Nega «xontaxta» filmlar «proval» bo’lmoqda?

022
Бозорда бировга битта брак товарни сотсангиз, эртага алданган харидор норози бўлиб, қайтариб олиб келиши, пулини қайтариб ёки ўрнига сифатлисини бермасангиз, пешонангизни уриб ёриши турган гап. Сифатсиз фильмни кўрган томошабин эса инсофли – режиссёрнинг ёқасидан олмайди, пулимни қайтариб бер, демайди. Кинодан безади.

033

НЕГА «ХОНТАХТА» ФИЛЬМЛАР «ПРОВАЛ» БЎЛМОҚДА?
Эшбек Турдиев

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар йили 50-60 та тўлиқ метражли бадиий фильм – шуларнинг 70-80 фоизи хусусий киностудияларда – ишлаб чиқарилмоқда. Баъзи маълумотларга қараганда, ўзбек фильмлари нафақат миллий, қолаверса, қўшни мамлакатлар кино бозорига ҳам дадил кириб бормоқда.
Албатта, бу ишлаб чиқарилаётган барча кинофильмларнинг савияси ва сифати сонига яраша яхши дейишга асос бўла олмайди. Афсус билан қайд этиш лозимки, прокатга чиқарилаётган аксарият “хонтахта” фильмларнинг (шу ибора ҳам истеъмолга кириб кетди-я!) на ижтимоий юки, на айтилмоқчи бўлган гапи – ғоясининг тайини бор. Улар маиший, яъни қайнона-келин муносабатлари, ёндим-куйдим, қўйди-чиқди сингари олди-қочди мавзуларни эшшакдай миниб олиб, томошабинга ҳеч қандай маънавий озуқа бермайдиган, аммо қаерини “қитиқлаш”ни биладиган баъзи олғир режиссёрларнинг пул ишлаш воситасига айланиб бўлди.
«Ўзбеккино” Миллий агентлигининг янги раҳбарияти иш бошлаши биланоқ бундай енгил-елпи фильмларнинг катта экранга чиқиши олдини олиш учун уларга лицензия бериш тартибини қайта кўриб чиқиб, эксперт комиссиясини тузгани сабаби шунда. Мақсад – енгил-елпи фильмларнинг катта экранга чиқиб кетиши йўлига тўсиқ қўйиш. Мақсад – томошабиннинг ортидан эргашадиган эмас, томошабинни эргаштирадиган фильмлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш.
Тўғриси айтиши керак, талабнинг бундай қаттиқ қўйилаётгани ҳаммага ҳам ёқаётгани йўқ. Ҳар йили 5-6 та енгил енги-елпи фильмларни қаторлаштириб ташлаб, уларни катта экранга олиб чиқиш учун эшик қолиб, тешикдан киришга уринаётган айрим шоввозлар энди “муомала” билан иш битмаётганини кўриб, ётиб қолганча отиб қолай деб турли жойларга шикоят қилиб, бўлар-бўлмас гапларни болалатиб юрибди.
“Хонтахтачи” режиссёрнинг ҳам, продюсернинг ҳам мақсади битта: фильмга чўнтагидан ёки ҳомийи сарфлаган пулни прокатдан чиқариб олиш. Бировнинг дидини ўлдираётгани, руҳан майиб-мажруҳ қилаётгани, ҳали суяги қотмаган бола онгида, ҳаёт қайнона билан келиннинг можаросидан иборат экан-да, деган ўта юзаки ва сохта тушунчаларни пайдо қилаётгани билан иши йўқ. Энди бундай фильмлар таъсирида ўсган боладан қандай ватанпарвар ёки юртпарвар чиқишини би-иир тасаввур қилиб кўринг.
Бозорда бировга битта брак товарни сотсангиз, эртага алданган харидор норози бўлиб, қайтариб олиб келиши, пулини қайтариб ёки ўрнига сифатлисини бермасангиз, пешонангизни уриб ёриши турган гап. Сифатсиз фильмни кўрган томошабин эса инсофли – режиссёрнинг ёқасидан олмайди, пулимни қайтариб бер, демайди. Кинодан безади.
