Islom Ibodulla. Ikki hikoya: Ajrim & Itodam

05«… Ассалому алайкум, Хуршид ака, устоз. Соғлиқларингиз яхшими? Чарчамасдан юрибсизми? Сизга иккита ҳикоя жўнатаяпман. Отим Ислом. Йигирма уч ёшдаман. Истанбулдан жўнатаяпман ушбу ёздиқларимни. Қусуримга боқмайсиз! (Ибодулланинг менга ёзган мактубидан. Мен ҳам унга ёздиқлари ҳақида албатта хат ёзишни кўнглимга тугиб қўйдим)

Ислом ИБОДУЛЛА
ИККИ ҲИКОЯ


АЖРИМ

Сайис эгнига тўрвасини илиб дарбозадан кирганида, четроқда қоражанжалнинг бир шингилини чўқилаб ўтирган кенжа Султон жаҳд турди.
— Муқаш келди, ота, — деди оғзи қулоғига етиб. — Язнам яна урган кўринади — йиғлаяпти…
Сайиснинг кўнгли хуфтон бўлди: бошидан кулоҳини олиб, кафтига уриб қоқди. Ичкаридан урра шолрўмолига бурканиб Муқаддас чиқди. Сайис қизининг ангорини фаҳм этди: йиғидан кўзлари ғўрадек шишган. Муқаддас ҳалиям бир тарафда юмронқозиқдай тик турган кенжа Султонни бориб қучди. Юз-кўзларидан чўлпиллатиб ўпди. Сўғин отасига яқин келаркан, ўксик салом бердию дарбозадан кўча сари чиқди.

Муқаддас кетди. Кетдию ортидан сайиснинг юрагига бир қадар қутқу қолдириб кетди. Таъби тирриқ бўлиб, хотинига ҳимо қилди. Хотин ҳали қизи чиққан эшик кесакисида гирдиғум сумбатини кўрсатиб: “Нима дейсиз?” дегандек қаққайиб тураберди.
— Баҳай?
— Тинчлик, ўша гап: куёвнинг инжиқлиги!
Эр тўрвасини супа устига итқитди. Хотин қайтиб “ғинг” демади. Гапни кенжа Султон дона-дона қилиб тугатиб қўйди.
— Кеча язнамнинг гаштаги бўлганмиш, ота. Жўралари кулибди: “Сайиснинг куёви қачон қўзилайди?” деганмиш. Язнамнинг аччиғи қўзиб, жанжал кўтарибди. Уйга қайтиб, кечаси Муқашни кўчага ҳайдабди: “Сенлардан ор қиламан!” деганмиш. Кейин уни саёқ қолдириб, ўзи Фароғат сатангга кетиворибди.
— Ўчир, вақиллама, жувонмарг!
— Ўзинг ўчир, бола сўз қўшмаса, индамайсан, итэмган хотин!
Ҳа сени туққанни…
Сайис хотинига ўшқирди.
Супага чўкди. Чарм бошмоғини ечиб, пойидан пайтавасини шилиб отди. Бироз тек қолди. Ичи ёримади. Сўғин томорқанинг бир четида кўкка ўрлаб турган қари тутнинг остига белкурак урди. (Ернинг жони чиққандек: атрофга нам туфроқнинг бўйи оралади). Қазилган лаҳаддек ўрадан оқ шиша чиқариб, супага бориб чўкди. Аланг-жаланг қилиб турган кенжа Султонга жом буюрди. Бола қўлидаги узум чуварасини улоқтирганча, пилдираб жўнади.
— Ич! Ич-а! Яраганинг шу! — деб бобиллади хотин уй ичида туриб.
— Сенга жағ берганга арзим бор! — деб ўшқирди эр.
Хотин жимиди. Кенжа Султон ичкаридан жом ола чиқиб, супага элтди. Ўзи эски ўрнига бориб туриб олди. Рамақи отасининг ҳар пиёла симирганда кўтарилиб-тушадиган ўйноқи кекирдагига қараб, зерикмади. Сайис кўзлари қамашиб-тиришиб ички сипқорар, ҳар юзи бужмайганда гўнг ҳиди бурқсиган қўлтиғига бурун солиб, чуқур нафас ютарди. Такрорларди. Ўткир тер ҳиди аччиқни кесади-да…
Ҳарна унинг боши қизиди. Юзи қизил тортди. Ўтган гап миясини чақди.
— Қўйиндихонадан болтани олачиқ!
Кенжа Султон бу сафар жойидан жилмади. Тошдай қотиб тураберди.
— Эшитмаяпсанми, тирмизак?! Бор дедим!..
Бола турган жойида учиб тушди. Оғзи очилиб ҳовлига урра чиққан аясига қаради.
— Аммангникига югур, бўзармасдан. Отамнинг мазаси қочди, деб айт. Югур…
Султонбой энтак-тентак қадам отиб дарвозага йўрғалади.
— Ўлгур, имонингни ер қилдинг: шу заҳри қотилни тилимга олмайман, деб эдинг. Ўзингча дарахтнинг тагини ўпириб кўмдинг. Ўшанда айтгандим-а, буни ўрнига ўзингни ерга берсанг ҳам бу заҳри қотилга бас келмайсан, деб.
Хотин ўзига ўзи алжиди. Алжидики, боиси эрига кудурат.
— Занғар…
Сайис ўрнидан қўзғалди. Ўлтоқ-чўлтоқ қадам босиб, тим-қоронғи қўйиндихонага жилди. Ичкарига кириб, тиғига занг кўпчиган калта сопли болтани ола чиқди. Хотини ёзғирди:
— Нима каромат кўрсатмоқчисиз? Жин чалган — далли. Бечора қизни бадбахт қиласизми?
Эр сўз қўшмади. Сохт-сумбати дилдираб, боғ эшигига йўналди. Йўналдию синглиси Қизларгулга пеш бўлди.
— Энам синглим!
— Янами, ака?! Номусдан ўлиб бўлдик-ку! Шу болтани менгинага ура қолинг!
Қизларгул остонанинг заранг сиртида қаққайиб туриб ёзғирди. Ортдан ҳовлига кирган кенжа Султон отасининг важоҳатидан чўчиб, аммасининг барига пусди.
— Ор қилармиш, Қизларгул! Пасткашнинг боласи қайси уруғдан экан ўзи? Мўлтонининг тўрвасидан қолмаганди-ку! Шундаям ортиқча экан, бу бадфурушни уруғидан узиб ташлайман — жонини оламан…
— Муқашни, қизингизни ўйланг, ака. Бадном қиласизми? Қиз бола чидайди. Битта туғиб берса, иззатнинг тагида қолади. Чиданг-да сизам бундай, ака!
— Яна қанча чидай, эна синглим? Қиз бечора, ҳалиям бир арз-дод қилмади. Кўнаяпти. Андишанинг оти қўрқоқ. Бу муштумзўрларга эс битмабди, эсини киритиб қўймасам… Ҳеҳ, бизни туққан қоринга… Айб синглингдами? Йўқ, айб банги куёвда: уруғи куйган унинг. Йўқса, Фароғат сатанг қуён бўларди. Ҳеҳ, ювиқсиз, уруғни харом қилган бунинг ўзи! Энди биздан ҳазар қилиб қолганмиш!
Сайис нари юрди. Хотини тўнғиллади. Қизларгул унинг пойига йиқилиб, почасидан сиқимлади.
— Аввал мени чопқилайсиз, кейин йўриғингиз ўзингизда бўлади!
— Қоч, Қизларгул, йўлимни тўсма, эна синглим. Шу бугуноқ Муқашнинг ажримини олмасам…
— Мен айтаримни айтдим, ака. Мана, кўксимга уринг — қора кўксимга. Сенларнинг иғволарингдан куйиб битдим!
— Мен шуни истаб эдимми, Қизларгул? Сенам юракни ачитасан-а?!
Ака нолинди. Ичи ёнди. Ўзини нари олиб, болтани даст кўтарди. Шиддат билан сирмади. Бир бурчдаги эски тўнка “ғарт” этдию иккига айрилди.
— Нима қилай, Қизларгул?

Қизларгул остонада ялпайиб ўтириб қолди. Сайис уни гир айланиб ўтиб, кўчага чиқди. Синглиси унинг ортидан қичқирди:
— Бир нима қилсанг, сендан рози эмасман, ака!

* * * 

Борса Азимбойнинг дарбозаси ланг очиқ. Худдики, кутгандек, чорпояда ҳурпайиб ўтирибди. Сайисникига ўхшаш йирик-йирик кўзлари айрича қувлик билан бир нуқтани пойлайди. Мийиғи учиб, андак кибрга сари оғишган.
— Ҳеҳ, отам-а! — деди айвонда ўтирган Муқаддас ҳирқираб, тийра кўнгли ёриди – тоғ бўлди, ҳам тўлиқиб, сўғин ичкари паналади.
Сайис паст тушишдан ўзини олди. Ғўддайиб Азимбойнинг устига бостирди. Азимбой ҳуркди. Товушқондай пусиб ўзини четроққа урди.
— Номард ўғлинг қани, амак? Чақир, чиқсин!
— Қўй, ука, буларнинг ҳаётига аралашмайлик.
— Сен гапирма: ишу корнинг бунчалик бўлганига сениям ҳиссанг ўтган!
— Ҳовурингдан туш, ука. Қонимиз бир-а!
— Қўй, ўғлинг қонни харомга чиқарди, амак. Энди бир-биримизга ётмиз. Қизимнинг ажримини оламан!
— Ақлингни йиғ…
Сайис бақириб қизини чорлади. Чорпоянинг тепасидаги айвонда Муқаддас пайдо бўлди. Ўксик, нимжону қилтириқ қизни кўриб, отанинг кўкси ачишди. Тиззасига муштлади. Муқаддас “пиқ” йиғладию қайтиб ичкари кирди.
— Чиқ, Муқаддас, уйга кетамиз!
Шу пайт қай эшикдандир Азимбойнинг хотини отилиб чиқди. Пишиллаб Сайисга сўз қотди.
— Ҳей, қайинжон, қўйинг-а, ёшларнинг шўхлиги… Қондошмиз-а, шу билан бечораларни бахтини ярим қилманг!
— Ҳеҳ, чеча, қондошнинг бўлари шу бўлди. Ҳалиям чидаб келдим. Бечора қизга бурундан кун бермайсизлар. Яна қондошмиз, деб тама қиласиз, чеча…
Бир бурчда кирпидек ғужанак бўлиб турган азимбойнинг ҳамияти қўзиди. Лунжи титраб, Сайисга қараб ўшқирди.
— Қисир сигирнинг нархи арзон бўлади, ука. Зўрлаб олдикми? Қизингни берган ўзинг-ку.
— Ҳаҳ…
Азимбойнинг гапи Сайисни ўртади. Ўртада турган пиёлага чанг солдию бир сиқимда қарсиллатиб чил синдирди. Қўлидан қирмизи қон сизди. Бирон одим нарида турган қудасининг баридан тортқилаб, ўзига сари сурди. Сурдию шу баравари юзу кўзи қоришиқ мушт туширди. Азимбой қовоқдек юмалади. Чинқирганча кела солиб, қуданинг яғринига сўйил билан туширган хотинининг биқинига писди. Сайис аёл қуданинг қўлидаги сўйилни юлқиб, томорқанинг нариги бошига улоқтирди.
— Сен нокаснинг банги ўғлингга ким қиз берарди. Жигарим деб қизимнинг баҳридан ўтдим. Ўғлингнинг уруғи куйик эканлигини эл билади. Ҳеҳ, танамдаги қондан ҳазар қилдим…
Азимбой олга бўккан юзини чангаллаб ётаберди. Жонталаш эрининг тепасида типирчилаб турган аёл қуда Сайисга ўшқирди.
— Ҳа, ҳайвонга жир битса, эгасини тепади. Қорнинг тўйдими, кўрнамак. Қизингни нархини баланд қилдинг — кўндик. Мол талабидан узатдинг — баднафс. Шусиз кунинг ўтармиди? Шунинг молбоқарисан… очдан ўлмаяпсан!
Сайис кафтини қайта мушт қилди. Лекин кўторолмади. Қараса, тепасида қизи Муқаддас изиллаб турибди. Чидамади. Сўкиндию шахт ўрнидан турди. Деди, дегани баробар этагини силкиб жўнади.
— Сен тамагирларнинг мулкингга ўт қўйганим бўлсин!
Муқаддас мук тушиб бақирди. Аёл қуда қарғанди. Қарғандики, у ҳеч нарсани англамади. Кўнгли айнади. Бошида оғриқ турди.

