Jo’rabek Ramazonov. Ikki hikoya: Baxshi & Qo’rg’on

Ashampoo_Snap_2017.07.14_23h45m53s_001_.pngКечагина Жўрабек Рамазоновнинг «Мувозанат» сайти саҳифасидаги ҳикояларини ўқиб, улардан иккитасини танлаб, эрта-индин ўз саҳифамда жойлаштиришни ният қилган эдим. Бугун эса (ҳозиргина) Анвар Номозовнинг хабарини ўқидим: Истеъдодли шоир, забардаст ижодкор укамиз Журабек Рамазоновнинг вафоти ҳақида эшитдим. Бир кунда тоби қочиб, шифохонага тушиб, кейин эса… Юрак оғриғи!.. 31 ёш!..Жойинг жаннатда бўлсин, Жўрабекжон!
Бу хабардан аччиқ қайғу бутун вужудимни қамради. Яратгандан биродаримизни ўз раҳматига олишини сўрадим, оиласига, ота-онасига сабр тиладим.

Жўрабек Рамазонов
ИККИ ҲИКОЯ
02

022Жўрабек Рамазонов 1983 йил Сурхондарё вилоятининг Бойсун шаҳрида туғилган. Тумандаги 1-мактабда таҳсил олган. Ижод намуналари республика матбуотида элон қилинган. Ўзбекистон ёш ижодкорларининг анъанавий “Зомин” семинари иштирокчиси. “Тавалло” (2003), “Бугун” (2008), “Юр, қочиб кетамиз” (2011) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. 2000 йилдан буён матбуот ва телевидение соҳаларида ишлайди. Айни кунда “Бойсун” газетасининг адабий бўлим муҳаррири.

БАХШИ

Ёдгор бахши Тўра полвоннинг навбатдаги йўқловидан ҳам ажабланмади. Шуниси маълумки, полвон ё хурсанд, ё қайғуга ботгандагина Ёдгор бахшини чақиртиради. Бундай кезларда бахши Тўра полвоннинг кўнглига қараб, термаларни териб-териб айтади.

Салом-алик қисқа бўлди. Бахши сув қуйгандек жимжит хонанинг ўртасида тўшалган кўрпачага омонатгина жойлашиб, дўмбирасини ёнига қўйганди ҳам, Тўра полвон сўз қотиб қолди:
– Ёдгор, терма-пермадан ол, Ойжамол кетиб қолди.

Ёдгор бахши бир қалқиб тушди. Дўмбира тутган қўли титради. Энди ҳаммаси аён: бугун у полвоннинг қайғусини қўшиқ қилади. Ёдгор бахши Тўра полвоннинг ғамини куйлайди:

– Қиз дегани куларма,
Кетса, қайтиб келарма?
Ўзи ғаним дунёда
Ғанимат дам бўларма?

Тўра полвон носдан отиб, ёнбошлаб олди. «Бечора, – деб ўйлади бахши. – Полвон ҳам қарияпти. Бир пайтлар майдонни ҳеч кимга бермай, алп келбати билан рақибларни чўчитган полвон! Даврани гир айланганида сулув қизлар орзу билан термулган полвон! Жиннисан-а, Ойжамол…»
Ёдгор бахши айтарини давом эттирди. Тўра полвоннинг мунгли ва ҳорғин кўзлари унга қўшилиб куйлади:

– Қиз дегани оймикан,
Кулгулари соймикан?
Бахт атаган бу дунё
Қайғуга ҳам боймикан?..

Полвон оғир нафас олди. Узоқ-узоқ хўрсинди. Бахши эса ярим тунгача дўмбирасини қўймади. Ора-сира хаёли қочди, бироқ айтаридан адашмади. У Тўра полвоннинг қайғусини куйлади!

Туннинг бағри сокин эди. Борлиқ-да мудрамоқда. Лекин ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолган Тўра полвон ва икки юз қадамча наридаги уйда Ёдгор бахши уйғоқ эди.

