Isomiddin Po’latov. Hikoya va badialar

Ashampoo_Snap_2016.12.19_23h46m02s_005_.png   Бобом менга, мен тилимга ҳайрат билан боқардик. Бошқалар эса бизга ҳасад ва ғазаб билан. Онам бундан мустасно чунки, бобомдан мамнун эканликларини алас пайқагандим… Оналар ўзи шунақа, фарзандига кўрсатилган меҳрни ўзига кўрсатилган меҳрдан устун билади…

Исомиддин ПЎЛАТОВ
ҲИКОЯ ВА БАДИАЛАР
034

2218118681.jpg    Исомиддин Пўлатов 1985 йилда Самарқанд вилояти Ургут тумани Сўфи қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети филология факультетида таҳсил олган. Вилоят «Зарафшон» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган.
Самарқанд  вилояти ижодкорларининг  асарларидан иборат “Юртни севмоқ саодати”,  “Ифтихоримсан, Ватан!”,  “Мулоҳазадан мушоҳадага”, “Ижод ‒ кўнгил таскини”,  “Беназирсан, Ўзбекистоним!” каби китобларини нашрга тайёрлаган, муҳаррирлик қилган. “Истеъдод мактаби” VII республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. «Йилнинг энг фаол ёш журналисти – 2012»,  “Йилнинг энг фаол журналисти ‒ 2014” республика кўрик-танлови совриндори.  2016 йилда Ғафур Ғулом нашриётида “Йигитнинг ори бўлсин!” номли бадиий-публицистик китоби нашр этилган. Айни пайтда “Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.

034

ЧОЛ

Қашшоқликка тоқатим йўқ. Қашшоқ одамни кўрсам, ичим эзилиб кетади. Ёрдам берсам дейман-у бунга қурбим етишига шубҳам бор. Аввалига, бирда ярим ночор одамларнинг суҳбатини тинглаб, таъсирланиб ҳам кўрдим. Қарасам, олчоққа, сафсатабозга айланиб қолаётгандекман. Ахир ўйланг, суҳбатдошингиз бор дардини айтиб берса-ю сиз унга қараб, «э, тақдир-да жўра» деб қўя қолсангиз, бўлмайди-да.

Аслида қашшоқ одам, деб кимни айтамиз? Еярга нони йўқ, бошпанасиз, кимсасиз одамними? Бир қарашда шундай. Чунки жамики моддиятдан мосуво одамнинг ҳолига ачинмаслик ноинсофликдай туюлади, кишига.

Онам ҳар хил пишириқ, ширинликлар сотарди. Мен ҳам қўшилиб, бозорга борардим. Очиғи, унчалик ҳам менга сотувчилик ёқмаса-да, бозорни яхши кўрардим. Менга сотувчи бўлишнинг ёқмагани – харидордан пул олиш. Унга мақтаб-мақтаб насангизни ўтказасиз-у пул оласиз. Ўша жараёнга сира тоқатим йўқ. Негадир, қизариб кетавераман. Айниқса, бирор қишлоқдошингиз ёки танишингизга нарса сотиш жуда қийин. Хуллас, сотувчиликни ўргана бошладим. Бора-бора онам ҳам бунга кўникди чоғи, мени ҳар куни эрталаб уйғотиб, ўзи билан эргаштириб кетарди.

Сиз ҳам сотувчилик қилган бўлсангиз, биласиз, эртадан кечгача тик оёқда туриб, савдо қиласиз-у харидорнинг камситиши, нарсангизни писанд қилмаслиги, ерга уриши асабингизга тегади. Тўғри, ҳар касбнинг машаққати бўлади, лекин сотувчининг машаққатида фарқ бор-да. Тасаввур қилинг, ўқитувчини ўқитгани учун мақтайсиз, рағбатлантирасиз, руҳий қўллаб-қувватлайсиз. Ёки ҳайдовчига ялинасиз, хушомад қиласиз, илтимос қилиб, айтилган жойга олиб боришини сўрайсиз. Аммо сотувчининг на молини, на ўзини мақтайдилар. Аксинча, қанча унинг хизматини ёмонласангиз, шунча фойда кўрасиз. Шуям инсофданми, ахир?! Фикримча, ўшанда сотувчилик қилганимда қанчалик қийналганимни тушунтира олдим, деб ўйлайман.