Бугунги томошабин кечаги анойи йигит-қиз эмас. Яхши фильм билан сифатсизини ажрата бошлаяпти. Энди ҳеч бир юки йўқ, бир қолипдан кўчган ғиштга ўхшаш “тўртбурчак” фильмлар уни қониқтирмаяпти. Бунга мисол қилиб, кейинги пайтлар Алишер Навоий номидаги кино саройи репертуаридан 15-25 куннинг нари-берисида томошабин кирмаётгани учун олиб ташланаётган фильмларни келтириш мумкин.
Баъзи «хонтахтачи» режиссёрларнинг ўз ибораси билан айтганда “провал” бўлган фильмлари учун ўзидан ўпкалаш ўрнига айбни кино саройи раҳбариятига тўнкамоқчи бўлаётганини кўриб, тавба деб ёқа ушлайсан. Одамзод яхшиликни билмаса қийин экан. Томошабин ҳозиргидан соддароқ бўлган кезлар пайтлар экранга чиққан фильмлари ортидан анча-мунча пулни айнан Кино саройида ишлаб олган ўша шоввозлар бугун фильмига томошабин тушмай прокатдан олиб ташланганда ўзи қолиб, бировни ёмонотлиқ қилишга уриняпти. Ўша аноним “хонтахтачи”ларнинг айбловлари ҳеч бир куракда турмаслигини ҳатто ўша режиссёрнинг шикояти асосида материал тайёрлаган чет эл радиосига интервью берган кино мутахассислари ҳам исботлаб берди.
Мана режиссёр Рустам Обидовнинг гаплари:
– Бу ерда кинозал раҳбари эмас, балки киночи айбдор. Қачонгача оилавий можаро билан томошабинни авраймиз? Камбағалдан бой бўлиб, қариндошини менсимаган одам ҳақида мингинчи кино бу. Шу келин-куëв¸ қайнана-келиндан бошқа мавзу йўқми? Бу киночининг энди шу келин-куëвлар билан бир тўшакда ëтиши қолди ўзи. Наҳотки ўзбекнинг бундан бошқа дарди йўқ? (Имлога тегилмади — Муаллиф.)
Ҳақ гап.
Унинг фильмлари “провали” ортида Кино саройи раҳбарияти эмас, ўзининг савияси пастлиги, изланмаслиги турганини, ўзига мана бу саволларни бериб кўрмаётганини наҳотки билмаса? Қандай қилиб, эс-ҳушини таниган режиссёр бир йилда 5-6 та тўлиқ метражли бадиий фильм олиши мумкин? У изланишга қачон вақт топади? Қачон сценарий ахтаради? Қачон янги фильмга тайёргарлик кўришга улгуради?
Кино саройида намойиш этилаётган фильмлар прокати масаласида шу соҳа мутахассислари фикрини сўраб кўрдик.
Кинопродюсер Жасур Шодмоновнинг айтишича, прокат гувоҳномаси (аудиовизуал асарларни рўйхатга олганлик давлат гувоҳномаси) олган фильмларни Кино саройида томошабинга кўрсатиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.
– Лекин уларни томошабин қандай қабул қилиши бошқа масала. Баъзи ҳамкасбларимизнинг фильмига сарфлаган пулини чиқариб ололмагани учун Кино саройи раҳбариятини айблаётганини ҳеч тушуна олмаяпман. Улар кино у ёки бу фильм сеансларига томошабинни мажбурлаб кирита олмайди-ку, – деди Ж.Шодмонов.
Бу фикрга кинорежиссёр Абдувоҳид Ғаниев ҳам қўшилади:
