Isomiddin Qarshiyev. Darxon tarixi

031Чўпон ота қирларининг бошланишида Шарқ томондан оқиб келаётган Зарафшон дарёси икки қисмга – Оқдарё ва Қорадарёга бўлинади. Худди ана шу ердан икки тармоққа ажралган Зарафшон Хатирчи тумани ҳудудида қайта бирлашади. Ва шунгача бўлган икки дарё оралиғидаги ерлар Миёнқол ороли дейилади

ДАРХОН ТАРИХИ
Исомиддин ҚАРШИЕВ —
Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси


МИЁНҚОЛ

Чўпон ота қирларининг бошланишида Шарқ томондан оқиб келаётган Зарафшон дарёси икки қисмга – Оқдарё ва Қорадарёга бўлинади. Худди ана шу ердан икки тармоққа ажралган Зарафшон Хатирчи тумани ҳудудида қайта бирлашади. Ва шунгача бўлган икки дарё оралиғидаги ерлар Миёнқол ороли дейилади. Миёнқолнинг бошланиши нуқтаси – икки дарё ажралган ердан Оқдарё туманига қарашли Даҳбед жамоа хўжалиги чегарасигача бўлган жойлар тўққиз Дархонни бирлаштирган Рофе Ҳамроев жамоа хўжалиги ҳудуди ҳисобланади.

Ҳудуднинг жуғрофий тузилиши баланд жойдан туриб қаралганда мусаввир мўйқалами билан яратилган ажойиб манзарали улкан полотнони эслатади. Ҳудуднинг чап тарафи Чўпон ота қирлари. Қирлар остидан оқиб бораётган Қорадарё, ўнг тарафи эса Оқдарё. Икки дарё ўртаси тобора кенгайиб боради. Икки дарё оралиғи ҳали айтганимдай то Хатирчи ҳудудига – дарёлар қайта қўшилган ерларга қадар Миёнқол (айрим манбаъларда Миёнқалъа) ороли бўлиб, таъбир жоиз бўлса, бу ерни улкан Мовароуннаҳрнинг (Аму ва Сир ўртасидаги мамлакатимизнинг) муъжаз нусхаси деб аташ мумкин. Миёнқол бир пайтлар – қадим замонларда жўшқин Зарафшоннинг ўзани бўлган. Вақт ўтиши билан табиий равишда (ким билсин, балки одамизод аралашуви ҳам бўлгандир) иккига – Оқдарё ва Қорадарёга ажралиб кетган.

СУВАЙИРҒИЧ КЎПРИК

Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1482 – 1530 й.й.) Андижондан қувилиб, не машаққатлар билан бобосининг пойтахти Самарқандни қўлга киритган пайтда дарёнинг иккига бўлинган жойида сувайирғич кўприк қуришни бошлаган эди. Бобур режасига кўра, бу сувайирғич етти равоқли (тўрттаси Қорадарёга, учтаси Оқдарёга сув ўтказадиган), усти эса кўприк вазифасини бажариши керак бўлган эни етти метр, бўйи икки юз метрли ииншоот бўлиши керак эди. Аммо уни битказиш Бобурга насиб этмади. Самарқанд шайбонийлар қўлига ўтди. Муҳаммад Шайбонийхон амри билан қурилиш давом эттирилиб, у ўн икки йил мобайнида қуриб битказилди. (Улкан Сувайирғичдан ҳозир битта равоққина сақланиб қолган ва унинг маҳобатидан ҳам маълум бўладики, кўприк на қадар улкан бўлган ва демакки Зарафшон ҳам шунга яраша серсув ва жўшқин бир дарё бўлган).

Энди унинг икки тармоғи ўртасидаги ерларга келсак, 17-асрга қадар ҳам бу ерларга ҳеч ким яшамаган. Овчилар ҳам ҳатто ов қилишга ботина олмайдиган қалин ўрмон, чакалакзор, тўқайзорлар ва ботқоқлик ҳамда катта-кичик кўллар, кўлмаклардан иборат бўлган.

НАЖОТ ИЗЛАБ

ХУIII аср бошларида (тахминан 1712 – 1714 й.й.) бир гуруҳ кўчманчилар Чўпон отанинг шимолий шарқ томонидан оила аъзолари, чорва моллари билан келиб, сувайирғич атрофида манзил тутадилар. Булар кимлар эдилар?..

Тарихий манбаъларга кўра, ХУ11 аср охирларида Мовароуннаҳрнинг шимолий шарқ тарафидаги тоғлар ва уларнинг ён бағирларида бир неча йиллаб сурункасига қурғоқчилик юз беради. Бунинг натижасида Бекобод, Ўратепа, Ховос, Зомин, Жиззах ва уларга яқин ҳудудлардаги лалмикорлик билан ва айниқса чорва билан шуғулланувчи ўзбек қабилалари катта зарар кўришади. Бундай аҳвол ХУ111 аср бошларида ҳам тез-тез такрорланади. Бунинг натижасида аҳоли оғир аҳволда қолиб, бутун боши оилалар очликдан қирила бошлайди. Сирдарё соҳиллари оч қолган кўчманчи чорвадорлар ва уларнинг мол-ҳоллари билан тўлиб-тошиб кетадиган йиллар бўлган. Шундай вазиятда Зомин ва Жиззах бекликларидаги кўчманчи аҳолининг бир қисми Зарафшон водийси томон нажот излаб йўлга тушадилар. Чунки, бу воҳада чорва учун яшаш имконини берадиган шароит бўлиши мумкин эди ва шундай бўлди ҳам. Бу кўчманчилар ўзбекларнинг қипчоқ, найман, хитой, манғит, арғин, минг, юз, қирқ, сўлоқли каби уруғларига мансуб эди.

ДАСТЛАБКИ ҚАДАМЛАР

Улардан қирқ уруғига мансуб аҳоли сувайирғич-кўприкдан ўтиб, Чўпон ота жанубий ғарбидаги сойликларда қишлаб қоладилар. Эрта баҳорда эса Қорадарёни кечиб, оролга қадам қўядилар. Молларини ҳайдаб ўтиб, эгасиз тўқайзорлар, яйловларда ўтлатадилар. Ва шу аснода секин-аста орол бўйлаб ичкарилайдилар. Ҳар қанча юришмасин, бирор ерда одамзод яшаб турган манзилни учратмайдилар. Шундан сўнг ўзаро кенгашиб, бу ерларни ўзлаштириш, ер очиш, манзилгоҳ қуришга киришиб кетадилар. Аммо, паст-баландлик, қум ва тош уюмлари, чангалзор, тўқайзорлардан иборат ўзанни текислаш, ботқоқликларни қуритиш, экинларни суғориш учун ариқ ва зовурлар қазишга тўғри келарди. Бу ишлар ибтидоий меҳнат қуроллари ва қўл кучи билан бажарилиши лозим эди. Ва яна бир муҳим жиҳати, бундай катта кўламдаги вазифани алоҳида-алоҳида оилалар билан якка тартибда бажариш мумкин эмаслигини тушунишган уруғдошлар жамоа тартибида иш юритдилар.

Уруғ оқсоқоли ишбоши бўлиб, жамоадаги барча ишга яроқли кишиларни, иш ҳайвонларини янги ерлар очишга сафарбар қилар эди. Бундай усул самара бериб, қисқа фурсатда анча майдон ўзлаштирилди ва экин-тикин қилиш имкони яратилди.

МУАММО

  Янги ер – маҳсулдор тупроқдан мўл-кўл ҳосил олина бошлади. Жамоа эҳтиёжидан ортган ҳосилни эса Самарқанд, Даҳбед, Жомбой бозорларига олиб бориб сотиш йўлга қўйилди. Бу маҳсулотлар сифати яхши бўлганидан харидор кўпайди. Айни чоқда бу маҳсулотларни етиштириладиган манзилга қизиқувчилар ҳам… Улар ов баҳонасида дарёдан ўтиб, жамоа ерларини кўздан кечирдилар… Кейин эса суриштирувлар бошланди: ер кимга тегишли, деҳқончилик қилаётганлар қайси бекликдан, ер ҳужжати, тўланаётган солиқ ҳужжати борми-йўқми, ва ҳоказолар. Уруғ оқсоқоллари бундай текширув ва ошкора дўқ-пўписа қилувчилар устидан шикоят қилиб, ён атроф (Самарқанд, Жомбой, Даҳбед) бекликларига чиқишди, нажот бўлмади. Аксинча, ер-мулкларидан ажралиб қолиш хавфи ортиб борди. Нажот фақат подшоликдан бўлиш мумкин эди. Бунинг учун эса Бухорога бориш лозим бўларди. Лекин манзил олис, қуруқликдан бориш хатарли ва машаққатли эди. Кенгаш сув йўлини маъқуллади. Катта-катта теракларни йиқитишиб, сол ясашни ва солга ўтириб, Бухорога етиб олиш мумкин дейишди.

