Abdulla Oripov. Yangi she’rlar (Aprel, 2015)

02

  Устоз Абдулла Ориповнинг сўнгги йилларда ҳам дард,  ҳам шавқ билан ижод қилаётгани ҳар бир ўзбек шеърияти ихлосмандини қувонтириши табиий. Бугун ҳам атоқли ва ардоқли шоирнинг апрель ойида ёзган шеърларини сизга тақдим этамиз ва шижоатли қалам соҳибига Яратгандан узоқ умр тилаб қоламиз.

08
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
АПРЕЛЬ ШЕЪРЛАРИ
098

ИНСОН ҒУРУРИ

Йигитнинг уйида тинчи йўқ зарра,
Сен эса ўқийсан унга йўл-йўриқ.
Файласуф, миянгни ишлат бир карра,
Уни тергамоққа асло ҳаққинг йўқ.

Темир қоидангга риоя айлаб,
Сенга ҳам берайин майли бир савол:
– Нега уйғонмадинг тонггача ухлаб,
Нега овқат ейсан ўзинг бемалол?

Ким инсон қалбига кирса берухсат,
Ҳаттоки, ҳайвондан ваҳшийроқ эрур.
Шу ҳолда туғилиш зулмдир, албат,
Туғилмаслик ундан яхшироқ эрур.

30.04.2015

ШОШИЛ, ҚУЁШ

Шошил қуёш, ўзингни кўрсат,
Нуринг билан ўраб ол теграм.
Худо билар, ўтмай сал фурсат,
Тополмассан кўланкамни ҳам.
Шамол шошил, шошилгин ёмғир,
Тезроқ қуршанг елкам, бошимни.
Бирдан ғойиб бўлурман, ахир,
Учратмассиз ҳатто лошимни.
Вақт чопмоқда билмасдан тиним,
Дўстим, етар, анқайма, очил.
Имиллама сен ҳам ғанимим,
Ёмонлигинг қилишга шошил.

29.04.2015й.

ЯНГИ ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Ёмон аёл деган бир ибора бор,
Ҳеч кимга тегмасин бу тамға зинҳор.
У аввал эрининг бошини ейди,
Сўнгра болаларга ўтади, маккор.

* * *

Айланар тегирмон тоши саросар,
Бошим ўртадаги донга баробар.
Менга ҳавас қилма, турмуш зулми бу,
Метин ҳам чидамас унга, биродар.

* * *

Кўрдим, ғолиб экан мудом ёлғонлар,
Турмуш жиловини қўлга олганлар.
Марҳумлар гапирмас, лекин номидан –
Сайраб юрар экан тирик қолганлар.

26.04.2015

АНКЕТА

– Бобонг қачон ўлган?
– Ўтган асрда.
– Қаерда яшаган?
– Улкан қасрда.
– Касал бўлганми у,
Айтгин, не қилган?
– Каптарвоз эканлар,
Томдан йиқилган.
– Анкетада чиққан
Жавобга кўра,
Қариндош эканмиз,
Қўлни бер, жўра.

25.04.2015

ОГОҲЛИК

Қора кунлар келди кўҳна диёрга,
Устоз йиғлай-йиғлай айлади хитоб:
– Майли сувга оқсин, сингсин деворга,
Нодоннинг қўлига тушмасин китоб.
Енгди маърифатни манфур жаҳолат,
Ўзбекда қатағон даври бошланди.
Қодирий мухлиси қилинди ғорат,
Чўлпонни ўқиган отиб ташланди.
Йиллар ўтиб кетди, озодмиз шукур,
Лекин сен огоҳ бўл, маърифатли жон.
Ҳали тирик юрар каламуш қурғур,
Кўзлари йилтиллаб турибди сичқон.

25.04.2015

ОИЛА ЯНГИЛИКЛАРИ

Бола ўқиб қайтди хориждан бир кун,
Касби кор орттирди – дипломли меъмор!
Уйда байрам бўлди момоси учун,
– Болам, тандир қургин, ўтирма бекор.
Биттаси инжинер бўлиб қайтди-ку,
Темир-терсакларга бағишлармиш жон.
Тоға ўғил бола гапни айтди-ку:
– Эски аравам бор, тузат жиянжон.
Катта дўхтир бўлди кенжатойи ҳам,
Бобо дер: – Ғурурга энди тўлайлик.
Бироз ҳашакидир дардимиз болам,
Сенга муносиброқ касал бўлайлик.

25.04.2015

ТОҒ БОЛАСИ

Юксак тоғлар ичра қора кўз бола
Яшарди ҳур, озод, кўрмай ғам, нола.
У фақат борлиқдан андоза олган,
Жами жонзотларга дўст бўлиб қолган.
Балки одамларни англамас, аммо
Табиат феълини биларди аъло.
Биларди арслоннинг буюклигини,
Оҳунинг нозик ва суюклигини.
Гўё сўрагандек меҳр ва нажот
Ундан қочмас эди сира ҳайвонот.
Бир куни қўшнилар чиқдилар йўлга,
Қўноқ бўлмоқ учун пастга – овулга.
Ҳар нечук, бу ерда бошқароқ олам,
Ола кетишдилар болакайни ҳам.
Бироқ кўникмади бола ҳеч элга,
Тушуниб-тушунмай ҳаттоки тилга.
Унинг ғалатлигин пайқаб қолишди,
Одамлар бир зумда ўраб олишди.
Дедилар: “Эпчилсан бўридай гўё”,
Бола тушунмади бу гапни асло.
Сўнгра кўрсатдилар бўри суратин,
Бола яширолмай қолди ҳайратин:
Бўридай увлади, сакради қувнаб,
Бўри боласидек ағанаб, ўйнаб.
Айиқ суратини кўрсатишди сўнг,
Ўрмонлар отаси паҳлавон ва чўнг.
Болакай айиқни таниди дарҳол,
Машқ қила бошлади лапанглаб, хушҳол.
Ғоят бахтли эди шу лаҳза, шу он
Кўчиб келган каби ёнига ўрмон.
Ва лекин ўртага чиқди бир одам,
Тоғлик бола томон ташлади қадам.
Гўё олмоқчидай эски қасдини,
Болага узатди тулки расмини.
Дафъатан оҳ чекди тоғнинг боласи,
Атрофни титратди дардли ноласи.
Оломон тарафга шиддат-ла боқди,
Ғазабнок сўзларни айтиб тутоқди:
– Мен тулки эмасман, тулки эмасман,
Тулки деганларни одам демасман.
Сўнг кетди тоғ томон лаънатлар айта,
Ҳеч кимса кўрмади болани қайта.
Дейдилар, увласа бўрилар ногоҳ,
Бола овози ҳам келармиш гоҳ-гоҳ.

