Akbarbek Dolimov qismati

022

Менинг бу ёзганларим қизил салтанатнинг биргина ўзбек оиласи бошига ёғдирган фожиаларидан “бир шингил”, холос. Табиийки, бу гапларни кеча – шўролар замонида айтиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмас эди. Шунинг ўзиёқ мустақилликнинг бизга нима берганини англатмайдими?! Ахир, инсон қадридан юксак нима бор дунёда?! Шу юртнинг озодлиги, шу элнинг саодати йўлида қирғин-қатағонга учраганлар руҳини ёд этар эканмиз, бугунги кунларга – мустамлака зулмидан абадий озод бўлганимизга шукроналар айтамиз, шаҳид кетганларнинг пок руҳлари олдида қарздор эканлигимизни яна бир бор ҳис этамиз (Элбек Долимовнинг фейсбукдаги ёзувидан).

022
Элбек Долимов
АКБАРБЕК ДОЛИМОВ ҚИСМАТИ
087

Акбарбек Долимов ким эди? Нима сабабдан шўро ҳукумати унинг фожиали қисматини халқдан, оиласидан яширди? Энди 32 ёшни қоралаган, аммо ўз соҳасида икки катта китоб ёзиб улгурган ва нашр эттирган биринчи ўзбек библиографи, манбашуноси Акбарбек Долимов ким эканлигини ҳозирда кўплар билмаслиги мумкин. Ака-укаларининг гапларига қараганда, Акбарбек ўрта бўйли, ниҳоятда ҳаракатчан, ака-укаларидан фарқли тарзда ўта қаттиққўл, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчан, анча кўркам одам бўлган, адабиёт ва санъатни жон-дилидан севган, танбурни яхши чалган, расм чизишга катта ихлос қўйган.

Акбарбек 1909 йили Тошкентнинг Сағбон маҳалласида Долимбек Муҳаммадаминбек ўғли ва Марзия Қозоқбой қизи оиласида олтинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Дастлаб шу маҳаллада амакиси Комилбек ва Каримбек Норбековлар очган ва жадид муаллими Ғулом Қодир домла ўқитувчилик қилган усули жадид мактабида, кейин эса ҳамма қатори шўро мактабида ўқиди. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари Сағбон, Чорсу, Шайхованд Таҳур, Ҳадра, Чиғатой, Оқлон, Ҳастимом мавзе ва маҳаллалари учун ўрталиқ бўлган, жадидлар ташкил қилган маърифат маскани – Эски Жўвадаги “Турон” кутубхонаси ва қироатхонасида ўтди. Бу кутубхона шунчалар бой эдики, Қозон, Қрим, Тифлис, ҳатто Истанбулда нашр этилган газета ва журналлар, ноёб китоблар бор эди. У айни шу ерда миллатни истиқлол, мустақиллик сари етаклаган Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, тоғалари Мирмулла, Мирмуҳсин, Мирмуслим Шермуҳамедовлар, Элбек, Абдулла Қодирий, Шокиржон Раҳимий каби жадид мутафаккирлари таъсирида бўлди, уларнинг асарлари билан илк бор шу масканда танишди. Қолаверса, “Турон” кутубхонаси ёшларнинг энг севимли маскани эди. Ёш Акбарнинг келгувсида библиограф-манбашунос бўлиб етишувига ҳам худди шу “Турон” кутубхонаси ва қироатхонаси сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Шу ўринда икки оғиз сўз “Эски Жўва” мавзеси ҳақида.

Акбарбек Долимов ҳам миллатнинг истиқлол сари интилишига бош бўлган жадидчилик ҳаракати муҳитда вояга етди. У 1927 йилда Тошкент кутубхоначилик курсига ўқишга киради ва уни 1929 йили тугатиб, ўзи меҳр қўйган “Турон” кутубхонасига ишга киради. 1932 йилдан эътиборан ўқишни Тошкент давлат педагогика институтида давом эттира бошлайди. 1930-йиллардан бошлаб отаси ва амакилари бошига турли-туман ташвишлар: шўро ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқлари тушади. Долимбек фарзандлари минг хил машаққатлар билан бирин-кетин олий ўқув юртларини битирадилар ва халқ хизматига киришадилар. Акбарбек ўша сиёсий ва иқтисодий оғир вақтдан бошлаб “Октябр” (болшевиклар ҳукумати ўзбек халқининг қадимий Ватани номи “Турон”ни жуда-жуда ёмон кўрар, бу номни йўқ қилиш учун курашар эди. Шунинг учун “Турон” кутубхонаси 1927 – 1992 йилларда – 65 йил давомида “Октябр” номи билан аталган – У.Д.) номидаги кутубхонада библиограф сифатидаги ишини давом эттиради, тез орада шу кутубхонанинг раҳбари даражасига кўтарилади: бир неча йил директор бўлиб ишлайди, унинг бошчилигида октябр тўнтаришигача ва ундан кейинги вақтли матбуот “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Хуршид”, “Тужжор”, “Шуҳрат”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Турон”, “Халқ дорилфунуни”, “Самарқанд” каби газеталарнинг; “Ойна”, “Ал-ислоҳ”, “Ал-изоҳ”, “Ер юзи”, “Ўзгаришчи ёшлар”, “Маориф ва ўқитғувчи”, “Янги йўл” каби журналларнинг тўлиқ бойламлари вужудга келтирилди. Акбар Долимовнинг кутубхонани янада бойитиш, библиография фанини ривожлантириш соҳасидаги хизматлари учун унга 1934 йилиёқ “Ўзбекистон меҳнат зарбдори” фахрли унвони берилган эди. Назаримда, унда кутубхоначиликка, библиография ва манбашунослик илмига туғма қобилият бор эди.

