Gulrux Xudoyorova. She’rlar

002    Юртимизга баҳор кириб келди. Шеърият майдонига кириб келаётган ёш шоир ҳам баҳор нафаси билан кириб келиши, адабиёт иқлимида ўзгаришлар олиб кириши керак. Гулрух Худоёрованинг «Қайғу билан бахт орасида» ёзилган шеърларида қишнинг даласини нафаси билан илитаётган эрта баҳор  нафасини илғагандай блдим. Юрагимни яшнатган шеърларни  ёш шоирага қаратилган энг эгу истаклар ила тақдим этмоқдаман.

Гулрух Худоёрова
ШЕЪРЛАР
02

   Гулрух Худоёрова 1991 йилда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. 2014 ЎзМУнинг филология факультетининг бакалавр, 2017 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг магистратура босқичини тамомлаган.

***

Энди ўзим менмасман,11
Энди тамом бошқаман.
Мен телбаман
Дайдиман.
Мен ўт — ўлан
Майсаман.
Чўпонлар таёғини
Чертиб шеърлар айтаман.
Энди елкам тоғ менинг
Қуёшни елкалайман.
Майли деманг соғ мени
Тупроқни эркалайман.
Япроқни эркалайман,
Қийноқни эркалайман.
Ичимдаги ул оташ
Титроқни эркалайман.
Энди ўзим йўлман-у,
Энди ўзим йўлчиман.
Энди ўзим ёвман-у,
Энди ўзим элчиман.
Энди мени изласанг,
Энди мени сўрасанг,
Энди мени Алпомиш
Тушларида кўради.
Адо бўлган, қулаган,
Юраккинам нураган.
Энди менга қалдирғоч
Юрак қуриб беради.
Ўшангача дайдисам,
Ўшангача қайтмасам,
Ўшангача ранжима,
Гар номингни айтмасам.
Чунки сенга сўйлаш чун
Чунки сени куйлаш чун,
Юрагиму иймоним
Бўлиши керак бутун.
Унгача куйлолмайман,
Унгача сўйлолмайман,
Унгача номингниям
Хотиржам ўйлолмайман.
Мен унгача телбаман,
Мен унгача дайдиман.
Мен унгача ўт-ўлан,
Мен унгача майсаман.
Юрагим бут бўлган кун
Онам дея айтаман.
Отам дея айтаман.
Юрагим бут бўлган кун
Ватан дея айтаман!
Ватан дея айтаман!

***

Мана, мен кетяпман!
Кетишим тайин.
Виқор-ла қаршингдан ўтяпман бу он.
“Қаёққа кетяпмиз?!”
Ҳеч англолмайин,
Ортимдан тўнғиллаб борар жомадон.

Мана, мен кетяпман!
Ўйлайман шу чоқ:
Нимадир бўлсайди, недир бўлсайди.
Дунё термулади беғам, эринчоқ,
Аксига олгандай ҳеч не бўлмайди.

Мана, мен кетяпман!
О, недир бўлса!
Юраклари ёниб кетса кимнингдир.
Пичирлар ул эски жомадон эса:
“О, унга барибир, унга барибир!”

Мана, мен кетяпман!
Кетишим – исён.
Балки енгилмоғим азалий тақдир.
Менга мадад берар эски жомадон:
“О, сенга барибир, сенга барибир!”

***

Уйғонди-ю шошилди ишга,
Китоб тўла сумкасин судраб.
Сўнг бахт ҳақда сўзлади аста,
Бахти тўкис одамга ўхшаб.

Кезди синф хонасин мағрур:
“ Ўтказмангиз умрингиз бекор.
О, мазмунга тўла умримиз”
Доскаларни тўлдирди шиор.

Ҳамма ёзди: Умр бу – ҳикмат!
У ўқиди бари барини.
Яхшиямки ўқувчилари
Сезмадилар йиғлаганини.

Ишдан қайтди. Ўйлаб қолди сўнг,
Ҳаётининг мазмуни ҳақда.
Тополмади.
Аста отди тонг.
Ва ҳаммаси бошланди қайта.

***

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,
Сиз эса кўзёшин артингиз фақат.
Аёл кўзёш тўкиб турган чоғларда,
Энг буюк ишларга топади қудрат.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,
Ахир кўзёшларда қанча ҳаё бор.
Аёли йиғлашни билмаган элнинг
Ори йўқ, миллатман дегани бекор.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,
Кўзёш тўка билган аёллар – ботир.
Аёллари орсиз бўлган миллатда
Ори баланд эрлар ўсмайди, ахир.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,
Ожизлиги ҳусн қўшсин ҳуснига.
Дийдаси қотмасин, қалби қотмасин,
Суяниб бош қўйсин ёрин кўксига.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,
Ва лекин ич-ичдан чекмасин фарёд.
Аёл йўқотмасин нафосат ҳиссин
Аёл аёл бўлиб қолсин умрбод.

***

Шивирлар дарахтнинг яшил тиллари,
Баъзан япроқлардай тўкилгай дилим.
Ҳориб ястанади қишлоқ йўллари –
О, менинг Худога чўзилган қўлим.

