Abdumajid Azim. She’rlar & Umid belanchagi. She’rlar kitobi

05Шоирнинг шеъри ўзига ўхшагани – яхшилик белгиси. Абдумажид ака, тасаввуримча, камтар, камсуқум, хотиржам кўринади; қарашлари ўткир. Суҳбатда дардлари очилади. “Менинг додимдир бу, менинг бунёдим, Бу имло меники, бу сўз меники” – пешонага тушган ажинлардан шундай шеърий мисраларни ўқийман (Баҳодир Каримнинг «Абдусалимнинг укаси» мақоласидан. Мақолани мана саҳифада ўқишингиз мумкин).

Абдумажид АЗИМ
ШЕЪРЛАР

077 Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетини тамомлаган.  1990 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Республикамизнинг турли матбуот нашрларида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда «Ҳуррият» газетасида масъул котиб бўлиб ишламоқда. .
Шу пайтга қадар шоирнинг «Қалбимнинг Ватани» ,«Қуёш боласи», «Ёруғлик одами», «Руҳи равоним», “Ошиқ дилим”, ”Умид беланчаги”, «Ошиқ дилим» номли шеърий китоблари чоп этилган.

х х х

Савоб учун битта ниҳолни қада,
ҳамалинг жавзога жилмасдан бурун.
Яхшилик қилгину дарёга ташла,
исмингни балиқлар билмасдан бурун.

Қайғуни йўлатма кўнгил боғингга,
ташвишлар ёқангни юлмасдан бурун.
Сумак шарт эмасдир чақалоғингга,
ҳали бу дунёга келмасдан бурун.

Ўтгайдир ёшлик ҳам фусункор, сўлим,
сузгин мавжларида сўлмасдан бурун.
Бу ҳаёт бир куни бўйнингга, ўғлим,
рўзғор халтасини илмасдан бурун.

Ниқобин ечаркан турмуш —тасқара,
ҳушёр бўл домига олмасдан бурун.
Яшагин қисматни қилиб масхара,
ҳолингга маймунлар кулмасдан бурун.

Сочингда оқ билан борарсан қишга,
хазон боғларингда елмасдан бурун.
Уринма ҳайбатли тоғни йиқишга
аввало ҳолингни билмасдан бурун.

Худодан дилингни узмагин токи,
Исрофил сурини чалмасдан бурун.
Бу дунё кузакнинг битта япроғи,
нафсингни ўлдиргин ўлмасдан бурун.

Изҳори дил
манзума

Инсонлар барг бўлса, Ватан бир дарахт,
Дарахтда қумрилар уради чаҳ-чаҳ,
Чаҳ-чаҳин тингласам ҳар лаҳза, ҳар вақт,
Қушлар каломида эгзулик барҳақ.
Тош тутсанг қўлингда инжу, дур бўлғай,
Ҳамиша бошларинг тик, мағрур бўлғай.

Энг нозик каломдир башарда номус,
Эзгулик бор жойда, ёмонлик ҳам бор.
Дилларга хиёнат йўламас ҳаргиз,
Имон қаълалари тураркан пойдор.
Кўнглингда ҳайқирган Аму,Сир бўлғай,
Нақшбанд боболар пешво, пир бўлғай.

Улғайиб уйимда ўғиллар, қизлар,
Қўяр эрталарга шахдам қадамлар,
Танишу нотаниш, дўсту азизлар,
Мен билган, билмаган барча одамлар.
Уруғим, аймоғим — йўлинг нур бўлғай,
Миллату элатим —элинг ҳур бўлғай.

Олис тарихларга син солсам агар,
Аждодда не бўлса сурармиш суяк,
Темурбек юртидан Темурлар чиқар,
Алпомиш наслидан Алпомиш, бешак.
Падаринг осмону онанг ер бўлғай,
Қизларинг ойбекач, ўғлинг эр бўлғай.

Энг ёру- тилаклар тилайман сенга,
Қўлим дуода-ю, каломда тилим.
Яхши ёмон кунда эш бўлдинг менга,
Мангу тўхтамасин карвонинг, элим.
Кўксингда ловуллаб турган қўр бўлғай,
Мардларинг майдонда мисли шер бўлғай.

Неча минг йиллардан келарсан ўтиб,
Мен ҳам бу йўлларда елдай елгайман.
Табаррук изларинг кўзимга суртиб,
Кўксимда қўлларим— таъзим қилгайман.
Ўзбегим қозонда ошинг бир бўлғай,
Чиқиб бир ёқадан бошинг бир бўлғай!

х х х

Найсонлар бу кеча тушади йўлга,
заминга ёғилар раҳматлар суйи.
Гунг,соқов дарахтлар киради тилга,
тонггача тинмайди ёмғирнинг куйи.

Заминни титратар момақалдироқ,
гул чизар самога кўк наққошлари.
Тонггача жиққа ҳўл бўлади сўқмоқ,
қувончдан майсанинг кўзда ёшлари.

Жилғалар жайрондек югурар шодон,
интиқ термуламан шошқин ҳофизга.
Илоҳий саломлар йўллайди осмон,
ариқ рошидаги митти ялпизга.

Оппоқ ёмғирларда боладек чопдим,
тангадек сочилди нурлар изимга.
Саҳарда уйғониб кўзимни очдим,
яшиллик тиқилиб қолмиш кўзимга.

ЎЗБЕК

Атойи Худодир меҳмон ардоқли,
Меҳр балқиб турар ўзбек кўзидан.
Ялангтўш қавммиз, бели белбоғли,
Фаришталар ўпган ўзбек юзидан.

Деҳқону чўпону миришкор, боғбон,
Ризқини теради дала тузидан.
Ойга бир кун етса ўзбек бегумон,
Гуллар униб чиқар босган изидан.