Бир ҳафта давомида бахшида ҳаловат бўлмади. Нимагадир полвон уни бошқа чақиртирмади. Ўзи йўқлаб боришга эса алланечук ботинмади. Кўз олдида Тўра полвоннинг сўлғин нигоҳлари такрор намоён бўлиб, бахши хўрсиниб қўйди: «Жиннисан-а, Ойжамол…»

Тўра полвон уни қишлоқ қизлари орасидан сайлаб суйган эди. У дамларда полвон зўр эди. Талай қизлар йўлларида зор эди. Тўра полвон бош суққан даврага бошқа бир эркакнинг йўлаши-да даргумон, полвон алп ва мард эди. Ёдгор бахши полвон билан тенгдош, болаликдан бирга ўсиб-улғайган. Ойжамолни бахши ҳам кўз остига олган, аммо Тўра полвон айнан уни танлагач, гарчи беҳад азобли бўлса-да, жимгина йўл бурганди. Полвон билан ўзини мегзаб кўрганда эса гоҳ хўрлиги келарди.

Сирасини айтганда, Тўра полвоннинг бахшини чақиртириши ва дўмбиранинг ярим тунгача тин олмаслиги оддий ҳол эди. Алалхусус, полвон энди давраларда беллашиш учун чиқмас, баковуллик қиларди, холос. Бахшининг кўнгил тубларида ўртоғига нисбатан аллақандай ҳасад ҳам бордай, баъзи оқшомлар Тўра полвоннинг ҳашаматли уйида ўтирганларида ихтиёрсиз равишда кўзлари Ойжамол томон оқарди. Бўлмаса, қишлоқда қиз дегани камми? Бахши Тўра полвондек чинор қоматли, ҳавас туғдирар даражада кўркам бўлмаса-да, йигит дегулик номга арзирли эди.

– Шу, ҳаёт деганларидан мамнунман-да, Ёдгор, – дерди баъзан Тўра полвон шодон қиёфа билан. – Сен ҳали ҳам уйланмадинг. Ҳамманинг оғзидасан. Бунақаси кетмайди, ошна, Ойжамолга ўхшаган қайлиқ топишинг керак.
Шундай пайтлар бахшининг хўрлиги келиб, бўғзига йиғи тиқиларди. У ўзига ачинар эди. Челак кўтариб анҳор томон бораётган узун сочли қизнинг жилмайиб қарашларини эслаганида, вужудида сўз билан мушоҳада этиб ё терма-пермага ҳам солиб бўлмайдиган қандайдир бир исмсиз титроқ бош кўтарарди. Ёдгор бахши қўшиқ куйламас, у йиғлар эди. Ҳеч ким, ҳатто Тўра полвон ҳам буни билмас, йиғисига отасидан қолган биргина дўмбира жўр бўларди.

Иккинчи ҳафтанинг иккинчи куни эди. Юрагини бир нима сиқиб келаётган Ёдгор бахши охир чидолмай, тўнини елкасига илди-да, Тўра полвондан хабар олмоқ бўлиб отланди. Ўз дарвозасига етар-етмас эшик очилди. Остонада эса… Ойжамол! Бахши ҳайкалдек қотиб, бу дийдордан титраблар кетди. Олис хотираларнинг ягона ёдгорлигига айланган нигоҳлар бир тўқнашди. Нигоҳлар бир ёнгандай бўлди. Лекин Ойжамолнинг кўзларидаги жилва мунг аталмиш лашкарни енгди. У Ёдгор бахшига астагина салом берди ва одоб билан ерга қараб сўзланди:
– Полвон акам сизни йўқлаяптилар. Дўмбирангизни ҳам олиб борар экансиз…

ҚЎРҒОН

– Дада, қаёққа бораяпмиз?
– Қўрғонга.
– Қаерда у?
– Борганда кўрасан.

