Cho’lponning tarjimachilik merosidan: Yelena Zart. Ikki hikoya

05

  Чўлпоннинг таржимонлик фаолияти ҳақида гапирилганда Эжен Потье, Максим Горький, Вильям Шекспир, Иван Тургенев, Леонид Андреев, Александр Пушкин, Абулқосим Лоҳутий, Александр Блок, Иван Франко, Рабиндранат Тагор, Антон Чехов, Николай Гоголь каби муаллифларнинг асарлари тилга олинади. Лекин ҳали Чўлпон таржимасидаги Елена Зарт асарлари билан у даражада таниш эмасмиз.

02
ЧЎЛПОННИНГ ЕЛЕНА ЗАРТ ҲИКОЯЛАРИ ТАРЖИМАСИ
ҲАҚИДА МУХТАСАР СЎЗ
Саодат Файзиева — нашрга тайёрловчи
021

Адабиётда шундай сиймолар борки, улар ҳақда қанча гапирсанг ҳам, камлик қилади. Улардан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпондир. Чўлпон нафақат шоир, балки ёзувчи ва таржимон сифатида ҳам самарали фаолият юритган. Истиқлол йилларида унинг ижоди кенг йўналишда ўрганила бошлагани эса алоҳида масала. Адабиётшунос Озод Шарафиддинов Чўлпоннинг “Яна олдим созимни” китобига ёзган сўзбошисида бежизга: “Энг муҳими шундаки, оғир қатағонларга қарамасдан халқ Чўлпонни унутмаган экан…”- деб бежизга таъкидламайди.

Чўлпоннинг таржимонлик фаолияти ҳақида гапирилганда Эжен Потье, Максим Горький, Вильям Шекспир, Иван Тургенев, Леонид Андреев, Александр Пушкин, Абулқосим Лоҳутий, Александр Блок, Иван Франко, Рабиндранат Тагор, Антон Чехов, Николай Гоголь каби муаллифларнинг асарлари тилга олинади. Лекин ҳали Чўлпон таржимасидаги Елена Зарт асарлари билан у даражада таниш эмасмиз. 1927-йилда Ўзбекистон Давлат нашриёти ва Кенгаш иттифоқи халқларининг Марказ нашриёти томонидан Елена Зарт қаламига мансуб тўртта ҳикоя тўрт минг нусхадан босилган. “Кўҳи Малак”, “Девона”, “Мироб”, “Қиммат” номли ушбу асарлар Чўлпон қалами билан таржима қилинган. Хўш, Елена Зарт аслида ким ўзи?

И. Ф. Масановнинг “Рус ёзувчи, олим ва жамоат арбобларининг тахаллуслар луғати” китобида адиба ҳақида озгина маълумот берилади. Унга кўра ёзувчининг асл исми Носкова Елена Сергеевна бўлиб, “Зарт” унинг адабий тахаллусидир. Ёзувчининг 1926-йили “Шарқ ҳикоялари” номли тўплами нашр этилган. Тўпламга ўнта ҳикоя киритилган. Улар “Мироб”, “Девона”, Кўпкари”, “Тимофей”, “Тоғларда” каби номланган. Мана шу асарлардан иккитасини ўқувчиларга илинаётганимиз Чўлпоннинг таржимонлик фаолиятини янада чуқурроқ ўрганишга даъват этади, деган умиддамиз.

022
Елена Зарт
ИККИ ҲИКОЯ
Чўлпон таржимаси
021

МИРОБ
Махсум тўғрисида

Махсум дуруст одам дейдирлар. Чунки Махсум- мироб (сув тақсимчи). Кимга сув бериш ва қачон бериш- унинг ихтиёрида.

Кундуз куни у “Қайнар” бўйида, ҳар тарафи тут ва ёнғоқ ёғочларининг қуюқ кўланкаси остидағи чойхонада ўлтуруб, эртадан кечгача чой ичади. Шолчанинг устида ўлтура- ўлтура зерикканида ёнбошлаб ётиб тилининг тагига ора- сира нос ташлаб олади.

Аммо бир чеккада унинг кетмони туради. Эрта билан ё бўлмаса, кун ётқондан кейин у ўзининг кетмонини олиб, пасга тушади ва тўғон бошида қаёққа бўлса ҳам, сувни бойлайди. Ундан кейин кетмонини елкасига солғонича, яқиндағи боғларнинг деволлари орқасиға ўтиб кўздан йўқолади.

У ўтиб кетган жойларда сув ўзининг йўлини бир ўзгартиб, бировларнинг бедазор ва боғларини қониқтиради. Бошқаларнинг ерига тегмай, четлаб ўтиб кетади.
“Қайнар”- тош остидан кўпикланиб қайнаб чиқиб турғон муздаккина сув. Унинг шохчалари, Зарафшон бўйлаб бир неча чақиримча жойға чўзилғон бўлиб, Панжакентнинг боғларини суғоради.
Одамларнинг айтишига қарағонда, қачондир бир замон Муҳаммаднинг авлодидан бўлғон бир киши келган. У жуда чанқағон эканда, худодан сув тилаб, қўлини тошға қўйғонда тош остидан сув пирқираб чиқа бошлағон эмиш.

“Қайнар” сувнинг шифо эканлигини ҳатто Самарқандда ҳам биладилар.
“Муқаддас Қайнар” учун баланд тош устида аталғон эчкилар бўғизланади. Уларнинг калласи орқасиға қайрилиб, катта ўткур пичоқ билан икки- уч ишқалиб, кекиртаклари кесилгандаги тизиллаб чиққан қонлар жарликдан тиниқ сувғачайин оқиб тушади.

Имом домланинг хаёлида: аввалларда ҳар кун деярлик эчки сўяр эдилар, Қайнарда ҳам сув кўбрак эди.
Май ойининг охирларида ёғмурлар ёғишдан тўхтаб, кузгача булутсиз жизғирак иссиқ кунлар бошланди.
Қизиқ офтобда куйиб қорайғон кишилар:
— Сув… Қани сув!… – деб ташналанадилар. Куннинг ҳарорати билан ёрилиб- ёрилиб қавжираб кетган далалар, боғлар, бедазорлар сувға чанқаб ва қақшаб ёталар.

Сув бўлса, ер юзи кўм- кўк ўт, гуллаб турғон беда ва шингиллаб пишиб турғон узумлар билан безалади. Сув бўлмаса, офтоб ҳамма нарсани куйдириб жинггагини чиқариб қўяди.
Сувни Махсум беради. Унга ким ета олсин? Буни Махсум ўзи ҳам билади. Панжакентда бойлар кўб. Тоғларда уларнинг қўтони билан қўйлари юради. Ўнларча таноб шоликорлик ва баҳори кор ерлари бор. Аммо шундай бўлса ҳам, Махсум мироб билан ҳеч ким тенглаша олмайди.

Қишлоқнинг юқори томонида Махсумнинг озғина ери бор. Унинг бедазоридан доимо сув узилмай оқиб ётади. Агарда ери кўбрак бўлса эди, Махсум ким қачонлар бой бўлиб кетган бўлар эди. Лекин ери оз. Фақат тўрт танобқина. Бедазори, боғи ҳам полизи шу ерда. Ўрталиқда ёлғиз бир туб садақайрағоч ўсиб туради. Уй бўлса, кичкина. Бир пастаккина танури ҳам бор. Бутун иморатлари мана шундан иборат.
Махсумға боғ бошидан бир пуддан буғдой берсалар керак. Аммо ҳаммадан олиб бўладими? Ҳар ким биладики, бир пуд буғдой бериш билан унинг суви ортиб қолмайди.

Сув кечаси ёки эрта тонгда маълум одамларнинг ерларигагина оқади. Агарда биров Махсумни четкарак жойға тортиб:
— Эртага бир ботмон буғдой юборатурғонман, эшакларим банд. Ўзингникини олиб кел,- деса, сув ана ўша одамнинг ерига оқади.
Бу ботмонлар бўлмаса эди, Махсум ўзининг озғина бедазори билан қандай қилиб ўзининг рўзғорини тебратар эди? Ҳар йили унинг бир боласи ортиб туради. Мана шу баҳор унинг саккизинчи боласи дунёға келди. Ўғил бўлғонлиғи учун “Қодир” деб от қўйдилар.

Махсумнинг хотини Роҳатой касалмант. Болаларнинг усти- боши йиртиқ юради. Ҳамма ёғи ифлос бўлиб кетган. Махсум уйига келиб қараб турди- турди-да, салласини қошининг устига бошини қашимоқчи бўлиб туширди. Уйининг уёқ- буёғиға бориб айланиб юрди. Нима қилсин? Яна Қайнар бўйидағи дарахтларнинг кўланкаси остиға шолча ва гиламлар солинғон чигиллик ерга кетди.

* * *

Бундан беш йил аввал урмитанлик Худойберди деган ўзбек Шарифбойдан бир бўлак ер сотиб олди.
Нияти- Самарқандга яқинроқ бўлган Панжакентда туриш эди. Панжакентда ўзбеклар оз, ҳаммаси деярлик тожиклар эди. Шундай бўлса ҳам, келди.

Бироқ ул ўжар одам. Пешанаси тор, бўйни йўғон. “Йўқ”, дедими, иш тамон, ўз гапида тура беради. Урмитандаги ускуналарини сотди. Шарифнинг йwрини арзон олғон бўлса ҳам, биринчи йилда нақ ета берди.
Аввал баҳорда тойининг бир сонини бўри тортиб майиб қилиб кетди. Эшаги ариққа йиқилиб, оёғи синди. Икки йил сўрагайига боғидағи узум ва ўрикларини совуқ урди. Зарафшон ёнидағи обжувозни ижарага олғон эди. Кузги ёғмиргарчиликда новини сув кўтариб кетиб ёзғача бекор турди. Худойберди икки йил ичида буди- шудидан айрилди. Деҳқончилиқ қилишға ҳам қури қолмади. Лекин Самарқанддаги амакиси, бекор ётқон ерига беда чочишни маслаҳат берди. Муҳлат билан кўтарма қилиб пул берди.

Аввал баҳорда Худойбердининг бедазори яхши кўклаб чиқди. Тожик қўшнилари кўриб:
— Сара… худди бахмалдай,- дер эдилар.
Худойберди ўзи ҳам қувонар эди. Бедазор пасликда бўлғони учун баҳордағи ёмғир сувлари атрофдан шу ерга оқиб тушди. Ўзи ҳам гўнгни аямасдан сепди.
Май ойининг охирларида қуёш ер юзини тамом иситиб юборғондан кейин беданинг бўйи белбоқға келди.
Худойберди эрталаб ерининг бошиға келиб, қўлини орқасиға қилиб бедасига қарағондағи қисиқ кўзлари қуёш тафти билан яна қисилиб кетар эди. Бедасига ҳар қанча қараб тўймас эди.

Кечалари кўб вақт ухлай олмай, бедасининг бир бошидан иккинчи бошиға бориб- келиб айланиб юрарди. Ўзича “фалон боғ беда чиқса керак”, деб тахминан ҳисоблаб ҳам юрарди. Рўзибой аравакаш беданинг мақтовини одамлардан эшитиб, “ ўрилмағон беданинг устидан: уч юз боғини бизга берасиз”, деб тайинлаб қўйди.
Умид қилғон бедаси чиқиб берса, тезда нақ ишлари ўнгарилиб кетади.
Бозордағи мулла Каримберди илгари ўзи кўрмаган кишидак, юзини ўгуриб, кўрмасликка солиб кетар эди. Ҳозирда муомаласи ўнгарилиб узоқдан салом бературғон бўлиб қолди:
— Қалайсиз?… Яхшимисиз, дер эди.

Бир маҳал кечки пайт Худойбердининг бедапоясига Ўрунбой чол келди. Индамасдан бедага қараб турди-да, калласини қимирлатиб қўйди.
Худойберди: “бедамни мақтар”,деб кутди.
Ўрунбой чол пешанасини буриштириб, оппоқ қошларини кўтарди-да:
— Махсумга бордингми?- деб сўради.
Худойберди тушунмай қолди-да:
— Қайси Махсумга?
— Мироб Махсумга-да!
— Йўқ, ҳа, нимага?
Ўрунбой чол қисқағина:
— Бор, ўғлим,- деди.
Худойберди бунга қарши ҳеч нарса демади. Фақат жаҳли чиқиб қаттиқ- қаттиқ уҳлай бошлади. Аста ерга ўлтурди.
Худойберди бировга бўйинсунишга кўнмайтурғон одам; Махсумга бориб нима қилсин?

* * *

Қуёш бир ҳафтадан бери жуда ҳам куйдириб чиқа бошлади. Баҳор вақтида кўм- кўк бўлиб ётқон далани таниш мумкин эмас. Куннинг шиддатлик ҳарорати билан ўт ва экинлар сарғайғонлар ва дўнг ерларнинг дашти чиқиб ётибди. Узоқдан кўринган тагидан суви узилмас тўқай қамишлари ҳам бир қатор сув учун ўзларини ҳар томонға уриб ётмоқдалар.

Боғларда бўлса, терак, ўрик, шафтоли, гилослар кўланкасида ўсиб жон сақлағон ўтлар одамнинг белидан юқори бўлишиб, орасида очилғон лолақизғалдоқлар билан безалди. Гуллаб турғон олмаларнинг хуш ҳидлари иссиқ ҳавоға ёйилди. Гилосларнинг гул каби барглари офтоб нури билан кўзни қамашдирар эди.
Лекин очиқ ҳаволиқ жойларда куннинг қизиғи билан ўтларнинг усти сарғайиб, ерга томон букилишиб ётмоқда эди.

Худойберди эрталаб кун чиқмасдан бурун, уйқусидан туриб бедапоясига келди. Эрталабки юриб турғон шабададан кўзини эҳтиёт қилиб туриб бедасига қайта- қайта қаради-да, “Қайнар” томонга аста йўл солиб кетди.

Ул қўлини орқасиға қўйиб, ён- беридаги боғларға қараб бормоқда эди. Унинг юриши худди бир муҳим иш билан бораётқон одамға ўхшаб эмас, балки томоша қилиб юрган одамға ўхшар эди.
Узоқдан тиззасигача сувда туриб орқадағи тошларни у ёққа- бу ёққа олиб ташлаётқон Махсумни кўрди-да, бирдан ғазабланиб, аччиғидан азойи бадани темир бўлиб кетган эди.
Худойберди Махсумнинг ёниға келди. Махсум уни кўрмагандек ўз ишида куткилана берди. Худойберди бироз жим туриб кутди.

Махсум қўлида кетмони билан белини кўтарди. Оғир нафас олиб, қўли билан пешанасидаги терларни артди. Худойберди:
— Сув қаерга бораётир?- деб сўради.
Махсум дарров жавоб бермади. Носқовоғини липпасидан чиқариб, бир чеким нос олди-да, бетини Худойбердидан ўгириб туриб, носни оғзиға солди.