Кичиги кичик-ку, каттаси катта,
Итармас бир-бирин асло кўксидан.
Бобо-момолари ҳурмат- иззатда,
Нур ёғиб туради мудом юзидан.

Савобни ўйлайди ўтирса,турса,
Бошқалар ҳиммати чиқмас эсидан.
Боладек қувонар элга тўй берса,
Қўшнига илинар ортиб ўзидан.

Илму маърифату исломга ихлос,
Тушмайди шукрона асло оғзидан.
Болам деб яшамоқ фитратига хос,
Тойчоғи келади отнинг изидан.

Ваъдага вафодор, аҳдига иқрор,
Ҳатто дор остида қайтмас сўзидан.
Йўғига қаноат, борига бозор,
Ўзидан кўпаяр ўзбек, ўзидан!

ЯШАШ ФОРМУЛАСИ

Ҳар ким ҳаётини ўзича қурар,
Басдир қўллаб турса Худо қулини.
Биров илм-фанга ўзини урар,
Топар тижоратдан биров йўлини.

Мабодо, яшашнинг эпини қилсанг,
Ҳожат ҳам эмасдир тахти Сулаймон.
Минг йил яшаб ўтди чайлада, билсанг
Сабру-қаноат-ла ҳазрати Луқмон.

Ҳамиша бир хилдир яшашнинг шакли,
Кўҳи Бадахшонми, шаҳри ғулғула.
Яшади Робинзон оролда бахтли,
Атрофи жондору қушларга тўла.

Иброҳим Адҳамдек бир тепиб тахтни
Яшаса бўлади олачиқда ҳам,
Ўзимизга ўхшаш сумбату-сахтли.
Одамлар яшайди Мозамбикда ҳам.

Яшайди бировлар сиғиниб тошга,
Бировлар сигирга сажда қилганча.
Илло ҳар қавмнинг мозори бошқа,
Яшайди бандаси ўзи билганча.

Яхшими, ёмонми ўтгайдир кунинг,
Ғалати формула яшаш удуми.
Тошлар остида ҳам чиқармай унинг,
Бемалол яшашдир билсанг, муҳими.

Хуллас вафо қилса умр одамга ,
Юзга ҳам етади бир кун эринмай.
Яхши-ку машҳурлик жумла оламга,
Яшаса бўлади ҳатто кўринмай.

Ҳар ким насибасин терар кўпу оз,
Текин луқма бўлар фақат қопқонда.
Лекин бир тахлитда қичқирар хўроз,
Хоҳи Самарқандда , хоҳи Лондонда!

Ўзбек тилим

Бобомнинг тилисан, момомнинг тили,
Отамнинг тилисан , онамнинг тили.

Осмондай бепоён туғилган еринг,
Ҳеч кимга маълуммас аввал-охиринг.

Қадимий аждодинг ул Абуттуркдир,
Ўтовинг Осиё—бошингда бўркдир.

Тўмарис шиддати, Широқнинг қони,
Мангуберди ўчи,Темурбек шони.

Кошғарий дилида ёнган баётсан,
Яссавий тилида мангу ҳаётсан.

Навоий армони, Бобур нидоси,
Фароғий ўкинчи, Машраб видоси.

Чўлпону Қодирий,Усмон Носирсан,
Элинг хизматига ҳозир-нозирсан.

Истибдод қўрғонин янчиб,йиқолдинг,
Олов-оташлардан омон чиқолдинг.

Сен рўйи заминга ўзбек тилида,
Саломлар йўллайсан ўзбек элидан.

Теран илдизлардан олган қудрат.куч,
Ҳайбатли чинорсан новдалари ғуж.

Минг йиллар ўтса-да навқирон, ёшсан,
Мудом бошимизда порлоқ қуёшсан.

Ўзимнинг тилимсан, боламнинг тили,
Ўзбегим тилисан, оламнинг тили.

НЕ КЕРАК

Бутун дунё лолазор бўлса,
Гулу-гулзор, чаман не керак.
Одамизот бахтиёр бўлса,
Орзу-ҳавас, армон не керак.

Жамшид қани, қани Искандар,
Ер остига ҳоқон не керак.
Рутбамиздир инсонлик магар,
Бунча журму исён не керак.

Мудом ваъда вафоси гўзал,
Риё нечун, ёлғон не керак.
Ишонганинг алдаса ҳар гал,
Нопок дўсти нодон не керак.

Инсон бўлсанг фикрла, ўйла,
Яхшиларга ёмон не керак.
Ер жаҳонга солган ғулғула,
Иблис ўғли шайтон не керак.

Аҳли жаҳон басир, кўр бўлса,
Ою қуёш, осмон не керак.
Расул барҳақ, Худо бир бўлса,
Тажаллийга гумон не керак.

Жонни тиксанг адл йўлинда,
Ҳожатингга бурхон не керак.
Қуръон, ҳадис бўлса қўлингда,
Ҳақдин ўзга фармон не керак.

Ошиқ бўлиб жондан кечмасанг,
Танангдаги бу жон не керак.
Ишқ шаробин қониб ичмасанг,
Инсон деган унвон не керак.

х х х

Икки қош ораси менинг ҳаётим,
лаҳзада тирилиб, ўлиб яшайман.
Вояга етса ҳам ўрганмай қўлга,
Ҳуркагу ёввойи тойга ўхшайман.

Ўхшайман бир гиёҳ ўсмаган тоққа,
Ўзани қуриган сойга ўхшайман.
Одамлар унутган ғариб сўқмоққа,
момомдай дардли бир куйга ўхшайман.

