Yangi kitob: Jontemir. Darvesh qo’shig’i & Aziz Said. Kuylanmagan qo’shiqlarim bor & Suhrob Ziyo. Yesinindan bir kosa, Mashrabdan bir jom

044Жонтемир. Дарвеш қўшиғи. Сўзбоши муаллифи: Азиз Саид. Тошкент. «Akademnashr». 2018. 112 бет.

   Ушбу саҳифада Жонтемрнинг илк тўплами «Дарвеш қўшиғи»га таниқли шоир Азиз Саид ёзган сўзбоши билан тўпламга биринчилардан бўлиб ўз муносабатини билдирган шоир Суҳроб Зиёнинг тақризини тақдим этмоқдамиз.

 054

  Жонтемир бугунги кун ижодкор авлоди орасида диққатимни тортган икки-уч шоирдан бири. Янги авлоднинг ютуғу камчилигиниям, худди кафтимда тургандек, аниқ кўраман. Ўзаро суҳбатларда уларни  рўйи рост айтмайман,  «ишора»  қиламан.  Ўзи илғасин, ўзи сезсин ва ўзи тушунсин дейман. Биров айтгани биланмас, ўзлигини ўзи  топсин дейман.

   Жонтемир шеърларидаям турли таъсирларни кўраман. Шарқу Ғарбнинг кўҳна шоирларидан,  ўзим мансуб авлоддан таъсирларни илғайман. Шу билан баробар  салафлардан таъсирланмай шеъриятга кирган биронтаям шоир йўқлигиниям  тан оламан.  Бировга эргашиб, ўз йўлини кўриши (топиши) билан шиддат билан олдинга ташланган Абдулла Орипов, Рауф Парфи каби буюк устозлар ибратиниям унутмайман.

Жонтемир қўрқув нималигини билмайдиган авлод вакили. Бу ўринда мен, энг аввало, Сўз  олдидаги қўрқувни назарда тутяман. Бу қўрқувнинг асл номи Масъулият. Масъулият фақат инсоний комилликдан, маънавий  тажрибадан шаклланади. Бу сўзларни айтишдан мақсадим, жамиятдаги, шу жумладан, адабиётдаги ҳар қандай сўз эркинлигининг ҳам чегараси бўлишини таъкидлашдан иборат. Ҳадсизлик  инсонни (инсонийликни) ҳалок этади.

Шоир шеър дафтарида хоҳлаганини ёзиши нечоғли табиий бўлса, дафтардаги шеърлар китоб шаклини олгандан кейин уларга бўлган турли тарздаги муносабатлар билдирилиши ҳам шунчалик табиийдир. Зеро, шеър дафтаридан китобга кўчган шеърлар нашрдан кейин китобхонлару адабиёт аҳли ихтиёрига ўтади.

Айни шу сабабдан, Жонтемирнинг илк тўпламига, маълум маънода, унинг ижодига бўлган ҳар икки муносабатни ўринли деб биламан.

Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

КУЙЛАНМАГАН ҚЎШИҚЛАРИМ БОР
Азиз САИД
042

Қовурғадан ясаб най,
Ҳўплаганча руҳ-ла май,
Самоъ тушаётган тинмай,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Руҳнинг нафаси билан ёзилган бундай шеърлар Жонтемирда бирдан пайдо бўлгани йўқ. Унинг шеърларини уч йилдан буён кузатаман. У шаклу оҳангда, тасвир ва сўзда ҳавас ва таъсир мақомларидан ҳам ўтиб кўрди. Бугун Жонтемирнинг шеърларида ҳар кунини шеър билан яшаётган, шеър билан нафас олаётган, ўзига-да, дунёга-да исёни баланд, руҳининг куйига кўнгли рақс тушаётган ижодкорни кўряпман.

Шеърларида шеърман деган таъма йўқ, қалбдаги титроқлар, дардлар мисраларга айланган, эврилган. Ёш шоир ўз ҳолининг самимий ва шафқатсиз суратларини чизиши, тасаввур кенглиги, дарду ҳайрати, ташбеҳу қиёси ҳеч бир тенгдошига ўхшамайди.

Қайс томчилар Лайли Оқсувнинг,
Чўлпиллатиб ўпар бўйнидан.

Ёки

Ўйнашамиз самода икков,
Бир-бировга юлдуз сачратиб.

Жонтемирнинг кейинги шеърлари фикри янада теранлашаётганидан, руҳи бобомерос илоҳий, жазбали оҳангларга туташ-туташ парвоз этаётганидан, “Дарвеш қўшиғи”, “Уҳ тортмагин лоларуҳ”, “Ошиқона”, “Дарвешона”, “Ваҳдат водийси”, “Излам” каби шеърлар унинг ўзгача бир нафас билан ёзаётганидан дарак беряпти.

…Кетар бўлса бир кун ташлаб,
Сўнгунича ваҳший ўт.
Ёлғизлатиб қўйма Машраб,
Занжиримдан маҳкам тут.

Ёки

Далли руҳим, фириб оҳанг
Тош кўзага солиб қўйдинг.
Қайда водий?
Қайда воҳа?
Мани мандан олиб қўйдинг.

Шеъриятимизга янги бир ёш шоир кириб келганига имоним комил. Унинг “Ҳали етти иқлимга сиғмас, Куйланмаган қўшиқларим бор” деган ваъдаларига, ишонаман.

Жонтемир
«ДАРВЕШ ҚЎШИҒИ»ДАН ШЕЪРЛАР
042

ХAТ07
Комил тоғамга

Кўпқаватли уй.
Ҳаво дим,
Ҳур-ҳур шамол қайдаю
чалопжон қайда?
Сочларини ўпиб чиққан саводим,
Нима қилаётган экан Зубайда?!

Гангитиб қўйди асад шаҳарни,
Дарахтлар тушидан кетмас тоғ-адир.
Отидан қочганди Ботир дагарнинг,
Тоға,
байталимиз эгиз туққандир?

Тарвуз кесаётиб эсимга тушди,
Яна ўғирлашди шайтонлар, оббо
дея қўриб ётарди тарвузпояни,
Ҳозир ҳаётмикин Раимбой бобо?

Қўшнилар қандай юрибди экан?
…Елкамга иш юклар бошлиқ устма-уст.
Билмайсиз мингта китоб ўқигандан
Битта қишлоқдош билан гаплашган дуруст.

Эсингиздадир, бир айбим учун,
Боплаб…
Йиғлагандим
бўралаб, сўкиб.
Сал ўтмай жигар мени кечир деб,
Келгандингиз кўзёши тўкиб.

Ў, тоғам-а! Aлпомиш тоғам!
(Пилдираб қолгандир чақалоғингиз)
Ҳамон дайди,
телба руҳимга
Керак бўлаяпти (ўша) шапалоғингиз.

Ердан тувакка кўчган гулдайин,
Томир ёзолмай қолдим бу ерда.
Бафуржа гапириб бераман ҳали,
Ҳамма гапни айтиб бўлмайди шеърда.

