Anvar Obidjon. Ajinasi bor yo’llar. 1 kitob. 5 parcha

Ashampoo_Snap_2016.12.20_17h41m17s_001_a.png Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги олдидан

Мени кексақори дейишарди. Кўпроқ ўзимдан катта болалар билан ўртоқ тутинганим, гоҳ дадамнинг ишхонасидагиларга, гоҳ уйимизга келган улфатларига даврадош бўлишим, қондошим Ўринбой ака билан қишда маҳалламиздаги мемахонага (аслида “емакхона” – маҳалладаги қўни-қўшнилар ўртада қўй сўйиб ва гуручу сабзи-пиёзни улгуржи ғамлаб олиб, қиш ичи улфатчилик қилишарди) кириб туришим, булар натижасида катталарга хос ҳаётий гапларни кўп тинглаб улғайганим боис, фикрлашим балки тенгдошларимникидан баландроқ бўлгандир. .

Анвар Обиджон
АЖИНАСИ БОР ЙЎЛЛАР
(ТУРМУШ КЕЧИНМАЛАРИ)

094

Сурат тайёр.jpgАнвар Обиджон Фарғона вилояти Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида 1947 йилнинг 25 январида хизматчи оиласида туғилган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, Самарқанд молия техникумида, 1969-1971 йилларда жамоа хўжалигида ҳисобчи, клуб мудири, туман газетаси, вилоят радиосида турли вазифаларни бажарди, Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетини сиртдан тамомлади. 1981 йилдан бошлаб у Тошкентга кўчиб келиб, «Ёш гвардия» нашриётида, «Ёш куч», «Муштум» журналларида ишлади. «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир, Ўзбекистон телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган.
Анвар Обиджон болалар адабиётига дастлаб «Она Ер», «Баҳромнинг ҳикоялари» тўпламлари орқали шоир сифатида кириб келди ва мавжуд ижодий анъаналардан фойдаланган ҳолда ўзига хос йўл танлади. «Булбулнинг чўпчаклари», «Ғалати мактублар», «Кумуш уй», «Гурунгдаги гаплар», «Ажойибхона», «Ўзимизнинг ансамбл», «Игналарим чиройли», «Менинг коллекциям», «Ширин сўйлар жажживойлар», «Каламушлар кемаси», «Сиз эшитмаган қўшиқлар», «Далалардан болаларга», «Осмондан тушган созанда» туркум шеърлари фикримизга далилдир. Унинг «Она ер» (1974), «Масхарабоз бола» (1980), «Оловжон ва унинг дўстлари» (1983), «Баҳромнинг ҳикоялари» (1984), «Эй, ёруғ дунё» (1983), «Кетмагил» (1985), «Безгакшамол» (1985), «Жуда қизиқ воқеа» (1987), «Олтин юракли автобола» (1988), «Даҳшатли Мешполвон» (1990) каби шеърий, насрий китоблари чоп этилди.
Булардан ташқари, адибнинг «Қўнғироқли ёлғончи», «Паҳлавоннинг ўғирланиши» Анвар Обиджон сўнгги йилларда «Рамазон ва Гулмат ҳангомаси» (1992), «Мешполвоннинг жанглари» (1994), «Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри» (1996), «Тўтиқуш», «Топсанг ҳай-ҳай…» каби қисса, песа ва шеър, достонларини ҳам яратди. У«Ўзбекистон халқ шоири» унвонига сазовор бўлган (1998).

094

БИРИНЧИ КИТОБ
5 парча

БОШИМ ИККИТА БЎЛДИ

Далага тупурмагил, ўзинг эртага ейдиган қовунни булғайдурсан.
Гулмат ШОШИЙ

13w.jpgҲарбийдан қайтганимда, дадам анчадан бери вилоят касалхонасида ётган экан. Таътилга келганимда ҳам, бир вақтлардагидек бўйни бағбақали бўлмаса-да, жуссаси ҳалиям гўштдоргина эди. Шу қисқа вақтда буткул озиб-тўзиб, эти суякка ёпишиб қолибди. Киртайган кўзларида илгариги тийракликдан асар йўқ. Ҳатто таъби хирароқ чоғидаям кулимсираш аломатлари зоҳирланиб тураверадиган чеҳрасини энди мунг тўлиқ қоплаб олганди.
Қўшнилар, таниш-билишлар, қондошларнинг келди-кетдиси камайганидан кейин, касалхонадан вақтинча жавоб сўраб келган дадам мени ёнига чақириб, тўйни тезлатиш хусусида гап очди. Умримда кўрмаган қизга менинг розилигимсиз оқ кийиб, фотиҳа тўйини ҳам ўтказиб улгуришганидан жаҳлланиб юрганим учун, журналистликка ўқиш ниятим борлигини билардингиз-ку, уйланадиган бўлсам, рўзғорда уймаланганча қишлоқдан чиқолмай қолишимни ўйламадингизми, деб жеркиндим.
— Умрим жуда оз қолганини билиб турибман, — деди дадам хотиржам товушда. – Катта ўғлимсан. Ҳеч бўлмаса, сенинг бошингни иккита қилиб, кўнглим тинчиброқ кетай.
Мен нодон яна тихирланишга тушдим:
— Сиз айтсангиз, шахтада ишлашгаям розиман, дада. Омалейкин, уйланиш масаласига келсак…
— Э, болам-ма! – сўзимни бўлиб, хиёл зардаланди дадам. – Бир нарсани ҳисобга олмаяпсан. То уйланмагунингча, укаларингга оталик салобатида кўринолмайсан. Ё гапимга ҳалиям тушунмадингми?
Ҳаммаси тушунарли: мен кетяпман, энди бу ҳовлининг хўжайини сенсан. Тезроқ уйлан, рўзғор тебратиш масъулиятини чуқурроқ ҳис эт. Кенжа уканг бор-йўғи ўн ёшда, катталари ҳам ҳали ғўрроқ. Шоирликни ҳавас қиласанми, пошшоликними, энг олдин, оила аъзоларининг бирлигини таъминлашинг, хонадон мавқеини бундан оширолмасанг, лоақал борини асраб туришга интилишинг, ота бўлиб, уйнинг файзу тароватини қўриқлашинг шарт!
Қанчалар қайсар бўлмайин, дадамнинг шу аҳволида орага бундан ортиқ сўз сиғмаслигини англаб, бўпти-да, нима десангиз – шу, деб пешанамни тириштирдим. Дадам қувониб кетиб, опангларга айтаман, сени келин билан бирор жойда учраштиришади, бир кўз уриштириб оларсан, деган эди, барибир уйланадиган бўлсам, кўриб нима қилдим, дея лаб жимирдим.
Бу орада, дадам яна касалхонага тушгани, дарди кучайиб бораётгани боис, унга қарашли магазинни янги дўкончига ўзим топширишимга тўғри келди. Ёшгина, буткул тажрибасиз бир татар қизни ревизор қилиб тайинлашган экан, ишни уриниб-суриниб ётиб зўрға охирига етказдик. Анчагина камомад чиққанидан кўнглим жуда хира тортди, матлубот жамияти раҳбарларидан бири бўлган Обидов идорасига чақиртириб, пул тезроқ жойига қўйилмаса, иш судга ошади, деганида, юрагим пўкиллашга тушди. Воҳ! Энди нима бўлади? Наҳот, дадамни шу аҳволидаям суд қилишса? Йўғ-е, бунгача боришмаса керак. Балки, қарзни ойлигимдан секин-секин узишимга тўғри келар…
Кўп ўтмай, энди даволашга уринишдан фойда йўқ, уйда борича парваришлаб тура қолинглар, деб дадамни касалхонадан қайтаришди. Гоҳо маҳаллий дўхтирлар келиб, у-бу муолажалар қилиб туришди. Ўшанда йигитдек вазмин туролмаганим, дўконнинг қарзидан қутулиш масаласида дадамга инжиқланиб гап очганим, дадам мени тинчлантиришга тиришиб, қўрқма, тирик қолсам, жавобини берарман, ўлиб кетсам, сенга ёпишиб олишмайди, деб изтироблангани эсимга тушса, бировларга қамчи тутқазиб, ўзимни аёвсиз савалатгим келади ҳануз. Аксинча бўлиши керак эди-ку! Мабодо, дадамнинг ўзи шу мавзуни қўзғаб қолса, кўп сиқилаверманг, то жоним ичимда экан, ҳамма иш жойига тушиб кетади, деб таскин беришим керак эмасмиди?
Дадам умрининг сўнгги ҳафталарида яшаётганини дўхтирлардан суриштириб билишганми, бир куни ўша матлуботчи Обидов келиб, дўконингизнинг камомадини амал-тақал қилиб ёпиб юбордик, энди ташвиш тортманг, деб дадамга хушхабар айтди. Ичимга бирдан ёруғлик ёғилди. Буни сезган дадам, менга қараб, мажолсизгина кулимсираб қўйди. Ўзининг иши битганидан кўра, менинг қўрқувим барҳам топганидан кўпроқ хурсанд эди, чамаси.
Амалиётда юрган вақтимда туман молия бўлими мудирига маъқул кўринганманми, ўзи мени ишга таклиф этиб қолди. Одамларга пўписа қилиб солиқ йиғишга бўлган азалий безиллоғим боис, ана-мана деб, гапни мужмаллаб юравердим. Бир куни колхозимиз раҳбарлари дадамни йўқлаб келиб, шу Анварингизни бизга беринг, ҳозирча далада табелчилик қиптурсин, пахта терими тугаганидан кейин идорага буғолтир қилиб оламиз, томорқа-поморқа берамиз, деб қолишди. Бир маслаҳатлашайлик-чи, деди дадам. Улар кетгач, укаларинг орқангда қаторлашиб турибди, колхозда ҳеч бўлмаса икки-уч йил ишлаб, томорқа олволишинг керак, деб менга йўл кўрсатди.
У даврда пахта сиёсати ўта тажовузкор эди. Қўриқ ерлар тинимсиз ўзлаштирилар, боғларни бузиб, зовур дўнгларини текислаб, йўл четидаги ва ариқ ёқасидаги уватларни торайтириб бўлса ҳам кўпроқ ғўза экишар, пахтазорлар кўпинча хонадонларнинг деворига бориб тақалар, томларгаям чигит қадагилари келарди (бундан Орол денгизи қуриб бораётганини ҳали билмасдик). Маҳаллий фуқароларга, ҳатто колхозчиларга кенг-кенг томорқалар бериш аллақачон эллигинчи йиллар “сарқити”га айланганди. Энди томорқа сўрасанг, ҳозир беролмаймиз, Ўзбекистон қишлоқларидаги ҳар бир қарич ер Москвадагиларнинг назоратида туради, пахтазорни бир қаричга камайтириш учун ҳам ўшалардан рухсат олиш керак, дейишарди.
Қизил империяга ўзбеклар эмас, ўзбекнинг пахтаси керак эди. Болалигимда республикамизнинг пахта хирмони икки миллион тоннага етди, деб жар солингани эсимда. Энди беш миллион тоннадан ошибди ҳамки, Москва “тўйдим” демасди.
Аслида, четроқ-четроқдан бўлса ҳам ер топса бўларди, аммо томорқа беришни қисишдан асосий мақсад ер тақчиллиги эмас эди, бунинг туб-тубида бошқа яширин сиёсат ётарди – Туркистон аҳолисининг аксариятини ташкил этувчи ўзбеклар ўз юртида кўпайгандан кўпайиб борар, салтанатнинг Европа қисмида эса туғилиш кескин камайиб кетаётганди. Ўрта Осиёликлар, айниқса, ўзбекларнинг бир қисмини Россиянинг ноқоратупроқ минтақаларига кўчириб, бу ўрамларда қишлоқ хўжалиги маданиятини юксалтиришга қодир арзон ишчиларга эга бўлишдан ташқари, келгусида осонгина руслаштириб юбориш чоралари бундан анча олдиноқ белгилаб чиқилган; борганларга тайёр уй-жойлардан ташқари текин сигир, бошланғич маблағ бериш каби катта имтиёзлар ваъда қилинар, айрим жойларда ўзбек қишлоқчалари ҳам пайдо бўла бошлаганди. Москванинг нияти шу – тилини, қадимий маданиятини баъзи қўшниларидан кўра (масалан, Қозоғистон пойтахти Олмаотада ўшанда биттагина қозоқча мактаб қолган экан) ҳануз мустаҳкам асраб келаётган ўзбекларни Ўзбекистондан ташқаридагина кўҳна қадриятларидан жудо қилиш мумкин; Ўзбекистондагиларини “тартибга солиш” учун эса, биттасининг атрофига икки-учта славянни тиқиштириш кифоя.
Ўзбек ўз юртида яшашга жой тополмай, баъзилари Россиядан бошпана қидира бошлаган бўлса, айни паллада, турли мутахассисларга эҳтиёж ортаётгани, завод-фабрикаларда юқори малакали ишчилар етишмаётгани рўкач қилиниб, Россиядан Ўзбекистонга минг-минглаб руслар кўчириб келинмоқда эди. “Азиз меҳмон”лар асосан шаҳар ва туманлар марказига солинган уйларга келиб жойлашар, уларга янги бинолар қуриш ёки улар ишлайдиган корхона ҳудудини кенгайтириш зарурати туғилиб, бўш майдон топилмаса, экинзорлардан ер ажратилишига ҳеч ким тўсқинлик қилмасди. Масалан, Тошкентнинг Чилонзори, Юнусободидаги минглаб гектар бўлиқ экинзорлару боғ-роғлар ўрнида юзлаб кўпқаватли бинолар барпо этилиб, ўшанда уларнинг саксон фоиздан зиёд квартираси русийзабонларга бўлиб берилганди.
Шароит шундайлигига қарамай, ўзбекнинг асосий қисми ҳадеганда жойидан силжимаётганди. Ҳа, бу шунақа гажир халқ; ҳатто уни қушга айлантириб, фалон жойда дон-дун тиқилиб ётибди, деганингдаям, зувиллаб учиб кетавермайди. Мабодо парвозга мажбурласанг, ўзининг томидан учиб, барибир ўзининг томорқасига қўнаверади.
Бунақа сирли гапларни неча йиллардан кейин тушуниб етдим. Ўша топда эса, фақат бир нарсани билардим: пахта – ўзбекнинг ғурури ва ифтихори; қанча кўп “оқ олтин” берсак, советлар давлати шунча кучли бўлади; агар кучсизлансак, теваракдаги зўрларга ем бўламиз, буржўйлар яна қамчилаб юриб, қонимизни ичади. Ана, чорак аср олдинроқ гитлерчи фашист деганлари қўлимизга кишан уришига салгина қолди-ку. Бу баттоллар китобларда ўқиб, киноларда кўрганимиздек, дуч келган қишлоқ-шаҳарга ўт қўяверса, учраган одамни ёш-қари демай отаверса, печларга тиқиб ёқаверса!
Советлар мамлакатида йигирманчи, ўттизинчи йиллари фашистларникидан баттарроқ ваҳшийликлар бўлгани, фуқаролар урушида қонунсизлик қонунга айлангани, очарчиликлар оқибатида қаровсиз, ҳимоясиз қолган одамлар тутдек тўкилавергани, миллатнинг энг сара фарзандлари Сталин лагерларида судсиз отиб юборилавергани, хўрловли қийноқларга солингани тўғрисида на китоблар бор эди, на кинолар. Буларни кўрган, гапириб бериши мумкин бўлган, неча-неча хунрезликлардан зўрға омон чиққан кимсалар юртда ҳали кўп эди, аммо бировга оғиз очишдан қўрқиб, дим-дим яшаб юришарди. Жумладан, дадам ҳам.
Томорқа деган бахтни орзу қилиб, молиячиликни эмас, табелчиликни; биққи курсили покиза хонани эмас, чангли далани танладим. Ҳарбийдан қайтганимдан беридаги сатангликлар тугади; ўша маҳаллари кенг русум бўлаётган карнайпоча “клёш” шимни, матросларникидек йўл-йўл чизиқли шойи кўйлакни, тарсиллаган хиром туфлини ечиб, ёғ суртиб ялтиратилган қалин сочимни устарада қирдирдим; эгнимга атлас белбоғли парпаша беқасам тўн, оёғимга кирза этик кийиб, бошимга марғилонча дўппини бостирдим. Маҳалламиз дўконидан тепада яшовчилардан тузилган бригадага табелчи бўлиб, “ЗИЛ” юк машинасининг усти очиқ кузовида далага йўл олдим. Темирйўлдан анча пастдаги бу бригадага ўқувчилик давримизда пахта теришга келиб турардик, энди янги ер ўзлаштирувчи чўлқуварлар учун томорқали уйлар қуриб беришга мажбур бўлиниб, манзара анча ўзгариб кетибди.