О, олис йўлларнинг таниш ғубори
Сизга юз босмасам ҳаётим бекор.
Боқсам кўйлаклаклари ялтироқларнинг,
Худди юрагини босгандай ғубор.

Ахир у ёқларда кўз очар бирга,
Ёстиғим четида мудраган саҳар.
Ёпиқ деразалар, ёпиқ эшиклар,
Оқ тонгни хонамга қўймайди шаҳар.

Қанча йиғлаганман ўзимга аён,
Баъзан қирғоғидан тошгандай денгиз.
Мен кетсам суйганлар этманг ғалаён
Сиз ахир, ўшанда қайда эдингиз?!

Кўрдим. Баландларнинг дили пойгакда,
Бугун баландлардан толаётирман.
Эски қишлоғимга янги кўйлакда,
Эски қалбим билан бораётирман.

***

Боғ енгидан тортиб қўйди куз,
Дарахтларга тушди ҳаяжон.
Сариқ япроқ ерга қўйди юз,
Ўз юртида берган каби жон.

Пишганини англади олма,
Шохдан аста узилиб тушди.
Гул япроғи — кўкдаги кема,
Ерга секин сузилиб тушди.

Пишиб шира олган қовунлар,
Дум уздилар тунда пинҳона.
Кулча нонлар узилди ногоҳ,
Пишганини қилиб баҳона.

Мен ҳам кузни интиқ кутгандим,
Умидларим кўп эди ундан.
Юрагимни кузга тутгандим,
Узмоқчийдим кўнглимни сендан.

Лекин сендан дил узолмадим,
Билдим, йўлим айро тушмаган.
Сабабини ҳеч билолмадим,
Балки менинг дилим пишмаган.

***

Азизим!
Тугамаган жанглар ҳали ҳам,
Жанглар давом этмоқда ҳамон.
Дахшатлидир улар янаям,
Бу жангларда ўляпти виждон.

Бу жангларда гина ва араз
Борган сари авж олаётир.
Бу жангларда қанча ҳақпараст,
Икки пулга сотилаётир.

Бу жангларда кимдир оридан,
Ким номусдан ажралаётир.
Бу жангларда номардлар бисёр,
Бу жангларда кўп эмас ботир.

Аммо булар майда йўқотиш,
Муҳим эмас ҳатто у қадар.
Жангда оёқ- қўлидан ажраб
Қайтиб келган қанча жангчилар.

Аммо бирор жанггоҳда ҳали,
Юрагидан ўқ еса агар
Енгиб бундай оғриқ маҳалин
Қайтган эмас бирорта аскар.

Майли,
Айрил шодликларингдан!
Айрилгандай оёқ–қўлингдан.
Сира кетмам сенинг ёнингдан.

Эҳтиёт бўл фақат дилингдан,
Юрагингни йўқотишингдан,
Ё юракка ўқ отишингдан,
Худойимнинг ўзи асрасин!

Фақат кўнглинг яраланмасин.
(Қолганига Ҳақ берар тўзим)
Сен қалбингни йўқотма фақат,
Юрагингни асра, азизим!

***

Сени кечирганман, сўзимнинг рости,
Ўзингни айблашдан тўхта, азизим.
Сени тушунганман, сўзимнинг рости,
Йиғлай-йиғлай охир кечирган кўзим.

Сени кечирганман, сўзимнинг рости,
Бошингни хам қилма гар мени кўрсанг.
Дунёда энг буюк қайғу бу асли
Ўзингнинг ғамингни ўзинг еб юрсанг.

Сенга айб қўймоққа сира ҳаққим йўқ,
Сенга ачинаман, раҳмим келади.
Суянмоққа ўзидан ўзга дўсти йўқ,
Бўлганларни қандай айблаб бўлади.

Сени кечирганман, сўзимнинг рости,
Ичингда бор ахир олам алами.
Фақат ўзин севиб яшайди чунки
Дунёнинг энг ёлғиз, бахтсиз одами.

***

Мен муттасил бахтиёр эдим,
Мен муттасил кўзёш тўкканман.
Мен муттасил севиниб юриб,
Мен муттасил ғамга чўкканман.

Мен муттасил ёндим беаёв,
Мен муттасил бепарво эдим.
Мен муттасил эдим сенга ёв,
Мен муттасил ўзимга ғаним.

Мен муттасил боқмадим сенга,
Мен муттасил узолмадим кўз.
Ҳар ишимдан севиниб доим,
Ва муттасил чекканман афсус.

Мен муттасил ақл ва юрак,
Орасида қолган ўлжаман.
Қалбим ютса – юргум сен томон,
Ақлим ютса – ортга қайтаман.

***

Алдайвергин, мен ишонаман,
Қасам ичма осмон, ер билан.
Кўнглим топмоқ жудаям осон,
Алдаш мумкин битта шеър билан.

Мен алдансам ҳеч нарса эмас,
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади.
Бир чиқади жаҳлим қуёшдай,
Сўнг қуёшдай ботиб кетади.

Қайтаман де, мен ишонаман,
Ортиқча сўз айтиб нетасан.
Гар алдагинг келса қаттиқроқ,
Бир мисра шеър ёзиб кетасан.

