Atoqli navoiyshunos olim, akademik Azizxon Qayumov vafot etdi

5a87b4129b97b.jpg   Улкан навоийшунос олим, академик Азизхон Қаюмов вафот этди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, Аллоҳумма ажурний фий мусийбатий вахлуфлий хойром минҳа

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Азиз Қаюмов кеча, 16 февраль куни 93 ёшида вафот этди.

Ўзбек адабиётининг жонкуяри бўлган устоз олим Азиз Қаюмовнинг дафн маросими бугун, 17 февраль куни пешин намозидан сўнг бўлиб ўтади.

Академик Тошкентдаги “Минор” қабристонга дафн этилади.

Фурсатдан фойдаланиб, сайтимиз муштарийлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз.

АКАДЕМИК АЗИЗХОН ҚАЮМОВ
90

photo5409301363176876249.jpgАзизхон Қаюмов  1926 йил Қўқон шаҳрида дунёга келган.1949 йил Ўрта Осиё давлат Университетининг Шарқ факультетини тугатган. 1949 йилдан бошлаб Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш институтида кичик илмий ходим, Шарқшунослик институтида илмий котиб, Тил ва адабиёт институтида директор лавозимларида ишлади. 1954 йилда фан номзоди, 1961 йилда эса докторлик диссертацияларини ўзбек адабиёти тарихи мавзулари асосида ҳимоя қилди.

1961-1979 йиллар орасида илмий фаолиятни турли давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаш билан бирга амалга оширган. 1979-1998 йилларда Қўлёзмалар институти директори лавозимида, 1998 йилдан то шу кунга қадар Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаб келди.

Азиз Қаюмов 1989 йил Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси, 1995 йил эса академиги бўлди. 1983 йил “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” ҳамда Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреатига сазовор бўлди.

Азиз Қаюмов раҳбарлигида кўплаб фан номзодлари ва фан докторлари етишиб чиққан бўлиб, улар ҳозирги кунда республикамизнинг илмий ҳаётида ўзларининг муносиб ўринларини эгаллаб келмоқдалар.

Азиз Қаюмовнинг хизматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Эл-юрт ҳурмати” (2003), “Ўзбекистон белгиси” (1995), “Шуҳрат” медали (1995) “Буюк хизматлари учун” ордени (2014) каби мукофотлар билан тақдирланган.

 

Рауф Парфи
БИТИКТОШ

Азизхон Қаюмга

Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган, 
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар. 
Мана, минг йилларни опичлаб келган 
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.

Унга қарайману бир ҳис туяман.
Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
Юрагим тошига шеърим ўяман.

ҲАЁТ ЖУМБОҚЛАРИГА НАВОИЙДАН
ЖАВОБ ОЛАМАН
Академик Азиз Қаюмов билан суҳбат (2008)
07

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти соҳиби, академик Азизхон Қаюмов бутун умрини адабиётга бағишлаган фидойи олимлардан. Унинг саъй-ҳаракати билан тарих қатларида яширин ижодкорлар номи кашф этилди, қатор нодир қўлёзмалар ўрганилди. Олимнинг Алишер Навоий ижоди бўйича қилган ишлари ҳам таҳсинга сазовор.

Дор остидан қайтиш…

Мен 1926 йилнинг 19 январьида Қўқон шаҳрида бор бойлиги китобу қўлёзмалардан иборат бўлган зиёли оилада дунёга келдим. Отамнинг бобоси Абдураҳим Мирзо Қўқон хони саройида мирзабоши бўлган. ХИХ асрнинг иккинчи ярмида хонлар тез-тез алмашиб турган. Янги тахтга ўтирган хонлардан бири Абдураҳим Мирзони ҳам аввалги ҳукмдорнинг одами деб ўлимга ҳукм қилган. Катта бобомизни дорга олиб кетишаётганда, шаҳар аҳли норозилик билдириб, хондан ҳукмни бекор қилишни талаб этган. Хон чопар юбориб, катта бобомни дор остидан қайтарган… У киши ҳақида Қўқон хонлиги тарихига оид «Ансоб ус-салотин» китобида ҳам маълумот бор. Абдураҳим Мирзонинг ўғиллари, яъни менинг бобом Абдуқаюм Мирзо хаттотлик билан шуғулланган. Тошкентда тошбосма усулида китоб чоп этиш эндигина йўлга қўйилган даврлар. Бобомиз Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил девонларини ҳуснихат билан кўчириб берган ва ана шу қўлёзмалар литография усулида кўпайтирилган. Бобомиз кўчирган китоб нусхалари ҳозир ҳам Шарқшунослик институтида сақланади.

Академикларни тарбиялаган муаллим

Дадам — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Пўлатжон домла Қаюмов бир умр муаллимлик қилиб ўтганлар. Шоир Ҳамза билан яқин қадрдон бўлган дадам Қўқонда усули жадид — янги усулдаги мактаб очганлар. Бу мактабдан кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси президентлари, икки забардаст олим — Убай Орифов ва Теша Зоҳидов етишиб чиқди.

