Otabek Muhammadiy. So’zchambar. 21 yilning 21 sara kitobi.

     Жуда кўп элларда йил якунланиши арафасида ёки янги бошланган кунларда ўтган йилга назар ташлаб маданият,санъат,адабиёт ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар,энг яхши асарлар санаб ўтилиши одатга кирган. Биздаям бир-икки марта турли нашрларда шунга ўхшаш уринишлар бўлган ва афсуски,бу тасарруфга кирмай қолиб кетган. Албатта, ҳар қандай яхши асарлар рўйхати тузилганда уни тузган киши(лар) ёки ташкилотнинг нуқтаи назари ўз аксини топади. Яъни ҳар қандай рўйхат нисбийдир.
Отабек Муҳаммадий томонидан «21 йилнинг сара 21 асари» рўйхатига айнан шундай ёндашмоқ керак деб ўйлайман. Бошқа бир киши тузганда балки бу рўйхатга мутлақо бошқа китоблар санаб ўтиларди. Янада очиғини айтганда, рўйхат ким томонидан тузилмасин унинг адабиётни англаши,китобхонлик савияси ва ҳар бир инсон табиатида мавжуд ички хоҳиши унда табиий равишда акс этади. Ҳатто, айтиш мумкинки, энг сичков адабиётшунос ёки зийрак китобхон  маълум бир йилнинг энг сара китобини ўқимаган, сезмай,кўрмай,билмай қолган бўлиши мумкин.
Нима бўлгандаям,мен бу ишнинг давом этишини жуда-жуда истардим. Демак,бошқа юртдошларим ҳам 21 йил (балки 2012 йил) ичида адабиётимизда яратилган энг сара асарлар хусусида ўз фикрларини билдиришларини кутиб қоламан. Уларнинг рўйхатларида Отабек киритган қайси китоблар кираркан ёки яна қандай китоблар сара китоблар қаторидан жой оларкан? Ўйлашимча,бу фақат менгагина эмас,бошқаларга ҳам қизиқ бўлса керак.

Ўтган вақтга кўпчилик нигоҳи билан қарайлик ва босиб ўтилган давр ичида пайдо бўлган энг яхши китоблар ҳақида муайян маънода холис фикрларга эга бўлайлик.
Юртдошларимни,фейсбукдаги даврадошларимни ўз рўйхатларини менинг эл.почтамга (kh.davron@gmail.com) юборишларини ёки фейсбукдаги ўз саҳифаларида жойлаштиришларини кутиб қоламан.

Хуршид Даврон

011

Отабек Муҳаммадий
21 ЙИЛНИНГ САРА 21 КИТОБИ

     Теран томирлари олис-олисларга кетган ўзбек адабиёти азим дарёмисол бугун ҳам тўлиб-тошиб оқаётир. Бирда тиниқлашиб, бирда бўтанага айланишининг баҳоси эса вақтнинг ҳукмида. Шу боис ижодкорларнинг бадиий оламини атрофлича таҳлил этишдан ўзимизни тийиб, бу сеҳрли дунёга адабиётшунослар заррабини орқали енгилгина нигоҳ ташладик. Дарвоқе, синчиларимизнинг ушбу саралагани ўзбек адабиёти бўстонидан битта гулчамбар, холос. Аслида, бой адабиётимиз неча-неча сўзчамбарлар тузишга арзигулик хазинадир.

Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар.
Роман. 1994

Абдуғафур Расулов,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
филология фанлари доктори, профессор:

– Ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётимизда нигилистлар авлоди пайдо бўлди (афсуски, бу масала ҳали ўрганилгани йўқ). Бу авлод ҳаётга ишончсизлик билан қаради, шўро даврида байроқ қилинган «ҳақиқат»ларни инкор этди, бадиий асарларга танқидий баҳо берди.

Ўз йўлини излаган бу авлод орасида Тоғай Мурод ҳам бор. Унинг нигилистлиги «Отамдан қолган далалар»да бўртиб кўринади. Деҳқонқул ўта юмористик, ўта сатирик образ. Ёзувчи унга Деҳқонқул деб от қўяди. Қул! Бутун моҳияти билан қул-да у. Аслида, меҳнат одамни улуғлайди. Бунда эса инсон ҳақоратланяпти, хўрланяпти. Инсон ҳўкиздай ишлаш учун келмайди дунёга, у ҳаётдан завқланиши керак, йўқса, бу ҳаёт эмас, дейди адиб.