* * *

Оқ милтиқ, қора милтиқ отган отам, ёр-ёр,
Ўз қизини танимай сотган отам, ёр-ёр.
Ўз қизининг ўрнига бодам эксин, ёр-ёр,
Бодам шохи титраса, “Болам!” десин, ёр-ёр…

1969 йилнинг бешинчи сентябрида тўйим бўлди. Полкдош ошнам Қаҳрамонни йўқлаб Самарқандга борганимда мезбонлар елкамга ёпган олача беқасам тўнни кийволган дадамни қўлтиғидан суяб чиқиб, ташқидаги кроватга ёнбошлатдик, тўйни шу жойдан бошқариб, шу жойдан томоша қилиб ётди.
Келин ҳали ўн саккизга тўлмагани сабабли, ҳукумат идорасида ҳужжат расмийлаштиролмай; давлат бу “бирлашув”дан хабардор бўлган-бўлмаганини олдин албатта суриштириб оладиган, арабийдан бошқа ҳарфни танимайдиган мулла Аҳмадқул отага Авазбек укамнинг туғилиш гувоҳномасини ЗАГС қоғози деб кўрсатиб, мусулмонча никоҳдан ўтиб қўя қолгандик; тўйнинг эртанги кунидаги “юзочди”да хотинимнинг юзини биринчи марта кўрдим. Ёқди. Турқим маъқул келган-келмаганини Ғалати ойсанамнинг рақибига айланган Кароматбонудан сўраб ўтирмадим.
Тўйдан ўн кунча кейин дадамнинг аҳволи жуда оғирлашди. Ёмон хаёлларга бориб, руҳи бутунлай чўкмасин дея, дўхтирлар билан келишиб, яна вилоят касалхонасига ётқиздик. Анча ётди, яхши томонга ўзгариш бўлмади. Бир куни дўхтир бизни ёнига чақириб, жигари бутунлай тугаб, бу ёғи яқин қолди, уйга олиб бориб, тайёргарлик кўраверинглар, деди. Яна уйда озгина дам олиб, уколларни сингдиришингиз керак экан, дея дадамни алдаб, ҳовлимизга олиб кетдик.
— Ҳа, яхшилаб дам оладиган пайтим келди, — деди дадам ўзини сокин тутиб.
Буни эшитиш аламли эди. Дадам гап нимадалигини аллақачон фаҳмлаб етганди, чамаси. Уйинг куйгур арақлар, қотиллар! Чайирдан чайир дадагинамни ўшалар шу аҳволга солди. Бунга қўшадиган бўлсак, ёшгина вафот этган тўрт фарзанднинг қиёфасини кўз олдига келтиравериш ҳам отанинг жигарини тўкмасдан қўймайди…
Шафоат аммам кийим-кечакларини тугиб келиб, бизникида муқим яшай бошлади. Аям иккови навбатма-навбат ухлаб, дадамни гоҳ уқалашар, гоҳ овқатлантиришар, гоҳ ювиб-тараб қўйишарди. Мен эса, далага эрта кетиб, кеч қайтардим, дадамнинг ёнида узоқроқ ўтириб қолсам, бор, уйингга кир, вақтида ухла, деб буюрарди. Янги уйланган ўғилга бу гап хуш ёқарди, албатта.
Пахта терими авж олгач, даладан умуман бўшамай қолдим. Ишдан кеч қайтишимизга қарамай, раис кунда мажлис қилиб, бригадир ва табелчилардан ҳисобот сўрашга тушарди. Йиғин баъзида ярим кечагача чўзиларди. Эрталаб яна соат беш бўлмасиданоқ кўрпадан туриб, аъзоларни уйма-уй чақиришга, бугун фалон ишим чиқиб қолди деганларни ҳам мажбурлаб машинага юклашга тушасан. Пахта терими даврида маҳаллада тўйлар таққа тўхтар, далага чиқмаслик учун ё ўзинг қаттиқроқ касал бўлишинг керак, ё уйингда биров ўлиши лозим. Мабодо, кимгадир ён босиб, бирор кунга рухсат берсак ҳам, биздан кейин маҳаллаларни уйма-уй текшириб чиқадиган, райком вакили, колхоз фаоллари ва милиционердан иборат махсус гуруҳ аъзолари уларни тутиб олиб, барибир далага жўнатишарди.
Даладан қайтгач, гоҳо мажлисга бормай, дадамнинг ёнида уймаланган бўлардим. Кўнгилни кўтарадиган ширин сўзларни тахлаб ташлашга азалдан уқувсизроқлигим важҳидан, дадамга нима дейишни билмай, бир аштдан, бир даштдан гапириб ўтирардим. Бунақада аммам жонимга ора кирар, эски қизиқ воқеаларни эслаб, дадамни жилмайтиришга урина бошларди.
Бир гал мажлисга бормаганимда, раис одам юбориб, чақиртириб кетди. Боришим биланоқ, заҳрини сочишга тушди.
— Мен табелчиман, — деб жирракиландим. – Вазифам – одамларнинг ишига тўғри ҳақ қўйиш. Пахтанинг оз-кўплигига бригадир жавоб беради. Бунақа мажлисларга келмайман энди.
Раиснинг оғзи пешароқ бўлса ҳам, найниқ гапларни қўшмасдан, мени қаттиқ пўписалаб берди. Дағдағасига жим чидаб турдим-у, лекин ўшандан кейин ҳам мажлисга бир кун борсам, уч кун бормай юравердим. Раис буни ё пайқамасди, ё сезмаганга оларди. Қолаверса, бу замонда бригадир топишдан кўра, ҳисоб-китобни жойига қўя оладиган табелчини топиш қийинроқ эди, салга ҳайдаб юборишавермасди.
Каллам ҳали унча пишиб етмаган ёшимда колхоздаги энг йирик бригадалардан бирида табелчилик қилиш; олтмишга яқинлаётганига қарамай, ҳануз мушт-муштни пулга сотволадиган Бозор-қантовуз, мастлигида қўл-оёғини арқонда боғлабгина тажовузидан қутулиш мумкин бўлган Турғун-эшонча, аччиқтил Комил-сиёсат, чўрткесар Қўчқор-қайсар, ўжар Ғани-тарвузчи, девонаваш Марип-гапбузар, дангалфеъл Тўлқин-моряк, шарттаки Ўрин-новча, ҳангомачи Ҳусанбой-туя, димоғдор Мадамин-тақачи каби бири беш-олти фарзандли, бири неварали кимсалар билан тил топишиш бошда осон кечмади. Гоҳ Бозор-қантовуз қутқу қўзиб, Турғун полвонни курашиб йиқитолмасанг, бизга хўжайинчилик қилолмайсан, деб кариллар; гоҳ Ҳусанбой-туянинг кайфи ошиб, ичишамиз, қани, ким олдин йиқиларкин, дея баҳсга чорларди. Бригадада эскитдан чатоқроқ бир анъана ҳукм сураркан, жамоага янги қўшилганни кўпчилик бўлиб таппа ерга босишаркан-да, шимини тушириб, томоша қилишаркан. Мени ҳам сўрига йиқитиб, шимимнинг камарини ечишаётганда, индамасдан хотиржам ётавердим. Ие, вей, нимага типирчиламаяпсан, деб сўрашди. Нега типирчилар эканман, кўрсаларинг кўраверинглар, деганимдан кейин, бунақада қизиғи қоларканми, деб қўйиб юборишганди.
Э, майнавозчилигинг қўзимай кетгурлар-а! Ўшанда ҳаммага ўхшаб бақириқлаганча нега потирлаб-потирлаб турмадим? Бир яйраб олишмасмиди шўрликлар.
Аёллар ичида ҳам тили ўткирлари, табиати терсроқлари анчагина эди. Ошпазимиз Саломат опа бу галанинг “энаси” ҳисобланар, тушликка тўпланган аёлларнинг ёнидан ўта бошласам, кимлигини айтмайман-у, жувонларимиздан биттаси сизни яхши кўриб қолибди, бўпти десангиз, бир чеккада учраштириб қўяман, деганга ўхшаш ҳазил гапларни қистирар, хотинлар ҳар сафар ҳайҳаювлаб кулишга тушарди.
Эркакларнинг кўпи ялқовтабиат эди. Уларнинг орасидан бригадирликка кўтарилган Мўса ака кечагина тенгма-тенг гаплашиб юрган кимсаларга бугун хўжайинчилик қилиб қаттиқроқ тегишдан тортинармиди, дадил бўлинг, буларнинг қулоғини сал-сал бураб туринг, деб мени дам-дам нуқилаб қўярди. Эркаклардан тузукроқ ишлашни талаб қилишга тушсам, нормани икки баравар бажарганимиздаям, идорада ўтирадиган бош табелчи, ие, сувчи мендан ҳам кўп ойлик оларканми, деб барибир пулимизни қирқиб ташлайверади, дея хитланишарди. Энди ҳақларингни қирқишолмайди, мен турибман, десам, қани, кўрамиз-да, деб нормаларни бир ярим бараварга етказиб бажара бошладилар.
Тўғри гапиришган экан, биринчи марта ойлик табелни тўлдириб борганимдаёқ, бу ҳужжатни тасдиқлаши лозим бўлган участка бошлиғи ҳам, бош табелчи ҳам тундланиб, манави-манавиларга жуда кўп ҳақ ёзиб юборибсан, бошқатдан камайтириб кел, дея хиралик қилишди. Қанча ишлашган бўлса, шунча ёздим, менга ишонмасаларинг, ўрнимга ўзларинг табелчилик қилинглар, деб туриб олганим, иш бақириқ-чақириқларга бориб тақалганидан кейин, ноилож ён беришди. Аъзолар мўмай пул олаётиб, кўзларига ишонишмади, айтганингни қилдинг, э қойил, деб мендан қаҳрамон ясай бошлашди.
Аёлларнинг аксарияти пулнинг оз-кўплиги юзасидан тортишмасди. Нари борса, тагимиздаги шолчаларнинг йиртилиб ётишини қаранг, буларни қачон янгилаб берасизлар, деган ғалвадан нарига ўтишмас эди. Болалик аёлларнинг дарди бошқа бўлиб, кичкинтойларини уйдан олиб келинган юмшоқроқ овқатлар билан боқишар (у пайтда болаларга марказлашган ҳолда сутли бўтқа тарқатиш йўлга қўйилмаганди); тепадан текширувчилар келса, болаларга алоҳида овқат пишириб бериш учун харажат ташлаб кетишади, кейин идорадагилар яна ўзининг жиғилдонига уришни бошлайди, деб вайсашга тушардилар.
Суриштириб кўрсам, ҳақиқатан ҳам, болаларга алоҳида овқат пишириб едириш учун, бригададаги кичкинтойлар сонига қараб, колхоз томонидан маълум миқдорда маҳсулот бериб борилиши лозим экан. Лекин, бу болапарварлик фақат қоғозда бўлиб, амалда байрам кунлари ёки комиссия келгандагина намоён бўлиб тураркан.
Эски мактабдош ўртоғим, ашаддий муштлашқоқ Абдубанноб ҳам армиядан сўнг табелчилик қила бошлаганди. Болаларнинг текин овқати борлигини унга ҳам чикитдим, иккаламиз гапни бир жойга қўйиб, омборга бостириб кирдик. Омборчи, аввалига, юқоридан шунақа топшириқ берилган бўлса-да, колхознинг бундай катта чиқимга қурби етмаслигини пеш қилишга тутинди; Абдубаннобнинг кучуклиги қўзиб, биламиз, ҳаммасини ўзинг еб ётибсан, дея ёқасидан олгач, шўрликнинг капалаги учиб, бўпти-бўпти, бераман, лекин иккалангга бераман холос, бошқа табелчиларга айтиб юрманглар, деб теримчиларнинг бўз этагини масаллиққа тўлдириб берди: гуруч, макарон, шишали пахта ёғлари, гўшт, шакар. “Жанг”да ғалаба қозонганимиздан талтайиб, битта болага бир ойда нималар қанчадан берилиши кераклигини суриштиришга ўтсак, омборчининг пешанаси терлаб, энди-и гапни чуқурлаштирманглар, янаги ой келсаларинг, яна шунчадан оласизлар, деб ғўданглади.
Масаллиқларни омбордан қандай олган бўлсам, эртасига ўшандайича далага элтдим, буларни болаларга едирасиз, деб ошпазимиз Саломат опанинг қўлига топширдим. Бир пайт тушликка чиқсам, эркаклар дастурхонга иккита катта оштовоқда шавла қўйиб, мени кутиб туришибди. Бугун ким бунчалик эриди, деб сўрасам, эрталаб ўзингиз харажат олиб келибсиз-ку, дейишди. Тўсатдан бароғим айниди, оштовоқлардан бирини кўтарганимча, Саломат опага олиб бордим; келтирган харажатларимнинг бари болаларники, жа борса, оналариям ейиши мумкин, агар яна бир марта бошқаларга илинсангиз, пулингизни қирқаман, дедим. Иккинчи товоқни эркаклардан тортиб ололмадим, аллақачон ейишни бошлаб юборишган экан.
Омборчи кейинги ойлардаям болаларнинг улушини индамасдан бериб турди. Орада ундан иккита янги шолча ҳам ундирдим, аёлларимиз шунақанги хурсанд бўлишдики!
Ишда қийинчилик кўп бўлса ҳам, бригададаги муҳитнинг яхшилиги чарчоғимни сездирмасди. Эркагу аёлнинг барчаси кўнглида кири йўқ, иғводан, хусуматдан олис, анча-мунчага кек сақлайвермайдиган шалдир-шулдир кимсалар эди. Бригадирим Мўса ака отаси Оймат қўрбоши раҳматлига ўхшаб ниҳоятда босиқ, ройишли киши эди. Бирор нарсадан бўғилсам, кенгроқ бўлинг, ҳар қандай ғалва ўтади-кетади, соғлик кетмаса бас, деб қўярди.
Кунда оломоннинг ичида юрардим, бу одамларнинг энг майда ташвишу эҳтиёжларидан деярли тўлиқ хабардор эдим, уларнинг тавозедан ҳоли турмуш тарзи менга секин-аста юқиб бораётганди. Ҳаётнинг бу янгича бўлаги ҳар қандай ижодкор учун қиёси йўқ академия эди.