Баланд тепаликка кўтарилганда эс-хушсиз ортидан қизи Муқаддаснинг зорланиб қолганини эслади: “Қўйинг, ота, шаштингиздан қайтинг. Менинг ҳаётимга аралашманг!”. Тўлиқиб ғўдранди
— Ўзингча демайсан, жон қизим. Мажбурлигингдан деяпсан. Ўзингдан ўтгани ўзингга аён-ку. Тун бўйи дарбозамга неча бор келиб кетганингни билмадимми? Билдим, қаршингга чиқмадим: нокаслик қилдим, виждонсизлик қилдим, жон қизим! Ҳеҳ, сени сазойи қилган ўша ювиқсизнинг падарига лаънат…

Кўклам нафаси уриб турган дала бўйлаб салқин эпкин турган, қуёш чўкаётганди. Даланинг бир четида Азимбойнинг молхонаси кўринди. Ўша томонга элтадиган чим йўлдан оғишмай кетиб бораётган Сайисни дафъа орияти ўртади. Юраркан калласини чангаллади. Кўкюзига қаради.
— Ҳеҳ, маккор фалак…
Унга молхонада тўнғич ўғли Толмас пеш чиқди.
— Тўриқ қашқани уюрдан айир!
Мурти ниш урмаган Толмас отасининг ангоридан чўчинди. Ғўдраниб жавоб берди.
— Ҳалироқ язнам келиб эди, ота. Тўриққа қўшиб яна учта атанган бияни олиб кетди. Хабарингиз бўлса керак, деб эдим.
Сайис сўз қўшмади. Отараванинг шотисига илинган қамчинни юлқиб олди, шундоқ этовда турган икки салт отни бўшатди. Бўшатдию иккисининг-да қуймучига қарс-қарс туширди. Ҳаприқиб қолган салт отлар ҳуркканидан ўзларини очиқ яйловга олишди. Қуюндай учиб нари кетди. Бир жойга бориб, ўксингандек ортига қаради. Сўғин иккиси-да бақамти майса қиртишлаб бошлади.
— Менга қара, анграймасдан, отларнинг ҳаммасини бўшат. Яйловга қув…
Толмас жойидан жилмади.
Кафтдек далада беш-ўн чоғли отлиқ бўй кўрсатди. Сайис ўгирилиб кўрди. Кўрдики, юзи гезарик Азимбой эгарда диккайиб келаяпти. Яна бир гала шотир, оқ йўрғада туси униққан жомали нозир — Суюн малланинг боласи, унинг қабатида тийиқсиз куёви. Улар Сайисга юзма-юз келдилар.
— Ҳаҳ, молинг жонингдан азиз бўлдими, номард!
— Сени қамоқда чиритаман!
Сайис салтлардан яна бирини танғилган табладан бўшатиб, қамчинлаб қувиб солди.
— Қўлингдан келганини қил, амак. Қарғанинг титгани гўнг бўлади…
Азимбой қаршисидаги отлиқ шотирларга ҳимо қилди. Улар эгардан туша солиб, Сайиснинг чор томонини ўрадилар. Ўрадилару юзу-кўз демай туртиб қулатдилар, тепкиладилар… тепкиладилар. Унинг курашадиган сиёғи йўқ эди. Шотирлардан бири очиқ, кенг курагига қамчин туширди. Дами ичида бўлганидан, аччиқ изни сезмади. Сезмадию сўл қўлини кўтармоққа тиришди, кўтаролмади. Ўғли Толмас ўкириб, отасига қамчин тушурган шотирга ташланди. Бўз болани бир зарбда ерпарчин қилдилар. Сўғин Сайиснинг қўлини қайириб, Азимбойнинг қаршисига қопдай итқитишди.
— Мана, кўриб қўй, нозир ука. Бу кўрнамак зотдор отларимни ўғирлади. Мулкимни талади. Қамайсан, эси киради. Тўриқ қашқамни билардинг-а? Отмисан от эди. Йўқотибди!
Сайис хезланди. От устида иржайиб турган миқти куёвига ўқрайди. Шотирлар унинг яғринидан тоғдай босдилар.
— Воҳ, аёл экансан, амак! Аёл экансан…

Азимбой эгардан бош буриб, қора туфроққа тупурди. Остидаги байтал ижирғангандек кишнаб, ортга тисланди. Бой жиловни қайирдию шотирларга деди:
— Нозир билан билла буни қўриб боринглар. Чў-ў, жонивор, ишнинг бу ёғи сенга омонат, нозир ука. Бизга хизмат бўлса айтаберасан.
Байтал ортга бурилди. Сайис Азимбойнинг нари кетишини кузатиб қолди. Сўғин, кўзқабоғи чўккан, юзи захил, хез турган куёвига ғўдранди.
— Ҳеҳ, ҳайвондан фарқинг йўқ эди, шундай қоларкансан-да. Энаси ғар…
Куёвнинг юзи тиришди. Деди:
— Ҳаддингизни билинг! Қани, кўтаринглар…
Шотирлар Сайиснинг қўлини ортига чирмадилару очиқ дала йўлига солдилар. Унинг хуши ўзига келган, курагининг қамчин теккан ўрни ачишаётганини ҳис қилди. Бебурд куёви от йўртиб, илгарилаб кетди. Қараса, қабатида тўнғич ўғли Толмас ғингшиб келаяпти.
— Уйга жўна. Мен ортингдан бораман. Қани, кет…
Толмас истаб-истамай сусди. Отаси ҳарна узоқлашгач, йўриғини ўзгартирди. Молхона ҳувлаб қолди.

Кенг дала ўртасида кетиб бораркан, нозир Сайисни гапга солди:
— Ўчакишманг эди, ака! Ҳалиям кеч эмас…
— Ишингни бажар, нозир ука.
Сайис ошиғич сўз қўшмади. Сумбатлари қоядек келадиган отлиқ шотирлар тўхтади. Нозир уларни кетишга буюрди. Бўйсундилар. Бириси Сайиснинг қўлини бўшатди. Ҳаммалари кенг далада от солиб, илгариладилар. Нозир эгардан қуйи инди. Сирти сабзалаган далада икковлон тек қолди.
— Қўйинг, Азимбойнинг тихирлигини биласиз-ку. Устига қонингиз бир. Хўп денг, Азимбойнинг йўлини кесиб чиқманг. У ориятли одам!
— Ҳов, менга қара, сенга нима деб гап ўргатди ўша ориятли одам?
Нозир оғир ютунди. Ер остидан қўрқа-пуса Сайисга қаради.
— Отанг мард одам эди-ку. Мардлигидан зиғирча юқтирмабсан-да, хотинчалиш? Эсиз…
— Бизга Азимбойнинг хизмати синган, ака. Тушунинг… Қизингизнинг ажримини сўраманг. Эса сизга туҳмат қилиб бўлсаям турмага тиқади. Биласиз-ку, унинг қўли узун! Хўп денг, кўнинг!
Сайиснинг ори келди. Ғиппа нозир йигитни бўйнидан олди. Читир ўт устига йиқитди. “Пиқ-пиқ”… Чайир панжаларнинг забтидан нафаси қайтди. Юзига қон югуриб, қирмизи тусга кирди. Сайис кўрди. Бечоранинг ҳоли танг, панжасини бўшатди. Нозир бўғриқиб, чуқур-чуқур нафас ютди.
— Оғзингдан сутнинг таъми кетмаган болага бунақа ишларга аралашишни ким қўйиб эди?
— Ҳей, ўзим хоҳлаб келдимми, ака? Буларнинг айтганини қилиб турмасангиз, пешонангизга шўр битади-ку…
— Майли, қани, кўзимдан йўқол. Йўқса, уриб суягингни орқалатиб юбораман, бола. Бориб айт, ювиқсизга қолган қизим йўқ — ажрим олинади. Майли, мени ҳар бало қилсин. Қани, бор, ука!
Нозир йигит кўҳ-кўҳ йўталиб ўрнидан турди. Қаддини ростлаб, юз-кўзини арткилади.
— Аммо бекор қилаяпсиз-ов. Азимбойнинг жаҳли чиқадиган бўлаяпти!
— Хўжангнинг куни бизнинг қизга қолди. Ҳа-ҳа, эса анов ювиқсиз бангига шиғириям эш бўлмайди?!
Сайис дедию нозирга ўқрайди. Йигит чўчинқираб нари жилди. Сохт-сумбатини керган бўлиб, уловга тирмашди. Бир дам қаршисидаги афтодаҳол касга тикилиб турдию шотирларнинг ортидан йўртиб кетди.
— Бориб айт ўшанга. Ажрим…