– Мен ҳам айрим ҳамкасбларнинг прокат гувоҳномаси ололмаётгани учун “Ўзбеккино” раҳбарияти устидан, уни қўлга киритиб, киносига одам тушмаётгани учун эса Кино саройи раҳбарияти устидан шикоят қилиб, ҳар хил идораларга, чет эл радиоларига шикоят қилиб юрганини эшитдим. Инсоф билан айтганда, биз режиссёрлару продюсерлар Кино саройи раҳбарияти устидан шикоят қилиш ўрнига шунчалик шароит яратиб бергани учун раҳмат айтишимиз керак. Улар яхши, томошабоп фильмларни жон-жон деб кўрсатади, чунки фильмларимизнинг кассабоплиги уларга ҳам фойда-ку. Шу пайтгача мен томошабин кўп кўраётган бирорта фильм прокатдан олиб ташланганини эшитганим йўқ.
Кино санъати ва саноатининг ривожи кўп жиҳатдан унинг инфратузилмаси қандай экани билан ҳам боғлиқ. 90-йилларда кинотеатрларга томошабин кирмай қўйган ва уларни ялпи хусусийлаштириш бошланганда Кино саройини сақлаб қолишнинг ўзи бўлгани йўқ. Тошкент шаҳрининг ўша пайтлар дамига ош пишадиган раҳбарларидан бири («Ўзбеккино”нинг, лўлидан ботир чиқса, ўз чодирига ўт қўяди, деган мақолни шиор қилиб олган ўша даврдаги раҳбарияти ҳам бундан мустасно эмас) саройни савдо марказига айлантирмоқчи бўлганида директор О.Ҳолиқовнинг бу иш нотўғри эканини исботлаш учун ойлаб, йиллаб идорама-идора югурганларини ўша “хонтахтачилар” билармикан? Обид ака ўшанда ўз манфаатини ўйлаганда ҳокимнинг таклифига рози бўлиб, ҳеч нарса ютқазмас эди. Лекин кино ютқазар эди, халқ ютқазар эди. Ҳозирги саройдан асар ҳам қолмас, у ҳам “Ипподром” ёки “Қатортол” савдо маркази қаторига қўшилар, “Хонтахтачилар”нинг фильмларини кўрсатадиган жой ҳам қолмас эди.
Кино саройи раҳбарияти нафақат уни инқироздан сақлаб қолди, қолаверса, ҳар бир ишлаб топилган сўмни ҳамма, бюджетдан қачон пул олар эканман деб оғзини очиб ўтирган вақтда янги кинозаллар қуришга, уларга жиҳозлар сотиб олишга сарфлади. Илгари фақат иккита кинозалдан иборат бўлган “Панорама” кинотеатри бугунги кунга келиб, 10 дан ошиқ қинозали, жумладан ёзги кино томошаси майдони бор замонавий мултиплексга айланди.
– Айни пайтда Кино саройида ҳар бир фильм премьерасини ўтказиш маданий ҳаётдаги воқеага айланиб қолди. – деди кинорежиссёр ва сценарийнавис Баҳодир Одилов. – Ҳар бир режиссёр ўз фильмини ўша ерда кўрсатгиси келади. Бу табиий. Лекин бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Шунинг учун ўзбек томошабинини кинотеатрга қайтаришда Кино саройи директори, кинопрокат заҳматкаши Обид ака Холиқовнинг хизматлари жуда катта. Томошабинни кинозалларга қайтариш учун етарли даражада сервис ташкил этиш баробарида кино намойиши маданияти ҳам зарур эди. Бугунги кино саройида буларнинг ҳаммаси мавжуд. Яқинда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида жорий йилнинг 9 ойлик якунларига бағишланган мажлисда республика бўйича миллий кинофильмлар прокати қониқарсиз аҳволда экани кескин танқид қилиниб, ишни ташкил қилишда Кино саройида амалга оширилаётган ишлардан ўрнак олиш зарурлиги айтилди.
Бу ҳам олди-қочди киносига томошабин топа олмаган «хонтахтачи” режиссёрнинг қуруқ туҳматларига билвосита жавоб бўлса ажаб эмас.