АЛВИДО, ДАДАЖОН!

Етимликка тан бер! Болангни тириклигингда етим қилма!
КУЛКУЛ афанди

Октябрнинг яримларидан ўтиб, дадамнинг аҳволи кескин оғирлашди, ҳатто бир қошиққина овқат ейиш ёки бир қултумгина сув ичиш учун ёстиқдан ўзича бош кўтаришга ҳам ҳоли келмай қолди.
Бригадир дадамнинг аҳволидан хабардорлиги туфайли, кўпинча тушдан кейиноқ даладан қайтишимга ижозат берарди. Бемордан хабар олишга келадиган қишлоқ фелдшери, касалхона дўхтирларини кутиб-кузатиб, вақтлари бўлса, бирор пиёла чой ичкизиб жўнатардим. Дадамни чақалоққа ўхшатиб жомга тўсган пайтим ҳам бўлди. Яширмайман, ичимда оз-моз ижирғанардим гоҳ.
Акрам укам ҳануз ҳарбийда эди, чақиртирайлик десак, дадам кўнмасди. Укамнинг кийимларини қозиққа илдириб, суратини токчага тиккалатиб қўйганди, гоҳо уларга бир-бир тикилиб, бу зарғалдоқ жудаям мунғайган бола-да, уни ҳафа қилманглар, деб шивирларди. Ниҳоят, йигирма саккизинчи октябрда, Акрамбойни чақирсакмикан, деди. Шу куниёқ туман ҳарбий комиссариати орқали Туркманистонга телеграмма жўнатдик.
Дадам, икки кун ўтиб, ўттизинчи октябрда вафот этди. Дадамнинг қандай жон бераётганини ҳам кўролмай қолдим. Аслида, буни кўришдан қўрқиб юрардим. Мени бемаҳалда уйғотишгач, шошиб дўнгалак уйга кирсам, дадам кўкси кўтарилиб-кўтарилиб нафас оляпти. Аммам билан аямнинг кўзида жиққа ёш. Нима қилишимни билмай, дадамнинг у ер-бу ерини силаган, алланарсалар деган бўлдим. Шунда аммам биқинимга нуқилаб, югур, тезда Орифжон тоғангни чақириб чиқ, деб буюрди. Қўшнимиз уста Орифжон тоғани бошлаб қайтганимда, дадам узилиб бўлган экан; жағини, оёқларининг бошмалдоқларини боғлашди, қўлларини кўкракка қовуштиришди. Жуда осон жон берди, бирор мартаям хириллаб қўймади, қиблага ўгираётганимизда калима келтириб турди, деди аммам.
Маҳалладошлар, қариндошлар бирин-сирин келиб кўнгил сўраётганида ҳам, дадасига сув қуйиб берса, савоб бўлади, дея ювғичининг ёрдамчиси мени ичкарига бошлаб кирганида ҳам, таъзия ўқилаётганида ҳам, тобутни қабристонга элтаётганимизда ҳам кўзимга унча ёш инмай, карахтлигимча юравердим. Дадамни қабрга қўйишаётганда, шу қадар йиғи келдики, ўкранишдан ўзимни ҳеч тўхтатолмадим. Мени кўриб, укаларим ҳам дод солишни бошлади. Худо бу йиғиларимизни кўриб турган бўлса, раҳми келиб, дадамизни бирдан тирилтириб юборса-я!
Дадажоним-а, дадажоним-а! Наҳотки, энди ҳеч қачон кўришмасак?! Қиёматда ҳамма учрашади, дейишади. Ҳаҳ ҳ-ў-ў, қиёматгача кутиб ётиш осонми?! Бир кетган сира-сира қайтмаслигини била туриб, нега кечасию кундузи ёнингизда бўлолмадим, дийдорингизга тўйиб-тўйиб ололмадим?! Озгина бўлсаям, Сизни рози қилолдимми?!
Акрам укам дадамни қабристонга қўйиб қайтганимизда етиб келди.
Шу жойда бир нарсани айтиб ўтмасам бўлмайди. Буни тентакликка йўясизми, ашаддий бетаъсирликками, у ёғи ўзингизга ҳавола. Дадам узилган куни туманимиздаги “Пахта учун” газетасида бир нечта “Тўртлик”ларим чиққан экан, буни кечки пайт қўшнимиз Ўринбой акадан эшитиб, энтикиб кетдим, мотам буткул эсимдан чиқди, уларникига кириб, газетани ўқишга тушдим; ҳозирги кўз билан қаралса, бир чақага арзимайдиган ўша олди-қочди нарсаларимни ҳузурга чулғаниб-чулғаниб ўқидим. Бу дамда, балки, дадамнинг гўрдаги танаси ҳали буткул совиб улгурмагандир ҳам. Менинг эса, ичим чароғон…
Шу топда шу нарса кўнглингга сиғганини қара! Ҳе, сумбатингдан ўргилдим!

* * *

Фотиҳага келиб-кетувчиларга кўчада қўл қовуштириб туришим уч кунгинага чўзилди. Тўртинчи куни маҳаллага ош берганимиздан кейин, бригадирим Мўса ака курагимни сийпалаб туриб, дунёнинг ишлари шунақа, укам, битта-битта бўлиб ўтаверамиз, қолганлар яна тирикчилигини қилаверади, деб таскин бергач, мени далага етаклади. Даладаги ишларнинг кундалик ҳисоб-китоби бу чаласавод кимсани қийнаб юборганини сездим.
Яна ўша чанг-тўзонли дала сари боряпман. Қадамим суст, кўзларим маъюс, кайфиятим тушкун, кўнглим ғижимланган…

Шамол хомуш еляпти,
Ла-ла-лай…
Қўшиқ айтгим келяпти,
Ла-ла-лай…

Мен куйлайман нечун гоҳ?
Ла-ла-лай…
Йиғламаслик учун… Оҳ!
Ла-ла-лай…
(1976)