Из ҳам қолмас гуноҳларингдан,
Юрагимга ботиб кетади.
Сўнг жилмайиб яшайвераман,
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади.

Мени алда, бошқани эмас,
Ёлғонларнинг барин менга бер!
Хиёнатни енголмас ўзга,
Ахир улар ёзмайди-ку шеър.

Мен алдансам ҳеч нарса эмас,
Бир шеър ёзсам ўтиб кетади…

***

Термуламан. Бирам чиройли,
Бузилмаган ҳаётий мантиқ.
Узилади барглар иболи,
Гўзаллик йўқ бунданда ортиқ.

Бир тартибда одамлар кезар,
Қайғу билан бахт орасида.
Дунё шундай батартиб яшар,
Деразанинг ташқарисида.

Ташқаридан тамоман фарқли,
Алғов- далғов бўлган бир юрак.
Тўрт томони аламли, дардли,
Хона узра сочилган тилак.

Юрагини андуҳлар эзар,
Минг қайғу бор кўз қорасида.
Вайрон бўлган битта дил яшар,
Деразанинг ичкарисида.

***

Исён қилолмайди қуёшга учқун,
Томчи денгиз билан баҳсга кирмайди.
Лола очилса-да, бағрида гулгун,
Тоғларнинг умрини даъво қилмайди.

Дарахтнинг пойида унгани учун,
Жангга отланмайди бирор бир майса.
Янтоқ минг бор ёқсин майлига, ўзин,
Гул бўлиб дунёга келмайди қайта.

Вақтни кўрсатса-да, темир соатлар,
Ҳоким бўлолмайди бирор лаҳзага.
Демакки, ўксинмоқ сира шарт эмас,
Шукур қилиш керак ахир қайтага.

Ҳар неда ҳикмат бор: улуғ чинорлар
Қайта туролмайди бир бор синсалар.
Лек оёқ остида қолса-да ҳатто
Такрор кўкаришни билар майсалар.

Демакки, афсусга йўқ сира ҳожат,
Қолишим муқаррар сенинг ёнингда.
Менга қадрлисан, тушун, азизим,
Шу учқун ҳолингда, майса ҳолингда.

Ахир куч-қудратин етишин билиб,
Буюк ишлар қилмоқ яхши-ю, бироқ
Ожиз аҳволида курашавериб
Дунёдан ўтганлар асли буюкроқ.

***

Кўнгли торлар кетган кўпайиб,
Торлик қилар уларга жаҳон.
Дунёнинг тўрт ёнидан тортиб,
Кенгайтириб бергин, онажон.

Токи улар талашмасин ер,
Боқсин меҳр толаларига.
Мен уларга эмас, онажон,
Ачинаман болаларига.

Юраклари оппоқ гўдаклар,
Улғаймасин уларга ўхшаб.
Поклигича қолсин юраклар,
Дўстларига бермасинлар чап.

Онажон, сен сўйла ривоят,
Эзгуликдан ўқиб бергин байт.
Мард Тоҳирлар топиб ҳидоят,
Қора Ботир ўлганини айт.

Айтгин,бир кун Алпомиш қайтиб,
Ғолиб бўлар фақат ғурур, шон.
Сен унгача эртаклар айтиб
Қоражонлар ўстир, онажон.

***

Ишга шошар баланд пошналар,
Юзларида жилолар жамдир.
Ҳамма пардоз қилган маҳалда
Хору хашак йиғар бир кампир.

Сўзга чечан эмас, эҳтимол,
Эҳтимолки, бир сўз билмайди.
Лек биламан шу кампирчалик,
Ҳеч ким юртин яхши кўрмайди.

У Ватанни севдим демаган,
Эшитмаган ҳеч ким сасини.
Лек покиза бўлсин деб Ватан,
Йиғиб юрар хору хасини.

Шу аёлни яхши кўраман,
Оғринаман ранжитса кимдир.
Ахир ўзин пардозин ташлаб,
Юртин пардоз қилади кампир.

***

Ёмонни қарғама,
Қарғама, синглим!
Ёмоннинг ҳам яхши оналари бор.
Ёмондан ранжима,
Ранжима, синглим,
Ёмоннинг ҳам айбсиз болалари бор.

Синглим, ёмонларни Худога солма,
Худо яратмайди ёмон одамни.
Улар тўғри йўлдан юрмаган гўдак,
Улар хато босиб қўйган қадамни.

Ёмонни қарғама,
Қарғама синглим!
Учрама, ҳаётнинг қаршилигига.
Ахир ҳеч ким кафил бўла олмайди,
Шу ёлғиз опангнинг яхшилигига.

***

Кетсанг, нурар девдим тўртта томоним,
Қуёш ҳам жонига қасд қилар девдим.
Кетсанг, қулар девдим ҳатто осмоним,
Ҳолим сўраб фақат ғам келар девдим.

Кетдинг. Нурамади ҳатто бир девор,
Кетдинг. Узилмади қуёшнинг жони.
Кетдинг. Бошим узра ҳамон осмон бор,
Кетдинг. Андуҳлардан ўлганим қани?!