Дадам уч китобдан иборат «Тазкирайи Қаюмий», «Қўқон тарихи ва унинг адабиёти» асарларини ёзганлар. Форсийзабон ижодкорлар ҳақида ўзбек тилида икки жилдлик «Тазкиратуш-шуаро» қомусини тузганлар, учта йирик тазкирани форсчадан ўзбек тилига ўгирганлар.

Онам Адолатхон Қаюмова ҳам хат-саводли, адабиётдан яхши хабардор зиёли аёл эдилар.

Болаликдан уйимизда шеърхонлик мажлислари кўп бўларди. Дадам Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларини худди Қуръон тиловат қилгандек чиройли оҳанг билан ўқирдилар. Ғазал оҳанглари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Дарвоқе, марҳум укам — филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмов ҳам дадамизнинг таълим-тарбияларини олиб илмда юқори поғоналарга кўтарилди.

Чархийнинг суюкли шогирди

Кўнглимда ижод ва адабиётга муҳаббат жуда эрта уйғонди. Мактабда ўқиб юрган пайтимданоқ унча-мунча шеърлар машқ қилиб турардим. Мактабда қўлимга қалам тутқазиб, хат-саводимни чиқарган инсон — Қўқонда донғи кетган тил ва адабиёт муаллими Ҳамзахон Аббосов эди (Ўзбекнинг машҳур режиссёри бўлиб етишган Шуҳрат Аббосов шу кишининг жияни бўлади).

Ёдимда, мактаб даврида Қаюм Пўлат исмли адабиёт муаллими Алишер Навоий ҳақида икки соат дарс ўтди. Ана шу икки соатгина сабоқ бутун умрга татиди дейиш мумкин. Ўзим учун Навоийнинг янги қирраларини кашф этдим. Кўнглимга Навоий ижодини чуқур ўрганишни тугдим.

Кунларнинг бирида аруз вазнида ёзган шеъримни юрак ютиб Чархий домлага олиб бордим. Чархий Қўқон адабий муҳитининг етакчиси, жуда обрўли шоир эди. Шеърим у кишига маъқул тушди. Эртага келинг, у ёқ-бу ёғига қалам уриб таҳрир қилиб қўяман, дедилар. Домла кўриб берган шеърим Қўқон шаҳри ва Фарғона вилояти газетасида чоп этилди.

Чархий домла билан у кишининг вафотига қадар устоз-шогирд бўлиб қолдик. Мумтоз адабиётимиз қомуси бўлган бу инсондан кўп сабоқлар олдим.

«Ғазал муаллифини топиб келинглар!»

Ёшлигим очарчилик, қаҳатчилик даврига тўғри келди. Ҳар кўча, ҳар хонадонда мудҳиш уруш кўланкасини кўриш мумкин эди. Ана шундай оғир пайтда ўнинчини «аъло»га битирдим. У маҳаллар «аъло» аттестат билан собиқ Иттифоқдаги барча олий ўқув юртларига имтиҳонсиз кириш мумкин эди. Аммо қўлимда ҳужжат бору, Қўқонда университет йўқ! Тошкентга борай десам, замон оғир. Шундан кейин Қўқон нефть техникумига ўқишга кирдим.

Техникумда ўқиб юрган пайтимда ҳаётимни ўзгартириб юборган ҳодиса рўй берди. Ўша пайтда Ўзбекистон раҳбари бўлган Усмон Юсупов Чархий домла билан жуда қадрдон эди, Қўқонга йўли тушса, албатта йўқлаб ўтарди. Бундан учрашувлар эса қўшиқ ва шеърхонликсиз ўтмасди. Ана шундай ташрифлардан бирида Фазлиддин қори деган ҳофиз менинг ғазалим билан қўшиқ куйлайди. Қўшиқ Усмон Юсуповга маъқул тушади ва ғазал муаллифи билан гаплашмоқчи эканини айтади. Усмон Юсупов мен билан суҳбатлашгач, Тошкентга бориб ўқишни маслаҳат берди.

«Қибрайдан университетгача пиёда қатнардим»

Усмон Юсуповнинг чорлови билан Тошкентга келдим. У киши мени ўз фарзандидек оиласига қабул қилди. Мен Қибрайда Усмон Юсуповнинг ёзлик боғида яшай бошладим, Ўрта Осиё давлат университетини шарқ факультетига ўқишга кирдим.

Факультетимиз ҳозирги Тошкент юридик институти биносида жойлашганди, жой етишмаслигидан иккинчи сменада ўқирдик. Дастлаб ўқишга пиёда қатнашга тўғри келди. Қибрайдан яёв йўлга тушиб, икки ярим соат деганда, Салордаги трамвай бекатига — ҳозирги Пушкин майдонига келардим. У ердан трамвайга ўтириб, факультетга амаллаб етиб олардим. Йўл кўп вақт оларди. Шу сабаб, икки жуфт дарсдан кейин учинчисига кирмасдан яна орқага қайтардим…

Кейинроқ Усмон Юсуповнинг Тошкент марказидаги уйига (у ерда ҳозир Индонезия элчихонаси жойлашган) кўчиб ўтдим. Беш йиллик талаба ҳаётим шу ерда кечди.

