўл очиб, “омин” дедик. Мен атрофга разм солдим. Деворларининг сувоқлари тўкилиб турган хароб ҳовлича. кимсан, бир неча йил Самарқанд давлат университетининг ректори бўлган, академик Воҳид Абдуллаев шундай хокисор аҳволда яшайди, деб ўйламагандим. Бу мўътабар инсонга бўлган меҳру ихлосим янада ортди…

“Умр йўлдошидан айрилиб қолган бу қайғули инсоннинг эндиги ҳаёти қандай кечаркин?” – деган ўй кўнглимдан ўтди. Худди саволимга жавоб бергандек, домла шу онда бир байт шеър ўқидилар:

Зиндаги бар гардан афтодаст, Бедил, чора чист?
Шод бошад зистан, ношод бошад зистан…
(Тириклик бўйнингга тушгач, Бедил, илож қанча?
Шод бўлсанг ҳам яшайсан, ношод бўлсанг ҳам, яшайсан)

Ярим соатча суҳбатлашиб, сўнг хайрлашиб, биз Бухорога жўнадик. Воҳид домла билан охирги кўришганим шу бўлди. Бошқа кўришмак насиб этмади. Оқкўнгил, олийҳиммат, мунаввар зот эдилар домла.

Илоё, жойлари жаннатда бўлсин!

28.04.2020.

«Хуршид Даврон кутубхонаси» соҳасида Воҳид Абдуллаев билан боғлиқ саҳифалар:
Воҳид Абдуллаев. Алишер Навоий ва Фазлулло Абулайсий хонадони
Воҳид Абдуллаев. Алишер Навоий Самарқандда.
15 MAY — ADABIYoTShUNOS OLIM, AKADEMIK VOHID ABDULLAEV TAVALLUD TOPGAN KUN

Tabiatda quyma oltin, yombi gavhar uchraydi, deydilar. Gavhari shabchiroq haqidagi ertakni o’qigansiz. Xo’sh, yombi gavhar, gavhari shabchiroq deb atashga arzigulik insonlar uchramaydimi? Yombi gavhar o’zidan nur taratib turarmish, uning yog’dusida kechasi kitob o’qisa bo’larmish. O’zidan nur taratib turadigan insonlar yo’qmi? Bor, atoqli adabiyotshunos olim, akademik Vohid Abdullayev ana shunday siymo edilar. Necha yillar Samaraqand adabiy muhitini mash’al bo’lib yoritib turdilar.

Jamol KAMOL
AKADEMIK VOHID ABDULLAEVNI ESLAB


Abdullayev Vohid Abdullayevich (1912.15.5 — Samarqand — 1985.30.7) -adabiyotshunos. O’zbekiston FA akad. (1966), O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi (1973). Filol. fanlari d-ri (1959), prof. (1960). 1932 y. Farg’ona pedagogika in-tini bitirgan. Vohid Abdullayev 1935 — 43 y.lartsa Buxoro va Samarqand pedagogika in-tlarining, 1944 — 69 ylarda Alisher Navoiy nomidagi Samarqand un-ti o’zbek adabiyoti kafedrasining mudiri, 1963 y. dan shu un-t rektori. 1930 y.dan she’rlar, ilmiy maqolalar yoza boshlagan.
«Samarqand sayli» (1970) she’riy kitobi nashr etilgan. «Navoiy Samarqandda» (1948), «Nishotiy va uning «Husni Dil» dostoni», «Xoksor va uning «Muntaxab ul-lug’ot» kitobi» (1955), «Nishotiy va Xoksor» (1960), «O’zbek adabiyoti tarixi» (1964), «Saylanma» (1982) kabi kitoblari o’zbek adabiyoti va adabiyotshunosligi masalalariga bag’ishlangan.Vohid Abdullayevning oliy o’quv yurtlari uchun «O’zbek adabiyoti tarixi» darsligida 17 — 19-a.lardagi o’zbek adabiyoti tarixi tadqik etilgan.


Tabiatda quyma oltin, yombi gavhar uchraydi, deydilar. Gavhari shabchiroq haqidagi ertakni o’qigansiz. Xo’sh, yombi gavhar, gavhari shabchiroq deb atashga arzigulik insonlar uchramaydimi? Yombi gavhar o’zidan nur taratib turarmish, uning yog’dusida kechasi kitob o’qisa bo’larmish. O’zidan nur taratib turadigan insonlar yo’qmi? Bor, atoqli adabiyotshunos olim, akademik Vohid Abdullayev ana shunday siymo edilar. Necha yillar Samaraqand adabiy muhitini mash’al bo’lib yoritib turdilar.