А.Долимов Файзулла Убайдуллаев билан ҳамкорликда “Мукаммал илмий библиография” китобини яратди. 252 саҳифали ушбу асарда 1920 – 1934 йилларда ўзбек тилида нашр этилган уч мингга яқин китобнинг умумий тавсиф ва таснифи берилган. Бу асар ўзбек библиографияси соҳасида яратилган биринчи китобдир. Асар Ўзбекистон давлат нашриётида 1934 йили босмадан чиқарилган. Акбар Долимов ва Собир Солиҳов 1937 йили республика кутубхоначи ва библиографларига методик ёрдам сифатида “Унли классификация” асарини нашр эттирдилар. Ҳар иккала асарда ҳам биринчи муаллиф сифатида А.Долимов таъкид этилган. 30-йилларда атоқли библиограф, манбашунос олим Абдулла Носиров (Носихий) Акбар Долимов билан бирга “Турон” кутубхонасида фаолият кўрсатган. У 1972 йили Акбарбек Долимов маъракаси куни ака-ука Нўъмонбек, Субутой, Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар билан бўлган суҳбатда шундай деган эди: “Акбар Долимов кутубхоначилик ишининг катта билимдони эди. “Турон” кутубхонасининг Республика миқёсида эътибор қозонишида, улкан маърифат ўчоғига айланишида унинг ҳиссаси салмоқли бўлган. 30-йилларда “Ойна”, “Садойи Фарғона”, “Туркистон” тахламларини тартибга солиш анча оғир кечган. У Самарқандда Ҳожи Муин Шукрулло, Абдуқодир Шакурий; Қўқонда Пўлатжон домла Қаюмий, Абдуваҳоб Ибодий; Тошкентда Абдулла Авлоний, Муҳибулқори Орифийлар билан алоқада бўлиб, улардан етишмаётган нумирларни олиб тўлдирди. Бу тахламлар ҳозир Алишер Навоий номидаги Халқ кутубхонасида ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий-тадқиқот институти кутубхонасида сақланмоқда. Акбар қамоққа олинганда йигит ёшида эди, аммо кутубхоначиликка оид бир неча асарлар ёзиб қолдирди. У жаҳон кутубхоначилик тарихи билан қизиқар ва “Турон” кутубхонасини ҳам Ўзбекистоннинг энг бой кутубхоналаридан бирига айлантириш учун ҳаракат қилар эди. Бундай машъум воқеа бўлмаганда, у албатта катта библиограф, манбашунос олим бўлиб етишиши мумкин эди. Аллоҳ уни раҳматига олган бўлсин” (суҳбат 1972 йил 25 октябрда ёзиб олинган).