2013-йил 24-ноябр

033

NEGA «XONTAXTA» FIL`MLAR «PROVAL» BO’LMOQDA?
Eshbek Turdiev

Bugungi kunda O‘zbekistonda har yili 50-60 ta to‘liq metrajli badiiy film – shularning 70-80 foizi xususiy kinostudiyalarda – ishlab chiqarilmoqda. Ba’zi ma’lumotlarga qaraganda, o‘zbek filmlari nafaqat milliy, qolaversa, qo‘shni mamlakatlar kino bozoriga ham dadil kirib bormoqda.
Albatta, bu ishlab chiqarilayotgan barcha kinofilmlarning saviyasi va sifati soniga yarasha yaxshi deyishga asos bo‘la olmaydi. Afsus bilan qayd etish lozimki, prokatga chiqarilayotgan aksariyat “xontaxta” filmlarning (shu ibora ham iste’molga kirib ketdi-ya!) na ijtimoiy yuki, na aytilmoqchi bo‘lgan gapi – g‘oyasining tayini bor. Ular maishiy, ya’ni qaynona-kelin munosabatlari, yondim-kuydim, qo‘ydi-chiqdi singari oldi-qochdi mavzularni eshshakday minib olib, tomoshabinga hech qanday ma’naviy ozuqa bermaydigan, ammo qaerini “qitiqlash”ni biladigan ba’zi olg‘ir rejissorlarning pul ishlash vositasiga aylanib bo‘ldi.
«O‘zbekkino” Milliy agentligining yangi rahbariyati ish boshlashi bilanoq bunday yengil-yelpi filmlarning katta ekranga chiqishi oldini olish uchun ularga litsenziya berish tartibini qayta ko‘rib chiqib, ekspert komissiyasini tuzgani sababi shunda. Maqsad – yengil-yelpi filmlarning katta ekranga chiqib ketishi yo‘liga to‘siq qo‘yish. Maqsad – tomoshabinning ortidan ergashadigan emas, tomoshabinni ergashtiradigan filmlar ishlab chiqarishni rag‘batlantirish.
To‘g‘risi aytishi kerak, talabning bunday qattiq qo‘yilayotgani hammaga ham yoqayotgani yo‘q. Har yili 5-6 ta yengil yengi-yelpi filmlarni qatorlashtirib tashlab, ularni katta ekranga olib chiqish uchun eshik qolib, teshikdan kirishga urinayotgan ayrim shovvozlar endi “muomala” bilan ish bitmayotganini ko‘rib, yotib qolgancha otib qolay deb turli joylarga shikoyat qilib, bo‘lar-bo‘lmas gaplarni bolalatib yuribdi.
“Xontaxtachi” rejissorning ham, prodyuserning ham maqsadi bitta: filmga cho‘ntagidan yoki homiyi sarflagan pulni prokatdan chiqarib olish. Birovning didini o‘ldirayotgani, ruhan mayib-majruh qilayotgani, hali suyagi qotmagan bola ongida, hayot qaynona bilan kelinning mojarosidan iborat ekan-da, degan o‘ta yuzaki va soxta tushunchalarni paydo qilayotgani bilan ishi yo‘q. Endi bunday filmlar ta’sirida o‘sgan boladan qanday vatanparvar yoki yurtparvar chiqishini bi-iir tasavvur qilib ko‘ring.
Bozorda birovga bitta brak tovarni sotsangiz, ertaga aldangan xaridor norozi bo‘lib, qaytarib olib kelishi, pulini qaytarib yoki o‘rniga sifatlisini bermasangiz, peshonangizni urib yorishi turgan gap. Sifatsiz filmni ko‘rgan tomoshabin esa insofli – rejissorning yoqasidan olmaydi, pulimni qaytarib ber, demaydi. Kinodan bezadi.