24.04.2015

ЛЎТТИБОЗ

Виждонли одамлар ортгани сайин,
Лўттибоз сони ҳам кўпайиб борар.
Текинхўр аталур бу қавм тайин,
Ажабки, кўп ишни шулар бошқарар.
Виждоннинг бошига чиққани кўйи,
Ўзини менгзайди тенги йўқ довга.
Жинжакча келмайди ўзининг бўйи,
Ёқса, тутантириқ бўлмас оловга.

19.04.15

ТАЪМА

Мен қайси домлага эргашай, ҳайҳот,
Ишончим топтаса таъмагир ҳаёт.
Дуо қилганман, деб бир йил муқаддам,
Ҳақин сўраб келди бугун ўша зот.

21.04.2015

КИБР

Мен борман – дунё бор, мен йўқ – дунё йўқ,
Фақат бугунни бил, фақат бугунни.
Бисотинг мавжудми – кўнглинг бўлсин тўқ,
Эслама, охират деган у кунни.
Турли афсоналар тўқийди одам,
Севги бу – қушда ҳам учрайдиган нафс.
Бордир ўз эгаси эрта куннинг ҳам,
Менга келажакдан ўқийверма дарс.
Инсоф нодонларга эрур муносиб,
Сен-чи, фақатгина ўз-ўзингни бил.
Ҳатто авлиёлар ҳокини босиб,
Мақсадга интилгил, мақсадга интил.
Уч-тўрт хаёлпараст букканича қад
Тушининг таъбирин топгунича то,
Сизнинг фикрингизча, яъни мен – муртад
Эгаллаб оламан дунёни ҳатто.
Нега тингламайсан кибрнинг сўзин?
Олижаноб эдинг, аҳволинг тангми?
Асрлардан буён буткул ер юзин,
Бошқарган менми ё камтар отангми?

21.04.2015

ТУҒИЛИШ

Юришни ўрганди болакай сал-пал,
Орқада кузатар ота ва она.
Оҳ, ушбу кўриниш нақадар гўзал,
Минглаб оилага орзу — ягона.
Суринмай улғайсин майли болакай,
Умр фаслларин гаштини сурсин.
Лекин, пайти келгач ким бўлар, ҳай-ҳай,
Ҳаёт елканини у қайга бурсин.
Бир чўқиб атрофга ўн бор қараса,
Ҳар кимнинг юзига боқса жовдираб.
Кошкийди шу ҳолда корга яраса,
Суянчиғи йўқ-ку тургувчи қараб.
Бировдан берухсат ҳатто кулмаган,
Билмас, муроди не — обрўми, пулдир.
Унда мустақиллик ўзи бўлмаган,
Унда у мутедир, энди у қулдир.
Йўлин қора мушук кесиб ўтган дам,
Дод! — дея йигитлик оридан тонса.
Ёмон туш кўрганда улуғ ёшда ҳам,
Эна, энажон! — деб йиғлаб уйғонса.
Мен бундай касларни топмадим ўйлаб,
Шеърни ҳам ёзмадим асло атайин.
Қофия устида етмиш йил ўйнаб,
Бир жиддий гапни ҳам энди айтайин.
Бу қавмнинг қимати йўқдир мутлақо,
Лекин омад доим уларга ўртоқ.
Пастда муносиблар қолиб, ажабо,
Тўрга ўтиб олар ўшалар кўпроқ.
Кўзимиз қораси азиз зурёдлар,
Ҳаттоки тантиқдир, ғоятда суюк.
Оҳ, қайдан келаркан фидойи зотлар,
Қайдан туғиларкан ботирлар буюк.
Магар бўлганда ҳам қиёмат қойим,
Дегайман, етгунча сўнгги нафасим.
Комил инсонларни қўмсарман доим,
Улуғ сиймоларга келгай ҳавасим.

18.04.02015

ИККИ ХУШОМАДГЎЙ

Икки хушомадгўй учрашди бир кун,
Очиғи, тажриба алмашмоқ учун.
Шундоқ бошлаб қолди гапни ҳаваскор:
– Менинг қалбим тўла ғурур, ифтихор.
Охири меники бўлди хўжайин,
Ишларим юришиб кетмоғи тайин.
У кун ўзларини яладим анча,
Товонидан тортиб тиззасигача.
Гал келди иккинчи хушомадгўйга,
Гапин бошлади у, толганча ўйга:
– Ҳозирги касбдошлар ўзгарган буткул,
Камтарликни билмас, мақтанар нуқул.
Мана биз донгдормиз, танийди ҳар ким,
Лекин ўтирибмиз, гердаймасдан жим.
Айтсам ишонмайсан, эҳ содда укам,
Ялаганмиз ундан юқорисин ҳам.