РИВОЯТ

Ёшлигида кўпгина ҳунарларни ўрганган, айниқса ҳарбийлик санъатини пухта ўзлаштирган Темурбек 20-21 ёшларида Самарқанд ҳокими Амир Яхмоқ хизматига киради. Лашкарбоши бўлади унга. Амир Яхмоқ оламдан ўтгач, унинг мулки ёш Темурбекка ўтади.

Темурбек бир куни Самарқанд ташқарисидаги даштга йигитлари билан ов қилгани чиқади. Дашт гурилта қабиласига тегишли бўлиб, қабиланинг эллик чоғлиқ отлиқ уларнинг қаршисига чиқиб келишади. “Бизнинг мулкимизда ов қилишга нима ҳақларингиз бор? Агар ҳозироқ қайтиб кетмасангизлар, ҳаммангизни ушлаб авахтага ташлаймиз. Одам бошига минг тиллодан берган одам қутилади, бермаган қатл этилади”, деб дўқ-пўписа қила бошлашади.

Шунда Темурбек уларнинг ўзини сўроққа тутиб кетади: “Бизнинг мулкимиз дейсизлар, хўш қани ҳужжат-далил кўрсатинглар-чи! Яшайдиган қишлоқ-овулингиз йўқ-ку! Уй-жой, лоақал чодир-капангиз борми?! Қазиган ариғингиз, солган йўлингиз, кўпригингиз борми?! Эккан дарахт-бутангиз борми лоақал?! Ҳужжат кўрсатинг!”

Гурилталиклар бу саволларга жавоб бериш ўрнига уларни ҳақорат қилиб, ҳатто ўлдиришга чоғланишади. Темурбек атиги олти нафар йигити билан элликта гурилталик отлиққа қарши ҳужумга ўтади. Унинг ўзи йигирма икки нафар отлиқни отидан қулатади. Атиги бир неча гурилталик омон қолиб, орқасига қараб қочади. Темурбек бир қанча ўлжа билан шаҳарга қайтади.

***

Ривоятда Темурбек гурилталиклардан талаб қилган далиллар аксари икки дарё оралиғини ўзлаштириб, деҳқончилик қилаётган қаҳрамонларимизда бор эди, албатта. Улар тўқайдан ўз меҳнатлари билан ер ўзлаштириб олишган эди. Ариқ-зовурлар қазишган, йўллар, кўприклар солишган, дов-дарахтлар экишган, жой-жалол қуришган, дарё сувини тўсувчи тўғонлар қурилган эди. Фақат буларни тасдиқловчи подшолик ҳужжати йўқ эди, холос.

“ДАРХОН” АТАМАСИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ

ХУIII бошларида Қирқ уруғига мансуб кўчманчи чорвадорлар томонидан ўзлаштирилган ерлар мана уч асрки Дархон номи билан аталиб келинади. Маълумки, бу атама ҳақида ҳар ким ҳар хил фикр билдиради. Масалан, баъзилар бу жойлар хонларнинг келиб-кетадиган, дам оладиган, ов қиладиган манзили бўлиб, шу сабабдан Дархон дейишган, (дар – эшик, Дари хон, яъни хоннинг эшиги) деса, бошқалар, бу ерларга азалдан хонлар эгалик қилиб келганлар, шу сабаблар “Хонларнинг мулки” маъносида Дархон деб атаганлар дейди.

Бу икки тахминда ҳам дарёнинг ўзани бўлган жойларни кимлар қандай қилиб ўзлаштиргани ҳақида эмас, унга эгалик қилиш ва кимга тегишли экани жиҳатидан ёндошилган. Бошқа бир тахминда эса бу ерлар асли дарёнинг ўзани – ўрни бўлган, дарё суви қуригач, ҳар томондан келган ерсиз деҳқонлар ўзларича ерни ўзлаштириб, унга эгалик қилганлар ва хонларга солиқ тўлаганлари учун хонга тегишли ер маъносида Дархон деб аталган дейилади. Бу ривоят-тахминларнинг ҳеч бирида ишончли асос келтирилмайди.

Яна бир ривоят, бу – рус олими Вяткин фаолияти билан боғлиқки… Вяткинни халқимиз олдидаги улуғ хизматларидан бири, бу – талотум замонлар босқинлари оқибатида ер остига кўмилиб кетган Улуғбек расадхонасини топиб, илмий жамоатчиликка маълум қилганидир. Ана шу олим халқимиз тарихига оид афсона ва ривоятларни ҳам тўплаган экан. Шундай афсоналардан бир туркуми: “Шоҳи Зинда”, “Шайх Мотуридий”, “Чўпон ота” ва “Дархон”дир. Энди тасаввур қилинг: Бу айтилган афсоналар номлари ва бу номларга алоқадор манзиллар бир-бирига жуда вобаста. Шоҳи Зинда мажмуаси, ундан бир чақиримча қуйироқда Шайх Мотуридий таваллуд топган Мотурид қишлоғи, шаҳарнинг кун чиқар томонида эса Чўпон ота қирлари ва ниҳоят Чўпон ота билан бир йўналишда – Қорадарёнинг нариги қирғоғида Дархон қишлоғи. Агар мулоҳаза қилиб кўрилса, Дархон ҳам бошқа тилга олинган манзиллар каби ўзига хос тарихга, мавқега эга бўлган қадимий манзилгоҳлардан эканлиги ойдинлашади. Энди бевосита ривоятнинг ўзига келсак…

УБАЙДУЛЛАХОНГА ТАНБЕҲ БЕРГАН ОНАХОН

Бухоро ҳукмдори Убайдуллахон лашкар тортиб Самарқандга келади. Сабаби Самарқанд ҳокими босар-тусарини билмай қолгани, халққа зулм ўтказаётгани, айни чоқда подшоликка солиқ тўлашдан ҳам бош тортаётгани ҳақида хабар топган эди. Самарқандни ҳалқадек ўраб, босим ўтказади. Натижа бўлмайди. Шаҳарга бостириб киришнинг иложи бўлмайди. Убайдуллахон лашкарига дам бериб, ўзи бир неча йигитлари билан ов қилгани дарё бўйидаги тўқайзорларни оралаб кетади. Чакалакзор, қамишзор дайравотда адашади. Ёлғиз ўзи отда адашиб юравериб, ҳолдан тояди. Очликдан силласи қурийди. Бир маҳал ялангликдан чиқиб қолади. Қараса, бир кампир катта дошқозонда атала пишириб турганмиш. Хайрияте, деганча кампирнинг олдига боради. Онахон, овқатингиздан берсангиз, дейди. Майли болам, майли дебди кампир, кела қол. Убайдуллахон ҳовлиққанча кампирнинг қўлидан чўмични олибди-да, қозоннинг ўртасидан бир чўмич атала олиб, ичмоқчи бўлибди. Оғзи куйиб, уҳ деб юборибди. Айтмайсизми, иссиқ деб, ичакларим куйиб кетди-ку, дебди подшо. Кампир кулибди. Сенам, болам, Убайдуллахонни ишини қилдинг, дебди. Убайдуллахон?.. дея ҳайрон бўпти подшо. У нима қилди?.. Уям сенга ўхшаб қозоннинг ўртасига чўмич солди, шу сабабли муроди ҳосил бўлмади. Убайдуллахон қизиқсиниб, кампирнинг ёнига ўтириб, гапга солибди. Сизнингча нима қилиши керак эди, дебди. Э, у ақл билан иш юритганда, тўғри Самарқанд қалъасига ҳужум қилмас эди. Аввал шаҳар атрофидаги қишлоқларни қўлга олиб, қалъа таъминотини қирққан бўларди. Шунда озиқ-овқатсиз, мададсиз қолган қалъа ўз-ўзидан таслим бўларди, дебди. Убайдуллахон шартта отига ўтирибди-да, айтганингизни қиламан, она, деганча от чоптириб кетибди. Кўп ўтмай Самарқанд қўлга олиниб, одамлар золим ҳукмдордан халос бўлишибди. Ва Убайдуллахон кампирни излаб келибди. Уни топиб, одамларни тўплаб йиғин ўтказибди. Мен мана шу донишманд онахоннинг маслаҳати билан муродимга етдим. Энди сизлар бутун қишлоқларинг билан дархон қилиндинглар. Яъни подшолик солиқларидан озод бўлдингизлар, деб ҳукм ёздириб, муҳрлаб кампирнинг қўлига тутқазибди. Шундан кампирни Дархон она дейдиган бўлишибди. Аста-секин уларнинг қишлоғи ҳам Дархон номини олган экан. Демак, Дархон, дархон қилинган дегани имтиёзга эга бўлиш, солиқ-тўловлардан озод бўлиш деган маънони ҳам англатар экан.