Қайтсанг ўзгаради дегандим ҳаёт,
Қалдирғоч изига қайтар дегандим.
Қайтсанг гулу гиёҳ битиб минг баёт,
Сенга ташаккурлар айтар дегандим.

Қайтдинг, аввалгидай замин думалоқ,
Қалдирғоч манзили томон кетяпти.
Кетишинг, қайтишинг ҳеч нарса эмас,
Ахир менинг умрим давом этяпти.

***

Эслатсин.
Ҳамма нарса мени эслатсин.
Эсламасанг ёмон куяман.
Кўкка боқсанг мени эсла деб,
Осмонга шеър ёзиб қўяман.

Кетаман умрингдан.
Кетмайман
Қалбингнинг қайсидир бурчидан.
Сен бахтини топган одамсан,
Мен эса бахт излар йўлчиман.

Биламан,
Ўзимни билмайман.
Лаҳзада минг хилман, турлиман.
Бир кўрсанг хуш-хандон, баъзида
Ҳаммадан бошқача, ғамлиман.

Сўнмайман.
Шунчаки сўнмайман.
Оловлар сачратгум очунга.
Кўксингни ёриблар чиқаман,
Мен ахир сиғмайман ичингга.

Кечмайман тошдайин қалбингдан,
Кимгадир ёқади қаттиқ нон.
Сувларга ботириб чайнайман,
Тишларим синмайди ҳеч қачон.

Севмасанг,
Сўзларнинг бағрига
Кўнглимни қўяман яшириб.
Ва сўнгра шеър ёзиб яшайман,
Кўзимга қаламни ботириб.

***

Хато бўлса неки десам, не қилсам,
Омадсизнинг омади ҳеч чопмасми?
Бу дунёнинг энг ёмони мен бўлсам,
Ёмонлар ҳам бир куни бахт топмасми?!

Орзуси бор ҳар қандайин юракнинг,
Орзу қилган юракка ишқ келмасми?
Айтгил, наҳот бўлолмайман керагинг?
Ёмонларни яхши кўриб бўлмасми?!

Гар адашсанг юз бурарлар, жимдирлар,
Ёмонларнинг қайғулари дардмасми?!
Айбинг билан сева олса кимдирлар,
Айби билан сева билсанг бахтмасми?!

***

Билмайсизда менга оғир, ҳамон оғир,
Ҳамон оғир дейиш асли ёмон оғир.
Қай томонга қадам қўйсам жоним оғрир,
Ўнгим, сўлим, қўйингки, тўрт томон оғир.

Билмайсизда менга оғир, ҳамон оғир,
На кет дейман, на кел дейман забон оғир.
“Шу кўзларинг ҳаққи кўзим сени кўрар”
Десангиз гар ишончим йўқ, гумон оғир.

Курашсамми? Курашмасдан яшаш оғир,
Лек севмаса кўнгил учун кураш оғир.
Нигоҳ – иффат, нигоҳ –номус, нигоҳ – меҳр,
Гар меҳри йўқ нигоҳларга қараш оғир.

Кечам оғир, бугун оғир, эртам оғир,
Туним оғир, куним оғир, олам оғир.
Не бўлади, не бўлади билмам охир
Кўп –кўпидан кам-кам келар алам оғир.

Кетган йўлдан яна қайтиб бориш оғир,
Кўнгли йўқнинг кўнглидагин билиш оғир.
Сизга айтсам ҳаммасидан энг оғири –
Бу дунёга аёл бўлиб келиш оғир.

Билмайсизда менга оғир, ҳамон оғир,
Мен ҳоридим. Энди бир хас, сомон оғир.
Ҳамон десам тугамайди ҳамонларим,
Ҳамон оғир дейиш асли ёмон оғир.
Билмайсизда менга оғир, ҳамон оғир.

***

Ишга шошар баланд пошналар,
Юзларида жилолар жамдир.
Ҳамма пардоз қилган маҳалда
Хору хашак йиғар бир кампир.

Сўзга чечан эмас, эҳтимол,
Эҳтимолки, бир сўз билмайди.
Лек биламан шу кампирчалик,
Ҳеч ким юртин яхши кўрмайди.

У Ватанни севдим демаган,
Эшитмаган ҳеч ким сасини.
Лек покиза бўлсин деб Ватан,
Йиғиб юрар хору хасини.

Шу аёлни яхши кўраман,
Оғринаман ранжитса кимдир.
Ахир ўзин пардозин ташлаб,
Юртин пардоз қилади кампир.

011Yurtimizga bahor kirib keldi. Sheʼriyat maydoniga kirib kelayotgan yosh shoir ham bahor nafasi bilan kirib kelishi, adabiyot iqlimida oʻzgarishlar olib kirishi kerak. Gulrux Xudoyorovaning “Qaygʻu bilan baxt orasida” yozilgan sheʼrlarida qishning dalasini nafasi bilan ilitayotgan erta bahor nafasini ilgʻaganday bldim. Yuragimni yashnatgan sheʼrlarni yosh shoiraga qaratilgan eng egu istaklar ila taqdim etmoqdaman.