Далада ишлар беҳад тиғиз эди. Кетма-кет терилавериб, пайкаллардаги ҳосил ҳафтама-ҳафта камайгани сари; пахтани бугун кечагидан кам топшириб кўр-чи, уни қаердан бўлмасин топасан, биринчи синф ўқувчиси тугул, менга деса, боғча болалариниям далага ҳайда, дейдиганларнинг қамчисидан кўпроқ қон томиб бораётганди.
Айнан ўша кунларда колхоз раҳбарияти билан яна тортишиб қолдим. Пахтачиликдаги энг расво одатлардан бири – бор ҳосилни териб топшириб, давлатга пахта сотиш режасини барвақт бажариб бўлган илғор бригададан ҳам, то туман, вилоят, республика миқёсидаги “план”лар тўлмагунча, пахта талаб қилишаверарди. Декабрнинг ярми ўтиб бўлдики, ҳеч кимда тинчлик йўқ, чол-кампирлардан тортиб, ташкилот-муассаса, завод-фабрика ишчи-ходимларининг бир қисми теримга сафарбар этилган; олий, ўрта махсус билим даргоҳлари талабалари, мактабларнинг бешинчидан юқори синф ўқувчилари далада тунаб ишлашади; учинчи, тўртинчи синфдагилар дарсдан кейин яқинроқ жойлардаги пахтазорга чиқишади; баъзи қишлоқларда биринчи, иккинчи синфдагиларниям пайкалга ҳайдашиб, болакайларнинг кўпи совуқдан, турли ўткир химикатларга бўкиб ётган ғўзалар заҳридан касалга чалина бошлаган, ҳатто вафот этган ҳоллар юз бергач, аҳоли орасида пайдо бўлаётган норозиликлар кучайишидан чўчишдими, қаҳратонда бошланғичларга тегмай қўйишди.
Бригадамиздагилар олачалпак қор қоплаган пайкални дилдираган аснода кезиб, чаноқ четида қолганлари, ерга тўкилганларини тўплаб юриб, тонг ёришганидан асргача зўрғалатдан бир-бир ярим килодан пахта теришарди. Асрдан шомгача эса, қуриб бўлган ғўза шохларида музлаб қолган, ҳали етилиб-етилмаган ғўр кўракларни уйда чувиш учун тера бошлашар, терганларини юк машинаси кузовига босиб, устига ўзлари ўтириб олишар, беш километрча масофадаги маҳалламизга етиб боргунча совуқдан кўкариб кетишарди. Уйга келгач, даладан силласи қуриб қайтган кишилар, овқатланиб бўлибоқ, кўрак чувишга тутинар, оиладаги кўмакчиларнинг кўпчилик-озчилигига қараб, бири хуфтонда, бири ярим кечадан ўтганда ишни тугатарди. Сўнг табелчи машина кузови четига осматарозини илиб олиб, чувилган пахталарни бирма-бир йиғиб келаверар, уларни қабул пунктига топширгунча соат учдан ўтиб қоларди. Гарчи, ўзбеклар “варақа” деб атайдиган (русча “ворахочистилель”), трактор ортидаги махсус ғилдиракчадан тортилган айланувчан қайиш тасма ёрдамида ишлайдиган кўсак чувиш агрегатлари анча йиллар олдиноқ ихтиро қилинган эса-да, улар пўсти қуриган жирттак кўсакларнигина чувишга ярар, ҳўл кўраклар “тишлари” орасида ҳадеб тиқилиб қолаверарди. Бундан ташқари, “варақа” пахталарнинг бир қисмини пўчоққа қўшиб, чиқиндига чиқариб ташларди, шу боис, каттаконлар иложи борича бу исрофчи агрегатдан фойдаланмасликка интиларди.
Орқага бурилиб олиши учун ернинг боши ва охиридан беш-олти қадам жойдаги ғўзалар ўриб ташланиши лозим бўлган; пайкалларни пайпаслаб, кўрак ва пахталарни ерга тўкиб ташлайдиган; хом ашёни хас-хашакка қориштириб, ортиқча ифлослантириб юборадиган терим машиналарининг тақдири ҳам “варақа”никига ўхшарди. Юқоридагилар жазолашидан қўрқиб, раислар дастлабки теримларда машиналарни хўжакўрсинга оз-моз ишлатган бўлишар, сўнг колхозчиларнинг пулига келган бу қимматбаҳо техникалар трактор паркларида қаторлашганича занглаб ётарди. Бу агрегатлар экин майдони кўп, аҳолиси сийрак бўлган Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё каби жойлардагина анча-мунча қадрланар эди.
Кўрак чувишдаги жиннича ишлар охири ҳиқилдоғимга қадалди. Бир куни бригада аъзоларига чувишни тугатиб бўлибоқ бемалол ухлайверишни, шофёрга пахталарни йиғишга келмасликни тайинлаб, ўзим ҳам вақтида кўрпамга кирдим. Саҳардаёқ мени идорага чақиришди, бир раис, бир партком котиби копток-копток қилиб бўралашга тушди.
— Барини йиққанда, юз килодан ошиб-ошмайдиган пахтани пунктга бугун топширдик нима-ю, эртага топширдик нима, — деб ўжарландим мен. – Ўша суви вишиллаб турган пахталарни бу ёқдан олиб борганимиз заҳоти у ёқдан ип қилиб чиқаришаётган бўлса, бошқа гап эди, пунктда қуритилиб, янаги йилнинг кузигача ғалвайиб ётади барибир.
Ана энди бақириқларни ёнбошлаб тинглайверинг:
— Ўрнингга одам топилиши биланоқ, сен болани кетингга тепмасамми!
— Сиёсий томондан қолоқ десам, давлатга ғирт душман экансан-ку!
Сўкишлар эшитиш эвазига бир кунлик захирани яратиб олиб, ишни янгича тартибда давом эттиравердим. Ўзимгаям, аъзоларгаям анча енгиллик туғилди.
Ўзбекнинг жони бир мисқол пахтага арзимай турган ўша қарғишли кунларнинг бирида “юмшоқтабиат эшонваччалар” сулоласи тарихига қизил доғ сачратувчи қонли фожиа; ўзимнинг ҳаётимда на кечириб, на тузатиб бўладиган мудҳиш хато юз беришига сал қолди. Даладан қайтиб, эндигина овқатланаётсам, аям дастурхон устида ўз-ўзидан йиғлаб юборди. Сабабини суриштирдим. Билсам, учраганни далага қувиб юрувчи гуруҳдагилардан бири – депутат бригадир зуғум қилган экан; астмам бор, совуқда нафасим қисади, деса ҳам, бозорда эркакларга илжайиб камзул сотишга ярайдилар-у, пахта теришга ярамайдиларми, деб аямни ҳақоратлабди. Агар, “эркакларга илжайиб” ибораси қўшилмаган бўлса, аям бу воқеани айтиб ўтирмаган, айтганида ҳам, мен ортиқча бўғилмай, ҳозир ҳамманинг аҳволи шу, деб қўя қолган бўлардим. Бир вақтлар бизникига таъзимланиб кириб юрган, яқингачаям дадам билан мемахоналарда товоқдош бўлган кимсанинг бу қадар беюзлиги, оиламиз ҳамиятини тепалашга ботингани юрагимга бигиз санчди, томоғимдан овқат ўтмай қолди.
Акрам укам ҳануз ҳарбийдалиги, кичиклари ҳали ёш бўлгани учун, жангариликда тенги йўқ, ундан ўзим ҳам чўчиб турадиган Тоҳир укамни секин ташқарига имладим. Чиққач, ёпилма пичоқчамни чўнтакдан олиб, қўлига тутқаздим-да, ҳозир фалончиникига борамиз, мен чақириб муштлашаман; агар улар кўпчилик бўлиб ташланишса, бошқаларга тегмайсан-у, тўғри бориб, ўша фалончининг қорнига эмас, оёқ-поёғига пичоқ урасан; қўрқма, сен ҳали ўспиринсан, турмага қамашмайди, акамни савалашаётганини кўриб, пичоқчамни қандай ишга солганимни билмай қолдим, десанг, болалар колониясига жўнатишади холос; шунақа маразларга индамай юраверсак, биров биз етимларни менсимай қўяди, охири маҳаллада кун кўролмай қоламиз, дедим. Укам негадир қаттиқ қизариб кетди-ю, эътироз билдирмай, бўпти, деди.
Ўшанда маҳалладошлар ўртага тушиб, иккаламизни эртасигаёқ яраштириб қўйган, ҳозирга келиб, фарзандлари фарзандларим билан дўстлашиб юрган, шуларни назарда тутиб, шу топда мен отини яшираётган ўша кимсанинг хонадонига бориб, дарвозасини итарсам, орқадан танбалаб қўйилибди. Қанча қичқириб чақирмайин, ичкаридан “тиқ” этган товуш эшитилмади, безовта бўлган қўшнилар бир-бир чиқиб келиб, нима гаплигини суриштира бошлашди. Эсликроқларидан бири қўлтиғимдан маҳкам тутиб, билиб турибман, бу одам сизни қаттиқ хафа қилганга ўхшайди, шуни эртага ўзим бирга туриб гаплашайлик, дея мени уйимиз томонга судради. Бу ғалвадан кечроқ хабар топган кекса табелчи Бозор Мирза эндигина кийиниб, кўчага чиқаётган экан, мени етаклаб келишаётганини кўриб, уйимизга бирга кирди, ўша гуруҳда ўзим ҳам бор эдим, бу ярамаснинг “сассиқ”лиги қўзиб, аянгизни ранжитганида, уни секин кўчага тортиб, чакки қилдинг, бугун уйингдан чиқмайроқ тур, аяси Анварга арзланиб қолса, бир балони бошламасин, деб уни огоҳлантирувдим-а, деди. Буни эшитиб, нима учун дарвоза эрта танбалаб қўйилгани, шунча чақирсам ҳам ҳеч ким жавоб қайтармагани сабабини ниҳоят англаб етдим.
Бу ҳодиса қачон эсимга тушса, зап доно одам бўлган экан ўша Бозор Мирза, деб қўяман. Агар у рақибимни олдиндан сескантириб қўймаганида, жанжалнинг оқибати нима билан тугаши номаълум эди. Аввало, Худонинг ўзи иш яхши томонга бурилишини бошқариб тургани аниқ.
Аям ёзда далачилар киядиган кителлар, қишда эркакларнинг пахтали камзулини тикиб сотиб, меникидан икки-уч баравар кўп пул топса-да, рўзғоримиздаги етишмовчиликлар ортиб бормоқда эди. Ўспиринлик белгилари қиёфасида эндигина тепчиланаётган Авазбек укам қийинчиликларга чидамадими, кузнинг бошроғида, ҳатто, уйдан қочиб ҳам кетди. Жон ҳовучлаганча қидириб-суриштириб юрганимизда, хайриятки, уч кундан кейин ўзи уйга қайтди. Абдусаттор деган синфдоши билан Қўқонга бориб, бир чойхоначига югурдаклик қила бошлашганида, участка милиционери уларни сўроққа тутиб, қамамасимдан олдин тезда уйга жўна икковинг, деб қувиб солибди.
Буғолтир бўлиб олсам, балки аҳволимиз анча яхшиланар, деб умид қилардим. Лекин, янги йилга ўтиб, эски йилнинг якунлари ҳисоб-китоб қилинаётган кунлари раҳбарлар билан орам янада бузилди-ю, бу умид тугал чиппакка чиқди. Ғалати бир қоида мавжуд бўлиб, йил давомида далачиларга иссиқ овқат пишириб бериб турилди дея, ҳар қайси бригадага алоҳида ведомостлар тузиларкан, колхозчилар буларни егани ҳақида қўл қўйиб беришгач, уларнинг “отчёт” деган йиллик қўшимча мукофотидан маълум миқдорда пул чегириб қолинар экан. Аъзолар уйларидан навбати билан қаймоқ опкелиб шўрва пиширишарди, емаган нарсаларига қандай қўл қўйдираман, деб кўнмадим. Яна тортишув, яна машмаша!
Партком котиби маҳалладошим эди. Бир куни унинг онаси аямнинг олдига кириб, ўғлимнинг айтишича, болангиз ҳаддидан ошиб кетганмиш, энди уни буғолтирликкаям олишмайди, томорқаям беришмайди, дебди.
Қишлоғимизда иккита колхоз бўлиб, мен ишлаётганим Жданов номида эди, унисини “Ленинобод” дейишарди (у даврда ўзбекона аталгучи колхоз деярли йўқ эди). “Ленинобод”га уйимизнинг ортидаги ҳовлида яшовчи Мамадали Ғиёсов раис эди. Аям унинг онаси ёки хотини орқали илтимос қилган бўлса керак, бир куни мени кўчада учратиб, бизнинг колхозга ўтиб ишласангиз-чи, деб қолди. Дарров рози бўлдим.
Майли, бу “кабоб”ниям бир татиб кўрсак кўрибмиз-да…

ЎПКАНИ БОСИШ КЕРАКМИ, БОСАМИЗ

Ҳолингга куймағонлардан нолийвермай, ўзингга ўзинг куяверсанг-чи, окоси!
Гулмат ШОШИЙ

