Isomiddin Qarshiyev. Dala o’rtasidagi uchrashuv & Orziqul Ergash. Ham muallim, ham ustoz

021Мана орадан йиллар ўтиб, Устознинг ҳеч кимга кўрсатмаган қоралама машқларини кўздан кечириб ўтирарканман, ва яна, мени ошкора-пинҳона қувватлаб, руҳлантириб юришларини эслаб, бир нарсага амин бўлдим: Устоз барчадан сир тутган буюк армон билан яшаб ўтган экан. Бу бадиий ижод, тўйиб-тўйиб ёзиш армони!..

Орзиқул ЭРГАШ
ҲАМ МУАЛЛИМ, ҲАМ УСТОЗ…

055Исомиддин ака, мен ўқиган Оқдарё туманидаги 40-ўрта мактабда бир неча йиллар директорлик қилди. Айни чоқда тарих фани ўқитувчиси ҳам эди. Ўзи тарихчи бўлса-да, менинг бадиий ижодга қизиқишимга хайроҳлик билан қарар, деворий газетадами, туман газетасидами ул-бул нарсам чиқиб қолгудай бўлса, ўқитувчи, ўқувчилар ўртасида алоҳида тилга олиб, руҳлантириб қўйишни канда қилмасди.

Оилавий шароит тақозоси билан Университетда сиртдан ўқиб, жамоа хўжалиги бухгалтериясида бир неча йил хизмат қилдим. Шу даврда у мени қайта-қайта даъват қилиб, ўқитувчиликка чақириб олган, ҳар ҳолда алабиётга яқин бўласан-ку, деганди. Мен бўлсам, устоз билан атиги икки йилгина бирга ишладим ва Тошкент ҳавасига тушдим. Эсимда, минг тўққиз юз етмиш тўққизинчи йилнинг июн ойининг охирлари эди. Синфимнинг болаларига етуклик аттестацияларини топширган куним минг бир истиҳола билан Исомиддин аканинг ҳузурига кирдим. Мақсадимни айтдим. Устозни ранжитиб қўяманми, деб ўйлагандим. Йўқ, аксинча қувонди. Айрим касбдошларим огоҳлантиргандек овора бўлма, Тошкентда яшашнинг ўзи бўлмайди, ё заринг ё зўринг бўлиши керак, деб қўрқитиб ҳам ўтирмади. “Биламан, анча кеч ҳаракат қиляпсан, бошқа имконинг ҳам йўқ эди. Мана энди… бемалол кетаверсанг бўлади”, деди. Дуо қилди.

Мана орадан йиллар ўтиб, Устознинг ҳеч кимга кўрсатмаган қоралама машқларини кўздан кечириб ўтирарканман, ва яна, мени ошкора-пинҳона қувватлаб, руҳлантириб юришларини эслаб, бир нарсага амин бўлдим: Устоз барчадан сир тутган буюк армон билан яшаб ўтган экан. Бу бадиий ижод, тўйиб-тўйиб ёзиш армони!..

Мана унинг, эътиборингизга ҳавола этаётганим, биргина ҳикояси ҳам бу фикримни тасдиқлаб тургандай…

Устознинг охиратлари обод бўлсин.

Исомиддин ҚАРШИЕВ
Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси
ДАЛА ЎРТАСИДАГИ УЧРАШУВ


      Минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йил. Авжи саратон… – Акам иккимиз отга қўшилган култиваторда ғўза қатор ораларини юмшатяпмиз. Ҳали чошгоҳданоқ кун қизиб, дам қайтара бошлади. Мен тўриқ от миниб олганман. Вазифам отни бошқариш. Акам орқадаги култиватор дастасидан тутиб, менга эргашиб, бориб-келиб турибди. Пешонасини танғиган қизил белбоғ жиққа ҳўл, кўйлаги баданига ёпишган, юзлари бўғриқиб, қорайиб кетган. Лекин, сир бермайди. “Қани, Исомиддинжон, ғайрат қил. Ҳали пешинда маза қилиб дам оламиз. Чўмиламиз, чалоп ичамиз…” деб мени алаҳситган бўлади. Остимдаги тўриқ ҳам қоп-қора терга ботган, устидан ҳовур кўтарилади. Ўзимнинг аҳволим ҳам уникидан яхшимас. Лекин иссиқдан кўра отимга ёпишаётган хира пашшалар мени кўпроқ қийнайди. Бир қўлим жиловда, бир қўлда тинимсиз пашша ҳайдайман. Бечора тўриғим дам бадам думини серпаб, бошини силтаб, пишқириб қўяди. Ачитиб чаққанидан бўлса керак, бадани пир-пир учиб кетади. Пашша қурғур менинг ўзимниям тинч қўймайди. Бунинг яхши томониям борки, ухлаб қолмайсан. Бўлмаса бунақа иссиқда, яна тағин мисдай қизиб турган от устида ўтиришнинг ўзи бўладими!..

