Dilshod Rajab. She’rlar. Yon daftardan.

055
Бухоролик авлиё-алломалар ҳақида ўйласам, улар Бухоронинг тор жин кўчаларидан чиқиб, кенг дунёни „забт“ этганига қойил қоламан. Шоирлигимга бориб, бу жин кўчаларни „авлиё кўчалар“ дегим келади (Шоир ёндафтаридан).

02

911Дилшод Ражаб 1964 йил Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида зиёли оиласида туғилган. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган. 1990 — 1993 йиллар Низомий номидаги ТДПИ аспирантурасида ўқиб. Филология фанлари доктори, профессор П.Шермуҳамедов илмий рахбарлигида «80-йиллар ўзбек болалар шеъриятида поэтик маҳоратнинг айрим масалалари» мавзусида номзодлик ишини ёзиб, ҳимоя қилди. У 1994 — 2004 йилларда Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитасида, Адабиёт жамғармаси нашриётида, Республика «Шаҳидлар хотираси» хайрия жамғармасида турли лавозимларда ишлади.
Дилшод Ражаб болаларга аталган «Отамнинг боғи», «Дарё кўнгил», «Жилвон ўғлони», «Алифбо», «Саноқ», «Сукут сарҳади», “Таниш товушлар”, “Нур йўли”, “Ўн ўртоқ” каби ўндан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Журналистика соҳасида VI “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори. Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Вазият» газетасида бош муҳаррир..

02
ДИЛШОД РАЖАБ
ШЕЪРЛАР
02

СУКУТ САРҲАДИ

Жим турдимми,
Қилдимми сукут?..
Шовқинларга аралашмадим,
Амал-тақал кун кўрдим гоҳи,
Сўз сотиб, амал талашмадим.
Жимман. Кимман, мен бир меҳнаткаш,
Енг шимариб билагимгача,
Жим ишлайман, бу сукутимнинг
Чегараси юрагимгача.

ҚАДОҚ ҚЎЛ ҚИССАСИ

Қул сўзига уйқашроқ номи,
Қисмати ҳам ўхшар нақадар.
Фақат меҳнат, меҳнат касб-кори,
Қора ишда суяги қотар.

Эрта-кеч ер тирнаб, букилиб,
Кафти қадоқ, ҳоли бир хароб.
…Хирмон тўлиб, ҳосил уюлиб,
Охир бир кун бўлар сарҳисоб.

Бийрон сўйлар Тил, керилар Қош,
(Йиғинларда сал тин олади.)
Тўн – елкага, дўппи кияр Бош,
У-чи, қарсак чалиб қолади

ТАНДИРГА ҲАЗИЛ

Сен борки, нон — ҳаёт бор,
Жон тандиржон, оима сан.
Лекин, лекин бунчалар
Оғзи очиқ боимасанг.
Куйиб-пишиб қоласан,
Қийнаб ширин жонингни,
Узиб олиб кетарлар,
Оғзингдаги нонингни.

ҚЎЙНИНГ ШИКОЯТИ

Эчкивой билан яшаш—
Рости, тегди жонимга.
Бигиздай шохларини
Ниқтаб турар қорнимга.
Ем-ҳашакнинг яхшисин—
Танлаб, аввал у ейди.
Бир гап десам, шохларин—
Ўқталиб, „жим бои“, дейди.
Не ҳам дердим, кўнаман,
Бунча золим боимаса?!
Қийин экан яшамоқ—
Бошда шохинг боимаса!

ПИЁЛАНИНГ ҲАЗИЛИ

Чойнак, дўстим, не учун
Бурнинг доим осмонда?
Ҳаа, биламан, оғзингга
Қуйиб турар Қумғонлар.
Лекин менга керилма,
Жилмасдан шу ўрнимдан
Ичганингни барини
Тортволаман бумингдан.

ЖИЛВОН ИЛҲОМИ

Шароф ака Алиқуловга

Баҳору ёз Шофирконнинг Жилвони —
Минг жилва-ю гўзалликнинг уммони.

Бу уммонда сайр этсанг кемадай,
Хаёлингга не ташбеҳлар келмагай:

Қизғалдоқлар-қизалоқлар, ажиб-да,
Бир муддатга келган баҳор базмига.

Кўк майсалар майдан мастдай чайқалар,
Ўт-ўланлар эрта баҳор найчалар.

Қиёқлари қулоқсизлик қилмайди,
Юлғунлари юлғич эмас, юлмайди.

Ёвшанлари «ёвсан» демас, дўстим, дер,
Сенинг кўнглинг хуш қилай деб ўсдим, дер.