Янги жойга ўтишимдан олдин, аям мени ёнига ўтирғизиб, суянадиган даданг кетди, энди оиланинг отаси сенсан, укаларинг изингдан юришини ўйлаб, ўзингни босвол; ким нима буюрса, тўғри-нотўғрилигини суриштириб ўтирмай, “хўп” деявер-чи, шундаям кўкрагингдан туртаверадиган баттол топилса, уни Парвардигор ўзи йўлингдан олар, деб анча насиҳат қилди. Кўпинча бўладиганидек жеркиб эмас, сокин товушда йиғламсираб гапиргани учунми, сўзлари кўнглимга қаттиққина таъсир қилди. Қолаверса, ишлар чаппа кета бошлагач, шунчалар қайсар бўлишим шартмиди, лоақал томорқа олгунча каттаконлар билан келишиб туратурсам бўлмасмиди, дея ўзим ҳам феъл-атворимни ўзимча таҳлил қилиб юргандим.
“Ленинобод”да мени Граждан мудофааси штаби бошлиғи лавозимига тайинлашиб, клуб мудирлигиниям вақтинча эплаб турасиз, дейишди (клубда қиладиган иш унча кўп бўлмаса-да, кейинроқ алоҳида мудир олишди). Юқоридан белгилаб берилган кўрсатмалар бўйича колхозчилар ўртасида ўқув-машғулотлар ўтказиб, уларга оммавий қирғин қуролларидан қандай сақланишни, газниқоблардан фойдаланишни, омади келиб ўлмай қолган ярадорларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишни ўргатиш биринчи галдаги вазифам ҳисобланар; гоҳ тепадан текширувчилар келиб, идора ходимларидан йигирма-ўттизтаси орасида машғулот ўтказиб кетишини истисно этганда, қолган ишларнинг ҳаммаси қуруқ қоғозда “бажарилар”, мен колхоздаги сон-саноқсиз катта-кичик юмушлардан ортмасдим. Бир гаражга югуртиришади, бир фермага, бир дўкон ёки бозорга.
Раисимиз Мамадали ака қаттиққўл ва тажангфеъллигига қарамай, менга доим мўътадил муносабатда бўларди. Идора ходимлари билан ҳам қалин эдим. Айниқса, бош бухгалтер Урайим ака, партком котиби Қаҳҳор ака мендан тез-тез аҳвол сўраб, оилада муаммолар йўқми, деб туришарди. Бу меҳрибонликлар раиснинг менга муносабати яхшилиги учунгина эмас, ким нима иш буюрса, учиб-чопқиллаб юриб бажаришим, ҳар қандай танг вазиятдаям деярли гап қайтармаслигим, юмушларни нечоғли ортиқча тиқиштириб юборишмасин, чарчаб кетганимдан шикоят қилмаслигим туфайли эди, аввало. Қолаверса, “Ленинобод” олдин ишлаган колхозимга ўхшаб қолоқ эмас, илғор хўжалик бўлгани таъсириданми, бу ердагиларнинг кайфияти баланд, кўнгли доим ёруғ эди.
Кунда хил-хил юмуш кўндаланг келаверарди. Партком котиби қўлимга қизил мато, чизув қуролларини тутқазар, дам қўшни туман, дам бошқа вилоят ёки қардош республикадан келиб, тажриба алмашиб кетадиган мусобақадошларни алқовчи шиорлар ёзиб беришимни сўрар; асли касбимдан хабардор бош бухгалтер баъзи-бир ҳисоб-китоб ишларига кўмаклашишимни илтимос қилар; раисимиз ўтган беш йиллик мобайнида колхознинг давлатга пахта, пилла, дон, гўшт, сут, жун каби маҳсулотлар сотишдаги ўсишларини катта-катта оқ картон қоғозларга суратдор қилиб чизиб, хонаси деворларига қоқиб қўйишимни буюрар эди. Гоҳ консерва заводига колхознинг мева-сабзавотини топшириб келардим, гоҳ омборчига нарсаларини тартибга солишда кўмаклашардим, гоҳ пилла қурти парваришини текширувчилар билан бирга уйма-уй юрардим, гоҳ чокидан кетган стулларни тузатиб берардим, гоҳ пахта теримига чиққан қарияларга вақтинча бригадир бўлардим, гоҳ колхоз аъзоларини газета-журналларга обуна қилардим, гоҳ идора ходимларига овқат пишираётган ошпазнинг ёнида ўчоққа ўт қалаб ўтирардим…
Бошқача одам бўлиб бораётгандим. Бирда аямнинг насиҳати, бирда оғир ётган дадамнинг ака-укалар бирлигини йўқотмаслик, оила нуфузини қаттиқ асраш ҳақидаги гаплари тез-тез ёдимга тушар, хулқимни ўнглашга астойдилроқ интила бошлаган эдим.
Ҳаммасини билиб юрибсан, йигитча, ҳаётда телба-тескари ишлар, маънисиз топшириқлар, ўринсиз қўполликлар, кўр-кўрона ноҳақликларнинг адоғи йўқ; олишаман, курашаман, ҳақлигимни исботлайман, десанг, умр бўйи бошинг ғалвадан чиқмайди, барибир охирига етолмайсан. Тўғри, буларни кўриб туриб, индамай чидаб юравериш ниҳоятда қийин. Бироқ, барига бас келаман, дейиш – пастга юмаланаётган улкан харсангни тўхтатиб қолишга уринишдек гап. Шундай экан, одамларнинг аксариятига тааллуқли муаммолар харсангини бир зарбда парчалаб ташлашга беҳуда гувланавермай, аҳволини юқоридагилар эмас, ўзинг енгиллатиб бера оладиган алоҳида-алоҳида кишиларга қаралашиб, уларни заҳа еб қолишдан имкон қадар асрашга интилаверсанг, қалай бўларкин? Шундай қилувчилар қанча кўпаяверса, чалкашликлар, ноҳақликлар шунча камайиб, кишиларнинг мушкули ўз-ўзидан осонлашиб бораверади-ку. Бу оламда одамларга фақат ўз ваколатинг, ўз мавқеинг, ўз имкониятинг доирасидагина яхшилик қила олишинг мумкинга ўхшайди. Агар, айтилган илтимосни бажариш ваколатингдан ташқарида бўлса, буни юқоридагилар кўмагида ҳал қилишга уриниб кўр, улар рад этса, хафа бўлма, тортишма. Бошқа йўлини изла.
Ҳа, сабрлироқ бўлишинг, ҳар бир вазиятга вазминлик билан, ақл билан ёндошишни ўрганишинг, олдин ишнинг тагига етиб, сўнг бирон тўхтамга келишинг лозим шекилли. Сенга ёқмаган нарсани ўзгалар фақат шахсий нафси, шахсий мавқеини ўйлаб қиляптими ёки, ўзи истамаган тақдирдаям, барибир шундай қилишга мажбурми? Масалан, нариги колхознинг раҳбарлари билан сўнгги тортишувингга сабаб нима? Доим шундай қилинган, бундан кейин ҳам қилинаверади, бошқа иложи йўқ, деб бригадирингдан тортиб партком котибигача пешанангга қўл ниқташди, сен тагини суриштирмай, бригадамиздагилар емаган овқатни ейилдига чиқариб қўл қўёлмайман, дея сўзингда туриб олдинг. Охири, раис хонасига чақиртирди. Ҳушёр бўл, қўрслиги тутса, калтаклаши ҳеч гапмас, деб сени қўрқитишгани учун, пуфайкангнинг чўнтагига тош солиб, секингина ҳузурига кирдинг. Раис бақирмади, ўтиришга таклиф этиб, босиқ товушда сўзлай бошлади:
— Нимага ҳадеб бизга сапчилайверасан, Анваржон? Даданг раҳматли билан кўп улфатчилик қилганмиз, уйларингдан туз тотганман. Шуларни ўйлаб, сени иложи борича авайлаб юрибман. Бир чидадим, икки чидадим, ҳозирга келиб одамни қон қилвординг-ку, болам! Колхозга ҳар куни райком вакили, ҳар ҳафтада обком вакили келади, ойида камида бир марта гала-гала бўлиб комиссия босади, уч-тўрт кунлаб ишимизни текширишади, бир механизаторлар, чорвачилар, химизаторлар семинарини қаторлаштириб ўтказишса, бир ёнғинга қарши курашув, ё бўлмаса, атом бомбасидан сақланиш машғулотларини ташкил этишади. Уларни едириб-ичирмасанг, бўлмаса. Шуларга кетган харажатларни колхозчиларнинг ҳисобидан ёпамиз-да, болам.
Барибир тушунишни истамадинг, уйимга меҳмон келса, ўзимнинг чўнтагимдан харжлаб кузатаман, нега сизларникини бировлар тўлаши керак экан, деб яна тўнглик қилдинг. Раис шўрлик шундаям ловулламай, бўпти, бу бригадага ҳашарчилар учун текин овқат тарқатиб турилган, десак кўнглинг тўладими, дея ён берди. Нима бўлгандаям, жўяли одам экан бу Эса Ҳаким дегани…
Қисқаси, ўпкангни босиб ол, Анварвой. Дадангнинг: “Энди ҳамма нарса сенга қоляпти, пишиқ бўл”, деган гаплари эсингдами? Ҳали хомсан, ғўрликдан тезроқ қутул, дегани бу. Балки, тағин кўп гапларни айтгиси келгандир-у, айтмагандир. Сенга безовта тикилган кўзлар ўшанда ўзича яна нималар деганини топишга уриниб кўр: билиб турибман, болажоним, сенга жуда қийин бўлади. Қандай чигалликларга дуч келишинг мумкинлиги-ю, улардан қутулишда қандай хислатларга таянмоғинг лозимлиги, биринчи галда қайси хил офатлардан эҳтиёт бўлишинг зарурлиги ҳақида ортиқча эзмаланишимдан шу топда фойда йўқ, бунақа нарсаларни эшитгинг ҳам келмайди ҳозир. Томдан йиқилиб кўрмаган одам, ўзидан кўпроқ кўйлак йиртганларнинг “томнинг қирғоғида юрма”, деган насиҳатини бир пулга олмаслиги аниқ. Одам боласи, туртиниб-қоқиниб юриб, буларни ўзи бир-бир англаб етаверади. Муҳими, Худойим сени бирон-бир хато боис қаттиқ шикастланишдан асраса бас, мундоқроқ яралар битиб кетаверади. Ишқилиб, кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган мақолга амал қилиб яшай олсанг, хатолардан тўғри хулоса чиқаришни ўрганолсанг бўлгани. Сени Худога топширдим, болажоним, манглайингни Ўзи ёрлақасин.
Бир нарса ўзимга ҳам аён эди – иродам кучли эмас, асабим бўш. Менга, биринчи галда, шулар панд бериши мумкин. Иродани ақл билан бошқарса, чидашга куч топса бўлади. Кучнинг бош манбаи – руҳ, руҳни ҳозиргидек баланд тутишга уринаверишим керак. Демак, энг хавфлиси – асабим. Қаттиқ жаҳлим чиқдими, тамом – ўзимни буткул идора қилолмай қоламан, нималар деб, нималар қипқўйганимни ўтим босилгандагина англаб етаман. Дадамнинг аждодлари орасида бунақаларни кўрмаганман, бу хислат менга она уруғимдан ўтган. Энг олдин, ҳар қандай ҳолатда ҳам асабни жиловлашни қаттиқ машқ қилмоғим зарур.
Янгича тушунчалар билан янгича кайфиятда яшаётганим ҳар қадамда ўз самараларини бераётганди, бошқаларга бўлган ҳурматим ўзимга иззат бўлиб қайтаётганди, ўзгалардан кўпроқ яхшиликлар кўра бошлаган эдим. Менга бир йил ўтмаёқ томорқа бермоқчи бўлишди. Мамадали акага ўз маҳалламга яқинроқ жойда яшасам девдим, десам, майли, нариги колхоздаги янги раисга айтаман, бирорта томорқа топса бўлади, деб кўнглимга қувонч солди. Нариги колхозда раҳбар алмашиб, олдинги партком котиби энди раис бўлганди. Унга Мамадали ака айтган бўлса керак, бир куни ўзи уйимизга кириб, сенга қаердан томорқа беришни мўлжаллаб юрибман, топсам, хабар қиламан, деди. Янада севиндим. Аммо, беш-олти кундан кейин қўшнимиз уста Орифжон тоға мени кўчада тўхтатиб; Анвар ўзи колхозимиздан қочиб кетган бўлса-ю, яна мендан томорқа сўрайди-я, айтиб қўйинг, беролмайман, деди раисимиз, деб қолди. “Ленинобод”даги раисимиз Мамадали акага бу ҳақда ҳеч нима демадим, тоқат қилсам, худо ахийри беради-да, деган қарорга келгандим.

Нон емади зорланиб…
Тиланишдан орланиб,
Ўлиб кетди хорликда.

Олдингидан яхшироқ пул топаётган бўлсам-да, ҳалигача томорқа ололмаётганим, бўш вақтимда ҳовлидаги ишларга уннамай, яна нималарнидир ёзиб-чизаверишим ҳануз аямнинг асабига тегарди. Ҳарбийдан қайтган Акрам укангни уйлашимиз керак, унга жой қани, деявергач, дадам қурдирган уйнинг биқинига уста Абдуқаҳҳор бошчилигида айвонли иморат солишга киришдим. Шундаям ора-сира шеър ёзаверардим. Колхозимиздаги зафарларга бағишланган бири гугуртнинг, бири сигаретнинг қутисидек келадиган хабар-мақолачалар қаторида гоҳ-гоҳ шеърларим ҳам кўриниб қоларди. Баҳонада, туман газетасидаги барча ходимлар, жумладан муҳаррир Турсунали Азизов билан ҳам яқинроқдан танишиб боравердим. Гоҳи газетада адабий ходимлик қилувчи қишлоқдошим Эркин Иброҳимовга (бир маҳаллар мендан олдин қишлоғимиз кутубхонасида ишлаган ўша ўқитувчи йигит), гоҳи редакторнинг ўзига шу даргоҳга ўтиб ишлаш орзум борлигини чикитиб турардим. Ҳарбийда юрганимда, узоқ вақт шеър жўнатмай қўйганимдан таажжубланиб, обуна ташвиқоти баҳонасида уйимизга шоир Миразиз Аъзамни юборган “Ғунча” журнали жамоаси билан ҳам эски алоқани тиклаб олдим – хатда шеърлар йўллашни давом эттирдим.
Колхоз парткоми котиби Қаҳҳор акага мажлислар протоколини расмийлаштириб, папкаларга тикиб боришда, коммунистлардан аъзолик бадаллари йиғишда, юқори ташкилотдан келган кўрсатмалар қандай бажарилаётгани юзасидан ҳисоботлар тайёрлашда кўмаклашиб турар эдим. Шу боисдан у мени бот-бот қистовга олиб, баъзида қўлингиздан ҳатто партиянинг махфий ҳужжатлари ўтяпти, сизни партияга қабул қилмасак бўлмайди, дейишга тушар; мен эсам, бирон-бир фирқа аъзоси хотинини қаттиқроқ хафа қилиб қўйса ҳам, аямай пўстагини қоқаверадиган партияга яқин йўлашдан чўчиб, ишни пайсалга солаверардим. Ваҳоланки, ўша даврда, айниқса, зиёлилар, мутахассис кадрлар орасида фирқага ўтишга уринувчиларнинг сони бесаноқ эди; партия эса, ўз сафида кўпроқ оддий ишчи-деҳқонлар бўлишини истарди, бундайлар билан умумий тил топишиш осон эди, чамаси.
Одмифеъллигим, ижрочилигим кучимдан фойдаланиб турувчиларнинг барига ёғдек ёқарди, ҳаммаси бирон яхшилик қилишга, лоақал яхши йўл кўрсатишга тиришарди. Бош бухгалтер Урайим ака менга касбининг сирларини чуқурроқ ўргатишга, буғолтирликка олишга уринар; иқтисодчи лавозимида ишлаб, колхоз комсомол ташкилотини ҳам бошқараётган Муҳаммаджон ака мендан комсорг ясамоқчи бўлар; Аъзам ака, Ҳайдар ака, Икром акалар, агар қишлоқ хўжалик институтини лоақал сиртдан битириб олсам, келажакда албатта раис бўлишимни башорат қилишар; партком котиби Қаҳҳор ака, хўп деб партияга кирсам, икки йилдан кейин олий партия мактабига ўқишга юборишини айтиб, сизнинг жойингиз камида райком идорасида бўлиши керак, дея янада баландроқдан келарди. Гўё бари ўзаро маслаҳатлашиб, шоирликдан кўнглимни батамом совутмоқчидек.
Бир куни, ҳисобчиликдан нафақага чиққан яҳудий чолни шаҳардан чақириб, архивга топшириладиган бухгалтерия ҳужжатларини жой-жойига қўйиб папкага тикиш ишига ёллашди. Хона деворига қоқилган, ишлаб чиқаришдаги ўсишларга оид безакдор плакатчаларни мен чизганимни билгач, чол олдимга яқинроқ сурилиб, нега бу ерда чангга ботиб юрибсан, ўғлим Фарғона рус театрида ишлайди, рози бўлсанг, ўша ерга рассом қилиб жойлаб қўярдим, деди. Шеърлар, мақолалар ёзиб туришим, журналистикага кириб ўқиш ниятим борлигини айтдим.
— Унда, бу ердан тезроқ қорангни ўчир, — деб куймаланди чол. – Шаҳардаги газетадаям танишларим бор. Қатнашдан эринмасанг, кичикроқ бир ишни бўлсаям тўғрилаймиз. Қани, уй телефонимни ёзвол-чи…
Редакцияга кириб ишлаш борасидаги орзуйимнинг чўғига яҳудий чол керосин сепгандек бўлди. Мухбир Эркин акага айтаман, муҳаррирнинг кўнглига яна бир марта қўл солсин, ҳали-вери ишга олишолмаса, шу чолга осилиб кўрарман, деб ўйладим.
Ҳарбий базадаги бош бухгалтеримиз Тамара опани ҳам, паспортида “рус” деб ёзилган бўлса-да, аслида яҳудий, дейишарди. Ўша опа менга қанча меҳрибонликлар қилди. Мана энди яна бир яҳудий қўлтиғимдан кўтармоқчи. Яҳудийлар мафияси жаҳондаги баъзи йирик-йирик мамлакатлар иқтисодиёти ва сиёсатида ҳал қилувчи қора кучга айлангани, Исроил давлати мусулмон қўшниларнинг тинчини бузиб туриш мақсадида атайлаб яратилгани хусусидаги қарашларни чуқур таҳлил қилишдан ожизман. Аммо яҳудий ҳақида ким нима деса десин-у, мендан сўрашса, ҳамма миллат вакилларига ўхшаб, буларнинг ҳам яхшиси бор, бемаъниси бор, деган бўлардим.
Темур ҳазратлари 1370 йили Балҳда бўлган қурултойда Туркистоннинг амири деб тан олинганидан сўнг, орадан роппа-роса олти юз йил ўтиб, 1970 йилда турмушимдаги энг қувончли, энг эсда қоларли воқеалардан бири юз берди – ўғил кўрдим, “ота” деган унвон олдим. Эшон бобомизнинг хотирасини эъзозлаб, биринчи фарзандимга Баҳром деб от қўйдим.
Сурат титкилашни болаликдан хуш кўраман. Дамодам албомни очаман, эски суратларга узоқ-узоқ тикиламан, абадий қотиб қолган кўзлардан маъно қидиришга тушаман. Дадамнинг нигоҳидаги маъно бошқаларникидан минг баравар кўпроқдек. Бу тийрак кўзларга бирдан дадил боқаман, ўзимча пичирлаб қўяман: “Ташвиш тортманг, дада. Ҳаммаси яхши бўлади…”

