Hasan Manzur. O’gay ona

066
Онангиз ажойиб эди. Машинамни овозидан танирди. Варзикдан қайтишимда чой дамлаб, тухум пишириб берарди. Варзикнинг ярим одами онангизни чойини ичган. Таъзиясига ҳам кўпчилиги келди, – почча Ҳусанга чой қуйиб узатаркан, ҳикоясини давом эттирди. – Ўша кезлари руслар Шакафтордаги олтин конларига Ангрендан темир симёғоч тортган. Асосан немис асирларини ишлатишган. Озғин, оёқда базўр турган тутқунлардан бири нон сўраб келса, онангиз бир челак тухум билан икки тандир нонни улашиб юборибди. Уруш кўрган Улканбой акам бир ғижинади…

91
08
Ҳасан Манзур
ЎГАЙ ОНА
55

007Баъзан хотиралар қалбни тирнайди… Гоҳо шундай бўладики, топганларингдан йўқотганларинг кўпга ўхшаб кетади. Ўксик бир ҳаяжон билан босиб ўтган йўлингга назар ташлаб оласан.

Отаси вафотидан кейин пойтахтда ўқишини давом эттираётган Ҳусан уч-тўрт ойда бир қишлоққа келиб, аясидан хабар олар, ҳар келганда аясини бир юмуш устида учратарди.
Бу сафар борганида аяси эшик супираётган экан. Ишга берилганидан унинг қадам сасини ҳам эшитмади.
– Ая, мен келдим…

Аяси қаддини кўтарди, кўксига туфлаган бўлди: «Капалагимни учириб юбординг, болам», – деди. Кейин бир зум, атиги бир зум у тарафга назар ташлаб турди-да, қўлидаги супургисини улоқтириб, уни бағрига олди.
– Нега ҳаяллаб кетдинг, болам, онанг эмасман-да, онанг бўлганимда бунчалик йўқолиб кетмасдинг, – дея гина қилди.

Аяси уни қучганча турар, елкалари силкинаётганидан унсиз йиғлаётгани сезиларди. Ҳусан аясининг оқариб кўкимтир тус олган сочларини силади, юзига сидирилиб тушган рўмолини пешонасига тортди.
– Нега ундай дейсиз, мен сизни онамдан яхши кўраман. Иш, ўқиш билан вақтим бўлмади.
– Отанг ўлмаганида кундузи ўқирдинг.

Аяси ундан аввалроқ бориб ёғоч каравотга ёзиғлик кўрпача устига янгисини солди.
– Нима қиляпсиз, ая?
– Меҳмондай келиб, меҳмондай кетасан, кўрпача солаяпман.

Дастурхонни янгилагани аяси ичкарига кириб кетди.
– Ўтирсангиз-чи, ая, соғиндим дейсиз-у, келсам олдимда тинч ўтирмайсиз.
Аяси қант-қурсга қўшиб тоза оқ нафис докага ўралган гўшт тўрғамларини олиб чиқди.
– Сенсиз томоғимдан ўтармиди, болам, гўшт пиширганимда насибангни олиб қўйганман.
Ҳусан бўғзига нимадир тиқилиб ютинди.

У ҳарбийда юрган кезлари аяси ҳар ош дамлаганда насиба деб бир кафт гуручни халтага солиб қўйган, келган куни ўшани ўзига ош қилиб едирган эди.
– Ола қол, болам, – қистади аяси, – офтобда қотириб, кейин муздек жойда асраганман.
Аяси гўшт бўлакларини тақсимчага майдалади.
– Энди иккимиз баҳам кўрамиз.

Ҳусан тақсимчани ўртага қўйди.
– Ҳали ҳам аччиқ чой ичасанми? Сен ичадиган қилиб дамладим.
Она – бола чойхўрликка ўтиришди.
– Чарчаб қоляпсиз, ая, сизга қийин бўлди.
– Мени қийналмасин десанг, уйлан. Келин олдимда бўлади.

Ҳусан пишитиб келган фикрини ўртага ташлади:
– Аввал укамни уйлантирамиз.
– Сан жинни бўлибсан, – аясининг туси ўзгарди. Халқ кулади, ўгайлигига борди, ўзиникини аввал уйлантирди дейди.
– Халқ бизни бошимизни силаб катта қилганингизни билади. Укамни қарз-қаволасиз уйлантирсак, бас. Эру хотин ишласа, мен уйлангунча ўзларини тиклаб олади.
– Оғанг келсин-чи, – аяси бўшашгандай бўлди.

Тамаддидан сўнг, дастурхон йиғиштирилди.
– Уч-тўрт кун турарсан?
– Уч кунга рухсат олиб келдим.
– Агар чарчамаган бўлсанг, шаҳарга тушиб холангни кўриб келсанг бўларди.
– Қайтишимда кириб ўтаман.
– Хола ҳам онадай гап.
– Йўл-йўлакай кирсанг, хафа бўлади, эринма, болам.
Ая Ҳусанни кўчага қадар кузатиб чиқди.
– Холангни сўраб қўй, кейин бояги гап учини чиқар-чи, нима деркин?

* * *

Сукут инган кўчалар Ҳусанга болалик чоғларини эслатди. У болаликдан одамови ўсган, кўпчиликка қўшилмас, ўйинқароқлик ҳам қилмас, аясидан ажрамасди.

Катта қишлоқда уни танимаган одам йўқ эди. Тўй-тўйчиқ, бирон маъракадан келаётган аёллар ҳамиша уни ўраб олишар, Норбининг ўғли деб суюшар, чўнтакларидаги бор нарсаларини қўлига тутқазиб кетишарди. Ҳусан Норбининг эмас, аясининг ўғли бўлишни истар, йиғламсираб уйига қайтарди.
– Ая, хотинлар мени Норбининг ўғли дейишяпти.
– Хотинлар бекор айтибди. Сен менинг ўғлимсан, сени даладан, янтоқнинг тагидан, қуёнларнинг ёнидан топиб олганман.