Bugungi tomoshabin kechagi anoyi yigit-qiz emas. Yaxshi film bilan sifatsizini ajrata boshlayapti. Endi hech bir yuki yo‘q, bir qolipdan ko‘chgan g‘ishtga o‘xshash “to‘rtburchak” filmlar uni qoniqtirmayapti. Bunga misol qilib, keyingi paytlar Alisher Navoiy nomidagi kino saroyi repertuaridan 15-25 kunning nari-berisida tomoshabin kirmayotgani uchun olib tashlanayotgan filmlarni keltirish mumkin.
Ba’zi «xontaxtachi» rejissorlarning o‘z iborasi bilan aytganda “proval” bo‘lgan filmlari uchun o‘zidan o‘pkalash o‘rniga aybni kino saroyi rahbariyatiga to‘nkamoqchi bo‘layotganini ko‘rib, tavba deb yoqa ushlaysan. Odamzod yaxshilikni bilmasa qiyin ekan. Tomoshabin hozirgidan soddaroq bo‘lgan kezlar paytlar ekranga chiqqan filmlari ortidan ancha-muncha pulni aynan Kino saroyida ishlab olgan o‘sha shovvozlar bugun filmiga tomoshabin tushmay prokatdan olib tashlanganda o‘zi qolib, birovni yomonotliq qilishga urinyapti. O‘sha anonim “xontaxtachi”larning ayblovlari hech bir kurakda turmasligini hatto o‘sha rejissorning shikoyati asosida material tayyorlagan chet el radiosiga intervyu bergan kino mutaxassislari ham isbotlab berdi.
Mana rejissor Rustam Obidovning gaplari:
– Bu yerda kinozal rahbari emas, balki kinochi aybdor. Qachongacha oilaviy mojaro bilan tomoshabinni avraymiz? Kambag‘aldan boy bo‘lib, qarindoshini mensimagan odam haqida minginchi kino bu. Shu kelin-kuëv¸ qaynana-kelindan boshqa mavzu yo‘qmi? Bu kinochining endi shu kelin-kuëvlar bilan bir to‘shakda ëtishi qoldi o‘zi. Nahotki o‘zbekning bundan boshqa dardi yo‘q? (Imloga tegilmadi — Muallif.)
Haq gap.
Uning filmlari “provali” ortida Kino saroyi rahbariyati emas, o‘zining saviyasi pastligi, izlanmasligi turganini, o‘ziga mana bu savollarni berib ko‘rmayotganini nahotki bilmasa? Qanday qilib, es-hushini tanigan rejissor bir yilda 5-6 ta to‘liq metrajli badiiy film olishi mumkin? U izlanishga qachon vaqt topadi? Qachon stsenariy axtaradi? Qachon yangi filmga tayyorgarlik ko‘rishga ulguradi?
Kino saroyida namoyish etilayotgan filmlar prokati masalasida shu soha mutaxassislari fikrini so‘rab ko‘rdik.
Kinoprodyuser Jasur Shodmonovning aytishicha, prokat guvohnomasi (audiovizual asarlarni ro‘yxatga olganlik davlat guvohnomasi) olgan filmlarni Kino saroyida tomoshabinga ko‘rsatish uchun hech qanday to‘siq yo‘q.
– Lekin ularni tomoshabin qanday qabul qilishi boshqa masala. Ba’zi hamkasblarimizning filmiga sarflagan pulini chiqarib ololmagani uchun Kino saroyi rahbariyatini ayblayotganini hech tushuna olmayapman. Ular kino u yoki bu film seanslariga tomoshabinni majburlab kirita olmaydi-ku, – dedi J.Shodmonov.
Bu fikrga kinorejissor Abduvohid G‘aniev ham qo‘shiladi:
– Men ham ayrim hamkasblarning prokat guvohnomasi ololmayotgani uchun “O‘zbekkino” rahbariyati ustidan, uni qo‘lga kiritib, kinosiga odam tushmayotgani uchun esa Kino saroyi rahbariyati ustidan shikoyat qilib, har xil idoralarga, chet el radiolariga shikoyat qilib yurganini eshitdim. Insof bilan aytganda, biz rejissorlaru prodyuserlar Kino saroyi rahbariyati ustidan shikoyat qilish o‘rniga shunchalik sharoit yaratib bergani uchun rahmat aytishimiz kerak. Ular yaxshi, tomoshabop filmlarni jon-jon deb ko‘rsatadi, chunki filmlarimizning kassabopligi ularga ham foyda-ku. Shu paytgacha men tomoshabin ko‘p ko‘rayotgan birorta film prokatdan olib tashlanganini eshitganim yo‘q.