Ўша маҳаллар мен ёзган бир нечта мухаммас ва ғазални халқ ҳофизлари — Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов қўшиқ қилиб айтди. Бу эндигина адабиёт остонасида турган талаба учун катта ютуқ эди.

Харобадан топилган хазина

Университетни 1949 йили «қизил» диплом билан тугатдим. «Исмат Бухорийнинг ижодий мероси» мавзусида битирув иши ёздим. Мени Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтига ишга юборишди. Шу ерда яна бир устозим, академик Воҳид Зоҳидов билан танишдим…

Шоир Махмур ҳаёти ва ижоди бўйича жуда кам маълумотга эга эдик, фанга унинг «Хапалак» шеъригина маълум эди. Махмур ижодига қизиқиб юрган пайтларим Қўқонда янги девон топилгани дарагини эшитиб, зудлик билан етиб бордим. Бир киши хароба уйдан қўлёзма топиб олибди. У кимга қарашли эканию, нималар ёзилганини билмайди, арабий хатни ўқиёлмайди ҳам. Яхшики, ўз вақида бундан хабардор бўлдик. Акс ҳолда, нодир девон йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин эдида. Бу адабиёт аҳли учун янгилик бўлди. 1954 йили Махмур ижоди бўйича номзодлик иши ҳимоя қилдим.

Бу орада Нодира, Увайсий тўпламларини чоп эттирдим, Ғозий, Ҳозиқ каби қўқонлик шоирлар ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилдим.

Бир неча йиллик изланишлардан кейин 1961 йили «Қўқон адабий муҳити» мавзусида докторлик диссертацияси ёқладим. Диссертацияга ҳакамлик учун Озарбайжондан таниқли олим Ҳамид Ораслини таклиф этдик. У киши диссертацияни ижобий баҳолади.

Докторлик ишим танқидга учрагани ҳам бор гап. Айрим сиёсий ҳушёр кишилар «сарой шоирлари» ҳақидаги ёзганим учун мени айблаб чиқишди. У маҳаллар мумтоз адабиёт вакилларининг аксариятига «сарой шоири» тамғаси қўйилган ва улар ҳақида ижобий фикр айтиш имконсиз эди. Ана шу мафкура таъсирида Бобур, Амирий, Убайдий, Феруз каби шоирлар эътибордан четда қолганди…

Қадимият обидалари

1960-йилларда олий ўқув юртлари учун қадимги даврдан то ҳозиргача адабиёт тарихи дарсликларини яратдик. Бу орада адабиётимизниг энг қадимги даврларига қизиқиб қолдим. Жаҳонга машҳур Ўрхун-Энасой битиклари, «Девони луғотит-турк» асарини ўрганиб чиқдим. Шу асосда 1972 йили «Қадимият обидалари» китобим нашрдан чиқди. Ўша йиллари Беруний, Ибн Сино каби алломалар асарини ўрганишга киришдик. Ибн Синонинг Европада ўрта асрларда дарслик сифатида ўқитилган «Тиб қонунлари» кўпжилдлиги таржимасида қатнашдим.

Алишер Навоий асарлари хусусида китоб ёзиш болалик орзум эди. Аммо жиддий ҳозирликсиз бу мавзуда қалам тебратиш амри маҳол эканини яхши билардим. Узоқ тайёргарликдан кейин — 1975 йили «Хамса»нинг бешинчи достони «Садди Искандарий» хусусида монография ёздим. Илк муваффақият мени руҳлантириб юборди. Шундан кейин асосий диққат-эътиборни Навоий ижодини ўрганишга қаратдим. Ўтган йиллар мобайнида «Хамса» беш достонига бағишлашган бешта монографиям чоп этилди. Кейинроқ Навоийнинг кам ўрганилган асарлари устида ишладим. Ана шу изланишлар асосида «Нодир саҳифалар» китобим дунё юзини кўрди. Алишер Навоий ижодини, асарларини ўрганиб кўпдан қидирганимни топгандек бўлдим.

Сабр ва шукр — ҳаётий қоидам

1970-йилларда маданият институтида дарс бераётган пайтимда талабалардан бири «Cиз Алишер Навоий ҳақида шундай тўлқинланиб гапиряпсизки, бу билан уни идеаллаштиришга уринаётгандексиз», деб эътироз билдириб қолди. Мен жавобни қисқа қилиб, талабага машҳур шарқшунос олим Бертелс фикрини эслатдим: «Навоий шундай даҳоки, уни идеаллаштирмасликнинг имкони йўқ!»

Чиндан ҳам, ҳаётда нимаики муаммо бўлса, унга Навоий ҳикматларидан жавоб топиш мумкин. Улуғ шоир «Ҳайрат ул-аброр»нинг иккинчи мақолотида имоннинг асоси сабр ва шукрдан иборат эканини ёзади. Ҳаётда нима рўй берса, сабрдан чекинма, яхшиликдан хурсанд бўлиб кетма, мусибатдан эзилиб ўзинги йўқотма, дея насиҳат қилади шоир. Ўзим ҳам ҳар қандай оғир ҳолат, турли ташвиш ёхуд мусибатларга рўбарў бўлганда сабр ва шукрга суянаман.