Кўпқаватли уй…
Ҳаво дим…
Терак соясида мизғир саратон.
Шапалоғин еб чиққан саводим
Тоға, ётгандирсиз ҳур-ҳур сўрида…
Майли, вақтим зиқ (шаҳарликман-ку),

Мен бир боди. Сизнинг эса
Сувга келган жўягингиз.
Ҳурмат билан:
Хат ёзувчи сизга ҳали кў-ўп,
Шеъриятга кириб
Одамгарликдан чиқиб бораётган жиянингиз!

ЙЎЛБАРС

Уришқоқ эди Йўлбарс,
Йўғон эди суллонли панжалари.
Қоп-қора баданин кесиб ўтган
Оқ чизиқ – белқарс,
Уйчаси кенг. Атрофи панжарали.

Бобби чўпон айтганидек,
Думбали қўчқорни кўтариб
Икки қулоч пахса девордан
Бемалол ошиб ўтарди.

Нон емасди бегона қўлдан,
Ташланмасди ўтган-кетганга.
Ғариб кулбага қўшилиб,
Ўткир кўзларини узмасдан йўлдан
Шоди чўлоқ – эгасини кутарди.

Шоди чўлоқ ҳам етим –
Қишлоқ самоварчиси.
Ёши қирқдаю лекин
Бўйдоқ.
Биров унга қиз бермади эш билиб.
Севгилин тўйида чойга қўшиб
Жигарини-да қайнатган,
Юраги соб бўлган тешилиб.

Тўрт йил бурун кучвачча обтушди тоғдан,
“Йўлбарс” қўйди отини.
Бўрибосар итлардан экан,
Кейин билди зотини.
Ўша билан овуниб юрди,
Санчмай қўйди ёлғизлик ханжарин.
“Чўлоқ ўзин итга тенг кўрди”
Гап чайнади уч-тўрт занчалиш.

Киприк қоқмади у,
Яхшилаб тупуриб
ғийбат, гап-сўзга.
Яшайверди юзида кулгу,
Ахир
Япроқни чертсанг
Зиён етмайди-ку илдизга.

Бирор жойи қонаса,
Ялаб тузатганин кўриб,
Дерди: Айирмагин шундан Аллоҳим.
Умрида кўрмаган ота-онасин
Соғинса,
Тунлар Йўлбарсни қучиб йиғлаб оларди гоҳи.

Итфурушлар келишди бир кун,
Шоди содда… бирга ичишди.
Камбағалнинг даргоҳи тўкин,
Сўнг Йўлбарсга нарх бичишди.

— Йўқ, сотмайман, менга инидек.
— Қани овми-ин, — турди меҳмонлар.
— Хайр чўлоқ, яхши тушундик.
Тонг азон намозга турган Шоди
Бир пой калишига бошин қўйганча
Қонига беланиб ётган Йўлбарсни кўрди…

Йиғлади!..
Худо эшитмади додини.
Кўксига бош қўяй деса на ули бор
На-да хотини.
Йўлбарсни қучиб уч кун ётди пиқиллаб,
Ҳолинг не деб сўрмади биров девор ошиб.
Тўртинчи кун итни кўмишди…
Шодига қўшиб.

ОЛЧОҚҚА ДУЧ КЕЛГАНДА

Тўсатдан ўзгарар ҳолатинг,
Баданингга югурар титроқ.
Кўзларинг қизғиш тус олади,
Хаёлингга келади сиртмоқ.

Рўпарангда бижғиган мия,
«Жонини ол, қонини ич, бас!».
Ўқотар қуролмас оғзинг яхшиям,
Яхшиям кўлларинг қиличмас…

17.10.2017

ТЕНГДОШ ШОИРЛАРГА

Бош эгишни билмадим мен ўр,
Яшамадим қўрқиб, ер шохлаб.
Дарвешларга дедим: жойинг тўр,
Қарашимдан қочди маддоҳлар.

Нигоҳимга чақмоқни қамаб,
Кўчкидан сўз олдим Худойим.
Мурғакликда дерди бобом ҳам:
Қуёшга тик қарагин доим.

Шундай қилдим, мағрурлик мерос,
Кўр қилмади кўзни зар, тилло.
Ор дарахтим гуллади қийғос,
Жон ҳовучлаб юрмадим илло —

Қабрида тик турар Қодирий!
Саванглар! Аямай саванглар!
Ўзбекнинг қайси бир шоири,
Яшаса бошини авайлаб.

17.10.2016

***

Ў, Шаҳрисабз, омон бўл иним!
Кўп севардим кулунларингни.
Бири опам, бириси синглим,
Авайлагин сулувларингни.
Рози бўлгин ўғлингдан Ҳисор,
Тик қоялар, серсув булутлар.
Оҳуларим — маҳбуб, беозор,
Мағрур қашқирлару бургутлар.
Мен шохини синдирган инак,
Кечир, бу дам араз битгандир.
Гунохимдан ўт қари кўппак,
Бир гал сени ёмон тепгандим.
Дўстим, нега бошгинанг эгик?
Кўзёш тўкмай кузат, илтимос.
Кел бағримга, хайрлашайлик,
Қўчоқлашиб тоғликларга хос!
Байталимни қўйдим қантариб,
Отбоқарни хушламас Тошкент.
Кетганимдан уч кун ўткариб,
Тушовидан уни озод эт…
Кечир буви, кексайган чоғинг,
Сени ташлаб… Дардинг кетмайди.
Оғриганда энди оёғинг,
Уқалашга қўлим етмайди.
Кўришгунча жайдари қишлоқ,
Ёдда тутгум: олма, токини.
Зангор осмон, эй она тупроқ,
Эхтиёт қил бобом ҳокини.
Шаҳрисабз — отамерос ер,
Қаролмайман кўзларинга тик.
Борлиғимни эгаллаган шеър
Сабаб сендан кетаяпман лек —
Япроғингни чертса бирор кас,
Эшит дунё, дангал айтаман.
Худо ҳаққи, олмоқ учун қасд,
Шу заҳоти ортга қайтаман!
Шаҳрисабз,
Омон бўл иним…

2.09.2017

* * *

Тун сеп ёяр. Кундуз қариди,
Йўғонлашар заиф товушлар.
Ёритай деб осмон қаърини,
…Юлдуз сочар ҳовуч-ҳовучлаб.

Ёмғир… кўча томоғин ҳўллаб,
Юмшоқ юзи айланар лойга.
Симёғочлар – пичилган қуллар,
Тикилишар яланғоч ойга.

Иймон ўқиб қайтгач хуфтонни,
Соат ўнгга урганида бонг.
Биз учрашган ҳу-ув хиёбонни,
Хотирамда қилгайман меҳмон.

Ахир, билсанг, сенга тегишли
Ёшлигимнинг катта бўлаги.
…Чак-чакиллаб қўзғайди ғашлиқ
Тарновларнинг муздек сўлаги.

Уйқу бермас эртаклар хасис,
Тун. Хаёлга ўтмиш қуйилар.
У ҳам мени ўйлар шубҳасиз,
Балки менга шундай туюлар…

* * *

Узо-оқ йиллар бунда бўлмадим,
Юртни кездим ризқимни териб.
Бироқ сенсиз бахтим кулмади,
Қорапойча — соғинган ерим.
Анча йиллар бунда бўлмадим.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Чўчиб кетди кўринишимдан,
Хўрпайган соч, беўхшов мўйлаб.
Муз устида юрган кишидай,
Аранг келдим уйга той-тойлаб.
Чўчиб кетди кўринишимдан.