18.04.2015

ТУТАШ ДУНЁЛАР

Марҳум жўраларим,
Эслайман сизни,
Энди айлангансиз тушга, рўёга.
Бирма-бир кетдингиз тарк этиб бизни,
Бошқа ўлчовдаги бошқа дунёга.
Балки ўзга эрур унда тизим ҳам,
Хаёлга эрк бериб, тахмин қиламан.
Қанчалик рангбаранг бўлмасин олам,
Руҳингиз ўшадир, буни биламан.
Сирли хилқатингиз ўзингизга хос,
Албатта фарқлидир одат-тарзингиз.
Ҳеч кимда бойлик йўқ, ҳеч кимда либос,
Демакки, ҳеч кимдан йўқдир қарзингиз.
Сизни кўргим келар, соғинаман гоҳ,
Ўтса томошалар, байрам, кўриклар.
Чеҳрангиз намоён бўлар баногоҳ,
Менинг яккалашса манов тириклар.
Майли турсангиз ҳам чексиз йироқда,
Оромда ётгайсиз, мудом кўнгил тўқ.
Уруш бегонадир, ҳатто у ёқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти йўқ.
Жами эзгуликни қутлайсиз бешак,
Ажратмай Шимолу Жануб ёқларни.
Мажлис ҳам қилмассиз, билмассиз демак
Коридорда юрган мақтанчоқларни.
Содиқ фариштангиз поспондир, илло
Хонангиз – коинот мудом саришта.
Ерда рўзғор қилса бир кун мабодо,
Ақлдан озарди ўша фаришта.
Эслайман сизларни шу дам Шукуржон,
Дўстим Убайдуллоҳ, азизим Ўткур.
Дуолар қиламан, мақтайман чунон,
Илоҳо, руҳингиз бўлсин тинч, масрур.
Лекин куйингайман дўст деб барибир,
Ахир тириклик ҳам ҳикмат-ку азал.
Сизни эслаганда эсланар қадр,
Бу – ноқис дунёда ибрат ҳар маҳал!
Сира унут бўлмас суронли ҳаёт,
Кураш ва ғалаба, турфа хил ҳислар.
Сизни тушимизда кўргаймиз бот-бот,
Балки сизнинг тушга киргай мажлислар.

17.04.2015

ИРИМ

Талош палласи деб шеър ёздим у вақт,
Оқшомнинг бу сири гарчанд ноаён.
Иримга биноан айнан ўша пайт,
Ҳатто урушлар ҳам тўхтаган бир он.
Шеърда истагимни айтмабман, эркам,
Ишонгум, ишорат сенга кифоя.
Дейман, қовоғингни очиб юр сен ҳам,
Токи иримларга қилгин риоя.

15.04.2015

КАССЕТА

Набирам кассета қўяр гоҳида,
Узоқдан келади ўктам бир нафас.
Ер-осмон ёнгудек унинг оҳида,
Муҳаббат аталмиш ҳеч ўлмас бу сас.
Баланд қил, кўкларга ўрласин нолам,
Бу менинг навқирон чоғим-ку, болам.
Тағин овоз келар йироқ-йироқдан,
Ватан деб, элим деб тортилган наъра.
Ҳануз нур оламан ўша чироқдан,
Сен ҳам шу Ватаннинг корига яра.
Қоғоз жанггоҳ эди, туғим-чи – қалам,
Бу менинг улғайган йилларим, болам.
Турфа садоларни тургайман тинглаб,
Мана бу суҳбатим, мана бу – достон.
Бари муҳрланиб қолмишдир, ажаб,
Бирида маъюсман, бирида шодон.
Барибир яшадим шуҳратга ҳамдам,
Бу менинг етуклик давримдир, болам.
Охир эшитилар паришон овоз,
Сўзин англаб бўлмас, бари аралаш.
Ҳар шеър ўқилганда шилдирар қоғоз,
Ўрнимдан қалқаман, кўнглим бўлар ғаш.
Бас қил, юрагимни эзмасин алам,
Бу менинг кексалик пайтим-ку, болам.

14.04.2015

ШОИР ҚИСМАТИ

Сизга ачинаман, шоир Ҳамзахон,
Бу гапни айтмадим асло жўрттага.
Қайси жин урганди сизни у замон,
– Шўро! – деб чиқдингиз бирдан ўртага.
Тузум маккор эди, тузум ҳийлагар,
Алдамчи эди у, қабиҳ, кўнгли кир.
Тошбўрондан тирик қолсангиз ҳам гар,
Отиб ташлардилар сизни барибир.
Улар ясадилар сиздан бир ялов,
Оёқ остингизда чоҳни ҳам қазиб.
Сизга етмасмиди қалбдаги олов,
Юрмасми эдингиз шеърингиз ёзиб.
Ватаннинг ёви-ку босқинчи ахир,
Сарт сўзин эшитса ғазабга тўлган.
Иймонсиз кимсалар худосиз – кофир,
Миллатни ерларга урмоқчи бўлган.
Сиз-чи, васф этдингиз уларни беҳад,
Замон шоири деб чиқди номингиз.
Сизни ўраб олди мақтов ва ҳасад,
Алданиш майига тўлди жомингиз.
Қисмат танлаб олди сизни Ҳамзахон,
Эргашиб кетдингиз юмуқ бир кўздек.
Битта фарзандини бой берди Қўқон,
Битта шоиридан айрилди ўзбек.

10.04.2015й.