Gulrux Xudoyorova
SHEʼRLAR
02

Gulrux Xudoyorova 1991 yilda Navoiy viloyati Qiziltepa tumanida tugʻilgan. 2014 OʻzMUning filologiya fakultetining bakalavr, 2017 yilda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universitetining magistratura bosqichini tamomlagan.

***

Endi oʻzim menmasman,
Endi tamom boshqaman.
Men telbaman
Daydiman.
Men oʻt — oʻlan
Maysaman.
Choʻponlar tayogʻini
Chertib sheʼrlar aytaman.
Endi yelkam togʻ mening
Quyoshni yelkalayman.
Mayli demang sogʻ meni
Tuproqni erkalayman.
Yaproqni erkalayman,
Qiynoqni erkalayman.
Ichimdagi ul otash
Titroqni erkalayman.
Endi oʻzim yoʻlman-u,
Endi oʻzim yoʻlchiman.
Endi oʻzim yovman-u,
Endi oʻzim elchiman.
Endi meni izlasang,
Endi meni soʻrasang,
Endi meni Alpomish
Tushlarida koʻradi.
Ado boʻlgan, qulagan,
Yurakkinam nuragan.
Endi menga qaldirgʻoch
Yurak qurib beradi.
Oʻshangacha daydisam,
Oʻshangacha qaytmasam,
Oʻshangacha ranjima,
Gar nomingni aytmasam.
Chunki senga soʻylash chun
Chunki seni kuylash chun,
Yuragimu iymonim88
Boʻlishi kerak butun.
Ungacha kuylolmayman,
Ungacha soʻylolmayman,
Ungacha nomingniyam
Xotirjam oʻylolmayman.
Men ungacha telbaman,
Men ungacha daydiman.
Men ungacha oʻt-oʻlan,
Men ungacha maysaman.
Yuragim but boʻlgan kun
Onam deya aytaman.
Otam deya aytaman.
Yuragim but boʻlgan kun
Vatan deya aytaman!
Vatan deya aytaman!

***

Mana, men ketyapman!
Ketishim tayin.
Viqor-la qarshingdan oʻtyapman bu on.
“Qayoqqa ketyapmiz?!”
Hech anglolmayin,
Ortimdan toʻngʻillab borar jomadon.

Mana, men ketyapman!
Oʻylayman shu choq:
Nimadir boʻlsaydi, nedir boʻlsaydi.
Dunyo termuladi begʻam, erinchoq,
Aksiga olganday hech ne boʻlmaydi.

Mana, men ketyapman!
O, nedir boʻlsa!
Yuraklari yonib ketsa kimningdir.
Pichirlar ul eski jomadon esa:
“O, unga baribir, unga baribir!”

Mana, men ketyapman!
Ketishim – isyon.
Balki yengilmogʻim azaliy taqdir.
Menga madad berar eski jomadon:
“O, senga baribir, senga baribir!”

***

Uygʻondi-yu shoshildi ishga,
Kitob toʻla sumkasin sudrab.
Soʻng baxt haqda soʻzladi asta,
Baxti toʻkis odamga oʻxshab.

Kezdi sinf xonasin magʻrur:
“ Oʻtkazmangiz umringiz bekor.
O, mazmunga toʻla umrimiz”
Doskalarni toʻldirdi shior.

Hamma yozdi: Umr bu – hikmat!
U oʻqidi bari barini.
Yaxshiyamki oʻquvchilari
Sezmadilar yigʻlaganini.

Ishdan qaytdi. Oʻylab qoldi soʻng,
Hayotining mazmuni haqda.
Topolmadi.
Asta otdi tong.
Va hammasi boshlandi qayta.

***

Yigʻlamang demangiz, qoʻying, yigʻlasin,
Siz esa koʻzyoshin artingiz faqat.
Ayol koʻzyosh toʻkib turgan chogʻlarda,
Eng buyuk ishlarga topadi qudrat.

Yigʻlamang demangiz, qoʻying, yigʻlasin,
Axir koʻzyoshlarda qancha hayo bor.
Ayoli yigʻlashni bilmagan elning
Ori yoʻq, millatman degani bekor.

Yigʻlamang demangiz, qoʻying, yigʻlasin,
Koʻzyosh toʻka bilgan ayollar – botir.
Ayollari orsiz boʻlgan millatda
Ori baland erlar oʻsmaydi, axir.

Yigʻlamang demangiz, qoʻying, yigʻlasin,
Ojizligi husn qoʻshsin husniga.
Diydasi qotmasin, qalbi qotmasin,
Suyanib bosh qoʻysin yorin koʻksiga.

Yigʻlamang demangiz, qoʻying, yigʻlasin,
Va lekin ich-ichdan chekmasin faryod.
Ayol yoʻqotmasin nafosat hissin
Ayol ayol boʻlib qolsin umrbod.

***

Shivirlar daraxtning yashil tillari,
Baʼzan yaproqlarday toʻkilgay dilim.
Horib yastanadi qishloq yoʻllari –
O, mening Xudoga choʻzilgan qoʻlim.

O, olis yoʻllarning tanish gʻubori
Sizga yuz bosmasam hayotim bekor.
Boqsam koʻylaklaklari yaltiroqlarning,
Xuddi yuragini bosganday gʻubor.