Саксовуллар-ясовуллар, сафма-саф,
Қадим қумлар ҳужумини айлар даф.

Кавраклар — тик қомат, адл аскарлар,
Сергак туриб бу ер тинчин асрарлар.

Қўй-қўзилар маъраб ўтга чўзилар,
(Тартиб бузар баъзан, эчки – бузилар)

Той-қулунлар елиб кетар қуюндай,
Бош айланмас бундан, дил шод суюнгай.

…Шод ҳам бўлиб, отдай бўлиб қайтдим мен,
Жилвоннинг бир жилвасидан айтдим мен.

Шароф ака шарофати бу шеърим,
Минг достонга арзийди она ерим!

ОНАМНИНГ ҲАССАСИГА

Онажоним қўли маҳкам ушлаган,
Бир ўғилдай елка тутиб, суяган —
Ҳассажон, юравер доим «тўқ-тўқ-тўқ»,
Бемеҳр фарзандга урган каби дўқ.

Сенчалик ҳам мадад бўлолганим йўқ…
… Товушинг таралиб турса, кўнглим тўқ.

ОТАМНИНГ КЕТМОНИГА

Эй, қанча тупроқни ўйиб-қўпорган,
Отам елкасида сени кўтарган.
Мен бошимда тутай, бошимни эгай —
Таъзимлар қилай, ёнингдан ўтаркан.
Эй, отам пойига неча бош урган,
Гоҳо дами қайтган – заранг тош урган.
Гарчи бир кетмонсан, кўп қадрдонсан,
Қадоқ қўл, ҳалол тер қадринг оширган.

ШОИРЛАР

Ўйламанг шоирлар шундоқ юради,
Ўз ўйи, ўз завқу алами билан.
Улар бу дунёни тергаб туради,
Кўрсаткич бармоқдай қалами билан.

ХОРАЗМ САФАРИ

Жаннат диёрга элтар шу қурғоқ чўл йўллари…
Ўзбекман деган ғурур кўксингга лим тўлади.
Парижу Лондонларга бормасанг қам бўлади,
Хоразмга бир борсанг, Хоразмга бир борсанг.
Ичон қалъа ичинда ҳайратларга тўлурсан,
Паҳлавон Маҳмудга чин, хос набира бўлурсан.
Оламнинг минг чиройу жозибасин кўрурсан,
Хоразмни бир кўрсанг, Хоразмни бир кўрсанг.
Жайҳун каби жўш урар қаршингда тилсим, сирлар,
Қалбинг Мангубердининг тулпоридай дукурлар.
Дунёга келганингда қилгайсан минг шукурлар,
Хоразмга бир келсанг, Хоразмга бир келсанг.

02
ЁН ДАФТАРДАН БИТИКЛАР
02

КИТОБ — ОФТОБ

«Қуёш нури кирмаган хонадонга тез-тез табиб кириб туради» деган гап бор. Бу қуёшнинг инсон саломатлиги учун кечоғли муҳим ва аҳмиятли эканини билдиради. Китоб — офтоб деган гап ҳам бор. Китоб кирмаган хонадонга ҳам жаҳолат қадам қўяди, ин қуради. Маънавий жиҳатдан носоғлом бўлган бу муҳитга эса кейин тез-тез ташвиш ва кулфатлар «ташриф» буюради.

ОЛМА ПИШ…

Олма пиш, оғзимга туш деб ўтирганинг билан иш битмайди. Кўп нарсадан қуруқ қоласан. Лекин шугина эмас. Шундай деб оғзиз очиб ўтирган одамнинг оғзига олма-ку тушмайди, лекин пашша-чивин қўниши мумкин. Оғизни ёпиб, кўзни катта очиб яшаш керак.

ОНА МЕҲРИ

Она меҳри! Бу туйғуни тўла таъриф-тавсиф этиб бўлармикан? Уни мукаммал қамраб оладиган ўлчов-баҳо бормикан? Йўқ, менимча. Уни сўзу таинбеҳлар билан таърифлаш худди қуёшини шам билам, уммонни кўл билан, боғу бўстонни бир гул билан аташдай гап. Лекин қалам аҳли борки, баҳоли қудрат бу туйғуни тасвирлашга, улуғлашга изм ва жазм этади. Гарчи бу тасвиру ташбеҳлар, қиёсу иқтибочлар денгиз олдидаги томчидай бўлса-да, ҳар нечук аёллар, оналарга бўлган чексиз мухаббатимизни бир қадар ифодалайди.