АСОСИЙ НУСХА

Бирорта китобга уйғонса шубҳа,
Сиз бунинг аслини топинг, дейдилар.
Ҳеч ким қўлёзмани қилмагай туҳфа,
Шу тахлит илмнинг ғамин ейдилар.
Тулпорнинг насли-ку эскирмас асло,
Дерлар бобосида бўлган қанотлар.
Уларнинг баҳоси йўқ эрур, аммо
Ўрнини босолмас жайдари отлар.
Менга кибр билан боқма, эй банда,
Юзингда кўринмас табаррук у чанг.
Сен таҳрир бўлгансан, ростин айтганда,
Аршда қолиб кетган асосий нусханг.

08.04.2015 й.

ҲИММАТ

Дунёнинг ҳиммати дарёга ўхшар,
Бир оқса оқади билмасдан тиним.
Йиғсам совға бўлган гулларни агар,
Каттакон чаманзор бўларди, иним.
Дунёнинг зулми ҳам қолишмас, асло
Бир умр топмассан ҳаловат, қўним.
Отилган тошларни йиғсам мабодо,
Улкан бир тепалик бўларди, иним.

07.04.2015

АПРЕЛ

Борлиқ кийиб олган мовий бир либос,
Ел эсар – баҳорнинг пилдироқлари.
Қалбингда уйғотар ажиб эҳтирос,
Апрел осмонининг қалдироқлари.
Ёмғир таралади кўм-кўк адирда,
Узоқ қирда эса ялтирар қуёш.
Бундай нафислик йўқ ҳеч бир атирда,
Руҳингни яйратар ҳаво, тоғу тош.
Қофия йиғишар шеърга – назмга
Жажжи жилғаларнинг шилдироқлари.
Атрофни чақирар яшил базмга
Апрел осмонининг қалдироқлари.

06.04.2015

ҲАЁТГА ҚАЙТИШ

Ёнимда айтмагил бахт деган сўзни,
Танамда ногаҳон титроқ бошланар.
Тутиб туролмайман асло ўзимни,
Юрагим зўриқиб, кўзим ёшланар.
Ахир мен умримни ишониб роса
Ўша бахт йўлида сарфлаганим рост.
Ўтди у давронлар, ўрнида эса
Бир уюм ваъдалар қолдилар, холос.
Агар бўлсанг менга чиндан хайрихоҳ,
Дўст деган сўзни ҳам қилмагин такрор.
Кўксимдан вулқондек кўтарилар оҳ,
Инсонни дўсти ҳам айлар экан хор.
Қоронғу тунларда кўтариб машъал,
Дўст дея ўзимни урдим кулфатга.
Улар-чи, бир куни топиб куч, амал,
Ўзимни отдилар ўша зулматга.
Муҳаббат қанчалар сеҳрли калом,
Руҳингга суянчиқ, тоза, бокира.
Мен-чи, унутганман уни батамом,
Бул ажиб сўзни ҳам эслатма сира.
Муҳаббат деганда кўзимга энди,
Жафо кўринади, вафо кўринмас.
Дилдаги оловли ҳислар ҳам тинди,
У ёруғ хаёллар барҳам топган, бас.
Дейман, алданмасин ҳаётда инсон,
Саволи қолмасин зинҳор бежавоб.
Саробга айланса агарда армон,
Ҳатто бир нарса ҳам кўрингай хароб.
Лекин ишонаман, тоғлар юксалиб,
Дарёлар гувиллар мен учун яна.
Тағин ҳаёт қайтар гулдурос солиб,
Яна севги қалбда қилгай тантана.

03.04.2015

ЁМҒИР

Ёмғир ёғса шоирлар
Эрк берарлар мияга,
Тайёр мавзу топилди,
Тизарлар қофияга.
Ёмғир ёғса қушлар-чи,
Таҳликага тушади
Ва лекин севишганлар
Зонтикка ёпишади.
Ёмғир ёғса бемаҳал
Куяр ўзбек деҳқони:
— Ҳосилни поймол қилди,
Етди қанча зиёни.
Женевалик қувонар
Ёмғир ёғмасин қачон:
— Ҳаво яна тозариб,
Яшнайди яна газон.
Аллоҳ барака сочар
Қай фасл, қай палладир,
Ким қандай қабул қилар?
Бу бошқа масаладир.

04.04.2015

ЖАНЖАЛ

Асло тугамайди ушбу можаро,
Паймонанг на тўлиб, на тўлолмайди.
Барча ғавғоларни йиғсанг ҳам, аммо
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.
Совуқ урган каби сўлғин туриши,
Оила на яшнаб, на кулолмайди.
Мабодо бошланса жаҳон уруши –
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.
Унинг жангчилари мажруҳдир мутлоқ,
На тирик қолади, на ўлолмайди.
Яхлит даҳшат дерлар дўзахни, бироқ
Уйдаги жанжалга тенг бўлолмайди.

01.04.2015 й.

05

    Ustoz Abdulla Oripovning so’nggi yillarda shavqu zavq bilan ijod qilayotgani har bir o’zbek she’riyati ixlosmandini quvontirishi tabiiy. Bugun ham atoqli va ardoqli shoirning aprel` oyida yozgan she’rlarini sizga taqdim etamiz va shunday shijoatli qalam sohibiga Yaratgandan uzoq umr tilab qolamiz.

08
Abdulla ORIPOV,
O’zbekiston Qahramoni, Xalq shoiri
APREL` SHE’RLARI
098

INSON G’URURI

Yigitning uyida tinchi yo’q zarra,
Sen esa o’qiysan unga yo’l-yo’riq.
Faylasuf, miyangni ishlat bir karra,
Uni tergamoqqa aslo haqqing yo’q.