Бош устимда зангори осмон,
Рус гўзалин кўзлари янглиғ.
Ҳадя этар қўшиғу достон,
Энди менга шу кенг яланглик.
Бош устимда зангори осмон.

Тағин қайтдим бағринга бу кез,
Айни ўрим, терим маҳали.
Тор кўчангда дуч келди бир қиз,
Исмини ҳам билмайман ҳали.
Тағин қайтдим бағринга бу кез.

Тор кўчада дуч келган дилдор,
Ортиқ қочма қошинг қайириб.
Бўлмаса-да, у йигит пулдор,
Шу қишлоқнинг танҳо шоири.
Ортиқ қочма қошинг қайириб.

Унга жондай қадрдон шу ер,
Кулгуларинг сачраган ҳаво.
Буғдойзорда ёзилажак шеър,
Шўх жилғалар чалгувчи наво.
Унга жондай қадрдон шу ер.

Йўнғичқанинг бўйига хумор,
Чигрткалар қўшиғидан маст.
Чопиб юрган бўйнида тумор,
Тойчоқларга қилади ҳавас.
Чигрткалар қўшиғидан маст.

Йўқ, чўчима зинҳор, дилрабо,
Балки ўтли муҳаббатдир бу.
Тўртта уммон турганда ё раб,
Кўзларинга чўкиб кетди у.
Балки ўтли муҳаббатдир бу!

29.10.2016

ҚОР ЁҒАР, ЮРАКДА ЖАРАНГИ

Сочларим, кафтим-да оқармиш.
Бу сержило лаҳзалар рангин,
Сокин қалбда қўзғолур дарвеш.
Учқунларга қарайман тўниб,
Ҳар бирида Аллоҳ намоён.
Қарайману бир дам ўксуниб,
Туюладир умрим бепоён.
Теваракда учар оққушлар,
Истаклари қўнмоқ кўзимга.
Сийпалолмам бировин ушлаб,
Аччиқ зардоб тўлар бўғзимга.
Юпатмоққа тушаман ўзни,
(Бедор кеча. Кўчалар гавжум)
Такрорлайман тағин шу сўзни:
Чексизлик бор,
Чексизлик мавжуд!
Йўқса қорда сайр этмоқ нечун?
Нечун юракларда жаранги?
Оғир қалқиб уйғонмиш вужуд,
Нечун оқшом бунчалар рангин?!
Оғриқларни енгди-ку ҳавас,
Қуламади бошинга само.
Сўнган туйғуларга қасдма-қасд,
Қор ёғмоқда, ёғмоқда ҳамон…
Теваракда учар оққушлар,
Ўриндиқлар, боғлар оқармиш.
Шляпасин сирти кумушранг,
Кезиб юрар шаҳарда дарвеш.

* * *

Йигирмадан узайди ёшим,
Ҳамон сизга бераман фириб.
Югураман боладай шошиб,
Ўзгармайман ўттизга кириб.

Тарк этмайди ёшлик — бебошлик,
Хўрозлар айрилар думидан.
Кўрсин дея ул қалам қошлик
Чўмиламан қишлоқ гумида.

Безориман, мен ўша қитмир,
Қўшиқсевар, жўмарду дангал.
Кўчаларда уриб кимнидир,
Чиқараман ҳар куни жанжал.

Ташлаб кетган отам бир замон,
Гоҳ-гоҳида йўқлайди онам.
Юрт кезаман шу сабаб сарсон,
Шеър ёзаман юрагим қонаб.

Қарамайман ҳеч раъйингизга,
Оҳумасман қўрқоғу ҳуркак.
Туғилганда, шоирингизга
Кенг ўтлоқлар бўлгандир йўргак.

Чорлар эди тоғлар олисдан,
«Ла илаҳа…» содиқ туморим.
Қорним очса тунлар полиздан,
Тўйинардим тарвуз ўмариб.

Ялангаёқ юрмоқнинг завқин,
Ҳеч ким мендек ҳис этмаган, рост.
Майхонада: ур-йиқит, шовқин
Дўстлар аро айтар эдим тост.

Ўсиб кетган учун соқолим,
Қария деб атарди қизлар.
Севганману бир бор ақалли,
Гул тутмадим пойида тизлаб.

Қулоғимдан кетмади сира,
Бобомлардан қолган хотира:
«Тоғнинг тоғга бош экканин ким кўрган,
Сен улардан мағрур яшашни ўрган».

Ҳамон шундай ўтмоқда умрим,
Исёнкор қалб, шиддатлар аро.
Бош устимда қўшиқ айт, қумрим,
Қолган ҳамма-ҳаммаси сароб!

31.10.2016

ШАРОБ

Ичаман, кўзларим чирт юмиб,
Танимда ёйилар ҳарорат.
Юбораман дардларим кўмиб,
Жураътим тоғларга баробар.

Чалкашиб кетади кун ва тун,
Чувалган от ёли сингари.
Қилолмайди онгимга хужум,
Соатнинг бешафқат миллари.

Бирдан қанот чикарар қўлим,
Ожизлигим келмайди малол.
Сарғайган расмингга термулиб,
Сўнг йиғлай бошлайман бемалол…

17.10.2017

НИЯТ

Аваз Малик — қадимий қишлоқ,
Қадимийдир қабристони-да.
Унда ётар бобомиз
Шундоқ,
Раҳматли отасин ёнида.

Соя ташлаб турар кекса тут,
Паналайди ёмғирдан, қордан.
Сал нарида — ҳужрада тобут,
Пусиб ётар айбдорлардай…

Бир сўзли одам эди бобом,
Бир қалкиди, бир бор йиқилди.
Ваъда берганидек бир оқшом,
Отасининг ёнига келди.

О, ўшанда ич-этимни еб…
Лекин қойил инсон сабрига.
Қиёматда енгил юрсин деб,
Кичикроқ тош қўйдик қабрига.

Ниятларим келиб ўнгидан,
(Мен ҳам дангал гапимни айтай!)
Қайда бўлмай, сафар сўнгида,
Бобом ётган тупроққа қайтай.

10.05.2017

ЕСЕНИНДАН БИР КОСА,
МАШРАБДАН БИР ЖОМ

Cуҳроб ЗИЁ
042

Ёш қаламкаш дўстимиз Жонтемир Тоштемировнинг “Дарвеш қўшиғи” шеърий тўпламини ўқир эканман, эркинлик излаб ўзини ҳар ёққа ураётган, жазавага тушаётган инсон сиймоси кўз олдимга келди. Тўпламда бир дахлсиз мавзу бор. Бу — болалик билан боғлиқ хотиралар. Уларда “мен”ликдан холи ижодкор дунёси кўринади. Уларда бобосини “Жўрам” деб атайдиган, момосини ҳар дам эслайдиган, кучугидан хавотир оладиган қишлоқ боласи қиёфаси бор.