Яна бир ҳаётий қоидам — душманлик, ҳасад, адоватдан йироқ бўлиш. Бу борада Навоийнинг:

«Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ
Ёр ўлинг бир-бирингизга, ки эрур ёрлиғ иш»

ҳикматини доим такрорлаб юраман.

Ёшлар Алишер Навоий ижодини пухта ўрганмаётганларидан менинг ҳам хавотирим чексиз. Аммо бу борада ёшларимизга даъво қилмайман. Айб — адабиётшуносларда деб биламан. Навоий асарларига шарҳлар, луғатлар яратиш керак. Ана шунда ёшлар Навоийнинг тафаккур зиёсидан оз бўлсада, баҳра оладилар. Ўзим Навоийнинг «Илк девон»ига шарҳ ёза бошладим, аммо бу жуда ҳам катта иш. Демак, янги авлод адабиётшунослари зиммасида муҳим юмушлар турибди.

Бунинг учун мактабларда адабиётга меҳр қўйган ёшларни тарбиялашга эътибор бериш, филология факультетида кадрлар тайёрлашни янада кучайтириш керак.

Ушалмас ва ушалган орзулар

Шукрки, маърифатли ота-она қўлида тарбия кўрдик. Ўз вақтида уларнинг ҳурматларини жойига қўйдик. Аммо ёш бир жойга бориб ўйлаб кўрсам, барибир ота-онага кўрсатиладиган ҳурматнинг мингдан бирини ҳам қилмаган эканмиз. Энг бахтиёр инсонлар — ота-онаси барҳаёт инсонлар. Ёшларга ота-онани ғанимат билиб, уларга хизмат қилиб қолиш ва дуоларини олиш кераклигини эслатиб ўтмоқчиман. Қани энди ота-онам тирик бўлсалару, уларга яна яхшиликлар қилсам, дейман…

Яна бир орзум, асарларимни жамлаб чиқариш эди. 2008 йилдан бери Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида «Асарлар»им чиқа бошлади. Ҳозирча беш жилди чоп қилинди, мўлжал бўйича «Асарлар» ўн беш жилдга етади. Ўқувчилар Навоий, Бобур, Ҳувайдо, Фурқат, Огаҳий каби шоирлар, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек сингари олимлар ҳақидаги китобларим, мумтоз адабиётга оид мақола ва таржима асарларимнинг тўлдирилган, қайта ишланган варианти билан танишадилар.

Талабаликдан қолган одатим — ҳар куни эрта тонгда беш саҳифа ёзаман. Ҳатто чет эл сафарларига чиққанимда ҳам ана шу одатни канда қилмаганман. Негаки, ёзиш мен учун — кўнгил амри, қалб эҳтиёжи…

Абдул Собир суҳбатлашди 

2008

Ozlik.jpg  Ulkan navoiyshunos olim, akademik Azizxon Qayumov vafot etdi. Inna lillahi va inna ilayhi roji’un, Allohumma ajurniy fiy musiybatiy vaxlufliy xoyrom minha

O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi, Beruniy nomidagi davlat mukofoti sohibi, O‘zbekiston Fanlar Akademiyasi akademigi Aziz Qayumov kecha, 16 fevral kuni 93 yoshida vafot etdi.

O‘zbek adabiyotining jonkuyari bo‘lgan ustoz olim Aziz Qayumovning dafn marosimi bugun, 17 fevral kuni peshin namozidan so‘ng bo‘lib o‘tadi.

Akademik Toshkentdagi “Minor” qabristonga dafn etiladi.

Fursatdan foydalanib, saytimiz mushtariylari nomidan marhumning oila a’zolari va yaqinlariga ta’ziya bildiramiz.

AKADЕMIK AZIZXON QAYUMOV
90

150617154541_uzbek_literature_professor_aziz_qayumov_640x360_bbc_nocredit.jpgAzizxon Qayumov 1926 yil Qo‘qon shahrida dunyoga kelgan.1949 yil O‘rta Osiyo davlat Universitetining Sharq fakultetini tugatgan. 1949 yildan boshlab Sharq qo‘lyozmalarini o‘rganish institutida kichik ilmiy xodim, Sharqshunoslik institutida ilmiy kotib, Til va adabiyot institutida direktor lavozimlarida ishladi. 1954 yilda fan nomzodi, 1961 yilda esa doktorlik dissertatsiyalarini o‘zbek adabiyoti tarixi mavzulari asosida himoya qildi.

1961-1979 yillar orasida ilmiy faoliyatni turli davlat idoralarida mas’ul lavozimlarda ishlash bilan birga amalga oshirgan. 1979-1998 yillarda Qo‘lyozmalar instituti direktori lavozimida, 1998 yildan to shu kunga qadar Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida yetakchi ilmiy xodim bo‘lib ishlab keldi.