Дала айланиб катта ариқ оқиб ўтади. Негадир уни Камар дейишади. Шунинг учун бўлса керак, звеномиз ҳам, биз ишлаётган дала номи ҳам – Камар… Камарариқ бўйида баланд-баланд тол-тераклар шовуллаб турибди. Одамнинг ҳавасини келтиради. Қанийди, ишдан тезроқ озод бўлсаму тўғри бориб, толлар соясида жимирлаб оқиб ётган сувга калла ташласам, маза қилиб қулоч отиб чўмилсам…

Бу дала илгари бир неча якка хўжаликнинг ери бўлган. Ҳар ким ўзига тегишли ерда экин экиб, тирикчилигини ўтказган. Колхоз бўлгач, парча-парча ерлар яхлитланиб, қўшиб юборилган. Звенолар ташкил қилинган. Ана шу звенолардан биттаси, каттароғи Сирожиддин акамники… Эҳ-ҳе, бу ерларни чангалзордан ажратиб одам қилгунча акам бечора озмунча қийналдими! Ердан қор кетибдики, тиними йўқ. Тўрт-бешта одами билан даладан чиқмайди. Унга раҳмим келади. Ёрдам берай десам, сен ҳозирча ўқишингни бил, ўзимиз эплаб турибмиз, деб елкамга қоқиб қўяди. Мана бу ёғи таътил бошланди. Ёз бўйи бемалол акамга ёрдам беришим мумкин.

Эҳ, тезроқ тушликка чиқсак эдик. Ҳеч нарсага қарамасдан, аввал тўйиб бир чўмилиб олар эдим. Сувга шундоқ калла ташлардим-да, оёқ-қўлларимни қимирлатмасдан, сув қаёққа опкетса оқиб кетаверардим… Йўқ, олдин озгина ухлардим. Пашша халақит бермаса бўлди. Э, нега халақит берсин, бошимни буркаб оламан-да, ётавераман!..

– Исомиддин, отни тўхтат-чи!

Акамнинг овозидан чўчиб тушдим. Жиндайгина мудраб қолибман. Жиловни тортиб, хавотир билан ортимга қарадим. Акам қўлини қуёшпана қилиб, катта йўл томонга тикилиб турарди. Қарасам, дала бошидаги якка тол тагида иккита қора рангли енгил машина турар, бирининг эшиги очиқ, ўшандан тушишган бўлишса керак, уч киши эгат оралаб биз томонга келарди.

Акам тараддудланиб уларга қараб юрган эдики, ҳалиги кишилардан бири, келманг, дегандай ишора қилди.

Акам орқасига қайтиб, култиватори ёнига келиб турди. Оралиқ масофа юз эллик, икки юз одим келарди. Дала суғорилганига анча бўлган, ер қайта тобга келиб, сув талаб бўла бошлаган, айниқса, қумлоқ ерлардан салгина шамолда чанг-тўзон кўтарилиб туради. Ҳозир ҳам келгувчилар изидан оппоқ чанг кўтарилиб, уларни ўраб-чирмар, аммо, шабада йўқлигидан эринчоқлик билан аста босиларди…

Мен отда, акам култиватор ёнида келгувчиларни кутиб турибмиз. Нотаниш кишилар баравж ғўзаларни кўздан кечирганча, ўзаро нималарнидир гаплашиб, шошилмай келишарди.

– Ҳорманглар!

Биринчи бўлиб мен салом бердим. Меҳмонларнинг бири менга кулимсираб тикилиб:

– Э, балли, ва алайкум ассалом, чавандоз! – деди. Сўнг ҳаммалари акам билан қўл бериб кўришишди, сўрашишди. Ҳалиги мени алқаб қўйган меҳмон амаки Сирожиддин акам билан савол-жавоб қила бошлади.

– Исми шарифингиз нима эди, ука, танишиб олайлик.
– Отим Сирожиддин, фамилиям Қаршиев. Звено бошлиғиман.

Меҳмон гимнастёркаси чўнтагидан қалам-дафтар олиб ёза бошлади.

– Сирожиддин Қаршиев… Жуда яхши. Қайси колхозга қарайди бу ерлар?
– Рабфак колхозига, ака.

Меҳмон ёзишда давом этаркан яна сўради:
– Чигитни қачон ва нима билан экдингизлар?

– Иккита от сеялка билан экдик. Беш кунда тугатдик. 12 апрелда…

– Нечта аъзоларингиз бор? Майдон… – шундай дея далани чамалаб: – ўн бир, ўн икки гектарча, а?.. – деди.

– Ҳа, ўн икки гектар. Звенода етти кишимиз…

Хуллас, шу тахлит савол-жавоблар қилишди. Мўлжал, режалар ҳақида гаплашишди. Меҳмоннинг жилмайиб, ўзига яқин олиб гапирганидан бўлса керак, акам тобора дадилланиб, ўзини эркин тутиб, ҳатто ҳазил қилиб, очилиб борарди…

033Меҳмоннинг ёнидаги ҳамроҳларидан озгина бўйи пастроқ, кўзлари катта-катта, қошлари қоп-қора, юзлари хиёл чўзинчоқ ва оппоқ. Эгнида тўқ сариқ рангли гимнастёрка (кейин билсам уни “диоганал” ҳам дейишаркан). Шими ҳам гимнастёркаси рангида. Оёғида қора чармли кавказча этик. Этик чангга ботган. Лекин одамнинг ҳаваси келадиган даражада чиройли, хушбичим. Менга айниқса меҳмоннинг қорамтир тусли энли камари ёқиб қолгани, катта бўлсам, албатта шунақасидан сотиб оламан, деб аҳд қилиб қўйганим сира эсимдан чиқмайди…

Акам билан суҳбат қураётган меҳмон амакининг шериклари ҳам у каби кийинишган, этик ва камарлари ҳам бир хил. Лекин менинг назаримда фақат уники ўзига жуда ярашиб тургандек эди…

– Ие, Сирожиддин укам, ановиларингиз нима эди?..