Temir qoidangga rioya aylab,
Senga ham berayin mayli bir savol:
– Nega uyg’onmading tonggacha uxlab,
Nega ovqat yeysan o’zing bemalol?

Kim inson qalbiga kirsa beruxsat,
Hattoki, hayvondan vahshiyroq erur.
Shu holda tug’ilish zulmdir, albat,
Tug’ilmaslik undan yaxshiroq erur.

30.04.2015

SHOSHIL, QUYOSH

Shoshil quyosh, o’zingni ko’rsat,
Nuring bilan o’rab ol tegram.
Xudo bilar, o’tmay sal fursat,
Topolmassan ko’lankamni ham.
Shamol shoshil, shoshilgin yomg’ir,
Tezroq qurshang yelkam, boshimni.
Birdan g’oyib bo’lurman, axir,
Uchratmassiz hatto loshimni.
Vaqt chopmoqda bilmasdan tinim,
Do’stim, yetar, anqayma, ochil.
Imillama sen ham g’animim,
Yomonliging qilishga shoshil.

29.04.2015y.

YANGI TO’RTLIKLAR

* * *

Yomon ayol degan bir ibora bor,
Hech kimga tegmasin bu tamg’a zinhor.
U avval erining boshini yeydi,
So’ngra bolalarga o’tadi, makkor.

* * *

Aylanar tegirmon toshi sarosar,
Boshim o’rtadagi donga barobar.
Menga havas qilma, turmush zulmi bu,
Metin ham chidamas unga, birodar.

* * *

Ko’rdim, g’olib ekan mudom yolg’onlar,
Turmush jilovini qo’lga olganlar.
Marhumlar gapirmas, lekin nomidan –
Sayrab yurar ekan tirik qolganlar.

26.04.2015

ANKETA

– Bobong qachon o’lgan?
– O’tgan asrda.
– Qaerda yashagan?
– Ulkan qasrda.
– Kasal bo’lganmi u,
Aytgin, ne qilgan?
– Kaptarvoz ekanlar,
Tomdan yiqilgan.
– Anketada chiqqan
Javobga ko’ra,
Qarindosh ekanmiz,
Qo’lni ber, jo’ra.

25.04.2015

OGOHLIK

Qora kunlar keldi ko’hna diyorga,
Ustoz yig’lay-yig’lay ayladi xitob:
– Mayli suvga oqsin, singsin devorga,
Nodonning qo’liga tushmasin kitob.
Yengdi ma’rifatni manfur jaholat,
O’zbekda qatag’on davri boshlandi.
Qodiriy muxlisi qilindi g’orat,
Cho’lponni o’qigan otib tashlandi.
Yillar o’tib ketdi, ozodmiz shukur,
Lekin sen ogoh bo’l, ma’rifatli jon.
Hali tirik yurar kalamush qurg’ur,
Ko’zlari yiltillab turibdi sichqon.

25.04.2015

OILA YANGILIKLARI

Bola o’qib qaytdi xorijdan bir kun,
Kasbi kor orttirdi – diplomli me’mor!
Uyda bayram bo’ldi momosi uchun,
– Bolam, tandir qurgin, o’tirma bekor.
Bittasi injiner bo’lib qaytdi-ku,
Temir-tersaklarga bag’ishlarmish jon.
Tog’a o’g’il bola gapni aytdi-ku:
– Eski aravam bor, tuzat jiyanjon.
Katta do’xtir bo’ldi kenjatoyi ham,
Bobo der: – G’ururga endi to’laylik.
Biroz hashakidir dardimiz bolam,
Senga munosibroq kasal bo’laylik.

25.04.2015

TOG’ BOLASI

Yuksak tog’lar ichra qora ko’z bola
Yashardi hur, ozod, ko’rmay g’am, nola.
U faqat borliqdan andoza olgan,
Jami jonzotlarga do’st bo’lib qolgan.
Balki odamlarni anglamas, ammo
Tabiat fe’lini bilardi a’lo.
Bilardi arslonning buyukligini,
Ohuning nozik va suyukligini.
Go’yo so’ragandek mehr va najot
Undan qochmas edi sira hayvonot.
Bir kuni qo’shnilar chiqdilar yo’lga,
Qo’noq bo’lmoq uchun pastga – ovulga.
Har nechuk, bu yerda boshqaroq olam,
Ola ketishdilar bolakayni ham.
Biroq ko’nikmadi bola hech elga,
Tushunib-tushunmay hattoki tilga.
Uning g’alatligin payqab qolishdi,
Odamlar bir zumda o’rab olishdi.
Dedilar: “Epchilsan bo’riday go’yo”,
Bola tushunmadi bu gapni aslo.
So’ngra ko’rsatdilar bo’ri suratin,
Bola yashirolmay qoldi hayratin:
Bo’riday uvladi, sakradi quvnab,
Bo’ri bolasidek ag’anab, o’ynab.
Ayiq suratini ko’rsatishdi so’ng,
O’rmonlar otasi pahlavon va cho’ng.
Bolakay ayiqni tanidi darhol,
Mashq qila boshladi lapanglab, xushhol.
G’oyat baxtli edi shu lahza, shu on
Ko’chib kelgan kabi yoniga o’rmon.
Va lekin o’rtaga chiqdi bir odam,
Tog’lik bola tomon tashladi qadam.
Go’yo olmoqchiday eski qasdini,
Bolaga uzatdi tulki rasmini.
Daf’atan oh chekdi tog’ning bolasi,
Atrofni titratdi dardli nolasi.
Olomon tarafga shiddat-la boqdi,
G’azabnok so’zlarni aytib tutoqdi:
– Men tulki emasman, tulki emasman,
Tulki deganlarni odam demasman.
So’ng ketdi tog’ tomon la’natlar ayta,
Hech kimsa ko’rmadi bolani qayta.
Deydilar, uvlasa bo’rilar nogoh,
Bola ovozi ham kelarmish goh-goh.

