Abu Ali Ibn Sino. Ishq haqida risola (2)

Ashampoo_Snap_2017.07.28_14h36m22s_001_.png   Ибн Сино ҳажман кичик, лекин мазмунан жуда кенг кўламли бўлган “Ишқ ҳақида рисола” асарида Форобий фалсафасини янада ривожлантириб, табиатдаги барча мавжудотларнинг озиқланиш, ўсиш, ҳаракатланиш, интилиш ва хавф-хатардан сақланиш, жон, нафс, руҳ қувватлари асосида ҳаётга муҳаббат, нурга – ёруғликка, гўзаликка, заминга меҳр, ўз умрини авлодлари орқали абадий давом эттиришга, вайронликка эмас, балки ўсишга, гуллаб-яшнашга интилиш қонунияти амал қилишини теран фалсафий мушоҳадалар билан далиллаб беради…

ТАРЖИМОНЛАРДАН
02

Ўрта асрлар Ғарбий Европа мамлакатларида черков ҳукмронлик қилиб, турғунлик узоқ давом этган бўлса, Шарқда қадимги ҳинд фалсафаси, зардуштийлик, монийлик, янги афлотунчилик, эллинизм маданий меросини ўрганиш ва энг муҳими, исломият маданиятида илм-фанларни излаш оқибатида калом, ҳадис, адаб фанлари гуллаб яшнади. Уйғониш – маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Беруний, Абу Бакр Розий, Ибн Сино, Зайниддин Ғаззолий, Маҳмуд Замаҳшарий, Ибн Божжа, Ибн Туфайл, Ибн Арабий, Ибн Рушд ва бошқа алломаларнинг илмий-ижодий мероси кейинчалик Ғарб Уйғониш даврининг бошланишига кучли таъсир кўрсатди.

09Абу Али ибн Сино тиббиёт илми даҳоларидан бири, Арасту ва Форобийнинг издоши, руҳшунослик, тиббиёт, фалсафанинг турли соҳалари – мантиқ, ахлоқшунослик, эстетика, онтология (борлиқни ўрганиш), гносеология (билиш назарияси), калом-илоҳиёт соҳаларида қолдирган нодир асарларини жаҳон олимлари минг йилдан буён ўрганиб келмоқдалар. Ибн Сино ҳажман кичик, лекин мазмунан жуда кенг кўламли бўлган “Ишқ ҳақида рисола” асарида Форобий фалсафасини янада ривожлантириб, табиатдаги барча мавжудотларнинг озиқланиш, ўсиш, ҳаракатланиш, интилиш ва хавф-хатардан сақланиш, жон, нафс, руҳ қувватлари асосида ҳаётга муҳаббат, нурга – ёруғликка, гўзаликка, заминга меҳр, ўз умрини авлодлари орқали абадий давом эттиришга, вайронликка эмас, балки ўсишга, гуллаб-яшнашга интилиш қонунияти амал қилишини теран фалсафий мушоҳадалар билан далиллаб беради.

Ибн Синонинг Шарқ ва Ғарбда машҳур бу асарини заковатли замондошимиз, серқирра илмлар соҳиби Нажмиддин Комилов ўзбекчага таржима қилмоқчи эканлигини суҳбатларда айтган эди, аммо афсуски, насиб бўлмади. Биз яқин дўстимиз ишини давом эттириш маъносида бу асарни Грузия олими К. Серебряков тадқиқ этган арабча ва русча матни бўлган Тифлис нашридан ҳар икки тил асосида таржима қилдик.

Абу Али Ибн Сино
ИШҚ ҲАҚИДА РИСОЛА (2)
02

Олтинчи фасл
Аҳли дил (илоҳий қалблар) ишқи

067Ҳар бир ҳақиқий мавжуд ашё қайсидир бир эзгуликни қабул қилар ёки  ҳосил қилар экан, ҳайвоний руҳлар гўзал шаклларни севгани каби уни ўз табиатига кўра севади. Ҳар бир ҳақиқий мавжуд ашё сезги туйғуси ёки ақл-фаросат билан табиий равишда ўз турмушига фойдали ишларни бажаради. Бу ишларга табиатан ихлос ва муҳаббат билан киришади. Айниқса, шахсий ҳаёти учун зарур ва эътиборга молик ишларни зўр ихлос билан бажаради.

Ҳайвонларнинг емишга, болаларнинг ота-оналарига бўлган интилиши худди шунга менгзайди. Яна шундай ҳам бўладики, у ёки бу мавжуд ашёнинг бошқа бирига эришмоғи, яқинлашуви ва яқин алоқада бўлиши унинг даража ва устунлигини оширишга хизмат қилади. Бунда ўша нарса иккинчисига ўз табиатига кўра, катта иштиёқ билан интилади. Бу худди ишчи шогирднинг уста (устод, пир)га интилгани каби бўлади.

Яна, агар руҳлар, у инсонга тегишлими ёки фариштагами, қатъи назар, Хайр ул-Мутлақ (офариниш, малакут, жабарут оламлари) ҳақида етарлича илмга эга бўлмаса, илоҳий руҳ эгаси, деб аталмайди. Чунки бундай қалбларга ақлий тушунчалар ҳақида тўла билимга эга бўлгандан кейингина ўша сабабларга боғлиқ равишда камолот бахш этилади. “Азалий сабаб” (ҳаюло олами) “Чин сабаб” (ашёлар олами) тўғрисидаги илмни эгалламасдан бу нарсалар ҳақида мушоҳада юритиш  мумкин эмас. Бу ҳақида табиат (физика) тўғрисида илк мулоҳазаларимизда ҳам айтиб ўтганимиздек, Аввалги сабаб, Азалий сабаб бўлмаганда эди, ақл бовар қилувчи нарса (ашё)лар ҳам бўлмас эди.