Aziz Qayumov 1989 yil O‘zbekiston Fanlar Akademiyasining muxbir a’zosi, 1995 yil esa akademigi bo‘ldi. 1983 yil “O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi” hamda Beruniy nomidagi Davlat mukofoti laureatiga sazovor bo‘ldi.

Aziz Qayumov rahbarligida ko‘plab fan nomzodlari va fan doktorlari yetishib chiqqan bo‘lib, ular hozirgi kunda respublikamizning ilmiy hayotida o‘zlarining munosib o‘rinlarini egallab kelmoqdalar.

Aziz Qayumovning xizmatlari davlatimiz tomonidan yuksak baholanib, “El-yurt hurmati” (2003), “O‘zbekiston belgisi” (1995), “Shuhrat” medali (1995) “Buyuk xizmatlari uchun” ordeni (2014) kabi mukofotlar bilan taqdirlangan.

Rauf Parfi
BITIKTOSH

Azizxon Qayumga

Firdavsiy bir zamon aytgani kabi
Har ne o‘tkinchidir, fanoning o‘zi,
Faqat ikki narsa qolur abadiy —
Botirning shavkati, dononing so‘zi.

Ajdodlar Vatan deb jon fido qilgan,
Behuda gap sotib yurmagan ular.
Mana, ming yillarni opichlab kelgan
Bitiktosh ona-yer haqida kuylar.

Vaqt quyunida ne davru davron,
Bu — toshga aylangan erkdir, bardoshdir.
Bu — Turon atalgan muqaddas armon.

Unga qaraymanu bir his tuyaman.
Bu yurtim timsoli mangulik toshdir…
Yuragim toshiga she’rim o‘yaman.

HAYOT JUMBOQLARIGA NAVOIYDAN
JAVOB OLAMAN
Akademik Aziz Qayumov bilan suhbat (2008)
07

photo5409301363176876249.jpgO‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi, Beruniy nomidagi Davlat mukofoti sohibi, akademik Azizxon Qayumov butun umrini adabiyotga bag‘ishlagan fidoyi olimlardan. Uning sa’y-harakati bilan tarix qatlarida yashirin ijodkorlar nomi kashf etildi, qator nodir qo‘lyozmalar o‘rganildi. Olimning Alisher Navoiy ijodi bo‘yicha qilgan ishlari ham tahsinga sazovor.

Dor ostidan qaytish…

Men 1926 yilning 19 yanvarida Qo‘qon shahrida bor boyligi kitobu qo‘lyozmalardan iborat bo‘lgan ziyoli oilada dunyoga keldim. Otamning bobosi Abdurahim Mirzo Qo‘qon xoni saroyida mirzaboshi bo‘lgan. XIX asrning ikkinchi yarmida xonlar tez-tez almashib turgan. Yangi taxtga o‘tirgan xonlardan biri Abdurahim Mirzoni ham avvalgi hukmdorning odami deb o‘limga hukm qilgan. Katta bobomizni dorga olib ketishayotganda, shahar ahli norozilik bildirib, xondan hukmni bekor qilishni talab etgan. Xon chopar yuborib, katta bobomni dor ostidan qaytargan… U kishi haqida Qo‘qon xonligi tarixiga oid “Ansob us-salotin” kitobida ham ma’lumot bor. Abdurahim Mirzoning o‘g‘illari, ya’ni mening bobom Abduqayum Mirzo xattotlik bilan shug‘ullangan. Toshkentda toshbosma usulida kitob chop etish endigina yo‘lga qo‘yilgan davrlar. Bobomiz Hofiz, Navoiy, Fuzuliy, Bedil devonlarini husnixat bilan ko‘chirib bergan va ana shu qo‘lyozmalar litografiya usulida ko‘paytirilgan. Bobomiz ko‘chirgan kitob nusxalari hozir ham Sharqshunoslik institutida saqlanadi.

Akademiklarni tarbiyalagan muallim

Dadam — O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan o‘qituvchi Po‘latjon domla Qayumov bir umr muallimlik qilib o‘tganlar. Shoir Hamza bilan yaqin qadrdon bo‘lgan dadam Qo‘qonda usuli jadid — yangi usuldagi maktab ochganlar. Bu maktabdan keyinchalik O‘zbekiston Fanlar akademiyasi prezidentlari, ikki zabardast olim — Ubay Orifov va Tesha Zohidov yetishib chiqdi.

Dadam uch kitobdan iborat “Tazkirayi Qayumiy”, “Qo‘qon tarixi va uning adabiyoti” asarlarini yozganlar. Forsiyzabon ijodkorlar haqida o‘zbek tilida ikki jildlik “Tazkiratush-shuaro” qomusini tuzganlar, uchta yirik tazkirani forschadan o‘zbek tiliga o‘girganlar.

Onam Adolatxon Qayumova ham xat-savodli, adabiyotdan yaxshi xabardor ziyoli ayol edilar.

Bolalikdan uyimizda she’rxonlik majlislari ko‘p bo‘lardi. Dadam Navoiy, Fuzuliy, Mashrab g‘azallarini xuddi Qur’on tilovat qilgandek chiroyli ohang bilan o‘qirdilar. G‘azal ohanglari hali ham qulog‘im ostida jaranglaydi. Darvoqe, marhum ukam — filologiya fanlari doktori, professor Laziz Qayumov ham dadamizning ta’lim-tarbiyalarini olib ilmda yuqori pog‘onalarga ko‘tarildi.