Болакай бошқа савол бермади. Туроббой отни «чуҳ»ларкан, дам-бадам ортига – аравада ётган хотинига қараб қўярди. Тоғнинг эгри йўллари ўнқир-чўнқир, арава ҳар силкинганда, Туроббойнинг кўкси ҳам қўзғалгудек бўларди. «Бечора, – деб ўйлади тағин ортига боқиб, – кўрган куни нимага арзиди?»
– Дада, қўрғонга яқин қолдими?
– Ҳали анча бор, ўғлим.

Болакай онасининг «руҳи соғинган» ўша қўрғонни бир кўриш илинжида эди. Чори табиб шундай деган. Қўрғонга етишлари билан онаси соғайиб кетади.
Осмоннинг қовоғи уюлган эди. Зум ўтмасдан ёмғир томчилай бошлади.
– Онангнинг устини яхшилаб ёп, – деди Туроббой.

Болакай чодирни онасининг устига тортаркан, бир муддат унинг юмуқ кўзларига тикилиб қолди. Нимадир айтмоқ бўлиб оғиз жуфтлади-ю, яна ўйлади: «Барибир онам қўрғонга етгунимизча гапирмайди».
Туроббойнинг бутун умри шу тоғ этакларида ўтди. Аммо умид билан улғайтирган фарзандлари унинг ярим кўнглини тўлдиролмади. Дунё экан. Тўнғичи шуҳрат изидан қувиб кетди. Шоир эмиш! Қўша-қўша китоблар чиқаргунча касалманд онангни даволат эди! Яна ҳар келганида Тошкентдаги дўхтирларни мақтаб қўяди. Чори табиб уларнинг олдида ип эшолмасмиш. Туроббой бир Тошкентга бориб, ўғлининг уйини тополмай, беш кун овора бўлиб қайтган. «Ҳайф-е сенга!» деди қишлоққа ҳам бўйинбоғ тақиб келадиган ўғли кўз олдидан ўтаркан.
– Бир нима дедингизми, дада?

Туроббой ўгирилиб, кенжасига қараб қўйди. Бор умиди шу ўғлидан. Афсус, ҳали унинг суннат тўйини ҳам ўтказолгани йўқ.
– Қўрғондан қайтсак, сени тўй қиламиз, – деди.

Бу орада ёмғир шиддат билан ёға бошлади. Қумли, тупроқли йўллар ғиж-ғиж лойга айлангач, отнинг юриши ҳам қийинлашди.
– Олға, саман! – деди Туроббой. – Беканг сени яхши кўрарди.

Чиндан ҳам Шарофат бу отга ўзгача меҳр қўйган, сабаби, у кенжа ўғли билан бир кунда туғилганди. Ўғлини ҳам эркалаб, «Саман» деб чақирарди. Кейин-кейин унинг исми Самандар бўлди.
Довон олдида араванинг чап ғилдираги лойга ботиб, унга ортилган теша ва белкурак ерга тушди. Шарофат ётган жойидан силжиганича ғилдиракка суялиб қолди.
– Онангни ушла, Саман! Мен ҳозир…

Туроббой отдан сакраб тушди. Ота-бола Шарофатни ўрнига ётқизгач, Туроббой лойга ботган ғилдиракни жон-жаҳди билан кўтарди, бўлмади.
– Отга мин! – буюрди ўғлига.
– Қўрқаман, дада.

Болакай отаси билан отга миниб, сайр қилишни ёқтирар, уни менинг саманим, дерди. Бироқ ҳали ёлғиз миниб кўрмаган эди.
– Қўрқма, ўғлим, – деди Туроббой. – У сенинг саманинг-ку?!
Самандар аравада арғамчи мисол чўзилиб ётган онасига, тиззасигача лойга ботган отасига бир-бир назар ташлади-ю, вужудидаги ёшига хос бўлмаган ғайрат билан отга минди. Арава лойдан чиқиб, улар йўлда давом этиши мумкин бўлган пайтда Туроббойнинг отга минишга ҳам мажоли қолмаганди. Аравага чиқиб, хотинининг ёнига чўзиларкан, кенжасига қаради:
– Ҳайда, ўғлим!