Бу куйнинг ноласи оламни ўртар,
қамишдан кесилган найга ўхшайман.
Қирчанғи бу дунё манзилга йўртар,
туёғидан кўчган лойга ўхшайман.

Юракда фарёдим, бўғзимда додим,
ёронлар, бир ҳоли войга ўхшайман.
ўқлари отилиб олис манзилга
Добонбийдан қолган ёйга ўхшайман.

Совуқ изиллаган қаҳратон кунда,
томи ёпилмаган уйга ўхшайман.
ўхшашим топмадим жумла очунда,
бўри чангалида қўйга ўхшайман.

Бир эгнимда савоб, бирида гуноҳ,
булутлар ортида ойга ўхшайман.
Бўлсам-да, аслида афтода, қашшоқ,
худдики минг қўйли бойга ўхшайман.

КУЗ ХАЗОНЛАРИ

Абдували Қутбиддин хотирасига
Тўкилади дувиллаб куз барги хазонлари,
яшнаган баҳорлардан кета олмайман сира.
Мезонларга кўмилган Туркистон осмонлари,
эртага бу кунлар ҳам бўлар ширин хотира.
Мен—бир ёлғиз йўловчи, тегмас ерга оёғим,
Ғуруб сари қуёшим оғмоқдадир бу нафас.
Ҳаёт асло бемаҳал ўчирмагил чироғим,
Дувиллаб ёғаётган асли хазонлар эмас.
Бу менинг ўтган умрим, маъюс хаёлларимдир,
Шеърим сатрларига кўзимдан тўккан нурлар.
Гунгу соқов дунёга аччиқ саволларимдир,
Жувонмарг орзуларга қалбимда қазган гўрлар.
Тупроқдайин чуқурга тўкиламан,тўлмайман,
Кунларим хазон каби сочилади йўлларга.
қачон, қайси сатрда тўхтамоғим билмайман,
Сўнг қовушиб кетарман ўзим ҳам шамолларга.
Ҳеч қачон посангига келмаган тарозиман,
кузнинг ҳазин шивири жўр бўлади куйимга.
Мен ўзимга айбнома ёзаётган қозиман
Ўйлаб-ўйлаб негадир етолмасман ўйимга.
Телефон дафтаримда ўчмаса-да номлари,
қаторимда кўринмас не-не дўсту-ёронлар.
Эй сиз кўнгил уйимнинг мўътабар меҳмонлари,
изларингизда учар андуҳ каби хазонлар.
Манзил ҳали кўп узоқ, олдинда не синовлар,
Заъфар кузак юзига боқаман илинж ила.
Қошу кўзим қопламиш букун оппоқ қировлар,
Дарёларим энтикиб, тўлғанмиш ўкинч ила.
Ана кўринди дейман ахир манзил қораси,
эртаю-кеч йўртаман манзилга ета олмай.

Мен—орзу фуқароси, армоннинг гунг боласи,
Фурсатим зиқ, турарман ўзимни кута олмай.

Дўппи

Биз қачон ўзгардик, қайси бир замон,
Қачон қулаб кетди буюк устунлар?
Юрар тўйдан тўйга овора сарсон,
Эгасин тополмай дўппию тўнлар.

Дўпписин қўндириб отанг ғоз юрган,
Бошни азиз тутган аждодлар, илло.
Кимки ўзбекман деб кўксига урган,
Бошида дўпписи бўлсин аввало.

Самодан тушмадинг,чиқмадинг ердан,
Бордир бу дунёда насабу зотинг.
Мабодо сўз очсам Амир Темурдан,
Гўё қўлтиғингдан ўсар қанотинг.

Жонингдан суярсан миллату элинг,
Шайсан фидоликка Широқ мисоли.
Қаерда юрсанг ҳам унутма тилинг,
Бошингдан тушмасин ўзбек тимсоли.

Фарқинг бўлмагайдир манқуртдан сира,
Элу элатингни жондан суймасанг,
Рўмол ўраб юргин сен ундан кўра,
Бобонг дўпписини бошга киймасанг.

Ўзбеклик номингда ғурур бир олам,
Тош отиб бўлмайди ахир қуёшга.
Боболар номуси дўппи бу, болам,
Ярашар кўтарсанг эъзозлаб бошга.

Мен олов ёқаман

Мен олов ёқаман: ёнади лов-лов,
кўрмайди ўзимдан ўзга ҳеч биров.
Мен олов ёқаман: ёнар ер- осмон,
бу олов қасдидан топмасман омон.

Томир-томиримга вобаста,туташ,
юрагим ёқмоқда бу олов-оташ.
Нетайки мен ақлу хушдан бегона,
ёнарман бу олов ичра урёна.

Ўт-олов урилар юзу кўзимга,
ёнишим сабаби аён ўзимга.
Ичимда бир олов-оташ гурлайди,
Дуди осмонларга қараб ўрлайди.

Чирмайди танимни бу олов-оташ,
лов-лов ўчоғида ёнарман —қақнус.
Бир тақдир топмадим ўзимга ўхшаш,
Қанча ёнган билан вужудим муз-муз.

Оловни бунчалар ёниб суярман,
бир ўзим ёнарман, ўзим куярман.
Ўзимман оловни ёқаётган ҳам,
ўзимман оловда ёнаётган ҳам.