* * * 

Остона ҳатлаб кирса, хотини бошига кўкиш дурра танғиб, супада биғиллаб ўтирибди. Тепасида шумшук болалари тўнғич Толмас билан кенжа Султон. Дафъа боши гангиди. Ҳолига ачиниб, сўкинди. Хотини уни кўрдию зиппа ўрнидан турди. Тўнғичи югургилаб, қўлтиғидан олди. Сайис ориқ, узун жасадини аранг кўтариб, супа устидаги наматга юзтубан йиқилди. Хотин унинг остига ўрин-кўрпа ташларкан сўз қотди:
— Муқаш келди. Аёл қуда уйдан қувиб солибди. дарбозадан киритмадим. Остонада бўзлаб тураберди, бечора қиз. Синглингиз Муқашга қўшилиб, кўча эшикда дардкаш бўлди, йиғи қилди. Кейинча, қабатига олиб, аёл қудани олдига элитди!
Эр бот ҳолсизланди. Ётган жойида ғўлдиради:
— Қизларгулга айт, Муқашни қайтарсин. Унинг ажримини оламиз.
Орага жимлик чўкди. Жужуқлар бир отасига, бир онасига боқиб, анграйди. Сайис хир-хир нафас ютиб, кўпчиди. Хотини дуррасининг бир бурчини бурнига тақаб кўзёши бошлади.
— Муқаддас бардошли қиз. Кўрасиз, чидайди. Битта туғиб берса…
Эшининг томоқ қиришидан хотиннинг шашти ўлди.
— Бор, аммангни қайтар. Опангни олиб келсин!
Толмас кетарию қоларини билмади.
— Бундай қарор чиқариш ярамайди. Қарздормиз…
— Ҳеҳ, шу шайтоннинг қарзи қиёматга қоладиган кўринади. Бор дедим, аммангга айт, Муқашни олиб келсин!
Толмас супадан узоқлашди. Остонага бориб тўхтади. Отаси майишиб ётганича унга ола қаради. Бола зир титраб ер тепинди, кейин кўча эшикка томон отилди.
— Нима қиламиз энди?
— Худонинг куни-да!
— Муқаш бардошли қиз!
— Унинг ажримини оламиз. Тамом…
Хотиннинг миясини селдай нотинчлик босди. Эрини эса лаҳзада ёқимли бир уйқу элтди бу палла. Тани пардек енгил бўлди. Ҳеч нарсани ўйлашни истамади. Кўзини юмсаю ширин уйқуга кетса. Эртага Худонинг куни-да. Тепасида куланкирдек хезланиб турган хотин куйиниб деди:
— Айтинг, энди нима қиламиз?!..
Сайиснинг чанг унаган киприклари оғир-оғир ёпилди. Ширин оромдан олдин сўнгги кучини йиғиб, хотинига узик жавоб қилди:
— Қамаламиз!..

2019.04

ИТОДАМ

– Шу қизталоқни бекор қоптинг-да, чаппа!
Кўкнинг кети тешилиб шиғалатиб ёмғир қуйиб берди. Тўлиннинг уст-боши шилта бўлди-ю шундаям ўрнидан туришга унамади. Ётаверди. Ториққан кўксига ёмғир ҳавоси газакдай қоришди. Чўзилиб ётди. Тиниқ ҳаво. Булутистонинг тек бурчи сўкилиб, бир тақим қуёш ёлқини майса сиртига ёйилди.
– Тулки болалаяпти…
Ҳали ғингшиб, Тўлиннинг жулдурини бошпана билган ит кўзлари сўлғин жимиди. Эгаси кўкни кўрсатса кўкка қарайди. Қора булутни ёриб чиққан қуёш нурларини кусайди. Ивиган юнгларини сермаб ирганади. Эгасига яқинроқ суқилади.
– Холмат қоранинг кўнгилни сиёҳ қилгани қолди-да.
Тўлин қўнишиб ётган итга қаради. Ит чийиллаб тумшуғини хезлади. Эгасининг ҳасбиҳолини эшитишни истамаган каби қайта чўзилди.
– ..!..

* * *

…Дарбозада Холмат қоранинг хотини кўринди. Чўнг лойсупа устида тариқ ийлаб ўтирган эна – Сунбул кампир келгиндини бир-да пайқамади. Тўлиннинг капалаги учди. Тўнғиллади:
– Бир балони бошламаса гўрига…
Бир четда ётган ит эринибгина ҳурди. Қоранинг аёли оғиз жуфтлашга тиришди-ю чўчинди. Йўрғалаб кампирнинг тепасига келди. Кампир қособасини тепароқ сийириб хотинга қаради.
– Кел, Гулсум. Шаштинг баланд, баҳай?
– Сунбул момо, арз билан келдим!
Қоранинг хотини ўпкаланиб кампирнинг биқинига омонат чўккалади. Тариқнинг сиртидан бир-икки нишхўрт териб итқитди. Кампирнинг кайфи тариқдай тўзиди.
– Қандай арз? Биздан бир бало ўтибдими?
– Бечора эримни қизил қонига белаб юборибсиз-ку!
– Тавба де, бу нима деганинг? Қорахонингни нима жин урибди яна?
– Итингиз қопибди. Бечоранинг сўл болдиридан бир шилим этини юлиб олибди.
– Ҳа, энди итда… Ўзи тегишган эса ажабмас…
– Йўқ, менинг эримни биласиз, қўйнинг оғзидан чўп олмаган хилидан. Шу манов улингиз…
– Туҳмат қилманг, чеча. Биз эрингизни итга қоптирибмизми? Ўзидан ўтди… Ишонманг, эна.
Тўлин хотиннинг гапини кесди. Кесмаса кўп жаврайдиган. Гулсум ёзғирди.
– Ана, Сунбул момо, улингизнинг гапини эшитинг… Ким билсин, бу итингизни? Қутирган эса ҳолим хароб.
Кампир Тўлинга ўгирилди. Ошхона тарафда Қизларгулнинг қораси кўринди. Этагини ғижимлаб бу тарафга мўралади.
– Сенинг қачон эсинг киради экан, жувонмарг. Воҳ, одам бўлмадинг.
Кампир гирдиғум гавдасини соллаб-соллаб турди. Тўлин ўшқирди.
– Қоранинг ўзидан ўтди, эна. Менда нима айб?
Эрининг бундай атанганидан Гулсумнинг ҳамияти қўзиди.
– Тилиям қийшиқ мунингизнинг!
Кампир хез туриб, эрига тикилиб турган Қизларгулга ҳимо қилди.
– Уйдан бир юлим хамиртуриш билан қайчи олачиқ.
Қизларгул тисарилиб уйга кирди. Кампир минғирлаб ковушини тескари кийди. Тўлинни ортиқ қарғамади. Бужмайган лаблари учиб чаппанинг тепасига борди. Айрича шашт билан тиззаларини жуфтлади-ю, итнинг биқинидан тоғдай босди. Ит кампирдан чўчиб чийиллаб қочиб қолмақчи эди-ю, улгурмади. Истамайгина бўйсунди.
– Воҳ, нафсинг қонгандур, а? Сенгинага заҳар-заққум юттирмасак қутулмаймиз экан…
Кампир итнинг гарданига бир-икки турткилади. Уйдан оларини қўшқўллаб кўтариб чиққан Қизларгул кампирнинг тепасига келиб турди. Кампир қайчини олиб итнинг бўлиқ юнгидан сиқимлаб-сиқимлаб кесди. Кейин тикланди. Тиғдан чўчинган ит кампирнинг забтидан қутилганидан жонҳалак чийиллаб пусиб кетди.
– Ма, Гулсум, шу хамиртуруш билан итнинг юнгини эрингнинг ярасига боғла… Ўтиб кетади.
Гулсум аччиқланиб минғирлади.
– Ҳеҳ, момо, сизга ачинаман, сизга!
Гулсум ўрнида дадил туриб кампирнинг қўлидагини юлқиниб олди. Қизларгулга: “Эрингни эпақага сол”, дегандай хўмрайиб қаради. Кейин этагини силкиб дарбозага йўналди. Кампир пилдираб келиб жойини йиғди-ю нари кетаркан ўзига-ўзи ғўлдиради.
– Ер ёрилса-ю ютиб кетса.
Тўлин энасига зимдан қаради. Тепасида турган хотини Қизларгулнинг лаби гезарди. Эрига оғиз жуфтлашга ҳафсала қилмади. Ўқдай тикилиб турди. Бир хил нарсаларни ўйлаб ичи ачишди. Кейин кўзлари юзма-юз бўлди.
– Ҳа, мен одам эмасман. Бўлдими?
Қизларгулнинг кўзи ёшга тўлди. Дуррасининг бир четини бурнига қадаб бурилди. Тўлин тек қолди. Мияси ғовлади. Сўкинди.
Шу тахлит узоқ турди. Кўкка қараса қоп-қора булут ўраб келаяпти. Ўрнидан жилди. Эт-бетининг гардини қоққан бўлиб, ҳужрасига йўналди…

…ҳали ҳужрасига бош суқса, хотини Қизларгул изиллаб ўтирибди. Беш-ўн кунлик ёвру қизчаси чириллайди, эна эмчак тутади-ю бола ийимайди. Энага эш бўлиб, бўтадай бўзлайди.
– Ют, чирқилламасдан! Ма, ол.
Тўлин бошлигини сийириб, манглайини артди.
– Қарғама, Қизларгул, сутинг қочади.
Хотин илимади. Барини уюриб, бурнини шарақлатиб тортди. Кўҳ-кўҳ йўталди.
– Бўлди-я!

Тўлиннинг калласи ғовлади. Оғир букилиб ўзини шолча устига ташлади. Чуқур нафас ютди. Тани енгиллашгандай бўлди. Кейин димоғига бола ҳиди ўтирди. Қўзғалди. Хотини сари сурилди.
– Менга бер шуни, Қизларгул, кўтарай-чи. Туришингни қара, эт қопгани келган илиқига ўхшайсан. Чўчитаяпсан болани.
Қизларгул эрмисан-ермисан демади. Тўлиннинг қўли ҳавода қолди. Хотин кетини нарироқ отиб ўтирди. Кичкина қизча баттар чириллади. Энаси бўлиқ юзини жужуқнинг муштдай юзига теккизди. Эна-ю боланинг йиғидан оташдай қизиган турқи қапишди. Икковиниг-да кўнгли енгил тортгандай бўлди. Қизча ҳалим ғингшиди. Она енгил тамоқ қирди.
– Энди сен бошлаяпсанми, қанжиқ. Тур кет, отангни йўқла: кўрсин, эс-песи боридан топиб берар.
Хотин беткачопарлик қилмади. Юз-кўзини арткилаб узик жавоб қилди:
– Энди мени ит искармиди?
Тўлин эшини тузук тингламади. Сирилиб ўрнидан жиларкан қўшимча қилди.
– Гап шу…
Дарбозадан чанг кўчага чиқди. Офтобнинг ола-кула кўланкаси остида саркаш жўнади. Кетаркан ўзича ўдаға пўнғиллади.
– Ҳаҳ, сен Холмат қора, мени икки дунё тинч қўймайсан чоғи?!