Азалий сабаб моҳияти жиҳатидан мутлақ соф, эзгулик демакдир. Бунинг исботи қуйидагича: Илк сабаб ҳақиқий борлиқ ҳисобланади. Ҳақиқий табиатга қарашли қолган барча мавжуд нарсалар маълум эзгуликдан мосуво эмас. Эзгу-хайр ё моҳиятли, ёки мутлақ, ёхуд эришилган (кейин қўлга киритилган) бўлади. Азалий сабаб бу – эзгулик, унинг эзгулиги моҳиятан ёки мутлақ ва ё эришилган бўлиши мумкин. Агар эришилган бўлса, иккидан бири: ё унинг мавжудлиги ўз ҳаёти учун зарур, у ҳолда унинг манбаи илк сабаб (азалий сабаб) бўлади. Азалий сабаб ўз қувватида манба мавжудлиги сабабчисидир, деб ўйлаш бемаъниликдир. (Чунки) уни ўз борлиғи учун зарур, деб айтиб бўлмайди. Бу ҳақда юқорида тушунтириб ўтган эдик. Лекин биз сўнгги хатоларга раддия бермаганимизда эди, бу масала очиқлигича қолган бўлар эди. Биз агар бу хайрлиликни ўз моҳиятидан ажратсак, барибир, унинг моҳияти хайр сифатида таърифланар ва мавжудликда давом этаверарди. Агар у (кейин) эришилган бўлса, биз туганмас буҳрон (фасод)га эга бўлардик. Бу эса мумкин эмас. Агар у моҳиятли (жавҳарли) бўлса, фикримизнинг исботи шудир.

Мен яна таъкидлайманки, Азалий сабаб ўз вужудида моҳиятли ва заруриятли бўлмаган қандайдир хайрлилик (эзгулик)ни қаердандир олган, деб бўлмайди. Бу – мумкин эмас. Азалий сабаб баркамол эзгуликни ўз моҳиятига таянган ҳолдагина қўлга киритади. Чунки Азалий сабаб “эзгулик” деб аталган ўша сифатларга ўз моҳиятига таянган ҳолда эришмаганда эди, улар фақат яширин куч-қувват орқали мавжуд бўлганда эди, унда Азалий сабаб уларни бошқа бир нарсадан олган бўлур эди. Аммо унга нисбатан бошқа бирон нарса йўқки, унинг нарсаларига яқиндан боғлиқ бўлмаса. Бундан келиб чиқадики, у эришаётган ана шу хайрли сифатларнинг бошланиши сабабчиси ҳам Унинг ўзидир… Аммо Азалий сабаб туфайли эришилган эзгулик бошқа бир нарса орқали келиб чиққанда эди, унда бу хайрлик Азалий сабабда эмас, қандайдир у билан ўрин алмашадиган бошқа бирон нарсада бўлган бўларди. Бу эса ғирт бемаъни гапдир буни юқорида исботладик.

Азалий сабабда ҳеч қандай айб ва нуқсон йўқ, (у ҳар қандай нуқсондан ҳоли)дир. Бу қуйидагича исботланади. Баркамолликнинг акси нуқсондир.

Нуқсон комилликнинг етишмаслигидан пайдо бўлади. Агар бошқада учрамайдиган бирон нарсанинг имкони бўлса, ўша нарсанинг келиб чиқиш сабабини унинг ўзидан ахтарадилар. Бироқ аниқлаганимиздек, Азалий сабабнинг комиллиги борасида бошқа ҳеч қандай сабабга ҳожат йўқ. Демак, унда комилликка қарама-қарши бўлган бирон нуқсон ҳам йўқ. Азалий сабаб ўзига нисбатан ўхшаш бўлган барча хайрли сифатларга эга бўлади. Юксак хайрли сифатларни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Улар шундай хайрли сифатларнинг маъно-мазмунидирким, фақат унда (Азалий сабабда) бўлиши мумкин.

Шундай килиб, Азалий сабаб ўзига нисбатан ўхшаш бўлган сифатларнинг барчасига эга эканлиги аниқ бўлди. Яна шу нарса ҳам маълум бўлдики, Азалий сабаб ўз моҳиятига кўра хайрликдир, шунингдек, бошқа мавжуд ашёларга сабабчи ҳамдир. Чунки У борлиқнинг мавжудлиги ва сақланишига Бош сабабчидир. Унга хос бўлган камолот    борлиқ ва интилиш баркамоллиги учун ҳам хосдир. Шунга кўра, Азалий сабаб барча нисбатларда хайрлик ва эзгудир.

Қадимданоқ ким хайр ва эзгуликни билган бўлса, уни ўз табиатига кўра ёқтиради, бундан маълум бўладики, Азалий сабаб муҳаббат манбаи сифатида аҳли дил (илоҳий қалб)ларнинг ишқ манбаи ҳисобланади (1).

Етук инсоний руҳ ва фаришталар руҳи Эзгуйи мутлоқнинг моҳиятига тенглаштирилган ва лаёқати жиҳатидан ўзига ўхшаш ақл бовар қилувчи ашёлар мушоҳадаси билан боғлиқдир ва сахий инсонлар қалби сингари ҳақиқат йўлида қилинган ҳаракатлар туфайли содир бўлади ҳамда туғилиш, қабз бўлиш навбатининг давомийлигини сақлашда Эзгуйи мутлоқнинг моҳиятига эришиш билан самовий моҳиятларни уйғотади. Бундай тақлид Эзгуйи мутлоққа яқинлашиш мақсадида пайдо бўлади ва бу яқинликдан мақсад, комилик ва ҳиммат эгаси бўлмоқдир. Бу Азалий сабаб ёрдами билан амалга оширилади ҳамда Унинг моҳиятидан келиб чиқади. Бу худди севган нарсага яқинлик қилиш (йўлини) излаганга ўхшаб кетади. Биз аниқлаганимиздек, Эзгуйи аввал барча аҳли дил (илоҳий қалб)лар учун муҳаббат манбаидир.

Биз юқорида аниқлаганимиздан маълумки, Мутлоқ эзгулик барча аҳли дил (илоҳий қалблар)нинг ишқ манбаи сифатида намоён бўлади. Бу ишқ ҳеч қачон сўнмайди, ҳамиша комиллик ва комилликка яқин даражада бўлади. Улар комиллик даражасида бўлган тақдирдагина севги улар учун заруриятга айланади. Комилликка яқин даражада бўлса, уни инсоний севги дейилади, фаришталар севгиси деб аташга ҳали вақт эрта. Зеро, охиргиси (яъни фаришталар севгиси) абадий комиллик касб этади. Аввалгиси (яъни инсоний муҳаббат)  комилликка яқин даражадаги севгида одам қалби ҳали ақл бовар қиладиган ашёларни ҳис қилишнинг табиий истаги билан тўла бўлади. Унинг комиллиги шу билан белгиланадики, мушоҳада жараёнида у кўпроқ комиллик касб этишга ҳаракат қилади ва барча нариги дунё – охиратни мушоҳада қилишга ўтади. Ҳар бир ақлий неъмат (қадрият), аввало, қалб орқали илғаб олинади ва якка (ўзига хос) жавҳарда мавжуд бўлади. Бунинг сабабчиси бўлган илк ақлий неъматнинг хусусияти шундай. Бундай қалблар ўз борлиқларида азалдан туғма ишққа эга бўладилар. Биринчидан, Мутлоқ ҳақиқатга, иккинчидан, ақлий неъматларга муҳаббат ана шу ишқнинг асосини ташкил этади. Акс ҳолда, уларнинг ўз камолотлари сари интилиши бекорчи бир нарса бўлиб қоларди.