Уйга кириб кетган аяси кафтини қант-қурс билан тўлдириб чиқиб, дўпписига соларди.
– Мен сенга уларникидан яхшироғини бераман.
Кун иссиқ эди. Кўча охирига борган Ҳусан бир тўп аёлга дуч келди. Салом берди. Аёлларнинг улуғи олдинга чиқди.

– Норбининг ўғлимисан?
– Обдагулни.
– Обдагулники ҳали ёш, Норбиникига ўхшаяпсан, қош-кўзларинг айтиб турибди, – аёл ёнидагиларига ўгирилди. – Буни онаси «пински дом»да туққан. Норби раҳматли икки бешикни икки ёнига қўйволиб ўрикни соясида алла айтарди. Биз Қўштепанинг ёнида чопиқ қиламиз. Унинг алласини эшитиб йиғламаган одам ҳам йиғларди. Умри қисқа экан-да, мана боласи бўй етиб уйланадиган бўлиб турибди.

– Соч деганини айтинг, – қўшилди иккинчи аёл. – Обдагул ҳам тузук, ўгайлигини ҳам билдирмади.
– Етимларнинг бошини силаганини худойим ҳам билди, битта бўлса ҳам ўғил берди, – давом этди гап бошлаган аёл.
– Уйга кириб ўтиринглар, – таклиф қилди Ҳусан улар билан хайрлашаркан.
– Худо ҳоҳласа, тўйингда сават қилиб берамиз, – чувуллашди аёллар.

* * *

Ҳусан айни туш чоғида холасиникига кириб борди. Айвонда дўппи тикиб ўтирган холаси дарвозадаги шарпани сезди, таниди, тикаётган дўпписини отқилаб ялангоёқ чопди.
– Ҳой-ҳой, онаси, ўпкангни бос, жиянинг кетиб қолмайди, – ёнбошлаб ётган почча хотинининг ортидан йўрғалади.
– Кел, болам, – холаси уни қучоғига олди ва тийиқсиз кўз ёшлари билан унинг юзларини ивитди.

Почча ҳам уни худди оталардай бағрига олди. Ҳаммалари қўлтиқлашиб шийпонга одимлашди.
– Тошкентдан қачон келдингиз? – саволга тутди почча.
– Эрталаб поезддан тушдим. Уйда бир пиёла чой ичдим, кейин аям бу ёққа жўнатди
– Умридан барака топсин, – дастурхон солишга тутинган холаси аяси ҳаққига дуо қилди. – У дунё-бу дунё кам бўлмайди. Ўтган ҳафта бозорда учратдим. Сизни сўрасам, анчадан бери келмайди, деб кўзига ёш олди. Зинҳор-базинҳор дилини оғритманглар.

Насиҳатдан бошланган суҳбат олис хотираларга кўчди.
– Норби ўтганда тўққиз ойлик чақалоқ эдинг. Маъракасини ўтказиб, отам раҳматли Обдагулни поччамга ўзи бош бўлиб олиб берган.
Холасининг кўзига ёш қалқиди.

– Кел. Холаси, энди бу кишининг ҳам юрагини сиқма.
– Кўнглимни ойда, йилда бир шуларга бўшатмасам, кимга бўшатаман.
– Каркидондан анча нарида, Варзикнинг ёқасида финлар услубида қурилган ёғоч уй бўларди, – изоҳ берди почча. Одамлар «пинский дом» деб аташарди.
– Бир тарафи узумзор, бир тарафи ўрикзор бўлган уйни мен ҳам эслайман, – суҳбатга қўшилди Ҳусан.
– Баракалла. Сизлар ўша ерда туғилгансизлар.

Қаҳратон қиш чилласида «пински дом»да яшаган онаси молларни суғоргани қишлоққа ҳайдаб тушгани, ортидан турган шамол аввал уй деразаларини, сўнг эшикни очиб юборгани, қишлоқ чилласида елвизакда қолган қизалоқ, унинг опаси, кечга бориб иситмалаб ўлиб қолганини ҳам у биринчи марта шу куни холасидан эшитди.

Чой устидаги суҳбатга ора-сира почча қўшилди.
– У вақтлар автобус йўқ. Таксида Варзикка одам ташийман. Онангиз ажойиб эди. Машинамни овозидан танирди. Варзикдан қайтишимда чой дамлаб, тухум пишириб берарди. Варзикнинг ярим одами онангизни чойини ичган. Таъзиясига ҳам кўпчилиги келди, – почча Ҳусанга чой қуйиб узатаркан, ҳикоясини давом эттирди. – Ўша кезлари руслар Шакафтордаги олтин конларига Ангрендан темир симёғоч тортган. Асосан немис асирларини ишлатишган. Озғин, оёқда базўр турган тутқунлардан бири нон сўраб келса, онангиз бир челак тухум билан икки тандир нонни улашиб юборибди. Уруш кўрган Улканбой акам бир ғижинади… Норби раҳматли қишда узилган-да…

– Чиллайди, – эслади холаси. – Нусратжон мактабга чиққан йил. Кечга қолган бола туманда адашиб Ҳовасой ёқалаб Ёрқишлоқ тарафга ўтиб кетибди. Йўлига кўз тутиб турган Норби шамолда боласи овозини эшитиб, юпун кийими билан битта калишда боламлаб чопаверган. У вақтлар бўрилар кўп бўларди. Ўшандан кейин ҳафта ўтиб ётиб қолди деб эшитгандик. Унда шаҳар касалхонаси ёнимизда эди. Бир оқшом поччам шошиб кириб келди. «Синглингизни олдига чиқиб туринг, мен қишлоққа бориб келаман» – деди. «Пиёда қачон бориб келасиз», деб поччангизни қўшиб бердим. Бу киши машинани миниб келдилар. Мен касалхонага чопдим. Норби раҳматли бир бурда бўлиб ётибди. Олов бўлиб ёнаяпти. Олиб борган овқатимга қарамади. Сув сўради. Докани қорда ивитиб келиб, пешонасига боссам, ярқ этиб кўзи очилди. «Опа, – деди, – агар ўлгудай бўлсам, бир дам мени юз тубан ётқизиб қўйинг. Ичим заҳар билан тўлиб кетган. У ёққа сал покланиб кетай».