1930-йилларнинг иккинчи ярмидан эътиборан оммавий қамашлар авжига чиқди. Маълумотларга қараганда, 1938 йилнинг ўрталарига келиб, миллий зиёли раҳбар ходимларнинг олтмиш фойизи қатағон қилинади. Боз устига, Иккинчи жаҳон уруши ҳам бошланди. Акбарбек Долимовнинг қамоққа олиниши оммавий қатағоннинг навбатдаги ўрамига – Иккинчи жаҳон урушининг бошларига тўғри келди. Худди шу даврда совет ҳукумати халқни “хушёрлик”ка чақириш баҳонасида яна шубҳа остига олинган кишиларни йўқ қила бошлади. 1941 йилнинг ноябр ойида НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) ходимлари “Октябр” кутубхонасининг бир йўла тўрт ходимини – Акбар Долимов, Раҳимжон Иброҳимов (ўша йили директор бўлган), Асад Убайдуллаев, Аҳад Турсуновларни қамоққа олдилар. “Катта савдогар оиласидан чиққан” А.Долимовни аксилинқилобий ташвиқотлар олиб борганликда айблайдилар. Дастлабки тергов 19 ноябрдан 26 ноябргача узлуксиз давом этган. Тергов давомида инсон руҳига кучли таъсир кўрсатувчи усуллардан кенг фойдаланилган. Агар тергов ходимлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, оила аъзоларига тазйиқ ўтказиш билан қўрқитганлар. Терговда ҳуқуқий меъёрларга умуман амал қилинмаган, уларнинг асосий усули қўрқитиш, хўрлаш, азоб бериш бўлган. Бундай терговлар фақат унинг аксилинқилобий фаолиятини тасдиқлашга қаратилган эди. Аммо Акбарбек Долимов: “Мен ҳеч қандай аксилинқилобий фаолият олиб борган эмасман, менга ёпиштирилаётган айбларнинг бирортасини қабул қилмайман”, деб рад этган. Шунга қарамай, 1941 йил 26 ноябрда тузилган айблов қарорида қуйидагиларни ўқиймиз: “Аксилинқилобий кайфиятда бўлган Акбар Долимов 1939 йилдан совет ҳукуматига қарши йиғин (гап)ларда қатнашган ва аксилшўровий руҳдаги гуруҳлар билан партия сиёсатини танқид қилган”.
Шундай айблов билан ушбу гуруҳ иши СССР Ички ишлар халқ комиссариятининг Махсус кенгашига оширилган. Кенгаш Акбар Долимов ва Раҳимжон Иброҳимовни отувга ҳамда мол-мулкини мусодара қилишга; Аҳад Турсунов ва Асад Убайдуллаевни 10 йил озодликдан ҳамда 5 йил сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этишга ҳукм чиқарган. Бундай асоссиз ва ўта фожеий ҳукм ўша давр шўро сиёсатида одат тусига айланган эди. Даҳшатли тузум бундай ваҳшийлик билан ҳам чекланган эмас. Ҳукм чиқарилгач, маҳкумларнинг “ўз айбларига иқрорнома”си ёздириб олиниб, ундан кейингина афв этиш ҳақида ариза ёзишга рухсат берар эдилар. Акбар Долимов қисмати ҳам шундай бўлди. Унинг шахсий ишида афв сўраб ёзган “иқрорнома”сида шундай сўзлар бор: “Менга белгиланган отув жазосини енгиллаштиришингизни илтимос қиламан, чунки менинг қарамоғимда етти жон бор”.

Албатта, бундай илтижолар инобатга олинмаган.

Зиёдбек ва Султонбек Долимовлар жанг майдонларида Ватан учун жон олиб, жон бериб кураш олиб бордилар. Улар ҳатто япон милитаризмига қарши жангларда ҳам фаол қатнашиб, 1946 йили ғалаба билан оила қучоғига қайтдилар. Аммо Акбарбек Долимов қатағондан қайтмади. Шўролар қирғин-қатағони шунчалар даҳшатли эдики, унинг чангалидан омон қолиш тегирмондан бутун чиқиш билан баробар эди. Ака-укаларнинг турли-туман шўро идораларига елиб-югуришлари ҳам натижа бермади, ота-она фарзанд доғида ҳаётдан кўз юмишди.

1972 йил. Июл тунларининг бирида кечаси соат бир–иккиларда Нуъмонбек Долимовнинг эшиги тақиллайди. Эшикни очадилар, бемаврид келган киши ўзини Давлат хавфсизлиги қўмитасининг полковниги Казаков деб таништиради. У қизи университетга ўқишга кираётганини айтиб, бу ишда Нуъмон Долимовдан ёрдам сўрайди. Долимов ёрдам беражагини айтиб, укаси Акбарбек Долимовнинг тақдири нима билан тугаганини ҳужжатлар билан билиб беришни илтимос қилади. 20 кунлар вақт ўтгач, полковник Акбар Долимовнинг 1942 йилнинг 26 августида “халқ душмани” сифатида отиб ташланганлиги, 1956 йилнинг 14 июнида унинг иши қайта кўриб чиқилиб, оқланганлиги ҳақидаги ҳужжатларни Нуъмонбек Долимовга топширади.

Эътибор беринг, Акбар Долимовнинг отиб ўлдирганларига 30 йил бўлибди-ку, халқдан сир сақлаганлар, оила аъзоларига ҳам билдиришни лозим деб ҳисобламаганлар. Ҳатто унинг оқланганлиги ҳақидаги маълумотни ҳам билдиришмаган. Бўлмаса, 1945 йили уруш тугагач, Қаҳрамон она Марзия Қозоқбоева (14 фарзанднинг онаси) сўнги бор, вафотларига яқин ўғли Акбарбекнинг тақдирини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссарлигига хат билан мурожаат қилган. НКВДнинг хатга берган жавобида айтилишича, Акбарбек Долимов Красноярск ўлкасига сургун қилинган. Аслида эса у Тошкентда 1942 йилдаёқ отиб ўлдирилган экан. Онаизор ўғлини кута-кута адойи тамом бўлди. Қаранг, инсон тақдирига, бутун бир оила қисматига шунчалар эътиборсизлик, беписандлик! Йўқ, бу ҳақиқий маънода ваҳшийлик эди. Шу тариқа, Акбарбек Долимов оиласи бутунлай барбод бўлди. Аммо, Долимовлар сулоласининг  Ватанга ва Миллатга хизмати давом этмоқда.

05

(Tashriflar: umumiy 298, bugungi 1)

Izoh qoldiring