Сотувчиликнинг яна битта аҳамиятли томони бор. Яъни, ҳар беш минутда олдингизга келиб, «пора» олиб кетадиган тиланчилар. Бундай «шараф» на ҳайдовчига, на ўқитувчига берилган. Тиланчи савдонг бўлаяптими, йўқми, сўраб ўтирмайди. Шундай келади-ю қўлини узатади. Қўрқасиз, узатилган қўлни қуруқ қайтаришга. Чунки Худодан умидингиз бор. Балки шуям яхшидир, баъзида билиб-билмай тарозидан уриб қўясиз, баъзида арзимаган молингизни юқори баҳога сотасиз ва ҳоказо. Савоб ҳам керак-ку одамга. Арзимаган чақа билан қашшоқлашиб қолармидингиз? Ҳа айтганча, хаёлпарастлик ҳам эви билан. Гапни қашшоқлар ҳақида бошлагандик-ку.

Бир куни растамизга бўйи узун, кўк кўз, озғин одам яқинлашди. Бошида дўпписи бор. Эскириб кетганидан Шум боланинг дўпписига ўхшаб, фақат таппи ёпишгагина ярайди. Эгнидаги костюми ювилавериб, униқиб кетганидан асл ранги қорами, кулрангми, билиб бўлмайди. Уч-тўрт жойига чок тушган бу костюмнинг тугмаларига эътибор қилдим. Тўртта тугмаси тўрт хил рангдаги ип билан қадалган. Бир сўз билан айтганда, ғарибона.

У бизга бир-икки қараб-қараб ўтди. Бу ҳол такрорланаверди. Мен ҳам атай унга ҳеч нарса беришни истамадим. Негадир, кўриниши ёқмади. У онам териб қўяётган бир-биридан ширин пишириқларга қараб, ютақиб қўярди. Онагинам ўз ишига берилиб кетганиданми, тиланчи чолни пайқамади. Энгашиб ширинликларни олаётганида чол ўзини танишдек тутиб, онамнинг эътиборини тортиш учун бизга тикилиб тураверди. Энди чидолмайман. Жаҳлим чиқди. «Э, бор кет!» сенсирадим отамдан катта одамни! Сурбетлик ҳам эви билан-да! Ҳали савдоям қилмаган бўлсак…

Менинг дўқ урганимни эшитган онам бошини кўтарди. «Нима гап, болам? Кимга бундай деяпсан?» Онам у ёқ, бу ёққа қаради. Қаршимизда серрайиб қолган, бироз қизаринган бобойни кўриб, кимга бақирганимни англади чоғи, онам хижолатда қолди. Изза бўлган одамнинг ҳолатига тушиб, менга шундай қаттиқ тикилдики, бутун жасоратим-у шижоатимдан асар ҳам қолмади. Оналар доим ҳам эмас, гоҳида шундай қарайдилар ва мана шу қараш кўп нарсани ҳал қилиб қўяди. Бу қарашда оналик меҳр-муҳаббати, раҳм-шафқат кўринмайди, аксинча, ғазаб, хавотир, ярим нафрат сезилиб туради. Бу нигоҳ юрагингизни-да тешиб ўтади. Онамнинг мендан ҳафсаласи пир бўлиб, чолга ўгирилди.

– Тошмурот бова, келинг, келинг, – деди онам менга яна бир қўпол қараш қилиб. – Кечирасиз-да, энди, бола-да бу, танимаган. Узр, сизни кўрмапман. Яхши юрибсизми, қийналмаяпсизми?

– Яхшиман келин, раҳмат! – деб ғўлдираб қўйди бобой. – Ҳиштима (ҳеч нарса) қимайди, майли уришманг, жигитчани. Энгашиб бошимни силаб қўйди. Очиғи, қўлининг кир ва озғинлигидан бироз ғижинсам-да бошимни тутиб бердим. Онамдан қўрқиб қолгандим.

Бобой ёнимиздан кетаркан, онам бир қанча ширинлик ва пишириқларни елим халтага солиб, қўлига тутқазди. Чол қайта-қайта раҳмат айтиб, расталар оралаб кетди.