Ҳусан совуган чойини охирига қадар хўплади, бўшаган пиёлани кафтида айлантириб ўйнади.
– Нега ундай деб айтган? – деб сўради.
– Поччам кўча одами. Эрталаб ишга кетиб, кеч қайтади. Далада ёзу қиш бир ўзи сиқилиб қолган-да, болам, – тушунтирди холаси. – Сизлар ёш. Ўша куни поччам қишлоққа бу киши билан бориб қайтганда, Норби ҳолдан тойиб бўлганди. Поччамни кўриб розилик сўради. «Куним битган кўринади, дадаси, менга бир нарса бўлса, Ҳусанбой нимжон, ўзингиз олиб қолинг, Фотимани Ҳулкарби опамга беринг, у эплаб олади», – деди-ю, шилқ этиб боши қўлимга тушди. Айтгандай қилиб, юз тубан ётқизиб қўйдим. Ичидан роса бир коса айрон зардобидай кўкимтир сув тушди.

Орага оғир жимлик чўкди.
– Фотимани нега аммамга бермагансизлар? – суриштирди Ҳусан.
– Аям, ўгай онам оғиз солганда, поччам йўқ деёлмади.
– Ўйноқлашиб шаҳарга олиб борган-у, ўлигини олиб қайтган дейишади.
– Шаҳарга қизиникига олиб келган. Унинг иккита тутқаноғли боласи бор эди. Фотима касал болалар бошида айланиб ўйнайверган. Улар аҳамият беришмаган, беришса ҳам кўнгилларида нима бўлган, Оллоҳ билади. Мени олдимга олиб чиқишганда, бола ҳали тирик эди. Саодат эмизикли. Бор-е дедиму кўкрак тутдим. Чўлқ-чўлқ эмди, сўнг қусди-ю, қўлимда жон берди. Додимни кимга айтаман, болам.

Ҳусан ортиқ тоқат қилолмади. Гапни бошқа мавзуга бурди.
– Бир қишлоққа чиқсангиз бўларди.
– Тинчликми?
– Укамни уйлантирмоқчийдик.
– Сиздай акаси туриб-а?!
– Шунга аямни кўндиринг дейман.
– Обдагул нима деяпти?
– Эл кулади деб унамаяпти.
– Сиз-чи?
– Мен уйлансам, ўқишим жувонмарг бўлади.
– Кетгунингизча бораман.
Эру хотин Ҳусанни кузатиб кўча бошига қадар келдилар.

* * *

Кейин орадан уч ойлар ўтиб Ҳусан укасининг тўйига келди.
– Хафамасмисан? – сўради аяси. – Қизим йўқ, қиз бўлар деб синглимни қизини келин қилдим.
– Сизга ёққан бўлса, бўлди.

Амакилар тўйбоши, амма-холалар хизматда бўлишди. Отасининг ўрнини билинтиришмади. Ҳусан тўйдан кейин кўрманасини кўтариб келинни кўргани кирди-ю, қуруқ қайтиб чиқди.
– Шошманг, – янгаси уни остонада тўхтатиб ичкарига бош суқди. – Ҳой, овсинжон, қайноғангиз қайтаркан, тўқиган рўмолчаларингиздан бермайсизми?

Янгаси ичкаридан узатилган рўмолчани ёруғга солиб кўрди, ранги ўзгарди, бироқ буни ёнидагиларга сездирмади.
– Мана иним, келинингиз берган рўмолча. Олиб бориб дўппингизни устига ташлаб қўйинг. Уйланганингизда хотинингизга берасиз, шундайлигича эгасига қайтаради.
– Хафа бўлмай кетгин, ўғлим, – аяси уни нақ бекатга қадар кузатиб борди.
– Қизиқмисиз, ая.
– Энди тез-тез келиб тур, нафақамни йиғиб тураман.

Аяси билан хайрлашиб автобусга чиққан Ҳусан боядан бери кафтида қисиб келаётган рўмолчани автобус деразасидан улоқтириб енгил тортди.

Сентябр охирларида пахтага кетишдан олдин аясидан хабар олгани келган Ҳусан уни ғоят хомуш ҳолда кўрди.
– Бирон гап ўтдими?
– Танлаб-танлаб тозисига учрадим шекилли, болам, келин бир ой турмай кетиб қолди.
– Нимага?
– Уйимиз эскиймиш. Янгисини солиб бермагунимизча келмасмиш.
– Арқонни узунроқ ташлаб қўяверинг-чи, – маслаҳат берди у.

* * *

Ҳусан уйланди. Уч йил ўтса ҳам фарзанд кўришмади.
– Хотинингни дўхтирларга кўрсатгин, – маслаҳат берди аяси.
– Кўрсатдим, ая, ё бола асраб олинглар, ё ажрашинглар дейишяпти.
– Хотининг биладими?
– Йўқ.
– Билдирмай яхши қипсан. Ўша дўхтирларинг бекорларни айтибди. Хотининг болали бўлади. Тушимда Хўжайидод бобо мозорини супириб юрибди. Сен тилаклик бўлмасанг ҳам тилаклидан яхшироқсан. Болалигингда сени у ерга олиб бориб қозон қайнатиб келардик. Энди яна борамиз.