Ёғоч дарбозани туртиб кирди-ю сўл болдирига жадда танғиб, бўғот остида ўтирган Холмат қорани кўрди. Ўпкасини баландлатиброқ борди. Холмат қора Тўлиннинг нима истаб келганлигини пайқаган бўлди. Биринчи атакага ўтди.
– Қайси юз билан остонамни хатладинг, бебурд?
– Ориятимдан, Қорахон ака, яхши иш қилмадинг!
– Воҳ, сенга ор битмаган, бебурд…
Тўлин бери тўхтади. Бўйни букилмасин учун хез қолди.
— Эски кудуратни унитинг эди!
— Ўлсам унутмасман. Манов еримдан чиқар, лекин манов еримдан чиқмайди.
Холмат қора кўксига нуқиди. Кейин кўзини эгри олди.
— Мен сизни атай тутқилатиб эдимми? Ўзингиздан, яширининг эди.
— Ҳаҳ, сенга ишонгандим, ука, сенга…
— Эргашчанинг таначаси ўлсин эди. Шу тирриқ жонлиқни деб умримизнинг кўпи куйди. Дунёдан тоқ ўтганим дуруст экан!
— Ҳаҳ, қўйнингга совуқ уриб эди-да, ука. Сабринг нафсингга енгилди-ю, мен соддани бошини қизитиб ўғирликка ундадинг. Ҳаҳ, сенинг қўйнингни қизитган хотин бошингни есин!
Тўлин коловланди. Қорага зимдан қаради, қаради-ю, афтини бужмайган кўрди.
— Қорахон ака, ўша тунда сизни ўғирликка унамаган эдим. Қўйинг, бурундан қўшни қишлоқлардан жонлиқ ўғирлаб тоғ ортига сотиб келишингизни билмасам экан… Ўзингизниям суягингиз енгиллик қилди. Эргашчанинг тутқилаб олишини туш кўриб эдимми? Ишонаверинг, Қўшработнинг йўлида тун яримгача йўлингизни пойлаганман. Қўлимда этовдаги танача. Қарасам, келмайдигансиз, бир гап чиққан тушуниб чўчидим. Аммо иш еридан кўчганини билиб, жонлиқни тоғ ортига элтиб уйга қайтганман. Эртасига дарагингизни туйдим. Билсам, сизни Эргашчанинг укалари қувиб етган экан…
— Ҳа-да, итэмган энаси ғарлар, Янтоқлининг биқинида тутқилади. Ҳа, таниди. Бари мени гув забтига олиб ўбдан туркилади. Кейин тузук гап ололмай, гап қўшди: “Танани ким олиб қочди? Айт, қорахон! Майли, сендан хафагарчилигимиз йўқ. Шеригинг ким эди? Айтсанг, ана, йўлинг очиқ!..”. Мени сени ўйладим. Ёш, умри синмасин, дедим. Сотмадим. Қўлимни орқа қилиб, ўзимни милисага топширдим. Қанча вақт йўқотдим. Ўтириб қайтсам, отим хароб. Ким кўрса қўл олгани ижирғанади. Сен эса, ўтар кунингдан мастсан. Бир марта остонамни йўқламабсан, бебурд. Жонлиқнинг пулига келган хотинчанг… Сенинг қўйнингни қизитган ўзим бўлдим… Билсанг, шу хотингчангда мениям ҳаққим бор!
— Ҳадингни бил, қора! Янами, сенга бир гап кам, иккитаси кўп экан-да. Воҳ, тинчимайдиган кўринасан. Бир бало қилиб қўймасам гўрига…
— Ҳа, нима эди: яна итингга қоптирасанми?
— Қопган итнинг ўзи. Мен бостирмадим…
Тирқишда Гулсум кўринди. Қўйнида боласи изиллайди.
— Тур, кет. Туф-а, остонамни харом қилдинг, тур кет, ит!
— Чийиллама, янга!
— Уйга кир, энаси ғар. Кўзимга кўринма!
Холмат қора хотинига ўшқирди. Хотин бақирди. Тўлинга еб юборгудай қаради. Бурилиб уйга кирди.
— Бугун Тоғтепага бор. Сен билан очиқча гаплашиб оламиз, ака. Қон қилдинг, қарзимни узаман. Майли, оқибати куйсин, қарзимни узаман. Керак бўлса турмагаям кираман…
Тўлин қайрилди-ю, ҳовлидан чиқиб кетди. Холмат қора унинг ортидан қув кузатиб қолди.
— Сўзинг сўз бўлсин, Тўлин. Йўқса, хотинчангни бўлишамиз…
Ёғоч дарбоза гурсиллаб ёпилди.

* * * 

— Нима, заҳар юттингми? Бунча алаҳламасанг?!
Ёмғир тиниб, кун ина бошлаган палла Тўлин шилта майсанинг устидан хез турди. Жиққа ивиган абосини силкиб, қирдан пастга йўрғалади. Чаппа бемадор унинг қабатида кетиб бораркан, элас-элас кекиради, ҳансирайди. Нуқул чиқиллаб ортга тисарилади. Тўлин итни англамай боқади.
— Юр-а, чаппа, уйга қайтамиз!
Ит қишлоқ тепасигача шилта майса устида бемажол юриб борди. У ёғига оёғи тортмади. Увлаб тўхтаб қолди. Тўлин анча илгарилади. Сўғин қайрилиб бирон қирқ-эллик одим тепароқ нишабликда қолган чаппани ўзи сари имлади. Ит қулоқларини динг қилиб ерга чўкди. Тумшуғини майса устига ташлади.
— Тур-а, ит!
Тўлин дўмпайган тепаликнинг ортида кўздан йўқолди. Чаппа майса оралаб унга сўниқ тикилиб қолди…
Тўлинни уй эгагида энаси қаршилади. Кампир ғўлдираб ўғлига гап қотди:
— Ер ютгур ит гўр излаб кетдими? Ҳов, хотинингни қайтар, нима деб эдинг? Югурсанг етасан, қир ошиб улгурмаган ҳали!
Тўлин энасининг ажин унаган нурсиз юзига қараб тетик бўлди. Хотинига деганларини эслади.
— Кетса кетаверсин! Пойимга патак қиламанми? Итга нима қилдингиз?
Кампир гирдиғум сумбатини соллаб ўрнидан жилди. Пайдар-пай ҳатлаб уй томон юрди. Тўлин яқин эгат четига чўкиб саркаш ўлан юлди. Ичи ёнди.
— Майли, тенгинг чиқса тегиб кет, Қизларгул!
Наридан кампир ғингшиди.
— Шашти бўлак унинг: бор, йўлини қайир, хотинсиз қолмасанг гўрига…
Тўлин энасига ола-кула қараб қолди. Рутубатли осмонга тикилди. Ҳали иниб келган қирлари ортидан қоронғи забтига олаётганини пайқади. Абосини ечиб, ёнига ташлади. Ўрнидан туриб, қир томонга аста-аста юрди. Ҳар қадам босганида қадамини жадаллатди. Бир пайт ўзини баланд тепаликда кўрди. Хира кун ора қирларнинг ёнларига солинган сийрак уйчалар оша кетган ёлғизоёқ йўлда Қизларгулни кўрди. Тўлин ичдан зил кетди.
— Кетмасанг нима қилар экан, Қизларгул?
У илк дафъа жон деганини қизғанган бўлди. Хотинини яхши кўришини пайқади. Ҳаҳ, ғазаби ақлини шоширди. Гулдай эшини бировга атаганидан ўлгани беҳроқ. Ҳаприқиб Қизларгулни қувиб етди. Қараса хотинининг юзи қизаринқираган, қовоғи шишиб, юзи гезарган.
— Йўлимга чиқма, кет-а!
— Тилинг чиқди сен энаси ғарнинг, а?
Қизларгул бир тутам бўлиб пинакда ётган жужуғини бағрига босди. Қўй кўзларини масъум эрига қадади. Обидийда қилган бўлди.
— Қўй, қайт, йиғлама кўп. Юр…
Тўлин Қизларгулнинг ўмизидан олди. Ортда унади. Хотин қайрилмади. Қайтага илгари жилди.
— Қайтмайман. Сўзим сўз, қайтмайман.
Тўлиннинг лаби гезарди. Миясида бир бало турди. Шу пайт атрофда чийиллаб чаппа пайдо бўлди. Тўлин итга боқиб тисарилди.
— Қайтмайсанми?
— Тинчимни кўрай. Одамга ўхшаб яшасам… бировнинг молига кўз тиккан ўғрига ортиқ эш эмасман. Ер бўлдим, ер…
Тўлин Қизларгулга бўзрайиб қаради. Олчоқлиги тутди. Тупурди. Қўли билан барини қоқилаб, деди:
— Кет бор!
Кейин мишиғини енгига артди. Қизларгулнинг йўлидан четланди. Жувон кўзи ола-кула бўлиб Тўлинга аланглади. Кейин жаҳл аралаш йўрғалаб кетди. Тўлин уни орқаворотдан кузатиб қолди.
— Изинг ўчсин ортиқ, молоёқ.
Қизларгул Тўлинга қайрилиб қарамади. Чаппа аккиллади. Сўғин эгасининг пойига келиб ўзини урди. Ер искади. Тўлиннинг совуқ юзига қаради. Ҳурккандай чекинди. Қаттиқ ич тортди. Бурнидан қон сизди. Бурилди-ю, оқ шом ичида саркаш юриб кетди. Тўлин имлади. Дўнмади. Ҳов нарида Қизларгулнинг изиллаб кетаётганини кўрди. Мийиғида кулиб жавранди.
— Хотин бўлмадинг сен: Одамга ўхшаб яшайман, де?! Даллиям, ўғриям бўлдик! Майли, кўрамиз, ит ялаган товоққа ким ҳавасманд, энаси ғар, энди сени ит искармиди?!
Тўлин ҳолсиз ҳаккалаб кетаётган чаппа итни яқин қияликда кўрди.
— Тўхта, чаппа, тўхта. Ув-в-в, ув-в-в, ув-в-в-в…
Ит бир-да юришдан тўхтамади. Тўлин увлаб унинг ортидан жилди. Бир ёнда тақдирига азадор Қизларгул бағритош юриб борар, ўзича итнинг унини туярди. Бу ит Тўлин – эри эди. Руҳи недир енгил бўлди-ю, юраги чирт ачишиб ўтди. Ўтди кетди. Бир ерга борганда бундай ўйсиз минғирлаб қўйди:
— Итодам!..