Men bu muhtaram zot ila Buxoro pedagogika instituti (hozirgi universitet)da tanishganman. U kishi davlat imtihonlari komissiyasining raisi bo’lib kelgandi o’shanda. Basavlat, shirinso’z, butun qiyofasidan nur taralib turgan Vohid domla davralarning guli bo’lgan, bir necha shogirdlar orttirgan edi Buxoroda.

Ikkinchi bor Toshkentda ko’rishib, suhbatlashdik. Suhbatimiz qiziq kechgan. Bir kuni ertalab aspirantlar yotog’idan chiqsam, eshikda Vohid domla turibdilar. Salomlashdim.
“Aspiranturada o’qiyapsizmi? Hay-hay, na go’zal, — dedilar tabassum qilib. – G’ayrat qiling! Shoirdan yomon olim chiqmaydi”.

Keyin qaysi mavzuda ishlayotganim, ilmiy rahbarim haqida surishtirdilar. Va to’satdan: “Meni vokzalgacha kuzatib qo’ysangiz, uchta muhim gap aytaman, xursand bo’lasiz”, — dedilar.

“Jonim bilan, domla”, — dedim va qo’llaridan portfelini oldim.

Ikov yo’lga tushdik. Aspirantlar yotog’idan katta yo’lgacha chamasi uch yuz metr masofa. O’n uchinchi tramvayga o’tirib, vokzalga jo’nadik. Tiqir-tiqir ketyapmiz… Vagonda odam siyrak. Vohid domla ovoz qo’yib, baland ruh bilan g’alati bir she’r o’qidilar:

Nimayiz bor, nimayiz bor?
Bir namat, bo’riyomiz bor.
Seningdek podsholarga
Duoyi beriyomiz bor.

“Qalay? – dedilar men tomonga ma’noli boqib.
“Zo’r!” – dedim.

“Ana shunaqa! Bizga hamroh bo’lsangiz, tesha tegmagan she’rlarni eshitaverasiz, — dedilar kulib. – Keling, endi birinchi muhim gapni aytay… Sizni keksa hofiz Rasulqori Mamadaliyev duo qilganidan xabaringiz bormi?”

“Yo’q”, – dedim.

“Bo’lmasa, eshiting. Marg’ilonda edik. Katta davra. To’rda Rasulqori hofiz. Ashulaxonlik. Bir mahal televizorda “Marhaba, talantlar!” ko’rsatuvi boshlandi. Farg’onalik yoshlar bilan buxorolik yoshlar bellashuvi. Buxorolik qizlar sizning “Hay-hay, na go’zal, ko’zguda jonona ko’rindi” she’ringizni qo’shiq qilib aytishdi. Jyuri raisi Turob To’la ularning ijrosiga o’n ball baho berdi.

“Shoiriga ham tan berish kerak, — dedi ta’kidlab, — she’rni qiyomiga yetkazibdi”.

Shunda Rasulqori “Shoiri kim?” deb so’rab qoldilar. Men buxorolik yosh shoir Jamol Kamol deb sizni ta’rif-tavsif qildim… Keksa hofiz davraga yuzlanib, kelinglar birodarlar, shu yigitni bir duo qilaylik deb, duoga qo’l ochdilar. Sizni astoydil duo qildilar. Davra ahli, chamasi yigirma chog’li kishi “omin!” deb duoga qo’shildi… Hammaga ham nasib etmaydi bu! Xo’sh, xursandmisiz?”

“Xursandman, umrlari uzoq bo’lsin!” – dedim.

Tramavayda “tiqir-tiqir” ketyapmiz deng…

“Endi ikkinchi gapni eshiting, — dedilar Vohid domla. – Bilasiz, biz, o’zbeklar, Alisher Navoiyga ega chiqdik. Tojiklar Abdurahmon Jomiyga, ozariylar Shayx Nizomiy Ganjaviyga ega chiqishdi. Amir Xisrav Dehlaviyga hech kim ega chiqmadi. Ota-bobolari Shahrisabzning turk-lochin urug’idan, o’zi Hindistonda tug’ilib o’sgan, o’sha davrning an’anasiga muvofiq forsiyda ijod etgan. Forslar uni hind shoiri desa, hindlar fors shoiri deydi. Millati bugunning iborasi bilan aytganda – o’zbek… Ana shu buyuk zotga biz ega chiqishimiz kerak. Uning ijodini o’rganishimiz, tarjima qilib, tarjima qilib, xalqqa taqdim etishimiz lozim. Bu borada siz, yosh ijodkorlar faollik ko’rsatsangiz, ayni muddao bo’lur edi. Ma’qulmi?”

“Ma’qul”, — dedim men.

Vohid domla ohangini keltirib, yana she’r o’qishga tushdilar.

Iloyo, qoraysin falakning yuzi,
Jafo birla juftu vafo birla toq.
Isodek kishiga berib bir eshak,
Eshakdek kishiga berar arg’umoq.
“Qalay?” degandek menga qaradilar.