24.04.2015

LO’TTIBOZ

Vijdonli odamlar ortgani sayin,
Lo’ttiboz soni ham ko’payib borar.
Tekinxo’r atalur bu qavm tayin,
Ajabki, ko’p ishni shular boshqarar.
Vijdonning boshiga chiqqani ko’yi,
O’zini mengzaydi tengi yo’q dovga.
Jinjakcha kelmaydi o’zining bo’yi,
Yoqsa, tutantiriq bo’lmas olovga.

19.04.15

TA’MA

Men qaysi domlaga ergashay, hayhot,
Ishonchim toptasa ta’magir hayot.
Duo qilganman, deb bir yil muqaddam,
Haqin so’rab keldi bugun o’sha zot.

21.04.2015

KIBR

Men borman – dunyo bor, men yo’q – dunyo yo’q,
Faqat bugunni bil, faqat bugunni.
Bisoting mavjudmi – ko’ngling bo’lsin to’q,
Eslama, oxirat degan u kunni.
Turli afsonalar to’qiydi odam,
Sevgi bu – qushda ham uchraydigan nafs.
Bordir o’z egasi erta kunning ham,
Menga kelajakdan o’qiyverma dars.
Insof nodonlarga erur munosib,
Sen-chi, faqatgina o’z-o’zingni bil.
Hatto avliyolar hokini bosib,
Maqsadga intilgil, maqsadga intil.
Uch-to’rt xayolparast bukkanicha qad
Tushining ta’birin topgunicha to,
Sizning fikringizcha, ya’ni men – murtad
Egallab olaman dunyoni hatto.
Nega tinglamaysan kibrning so’zin?
Olijanob eding, ahvoling tangmi?
Asrlardan buyon butkul yer yuzin,
Boshqargan menmi yo kamtar otangmi?

21.04.2015

TUG’ILISH

Yurishni o’rgandi bolakay sal-pal,
Orqada kuzatar ota va ona.
Oh, ushbu ko’rinish naqadar go’zal,
Minglab oilaga orzu — yagona.
Surinmay ulg’aysin mayli bolakay,
Umr fasllarin gashtini sursin.
Lekin, payti kelgach kim bo’lar, hay-hay,
Hayot yelkanini u qayga bursin.
Bir cho’qib atrofga o’n bor qarasa,
Har kimning yuziga boqsa jovdirab.
Koshkiydi shu holda korga yarasa,
Suyanchig’i yo’q-ku turguvchi qarab.
Birovdan beruxsat hatto kulmagan,
Bilmas, murodi ne — obro’mi, puldir.
Unda mustaqillik o’zi bo’lmagan,
Unda u mutedir, endi u quldir.
Yo’lin qora mushuk kesib o’tgan dam,
Dod! — deya yigitlik oridan tonsa.
Yomon tush ko’rganda ulug’ yoshda ham,
Ena, enajon! — deb yig’lab uyg’onsa.
Men bunday kaslarni topmadim o’ylab,
She’rni ham yozmadim aslo atayin.
Qofiya ustida yetmish yil o’ynab,
Bir jiddiy gapni ham endi aytayin.
Bu qavmning qimati yo’qdir mutlaqo,
Lekin omad doim ularga o’rtoq.
Pastda munosiblar qolib, ajabo,
To’rga o’tib olar o’shalar ko’proq.
Ko’zimiz qorasi aziz zuryodlar,
Hattoki tantiqdir, g’oyatda suyuk.
Oh, qaydan kelarkan fidoyi zotlar,
Qaydan tug’ilarkan botirlar buyuk.
Magar bo’lganda ham qiyomat qoyim,
Degayman, yetguncha so’nggi nafasim.
Komil insonlarni qo’msarman doim,
Ulug’ siymolarga kelgay havasim.

18.04.02015

IKKI XUSHOMADGO’Y

Ikki xushomadgo’y uchrashdi bir kun,
Ochig’i, tajriba almashmoq uchun.
Shundoq boshlab qoldi gapni havaskor:
– Mening qalbim to’la g’urur, iftixor.
Oxiri meniki bo’ldi xo’jayin,
Ishlarim yurishib ketmog’i tayin.
U kun o’zlarini yaladim ancha,
Tovonidan tortib tizzasigacha.
Gal keldi ikkinchi xushomadgo’yga,
Gapin boshladi u, tolgancha o’yga:
– Hozirgi kasbdoshlar o’zgargan butkul,
Kamtarlikni bilmas, maqtanar nuqul.
Mana biz dongdormiz, taniydi har kim,
Lekin o’tiribmiz, gerdaymasdan jim.
Aytsam ishonmaysan, eh sodda ukam,
Yalaganmiz undan yuqorisin ham.