Ҳаммамиз меҳмон ишора қилган томонга қарадик.

– Ҳа, уми, – уялиб кетганидан кўзини олиб қочди акам, – у… ҳалиги звено аъзоларимизнинг қилган иши. Кўз тегмасин деб қўйишган…

Биздан ўн беш, йигирма қадамча нарида – эгат пуштасида, бир чўп қозиққа ўрнатилган қандайдир ҳайвоннинг бош суяги, иккинчи қозиққа боғланган бир даста отқулоқ гуллари кўриниб турарди.

Акамнинг қимтиниб айтган гапидан меҳмонлар баралла кулиб юборишди.

– Оббо, иримчилар-е!.. – деди меҳмон, кейин хийла жиддий тортиб давом этди. – Тан олиш керак, ғўзаларингизнинг авжи яхши. Ёмон кўздан асрасин. Лекин шу кунларда Фарғонага борсангиз эди, шунақанги кўзтегар ғўзаларни кўрардингизки, қўяверасиз! Шундай эмасми?.. – меҳмон шерикларига ўгирилди. Шериклари бош ирғаб, илжайиб тасдиқлашди. – Лекин, Сирожиддинбек, сиз кўнглингизни чўктирманг. Ғўзангиз яхши. Чакки меҳнат қилмабсиз. Янаги йил бундан-да яхши бўлади. Давлатимиз МТСларга кўплаб трактор, ҳар хил зарур техникалар беряпти. Айниқса, “Универсал” дегани деҳқонга жуда қулай-да. Фарғонада синаб кўрдик. Ерни ҳайдайди, чигитни экади, ғўзани чопиқ қилади, жўяк олади. Ҳатто пахтаниям ўзи теради…

Акам бу гапларни донг қотиб тинглар, мен ҳам тушуниб-тушунмай қулоқ солиб турардим. Бу пайтда кун қоқ тепага келган, ҳаво қизигандан қизиб борарди. Меҳмоннинг шериклари дам бадам рўмолчалари билан бўйин-бошларини артишар, иссиқдан бўғриқиб боришарди. Икки суҳбатдошга  эса иссиқ таъсир қилмаётганга ўхшарди. – … уни “универсал” деб аташларининг сабаби ҳам барча иш қўлидан келишидир. Насиб қилса, сизлар ҳам тезда оласизлар. Фақат унгача бу далаларни тракторга мослаб кенгайтириш керак бўлади. Кейин у паст-баландликниям ёқтирмайди…

Яна кўп гаплар бўлди. Ҳаммасини эслаб қололмадим. Ўртадан неча йиллар ўтиб кетди-да, ўттиз олтинчи йил бўлса, эҳ-ҳе!.. Хуллас, меҳмон кетаётиб, пешинда қишлоқларингда мажлис бўлади. Боринглар. Қолган гапларни ўша ерда гаплашамиз, деди. Шунда унинг бир ҳамроҳи акамдан кулимсираб сўради:

– Сирожиддин, бу кишини танидингизми?.. – Акам хижолатли бош ирғади. – Бўлмаса билиб қўйинг, бу киши Ўзбекистон жумҳурияти Халқ комиссиарлари советининг раиси ўртоқ Файзулла Хўжаев бўладилапр… – Акам ярқ этиб меҳмонга қаради. Меҳмон жилмайганча бош ирғади. – Бу кишини танисангиз керак, – дея давом этди ҳалиги киши, – районимиз партия қўмитаси котиби ўртоқ Нурматов… Ўзи ҳақида гаирмади, акам билан таниш бўлса керак. Кейинчалик билсам, Пўлатдархон қишлоқ шўроси раиси экан… Шундан кейин меҳмонлар акам билан бирма бир қўл сиқиб хайрлашди-да, машиналари томон йўлга тушишди. Акам кузатмоқчи бўлиб эргашган эди, Файзулла Хўжаев тўхтатди.

– Ҳожати йўқ, сиз ишингиздан қолманг, Сирожиддин укам, – деди жилмайиб. Кейин менга қараб бош ирғади. – Омон бўл, чавандоз! Ка-атта йигит бўлгин!..

Мен нима дейишимни билмай илжайиб қўйдиму бир пас ўтиб роса пушаймон бўлдим. Бир оғиз, раҳмат амакижон, деб қўйсам бўларди-ку, деб ўзимни койидим. Акам меҳмонлар орқасидан тикилиб қоларкан, “тавба, шунақа катта одамлар-а!” деб қўйди. Кейин менга ўгирилиб:

– Қара-я!.. – деди. Нима демоқчи бўлганини тушунмадим.

Машиналар енгил чанг кўтариб йўлга тушди-да, сал фурсатда кўринмай кетишди. Акам негадир жўяк пуштасига ўтирди. Кейин менга ўгирилиб, жилмайди:

– Қара-я, Исомиддин, кимлар келди олдимизга. Яхшиямки, аввалдан таништирмади, эмасам довдираб қолардим…

Акам ирғиб ўрнидан турди.

– Ҳайда отингни, Исомиддин, шу бўйинни тезроқ тугатайлик. Ҳали мажлисга ҳам боришимиз керак!..

***

… Йўлда акам билан отга мингашиб кетиб борарканмиз, у ҳамон ҳаяжонини босиб ололмас, тинимсиз гапириниб борарди.