БУХОРОГА САФАР ВА АРЗНОМА

ХУ111 аср бошларида, тахминан 1720-1722 йилларнинг ёз ойларида Қирқ уруғи жамоасидан 10-12 чоғли бақувват сувчи йигитлар танлаб олиниб, тераклар таналаридан ясалган солга совға-саломларни ортган ҳолда Қорадарё бўйлаб сафарга отланишади. Сув оқими билан 10 кунлар сузиб, ниҳоят Бухоро яқинида қирғоққа чиқадилар. Ўша йиллари Бухорода амир Абулфайзхон (1711-1747) ҳукмдор бўлиб, у Самарқанддан келган кўчманчилар вакилларини қабул қилади. Вакиллар Арзномани амирга топширишади. Арзнома мазмуни тахминан шундай эди: “Бизлар Зомин беклигидан келган ўзбекларнинг Қирқ уруғига мансуб чорвадорлармиз. Сурункали қурғоқчилик туфайли юртимизда бир неча йиллар гиёҳ ўсмай, чорва молларимиз қирила бошлади. Одамларимизнинг ҳам кўпчилиги очарчилик натижасида нобуд бўлди. Шу сабабли оила аъзоларимиз ва чорвамизни омон сақлаш учун Зарафшон водийсига тушиб келдик. 10 йиллардан бери Зарафшоннинг икки ирмоғи – Оқдарё, Қорадарё ўртасидаги манзилда чорвамизни боқиб, дарёнинг суви қочган ўзанидаги тўқайзорларни тозалаб, ботқоқликларни қуритиб, ер очдик ва деҳқончилик қилиб келяпмиз. Жуда катта қийинчиликлар эвазига очган еримиздан олинган ҳосилни бозорларга чиқара бошладик. Биз дастлаб келганимизда дарё оралиғида жон зоти йўқ эди. Атроф фақат чангалзор, тўқай ва ботқоқликдан иборат эди. Биз меҳнат қилиб, ер очиб, ариқ қазиб, кўприк солиб, ерларни обод қила бошлаганимиздан кейин унга эгалик қилмоқчи бўлганлар, хўжайинлар кўпайиб, бизнинг яшашимизга халақит беришмоқда. Улар деҳқончиликка яроқли ҳолга келтирган ерларимиз учун ҳужжат сўраб, солиқ тўлашимизни, маҳсулотларимизни, ерларимизни ҳам арзон нархда сотишимизни, ҳатто дўқ-пўписа қилиб, еримизни ташлаб кетишимизни талаб қилишмоқда. Сиз Ҳазрати олийларидан, бизни ўз ҳимоянгизга олишингизни, катта машаққатлар билан ўзлаштирган ерларимизни ўзимизга ҳужжат-васиқа қилиб расмийлаштириб беришингизни ўтиниб сўраймиз…”

ФАРМОНИ ОЛИЙ

Бухоро амири Абулфайзхон томонидан Арзнома тақдири ижобий ҳал этилади ва: “Зарафшон дарёсининг икки ирмоққа ажралган ердан Даҳбед беклигигача бўлган ерлар уни дастлаб ўзлаштиришни бошлаган ўзбек улусининг кўчманчи Қирқ уруғига абадий Дархон қилиб берилсин. Улар қилган савобли ишлар учун қилинган ҳамма сарф-харажатлар қоплангунча, улар барча солиқлардан озод қилинсинлар ҳамда уларга подшоликнинг имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилсин. Ерни ўзлаштириш учун қилинган сарф-харажатлар бутунлай қоплангандан кейин Дархон қилинган ерлардан олинадиган солиқларни йиғиб, подшолик хазинасига топшириш ҳуқуқи Даҳбеднинг Махдуми Аъзам хонақоси ихтиёрига берилсин”, деган тартибда фармони олий ёзиб берилади.

МАХДУМИ АЪЗАМ ИМОМ АЛ-КОСОНИЙ

Мусулмон дунёсида Махдуми Аъзам куняси билан машҳур бўлган нақшбандия тариқатининг ХУ1 асрдаги намоёндаси – пири муршидининг асл исм-шарифи Саид Аҳмад ибн Жалолиддин Имом ал-Косонийдир.

1462 йил Фарғона музофотининг Косонсойида туғилган Махдуми Аъзам ҳазратлари нақшбандия тариқати илмий-назарий асосини яратган ва бу борада ўттиз рисола ёзган аллома, фиқхшунос олим ҳамда Хўжа Аҳрор Валийдан кейинги энг йирик нақшбандия тариқати намоёндаси эди. Темурийлардан Бобур мирзо, шайбонийлардан Убайдуллахон, Жонибекхон, Абдулазизхон каби ҳукмдорлар Махдуми Аъзамни ўзига пир тутиб, унинг йўл-йўриғи, панд-насиҳатларига амал қилишар эди. Алломани нафақат Мовароуннаҳр, балки Афғонистон, Шарқий Туркистон ва Ҳиндистон тарафлардаги мусулмонлар ҳам яхши билишар, уни ўзларига пири муршид деб билишарди. Махдуми Аъзам умрининг охирги йилларида Даҳбедда яшаган, вафотидан кейин шу ерда дафн этилган ва шу муносабат билан бу ерда Хонақоҳ қурилган, масжиди жомеъ ва мадраса барпо этилган эди. Абулфайзхон фармонидан ҳам кўриниб турибдики, Даҳбед беклиги ҳудудидаги солиқларни йиғиш ва подшолик хазинасига топшириш вазифасига Махдуми Аъзам хонақоси уламолари масъул этилган ва уларга шундай ишонч билдирилган.

ДАРХОН ҚИЛИНИШ

Юқорида зикр этилганлардан ҳам маълум бўляптики, хонлик, подшолик томонидан айрим шахс ёки бир гуруҳ шахсларга абадий ёки маълум муддатга фойдаланиш учун берилган, ҳадя, инъом этилган ер-мулк араб тилида Дархон деб аталган.

Дархон қилинган ер-мулк яқин Шарқдаги араб ва Марказий Осиё мамлакатларида кўплаб учрайди. Масалан, ўзимиздаги Андижон, Тошкент, Жиззах, Самарқанд вилоятларида Дархон номли қишлоқлар, маҳаллалар, шунингдек сув иншоотлари – ариқ, анҳорлар бор. 1991 йилда Саудия Арабистонига зиёратда бўлган шоир Жамол Камолнинг таассуротларида ҳам шулар ҳақида ёзилган. Шоир Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қўқон шаҳарларидан борган кишиларга нисбатан арабларнинг ҳурмати катта эканини билдириб, Бухородан Арабистонга кўчиб бориб қолган бир оилага Тойиф вилоятидан 70 гектар ер Дархон қилиб берилганини ҳикоя қилади.

Аслида биз ҳикоя қилаётган Дархон бошқа вилоятлардаги дархонлардан фарқли ўлароқ, айрим шахснинг мулки бўлмай, уни дарё ўзанидан ўзлаштириб олган ўзбекларнинг бир уруғига фойдаланиш учун абадийга Бухоро ҳукмдори томонидан инъом қилинган ер-мулкдир. Бу мулк дархон қилинган бошқа мулклардан яна шу жиҳатдан фарқ қиладики, у деҳқонларни ерсиз қолдирган ҳолда бошқаларга инъом қилинган ер-мулк бўлмай, қаттиқ қийинчиликлар эвазига дарё ўзанидан очиб олинган ва кўчманчи аҳолининг ўтроқлашишига хизмат қилган, эгасиз, ташландиқ жойларнинг обод бўлишига сабаб бўлиши билан подшоликка катта фойда келтирган ер майдонини кенгайтириб, келажакда мамлакат хазинасига мўл-кўл бойлик қўшадиган аҳамиятга молик ер-мулкдир.