Жума куни саҳар йўлга тушдилар. Бир тарафи қуюқ дарахтзор, бир тарафи улкан тепалик бўлган мозордаги кўҳна иморат айвонида ўтирган қария уларни олисдан таниди.
– Обдагулмисан? – деб сўради. – Болалари катта бўлиб оёғини тийиб олди деб кеча дилимдан ўтказгандим. Қизингми, келинингми, шайхнинг мозорини тозалаб юрибди.

Бирга бориб шайх мозори тепасига тизилишди. Бобо дуога қўл очди. Бошқалар қўшилишди.
– Буни олдингизга кўп олиб келганман, буваси, – гап бошлади аяси. – Дуо қилинг, ота, шунга худойим қизми, ўғилми бир фарзанд берсин, ўйноқлатиб олдингизга олиб келайлик.

Бобо тиловат бошлади. Овози майин, ёқимли эди. Ҳусаннинг вужуди жимирлаб кетди. Дуодан сўнг бобо кампирини ёнига чақирди.
– Бор бисотингни кўр, бу қизингга атаган нарса чиқиб қолар.

Ичкарига кириб кетган кампир қўлида рўмол ва қиз боланинг кўйлакчаси билан чиқди. Рўмолни Саодатнинг бошига солди, кўйлакчани қўлига тутқазди.
– Қизим, бобонгни тилаклари беиз кетмайди. Сандиққа қўлимни тиқсам, илингани шу бўлди. Худо хоҳласа, фарзандли бўласан, боши қиз бўлади-ёв, қўлимга илинганидан билдим.

* * *

Бир йил ўтиб хотини қиз кўрди. Аяси умри бино бўлиб касалхона юзини кўрмаган, дори хидига тоқат қилолмасди.
– Юринг, набирангизни кўрсатиб келаман, – деди Ҳусан.
– Овсинлари юмма талар.
– Сездирмаймиз, секин таксида олиб бориб келаман.

Шундай қилишди. Аяси келини кўтариб чиққан қизалоқни қўлига олди, суйди, сўнг чақалоқни Ҳасаннинг қўлига тутқазди.
– Ол, кўр, қиз бола отасини бир кўришда танийди.

Киприклари узун, қошлари қоп-қора қизалоқнинг нафас олгани сезилмасди. Ҳусан чўгинқираб, андак энтикиш билан қизини қўлига олди.
– Қаранг, – кулди Саодат. – Қош-кўзлари худди сизники.

Қизалоқ сергак тортди, сизми менинг отам дегандай унга термулди, сўнг оҳиста кўзларини юмди. Саодат меҳр билан эрига қаради-ю, шивирлагудай қайнонасидан сўради:
– Исмини нима қўямиз, ойи? Ўзингиз танлаб беринг.

Аяси дуога қўл очди.
– Қиз берган Худо ўғилни ҳам беради. Фарзанднинг боши қиз бўлса, давлат бўлади. Илоё умри билан берган бўлсин. Кейингиси ўғил бўлсин. Йўқ демасанглар, Ўғилой бўлсин!

Аясини уйга кузатган Ҳусан ишхонасида қолди. Оқшом уйга сархуш қайтди. Аяси ўчоқ бошида куймаланар, негадир Ҳусанга рўбарў келишдан қочарди. Ўчоқ томон борган Ҳусан ажабтовур ҳолнинг устидан чиқди. Аясининг юзи тимдаланган, чуқур ботган тирноқ ўрнида қон қотиб қолганди.
– Қайси бири?! – қаҳр билан сўради у.
– Ўтир, ўғлим, менинг ўғлим бўлсанг, жим ўтир, – йиғламсиради аяси.

Аясининг гапи тугамасдан остонада укасининг қораси кўринди. Даладан энди қайтган, ҳали этигини ечмаган укасининг феъли айнигани юзидан билиниб турарди.
– Акамнинг хотинини кўргани борибсиз-ку, она, ўлиб-пўлиб қолмадингизми? – деди у олайиб. – Нима қилардингиз бориб, хотинга мени тилимни қисиб?
– Тилингни тийсанг бўларди, – Ҳусан уни муросага бошлади.
– Сиз аралашманг, мен ўзимни туққан онам билан гаплашаяпман.
– Қизинг эшигимда туғилганида ўла-ўла борардим, туғилганини билмасам, дарагини эшитмасам, нима деб бораман? – аяси ўзини оқлашга тушди.
– Кўру кармидингиз?
– Йўқол! Бу ердан қорангни ўчир!

Ҳусан ғазаб билан ўрнидан турди-ю, укасига қарамай кўксини ушлаганча кесилган дарахтдай йиқилаётган аяси томон чопди. Аясининг гап-сўзларини яхши англаб бўлмас, оёқ-қўли измига бўйсунмас эди.
– Қимирлатманглар, – маслаҳат берди Ҳусан олиб келган доктор. – Бу ёғи энди Худодан.

Ҳафта ўтмай аяси оғирлашди.
– Укангни чақир,– буюрди акаси Ҳусанга.
У ўрнидан турган эди, аяси этагидан тутиб ёнига ўтқизди.

Ўғилу келинлар кўз уриштириб олдилар.
– Тузалиб олай, ўзим биламан, – деди базўр аяси, – тузалмасам, рози бўлинглар.

У яна нимадир демоқчи эди, улгурмади, сўнгги сўзи бўғзида қолди.