МЕТРОДА

Метрода кетаётгандек, эълон янгради: «Пахтакор» бекати. Шу ердан «Ўзбекистон» йўлининг Алишер Навоий бекатига ўтилади». «Ўзбекистон» йўли «Алишер Навоий»дан бошланаркан-да деди ҳамроҳим. «Ҳа, шундай» дедиму, бир фикр ярқ этди. Ўзбекистонимиз Алишер Навоий истаган ва куйлаган эзгу ва ёруғ йўлдан кетаётир. Эзгулик ер остида ҳам, Ўлмас, кўринг, ошналар. «Ўзбекистон йўли» бунда, «Навоий»дан бошланар!

ЙЎЛ

«Барча йўллар Римга олиб боради», деган маш¬ҳур ибора бор. Бу Римнинг ўша даврлардаги салоҳияти ва қудратини билдирган. Шунга ўхшаб, Бухорои шариф ҳақида айтгим келади: Бухорода эса ҳамма йўллар кишини қайсидир бир қадамжо ё зиёратгоҳга олиб боради. Бухоро йўлларини оёқ билан эмас, қалб билан, юрак билан ўтмоқ керак. Шунда Бухоронинг барча йўллари кишини иймонга, илму маърифатга олиб боради.

ТИШ ВА ТИРНОҚ

Тиш соҳибига ҳамиша содиқ хизматда бўлди. Йиллар ўтиб у қариб, тиш ҳам нурай бошлади. Худди содиқ хизматкорини муносиб мукофотлаб, зар тўн кийдирган каби, соҳиби тишга тилла қоплади. Энди соҳиби хурсанд бўлиб кулганида, тилла тиш ҳам ярақлаб кетади. Тирноқ эса униб-ўсгани ҳамоно ўз бағрига кир-чирларни тўплади. Шу боис уни ҳар доим қирқиб ташлашарди. Шунинг учун, ёш дўстим, ҳаёт қийинчилигига тишингни-тишингга босиб, чида, сабр қил. Худди тилла тиш каби эъзозда бўласан. Ҳеч қачон бировга тирноқча ҳам ёмонлик қилма. Аксинча тиш-тирноғинг билан яхшилик учун хизмат қил.

ТАНДИР ТАФТИ

Эртаксевар укам тандирни аждар оғзига ўхшатганди. Чиндин ҳам ловуллаб ўт ёнганда оғзидан оташ пуркаётган аждаҳога ўхшайди у. Лекин унга баҳодирлар эмас, оналар юзма-юз, тик келишади. Нон ёпадиган ўшалар-да. Шунда бир қиёс ўйга келади: жонфидо оналар фарзандларга нон-насиба етказиб бериш учун ўзини аждарҳо комига уришдан ҳам қайтмайдилар, баҳодирлар каби. Она меҳридан ҳам буюк, кучли туйғу бормикан? Фарзанди учун ўзини ўтга-чўққа уришга тайёр онажонларимиз ҳамиша ўтдан ҳам, бошқа офатлардан ҳам омон бўлишсин. Оламнинг ёмон ўт-оташлари тандирларга жойлансин, эзгуликка хизмат қилсин. Дунёни тутунмас, она меҳри ва тандир тафтида пишган ширмой нон ҳиди тутсин!

КЎЗГУ

Кун ва тун, тонг ва шом… Булар — олди ойдин, орти қорайтирилган кўзгуга ўхшайди. Неки ҳолатинг, имо-ишора-ю, қиёфанг кўзгуга юзма-юз турганингда айнан такрорлангандай, ҳаётдаги ҳар бир ишинг ўзингга қайтади: яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам. Неки қилсанг, ўзингга қиласан, деб бежиз айтилмаган.

ШЎРЛИК

Қинғир ишларини бекитиш учун неча-неча назоратчи-ю тафтишчиларнинг «оғзини ёпиш» билан овора-ю сарсон бўлиб юради. Ундан кўра ўз оғзини ёпса — нафсини тийса, бўлди-ку. Қолаверса, ҳамма ёқни «ёпган» билан, барчасидан огоҳ зот — яратган Эгамиз кўриб турибди-ку. Хаҳ инсон, хаҳ нодон-а….

ЕНГИЛ

Сен бунинг туб-тубидаги маънони қаердан ҳам тушунардинг. Ахир истаганинг билан ҳам сувга шўнғиб-чўколмайсан, пўкакка ўхшаб юзага қалқиб чиқаверасан.