х х х

Кетаяпман кунлар ортидан,
ой, йилларга айланади вақт.
Синалмаган дунё сиртидан.
Ўтаяпман, тўхтамасдан шахт.
Неча-неча ошиёнлардан,
Бораяпман сукут ичида.
Қон қақшаган қаҳратонларга,
Юрак чида. Юрагим чида.
Ташлаб кетди қанча дўстларим,
Жўнадилар бобом,момом ҳам.
Силагандек бўлиб юзларим,
Ўтиб кетди шамолдай отам.
Кечалари ботиб хаёлга,
Шамоллар-ла суҳбат қураман.
Тушларимда чиққанча йўлга.
Ота уйга кириб бораман.
Ота уйим, сендай маъво йўқ,
Остонангга дардларим экдим.
Каъбамдирсан—мўътабар, улуғ
Армонларим пойингга тўкдим.
Ота уйга катта-кичик жам,
Ўзгармаган ҳамма-ҳаммаси.
Уй тўрида ўтирар отам,
Энди даштдан қайтган чамаси.
Салом сенга, файзли кошона,
Ака-ука, опа-сингиллар.
Бир-бировнинг меҳридан қона,
Ёришади яна кўнгиллар.
Тўрт кўз тугал,ҳамма саломат,
Раҳмат ҳаёт шафоатига.
Қайтар яна файзу тароват,
Болаликнинг мамлакатига.
…Уйғонаман уйқудан бехос,
Тушларим ҳам қолади чала.
Узоқлардан келади овоз:
“Уйғонақол,тонг отди,болам”.

Қабодиёнлик Сайёрага

Бу қандай кулфатдир, бу қандай зулмат,
Қуёшни аждаҳо ямламай ютса.
Бир умр мевасин кутганинг дарахт,
Шохида мевамас, қабоҳат битса.

Чирпаниб-инграниб боради ҳаёт,
Аламли кўзёшлар бир кун тинмасми?
Дунё, дунё эмас қўли қон жаллод,
Занжирлар узилиб, дорлар синмасми?

Бу қандай ҳамият, қандай табиат,
Инсон боласини итдай кўрмаса.
Оғзидан бол томиб турган жамият,
Чегаралар билан ерни чирмаса.

Бошпана топмасанг бирор ошёнда,
Оталар ўзининг ўғлидан тонса.
Сен битта оҳ урсанг Қабодиёнда,
Оҳингдан Жайҳуннинг сувлари ёнса.

Бу қандай дунёдир номард, нотанти,
Кўксингни пичоқсиз тилкалаб тилса.
Итдайин хўрланиб одам фарзанди,
Уйи, ватанидан бадар этилса.

Кўксимда гувранар бўрон, қасирға,
Кўзимда чақмоқдек чақнайди нафрат.
Болани онадан тирик айирган,
Бетавфиқ, беимон давронга лаънат!

х х х

Соғинчларим айтай сизга ич-ичимдан,
кўз тешилиб йўлларимга қараганлар.
Шамолларга айланайин мен шу зумда—
жовдирашиб мени мендан сўраганлар.

Шамол бўлай ўнгингизда, сўлингизда,
Сиз ғашланиб: “ бузди деманг бу тинчимни”.
Илтимосим,
тангу тор бу кўнглингиздан,
жой сўрасам, увол этманг ўтинчимни.

Ёлвораман, қўйинг мени ўз ҳолимга,
найсонларнинг сувларини ичай қониб.
Пешвоз чиқса қизғалдоқлар гар йўлимга,
алвон қирлар шуъласида кетай ёниб.

Қизғалдоғим, юрак-бағрим тўла қондир,
тамом қилдим қонларимни ича-ича.
чеҳрайи ранг хазон янглиғ заъфарондир,
Ҳориб-толдим бу дунёни кеча- кеча.

Ажабланма аҳволимга рўйи-олам,
шамолдирман бу йўлларда ўжар, саркаш.
Ерга сиғмас,кўкка сиғмас чеккан нолам,
дардларимга топилмайди бирон дардкаш.

Ҳаётимиз моҳияти кетиш, келиш,
Мени мендан сўраганлар бўлманг дилтанг.
осон эмас бир лаҳзада минг бор ўлиш,
йўлларимга қараганлар мени кутманг…

Жума девона

Элбоёнда тарқалди миш-миш:
“Ойга ошиқ Жума девона,
кечалари томда юрармиш,
ой ишқида ёниб урёна”.

Энасига айтади сирин,
учрашганин ой билан сойда:
“Эна ойни менга оберинг,
тўй қилайлик келаси ойда”.

Энасига айтар дил ёзиб,
кеча ойдан олганин бўса:
“фақат ойдир менга муносиб,
юрагимни ёндирган ўша”.

Эна эса бир сўз деёлмас,
ич-ичидан қовурилади.
Зир югуриб қидиради қиз,
калишлари едирилади.

Бораяпти ёши ҳам қирққа,
Болалар-ла ўйнайди чиллак.
қизлар тегмас телба ошиққа,
ўсмирларга Жумабой эрмак.

Атайлабдан отишади гап,
девонага қувгина қизлар.
Энасини қўймайди тезлаб:
“Қачон совчи жўнатасизлар?”

Эна эса кўксини ушлар,
қадалгандай заҳарли бир ўқ.
Ошиқ Жума гўдакдай йиғлар:
“Ойдан ўзга менга тенгим йўқ.”

Элбоёнда тарқалди миш-миш:
“Томдан учиб кетганмиш Жума,
осмонларда сузиб юрармиш,
юрагини қилиб у кема”.

Shoirning sheʼri oʼziga oʼxshagani – yaxshilik belgisi. Аbdumajid aka, tasavvurimcha, kamtar, kamsuqum, xotirjam koʼrinadi; qarashlari oʼtkir. Suhbatda dardlari ochiladi. “Mening dodimdir bu, mening bunyodim, Bu imlo meniki, bu soʼz meniki” – peshonaga tushgan ajinlardan shunday sheʼriy misralarni oʼqiyman (Bahodir Karimning «Аbdusalimning ukasi» maqolasidan. Maqolani mana sahifada oʼqishingiz  mumkin).