Худойберди жавоб кутар эди. Махсум зўрғалатдан:
— Хўжақулнинг суви, унинг навбати…
Худойбердининг пешана томирлари ирғиб чиқди. Тожик сўзларни бузиб, гапига ўзбек сўзларни қўшиб гапира бошлади.
— Навбат!… Қани навбат! Қанақа одамсан! Бедам қовжираб, хароб бўлиб бораётир-ку! Сув даркор! Об, об! Эшитасанми?- деди.

Махсум эринибкина:
— Сенинг навбатинг бозордан кейин, деди-да, яна кетмонига ёпишди.
Худойбердининг ғазаби яна ортди. Юзлари аллақандай бўлиб:
— Бозордан кейин?… Мен икки бозор кутдим. Бас энди, дейман. Шу кечаси сув бер! Эшитиб ётибсанми?
Махсум индамасдан ўз ишида куткилана берди. Худойберди ғазабга хаф бериб, қайтиб кетди.

* * *

Махсум ўзининг оқ эшагига миниб оёқларини саланглатиб, Хўжақулникига борғанда, кун ҳали тоғ орасидан тиғ уриб чиққани йўқ эди.
Бу баҳор ҳали ҳеч ким унга “бир ботмон баҳорий буғдой” тўғрисида гапиргани йўқ. Аммо Хўжақул ҳаммадан бурун айтди.
Хўжақул- чинакам бой. Унинг бедазориғина йигирма таноб. Ундан бошқа шоликорлик ерлари, ёғжувози ва улоқчи отлари бор.
Махсумнинг уни кўбдан тугаган, бола- чақаси ўн жон. Ҳар қайсисиға биттадан нон берганда ҳам, ўнта нон беради.

Қайюм қарзакка бир пут ун берди. Ўша бўлмағонда ейишга ҳам ҳеч нарса қолмағон эди. Айниқса, эртаман кўзини очиб, оқ кўрпадан туриб нон дейтурғонларға нон бўлмаса, бўладими? Болалари ноннинг ҳаммасини емаса ҳам, куни бўйи қўлларидан нон тушмайди. Охири сўлакайлари билан шалтоқланғон қаерларда тушириб ёки итга олдириб қўйғунча чопқиллаб ўйнаб юришади.

Махсумга ун, Хўжақулға бўлса, сув керак!
Хўжақулға сув бўлмаса, ҳеч мумкин эмас. Ўн кунлик катта ери вақтида суғорилиб турилмаса, бўлмайди. Навбат бўлса, ҳаммавақт тегаверади.
Сув ичган бедани уч ўрилади. Сув ичмаган беда бўлса, бир ўримининг ҳам мазаси бўлмайди.

Махсумнинг эшаги Хўжақулларникига боратурғон йўлни яхши билади. Шунинг учун ўзи кетаётқон тор кўчалардаги ариқчалардан сакраб- сакраб ўтиб тиркалиб бормоқда бўлиб, охири етди.
Хўжақулнинг малайи Шамси йўлда учраб:
— Буғдойни уйингизга тушириб олғондан кейин қопни бирортадан юборинг, деди.
Махсум:
— Хўб, ука, хўб, деб жавоб берди.
Хўжақулнинг дарвозаси ҳаммавақт очиқ. Сира ёпғон вақти бўлмайди. Ташқарисида тиниқ сувлиқ катта ҳовузи бор. Бутун қўни- қўшнилари сувни шундан оладилар.
Махсум дарвоза ёнида эшагидан тушиб:
— Их, их, деб эшагини ҳайдаб ичкарига кирди.
Ўзи ҳам ўз уйидек дам тортмай кенг ҳовлига кириб борди.
Хўжақул уни яримочиқ бўлғон эшигининг ёриғидан кўриб, ичкаридан чиқди.

Хўжақулнинг лақаби- “Ботмон”. Ул суяги бузуқроқ келган, энига ўсканрак пакана одам. Юзи жуда ҳам ялпоқ- сергўш. Унинг эгнида шапалоқ- шапалоқ қизил гуллик шоҳи яктак. Бармоқларида феруза кўзлик қўпол узуклар.
У Махсумга кулимсираб қараб:
— Салом алайкум, мироб, деди.
— Ва алайкум ассалом, мулла Хўжақул, деди- да Махсум икки букилиб таъзим қилди.
— Қалай, “Қайнар”да сув кўбми?
— Ҳа, кўб. Сув етади.
— Бедага уч ҳафта қайта сув бераман-да.
— Хўб, тақсир.
— Буғдой саройда. Бориб ол.
— Қуллуқ, мулла Хўжақул.

* * *

Худойберди тонг отқунча сув кутиб ўтирди. Ҳар замонда бир “Қайнар”нинг бўйиға бориб, сувнинг қаёққа оқаётқонини хабар олиб келар эди. Охири ўзининг тутоққанлиғини ва жаҳлини ҳеч билдирмагандай бўлиб, ариқнинг бошида тошдай қотиб ўлтурди.

Унинг бедасига сув боратурғон ариқда кўб вақтдан бери сув оққани йўқ. Ариқнинг таги ёрилиб, икки лаби уқаланиб тушмакда эди.
Тонг отқондан кейин, ўлтуриб зериккан Худойберди, жойидан туриб, бедазориға қараб кетди. Бедасига қараса, учидан сувсизлиғидан сарғая бошлабди.
Бир неча сўлғон баркларни қараб туриб, узиб ташлади. Кўзига ҳеч нарса кўринмай бироз туриб қолди. Кейин “Қайнар” бўйиға қараб кетди. Йўлнинг тоққа қараб бурилғон тумшуғига етганда, унинг бошиға бир фикр келиб, бирдан бошқа ёққа бурилди. Ул Махсумнинг олдиға бормоққа жазм қилди. Махсум тор кўчанинг у бошидан Хўжақулникидан қайтиб келаётқонда, Худойберди ҳам унинг боғиға келиб етди.
Махсум:
— Ҳа, деди.

Худойберди унга жавоб бермади. У дарчани очиб, эшагини олдин ҳайдаб, орқасидан ўзининг киришини кутди. Шул вақтда йўлини тўсди.
Қисиқ, ғазаб тўлғон кўзлари билан унга қараб:
— Сув бер!- деди.
Махсум унинг бу хилда қарашидан бир ваҳм олди. Аммо кутмаганда бирдан жаҳли чиқиб:
— Бу кун сув йўқ!- деди.
— Йўқ?…..- Худойберди қип- қизариб нафаси бўғилиб қолди.
— Йўқ!!
— Йўқ?….. Йўқ?….. – деб Худойберди бу сўзларни маъносини ҳазм қила олмай такрорлар эди.
Махсум тескариланиб:
— Йўқ!….. – деди-да, эшаги орқасидан ичкарига кирмакчи бўлди. Ул мушларини туккан эди. Юзи тўқ қизиллиқдан кўкимтил тусга кирди.

Аммо Махсум ҳозир бошқаларға йўл қўйиш аҳволидан чиққан эди. Уни қандайдир бир ўжарлик ўраб олди.
Сувми, сув қанча десанг ҳам, бор. Тошларни нариги ариқнинг даҳанасига ташласак, сув келади- қолади. Ёки Махсум Худойбердининг бедаси қандай аҳволда эканлигини билмайдими? Бундай беда учун бир пут буғдой бир ботмон берса ҳам, арзийди. Нимага Худойберди сира пасга тушмайди? Чунки ўзбек-да, жуда ўжар.
Махсум:
— Сув йўқ, дедим-ку. Яна нима керак?- деб бақирди.
Худойберди кифти билан итариб ичкарига кириб кетди.

* * *

Яна бир неча кун ўтди.
Сув ҳали ҳам йўқ.
Худойбердининг бедаси кўз олдида хароб бўлиб бормоқда. Унда ҳам бир- икки ботмон буғдою топилар эди. Аммо у жуда ўжар, жуда ўз сўзлик одам. Бедапоясининг устида дам у бошга, дам бу бошга бориб келиб юрди. Бедаси бутунлай қуриди. Умидлари, аравакаш сўрағон уч юз боғ бедалар- ҳаммаси бўшға чиқди. Бу йил ўнгарилиш нари турсин, қарзини ҳам тўлай олмайди. Бутун хароб бўлди.
Бозор куни эди. Қишлоқлардан ўзбеклар келди. Худойберди Бобохоннинг болохонасида чой ичар эди. Унинг ёнида йиртиқ кийимлар кийган, кўкси очиқ, бошига ранги ўчган катаксалла ўрағон Ортиқ ўлтирар эди.
Ортиқ Худойбердига қараб:
— Бугун Бобобекнинг аравалари Самарқандга кетади, деди.
— Биламан, деди.

Ортиқ узоқ индамасдан турғондан кейин, Худойбердидан:
— Бозор куни қайтиб келасанми, деб сўради.
Худойберди истар- истамас:
— Билмайман, деди ва бироздан кейин:
— Пулни бу кун оласан, деди.
Ортиқ севиниб:
— Хай, хай, деб пиялани бўшатди-да, шолчанинг устига қуйди.
— Бас, деб Ортиқ ўрнидан турди.
Эгилиб туриб:
— Менинг қандай одам эканлигимни ўзингиз яхши биласиз-ку. Айтган ишимни қилмай қўймайман. Хай, худонинг паноҳига!- деди.

Худойберди бозорнинг энг қизиғон вақтида болохонадан тушди. Бозордан сотиб олатурғон нарсаси йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, бозорнинг юқори тарафига, майиз ва пахта сотилатурғон жойиға борди. Бир одам билан саломлашиб:
— Самарқанд бораётибман, иш- мишингиз йўқми, қайтишда бўш келадурман, деди.
Бозор кундан уч кун ўткандан кейин “Қайнар” бўйидаға самоварчи Хўжақулнинг малайига:
— Бу кун Махсум келмади, бориб кўриб келсангчи, тоби йўқ бўлиб қолдими, деди.
Хўжақулнинг малайи кетмони ёнида бўлғон ҳолда анча вақт кутиб ўтирди. Кун тиккага келиб қолғон бўлса ҳам, Махсум келмади.
Малай бола Махсумнинг уйига қараб кетди. Ярим соатчадан кейин қайтиб келиб:
— Махсум кечаси чиқиб кетган экан, ҳавлисида йўқ, деди.
Бироз ўлтирди-да, ортиқ кутмасдан, самоварчиға:
— Агар Махсум келса, Хўжақул кечаси бизнинг ариққа сув сурсин, деб буюрди, дегин,- деди.
Самоварчи:
— Хай, деди.

Кечқурун “Қайнар” бўйиға Махсумнинг катта ўғли Найман отасини сўраб келди. Самоварчи ҳайрон бўлғонсимон бўлиб:
— Махсум бу кун эртадан бери келгани йўқ….. Ҳар қаёқни қидириш керак, деди.
Эрта билан “Махсум йўқолди” деган хабар бутун қишлоққа тарқалди. Уни боғлардан ахтара бошладилар. Икки кунгача ахтардилар.
Ориқ оқсоқол миробини топғон одамга беш ботмон буғдой бермоқчи бўлди, лекин мироб топилмади.
Бозорда Омон жарчи отлиқ юриб:
— Миробни топқон одамға беш ботмон буғдой севинчи!!!- деб чақириб юрди.
Ниҳоят, миробни топдилар.
Ражаб аканинг боғи ёнида бир гум бор. Шу жойда бир мунча ариқлар бирга қўшилишади. Катта бир тош устидан бир шаршара тушади. Бу ернинг икки атрофи чангаллик ва кўб ўсган ўтлар бор. Шу ерда илон билан балиқ ҳам кўб. Айниқса, шу ер жуда чуқур. Ўзи тиниқ сув бўлғони учун остидағи тўнгаклар ва томирлар кўриниб туради. Мана шунда илдизини сув ювиб кетган теракнинг томириға Махсумнинг калласини тиқиб кетканлар.
Уни Ортиқ топди…..

Одамлар:
-Ортиқ илгари босмачи эди, унинг кўзлари ўткир. Агарда Ортиқ бўлмаса эди, Махсум топилмағон бўлур эди, дедилар.
Ориқ оқсоқол унга бир ботмон ошиқ буғдой бериб, сўради:
— Буғдойни қаёққа элтиб берайлик?
Ортиқнинг уй- жойсизлиғини ҳамма биларди.
Ортиқ кулиб туриб:
— Қаерға бўлсин, бозорға олиб бориб сотиб, пулини берасиз-да, буғдойни мен нима қилай, деди.

* * *

Самарқанддан келаётқон аравакашлар энг кейинги мартаба Жартепада тўхтадилар.
Чой ичишиб ўлтурғон вақтда, Панжакентдан келган аравакашлар янги хабар айтдилар:
-Эшитдиларингми, Махсум миробни ўлдириб кетибдирлар.
Худойберди пияласини қўлидан қўймай туриб:
— Ким ўлдирибдир?- деб сўради.
Лекин унга ҳеч ким жавоб бера олмади.

Тамом

ДЕВОНА

Унинг лақаби “Девона” эди. Ҳамма билган- таниғанлари ҳам уни “Исо девона” дер эдилар.
Бозор ҳафтада бир марта- пайшанба кунлари бўларди. Лекин Худойбердининг бўш дўкони олдиға ҳар кун эрталаб бир мунча одам йиғиларди; улар кундалик иш қилатурғон мардикорлар.
Улар ўз асбоблари билан- кетмон, арра ва болталари билан келиб туралар. Исо девона бўлса, ер ҳайдаб, уруғ сепатурғон мардикордир. Шунинг учун унинг асбоби бўлмайди.

У мардикорларнинг ҳаммаси эски- туски чопон кийиб, турли рангда бўздан катак салла ўрағонлар. Рости ҳам, ким оқ салла ўраб, янги, ювилған чопон ва кўйлакларни кийиб қора ишга борар эди?
Мардикорларни ишга олиш илк саҳардан бошланади. Шовқин- сурон, қий- чув бозорнинг ёни- беридаги тор ва қинғир кўчаларга кириб, йироқларға чўзилиб кетади. Сўкишиб, савдолашиб, жанжаллашиб иш биткизадилар.
Исо доим бир чеккада туради. У- девона. У савдолашиб ўлтирмайди, қанча берсалар, хўб деб кетаберади. Шунинг учун “иш тегмай қолади”, деб асло ғам емайди.
Шовқин- суронлар босилиб, Худойбердининг дўкони олди бўшағондан кейин Исонинг ёниға гулли чопон кийиб оқ салла ўрағон бирорта “ўзига тузук” деҳқон келади. Салом- алик қилғандан кейин:
— Шолипояга борасан….. Уч тангадан, деди.
Исо индамасдан ўрнидан туриб кета берди.

Исо савдолашиб ўлтирмайди. Кечқурун ишдан кейин, албатта, палов қилиб беришни ҳам талаб қилмайди. Ҳамма биладиким, Исо- девона, шунинг учундирким, туш вақтида куннинг иссиғи жуда чидолмаслик ҳолиға келганида мардикорлар ҳаммаси овқат қилғали кетсалар ҳам, Исо ўша далада қолади. Юз ёшқа кириб қолған катта тутнинг тагига ўлтуриб оладида, ҳадеб ширин тут меваларини нонға қўшиб уради.
Кечқурун ўз ҳаққини- уч танга сини белбоғига чигиб олиб уйига кетади, уйига борғач, албатта, хотини Ховаройга беради.