– Кўрднгми, қанақа камтар бўлиши керак одам деган. Файзулла Хўжаевдай одам далама дала кезиб, чангга ботиб юрибди. Мендай бир кетмончи билан худди жўрасидай кўришиб, ҳангомалашди-я! Қойил! Бўлмаса ҳов марвартак тут тагида туриб олиб, бундай имласа югуриб бормасмидим, борардим. Мен ким бўпман!.. Эски замон бўлганда подшо дердик-да у кишини… Исомиддин ҳали нима дедилар, тракторни айтаяман. Отини нима дедилар?.. – Мен эслолмадим.

– Ишқилиб, ўшандан ҳаммаларингизга етказиб берамиз, дедилар, а? Агар ўшандан олсак, биринчи бўлиб сенга ўргатардим. Э, йўқ, сен ўқишингда ўқийверардинг. Мен ўзим ўрганиб олардим-да, ҳамма ишни ўзим қилардим. Аъзоларимга енгил-елпи ишларнигин қолдирардим. Э, агар шунақа подшоларимиз омон бўлса, ҳали кўп яхши кунлар келади.

…Ўшанда акам ҳам, мен ҳам билмасдикки, орадан бир йил йил ўтар-ўтмас жуда нохуш ишлар бошланади ва… Хуллас, ўша куни қишлоғимизда, аниқроғи Тош бобонинг чорбоғида мажлис бўлди. Мажлисдан олдин катта концерт қўйиб берилди. Э, у пайтнинг одамлари жуда завқ-шавқли эдими, билмадим, Чорвоқ ўртасида катта ҳовуз. Ҳовуз айлантириб супалар қилинган. Бир супада меҳмонлар, бошқасида хонандалар. Қолганларида колхозчи эркак-аёллар, болалар… Атроф супуриб-сидирилган. Муздай қилиб сув сепилган. Супалар оралатиб экилган гулу райҳонлар бўйи гуркираб димоққа урилади. Хуллас, ажойиб бир файзли кун бўлган эди-да ўша кун… Мен атрофимдаги болаларга далада бўлган учрашув ҳақида қўшиб-чатиб гапирганим-гапирган. Ҳар замон бўйлаб-бўйлаб меҳмонлар ўтирган супани кузатаман. Файзулла Хўжаев негадир кўринмайди. Лекин бошқа бир таниш чеҳрага кўзим тушади. Ҳарчанд уринмайин, қаерда кўрганимни эслолмайман. Бир маҳал ўз-ўзимдан:”Э, бўлди!“ деворибман. Кейин ёнимдаги жўраларимга мақтаниб кетдим. “Ҳов анови ўтирган киши бор-ку, ўша киши Йўлдош Охунбобоев. Мен уларнинг суратларини кўрганман. Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов – уччаласи тушган суратни!..” Ўртоқларим менга ҳавасланиб қараб қўйишар, нимагадир аввалгидай қитмирлик қилиб, жаҳлимни чиқаришмасди ҳам… Шу куни мажлисни Йўлдош Охунбобоев бошқарди. Файзулла Хўжаев бошқа хўжаликка ўтиб кетган экан… Эртаси куни Даҳбед қишлоғида катта йиғин бўлди. Акам ҳам борди. У ерда Файзулла Хўжаев акамни алоҳида тилга олиб, мақтаб гапирибди. Ҳатто унга чиройли беқасам тўн ҳам кийдирибди. Акам бечоранинг боши осмонга етиб келди…

***

Мана бугун, орадан неча ўн йиллар берида туриб ўша кунларни хотирлар эканман, томоғимга алланима қадалиб келганини туяман. Кўзларим жиққа ёшга тўлади. Ўшанда халқ оқсоқоли Йўлдош Охунбобоев эллик бир ёшда, Файзулла Хўжаев қирқ ёшда, Сирожиддин акам йигирма ёшлар нари-берисида эди. Бу инсонлар ва уларнинг ёнида юрган неча-нечалар ҳозир энди йўқ. Улар дунёдан, дунё улардан ўтган.

Аммо, қизиқки, мен билган, кўрган бу инсонларимнинг қай бири ҳақида ўйламай кўнглим ҳазин ва лекин равшан бир ҳисларга тўлади. На қадар улуғ, на қадар хокисор, на қадар палаги тоза инсонлар эдилар улар. Худо раҳмат қилган бўлсин!.. Машъум қатағон даври бошланганда акам жуда чўкиб қолди. Эсимда, ўқиб турган газетасини йиртиб-йиртиб тандирга ташлаганди бир сафар. Ва менга қараб деярли ўдағайлаб гапирганди:

– Хўп, Исом, сенам ишонасанми ўша одамни – Файзулла Хўжаевни сенга, менга душман эканига?! Йўқ, ишонмайсан! Менам ишонмайман! Манавилар бўлса ёзибдики, Файзулла Хўжаев – халқ душмани, деб!.. Уф!.. Додингни кимга айтасан, кимга?!

Уруш бошланганда акам биринчилардан бўлиб фронтга жўнади ва кўп ўтмай Мелитопол шаҳри яқинидаги жангда ҳалок бўлганлиги ҳақида қора хат олдик…

034Mana oradan yillar o’tib, Ustozning hech kimga ko’rsatmagan qoralama mashqlarini ko’zdan kechirib o’tirarkanman, va yana, meni oshkora-pinhona quvvatlab, ruhlantirib yurishlarini eslab, bir narsaga amin bo’ldim: Ustoz barchadan sir tutgan buyuk armon bilan yashab o’tgan ekan. Bu badiiy ijod, to’yib-to’yib yozish armoni!..