Қай шеърда болаликка мурожаат қилинса, ўша шеър шарқираб оқаётган тиниқ сувдек кўринади. Табиат билан боғлиқ ташбеҳларни умумий мазмундан ажратиб олса ҳам ўша жозиба сақлаб қолинади. “Бошлаб кирар тунни қишлоққа безов­та итларнинг ҳуриши”, “Пианино клавишлари узра ҳаракатланаётган сеҳргар бармоқлар — ёмғир кўл юзини чертар оҳиста”, “Сўйилган шафақ қонига ботириб олинган баргларни ёпиниб ётар йўлак”… Китобда бу каби ифодалар бисёр. Улардаги мусиқанинг ўзи ёқимли.

Шоир битган мисраларда ким яшаяпти? Ижодкор “мен”и уларда қай тарзда намоён бўлмоқда? Мазкур тўплам ҳақида ёзмоқчи эканимни айтганимда, муаллифнинг ижодий машқлари билан таниш бўлганлар Юнус Эмро, Сергей Есенин, Асқар Маҳкам кабиларнинг ижодини бир кўздан кечиришни маслаҳат берди. Сабабини кейинроқ, “Дарвеш қўшиғи”ни ўқиб чиққач тушундим. Есенинсифат жанжалкаш, безори, одамлардан кўра, жонзотларга меҳр қўйган инсон образи бу тўпламдан ўрин олган шеърларида ҳам учрайди.

Есенин:

Мабодо мен шоир бўлмасам,
Бўлар эдим безори, ўғри, — деса;

Жонтемир:

Шоир бўлсам ҳамки нетайин,
Томиримда жанжалкаш қони,

— деб ёзади.

Рязань безориси билан Шаҳрисабз ўғлонининг бундай яқинлиги тасодиф эмас. Ахир, иккиси ҳам ўз характерини тасвирлашга уринган-да.

Китобни варақлар экансиз, “You are not alone” деган ажнабий қўшиқ тинглаб, лабига сигарета қистирган жанжалкаш йигит тариқат йўлидаги дарвешга айланиб боради (моҳиятан бу икки ҳолат бир-бирини инкор этади). Энди сатрлардан Аҳмад Яссавий, Юнус Эмро, Машраб оҳанглари сизиб чиқа бошлайди. Тасаввуф ардоқлаган, ёр висолини жаннату дўзахдан устун қўймоқ ҳолати “дарвеш” хиргойиларига кўча бошлайди. Чиндан гўзал шеърлар яралган. Аммо диний-фалсафий истилоҳларни қўллашда муаллиф ҳаддан ошиб кетгандек, чамамда. Дарвешона шеърлардан бирида шундай сатрлар бор:

…ва ҳайқирган йиртилиб бўғзи,
У қўл урган энг сўнгги гуноҳ.
(Ёзғувчини кечирсин Ўзи)
Ла илаҳа иллаллоҳ, Мажнуни расулуллоҳ!

Аслида бу Аллоҳнинг каломини бузиш эмасмикан? Ёки бошқа ўринда лирик қаҳрамон ўзини “дунёсига пешоб сачратиб, хилватларда яшовчи дайди”, деб атайди. Бу уят-ку! Машрабда ҳам дунёнинг устидан мағзава тўкиш учрайди. Аммо унинг сўфийликда эришган даражаси оддий шоирликдан анча юқори. Жонтемирнинг Машраб билан тенглашишга уриниши жўн тақлиддан нарига ўтмайди.

Яна бир жиҳат. Шоир тамаки ва май билан боғлиқ ҳолатларни шундай тасвирлаганки, улардан баҳраманд бўлиш саодатдек туюлади ўқувчига. Тўғри, ижодда эркинликка йўл қўйилиши мумкин. Лекин, бошқа томондан, “Дарвеш қўшиғи” тўплами ҳали минглаб ўқувчилар қўлига етиб боришини ҳисобга олиш керак. Адабиёт тарғибот усули эканини ҳам унутмайлик. Муаллиф, табиийки, буни яхши тушунади. Шундай экан, ё индамасин, ё иллатдан келган рутубатни ўзидан аритсин-у ўзгани ҳам бундан қайтарсин. Қалам аҳли учун энг улуғ устоз — Ҳазрат Навоий. Шоирлар ўзини шу мезонга қараб созласа, айни муддао бўлур эди.

“Лабимга сигарет қис­тириб, кўзга яқин пўрим йигитман”, “Сўнгги тамакимни тутатиб, варақлайман Евтушенкони”, “Тамакимни чертганим заҳот, оловланиб кетди кунчиқар”, “Жаллод билан симирдим шароб, гоҳ боримни тикдим қиморга”, “Тамакини қилмайман канда, гоҳ-гоҳида ўйнайман қимор”… Эътибор беринг, буларни “Бадбўй нафсни ташладим сиқиб, шаҳид ўтган ошиқлар руҳи, азон айтди елкамга чиқиб”, деб турган лирик қаҳрамон айтяпти. Хуллас, фикримиз шу: билиб-билмай, иллатни тарғиб қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Энди “Сир” шеъридан олинган қуйидаги мис­раларга диққатингизни қаратсак:

… Навқирон тар елвизак
Ой қизни — кеча таққан —
Уринар кўксин эзиб
Номусига тегмоққа…

Ушбу мисралар шеърларнинг умумий мазмунга шундай сингдирилганки, муаллифни ахлоқсизликда айблашга иккиланиб қоласиз. Бироқ Жонтемир ижодига ихлос қўя бош­лаган мактаб ўқувчиси шу пайтда қандай ҳолатга тушишини бир тасаввур қилиб кўринг-а… Мана, бошқа бир мисол: “Кетаяпмиз қўл ушлашиб, иккимиз ҳам қип-яланғоч”, “Қадам қўяр нор йигит, ҳаҳ, бокиралар ҳарамига”, “Сулув-сулув жинзодалар, ётоғига тортар ҳадеб”. Шуларни ўқиб китобнинг юзига “+18” ёрлиғини ёпиштириш керакмикан, деб ўйлаб қолади киши. Биродарлар, ахир, бу — китоб! Уни ўсмир-ёшларнинг қўлига етказиш мўлжалланган. Аммо бошқа томондан “Дарвеш қўшиғи” муаллифнинг сўз даргоҳига қўйган дадил қадами. Биз мана шу қадам ҳақида илму тафаккуримиз доирасида мулоҳаза қилишга уриндик. Усмон Азим ёзганидек: “Эҳтимол, юқоридаги тахминларимиз фақат тахминдир…” Бошқалар уни ўзгача тушунар. Балки, муаллифнинг кейинги шеърлари бу қарашларни ўзгартирар. Аммо ҳозирча фикру, таассуротларимиз шундай.

Манба: www.yoshlarovozi.uz

08Ushbu sahifada Jontemrning ilk toʻplami “Darvesh qoʻshigʻi”ga taniqli shoir Aziz Said yozgan soʻzboshi bilan toʻplamga birinchilardan boʻlib oʻz munosabatini bildirgan shoir Suhrob Ziyoning taqrizini taqdim etmoqdamiz.