Агарда пастак олачиғининг олдида қизи Муаззамни учратса, пулини, албатта, унга беради.
— Дарров, дарров, дарров, қизим, деб қизини уйга киргизиб юборади.
Қизи кумуш тангаларни кир ҳовучига олиб, маҳкам чангаллайди, яланг оёқлари билан оқсаброқ босиб ичкарига киради ва чинқироқ товуш билан:
— Буви, деб юборади.
Баъзида Исо ўзидан ортқан нонни уйига олиб келади. Ундай вақтда у Муаззамни тиззасига ўлтирғизади- да, нонни бериб:
— Е, қизим, дейди.
Оғзини катта очиб кулади. Қизининг кўзларига тикилади- да, сўрайди:
— Ширинми-а, жуда ширинми, қизим?

Май (жавзо) ойининг охири шолипояларда ишнинг жуда қизиғон вақти бўлади. Исо бир неча йилдан бери бой деҳқонлардан Нажмиддиннинг шолипоясида ишлаб келади.
У эрта саҳар қишлоқдан бир қўш ҳўкузини ҳайдаб, далаға кетади. Бечора ҳўкузлар иссиқдан ёрилиб кетган нам дала йўлларидан хоҳлар- хоҳламас қадам босиб борадилар.
Шолипояга сув тўлғон. Кўб ҳам катта бўлмағон ва худди кўлга ўхшағон “мурабба” (чорси) шакллар” тўрт томонларидан пол олиниб- худди айвон сингари то Зарафшон қирғоқлариға қадар чизилиб, қаторлашиб кетганлар.
Қулоқли ва учи чўян тишли хода ернинг бир чеккасида йўл устида туради; у билан ер ҳайдайлар ва уни кечаси ҳам далада қолдириб кеталар.

Исо ҳўкузларга бўйинтуруқ кийгизади. Пойчасини тиззасигача шималайди. Кўйнагини ечиб ташлаб, шолипояга тушади. У суюқ балчиққа тиззасигача ботиб кетади. Ҳўкузлар ёпишқоқ ва эзилган лойдан оёқларини зўрға суғуриб олалар; устундай- устундай лойларни кўтариб чиқиб, бўйинтуруқни ғичирлатиб, уёқ- буёққа қийшайиб шолипоя чегараси бўйлаб қадам босадилар.
Уруғни сувга сепалар. Шолини қуруқ ерга сепиб, устидан сув қуйиш ярамайди, унда сув доналарни бир жойға тўплаб қўяди.
Шолининг ҳамма иши сувда бўлади. Шоли оч кўк бошини сувнинг бетига кўтариб чиқади. Сувнинг ўзида туриб ўтайлар. Сувда гулини тўкиб, дон чиқаради. Шолини ўрар вақтдағина сувини қуриталар.
Исо шолипояда уч марта ёмон ўтларни ўтайди; сариқ бошоқлари донанинг оғирлигидан эгилгандан кейингина ўриб олади.

Исо оёқлари билан балчиқни ёриб, ўлчовли қадами билан ҳўкузлари орқасидан боради. Кун тоғлар орасидан кўтарилиб чиқиб елкаларни куйдиради. Пашшалар булути ҳўкузлар тепасида ёйилиб учади. Калта қанотларини дуғоға ўхшатиб эгиб, сувға тегай- тегай деб изғичлардан бир тўдаси учиб юради ва ҳаракатсиз сассиқ ҳавода уларнинг юмшоқ овозлари жаранглайди.
Сўнгғи чақмоқлар ўтиб кетди. Энди ойғача кўкда булут бўлмайди. Дим ва иссиқ кеча қизиғон ерни салқинлатмайди. Куннинг биринчи шуълалари билан бирга ўтли ҳаракат тушади- да, ҳавони қимирлатмай- қотириб қўяди; ҳайвонларни кўланка жойға кириб жон сақлашға, қушларни қайрағоч ва тутларнинг қалин баргли шохлари орасига кириб беркинишга мажбур қилади.
Исо девона шунинг учун рўзани ҳам бошқаларға ўхшаб бўш тутмайди, қаттиқ тутади; ҳатто иш вақтида ҳам эртадан кечгача ҳеч нарса емайди, ичмайди…

Ҳўкузлар шолипоянинг этагига- катта ариқда тиниқ сув оқиб ётқон ерга етганда, Исо сувға қарамайин, деб урунади. Томоғи қақшаб, ҳаракатдан ёнади. Шундай эгилиб, совуқ оқимға лабларини тегизиб олғиси келади. Ҳўкузлар бурилишда узоқ тўхтамасин, деб уларни “ҳўш- ҳўш” қилади.
Қўлидағи гаврон билан кўкда икки- уч давра чизғандан кейин, яна балчиқни ёриб, аралашдириб олдинға кетади.
Нажмиддин рўза вақтларида мардикор ҳаққини бир тангадан ошириб қўйиб, мардикорнинг нонини кечқурун ошдан кейин Исонинг ўз қўлиға беради.

Муни Муаззам ҳам билади. Шу учун отасини у кўчага чиқиб қарши олади. Отаси эса унга энди танга бермасдан, иссиқ нон беради. Қиз нонларни икки қўли билан кўкрагига босиб ичкарига чопади.
Исонинг боғи йўқ. У ёз ойларида ҳам бозорнинг орқасидағи тор кўчада, ўша ўзининг олачиғида туради. Кўклам келиб, ўриклар гуллаб, ҳар эл- халқ қишлоқнинг нариғи юзидаги боғларға кўчганда, у ўзи ёлғиз дегундай бўшаб қолғон кўчада қолади.
Унинг ҳовлиси кичик, ташқариси эса кенг оғилчасиға ўхшайди, ичкариси сал кенграк. Қуруқ ерга бўйра ёйилғон, бир бурчакда эски, йиртиқ бир шоҳи кўрпа туради.
Исо девона нима учундир Муаззамга қимматбаҳо гулли бешик олғон, у бешик худди ортиқ буюмдай меҳробда сурилиб туради.

Исо рўзани ҳам бошқалардай ўткиза олмайди. Кечаси хоҳлағонча еб- ичмак учун кундузи емай тура олмайди. Кечқурунлари ҳам унга чойхонадан бир пиёлада жиндак нишолда олиб кириб бералар; уни ҳам жуда маза қилиб, бет- қўллариға суркаб….. Муаззам еб битиради.
“Бозори шаб” бўлиб, севинчли ноғоралар чолиниб, яхши ёритилғон чойхоналарда рўзани жуда шукуҳ билан ўткизадилар. Исо девона бечора унга ҳам боролмайди. Кечани бутун ухлаб ўткизади. Саҳарликда ҳам, авжи ишга жўнар вақтида ўша шолғом ва сабзи- пиёз билан қайнатилғон шўрвани ичиб, суюқ кўкчой билан чанқоғини босади.
Рўза ойида қишлоқнинг турмуши бутун ости- устига келади. Одамлар ҳам касалга ўхшаб қоладилар. Кундузлари улар иссиқдан ва очлиқ- ташналикдан энтикиб, ухлағондай бўлиб юрадилар. Кечалари бўлса, ёғлиқ овқатлар ва ҳар хил ширинликлар еб, бошқа вақтда бўлмайтурғон “бозори шаб” томошаларидан нашъа қилиб….. “маст- беҳуш” бўлиб қоладилар. Улар ичкилик ичмайлар, лекин кўрган киши маст деб ўйлайди. Нимагаки, сўзлаганда аччиғланиб, қаттиқ сўзлайлар. Кулганда қаҳ- қаҳ отиб куладилар. Келганда уёқ- буёққа тентираниб, бўшашиб юрадилар.
Исо учун рўза- кечасиги зиёфатларга қоринни тайёрлайтурғон “риёзат” кундузлари эмас, балки- сувсиз ва нонсиз қийналиб ўтатурғон азоб ва меҳнат кунлари…
Рўзанинг тугалишини ҳамма кутади. Лекин ҳеч ким Исо девонадай зориқиб кутмайди.
Бу сафар яна ҳам кўбрак зориқиб, тилмириб кутади у…

* * *

Рўзадан кейин Исо Самарқандга боради. Қишлоқдан чиқиб шаҳарга бир неча кунга бориб келиш Исонинг бутун ҳаётида шу билан икки мартабагина бўлади.
Биринчи мартаба ўзининг тўйидан бурун бир бориб келган эди. Бунга роса беш йил бўлди.
Энди у Ховарой билан Муаззамга чит кўйлаклар олиб келгали боради. Уларнинг кийимлари шундай ёмон эскиб кетдики, бечора Исо баъзида кўзи тушиб қолғонда уялиб тескари қарайди ва ҳеч кимга билдирмасдан кўзёшини артиб олади.

Ўшаларға чит кўйлак олиб бераман, деб анчадан бери пул йиғиб юради.
Кумуш тангалар белбоғида тугилиб туралар ва Исо уларнинг ҳамма вақт ўзи билан бирга бўлғонини сезади. Ҳозир унинг ёнида ўн беш сўм пули бор. Самарқандда ҳар нарса қишлоқдағидан икки баробар арзон. Ҳоланки, бу пулга қишлоқда битта кўйлак ҳам қилиб бўлмайди.
“Самарқандга бориб келсам, мардикорлик кунларим ҳам куймаса; шуни қандай қилар эканман?” деб Исо бечора жуда кўб ўйлади. Охирда Нажмиддинга бориб деди:
— Шолини сепиб бўлай, ундан кейин мени арава билан бир Самарқандга юборинг. Ўтоққа ҳали узоқ, етиб келарман.

Нажмиддин ўйлаб турди- да шошилмасдан деди:
— Хўб, рўзадан кейин юбораман. Бекор арава бўлади. Нима қиласан Самарқандда?
— Майда- чуйда олғали бораман, — деб кулиб туриб жавоб берди Исо.
— Хай, хай, деб Нажмиддин ҳам жилмайиб қўйди.
Рўза ҳеч вақт бунча узоқ чўзилғон эмасди. Ҳайитга қанча қолди экан, деб Исо ҳар куни ҳисоб қилиб кўрарди. Ҳар кун ҳўкузларни уйга ҳайдаб келаётиб, адирдан тушаберишдаги тегирмоннинг ёниға- имом домлаларникига қарар эдиким, мободо янги ойни кузатиб турган бўлсалар, деб; фақат рўзанинг тугашидан асло дарак- марак йўқ эди.

Самарқанддан бир қори домла келди. Мулла Пирназар “тез бўлади” деди. Кунлар эса бир- бир кетин ўталар эди. Тушда қуёш борғон сари кўтарилиб, бош устига келарди. Ҳатто кўланкада ҳам ер қозондай қизиб, қайнарди. Қушлар иссиқ ҳавода бўғилиб, оғизларини очалар, япроқларнинг энг қуюқ ораларига кириб ором олишга тиришалар эди. Тоғлардаги қорлар тугал деярлик эриб битганлар, фақат оз- оз бўлаклари тоғнинг энг баланд жойларидағина қолғон эдилар.
Исо ҳўкузларни ҳайдаб, Зарафшоннинг худди қирғоғиға етиб қолди, у сўнгғи бир бўлак ернинг шолисини экар эди.

* * *

Кун ботқондан кейин, Исо ҳар кунги одатича, ишдан қайтиб келаётган эди.
Қоринлариға қадар лойға ботғон ҳўкузлар, буйиларида ҳали ҳам бўйинтуриқ турғондай- бўйинларини ерга эгиб келар эдилар.

Исо уларнинг орқасида, осмоннинг ёруғ чеккасига янги ойнинг тиниқ оқ кўланкасидай оқ кичкина бўйи кўринатурғон жойға тикилиб келар эди. Янги ой кўринсагина рўза тугайди ва ҳайит бўлади.
Тегирмоннинг энг тепа жойиға одамлар тўпланишғон эди. Ўн кишича бор. Бир- бирига яқин келиб, қимирламай туралар. Ҳаммасидан олдинда қори эшон Шоҳбек. Унинг ёнида катта кўккўз ойнак таққан Пирназар. У қўлини узотиб кўкнинг чеккасини кўрсатарди. Шохлари билан осмонни бириктириб турғон йироқдағи дарахтлар халоқат (халақит- С.Ф.) бермасин, деб кўблар ерга эгилган эдилар.
Улар ой кўринмасми экан, деб қараб турғон муллалар эди.

Исо гаврон билан ҳўкузларни ҳайдаб, тезрак юрди. Тепанинг олдида тўхтаб у ҳам Пирназар кўрсатган ерга қарай бошлади.
Бир неча минут ўтди, Пирназар ҳали ҳам қўлини туширмасдан, эшонға алланималарни гапирарди.
Қори эшон кўзларини жимириб, дам уёққа- дам буёққа эгишар, лекин индамас эди.
Бирдан….. ойни бизнинг Исо кўрди!
Ўчиб бораётғон осмоннинг бетига худди кўмир билан тортилғон суратдай икки туб мирзатеракнинг учи кўринади; ўша ерда қизил гул тусдаги ғуруб рангсиз- тиниқ кеча осмониға айланади, худди ана ўша жойда ойнинг тиниқ- оқ ўроғи кичкинагина бўлиб, зўрға- зўрға кўринди.
Исо оғзини кенг очиб кулиб, ойни йўқотиб қўймайин, деб дам тепага- дам ойға қараб бақирди:
— Ой!… Ой!…

Тепадагиларнинг ҳаммаси Исога қараб бурилди. Исо кулишини тўхтатмай, қўлини лапанглатиб яна бақирди:
— Югуринг!… Югуринг!…
Лекин ҳеч ким қимирламасди.
Ойни Исо девона ҳаммадан бурун кўра олармиди? Лекин Исо шу қадар ўжарлик ва хурсандлик билан “Ой! Ой! Ой!” деб бақирдики, охирда унинг ёниға Пирназарнинг ўғли Аҳмат тушиб келди.
Исо унга қўли билан икки теракнинг учини кўрсатди. У эса индамасдан юқоридағиларнинг ёниға югурди.
Бир нафасдан кейин ҳаммалари кулиб, хурсанд бўлиб, тепадан тушдилар.
Рўза тугади.

Кечаси бир вақтларда бозор майдонида ноғора чалиб рамазон ҳайитининг келгани хабар қилинди.
Майдоннинг ўртасиға гулхан ёқдилар. Арча ўтунлар ташилиб, катта идишларда фанор ёғлари қўйилғон эди.
Тор- тор кўчаларнинг ҳаммасидан бозорға одамлар оқиб келар эдилар. Улар қоқ ерга узук каби ҳалқа бўлишиб қатор- қатор ўлтурғонлар, орқадагилар тиқилишиб тик турғон эдилар.
Чойхонада чироғлар ёнарди. Гилам солинғон сўричаларда чоллар ва ҳурматли меҳмонлар ўлтурарлар эди.
Исо ҳайитни ўтказмак учун ҳар йил бозорға келар эди. У ловуллаб ёнғон катта гулханга ва ўйновчи “жувон”ларға қизиқиб қарарди.