Charxiyning suyukli shogirdi

Ko‘nglimda ijod va adabiyotga muhabbat juda erta uyg‘ondi. Maktabda o‘qib yurgan paytimdanoq uncha-muncha she’rlar mashq qilib turardim. Maktabda qo‘limga qalam tutqazib, xat-savodimni chiqargan inson — Qo‘qonda dong‘i ketgan til va adabiyot muallimi Hamzaxon Abbosov edi (O‘zbekning mashhur rejissyori bo‘lib yetishgan Shuhrat Abbosov shu kishining jiyani bo‘ladi).

Yodimda, maktab davrida Qayum Po‘lat ismli adabiyot muallimi Alisher Navoiy haqida ikki soat dars o‘tdi. Ana shu ikki soatgina saboq butun umrga tatidi deyish mumkin. O‘zim uchun Navoiyning yangi qirralarini kashf etdim. Ko‘nglimga Navoiy ijodini chuqur o‘rganishni tugdim.

Kunlarning birida aruz vaznida yozgan she’rimni yurak yutib Charxiy domlaga olib bordim. Charxiy Qo‘qon adabiy muhitining yetakchisi, juda obro‘li shoir edi. She’rim u kishiga ma’qul tushdi. Ertaga keling, u yoq-bu yog‘iga qalam urib tahrir qilib qo‘yaman, dedilar. Domla ko‘rib bergan she’rim Qo‘qon shahri va Farg‘ona viloyati gazetasida chop etildi.

Charxiy domla bilan u kishining vafotiga qadar ustoz-shogird bo‘lib qoldik. Mumtoz adabiyotimiz qomusi bo‘lgan bu insondan ko‘p saboqlar oldim.

“G‘azal muallifini topib kelinglar!”

Yoshligim ocharchilik, qahatchilik davriga to‘g‘ri keldi. Har ko‘cha, har xonadonda mudhish urush ko‘lankasini ko‘rish mumkin edi. Ana shunday og‘ir paytda o‘ninchini “a’lo”ga bitirdim. U mahallar “a’lo” attestat bilan sobiq Ittifoqdagi barcha oliy o‘quv yurtlariga imtihonsiz kirish mumkin edi. Ammo qo‘limda hujjat boru, Qo‘qonda universitet yo‘q! Toshkentga boray desam, zamon og‘ir. Shundan keyin Qo‘qon neft texnikumiga o‘qishga kirdim.

Texnikumda o‘qib yurgan paytimda hayotimni o‘zgartirib yuborgan hodisa ro‘y berdi. O‘sha paytda O‘zbekiston rahbari bo‘lgan Usmon Yusupov Charxiy domla bilan juda qadrdon edi, Qo‘qonga yo‘li tushsa, albatta yo‘qlab o‘tardi. Bundan uchrashuvlar esa qo‘shiq va she’rxonliksiz o‘tmasdi. Ana shunday tashriflardan birida Fazliddin qori degan hofiz mening g‘azalim bilan qo‘shiq kuylaydi. Qo‘shiq Usmon Yusupovga ma’qul tushadi va g‘azal muallifi bilan gaplashmoqchi ekanini aytadi. Usmon Yusupov men bilan suhbatlashgach, Toshkentga borib o‘qishni maslahat berdi.

“Qibraydan universitetgacha piyoda qatnardim”

Usmon Yusupovning chorlovi bilan Toshkentga keldim. U kishi meni o‘z farzandidek oilasiga qabul qildi. Men Qibrayda Usmon Yusupovning yozlik bog‘ida yashay boshladim, O‘rta Osiyo davlat universitetini sharq fakultetiga o‘qishga kirdim.

Fakultetimiz hozirgi Toshkent yuridik instituti binosida joylashgandi, joy yetishmasligidan ikkinchi smenada o‘qirdik. Dastlab o‘qishga piyoda qatnashga to‘g‘ri keldi. Qibraydan yayov yo‘lga tushib, ikki yarim soat deganda, Salordagi tramvay bekatiga — hozirgi Pushkin maydoniga kelardim. U yerdan tramvayga o‘tirib, fakultetga amallab yetib olardim. Yo‘l ko‘p vaqt olardi. Shu sabab, ikki juft darsdan keyin uchinchisiga kirmasdan yana orqaga qaytardim…

Keyinroq Usmon Yusupovning Toshkent markazidagi uyiga (u yerda hozir Indoneziya elchixonasi joylashgan) ko‘chib o‘tdim. Besh yillik talaba hayotim shu yerda kechdi.

O‘sha mahallar men yozgan bir nechta muxammas va g‘azalni xalq hofizlari — Jo‘raxon Sultonov va Ma’murjon Uzoqov qo‘shiq qilib aytdi. Bu endigina adabiyot ostonasida turgan talaba uchun katta yutuq edi.