Демак, инсоний ва фаришталар муҳаббатининг ҳақиқий манбаи (Соф эзгулик –Оллоҳ)нинг ўзидир.

Еттинчи фасл
Фаслларнинг хотимаси

Биз ушбу хотимада қуйидагилар ҳақида тўхталмоқчимиз: мавжуд бўлган ашёларнинг барчаси муҳаббат билан йўғрилган Олий неъматни севади. Олий неъмат севгисига мубтало бўлганларга У албатта кўриниш беради (яъни Ўз жамолини кўрсатади). Аммо бу кўриниш ҳар кимда ҳар хил кечади ва ҳар ким ҳар хил кўринишда тавҳидга эришади. Қурбатнинг (Оллоҳга яқинлашишнинг) энг олий даражаси Ул зотни ҳақиқий табиати билан ҳис қилмоқдир. Бу тариқатлар ичида энг комили ҳисобланади. Буни сўфийлар Оллоҳ бирлиги, ягоналиги, яъни «тавҳид», деб атайдилар.

Биз айтамизки, барча яратилган махлуқотда ўз комиллик даражасига қизғин интилиш бўлади (шу интилиш туфайли у Оллоҳ инъомига эришади), шунга асосан махлуқ (ашё) қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, ўз эзгу ниятига эришади. У (махлуқ) азалда қандай севимли қилиб яратилган бўлса, яна ана шунга сўзсиз қайтади. Бу соҳада Азалий сабабдан комилроқ, мукаммалроқ, муносиброқ хилқат йўқ. Уни барча жисмлар (махлуқот) севади. Аммо ашё (жисм, махлуқот ва хоказо)ларнинг кўпчилиги Уни (яъни Азалий сабабни) билмайди. (Бироқ) комилликка туғма ишқи борлигини инкор ҳам қилмайди.

Азалий эзгулик моҳиятига кўра, бутун мавжудот олдида ўзини намоён қилади. Агар Унинг моҳияти яширин тарзда бўлганда эди, Уни билиб ва англаб бўлмас эди. Ундан ҳеч қандай туҳфа ҳам олиб бўлмас эди. Агар Унинг моҳияти қандайдир бошқа бир нарсанинг таъсири остида намоён бўлганда эди, ўша бегона нарса Унинг моҳиятига таъсир кўрсатган бўларди. Бундай деб ўйлаш бемаъниликдир. Аксинча, Унинг моҳияти  ўзини ўзи намоён қилади. Агар яширин ҳолатда бўлса, бу айрим ашё (жисм)ларнинг Уни англаб олмаслиги оқибати бўлади. Ул зот ҳимояси (паноҳи)нинг яширинлиги туйғуларнинг ожизлиги, лаёқатсизлиги ва зиёнкорлигини билдиради. Унинг васли эса моҳиятининг ҳақиқий табиатидан келиб чиқади. Илоҳиёт уламолари таъкидлаганларидек, соф моҳият эгаси фақат Удир. Бу моҳиятни У Ўзида ёки Ўзи орқали намоён қилади. Ул зотнинг олийжаноб моҳияти ўз-ўзидан намоён бўлади. Шунга кўра, файласуфлар уни «Буюк ақл – шакл-сурати», деб атадилар.

Ҳар томонлама (ривожланган) ақл эгалари бўлмиш илоҳий фаришталар (Оллоҳ жамоли) тажаллийсини биринчи бўлиб илғайдилар. Унинг тажаллийси худди ойнада акс этган шакл каби жавҳар томонидан кўзгудаги ўхшаши сифатида қабул қилинади. Фаол ақл-идрок унинг ўхшаши бўлса, иш тахминан юқоридагидек бўлади. Аммо (бундай деб айтишда) эҳтиёт бўлиш керак. Чунки у ҳақиқатан зарурий мавжудотдир. Инсон англаганларининг ҳаммаси жузъ ва кулл – якка ва умумият (индукция) орқали юзага чиқадиган сабаб туфайли зоҳир бўлади. Бу худди гулхан ҳарорати у ёки бу танага «иссиқлик» деб аталувчи ўхшаши томонидан таъсир ўтказилишига ўхшаб кетади.

Сифат ва миқдорга доир бошқа кучлар ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин. Ақл-идрокли дил бошқа бир ақл-идрок эгаси бўлмиш дилга ўзига ўхшаш туйғуларни ўтказиш йўли билан таъсир қилади. Масалан: қилич нарсага ўзининг ташқи шакли, яъни ўткирлиги билан таъсир ўтказади, яъни кесади, қайроқ, пичоқни қайрашда унинг юзига ўзига ўхшаш силлиқлик ва текислик беради.

Қуёш ҳам қиздиради, ҳам қорайтиради. Аммо иссиқлик ва қора ранг қуёшнинг ўхшаши эмас. Буни шундай тушуниш мумкин: ҳамма нарса ва ҳодисалар ҳам бир жисмнинг иккинчи жисмга таъсири натижасида келиб чиқади, оқибатда, таъсирланувчи жисм таъсир қилувчи жисмга ўхшаш бўлиб қолади, деб ўйламаймиз.

Таъкидлаймизки, ҳаракат бу – таъсир ўтказишнинг яқин бошланиши; таъсирланувчи жисм биринчи жисм томонидан ўтказилаётган таъсиротни қандайдир бошқа, бир ўхшаш (жисм) воситасида қабул қилади. Қуёш  тўғрисида ҳам худди шундай гапларни айтиш мумкин. У (қуёш) ўзига яқин таъсиротни қабул қилувчи жисмга таъсир ўтказади, шу йўл билан ўзига ўхшаш нурни (ёруғликни) юборади. Жисм нур (ёруғлик)ни қабул қилганда, унда иссиқлик пайдо бўлади, қуёш таъсирини қабул қилувчи жисм бошқа бир жисмни иситади ва у ҳам ўз навбатида бошқа жисмга ўз ўхшашини, яъни айнан ана шу иссиқлигини ўтказиб яшиллик ҳосил қилади. Оқибатда, бошқа жисм бу иссиқликни қабул қилар экан, исийди ва ранги ўзгаради. (Аммо бу ўзгариш ҳам ёруғлик ва иссиқлик, ҳам тупроқдаги озуқа моддалари билан ўсиш ва мева беришга таъсир кўрсатади – тарж.)