Онам энди мени адабимни бериб қўйишига тайёр туриб, кўзига мўлтирадим. Аслида ҳеч нарсани тушунмаган бўлсам-да, ўзимни тушунгандай тутиб, танбеҳга розилигимни билдирдим. Рост-да, бу чолнинг кимлигини қаёқдан билибман? Онамнинг ётиғи билан тушунтиришларига қараганда, қишлоғимиз четида турадиган, ҳеч кими йўқ, қаровсиз одам экан. Қолаверса, ўша чол бобомнинг жўраси бўлганини билиб олдим. Онам ўша куни кўп яхши гапларни қулоғимга қуйишга ҳаракат қилди.

Бизни тарк этган чолни кузатиб турдим. У расталар оралаб орқа томонга ўтди-ю биздан олган бўрсилдоқ пишириқни ютоқиб-ютоқиб, чайнамай юта бошлади. Каттакон оғзига пишириқлар бутунлигича сиқиб кетаётганди. Унга ҳайрат ва ҳаяжон билан қараб турганимни пайқаб қолди-ю, менга қараб, кулиб кўзини қисиб қўйди. Тезда юзимни буриб олдим. Қашшоқликка тоқатим йўқ…

ҚОВУН СИМФОНИЯСИ
Раҳматли бобом Водидхон хотирасига

Бобомнинг ғалати одатлари бўлган экан-да. Мен буни идрок этишим учун ўн йиллар керак бўлди.

Хуллас, бобом мени яхши кўрармиди, йўқ, буни ҳозир ҳам билмайман. Негадир шу худбинлигим қолмади, қолмади ҳеч. Қатор набиралари бўлади-ю менга алоҳида меҳр қўярмиди? Мен асилу бошқалар бегонами? Нима қилай, бобомнинг ўзи шунга шаъма қилган эди-да.

Яъни биз, бир гала чурвақа набиралар ҳовлида ўйнаб юрган эдик. Мен олти ёшга тўлган бўлсам ҳам эгнимга кўйлак кийишни ёқтирмасдим. Исиб кетаверганманми билмайман, балки онам ялонғоч юришимни хоҳлагандир. Табиийки, кўйлакни хоҳламаган бола бошқа кийимларни ҳам кийишни хушламайди. Эй, яшириб нима қилдим, мактабга боргунимча онадан туғилгандек юрганман. О, бунинг гашти…

fullsize.jpgҲа, ўша, биз ҳовлида тупроққа қоришиб ўйнаётганимизда бобом кириб келдилар. У кишининг кўчадан кириб келиши ҳар доим байрам бўларди. Сира хонадонга қуруқ қўл билан келмаган бўлсалар керак. Бу сафар ҳам яктакларининг орқасига бир қулоч келадиган қовунни солиб, болани опичлагандек кириб келдилар. Бунақа одат боболарда бор эди, дадаларда йўқ. Чунки улар яктак киймай қўйишган.

Бобомни ўн чоғли набира ўраб олдик. Мен афсуски, қовунни кўтара олмадим. Каттароқ набиралардан бу юмуш ортмади ҳам. Янгалару амакилар, бувим, набиралар катта дастурхон атрофида жам бўлдик. Бобом тўрда, мен қаршисида. Бояги гап – онадан туғилгандек.

Ҳамма жим. Кўзлар қовунда. Пашша учмайди. Уларнинг ҳам эътибори биз қараётган ёқда бўлса керак. «Ўзиям жуда шириндир, нақ бўйимдек келади-я» ичимда ўйладим.

– Тез бўлинг бобо! – биринчи бўлиб амакиваччам Асадбек сукутни бузди.
– Биринчи тилимини менга берасиз, – акам Раҳмат ютиниб қўйди.

Бу гап тутаб турган хазонга ёғ сепгандек бўлди.

– Менга, менга!
– Йўқ, менга биринчи…

Бобом ҳеч кимни эшитмагандек бизга бир-бир қараб чиқарди: Асадбек, Раҳмат ака, Маҳмуд акам, Вали, Мен, Собир…

Катталарнинг ҳам тоқати тоқ бўлди. Жазирама иссиқда қовунга тикилиб ўтиришдан ёмони борми? Ишонмасангиз, синаб кўринг.