«Шарқ юлдузи» журналининг веб-саҳифасидан олинди

072

08
Hasan Manzur
O’GAY ONA
55

007Ba’zan xotiralar qalbni tirnaydi… Goho shunday bo’ladiki, topganlaringdan yo’qotganlaring ko’pga o’xshab ketadi. O’ksik bir hayajon bilan bosib o’tgan yo’lingga nazar tashlab olasan.

Otasi vafotidan keyin poytaxtda o’qishini davom ettirayotgan Husan uch-to’rt oyda bir qishloqqa kelib, ayasidan xabar olar, har kelganda ayasini bir yumush ustida uchratardi.
Bu safar borganida ayasi eshik supirayotgan ekan. Ishga berilganidan uning qadam sasini ham eshitmadi.
– Aya, men keldim…

Ayasi qaddini ko’tardi, ko’ksiga tuflagan bo’ldi: «Kapalagimni uchirib yubording, bolam», – dedi. Keyin bir zum, atigi bir zum u tarafga nazar tashlab turdi-da, qo’lidagi supurgisini uloqtirib, uni bag’riga oldi.
– Nega hayallab ketding, bolam, onang emasman-da, onang bo’lganimda bunchalik yo’qolib ketmasding, – deya gina qildi.

Ayasi uni quchgancha turar, yelkalari silkinayotganidan unsiz yig’layotgani sezilardi. Husan ayasining oqarib ko’kimtir tus olgan sochlarini siladi, yuziga sidirilib tushgan ro’molini peshonasiga tortdi.
– Nega unday deysiz, men sizni onamdan yaxshi ko’raman. Ish, o’qish bilan vaqtim bo’lmadi.
– Otang o’lmaganida kunduzi o’qirding.

Ayasi undan avvalroq borib yog’och karavotga yozig’lik ko’rpacha ustiga yangisini soldi.
– Nima qilyapsiz, aya?
– Mehmonday kelib, mehmonday ketasan, ko’rpacha solayapman.

Dasturxonni yangilagani ayasi ichkariga kirib ketdi.
– O’tirsangiz-chi, aya, sog’indim deysiz-u, kelsam oldimda tinch o’tirmaysiz.
Ayasi qant-qursga qo’shib toza oq nafis dokaga o’ralgan go’sht to’rg’amlarini olib chiqdi.
– Sensiz tomog’imdan o’tarmidi, bolam, go’sht pishirganimda nasibangni olib qo’yganman.
Husan bo’g’ziga nimadir tiqilib yutindi.

U harbiyda yurgan kezlari ayasi har osh damlaganda nasiba deb bir kaft guruchni xaltaga solib qo’ygan, kelgan kuni o’shani o’ziga osh qilib yedirgan edi.
– Ola qol, bolam, – qistadi ayasi, – oftobda qotirib, keyin muzdek joyda asraganman.
Ayasi go’sht bo’laklarini taqsimchaga maydaladi.
– Endi ikkimiz baham ko’ramiz.

Husan taqsimchani o’rtaga qo’ydi.
– Hali ham achchiq choy ichasanmi? Sen ichadigan qilib damladim.
Ona – bola choyxo’rlikka o’tirishdi.
– Charchab qolyapsiz, aya, sizga qiyin bo’ldi.
– Meni qiynalmasin desang, uylan. Kelin oldimda bo’ladi.

Husan pishitib kelgan fikrini o’rtaga tashladi:
– Avval ukamni uylantiramiz.
– San jinni bo’libsan, – ayasining tusi o’zgardi. Xalq kuladi, o’gayligiga bordi, o’zinikini avval uylantirdi deydi.
– Xalq bizni boshimizni silab katta qilganingizni biladi. Ukamni qarz-qavolasiz uylantirsak, bas. Eru xotin ishlasa, men uylanguncha o’zlarini tiklab oladi.
– Og’ang kelsin-chi, – ayasi bo’shashganday bo’ldi.

Tamaddidan so’ng, dasturxon yig’ishtirildi.
– Uch-to’rt kun turarsan?
– Uch kunga ruxsat olib keldim.
– Agar charchamagan bo’lsang, shaharga tushib xolangni ko’rib kelsang bo’lardi.
– Qaytishimda kirib o’taman.
– Xola ham onaday gap.
– Yo’l-yo’lakay kirsang, xafa bo’ladi, erinma, bolam.
Aya Husanni ko’chaga qadar kuzatib chiqdi.
– Xolangni so’rab qo’y, keyin boyagi gap uchini chiqar-chi, nima derkin?

* * *

Sukut ingan ko’chalar Husanga bolalik chog’larini eslatdi. U bolalikdan odamovi o’sgan, ko’pchilikka qo’shilmas, o’yinqaroqlik ham qilmas, ayasidan ajramasdi.

Katta qishloqda uni tanimagan odam yo’q edi. To’y-to’ychiq, biron ma’rakadan kelayotgan ayollar hamisha uni o’rab olishar, Norbining o’g’li deb suyushar, cho’ntaklaridagi bor narsalarini qo’liga tutqazib ketishardi. Husan Norbining emas, ayasining o’g’li bo’lishni istar, yig’lamsirab uyiga qaytardi.
– Aya, xotinlar meni Norbining o’g’li deyishyapti.
– Xotinlar bekor aytibdi. Sen mening o’g’limsan, seni daladan, yantoqning tagidan, quyonlarning yonidan topib olganman.

Uyga kirib ketgan ayasi kaftini qant-qurs bilan to’ldirib chiqib, do’ppisiga solardi.
– Men senga ularnikidan yaxshirog’ini beraman.
Kun issiq edi. Ko’cha oxiriga borgan Husan bir to’p ayolga duch keldi. Salom berdi. Ayollarning ulug’i oldinga chiqdi.