Мавзуга қайтиб, шундай деймизки, Фаол ақл Азалий ва Абадий зотнинг тажаллийсини бевосита Унинг моҳиятини англаган ҳолда қабул қилади. Бошқа ақлий неъматлар ҳам ундан (Фаол ақлдан) таъсирланади ва доимий ҳамда фаол ҳолатда бўлади. Ақлий неъматлар – тушунчалар, мушоҳада қилинувчи ашёлар туйғу ва тасаввурга таянмайди, сўнггиси аввалгилари (2) туфайли ақл юргизади, агар сабабга эга бўлса ўша сабаблар туфайли, тубан (паст) бўлса юқоридагиси туфайли бўлади.

Кейин, аҳли дил (илоҳий қалб)лар тажаллийни бевосита қабул қилади, агар билвосита қабул қилган тақдирда ҳам фаол ақлдан кўмак олади. Агар гап уларни салоҳиятдаги ҳолатдан (ақл бил-қуввадан) бил-феъл ҳолатга ўтказиш ва қобилият ҳамда ақлий мушоҳада ҳақида кетаётган бўлса, бунда ақлий мулоҳаза ва тамкин (хотиржамлик) қолади.

Сўнгра (бу тажаллий) ҳайвоний қувват кўринишида, кейин ўсимлик қуввати ва охирида ақлий ва руҳий қувват сифатида намоён бўлади. Нимаики, тажаллийни ўзига қабул қилган бўлса, буни ўзининг имкони даражасида, ундан олинган нарсага мослашишга ҳаракат қилган ҳолда қабул этади. Табиий нарсалар ўз табиий ҳаракатларини унга мослаштирган ҳолда мақсад сари интиладилар. Бунинг маъноси шуки, ўзига хос ҳолатга эришмоқ учун айнан – табиий ўринларни эгаллаганларида, ҳатто мақсадга эришишнинг илк бошланишига нисбатан мослашмаса-да, айнан ҳаракатга нисбатан мослашади. Худди шундай ҳолат ҳайвон ва ўсимликлар жавҳарларида ҳам мавжуддир. Улар ўзларига хос бўлган ҳаракатларни ўз мақсадларига мослашган ҳолда содир этадилар. Улар ана шу мақсадга эришмоқнинг илк бошланишига нисбатан, масалан: қўшилув ва озиқланишга нисбатан тақлид қилмасалар ҳам турни ёки жисмни сақлаб қолиш ёки қандайдир қувват ҳамда қобилиятни намоён этиш учун ҳаракат қиладилар. Инсоний нафс (жон, руҳ) ҳам худди шундай хайрли ва ақлий ҳаракатларини, ҳатто  билим олиш мақсадига эришмоқнинг илк бошланишига тақлидан эришмаган ҳолда содир этади. Ҳайвон ва ўсимликлар пайдо бўлиши ва ҳалок этилишида наслнинг давомийлигини сақлаб қолишга тақлид қилган ҳолда ўз фаолияти ва ҳаракатини бошқаради. Фаришталар руҳига келганимизда, улар ўз моҳияти, мақсадига мослашган ҳолда абадий етишади ва улар яширин куч-қувватдан ҳосил этилгандир. Зеро, улар доимо ҳис этган ҳолда, доимо севган, идрок қилган ҳолда, доимо мослашган, куйиб-ёнган ҳолда севадилар. Улардаги эҳтироснинг улуғлиги Олий зотни мушоҳада қилиш, Унга етишиш билан ўлчанади.

Агар Мутлақ эзгулик тажаллий этмаганида, ундан ҳеч нарса олиб бўлмасди. Ундан ҳеч нарса олиб бўлмаганда эса ҳеч нарса мавжуд бўлмайди. Шундай қилиб, агар Унинг тажаллийси бўлмаганида, борлиқнинг ўзи ҳам булмасди; демак, Унинг тажаллийси бутун борлиқнинг сабабчисидир. Олий зотга бўлган ишқ қанчалик Унинг улуғлиги учун бўлса, ишқ ҳам шунчалик улуғвор бўлади. Унга бўлган севгининг ҳақиқий манбаи унинг тажаллийсидадир. Унинг тажаллийсига илоҳий қалблар ана шундай эришадилар. Шунга кўра, айтиш мумкинки, илоҳий қалблар Унга бўлган ишқ манбаининг моҳиятидир. Қуръони каримдаги ушбу муқаддас сўзлар худди шунинг учун айтилгандек: “Агар бандам мени севса, мен ҳам уни севаман”.

Шундай қилиб, Оллоҳга иқтидо қилмоқ ва Унга етишмоқ ва Унинг амр-фармонларини бажармоқ Ул олий зотни мамнун этади, ўлим фаришталарига иқтидо қилмоқ (яъни ўзига ўлим тиламоқ) эса Унинг қаҳрини қўзғайди. Зеро, (бу ҳолда, ҳаётни севмай, ўлимни севишда) Яратган эгамга иқтидо қилишдан мақсади охиргача ушалмайди, ўлим эгаларига тақлидан кўзланган мақсад эса тўлиғича амалга ошади.

Шундай қилиб, биз ҳам мақсадга етдик, Яратган эгам – Улуғ Оллоҳ ёрдами билан рисолани ёзиб тугатдик.

Изоҳлар 

1. Яъни, масалан, Пайғамбар (с.а.в.)ларнинг руҳи сингари.
2. Сўнгги ашёлар ўтмишдошлари туфайли.