Қовуннинг боши олиниб, тўртга бўлинди. Ўша пайт атрофга бир ҳид таралди, бир ҳид. Буни сиз билмайсиз, мен ҳам. Бу ҳидни фақат олти яшар болагина билиши мумкин…

Бобом биринчи тилимни қўлга олдилар. Нақ бир қулоч. Кимга бераркин? Бу тилимга биринчи бўлиб эга чиқиш бахти қанчалик тотли-а! Яна «менга, менга» бошланди.

Э, чўзиб нима қилдим, сизга ёлғон, менга чин, бобом тилимни менга тутқазди! Бу гашт, бу сурур. Балки ҳаётда бир марта бўлар.

Ҳамма чурвақалар бирданига «э-э-э» деб юборди. Нима қилай, айб мендамас, айтдим-ку, бобомнинг шунақа ғалати одатлари бор эди деб. Ўша пайт Маҳмуд акам биқинимдан чимдиб олса ҳам йиғламадим.

Бобом менга, мен тилимга ҳайрат билан боқардик. Бошқалар эса бизга ҳасад ва ғазаб билан. Онам бундан мустасно чунки, бобомдан мамнун эканликларини алас пайқагандим… Оналар ўзи шунақа, фарзандига кўрсатилган меҳрни ўзига кўрсатилган меҳрдан устун билади.

Негадир ёш боланинг қорни бироз чиқиб туради. Ҳалигача тушунмайман, нега? Терисининг бўшлигиданми, нафсининг, дўхтирлардан сўраманганман. Мен ҳам шундай эдим. Қорним бироз чиққан, доим сув ва тупроқ аралашмасидан пайдо бўлган доғлар бўларди. Лойқасифат. Чанг ўтирган ойнанинг устига сувни томчилатиб кўринг-да, ўшанақа. Онамнинг ибораси билан айтганда, «киррати».

Қовуннинг тилимига лабимни қўйиб, бошимни уёққа, буёққа ҳаракатлантира бошладим. Ўшанда қовун сувининг оқишини бир кўрсангиз эди. Бир оқади, бир оқади. Маза қиласиз. Қовуннинг шираси томоғим, кўкрагим, ёрилмоқчи бўлган қорнимдан оқиб туша бошлади. Ширага ботдим, шу десангиз.

Чурвақалар чидаб туролмади. Ҳасади келди. Менга қараб йиғлаганлари ҳам бўлди. Ичида бобомни сўкканлари ҳам чиқар. Амакиларим, янгаларим – ҳамма қовунга интиқ эди. Мен эса скрипка чалишдан бўшамасдим. Ахир, скрипка чалаётган одам ҳам бошини у ёқдан бу ёққа олиб боради-ку. Қовун симфонияси! Негадир менга шундай туюлади. Зўр ўхшатиш-а?

Энг қизиғи шунда содир бўлди. Бу симфонияни бир мен эмас, бобом ҳам эшитаётган экан. Қовун тилими оша бобомга юзландим. У кишининг табассуми… ўшанда жуда бошқача эди. Буни фақат олти яшар болагина тасаввур эта олиши мумкин.

Бобом иккинчи тилимни кесиб яна менга узатдилар. Энди бунисига онам чидаб туролмади. Қўлимдан тилимни олиб қўймоқчи бўлдилар, қаёқда дейсиз. Олиб бўптилар!
– Дада, бўлди қилинг, – онам бобомга ялиндилар.

Фойдасиз, бобом онамни эшитаётгани йўқ, кўзлари менда эди. Мен эса яна мусиқамни бошлаб юборгандим. Атрофда хархаша қилаётган набиралар, менга раҳми кела бошлаган онам, ўғил-қизлар бир томонда-ю, бобом иккимиз бир томонда. Биз мусиқа оҳангидан маст эдик.

Шунақа, бобомнинг ғалати одатлари бор эди.