Xarobadan topilgan xazina

Universitetni 1949 yili “qizil” diplom bilan tugatdim. “Ismat Buxoriyning ijodiy merosi” mavzusida bitiruv ishi yozdim. Meni O‘zbekiston Fanlar akademiyasi Sharqshunoslik institutiga ishga yuborishdi. Shu yerda yana bir ustozim, akademik Vohid Zohidov bilan tanishdim…

Shoir Maxmur hayoti va ijodi bo‘yicha juda kam ma’lumotga ega edik, fanga uning “Xapalak” she’rigina ma’lum edi. Maxmur ijodiga qiziqib yurgan paytlarim Qo‘qonda yangi devon topilgani daragini eshitib, zudlik bilan yetib bordim. Bir kishi xaroba uydan qo‘lyozma topib olibdi. U kimga qarashli ekaniyu, nimalar yozilganini bilmaydi, arabiy xatni o‘qiyolmaydi ham. Yaxshiki, o‘z vaqida bundan xabardor bo‘ldik. Aks holda, nodir devon yo‘q bo‘lib ketishi ham mumkin edida. Bu adabiyot ahli uchun yangilik bo‘ldi. 1954 yili Maxmur ijodi bo‘yicha nomzodlik ishi himoya qildim.

Bu orada Nodira, Uvaysiy to‘plamlarini chop ettirdim, G‘oziy, Hoziq kabi qo‘qonlik shoirlar hayoti va ijodini tadqiq qildim.

Bir necha yillik izlanishlardan keyin 1961 yili “Qo‘qon adabiy muhiti” mavzusida doktorlik dissertatsiyasi yoqladim. Dissertatsiyaga hakamlik uchun Ozarbayjondan taniqli olim Hamid Oraslini taklif etdik. U kishi dissertatsiyani ijobiy baholadi.

Doktorlik ishim tanqidga uchragani ham bor gap. Ayrim siyosiy hushyor kishilar “saroy shoirlari” haqidagi yozganim uchun meni ayblab chiqishdi. U mahallar mumtoz adabiyot vakillarining aksariyatiga “saroy shoiri” tamg‘asi qo‘yilgan va ular haqida ijobiy fikr aytish imkonsiz edi. Ana shu mafkura ta’sirida Bobur, Amiriy, Ubaydiy, Feruz kabi shoirlar e’tibordan chetda qolgandi…

Qadimiyat obidalari

1960-yillarda oliy o‘quv yurtlari uchun qadimgi davrdan to hozirgacha adabiyot tarixi darsliklarini yaratdik. Bu orada adabiyotimiznig eng qadimgi davrlariga qiziqib qoldim. Jahonga mashhur O‘rxun-Enasoy bitiklari, “Devoni lug‘otit-turk” asarini o‘rganib chiqdim. Shu asosda 1972 yili “Qadimiyat obidalari” kitobim nashrdan chiqdi. O‘sha yillari Beruniy, Ibn Sino kabi allomalar asarini o‘rganishga kirishdik. Ibn Sinoning Yevropada o‘rta asrlarda darslik sifatida o‘qitilgan “Tib qonunlari” ko‘pjildligi tarjimasida qatnashdim.

Alisher Navoiy asarlari xususida kitob yozish bolalik orzum edi. Ammo jiddiy hozirliksiz bu mavzuda qalam tebratish amri mahol ekanini yaxshi bilardim. Uzoq tayyorgarlikdan keyin — 1975 yili “Xamsa”ning beshinchi dostoni “Saddi Iskandariy” xususida monografiya yozdim. Ilk muvaffaqiyat meni ruhlantirib yubordi. Shundan keyin asosiy diqqat-e’tiborni Navoiy ijodini o‘rganishga qaratdim. O‘tgan yillar mobaynida “Xamsa” besh dostoniga bag‘ishlashgan beshta monografiyam chop etildi. Keyinroq Navoiyning kam o‘rganilgan asarlari ustida ishladim. Ana shu izlanishlar asosida “Nodir sahifalar” kitobim dunyo yuzini ko‘rdi. Alisher Navoiy ijodini, asarlarini o‘rganib ko‘pdan qidirganimni topgandek bo‘ldim.

Sabr va shukr — hayotiy qoidam

1970-yillarda madaniyat institutida dars berayotgan paytimda talabalardan biri “Ciz Alisher Navoiy haqida shunday to‘lqinlanib gapiryapsizki, bu bilan uni ideallashtirishga urinayotgandeksiz”, deb e’tiroz bildirib qoldi. Men javobni qisqa qilib, talabaga mashhur sharqshunos olim Bertels fikrini eslatdim: “Navoiy shunday dahoki, uni ideallashtirmaslikning imkoni yo‘q!”

Chindan ham, hayotda nimaiki muammo bo‘lsa, unga Navoiy hikmatlaridan javob topish mumkin. Ulug‘ shoir “Hayrat ul-abror”ning ikkinchi maqolotida imonning asosi sabr va shukrdan iborat ekanini yozadi. Hayotda nima ro‘y bersa, sabrdan chekinma, yaxshilikdan xursand bo‘lib ketma, musibatdan ezilib o‘zingi yo‘qotma, deya nasihat qiladi shoir. O‘zim ham har qanday og‘ir holat, turli tashvish yoxud musibatlarga ro‘baro‘ bo‘lganda sabr va shukrga suyanaman.