КИССАВУРНИНГ МАКТУБИ

Вайсақилар икки тоифага бўлинадир: бири – тентак, бири – жўрнолис.
КУЛКУЛ афанди

Баҳромбойнинг қадами қутлуғ келди, ўша йили хонадонимизга янги уй қўшилди, у туғилган октябр ойида колхоздагилар маошимни оширишди. Яна десангиз, 1971 йилнинг бошидаёқ туманимиздаги “Пахта учун” газетасига ишга чақирилиб, биринчи февралда адабий ходим лавозимига тайинландим. Эркин ака ўрнини менга бериб, ишдан бўшаб кетган бўлим мудирининг жойини эгаллаганди. Шу давргача босиб ўтган йўлимдаги турли-туман ишларни тиқиштириб ўтирмайин, Тангрим умр берса, пенсияга чиқишимда бундан буёнги меҳнат фаолиятимнинг ўзи етиб ортади деб, редакцияда янгитдан “Меҳнат дафтарчаси” очдирдим.
Воҳ! Шу баландмақом муассасада ишлаётганим, наҳотки, рост бўлса?! Бу ерга яқингинадаям оёғимнинг учида кириб келиб, ҳатто қоровули билан эгилиб сўрашардим. Мана, энди жигарранг полидан тортиб кўкиш деразаси ойналаригача чиннидек артилган, деворлари янги қордек оппоқ, пастдан шипгача бўй чўзган голланд газ-печи лакланган хиром этикнинг қўнжи мисол тим қора, эшиги қўшқанот бўлган хонадаги биққи стулда Худоёрхонга ўхшаб яп-ялпайиб ўтирибман.
Журналистиканинг “одми қолипи”га тушишим осон кечмади. Шоирчиликда гапнинг гажагини бураб, жумлаларга бадиий қалпоқ кийдириб ёзишга ўрганиб қолган эканман, қайсидир бригада аъзолари пахта топшириш планини туманда биринчилар қаторида бажарганлиги тўғрисидаги кичкинагина оддий хабарни ҳам қуюқ рангларга тўлдириб, фалон бригада Алпомишзодалари халқпарварликда тенги йўқ ҳукуматимизнинг табаррук топшириғини оҳудек илдам қадамлилар сафида шараф билан дўндиришга мушарраф бўлдилар, каби жимжимадор сўзларни қалаштириб ташлардим. Бўлим мудири буларни индамай таҳрир қилар, агар битганларим шундайича редактор ўринбосарининг қўлига бориб қолса, жайбиллоси қўзиб, шовқиндан хона деворларининг сувоғи кўчгудек бўларди. Дастлабки чоғларда танбеҳларни менсигим келмай, ўзлари чиройли ёзолмайди, уддалаганни кўролмайди, деб ранжиб юрган бўлсам, бора-бора эпақага келиб, икки-уч ойда шароитга деярли тўлиқ мослашдим.
Адабий ходим деган номни тузукроқ оқлаш учун олдин газетанинг тўртинчи бетида “Шанба саҳифаси” деган рукн ташкил этиб, устига ўзим суратли рамка чизиб бердим; сал ўтиб, редакция қошида адабий тўгарак очдим. Тўгаракда ойига икки марта машғулот ўтказиб турилар, қатновчилар сони йигирмадан ошиб қолган, улар орасида кейинчалик шоира сифатида кенг танила бориб, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган Энахон Сиддиқова (Эркабоева), Мақсуда Эргашевалар ҳам бор эди. “Шанба саҳифаси”да тўгаракчиларнинг шеър ва ҳикоячаларига биринчи навбатда ўрин бериларди.
Газетамиз ихлосмандларининг ошишига шу янгилик ҳам сабаб бўлдими, навбатдаги обуна мавсумидан кейин, тираж кескин ўсди. Кўп ўтмай, қўшни туман газеталаридаям шундай адабий саҳифалар пайдо бўла бошлади. Бу ҳол тепадагиларга ёқмай, вилоят Матбуот бошқармасида бўлган бир йиғилишда “хашакона шеърбозлик”лар қаттиқ танқид қилинибди, айниқса, бизнинг нашримиз устида алоҳида тўхталишибди, вилоятдаги номдор шоирлардан бири бу партия газетасими, адабиёт газетасими, дейишгача бориб етибди. Шундан кейин, бошқа газеталардаги адабий саҳифалар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Биз эсак, йўлдан тоймадик, газетани узоқ вақтдан бери бошқариб келаётган, каттаконлар орасида ҳурмати баланд бўлган редакторимиз Турсунали ака менга ўша мажлисдаги гапларни бамайлихотир айтиб, бундан кейин кўпроқ тарбиявий аҳамияти бор шеърлардан беринг, деб тайинлади холос.
Турсунали ака ўзи ҳам шеър, ҳажвиялар ёзиб турарди. Мен гоҳида русларнинг “Крокодил” журналидан ҳажвиялар таржима қилиб, “Шанба саҳифаси”да берсам, қаламингиз бор, шунақа нарсаларни ўзингиз тўқолмайсизми, дерди. Илгариям ҳажвия жанрида салгина машқ қилиб юрардим, астойдилроқ қўл урдим. Баъзан Турсунали ака бирор мавзуни шама қилиб қолса (кейинчалик, ҳатто, шама қилмаса ҳам), ҳажвия ёзиб, кўпинча иккаламизнинг номимиздан босардим.
Бир йилдан сўнг мени қишлоқ хўжалиги бўлими мудирлигига тайинлашган бўлса-да, “Шанба саҳифаси”ни чиқариш барибир зиммамда қолаверди. Матбуот бошқармасидаги танқидлардан кейин, муҳаррирнинг айтганини қилиб, дастлабки даврларда асосан замонани, меҳнат қаҳрамонларини улуғловчи шеърларни бериб бордик, тепадагилар қайтиб инжиқлик қилишмагач, гоҳ-гоҳ “ўткирроқ”ларини ҳам қўша бошладик.
У даврда оммавий ахборот воситалари устидан давлатнинг қатъий назорати ўрнатилган, нашриётлардаги китоблар, республика, вилоят газеталари, телерадио материаллари олдин цензурадан ўтказилиб, сўнг оммага тарқатиларди. Туман газеталарини эса, назоратчи кадрлар сони камроқ бўлса керак, чиқиб бўлганидан кейин, бир ойлигини тўпича текшириб, эътирозлар туғилса, редакторга маълум қилиб туришар, каттароқ хатога йўл қўйганларни партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашгача бориб етишарди.
Муҳарриримиз материалларнинг аксарият қисмини газета босиладиган кунда босмахона териб берган саҳифадан ўқирди. Ўқиб кўриб, бу нарсани айтиш тақиқланган, дея баъзи мақолаларнинг айрим жойларини ўчириб ташларди. Буларнинг ҳаммасини у қаердан биларкин, деб ҳайрон бўлардим, кейинчалик сирнинг тагига етдим. Турсунали аканинг тез-тез қон босими кўтарилиб турар, юраги ҳам касалга чалинган, ҳадеб даволанишга ётавермаса-да, ўзини камроқ уринтиришга астойдил ҳаракат қиларди. Гоҳида саҳифаларни менга бериб, буларга шунчаки кўз югуртириб чиқдим холос, сиз синчиклаброқ ўқинг, имло хатолар кетмасин, дерди. Ишни сидқидилдан бажарардим, имло хато камдан-кам ўтиб кетарди. Айрим мақолаларда мужмалроқ жумла учраса, муҳаррир билан маслаҳатлашиб, таҳрир қилардим.
Бир галги жумада, ишлар тугагач, Турсунали ака мени хонасига чақириб, буни бировга кўрсатиш мумкин бўлмаса ҳам, сизга ишониб беряпман, уйга олиб кетиб, шанба-бозор ичи яхшилаб ўқиб чиқинг, унда ёзилганларни бошқаларга гапириб юрманг, дея қўлимга юпқагина китобчани тутқазди. Бу – газета ишида нималарга алоҳида эътибор бериш лозимлиги ҳақида цензурачилар томонидан тайёрланган қўлланма экан. Ўқиб кўрдим: фалон-фалон йўналишдаги завод-фабрикалар ҳақида умуман оғиз очмаслик керак; фалон-фалон корхоналар ишини ёритса бўлади-ю, режалар ошириб бажарилаётганини мақташ билан чекланиб, қандай турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани айтилмасин; далага самолётларда кимёвий дори сочилаётганини ёзиш мумкин, самолётларнинг умумий миқдорини кўрсатиш, ҳатто фалон жойдаги эскадриляга қарашли дейиш мумкин эмас; аскарларни мақташга ижозат бор, улар қай ҳудудда жойлашган қисм ихтиёрида эканини маълум қилишга рухсат йўқ ва ҳоказо, ҳоказо.
Муҳаррирнинг нияти нималигини душанба куни китобчани қайтариб берганимдан кейин билдим.
— Кўриб юрибсиз, ора-сира бир-икки кун даволаниб туришимга тўғри келяпти, — деди у. – Ўринбосарим андак масъулиятсизроқ одам. Бундан кейин йўқлигимда саҳифаларни ўзингиз ўқиб, босишга ўзингиз рухсат берасиз. Манави ўқиган китобчангизда нимаики тақиқланган бўлса, бошқаларга тушунтириб ўтирмай, мақолалардан индамасдан ўчириб ташлайверасиз.
Муҳаррир ўринбосарининг кўнгли нозиклигини эслаб, мен турганда, саҳифага нега бу бола қўл қўяркан, деб Ёқуб ака хафа бўлмасмикин, десам, бир кўзингиз ожизлигини ўйлаб, сизни хатга кўп тикилтириб қийнагимиз келмаяпти, дейман-да, деб кулди муҳаррир. Шундан кейин муҳаррир ишга чиқолмаган кунлари саҳифаларни ўқиб, босишга мен рухсат берадиган бўлдим. Бундай эътибор, бундай ишончлардан жуда қувонардим, ўзимни босишга қанча уринмайин, секин-секин ҳаволаниб ҳам бораётгандим.
Ҳаётда оёққа туриб олдим деб юрганимда, эски ревматизмим қайта қўзиб, оёғим бирдан панд берди. Бир-икки кун уйда ётганимдан сўнг, касалхонага замбарда олиб кетишди. Бир ойча даволандим. Бу жараёнда бир ҳамшира жувончани севиброқ қолдим. У шеъриятни жуда яхши кўраркан, кечқурун навбатчилик қилса, шеърларимдан ўқиб берардим, кейин елкага елка тираб сирлашишга тушардик. Менга нисбатан меҳрибонлиги шу қадар ортиб бораётгандики, бемалол юра оладиган бўлганимда ҳам, ташқари шабадароқ, бод билан ҳазиллашиб бўлмайди, деб овқатимни ошхонадан олиб келиб берарди; уйдагилар, қариндошлар келтирган таомлар идишини ярқиратиб ювиб қўярди; кўпнинг назаридаги одамсиз, дея, касалхонага тегишли ички кийимларимни ҳар уч кунда алмаштиргизарди. Турмушидан кўнгли тўлмай юрган бўлса, мени ўзига оғдирмоқчимикан, десам, эридан нолиш тугул, нуқул унинг яхши томонларидан гапирарди.
Бир куни шоирга оиладош бўлиш ниҳоятда фахрли эканини айтиб, хотинингиз сизни бошида кўтариб юрса керак, а, деб сўради. Кўтаришга кўтармайди-ю, ўтқазишга жой тополмайди, деб ҳазиллашдим.
Шу жувон дардимни олдими, тез тузалдим. Ўзимни олдингидан ҳам тетикроқ ҳис қилаётгандим.