9a074a0f-2385-0b0d-ac2c-8fc945a06abd.jpgIsomiddin PO‘LATOV
HIKOYA VA BADIALAR
034

image.jpg Isomiddin Po‘latov 1985 yilda Samarqand viloyati Urgut tumani So‘fi qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand davlat universiteti filologiya fakultetida tahsil olgan. Viloyat «Zarafshon» gazetasida bo‘lim mudiri bo‘lib ishlagan.
Samarqand viloyati ijodkorlarining asarlaridan iborat “Yurtni sevmoq saodati”, “Iftixorimsan, Vatan!”, “Mulohazadan mushohadaga”, “Ijod ‒ ko‘ngil taskini”, “Benazirsan, O‘zbekistonim!” kabi kitoblarini nashrga tayyorlagan, muharrirlik qilgan. “Iste’dod maktabi” VII respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi. «Yilning eng faol yosh jurnalisti – 2012», “Yilning eng faol jurnalisti ‒ 2014” respublika ko‘rik-tanlovi sovrindori. 2016 yilda G‘afur G‘ulom nashriyotida “Yigitning ori bo‘lsin!” nomli badiiy-publitsistik kitobi nashr etilgan. Ayni paytda “Jomboy tongi” gazetasi muharriri.

034

CHOL

Qashshoqlikka toqatim yo‘q. Qashshoq odamni ko‘rsam, ichim ezilib ketadi. Yordam bersam deyman-u bunga qurbim yetishiga shubham bor. Avvaliga, birda yarim nochor odamlarning suhbatini tinglab, ta’sirlanib ham ko‘rdim. Qarasam, olchoqqa, safsatabozga aylanib qolayotgandekman. Axir o‘ylang, suhbatdoshingiz bor dardini aytib bersa-yu siz unga qarab, «e, taqdir-da jo‘ra» deb qo‘ya qolsangiz, bo‘lmaydi-da.

Aslida qashshoq odam, deb kimni aytamiz? Yeyarga noni yo‘q, boshpanasiz, kimsasiz odamnimi? Bir qarashda shunday. Chunki jamiki moddiyatdan mosuvo odamning holiga achinmaslik noinsoflikday tuyuladi, kishiga.

Onam har xil pishiriq, shirinliklar sotardi. Men ham qo‘shilib, bozorga borardim. Ochig‘i, unchalik ham menga sotuvchilik yoqmasa-da, bozorni yaxshi ko‘rardim. Menga sotuvchi bo‘lishning yoqmagani – xaridordan pul olish. Unga maqtab-maqtab nasangizni o‘tkazasiz-u pul olasiz. O‘sha jarayonga sira toqatim yo‘q. Negadir, qizarib ketaveraman. Ayniqsa, biror qishloqdoshingiz yoki tanishingizga narsa sotish juda qiyin. Xullas, sotuvchilikni o‘rgana boshladim. Bora-bora onam ham bunga ko‘nikdi chog‘i, meni har kuni ertalab uyg‘otib, o‘zi bilan ergashtirib ketardi.

Siz ham sotuvchilik qilgan bo‘lsangiz, bilasiz, ertadan kechgacha tik oyoqda turib, savdo qilasiz-u xaridorning kamsitishi, narsangizni pisand qilmasligi, yerga urishi asabingizga tegadi. To‘g‘ri, har kasbning mashaqqati bo‘ladi, lekin sotuvchining mashaqqatida farq bor-da. Tasavvur qiling, o‘qituvchini o‘qitgani uchun maqtaysiz, rag‘batlantirasiz, ruhiy qo‘llab-quvvatlaysiz. Yoki haydovchiga yalinasiz, xushomad qilasiz, iltimos qilib, aytilgan joyga olib borishini so‘raysiz. Ammo sotuvchining na molini, na o‘zini maqtaydilar. Aksincha, qancha uning xizmatini yomonlasangiz, shuncha foyda ko‘rasiz. Shuyam insofdanmi, axir?! Fikrimcha, o‘shanda sotuvchilik qilganimda qanchalik qiynalganimni tushuntira oldim, deb o‘ylayman.