054

Jontemir bugungi kun ijodkor avlodi orasida diqqatimni tortgan ikki-uch shoirdan biri. Yangi avlodning yutugʻu kamchiliginiyam, xuddi kaftimda turgandek, aniq koʻraman. Oʻzaro suhbatlarda ularni roʻyi rost aytmayman, “ishora” qilaman. Oʻzi ilgʻasin, oʻzi sezsin va oʻzi tushunsin deyman. Birov aytgani bilanmas, oʻzligini oʻzi topsin deyman.

Jontemir sheʼrlaridayam turli taʼsirlarni koʻraman. Sharqu Gʻarbning koʻhna shoirlaridan, oʻzim mansub avloddan taʼsirlarni ilgʻayman. Shu bilan barobar salaflardan taʼsirlanmay sheʼriyatga kirgan birontayam shoir yoʻqliginiyam tan olaman. Birovga ergashib, oʻz yoʻlini koʻrishi (topishi) bilan shiddat bilan oldinga tashlangan Abdulla Oripov, Rauf Parfi kabi buyuk ustozlar ibratiniyam unutmayman.

Jontemir qoʻrquv nimaligini bilmaydigan avlod vakili. Bu oʻrinda men, eng avvalo, Soʻz oldidagi qoʻrquvni nazarda tutyaman. Bu qoʻrquvning asl nomi Masʼuliyat. Masʼuliyat faqat insoniy komillikdan, maʼnaviy tajribadan shakllanadi. Bu soʻzlarni aytishdan maqsadim, jamiyatdagi, shu jumladan, adabiyotdagi har qanday soʻz erkinligining ham chegarasi boʻlishini taʼkidlashdan iborat. Hadsizlik insonni (insoniylikni) halok etadi.

Shoir sheʼr daftarida xohlaganini yozishi nechogʻli tabiiy boʻlsa, daftardagi sheʼrlar kitob shaklini olgandan keyin ularga boʻlgan turli tarzdagi munosabatlar bildirilishi ham shunchalik tabiiydir. Zero, sheʼr daftaridan kitobga koʻchgan sheʼrlar nashrdan keyin kitobxonlaru adabiyot ahli ixtiyoriga oʻtadi.

Ayni shu sababdan, Jontemirning ilk toʻplamiga, maʼlum maʼnoda, uning ijodiga boʻlgan har ikki munosabatni oʻrinli deb bilaman.

Xurshid DAVRON
Oʻzbekiston xalq shoiri

KUYLANMAGAN QOʻSHIQLARIM BOR
Aziz SAID
042

Qovurgʻadan yasab nay,
Hoʻplagancha ruh-la may,
Samoʼ tushayotgan tinmay,
Ichkarida ham oʻzim,
Tashqarida ham oʻzim.

Ruhning nafasi bilan yozilgan bunday sheʼrlar Jontemirda birdan paydo boʻlgani yoʻq. Uning sheʼrlarini uch yildan buyon kuzataman. U shaklu ohangda, tasvir va soʻzda havas va taʼsir maqomlaridan ham oʻtib koʻrdi. Bugun Jontemirning sheʼrlarida har kunini sheʼr bilan yashayotgan, sheʼr bilan nafas olayotgan, oʻziga-da, dunyoga-da isyoni baland, ruhining kuyiga koʻngli raqs tushayotgan ijodkorni koʻryapman.

Sheʼrlarida sheʼrman degan taʼma yoʻq, qalbdagi titroqlar, dardlar misralarga aylangan, evrilgan. Yosh shoir oʻz holining samimiy va shafqatsiz suratlarini chizishi, tasavvur kengligi, dardu hayrati, tashbehu qiyosi hech bir tengdoshiga oʻxshamaydi.

Qays tomchilar Layli Oqsuvning,
Choʻlpillatib oʻpar boʻynidan.

Yoki

Oʻynashamiz samoda ikkov,
Bir-birovga yulduz sachratib.

Jontemirning keyingi sheʼrlari fikri yanada teranlashayotganidan, ruhi bobomeros ilohiy, jazbali ohanglarga tutash-tutash parvoz etayotganidan, “Darvesh qoʻshigʻi”, “Uh tortmagin lolaruh”, “Oshiqona”, “Darveshona”, “Vahdat vodiysi”, “Izlam” kabi sheʼrlar uning oʻzgacha bir nafas bilan yozayotganidan darak beryapti.

…Ketar boʻlsa bir kun tashlab,
Soʻngunicha vahshiy oʻt.
Yolgʻizlatib qoʻyma Mashrab,
Zanjirimdan mahkam tut.

Yoki

Dalli ruhim, firib ohang
Tosh koʻzaga solib qoʻyding.
Qayda vodiy?
Qayda voha?
Mani mandan olib qoʻyding.

Sheʼriyatimizga yangi bir yosh shoir kirib kelganiga imonim komil. Uning “Hali yetti iqlimga sigʻmas, Kuylanmagan qoʻshiqlarim bor” degan vaʼdalariga, ishonaman.

Jontemir
“DARVЕSH QOʻSHIGʻI”DAN SHEʼRLAR
042

XAT
Komil togʻamga

Koʻpqavatli uy.
Havo dim,
Hur-hur shamol qaydayu
chalopjon qayda?
Sochlarini oʻpib chiqqan savodim,
Nima qilayotgan ekan Zubayda?!

Gangitib qoʻydi asad shaharni,
Daraxtlar tushidan ketmas togʻ-adir.
Otidan qochgandi Botir dagarning,
Togʻa,
baytalimiz egiz tuqqandir?

Tarvuz kesayotib esimga tushdi,
Yana oʻgʻirlashdi shaytonlar, obbo
deya qoʻrib yotardi tarvuzpoyani,
Hozir hayotmikin Raimboy bobo?

Qoʻshnilar qanday yuribdi ekan?
…Yelkamga ish yuklar boshliq ustma-ust.
Bilmaysiz mingta kitob oʻqigandan
Bitta qishloqdosh bilan gaplashgan durust.

Esingizdadir, bir aybim uchun,
Boplab…
Yigʻlagandim
boʻralab, soʻkib.
Sal oʻtmay jigar meni kechir deb,
Kelgandingiz koʻzyoshi toʻkib.

Oʻ, togʻam-a! Alpomish togʻam!
(Pildirab qolgandir chaqalogʻingiz)
Hamon daydi,
telba ruhimga
Kerak boʻlayapti (oʻsha) shapalogʻingiz.

Yerdan tuvakka koʻchgan guldayin,
Tomir yozolmay qoldim bu yerda.
Bafurja gapirib beraman hali,
Hamma gapni aytib boʻlmaydi sheʼrda.

Koʻpqavatli uy…
Havo dim…
Terak soyasida mizgʻir saraton.
Shapalogʻin yeb chiqqan savodim
Togʻa, yotgandirsiz hur-hur soʻrida…
Mayli, vaqtim ziq (shaharlikman-ku),

Men bir bodi. Sizning esa
Suvga kelgan joʻyagingiz.
Hurmat bilan:
Xat yozuvchi sizga hali koʻ-oʻp,
Sheʼriyatga kirib
Odamgarlikdan chiqib borayotgan jiyaningiz!

YOʻLBARS

Urishqoq edi Yoʻlbars,
Yoʻgʻon edi sullonli panjalari.
Qop-qora badanin kesib oʻtgan
Oq chiziq – belqars,
Uychasi keng. Atrofi panjarali.