САККИЗ МАЧИТЛИ ДАРХОН

Абулфайзхондан олинган васиқа ҳимоясида бу ердаги ишлар давом эттирилиб, ерлар янада кенгайтирилади. Турар жойлар қурилади. Ва қишлоқнинг номи Қирқдархон деб атала бошланади. Дархонликларга подшолик томонидан имтиёзлар берилиб, аввало улар подшоликнинг барча солиқларидан озод қилинадилар. Барча экин майдонлари, яйловлари Бухоро подшоси ҳимоясидаги фуқаролар мулки бўлиб, дахлсиз деб эълон этилади. Подшонинг рухсатисиз маҳаллий-маъмурий маҳкамалар ходимлари Дархонлик деҳқонларни жазолаши, қамоққа олиши мумкин бўлмаган. Уларга истаган бозорларида ўз маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига эга бўлишган. Х1Х аср ўрталарига қадар бутун Дархон ҳудудида Қирқ уруғи нуфузли ҳисобланиб, улар жамоа бўлиб яшашган. Кейинчалик эса ерлар тақсимланиб, оилаларга хусусийлаштириб берилган. Бу тақсимотда оилаларнинг ер ўзлаштиришга қўшган ҳиссалари ҳисобга олинган. Берилган ерлар оилаларнинг хусусий мулки бўлиб, унга эгалик қилиш ҳуқуқи ҳақида вилоят қозиси гувоҳномаси берилган. Бу гувоҳнома ер васиқаси деб аталиб, васиқада ер эгалари ўз ерларини қисман ёки бутунлай сотиш ҳуқуқига эгаликлари ҳам белгиланган. Бу эса қишлоқдан чиққан ва Самарқандлик бойлар томонидан ерларни сотиб олиб, ўз мулкларини кенгайтириш, катта ер эгаларига айланишлари имконини берган. Натижада катта ер эгалари ва ерсиз, ёки кичик ер эгалари, майда деҳқон хўжаликлари каби табақаланиш бошланган. Ҳар томондан келиб ер сотиб олишлар ҳисобига аҳоли кўпаяди. Ўзбекларнинг турли уруғлари, бошқа миллат вакилларидан иборат саккиз қишлоқ юзага келади. Шунинг учун ҳам бу ҳудудни “Саккиз мачитли Дархон” деб ҳам атардилар. Янги ташкил этилган қишлоқларнинг ҳар бирига уларнинг ўтмишига боғлиқ ном қўшиб аташ расм бўлган. Масалан, Бошдархон, Тошлоқдархон, Ошкадидархон, Қирқдархон, Жўравойдархон, Пўлатдархон, Наймандар-хон, Озоддархон…
Бу қишлоқлар ҳар бирининг ташкил топиш тарихи, топонимикаси мавжуд. Айтайлик, бир қишлоқдан чиққан ўзига тўқ хонадон соҳиби (Фахриддинбой деган киши) баҳор вақтлари катта дошқозонда кади (қовоқ), дон солиб, сувда қайнатиб, таом тайёрлатган. Тушликда эса далада меҳнат қилаётган деҳқонларга, мусофирларга текинга тарқатган. Бу иш ҳар кун такрорланаверганидан одамлар одатланишган. Ва ҳар куни шу бойнинг қўрғонига қараб келаверишган. Бир-бирларини чақириб, “кадилик ошга борамиз, ошкадига борамиз” деб йўлга тушиган. Ва бу нарса қишлоқнинг номига айланиб кетган. Ошкадидархон номи шундан қолган. Дархон қишлоқлари орасида энг кенжаси Чоржўй қишлоғи бўлган. Бунинг тарихи қуйидагича: Самарқанд шаҳри республика пойтахти бўлган вақтларда (1924-1929 й.й.) халқ оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев 1928 йилда ўз юрти Марғилондан 12 хўжаликни кўчириб келиб, ҳар тарафидан сувга яқин бўлган жойга ўрнаштиради. Ва бу жой тўрт тарафи ҳам сув бўлгани сабаб Чоржўй (тўрт ариқ) номини олади.

Ер хусусийлашгач, деҳқонлар ўз ерларига меҳр қўйиб, деҳқончилик ҳадисини олиб, ердан мўл-кўл ҳосил ола бошладилар. Ва атроф бозорларда Дархонлик миришкор номи билан ном чиқара бошладилар. Дархондан чиққан қовун, тарвуз каби полиз маҳсулотлари ҳам, сабзавоту дону дунлар бозорнинг олди бўлиб қолди. Аммо деҳқонларнинг хурсандчилиги узоққа бормади…

ДАРХОНЛИКЛАР СОВЕТ ДАВРИДА

Бутун Россия советларининг 2-съезди қабул қилган ер тўғрисидаги декрет (26 октябрь 1917 йил), Ўзбекистонда ўтказилган ер-сув ислоҳоти (1926-1928) натижасида ҳамма жойда бўлганидек, Дархон деҳқонларининг ерлари ҳам уларнинг қўлларидан тортиб олинди. 1930 йилда ҳудуддаги 9 қишлоқнинг ҳар бирида яккахўжаликларнинг бирлаштирган жамоа хўжаликлари ташкил этилди. 1935-йилдан бошлаб эса мазкур жамоа хўжаликлари йирик жамоаларга айлантирилди. Ва бу йирик жамоага 1932 йилдан 1950 йилгача тажрибали деҳқон Хўжақул Норов раислик қилди. У мана шу майда жамоа хўжаликларини бирлаштиришга, йирик жамоага айлантиришга бошчилик қилди. 1950-йилда эса жамоага тажрибали деҳқон, иқтисодчи ва ташкилотчи раҳбар Рофе Ҳамроев раис қилиб сайланди. Унинг раислик даври (1950 – 1976 й.й.) Дархоннинг иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланиш йиллари бўлди. Дархон халқи бу иккала фидойи раҳбарнинг кўп йиллик меҳнатларини қадрлаб, уларнинг вафотидан кейин номларини абадийлаштиришга қарор қилдилар. Хўжақул Норов номи ўзи туғилиб ўсган Бошдархон қишлоғидаги 42-ўрта мактабга, Рофе Ҳамроев номи эса жамоа хўжалигига берилди.

Дархонликлар ўтган аждодлари, ота-боболаридан қолган анъана меросларни ўрганиб, қадрлаб, давом эттириб йилдан йилга яхши кўрсаткичларга эришдилар. Турли вазиятлар – урушлар, табиий офатлар, репрессиялар натижасида келиб қолган инсонларга ўз уйларидан жой бериб, уларни оёққа туриб олишларига мадад бердилар. Натижада бу ерга кўчиб келганлар тез фурсатда дархонликлар билан эл бўлиб кетдилар. Элга эл қўшилиб, дархонликлар сафи ортиб борди. Бир замонлар бу ерларни дархон қилиб бераётган Абулфайзхон вақти келиб, бу замин бир тарафдан ҳақиқий қут-барака масканига, бир тарафдан танти деҳқону боғбону чорвадорлар юртига, мард, ҳалол, рост сўзли, қалби юмшоқ, орияти қаттиқ инсонлар ватанига айланишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак…

***

Мана бугунги кунда Истиқлол шарофати билан ерлар ўз эгасига қайтарилди. Деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик фермер хўжаликлари ташкил этилди. Айтиш мумкинки, икки дарё оралиғидаги бу табаррук Она замин ва унинг миришкор халқи ўзининг Янги ҳаётини бошлади. Бу ҳаёт эса озод, мустақил турмуш тарзига асосланганки, Дархонликлар ҳам бутун мамлакатимиз халқи қаторида шукрона бир туйғу билан кун кечириш, тинч меҳнат гаштини суриш, янги орзу-ҳаваслар сари интилиш, меҳнат қилиш, Истиқлол ғалабаларини мустаҳкамлаш мақсадида меҳнат қилмоқдалар!..