Axir u yoqlarda koʻz ochar birga,
Yostigʻim chetida mudragan sahar.
Yopiq derazalar, yopiq eshiklar,
Oq tongni xonamga qoʻymaydi shahar.

Qancha yigʻlaganman oʻzimga ayon,
Baʼzan qirgʻogʻidan toshganday dengiz.
Men ketsam suyganlar etmang gʻalayon
Siz axir, oʻshanda qayda edingiz?!

Koʻrdim. Balandlarning dili poygakda,
Bugun balandlardan tolayotirman.
Eski qishlogʻimga yangi koʻylakda,
Eski qalbim bilan borayotirman.

***

Bogʻ yengidan tortib qoʻydi kuz,
Daraxtlarga tushdi hayajon.
Sariq yaproq yerga qoʻydi yuz,
Oʻz yurtida bergan kabi jon.

Pishganini angladi olma,
Shoxdan asta uzilib tushdi.
Gul yaprogʻi — koʻkdagi kema,
Yerga sekin suzilib tushdi.

Pishib shira olgan qovunlar,
Dum uzdilar tunda pinhona.
Kulcha nonlar uzildi nogoh,
Pishganini qilib bahona.

Men ham kuzni intiq kutgandim,
Umidlarim koʻp edi undan.
Yuragimni kuzga tutgandim,
Uzmoqchiydim koʻnglimni sendan.

Lekin sendan dil uzolmadim,
Bildim, yoʻlim ayro tushmagan.
Sababini hech bilolmadim,
Balki mening dilim pishmagan.

***

Azizim!
Tugamagan janglar hali ham,
Janglar davom etmoqda hamon.
Daxshatlidir ular yanayam,
Bu janglarda oʻlyapti vijdon.

Bu janglarda gina va araz
Borgan sari avj olayotir.
Bu janglarda qancha haqparast,
Ikki pulga sotilayotir.

Bu janglarda kimdir oridan,
Kim nomusdan ajralayotir.
Bu janglarda nomardlar bisyor,
Bu janglarda koʻp emas botir.

Ammo bular mayda yoʻqotish,
Muhim emas hatto u qadar.
Jangda oyoq- qoʻlidan ajrab
Qaytib kelgan qancha jangchilar.

Ammo biror janggohda hali,
Yuragidan oʻq yesa agar
Yengib bunday ogʻriq mahalin
Qaytgan emas birorta askar.

Mayli,
Ayril shodliklaringdan!
Ayrilganday oyoq–qoʻlingdan.
Sira ketmam sening yoningdan.

Ehtiyot boʻl faqat dilingdan,
Yuragingni yoʻqotishingdan,
Yo yurakka oʻq otishingdan,
Xudoyimning oʻzi asrasin!

Faqat koʻngling yaralanmasin.
(Qolganiga Haq berar toʻzim)
Sen qalbingni yoʻqotma faqat,
Yuragingni asra, azizim!

***

Seni kechirganman, soʻzimning rosti,
Oʻzingni ayblashdan toʻxta, azizim.
Seni tushunganman, soʻzimning rosti,
Yigʻlay-yigʻlay oxir kechirgan koʻzim.

Seni kechirganman, soʻzimning rosti,
Boshingni xam qilma gar meni koʻrsang.
Dunyoda eng buyuk qaygʻu bu asli
Oʻzingning gʻamingni oʻzing yeb yursang.

Senga ayb qoʻymoqqa sira haqqim yoʻq,
Senga achinaman, rahmim keladi.
Suyanmoqqa oʻzidan oʻzga doʻsti yoʻq,
Boʻlganlarni qanday ayblab boʻladi.

Seni kechirganman, soʻzimning rosti,
Ichingda bor axir olam alami.
Faqat oʻzin sevib yashaydi chunki
Dunyoning eng yolgʻiz, baxtsiz odami.

***

Men muttasil baxtiyor edim,
Men muttasil koʻzyosh toʻkkanman.
Men muttasil sevinib yurib,
Men muttasil gʻamga choʻkkanman.

Men muttasil yondim beayov,
Men muttasil beparvo edim.
Men muttasil edim senga yov,
Men muttasil oʻzimga gʻanim.

Men muttasil boqmadim senga,
Men muttasil uzolmadim koʻz.
Har ishimdan sevinib doim,
Va muttasil chekkanman afsus.

Men muttasil aql va yurak,
Orasida qolgan oʻljaman.
Qalbim yutsa – yurgum sen tomon,
Aqlim yutsa – ortga qaytaman.

***

Aldayvergin, men ishonaman,
Qasam ichma osmon, yer bilan.
Koʻnglim topmoq judayam oson,
Aldash mumkin bitta sheʼr bilan.

Men aldansam hech narsa emas,
Bir sheʼr yozsam oʻtib ketadi.
Bir chiqadi jahlim quyoshday,
Soʻng quyoshday botib ketadi.

Qaytaman de, men ishonaman,
Ortiqcha soʻz aytib netasan.
Gar aldaging kelsa qattiqroq,
Bir misra sheʼr yozib ketasan.