Orziqul ERGASH
HAM MUALLIM, HAM USTOZ…

   Isomiddin aka, men o’qigan Oqdaryo tumanidagi 40-o’rta maktabda bir necha yillar direktorlik qildi. Ayni choqda tarix fani o’qituvchisi ham edi. O’zi tarixchi bo’lsa-da, mening badiiy ijodga qiziqishimga xayrohlik bilan qarar, devoriy gazetadami, tuman gazetasidami ul-bul narsam chiqib qolguday bo’lsa, o’qituvchi, o’quvchilar o’rtasida alohida tilga olib, ruhlantirib qo’yishni kanda qilmasdi.

Oilaviy sharoit taqozosi bilan Universitetda sirtdan o’qib, jamoa xo’jaligi buxgalteriyasida bir necha yil xizmat qildim. Shu davrda u meni qayta-qayta da’vat qilib, o’qituvchilikka chaqirib olgan, har holda alabiyotga yaqin bo’lasan-ku, degandi. Men bo’lsam, ustoz bilan atigi ikki yilgina birga ishladim va Toshkent havasiga tushdim. Esimda, ming to’qqiz yuz yetmish to’qqizinchi yilning iyun oyining oxirlari edi. Sinfimning bolalariga yetuklik attestatsiyalarini topshirgan kunim ming bir istihola bilan Isomiddin akaning huzuriga kirdim. Maqsadimni aytdim. Ustozni ranjitib qo’yamanmi, deb o’ylagandim. Yo’q, aksincha quvondi. Ayrim kasbdoshlarim ogohlantirgandek ovora bo’lma, Toshkentda yashashning o’zi bo’lmaydi, yo zaring yo zo’ring bo’lishi kerak, deb qo’rqitib ham o’tirmadi. “Bilaman, ancha kech harakat qilyapsan, boshqa imkoning ham yo’q edi. Mana endi… bemalol ketaversang bo’ladi”, dedi. Duo qildi.

Mana oradan yillar o’tib, Ustozning hech kimga ko’rsatmagan qoralama mashqlarini ko’zdan kechirib o’tirarkanman, va yana, meni oshkora-pinhona quvvatlab, ruhlantirib yurishlarini eslab, bir narsaga amin bo’ldim: Ustoz barchadan sir tutgan buyuk armon bilan yashab o’tgan ekan. Bu badiiy ijod, to’yib-to’yib yozish armoni!..

Mana uning, e’tiboringizga havola etayotganim, birgina hikoyasi ham bu fikrimni tasdiqlab turganday…

Ustozning oxiratlari obod bo’lsin.

Isomiddin QARSHIEV
O’zbekiston xalq maorifi a’lochisi
DALA O’RTASIDAGI UCHRASHUV

    Ming to’qqiz yuz o’ttiz oltinchi yil. Avji saraton… – Akam ikkimiz otga qo’shilgan kultivatorda g’o’za qator oralarini yumshatyapmiz. Hali choshgohdanoq kun qizib, dam qaytara boshladi. Men to’riq ot minib olganman. Vazifam otni boshqarish. Akam orqadagi kultivator dastasidan tutib, menga ergashib, borib-kelib turibdi. Peshonasini tang’igan qizil belbog’ jiqqa ho’l, ko’ylagi badaniga yopishgan, yuzlari bo’g’riqib, qorayib ketgan. Lekin, sir bermaydi. “Qani, Isomiddinjon, g’ayrat qil. Hali peshinda maza qilib dam olamiz. Cho’milamiz, chalop ichamiz…” deb meni alahsitgan bo’ladi. Ostimdagi to’riq ham qop-qora terga botgan, ustidan hovur ko’tariladi. O’zimning ahvolim ham unikidan yaxshimas. Lekin issiqdan ko’ra otimga yopishayotgan xira pashshalar meni ko’proq qiynaydi. Bir qo’lim jilovda, bir qo’lda tinimsiz pashsha haydayman. Bechora to’rig’im dam badam dumini serpab, boshini siltab, pishqirib qo’yadi. Achitib chaqqanidan bo’lsa kerak, badani pir-pir uchib ketadi. Pashsha qurg’ur mening o’zimniyam tinch qo’ymaydi. Buning yaxshi tomoniyam borki, uxlab qolmaysan. Bo’lmasa bunaqa issiqda, yana tag’in misday qizib turgan ot ustida o’tirishning o’zi bo’ladimi!..