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Исомиддин Қаршиев. Дала ўртасидаги учрашув & Орзиқул Эргаш. Ҳам муаллим, ҳам устоз

038Cho’pon ota qirlarining boshlanishida Sharq tomondan oqib kelayotgan Zarafshon daryosi ikki qismga – Oqdaryo va Qoradaryoga bo’linadi. Xuddi ana shu yerdan ikki tarmoqqa ajralgan Zarafshon Xatirchi tumani hududida qayta birlashadi. Va shungacha bo’lgan ikki daryo oralig’idagi yerlar Miyonqol oroli deyiladi

DARXON TARIXI
Isomiddin QARShIEV —
O’zbekiston xalq maorifi a’lochisi


MIYONQOL

Cho’pon ota qirlarining boshlanishida Sharq tomondan oqib kelayotgan Zarafshon daryosi ikki qismga – Oqdaryo va Qoradaryoga bo’linadi. Xuddi ana shu yerdan ikki tarmoqqa ajralgan Zarafshon Xatirchi tumani hududida qayta birlashadi. Va shungacha bo’lgan ikki daryo oralig’idagi yerlar Miyonqol oroli deyiladi. Miyonqolning boshlanishi nuqtasi – ikki daryo ajralgan yerdan Oqdaryo tumaniga qarashli Dahbed jamoa xo’jaligi chegarasigacha bo’lgan joylar to’qqiz Darxonni birlashtirgan Rofe Hamroyev jamoa xo’jaligi hududi hisoblanadi.

Hududning jug’rofiy tuzilishi baland joydan turib qaralganda musavvir mo’yqalami bilan yaratilgan ajoyib manzarali ulkan polotnoni eslatadi. Hududning chap tarafi Cho’pon ota qirlari. Qirlar ostidan oqib borayotgan Qoradaryo, o’ng tarafi esa Oqdaryo. Ikki daryo o’rtasi tobora kengayib boradi. Ikki daryo oralig’i hali aytganimday to Xatirchi hududiga – daryolar qayta qo’shilgan yerlarga qadar Miyonqol (ayrim manba’larda Miyonqal’a) oroli bo’lib, ta’bir joiz bo’lsa, bu yerni ulkan Movarounnahrning (Amu va Sir o’rtasidagi mamlakatimizning) mu’jaz nusxasi deb atash mumkin. Miyonqol bir paytlar – qadim zamonlarda jo’shqin Zarafshonning o’zani bo’lgan. Vaqt o’tishi bilan tabiiy ravishda (kim bilsin, balki odamizod aralashuvi ham bo’lgandir) ikkiga – Oqdaryo va Qoradaryoga ajralib ketgan.

SUVAYIRG’ICH KO’PRIK

Zahiriddin Muhammad Bobur (1482 – 1530 y.y.) Andijondan quvilib, ne mashaqqatlar bilan bobosining poytaxti Samarqandni qo’lga kiritgan paytda daryoning ikkiga bo’lingan joyida suvayirg’ich ko’prik qurishni boshlagan edi. Bobur rejasiga ko’ra, bu suvayirg’ich yetti ravoqli (to’rttasi Qoradaryoga, uchtasi Oqdaryoga suv o’tkazadigan), usti esa ko’prik vazifasini bajarishi kerak bo’lgan eni yetti metr, bo’yi ikki yuz metrli iinshoot bo’lishi kerak edi. Ammo uni bitkazish Boburga nasib etmadi. Samarqand shayboniylar qo’liga o’tdi. Muhammad Shayboniyxon amri bilan qurilish davom ettirilib, u o’n ikki yil mobaynida qurib bitkazildi. (Ulkan Suvayirg’ichdan hozir bitta ravoqqina saqlanib qolgan va uning mahobatidan ham ma’lum bo’ladiki, ko’prik na qadar ulkan bo’lgan va demakki Zarafshon ham shunga yarasha sersuv va jo’shqin bir daryo bo’lgan).

Endi uning ikki tarmog’i o’rtasidagi yerlarga kelsak, 17-asrga qadar ham bu yerlarga hech kim yashamagan. Ovchilar ham hatto ov qilishga botina olmaydigan qalin o’rmon, chakalakzor, to’qayzorlar va botqoqlik hamda katta-kichik ko’llar, ko’lmaklardan iborat bo’lgan.

NAJOT IZLAB

XUIII asr boshlarida (taxminan 1712 – 1714 y.y.) bir guruh ko’chmanchilar Cho’pon otaning shimoliy sharq tomonidan oila a’zolari, chorva mollari bilan kelib, suvayirg’ich atrofida manzil tutadilar. Bular kimlar edilar?..

Tarixiy manba’larga ko’ra, XU11 asr oxirlarida Movarounnahrning shimoliy sharq tarafidagi tog’lar va ularning yon bag’irlarida bir necha yillab surunkasiga qurg’oqchilik yuz beradi. Buning natijasida Bekobod, O’ratepa, Xovos, Zomin, Jizzax va ularga yaqin hududlardagi lalmikorlik bilan va ayniqsa chorva bilan shug’ullanuvchi o’zbek qabilalari katta zarar ko’rishadi. Bunday ahvol XU111 asr boshlarida ham tez-tez takrorlanadi. Buning natijasida aholi og’ir ahvolda qolib, butun boshi oilalar ochlikdan qirila boshlaydi. Sirdaryo sohillari och qolgan ko’chmanchi chorvadorlar va ularning mol-hollari bilan to’lib-toshib ketadigan yillar bo’lgan. Shunday vaziyatda Zomin va Jizzax bekliklaridagi ko’chmanchi aholining bir qismi Zarafshon vodiysi tomon najot izlab yo’lga tushadilar. Chunki, bu vohada chorva uchun yashash imkonini beradigan sharoit bo’lishi mumkin edi va shunday bo’ldi ham. Bu ko’chmanchilar o’zbeklarning qipchoq, nayman, xitoy, mang’it, arg’in, ming, yuz, qirq, so’loqli kabi urug’lariga mansub edi.

DASTLABKI QADAMLAR

Ulardan qirq urug’iga mansub aholi suvayirg’ich-ko’prikdan o’tib, Cho’pon ota janubiy g’arbidagi soyliklarda qishlab qoladilar. Erta bahorda esa Qoradaryoni kechib, orolga qadam qo’yadilar. Mollarini haydab o’tib, egasiz to’qayzorlar, yaylovlarda o’tlatadilar. Va shu asnoda sekin-asta orol bo’ylab ichkarilaydilar. Har qancha yurishmasin, biror yerda odamzod yashab turgan manzilni uchratmaydilar. Shundan so’ng o’zaro kengashib, bu yerlarni o’zlashtirish, yer ochish, manzilgoh qurishga kirishib ketadilar. Ammo, past-balandlik, qum va tosh uyumlari, changalzor, to’qayzorlardan iborat o’zanni tekislash, botqoqliklarni quritish, ekinlarni sug’orish uchun ariq va zovurlar qazishga to’g’ri kelardi. Bu ishlar ibtidoiy mehnat qurollari va qo’l kuchi bilan bajarilishi lozim edi. Va yana bir muhim jihati, bunday katta ko’lamdagi vazifani alohida-alohida oilalar bilan yakka tartibda bajarish mumkin emasligini tushunishgan urug’doshlar jamoa tartibida ish yuritdilar.

Urug’ oqsoqoli ishboshi bo’lib, jamoadagi barcha ishga yaroqli kishilarni, ish hayvonlarini yangi yerlar ochishga safarbar qilar edi. Bunday usul samara berib, qisqa fursatda ancha maydon o’zlashtirildi va ekin-tikin qilish imkoni yaratildi.

MUAMMO

Yangi yer – mahsuldor tuproqdan mo’l-ko’l hosil olina boshladi. Jamoa ehtiyojidan ortgan hosilni esa Samarqand, Dahbed, Jomboy bozorlariga olib borib sotish yo’lga qo’yildi. Bu mahsulotlar sifati yaxshi bo’lganidan xaridor ko’paydi. Ayni choqda bu mahsulotlarni yetishtiriladigan manzilga qiziquvchilar ham… Ular ov bahonasida daryodan o’tib, jamoa yerlarini ko’zdan kechirdilar… Keyin esa surishtiruvlar boshlandi: yer kimga tegishli, dehqonchilik qilayotganlar qaysi beklikdan, yer hujjati, to’lanayotgan soliq hujjati bormi-yo’qmi, va hokazolar. Urug’ oqsoqollari bunday tekshiruv va oshkora do’q-po’pisa qiluvchilar ustidan shikoyat qilib, yon atrof (Samarqand, Jomboy, Dahbed) bekliklariga chiqishdi, najot bo’lmadi. Aksincha, yer-mulklaridan ajralib qolish xavfi ortib bordi. Najot faqat podsholikdan bo’lish mumkin edi. Buning uchun esa Buxoroga borish lozim bo’lardi. Lekin manzil olis, quruqlikdan borish xatarli va mashaqqatli edi. Kengash suv yo’lini ma’qulladi. Katta-katta teraklarni yiqitishib, sol yasashni va solga o’tirib, Buxoroga yetib olish mumkin deyishdi.