Iz ham qolmas gunohlaringdan,
Yuragimga botib ketadi.
Soʻng jilmayib yashayveraman,
Bir sheʼr yozsam oʻtib ketadi.

Meni alda, boshqani emas,
Yolgʻonlarning barin menga ber!
Xiyonatni yengolmas oʻzga,
Axir ular yozmaydi-ku sheʼr.

Men aldansam hech narsa emas,
Bir sheʼr yozsam oʻtib ketadi…

***

Termulaman. Biram chiroyli,
Buzilmagan hayotiy mantiq.
Uziladi barglar iboli,
Goʻzallik yoʻq bundanda ortiq.

Bir tartibda odamlar kezar,
Qaygʻu bilan baxt orasida.
Dunyo shunday batartib yashar,
Derazaning tashqarisida.

Tashqaridan tamoman farqli,
Algʻov- dalgʻov boʻlgan bir yurak.
Toʻrt tomoni alamli, dardli,
Xona uzra sochilgan tilak.

Yuragini anduhlar ezar,
Ming qaygʻu bor koʻz qorasida.
Vayron boʻlgan bitta dil yashar,
Derazaning ichkarisida.

***

Isyon qilolmaydi quyoshga uchqun,
Tomchi dengiz bilan bahsga kirmaydi.
Lola ochilsa-da, bagʻrida gulgun,
Togʻlarning umrini daʼvo qilmaydi.

Daraxtning poyida ungani uchun,
Jangga otlanmaydi biror bir maysa.
Yantoq ming bor yoqsin mayliga, oʻzin,
Gul boʻlib dunyoga kelmaydi qayta.

Vaqtni koʻrsatsa-da, temir soatlar,
Hokim boʻlolmaydi biror lahzaga.
Demakki, oʻksinmoq sira shart emas,
Shukur qilish kerak axir qaytaga.

Har neda hikmat bor: ulugʻ chinorlar
Qayta turolmaydi bir bor sinsalar.
Lek oyoq ostida qolsa-da hatto
Takror koʻkarishni bilar maysalar.

Demakki, afsusga yoʻq sira hojat,
Qolishim muqarrar sening yoningda.
Menga qadrlisan, tushun, azizim,
Shu uchqun holingda, maysa holingda.

Axir kuch-qudratin yetishin bilib,
Buyuk ishlar qilmoq yaxshi-yu, biroq
Ojiz ahvolida kurashaverib
Dunyodan oʻtganlar asli buyukroq.

***

Koʻngli torlar ketgan koʻpayib,
Torlik qilar ularga jahon.
Dunyoning toʻrt yonidan tortib,
Kengaytirib bergin, onajon.

Toki ular talashmasin yer,
Boqsin mehr tolalariga.
Men ularga emas, onajon,
Achinaman bolalariga.

Yuraklari oppoq goʻdaklar,
Ulgʻaymasin ularga oʻxshab.
Pokligicha qolsin yuraklar,
Doʻstlariga bermasinlar chap.

Onajon, sen soʻyla rivoyat,
Ezgulikdan oʻqib bergin bayt.
Mard Tohirlar topib hidoyat,
Qora Botir oʻlganini ayt.

Aytgin,bir kun Alpomish qaytib,
Gʻolib boʻlar faqat gʻurur, shon.
Sen ungacha ertaklar aytib
Qorajonlar oʻstir, onajon.

***

Ishga shoshar baland poshnalar,
Yuzlarida jilolar jamdir.
Hamma pardoz qilgan mahalda
Xoru xashak yigʻar bir kampir.

Soʻzga chechan emas, ehtimol,
Ehtimolki, bir soʻz bilmaydi.
Lek bilaman shu kampirchalik,
Hech kim yurtin yaxshi koʻrmaydi.

U Vatanni sevdim demagan,
Eshitmagan hech kim sasini.
Lek pokiza boʻlsin deb Vatan,
Yigʻib yurar xoru xasini.

Shu ayolni yaxshi koʻraman,
Ogʻrinaman ranjitsa kimdir.
Axir oʻzin pardozin tashlab,
Yurtin pardoz qiladi kampir.

***

Yomonni qargʻama,
Qargʻama, singlim!
Yomonning ham yaxshi onalari bor.
Yomondan ranjima,
Ranjima, singlim,
Yomonning ham aybsiz bolalari bor.

Singlim, yomonlarni Xudoga solma,
Xudo yaratmaydi yomon odamni.
Ular toʻgʻri yoʻldan yurmagan goʻdak,
Ular xato bosib qoʻygan qadamni.

Yomonni qargʻama,
Qargʻama singlim!
Uchrama, hayotning qarshiligiga.
Axir hech kim kafil boʻla olmaydi,
Shu yolgʻiz opangning yaxshiligiga.

***

Ketsang, nurar devdim toʻrtta tomonim,
Quyosh ham joniga qasd qilar devdim.
Ketsang, qular devdim hatto osmonim,
Holim soʻrab faqat gʻam kelar devdim.

Ketding. Nuramadi hatto bir devor,
Ketding. Uzilmadi quyoshning joni.
Ketding. Boshim uzra hamon osmon bor,
Ketding. Anduhlardan oʻlganim qani?!