Абдулла Орипов. Сайланма.
Шеърлар, туркумлар ва достон. 1996

Қозоқбой Йўлдошев,
педагогика фанлари доктори, профессор:

– Абдулла Ориповнинг ижодий умри давомида битган энг сара лирик асарлари тўпланган «Сайланма» ўзбек руҳияти шаклланишида муҳим ўрин тутгани ва яна тутажаги аниқ. Чунки миллатнинг қиёфаси фақат яшаган макони, сўзлайдиган тили, кийган кийими ва еган емаги билан тайин этилмайди. Улуснинг асли унинг руҳиятида намоён бўлади. Абдулла Орифнинг «Сароб», «Баҳор», «Маломат тошлари», «Саратон» ва бошқа кўплаб шеърлари ўзбекда йўқолиб улгурмаган ўзбекликнинг сақлаб қолинишида, йўқолганларининг тикланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Ўзбекни ўзбекка қайтиб беришда ҳеч ким Абдулла Ориф каби хизмат қилолмаган.

Хуршид Даврон. Баҳордан бир кун олдин.
Шеърлар, ривоятлар, таржималар. 1997

Бахтиёр Назаров,
академик:

– Лириканинг ранг-баранг тур ва жанрларида ёзилган асарлардан ташкил топган ушбу тўплам номида чуқур рамзий маъно бор. Шеърлардаги мавзу ва муаммолар, мақсад ва ғоялар, поэтик образ ва рамзлар қайси йўналишда бўлмасин, уларнинг махзани ва махражини Эрк ва Уйғонишга чорлаган шоирнинг маҳорати бирлаштириб туради. Бу асарларни ўқиб, мустақиллигимиз учун гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон курашиб, уни зимдан яқинлаштирганлар ҳам; унга эришилгач, озодлик байроғини дадил ва баланд кўтарганлар ҳам шеърлардаги лирик қаҳрамонларга ўхшаган бўлса ажаб эмас, деган фикрга келасиз.

Рауф Парфи. Тавба.
Сонетлар. 2000

Бахтиёр Назаров,
академик:

– Шоирнинг услуби, пафоси, бадиияти гўзал ва ўзига хос. Адолат излаган Инсон қалбида кечган азоб ва талотўмлар акс этган шеърлардан тартиб топган ушбу китоб наинки муаллифнинг, балки ХХ аср, хоссатан, Истиқлол даврида чоп этилган энг бақувват шеърий тўпламларимиздан бири ҳисоблана олади.

Поэтик образлари, мисралари, ғоялари аксар ҳолларда кўп маъноли, кўп мақсадли бўлган сонетлар, бир жиҳатдан, мазкур жанр ўзбек адабиётида ўзига хос кўриниш ва миллий қиёфа қарор топганини кўрсатади. Айни вақтда, тўпламга кирган аксар шеърлар жаҳон сонетчилигининг манаман деган намуналари қаторида тура олади.

Фахриёр. Аёлғу.
Шеърлар ва достонлар. 2000

Қозоқбой Йўлдошев:

– «Аёлғу» чин истеъдоднинг қудрати сўздан ҳам ортиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатиши жиҳатидан тенгсиз асардир. Бу тўплам талантнинг қолипга сиғмаслигини, қолипда ҳам қолипни бузиши мумкинлигини, қофия, оҳанг деганлари чин шеър бўлмаган битиклардагина бирламчи қиммат касб этишини, асл шеър руҳиятга моддийлик бағишлашда эканини кўрсатиши билан диққатни тортади. Фахриёр лирикаси ўзбек тафаккури имкониятларини кўрсатиши жиҳатидан бетакрор ҳодисадир. Шоир шахси ҳам, унинг ижоди ҳам қайтарилмасдир. Фахриёр шеърияти ўзбекни янги интеллектуал-эстетик юксакликлар сари парвозга ундайди.