Аbdumajid АZIM
SHE’RLАR

32Аbdumajid Аzim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyatining Qumqoʼrgʼon tumanida tugʼilgan. 1983 yilda ToshDU(hozirgi OʼzMU) ning jurnalistika fakultetini tamomlagan.1990 yildan buyon Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi. Respublikamizning turli matbuot nashrlarida faoliyat yuritib kelmoqda. Аyni paytda «Hurriyat» gazetasida masʼul kotib boʼlib ishlamoqda. .Shu paytga qadar shoirning «Qalbimning Vatani» ,«Quyosh bolasi», «Yorugʼlik odami», «Ruhi ravonim», “Oshiq dilim”, ”Umid belanchagi”, «Oshiq dilim» nomli sheʼriy kitoblari chop etilgan.

x x x

Savob uchun bitta niholni qada,
hamaling javzoga jilmasdan burun.
Yaxshilik qilginu daryoga tashla,
ismingni baliqlar bilmasdan burun.

Qaygʼuni yoʼlatma koʼngil bogʼingga,
tashvishlar yoqangni yulmasdan burun.
Sumak shart emasdir chaqalogʼingga,
hali bu dunyoga kelmasdan burun.

Oʼtgaydir yoshlik ham fusunkor, soʼlim,
suzgin mavjlarida soʼlmasdan burun.
Bu hayot bir kuni boʼyningga, oʼgʼlim,
roʼzgʼor xaltasini ilmasdan burun.

Niqobin yecharkan turmush —tasqara,
hushyor boʼl domiga olmasdan burun.
Yashagin qismatni qilib masxara,
holingga maymunlar kulmasdan burun.

Sochingda oq bilan borarsan qishga,
xazon bogʼlaringda yelmasdan burun.
Urinma haybatli togʼni yiqishga
avvalo holingni bilmasdan burun.

Xudodan dilingni uzmagin toki,
Isrofil surini chalmasdan burun.
Bu dunyo kuzakning bitta yaprogʼi,
nafsingni oʼldirgin oʼlmasdan burun.

Izhori dil
manzuma

Insonlar barg boʼlsa, Vatan bir daraxt,
Daraxtda qumrilar uradi chah-chah,
Chah-chahin tinglasam har lahza, har vaqt,
Qushlar kalomida egzulik barhaq.
Tosh tutsang qoʼlingda inju, dur boʼlgʼay,
Hamisha boshlaring tik, magʼrur boʼlgʼay.

Eng nozik kalomdir basharda nomus,
Ezgulik bor joyda, yomonlik ham bor.
Dillarga xiyonat yoʼlamas hargiz,
Imon qaʼlalari turarkan poydor.
Koʼnglingda hayqirgan Аmu,Sir boʼlgʼay,
Naqshband bobolar peshvo, pir boʼlgʼay.

Ulgʼayib uyimda oʼgʼillar, qizlar,
Qoʼyar ertalarga shaxdam qadamlar,
Tanishu notanish, doʼstu azizlar,
Men bilgan, bilmagan barcha odamlar.
Urugʼim, aymogʼim — yoʼling nur boʼlgʼay,
Millatu elatim —eling hur boʼlgʼay.

Olis tarixlarga sin solsam agar,
Аjdodda ne boʼlsa surarmish suyak,
Temurbek yurtidan Temurlar chiqar,
Аlpomish naslidan Аlpomish, beshak.
Padaring osmonu onang yer boʼlgʼay,
Qizlaring oybekach, oʼgʼling er boʼlgʼay.

Eng yoru- tilaklar tilayman senga,
Qoʼlim duoda-yu, kalomda tilim.
Yaxshi yomon kunda esh boʼlding menga,
Mangu toʼxtamasin karvoning, elim.
Koʼksingda lovullab turgan qoʼr boʼlgʼay,
Mardlaring maydonda misli sher boʼlgʼay.

Necha ming yillardan kelarsan oʼtib,
Men ham bu yoʼllarda yelday yelgayman.
Tabarruk izlaring koʼzimga surtib,
Koʼksimda qoʼllarim— taʼzim qilgayman.
Oʼzbegim qozonda oshing bir boʼlgʼay,
Chiqib bir yoqadan boshing bir boʼlgʼay!

x x x

Naysonlar bu kecha tushadi yoʼlga,
zaminga yogʼilar rahmatlar suyi.
Gung,soqov daraxtlar kiradi tilga,
tonggacha tinmaydi yomgʼirning kuyi.

Zaminni titratar momaqaldiroq,
gul chizar samoga koʼk naqqoshlari.
Tonggacha jiqqa hoʼl boʼladi soʼqmoq,
quvonchdan maysaning koʼzda yoshlari.

Jilgʼalar jayrondek yugurar shodon,
intiq termulaman shoshqin hofizga.
Ilohiy salomlar yoʼllaydi osmon,
ariq roshidagi mitti yalpizga.

Oppoq yomgʼirlarda boladek chopdim,
tangadek sochildi nurlar izimga.
Saharda uygʼonib koʼzimni ochdim,
yashillik tiqilib qolmish koʼzimga.

OʼZBEK

Аtoyi Xudodir mehmon ardoqli,
Mehr balqib turar oʼzbek koʼzidan.
Yalangtoʼsh qavmmiz, beli belbogʼli,
Farishtalar oʼpgan oʼzbek yuzidan.

Dehqonu choʼponu mirishkor, bogʼbon,
Rizqini teradi dala tuzidan.
Oyga bir kun yetsa oʼzbek begumon,
Gullar unib chiqar bosgan izidan.