Bobbi choʻpon aytganidek,
Dumbali qoʻchqorni koʻtarib
Ikki quloch paxsa devordan
Bemalol oshib oʻtardi.

Non yemasdi begona qoʻldan,
Tashlanmasdi oʻtgan-ketganga.
Gʻarib kulbaga qoʻshilib,
Oʻtkir koʻzlarini uzmasdan yoʻldan
Shodi choʻloq – egasini kutardi.

Shodi choʻloq ham yetim –
Qishloq samovarchisi.
Yoshi qirqdayu lekin
Boʻydoq.
Birov unga qiz bermadi esh bilib.
Sevgilin toʻyida choyga qoʻshib
Jigarini-da qaynatgan,
Yuragi sob boʻlgan teshilib.

Toʻrt yil burun kuchvachcha obtushdi togʻdan,
“Yoʻlbars” qoʻydi otini.
Boʻribosar itlardan ekan,
Keyin bildi zotini.
Oʻsha bilan ovunib yurdi,
Sanchmay qoʻydi yolgʻizlik xanjarin.
“Choʻloq oʻzin itga teng koʻrdi”
Gap chaynadi uch-toʻrt zanchalish.

Kiprik qoqmadi u,
Yaxshilab tupurib
gʻiybat, gap-soʻzga.
Yashayverdi yuzida kulgu,
Axir
Yaproqni chertsang
Ziyon yetmaydi-ku ildizga.

Biror joyi qonasa,
Yalab tuzatganin koʻrib,
Derdi: Ayirmagin shundan Allohim.
Umrida koʻrmagan ota-onasin
Sogʻinsa,
Tunlar Yoʻlbarsni quchib yigʻlab olardi gohi.

Itfurushlar kelishdi bir kun,
Shodi sodda… birga ichishdi.
Kambagʻalning dargohi toʻkin,
Soʻng Yoʻlbarsga narx bichishdi.

— Yoʻq, sotmayman, menga inidek.
— Qani ovmi-in, — turdi mehmonlar.
— Xayr choʻloq, yaxshi tushundik.
Tong azon namozga turgan Shodi
Bir poy kalishiga boshin qoʻygancha
Qoniga belanib yotgan Yoʻlbarsni koʻrdi…

Yigʻladi!..
Xudo eshitmadi dodini.
Koʻksiga bosh qoʻyay desa na uli bor
Na-da xotini.
Yoʻlbarsni quchib uch kun yotdi piqillab,
Holing ne deb soʻrmadi birov devor oshib.
Toʻrtinchi kun itni koʻmishdi…
Shodiga qoʻshib.

OLCHOQQA DUCH KЕLGANDA

Toʻsatdan oʻzgarar holating,
Badaningga yugurar titroq.
Koʻzlaring qizgʻish tus oladi,
Xayolingga keladi sirtmoq.

Roʻparangda bijgʻigan miya,
“Jonini ol, qonini ich, bas!”.
Oʻqotar qurolmas ogʻzing yaxshiyam,
Yaxshiyam koʻllaring qilichmas…

17.10.2017

TЕNGDOSH SHOIRLARGA

Bosh egishni bilmadim men oʻr,
Yashamadim qoʻrqib, yer shoxlab.
Darveshlarga dedim: joying toʻr,
Qarashimdan qochdi maddohlar.

Nigohimga chaqmoqni qamab,
Koʻchkidan soʻz oldim Xudoyim.
Murgʻaklikda derdi bobom ham:
Quyoshga tik qaragin doim.

Shunday qildim, magʻrurlik meros,
Koʻr qilmadi koʻzni zar, tillo.
Or daraxtim gulladi qiygʻos,
Jon hovuchlab yurmadim illo —

Qabrida tik turar Qodiriy!
Savanglar! Ayamay savanglar!
Oʻzbekning qaysi bir shoiri,
Yashasa boshini avaylab.

17.10.2016

***

Oʻ, Shahrisabz, omon boʻl inim!
Koʻp sevardim kulunlaringni.
Biri opam, birisi singlim,
Avaylagin suluvlaringni.
Rozi boʻlgin oʻgʻlingdan Hisor,
Tik qoyalar, sersuv bulutlar.
Ohularim — mahbub, beozor,
Magʻrur qashqirlaru burgutlar.
Men shoxini sindirgan inak,
Kechir, bu dam araz bitgandir.
Gunoximdan oʻt qari koʻppak,
Bir gal seni yomon tepgandim.
Doʻstim, nega boshginang egik?
Koʻzyosh toʻkmay kuzat, iltimos.
Kel bagʻrimga, xayrlashaylik,
Qoʻchoqlashib togʻliklarga xos!
Baytalimni qoʻydim qantarib,
Otboqarni xushlamas Toshkent.
Ketganimdan uch kun oʻtkarib,
Tushovidan uni ozod et…
Kechir buvi, keksaygan chogʻing,
Seni tashlab… Darding ketmaydi.
Ogʻriganda endi oyogʻing,
Uqalashga qoʻlim yetmaydi.
Koʻrishguncha jaydari qishloq,
Yodda tutgum: olma, tokini.
Zangor osmon, ey ona tuproq,
Extiyot qil bobom hokini.
Shahrisabz — otameros yer,
Qarolmayman koʻzlaringa tik.
Borligʻimni egallagan sheʼr
Sabab sendan ketayapman lek —
Yaprogʻingni chertsa biror kas,
Eshit dunyo, dangal aytaman.
Xudo haqqi, olmoq uchun qasd,
Shu zahoti ortga qaytaman!
Shahrisabz,
Omon boʻl inim…

2.09.2017

* * *

Tun sep yoyar. Kunduz qaridi,
Yoʻgʻonlashar zaif tovushlar.
Yoritay deb osmon qaʼrini,
…Yulduz sochar hovuch-hovuchlab.

Yomgʻir… koʻcha tomogʻin hoʻllab,
Yumshoq yuzi aylanar loyga.
Simyogʻochlar – pichilgan qullar,
Tikilishar yalangʻoch oyga.

Iymon oʻqib qaytgach xuftonni,
Soat oʻngga urganida bong.
Biz uchrashgan hu-uv xiyobonni,
Xotiramda qilgayman mehmon.

Axir, bilsang, senga tegishli
Yoshligimning katta boʻlagi.
…Chak-chakillab qoʻzgʻaydi gʻashliq
Tarnovlarning muzdek soʻlagi.

Uyqu bermas ertaklar xasis,
Tun. Xayolga oʻtmish quyilar.
U ham meni oʻylar shubhasiz,
Balki menga shunday tuyular…

* * *

Uzo-oq yillar bunda boʻlmadim,
Yurtni kezdim rizqimni terib.
Biroq sensiz baxtim kulmadi,
Qorapoycha — sogʻingan yerim.
Ancha yillar bunda boʻlmadim.

Tagʻin qaytdim bagʻringa bu kez,
Ayni oʻrim, terim mahali.
Tor koʻchangda duch keldi bir qiz,
Ismini ham bilmayman hali.
Tagʻin qaytdim bagʻringa bu kez.