Хуршид Дўстмуҳаммад. Бозор.
Роман. 2000

Дилмурод Қуронов,
филология фанлари доктори, профессор:

– «Бозор» юртимизнинг янгича ижтимоий муносабатларга ўтиш даври рамзий-мажозий йўсинда теран таҳлил қилинган асар. Унинг бадиий фалсафасини учта асосий образ: бозор, чойхона ва қироатхона тутиб туради, бошқа барча образлар шуларнинг атрофида уюшади. «Дунё – бозор» дея бежиз нақл қилинмаган. Бозор аҳли ортида ҳамиша «ножинс» пойлаб турармиш, сал тойилсанг бас – ўзингни унинг измида кўрасан… Нажот йўли эса битта: аввало, «ғарқ бўлаётганини англаш», сўнг тиришиб-тармашиб тепага интилиш керакки, шунда «қироатхона пойидан чиқилади» – маънавиятгина инсонни, жамиятни ҳалокатдан сақлаши мумкин.

Эркин Воҳидов. Сайланма.
Шеърлар, драмалар, достон ва таржималар. 2000

Маҳмуд Саъдий,
мунаққид:

– Ўтган асрнинг 50-йиллари охири – 60-йиллари бошида адабиётда янги давр юзага келди. Уни Ҳусниддин Шарипов бошлаб берди, кейин Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, сал кейинроқ Омон Матжонлар давом эттирди. Илгари шеърнинг асосида кўпроқ мавзу турган бўлса, энди шеър бадиий бўлиши, кўнгил розини ифода этиши керак, деган принцип биринчи ўринга чиқди. Эркин ака «шеър – бадиий тафаккур, кўнгил изҳори» эканини чинакамига кўрсатди. Шоир мустақилликни қўмсаб, истиқлолга хизмат қиладиган шеърлар ҳам ёзган. «Ўзбегим» сингари шеърлар миллатни уйғотишда, халқнинг руҳини катта синовларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этган.

Назар Эшонқул. Маймун етаклаган одам.
Қисса ва ҳикоялар тўплами. 2001

Баҳодир Каримов,
филология фанлари доктори:

– XX аср ўзбек насрининг узун йўлидан кетаётган йўловчи Назар Эшонқул манзилида бир тўхтаб ўтишга мажбур. Ўйга толиши, ҳайратланиши, бош қотириши, эҳтимол, жиндай ғашланиши, аммо охир-оқибатда қувониши табиий. «Қора китоб» номли мураккаб қиссасини ўқиб, турли талқинларга, тафаккурга бериласиз.

Ёзувчининг ҳикоялари ноанъанавий насрнинг сара намуналаридир. Улар ўзбек ҳикоячилигида алоҳида бир адабий-эстетик ҳодиса саналади. Адиб асарлари серқатлам, бир марта ўқиб, ҳамма гапини англаб, четга суриб қўйиладиган ижод намуналари эмас. «Маймун етаклаган одам» бунга далил.

Усмон Азим. Куз.
Шеърлар. 2001

Узоқ Жўрақулов,
филология фанлари номзоди:

– Қачонки куз деган ҳодиса сўзга кўчса, сукунат рамзига айланади. Сукунат қудрати эса чексиздир. Аслида, куз ўзидаги сон-саноқсиз ғалаёнлару ҳайқириқларни мағлуб этган кўнгил рамзини ифодаламоғи лозим. Кузда сунъийлик бўлмайди. Кузга тўхтамсизлик бегона. Куз шундай мураккаб фасл, куз шундай чалкаш тушунча. Шунчалар мураккаб, шунчалар чалкашки, кузга рўпара келмиш одам ҳолати кишида ачиниш уйғотади. Аммо, не бўлганда ҳам куз тугаллик, куз хулоса демак. Хулоса эса, у қандай бўлмасин, ўнглови ўйланмайди.