RIVOYAT

Yoshligida ko’pgina hunarlarni o’rgangan, ayniqsa harbiylik san’atini puxta o’zlashtirgan Temurbek 20-21 yoshlarida Samarqand hokimi Amir Yaxmoq xizmatiga kiradi. Lashkarboshi bo’ladi unga. Amir Yaxmoq olamdan o’tgach, uning mulki yosh Temurbekka o’tadi.

Temurbek bir kuni Samarqand tashqarisidagi dashtga yigitlari bilan ov qilgani chiqadi. Dasht gurilta qabilasiga tegishli bo’lib, qabilaning ellik chog’liq otliq ularning qarshisiga chiqib kelishadi. “Bizning mulkimizda ov qilishga nima haqlaringiz bor? Agar hoziroq qaytib ketmasangizlar, hammangizni ushlab avaxtaga tashlaymiz. Odam boshiga ming tillodan bergan odam qutiladi, bermagan qatl etiladi”, deb do’q-po’pisa qila boshlashadi.

Shunda Temurbek ularning o’zini so’roqqa tutib ketadi: “Bizning mulkimiz deysizlar, xo’sh qani hujjat-dalil ko’rsatinglar-chi! Yashaydigan qishloq-ovulingiz yo’q-ku! Uy-joy, loaqal chodir-kapangiz bormi?! Qazigan arig’ingiz, solgan yo’lingiz, ko’prigingiz bormi?! Ekkan daraxt-butangiz bormi loaqal?! Hujjat ko’rsating!”

Guriltaliklar bu savollarga javob berish o’rniga ularni haqorat qilib, hatto o’ldirishga chog’lanishadi. Temurbek atigi olti nafar yigiti bilan ellikta guriltalik otliqqa qarshi hujumga o’tadi. Uning o’zi yigirma ikki nafar otliqni otidan qulatadi. Atigi bir necha guriltalik omon qolib, orqasiga qarab qochadi. Temurbek bir qancha o’lja bilan shaharga qaytadi.

***

Rivoyatda Temurbek guriltaliklardan talab qilgan dalillar aksari ikki daryo oralig’ini o’zlashtirib, dehqonchilik qilayotgan qahramonlarimizda bor edi, albatta. Ular to’qaydan o’z mehnatlari bilan yer o’zlashtirib olishgan edi. Ariq-zovurlar qazishgan, yo’llar, ko’priklar solishgan, dov-daraxtlar ekishgan, joy-jalol qurishgan, daryo suvini to’suvchi to’g’onlar qurilgan edi. Faqat bularni tasdiqlovchi podsholik hujjati yo’q edi, xolos.

“DARXON” ATAMASINING VUJUDGA KELISHI

XUIII boshlarida Qirq urug’iga mansub ko’chmanchi chorvadorlar tomonidan o’zlashtirilgan yerlar mana uch asrki Darxon nomi bilan atalib kelinadi. Ma’lumki, bu atama haqida har kim har xil fikr bildiradi. Masalan, ba’zilar bu joylar xonlarning kelib-ketadigan, dam oladigan, ov qiladigan manzili bo’lib, shu sababdan Darxon deyishgan, (dar – eshik, Dari xon, ya’ni xonning eshigi) desa, boshqalar, bu yerlarga azaldan xonlar egalik qilib kelganlar, shu sabablar “Xonlarning mulki” ma’nosida Darxon deb ataganlar deydi.

Bu ikki taxminda ham daryoning o’zani bo’lgan joylarni kimlar qanday qilib o’zlashtirgani haqida emas, unga egalik qilish va kimga tegishli ekani jihatidan yondoshilgan. Boshqa bir taxminda esa bu yerlar asli daryoning o’zani – o’rni bo’lgan, daryo suvi qurigach, har tomondan kelgan yersiz dehqonlar o’zlaricha yerni o’zlashtirib, unga egalik qilganlar va xonlarga soliq to’laganlari uchun xonga tegishli yer ma’nosida Darxon deb atalgan deyiladi. Bu rivoyat-taxminlarning hech birida ishonchli asos keltirilmaydi.

Yana bir rivoyat, bu – rus olimi Vyatkin faoliyati bilan bog’liqki… Vyatkinni xalqimiz oldidagi ulug’ xizmatlaridan biri, bu – talotum zamonlar bosqinlari oqibatida yer ostiga ko’milib ketgan Ulug’bek rasadxonasini topib, ilmiy jamoatchilikka ma’lum qilganidir. Ana shu olim xalqimiz tarixiga oid afsona va rivoyatlarni ham to’plagan ekan. Shunday afsonalardan bir turkumi: “Shohi Zinda”, “Shayx Moturidiy”, “Cho’pon ota” va “Darxon”dir. Endi tasavvur qiling: Bu aytilgan afsonalar nomlari va bu nomlarga aloqador manzillar bir-biriga juda vobasta. Shohi Zinda majmuasi, undan bir chaqirimcha quyiroqda Shayx Moturidiy tavallud topgan Moturid qishlog’i, shaharning kun chiqar tomonida esa Cho’pon ota qirlari va nihoyat Cho’pon ota bilan bir yo’nalishda – Qoradaryoning narigi qirg’og’ida Darxon qishlog’i. Agar mulohaza qilib ko’rilsa, Darxon ham boshqa tilga olingan manzillar kabi o’ziga xos tarixga, mavqega ega bo’lgan qadimiy manzilgohlardan ekanligi oydinlashadi. Endi bevosita rivoyatning o’ziga kelsak…

UBAYDULLAXONGA TANBEH BERGAN ONAXON

Buxoro hukmdori Ubaydullaxon lashkar tortib Samarqandga keladi. Sababi Samarqand hokimi bosar-tusarini bilmay qolgani, xalqqa zulm o’tkazayotgani, ayni choqda podsholikka soliq to’lashdan ham bosh tortayotgani haqida xabar topgan edi. Samarqandni halqadek o’rab, bosim o’tkazadi. Natija bo’lmaydi. Shaharga bostirib kirishning iloji bo’lmaydi. Ubaydullaxon lashkariga dam berib, o’zi bir necha yigitlari bilan ov qilgani daryo bo’yidagi to’qayzorlarni oralab ketadi. Chakalakzor, qamishzor dayravotda adashadi. Yolg’iz o’zi otda adashib yuraverib, holdan toyadi. Ochlikdan sillasi quriydi. Bir mahal yalanglikdan chiqib qoladi. Qarasa, bir kampir katta doshqozonda atala pishirib turganmish. Xayriyate, degancha kampirning oldiga boradi. Onaxon, ovqatingizdan bersangiz, deydi. Mayli bolam, mayli debdi kampir, kela qol. Ubaydullaxon hovliqqancha kampirning qo’lidan cho’michni olibdi-da, qozonning o’rtasidan bir cho’mich atala olib, ichmoqchi bo’libdi. Og’zi kuyib, uh deb yuboribdi. Aytmaysizmi, issiq deb, ichaklarim kuyib ketdi-ku, debdi podsho. Kampir kulibdi. Senam, bolam, Ubaydullaxonni ishini qilding, debdi. Ubaydullaxon?.. deya hayron bo’pti podsho. U nima qildi?.. Uyam senga o’xshab qozonning o’rtasiga cho’mich soldi, shu sababli murodi hosil bo’lmadi. Ubaydullaxon qiziqsinib, kampirning yoniga o’tirib, gapga solibdi. Sizningcha nima qilishi kerak edi, debdi. E, u aql bilan ish yuritganda, to’g’ri Samarqand qal’asiga hujum qilmas edi. Avval shahar atrofidagi qishloqlarni qo’lga olib, qal’a ta’minotini qirqqan bo’lardi. Shunda oziq-ovqatsiz, madadsiz qolgan qal’a o’z-o’zidan taslim bo’lardi, debdi. Ubaydullaxon shartta otiga o’tiribdi-da, aytganingizni qilaman, ona, degancha ot choptirib ketibdi. Ko’p o’tmay Samarqand qo’lga olinib, odamlar zolim hukmdordan xalos bo’lishibdi. Va Ubaydullaxon kampirni izlab kelibdi. Uni topib, odamlarni to’plab yig’in o’tkazibdi. Men mana shu donishmand onaxonning maslahati bilan murodimga yetdim. Endi sizlar butun qishloqlaring bilan darxon qilindinglar. Ya’ni podsholik soliqlaridan ozod bo’ldingizlar, deb hukm yozdirib, muhrlab kampirning qo’liga tutqazibdi. Shundan kampirni Darxon ona deydigan bo’lishibdi. Asta-sekin ularning qishlog’i ham Darxon nomini olgan ekan. Demak, Darxon, darxon qilingan degani imtiyozga ega bo’lish, soliq-to’lovlardan ozod bo’lish degan ma’noni ham anglatar ekan.