Ўртанчаси ўғирликда айбланиб, қамалиб кетгач, қишлоқ аҳли Туроббойдан юз ўгирди. Анча бўлди шаҳарлик қариндошлари ҳам қадамини узганига. Дунё экан. Бир лаҳзада Туроббойнинг хотини ва кенжа ўғлидан бўлак ҳеч кими қолмади. Энди эса…

Ёмғир ҳовуридан тушган, аммо табиат ўз қаҳрини намойиш этиб улгурган эди. Жиққа ҳўл бўлган болакай ўз ғайратидан шод: у ота-онасини қўрғонга олиб бораётганди. Бироқ отаси «қўрғон» деб атаган манзил ҳақида ҳеч қанақа тушунчага эга эмас эди у. Яна ҳам тўғрироғи, унинг жимит қалби бу туйғуларни сиғдира оладиган ёшга етмаган эди ҳали.

Кутилмаганда от мункиб, Самандар лойга йиқилди. Кўз олди қоронғулашаркан, аравадан сакраб тушаётган отасини кўрди…

У кўзини очганида атрофга ғира-шира қоронғулик тушган, лекин энди аравада онасимас, ўзи ётарди.
– Қўрғон қаерда қолди? – деб сўради отасидан.
– Сен уни кўрмадинг. Кўрмаганинг маъқул эди.
– Онам қани?
– Онанг… Онанг қўрғонда қолди.

Болакайга қўрғонни кўрмагани бир алам қилса, онасининг қўрғонда қолгани минг карра алам қилиб, елкалари титраганча унсиз йиғлай бошлади.
– Онам қўрғондан қачон қайтадилар? – деди йиғламсираб.

Туроббой оғир нафас олди:
– Энди онанг қайтмайди. Бир кун мени унинг ёнига олиб борасан…

Jo‘rabek Ramazonov 1983 yil Surxondaryo viloyatining Boysun shahrida tug‘ilgan. Tumandagi 1-maktabda tahsil olgan. Ijod namunalari respublika matbuotida elon qilingan. O‘zbekiston yosh ijodkorlarining an’anaviy “Zomin” seminari ishtirokchisi. “Tavallo” (2003), “Bugun” (2008), “Yur, qochib ketamiz” (2011) nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan. 2000 yildan buyon matbuot va televidenie sohalarida ishlaydi. Ayni kunda “Boysun” gazetasining adabiy bo‘lim muharriri.

Jo’rabek Ramazonov
IKKI HIKOYA
02

BAXSHI

Yodgor baxshi To’ra polvonning navbatdagi yo’qlovidan ham ajablanmadi. Shunisi ma’lumki, polvon yo xursand, yo qayg’uga botgandagina Yodgor baxshini chaqirtiradi.
Bunday kezlarda baxshi To’ra polvonning ko’ngliga qarab, termalarni terib-terib aytadi.

Salom-alik qisqa bo’ldi. Baxshi suv quygandek jimjit xonaning o’rtasida to’shalgan ko’rpachaga omonatgina joylashib, do’mbirasini yoniga qo’ygandi ham, To’ra polvon so’z qotib qoldi:
– Yodgor, terma-permadan ol, Oyjamol ketib qoldi.

Yodgor baxshi bir qalqib tushdi. Do’mbira tutgan qo’li titradi. Endi hammasi ayon: bugun u polvonning qayg’usini qo’shiq qiladi. Yodgor baxshi To’ra polvonning g’amini kuylaydi:

– Qiz degani kularma,
Ketsa, qaytib kelarma?
O’zi g’anim dunyoda
G’animat dam bo’larma?