Одил Ёқубов. Қайдасан, Морико.
Қиссалар, драмалар, ҳикоялар, этюдлар, мақолалар. 2002

Қозоқбой Йўлдошев:

– Бу китобда Одил Ёқубов феномени бор бўйича намоён бўлмайди. Улуғ ёзувчининг шахсияти ва ижоди унинг «Кўҳна дунё», «Диёнат», «Улуғбек хазинаси» романлари ва айрим пьесаларида яққол кўринган. Лекин бу китобдаги қисса ва ҳикояларда ҳам ёзувчи шахсиятидаги шиддат, ҳаёт ва одамлардаги нурли ҳамда сояли жиҳатларни кескин контрастларда жонли кўрсата билиш иқтидори, тасвир самимияти каби сифатлар яққол кўзга ташланган. Китобда адибнинг тасвир маҳоратидан кўра шахслик жасорати, ифодадаги самимийлик ўқирманни ром этади.

Эшқобил Шукур. Ҳамал айвони.
Шеърлар ва достон. 2002

Баҳодир Каримов:

– «Ҳамал айвони» сўз мулкига давомли сафардан бир намуна. Бунда Эшқобил Шукурнинг руҳият парвозларига, сўз қўллаш зарофатига, бадиий сўзни теран тушунишига гувоҳ бўлиш мумкин. Мисралардаги сўзлар тирик, товушлар камалакранг; шунинг баробарида, ҳатто тиниш белгиларига юкланган маъно ҳам ўзига хосдир.

Китобдаги шеърлар шоирнинг юрак дардлари; мухлисларига ваъдаларидир. «Ҳамал айвони»да табиий бир сокинлик ва салобат бор. Унда халқона оҳангларга мумтоз адабиёт гулшанидаги чечаклар пайванд қилинган.

Шукур Холмирзаев. Сайланма.
Ҳикоялар, эсселар. Тўрт жилд. 2003–2007

Бахтиёр Назаров:

– «Сайланма» деярли ярим аср давомида изланиб, ўсиб-ўзгариб, маҳорат бобида йилдан-йилга услубини шакллантириб борган адибнинг ўзлиги ҳақида ёрқин тасаввур беради.

Китобхон «Ўзбек характери», «Озодлик», «Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди…», «Наврўз, Наврўз», «Танҳолик», «Кузда баҳор ҳавоси» каби ҳикояларда шўро давридаги замондошимиз қалбларида кечган кўп қатламли зиддиятлар; истиқлол арафасида бўй кўрсатган уйғониш туғёнлари; қалбга, ижтимоий муаммоларга, Ватан ва тупроққа янгича муносабатларнинг аччиқ ва реал бадиий тасвирини кўради. Бу асарлар ичида ХХ аср жаҳон ҳикоячилигининг илғор намунаси сифатида баҳоланишга ҳақли «Кўк денгиз» сингари ҳикоялар ҳам бор.

Зулфия Қуролбой қизи. Ёвузлик фариштаси.
Ҳикоялар. 2005

Баҳодир Каримов:

– «Ёвузлик фариштаси» китобига адибанинг ўн олтита ҳикояси киритилган. Уларда бири-бирига ўхшамаган тақдир эгаларининг турмуш тарзи тасвирланади. Ҳикоялардан «О, ҳаёт!» нафаси уфуриб туради; оддий ва содда қишлоқ одамларининг индивидуал қиёфалари тасаввурга муҳрланади. Энг муҳими, Зулфия Қуролбой қизи барча ҳикояларида инсоннинг қалб ганжинасини улуғлайди; турли вазиятлар, меҳнату машаққатларга учраган, ўлим билан юзлашган одамлар ҳаётидаги воқеаларни қаламга олади.

Ҳикояларнинг ички динамикасида шиддат сезилади: вақт тез ўтади, макон шитоб билан ўзгаради. Табиийки, адиба ҳикояларидаги бундай фазилатлар унинг маҳоратини, одамнинг юрак уришларини юракдан ҳис этишини кўрсатади.

Баҳром Рўзимуҳаммад. Соялар суҳбати.
Шеърлар. 2006

Маҳмуд Саъдий:

– Баҳром Рўзимуҳаммад кейинги пайтда Хоразм заминидан чиққан энг бақувват шоир. Кўнглида борини ҳеч қўрқмасдан қоғозга туширади. Олов-да у, теккан жойини куйдиради. «Соялар суҳбати»даги, умуман, шоирнинг бутун ижодидаги кинояларни, тагдор гапларни қаранг! Хоразм шевасидан ўринли фойдаланади, худди Тоғай Мурод сурхон шевасини адабиётга киритганидай.