2019

022«… Assalomu alaykum, Xurshid aka, ustoz. Sog’liqlaringiz yaxshimi? Charchamasdan yuribsizmi? Sizga ikkita hikoya jo’natayapman. Otim Islom. Yigirma uch yoshdaman. Istanbuldan jo’natayapman ushbu yozdiqlarimni. Qusurimga boqmaysiz!(Ibodullaning menga yozgan maktubidan. Men ham unga yozdiqlari haqida albatta xat yozishni ko’nglimga tugib qo’ydim)

Islom IBODULLA
IKKI HIKOYA


AJRIM

Sayis egniga to’rvasini ilib darbozadan kirganida, chetroqda qorajanjalning bir shingilini cho’qilab o’tirgan kenja Sulton jahd turdi.
— Muqash keldi, ota, — dedi og’zi qulog’iga yetib. — Yaznam yana urgan ko’rinadi — yig’layapti…
Sayisning ko’ngli xufton bo’ldi: boshidan kulohini olib, kaftiga urib qoqdi. Ichkaridan urra sholro’moliga burkanib Muqaddas chiqdi. Sayis qizining angorini fahm etdi: yig’idan ko’zlari g’o’radek shishgan. Muqaddas haliyam bir tarafda yumronqoziqday tik turgan kenja Sultonni borib quchdi. Yuz-ko’zlaridan cho’lpillatib o’pdi. So’g’in otasiga yaqin kelarkan, o’ksik salom berdiyu darbozadan ko’cha sari chiqdi.

Muqaddas ketdi. Ketdiyu ortidan sayisning yuragiga bir qadar qutqu qoldirib ketdi. Ta’bi tirriq bo’lib, xotiniga himo qildi. Xotin hali qizi chiqqan eshik kesakisida girdig’um sumbatini ko’rsatib: “Nima deysiz?” degandek qaqqayib turaberdi.
— Bahay?
— Tinchlik, o’sha gap: kuyovning injiqligi!
Er to’rvasini supa ustiga itqitdi. Xotin qaytib “g’ing” demadi. Gapni kenja Sulton dona-dona qilib tugatib qo’ydi.
— Kecha yaznamning gashtagi bo’lganmish, ota. Jo’ralari kulibdi: “Sayisning kuyovi qachon qo’zilaydi?” deganmish. Yaznamning achchig’i qo’zib, janjal ko’taribdi. Uyga qaytib, kechasi Muqashni ko’chaga haydabdi: “Senlardan or qilaman!” deganmish. Keyin uni sayoq qoldirib, o’zi Farog’at satangga ketivoribdi.
— O’chir, vaqillama, juvonmarg!
— O’zing o’chir, bola so’z qo’shmasa, indamaysan, itemgan xotin!
Ha seni tuqqanni…
Sayis xotiniga o’shqirdi.
Supaga cho’kdi. Charm boshmog’ini yechib, poyidan paytavasini shilib otdi. Biroz tek qoldi. Ichi yorimadi. So’g’in tomorqaning bir chetida ko’kka o’rlab turgan qari tutning ostiga belkurak urdi. (Erning joni chiqqandek: atrofga nam tufroqning bo’yi oraladi). Qazilgan lahaddek o’radan oq shisha chiqarib, supaga borib cho’kdi. Alang-jalang qilib turgan kenja Sultonga jom buyurdi. Bola qo’lidagi uzum chuvarasini uloqtirgancha, pildirab jo’nadi.
— Ich! Ich-a! Yaraganing shu! — deb bobilladi xotin uy ichida turib.
— Senga jag’ berganga arzim bor! — deb o’shqirdi er.
Xotin jimidi. Kenja Sulton ichkaridan jom ola chiqib, supaga eltdi. O’zi eski o’rniga borib turib oldi. Ramaqi otasining har piyola simirganda ko’tarilib-tushadigan o’ynoqi kekirdagiga qarab, zerikmadi. Sayis ko’zlari qamashib-tirishib ichki sipqorar, har yuzi bujmayganda go’ng hidi burqsigan qo’ltig’iga burun solib, chuqur nafas yutardi. Takrorlardi. O’tkir ter hidi achchiqni kesadi-da…
Harna uning boshi qizidi. Yuzi qizil tortdi. O’tgan gap miyasini chaqdi.
— Qo’yindixonadan boltani olachiq!
Kenja Sulton bu safar joyidan jilmadi. Toshday qotib turaberdi.
— Eshitmayapsanmi, tirmizak?! Bor dedim!..
Bola turgan joyida uchib tushdi. Og’zi ochilib hovliga urra chiqqan ayasiga qaradi.
— Ammangnikiga yugur, bo’zarmasdan. Otamning mazasi qochdi, deb ayt. Yugur…
Sultonboy entak-tentak qadam otib darvozaga yo’rg’aladi.
— O’lgur, imoningni yer qilding: shu zahri qotilni tilimga olmayman, deb eding. O’zingcha daraxtning tagini o’pirib ko’mding. O’shanda aytgandim-a, buni o’rniga o’zingni yerga bersang ham bu zahri qotilga bas kelmaysan, deb.
Xotin o’ziga o’zi aljidi. Aljidiki, boisi eriga kudurat.
— Zang’ar…
Sayis o’rnidan qo’zg’aldi. O’ltoq-cho’ltoq qadam bosib, tim-qorong’i qo’yindixonaga jildi. Ichkariga kirib, tig’iga zang ko’pchigan kalta sopli boltani ola chiqdi. Xotini yozg’irdi:
— Nima karomat ko’rsatmoqchisiz? Jin chalgan — dalli. Bechora qizni badbaxt qilasizmi?
Er so’z qo’shmadi. Soxt-sumbati dildirab, bog’ eshigiga yo’naldi. Yo’naldiyu singlisi Qizlargulga pesh bo’ldi.
— Enam singlim!
— Yanami, aka?! Nomusdan o’lib bo’ldik-ku! Shu boltani menginaga ura qoling!
Qizlargul ostonaning zarang sirtida qaqqayib turib yozg’irdi. Ortdan hovliga kirgan kenja Sulton otasining vajohatidan cho’chib, ammasining bariga pusdi.
— Or qilarmish, Qizlargul! Pastkashning bolasi qaysi urug’dan ekan o’zi? Mo’ltonining to’rvasidan qolmagandi-ku! Shundayam ortiqcha ekan, bu badfurushni urug’idan uzib tashlayman — jonini olaman…
— Muqashni, qizingizni o’ylang, aka. Badnom qilasizmi? Qiz bola chidaydi. Bitta tug’ib bersa, izzatning tagida qoladi. Chidang-da sizam bunday, aka!
— Yana qancha chiday, ena singlim? Qiz bechora, haliyam bir arz-dod qilmadi. Ko’nayapti. Andishaning oti qo’rqoq. Bu mushtumzo’rlarga es bitmabdi, esini kiritib qo’ymasam… Heh, bizni tuqqan qoringa… Ayb singlingdami? Yo’q, ayb bangi kuyovda: urug’i kuygan uning. Yo’qsa, Farog’at satang quyon bo’lardi. Heh, yuviqsiz, urug’ni xarom qilgan buning o’zi! Endi bizdan hazar qilib qolganmish!
Sayis nari yurdi. Xotini to’ng’illadi. Qizlargul uning poyiga yiqilib, pochasidan siqimladi.
— Avval meni chopqilaysiz, keyin yo’rig’ingiz o’zingizda bo’ladi!
— Qoch, Qizlargul, yo’limni to’sma, ena singlim. Shu bugunoq Muqashning ajrimini olmasam…
— Men aytarimni aytdim, aka. Mana, ko’ksimga uring — qora ko’ksimga. Senlarning ig’volaringdan kuyib bitdim!
— Men shuni istab edimmi, Qizlargul? Senam yurakni achitasan-a?!
Aka nolindi. Ichi yondi. O’zini nari olib, boltani dast ko’tardi. Shiddat bilan sirmadi. Bir burchdagi eski to’nka “g’art” etdiyu ikkiga ayrildi.
— Nima qilay, Qizlargul?

Qizlargul ostonada yalpayib o’tirib qoldi. Sayis uni gir aylanib o’tib, ko’chaga chiqdi. Singlisi uning ortidan qichqirdi:
— Bir nima qilsang, sendan rozi emasman, aka!

* * *

Borsa Azimboyning darbozasi lang ochiq. Xuddiki, kutgandek, chorpoyada hurpayib o’tiribdi. Sayisnikiga o’xshash yirik-yirik ko’zlari ayricha quvlik bilan bir nuqtani poylaydi. Miyig’i uchib, andak kibrga sari og’ishgan.
— Heh, otam-a! — dedi ayvonda o’tirgan Muqaddas hirqirab, tiyra ko’ngli yoridi – tog’ bo’ldi, ham to’liqib, so’g’in ichkari panaladi.
Sayis past tushishdan o’zini oldi. G’o’ddayib Azimboyning ustiga bostirdi. Azimboy hurkdi. Tovushqonday pusib o’zini chetroqqa urdi.
— Nomard o’g’ling qani, amak? Chaqir, chiqsin!
— Qo’y, uka, bularning hayotiga aralashmaylik.
— Sen gapirma: ishu korning bunchalik bo’lganiga seniyam hissang o’tgan!
— Hovuringdan tush, uka. Qonimiz bir-a!
— Qo’y, o’g’ling qonni xaromga chiqardi, amak. Endi bir-birimizga yotmiz. Qizimning ajrimini olaman!
— Aqlingni yig’…
Sayis baqirib qizini chorladi. Chorpoyaning tepasidagi ayvonda Muqaddas paydo bo’ldi. O’ksik, nimjonu qiltiriq qizni ko’rib, otaning ko’ksi achishdi. Tizzasiga mushtladi. Muqaddas “piq” yig’ladiyu qaytib ichkari kirdi.
— Chiq, Muqaddas, uyga ketamiz!
Shu payt qay eshikdandir Azimboyning xotini otilib chiqdi. Pishillab Sayisga so’z qotdi.
— Hey, qayinjon, qo’ying-a, yoshlarning sho’xligi… Qondoshmiz-a, shu bilan bechoralarni baxtini yarim qilmang!
— Heh, checha, qondoshning bo’lari shu bo’ldi. Haliyam chidab keldim. Bechora qizga burundan kun bermaysizlar. Yana qondoshmiz, deb tama qilasiz, checha…
Bir burchda kirpidek g’ujanak bo’lib turgan azimboyning hamiyati qo’zidi. Lunji titrab, Sayisga qarab o’shqirdi.
— Qisir sigirning narxi arzon bo’ladi, uka. Zo’rlab oldikmi? Qizingni bergan o’zing-ku.
— Hah…
Azimboyning gapi Sayisni o’rtadi. O’rtada turgan piyolaga chang soldiyu bir siqimda qarsillatib chil sindirdi. Qo’lidan qirmizi qon sizdi. Biron odim narida turgan qudasining baridan tortqilab, o’ziga sari surdi. Surdiyu shu baravari yuzu ko’zi qorishiq musht tushirdi. Azimboy qovoqdek yumaladi. Chinqirgancha kela solib, qudaning yag’riniga so’yil bilan tushirgan xotinining biqiniga pisdi. Sayis ayol qudaning qo’lidagi so’yilni yulqib, tomorqaning narigi boshiga uloqtirdi.
— Sen nokasning bangi o’g’lingga kim qiz berardi. Jigarim deb qizimning bahridan o’tdim. O’g’lingning urug’i kuyik ekanligini el biladi. Heh, tanamdagi qondan hazar qildim…
Azimboy olga bo’kkan yuzini changallab yotaberdi. Jontalash erining tepasida tipirchilab turgan ayol quda Sayisga o’shqirdi.
— Ha, hayvonga jir bitsa, egasini tepadi. Qorning to’ydimi, ko’rnamak. Qizingni narxini baland qilding — ko’ndik. Mol talabidan uzatding — badnafs. Shusiz kuning o’tarmidi? Shuning molboqarisan… ochdan o’lmayapsan!
Sayis kaftini qayta musht qildi. Lekin ko’torolmadi. Qarasa, tepasida qizi Muqaddas izillab turibdi. Chidamadi. So’kindiyu shaxt o’rnidan turdi. Dedi, degani barobar etagini silkib jo’nadi.
— Sen tamagirlarning mulkingga o’t qo’yganim bo’lsin!
Muqaddas muk tushib baqirdi. Ayol quda qarg’andi. Qarg’andiki, u hech narsani anglamadi. Ko’ngli aynadi. Boshida og’riq turdi.