– Norbining o’g’limisan?
– Obdagulni.
– Obdagulniki hali yosh, Norbinikiga o’xshayapsan, qosh-ko’zlaring aytib turibdi, – ayol yonidagilariga o’girildi. – Buni onasi «pinski dom»da tuqqan. Norbi rahmatli ikki beshikni ikki yoniga qo’yvolib o’rikni soyasida alla aytardi. Biz Qo’shtepaning yonida chopiq qilamiz. Uning allasini eshitib yig’lamagan odam ham yig’lardi. Umri qisqa ekan-da, mana bolasi bo’y yetib uylanadigan bo’lib turibdi.

– Soch deganini ayting, – qo’shildi ikkinchi ayol. – Obdagul ham tuzuk, o’gayligini ham bildirmadi.
– Yetimlarning boshini silaganini xudoyim ham bildi, bitta bo’lsa ham o’g’il berdi, – davom etdi gap boshlagan ayol.
– Uyga kirib o’tiringlar, – taklif qildi Husan ular bilan xayrlasharkan.
– Xudo hohlasa, to’yingda savat qilib beramiz, – chuvullashdi ayollar.

* * *

Husan ayni tush chog’ida xolasinikiga kirib bordi. Ayvonda do’ppi tikib o’tirgan xolasi darvozadagi sharpani sezdi, tanidi, tikayotgan do’ppisini otqilab yalangoyoq chopdi.
– Hoy-hoy, onasi, o’pkangni bos, jiyaning ketib qolmaydi, – yonboshlab yotgan pochcha xotinining ortidan yo’rg’aladi.
– Kel, bolam, – xolasi uni quchog’iga oldi va tiyiqsiz ko’z yoshlari bilan uning yuzlarini ivitdi.

Pochcha ham uni xuddi otalarday bag’riga oldi. Hammalari qo’ltiqlashib shiyponga odimlashdi.
– Toshkentdan qachon keldingiz? – savolga tutdi pochcha.
– Ertalab poezddan tushdim. Uyda bir piyola choy ichdim, keyin ayam bu yoqqa jo’natdi
– Umridan baraka topsin, – dasturxon solishga tutingan xolasi ayasi haqqiga duo qildi. – U dunyo-bu dunyo kam bo’lmaydi. O’tgan hafta bozorda uchratdim. Sizni so’rasam, anchadan beri kelmaydi, deb ko’ziga yosh oldi. Zinhor-bazinhor dilini og’ritmanglar.

Nasihatdan boshlangan suhbat olis xotiralarga ko’chdi.
– Norbi o’tganda to’qqiz oylik chaqaloq eding. Ma’rakasini o’tkazib, otam rahmatli Obdagulni pochchamga o’zi bosh bo’lib olib bergan.
Xolasining ko’ziga yosh qalqidi.

– Kel. Xolasi, endi bu kishining ham yuragini siqma.
– Ko’nglimni oyda, yilda bir shularga bo’shatmasam, kimga bo’shataman.
– Karkidondan ancha narida, Varzikning yoqasida finlar uslubida qurilgan yog’och uy bo’lardi, – izoh berdi pochcha. Odamlar «pinskiy dom» deb atashardi.
– Bir tarafi uzumzor, bir tarafi o’rikzor bo’lgan uyni men ham eslayman, – suhbatga qo’shildi Husan.
– Barakalla. Sizlar o’sha yerda tug’ilgansizlar.

Qahraton qish chillasida «pinski dom»da yashagan onasi mollarni sug’organi qishloqqa haydab tushgani, ortidan turgan shamol avval uy derazalarini, so’ng eshikni ochib yuborgani, qishloq chillasida yelvizakda qolgan qizaloq, uning opasi, kechga borib isitmalab o’lib qolganini ham u birinchi marta shu kuni xolasidan eshitdi.

Choy ustidagi suhbatga ora-sira pochcha qo’shildi.
– U vaqtlar avtobus yo’q. Taksida Varzikka odam tashiyman. Onangiz ajoyib edi. Mashinamni ovozidan tanirdi. Varzikdan qaytishimda choy damlab, tuxum pishirib berardi. Varzikning yarim odami onangizni choyini ichgan. Ta’ziyasiga ham ko’pchiligi keldi, – pochcha Husanga choy quyib uzatarkan, hikoyasini davom ettirdi. – O’sha kezlari ruslar Shakaftordagi oltin konlariga Angrendan temir simyog’och tortgan. Asosan nemis asirlarini ishlatishgan. Ozg’in, oyoqda bazo’r turgan tutqunlardan biri non so’rab kelsa, onangiz bir chelak tuxum bilan ikki tandir nonni ulashib yuboribdi. Urush ko’rgan Ulkanboy akam bir g’ijinadi… Norbi rahmatli qishda uzilgan-da…

– Chillaydi, – esladi xolasi. – Nusratjon maktabga chiqqan yil. Kechga qolgan bola tumanda adashib Hovasoy yoqalab Yorqishloq tarafga o’tib ketibdi. Yo’liga ko’z tutib turgan Norbi shamolda bolasi ovozini eshitib, yupun kiyimi bilan bitta kalishda bolamlab chopavergan. U vaqtlar bo’rilar ko’p bo’lardi. O’shandan keyin hafta o’tib yotib qoldi deb eshitgandik. Unda shahar kasalxonasi yonimizda edi. Bir oqshom pochcham shoshib kirib keldi. «Singlingizni oldiga chiqib turing, men qishloqqa borib kelaman» – dedi. «Piyoda qachon borib kelasiz», deb pochchangizni qo’shib berdim. Bu kishi mashinani minib keldilar. Men kasalxonaga chopdim. Norbi rahmatli bir burda bo’lib yotibdi. Olov bo’lib yonayapti. Olib borgan ovqatimga qaramadi. Suv so’radi. Dokani qorda ivitib kelib, peshonasiga bossam, yarq etib ko’zi ochildi. «Opa, – dedi, – agar o’lguday bo’lsam, bir dam meni yuz tuban yotqizib qo’ying. Ichim zahar bilan to’lib ketgan. U yoqqa sal poklanib ketay».