Баҳром янгича оҳанглар кашф этаяпти, бу эса, шеъриятга ўзига хос тароват бағишлайди. Унинг ўйноқи шеърлариям, изтиробли шеърлариям бор. Туйғулари ҳайратланарли даражада нозик.

Омон Мухтор. Хотин подшоҳ.
Романлар. 2010

Узоқ Жўрақулов:

– Замонавий ўзбек насрининг энг ожиз томони тарихий асарларда кўзга ташланади. Улардаги образлар жонли, тил ўнғай эмас. Баъзан тарихий фактлар ижодий парвозни чеклагани, баъзан эса эркин ёндашувнинг ўтмиш ҳақиқатига соя солгани кўриниб қолади. Фаранглар айтмиш «олтин мўътадиллик» етишмайди бундай асарларда. Омон Мухторнинг «Хотин подшоҳ» романини ўқиб, ёзувчининг кўп йиллик изланишу тажрибалари ниҳоят самара берганига амин бўлдим. Бадиий мазмундан тортиб, образлар талқинигача, ўзига хос драматизмдан ифода тарзигача, сюжетнинг профессионал тарзда ташкилланишидан композицион қурилишигача «Хотин подшоҳ» роман талабларига жавоб беради.
Романга катта адабиёт талаблари билан ёндашиш жоиз бўлмаса-да, уни ўқиган китобхон кетказган вақтига ачинмайди.

Аҳмад Аъзам. Рўё ёхуд Ғулистонга сафар.
Роман. 2011

Дилмурод Қуронов:

– Бир донишманд «Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади», деган экан. «Рўё…» қаҳрамони ғайриоддий тарзда Ғулистонга тушиб қолади-да, ундаги тартиботларни, ғулистонликлар феъл-хўйини кулиб-ҳайратланиб кузатади… Сиз-да унинг кўзи билан кузатасиз, кулиб-ҳайратланаверасиз-у, кечаги ҳолингизга кулаётганингизни мудом сезиб турасиз.
Жиддий, оғриқли масалалардан ўйноқи-самимий оҳангда ҳам баҳс юритиш мумкинлигига амин бўлиб, қаҳрамонни «тушимми ё ўнгим?» саволи билан ёлғиз қолдирган ҳолда китобни ёпасиз ва… миянгизда шу савол чарх ура бошлаганини сезмайсиз: «Тушиммиди ё ўнгим?»

Эркин Аъзам. Шовқин.
Роман, қисса, ҳикоялар. 2011

Абдуғафур Расулов:

–Шамолни тутиб, шовқинни тўсиб бўлмайди. Ўйлаб кўрсак, шўро давлати «шовқинистон» эди. Асарда ана шу «шовқинистон»нинг бир бурчидаги киночилар ҳаёти қаламга олинади. Киночилар қаерга борса, шовқин-сурон, ур-йиқит; папирос чекиш, коньяк ичиш… Уларнинг ҳаётида ҳамма нарса: ялтироқ кийим-кечак, байрамона безатилган стол, ўйин-кулги бор, лекин моҳият йўқ. Яъни шовқин бор, ҳаёт йўқ; ҳаёт ҳам бор, мазмун йўқ. Ҳолбуки, ҳаётда ҳар битта одам ўзлигини топиши керак. Ўзлиги йўқ одам – одам эмас. Шовқин ҳаёти – жуда енгил ҳаёт, капалаклар ҳаёти. Капалак у гулга қўнади, бу гулга қўнади, қўним топмайди…
Асарда мана шундай ҳар хил овозлилар манзараси бор бўйича кўрсатилади.