Мирислом деган бой Самарқанддан уч жувон ва беш машшоқ чақиртирғон эди.
Бурунғи рўза ҳайитларининг ҳеч бирида мунча кўб одам йиғилмағон эди. Ҳамма томлар ва болахоналарғача одам зич тўлиб кетди.
Бир дарахтнинг шохида Исонинг севган жойи бор эди. Ундан майдоннинг ҳамма жойи кўринар эди.
Гулханни Холбой деган самоварчи туташтириб юборди.
У томир- кундаларга фанор ёғи қуйиб, сўнгра ёниб турғон машъал билан туташтириб юборди. Аланга кўтарилиб, устун каби юқориға чўзилди. Чирмандалар дириллаб кетдилар.
Кўк ва қизил чопон кийган жувонлар ўртаға тушдилар. Ҳар бирининг ёнида бир машъалчиси бирга юриб, ўйин вақтида жувоннинг юзини ёритарди.

Ҳар йил шу кечада Исо девона ўша дарахтга чиқиб ўлтурар, гулхан теграсида бўлғон ўйинни ҳамма вақт шу кечадаги каби нашъа ва кайф билан томоша қиларди. Шу ишлар ҳаммаси туш эмасмикан, деб шуни билмак учун кўзини дам очиб- дам юмарди. Худоё тавба, бу жой ўша бозор кунлари сабзи, пиёз, гўш- ёғ сотилатурғон ва бир бурчакда ун- гуруч, юкли эшаклар туратурғон майдонми?

Ана, ёруғ аланга майдонни кундуздай қилиб ёрутди. Қимирламас халқ, жувонлар, машъалчилар, машшоқлар, гилам солинғон сўричалар, оппоқ соқолли чоллар- ҳаммаси, ҳаммаси кундуз кунгидай энг кичкина аломатларга қадар кўруниб туралар. Лекин бир вақт гулханни тутун қоплаб олади. Аланга учай- учай деб, ҳамма нарса худди кўланка каби кўздан йўқ бўлади. Қорунғу майдонда гўё ҳеч ким йўқ. Фақат жувонларнинг ўчик юзларигина — упали лаблар ва сурмали кўзлари билан, машъалларнинг пилпиллаган ўтларидан ёришиб, жонли ниқоблар каби бўшлиқда сузиб боралар…

Жувонлар алишдирилалар. Янги гулхан туташдирилади. Шундай қилиб, ҳалиги одам тўла майдон гоҳ- гоҳ тушдаги каби бутун йўқ бўлиб кетади.
У….. тонготар вақтидағина Исо уйига қайтиб келади. Бу кун у бемалол ухласа бўлади, чунки тонг отгач, шолипояга шошилиш йўқ энди.
Баришка” нинг дўкони томондан биров Исони чақиради.
Қараса, қаршисида қизил юзли “Баришка” туради. Ундан мусаллас ҳиди келади.

— Ака, деди у,- Самарқандга бормоқчисанми?
— Ҳа,- деди Исо хурсандлик билан.
— Қачон?
— Бозордан кейин.
— Пулинг борми?
— Ўн беш сўм бор.
— Бозорғача бериб тур, ака.
Исо дарров белбоғини ечиб, халта ҳамёнини олади.
Баришка пулни олиб деди:
— Хай, бозор куни бераман.
Исо девона, эси бор одам Баришкага пул қарз берармиди?

* * *

Юкланди. Баришка пул беришни хаёлиға ҳам келтиргани йўқ. Исо неча марта унинг дўконига бориб деди:
— Эртага Самарқандга аравалар жўнайди…
Баришка кулди:
— Исо, сенга пул нима керак? Ё яна уйланмакчи бўласанми?
Исо қизарди, бўзарди, тутила- тутила англатдиким, эртага кечқурундан қолдирмай пулни олиши жуда зарур, негаким, Нажмиддин уни майиз сотқали Самарқандга юборади. Шунда бу ҳам хотини ва қизиға кўйлаклик чит олиб келади. Лекин Баришка унинг гапларига тишининг оқини кўрсатиб кулди, елкасига бир- икки марта урди ва деди:
-Хотинға кўйлак эмиш. Қари хотинға Самарқанддан бориб кўйлак келтирар эканми киши?
Исо ҳеч нарса оломай бошини эгиб чиқиб кетди.

Кечқурун, аравалар жўнамасдан бир кун бурун у Нажмиддиннинг ёниға борди. Нажмиддин араваларга от қўшилатурғон жойда- отхонада эди.
Исо тўнининг узун енгларини қамчидай солинтириб, тутилиб ва қақшаб туриб деди:
— Хўжайин, пул йўқ, жиндак пул беринг! Ишлаб берарман….
Нажмиддин ҳайрон бўлди:
— Пул йўқ! Ҳали Самарқандга кетаётибсанку!
— Баришка олиб қўйди. “Бозор куни бераман”, деди. Ўн беш сўм эди…..
Нажмиддин жим бўлди. Майиз қопларини аравага боғлағон арқонини қўлида ўйнатар, қаршисида Исонинг турганини унутғон эди.

Саҳндан Самарқандга боратурғон аравакашларнинг ғовир- ғувир гаплари эшитиларди. Одамлар шотини ғичирлатар эдилар. Орқаға осиб қўйилғон бўш челак ( пақир)лар шилдирардилар.
Исо енгларини солинтирғон бўйича тўхтағон, яна қайтиб гап бошлашга ботинолмасди. Нажмиддин уйга кириб кетмак учун унга орқасини қилиб бурулғондағина, уни қўллари билан тохтатмоқчи бўлғон кишидай олдинға жилди ва тезгина айтиб юборди:
— Пул беринг, хўжайин! Ишлаб бераман. Бир ойлиғимни олдин беринг. Ҳали ўтоғингиз бор, хирмонингиз бор. Неча йилдан бери сизнинг хизматингизни қиламан, ўзингиз биласиз…..
Нажмиддин унга ёнбоши билан бурилди ва деди:
— Хай, берай, икки тангаданга ишлайсан…

Белбоғини ечиб кўб қоғоз пулларни олди, ўн беш сўм ҳисоблаб ажратди, Исога бердида, унинг жавобини ҳам кутмасдан уйга кириб кетди.
Исо пулни олди. Лекин туни билан хуржунини аравага жойлаётиб ўз- ўзига гапирди.
Исо девона ҳеч қаерда ҳеч ким билан савдолашиб ўлтурмайди. Лекин бу сафар ҳатто унинг лаблари ҳам ғазабдан қалтиради…..
— Икки танга эмиш….. Ҳеч ким шолипояда кунда икки тангага ишлаб берадими?

* * *

Эрта билан, кун чиққандан кейин “Қаробдол” қишлоғиға(?) етиб келдилар.
Бир сарой олдида зич теваракланиб ўзбеклар ўлтурғон эдилар. Сукунатда эшитилаётғон шовқинлар, кўпкан қоринлар билан чўзилғон бўйинлар, аллақандай сескантирувчи кулиш, мастларники каби ёнғон кўзлар, буларнинг ҳаммаси у ерда “бедана уриштириш” бўлаётғонлиғини билдиралар эди.
Саройга етиб келган аравакашлар отларни ташлаб, бедана уришни кўриш учун орқа ва елкаларнинг зич ҳалқаси орасиға тиқилишар эдилар.

* * *

Исо девона бедана уриштиришни ўлгудай яхши кўрарди. Ўша саройнинг эгаси Шариф ака деган қотма чол ҳам, томошачилар орасида эди. Исо уни ерга тиқилғундай туртиб бўлса ҳам, олдиға ўтиб олди.
“Уриш” жуда қизиғон эди. Эркак беданалар, қанотларини ингичка бўйинлари устига ёйиб, кўкраклари билан бир- бирларини усалар эди. Чангалчалари билан юлишиб, тумшуқлари билан чўқишиб, кичкина ва қалтираб турғон гавдалари билан ерларда юмаланалар эди.
“Бедана уриштириш” кўбларни хонавайрон қилатурғон бир ҳавасдир.
Пул, кийим, от ва ҳатто ер- сувни бой бералар. Урушқоқ беданалар жуда қиммат баҳо нарх билан сотилади. Донглари чиқади. Эсларда қолади. Улар тўғрисида ҳикоялар тўқилади.

Индамас Холиқул чол, оқиш келган ва узун тумшуқли беданасига жим ўлтуриб олиб, “ҳа” деб пул қўяр ва тўп- тўп пул ютқизар эди. Чоқиш деган ёшқина бир ўзбек йигитнинг беданаси уни майдондан ҳайдар эди.
Бу уришга ҳамма баравар қизиққан эди. Холиқулнинг бетлари ва бўйинлари бироз қорая тушган, лекин қимирлашлари бояғидай тинч эди. Кўланка орадан кўтарилиб, қуёшнинг шуълалари алвон саллаларга тушиб қолса ҳам, ҳеч ким жойидан қўзғалмади. Холиқулнинг ўжарлиги ҳаммани ўлтирғон жойиға михлаб қўйғон эди. Ҳамма қизиқиб оқибатни кутар эди.
Урушқоқ “ботир”ларни яна жой- жойиға қўйдилар. Чоқиш беданасининг ғашини келтирмак учун тумшуғиға чертарди. Шунда бирдан Холиқул ўрнидан турди ва баланд овоз билан:
— Бас!- деди.

Бу сўз ҳаммани уйқудан уйғотғондай бўлди. Давра бўшашди. Ўлтирғанлар бирин- бирин қўзғала бошладилар. Худди шу вақтда аллакимнинг қақағон шовқини эшитилди:
— Бошла! Бошла!… Қўяман!
Бу Исо эди.
Кулишдилар- да, яна давра олишдилар. Аллаким тожикчалаб деди:
— Ҳай, баракалла, Исо девона!
Шу билан ҳўл, парлари тўзғон “ботирлар” эгаларининг қўлларидан чиқиб бир- бирларига ташландилар.
Исо худди Холиқулнинг ўжарлигини юқтириб олғондай, ҳалиги оқиш келган беданага тикди.
— Исо девона пулини сувға ташламоқчи бўлибдир! Чоқишнинг қаршисиға битта танга ҳам қўйиб бўлмайди!- дедилар.

Лекин орадан бир минут ҳам ўтмасдан умумнинг ҳайрат шовқини, қаҳ- қаҳ уриб кулиши ва “балли, балли”си Исонинг енгишини қутлади. Чоқишнинг беданаси орқамчасиға йиқилди, забун бўлиб қанотларини қоқди, сўнгра зўрға чангалчаси билан тикланиб, тумчуқчасини ерга суркаб теваракдан чиқди ва кўкатликка қараб югурди.
Исо қўлларини қарсиллатиб, қаҳ- қаҳ уриб кулиб, бошини қуйи солиб теварак- атрофдағиларға қарар эди. Чоқиш уялиб туриб кулар ва пешанасининг терини артарди.
Беданасини яна тутиб тағин майдонға қўйди.
Яна “уриш” бошланди.

Лекин Холиқулнинг оқиш беданаси бир енггандан кейин гўё ҳамма куч- қувватини бирдан йўқотғондай бўлди. Чоқишнинг қорамтил беданаси унга ташланар- ташланмас, у бўйини пастга эгиб йиғилди ва теваракдан қочди.
Исо энгашиб Чоқишнинг қулоғиға бир нарса деди. У бошини чайқаб деди:
— Хай, хай…..
Яна “ботир”ларни бир- бирига қарши қўйдилар. Аравакашлар бир- бир кетин отларини қўшғали кета бошладилар. Жўнаш вақти бўлғон эди. Исо бўлса ҳали ҳам уриш майдонида эди. Ҳадеб энгашиб Чоқишнинг қулоғига алланарсалар пичирларди.

Кун туш бўлиб, аравалар йўлда ғижирлағон вақтида, аравакашлар орасида Исо йўқ эди. У бойнинг майизини ҳам Чоқишга бой берган эди.
Араванинг ўртасиға дўм тушиб ётиб олиб, отининг бошини келган томонға бурғон эди.
Гавдаси оғирлашғон. Қўллари ва оёқлариға қўрғошин қуйғондай бўлғон эди. Боши жуда зўрайиб кетгандай бўлиб, ингичка бўйнида боши эмас, ўзи турғондай туюлар эди….. Ўчиб- сарғайғон юзларида тер пайдо бўлди.
Шариф ака унинг ёниға келиб ўзбекча гапирди:
— Безгак бўлибсан.
Исонинг қулоқларида аллаким худди “бозори шаб” кечаси жувонлар ўйнағонда чалинғон чилдирмалардай чилдирма чаларди…

Кечаси ярим кечада Исо Нажмиддиннинг ҳовлисига қайтиб келди. Худди кўчада қаттиқ совуқ бордай тишлари шақирлар ва бутун аъзойи- бадани дир- дир қалтирарди.
Неча йил шолипояда ишлаб бир марта безгак бўлмағон киши эди! Энди бошиға шундай фалокат тушганда у ҳам оғриб қолди.
Йўл бўйи Нажмиддин уни бўғиб ётқондай, Самарқанддан олғон читларини тортиб олаётғондай, ёнғинасида Муаззам туриб, худди қулоғиға:
Ота!….. Ота!…..- деб йиғлаб ётқондай бўлди.
Йўл бўйи жавлаб, иситманинг хаёлати билан тортишиб келди.

Нажмиддин ташқарида туриб индамасдан Исонинг гапларини тингларди. Исо гапирарди:
— Майизингиз учун ҳозирға ўлтурғон уйимни олинг. Яхши уй. Янги, кичкинарак, лекин яхши уй. Хизматингизни қиламан. Исо иш қилишни билади. Пулингиз куймайди, хўжайин….. Исо неча йилдан бери хизматингизни қилади, хўжайин…

Нажмиддин эшитди. Ёни- берига қаради. Бир нарсани ўйлади….. Сўнгра бемалол бурунғидай текис овоз билан деди:
— Уйинг керак эмас, бир йил қароллиқ қилсанг, узилиб кетасан….. Тегирмонга битта одам керак.
Исо “Ховарой билан Муаззамчи? Улар нима бўлади? Уларни ким боқади? Чит кўйлак нима бўлади?- деб сўрамоқчи бўлди. Лекин Исо- девона, шу учун индамай қўя қолди…..