Сизсиз ёлғиз дарддошим,
Сирни гуллаб қўймайсиз.
Баландпарвоз сўз айтсам,
Девонага йўймайсиз.

Сизсиз ёлғиз ҳамдардим,
Бордир, афсус, эрингиз.
Садағага ўхшайди
Шафқатингиз, меҳрингиз. (1978)

Ишга қайтдим. Куним яна Ёқуб ака, Карим ака, Йигитали ака, Абдумалик ака, Эркин ака, Маҳмуд ака, Олимжон, Саломатхон, Нурхон, Насибахон, Зарифахон, радиочи Раҳмонали ака кабилар даврасида кеча бошлади.
Орзулай-орзулай, зўрға топган ишимни келгусида бехавотир давом эттириш учун Тошкентдаги университетнинг журналистика факултетига сиртдан бўлсаям ўқишга киришим зарур эди. Йўқса, қачондир дипломли журналистлар кўпайиб, менга ўхшаган “малакасиз”лар табиий равишда суриб чиқарилади. Шуни мулоҳазалаб, 1972 йилнинг ёзида Тошкентга бордим. Суриштириб билсам, сиртқи факултетга ҳужжат топширувчилар камида икки йил бирон редакцияда ишлаган бўлиши шарт экан. Орзуни кейинроққа суришга тўғри келди. Имкон туғилганидан фойдаланиб, менга ғойибона устозлик қилиб юрган Миразиз Аъзам билан учрашиш ниятида “Ғунча” журналига кирдим, ўзимни танитганимдан кейин, сизни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку, деб илиқ сўраша кетдилар. Бир папка шеърлар олиб борган эдим, икки-учтасини танлаб олишди.
Миразиз ака бу пайтда ёшларнинг “Ёш гвардия” нашриётига ўтиб ишлаётган экан, излаб бориб, у билан умримда биринчи бор юз кўришдим. Ишдан сўнг уйига олиб кетди, папкамдаги шеърларни бирма-бир кўздан кечириб, тузуккина тўплам бўлибди, менга қолса, шу йилиёқ босмахонага туширтирардим, лекин бизда ишлаб чиқариш режаси бир йил олдин тузилади, етмиш учинчи йилники аллақачон тасдиқлаб бўлинган, бу шеърларингизни етмиш тўртинчи йил режасига киритиб, китоб қиламиз, деди.
Мен ҳали илтимос қилиб улгурмасимдан айтилган бу гапдан сўнг ҳушимдан кетиб йиқилишимга оз қолди. Нима дейишни билолмаётгандим. Миразиз ака буни тушуниб, ўзининг самимий чеҳрасига ярашиқли чиройли табассум билан менга зимдан мулойим боқиб турарди.
— Энди “Обиджонов”ликдан қутулинг, -деди Миразиз ака. – Китобга нима деб ёзайлик? Анвар Обид дебми, Анвар Обиджон дебми?
— Билмадим, — дедим ҳануз ҳушимни йиғолмай. – Сиз нима десангиз, шу…
Қишлоққа қайтгач, бу хушхабарни ҳаяжонланганимча аямга айтсам, менга қўшилиб қувонган бўлди-ю, сўнг энтикиб туриб, китобга қанча пул тўлашаркан, сўрамадингми, деб оғзимга тикилди.
Китобимни чиқармоқчи бўлишяпти деган гапни ишхонадагиларга айтмадим. Бирор сабаб билан босилмай қолса, масхара бўласан.
Эҳ, қанийди, Ерни шапалоғимда глобусдек чирпиратиб айлантирсам-у, бир зумда 1974 йил келса-қолса! Лекин, буни Худонинг ўзи хоҳлаши керак, хоҳлайдиган бўлса, биргина У шундай қила олади.
Миразиз ака билан гоҳ хат ёзишиб, гоҳ телефонлашиб турдим. Унинг маслаҳатига кўра, 1973 йили яна Тошкентга бориб, тўпламни янги ёзган шеърларим, бахиллар футбол жамоаси, сотқин бароқ ҳақидаги эртаклар билан тўлдирдим. Бу гал ҳам устознинг хонадонида тунаб, онаси Ҳатира ойининг суҳбатини олдим, Сиддиқа келин опамиз пиширган мошкичирини ўғиллари Мирсодиқ, Мирвосил, Мираҳмадлар билан талашгудек бўлиб тановул қилдим.
Эртаси куни ҳайит эди. Миразиз ака мени барвақт уйғотди, қўлимга жойнамоз тутқазиб, Ҳастимом мачитига бошлаб борди. Намоз ўқишни билмасам-да, ҳамма эгилганда эгилиб, тикланганда тикланиб туравердим. Ортга қайтаётганимизда, коммунист одам бўлсангиз, бирортаси бошлиқларингизга айтиб қўйса, гап тегмайдими, десам, қандайдир айғоқчидан қўрқсам-у, Худодан қўрқмасам, шу тўғри бўладими, деб кулимсиради Миразиз ака. Эътиқодни кўринг! Юракнинг бутунлигини қаранг!
Ерни глобусдек шапатилаб тезлатолмаганимга қарамай, 1974 йил барибир зувиллаб етиб келди. Китобим йилнинг охирроғида чиқишини Миразиз ака университетга ҳужжат топширишга борганимда ҳам, имтиҳонлардан ўтиб, журналистликка кириб олганимда ҳам қайта-қайта айтган эса-да, китоб дўкони дуч келсаёқ ҳовлиқиб кириб бориб, токчалардаги адабиётларни жаланглаб кўздан кечиришга тушардим – шу қишлоқи бир қувонсин деб, меникини олдинроқ чиқариб юборишгандир, балки…
Керакли китобларни титкилашга, имтиҳонларга тайёргарлик кўришга деярли вақт тополмаганимга қарамай, ўқишга киришим жуда осон, жуда қизиқ кечди. Абдусалом ўртоғим билан ҳарбийда бирга хизмат қилган, тор ижара уйидан менга бир неча кунга жой ажратган ўшлик Аҳмаджон Мелибоев топширган ҳужжатларим папкасига 55 рақами қўйилганини эшитиб, ие, иш битибди-ку, бунақа бахтли рақам билан имтиҳонлардан ғириллаб ўтиб кетаверасиз, деб ҳазиллашгани чинга айланди. Биринчи имтиҳонга тонгги поезддан тушиб, зўрға улгуриб келганим, уйқусираб ўтирганим боис, синов бошланиши олдидан, одатга кўра, ишга киришаверайликми, ҳеч кимда муаммо йўқми, деб сўраганларида, мен қўл кўтариб:
— Тиқин вагонда яхши ухлаёлмай келганим учун мудраб ўтирибман, агар битта сигарет чекволишимга рухсат берсаларинг, бу иншони “беш”га ёзардим, — дедим.
Ёшроқ ўқитувчи менга эндигина дакки беришга тутинган эди, кекса профессор унинг сўзини бўлиб, ручкам яхши ёзмаяпти, сиёҳ опкелишни эсдан чиқарибман, деганларини эшитганман-у, бунақасини биринчи кўришим, бор, уни балконга олиб чиқ, чекса чекволсин, деб буюрди. Иккинчи қаватдаги аудиториянинг балконига ўқитувчи назоратида чиқиб, иккита сигаретни кетма-кет сўрдим, уйқум анча ёзилгандек бўлди.
Қайтиб киргач, яна мудроқ босишидан чўчиб, Ҳамзанинг мактабданоқ таниш бўлган “Бой ила хизматчи” пиесаси мавзуидаги иншони жадал ёзишга тушдим. Ҳаммадан эрта тугатиб, биринчилардан бўлиб ўқитувчиларга топширдим. Хонадан чиқиб кетганимдан сўнг кекса профессорда (кейинчалик бизга дарс бермагани, бошқа учратмаганим учун, унинг исмини билолмадим) қизиқиш туғилганми, қани, бу мақтанчоқнинг иншосини менга беринглар-чи, шу жойдаёқ кўриб қўяқолай, дебди. Газетадаги саҳифаларни ўқишда кўпинча корректор вазифасини ҳам ўзим бажариб юрганим мевасини бериб, кўп имло хато тополмабди, мазмунига ҳам ортиқча эътироз билдирмай, “тўрт” баҳо қўйибди. Якуний натижани кўрсак, икки юзтага яқин абитуриентлар орасида иншода мендан ташқари яна икки кишига “тўрт”, қирқтачасига “уч” қўйилибди, қолганлари “икки” баҳо билан “йиқитилибди”.
Грамматик атамаларни азалдан яхши тушунмасдим, “Ўзбек тили” имтиҳонида иншодаги “тўрт”нинг ҳурматидан зўрға “уч” қўйиб беришди. “Тарих” имтиҳонида ёлғон-яшиқни қўшиб ётиб, яна “тўрт” олдим.
Энг қалтиси – охирги имтиҳон бўлди. Ўқитувчи етишмаганидан тўққизинчи, ўнинчи синфларда чет тили ўтмаганимиз боис, “аттестат”га ҳам баҳо қўйилмаган, университет ректори номига чет тилидан мустақил сабоқ олганим ҳақида ариза ёзиб берганимдан кейингина университетга ҳужжат топширишимга ижозат этилганди. Қабул комиссиясидаги йигит ректор тасдиқлаган аризани папкамга тикаётиб, аризада “чет тилидан” дебсиз-у, қайси тилдан мустақил тайёрланганингизни аниқ ёзмабсиз-а, деганиди. Имтиҳон топширувчилардан бири француз, бири инглиз, бири немис, бири испан тили кафедраси эшиги олдида қаторлашиб турганини кўриб, менга қайси бири қулайроқлигини ўйлай бошладим. Чет тили ўқитувчилари топилишига қараб, олтинчи синфда француз, еттинчида немис, саккизинчида инглиз тилидан дарс олгандик. Шунисидан, ҳартугур, ўнгача санашни, беш-олтита сўзни ҳам биламан, деб “инглизлар”нинг ортидан навбатга турдим.
Кириб, имтиҳон билетини суғурдим-да, бир рус қизнинг ёнига бориб ўтирдим, инглизчадаги сўзларнинг таржимасини (“бувим бозорга борди, картошка, помидор, пиёз олди” кабиларни) билиб олиб, галим келишини кутдим. Чақиришгач, бориб ўтиришим биланоқ, эллик ёшлардаги кавказбашара аёл менга бир нималар деб мурожаат қилди; таваккалдан “раҳмат” десам, аёл ҳам, унинг ёнида ёрдамлашиб ўтирган ёшгина ўзбек қиз ҳам кулиб юборишди.
— Фамилиянгиз нима деб сўраяпти, — деди кулгисини ҳануз босиб улгурмаган ўзбек қиз.
— Обиджонов, — дедим дарров.
— Инглизчалаб айтинг, — дея жилмайди қиз.
Мен ҳайронланиб қараб, ўзбекчасигаям, инглизчасигаям Обиджонов-да, десам, иккаласи яна кулди. Аёлнинг кайфияти очилгани учунми, иккита “тўрт”и бор экан, майли, йигитни қийнамайлик, деб, “уч” қўйиб берди. Шу билан студент бўлдим-қолдим.
Бундан руҳим тоғ бўйи кўтарилди. Ўзим қишлоқдаги ташвишларга ботиб ётибман-у, энди имкон туғилди дегунча Тошкентга бориб, бирон-бир газета-журналда ишлашим ҳам мумкин, деган ўй бошимда тез-тез айланадиган бўлиб қолди.
Талабалик гаштидан роҳатланиш бошқа бир “катта воқеа”га уланиб кетди. Туман партия қўмитасининг биринчи котиби Холдор Зокиров негадир мени ёқтириб қолган, қаерда дуч келсак, қуюқ ҳол-аҳвол сўрай бошлар, баъзан мажлисларда ҳам менга мурожаат қилиб, Анваржон, манави бригадир жуда илғор, уни газетада бир мақтанглар, деб қўярди. Бир сафар ҳатто хонасига чақириб, оилангизда қандай камчиликлар бор, мендан нима ёрдам керак, деб сўради. Муаммолар шунчалик кўпки, ҳаммасини бирдан битириш қийин, энг зарурини ўйлаб олиб айтарман, десам, ўйланг, истаган пайтингизда тўғри олдимга кираверинг, деб марҳамат кўрсатганди.
Тошкент қишлоқ хўжалик институтини тугатгач, энди туман қишлоқ хўжалиги бошқармасида бош агроном бўлиб ишлаётган Абдусалом ошнамнинг эскидан эски “Газик” машинасида кечқурун далама-дала кезиб, сувчилар ишини текшириб юрсак, оқ “Волга” қоронғуликдан чиқиб келиб, олдимизда тўхтади, ундан тушган Зокиров мени кўриб, э қойил, мухбир дегани сизга ўхшаб кечани кеча демай ишласа-да, деб мақтай кетди. Журналистликка кириб олганимниям эшитган экан, қўлимни сиқиб табриклади. Кейин, сиздақалар партия сафида бўлиши шарт, индинига бюро ўтказамиз, редакторингизга айтинг, тезда ҳужжатларингизни тайёрласин, деди. Икки кундан сўнг компартия аъзолигига номзод этиб қабул қилиндим.
Ўша кезларда газетамиздаги “шеърбозлик”нинг тагига иккинчи бор сув кетишига озгина қолди. “Киссавурнинг порахўрга мактуби” деган бир назмий ҳангомача ёзгандим, у “Пахта учун”да босилганидан сўнг, ўн кунлар ўтиб, туман прокурори Шокиров мени ҳузурига чақиртирди. Хонасига кириб бориб, узун столнинг қуйироғидаги стулга ўтирган заҳотим, давара қилишни бошлади:
— Порахўр ҳақида шеър ёзибсиз… Бизнинг жамиятимизда ҳозир ҳам порахўр бораканми?
— Жиноят кодексида колхоз тузуми душмани бўлган “қулоқ”ларни жазоловчи модда йўқ, чунки улар бундан қирқ йил олдин тугатиб ташланган, — дея босиқлик билан жавоб қилдим мен. – Китобингизда порахўрларни жазолаш тўғрисидаги модда турган экан, демак улар ҳалиям бор.
— Масалан? Мисол келтиринг-чи… Келтира оласизми?
— Ҳар ким ўзининг ишини қилгани яхши. Менинг вазифам – ёзиш, сизнинг вазифангиз – топиш.
Прокурор кўзимга узоқ тикилиб қолди. Кейин, ўзини осойишта тутиб сўзлашга ўтди:
— Энди-и… порахўрниям даражаси бор-да, ука. Шеърингизни ўқиб кўрсам, сиз айтаётган порахўрнинг тагида учар машина, идорасида шахсий котиба. Суриштириб кўрдим, республика газеталаридаям у-бу нарсаларингиз чиқиб тураркан, ўсадиган кадр экансиз. Сал эҳтиёт бўлиш керак-да. Бу шамангиз Зокировгами, Маматхоновгами тегиб кетса-чи? Оқибати нима бўлишини тушунасизми?
Юқорида айтганимдек, Зокиров туман партия қўмитасининг биринчи котиби, Маматхонов эса, туман ижроия қўмитаси раиси эди. Уларнинг қаҳрига учрашдан чўчиб, аввалига бироз гангиб қолдим, сўнг тезда ўзимни ўнгладим.
— Буни яхши айтдингиз, — дедим ўзим рақибнинг думидан ушлашга тиришиб. – Бугуноқ Зокировнинг қабулига кириб, ундан кечирим сўрайман, прокурорнинг айтишича, порахўр тўғрисида ёзган шеърим сизга тегиб кетиши мумкинмиш, мен бундай бўлишини хаёлимгаям келтирмагандим, чунки сизнинг ҳалол одамлигингизни ҳаммамиз яхши биламиз, дейман.
Бу гапимни эшитиб, прокурорнинг бирдан ранги оқарди
— Унақамас-да, ука… Сизни авайламоқчи бўлсак… Э, қўйинг-э!
Мундоқ ўйлаб қараганда, булар қаттиқ қасдлашса, бошқа бир баҳона топиб, мени четга пирпиратиб ташлаши ҳеч гап эмасди. Шу боис, муросага келиб, майли, бундан кейин эҳтиётроқ бўламан, дедим. Прокурорнинг чеҳраси очилиб, дўстона насиҳатлар қилган бўлди, мени ташқарига кузатаётиб, яқинда бир мақола олиб кираман, шунинг уёқ-буёғини тузатиб, иккаламизнинг номимиздан чиқарарсиз, деб қўйди.
Кейинроқ, прокурорнинг мақоласини ҳам чиқариб бердим, “Порахўрнинг киссавурга жавоби” деган шеъримни ҳам эълон қилдим. Бу – сизлар билан журналист сифатида келишиб яшайман, лекин “чатоқроқ” шоирлигимдан воз кечолмайман, деганим эди. Менимча, буни тўғри тушунишди, бу гал ҳеч ким ҳеч нима демади.
Ўша палладан туриб қаралса, ўзим таваллуд топган қирқ еттинчи йилнинг тескариси бўлмиш етмиш тўртинчи йил мен учун жуда “серҳосил” келди. Ниҳоят, китобим ҳам чиқди. Уни кеч кузда, вилоят партия қўмитаси қошидаги малака ошириш курси тингловчилари билан бирга Марғилондаги “Атлас” фирмасини томоша қилишга бориб, орада китоб магазинига кирганимда, биринчи марта қўлимда ушлаб кўрдим; борини сотиб олиб, бир қисмини шерикларимга тарқатдим, бир қисмини уйга олиб кетдим.
Ишга қайтган кунимоқ редакциядагилар китобни ювишди. Ўшанда 12 мингдан зиёд нусхада чиқувчи “Пахта учун” газетасида туман миқёсидаги бу катта янгилик баралла овоза қилинди.