Choʻchib ketdi koʻrinishimdan,
Xoʻrpaygan soch, beoʻxshov moʻylab.
Muz ustida yurgan kishiday,
Arang keldim uyga toy-toylab.
Choʻchib ketdi koʻrinishimdan.

Bosh ustimda zangori osmon,
Rus goʻzalin koʻzlari yangligʻ.
Hadya etar qoʻshigʻu doston,
Endi menga shu keng yalanglik.
Bosh ustimda zangori osmon.

Tagʻin qaytdim bagʻringa bu kez,
Ayni oʻrim, terim mahali.
Tor koʻchangda duch keldi bir qiz,
Ismini ham bilmayman hali.
Tagʻin qaytdim bagʻringa bu kez.

Tor koʻchada duch kelgan dildor,
Ortiq qochma qoshing qayirib.
Boʻlmasa-da, u yigit puldor,
Shu qishloqning tanho shoiri.
Ortiq qochma qoshing qayirib.

Unga jonday qadrdon shu yer,
Kulgularing sachragan havo.
Bugʻdoyzorda yozilajak sheʼr,
Shoʻx jilgʻalar chalguvchi navo.
Unga jonday qadrdon shu yer.

Yoʻngʻichqaning boʻyiga xumor,
Chigrtkalar qoʻshigʻidan mast.
Chopib yurgan boʻynida tumor,
Toychoqlarga qiladi havas.
Chigrtkalar qoʻshigʻidan mast.

Yoʻq, choʻchima zinhor, dilrabo,
Balki oʻtli muhabbatdir bu.
Toʻrtta ummon turganda yo rab,
Koʻzlaringa choʻkib ketdi u.
Balki oʻtli muhabbatdir bu!

29.10.2016

QOR YOGʻAR, YURAKDA JARANGI

Sochlarim, kaftim-da oqarmish.
Bu serjilo lahzalar rangin,
Sokin qalbda qoʻzgʻolur darvesh.
Uchqunlarga qarayman toʻnib,
Har birida Alloh namoyon.
Qaraymanu bir dam oʻksunib,
Tuyuladir umrim bepoyon.
Tevarakda uchar oqqushlar,
Istaklari qoʻnmoq koʻzimga.
Siypalolmam birovin ushlab,
Achchiq zardob toʻlar boʻgʻzimga.
Yupatmoqqa tushaman oʻzni,
(Bedor kecha. Koʻchalar gavjum)
Takrorlayman tagʻin shu soʻzni:
Cheksizlik bor,
Cheksizlik mavjud!
Yoʻqsa qorda sayr etmoq nechun?
Nechun yuraklarda jarangi?
Ogʻir qalqib uygʻonmish vujud,
Nechun oqshom bunchalar rangin?!
Ogʻriqlarni yengdi-ku havas,
Qulamadi boshinga samo.
Soʻngan tuygʻularga qasdma-qasd,
Qor yogʻmoqda, yogʻmoqda hamon…
Tevarakda uchar oqqushlar,
Oʻrindiqlar, bogʻlar oqarmish.
Shlyapasin sirti kumushrang,
Kezib yurar shaharda darvesh.

* * *

Yigirmadan uzaydi yoshim,
Hamon sizga beraman firib.
Yuguraman boladay shoshib,
Oʻzgarmayman oʻttizga kirib.

Tark etmaydi yoshlik — beboshlik,
Xoʻrozlar ayrilar dumidan.
Koʻrsin deya ul qalam qoshlik
Choʻmilaman qishloq gumida.

Bezoriman, men oʻsha qitmir,
Qoʻshiqsevar, joʻmardu dangal.
Koʻchalarda urib kimnidir,
Chiqaraman har kuni janjal.

Tashlab ketgan otam bir zamon,
Goh-gohida yoʻqlaydi onam.
Yurt kezaman shu sabab sarson,
Sheʼr yozaman yuragim qonab.

Qaramayman hech raʼyingizga,
Ohumasman qoʻrqogʻu hurkak.
Tugʻilganda, shoiringizga
Keng oʻtloqlar boʻlgandir yoʻrgak.

Chorlar edi togʻlar olisdan,
“La ilaha…” sodiq tumorim.
Qornim ochsa tunlar polizdan,
Toʻyinardim tarvuz oʻmarib.

Yalangayoq yurmoqning zavqin,
Hech kim mendek his etmagan, rost.
Mayxonada: ur-yiqit, shovqin
Doʻstlar aro aytar edim tost.

Oʻsib ketgan uchun soqolim,
Qariya deb atardi qizlar.
Sevganmanu bir bor aqalli,
Gul tutmadim poyida tizlab.

Qulogʻimdan ketmadi sira,
Bobomlardan qolgan xotira:
«Togʻning togʻga bosh ekkanin kim koʻrgan,
Sen ulardan magʻrur yashashni oʻrgan».

Hamon shunday oʻtmoqda umrim,
Isyonkor qalb, shiddatlar aro.
Bosh ustimda qoʻshiq ayt, qumrim,
Qolgan hamma-hammasi sarob!

31.10.2016

SHAROB

Ichaman, koʻzlarim chirt yumib,
Tanimda yoyilar harorat.
Yuboraman dardlarim koʻmib,
Juraʼtim togʻlarga barobar.

Chalkashib ketadi kun va tun,
Chuvalgan ot yoli singari.
Qilolmaydi ongimga xujum,
Soatning beshafqat millari.

Birdan qanot chikarar qoʻlim,
Ojizligim kelmaydi malol.
Sargʻaygan rasmingga termulib,
Soʻng yigʻlay boshlayman bemalol…

17.10.2017

NIYAT

Avaz Malik — qadimiy qishloq,
Qadimiydir qabristoni-da.
Unda yotar bobomiz
Shundoq,
Rahmatli otasin yonida.

Soya tashlab turar keksa tut,
Panalaydi yomgʻirdan, qordan.
Sal narida — hujrada tobut,
Pusib yotar aybdorlarday…

Bir soʻzli odam edi bobom,
Bir qalkidi, bir bor yiqildi.
Vaʼda berganidek bir oqshom,
Otasining yoniga keldi.

O, oʻshanda ich-etimni yeb…
Lekin qoyil inson sabriga.
Qiyomatda yengil yursin deb,
Kichikroq tosh qoʻydik qabriga.

Niyatlarim kelib oʻngidan,
(Men ham dangal gapimni aytay!)
Qayda boʻlmay, safar soʻngida,
Bobom yotgan tuproqqa qaytay.

10.05.2017

YESЕNINDAN BIR KOSA,
MASHRABDAN BIR JOM
Cuhrob ZIYO
042

12Yosh qalamkash doʻstimiz Jontemir Toshtemirovning “Darvesh qoʻshigʻi” sheʼriy toʻplamini oʻqir ekanman, erkinlik izlab oʻzini har yoqqa urayotgan, jazavaga tushayotgan inson siymosi koʻz oldimga keldi. Toʻplamda bir daxlsiz mavzu bor. Bu — bolalik bilan bogʻliq xotiralar. Ularda “men”likdan xoli ijodkor dunyosi koʻrinadi. Ularda bobosini “Joʻram” deb ataydigan, momosini har dam eslaydigan, kuchugidan xavotir oladigan qishloq bolasi qiyofasi bor.