Dala aylanib katta ariq oqib o’tadi. Negadir uni Kamar deyishadi. Shuning uchun bo’lsa kerak, zvenomiz ham, biz ishlayotgan dala nomi ham – Kamar… Kamarariq bo’yida baland-baland tol-teraklar shovullab turibdi. Odamning havasini keltiradi. Qaniydi, ishdan tezroq ozod bo’lsamu to’g’ri borib, tollar soyasida jimirlab oqib yotgan suvga kalla tashlasam, maza qilib quloch otib cho’milsam…

Bu dala ilgari bir necha yakka xo’jalikning yeri bo’lgan. Har kim o’ziga tegishli yerda ekin ekib, tirikchiligini o’tkazgan. Kolxoz bo’lgach, parcha-parcha yerlar yaxlitlanib, qo’shib yuborilgan. Zvenolar tashkil qilingan. Ana shu zvenolardan bittasi, kattarog’i Sirojiddin akamniki… Eh-he, bu yerlarni changalzordan ajratib odam qilguncha akam bechora ozmuncha qiynaldimi! Yerdan qor ketibdiki, tinimi yo’q. To’rt-beshta odami bilan daladan chiqmaydi. Unga rahmim keladi. Yordam beray desam, sen hozircha o’qishingni bil, o’zimiz eplab turibmiz, deb yelkamga qoqib qo’yadi. Mana bu yog’i ta’til boshlandi. Yoz bo’yi bemalol akamga yordam berishim mumkin.

Eh, tezroq tushlikka chiqsak edik. Hech narsaga qaramasdan, avval to’yib bir cho’milib olar edim. Suvga shundoq kalla tashlardim-da, oyoq-qo’llarimni qimirlatmasdan, suv qayoqqa opketsa oqib ketaverardim… Yo’q, oldin ozgina uxlardim. Pashsha xalaqit bermasa bo’ldi. E, nega xalaqit bersin, boshimni burkab olaman-da, yotaveraman!..

– Isomiddin, otni to’xtat-chi!

Akamning ovozidan cho’chib tushdim. Jindaygina mudrab qolibman. Jilovni tortib, xavotir bilan ortimga qaradim. Akam qo’lini quyoshpana qilib, katta yo’l tomonga tikilib turardi. Qarasam, dala boshidagi yakka tol tagida ikkita qora rangli yengil mashina turar, birining eshigi ochiq, o’shandan tushishgan bo’lishsa kerak, uch kishi egat oralab biz tomonga kelardi.

Akam taraddudlanib ularga qarab yurgan ediki, haligi kishilardan biri, kelmang, deganday ishora qildi.

Akam orqasiga qaytib, kultivatori yoniga kelib turdi. Oraliq masofa yuz ellik, ikki yuz odim kelardi. Dala sug’orilganiga ancha bo’lgan, yer qayta tobga kelib, suv talab bo’la boshlagan, ayniqsa, qumloq yerlardan salgina shamolda chang-to’zon ko’tarilib turadi. Hozir ham kelguvchilar izidan oppoq chang ko’tarilib, ularni o’rab-chirmar, ammo, shabada yo’qligidan erinchoqlik bilan asta bosilardi…

Men otda, akam kultivator yonida kelguvchilarni kutib turibmiz. Notanish kishilar baravj g’o’zalarni ko’zdan kechirgancha, o’zaro nimalarnidir gaplashib, shoshilmay kelishardi.

– Hormanglar! Birinchi bo’lib men salom berdim. Mehmonlarning biri menga kulimsirab tikilib:

– E, balli, va alaykum assalom, chavandoz! – dedi. So’ng hammalari akam bilan qo’l berib ko’rishishdi, so’rashishdi. Haligi meni alqab qo’ygan mehmon amaki Sirojiddin akam bilan savol-javob qila boshladi.

– Ismi sharifingiz nima edi, uka, tanishib olaylik.
– Otim Sirojiddin, familiyam Qarshiyev. Zveno boshlig’iman.

Mehmon gimnastyorkasi cho’ntagidan qalam-daftar olib yoza boshladi.

– Sirojiddin Qarshiyev… Juda yaxshi. Qaysi kolxozga qaraydi bu yerlar?
– Rabfak kolxoziga, aka.

Mehmon yozishda davom etarkan yana so’radi:
– Chigitni qachon va nima bilan ekdingizlar?

– Ikkita ot seyalka bilan ekdik. Besh kunda tugatdik. 12 aprelda…

– Nechta a’zolaringiz bor? Maydon… – shunday deya dalani chamalab: – o’n bir, o’n ikki gektarcha, a?.. – dedi.

– Ha, o’n ikki gektar. Zvenoda yetti kishimiz…

Xullas, shu taxlit savol-javoblar qilishdi. Mo’ljal, rejalar haqida gaplashishdi. Mehmonning jilmayib, o’ziga yaqin olib gapirganidan bo’lsa kerak, akam tobora dadillanib, o’zini erkin tutib, hatto hazil qilib, ochilib borardi…

Mehmonning yonidagi hamrohlaridan ozgina bo’yi pastroq, ko’zlari katta-katta, qoshlari qop-qora, yuzlari xiyol cho’zinchoq va oppoq. Egnida to’q sariq rangli gimnastyorka (keyin bilsam uni “dioganal” ham deyisharkan). Shimi ham gimnastyorkasi rangida. Oyog’ida qora charmli kavkazcha etik. Etik changga botgan. Lekin odamning havasi keladigan darajada chiroyli, xushbichim. Menga ayniqsa mehmonning qoramtir tusli enli kamari yoqib qolgani, katta bo’lsam, albatta shunaqasidan sotib olaman, deb ahd qilib qo’yganim sira esimdan chiqmaydi…

Akam bilan suhbat qurayotgan mehmon amakining sheriklari ham u kabi kiyinishgan, etik va kamarlari ham bir xil. Lekin mening nazarimda faqat uniki o’ziga juda yarashib turgandek edi…

– Ie, Sirojiddin ukam, anovilaringiz nima edi?..