Тамом

011

02
CHO’LPONNING YELENA ZART HIKOYALARI TARJIMASI
HAQIDA MUXTASAR SO’Z
Saodat Fayzieva — nashrga tayyorlovchi
021

Adabiyotda shunday siymolar borki, ular haqda qancha gapirsang ham, kamlik qiladi. Ulardan biri Abdulhamid Sulaymon o’g’li Cho’lpondir. Cho’lpon nafaqat shoir, balki yozuvchi va tarjimon sifatida ham samarali faoliyat yuritgan. Istiqlol yillarida uning ijodi keng yo’nalishda o’rganila boshlagani esa alohida masala. Adabiyotshunos Ozod Sharafiddinov Cho’lponning “Yana oldim sozimni” kitobiga yozgan so’zboshisida bejizga: “Eng muhimi shundaki, og’ir qatag’onlarga qaramasdan xalq Cho’lponni unutmagan ekan…”- deb bejizga ta’kidlamaydi.

Cho’lponning tarjimonlik faoliyati haqida gapirilganda Ejen Potye, Maksim Gorkiy, Vilyam Shekspir, Ivan Turgenev, Leonid Andreev, Aleksandr Pushkin, Abulqosim Lohutiy, Aleksandr Blok, Ivan Franko, Rabindranat Tagor, Anton Chexov, Nikolay Gogol kabi mualliflarning asarlari tilga olinadi. Lekin hali Cho’lpon tarjimasidagi Yelena Zart asarlari bilan u darajada tanish emasmiz. 1927-yilda O’zbekiston Davlat nashriyoti va Kengash ittifoqi xalqlarining Markaz nashriyoti tomonidan Yelena Zart qalamiga mansub to’rtta hikoya to’rt ming nusxadan bosilgan. “Ko’hi Malak”, “Devona”, “Mirob”, “Qimmat” nomli ushbu asarlar Cho’lpon qalami bilan tarjima qilingan. Xo’sh, Yelena Zart aslida kim o’zi?

I. F. Masanovning “Rus yozuvchi, olim va jamoat arboblarining taxalluslar lug’ati” kitobida adiba haqida ozgina ma’lumot beriladi. Unga ko’ra yozuvchining asl ismi Noskova Yelena Sergeevna bo’lib, “Zart” uning adabiy taxallusidir. Yozuvchining 1926-yili “Sharq hikoyalari” nomli to’plami nashr etilgan. To’plamga o’nta hikoya kiritilgan. Ular “Mirob”, “Devona”, Ko’pkari”, “Timofey”, “Tog’larda” kabi nomlangan. Mana shu asarlardan ikkitasini o’quvchilarga ilinayotganimiz Cho’lponning tarjimonlik faoliyatini yanada chuqurroq o’rganishga da’vat etadi, degan umiddamiz.

022
Yelena Zart
IKKI HIKOYA
Cho’lpon tarjimasi
021

MIROB
Maxsum to’g’risida

Maxsum durust odam deydirlar. Chunki Maxsum- mirob (suv taqsimchi). Kimga suv berish va qachon berish-
uning ixtiyorida.

Kunduz kuni u “Qaynar” bo’yida, har tarafi tut va yong’oq yog’ochlarining quyuq ko’lankasi ostidag’i choyxonada o’lturub, ertadan kechgacha choy ichadi. Sholchaning ustida o’ltura- o’ltura zerikkanida yonboshlab yotib tilining tagiga ora- sira nos tashlab oladi.

Ammo bir chekkada uning ketmoni turadi. Erta bilan yo bo’lmasa, kun yotqondan keyin u o’zining ketmonini olib, pasga tushadi va to’g’on boshida qayoqqa bo’lsa ham, suvni boylaydi. Undan keyin ketmonini yelkasiga solg’onicha, yaqindag’i bog’larning devollari orqasig’a o’tib ko’zdan yo’qoladi.

U o’tib ketgan joylarda suv o’zining yo’lini bir o’zgartib, birovlarning bedazor va bog’larini qoniqtiradi. Boshqalarning yeriga tegmay, chetlab o’tib ketadi.
“Qaynar”- tosh ostidan ko’piklanib qaynab chiqib turg’on muzdakkina suv. Uning shoxchalari, Zarafshon bo’ylab bir necha chaqirimcha joyg’a cho’zilg’on bo’lib, Panjakentning bog’larini sug’oradi.
Odamlarning aytishiga qarag’onda, qachondir bir zamon Muhammadning avlodidan bo’lg’on bir kishi kelgan. U juda chanqag’on ekanda, xudodan suv tilab, qo’lini toshg’a qo’yg’onda tosh ostidan suv pirqirab chiqa boshlag’on emish.

“Qaynar” suvning shifo ekanligini hatto Samarqandda ham biladilar.
“Muqaddas Qaynar” uchun baland tosh ustida atalg’on echkilar bo’g’izlanadi. Ularning kallasi orqasig’a qayrilib, katta o’tkur pichoq bilan ikki- uch ishqalib, kekirtaklari kesilgandagi tizillab chiqqan qonlar jarlikdan tiniq suvg’achayin oqib tushadi.

Imom domlaning xayolida: avvallarda har kun deyarlik echki so’yar edilar, Qaynarda ham suv ko’brak edi.
May oyining oxirlarida yog’murlar yog’ishdan to’xtab, kuzgacha bulutsiz jizg’irak issiq kunlar boshlandi.
Qiziq oftobda kuyib qorayg’on kishilar:
— Suv… Qani suv!… – deb tashnalanadilar. Kunning harorati bilan yorilib- yorilib qavjirab ketgan dalalar, bog’lar, bedazorlar suvg’a chanqab va qaqshab yotalar.

Suv bo’lsa, yer yuzi ko’m- ko’k o’t, gullab turg’on beda va shingillab pishib turg’on uzumlar bilan bezaladi. Suv bo’lmasa, oftob hamma narsani kuydirib jinggagini chiqarib qo’yadi.
Suvni Maxsum beradi. Unga kim yeta olsin? Buni Maxsum o’zi ham biladi. Panjakentda boylar ko’b. Tog’larda ularning qo’toni bilan qo’ylari yuradi. O’nlarcha tanob sholikorlik va bahori kor yerlari bor. Ammo shunday bo’lsa ham, Maxsum mirob bilan hech kim tenglasha olmaydi.

Qishloqning yuqori tomonida Maxsumning ozg’ina yeri bor. Uning bedazoridan doimo suv uzilmay oqib yotadi. Agarda yeri ko’brak bo’lsa edi, Maxsum kim qachonlar boy bo’lib ketgan bo’lar edi. Lekin yeri oz. Faqat to’rt tanobqina. Bedazori, bog’i ham polizi shu yerda. O’rtaliqda yolg’iz bir tub sadaqayrag’och o’sib turadi. Uy bo’lsa, kichkina. Bir pastakkina tanuri ham bor. Butun imoratlari mana shundan iborat.
Maxsumg’a bog’ boshidan bir puddan bug’doy bersalar kerak. Ammo hammadan olib bo’ladimi? Har kim biladiki, bir pud bug’doy berish bilan uning suvi ortib qolmaydi.

Suv kechasi yoki erta tongda ma’lum odamlarning yerlarigagina oqadi. Agarda birov Maxsumni chetkarak joyg’a tortib:
— Ertaga bir botmon bug’doy yuboraturg’onman, eshaklarim band. O’zingnikini olib kel,- desa, suv ana o’sha odamning yeriga oqadi.
Bu botmonlar bo’lmasa edi, Maxsum o’zining ozg’ina bedazori bilan qanday qilib o’zining ro’zg’orini tebratar edi? Har yili uning bir bolasi ortib turadi. Mana shu bahor uning sakkizinchi bolasi dunyog’a keldi. O’g’il bo’lg’onlig’i uchun “Qodir” deb ot qo’ydilar.

Maxsumning xotini Rohatoy kasalmant. Bolalarning usti- boshi yirtiq yuradi. Hamma yog’i iflos bo’lib ketgan. Maxsum uyiga kelib qarab turdi- turdi-da, sallasini qoshining ustiga boshini qashimoqchi bo’lib tushirdi. Uyining uyoq- buyog’ig’a borib aylanib yurdi. Nima qilsin? Yana Qaynar bo’yidag’i daraxtlarning ko’lankasi ostig’a sholcha va gilamlar soling’on chigillik yerga ketdi.

* * *

Bundan besh yil avval urmitanlik Xudoyberdi degan o’zbek Sharifboydan bir bo’lak yer sotib oldi.
Niyati- Samarqandga yaqinroq bo’lgan Panjakentda turish edi. Panjakentda o’zbeklar oz, hammasi deyarlik tojiklar edi. Shunday bo’lsa ham, keldi.

Biroq ul o’jar odam. Peshanasi tor, bo’yni yo’g’on. “Yo’q”, dedimi, ish tamon, o’z gapida tura beradi. Urmitandagi uskunalarini sotdi. Sharifning ywrini arzon olg’on bo’lsa ham, birinchi yilda naq yeta berdi.
Avval bahorda toyining bir sonini bo’ri tortib mayib qilib ketdi. Eshagi ariqqa yiqilib, oyog’i sindi. Ikki yil so’ragayiga bog’idag’i uzum va o’riklarini sovuq urdi. Zarafshon yonidag’i objuvozni ijaraga olg’on edi. Kuzgi yog’mirgarchilikda novini suv ko’tarib ketib yozg’acha bekor turdi. Xudoyberdi ikki yil ichida budi- shudidan ayrildi. Dehqonchiliq qilishg’a ham quri qolmadi. Lekin Samarqanddagi amakisi, bekor yotqon yeriga beda chochishni maslahat berdi. Muhlat bilan ko’tarma qilib pul berdi.

Avval bahorda Xudoyberdining bedazori yaxshi ko’klab chiqdi. Tojik qo’shnilari ko’rib:
— Sara… xuddi baxmalday,- der edilar.
Xudoyberdi o’zi ham quvonar edi. Bedazor paslikda bo’lg’oni uchun bahordag’i yomg’ir suvlari atrofdan shu yerga oqib tushdi. O’zi ham go’ngni ayamasdan sepdi.
May oyining oxirlarida quyosh yer yuzini tamom isitib yuborg’ondan keyin bedaning bo’yi belboqg’a keldi.
Xudoyberdi ertalab yerining boshig’a kelib, qo’lini orqasig’a qilib bedasiga qarag’ondag’i qisiq ko’zlari quyosh tafti bilan yana qisilib ketar edi. Bedasiga har qancha qarab to’ymas edi.

Kechalari ko’b vaqt uxlay olmay, bedasining bir boshidan ikkinchi boshig’a borib- kelib aylanib yurardi. O’zicha “falon bog’ beda chiqsa kerak”, deb taxminan hisoblab ham yurardi. Ro’ziboy aravakash bedaning maqtovini odamlardan eshitib, “ o’rilmag’on bedaning ustidan: uch yuz bog’ini bizga berasiz”, deb tayinlab qo’ydi.
Umid qilg’on bedasi chiqib bersa, tezda naq ishlari o’ngarilib ketadi.
Bozordag’i mulla Karimberdi ilgari o’zi ko’rmagan kishidak, yuzini o’gurib, ko’rmaslikka solib ketar edi. Hozirda muomalasi o’ngarilib uzoqdan salom beraturg’on bo’lib qoldi:
— Qalaysiz?… Yaxshimisiz, der edi.

Bir mahal kechki payt Xudoyberdining bedapoyasiga O’runboy chol keldi. Indamasdan bedaga qarab turdi-da, kallasini qimirlatib qo’ydi.
Xudoyberdi: “bedamni maqtar”,deb kutdi.
O’runboy chol peshanasini burishtirib, oppoq qoshlarini ko’tardi-da:
— Maxsumga bordingmi?- deb so’radi.
Xudoyberdi tushunmay qoldi-da:
— Qaysi Maxsumga?
— Mirob Maxsumga-da!
— Yo’q, ha, nimaga?
O’runboy chol qisqag’ina:
— Bor, o’g’lim,- dedi.
Xudoyberdi bunga qarshi hech narsa demadi. Faqat jahli chiqib qattiq- qattiq uhlay boshladi. Asta yerga o’lturdi.
Xudoyberdi birovga bo’yinsunishga ko’nmayturg’on odam; Maxsumga borib nima qilsin?

* * *

Quyosh bir haftadan beri juda ham kuydirib chiqa boshladi. Bahor vaqtida ko’m- ko’k bo’lib yotqon dalani
tanish mumkin emas. Kunning shiddatlik harorati bilan o’t va ekinlar sarg’ayg’onlar va do’ng yerlarning dashti chiqib yotibdi. Uzoqdan ko’ringan tagidan suvi uzilmas to’qay qamishlari ham bir qator suv uchun o’zlarini har tomong’a urib yotmoqdalar.

Bog’larda bo’lsa, terak, o’rik, shaftoli, giloslar ko’lankasida o’sib jon saqlag’on o’tlar odamning belidan yuqori bo’lishib, orasida ochilg’on lolaqizg’aldoqlar bilan bezaldi. Gullab turg’on olmalarning xush hidlari issiq havog’a yoyildi. Giloslarning gul kabi barglari oftob nuri bilan ko’zni qamashdirar edi.
Lekin ochiq havoliq joylarda kunning qizig’i bilan o’tlarning usti sarg’ayib, yerga tomon bukilishib yotmoqda edi.

Xudoyberdi ertalab kun chiqmasdan burun, uyqusidan turib bedapoyasiga keldi. Ertalabki yurib turg’on shabadadan ko’zini ehtiyot qilib turib bedasiga qayta- qayta qaradi-da, “Qaynar” tomonga asta yo’l solib ketdi.

Ul qo’lini orqasig’a qo’yib, yon- beridagi bog’larg’a qarab bormoqda edi. Uning yurishi xuddi bir muhim ish bilan borayotqon odamg’a o’xshab emas, balki tomosha qilib yurgan odamg’a o’xshar edi.
Uzoqdan tizzasigacha suvda turib orqadag’i toshlarni u yoqqa- bu yoqqa olib tashlayotqon Maxsumni ko’rdi-da, birdan g’azablanib, achchig’idan azoyi badani temir bo’lib ketgan edi.
Xudoyberdi Maxsumning yonig’a keldi. Maxsum uni ko’rmagandek o’z ishida kutkilana berdi. Xudoyberdi biroz jim turib kutdi.

Maxsum qo’lida ketmoni bilan belini ko’tardi. Og’ir nafas olib, qo’li bilan peshanasidagi terlarni artdi. Xudoyberdi:
— Suv qaerga borayotir?- deb so’radi.
Maxsum darrov javob bermadi. Nosqovog’ini lippasidan chiqarib, bir chekim nos oldi-da, betini Xudoyberdidan o’girib turib, nosni og’zig’a soldi.

Xudoyberdi javob kutar edi. Maxsum zo’rg’alatdan:
— Xo’jaqulning suvi, uning navbati…
Xudoyberdining peshana tomirlari irg’ib chiqdi. Tojik so’zlarni buzib, gapiga o’zbek so’zlarni qo’shib gapira boshladi.
— Navbat!… Qani navbat! Qanaqa odamsan! Bedam qovjirab, xarob bo’lib borayotir-ku! Suv darkor! Ob, ob! Eshitasanmi? — dedi.