Kichigi kichik-ku, kattasi katta,
Itarmas bir-birin aslo koʼksidan.
Bobo-momolari hurmat- izzatda,
Nur yogʼib turadi mudom yuzidan.

Savobni oʼylaydi oʼtirsa,tursa,
Boshqalar himmati chiqmas esidan.
Boladek quvonar elga toʼy bersa,
Qoʼshniga ilinar ortib oʼzidan.

Ilmu maʼrifatu islomga ixlos,
Tushmaydi shukrona aslo ogʼzidan.
Bolam deb yashamoq fitratiga xos,
Toychogʼi keladi otning izidan.

Vaʼdaga vafodor, ahdiga iqror,
Hatto dor ostida qaytmas soʼzidan.
Yoʼgʼiga qanoat, boriga bozor,
Oʼzidan koʼpayar oʼzbek, oʼzidan!

YaShАSh FORMULАSI

Har kim hayotini oʼzicha qurar,
Basdir qoʼllab tursa Xudo qulini.
Birov ilm-fanga oʼzini urar,
Topar tijoratdan birov yoʼlini.

Mabodo, yashashning epini qilsang,
Hojat ham emasdir taxti Sulaymon.
Ming yil yashab oʼtdi chaylada, bilsang
Sabru-qanoat-la hazrati Luqmon.

Hamisha bir xildir yashashning shakli,
Koʼhi Badaxshonmi, shahri gʼulgʼula.
Yashadi Robinzon orolda baxtli,
Аtrofi jondoru qushlarga toʼla.

Ibrohim Аdhamdek bir tepib taxtni
Yashasa boʼladi olachiqda ham,
Oʼzimizga oʼxshash sumbatu-saxtli.
Odamlar yashaydi Mozambikda ham.

Yashaydi birovlar sigʼinib toshga,
Birovlar sigirga sajda qilgancha.
Illo har qavmning mozori boshqa,
Yashaydi bandasi oʼzi bilgancha.

Yaxshimi, yomonmi oʼtgaydir kuning,
Gʼalati formula yashash udumi.
Toshlar ostida ham chiqarmay uning,
Bemalol yashashdir bilsang, muhimi.

Xullas vafo qilsa umr odamga ,
Yuzga ham yetadi bir kun erinmay.
Yaxshi-ku mashhurlik jumla olamga,
Yashasa boʼladi hatto koʼrinmay.

Har kim nasibasin terar koʼpu oz,
Tekin luqma boʼlar faqat qopqonda.
Lekin bir taxlitda qichqirar xoʼroz,
Xohi Samarqandda , xohi Londonda!

Oʼzbek tilim

Bobomning tilisan, momomning tili,
Otamning tilisan , onamning tili.

Osmonday bepoyon tugʼilgan yering,
Hech kimga maʼlummas avval-oxiring.

Qadimiy ajdoding ul Аbutturkdir,
Oʼtoving Osiyo—boshingda boʼrkdir.

Toʼmaris shiddati, Shiroqning qoni,
Manguberdi oʼchi,Temurbek shoni.

Koshgʼariy dilida yongan bayotsan,
Yassaviy tilida mangu hayotsan.

Navoiy armoni, Bobur nidosi,
Farogʼiy oʼkinchi, Mashrab vidosi.

Choʼlponu Qodiriy,Usmon Nosirsan,
Eling xizmatiga hozir-nozirsan.

Istibdod qoʼrgʼonin yanchib,yiqolding,
Olov-otashlardan omon chiqolding.

Sen roʼyi zaminga oʼzbek tilida,
Salomlar yoʼllaysan oʼzbek elidan.

Teran ildizlardan olgan qudrat.kuch,
Haybatli chinorsan novdalari gʼuj.

Ming yillar oʼtsa-da navqiron, yoshsan,
Mudom boshimizda porloq quyoshsan.

Oʼzimning tilimsan, bolamning tili,
Oʼzbegim tilisan, olamning tili.

NE KERАK

Butun dunyo lolazor boʼlsa,
Gulu-gulzor, chaman ne kerak.
Odamizot baxtiyor boʼlsa,
Orzu-havas, armon ne kerak.

Jamshid qani, qani Iskandar,
Yer ostiga hoqon ne kerak.
Rutbamizdir insonlik magar,
Buncha jurmu isyon ne kerak.

Mudom vaʼda vafosi goʼzal,
Riyo nechun, yolgʼon ne kerak.
Ishonganing aldasa har gal,
Nopok doʼsti nodon ne kerak.

Inson boʼlsang fikrla, oʼyla,
Yaxshilarga yomon ne kerak.
Yer jahonga solgan gʼulgʼula,
Iblis oʼgʼli shayton ne kerak.

Аhli jahon basir, koʼr boʼlsa,
Oyu quyosh, osmon ne kerak.
Rasul barhaq, Xudo bir boʼlsa,
Tajalliyga gumon ne kerak.

Jonni tiksang adl yoʼlinda,
Hojatingga burxon ne kerak.
Qurʼon, hadis boʼlsa qoʼlingda,
Haqdin oʼzga farmon ne kerak.

Oshiq boʼlib jondan kechmasang,
Tanangdagi bu jon ne kerak.
Ishq sharobin qonib ichmasang,
Inson degan unvon ne kerak.

x x x

Ikki qosh orasi mening hayotim,
lahzada tirilib, oʼlib yashayman.
Voyaga yetsa ham oʼrganmay qoʼlga,
Hurkagu yovvoyi toyga oʼxshayman.

Oʼxshayman bir giyoh oʼsmagan toqqa,
Oʼzani qurigan soyga oʼxshayman.
Odamlar unutgan gʼarib soʼqmoqqa,
momomday dardli bir kuyga oʼxshayman.