Qaytsang oʻzgaradi degandim hayot,
Qaldirgʻoch iziga qaytar degandim.
Qaytsang gulu giyoh bitib ming bayot,
Senga tashakkurlar aytar degandim.

Qaytding, avvalgiday zamin dumaloq,
Qaldirgʻoch manzili tomon ketyapti.
Ketishing, qaytishing hech narsa emas,
Axir mening umrim davom etyapti.

***

Eslatsin.
Hamma narsa meni eslatsin.
Eslamasang yomon kuyaman.
Koʻkka boqsang meni esla deb,
Osmonga sheʼr yozib qoʻyaman.

Ketaman umringdan.
Ketmayman
Qalbingning qaysidir burchidan.
Sen baxtini topgan odamsan,
Men esa baxt izlar yoʻlchiman.

Bilaman,
Oʻzimni bilmayman.
Lahzada ming xilman, turliman.
Bir koʻrsang xush-xandon, baʼzida
Hammadan boshqacha, gʻamliman.

Soʻnmayman.
Shunchaki soʻnmayman.
Olovlar sachratgum ochunga.
Koʻksingni yoriblar chiqaman,
Men axir sigʻmayman ichingga.

Kechmayman toshdayin qalbingdan,
Kimgadir yoqadi qattiq non.
Suvlarga botirib chaynayman,
Tishlarim sinmaydi hech qachon.

Sevmasang,
Soʻzlarning bagʻriga
Koʻnglimni qoʻyaman yashirib.
Va soʻngra sheʼr yozib yashayman,
Koʻzimga qalamni botirib.

***

Xato boʻlsa neki desam, ne qilsam,
Omadsizning omadi hech chopmasmi?
Bu dunyoning eng yomoni men boʻlsam,
Yomonlar ham bir kuni baxt topmasmi?!

Orzusi bor har qandayin yurakning,
Orzu qilgan yurakka ishq kelmasmi?
Aytgil, nahot boʻlolmayman keraging?
Yomonlarni yaxshi koʻrib boʻlmasmi?!

Gar adashsang yuz burarlar, jimdirlar,
Yomonlarning qaygʻulari dardmasmi?!
Aybing bilan seva olsa kimdirlar,
Aybi bilan seva bilsang baxtmasmi?!

***

Bilmaysizda menga ogʻir, hamon ogʻir,
Hamon ogʻir deyish asli yomon ogʻir.
Qay tomonga qadam qoʻysam jonim ogʻrir,
Oʻngim, soʻlim, qoʻyingki, toʻrt tomon ogʻir.

Bilmaysizda menga ogʻir, hamon ogʻir,
Na ket deyman, na kel deyman zabon ogʻir.
“Shu koʻzlaring haqqi koʻzim seni koʻrar”
Desangiz gar ishonchim yoʻq, gumon ogʻir.

Kurashsammi? Kurashmasdan yashash ogʻir,
Lek sevmasa koʻngil uchun kurash ogʻir.
Nigoh – iffat, nigoh –nomus, nigoh – mehr,
Gar mehri yoʻq nigohlarga qarash ogʻir.

Kecham ogʻir, bugun ogʻir, ertam ogʻir,
Tunim ogʻir, kunim ogʻir, olam ogʻir.
Ne boʻladi, ne boʻladi bilmam oxir
Koʻp –koʻpidan kam-kam kelar alam ogʻir.

Ketgan yoʻldan yana qaytib borish ogʻir,
Koʻngli yoʻqning koʻnglidagin bilish ogʻir.
Sizga aytsam hammasidan eng ogʻiri –
Bu dunyoga ayol boʻlib kelish ogʻir.

Bilmaysizda menga ogʻir, hamon ogʻir,
Men horidim. Endi bir xas, somon ogʻir.
Hamon desam tugamaydi hamonlarim,
Hamon ogʻir deyish asli yomon ogʻir.
Bilmaysizda menga ogʻir, hamon ogʻir.

***

Ishga shoshar baland poshnalar,
Yuzlarida jilolar jamdir.
Hamma pardoz qilgan mahalda
Xoru xashak yigʻar bir kampir.

Soʻzga chechan emas, ehtimol,
Ehtimolki, bir soʻz bilmaydi.
Lek bilaman shu kampirchalik,
Hech kim yurtin yaxshi koʻrmaydi.

U Vatanni sevdim demagan,
Eshitmagan hech kim sasini.
Lek pokiza boʻlsin deb Vatan,
Yigʻib yurar xoru xasini.

Shu ayolni yaxshi koʻraman,
Ogʻrinaman ranjitsa kimdir.
Axir oʻzin pardozin tashlab,
Yurtin pardoz qiladi kampir.

033

(Tashriflar: umumiy 2 036, bugungi 1)

5 izoh

  1. Телеграмдаги каналларда шеърларини ўқиганман. Чиройли қиздан чиройли шеърларни яна кутиб қоламиз.

  2. Hayotda kőrib turib e’tiborsiz qoldirilayotgan hodisalarni she’rlaringizda aytib ótganingiz insonni yana bir bor óylab kórishga undaydi. Ijod qilishdan charchamang.

Izoh qoldiring