Maxsum erinibkina:
— Sening navbating bozordan keyin, dedi-da, yana ketmoniga yopishdi.
Xudoyberdining g’azabi yana ortdi. Yuzlari allaqanday bo’lib:
— Bozordan keyin?… Men ikki bozor kutdim. Bas endi, deyman. Shu kechasi suv ber! Eshitib yotibsanmi?
Maxsum indamasdan o’z ishida kutkilana berdi. Xudoyberdi g’azabga xaf berib, qaytib ketdi.

* * *

Maxsum o’zining oq eshagiga minib oyoqlarini salanglatib, Xo’jaqulnikiga borg’anda, kun hali tog’ orasidan tig’ urib chiqqani yo’q edi.
Bu bahor hali hech kim unga “bir botmon bahoriy bug’doy” to’g’risida gapirgani yo’q. Ammo Xo’jaqul hammadan burun aytdi.
Xo’jaqul- chinakam boy. Uning bedazorig’ina yigirma tanob. Undan boshqa sholikorlik yerlari, yog’juvozi va uloqchi otlari bor.
Maxsumning uni ko’bdan tugagan, bola- chaqasi o’n jon. Har qaysisig’a bittadan non berganda ham, o’nta non beradi.

Qayyum qarzakka bir put un berdi. O’sha bo’lmag’onda yeyishga ham hech narsa qolmag’on edi. Ayniqsa, ertaman ko’zini ochib, oq ko’rpadan turib non deyturg’onlarg’a non bo’lmasa, bo’ladimi? Bolalari nonning hammasini yemasa ham, kuni bo’yi qo’llaridan non tushmaydi. Oxiri so’lakaylari bilan shaltoqlang’on qaerlarda tushirib yoki itga oldirib qo’yg’uncha chopqillab o’ynab yurishadi.

Maxsumga un, Xo’jaqulg’a bo’lsa, suv kerak!
Xo’jaqulg’a suv bo’lmasa, hech mumkin emas. O’n kunlik katta yeri vaqtida sug’orilib turilmasa, bo’lmaydi. Navbat bo’lsa, hammavaqt tegaveradi.
Suv ichgan bedani uch o’riladi. Suv ichmagan beda bo’lsa, bir o’rimining ham mazasi bo’lmaydi.

Maxsumning eshagi Xo’jaqullarnikiga boraturg’on yo’lni yaxshi biladi. Shuning uchun o’zi ketayotqon tor ko’chalardagi ariqchalardan sakrab- sakrab o’tib tirkalib bormoqda bo’lib, oxiri yetdi.
Xo’jaqulning malayi Shamsi yo’lda uchrab:
— Bug’doyni uyingizga tushirib olg’ondan keyin qopni birortadan yuboring, dedi.
Maxsum:
— Xo’b, uka, xo’b, deb javob berdi.
Xo’jaqulning darvozasi hammavaqt ochiq. Sira yopg’on vaqti bo’lmaydi. Tashqarisida tiniq suvliq katta hovuzi bor. Butun qo’ni- qo’shnilari suvni shundan oladilar.
Maxsum darvoza yonida eshagidan tushib:
— Ix, ix, deb eshagini haydab ichkariga kirdi.
O’zi ham o’z uyidek dam tortmay keng hovliga kirib bordi.
Xo’jaqul uni yarimochiq bo’lg’on eshigining yorig’idan ko’rib, ichkaridan chiqdi.

Xo’jaqulning laqabi- “Botmon”. Ul suyagi buzuqroq kelgan, eniga o’skanrak pakana odam. Yuzi juda ham yalpoq- sergo’sh. Uning egnida shapaloq- shapaloq qizil gullik shohi yaktak. Barmoqlarida feruza ko’zlik qo’pol uzuklar.
U Maxsumga kulimsirab qarab:
— Salom alaykum, mirob, dedi.
— Va alaykum assalom, mulla Xo’jaqul, dedi- da Maxsum ikki bukilib ta’zim qildi.
— Qalay, “Qaynar”da suv ko’bmi?
— Ha, ko’b. Suv yetadi.
— Bedaga uch hafta qayta suv beraman-da.
— Xo’b, taqsir.
— Bug’doy saroyda. Borib ol.
— Qulluq, mulla Xo’jaqul.

* * *

Xudoyberdi tong otquncha suv kutib o’tirdi. Har zamonda bir “Qaynar”ning bo’yig’a borib, suvning qayoqqa oqayotqonini xabar olib kelar edi. Oxiri o’zining tutoqqanlig’ini va jahlini hech bildirmaganday bo’lib, ariqning boshida toshday qotib o’lturdi.

Uning bedasiga suv boraturg’on ariqda ko’b vaqtdan beri suv oqqani yo’q. Ariqning tagi yorilib, ikki labi uqalanib tushmakda edi.
Tong otqondan keyin, o’lturib zerikkan Xudoyberdi, joyidan turib, bedazorig’a qarab ketdi. Bedasiga qarasa, uchidan suvsizlig’idan sarg’aya boshlabdi.
Bir necha so’lg’on barklarni qarab turib, uzib tashladi. Ko’ziga hech narsa ko’rinmay biroz turib qoldi. Keyin “Qaynar” bo’yig’a qarab ketdi. Yo’lning toqqa qarab burilg’on tumshug’iga yetganda, uning boshig’a bir fikr kelib, birdan boshqa yoqqa burildi. Ul Maxsumning oldig’a bormoqqa jazm qildi. Maxsum tor ko’chaning u boshidan Xo’jaqulnikidan qaytib kelayotqonda, Xudoyberdi ham uning bog’ig’a kelib yetdi.
Maxsum:
— Ha, dedi.

Xudoyberdi unga javob bermadi. U darchani ochib, eshagini oldin haydab, orqasidan o’zining kirishini kutdi. Shul vaqtda yo’lini to’sdi.
Qisiq, g’azab to’lg’on ko’zlari bilan unga qarab:
— Suv ber!- dedi.
Maxsum uning bu xilda qarashidan bir vahm oldi. Ammo kutmaganda birdan jahli chiqib:
— Bu kun suv yo’q!- dedi.
— Yo’q?…..- Xudoyberdi qip- qizarib nafasi bo’g’ilib qoldi.
— Yo’q!!
— Yo’q?….. Yo’q?….. – deb Xudoyberdi bu so’zlarni ma’nosini hazm qila olmay takrorlar edi.
Maxsum teskarilanib:
— Yo’q!….. – dedi-da, eshagi orqasidan ichkariga kirmakchi bo’ldi. Ul mushlarini tukkan edi. Yuzi to’q qizilliqdan ko’kimtil tusga kirdi.

Ammo Maxsum hozir boshqalarg’a yo’l qo’yish ahvolidan chiqqan edi. Uni qandaydir bir o’jarlik o’rab oldi.
Suvmi, suv qancha desang ham, bor. Toshlarni narigi ariqning dahanasiga tashlasak, suv keladi- qoladi. Yoki Maxsum Xudoyberdining bedasi qanday ahvolda ekanligini bilmaydimi? Bunday beda uchun bir put bug’doy bir botmon bersa ham, arziydi. Nimaga Xudoyberdi sira pasga tushmaydi? Chunki o’zbek-da, juda o’jar.
Maxsum:
— Suv yo’q, dedim-ku. Yana nima kerak?- deb baqirdi.
Xudoyberdi kifti bilan itarib ichkariga kirib ketdi.

* * *

Yana bir necha kun o’tdi.
Suv hali ham yo’q.
Xudoyberdining bedasi ko’z oldida xarob bo’lib bormoqda. Unda ham bir- ikki botmon bug’doyu topilar edi. Ammo u juda o’jar, juda o’z so’zlik odam. Bedapoyasining ustida dam u boshga, dam bu boshga borib kelib yurdi. Bedasi butunlay quridi. Umidlari, aravakash so’rag’on uch yuz bog’ bedalar- hammasi bo’shg’a chiqdi. Bu yil o’ngarilish nari tursin, qarzini ham to’lay olmaydi. Butun xarob bo’ldi.
Bozor kuni edi. Qishloqlardan o’zbeklar keldi. Xudoyberdi Boboxonning boloxonasida choy ichar edi. Uning yonida yirtiq kiyimlar kiygan, ko’ksi ochiq, boshiga rangi o’chgan kataksalla o’rag’on Ortiq o’ltirar edi.
Ortiq Xudoyberdiga qarab:
— Bugun Bobobekning aravalari Samarqandga ketadi, dedi.
— Bilaman, dedi.

Ortiq uzoq indamasdan turg’ondan keyin, Xudoyberdidan:
— Bozor kuni qaytib kelasanmi, deb so’radi.
Xudoyberdi istar- istamas:
— Bilmayman, dedi va birozdan keyin:
— Pulni bu kun olasan, dedi.
Ortiq sevinib:
— Xay, xay, deb piyalani bo’shatdi-da, sholchaning ustiga quydi.
— Bas, deb Ortiq o’rnidan turdi.
Egilib turib:
— Mening qanday odam ekanligimni o’zingiz yaxshi bilasiz-ku. Aytgan ishimni qilmay qo’ymayman. Xay, xudoning panohiga! — dedi.

Xudoyberdi bozorning eng qizig’on vaqtida boloxonadan tushdi. Bozordan sotib olaturg’on narsasi yo’q edi. Shunday bo’lsa ham, bozorning yuqori tarafiga, mayiz va paxta sotilaturg’on joyig’a bordi. Bir odam bilan salomlashib:
— Samarqand borayotibman, ish- mishingiz yo’qmi, qaytishda bo’sh keladurman, dedi.
Bozor kundan uch kun o’tkandan keyin “Qaynar” bo’yidag’a samovarchi Xo’jaqulning malayiga:
— Bu kun Maxsum kelmadi, borib ko’rib kelsangchi, tobi yo’q bo’lib qoldimi, dedi.
Xo’jaqulning malayi ketmoni yonida bo’lg’on holda ancha vaqt kutib o’tirdi. Kun tikkaga kelib qolg’on bo’lsa ham, Maxsum kelmadi.
Malay bola Maxsumning uyiga qarab ketdi. Yarim soatchadan keyin qaytib kelib:
— Maxsum kechasi chiqib ketgan ekan, havlisida yo’q, dedi.
Biroz o’ltirdi-da, ortiq kutmasdan, samovarchig’a:
— Agar Maxsum kelsa, Xo’jaqul kechasi bizning ariqqa suv sursin, deb buyurdi, degin,- dedi.
Samovarchi:
— Xay, dedi.

Kechqurun “Qaynar” bo’yig’a Maxsumning katta o’g’li Nayman otasini so’rab keldi. Samovarchi hayron bo’lg’onsimon bo’lib:
— Maxsum bu kun ertadan beri kelgani yo’q….. Har qayoqni qidirish kerak, dedi.
Erta bilan “Maxsum yo’qoldi” degan xabar butun qishloqqa tarqaldi. Uni bog’lardan axtara boshladilar. Ikki kungacha axtardilar.
Oriq oqsoqol mirobini topg’on odamga besh botmon bug’doy bermoqchi bo’ldi, lekin mirob topilmadi.
Bozorda Omon jarchi otliq yurib:
— Mirobni topqon odamg’a besh botmon bug’doy sevinchi!!!- deb chaqirib yurdi.
Nihoyat, mirobni topdilar.
Rajab akaning bog’i yonida bir gum bor. Shu joyda bir muncha ariqlar birga qo’shilishadi. Katta bir tosh ustidan bir sharshara tushadi. Bu yerning ikki atrofi changallik va ko’b o’sgan o’tlar bor. Shu yerda ilon bilan baliq ham ko’b. Ayniqsa, shu yer juda chuqur. O’zi tiniq suv bo’lg’oni uchun ostidag’i to’ngaklar va tomirlar ko’rinib turadi. Mana shunda ildizini suv yuvib ketgan terakning tomirig’a Maxsumning kallasini tiqib ketkanlar.
Uni Ortiq topdi…..

Odamlar:
-Ortiq ilgari bosmachi edi, uning ko’zlari o’tkir. Agarda Ortiq bo’lmasa edi, Maxsum topilmag’on bo’lur edi, dedilar.
Oriq oqsoqol unga bir botmon oshiq bug’doy berib, so’radi:
— Bug’doyni qayoqqa eltib beraylik?
Ortiqning uy- joysizlig’ini hamma bilardi.
Ortiq kulib turib:
— Qaerg’a bo’lsin, bozorg’a olib borib sotib, pulini berasiz-da, bug’doyni men nima qilay, dedi.

* * *

Samarqanddan kelayotqon aravakashlar eng keyingi martaba Jartepada to’xtadilar.
Choy ichishib o’lturg’on vaqtda, Panjakentdan kelgan aravakashlar yangi xabar aytdilar:
-Eshitdilaringmi, Maxsum mirobni o’ldirib ketibdirlar.
Xudoyberdi piyalasini qo’lidan qo’ymay turib:
— Kim o’ldiribdir?- deb so’radi.
Lekin unga hech kim javob bera olmadi.

Tamom

DEVONA

Uning laqabi “Devona” edi. Hamma bilgan- tanig’anlari ham uni “Iso devona” der edilar.
Bozor haftada bir marta- payshanba kunlari bo’lardi. Lekin Xudoyberdining bo’sh do’koni oldig’a har kun ertalab bir muncha odam yig’ilardi; ular kundalik ish qilaturg’on mardikorlar.
Ular o’z asboblari bilan- ketmon, arra va boltalari bilan kelib turalar. Iso devona bo’lsa, yer haydab, urug’ sepaturg’on mardikordir. Shuning uchun uning asbobi bo’lmaydi.

U mardikorlarning hammasi eski- tuski chopon kiyib, turli rangda bo’zdan katak salla o’rag’onlar. Rosti ham, kim oq salla o’rab, yangi, yuvilg’an chopon va ko’ylaklarni kiyib qora ishga borar edi?
Mardikorlarni ishga olish ilk sahardan boshlanadi. Shovqin- suron, qiy- chuv bozorning yoni- beridagi tor va qing’ir ko’chalarga kirib, yiroqlarg’a cho’zilib ketadi. So’kishib, savdolashib, janjallashib ish bitkizadilar.
Iso doim bir chekkada turadi. U- devona. U savdolashib o’ltirmaydi, qancha bersalar, xo’b deb ketaberadi. Shuning uchun “ish tegmay qoladi”, deb aslo g’am yemaydi.
Shovqin- suronlar bosilib, Xudoyberdining do’koni oldi bo’shag’ondan keyin Isoning yonig’a gulli chopon kiyib oq salla o’rag’on birorta “o’ziga tuzuk” dehqon keladi. Salom- alik qilg’andan keyin:
— Sholipoyaga borasan….. Uch tangadan, dedi.
Iso indamasdan o’rnidan turib keta berdi.

Iso savdolashib o’ltirmaydi. Kechqurun ishdan keyin, albatta, palov qilib berishni ham talab qilmaydi. Hamma biladikim, Iso- devona, shuning uchundirkim, tush vaqtida kunning issig’i juda chidolmaslik holig’a kelganida mardikorlar hammasi ovqat qilg’ali ketsalar ham, Iso o’sha dalada qoladi. Yuz yoshqa kirib qolg’an katta tutning tagiga o’lturib oladida, hadeb shirin tut mevalarini nong’a qo’shib uradi.
Kechqurun o’z haqqini- uch tanga sini belbog’iga chigib olib uyiga ketadi, uyiga borg’ach, albatta, xotini Xovaroyga beradi.