To’ra polvon nosdan otib, yonboshlab oldi. «Bechora, – deb o’yladi baxshi. – Polvon ham qariyapti. Bir paytlar maydonni hech kimga bermay, alp kelbati bilan raqiblarni cho’chitgan polvon! Davrani gir aylanganida suluv qizlar orzu bilan termulgan polvon! Jinnisan-a, Oyjamol…»Yodgor baxshi aytarini davom ettirdi. To’ra polvonning mungli va horg’in ko’zlari unga qo’shilib kuyladi:

– Qiz degani oymikan,
Kulgulari soymikan?
Baxt atagan bu dunyo
Qayg’uga ham boymikan?..

Polvon og’ir nafas oldi. Uzoq-uzoq xo’rsindi. Baxshi esa yarim tungacha do’mbirasini qo’ymadi. Ora-sira xayoli qochdi, biroq aytaridan adashmadi. U To’ra polvonning
qayg’usini kuyladi!

Tunning bag’ri sokin edi. Borliq-da mudramoqda. Lekin hayhotdek hovlida yolg’iz qolgan To’ra polvon va ikki yuz qadamcha naridagi uyda Yodgor baxshi uyg’oq edi.

Bir hafta davomida baxshida halovat bo’lmadi. Nimagadir polvon uni boshqa chaqirtirmadi. O’zi yo’qlab borishga esa allanechuk botinmadi. Ko’z oldida To’ra polvonning so’lg’in nigohlari takror namoyon bo’lib, baxshi xo’rsinib qo’ydi: «Jinnisan-a, Oyjamol…»

To’ra polvon uni qishloq qizlari orasidan saylab suygan edi. U damlarda polvon zo’r edi. Talay qizlar yo’llarida zor edi. To’ra polvon bosh suqqan davraga boshqa bir erkakning yo’lashi-da dargumon, polvon alp va mard edi. Yodgor baxshi polvon bilan tengdosh, bolalikdan birga o’sib-ulg’aygan. Oyjamolni baxshi ham ko’z ostiga olgan, ammo To’ra polvon aynan uni tanlagach, garchi behad azobli bo’lsa-da, jimgina yo’l burgandi. Polvon bilan o’zini megzab ko’rganda esa goh xo’rligi kelardi.

Sirasini aytganda, To’ra polvonning baxshini chaqirtirishi va do’mbiraning yarim tungacha tin olmasligi oddiy hol edi. Alalxusus, polvon endi davralarda bellashish uchun chiqmas, bakovullik qilardi, xolos. Baxshining ko’ngil tublarida o’rtog’iga nisbatan allaqanday hasad ham borday, ba’zi oqshomlar To’ra polvonning hashamatli uyida o’tirganlarida ixtiyorsiz ravishda ko’zlari Oyjamol tomon oqardi. Bo’lmasa, qishloqda qiz degani kammi? Baxshi To’ra polvondek chinor qomatli, havas tug’dirar darajada ko’rkam bo’lmasa-da, yigit degulik nomga arzirli edi.

– Shu, hayot deganlaridan mamnunman-da, Yodgor, – derdi ba’zan To’ra polvon shodon qiyofa bilan. – Sen hali ham uylanmading. Hammaning og’zidasan. Bunaqasi
ketmaydi, oshna, Oyjamolga o’xshagan qayliq topishing kerak.
Shunday paytlar baxshining xo’rligi kelib, bo’g’ziga yig’i tiqilardi. U o’ziga achinar edi. Chelak ko’tarib anhor tomon borayotgan uzun sochli qizning jilmayib qarashlarini eslaganida, vujudida so’z bilan mushohada etib yo terma-permaga ham solib bo’lmaydigan qandaydir bir ismsiz titroq bosh ko’tarardi. Yodgor baxshi qo’shiq kuylamas, u yig’lar edi. Hech kim, hatto To’ra polvon ham buni bilmas, yig’isiga otasidan qolgan birgina do’mbira jo’r bo’lardi.