“Zo’r!” – dedim. Buni qarangki, bu kimning she’ri, deb so’ramabman o’shanda. Bu gap keyin xayolimga keldi.

Tramvay vokzalga yaqinlashib qolganda, uchinchi muhim gap ham aytildi.

“Hech qachon mevani, sabzavotni po’sti bilan yemang. Masalan, uzumni ham, bodringni ham po’stini ayirib, archib yeng. Negaki, po’st – qobiq, mag’izning himoya qobig’i. Tabiat uni shu maqsadda yaratgan, yeyish uchun emas. Shundoq ekan, mag’iz bilan po’stni ham qo’shib yeb, oshqozon-ichakni qiynamang. Po’st baribir xazm bo’lmaydi… Sog’likni asrab-avaylashni odat qiling”.

“Rahmat, domla!” – dedim.

Vokzalga yetib keldik. Tramvaydan tushib, vokzal eshigiga tomon yo’l olarkanmiz, Vohid domla meni hayron qoldirib, yana she’r o’qiy ketdilar:

Xushdirki dami ajal chekib bodayi nob,
Sarmast yotam qabrda to ro’zi hisob.
G’avg’oyi qiyomatda turam mastu xarob,
Na fikri hisob o’la, na parvozi azob..

“Xo’sh, kimning she’ri bu?” – so’radilar mendan.

“Fuzuliyniki”, — dedim, men bu ruboiyni yod bilardim.

“Barakalla! – dedilar, — Navoiy va Fuzuliy ikki benazir shoir. Ularni har kuni o’qish kerak”.

Domlani vokzal ichkarisiga kuzatib, izimga qaytdim. Yo’l bo’yi boya eshitganim dastlabki ikki she’rni ichimda takrorladim. Xotiramda naqshlanib qoldi ular.

Yillar o’tdi. Bir gal Buxoroga boradigan bo’ldim. Yangi kitobi korrekturasini o’qishga kelgan shoir ukamiz Toshpo’lat Ahmad mening mashinamda birga ketadigan bo’ldi. Mashinani galma-galdan haydab, Samarqandga yetdik. Ulug’bek rasadxonasi poyida, choyxonada ovqatlanib, choy ichdik.

Toshpo’lat to’satdan eslab qoldi.

“Jamol aka, — dedi u, — Vohid domlaning xotini vafot etgan… Kirib, ko’ngil so’rab chiqmaymizmi?”

“Adresni bilasizmi?”

“Bilaman”, – dedi Toshpo’lat. U Samarqand universitetida o’qigan, adresni bilishi shu tafayli edi.

“O’tiring mashinaga, haydang”, — dedim.

Xullas, bir necha aylnama yo’llardan o’tib, Vohid domlaning eshigiga bordik. Qiya ochiq darvozadan qarab, supada yog’och krovatda boshini egib, yolg’iz o’tirgan domlani ko’rdik. Ichkariga kirib, salomlashdik. Ko’ngil so’radik. Vohid domla marhumaga atab Qur’on o’qidilar, biz qo’l ochib, “omin” dedik. Men atrofga razm soldim. Devorlarining suvoqlari to’kilib turgan xarob hovlicha. kimsan, bir necha yil Samarqand davlat universitetining rektori bo’lgan, akademik Vohid Abdullayev shunday xokisor ahvolda yashaydi, deb o’ylamagandim. Bu mo»tabar insonga bo’lgan mehru ixlosim yanada ortdi…

“Umr yo’ldoshidan ayrilib qolgan bu qayg’uli insonning endigi hayoti qanday kecharkin?” – degan o’y ko’nglimdan o’tdi. Xuddi savolimga javob bergandek, domla shu onda bir bayt she’r o’qidilar:

Zindagi bar gardan aftodast, Bedil, chora chist?
Shod boshad zistan, noshod boshad zistan…
(Tiriklik bo’yningga tushgach, Bedil, iloj qancha?
Shod bo’lsang ham yashaysan, noshod bo’lsang ham, yashaysan)

Yarim soatcha suhbatlashib, so’ng xayrlashib, biz Buxoroga jo’nadik. Vohid domla bilan oxirgi ko’rishganim shu bo’ldi. Boshqa ko’rishmak nasib etmadi. Oqko’ngil, oliyhimmat, munavvar zot edilar domla.

Iloyo, joylari jannatda bo’lsin!

28.04.2020.
044
«Xurshid Davron kutubxonasi» sohasida Vohid Abdullayev bilan bog’liq sahifalar:
Vohid Abdullayev. Alisher Navoiy va Fazlullo Abulaysiy xonadoni
Vohid Abdullayev. Alisher Navoiy Samarqandda.

09

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring