Sharofat Yo’ldosheva. Odamiylik ilmi

081 май — Академик Яҳё Ғуломов таваллуд топган кун

   Биринчи ўзбек археологи, Ватанимиз тарихи, этнографиясини ўрганишга самарали ҳисса қўшган жонкуяр қомусий олим, академик Яҳё Ғуломовнинг жасорати шу эдики, ўзи яшаб турган давр мустабид тузумнинг миллий меросимизга шафқатсиз муносабатига қарши бориб, қадримиз, қадриятларимизни улуғловчи илмий изланишлар олиб борди. Унинг Хоразм воҳасида, Бухоро ва Фарғона водийсида, бутун республикамизда олиб борилган археологик тадқиқотлари ибтидоий даврдан бошлаб тарихимизни ўрганишга имкон яратадиган қимматли маълумотларни берди. Яҳё Ғуломов илм-фанимиз ривожига улкан ҳисса қўшиш билан бирга миллий кадрлар, айниқса, ўзбек археологияси учун билимли мутахассислар тайёрлашга бош-қош бўлди.

006
ОДАМИЙЛИК ИЛМИ
Шарофат ЙЎЛДОШЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири
07

08..Мен академик Яҳё Ғуломовни яхши билардим. У мустақил фикрга эга бўлган, керак бўлса, энг юқори лавозим эгасига ёқмайдиган тўғри гапни дадил айта оладиган олим эди. Тарихчилар яхши биладилар, одатда тепаликлар қаърида тарихий обидалар, бутун бир шаҳар ястанган бўлади. Шўро даврида фақат томлардагина пахта экилмай қолган бир пайтда ана шундай тарихий тепаликларни ҳам текислаб пахта даласига айлантириш сиёсати авж олганда бунга қарши чиққан олим Яҳё Ғуломов бўлганини мен яхши эслайман. Бу фазилати туфайли тазйиқ кўрганини ҳам эшитганман. Лекин адолатни ҳамма нарсадан устун билган, ватанпарвар одам шундай бўлади. Ана шундай одамлар ҳаёти бизга ибрат мактаби бўлмоғи лозим (Президент Ислом Каримовнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» асаридан).

07

…Самарқанддан нохуш хабар келади. Яҳё Ғуломов дарҳол қадим шаҳарга учади. Лойиҳа бўйича Тошкент — Самарқанд йўли Афросиёбнинг қоқ ўртасидан ўтиши кўзда тутилиб, бу ерда қудратли булдозерлар ишлаётган эди.

— Вайронагарчиликни тўхтатинг, — академик тракторлардан бирининг олдига кўкрак кериб чиқади…

Худди шу дақиқаларда Самарқандда катта анжуман тантаналари бошланаётган эди.

Яҳё Ғуломов фоеда республика раҳбарини тўхтатиб мурожаат қилади:

— Сиз анжуманни ўтказгунча Афросиёбдан асар ҳам қолмайди. Агар шундай бўлса, тарих сизни кечирмайди…

Биринчи ўзбек археологи, Ватанимиз тарихи, этнографиясини ўрганишга самарали ҳисса қўшган жонкуяр қомусий олим, академик Яҳё Ғуломовнинг жасорати шу эдики, ўзи яшаб турган давр мустабид тузумнинг миллий меросимизга шафқатсиз муносабатига қарши бориб, қадримиз, қадриятларимизни улуғловчи илмий изланишлар олиб борди. Унинг Хоразм воҳасида, Бухоро ва Фарғона водийсида, бутун республикамизда олиб борилган археологик тадқиқотлари ибтидоий даврдан бошлаб тарихимизни ўрганишга имкон яратадиган қимматли маълумотларни берди. Яҳё Ғуломов илм-фанимиз ривожига улкан ҳисса қўшиш билан бирга миллий кадрлар, айниқса, ўзбек археологияси учун билимли мутахассислар тайёрлашга бош-қош бўлди.

Унинг меҳнатлари мустақиллик йилларида ҳақиқий қадрини топди. Президентимиз фармони билан «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

ЎзРФА археология институтига, пойтахтимиз кўчаларидан бирига Яҳё Ғуломов номи берилган.

Булар буюк олимнинг хотирасини абадийлаштириш учун давлат миқёсида қилинган ишлар. Меҳрибон ота, севимли устоз, ҳурматли маҳалладош, қисқагина қилиб айтганда, ЯХШИ ИНСОН сифатида ҳам одамларнинг кўнглида яшаяпти бу ном.

…Эски шаҳарнинг Оқмасжид маҳалласидан Икромхўжа косибнинг ўғли Тўлқинхўжа доим ҳазил аралаш мақтаниб юради: «Уйланганимда бир эмас, икки академик келинойингизга совчи бўлиб борган». Совчи академикларнинг бири — куёвнинг амакиси Карим Аҳмедов бўлса, иккинчиси ён қўшнилари Яҳё Ғуломов эди. Тўлқинхўжа унга ҳам амаки деб мурожаат қилгани билан, худди отасидек кўрарди. Чунки илмга ҳавас уйғотган, кейин институтга ўзи етаклаб олиб бориб қўйган ҳам шу амакиси эди. Тўйига бош-қош бўлишининг сабабини кейин билди. Раҳматлик отаси буни ундан илтимос, васият қилган экан. Оддий қўшни, оддий косиб академикдан оиласига қараб туришни тортинмай сўраган. Тўлқинхўжа Икромхўжаев ҳозир фан номзоди, иқтисодиёт университети дотсенти.

Яҳё Ғуломовнинг ота уйидан алоҳида чиқиб қурган янги ҳовлиси — ҳозирги Кох ота маҳалласидаги қўшнилар ҳам бу улуғ одамнинг остонасидан киришга ийманиб турмаганлар. Улардан бири — кўп болали оиланинг фарзанди Комилжон ҳам шу хонадонга «ўч» бўлган. Ота-онаси охири «излайвериб, чақиравериб чарчадик, бола сизники» дейишган. Комилжон болаликдан турли экспедицияларда қатнашиб, олий маълумот олиб, археолог касбини танлайди. Яҳё ака ва рафиқаси Собира опалар сарпо-суруққача ўзлари қилиб, бу «ўғил»ларини ҳам уйлантириб қўйишади. Келин — Мавлудахон қайнотасини «ота», Яҳё Ғуломовни «катта ота» деб ҳурматлаган.

Яна бир қўшнилари Ксения болалар билан қийналиб қолгани, аммо уззу-кун ишлашга имкони йўқлигини айтиб келади бу хонадонга.

— Уйимизда келди-кетди кўп. Собира опангиз бир ўзи. Келинг, унга ошхона ишларида ёрдамлаша қолинг. Оилангизни моддий жиҳатдан қўллаб турамиз.

Бу таклифдан боши кўкка етган Ксения шу куниёқ Ғуломовлар хонадони ошхонасида куймана бошлайди. Кечки овқатга ширин таомлар тайёрлайди.

— Ксения қани? — дастурхон атрофига йиғилганларидан сўнг сўрайди академик.

— Ошхонада, дастурхонга таклиф қилдим, бирга ўтиришга тортинди шекилли, — гапига кўндиролмаганидан рафиқасининг ҳам хижолатлиги сезилиб турарди.

Яҳё Ғуломов дарров Ксенияни чақиртиради. Ўзини шу оиланинг бир аъзоси сифатида тутиши, жумладан, бир дастурхонда ўтириб овқатланиши шартлигини уқтиради.

Тошкентдаги акасини қора тортиб келиб, яқинларининг уни хушламай кутиб олганидан кўнгли вайрон бўлган украиналик етим қиз Аняга Ғуломовлар хонадонига боришни маслаҳат беришади. Кейинчалик Анечка юртидан синглисини ҳам чақиртиришга рухсат сўрайди. Ўсмир ёшига етиб ўзларини эплагудек бўлгандан кейингина қизлар қайтиб кетишади. Узоқ йиллар давомида Украинадан «Сизларни жуда соғиндим» деган сўзлар билан бошланувчи мактублар келиб туради.

Урганч давлат университети профессори, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Абдулла Сатлиқов хотирлайди:

— 40-йиллар охирларида аспирантурага ўқишга кирдим. Илмий раҳбарим Яҳё Ғуломов дарҳол буюмларимни меҳмонхонадан олиб келишимни буюрди. Уйида барча қулайликларга эга битта хонани ажратиб берди. Қўлимга адабиётлар рўйхатини тутқазди, шахсий кутубхонасини ҳам ихтиёримга берди. «Рафиқамни ўз келинойингиздек, қизимни туғишган синглингиздек кўраверинг, тортинманг», — дедилар меҳрибонлик билан.

Ота-онам вафот этиб, укаларимнинг ташвиши зиммамга тушган, ўзимнинг ҳам ўн фарзандим бор эди. Илмий изланишларимни ярмида ташлаб кетмоқчи ҳам бўлдим. Аммо устозим бунга йўл қўймади.

Диссертациямни ёқлаганим шарафига Яҳё Ғуломов ўз уйида зиёфат қилиб берди. Елкамга тўн ташлаб, дўппи кийдирди. Хоразмга қайтаётганимда эса болаларингга деб ширинлик, кийим-кечаклар харид қилиб беришди. Мен ҳайрону лол эдим — илм ўргатсалар, буёқда яна шунча иззат-ҳурмат…

Кейин билдимки, мен яшаган хона аспирант, шогирд ва талабалар учун махсус ажратилган, улар бу ерда ойлаб, йиллаб яшар эканлар. Камхаржроқ шогирдларига уйига бориб, бола-чақасини кўриб келиши учун пул ҳам бериб турарканлар.

Абдулла оға саксонни қоралаб қолди, 60 йилдан буён ёшларга таълим бериб келяпти, ўзининг илмий ишлари билан фанимиз ривожига ҳисса қўшди, фарзандлари ҳам ақлли, зиёли, эл эътиборидаги кишилар бўлиб етишди. Оға буларнинг ҳаммасини ўз ҳаёт йўлида учраган яхши одамлар, айниқса, Яҳё Ғуломов билан боғлайди.

Устоздаги бу одамийлик аввало у туғилиб ўсган оиладаги муҳит натижаси эди. Эҳтимол унинг ўзи ҳаётнинг оғир синовларини кўп бор бошидан кечиргани учун ҳам одамлар тақдирига бефарқ қарай олмагандир.

Унинг акаси — Қўқонда раҳбар лавозимида ишлаётган зиёли инсон Одил Ғуломов қатағон қурбони бўлди. «Халқ душмани»нинг укалари — олимлар Яҳё Ғуломов, Саидаҳмад Ғуломов ишдан, кенжа ука Саидакрам Ғуломов талабаликдан ҳайдалади.

Шахсан Сталинга хат ёзиб, уларни ишга тиклаш ҳақида жавоб келгунича, уч-тўрт йил давомида Яҳё Ғуломов ўзга ном остида илмий мақолалар ёзиб, шундан келган қалам ҳақига ўзининг, ака-укаларининг оиласини боқади…

Академик ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзган. Ушбу мақолаларни нафақат илмий доиралар… жиянлар ҳам орзиқиб кутишарди.

Қайин укасининг аёли вафот этиб, уч қизнинг кўнгли кемтик бўлиб қолди. Академик бу қизларга бутун меҳрини берди. Қалам ҳақини ана шу қизлар навбатма-навбат олишарди. Ҳаётда ўз ўринларини топган ўша қизлар, бугунги онахонлар, дуоларида уни тилдан қўймайдилар.

— Поччамиз етимларнинг бошини силаганлар, — шу гапни айтар экан Васила она ўзини йиғидан тўхтата олмайди. Етимлик кунлари, кўрган яхшиликларини бир-бир эслайди.

Кўнглингизда беихтиёр шундай банд олим, арбоб савоб ишлар учун қандай вақт топган экан деган савол уйғонади.

Зеро, умрини Ватан тарихини ўрганиш, археологияни ривожлантиришга бахш этган етук олим худди шу тарихни асраш йўлида фидойилик кўрсатган, кимлардир билан курашишига, қаттиқ зарбаларга учрашига тўғри келган.

Афросиёб воқеаси масжид, мадрасалар, қадимий қалъалар омборхоналарга айлантирилган, бебаҳо миллий ёдгорликлар вайрон қилинган яқин ўтмишдаги одатий манзаралардан бири эди.

Ўшанда Афросиёбдаги ишларни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилади. Кейинчалик, лойиҳага ўзгартиш киритилиб, йўл қадимий обидани айланиб ўтади.

Агар тили бўлса, яна ўнлаб обидалар ўзларини асраб қолишда жонкуярлик қилгани учун Яҳё Ғуломовга ҳамду сано ўқирди. Худди катта-кичик давраларда қариндошлар, маҳалладошлар, шогирдлар одамий одам — Яҳё Ғуломовнинг хислатларини меҳр билан хотирлагани каби.

— Отамнинг асосий умри экспедицияларда ўтган бўлса ҳам, меҳрларидан бенасиб ўсмаганмиз, — ҳикоя қилади олимнинг қизи, тиббиёт фанлари номзоди Сакина Ғуломова. — Эсимда, бир сафар бетоб бўлиб, қаттиқ иситмадан кейин кўзимни очиб, отамнинг бошимда йиғлаб ўтирганини кўрганман. Отам бизга атрофдагиларга меҳр кўзи билан қарашни ўргатган. Ўзининг қалбидаги меҳрнинг эса чеки-чегараси йўқ эди, ҳаммага етарди бу меҳр. Айниқса, қариндошчилик ришталарини ҳурмат қилар, бу муносабатларнинг мустаҳкамланиши учун шароит яратиб юрарди.

— Бобом ўрнатиб кетган анъаналар ҳозир ҳам оиламизда давом этяпти. Улар кичкина болани ҳам сизлаб гапирар, байрамларда кексалар ҳолидан бир-бир хабар олар, янги йил арафаси ва ҳайит кунлари яқинларимиз оиласидаги ҳар бир бола учун ўз қўллари билан алоҳида совға тайёрлаб, қутичаларга солиб, тарқатиб чиқардилар, — эслайди набираси, иқтисод фанлари номзоди, Олий ҳарбий божхона институти раҳбарининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Саидодил Ғуломов.

Болалигимда бобом айтган эртакларни эшитмасдан ухламасдим. Бу эртакларда доим яхшилик ёмонлик устидан ғалаба қозонарди. Бобомнинг овозлари, эртак қаҳрамонлари юрагимга ўчмас бўлиб ёзилиб қолган.

— Ўзим ҳам набираларимга эртак айтишга уриниб кўрдим, — дейди кулиб у. — Аммо, улар менинг эртагимдан кўра компютер ўйинларини афзал кўришади. Балким, мен яхши эртакчи эмасдирман.

— Биз маҳалламизда улғаяётган фарзандларимизга Яҳё Ғуломов цингари улуғ инсонларнинг ҳаёт йўлини ўрнак қилиб кўрсатамиз. Бу одамнинг камтарлиги, фидойилиги, қўни-қўшнига бўлган самимий муносабатини барчамиз ўрганишимиз керак, — дейди Кох ота маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Мирзааҳмедов.

Яҳё Ғуломовнинг яккаю-ёлғиз қизи Сакина опа ҳозир пенсияда, набиралар тарбияси билан банд.

У ҳеч қачон ўзини ёлғиз ҳис этмаганини таъкидлайди. Отасидан меҳр кўрган одамларнинг бири уни опа деса, бири синглим дейди.

Отасини сўнгги манзилга кузатишаётганда эса, ўнлаб шогирдлар тўн кийиб, кўча бошидан «отам»лаб йиғлаб келдилар…

…Бир улуғ инсоннинг эзгу амаллари ҳақида батафсил ҳикоя қилишнинг уддасидан чиқолмадик, бу амалларнинг чеки, чегараси йўқ…

Бу инсоннинг ҳаёт йўлига бир назар солиб эзгуликка улгуриш учун хоҳиш кўп бўлиши керакми, вақтми, деган савол ҳам тўғри эмаслигини англадик. Энг аввало, меҳр тўла юрак бўлиши керак экан одамда.

Келинг, ўзимиз ҳақимизда ўзимизга савол бериб, унинг жавобини излайлик.

Киммиз — вазирми, олимми, ҳунармандми, тижоратчими?

Ўзимиздан ортиб, беминнат, беғараз, ҳатто, «савоб иш қиляпман, Аллоҳим бунинг ажрини беради» деган ўйни ҳам бир чеккага суриб, кимнингдир бошини силаб, меҳр кўргиздикми?

Кимдандир одамийлик илмини ўргандикми?

Атрофингизга боқинг — Сиз суянадиган одамлар кўп. Имконингиз бўлса, аввало бошқаларни Сиз суянг…

08
006
ODAMIYLIK ILMI
Sharofat YO’LDOSHEVA,
«O’zbekiston ovozi» muxbiri
07

..Men akademik Yahyo G‘ulomovni yaxshi bilardim. U mustaqil fikrga ega bo‘lgan, kerak bo‘lsa, eng yuqori lavozim egasiga yoqmaydigan to‘g‘ri gapni dadil ayta oladigan olim edi. Tarixchilar yaxshi biladilar, odatda tepaliklar qa’rida tarixiy obidalar, butun bir shahar yastangan bo‘ladi. Sho‘ro davrida faqat tomlardagina paxta ekilmay qolgan bir paytda ana shunday tarixiy tepaliklarni ham tekislab paxta dalasiga aylantirish siyosati avj olganda bunga qarshi chiqqan olim Yahyo G‘ulomov bo‘lganini men yaxshi eslayman. Bu fazilati tufayli tazyiq ko‘rganini ham eshitganman. Lekin adolatni hamma narsadan ustun bilgan, vatanparvar odam shunday bo‘ladi. Ana shunday odamlar hayoti bizga ibrat maktabi bo‘lmog‘i lozim (Prezident Islom Karimovning «Tarixiy xotirasiz kelajak yo‘q» asaridan).

07

…Samarqanddan noxush xabar keladi. Yahyo G‘ulomov darhol qadim shaharga uchadi. Loyiha bo‘yicha Toshkent — Samarqand yo‘li Afrosiyobning qoq o‘rtasidan o‘tishi ko‘zda tutilib, bu yerda qudratli buldozerlar ishlayotgan edi.

— Vayronagarchilikni to‘xtating, — akademik traktorlardan birining oldiga ko‘krak kerib chiqadi…

Xuddi shu daqiqalarda Samarqandda katta anjuman tantanalari boshlanayotgan edi.

Yahyo G‘ulomov foyeda respublika rahbarini to‘xtatib murojaat qiladi:

— Siz anjumanni o‘tkazguncha Afrosiyobdan asar ham qolmaydi. Agar shunday bo‘lsa, tarix sizni kechirmaydi…

Birinchi o‘zbek arxeologi, Vatanimiz tarixi, etnografiyasini o‘rganishga samarali hissa qo‘shgan jonkuyar qomusiy olim, akademik Yahyo G‘ulomovning jasorati shu ediki, o‘zi yashab turgan davr mustabid tuzumning milliy merosimizga shafqatsiz munosabatiga qarshi borib, qadrimiz, qadriyatlarimizni ulug‘lovchi ilmiy izlanishlar olib bordi. Uning Xorazm vohasida, Buxoro va Farg‘ona vodiysida, butun respublikamizda olib borilgan arxeologik tadqiqotlari ibtidoiy davrdan boshlab tariximizni o‘rganishga imkon yaratadigan qimmatli ma’lumotlarni berdi. Yahyo G‘ulomov ilm-fanimiz rivojiga ulkan hissa qo‘shish bilan birga milliy kadrlar, ayniqsa, o‘zbek arxeologiyasi uchun bilimli mutaxassislar tayyorlashga bosh-qosh bo‘ldi.

Uning mehnatlari mustaqillik yillarida haqiqiy qadrini topdi. Prezidentimiz farmoni bilan «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan taqdirlandi.

O‘zRFA arxeologiya institutiga, poytaxtimiz ko‘chalaridan biriga Yahyo G‘ulomov nomi berilgan.

Bular buyuk olimning xotirasini abadiylashtirish uchun davlat miqyosida qilingan ishlar. Mehribon ota, sevimli ustoz, hurmatli mahalladosh, qisqagina qilib aytganda, YaXShI INSON sifatida ham odamlarning ko‘nglida yashayapti bu nom.

…Eski shaharning Oqmasjid mahallasidan Ikromxo‘ja kosibning o‘g‘li To‘lqinxo‘ja doim hazil aralash maqtanib yuradi: «Uylanganimda bir emas, ikki akademik kelinoyingizga sovchi bo‘lib borgan». Sovchi akademiklarning biri — kuyovning amakisi Karim Ahmedov bo‘lsa, ikkinchisi yon qo‘shnilari Yahyo G‘ulomov edi. To‘lqinxo‘ja unga ham amaki deb murojaat qilgani bilan, xuddi otasidek ko‘rardi. Chunki ilmga havas uyg‘otgan, keyin institutga o‘zi yetaklab olib borib qo‘ygan ham shu amakisi edi. To‘yiga bosh-qosh bo‘lishining sababini keyin bildi. Rahmatlik otasi buni undan iltimos, vasiyat qilgan ekan. Oddiy qo‘shni, oddiy kosib akademikdan oilasiga qarab turishni tortinmay so‘ragan. To‘lqinxo‘ja Ikromxo‘jayev hozir fan nomzodi, iqtisodiyot universiteti dotsenti.

Yahyo G‘ulomovning ota uyidan alohida chiqib qurgan yangi hovlisi — hozirgi Kox ota mahallasidagi qo‘shnilar ham bu ulug‘ odamning ostonasidan kirishga iymanib turmaganlar. Ulardan biri — ko‘p bolali oilaning farzandi Komiljon ham shu xonadonga «o‘ch» bo‘lgan. Ota-onasi oxiri «izlayverib, chaqiraverib charchadik, bola sizniki» deyishgan. Komiljon bolalikdan turli ekspeditsiyalarda qatnashib, oliy ma’lumot olib, arxeolog kasbini tanlaydi. Yahyo aka va rafiqasi Sobira opalar sarpo-suruqqacha o‘zlari qilib, bu «o‘g‘il»larini ham uylantirib qo‘yishadi. Kelin — Mavludaxon qaynotasini «ota», Yahyo G‘ulomovni «katta ota» deb hurmatlagan.

Yana bir qo‘shnilari Kseniya bolalar bilan qiynalib qolgani, ammo uzzu-kun ishlashga imkoni yo‘qligini aytib keladi bu xonadonga.

— Uyimizda keldi-ketdi ko‘p. Sobira opangiz bir o‘zi. Keling, unga oshxona ishlarida yordamlasha qoling. Oilangizni moddiy jihatdan qo‘llab turamiz.

Bu taklifdan boshi ko‘kka yetgan Kseniya shu kuniyoq G‘ulomovlar xonadoni oshxonasida kuymana boshlaydi. Kechki ovqatga shirin taomlar tayyorlaydi.

— Kseniya qani? — dasturxon atrofiga yig‘ilganlaridan so‘ng so‘raydi akademik.

— Oshxonada, dasturxonga taklif qildim, birga o‘tirishga tortindi shekilli, — gapiga ko‘ndirolmaganidan rafiqasining ham xijolatligi sezilib turardi.

Yahyo G‘ulomov darrov Kseniyani chaqirtiradi. O‘zini shu oilaning bir a’zosi sifatida tutishi, jumladan, bir dasturxonda o‘tirib ovqatlanishi shartligini uqtiradi.

Toshkentdagi akasini qora tortib kelib, yaqinlarining uni xushlamay kutib olganidan ko‘ngli vayron bo‘lgan ukrainalik yetim qiz Anyaga G‘ulomovlar xonadoniga borishni maslahat berishadi. Keyinchalik Anechka yurtidan singlisini ham chaqirtirishga ruxsat so‘raydi. O‘smir yoshiga yetib o‘zlarini eplagudek bo‘lgandan keyingina qizlar qaytib ketishadi. Uzoq yillar davomida Ukrainadan «Sizlarni juda sog‘indim» degan so‘zlar bilan boshlanuvchi maktublar kelib turadi.

Urganch davlat universiteti professori, «Fidokorona xizmatlari uchun» ordeni sohibi, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan yoshlar murabbiyi Abdulla Satliqov xotirlaydi:

— 40-yillar oxirlarida aspiranturaga o‘qishga kirdim. Ilmiy rahbarim Yahyo G‘ulomov darhol buyumlarimni mehmonxonadan olib kelishimni buyurdi. Uyida barcha qulayliklarga ega bitta xonani ajratib berdi. Qo‘limga adabiyotlar ro‘yxatini tutqazdi, shaxsiy kutubxonasini ham ixtiyorimga berdi. «Rafiqamni o‘z kelinoyingizdek, qizimni tug‘ishgan singlingizdek ko‘ravering, tortinmang», — dedilar mehribonlik bilan.

Ota-onam vafot etib, ukalarimning tashvishi zimmamga tushgan, o‘zimning ham o‘n farzandim bor edi. Ilmiy izlanishlarimni yarmida tashlab ketmoqchi ham bo‘ldim. Ammo ustozim bunga yo‘l qo‘ymadi.

Dissertatsiyamni yoqlaganim sharafiga Yahyo G‘ulomov o‘z uyida ziyofat qilib berdi. Yelkamga to‘n tashlab, do‘ppi kiydirdi. Xorazmga qaytayotganimda esa bolalaringga deb shirinlik, kiyim-kechaklar xarid qilib berishdi. Men hayronu lol edim — ilm o‘rgatsalar, buyoqda yana shuncha izzat-hurmat…

Keyin bildimki, men yashagan xona aspirant, shogird va talabalar uchun maxsus ajratilgan, ular bu yerda oylab, yillab yashar ekanlar. Kamxarjroq shogirdlariga uyiga borib, bola-chaqasini ko‘rib kelishi uchun pul ham berib turarkanlar.

Abdulla og‘a saksonni qoralab qoldi, 60 yildan buyon yoshlarga ta’lim berib kelyapti, o‘zining ilmiy ishlari bilan fanimiz rivojiga hissa qo‘shdi, farzandlari ham aqlli, ziyoli, el e’tiboridagi kishilar bo‘lib yetishdi. Og‘a bularning hammasini o‘z hayot yo‘lida uchragan yaxshi odamlar, ayniqsa, Yahyo G‘ulomov bilan bog‘laydi.

Ustozdagi bu odamiylik avvalo u tug‘ilib o‘sgan oiladagi muhit natijasi edi. Ehtimol uning o‘zi hayotning og‘ir sinovlarini ko‘p bor boshidan kechirgani uchun ham odamlar taqdiriga befarq qaray olmagandir.

Uning akasi — Qo‘qonda rahbar lavozimida ishlayotgan ziyoli inson Odil G‘ulomov qatag‘on qurboni bo‘ldi. «Xalq dushmani»ning ukalari — olimlar Yahyo G‘ulomov, Saidahmad G‘ulomov ishdan, kenja uka Saidakram G‘ulomov talabalikdan haydaladi.

Shaxsan Stalinga xat yozib, ularni ishga tiklash haqida javob kelgunicha, uch-to‘rt yil davomida Yahyo G‘ulomov o‘zga nom ostida ilmiy maqolalar yozib, shundan kelgan qalam haqiga o‘zining, aka-ukalarining oilasini boqadi…

Akademik o‘z umri davomida yuzlab maqolalar yozgan. Ushbu maqolalarni nafaqat ilmiy doiralar… jiyanlar ham orziqib kutishardi.

Qayin ukasining ayoli vafot etib, uch qizning ko‘ngli kemtik bo‘lib qoldi. Akademik bu qizlarga butun mehrini berdi. Qalam haqini ana shu qizlar navbatma-navbat olishardi. Hayotda o‘z o‘rinlarini topgan o‘sha qizlar, bugungi onaxonlar, duolarida uni tildan qo‘ymaydilar.

— Pochchamiz yetimlarning boshini silaganlar, — shu gapni aytar ekan Vasila ona o‘zini yig‘idan to‘xtata olmaydi. Yetimlik kunlari, ko‘rgan yaxshiliklarini bir-bir eslaydi.

Ko‘nglingizda beixtiyor shunday band olim, arbob savob ishlar uchun qanday vaqt topgan ekan degan savol uyg‘onadi.

Zero, umrini Vatan tarixini o‘rganish, arxeologiyani rivojlantirishga baxsh etgan yetuk olim xuddi shu tarixni asrash yo‘lida fidoyilik ko‘rsatgan, kimlardir bilan kurashishiga, qattiq zarbalarga uchrashiga to‘g‘ri kelgan.

Afrosiyob voqeasi masjid, madrasalar, qadimiy qal’alar omborxonalarga aylantirilgan, bebaho milliy yodgorliklar vayron qilingan yaqin o‘tmishdagi odatiy manzaralardan biri edi.

O‘shanda Afrosiyobdagi ishlarni to‘xtatish haqida ko‘rsatma beriladi. Keyinchalik, loyihaga o‘zgartish kiritilib, yo‘l qadimiy obidani aylanib o‘tadi.

Agar tili bo‘lsa, yana o‘nlab obidalar o‘zlarini asrab qolishda jonkuyarlik qilgani uchun Yahyo G‘ulomovga hamdu sano o‘qirdi. Xuddi katta-kichik davralarda qarindoshlar, mahalladoshlar, shogirdlar odamiy odam — Yahyo G‘ulomovning xislatlarini mehr bilan xotirlagani kabi.

— Otamning asosiy umri ekspeditsiyalarda o‘tgan bo‘lsa ham, mehrlaridan benasib o‘smaganmiz, — hikoya qiladi olimning qizi, tibbiyot fanlari nomzodi Sakina G‘ulomova. — Esimda, bir safar betob bo‘lib, qattiq isitmadan keyin ko‘zimni ochib, otamning boshimda yig‘lab o‘tirganini ko‘rganman. Otam bizga atrofdagilarga mehr ko‘zi bilan qarashni o‘rgatgan. O‘zining qalbidagi mehrning esa cheki-chegarasi yo‘q edi, hammaga yetardi bu mehr. Ayniqsa, qarindoshchilik rishtalarini hurmat qilar, bu munosabatlarning mustahkamlanishi uchun sharoit yaratib yurardi.

— Bobom o‘rnatib ketgan an’analar hozir ham oilamizda davom etyapti. Ular kichkina bolani ham sizlab gapirar, bayramlarda keksalar holidan bir-bir xabar olar, yangi yil arafasi va hayit kunlari yaqinlarimiz oilasidagi har bir bola uchun o‘z qo‘llari bilan alohida sovg‘a tayyorlab, qutichalarga solib, tarqatib chiqardilar, — eslaydi nabirasi, iqtisod fanlari nomzodi, Oliy harbiy bojxona instituti rahbarining ilmiy ishlar bo‘yicha o‘rinbosari, podpolkovnik Saidodil G‘ulomov.

Bolaligimda bobom aytgan ertaklarni eshitmasdan uxlamasdim. Bu ertaklarda doim yaxshilik yomonlik ustidan g‘alaba qozonardi. Bobomning ovozlari, ertak qahramonlari yuragimga o‘chmas bo‘lib yozilib qolgan.

— O‘zim ham nabiralarimga ertak aytishga urinib ko‘rdim, — deydi kulib u. — Ammo, ular mening ertagimdan ko‘ra kompyuter o‘yinlarini afzal ko‘rishadi. Balkim, men yaxshi ertakchi emasdirman.

— Biz mahallamizda ulg‘ayayotgan farzandlarimizga Yahyo G‘ulomov singari ulug‘ insonlarning hayot yo‘lini o‘rnak qilib ko‘rsatamiz. Bu odamning kamtarligi, fidoyiligi, qo‘ni-qo‘shniga bo‘lgan samimiy munosabatini barchamiz o‘rganishimiz kerak, — deydi Kox ota mahalla fuqarolar yig‘ini raisi Bahodir Mirzaahmedov.

Yahyo G‘ulomovning yakkayu-yolg‘iz qizi Sakina opa hozir pensiyada, nabiralar tarbiyasi bilan band.

U hech qachon o‘zini yolg‘iz his etmaganini ta’kidlaydi. Otasidan mehr ko‘rgan odamlarning biri uni opa desa, biri singlim deydi.

Otasini so‘nggi manzilga kuzatishayotganda esa, o‘nlab shogirdlar to‘n kiyib, ko‘cha boshidan «otam»lab yig‘lab keldilar…

…Bir ulug‘ insonning ezgu amallari haqida batafsil hikoya qilishning uddasidan chiqolmadik, bu amallarning cheki, chegarasi yo‘q…

Bu insonning hayot yo‘liga bir nazar solib ezgulikka ulgurish uchun xohish ko‘p bo‘lishi kerakmi, vaqtmi, degan savol ham to‘g‘ri emasligini angladik. Eng avvalo, mehr to‘la yurak bo‘lishi kerak ekan odamda.

Keling, o‘zimiz haqimizda o‘zimizga savol berib, uning javobini izlaylik.

Kimmiz — vazirmi, olimmi, hunarmandmi, tijoratchimi?

O‘zimizdan ortib, beminnat, beg‘araz, hatto, «savob ish qilyapman, Allohim buning ajrini beradi» degan o‘yni ham bir chekkaga surib, kimningdir boshini silab, mehr ko‘rgizdikmi?

Kimdandir odamiylik ilmini o‘rgandikmi?

Atrofingizga boqing — Siz suyanadigan odamlar ko‘p. Imkoningiz bo‘lsa, avvalo boshqalarni Siz suyang…

07

(Tashriflar: umumiy 680, bugungi 1)

Izoh qoldiring