Baland tepalikka ko’tarilganda es-xushsiz ortidan qizi Muqaddasning zorlanib qolganini esladi: “Qo’ying, ota, shashtingizdan qayting. Mening hayotimga aralashmang!”. To’liqib g’o’drandi
— O’zingcha demaysan, jon qizim. Majburligingdan deyapsan. O’zingdan o’tgani o’zingga ayon-ku. Tun bo’yi darbozamga necha bor kelib ketganingni bilmadimmi? Bildim, qarshingga chiqmadim: nokaslik qildim, vijdonsizlik qildim, jon qizim! Heh, seni sazoyi qilgan o’sha yuviqsizning padariga la’nat…

Ko’klam nafasi urib turgan dala bo’ylab salqin epkin turgan, quyosh cho’kayotgandi. Dalaning bir chetida Azimboyning molxonasi ko’rindi. O’sha tomonga eltadigan chim yo’ldan og’ishmay ketib borayotgan Sayisni daf’a oriyati o’rtadi. Yurarkan kallasini changalladi. Ko’kyuziga qaradi.
— Heh, makkor falak…
Unga molxonada to’ng’ich o’g’li Tolmas pesh chiqdi.
— To’riq qashqani uyurdan ayir!
Murti nish urmagan Tolmas otasining angoridan cho’chindi. G’o’dranib javob berdi.
— Haliroq yaznam kelib edi, ota. To’riqqa qo’shib yana uchta atangan biyani olib ketdi. Xabaringiz bo’lsa kerak, deb edim.
Sayis so’z qo’shmadi. Otaravaning shotisiga ilingan qamchinni yulqib oldi, shundoq etovda turgan ikki salt otni bo’shatdi. Bo’shatdiyu ikkisining-da quymuchiga qars-qars tushirdi. Hapriqib qolgan salt otlar hurkkanidan o’zlarini ochiq yaylovga olishdi. Quyunday uchib nari ketdi. Bir joyga borib, o’ksingandek ortiga qaradi. So’g’in ikkisi-da baqamti maysa qirtishlab boshladi.
— Menga qara, angraymasdan, otlarning hammasini bo’shat. Yaylovga quv…
Tolmas joyidan jilmadi.
Kaftdek dalada besh-o’n chog’li otliq bo’y ko’rsatdi. Sayis o’girilib ko’rdi. Ko’rdiki, yuzi gezarik Azimboy egarda dikkayib kelayapti. Yana bir gala shotir, oq yo’rg’ada tusi uniqqan jomali nozir — Suyun mallaning bolasi, uning qabatida tiyiqsiz kuyovi. Ular Sayisga yuzma-yuz keldilar.
— Hah, moling joningdan aziz bo’ldimi, nomard!
— Seni qamoqda chiritaman!
Sayis saltlardan yana birini tang’ilgan tabladan bo’shatib, qamchinlab quvib soldi.
— Qo’lingdan kelganini qil, amak. Qarg’aning titgani go’ng bo’ladi…
Azimboy qarshisidagi otliq shotirlarga himo qildi. Ular egardan tusha solib, Sayisning chor tomonini o’radilar. O’radilaru yuzu-ko’z demay turtib qulatdilar, tepkiladilar… tepkiladilar. Uning kurashadigan siyog’i yo’q edi. Shotirlardan biri ochiq, keng kuragiga qamchin tushirdi. Dami ichida bo’lganidan, achchiq izni sezmadi. Sezmadiyu so’l qo’lini ko’tarmoqqa tirishdi, ko’tarolmadi. O’g’li Tolmas o’kirib, otasiga qamchin tushurgan shotirga tashlandi. Bo’z bolani bir zarbda yerparchin qildilar. So’g’in Sayisning qo’lini qayirib, Azimboyning qarshisiga qopday itqitishdi.
— Mana, ko’rib qo’y, nozir uka. Bu ko’rnamak zotdor otlarimni o’g’irladi. Mulkimni taladi. Qamaysan, esi kiradi. To’riq qashqamni bilarding-a? Otmisan ot edi. Yo’qotibdi!
Sayis xezlandi. Ot ustida irjayib turgan miqti kuyoviga o’qraydi. Shotirlar uning yag’rinidan tog’day bosdilar.
— Voh, ayol ekansan, amak! Ayol ekansan…

Azimboy egardan bosh burib, qora tufroqqa tupurdi. Ostidagi baytal ijirg’angandek kishnab, ortga tislandi. Boy jilovni qayirdiyu shotirlarga dedi:
— Nozir bilan billa buni qo’rib boringlar. Cho’-o’, jonivor, ishning bu yog’i senga omonat, nozir uka. Bizga xizmat bo’lsa aytaberasan.
Baytal ortga burildi. Sayis Azimboyning nari ketishini kuzatib qoldi. So’g’in, ko’zqabog’i cho’kkan, yuzi zaxil, xez turgan kuyoviga g’o’drandi.
— Heh, hayvondan farqing yo’q edi, shunday qolarkansan-da. Enasi g’ar…
Kuyovning yuzi tirishdi. Dedi:
— Haddingizni biling! Qani, ko’taringlar…
Shotirlar Sayisning qo’lini ortiga chirmadilaru ochiq dala yo’liga soldilar. Uning xushi o’ziga kelgan, kuragining qamchin tekkan o’rni achishayotganini his qildi. Beburd kuyovi ot yo’rtib, ilgarilab ketdi. Qarasa, qabatida to’ng’ich o’g’li Tolmas g’ingshib kelayapti.
— Uyga jo’na. Men ortingdan boraman. Qani, ket…
Tolmas istab-istamay susdi. Otasi harna uzoqlashgach, yo’rig’ini o’zgartirdi. Molxona huvlab qoldi.

Keng dala o’rtasida ketib borarkan, nozir Sayisni gapga soldi:
— O’chakishmang edi, aka! Haliyam kech emas…
— Ishingni bajar, nozir uka.
Sayis oshig’ich so’z qo’shmadi. Sumbatlari qoyadek keladigan otliq shotirlar to’xtadi. Nozir ularni ketishga buyurdi. Bo’ysundilar. Birisi Sayisning qo’lini bo’shatdi. Hammalari keng dalada ot solib, ilgariladilar. Nozir egardan quyi indi. Sirti sabzalagan dalada ikkovlon tek qoldi.
— Qo’ying, Azimboyning tixirligini bilasiz-ku. Ustiga qoningiz bir. Xo’p deng, Azimboyning yo’lini kesib chiqmang. U oriyatli odam!
— Hov, menga qara, senga nima deb gap o’rgatdi o’sha oriyatli odam?
Nozir og’ir yutundi. Yer ostidan qo’rqa-pusa Sayisga qaradi.
— Otang mard odam edi-ku. Mardligidan zig’ircha yuqtirmabsan-da, xotinchalish? Esiz…
— Bizga Azimboyning xizmati singan, aka. Tushuning… Qizingizning ajrimini so’ramang. Esa sizga tuhmat qilib bo’lsayam turmaga tiqadi. Bilasiz-ku, uning qo’li uzun! Xo’p deng, ko’ning!
Sayisning ori keldi. G’ippa nozir yigitni bo’ynidan oldi. Chitir o’t ustiga yiqitdi. “Piq-piq”… Chayir panjalarning zabtidan nafasi qaytdi. Yuziga qon yugurib, qirmizi tusga kirdi. Sayis ko’rdi. Bechoraning holi tang, panjasini bo’shatdi. Nozir bo’g’riqib, chuqur-chuqur nafas yutdi.
— Og’zingdan sutning ta’mi ketmagan bolaga bunaqa ishlarga aralashishni kim qo’yib edi?
— Hey, o’zim xohlab keldimmi, aka? Bularning aytganini qilib turmasangiz, peshonangizga sho’r bitadi-ku…
— Mayli, qani, ko’zimdan yo’qol. Yo’qsa, urib suyagingni orqalatib yuboraman, bola. Borib ayt, yuviqsizga qolgan qizim yo’q — ajrim olinadi. Mayli, meni har balo qilsin. Qani, bor, uka!
Nozir yigit ko’h-ko’h yo’talib o’rnidan turdi. Qaddini rostlab, yuz-ko’zini artkiladi.
— Ammo bekor qilayapsiz-ov. Azimboyning jahli chiqadigan bo’layapti!
— Xo’jangning kuni bizning qizga qoldi. Ha-ha, esa anov yuviqsiz bangiga shig’iriyam esh bo’lmaydi?!
Sayis dediyu nozirga o’qraydi. Yigit cho’chinqirab nari jildi. Soxt-sumbatini kergan bo’lib, ulovga tirmashdi. Bir dam qarshisidagi aftodahol kasga tikilib turdiyu shotirlarning ortidan yo’rtib ketdi.
— Borib ayt o’shanga. Ajrim…