Маҳкам Маҳмудов ва Зайниддин Баҳриддиновлар таржимаси

041  Ibn Sino hajman kichik, lekin mazmunan juda keng ko‘lamli bo‘lgan “Ishq haqida risola” asarida Forobiy falsafasini yanada rivojlantirib, tabiatdagi barcha mavjudotlarning oziqlanish, o‘sish, harakatlanish, intilish va xavf-xatardan saqlanish, jon, nafs, ruh quvvatlari asosida hayotga muhabbat, nurga – yorug‘likka, go‘zalikka, zaminga mehr, o‘z umrini avlodlari orqali abadiy davom ettirishga, vayronlikka emas, balki o‘sishga, gullab-yashnashga intilish qonuniyati amal qilishini teran falsafiy mushohadalar bilan dalillab beradi…

TARJIMONLARDAN
02

O‘rta asrlar G‘arbiy Yevropa mamlakatlarida cherkov hukmronlik qilib, turg‘unlik uzoq davom etgan bo‘lsa, Sharqda qadimgi hind falsafasi, zardushtiylik, moniylik, yangi aflotunchilik, ellinizm madaniy merosini o‘rganish va eng muhimi, islomiyat madaniyatida ilm-fanlarni izlash oqibatida kalom, hadis, adab fanlari gullab yashnadi. Uyg‘onish – ma’naviy tiklanish va yuksalish davri bo‘ldi. Yoqub ibn Is’hoq al-Kindiy, Muhammad Xorazmiy, Forobiy, Beruniy, Abu Bakr Roziy, Ibn Sino, Zayniddin G‘azzoliy, Mahmud Zamahshariy, Ibn Bojja, Ibn Tufayl, Ibn Arabiy, Ibn Rushd va boshqa allomalarning ilmiy-ijodiy merosi keyinchalik G‘arb Uyg‘onish davrining boshlanishiga kuchli ta’sir ko‘rsatdi.

09Abu Ali ibn Sino tibbiyot ilmi daholaridan biri, Arastu va Forobiyning izdoshi, ruhshunoslik, tibbiyot, falsafaning turli sohalari – mantiq, axloqshunoslik, estetika, ontologiya (borliqni o‘rganish), gnoseologiya (bilish nazariyasi), kalom-ilohiyot sohalarida qoldirgan nodir asarlarini jahon olimlari ming yildan buyon o‘rganib kelmoqdalar. Ibn Sino hajman kichik, lekin mazmunan juda keng ko‘lamli bo‘lgan “Ishq haqida risola” asarida Forobiy falsafasini yanada rivojlantirib, tabiatdagi barcha mavjudotlarning oziqlanish, o‘sish, harakatlanish, intilish va xavf-xatardan saqlanish, jon, nafs, ruh quvvatlari asosida hayotga muhabbat, nurga – yorug‘likka, go‘zalikka, zaminga mehr, o‘z umrini avlodlari orqali abadiy davom ettirishga, vayronlikka emas, balki o‘sishga, gullab-yashnashga intilish qonuniyati amal qilishini teran falsafiy mushohadalar bilan dalillab beradi.

Ibn Sinoning Sharq va G‘arbda mashhur bu asarini zakovatli zamondoshimiz, serqirra ilmlar sohibi Najmiddin Komilov o‘zbekchaga tarjima qilmoqchi ekanligini suhbatlarda aytgan edi, ammo afsuski, nasib bo‘lmadi. Biz yaqin do‘stimiz ishini davom ettirish ma’nosida bu asarni Gruziya olimi K. Serebryakov tadqiq etgan arabcha va ruscha matni bo‘lgan Tiflis nashridan har ikki til asosida tarjima qildik.

Abu Ali Ibn Sino
ISHQ HAQIDA RISOLA (2)
02

Oltinchi fasl
Ahli dil (ilohiy qalblar) ishqi

067Har bir haqiqiy mavjud ashyo qaysidir bir ezgulikni qabul qilar yoki hosil qilar ekan, hayvoniy ruhlar go‘zal shakllarni sevgani kabi uni o‘z tabiatiga ko‘ra sevadi. Har bir haqiqiy mavjud ashyo sezgi tuyg‘usi yoki aql-farosat bilan tabiiy ravishda o‘z turmushiga foydali ishlarni bajaradi. Bu ishlarga tabiatan ixlos va muhabbat bilan kirishadi. Ayniqsa, shaxsiy hayoti uchun zarur va e’tiborga molik ishlarni zo‘r ixlos bilan bajaradi.

Hayvonlarning yemishga, bolalarning ota-onalariga bo‘lgan intilishi xuddi shunga mengzaydi. Yana shunday ham bo‘ladiki, u yoki bu mavjud ashyoning boshqa biriga erishmog‘i, yaqinlashuvi va yaqin aloqada bo‘lishi uning daraja va ustunligini oshirishga xizmat qiladi. Bunda o‘sha narsa ikkinchisiga o‘z tabiatiga ko‘ra, katta ishtiyoq bilan intiladi. Bu xuddi ishchi shogirdning usta (ustod, pir)ga intilgani kabi bo‘ladi.

Yana, agar ruhlar, u insonga tegishlimi yoki farishtagami, qat’i nazar, Xayr ul-Mutlaq (ofarinish, malakut, jabarut olamlari) haqida yetarlicha ilmga ega bo‘lmasa, ilohiy ruh egasi, deb atalmaydi. Chunki bunday qalblarga aqliy tushunchalar haqida to‘la bilimga ega bo‘lgandan keyingina o‘sha sabablarga bog‘liq ravishda kamolot baxsh etiladi. “Azaliy sabab” (hayulo olami) “Chin sabab” (ashyolar olami) to‘g‘risidagi ilmni egallamasdan bu narsalar haqida mushohada yuritish mumkin emas. Bu haqida tabiat (fizika) to‘g‘risida ilk mulohazalarimizda ham aytib o‘tganimizdek, Avvalgi sabab, Azaliy sabab bo‘lmaganda edi, aql bovar qiluvchi narsa (ashyo)lar ham bo‘lmas edi.

Azaliy sabab mohiyati jihatidan mutlaq sof, ezgulik demakdir. Buning isboti quyidagicha: Ilk sabab haqiqiy borliq hisoblanadi. Haqiqiy tabiatga qarashli qolgan barcha mavjud narsalar ma’lum ezgulikdan mosuvo emas. Ezgu-xayr yo mohiyatli, yoki mutlaq, yoxud erishilgan (keyin qo‘lga kiritilgan) bo‘ladi. Azaliy sabab bu – ezgulik, uning ezguligi mohiyatan yoki mutlaq va yo erishilgan bo‘lishi mumkin. Agar erishilgan bo‘lsa, ikkidan biri: yo uning mavjudligi o‘z hayoti uchun zarur, u holda uning manbai ilk sabab (azaliy sabab) bo‘ladi. Azaliy sabab o‘z quvvatida manba mavjudligi sababchisidir, deb o‘ylash bema’nilikdir. (Chunki) uni o‘z borlig‘i uchun zarur, deb aytib bo‘lmaydi. Bu haqda yuqorida tushuntirib o‘tgan edik. Lekin biz so‘nggi xatolarga raddiya bermaganimizda edi, bu masala ochiqligicha qolgan bo‘lar edi. Biz agar bu xayrlilikni o‘z mohiyatidan ajratsak, baribir, uning mohiyati xayr sifatida ta’riflanar va mavjudlikda davom etaverardi. Agar u (keyin) erishilgan bo‘lsa, biz tuganmas buhron (fasod)ga ega bo‘lardik. Bu esa mumkin emas. Agar u mohiyatli (javharli) bo‘lsa, fikrimizning isboti shudir.