Agarda pastak olachig’ining oldida qizi Muazzamni uchratsa, pulini, albatta, unga beradi.
— Darrov, darrov, darrov, qizim, deb qizini uyga kirgizib yuboradi.
Qizi kumush tangalarni kir hovuchiga olib, mahkam changallaydi, yalang oyoqlari bilan oqsabroq bosib ichkariga kiradi va chinqiroq tovush bilan:
— Buvi, deb yuboradi.
Ba’zida Iso o’zidan ortqan nonni uyiga olib keladi. Unday vaqtda u Muazzamni tizzasiga o’ltirg’izadi- da, nonni berib:
— YE, qizim, deydi.
Og’zini katta ochib kuladi. Qizining ko’zlariga tikiladi- da, so’raydi:
— Shirinmi-a, juda shirinmi, qizim?

May (javzo) oyining oxiri sholipoyalarda ishning juda qizig’on vaqti bo’ladi. Iso bir necha yildan beri boy dehqonlardan Najmiddinning sholipoyasida ishlab keladi.
U erta sahar qishloqdan bir qo’sh ho’kuzini haydab, dalag’a ketadi. Bechora ho’kuzlar issiqdan yorilib ketgan nam dala yo’llaridan
xohlar- xohlamas qadam bosib boradilar.

Sholipoyaga suv to’lg’on. Ko’b ham katta bo’lmag’on va xuddi ko’lga o’xshag’on “murabba” (chorsi) shakllar” to’rt tomonlaridan pol olinib- xuddi ayvon singari to Zarafshon qirg’oqlarig’a qadar chizilib, qatorlashib ketganlar.
Quloqli va uchi cho’yan tishli xoda yerning bir chekkasida yo’l ustida turadi; u bilan yer haydaylar va uni kechasi ham dalada qoldirib ketalar.

Iso ho’kuzlarga bo’yinturuq kiygizadi. Poychasini tizzasigacha shimalaydi. Ko’ynagini yechib tashlab, sholipoyaga tushadi. U suyuq balchiqqa tizzasigacha botib ketadi. Ho’kuzlar yopishqoq va ezilgan loydan oyoqlarini zo’rg’a sug’urib olalar; ustunday- ustunday loylarni ko’tarib chiqib, bo’yinturuqni g’ichirlatib, uyoq- buyoqqa qiyshayib sholipoya chegarasi bo’ylab qadam bosadilar.
Urug’ni suvga sepalar. Sholini quruq yerga sepib, ustidan suv quyish yaramaydi, unda suv donalarni bir joyg’a to’plab qo’yadi.
Sholining hamma ishi suvda bo’ladi. Sholi och ko’k boshini suvning betiga ko’tarib chiqadi. Suvning o’zida turib o’taylar. Suvda gulini to’kib, don chiqaradi. Sholini o’rar vaqtdag’ina suvini quritalar.
Iso sholipoyada uch marta yomon o’tlarni o’taydi; sariq boshoqlari donaning og’irligidan egilgandan keyingina o’rib oladi.

Iso oyoqlari bilan balchiqni yorib, o’lchovli qadami bilan ho’kuzlari orqasidan boradi. Kun tog’lar orasidan ko’tarilib chiqib yelkalarni kuydiradi. Pashshalar buluti ho’kuzlar tepasida yoyilib uchadi. Kalta qanotlarini dug’og’a o’xshatib egib, suvg’a tegay- tegay deb izg’ichlardan bir to’dasi uchib yuradi va harakatsiz sassiq havoda ularning yumshoq ovozlari jaranglaydi.
So’ngg’i chaqmoqlar o’tib ketdi. Endi oyg’acha ko’kda bulut bo’lmaydi. Dim va issiq kecha qizig’on yerni salqinlatmaydi. Kunning birinchi shu’lalari bilan birga o’tli harakat tushadi- da, havoni qimirlatmay- qotirib qo’yadi; hayvonlarni ko’lanka joyg’a kirib jon saqlashg’a, qushlarni qayrag’och va tutlarning qalin bargli shoxlari orasiga kirib berkinishga majbur qiladi.
Iso devona shuning uchun ro’zani ham boshqalarg’a o’xshab bo’sh tutmaydi, qattiq tutadi; hatto ish vaqtida ham ertadan kechgacha hech narsa yemaydi, ichmaydi…

Ho’kuzlar sholipoyaning etagiga- katta ariqda tiniq suv oqib yotqon yerga yetganda, Iso suvg’a qaramayin, deb urunadi. Tomog’i qaqshab, harakatdan yonadi. Shunday egilib, sovuq oqimg’a lablarini tegizib olg’isi keladi. Ho’kuzlar burilishda uzoq to’xtamasin, deb ularni “ho’sh- ho’sh” qiladi.
Qo’lidag’i gavron bilan ko’kda ikki- uch davra chizg’andan keyin, yana balchiqni yorib, aralashdirib olding’a ketadi.
Najmiddin ro’za vaqtlarida mardikor haqqini bir tangadan oshirib qo’yib, mardikorning nonini kechqurun oshdan keyin Isoning o’z qo’lig’a beradi.

Muni Muazzam ham biladi. Shu uchun otasini u ko’chaga chiqib qarshi oladi. Otasi esa unga endi tanga bermasdan, issiq non beradi. Qiz nonlarni ikki qo’li bilan ko’kragiga bosib ichkariga chopadi.
Isoning bog’i yo’q. U yoz oylarida ham bozorning orqasidag’i tor ko’chada, o’sha o’zining olachig’ida turadi. Ko’klam kelib, o’riklar gullab, har el- xalq qishloqning narig’i yuzidagi bog’larg’a ko’chganda, u o’zi yolg’iz degunday bo’shab qolg’on ko’chada qoladi.
Uning hovlisi kichik, tashqarisi esa keng og’ilchasig’a o’xshaydi, ichkarisi sal kengrak. Quruq yerga bo’yra yoyilg’on, bir burchakda eski, yirtiq bir shohi ko’rpa turadi.
Iso devona nima uchundir Muazzamga qimmatbaho gulli beshik olg’on, u beshik xuddi ortiq buyumday mehrobda surilib turadi.

Iso ro’zani ham boshqalarday o’tkiza olmaydi. Kechasi xohlag’oncha yeb- ichmak uchun kunduzi yemay tura olmaydi. Kechqurunlari ham unga choyxonadan bir piyolada jindak nisholda olib kirib beralar; uni ham juda maza qilib, bet- qo’llarig’a surkab….. Muazzam yeb bitiradi.
“Bozori shab” bo’lib, sevinchli nog’oralar cholinib, yaxshi yoritilg’on choyxonalarda ro’zani juda shukuh bilan o’tkizadilar. Iso devona bechora unga ham borolmaydi. Kechani butun uxlab o’tkizadi. Saharlikda ham, avji ishga jo’nar vaqtida o’sha sholg’om va sabzi- piyoz bilan qaynatilg’on sho’rvani ichib, suyuq ko’kchoy bilan chanqog’ini bosadi.
Ro’za oyida qishloqning turmushi butun osti- ustiga keladi. Odamlar ham kasalga o’xshab qoladilar. Kunduzlari ular issiqdan va ochliq- tashnalikdan entikib, uxlag’onday bo’lib yuradilar. Kechalari bo’lsa, yog’liq ovqatlar va har xil shirinliklar yeb, boshqa vaqtda bo’lmayturg’on “bozori shab” tomoshalaridan nash’a qilib….. “mast- behush” bo’lib qoladilar. Ular ichkilik ichmaylar, lekin ko’rgan kishi mast deb o’ylaydi. Nimagaki, so’zlaganda achchig’lanib, qattiq so’zlaylar. Kulganda qah- qah otib kuladilar. Kelganda uyoq- buyoqqa tentiranib, bo’shashib yuradilar.
Iso uchun ro’za- kechasigi ziyofatlarga qorinni tayyorlayturg’on “riyozat” kunduzlari emas, balki- suvsiz va nonsiz qiynalib o’taturg’on azob va mehnat kunlari…
Ro’zaning tugalishini hamma kutadi. Lekin hech kim Iso devonaday zoriqib kutmaydi.
Bu safar yana ham ko’brak zoriqib, tilmirib kutadi u…

* * *

Ro’zadan keyin Iso Samarqandga boradi. Qishloqdan chiqib shaharga bir necha kunga borib kelish Isoning butun hayotida shu bilan ikki martabagina bo’ladi.
Birinchi martaba o’zining to’yidan burun bir borib kelgan edi. Bunga rosa besh yil bo’ldi.
Endi u Xovaroy bilan Muazzamga chit ko’ylaklar olib kelgali boradi. Ularning kiyimlari shunday yomon eskib ketdiki, bechora Iso ba’zida ko’zi tushib qolg’onda uyalib teskari qaraydi va hech kimga bildirmasdan ko’zyoshini artib oladi.

O’shalarg’a chit ko’ylak olib beraman, deb anchadan beri pul yig’ib yuradi.
Kumush tangalar belbog’ida tugilib turalar va Iso ularning hamma vaqt o’zi bilan birga bo’lg’onini sezadi. Hozir uning yonida o’n besh so’m puli bor. Samarqandda har narsa qishloqdag’idan ikki barobar arzon. Holanki, bu pulga qishloqda bitta ko’ylak ham qilib bo’lmaydi.
“Samarqandga borib kelsam, mardikorlik kunlarim ham kuymasa; shuni qanday qilar ekanman?” deb Iso bechora juda ko’b o’yladi. Oxirda Najmiddinga borib dedi:
— Sholini sepib bo’lay, undan keyin meni arava bilan bir Samarqandga yuboring. O’toqqa hali uzoq, yetib kelarman.

Najmiddin o’ylab turdi- da shoshilmasdan dedi:
— Xo’b, ro’zadan keyin yuboraman. Bekor arava bo’ladi. Nima qilasan Samarqandda?
— Mayda- chuyda olg’ali boraman, — deb kulib turib javob berdi Iso.
— Xay, xay, deb Najmiddin ham jilmayib qo’ydi.
Ro’za hech vaqt buncha uzoq cho’zilg’on emasdi. Hayitga qancha qoldi ekan, deb Iso har kuni hisob qilib ko’rardi. Har kun ho’kuzlarni uyga haydab kelayotib, adirdan tushaberishdagi tegirmonning yonig’a- imom domlalarnikiga qarar edikim, mobodo yangi oyni kuzatib turgan bo’lsalar, deb; faqat ro’zaning tugashidan aslo darak- marak yo’q edi.

Samarqanddan bir qori domla keldi. Mulla Pirnazar “tez bo’ladi” dedi. Kunlar esa bir- bir ketin o’talar edi. Tushda quyosh borg’on sari ko’tarilib, bosh ustiga kelardi. Hatto ko’lankada ham yer qozonday qizib, qaynardi. Qushlar issiq havoda bo’g’ilib, og’izlarini ochalar, yaproqlarning eng quyuq oralariga kirib orom olishga tirishalar edi. Tog’lardagi qorlar tugal deyarlik erib bitganlar, faqat oz- oz bo’laklari tog’ning eng baland joylaridag’ina qolg’on edilar.
Iso ho’kuzlarni haydab, Zarafshonning xuddi qirg’og’ig’a yetib qoldi, u so’ngg’i bir bo’lak yerning sholisini ekar edi.

* * *

Kun botqondan keyin, Iso har kungi odaticha, ishdan qaytib kelayotgan edi.
Qorinlarig’a qadar loyg’a botg’on ho’kuzlar, buyilarida hali ham bo’yinturiq turg’onday- bo’yinlarini yerga egib kelar edilar.

Iso ularning orqasida, osmonning yorug’ chekkasiga yangi oyning tiniq oq ko’lankasiday oq kichkina bo’yi ko’rinaturg’on joyg’a tikilib kelar edi. Yangi oy ko’rinsagina ro’za tugaydi va hayit bo’ladi.
Tegirmonning eng tepa joyig’a odamlar to’planishg’on edi. O’n kishicha bor. Bir- biriga yaqin kelib, qimirlamay turalar. Hammasidan oldindaqori eshon Shohbek. Uning yonida katta ko’kko’z oynak taqqan Pirnazar. U qo’lini uzotib ko’kning chekkasini ko’rsatardi. Shoxlari bilan osmonni biriktirib turg’on yiroqdag’i daraxtlar xaloqat (xalaqit- S.F.) bermasin, deb ko’blar yerga egilgan edilar.
Ular oy ko’rinmasmi ekan, deb qarab turg’on mullalar edi.

Iso gavron bilan ho’kuzlarni haydab, tezrak yurdi. Tepaning oldida to’xtab u ham Pirnazar ko’rsatgan yerga qaray boshladi.
Bir necha minut o’tdi, Pirnazar hali ham qo’lini tushirmasdan, eshong’a allanimalarni gapirardi.
Qori eshon ko’zlarini jimirib, dam uyoqqa- dam buyoqqa egishar, lekin indamas edi.
Birdan….. oyni bizning Iso ko’rdi!
O’chib borayotg’on osmonning betiga xuddi ko’mir bilan tortilg’on suratday ikki tub mirzaterakning uchi ko’rinadi; o’sha yerda qizil gul tusdagi g’urub rangsiz- tiniq kecha osmonig’a aylanadi, xuddi ana o’sha joyda oyning tiniq- oq o’rog’i kichkinagina bo’lib, zo’rg’a- zo’rg’a ko’rindi.
Iso og’zini keng ochib kulib, oyni yo’qotib qo’ymayin, deb dam tepaga- dam oyg’a qarab baqirdi:
— Oy!… Oy!…

Tepadagilarning hammasi Isoga qarab burildi. Iso kulishini to’xtatmay, qo’lini lapanglatib yana baqirdi:
— Yuguring!… Yuguring!…
Lekin hech kim qimirlamasdi.
Oyni Iso devona hammadan burun ko’ra olarmidi? Lekin Iso shu qadar o’jarlik va xursandlik bilan “Oy! Oy! Oy!” deb baqirdiki, oxirda uning yonig’a Pirnazarning o’g’li Ahmat tushib keldi.
Iso unga qo’li bilan ikki terakning uchini ko’rsatdi. U esa indamasdan yuqoridag’ilarning yonig’a yugurdi.
Bir nafasdan keyin hammalari kulib, xursand bo’lib, tepadan tushdilar.
Ro’za tugadi.