Qay sheʼrda bolalikka murojaat qilinsa, oʻsha sheʼr sharqirab oqayotgan tiniq suvdek koʻrinadi. Tabiat bilan bogʻliq tashbehlarni umumiy mazmundan ajratib olsa ham oʻsha joziba saqlab qolinadi. “Boshlab kirar tunni qishloqqa bezov­ta itlarning hurishi”, “Pianino klavishlari uzra harakatlanayotgan sehrgar barmoqlar — yomgʻir koʻl yuzini chertar ohista”, “Soʻyilgan shafaq qoniga botirib olingan barglarni yopinib yotar yoʻlak”… Kitobda bu kabi ifodalar bisyor. Ulardagi musiqaning oʻzi yoqimli.

Shoir bitgan misralarda kim yashayapti? Ijodkor “men”i ularda qay tarzda namoyon boʻlmoqda? Mazkur toʻplam haqida yozmoqchi ekanimni aytganimda, muallifning ijodiy mashqlari bilan tanish boʻlganlar Yunus Emro, Sergey Yesenin, Asqar Mahkam kabilarning ijodini bir koʻzdan kechirishni maslahat berdi. Sababini keyinroq, “Darvesh qoʻshigʻi”ni oʻqib chiqqach tushundim. Yeseninsifat janjalkash, bezori, odamlardan koʻra, jonzotlarga mehr qoʻygan inson obrazi bu toʻplamdan oʻrin olgan sheʼrlarida ham uchraydi.

Yesenin:

Mabodo men shoir boʻlmasam,
Boʻlar edim bezori, oʻgʻri, — desa;

Jontemir:

Shoir boʻlsam hamki netayin,
Tomirimda janjalkash qoni,

— deb yozadi.

Ryazan bezorisi bilan Shahrisabz oʻgʻlonining bunday yaqinligi tasodif emas. Axir, ikkisi ham oʻz xarakterini tasvirlashga uringan-da.

Kitobni varaqlar ekansiz, “You are not alone” degan ajnabiy qoʻshiq tinglab, labiga sigareta qistirgan janjalkash yigit tariqat yoʻlidagi darveshga aylanib boradi (mohiyatan bu ikki holat bir-birini inkor etadi). Endi satrlardan Ahmad Yassaviy, Yunus Emro, Mashrab ohanglari sizib chiqa boshlaydi. Tasavvuf ardoqlagan, yor visolini jannatu doʻzaxdan ustun qoʻymoq holati “darvesh” xirgoyilariga koʻcha boshlaydi. Chindan goʻzal sheʼrlar yaralgan. Ammo diniy-falsafiy istilohlarni qoʻllashda muallif haddan oshib ketgandek, chamamda. Darveshona sheʼrlardan birida shunday satrlar bor:

…va hayqirgan yirtilib boʻgʻzi,
U qoʻl urgan eng soʻnggi gunoh.
(Yozgʻuvchini kechirsin Oʻzi)
La ilaha illalloh, Majnuni rasululloh!

Aslida bu Allohning kalomini buzish emasmikan? Yoki boshqa oʻrinda lirik qahramon oʻzini “dunyosiga peshob sachratib, xilvatlarda yashovchi daydi”, deb ataydi. Bu uyat-ku! Mashrabda ham dunyoning ustidan magʻzava toʻkish uchraydi. Ammo uning soʻfiylikda erishgan darajasi oddiy shoirlikdan ancha yuqori. Jontemirning Mashrab bilan tenglashishga urinishi joʻn taqliddan nariga oʻtmaydi.

Yana bir jihat. Shoir tamaki va may bilan bogʻliq holatlarni shunday tasvirlaganki, ulardan bahramand boʻlish saodatdek tuyuladi oʻquvchiga. Toʻgʻri, ijodda erkinlikka yoʻl qoʻyilishi mumkin. Lekin, boshqa tomondan, “Darvesh qoʻshigʻi” toʻplami hali minglab oʻquvchilar qoʻliga yetib borishini hisobga olish kerak. Adabiyot targʻibot usuli ekanini ham unutmaylik. Muallif, tabiiyki, buni yaxshi tushunadi. Shunday ekan, yo indamasin, yo illatdan kelgan rutubatni oʻzidan aritsin-u oʻzgani ham bundan qaytarsin. Qalam ahli uchun eng ulugʻ ustoz — Hazrat Navoiy. Shoirlar oʻzini shu mezonga qarab sozlasa, ayni muddao boʻlur edi.

“Labimga sigaret qis­tirib, koʻzga yaqin poʻrim yigitman”, “Soʻnggi tamakimni tutatib, varaqlayman Yevtushenkoni”, “Tamakimni chertganim zahot, olovlanib ketdi kunchiqar”, “Jallod bilan simirdim sharob, goh borimni tikdim qimorga”, “Tamakini qilmayman kanda, goh-gohida oʻynayman qimor”… Eʼtibor bering, bularni “Badboʻy nafsni tashladim siqib, shahid oʻtgan oshiqlar ruhi, azon aytdi yelkamga chiqib”, deb turgan lirik qahramon aytyapti. Xullas, fikrimiz shu: bilib-bilmay, illatni targʻib qilib qoʻyishdan ehtiyot boʻlish kerak.

Endi “Sir” sheʼridan olingan quyidagi mis­ralarga diqqatingizni qaratsak:

… Navqiron tar yelvizak
Oy qizni — kecha taqqan —
Urinar koʻksin ezib
Nomusiga tegmoqqa…

Ushbu misralar sheʼrlarning umumiy mazmunga shunday singdirilganki, muallifni axloqsizlikda ayblashga ikkilanib qolasiz. Biroq Jontemir ijodiga ixlos qoʻya bosh­lagan maktab oʻquvchisi shu paytda qanday holatga tushishini bir tasavvur qilib koʻring-a… Mana, boshqa bir misol: “Ketayapmiz qoʻl ushlashib, ikkimiz ham qip-yalangʻoch”, “Qadam qoʻyar nor yigit, hah, bokiralar haramiga”, “Suluv-suluv jinzodalar, yotogʻiga tortar hadeb”. Shularni oʻqib kitobning yuziga “+18” yorligʻini yopishtirish kerakmikan, deb oʻylab qoladi kishi. Birodarlar, axir, bu — kitob! Uni oʻsmir-yoshlarning qoʻliga yetkazish moʻljallangan. Ammo boshqa tomondan “Darvesh qoʻshigʻi” muallifning soʻz dargohiga qoʻygan dadil qadami. Biz mana shu qadam haqida ilmu tafakkurimiz doirasida mulohaza qilishga urindik. Usmon Azim yozganidek: “Ehtimol, yuqoridagi taxminlarimiz faqat taxmindir…” Boshqalar uni oʻzgacha tushunar. Balki, muallifning keyingi sheʼrlari bu qarashlarni oʻzgartirar. Ammo hozircha fikru, taassurotlarimiz shunday.

Manba: www.yoshlarovozi.uz

077

(Tashriflar: umumiy 1 509, bugungi 1)

Izoh qoldiring