* * *

Ostona hatlab kirsa, xotini boshiga ko’kish durra tang’ib, supada big’illab o’tiribdi. Tepasida shumshuk bolalari to’ng’ich Tolmas bilan kenja Sulton. Daf’a boshi gangidi. Holiga achinib, so’kindi. Xotini uni ko’rdiyu zippa o’rnidan turdi. To’ng’ichi yugurgilab, qo’ltig’idan oldi. Sayis oriq, uzun jasadini arang ko’tarib, supa ustidagi namatga yuztuban yiqildi. Xotin uning ostiga o’rin-ko’rpa tashlarkan so’z qotdi:
— Muqash keldi. Ayol quda uydan quvib solibdi. darbozadan kiritmadim. Ostonada bo’zlab turaberdi, bechora qiz. Singlingiz Muqashga qo’shilib, ko’cha eshikda dardkash bo’ldi, yig’i qildi. Keyincha, qabatiga olib, ayol qudani oldiga elitdi!
Er bot holsizlandi. Yotgan joyida g’o’ldiradi:
— Qizlargulga ayt, Muqashni qaytarsin. Uning ajrimini olamiz.
Oraga jimlik cho’kdi. Jujuqlar bir otasiga, bir onasiga boqib, angraydi. Sayis xir-xir nafas yutib, ko’pchidi. Xotini durrasining bir burchini burniga taqab ko’zyoshi boshladi.
— Muqaddas bardoshli qiz. Ko’rasiz, chidaydi. Bitta tug’ib bersa…
Eshining tomoq qirishidan xotinning shashti o’ldi.
— Bor, ammangni qaytar. Opangni olib kelsin!
Tolmas ketariyu qolarini bilmadi.
— Bunday qaror chiqarish yaramaydi. Qarzdormiz…
— Heh, shu shaytonning qarzi qiyomatga qoladigan ko’rinadi. Bor dedim, ammangga ayt, Muqashni olib kelsin!
Tolmas supadan uzoqlashdi. Ostonaga borib to’xtadi. Otasi mayishib yotganicha unga ola qaradi. Bola zir titrab yer tepindi, keyin ko’cha eshikka tomon otildi.
— Nima qilamiz endi?
— Xudoning kuni-da!
— Muqash bardoshli qiz!
— Uning ajrimini olamiz. Tamom…
Xotinning miyasini selday notinchlik bosdi. Erini esa lahzada yoqimli bir uyqu eltdi bu palla. Tani pardek yengil bo’ldi. Hech narsani o’ylashni istamadi. Ko’zini yumsayu shirin uyquga ketsa. Ertaga Xudoning kuni-da. Tepasida kulankirdek xezlanib turgan xotin kuyinib dedi:
— Ayting, endi nima qilamiz?!..
Sayisning chang unagan kipriklari og’ir-og’ir yopildi. Shirin oromdan oldin so’nggi kuchini yig’ib, xotiniga uzik javob qildi:
— Qamalamiz!..

2019.04

ITODAM

– Shu qiztaloqni bekor qopting-da, chappa!
Ko’kning keti teshilib shig’alatib yomg’ir quyib berdi. To’linning ust-boshi shilta bo’ldi-yu shundayam o’rnidan turishga unamadi. Yotaverdi. Toriqqan ko’ksiga yomg’ir havosi gazakday qorishdi. Cho’zilib yotdi. Tiniq havo. Bulutistoning tek burchi so’kilib, bir taqim quyosh yolqini maysa sirtiga yoyildi.
– Tulki bolalayapti…
Hali g’ingshib, To’linning juldurini boshpana bilgan it ko’zlari so’lg’in jimidi. Egasi ko’kni ko’rsatsa ko’kka qaraydi. Qora bulutni yorib chiqqan quyosh nurlarini kusaydi. Ivigan yunglarini sermab irganadi. Egasiga yaqinroq suqiladi.
– Xolmat qoraning ko’ngilni siyoh qilgani qoldi-da.
To’lin qo’nishib yotgan itga qaradi. It chiyillab tumshug’ini xezladi. Egasining hasbiholini eshitishni istamagan kabi qayta cho’zildi.
– ..!..

* * *

…Darbozada Xolmat qoraning xotini ko’rindi. Cho’ng loysupa ustida tariq iylab o’tirgan ena – Sunbul kampir kelgindini bir-da payqamadi. To’linning kapalagi uchdi. To’ng’illadi:
– Bir baloni boshlamasa go’riga…
Bir chetda yotgan it erinibgina hurdi. Qoraning ayoli og’iz juftlashga tirishdi-yu cho’chindi. Yo’rg’alab kampirning tepasiga keldi. Kampir qosobasini teparoq siyirib xotinga qaradi.
– Kel, Gulsum. Shashting baland, bahay?
– Sunbul momo, arz bilan keldim!
Qoraning xotini o’pkalanib kampirning biqiniga omonat cho’kkaladi. Tariqning sirtidan bir-ikki nishxo’rt terib itqitdi. Kampirning kayfi tariqday to’zidi.
– Qanday arz? Bizdan bir balo o’tibdimi?
– Bechora erimni qizil qoniga belab yuboribsiz-ku!
– Tavba de, bu nima deganing? Qoraxoningni nima jin uribdi yana?
– Itingiz qopibdi. Bechoraning so’l boldiridan bir shilim etini yulib olibdi.
– Ha, endi itda… O’zi tegishgan esa ajabmas…
– Yo’q, mening erimni bilasiz, qo’yning og’zidan cho’p olmagan xilidan. Shu manov ulingiz…
– Tuhmat qilmang, checha. Biz eringizni itga qoptiribmizmi? O’zidan o’tdi… Ishonmang, ena.
To’lin xotinning gapini kesdi. Kesmasa ko’p javraydigan. Gulsum yozg’irdi.
– Ana, Sunbul momo, ulingizning gapini eshiting… Kim bilsin, bu itingizni? Qutirgan esa holim xarob.
Kampir To’linga o’girildi. Oshxona tarafda Qizlargulning qorasi ko’rindi. Etagini g’ijimlab bu tarafga mo’raladi.
– Sening qachon esing kiradi ekan, juvonmarg. Voh, odam bo’lmading.
Kampir girdig’um gavdasini sollab-sollab turdi. To’lin o’shqirdi.
– Qoraning o’zidan o’tdi, ena. Menda nima ayb?
Erining bunday atanganidan Gulsumning hamiyati qo’zidi.
– Tiliyam qiyshiq muningizning!
Kampir xez turib, eriga tikilib turgan Qizlargulga himo qildi.
– Uydan bir yulim xamirturish bilan qaychi olachiq.
Qizlargul tisarilib uyga kirdi. Kampir ming’irlab kovushini teskari kiydi. To’linni ortiq qarg’amadi. Bujmaygan lablari uchib chappaning tepasiga bordi. Ayricha shasht bilan tizzalarini juftladi-yu, itning biqinidan tog’day bosdi. It kampirdan cho’chib chiyillab qochib qolmaqchi edi-yu, ulgurmadi. Istamaygina bo’ysundi.
– Voh, nafsing qongandur, a? Senginaga zahar-zaqqum yuttirmasak qutulmaymiz ekan…
Kampir itning gardaniga bir-ikki turtkiladi. Uydan olarini qo’shqo’llab ko’tarib chiqqan Qizlargul kampirning tepasiga kelib turdi. Kampir qaychini olib itning bo’liq yungidan siqimlab-siqimlab kesdi. Keyin tiklandi. Tig’dan cho’chingan it kampirning zabtidan qutilganidan jonhalak chiyillab pusib ketdi.
– Ma, Gulsum, shu xamirturush bilan itning yungini eringning yarasiga bog’la… O’tib ketadi.
Gulsum achchiqlanib ming’irladi.
– Heh, momo, sizga achinaman, sizga!
Gulsum o’rnida dadil turib kampirning qo’lidagini yulqinib oldi. Qizlargulga: “Eringni epaqaga sol”, deganday xo’mrayib qaradi. Keyin etagini silkib darbozaga yo’naldi. Kampir pildirab kelib joyini yig’di-yu nari ketarkan o’ziga-o’zi g’o’ldiradi.
– Yer yorilsa-yu yutib ketsa.
To’lin enasiga zimdan qaradi. Tepasida turgan xotini Qizlargulning labi gezardi. Eriga og’iz juftlashga hafsala qilmadi. O’qday tikilib turdi. Bir xil narsalarni o’ylab ichi achishdi. Keyin ko’zlari yuzma-yuz bo’ldi.
– Ha, men odam emasman. Bo’ldimi?
Qizlargulning ko’zi yoshga to’ldi. Durrasining bir chetini burniga qadab burildi. To’lin tek qoldi. Miyasi g’ovladi. So’kindi.
Shu taxlit uzoq turdi. Ko’kka qarasa qop-qora bulut o’rab kelayapti. O’rnidan jildi. Et-betining gardini qoqqan bo’lib, hujrasiga yo’naldi…

…hali hujrasiga bosh suqsa, xotini Qizlargul izillab o’tiribdi. Besh-o’n kunlik yovru qizchasi chirillaydi, ena emchak tutadi-yu bola iyimaydi. Enaga esh bo’lib, bo’taday bo’zlaydi.
– Yut, chirqillamasdan! Ma, ol.
To’lin boshligini siyirib, manglayini artdi.
– Qarg’ama, Qizlargul, suting qochadi.
Xotin ilimadi. Barini uyurib, burnini sharaqlatib tortdi. Ko’h-ko’h yo’taldi.
– Bo’ldi-ya!

To’linning kallasi g’ovladi. Og’ir bukilib o’zini sholcha ustiga tashladi. Chuqur nafas yutdi. Tani yengillashganday bo’ldi. Keyin dimog’iga bola hidi o’tirdi. Qo’zg’aldi. Xotini sari surildi.
– Menga ber shuni, Qizlargul, ko’taray-chi. Turishingni qara, et qopgani kelgan iliqiga o’xshaysan. Cho’chitayapsan bolani.
Qizlargul ermisan-ermisan demadi. To’linning qo’li havoda qoldi. Xotin ketini nariroq otib o’tirdi. Kichkina qizcha battar chirilladi. Enasi bo’liq yuzini jujuqning mushtday yuziga tekkizdi. Ena-yu bolaning yig’idan otashday qizigan turqi qapishdi. Ikkovinig-da ko’ngli yengil tortganday bo’ldi. Qizcha halim g’ingshidi. Ona yengil tamoq qirdi.
– Endi sen boshlayapsanmi, qanjiq. Tur ket, otangni yo’qla: ko’rsin, es-pesi boridan topib berar.
Xotin betkachoparlik qilmadi. Yuz-ko’zini artkilab uzik javob qildi:
– Endi meni it iskarmidi?
To’lin eshini tuzuk tinglamadi. Sirilib o’rnidan jilarkan qo’shimcha qildi.
– Gap shu…
Darbozadan chang ko’chaga chiqdi. Oftobning ola-kula ko’lankasi ostida sarkash jo’nadi. Ketarkan o’zicha o’dag’a po’ng’illadi.
– Hah, sen Xolmat qora, meni ikki dunyo tinch qo’ymaysan chog’i?!