ҚЎЛ УЧИДА

Таъбир жоиз бўлса, техник-технологик тараққиёт тезюрар поезддек елиб бормоқда. Кечагина қўл етмас орзу каби бўлган қўл телефонлари бугун қўлимизда оддий «ўйинчоқ» бўлиб қолди. Бармоғининг учи билан дўстига ё севгилисига СМС ёзаётганларни кўрсам, ёшлик ёдга тушади. Биз бир хат ёзиш учун жиддий ўтириб, бор диққат-эътиборимизни жамлаб, қалб қўрини қўшиб хат ёзардик, хусусан севги мактублари бўлса. Энди-чи, автобусдами, бекатдами, кўчадами, бир зумда, қўл учи билан СМСлар ёзиб, жўнатса бўлади. Ҳа, замон-да бу. Майли, фақат бу хатлар юзаки, енгил-елпи яъни эл ибораси билан айтганда, «қўл учи»да битилмасин-да.

СОХТАЛИК

Унинг сохта сурату сумбатидан сеҳрланиб, ҳайбатли ҳолидан ҳайрату лол бўлаверма. У сенга филдай кўриняптими? Фил бўлса ҳам пашшадан ясалган фил у, найрангбозники.

ДАРАХТ ИБРАТИ

Мевали дарахт. Шунча шиғил, ҳил-ҳил мевалар етиштириб ҳам асло кеккаймаган, аксинча тавозе билан ерга эгилиб турибди. Унга тош отсангиз, у мева «отади». Калтак-таёқ билан урсангиз, ширин мева билан сийлайди. Шунчалар хоксор, сермеҳр, сахий.
Авлиёларга ўхшайди мевали дарахтлар…

МАНСАБ ВА МАЪНАВИЯТ

Афсуски, гоҳо мансаби юксалган сари маънавияти саёзлашадиган кимсалар учрайди. Улар тепадан туриб пастга назар ташлаш ўрнига яна ҳам бурни осмонда бўлиб, оёқ остини кўрмай қоладилар. Бу худди сув юзасига қалқиб чиққан кўпик, хору хаслар тубдаги дур-жавоҳирни билмагани кабидир.

Ҳаёт уммонида бир дур эмассан,
Сувнинг юзидаги кўпиксан, хассан.
Сен учун ғалати тазод бу ҳаёт:
Мансабинг баланду ўзинг кўп пастсан.

НАТИЖА

Ноль (0) бу ҳеч нарса, пуч нарса, дегани. Математикада оддий бир тушунча бор: қайси сонни нолга кўпайтирсанг, натижа ноль бўлади. Ҳатто у қанчалик йирик сон бўлса ҳам. Инсон ҳаёти ҳақида ўйласам, шу математик амал эсга келади. Агар инсон ҳам ўзига берилган бебаҳо умрини дунёдаги ўткинчи, ҳеч нарсага арзимас ишларга, пуч орзу-ўйларга сарфласа, натижаси ноль бўлади, ҳеч бўлади.

ФАВҚУЛОДДА КЕЛГАН ФИКРЛАР

Киши ҳар хил ҳолат ва вазиятларга тушар экан, беихтиёр кўнгилдан қандайдир бир ҳис-туйғу кечади, онгу шуурида турфа фикрлар «йилт» этади. Қалам аҳли уларни «тутиб» олиб, қоғозга муҳрлайди. Ёзувчининг ён дафтари шу учун ҳам керак. Мен ҳам ён дафтаримдаги айрим битикларимни сиз билан ўртоқлашгим келди, азиз газетхон.

—Сўнгги сўмига китоб сотиб олаётган одам энг бой кишидир.

—Жим туриб ҳам кўп гапларни айтса бўлади.

—Ҳалол терни ҳалол ерга тўкиш керак.

—Жамоа юзига оёқ қўймоқчи бўлганнинг оёғи осмондан келиши турган гап.

—Қўғирчоқ бўлишга тўғри келса, фақат гўдакнинг қўлида бўлардим.

—Қораланган қоғоз ҳам кўп нарсани оқлаши мумкин.

—Ғурурли киши ўз даражасини билади. Кибр¬ли киши эса ўзгалар даражасини билмайдиган одамдир. Унинг фақат димоғи осмонда, ўзи эса паст(каш)дир.

—Шундай совуқ феъли билан ўзгалардан илиқ гап, илиқ муносабат кутади яна.

—Мулк-амал учун эмас, мукаммал бўлиш учун интилмоқ лозим.

0111

(Tashriflar: umumiy 11 313, bugungi 1)

Izoh qoldiring