Исажон Султон. Боқий дарбадар.
Роман, қисса, ҳикоялар. 2011

Дилмурод Қуронов:

– «Боқий дарбадар»да анъанавий эпосга хос воқеабанд сюжет ўрнида сиртдан бир-бирига боғланмай турли макон ва замонда, гоҳ реаллик, гоҳи хаёлотда кечувчи воқеалар тасвирланган, марказида рисоладагидек қаҳрамон турмаган бўлса-да, уларни бир нарса — ҳаётнинг маънисию башарият тақдири ҳақида ўйга толган муаллиф шахси бирлаштиради, яхлит бутунликка – романга айлантиради… Асарда саволлар қўйилган, жавоб эса имкондан ташқарида, зеро, учинчи парвона мисоли «аланга ичига кириб оташ ичра ғойиб бўлган»гина – БИЛАДИ ва… ўзи «эришган билим ҳақида гапира олиш имкониятидан маҳрум бўлади…»

Ҳалима Аҳмедова. Шафақ ибодати.
Шеърлар. 2011

Узоқ Жўрақулов:

– Шеъриятнинг қулочи жуда кенг. Макону замонда у қамраб ололмайдиган сарҳад йўқ. Ҳатто у ҳазрат Навоий шеърияти мисолида ломаконга ҳам дахл қилган.
Шеъриятнинг чинакам ошиқлари, сўзнинг хокисор ҳаммоллари, изтироб салтанатининг дардманд фуқароларигина бундай илоҳий имконга лойиқ топилади. Яратганга қилинган самимий муножотдан асл шеърият туғилади. Ҳалима Аҳмедова сатрларига шунга ўхшаш оҳанглар, муножотнамо сатрлар, руҳафзо сўз парвози бегона эмас. Зотан, ўз бағрида бир покиза сўзни ундирган китоб ҳам ижобий баҳога арзийди.

Шавкат Раҳмон. Абадият оралаб.
Шеърлар. 2012

Маҳмуд Саъдий:

– Шавкат Раҳмонни бошқалардан ажратиб турадиган асосий жиҳат – у Ватанини, юртини, халқини, унинг эркини, озодлигини ёниб, чин юракдан хоҳлаб ижод қилган. Шавкат Раҳмон – ёниб ўтиб кетган шоир. У шунчаки шеър ёзган эмас. «Туркийлар»га ўхшаш шеър бошқа шоирларда йўқ. «Абадият оралаб» тўплами шоирнинг ижодини тўлароқ намоён қилади. Унинг лирик шеърлари ҳам қалбга етиб боради.

Яъни, агарда шоир катта мақсадни – Ватан, халқ эркини, инсон кўнглининг озодлигини бош мавзу қилиб олмаганда, фақат муҳаббат каби инсоний туйғуларни ифодалашни мақсад қилганда ҳам, адабиётда ўз ўрнига эга бўларди. ХХ аср ўзбек шеърияти ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, Шавкат Раҳмоннинг ижодига тўхталамиз.

Ҳалима Худойбердиева. Буюк қушлар.
Шеърлар. 2012

Абдуғафур Расулов:

– Ҳалима Худойбердиева соф насрий мавзуларни поэзияга айлантирди. Бу шеъриятга гўзалликни олиб кириш дегани. Ҳалиманинг поэзиясидаги гўзаллик бошқаларникига ўхшамайди. Ўйноқи, мусиқий эмас, лекин тоши жуда залворли. «Буюк қушлар»да Ҳалима Худойбердиева қиёфаси яққол кўринади. Шоира Амир Темур ҳақида кўп ёзади. Cоҳибқиронни тилга олдик, унинг ишларини ўргандик, энди олға интилишга маҳкуммиз. Орқага қайтишга йўл йўқ бизга, дейдики, бу жудаям жиддий фалсафа.

Ҳалиманинг ижодида яна бир гўзал жиҳат бор. У фольклорни ёзма адабиётга улаб юборади. Бахшиёна – ўзига хос услуб. Ўзи, ҳозир дунё адабиётида этнофутуризм деган йўналиш пайдо бўляпти. Яъни фольклорни – илдизни чуқур ўрганиб, келажакка йўл солиш. Назаримда, Ҳалима Худойбердиева ижодининг энг ибратли қирраларидан бири шу.

Манба: Отабек Муҳаммадийнинг фейсбукдаги саҳифаси

087

(Tashriflar: umumiy 202, bugungi 1)

Izoh qoldiring