Sotuvchilikning yana bitta ahamiyatli tomoni bor. Ya’ni, har besh minutda oldingizga kelib, «pora» olib ketadigan tilanchilar. Bunday «sharaf» na haydovchiga, na o‘qituvchiga berilgan. Tilanchi savdong bo‘layaptimi, yo‘qmi, so‘rab o‘tirmaydi. Shunday keladi-yu qo‘lini uzatadi. Qo‘rqasiz, uzatilgan qo‘lni quruq qaytarishga. Chunki Xudodan umidingiz bor. Balki shuyam yaxshidir, ba’zida bilib-bilmay tarozidan urib qo‘yasiz, ba’zida arzimagan molingizni yuqori bahoga sotasiz va hokazo. Savob ham kerak-ku odamga. Arzimagan chaqa bilan qashshoqlashib qolarmidingiz? Ha aytgancha, xayolparastlik ham evi bilan. Gapni qashshoqlar haqida boshlagandik-ku.

Bir kuni rastamizga bo‘yi uzun, ko‘k ko‘z, ozg‘in odam yaqinlashdi. Boshida do‘ppisi bor. Eskirib ketganidan Shum bolaning do‘ppisiga o‘xshab, faqat tappi yopishgagina yaraydi. Egnidagi kostyumi yuvilaverib, uniqib ketganidan asl rangi qorami, kulrangmi, bilib bo‘lmaydi. Uch-to‘rt joyiga chok tushgan bu kostyumning tugmalariga e’tibor qildim. To‘rtta tugmasi to‘rt xil rangdagi ip bilan qadalgan. Bir so‘z bilan aytganda, g‘aribona.

U bizga bir-ikki qarab-qarab o‘tdi. Bu hol takrorlanaverdi. Men ham atay unga hech narsa berishni istamadim. Negadir, ko‘rinishi yoqmadi. U onam terib qo‘yayotgan bir-biridan shirin pishiriqlarga qarab, yutaqib qo‘yardi. Onaginam o‘z ishiga berilib ketganidanmi, tilanchi cholni payqamadi. Engashib shirinliklarni olayotganida chol o‘zini tanishdek tutib, onamning e’tiborini tortish uchun bizga tikilib turaverdi. Endi chidolmayman. Jahlim chiqdi. «E, bor ket!» sensiradim otamdan katta odamni! Surbetlik ham evi bilan-da! Hali savdoyam qilmagan bo‘lsak…

Mening do‘q urganimni eshitgan onam boshini ko‘tardi. «Nima gap, bolam? Kimga bunday deyapsan?» Onam u yoq, bu yoqqa qaradi. Qarshimizda serrayib qolgan, biroz qizaringan boboyni ko‘rib, kimga baqirganimni angladi chog‘i, onam xijolatda qoldi. Izza bo‘lgan odamning holatiga tushib, menga shunday qattiq tikildiki, butun jasoratim-u shijoatimdan asar ham qolmadi. Onalar doim ham emas, gohida shunday qaraydilar va mana shu qarash ko‘p narsani hal qilib qo‘yadi. Bu qarashda onalik mehr-muhabbati, rahm-shafqat ko‘rinmaydi, aksincha, g‘azab, xavotir, yarim nafrat sezilib turadi. Bu nigoh yuragingizni-da teshib o‘tadi. Onamning mendan hafsalasi pir bo‘lib, cholga o‘girildi.

– Toshmurot bova, keling, keling, – dedi onam menga yana bir qo‘pol qarash qilib. – Kechirasiz-da, endi, bola-da bu, tanimagan. Uzr, sizni ko‘rmapman. Yaxshi yuribsizmi, qiynalmayapsizmi?

– Yaxshiman kelin, rahmat! – deb g‘o‘ldirab qo‘ydi boboy. – Hishtima (hech narsa) qimaydi, mayli urishmang, jigitchani. Engashib boshimni silab qo‘ydi. Ochig‘i, qo‘lining kir va ozg‘inligidan biroz g‘ijinsam-da boshimni tutib berdim. Onamdan qo‘rqib qolgandim.

Boboy yonimizdan ketarkan, onam bir qancha shirinlik va pishiriqlarni yelim xaltaga solib, qo‘liga tutqazdi. Chol qayta-qayta rahmat aytib, rastalar oralab ketdi.