Kechasi bir vaqtlarda bozor maydonida nog’ora chalib ramazon hayitining kelgani xabar qilindi.
Maydonning o’rtasig’a gulxan yoqdilar. Archa o’tunlar tashilib, katta idishlarda fanor yog’lari qo’yilg’on edi.
Tor- tor ko’chalarning hammasidan bozorg’a odamlar oqib kelar edilar. Ular qoq yerga uzuk kabi halqa bo’lishib qator- qator o’lturg’onlar, orqadagilar tiqilishib tik turg’on edilar.
Choyxonada chirog’lar yonardi. Gilam soling’on so’richalarda chollar va hurmatli mehmonlar o’lturarlar edi.
Iso hayitni o’tkazmak uchun har yil bozorg’a kelar edi. U lovullab yong’on katta gulxanga va o’ynovchi “juvon”larg’a qiziqib qarardi.

Mirislom degan boy Samarqanddan uch juvon va besh mashshoq chaqirtirg’on edi.
Burung’i ro’za hayitlarining hech birida muncha ko’b odam yig’ilmag’on edi. Hamma tomlar va bolaxonalarg’acha odam zich to’lib ketdi.
Bir daraxtning shoxida Isoning sevgan joyi bor edi. Undan maydonning hamma joyi ko’rinar edi.
Gulxanni Xolboy degan samovarchi tutashtirib yubordi.
U tomir- kundalarga fanor yog’i quyib, so’ngra yonib turg’on mash’al bilan tutashtirib yubordi. Alanga ko’tarilib, ustun kabi yuqorig’a cho’zildi. Chirmandalar dirillab ketdilar.
Ko’k va qizil chopon kiygan juvonlar o’rtag’a tushdilar. Har birining yonida bir mash’alchisi birga yurib, o’yin vaqtida juvonning yuzini yoritardi.

Har yil shu kechada Iso devona o’sha daraxtga chiqib o’lturar, gulxan tegrasida bo’lg’on o’yinni hamma vaqt
shu kechadagi kabi nash’a va kayf bilan tomosha qilardi. Shu ishlar hammasi tush emasmikan, deb shuni bilmak uchun ko’zini dam ochib- dam yumardi. Xudoyo tavba, bu
joy o’sha bozor kunlari sabzi, piyoz, go’sh- yog’ sotilaturg’on va bir burchakda un- guruch, yukli eshaklar turaturg’on maydonmi?

Ana, yorug’ alanga maydonni kunduzday qilib yorutdi. Qimirlamas xalq, juvonlar, mash’alchilar, mashshoqlar, gilam soling’on so’richalar, oppoq soqolli chollar- hammasi, hammasi kunduz kungiday eng kichkina alomatlarga qadar ko’runib turalar. Lekin bir vaqt gulxanni tutun qoplab oladi. Alanga uchay- uchay deb, hamma narsa xuddi ko’lanka kabi ko’zdan yo’q bo’ladi. Qorung’u maydonda go’yo hech kim yo’q. Faqat juvonlarning o’chik yuzlarigina — upali lablar va surmali ko’zlari bilan, mash’allarning pilpillagan o’tlaridan yorishib, jonli niqoblar kabi bo’shliqda suzib boralar…

Juvonlar alishdirilalar. Yangi gulxan tutashdiriladi. Shunday qilib, haligi odam to’la maydon goh- goh tushdagi kabi butun yo’q bo’lib ketadi.
U….. tongotar vaqtidag’ina Iso uyiga qaytib keladi. Bu kun u bemalol uxlasa bo’ladi, chunki tong otgach, sholipoyaga shoshilish yo’q endi.
Barishka” ning do’koni tomondan birov Isoni chaqiradi.
Qarasa, qarshisida qizil yuzli “Barishka” turadi. Undan musallas hidi keladi.

— Aka, dedi u,- Samarqandga bormoqchisanmi?
— Ha,- dedi Iso xursandlik bilan.
— Qachon?
— Bozordan keyin.
— Puling bormi?
— O’n besh so’m bor.
— Bozorg’acha berib tur, aka.
Iso darrov belbog’ini yechib, xalta hamyonini oladi.
Barishka pulni olib dedi:
— Xay, bozor kuni beraman.
Iso devona, esi bor odam Barishkaga pul qarz berarmidi?

* * *

Yuklandi. Barishka pul berishni xayolig’a ham keltirgani yo’q. Iso necha marta uning do’koniga borib dedi:
— Ertaga Samarqandga aravalar jo’naydi…
Barishka kuldi:
— Iso, senga pul nima kerak? YO yana uylanmakchi bo’lasanmi?
Iso qizardi, bo’zardi, tutila- tutila anglatdikim, ertaga kechqurundan qoldirmay pulni olishi juda zarur, negakim, Najmiddin uni mayiz sotqali Samarqandga yuboradi. Shunda bu ham xotini va qizig’a ko’ylaklik chit olib keladi. Lekin Barishka uning gaplariga tishining oqini ko’rsatib kuldi, yelkasiga bir- ikki marta urdi va dedi:
-Xoting’a ko’ylak emish. Qari xoting’a Samarqanddan borib ko’ylak keltirar ekanmi kishi?
Iso hech narsa olomay boshini egib chiqib ketdi.

Kechqurun, aravalar jo’namasdan bir kun burun u Najmiddinning yonig’a bordi. Najmiddin aravalarga ot qo’shilaturg’on joyda- otxonada edi.
Iso to’nining uzun yenglarini qamchiday solintirib, tutilib va qaqshab turib dedi:
— Xo’jayin, pul yo’q, jindak pul bering! Ishlab berarman….
Najmiddin hayron bo’ldi:
— Pul yo’q! Hali Samarqandga ketayotibsanku!
— Barishka olib qo’ydi. “Bozor kuni beraman”, dedi. O’n besh so’m edi…..
Najmiddin jim bo’ldi. Mayiz qoplarini aravaga bog’lag’on arqonini qo’lida o’ynatar, qarshisida Isoning turganini unutg’on edi.

Sahndan Samarqandga boraturg’on aravakashlarning g’ovir- g’uvir gaplari eshitilardi. Odamlar shotini g’ichirlatar edilar. Orqag’a osib qo’yilg’on bo’sh chelak ( paqir)lar shildirardilar.
Iso yenglarini solintirg’on bo’yicha to’xtag’on, yana qaytib gap boshlashga botinolmasdi. Najmiddin uyga kirib ketmak uchun unga orqasini qilib burulg’ondag’ina, uni qo’llari bilan toxtatmoqchi bo’lg’on kishiday olding’a jildi va tezgina aytib yubordi:
— Pul bering, xo’jayin! Ishlab beraman. Bir oylig’imni oldin bering. Hali o’tog’ingiz bor, xirmoningiz bor. Necha yildan beri sizning xizmatingizni qilaman, o’zingiz bilasiz…..
Najmiddin unga yonboshi bilan burildi va dedi:
— Xay, beray, ikki tangadanga ishlaysan…

Belbog’ini yechib ko’b qog’oz pullarni oldi, o’n besh so’m hisoblab ajratdi, Isoga berdida, uning javobini ham kutmasdan uyga kirib ketdi.
Iso pulni oldi. Lekin tuni bilan xurjunini aravaga joylayotib o’z- o’ziga gapirdi.
Iso devona hech qaerda hech kim bilan savdolashib o’lturmaydi. Lekin bu safar hatto uning lablari ham g’azabdan qaltiradi…..
— Ikki tanga emish….. Hech kim sholipoyada kunda ikki tangaga ishlab beradimi?

* * *

Erta bilan, kun chiqqandan keyin “Qarobdol” qishlog’ig’a(?) yetib keldilar.
Bir saroy oldida zich tevaraklanib o’zbeklar o’lturg’on edilar. Sukunatda eshitilayotg’on shovqinlar, ko’pkan qorinlar bilan cho’zilg’on bo’yinlar, allaqanday seskantiruvchi kulish, mastlarniki kabi yong’on ko’zlar, bularning hammasi u yerda “bedana urishtirish” bo’layotg’onlig’ini bildiralar edi.
Saroyga yetib kelgan aravakashlar otlarni tashlab, bedana urishni ko’rish uchun orqa va yelkalarning zich halqasi orasig’a tiqilishar edilar.

* * *

Iso devona bedana urishtirishni o’lguday yaxshi ko’rardi. O’sha saroyning egasi Sharif aka degan qotma chol ham, tomoshachilar orasida edi. Iso uni yerga tiqilg’unday turtib bo’lsa ham, oldig’a o’tib oldi.
“Urish” juda qizig’on edi. Erkak bedanalar, qanotlarini ingichka bo’yinlari ustiga yoyib, ko’kraklari bilan bir- birlarini usalar edi. Changalchalari bilan yulishib, tumshuqlari bilan cho’qishib, kichkina va qaltirab turg’on gavdalari bilan yerlarda yumalanalar edi.
“Bedana urishtirish” ko’blarni xonavayron qilaturg’on bir havasdir.
Pul, kiyim, ot va hatto yer- suvni boy beralar. Urushqoq bedanalar juda qimmat baho narx bilan sotiladi. Donglari chiqadi. Eslarda qoladi. Ular to’g’risida hikoyalar to’qiladi.

Indamas Xoliqul chol, oqish kelgan va uzun tumshuqli bedanasiga jim o’lturib olib, “ha” deb pul qo’yar va to’p- to’p pul yutqizar edi. Choqish degan yoshqina bir o’zbek yigitning bedanasi uni maydondan haydar edi.
Bu urishga hamma baravar qiziqqan edi. Xoliqulning betlari va bo’yinlari biroz qoraya tushgan, lekin qimirlashlari boyag’iday tinch edi. Ko’lanka oradan ko’tarilib, quyoshning shu’lalari alvon sallalarga tushib qolsa ham, hech kim joyidan qo’zg’almadi. Xoliqulning o’jarligi hammani o’ltirg’on joyig’a mixlab qo’yg’on edi. Hamma qiziqib oqibatni kutar edi.
Urushqoq “botir”larni yana joy- joyig’a qo’ydilar. Choqish bedanasining g’ashini keltirmak uchun tumshug’ig’a chertardi. Shunda birdan Xoliqul o’rnidan turdi va baland ovoz bilan:
— Bas!- dedi.

Bu so’z hammani uyqudan uyg’otg’onday bo’ldi. Davra bo’shashdi. O’ltirg’anlar birin- birin qo’zg’ala boshladilar. Xuddi shu vaqtda allakimning qaqag’on shovqini eshitildi:
— Boshla! Boshla!… Qo’yaman!
Bu Iso edi.
Kulishdilar- da, yana davra olishdilar. Allakim tojikchalab dedi:
— Hay, barakalla, Iso devona!
Shu bilan ho’l, parlari to’zg’on “botirlar” egalarining qo’llaridan chiqib bir- birlariga tashlandilar.
Iso xuddi Xoliqulning o’jarligini yuqtirib olg’onday, haligi oqish kelgan bedanaga tikdi.
— Iso devona pulini suvg’a tashlamoqchi bo’libdir! Choqishning qarshisig’a bitta tanga ham qo’yib bo’lmaydi!- dedilar.

Lekin oradan bir minut ham o’tmasdan umumning hayrat shovqini, qah- qah urib kulishi va “balli, balli”si Isoning yengishini qutladi. Choqishning bedanasi orqamchasig’a yiqildi, zabun bo’lib qanotlarini qoqdi, so’ngra zo’rg’a changalchasi bilan tiklanib, tumchuqchasini yerga surkab tevarakdan chiqdi va ko’katlikka qarab yugurdi.
Iso qo’llarini qarsillatib, qah- qah urib kulib, boshini quyi solib tevarak- atrofdag’ilarg’a qarar edi. Choqish uyalib turib kular va peshanasining terini artardi.
Bedanasini yana tutib tag’in maydong’a qo’ydi.
Yana “urish” boshlandi.

Lekin Xoliqulning oqish bedanasi bir yenggandan keyin go’yo hamma kuch- quvvatini birdan yo’qotg’onday bo’ldi. Choqishning qoramtil bedanasi unga tashlanar- tashlanmas, u bo’yini pastga egib yig’ildi va tevarakdan qochdi.
Iso engashib Choqishning qulog’ig’a bir narsa dedi. U boshini chayqab dedi:
— Xay, xay…..
Yana “botir”larni bir- biriga qarshi qo’ydilar. Aravakashlar bir- bir ketin otlarini qo’shg’ali keta boshladilar. Jo’nash vaqti bo’lg’on edi. Iso bo’lsa hali ham urish maydonida edi. Hadeb engashib Choqishning qulog’iga allanarsalar pichirlardi.

Kun tush bo’lib, aravalar yo’lda g’ijirlag’on vaqtida, aravakashlar orasida Iso yo’q edi. U boyning mayizini ham Choqishga boy bergan edi.
Aravaning o’rtasig’a do’m tushib yotib olib, otining boshini kelgan tomong’a burg’on edi.
Gavdasi og’irlashg’on. Qo’llari va oyoqlarig’a qo’rg’oshin quyg’onday bo’lg’on edi. Boshi juda zo’rayib ketganday bo’lib, ingichka bo’ynida boshi emas, o’zi turg’onday tuyular edi….. O’chib- sarg’ayg’on yuzlarida ter paydo bo’ldi.
Sharif aka uning yonig’a kelib o’zbekcha gapirdi:
— Bezgak bo’libsan.
Isoning quloqlarida allakim xuddi “bozori shab” kechasi juvonlar o’ynag’onda chaling’on childirmalarday childirma chalardi…

Kechasi yarim kechada Iso Najmiddinning hovlisiga qaytib keldi. Xuddi ko’chada qattiq sovuq borday tishlari shaqirlar va butun a’zoyi- badani dir- dir qaltirardi.
Necha yil sholipoyada ishlab bir marta bezgak bo’lmag’on kishi edi! Endi boshig’a shunday falokat tushganda u ham og’rib qoldi.
Yo’l bo’yi Najmiddin uni bo’g’ib yotqonday, Samarqanddan olg’on chitlarini tortib olayotg’onday, yong’inasida Muazzam turib, xuddi qulog’ig’a:
Ota!….. Ota!…..- deb yig’lab yotqonday bo’ldi.
Yo’l bo’yi javlab, isitmaning xayolati bilan tortishib keldi.

Najmiddin tashqarida turib indamasdan Isoning gaplarini tinglardi. Iso gapirardi:
— Mayizingiz uchun hozirg’a o’lturg’on uyimni oling. Yaxshi uy. Yangi, kichkinarak, lekin yaxshi uy. Xizmatingizni qilaman. Iso ish qilishni biladi. Pulingiz kuymaydi, xo’jayin….. Iso necha yildan beri xizmatingizni qiladi, xo’jayin…

Najmiddin eshitdi. Yoni- beriga qaradi. Bir narsani o’yladi….. So’ngra bemalol burung’iday tekis ovoz
bilan dedi:

— Uying kerak emas, bir yil qarolliq qilsang, uzilib ketasan….. Tegirmonga bitta odam kerak.
Iso “Xovaroy bilan Muazzamchi? Ular nima bo’ladi? Ularni kim boqadi? Chit ko’ylak nima bo’ladi?- deb so’ramoqchi bo’ldi. Lekin Iso- devona, shu uchun indamay qo’ya qoldi…..

Tamom

011

(Tashriflar: umumiy 416, bugungi 1)

Izoh qoldiring