Men yana ta’kidlaymanki, Azaliy sabab o‘z vujudida mohiyatli va zaruriyatli bo‘lmagan qandaydir xayrlilik (ezgulik)ni qayerdandir olgan, deb bo‘lmaydi. Bu – mumkin emas. Azaliy sabab barkamol ezgulikni o‘z mohiyatiga tayangan holdagina qo‘lga kiritadi. Chunki Azaliy sabab “ezgulik” deb atalgan o‘sha sifatlarga o‘z mohiyatiga tayangan holda erishmaganda edi, ular faqat yashirin kuch-quvvat orqali mavjud bo‘lganda edi, unda Azaliy sabab ularni boshqa bir narsadan olgan bo‘lur edi. Ammo unga nisbatan boshqa biron narsa yo‘qki, uning narsalariga yaqindan bog‘liq bo‘lmasa. Bundan kelib chiqadiki, u erishayotgan ana shu xayrli sifatlarning boshlanishi sababchisi ham Uning o‘zidir… Ammo Azaliy sabab tufayli erishilgan ezgulik boshqa bir narsa orqali kelib chiqqanda edi, unda bu xayrlik Azaliy sababda emas, qandaydir u bilan o‘rin almashadigan boshqa biron narsada bo‘lgan bo‘lardi. Bu esa g‘irt bema’ni gapdir buni yuqorida isbotladik.

Azaliy sababda hech qanday ayb va nuqson yo‘q, (u har qanday nuqsondan holi)dir. Bu quyidagicha isbotlanadi. Barkamollikning aksi nuqsondir.

Nuqson komillikning yetishmasligidan paydo bo‘ladi. Agar boshqada uchramaydigan biron narsaning imkoni bo‘lsa, o‘sha narsaning kelib chiqish sababini uning o‘zidan axtaradilar. Biroq aniqlaganimizdek, Azaliy sababning komilligi borasida boshqa hech qanday sababga hojat yo‘q. Demak, unda komillikka qarama-qarshi bo‘lgan biron nuqson ham yo‘q. Azaliy sabab o‘ziga nisbatan o‘xshash bo‘lgan barcha xayrli sifatlarga ega bo‘ladi. Yuksak xayrli sifatlarni hech narsa bilan tenglashtirib bo‘lmaydi. Ular shunday xayrli sifatlarning ma’no-mazmunidirkim, faqat unda (Azaliy sababda) bo‘lishi mumkin.

Shunday kilib, Azaliy sabab o‘ziga nisbatan o‘xshash bo‘lgan sifatlarning barchasiga ega ekanligi aniq bo‘ldi. Yana shu narsa ham ma’lum bo‘ldiki, Azaliy sabab o‘z mohiyatiga ko‘ra xayrlikdir, shuningdek, boshqa mavjud ashyolarga sababchi hamdir. Chunki U borliqning mavjudligi va saqlanishiga Bosh sababchidir. Unga xos bo‘lgan kamolot borliq va intilish barkamolligi uchun ham xosdir. Shunga ko‘ra, Azaliy sabab barcha nisbatlarda xayrlik va ezgudir.

Qadimdanoq kim xayr va ezgulikni bilgan bo‘lsa, uni o‘z tabiatiga ko‘ra yoqtiradi, bundan ma’lum bo‘ladiki, Azaliy sabab muhabbat manbai sifatida ahli dil (ilohiy qalb)larning ishq manbai hisoblanadi (1).

Yetuk insoniy ruh va farishtalar ruhi Ezguyi mutloqning mohiyatiga tenglashtirilgan va layoqati jihatidan o‘ziga o‘xshash aql bovar qiluvchi ashyolar mushohadasi bilan bog‘liqdir va saxiy insonlar qalbi singari haqiqat yo‘lida qilingan harakatlar tufayli sodir bo‘ladi hamda tug‘ilish, qabz bo‘lish navbatining davomiyligini saqlashda Ezguyi mutloqning mohiyatiga erishish bilan samoviy mohiyatlarni uyg‘otadi. Bunday taqlid Ezguyi mutloqqa yaqinlashish maqsadida paydo bo‘ladi va bu yaqinlikdan maqsad, komilik va himmat egasi bo‘lmoqdir. Bu Azaliy sabab yordami bilan amalga oshiriladi hamda Uning mohiyatidan kelib chiqadi. Bu xuddi sevgan narsaga yaqinlik qilish (yo‘lini) izlaganga o‘xshab ketadi. Biz aniqlaganimizdek, Ezguyi avval barcha ahli dil (ilohiy qalb)lar uchun muhabbat manbaidir.

Biz yuqorida aniqlaganimizdan ma’lumki, Mutloq ezgulik barcha ahli dil (ilohiy qalblar)ning ishq manbai sifatida namoyon bo‘ladi. Bu ishq hech qachon so‘nmaydi, hamisha komillik va komillikka yaqin darajada bo‘ladi. Ular komillik darajasida bo‘lgan taqdirdagina sevgi ular uchun zaruriyatga aylanadi. Komillikka yaqin darajada bo‘lsa, uni insoniy sevgi deyiladi, farishtalar sevgisi deb atashga hali vaqt erta. Zero, oxirgisi (ya’ni farishtalar sevgisi) abadiy komillik kasb etadi. Avvalgisi (ya’ni insoniy muhabbat) komillikka yaqin darajadagi sevgida odam qalbi hali aql bovar qiladigan ashyolarni his qilishning tabiiy istagi bilan to‘la bo‘ladi. Uning komilligi shu bilan belgilanadiki, mushohada jarayonida u ko‘proq komillik kasb etishga harakat qiladi va barcha narigi dunyo – oxiratni mushohada qilishga o‘tadi. Har bir aqliy ne’mat (qadriyat), avvalo, qalb orqali ilg‘ab olinadi va yakka (o‘ziga xos) javharda mavjud bo‘ladi. Buning sababchisi bo‘lgan ilk aqliy ne’matning xususiyati shunday. Bunday qalblar o‘z borliqlarida azaldan tug‘ma ishqqa ega bo‘ladilar. Birinchidan, Mutloq haqiqatga, ikkinchidan, aqliy ne’matlarga muhabbat ana shu ishqning asosini tashkil etadi. Aks holda, ularning o‘z kamolotlari sari intilishi bekorchi bir narsa bo‘lib qolardi.