Yana bir hayotiy qoidam — dushmanlik, hasad, adovatdan yiroq bo‘lish. Bu borada Navoiyning:

«Olam ahli bilingizkim, ish emas dushmanlig‘
Yor o‘ling bir-biringizga, ki erur yorlig‘ ish»

hikmatini doim takrorlab yuraman.

Yoshlar Alisher Navoiy ijodini puxta o‘rganmayotganlaridan mening ham xavotirim cheksiz. Ammo bu borada yoshlarimizga da’vo qilmayman. Ayb — adabiyotshunoslarda deb bilaman. Navoiy asarlariga sharhlar, lug‘atlar yaratish kerak. Ana shunda yoshlar Navoiyning tafakkur ziyosidan oz bo‘lsada, bahra oladilar. O‘zim Navoiyning “Ilk devon”iga sharh yoza boshladim, ammo bu juda ham katta ish. Demak, yangi avlod adabiyotshunoslari zimmasida muhim yumushlar turibdi.

Buning uchun maktablarda adabiyotga mehr qo‘ygan yoshlarni tarbiyalashga e’tibor berish, filologiya fakultetida kadrlar tayyorlashni yanada kuchaytirish kerak.

Ushalmas va ushalgan orzular

Shukrki, ma’rifatli ota-ona qo‘lida tarbiya ko‘rdik. O‘z vaqtida ularning hurmatlarini joyiga qo‘ydik. Ammo yosh bir joyga borib o‘ylab ko‘rsam, baribir ota-onaga ko‘rsatiladigan hurmatning mingdan birini ham qilmagan ekanmiz. Eng baxtiyor insonlar — ota-onasi barhayot insonlar. Yoshlarga ota-onani g‘animat bilib, ularga xizmat qilib qolish va duolarini olish kerakligini eslatib o‘tmoqchiman. Qani endi ota-onam tirik bo‘lsalaru, ularga yana yaxshiliklar qilsam, deyman…

Yana bir orzum, asarlarimni jamlab chiqarish edi. 2008 yildan beri Alisher Navoiy nomidagi Davlat adabiyot muzeyida “Asarlar”im chiqa boshladi. Hozircha besh jildi chop qilindi, mo‘ljal bo‘yicha “Asarlar” o‘n besh jildga yetadi. O‘quvchilar Navoiy, Bobur, Huvaydo, Furqat, Ogahiy kabi shoirlar, Xorazmiy, Farg‘oniy, Beruniy, Ibn Sino, Ulug‘bek singari olimlar haqidagi kitoblarim, mumtoz adabiyotga oid maqola va tarjima asarlarimning to‘ldirilgan, qayta ishlangan varianti bilan tanishadilar.

Talabalikdan qolgan odatim — har kuni erta tongda besh sahifa yozaman. Hatto chet el safarlariga chiqqanimda ham ana shu odatni kanda qilmaganman. Negaki, yozish men uchun — ko‘ngil amri, qalb ehtiyoji…

Abdul Sobir suhbatlashdi

2008

09

(Tashriflar: umumiy 829, bugungi 1)

2 izoh

  1. Рауф Парфи
    БИТИКТОШ
    Азизхон Қаюмга

    Фирдавсий бир замон айтгани каби
    Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
    Фақат икки нарса қолур абадий —
    Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

    Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
    Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
    Мана, минг йилларни опичлаб келган
    Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

    Вақт қуюнида не давру даврон,
    Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
    Бу — Турон аталган муқаддас армон.

    Унга қарайману бир ҳис туяман.
    Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
    Юрагим тошига шеърим ўяман.

    Rauf Parfi
    BITIKTOSH
    Azizxon Qayumga

    Firdavsiy bir zamon aytgani kabi
    Har ne o‘tkinchidir, fanoning o‘zi,
    Faqat ikki narsa qolur abadiy —
    Botirning shavkati, dononing so‘zi.

    Ajdodlar Vatan deb jon fido qilgan,
    Behuda gap sotib yurmagan ular.
    Mana, ming yillarni opichlab kelgan
    Bitiktosh ona-yer haqida kuylar.

    Vaqt quyunida ne davru davron,
    Bu — toshga aylangan erkdir, bardoshdir.
    Bu — Turon atalgan muqaddas armon.

    Unga qaraymanu bir his tuyaman.
    Bu yurtim timsoli mangulik toshdir…
    Yuragim toshiga she’rim o‘yaman.

  2. Азизхон домла бутун борлиқлари ила маърифат, маданият, илм, ахлоқ, инсондўстлик ва одамийликнинг тажассуми эдилар. Нурга йўғрилган сиймо эдилар. Миллат маърифати ва маънавий равнақ йўлида бетама заҳмат чеккан комил шахс эдилар. Жойлари жаннати ризвон бўлсин.

Izoh qoldiring