BUXOROGA SAFAR VA ARZNOMA

XU111 asr boshlarida, taxminan 1720-1722 yillarning yoz oylarida Qirq urug’i jamoasidan 10-12 chog’li baquvvat suvchi yigitlar tanlab olinib, teraklar tanalaridan yasalgan solga sovg’a-salomlarni ortgan holda Qoradaryo bo’ylab safarga otlanishadi. Suv oqimi bilan 10 kunlar suzib, nihoyat Buxoro yaqinida qirg’oqqa chiqadilar. O’sha yillari Buxoroda amir Abulfayzxon (1711-1747) hukmdor bo’lib, u Samarqanddan kelgan ko’chmanchilar vakillarini qabul qiladi. Vakillar Arznomani amirga topshirishadi. Arznoma mazmuni taxminan shunday edi: “Bizlar Zomin bekligidan kelgan o’zbeklarning Qirq urug’iga mansub chorvadorlarmiz. Surunkali qurg’oqchilik tufayli yurtimizda bir necha yillar giyoh o’smay, chorva mollarimiz qirila boshladi. Odamlarimizning ham ko’pchiligi ocharchilik natijasida nobud bo’ldi. Shu sababli oila a’zolarimiz va chorvamizni omon saqlash uchun Zarafshon vodiysiga tushib keldik. 10 yillardan beri Zarafshonning ikki irmog’i – Oqdaryo, Qoradaryo o’rtasidagi manzilda chorvamizni boqib, daryoning suvi qochgan o’zanidagi to’qayzorlarni tozalab, botqoqliklarni quritib, yer ochdik va dehqonchilik qilib kelyapmiz. Juda katta qiyinchiliklar evaziga ochgan yerimizdan olingan hosilni bozorlarga chiqara boshladik. Biz dastlab kelganimizda daryo oralig’ida jon zoti yo’q edi. Atrof faqat changalzor, to’qay va botqoqlikdan iborat edi. Biz mehnat qilib, yer ochib, ariq qazib, ko’prik solib, yerlarni obod qila boshlaganimizdan keyin unga egalik qilmoqchi bo’lganlar, xo’jayinlar ko’payib, bizning yashashimizga xalaqit berishmoqda. Ular dehqonchilikka yaroqli holga keltirgan yerlarimiz uchun hujjat so’rab, soliq to’lashimizni, mahsulotlarimizni, yerlarimizni ham arzon narxda sotishimizni, hatto do’q-po’pisa qilib, yerimizni tashlab ketishimizni talab qilishmoqda. Siz Hazrati oliylaridan, bizni o’z himoyangizga olishingizni, katta mashaqqatlar bilan o’zlashtirgan yerlarimizni o’zimizga hujjat-vasiqa qilib rasmiylashtirib berishingizni o’tinib so’raymiz…”

FARMONI OLIY

Buxoro amiri Abulfayzxon tomonidan Arznoma taqdiri ijobiy hal etiladi va: “Zarafshon daryosining ikki irmoqqa ajralgan yerdan Dahbed bekligigacha bo’lgan yerlar uni dastlab o’zlashtirishni boshlagan o’zbek ulusining ko’chmanchi Qirq urug’iga abadiy Darxon qilib berilsin. Ular qilgan savobli ishlar uchun qilingan hamma sarf-xarajatlar qoplanguncha, ular barcha soliqlardan ozod qilinsinlar hamda ularga podsholikning imtiyozlaridan foydalanish huquqi berilsin. Yerni o’zlashtirish uchun qilingan sarf-xarajatlar butunlay qoplangandan keyin Darxon qilingan yerlardan olinadigan soliqlarni yig’ib, podsholik xazinasiga topshirish huquqi Dahbedning Maxdumi A’zam xonaqosi ixtiyoriga berilsin”, degan tartibda farmoni oliy yozib beriladi.

MAXDUMI AЪZAM IMOM AL-KOSONIY

Musulmon dunyosida Maxdumi A’zam kunyasi bilan mashhur bo’lgan naqshbandiya tariqatining XU1 asrdagi namoyondasi – piri murshidining asl ism-sharifi Said Ahmad ibn Jaloliddin Imom al-Kosoniydir.

1462 yil Farg’ona muzofotining Kosonsoyida tug’ilgan Maxdumi A’zam hazratlari naqshbandiya tariqati ilmiy-nazariy asosini yaratgan va bu borada o’ttiz risola yozgan alloma, fiqxshunos olim hamda Xo’ja Ahror Valiydan keyingi eng yirik naqshbandiya tariqati namoyondasi edi. Temuriylardan Bobur mirzo, shayboniylardan Ubaydullaxon, Jonibekxon, Abdulazizxon kabi hukmdorlar Maxdumi A’zamni o’ziga pir tutib, uning yo’l-yo’rig’i, pand-nasihatlariga amal qilishar edi. Allomani nafaqat Movarounnahr, balki Afg’oniston, Sharqiy Turkiston va Hindiston taraflardagi musulmonlar ham yaxshi bilishar, uni o’zlariga piri murshid deb bilishardi. Maxdumi A’zam umrining oxirgi yillarida Dahbedda yashagan, vafotidan keyin shu yerda dafn etilgan va shu munosabat bilan bu yerda Xonaqoh qurilgan, masjidi jome’ va madrasa barpo etilgan edi. Abulfayzxon farmonidan ham ko’rinib turibdiki, Dahbed bekligi hududidagi soliqlarni yig’ish va podsholik xazinasiga topshirish vazifasiga Maxdumi A’zam xonaqosi ulamolari mas’ul etilgan va ularga shunday ishonch bildirilgan.

DARXON QILINISH

Yuqorida zikr etilganlardan ham ma’lum bo’lyaptiki, xonlik, podsholik tomonidan ayrim shaxs yoki bir guruh shaxslarga abadiy yoki ma’lum muddatga foydalanish uchun berilgan, hadya, in’om etilgan yer-mulk arab tilida Darxon deb atalgan.

Darxon qilingan yer-mulk yaqin Sharqdagi arab va Markaziy Osiyo mamlakatlarida ko’plab uchraydi. Masalan, o’zimizdagi Andijon, Toshkent, Jizzax, Samarqand viloyatlarida Darxon nomli qishloqlar, mahallalar, shuningdek suv inshootlari – ariq, anhorlar bor. 1991 yilda Saudiya Arabistoniga ziyoratda bo’lgan shoir Jamol Kamolning taassurotlarida ham shular haqida yozilgan. Shoir Buxoro, Samarqand, Xorazm va Qo’qon shaharlaridan borgan kishilarga nisbatan arablarning hurmati katta ekanini bildirib, Buxorodan Arabistonga ko’chib borib qolgan bir oilaga Toyif viloyatidan 70 gektar yer Darxon qilib berilganini hikoya qiladi.

Aslida biz hikoya qilayotgan Darxon boshqa viloyatlardagi darxonlardan farqli o’laroq, ayrim shaxsning mulki bo’lmay, uni daryo o’zanidan o’zlashtirib olgan o’zbeklarning bir urug’iga foydalanish uchun abadiyga Buxoro hukmdori tomonidan in’om qilingan yer-mulkdir. Bu mulk darxon qilingan boshqa mulklardan yana shu jihatdan farq qiladiki, u dehqonlarni yersiz qoldirgan holda boshqalarga in’om qilingan yer-mulk bo’lmay, qattiq qiyinchiliklar evaziga daryo o’zanidan ochib olingan va ko’chmanchi aholining o’troqlashishiga xizmat qilgan, egasiz, tashlandiq joylarning obod bo’lishiga sabab bo’lishi bilan podsholikka katta foyda keltirgan yer maydonini kengaytirib, kelajakda mamlakat xazinasiga mo’l-ko’l boylik qo’shadigan ahamiyatga molik yer-mulkdir.