Demak, insoniy va farishtalar muhabbatining haqiqiy manbai (Sof ezgulik –Olloh)ning o‘zidir.

Yettinchi fasl
Fasllarning xotimasi

Biz ushbu xotimada quyidagilar haqida to‘xtalmoqchimiz: mavjud bo‘lgan ashyolarning barchasi muhabbat bilan yo‘g‘rilgan Oliy ne’matni sevadi. Oliy ne’mat sevgisiga mubtalo bo‘lganlarga U albatta ko‘rinish beradi (ya’ni O‘z jamolini ko‘rsatadi). Ammo bu ko‘rinish har kimda har xil kechadi va har kim har xil ko‘rinishda tavhidga erishadi. Qurbatning (Ollohga yaqinlashishning) eng oliy darajasi Ul zotni haqiqiy tabiati bilan his qilmoqdir. Bu tariqatlar ichida eng komili hisoblanadi. Buni so‘fiylar Olloh birligi, yagonaligi, ya’ni “tavhid”, deb ataydilar.

Biz aytamizki, barcha yaratilgan maxluqotda o‘z komillik darajasiga qizg‘in intilish bo‘ladi (shu intilish tufayli u Olloh in’omiga erishadi), shunga asosan maxluq (ashyo) qanday ko‘rinishda bo‘lishidan qat’i nazar, o‘z ezgu niyatiga erishadi. U (maxluq) azalda qanday sevimli qilib yaratilgan bo‘lsa, yana ana shunga so‘zsiz qaytadi. Bu sohada Azaliy sababdan komilroq, mukammalroq, munosibroq xilqat yo‘q. Uni barcha jismlar (maxluqot) sevadi. Ammo ashyo (jism, maxluqot va xokazo)larning ko‘pchiligi Uni (ya’ni Azaliy sababni) bilmaydi. (Biroq) komillikka tug‘ma ishqi borligini inkor ham qilmaydi.

Azaliy ezgulik mohiyatiga ko‘ra, butun mavjudot oldida o‘zini namoyon qiladi. Agar Uning mohiyati yashirin tarzda bo‘lganda edi, Uni bilib va anglab bo‘lmas edi. Undan hech qanday tuhfa ham olib bo‘lmas edi. Agar Uning mohiyati qandaydir boshqa bir narsaning ta’siri ostida namoyon bo‘lganda edi, o‘sha begona narsa Uning mohiyatiga ta’sir ko‘rsatgan bo‘lardi. Bunday deb o‘ylash bema’nilikdir. Aksincha, Uning mohiyati o‘zini o‘zi namoyon qiladi. Agar yashirin holatda bo‘lsa, bu ayrim ashyo (jism)larning Uni anglab olmasligi oqibati bo‘ladi. Ul zot himoyasi (panohi)ning yashirinligi tuyg‘ularning ojizligi, layoqatsizligi va ziyonkorligini bildiradi. Uning vasli esa mohiyatining haqiqiy tabiatidan kelib chiqadi. Ilohiyot ulamolari ta’kidlaganlaridek, sof mohiyat egasi faqat Udir. Bu mohiyatni U O‘zida yoki O‘zi orqali namoyon qiladi. Ul zotning oliyjanob mohiyati o‘z-o‘zidan namoyon bo‘ladi. Shunga ko‘ra, faylasuflar uni “Buyuk aql – shakl-surati”, deb atadilar.

Har tomonlama (rivojlangan) aql egalari bo‘lmish ilohiy farishtalar (Olloh jamoli) tajalliysini birinchi bo‘lib ilg‘aydilar. Uning tajalliysi xuddi oynada aks etgan shakl kabi javhar tomonidan ko‘zgudagi o‘xshashi sifatida qabul qilinadi. Faol aql-idrok uning o‘xshashi bo‘lsa, ish taxminan yuqoridagidek bo‘ladi. Ammo (bunday deb aytishda) ehtiyot bo‘lish kerak. Chunki u haqiqatan zaruriy mavjudotdir. Inson anglaganlarining hammasi juz’ va kull – yakka va umumiyat (induksiya) orqali yuzaga chiqadigan sabab tufayli zohir bo‘ladi. Bu xuddi gulxan harorati u yoki bu tanaga “issiqlik” deb ataluvchi o‘xshashi tomonidan ta’sir o‘tkazilishiga o‘xshab ketadi.

Sifat va miqdorga doir boshqa kuchlar haqida ham shunday gaplarni aytish mumkin. Aql-idrokli dil boshqa bir aql-idrok egasi bo‘lmish dilga o‘ziga o‘xshash tuyg‘ularni o‘tkazish yo‘li bilan ta’sir qiladi. Masalan: qilich narsaga o‘zining tashqi shakli, ya’ni o‘tkirligi bilan ta’sir o‘tkazadi, ya’ni kesadi, qayroq, pichoqni qayrashda uning yuziga o‘ziga o‘xshash silliqlik va tekislik beradi.

Quyosh ham qizdiradi, ham qoraytiradi. Ammo issiqlik va qora rang quyoshning o‘xshashi emas. Buni shunday tushunish mumkin: hamma narsa va hodisalar ham bir jismning ikkinchi jismga ta’siri natijasida kelib chiqadi, oqibatda, ta’sirlanuvchi jism ta’sir qiluvchi jismga o‘xshash bo‘lib qoladi, deb o‘ylamaymiz.