Onam endi meni adabimni berib qo‘yishiga tayyor turib, ko‘ziga mo‘ltiradim. Aslida hech narsani tushunmagan bo‘lsam-da, o‘zimni tushunganday tutib, tanbehga roziligimni bildirdim. Rost-da, bu cholning kimligini qayoqdan bilibman? Onamning yotig‘i bilan tushuntirishlariga qaraganda, qishlog‘imiz chetida turadigan, hech kimi yo‘q, qarovsiz odam ekan. Qolaversa, o‘sha chol bobomning jo‘rasi bo‘lganini bilib oldim. Onam o‘sha kuni ko‘p yaxshi gaplarni qulog‘imga quyishga harakat qildi.

Bizni tark etgan cholni kuzatib turdim. U rastalar oralab orqa tomonga o‘tdi-yu bizdan olgan bo‘rsildoq pishiriqni yutoqib-yutoqib, chaynamay yuta boshladi. Kattakon og‘ziga pishiriqlar butunligicha siqib ketayotgandi. Unga hayrat va hayajon bilan qarab turganimni payqab qoldi-yu, menga qarab, kulib ko‘zini qisib qo‘ydi. Tezda yuzimni burib oldim. Qashshoqlikka toqatim yo‘q…

QOVUN SIMFONIYASI
Rahmatli bobom Vodidxon xotirasiga

Bobomning g‘alati odatlari bo‘lgan ekan-da. Men buni idrok etishim uchun o‘n yillar kerak bo‘ldi.

Xullas, bobom meni yaxshi ko‘rarmidi, yo‘q, buni hozir ham bilmayman. Negadir shu xudbinligim qolmadi, qolmadi hech. Qator nabiralari bo‘ladi-yu menga alohida mehr qo‘yarmidi? Men asilu boshqalar begonami? Nima qilay, bobomning o‘zi shunga sha’ma qilgan edi-da.

Ya’ni biz, bir gala churvaqa nabiralar hovlida o‘ynab yurgan edik. Men olti yoshga to‘lgan bo‘lsam ham egnimga ko‘ylak kiyishni yoqtirmasdim. Isib ketaverganmanmi bilmayman, balki onam yalong‘och yurishimni xohlagandir. Tabiiyki, ko‘ylakni xohlamagan bola boshqa kiyimlarni ham kiyishni xushlamaydi. Ey, yashirib nima qildim, maktabga borgunimcha onadan tug‘ilgandek yurganman. O, buning gashti…

Dynya-na-dachnoy-gryadke.jpgHa, o‘sha, biz hovlida tuproqqa qorishib o‘ynayotganimizda bobom kirib keldilar. U kishining ko‘chadan kirib kelishi har doim bayram bo‘lardi. Sira xonadonga quruq qo‘l bilan kelmagan bo‘lsalar kerak. Bu safar ham yaktaklarining orqasiga bir quloch keladigan qovunni solib, bolani opichlagandek kirib keldilar. Bunaqa odat bobolarda bor edi, dadalarda yo‘q. Chunki ular yaktak kiymay qo‘yishgan.

Bobomni o‘n chog‘li nabira o‘rab oldik. Men afsuski, qovunni ko‘tara olmadim. Kattaroq nabiralardan bu yumush ortmadi ham. Yangalaru amakilar, buvim, nabiralar katta dasturxon atrofida jam bo‘ldik. Bobom to‘rda, men qarshisida. Boyagi gap – onadan tug‘ilgandek.

Hamma jim. Ko‘zlar qovunda. Pashsha uchmaydi. Ularning ham e’tibori biz qarayotgan yoqda bo‘lsa kerak. «O‘ziyam juda shirindir, naq bo‘yimdek keladi-ya» ichimda o‘yladim.

– Tez bo‘ling bobo! – birinchi bo‘lib amakivachcham Asadbek sukutni buzdi.
– Birinchi tilimini menga berasiz, – akam Rahmat yutinib qo‘ydi.

Bu gap tutab turgan xazonga yog‘ sepgandek bo‘ldi.

– Menga, menga!
– Yo‘q, menga birinchi…

Bobom hech kimni eshitmagandek bizga bir-bir qarab chiqardi: Asadbek, Rahmat aka, Mahmud akam, Vali, Men, Sobir…

Kattalarning ham toqati toq bo‘ldi. Jazirama issiqda qovunga tikilib o‘tirishdan yomoni bormi? Ishonmasangiz, sinab ko‘ring.