18.04.2015

TUTASH DUNYOLAR

Marhum jo’ralarim,
Eslayman sizni,
Endi aylangansiz tushga, ro’yoga.
Birma-bir ketdingiz tark etib bizni,
Boshqa o’lchovdagi boshqa dunyoga.
Balki o’zga erur unda tizim ham,
Xayolga erk berib, taxmin qilaman.
Qanchalik rangbarang bo’lmasin olam,
Ruhingiz o’shadir, buni bilaman.
Sirli xilqatingiz o’zingizga xos,
Albatta farqlidir odat-tarzingiz.
Hech kimda boylik yo’q, hech kimda libos,
Demakki, hech kimdan yo’qdir qarzingiz.
Sizni ko’rgim kelar, sog’inaman goh,
O’tsa tomoshalar, bayram, ko’riklar.
Chehrangiz namoyon bo’lar banogoh,
Mening yakkalashsa manov tiriklar.
Mayli tursangiz ham cheksiz yiroqda,
Oromda yotgaysiz, mudom ko’ngil to’q.
Urush begonadir, hatto u yoqda
Birlashgan Millatlar Tashkiloti yo’q.
Jami ezgulikni qutlaysiz beshak,
Ajratmay Shimolu Janub yoqlarni.
Majlis ham qilmassiz, bilmassiz demak
Koridorda yurgan maqtanchoqlarni.
Sodiq farishtangiz pospondir, illo
Xonangiz – koinot mudom sarishta.
Yerda ro’zg’or qilsa bir kun mabodo,
Aqldan ozardi o’sha farishta.
Eslayman sizlarni shu dam Shukurjon,
Do’stim Ubaydulloh, azizim O’tkur.
Duolar qilaman, maqtayman chunon,
Iloho, ruhingiz bo’lsin tinch, masrur.
Lekin kuyingayman do’st deb baribir,
Axir tiriklik ham hikmat-ku azal.
Sizni eslaganda eslanar qadr,
Bu – noqis dunyoda ibrat har mahal!
Sira unut bo’lmas suronli hayot,
Kurash va g’alaba, turfa xil hislar.
Sizni tushimizda ko’rgaymiz bot-bot,
Balki sizning tushga kirgay majlislar.

17.04.2015

IRIM

Talosh pallasi deb she’r yozdim u vaqt,
Oqshomning bu siri garchand noayon.
Irimga binoan aynan o’sha payt,
Hatto urushlar ham to’xtagan bir on.
She’rda istagimni aytmabman, erkam,
Ishongum, ishorat senga kifoya.
Deyman, qovog’ingni ochib yur sen ham,
Toki irimlarga qilgin rioya.

15.04.2015

KASSETA

Nabiram kasseta qo’yar gohida,
Uzoqdan keladi o’ktam bir nafas.
Yer-osmon yongudek uning ohida,
Muhabbat atalmish hech o’lmas bu sas.
Baland qil, ko’klarga o’rlasin nolam,
Bu mening navqiron chog’im-ku, bolam.
Tag’in ovoz kelar yiroq-yiroqdan,
Vatan deb, elim deb tortilgan na’ra.
Hanuz nur olaman o’sha chiroqdan,
Sen ham shu Vatanning koriga yara.
Qog’oz janggoh edi, tug’im-chi – qalam,
Bu mening ulg’aygan yillarim, bolam.
Turfa sadolarni turgayman tinglab,
Mana bu suhbatim, mana bu – doston.
Bari muhrlanib qolmishdir, ajab,
Birida ma’yusman, birida shodon.
Baribir yashadim shuhratga hamdam,
Bu mening yetuklik davrimdir, bolam.
Oxir eshitilar parishon ovoz,
So’zin anglab bo’lmas, bari aralash.
Har she’r o’qilganda shildirar qog’oz,
O’rnimdan qalqaman, ko’nglim bo’lar g’ash.
Bas qil, yuragimni ezmasin alam,
Bu mening keksalik paytim-ku, bolam.

14.04.2015

SHOIR QISMATI

Sizga achinaman, shoir Hamzaxon,
Bu gapni aytmadim aslo jo’rttaga.
Qaysi jin urgandi sizni u zamon,
– Sho’ro! – deb chiqdingiz birdan o’rtaga.
Tuzum makkor edi, tuzum hiylagar,
Aldamchi edi u, qabih, ko’ngli kir.
Toshbo’rondan tirik qolsangiz ham gar,
Otib tashlardilar sizni baribir.
Ular yasadilar sizdan bir yalov,
Oyoq ostingizda chohni ham qazib.
Sizga yetmasmidi qalbdagi olov,
Yurmasmi edingiz she’ringiz yozib.
Vatanning yovi-ku bosqinchi axir,
Sart so’zin eshitsa g’azabga to’lgan.
Iymonsiz kimsalar xudosiz – kofir,
Millatni yerlarga urmoqchi bo’lgan.
Siz-chi, vasf etdingiz ularni behad,
Zamon shoiri deb chiqdi nomingiz.
Sizni o’rab oldi maqtov va hasad,
Aldanish mayiga to’ldi jomingiz.
Qismat tanlab oldi sizni Hamzaxon,
Ergashib ketdingiz yumuq bir ko’zdek.
Bitta farzandini boy berdi Qo’qon,
Bitta shoiridan ayrildi o’zbek.

10.04.2015y.

ASOSIY NUSXA

Birorta kitobga uyg’onsa shubha,
Siz buning aslini toping, deydilar.
Hech kim qo’lyozmani qilmagay tuhfa,
Shu taxlit ilmning g’amin yeydilar.
Tulporning nasli-ku eskirmas aslo,
Derlar bobosida bo’lgan qanotlar.
Ularning bahosi yo’q erur, ammo
O’rnini bosolmas jaydari otlar.
Menga kibr bilan boqma, ey banda,
Yuzingda ko’rinmas tabarruk u chang.
Sen tahrir bo’lgansan, rostin aytganda,
Arshda qolib ketgan asosiy nusxang.

08.04.2015 y.