Ta’kidlaymizki, harakat bu – ta’sir o‘tkazishning yaqin boshlanishi; ta’sirlanuvchi jism birinchi jism tomonidan o‘tkazilayotgan ta’sirotni qandaydir boshqa, bir o‘xshash (jism) vositasida qabul qiladi. Quyosh to‘g‘risida ham xuddi shunday gaplarni aytish mumkin. U (quyosh) o‘ziga yaqin ta’sirotni qabul qiluvchi jismga ta’sir o‘tkazadi, shu yo‘l bilan o‘ziga o‘xshash nurni (yorug‘likni) yuboradi. Jism nur (yorug‘lik)ni qabul qilganda, unda issiqlik paydo bo‘ladi, quyosh ta’sirini qabul qiluvchi jism boshqa bir jismni isitadi va u ham o‘z navbatida boshqa jismga o‘z o‘xshashini, ya’ni aynan ana shu issiqligini o‘tkazib yashillik hosil qiladi. Oqibatda, boshqa jism bu issiqlikni qabul qilar ekan, isiydi va rangi o‘zgaradi. (Ammo bu o‘zgarish ham yorug‘lik va issiqlik, ham tuproqdagi ozuqa moddalari bilan o‘sish va meva berishga ta’sir ko‘rsatadi – tarj.)

Mavzuga qaytib, shunday deymizki, Faol aql Azaliy va Abadiy zotning tajalliysini bevosita Uning mohiyatini anglagan holda qabul qiladi. Boshqa aqliy ne’matlar ham undan (Faol aqldan) ta’sirlanadi va doimiy hamda faol holatda bo‘ladi. Aqliy ne’matlar – tushunchalar, mushohada qilinuvchi ashyolar tuyg‘u va tasavvurga tayanmaydi, so‘nggisi avvalgilari (2) tufayli aql yurgizadi, agar sababga ega bo‘lsa o‘sha sabablar tufayli, tuban (past) bo‘lsa yuqoridagisi tufayli bo‘ladi.

Keyin, ahli dil (ilohiy qalb)lar tajalliyni bevosita qabul qiladi, agar bilvosita qabul qilgan taqdirda ham faol aqldan ko‘mak oladi. Agar gap ularni salohiyatdagi holatdan (aql bil-quvvadan) bil-fe’l holatga o‘tkazish va qobiliyat hamda aqliy mushohada haqida ketayotgan bo‘lsa, bunda aqliy mulohaza va tamkin (xotirjamlik) qoladi.

So‘ngra (bu tajalliy) hayvoniy quvvat ko‘rinishida, keyin o‘simlik quvvati va oxirida aqliy va ruhiy quvvat sifatida namoyon bo‘ladi. Nimaiki, tajalliyni o‘ziga qabul qilgan bo‘lsa, buni o‘zining imkoni darajasida, undan olingan narsaga moslashishga harakat qilgan holda qabul etadi. Tabiiy narsalar o‘z tabiiy harakatlarini unga moslashtirgan holda maqsad sari intiladilar. Buning ma’nosi shuki, o‘ziga xos holatga erishmoq uchun aynan – tabiiy o‘rinlarni egallaganlarida, hatto maqsadga erishishning ilk boshlanishiga nisbatan moslashmasa-da, aynan harakatga nisbatan moslashadi. Xuddi shunday holat hayvon va o‘simliklar javharlarida ham mavjuddir. Ular o‘zlariga xos bo‘lgan harakatlarni o‘z maqsadlariga moslashgan holda sodir etadilar. Ular ana shu maqsadga erishmoqning ilk boshlanishiga nisbatan, masalan: qo‘shiluv va oziqlanishga nisbatan taqlid qilmasalar ham turni yoki jismni saqlab qolish yoki qandaydir quvvat hamda qobiliyatni namoyon etish uchun harakat qiladilar. Insoniy nafs (jon, ruh) ham xuddi shunday xayrli va aqliy harakatlarini, hatto bilim olish maqsadiga erishmoqning ilk boshlanishiga taqlidan erishmagan holda sodir etadi. Hayvon va o‘simliklar paydo bo‘lishi va halok etilishida naslning davomiyligini saqlab qolishga taqlid qilgan holda o‘z faoliyati va harakatini boshqaradi. Farishtalar ruhiga kelganimizda, ular o‘z mohiyati, maqsadiga moslashgan holda abadiy yetishadi va ular yashirin kuch-quvvatdan hosil etilgandir. Zero, ular doimo his etgan holda, doimo sevgan, idrok qilgan holda, doimo moslashgan, kuyib-yongan holda sevadilar. Ulardagi ehtirosning ulug‘ligi Oliy zotni mushohada qilish, Unga yetishish bilan o‘lchanadi.

Agar Mutlaq ezgulik tajalliy etmaganida, undan hech narsa olib bo‘lmasdi. Undan hech narsa olib bo‘lmaganda esa hech narsa mavjud bo‘lmaydi. Shunday qilib, agar Uning tajalliysi bo‘lmaganida, borliqning o‘zi ham bulmasdi; demak, Uning tajalliysi butun borliqning sababchisidir. Oliy zotga bo‘lgan ishq qanchalik Uning ulug‘ligi uchun bo‘lsa, ishq ham shunchalik ulug‘vor bo‘ladi. Unga bo‘lgan sevgining haqiqiy manbai uning tajalliysidadir. Uning tajalliysiga ilohiy qalblar ana shunday erishadilar. Shunga ko‘ra, aytish mumkinki, ilohiy qalblar Unga bo‘lgan ishq manbaining mohiyatidir. Qur’oni karimdagi ushbu muqaddas so‘zlar xuddi shuning uchun aytilgandek: “Agar bandam meni sevsa, men ham uni sevaman”.

Shunday qilib, Ollohga iqtido qilmoq va Unga yetishmoq va Uning amr-farmonlarini bajarmoq Ul oliy zotni mamnun etadi, o‘lim farishtalariga iqtido qilmoq (ya’ni o‘ziga o‘lim tilamoq) esa Uning qahrini qo‘zg‘aydi. Zero, (bu holda, hayotni sevmay, o‘limni sevishda) Yaratgan egamga iqtido qilishdan maqsadi oxirgacha ushalmaydi, o‘lim egalariga taqlidan ko‘zlangan maqsad esa to‘lig‘icha amalga oshadi.

Shunday qilib, biz ham maqsadga yetdik, Yaratgan egam – Ulug‘ Olloh yordami bilan risolani yozib tugatdik.

Izohlar

1. Ya’ni, masalan, Payg‘ambar (s.a.v.)larning ruhi singari.
2. So‘nggi ashyolar o‘tmishdoshlari tufayli.

Mahkam Mahmudov va Zayniddin Bahriddinovlar tarjimasi

067

(Tashriflar: umumiy 1 000, bugungi 1)

Izoh qoldiring