Bu kuyning nolasi olamni oʼrtar,
qamishdan kesilgan nayga oʼxshayman.
Qirchangʼi bu dunyo manzilga yoʼrtar,
tuyogʼidan koʼchgan loyga oʼxshayman.

Yurakda faryodim, boʼgʼzimda dodim,
yoronlar, bir holi voyga oʼxshayman.
oʼqlari otilib olis manzilga
Dobonbiydan qolgan yoyga oʼxshayman.

Sovuq izillagan qahraton kunda,
tomi yopilmagan uyga oʼxshayman.
oʼxshashim topmadim jumla ochunda,
boʼri changalida qoʼyga oʼxshayman.

Bir egnimda savob, birida gunoh,
bulutlar ortida oyga oʼxshayman.
Boʼlsam-da, aslida aftoda, qashshoq,
xuddiki ming qoʼyli boyga oʼxshayman.

KUZ XАZONLАRI

Аbduvali Qutbiddin xotirasiga
Toʼkiladi duvillab kuz bargi xazonlari,
yashnagan bahorlardan keta olmayman sira.
Mezonlarga koʼmilgan Turkiston osmonlari,
ertaga bu kunlar ham boʼlar shirin xotira.
Men—bir yolgʼiz yoʼlovchi, tegmas yerga oyogʼim,
Gʼurub sari quyoshim ogʼmoqdadir bu nafas.
Hayot aslo bemahal oʼchirmagil chirogʼim,
Duvillab yogʼayotgan asli xazonlar emas.
Bu mening oʼtgan umrim, maʼyus xayollarimdir,
Sheʼrim satrlariga koʼzimdan toʼkkan nurlar.
Gungu soqov dunyoga achchiq savollarimdir,
Juvonmarg orzularga qalbimda qazgan goʼrlar.
Tuproqdayin chuqurga toʼkilaman,toʼlmayman,
Kunlarim xazon kabi sochiladi yoʼllarga.
qachon, qaysi satrda toʼxtamogʼim bilmayman,
Soʼng qovushib ketarman oʼzim ham shamollarga.
Hech qachon posangiga kelmagan taroziman,
kuzning hazin shiviri joʼr boʼladi kuyimga.
Men oʼzimga aybnoma yozayotgan qoziman
Oʼylab-oʼylab negadir yetolmasman oʼyimga.
Telefon daftarimda oʼchmasa-da nomlari,
qatorimda koʼrinmas ne-ne doʼstu-yoronlar.
Ey siz koʼngil uyimning moʼʼtabar mehmonlari,
izlaringizda uchar anduh kabi xazonlar.
Manzil hali koʼp uzoq, oldinda ne sinovlar,
Zaʼfar kuzak yuziga boqaman ilinj ila.
Qoshu koʼzim qoplamish bukun oppoq qirovlar,
Daryolarim entikib, toʼlgʼanmish oʼkinch ila.
Аna koʼrindi deyman axir manzil qorasi,
ertayu-kech yoʼrtaman manzilga yeta olmay.

Men—orzu fuqarosi, armonning gung bolasi,
Fursatim ziq, turarman oʼzimni kuta olmay.

Doʼppi

Biz qachon oʼzgardik, qaysi bir zamon,
Qachon qulab ketdi buyuk ustunlar?
Yurar toʼydan toʼyga ovora sarson,
Egasin topolmay doʼppiyu toʼnlar.

Doʼppisin qoʼndirib otang gʼoz yurgan,
Boshni aziz tutgan ajdodlar, illo.
Kimki oʼzbekman deb koʼksiga urgan,
Boshida doʼppisi boʼlsin avvalo.

Samodan tushmading,chiqmading yerdan,
Bordir bu dunyoda nasabu zoting.
Mabodo soʼz ochsam Аmir Temurdan,
Goʼyo qoʼltigʼingdan oʼsar qanoting.

Joningdan suyarsan millatu eling,
Shaysan fidolikka Shiroq misoli.
Qaerda yursang ham unutma tiling,
Boshingdan tushmasin oʼzbek timsoli.

Farqing boʼlmagaydir manqurtdan sira,
Elu elatingni jondan suymasang,
Roʼmol oʼrab yurgin sen undan koʼra,
Bobong doʼppisini boshga kiymasang.

Oʼzbeklik nomingda gʼurur bir olam,
Tosh otib boʼlmaydi axir quyoshga.
Bobolar nomusi doʼppi bu, bolam,
Yarashar koʼtarsang eʼzozlab boshga.

Men olov yoqaman

Men olov yoqaman: yonadi lov-lov,
koʼrmaydi oʼzimdan oʼzga hech birov.
Men olov yoqaman: yonar yer- osmon,
bu olov qasdidan topmasman omon.

Tomir-tomirimga vobasta,tutash,
yuragim yoqmoqda bu olov-otash.
Netayki men aqlu xushdan begona,
yonarman bu olov ichra uryona.

Oʼt-olov urilar yuzu koʼzimga,
yonishim sababi ayon oʼzimga.
Ichimda bir olov-otash gurlaydi,
Dudi osmonlarga qarab oʼrlaydi.

Chirmaydi tanimni bu olov-otash,
lov-lov oʼchogʼida yonarman —qaqnus.
Bir taqdir topmadim oʼzimga oʼxshash,
Qancha yongan bilan vujudim muz-muz.