HIMMAT

Dunyoning himmati daryoga o’xshar,
Bir oqsa oqadi bilmasdan tinim.
Yig’sam sovg’a bo’lgan gullarni agar,
Kattakon chamanzor bo’lardi, inim.
Dunyoning zulmi ham qolishmas, aslo
Bir umr topmassan halovat, qo’nim.
Otilgan toshlarni yig’sam mabodo,
Ulkan bir tepalik bo’lardi, inim.

07.04.2015

APREL

Borliq kiyib olgan moviy bir libos,
Yel esar – bahorning pildiroqlari.
Qalbingda uyg’otar ajib ehtiros,
Aprel osmonining qaldiroqlari.
Yomg’ir taraladi ko’m-ko’k adirda,
Uzoq qirda esa yaltirar quyosh.
Bunday nafislik yo’q hech bir atirda,
Ruhingni yayratar havo, tog’u tosh.
Qofiya yig’ishar she’rga – nazmga
Jajji jilg’alarning shildiroqlari.
Atrofni chaqirar yashil bazmga
Aprel osmonining qaldiroqlari.

06.04.2015

HAYOTGA QAYTISH

Yonimda aytmagil baxt degan so’zni,
Tanamda nogahon titroq boshlanar.
Tutib turolmayman aslo o’zimni,
Yuragim zo’riqib, ko’zim yoshlanar.
Axir men umrimni ishonib rosa
O’sha baxt yo’lida sarflaganim rost.
O’tdi u davronlar, o’rnida esa
Bir uyum va’dalar qoldilar, xolos.
Agar bo’lsang menga chindan xayrixoh,
Do’st degan so’zni ham qilmagin takror.
Ko’ksimdan vulqondek ko’tarilar oh,
Insonni do’sti ham aylar ekan xor.
Qorong’u tunlarda ko’tarib mash’al,
Do’st deya o’zimni urdim kulfatga.
Ular-chi, bir kuni topib kuch, amal,
O’zimni otdilar o’sha zulmatga.
Muhabbat qanchalar sehrli kalom,
Ruhingga suyanchiq, toza, bokira.
Men-chi, unutganman uni batamom,
Bul ajib so’zni ham eslatma sira.
Muhabbat deganda ko’zimga endi,
Jafo ko’rinadi, vafo ko’rinmas.
Dildagi olovli hislar ham tindi,
U yorug’ xayollar barham topgan, bas.
Deyman, aldanmasin hayotda inson,
Savoli qolmasin zinhor bejavob.
Sarobga aylansa agarda armon,
Hatto bir narsa ham ko’ringay xarob.
Lekin ishonaman, tog’lar yuksalib,
Daryolar guvillar men uchun yana.
Tag’in hayot qaytar gulduros solib,
Yana sevgi qalbda qilgay tantana.

03.04.2015

YOMG’IR

Yomg’ir yog’sa shoirlar
Erk berarlar miyaga,
Tayyor mavzu topildi,
Tizarlar qofiyaga.
Yomg’ir yog’sa qushlar-chi,
Tahlikaga tushadi
Va lekin sevishganlar
Zontikka yopishadi.
Yomg’ir yog’sa bemahal
Kuyar o’zbek dehqoni:
— Hosilni poymol qildi,
Yetdi qancha ziyoni.
Jenevalik quvonar
Yomg’ir yog’masin qachon:
— Havo yana tozarib,
Yashnaydi yana gazon.
Alloh baraka sochar
Qay fasl, qay palladir,
Kim qanday qabul qilar?
Bu boshqa masaladir.

04.04.2015

JANJAL

Aslo tugamaydi ushbu mojaro,
Paymonang na to’lib, na to’lolmaydi.
Barcha g’avg’olarni yig’sang ham, ammo
Uydagi janjalga teng bo’lolmaydi.
Sovuq urgan kabi so’lg’in turishi,
Oila na yashnab, na kulolmaydi.
Mabodo boshlansa jahon urushi –
Uydagi janjalga teng bo’lolmaydi.
Uning jangchilari majruhdir mutloq,
Na tirik qoladi, na o’lolmaydi.
Yaxlit dahshat derlar do’zaxni, biroq
Uydagi janjalga teng bo’lolmaydi.

01.04.2015 y.

05

(Tashriflar: umumiy 13 344, bugungi 3)

10 izoh

  1. Ustozning aprel oyidagi she’rlarini o’qib yana bir karra ruhimda bezovtalik uyg’ondi. Biz yosh shoirlar qachon mana shunday teran fikrlashni o’rganamiz xayronman. Buyuk ustoz shoirga mustahkam iroda va matonat, uzoqdagi ammo o’zlariga ruhan yaqin bilgan shogirdlari baxtiga sog’ omon yurishlarini va may oyida ham mana shunday go’zal she’rlar bizni xushnid etishlarini intizorlik bilan kutib qolamiz.

  2. Менга устоз шоирнинг апрел ойидаги шеълари рухан катта таъсир килди. Бу шеърларда шоирнинг босиб утган йуллари, кечинмалари ва юрагидаги дардлари баён этилган. Мен хар доим шоирнинг шеъларини мукаддас бир хадислар даражасида карши оламан.Отахон шоиримизнинг умрлари узок булсин.

  3. Буюк замонамизда тенги йук шоир шерларини укиб Яна укигин келаверади содда равон сехргар шоир

  4. Juda ham ajoyib she’rlar. Ayniqsa menga ,,Kasseta» va ,,Kibr» she’ri yoqadi. Insonligimizni bir kun qarib bu foniy dunyoni tark etishimizni,qilgan yaxshi va yomon ishlarimiz uchun boqiy dunyoda jazosini yoki mukofotini olishimizni eslatib turadi.

Izoh qoldiring