Husan sovugan choyini oxiriga qadar xo’pladi, bo’shagan piyolani kaftida aylantirib o’ynadi.
– Nega unday deb aytgan? – deb so’radi.
– Pochcham ko’cha odami. Ertalab ishga ketib, kech qaytadi. Dalada yozu qish bir o’zi siqilib qolgan-da, bolam, – tushuntirdi xolasi. – Sizlar yosh. O’sha kuni pochcham qishloqqa bu kishi bilan borib qaytganda, Norbi holdan toyib bo’lgandi. Pochchamni ko’rib rozilik so’radi. «Kunim bitgan ko’rinadi, dadasi, menga bir narsa bo’lsa, Husanboy nimjon, o’zingiz olib qoling, Fotimani Hulkarbi opamga bering, u eplab oladi», – dedi-yu, shilq etib boshi qo’limga tushdi. Aytganday qilib, yuz tuban yotqizib qo’ydim. Ichidan rosa bir kosa ayron zardobiday ko’kimtir suv tushdi.

Oraga og’ir jimlik cho’kdi.
– Fotimani nega ammamga bermagansizlar? – surishtirdi Husan.
– Ayam, o’gay onam og’iz solganda, pochcham yo’q deyolmadi.
– O’ynoqlashib shaharga olib borgan-u, o’ligini olib qaytgan deyishadi.
– Shaharga qizinikiga olib kelgan. Uning ikkita tutqanog’li bolasi bor edi. Fotima kasal bolalar boshida aylanib o’ynayvergan. Ular ahamiyat berishmagan, berishsa ham ko’ngillarida nima bo’lgan, Olloh biladi. Meni oldimga olib chiqishganda, bola hali tirik edi. Saodat emizikli. Bor-ye dedimu ko’krak tutdim. Cho’lq-cho’lq emdi, so’ng qusdi-yu, qo’limda jon berdi. Dodimni kimga aytaman, bolam.

Husan ortiq toqat qilolmadi. Gapni boshqa mavzuga burdi.
– Bir qishloqqa chiqsangiz bo’lardi.
– Tinchlikmi?
– Ukamni uylantirmoqchiydik.
– Sizday akasi turib-a?!
– Shunga ayamni ko’ndiring deyman.
– Obdagul nima deyapti?
– El kuladi deb unamayapti.
– Siz-chi?
– Men uylansam, o’qishim juvonmarg bo’ladi.
– Ketguningizcha boraman.
Eru xotin Husanni kuzatib ko’cha boshiga qadar keldilar.

* * *

Keyin oradan uch oylar o’tib Husan ukasining to’yiga keldi.
– Xafamasmisan? – so’radi ayasi. – Qizim yo’q, qiz bo’lar deb singlimni qizini kelin qildim.
– Sizga yoqqan bo’lsa, bo’ldi.

Amakilar to’yboshi, amma-xolalar xizmatda bo’lishdi. Otasining o’rnini bilintirishmadi. Husan to’ydan keyin ko’rmanasini ko’tarib kelinni ko’rgani kirdi-yu, quruq qaytib chiqdi.
– Shoshmang, – yangasi uni ostonada to’xtatib ichkariga bosh suqdi. – Hoy, ovsinjon, qaynog’angiz qaytarkan, to’qigan ro’molchalaringizdan bermaysizmi?

Yangasi ichkaridan uzatilgan ro’molchani yorug’ga solib ko’rdi, rangi o’zgardi, biroq buni yonidagilarga sezdirmadi.
– Mana inim, keliningiz bergan ro’molcha. Olib borib do’ppingizni ustiga tashlab qo’ying. Uylanganingizda xotiningizga berasiz, shundayligicha egasiga qaytaradi.
– Xafa bo’lmay ketgin, o’g’lim, – ayasi uni naq bekatga qadar kuzatib bordi.
– Qiziqmisiz, aya.
– Endi tez-tez kelib tur, nafaqamni yig’ib turaman.

Ayasi bilan xayrlashib avtobusga chiqqan Husan boyadan beri kaftida qisib kelayotgan ro’molchani avtobus derazasidan uloqtirib yengil tortdi.

Sentyabr oxirlarida paxtaga ketishdan oldin ayasidan xabar olgani kelgan Husan uni g’oyat xomush holda ko’rdi.
– Biron gap o’tdimi?
– Tanlab-tanlab tozisiga uchradim shekilli, bolam, kelin bir oy turmay ketib qoldi.
– Nimaga?
– Uyimiz eskiymish. Yangisini solib bermagunimizcha kelmasmish.
– Arqonni uzunroq tashlab qo’yavering-chi, – maslahat berdi u.

* * *

Husan uylandi. Uch yil o’tsa ham farzand ko’rishmadi.
– Xotiningni do’xtirlarga ko’rsatgin, – maslahat berdi ayasi.
– Ko’rsatdim, aya, yo bola asrab olinglar, yo ajrashinglar deyishyapti.
– Xotining biladimi?
– Yo’q.
– Bildirmay yaxshi qipsan. O’sha do’xtirlaring bekorlarni aytibdi. Xotining bolali bo’ladi. Tushimda Xo’jayidod bobo mozorini supirib yuribdi. Sen tilaklik bo’lmasang ham tilaklidan yaxshiroqsan. Bolaligingda seni u yerga olib borib qozon qaynatib kelardik. Endi yana boramiz.