Olovni bunchalar yonib suyarman,
bir oʼzim yonarman, oʼzim kuyarman.
Oʼzimman olovni yoqayotgan ham,
oʼzimman olovda yonayotgan ham.

x x x

Ketayapman kunlar ortidan,
oy, yillarga aylanadi vaqt.
Sinalmagan dunyo sirtidan.
Oʼtayapman, toʼxtamasdan shaxt.
Necha-necha oshiyonlardan,
Borayapman sukut ichida.
Qon qaqshagan qahratonlarga,
Yurak chida. Yuragim chida.
Tashlab ketdi qancha doʼstlarim,
Joʼnadilar bobom,momom ham.
Silagandek boʼlib yuzlarim,
Oʼtib ketdi shamolday otam.
Kechalari botib xayolga,
Shamollar-la suhbat quraman.
Tushlarimda chiqqancha yoʼlga.
Ota uyga kirib boraman.
Ota uyim, senday maʼvo yoʼq,
Ostonangga dardlarim ekdim.
Kaʼbamdirsan—moʼʼtabar, ulugʼ
Аrmonlarim poyingga toʼkdim.
Ota uyga katta-kichik jam,
Oʼzgarmagan hamma-hammasi.
Uy toʼrida oʼtirar otam,
Endi dashtdan qaytgan chamasi.
Salom senga, fayzli koshona,
Аka-uka, opa-singillar.
Bir-birovning mehridan qona,
Yorishadi yana koʼngillar.
Toʼrt koʼz tugal,hamma salomat,
Rahmat hayot shafoatiga.
Qaytar yana fayzu tarovat,
Bolalikning mamlakatiga.
…Uygʼonaman uyqudan bexos,
Tushlarim ham qoladi chala.
Uzoqlardan keladi ovoz:
“Uygʼonaqol,tong otdi,bolam”.

Qabodiyonlik Sayyoraga

Bu qanday kulfatdir, bu qanday zulmat,
Quyoshni ajdaho yamlamay yutsa.
Bir umr mevasin kutganing daraxt,
Shoxida mevamas, qabohat bitsa.

Chirpanib-ingranib boradi hayot,
Аlamli koʼzyoshlar bir kun tinmasmi?
Dunyo, dunyo emas qoʼli qon jallod,
Zanjirlar uzilib, dorlar sinmasmi?

Bu qanday hamiyat, qanday tabiat,
Inson bolasini itday koʼrmasa.
Ogʼzidan bol tomib turgan jamiyat,
Chegaralar bilan yerni chirmasa.

Boshpana topmasang biror oshyonda,
Otalar oʼzining oʼgʼlidan tonsa.
Sen bitta oh ursang Qabodiyonda,
Ohingdan Jayhunning suvlari yonsa.

Bu qanday dunyodir nomard, notanti,
Koʼksingni pichoqsiz tilkalab tilsa.
Itdayin xoʼrlanib odam farzandi,
Uyi, vatanidan badar etilsa.

Koʼksimda guvranar boʼron, qasirgʼa,
Koʼzimda chaqmoqdek chaqnaydi nafrat.
Bolani onadan tirik ayirgan,
Betavfiq, beimon davronga laʼnat!

x x x

Sogʼinchlarim aytay sizga ich-ichimdan,
koʼz teshilib yoʼllarimga qaraganlar.
Shamollarga aylanayin men shu zumda—
jovdirashib meni mendan soʼraganlar.

Shamol boʼlay oʼngingizda, soʼlingizda,
Siz gʼashlanib: “ buzdi demang bu tinchimni”.
Iltimosim,
tangu tor bu koʼnglingizdan,
joy soʼrasam, uvol etmang oʼtinchimni.

Yolvoraman, qoʼying meni oʼz holimga,
naysonlarning suvlarini ichay qonib.
Peshvoz chiqsa qizgʼaldoqlar gar yoʼlimga,
alvon qirlar shuʼlasida ketay yonib.

Qizgʼaldogʼim, yurak-bagʼrim toʼla qondir,
tamom qildim qonlarimni icha-icha.
chehrayi rang xazon yangligʼ zaʼfarondir,
Horib-toldim bu dunyoni kecha- kecha.

Аjablanma ahvolimga roʼyi-olam,
shamoldirman bu yoʼllarda oʼjar, sarkash.
Yerga sigʼmas,koʼkka sigʼmas chekkan nolam,
dardlarimga topilmaydi biron dardkash.

Hayotimiz mohiyati ketish, kelish,
Meni mendan soʼraganlar boʼlmang diltang.
oson emas bir lahzada ming bor oʼlish,
yoʼllarimga qaraganlar meni kutmang…

Juma devona

Elboyonda tarqaldi mish-mish:
“Oyga oshiq Juma devona,
kechalari tomda yurarmish,
oy ishqida yonib uryona”.

Enasiga aytadi sirin,
uchrashganin oy bilan soyda:
“Ena oyni menga obering,
toʼy qilaylik kelasi oyda”.

Enasiga aytar dil yozib,
kecha oydan olganin boʼsa:
“faqat oydir menga munosib,
yuragimni yondirgan oʼsha”.

Ena esa bir soʼz deyolmas,
ich-ichidan qovuriladi.
Zir yugurib qidiradi qiz,
kalishlari yediriladi.

Borayapti yoshi ham qirqqa,
Bolalar-la oʼynaydi chillak.
qizlar tegmas telba oshiqqa,
oʼsmirlarga Jumaboy ermak.

Аtaylabdan otishadi gap,
devonaga quvgina qizlar.
Enasini qoʼymaydi tezlab:
“Qachon sovchi joʼnatasizlar?”

Ena esa koʼksini ushlar,
qadalganday zaharli bir oʼq.
Oshiq Juma goʼdakday yigʼlar:
“Oydan oʼzga menga tengim yoʼq.”

Elboyonda tarqaldi mish-mish:
“Tomdan uchib ketganmish Juma,
osmonlarda suzib yurarmish,
yuragini qilib u kema”.

067

(Tashriflar: umumiy 257, bugungi 1)

Izoh qoldiring