Kino san’ati va sanoatining rivoji ko‘p jihatdan uning infratuzilmasi qanday ekani bilan ham bog‘liq. 90-yillarda kinoteatrlarga tomoshabin kirmay qo‘ygan va ularni yalpi xususiylashtirish boshlanganda Kino saroyini saqlab qolishning o‘zi bo‘lgani yo‘q. Toshkent shahrining o‘sha paytlar damiga osh pishadigan rahbarlaridan biri («O‘zbekkino”ning, lo‘lidan botir chiqsa, o‘z chodiriga o‘t qo‘yadi, degan maqolni shior qilib olgan o‘sha davrdagi rahbariyati ham bundan mustasno emas) saroyni savdo markaziga aylantirmoqchi bo‘lganida direktor O.Holiqovning bu ish noto‘g‘ri ekanini isbotlash uchun oylab, yillab idorama-idora yugurganlarini o‘sha “xontaxtachilar” bilarmikan? Obid aka o‘shanda o‘z manfaatini o‘ylaganda hokimning taklifiga rozi bo‘lib, hech narsa yutqazmas edi. Lekin kino yutqazar edi, xalq yutqazar edi. Hozirgi saroydan asar ham qolmas, u ham “Ippodrom” yoki “Qatortol” savdo markazi qatoriga qo‘shilar, “Xontaxtachilar”ning filmlarini ko‘rsatadigan joy ham qolmas edi.
Kino saroyi rahbariyati nafaqat uni inqirozdan saqlab qoldi, qolaversa, har bir ishlab topilgan so‘mni hamma, byudjetdan qachon pul olar ekanman deb og‘zini ochib o‘tirgan vaqtda yangi kinozallar qurishga, ularga jihozlar sotib olishga sarfladi. Ilgari faqat ikkita kinozaldan iborat bo‘lgan “Panorama” kinoteatri bugungi kunga kelib, 10 dan oshiq qinozali, jumladan yozgi kino tomoshasi maydoni bor zamonaviy multipleksga aylandi.
– Ayni paytda Kino saroyida har bir film premyerasini o‘tkazish madaniy hayotdagi voqeaga aylanib qoldi. – dedi kinorejissor va stsenariynavis Bahodir Odilov. – Har bir rejissor o‘z filmini o‘sha yerda ko‘rsatgisi keladi. Bu tabiiy. Lekin bunga erishish oson bo‘lgani yo‘q. Shuning uchun o‘zbek tomoshabinini kinoteatrga qaytarishda Kino saroyi direktori, kinoprokat zahmatkashi Obid aka Xoliqovning xizmatlari juda katta. Tomoshabinni kinozallarga qaytarish uchun yetarli darajada servis tashkil etish barobarida kino namoyishi madaniyati ham zarur edi. Bugungi kino saroyida bularning hammasi mavjud. Yaqinda “O‘zbekkino” Milliy agentligida joriy yilning 9 oylik yakunlariga bag‘ishlangan majlisda respublika bo‘yicha milliy kinofilmlar prokati qoniqarsiz ahvolda ekani keskin tanqid qilinib, ishni tashkil qilishda Kino saroyida amalga oshirilayotgan ishlardan o‘rnak olish zarurligi aytildi.
Bu ham oldi-qochdi kinosiga tomoshabin topa olmagan «xontaxtachi” rejissorning quruq tuhmatlariga bilvosita javob bo‘lsa ajab emas.

Манба: http://kinopanorama.uz

(Tashriflar: umumiy 127, bugungi 1)

Izoh qoldiring