Yog’och darbozani turtib kirdi-yu so’l boldiriga jadda tang’ib, bo’g’ot ostida o’tirgan Xolmat qorani ko’rdi. O’pkasini balandlatibroq bordi. Xolmat qora To’linning nima istab kelganligini payqagan bo’ldi. Birinchi atakaga o’tdi.
– Qaysi yuz bilan ostonamni xatlading, beburd?
– Oriyatimdan, Qoraxon aka, yaxshi ish qilmading!
– Voh, senga or bitmagan, beburd…
To’lin beri to’xtadi. Bo’yni bukilmasin uchun xez qoldi.
— Eski kuduratni uniting edi!
— O’lsam unutmasman. Manov yerimdan chiqar, lekin manov yerimdan chiqmaydi.
Xolmat qora ko’ksiga nuqidi. Keyin ko’zini egri oldi.
— Men sizni atay tutqilatib edimmi? O’zingizdan, yashirining edi.
— Hah, senga ishongandim, uka, senga…
— Ergashchaning tanachasi o’lsin edi. Shu tirriq jonliqni deb umrimizning ko’pi kuydi. Dunyodan toq o’tganim durust ekan!
— Hah, qo’yningga sovuq urib edi-da, uka. Sabring nafsingga yengildi-yu, men soddani boshini qizitib o’g’irlikka undading. Hah, sening qo’yningni qizitgan xotin boshingni yesin!
To’lin kolovlandi. Qoraga zimdan qaradi, qaradi-yu, aftini bujmaygan ko’rdi.
— Qoraxon aka, o’sha tunda sizni o’g’irlikka unamagan edim. Qo’ying, burundan qo’shni qishloqlardan jonliq o’g’irlab tog’ ortiga sotib kelishingizni bilmasam ekan… O’zingizniyam suyagingiz yengillik qildi. Ergashchaning tutqilab olishini tush ko’rib edimmi? Ishonavering, Qo’shrabotning yo’lida tun yarimgacha yo’lingizni poylaganman. Qo’limda etovdagi tanacha. Qarasam, kelmaydigansiz, bir gap chiqqan tushunib cho’chidim. Ammo ish yeridan ko’chganini bilib, jonliqni tog’ ortiga eltib uyga qaytganman. Ertasiga daragingizni tuydim. Bilsam, sizni Ergashchaning ukalari quvib yetgan ekan…
— Ha-da, itemgan enasi g’arlar, Yantoqlining biqinida tutqiladi. Ha, tanidi. Bari meni guv zabtiga olib o’bdan turkiladi. Keyin tuzuk gap ololmay, gap qo’shdi: “Tanani kim olib qochdi? Ayt, qoraxon! Mayli, sendan xafagarchiligimiz yo’q. Sheriging kim edi? Aytsang, ana, yo’ling ochiq!..”. Meni seni o’yladim. Yosh, umri sinmasin, dedim. Sotmadim. Qo’limni orqa qilib, o’zimni milisaga topshirdim. Qancha vaqt yo’qotdim. O’tirib qaytsam, otim xarob. Kim ko’rsa qo’l olgani ijirg’anadi. Sen esa, o’tar kuningdan mastsan. Bir marta ostonamni yo’qlamabsan, beburd. Jonliqning puliga kelgan xotinchang… Sening qo’yningni qizitgan o’zim bo’ldim… Bilsang, shu xotingchangda meniyam haqqim bor!
— Hadingni bil, qora! Yanami, senga bir gap kam, ikkitasi ko’p ekan-da. Voh, tinchimaydigan ko’rinasan. Bir balo qilib qo’ymasam go’riga…
— Ha, nima edi: yana itingga qoptirasanmi?
— Qopgan itning o’zi. Men bostirmadim…
Tirqishda Gulsum ko’rindi. Qo’ynida bolasi izillaydi.
— Tur, ket. Tuf-a, ostonamni xarom qilding, tur ket, it!
— Chiyillama, yanga!
— Uyga kir, enasi g’ar. Ko’zimga ko’rinma!
Xolmat qora xotiniga o’shqirdi. Xotin baqirdi. To’linga yeb yuborguday qaradi. Burilib uyga kirdi.
— Bugun Tog’tepaga bor. Sen bilan ochiqcha gaplashib olamiz, aka. Qon qilding, qarzimni uzaman. Mayli, oqibati kuysin, qarzimni uzaman. Kerak bo’lsa turmagayam kiraman…
To’lin qayrildi-yu, hovlidan chiqib ketdi. Xolmat qora uning ortidan quv kuzatib qoldi.
— So’zing so’z bo’lsin, To’lin. Yo’qsa, xotinchangni bo’lishamiz…
Yog’och darboza gursillab yopildi.

* * *

— Nima, zahar yuttingmi? Buncha alahlamasang?!
Yomg’ir tinib, kun ina boshlagan palla To’lin shilta maysaning ustidan xez turdi. Jiqqa ivigan abosini silkib, qirdan pastga yo’rg’aladi. Chappa bemador uning qabatida ketib borarkan, elas-elas kekiradi, hansiraydi. Nuqul chiqillab ortga tisariladi. To’lin itni anglamay boqadi.
— Yur-a, chappa, uyga qaytamiz!
It qishloq tepasigacha shilta maysa ustida bemajol yurib bordi. U yog’iga oyog’i tortmadi. Uvlab to’xtab qoldi. To’lin ancha ilgariladi. So’g’in qayrilib biron qirq-ellik odim teparoq nishablikda qolgan chappani o’zi sari imladi. It quloqlarini ding qilib yerga cho’kdi. Tumshug’ini maysa ustiga tashladi.
— Tur-a, it!
To’lin do’mpaygan tepalikning ortida ko’zdan yo’qoldi. Chappa maysa oralab unga so’niq tikilib qoldi…
To’linni uy egagida enasi qarshiladi. Kampir g’o’ldirab o’g’liga gap qotdi:
— Yer yutgur it go’r izlab ketdimi? Hov, xotiningni qaytar, nima deb eding? Yugursang yetasan, qir oshib ulgurmagan hali!
To’lin enasining ajin unagan nursiz yuziga qarab tetik bo’ldi. Xotiniga deganlarini esladi.
— Ketsa ketaversin! Poyimga patak qilamanmi? Itga nima qildingiz?
Kampir girdig’um sumbatini sollab o’rnidan jildi. Paydar-pay hatlab uy tomon yurdi. To’lin yaqin egat chetiga cho’kib sarkash o’lan yuldi. Ichi yondi.
— Mayli, tenging chiqsa tegib ket, Qizlargul!
Naridan kampir g’ingshidi.
— Shashti bo’lak uning: bor, yo’lini qayir, xotinsiz qolmasang go’riga…
To’lin enasiga ola-kula qarab qoldi. Rutubatli osmonga tikildi. Hali inib kelgan qirlari ortidan qorong’i zabtiga olayotganini payqadi. Abosini yechib, yoniga tashladi. O’rnidan turib, qir tomonga asta-asta yurdi. Har qadam bosganida qadamini jadallatdi. Bir payt o’zini baland tepalikda ko’rdi. Xira kun ora qirlarning yonlariga solingan siyrak uychalar osha ketgan yolg’izoyoq yo’lda Qizlargulni ko’rdi. To’lin ichdan zil ketdi.
— Ketmasang nima qilar ekan, Qizlargul?
U ilk daf’a jon deganini qizg’angan bo’ldi. Xotinini yaxshi ko’rishini payqadi. Hah, g’azabi aqlini shoshirdi. Gulday eshini birovga ataganidan o’lgani behroq. Hapriqib Qizlargulni quvib yetdi. Qarasa xotinining yuzi qizarinqiragan, qovog’i shishib, yuzi gezargan.
— Yo’limga chiqma, ket-a!
— Tiling chiqdi sen enasi g’arning, a?
Qizlargul bir tutam bo’lib pinakda yotgan jujug’ini bag’riga bosdi. Qo’y ko’zlarini mas’um eriga qadadi. Obidiyda qilgan bo’ldi.
— Qo’y, qayt, yig’lama ko’p. Yur…
To’lin Qizlargulning o’mizidan oldi. Ortda unadi. Xotin qayrilmadi. Qaytaga ilgari jildi.
— Qaytmayman. So’zim so’z, qaytmayman.
To’linning labi gezardi. Miyasida bir balo turdi. Shu payt atrofda chiyillab chappa paydo bo’ldi. To’lin itga boqib tisarildi.
— Qaytmaysanmi?
— Tinchimni ko’ray. Odamga o’xshab yashasam… birovning moliga ko’z tikkan o’g’riga ortiq esh emasman. Yer bo’ldim, yer…
To’lin Qizlargulga bo’zrayib qaradi. Olchoqligi tutdi. Tupurdi. Qo’li bilan barini qoqilab, dedi:
— Ket bor!
Keyin mishig’ini yengiga artdi. Qizlargulning yo’lidan chetlandi. Juvon ko’zi ola-kula bo’lib To’linga alangladi. Keyin jahl aralash yo’rg’alab ketdi. To’lin uni orqavorotdan kuzatib qoldi.
— Izing o’chsin ortiq, moloyoq.
Qizlargul To’linga qayrilib qaramadi. Chappa akkilladi. So’g’in egasining poyiga kelib o’zini urdi. Yer iskadi. To’linning sovuq yuziga qaradi. Hurkkanday chekindi. Qattiq ich tortdi. Burnidan qon sizdi. Burildi-yu, oq shom ichida sarkash yurib ketdi. To’lin imladi. Do’nmadi. Hov narida Qizlargulning izillab ketayotganini ko’rdi. Miyig’ida kulib javrandi.
— Xotin bo’lmading sen: Odamga o’xshab yashayman, de?! Dalliyam, o’g’riyam bo’ldik! Mayli, ko’ramiz, it yalagan tovoqqa kim havasmand, enasi g’ar, endi seni it iskarmidi?!
To’lin holsiz hakkalab ketayotgan chappa itni yaqin qiyalikda ko’rdi.
— To’xta, chappa, to’xta. Uv-v-v, uv-v-v, uv-v-v-v…
It bir-da yurishdan to’xtamadi. To’lin uvlab uning ortidan jildi. Bir yonda taqdiriga azador Qizlargul bag’ritosh yurib borar, o’zicha itning unini tuyardi. Bu it To’lin – eri edi. Ruhi nedir yengil bo’ldi-yu, yuragi chirt achishib o’tdi. O’tdi ketdi. Bir yerga borganda bunday o’ysiz ming’irlab qo’ydi:
— Itodam!..

2019

04

(Tashriflar: umumiy 435, bugungi 1)

Izoh qoldiring