Qovunning boshi olinib, to‘rtga bo‘lindi. O‘sha payt atrofga bir hid taraldi, bir hid. Buni siz bilmaysiz, men ham. Bu hidni faqat olti yashar bolagina bilishi mumkin…

Bobom birinchi tilimni qo‘lga oldilar. Naq bir quloch. Kimga berarkin? Bu tilimga birinchi bo‘lib ega chiqish baxti qanchalik totli-a! Yana «menga, menga» boshlandi.

E, cho‘zib nima qildim, sizga yolg‘on, menga chin, bobom tilimni menga tutqazdi! Bu gasht, bu surur. Balki hayotda bir marta bo‘lar.

Hamma churvaqalar birdaniga «e-e-e» deb yubordi. Nima qilay, ayb mendamas, aytdim-ku, bobomning shunaqa g‘alati odatlari bor edi deb. O‘sha payt Mahmud akam biqinimdan chimdib olsa ham yig‘lamadim.

Bobom menga, men tilimga hayrat bilan boqardik. Boshqalar esa bizga hasad va g‘azab bilan. Onam bundan mustasno chunki, bobomdan mamnun ekanliklarini alas payqagandim… Onalar o‘zi shunaqa, farzandiga ko‘rsatilgan mehrni o‘ziga ko‘rsatilgan mehrdan ustun biladi.

Negadir yosh bolaning qorni biroz chiqib turadi. Haligacha tushunmayman, nega? Terisining bo‘shligidanmi, nafsining, do‘xtirlardan so‘ramanganman. Men ham shunday edim. Qornim biroz chiqqan, doim suv va tuproq aralashmasidan paydo bo‘lgan dog‘lar bo‘lardi. Loyqasifat. Chang o‘tirgan oynaning ustiga suvni tomchilatib ko‘ring-da, o‘shanaqa. Onamning iborasi bilan aytganda, «kirrati».

Qovunning tilimiga labimni qo‘yib, boshimni uyoqqa, buyoqqa harakatlantira boshladim. O‘shanda qovun suvining oqishini bir ko‘rsangiz edi. Bir oqadi, bir oqadi. Maza qilasiz. Qovunning shirasi tomog‘im, ko‘kragim, yorilmoqchi bo‘lgan qornimdan oqib tusha boshladi. Shiraga botdim, shu desangiz.

Churvaqalar chidab turolmadi. Hasadi keldi. Menga qarab yig‘laganlari ham bo‘ldi. Ichida bobomni so‘kkanlari ham chiqar. Amakilarim, yangalarim – hamma qovunga intiq edi. Men esa skripka chalishdan bo‘shamasdim. Axir, skripka chalayotgan odam ham boshini u yoqdan bu yoqqa olib boradi-ku. Qovun simfoniyasi! Negadir menga shunday tuyuladi. Zo‘r o‘xshatish-a?

Eng qizig‘i shunda sodir bo‘ldi. Bu simfoniyani bir men emas, bobom ham eshitayotgan ekan. Qovun tilimi osha bobomga yuzlandim. U kishining tabassumi… o‘shanda juda boshqacha edi. Buni faqat olti yashar bolagina tasavvur eta olishi mumkin.

Bobom ikkinchi tilimni kesib yana menga uzatdilar. Endi bunisiga onam chidab turolmadi. Qo‘limdan tilimni olib qo‘ymoqchi bo‘ldilar, qayoqda deysiz. Olib bo‘ptilar!
– Dada, bo‘ldi qiling, – onam bobomga yalindilar.

Foydasiz, bobom onamni eshitayotgani yo‘q, ko‘zlari menda edi. Men esa yana musiqamni boshlab yuborgandim. Atrofda xarxasha qilayotgan nabiralar, menga rahmi kela boshlagan onam, o‘g‘il-qizlar bir tomonda-yu, bobom ikkimiz bir tomonda. Biz musiqa ohangidan mast edik.

Shunaqa, bobomning g‘alati odatlari bor edi.

009

(Tashriflar: umumiy 287, bugungi 1)

Izoh qoldiring