Ikkinchi haftaning ikkinchi kuni edi. Yuragini bir nima siqib kelayotgan Yodgor baxshi oxir chidolmay, to’nini yelkasiga ildi-da, To’ra polvondan xabar olmoq bo’lib otlandi. O’z darvozasiga yetar-yetmas eshik ochildi. Ostonada esa… Oyjamol! Baxshi haykaldek qotib, bu diydordan titrablar ketdi. Olis xotiralarning yagona yodgorligiga aylangan nigohlar bir to’qnashdi. Nigohlar bir yonganday bo’ldi. Lekin Oyjamolning ko’zlaridagi jilva mung atalmish lashkarni yengdi. U Yodgor baxshiga astagina salom berdi va odob bilan yerga qarab so’zlandi:
– Polvon akam sizni yo’qlayaptilar. Do’mbirangizni ham olib borar ekansiz…

QO’RG’ON

– Dada, qayoqqa borayapmiz?
– Qo’rg’onga.
– Qaerda u?
– Borganda ko’rasan.

Bolakay boshqa savol bermadi. Turobboy otni «chuh»larkan, dam-badam ortiga – aravada yotgan xotiniga qarab qo’yardi. Tog’ning egri yo’llari o’nqir-cho’nqir, arava har silkinganda, Turobboyning ko’ksi ham qo’zg’algudek bo’lardi. «Bechora, – deb o’yladi tag’in ortiga boqib, – ko’rgan kuni nimaga arzidi?»
– Dada, qo’rg’onga yaqin qoldimi?
– Hali ancha bor, o’g’lim.

Bolakay onasining «ruhi sog’ingan» o’sha qo’rg’onni bir ko’rish ilinjida edi. Chori tabib shunday degan. Qo’rg’onga yetishlari bilan onasi sog’ayib ketadi.Osmonning qovog’i uyulgan edi. Zum o’tmasdan yomg’ir tomchilay boshladi.
– Onangning ustini yaxshilab yop, – dedi Turobboy.

Bolakay chodirni onasining ustiga tortarkan, bir muddat uning yumuq ko’zlariga tikilib qoldi. Nimadir aytmoq bo’lib og’iz juftladi-yu, yana o’yladi: «Baribir onam qo’rg’onga yetgunimizcha gapirmaydi».
Turobboyning butun umri shu tog’ etaklarida o’tdi. Ammo umid bilan ulg’aytirgan farzandlari uning yarim ko’nglini to’ldirolmadi. Dunyo ekan. To’ng’ichi shuhrat izidan quvib ketdi. Shoir emish! Qo’sha-qo’sha kitoblar chiqarguncha kasalmand onangni davolat edi! Yana har kelganida Toshkentdagi do’xtirlarni maqtab qo’yadi. Chori tabib ularning oldida ip esholmasmish. Turobboy bir Toshkentga borib, o’g’lining uyini topolmay, besh kun ovora bo’lib qaytgan. «Hayf-ye senga!» dedi qishloqqa ham bo’yinbog’ taqib keladigan o’g’li ko’z oldidan o’tarkan.
– Bir nima dedingizmi, dada?

Turobboy o’girilib, kenjasiga qarab qo’ydi. Bor umidi shu o’g’lidan. Afsus, hali uning sunnat to’yini ham o’tkazolgani yo’q.
– Qo’rg’ondan qaytsak, seni to’y qilamiz, – dedi.

Bu orada yomg’ir shiddat bilan yog’a boshladi. Qumli, tuproqli yo’llar g’ij-g’ij loyga aylangach, otning yurishi ham qiyinlashdi.
– Olg’a, saman! – dedi Turobboy. – Bekang seni yaxshi ko’rardi.