Hammamiz mehmon ishora qilgan tomonga qaradik.

– Ha, umi, – uyalib ketganidan ko’zini olib qochdi akam, – u… haligi zveno a’zolarimizning qilgan ishi. Ko’z tegmasin deb qo’yishgan…

Bizdan o’n besh, yigirma qadamcha narida – egat pushtasida, bir cho’p qoziqqa o’rnatilgan qandaydir hayvonning bosh suyagi, ikkinchi qoziqqa bog’langan bir dasta otquloq gullari ko’rinib turardi.

Akamning qimtinib aytgan gapidan mehmonlar baralla kulib yuborishdi.

– Obbo, irimchilar-e!.. – dedi mehmon, keyin xiyla jiddiy tortib davom etdi. – Tan olish kerak, g’o’zalaringizning avji yaxshi. Yomon ko’zdan asrasin. Lekin shu kunlarda Farg’onaga borsangiz edi, shunaqangi ko’ztegar g’o’zalarni ko’rardingizki, qo’yaverasiz! Shunday emasmi?.. – mehmon sheriklariga o’girildi. Sheriklari bosh irg’ab, iljayib tasdiqlashdi. – Lekin, Sirojiddinbek, siz ko’nglingizni cho’ktirmang. G’o’zangiz yaxshi. Chakki mehnat qilmabsiz. Yanagi yil bundan-da yaxshi bo’ladi. Davlatimiz MTSlarga ko’plab traktor, har xil zarur texnikalar beryapti. Ayniqsa, “Universal” degani dehqonga juda qulay-da. Farg’onada sinab ko’rdik. Yerni haydaydi, chigitni ekadi, g’o’zani chopiq qiladi, jo’yak oladi. Hatto paxtaniyam o’zi teradi…

Akam bu gaplarni dong qotib tinglar, men ham tushunib-tushunmay quloq solib turardim. Bu paytda kun qoq tepaga kelgan, havo qizigandan qizib borardi. Mehmonning sheriklari dam badam ro’molchalari bilan bo’yin-boshlarini artishar, issiqdan bo’g’riqib borishardi. Ikki suhbatdoshga esa issiq ta’sir qilmayotganga o’xshardi. – … uni “universal” deb atashlarining sababi ham barcha ish qo’lidan kelishidir. Nasib qilsa, sizlar ham tezda olasizlar. Faqat ungacha bu dalalarni traktorga moslab kengaytirish kerak bo’ladi. Keyin u past-balandlikniyam yoqtirmaydi…

Yana ko’p gaplar bo’ldi. Hammasini eslab qololmadim. O’rtadan necha yillar o’tib ketdi-da, o’ttiz oltinchi yil bo’lsa, eh-he!.. Xullas, mehmon ketayotib, peshinda qishloqlaringda majlis bo’ladi. Boringlar. Qolgan gaplarni o’sha yerda gaplashamiz, dedi. Shunda uning bir hamrohi akamdan kulimsirab so’radi:

– Sirojiddin, bu kishini tanidingizmi?.. – Akam xijolatli bosh irg’adi. – Bo’lmasa bilib qo’ying, bu kishi O’zbekiston jumhuriyati Xalq komissiarlari sovetining raisi o’rtoq Fayzulla Xo’jayev bo’ladilapr… – Akam yarq etib mehmonga qaradi. Mehmon jilmaygancha bosh irg’adi. – Bu kishini tanisangiz kerak, – deya davom etdi haligi kishi, – rayonimiz partiya qo’mitasi kotibi o’rtoq Nurmatov… O’zi haqida gairmadi, akam bilan tanish bo’lsa kerak. Keyinchalik bilsam, Po’latdarxon qishloq sho’rosi raisi ekan… Shundan keyin mehmonlar akam bilan birma bir qo’l siqib xayrlashdi-da, mashinalari tomon yo’lga tushishdi. Akam kuzatmoqchi bo’lib ergashgan edi, Fayzulla Xo’jayev to’xtatdi.

– Hojati yo’q, siz ishingizdan qolmang, Sirojiddin ukam, – dedi jilmayib. Keyin menga qarab bosh irg’adi. – Omon bo’l, chavandoz! Ka-atta yigit bo’lgin!..

Men nima deyishimni bilmay iljayib qo’ydimu bir pas o’tib rosa pushaymon bo’ldim. Bir og’iz, rahmat amakijon, deb qo’ysam bo’lardi-ku, deb o’zimni koyidim. Akam mehmonlar orqasidan tikilib qolarkan, “tavba, shunaqa katta odamlar-a!” deb qo’ydi. Keyin menga o’girilib:

– Qara-ya!.. – dedi. Nima demoqchi bo’lganini tushunmadim.

Mashinalar yengil chang ko’tarib yo’lga tushdi-da, sal fursatda ko’rinmay ketishdi. Akam negadir jo’yak pushtasiga o’tirdi. Keyin menga o’girilib, jilmaydi:

– Qara-ya, Isomiddin, kimlar keldi oldimizga. Yaxshiyamki, avvaldan tanishtirmadi, emasam dovdirab qolardim…

Akam irg’ib o’rnidan turdi.

– Hayda otingni, Isomiddin, shu bo’yinni tezroq tugataylik. Hali majlisga ham borishimiz kerak!..

***

… Yo’lda akam bilan otga mingashib ketib borarkanmiz, u hamon hayajonini bosib ololmas, tinimsiz gapirinib borardi.