Juma kuni sahar yo’lga tushdilar. Bir tarafi quyuq daraxtzor, bir tarafi ulkan tepalik bo’lgan mozordagi ko’hna imorat ayvonida o’tirgan qariya ularni olisdan tanidi.
– Obdagulmisan? – deb so’radi. – Bolalari katta bo’lib oyog’ini tiyib oldi deb kecha dilimdan o’tkazgandim. Qizingmi, keliningmi, shayxning mozorini tozalab yuribdi.

Birga borib shayx mozori tepasiga tizilishdi. Bobo duoga qo’l ochdi. Boshqalar qo’shilishdi.
– Buni oldingizga ko’p olib kelganman, buvasi, – gap boshladi ayasi. – Duo qiling, ota, shunga xudoyim qizmi, o’g’ilmi bir farzand bersin, o’ynoqlatib oldingizga olib kelaylik.

Bobo tilovat boshladi. Ovozi mayin, yoqimli edi. Husanning vujudi jimirlab ketdi. Duodan so’ng bobo kampirini yoniga chaqirdi.
– Bor bisotingni ko’r, bu qizingga atagan narsa chiqib qolar.

Ichkariga kirib ketgan kampir qo’lida ro’mol va qiz bolaning ko’ylakchasi bilan chiqdi. Ro’molni Saodatning boshiga soldi, ko’ylakchani qo’liga tutqazdi.
– Qizim, bobongni tilaklari beiz ketmaydi. Sandiqqa qo’limni tiqsam, ilingani shu bo’ldi. Xudo xohlasa, farzandli bo’lasan, boshi qiz bo’ladi-yov, qo’limga ilinganidan bildim.

* * *

Bir yil o’tib xotini qiz ko’rdi. Ayasi umri bino bo’lib kasalxona yuzini ko’rmagan, dori xidiga toqat qilolmasdi.
– Yuring, nabirangizni ko’rsatib kelaman, – dedi Husan.
– Ovsinlari yumma talar.
– Sezdirmaymiz, sekin taksida olib borib kelaman.

Shunday qilishdi. Ayasi kelini ko’tarib chiqqan qizaloqni qo’liga oldi, suydi, so’ng chaqaloqni Hasanning qo’liga tutqazdi.
– Ol, ko’r, qiz bola otasini bir ko’rishda taniydi.

Kipriklari uzun, qoshlari qop-qora qizaloqning nafas olgani sezilmasdi. Husan cho’ginqirab, andak entikish bilan qizini qo’liga oldi.
– Qarang, – kuldi Saodat. – Qosh-ko’zlari xuddi sizniki.

Qizaloq sergak tortdi, sizmi mening otam deganday unga termuldi, so’ng ohista ko’zlarini yumdi. Saodat mehr bilan eriga qaradi-yu, shivirlaguday qaynonasidan so’radi:
– Ismini nima qo’yamiz, oyi? O’zingiz tanlab bering.

Ayasi duoga qo’l ochdi.
– Qiz bergan Xudo o’g’ilni ham beradi. Farzandning boshi qiz bo’lsa, davlat bo’ladi. Iloyo umri bilan bergan bo’lsin. Keyingisi o’g’il
bo’lsin. Yo’q demasanglar, O’g’iloy bo’lsin!

Ayasini uyga kuzatgan Husan ishxonasida qoldi. Oqshom uyga sarxush qaytdi. Ayasi o’choq boshida kuymalanar, negadir Husanga ro’baro’ kelishdan qochardi. O’choq tomon borgan Husan ajabtovur holning ustidan chiqdi. Ayasining yuzi timdalangan, chuqur botgan tirnoq o’rnida qon qotib qolgandi.
– Qaysi biri?! – qahr bilan so’radi u.
– O’tir, o’g’lim, mening o’g’lim bo’lsang, jim o’tir, – yig’lamsiradi ayasi.

Ayasining gapi tugamasdan ostonada ukasining qorasi ko’rindi. Daladan endi qaytgan, hali etigini yechmagan ukasining fe’li aynigani yuzidan bilinib turardi.
– Akamning xotinini ko’rgani boribsiz-ku, ona, o’lib-po’lib qolmadingizmi? – dedi u olayib. – Nima qilardingiz borib, xotinga meni tilimni qisib?
– Tilingni tiysang bo’lardi, – Husan uni murosaga boshladi.
– Siz aralashmang, men o’zimni tuqqan onam bilan gaplashayapman.
– Qizing eshigimda tug’ilganida o’la-o’la borardim, tug’ilganini bilmasam, daragini eshitmasam, nima deb boraman? – ayasi o’zini oqlashga tushdi.
– Ko’ru karmidingiz?
– Yo’qol! Bu yerdan qorangni o’chir!

Husan g’azab bilan o’rnidan turdi-yu, ukasiga qaramay ko’ksini ushlagancha kesilgan daraxtday yiqilayotgan ayasi tomon chopdi. Ayasining gap-so’zlarini yaxshi anglab bo’lmas, oyoq-qo’li izmiga bo’ysunmas edi.
– Qimirlatmanglar, – maslahat berdi Husan olib kelgan doktor. – Bu yog’i endi Xudodan.

Hafta o’tmay ayasi og’irlashdi.
– Ukangni chaqir,– buyurdi akasi Husanga.
U o’rnidan turgan edi, ayasi etagidan tutib yoniga o’tqizdi.

O’g’ilu kelinlar ko’z urishtirib oldilar.
– Tuzalib olay, o’zim bilaman, – dedi bazo’r ayasi, – tuzalmasam, rozi bo’linglar.

U yana nimadir demoqchi edi, ulgurmadi, so’nggi so’zi bo’g’zida qoldi.

«Sharq yulduzi» jurnalining veb-sahifasidan olindi

08

(Tashriflar: umumiy 457, bugungi 1)

Izoh qoldiring