SAKKIZ MAChITLI DARXON

Abulfayzxondan olingan vasiqa himoyasida bu yerdagi ishlar davom ettirilib, yerlar yanada kengaytiriladi. Turar joylar quriladi. Va qishloqning nomi Qirqdarxon deb atala boshlanadi. Darxonliklarga podsholik tomonidan imtiyozlar berilib, avvalo ular podsholikning barcha soliqlaridan ozod qilinadilar. Barcha ekin maydonlari, yaylovlari Buxoro podshosi himoyasidagi fuqarolar mulki bo’lib, daxlsiz deb e’lon etiladi. Podshoning ruxsatisiz mahalliy-ma’muriy mahkamalar xodimlari Darxonlik dehqonlarni jazolashi, qamoqqa olishi mumkin bo’lmagan. Ularga istagan bozorlarida o’z mahsulotlarini sotish huquqiga ega bo’lishgan. X1X asr o’rtalariga qadar butun Darxon hududida Qirq urug’i nufuzli hisoblanib, ular jamoa bo’lib yashashgan. Keyinchalik esa yerlar taqsimlanib, oilalarga xususiylashtirib berilgan. Bu taqsimotda oilalarning yer o’zlashtirishga qo’shgan hissalari hisobga olingan. Berilgan yerlar oilalarning xususiy mulki bo’lib, unga egalik qilish huquqi haqida viloyat qozisi guvohnomasi berilgan. Bu guvohnoma yer vasiqasi deb atalib, vasiqada yer egalari o’z yerlarini qisman yoki butunlay sotish huquqiga egaliklari ham belgilangan. Bu esa qishloqdan chiqqan va Samarqandlik boylar tomonidan yerlarni sotib olib, o’z mulklarini kengaytirish, katta yer egalariga aylanishlari imkonini bergan. Natijada katta yer egalari va yersiz, yoki kichik yer egalari, mayda dehqon xo’jaliklari kabi tabaqalanish boshlangan. Har tomondan kelib yer sotib olishlar hisobiga aholi ko’payadi. O’zbeklarning turli urug’lari, boshqa millat vakillaridan iborat sakkiz qishloq yuzaga keladi. Shuning uchun ham bu hududni “Sakkiz machitli Darxon” deb ham atardilar. Yangi tashkil etilgan qishloqlarning har biriga ularning o’tmishiga bog’liq nom qo’shib atash rasm bo’lgan. Masalan, Boshdarxon, Toshloqdarxon, Oshkadidarxon, Qirqdarxon, Jo’ravoydarxon, Po’latdarxon, Naymandar-xon, Ozoddarxon…

Bu qishloqlar har birining tashkil topish tarixi, toponimikasi mavjud. Aytaylik, bir qishloqdan chiqqan o’ziga to’q xonadon sohibi (Faxriddinboy degan kishi) bahor vaqtlari katta doshqozonda kadi (qovoq), don solib, suvda qaynatib, taom tayyorlatgan. Tushlikda esa dalada mehnat qilayotgan dehqonlarga, musofirlarga tekinga tarqatgan. Bu ish har kun takrorlanaverganidan odamlar odatlanishgan. Va har kuni shu boyning qo’rg’oniga qarab kelaverishgan. Bir-birlarini chaqirib, “kadilik oshga boramiz, oshkadiga boramiz” deb yo’lga tushigan. Va bu narsa qishloqning nomiga aylanib ketgan. Oshkadidarxon nomi shundan qolgan. Darxon qishloqlari orasida eng kenjasi Chorjo’y qishlog’i bo’lgan. Buning tarixi quyidagicha: Samarqand shahri respublika poytaxti bo’lgan vaqtlarda (1924-1929 y.y.) xalq oqsoqoli Yo’ldosh Oxunboboyev 1928 yilda o’z yurti Marg’ilondan 12 xo’jalikni ko’chirib kelib, har tarafidan suvga yaqin bo’lgan joyga o’rnashtiradi. Va bu joy to’rt tarafi ham suv bo’lgani sabab Chorjo’y (to’rt ariq) nomini oladi.

Yer xususiylashgach, dehqonlar o’z yerlariga mehr qo’yib, dehqonchilik hadisini olib, yerdan mo’l-ko’l hosil ola boshladilar. Va atrof bozorlarda Darxonlik mirishkor nomi bilan nom chiqara boshladilar. Darxondan chiqqan qovun, tarvuz kabi poliz mahsulotlari ham, sabzavotu donu dunlar bozorning oldi bo’lib qoldi. Ammo dehqonlarning xursandchiligi uzoqqa bormadi…

DARXONLIKLAR SOVET DAVRIDA

Butun Rossiya sovetlarining 2-s’ezdi qabul qilgan yer to’g’risidagi dekret (26 oktyabrь 1917 yil), O’zbekistonda o’tkazilgan yer-suv islohoti (1926-1928) natijasida hamma joyda bo’lganidek, Darxon dehqonlarining yerlari ham ularning qo’llaridan tortib olindi. 1930 yilda hududdagi 9 qishloqning har birida yakkaxo’jaliklarning birlashtirgan jamoa xo’jaliklari tashkil etildi. 1935-yildan boshlab esa mazkur jamoa xo’jaliklari yirik jamoalarga aylantirildi. Va bu yirik jamoaga 1932 yildan 1950 yilgacha tajribali dehqon Xo’jaqul Norov raislik qildi. U mana shu mayda jamoa xo’jaliklarini birlashtirishga, yirik jamoaga aylantirishga boshchilik qildi. 1950-yilda esa jamoaga tajribali dehqon, iqtisodchi va tashkilotchi rahbar Rofe Hamroyev rais qilib saylandi. Uning raislik davri (1950 – 1976 y.y.) Darxonning iqtisodiy va madaniy jihatdan rivojlanish yillari bo’ldi. Darxon xalqi bu ikkala fidoyi rahbarning ko’p yillik mehnatlarini qadrlab, ularning vafotidan keyin nomlarini abadiylashtirishga qaror qildilar. Xo’jaqul Norov nomi o’zi tug’ilib o’sgan Boshdarxon qishlog’idagi 42-o’rta maktabga, Rofe Hamroyev nomi esa jamoa xo’jaligiga berildi. Darxonliklar o’tgan ajdodlari, ota-bobolaridan qolgan an’ana meroslarni o’rganib, qadrlab, davom ettirib yildan yilga yaxshi ko’rsatkichlarga erishdilar. Turli vaziyatlar – urushlar, tabiiy ofatlar, repressiyalar natijasida kelib qolgan insonlarga o’z uylaridan joy berib, ularni oyoqqa turib olishlariga madad berdilar. Natijada bu yerga ko’chib kelganlar tez fursatda darxonliklar bilan el bo’lib ketdilar. Elga el qo’shilib, darxonliklar safi ortib bordi. Bir zamonlar bu yerlarni darxon qilib berayotgan Abulfayzxon vaqti kelib, bu zamin bir tarafdan haqiqiy qut-baraka maskaniga, bir tarafdan tanti dehqonu bog’bonu chorvadorlar yurtiga, mard, halol, rost so’zli, qalbi yumshoq, oriyati qattiq insonlar vataniga aylanishini tasavvur ham qilmagan bo’lsa kerak…

***

Mana bugungi kunda Istiqlol sharofati bilan yerlar o’z egasiga qaytarildi. Dehqonchilik, chorvachilik, bog’dorchilik fermer xo’jaliklari tashkil etildi. Aytish mumkinki, ikki daryo oralig’idagi bu tabarruk Ona zamin va uning mirishkor xalqi o’zining Yangi hayotini boshladi. Bu hayot esa ozod, mustaqil turmush tarziga asoslanganki, Darxonliklar ham butun mamlakatimiz xalqi qatorida shukrona bir tuyg’u bilan kun kechirish, tinch mehnat gashtini surish, yangi orzu-havaslar sari intilish, mehnat qilish, Istiqlol g’alabalarini mustahkamlash maqsadida mehnat qilmoqdalar!..

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:
Isomiddin Qarshiyev. Dala o’rtasidagi uchrashuv & Orziqul Ergash. Ham muallim, ham ustoz

034

(Tashriflar: umumiy 237, bugungi 1)

Izoh qoldiring