Chindan ham Sharofat bu otga o’zgacha mehr qo’ygan, sababi, u kenja o’g’li bilan bir kunda tug’ilgandi. O’g’lini ham erkalab, «Saman» deb chaqirardi. Keyin-keyin uning ismi Samandar bo’ldi.
Dovon oldida aravaning chap g’ildiragi loyga botib, unga ortilgan tesha va belkurak yerga tushdi. Sharofat yotgan joyidan siljiganicha g’ildirakka suyalib qoldi.
– Onangni ushla, Saman! Men hozir…

Turobboy otdan sakrab tushdi. Ota-bola Sharofatni o’rniga yotqizgach, Turobboy loyga botgan g’ildirakni jon-jahdi bilan ko’tardi, bo’lmadi.
– Otga min! – buyurdi o’g’liga.
– Qo’rqaman, dada.

Bolakay otasi bilan otga minib, sayr qilishni yoqtirar, uni mening samanim, derdi. Biroq hali yolg’iz minib ko’rmagan edi.
– Qo’rqma, o’g’lim, – dedi Turobboy. – U sening samaning-ku?!
Samandar aravada arg’amchi misol cho’zilib yotgan onasiga, tizzasigacha loyga botgan otasiga bir-bir nazar tashladi-yu, vujudidagi yoshiga xos bo’lmagan g’ayrat bilan otga mindi. Arava loydan chiqib, ular yo’lda davom etishi mumkin bo’lgan paytda Turobboyning otga minishga ham majoli qolmagandi. Aravaga chiqib, xotinining yoniga cho’zilarkan, kenjasiga qaradi:
– Hayda, o’g’lim!

O’rtanchasi o’g’irlikda ayblanib, qamalib ketgach, qishloq ahli Turobboydan yuz o’girdi. Ancha bo’ldi shaharlik qarindoshlari ham qadamini uzganiga. Dunyo ekan. Bir lahzada Turobboyning xotini va kenja o’g’lidan bo’lak hech kimi qolmadi. Endi esa…

Yomg’ir hovuridan tushgan, ammo tabiat o’z qahrini namoyish etib ulgurgan edi. Jiqqa ho’l bo’lgan bolakay o’z g’ayratidan shod: u ota-onasini qo’rg’onga olib borayotgandi. Biroq otasi «qo’rg’on» deb atagan manzil haqida hech qanaqa tushunchaga ega emas edi u. Yana ham to’g’rirog’i, uning jimit qalbi bu tuyg’ularni sig’dira oladigan yoshga yetmagan edi hali.

Kutilmaganda ot munkib, Samandar loyga yiqildi. Ko’z oldi qorong’ulasharkan, aravadan sakrab tushayotgan otasini ko’rdi…

U ko’zini ochganida atrofga g’ira-shira qorong’ulik tushgan, lekin endi aravada onasimas, o’zi yotardi.
– Qo’rg’on qaerda qoldi? – deb so’radi otasidan.
– Sen uni ko’rmading. Ko’rmaganing ma’qul edi.
– Onam qani?
– Onang… Onang qo’rg’onda qoldi.

Bolakayga qo’rg’onni ko’rmagani bir alam qilsa, onasining qo’rg’onda qolgani ming karra alam qilib, yelkalari titragancha unsiz yig’lay boshladi.
– Onam qo’rg’ondan qachon qaytadilar? – dedi yig’lamsirab.

Turobboy og’ir nafas oldi:
– Endi onang qaytmaydi. Bir kun meni uning yoniga olib borasan…

011

(Tashriflar: umumiy 357, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жойи жаннатда бўлсин!
    Шахсан кўришмасак ҳам, Фейсбук орқали ёзишганмиз, асарларидан баҳраманд бўлганмиз. Кўнгли тоза йигит, қалами ўткир ижодкор эди.
    Яхшилар эртароқ кетиши рост экан, шекилли…

  2. Men ko’p ijodkorlar haqida ,,haykal qo’yib ketdi» degan gaplarni eshitganimda, ta’sirlanmayman…
    Ammo, Jo’rabek Ramazonov qo’ygan haykal poyida doimo ta’zimdaman!

    Joyingiz jannatdan bo’lsin!

Izoh qoldiring