– Ko’rdngmi, qanaqa kamtar bo’lishi kerak odam degan. Fayzulla Xo’jayevday odam dalama dala kezib, changga botib yuribdi. Menday bir ketmonchi bilan xuddi jo’rasiday ko’rishib, hangomalashdi-ya! Qoyil! Bo’lmasa hov marvartak tut tagida turib olib, bunday imlasa yugurib bormasmidim, borardim. Men kim bo’pman!.. Eski zamon bo’lganda podsho derdik-da u kishini… Isomiddin hali nima dedilar, traktorni aytayaman. Otini nima dedilar?.. – Men eslolmadim.

– Ishqilib, o’shandan hammalaringizga yetkazib beramiz, dedilar, a? Agar o’shandan olsak, birinchi bo’lib senga o’rgatardim. E, yo’q, sen o’qishingda o’qiyverarding. Men o’zim o’rganib olardim-da, hamma ishni o’zim qilardim. A’zolarimga yengil-elpi ishlarnigin qoldirardim. E, agar shunaqa podsholarimiz omon bo’lsa, hali ko’p yaxshi kunlar keladi.

…O’shanda akam ham, men ham bilmasdikki, oradan bir yil yil o’tar-o’tmas juda noxush ishlar boshlanadi va… Xullas, o’sha kuni qishlog’imizda, aniqrog’i Tosh boboning chorbog’ida majlis bo’ldi. Majlisdan oldin katta kontsert qo’yib berildi. E, u paytning odamlari juda zavq-shavqli edimi, bilmadim, Chorvoq o’rtasida katta hovuz. Hovuz aylantirib supalar qilingan. Bir supada mehmonlar, boshqasida xonandalar. Qolganlarida kolxozchi erkak-ayollar, bolalar… Atrof supurib-sidirilgan. Muzday qilib suv sepilgan. Supalar oralatib ekilgan gulu rayhonlar bo’yi gurkirab dimoqqa uriladi. Xullas, ajoyib bir fayzli kun bo’lgan edi-da o’sha kun… Men atrofimdagi bolalarga dalada bo’lgan uchrashuv haqida qo’shib-chatib gapirganim-gapirgan. Har zamon bo’ylab-bo’ylab mehmonlar o’tirgan supani kuzataman. Fayzulla Xo’jayev negadir ko’rinmaydi. Lekin boshqa bir tanish chehraga ko’zim tushadi. Harchand urinmayin, qayerda ko’rganimni eslolmayman. Bir mahal o’z-o’zimdan:”E, bo’ldi!“ devoribman. Keyin yonimdagi jo’ralarimga maqtanib ketdim. “Hov anovi o’tirgan kishi bor-ku, o’sha kishi Yo’ldosh Oxunboboyev. Men ularning suratlarini ko’rganman. Fayzulla Xo’jayev, Akmal Ikromov – uchchalasi tushgan suratni!..” O’rtoqlarim menga havaslanib qarab qo’yishar, nimagadir avvalgiday qitmirlik qilib, jahlimni chiqarishmasdi ham… Shu kuni majlisni Yo’ldosh Oxunboboyev boshqardi. Fayzulla Xo’jayev boshqa xo’jalikka o’tib ketgan ekan… Ertasi kuni Dahbed qishlog’ida katta yig’in bo’ldi. Akam ham bordi. U yerda Fayzulla Xo’jayev akamni alohida tilga olib, maqtab gapiribdi. Hatto unga chiroyli beqasam to’n ham kiydiribdi. Akam bechoraning boshi osmonga yetib keldi…

***

Mana bugun, oradan necha o’n yillar berida turib o’sha kunlarni xotirlar ekanman, tomog’imga allanima qadalib kelganini tuyaman. Ko’zlarim jiqqa yoshga to’ladi. O’shanda xalq oqsoqoli Yo’ldosh Oxunboboyev ellik bir yoshda, Fayzulla Xo’jayev qirq yoshda, Sirojiddin akam yigirma yoshlar nari-berisida edi. Bu insonlar va ularning yonida yurgan necha-nechalar hozir endi yo’q. Ular dunyodan, dunyo ulardan o’tgan.

Ammo, qiziqki, men bilgan, ko’rgan bu insonlarimning qay biri haqida o’ylamay ko’nglim hazin va lekin ravshan bir hislarga to’ladi. Na qadar ulug’, na qadar xokisor, na qadar palagi toza insonlar edilar ular. Xudo rahmat qilgan bo’lsin!.. Mash’um qatag’on davri boshlanganda akam juda cho’kib qoldi. Esimda, o’qib turgan gazetasini yirtib-yirtib tandirga tashlagandi bir safar. Va menga qarab deyarli o’dag’aylab gapirgandi:

– Xo’p, Isom, senam ishonasanmi o’sha odamni – Fayzulla Xo’jayevni senga, menga dushman ekaniga?! Yo’q, ishonmaysan! Menam ishonmayman! Manavilar bo’lsa yozibdiki, Fayzulla Xo’jayev – xalq dushmani, deb!.. Uf!.. Dodingni kimga aytasan, kimga?!

Urush boshlanganda akam birinchilardan bo’lib frontga jo’nadi va ko’p o’tmay Melitopol shahri yaqinidagi jangda halok bo’lganligi haqida qora xat oldik…

021

(Tashriflar: umumiy 134, bugungi 1)

Izoh qoldiring