Югуравер, толиқма,
Энг муҳими – ҳовлиқма
Манзил яқин қолганда.

Шундай “ҳаёв-ҳаёв”лардан кейин ҳам ўзимни камтарроқ тутиб, катта-кичикнинг хизматига доим шай туришга, ижрочи ва итоаткор бўлиб кўринишга уринавердим. Олдингидан фарқи, энди руҳим баландлашиб, кимдир зуғум қилиб қолишидан безиллаш туйғуси кўнглимдан буткул ғойиб бўлган, қайсидир зўравон мени бу туманга сиғдирмаслиги мумкинлигидан қўрқадиган жойим қолмагандек эди. Сиғдиришмаса, бошқа жойга кетиб ҳам, бундан яхшироқ кун кўра оламан, деб ўйлардим.

ШЕЪР ЁЗДИРАДИГАН ҚИЗ

Илҳом келмаса, устиға от солдириб борғил.
Гулмат ШОШИЙ

Китобим чиққач, шоирликка кучлироқ берилдим. Ҳануз болалар ва катталар учун аралаш-қуралаш ёзардим. Ҳажвий ҳикояларга қўлим анча келиб қолганидан чуччам кўтарилиб, насрга ҳам кенгроқ кўламда қўл ура бошладим. Кулгилироқ бир қисса ёзиб кўрдим, кўнглимга ўтирмади. Уни четга суриб (бу асарчага кейин ҳам қайтиб қўл урмадим, ундаги баъзи эпизодлардан бошқа қиссаларимда фойдаландим), “Уйқудаги қотил” деган детектив қисса ёздим. Маслаҳат олиш учун муҳарриримизга берсам, ўқиб кўриб, тантилиги қўзиди-ю, газетамизда сонма-сон бера бошлади ( бу ҳам газетада чиққанича қолиб кетди, бирорта китобимга киритмадим). Кейин дилимда Аламазон исмли шарттаки бола ҳақидаги қувноқ қисса ғояси туғилди. Айрим парчаларни ўша маҳаллардаёқ қораламалаб қўйган эсам-да, ёзишни бошлаёлмай, миямда пишитиб юравердим.
Биринчи китобим бирорта танқидчининг назарига тушмаган бўлса ҳам (аслида, биринчи китобим ўта бўш эди, аскасияти ўсмирликда, илк йигитлик давримда матбуотда босилган ғўр шеърлардан иборат эди), барибир асосан болалар учун ёзаверишим керак, Миразиз ака айтганидек, шу жанрда кўзга чалиниш имкониятим кўпроқ, деб ўзимга йўл кўрсатардим. Қўлим бўшади дегунча, тўшакка чўзилиб ёзаверардим.
Болаларга аталган яхши китоблар камлиги, ўзбек болалар адабиёти катталарникидан анча орқадалиги, миллий адибларимизнинг кичкинтойларга аталган асарлари орасида Худойберди Тўхтабоевнинг “Сеҳрли қалпоқча”сигина кенг шуҳрат қозона олганини мунаққидлар кўп таъкидлашарди. Болалар шоирлари ичида Миразиз Аъзам янгича овози билан ажралиб бораётганини гоҳо андак шамалаб, Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўминларнинг болаларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматларини тез-тез дўмбиралаб туришарди. Миразиз Аъзамдан ташқари Қуддус Муҳаммадий шеърларини ёқтирардим. Унинг ўйноқи мисралари, бахшиёна сероҳанг қофиялари таъсирини дастлабки ижодимдан ора-сира сезиб олиш қийин эмас. Қисқаси, бу жанрда ичингни қайнатадиган китоб йўқ ҳисоби эди. Асосан катталар адабиётини ўқирдим.
Навоийга тишим ўтавермас, Машраб, Фурқат, Муқимий, Огаҳий, Маҳтумқули, Бобурларни кўп мутолаа қилардим, ўзбекчага ўгирилган шоирлардан Есенин, Гейне, Бёрнс назмини беҳад хуш кўрардим. Ўзимизнинг замонавий шоирларимизга келсак, “Коммунистлар гуллатмиш бу озод Осиёни”, “Осмондаги юлдузни санаб етоман дема, Ҳамроҳингман ёнингда, ташлаб кетоман дема”, “Бизларга устоз доно партия, Эрксевар халқнинг суянган тоғи”, “Осмондаги ойга қаранг, Кўринади кўзга аранг. Тўйингизга ўзим бориб, Ўйнаб берай қилмай таранг”, “Жон Москвам – пойтахтим, салом сенга Хоразмдан”, “Эй, улуғ партия, минг яша, яша” каби шеърлари қўшиққа айланиб кетган номи улуғ унсурларни четлаб ўтардим, адабиёт отбозорига уриниб-суриниб бош суқаётган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи каби “бошқачалар”нинг китобларини қидириб топиб, қаърига шўнғирдим. Бунақа пайтда, қаламим яна ўз-ўзидан катталар шеърияти томон бурилаверарди. “Бошқача” шоирларнинг баъзи сатрлари тагига яширинган ғалаёнларни кўпинча айрим зукко шеърхонлардан эшитибгина англаб етардим, шеъриятдан янгича олам кашф этаётгандим.
Катталар шеъриятида кун кўриш мураккаброқдек туюлар, бу “ўрмон”даги сон-саноқсиз, турли-туман “дарахт”лар орасидан бўй чўзиб чиқиш, кўзга ташланиш мушкулдан мушкуллигини англаб олиш кишидан катта ақл талаб қилмасди. Кўнглим эса, ақлимга қулоқ солавермасди, қаламимни ҳадеб катталар шеъриятига етаклайверарди. Катталар адабиётида торгина жой эгаллай олиш учун керакли омиллар етарлидек эди – тақдир тақозоси билан, ҳаётнинг кўп оғирликларини кўрдим, кўряпман; оддий кишиларнинг энг митти дардларигача менга боламдек таниш; миллат дегани нима эканини, “эрк” сўзининг салмоғи “мол-давлат”, “обрў-мартаба”, “шон”, ҳатто “жон”никидан минг-минг баравар ортиқлигини Тошкентдаги зиёлилар гурунгларида чуқургина ҳис этиб улгурдим…
Ҳа, Ватан эрки, миллий ғурур борасидаги тушунчаларнинг менга шу дамгача нотанишроқ бўлган уруғлари кўнглимга энди қалингина сепилиб, улар тобора гуркираб унаётган эди. Буларнинг ҳаммаси “Муштум” журналида босмачиларни мазахловчи уч-тўртта латифачаларим эълон қилинишидан бошланди. Миразиз Аъзам буларни ўқиган экан, бир гал Тошкентга борганимда олдига ўтиргизиб олиб, босмачиларнинг нимасини ёмон кўрасиз, деб ўқрайди. Бу – устознинг менга биринчи марта қўрс муомала қилиши эди, довдираб қолдим.
— “Босмачи” деган ҳақоратомуз номни қизил болшевиклар атайлаб тўқиб чиқарган, — деб куйканди у. – Аслида улар юртимизни келгиндиларга бермаймиз, ўзбекни қулдорларга қарам қилиб қўймаймиз, деб жонини аямай курашган ботирлар, миллатимизнинг энг ориятли кишилари.
Миразиз ака, шу тариқа, мени эзаверди, эзаверди, қанийди, бирданига ер ёрилса-ю, оёғим осмондан бўлганича тубига ағнаб тушсам. Юрагим увишиб бораётганди. Бунақа ишни сотқинлар қилади, деворди-я устоз, энди алоқани чирт узиб, бетимга буткул қарамай қўйса-чи?
Кейинроқ Ўктам аканинг уйида Миразиз ака, Маҳкам Маҳмудов, Тоҳир Малик сингари адиблар иштирокидаги ошхўрликда ҳам миллат ғурури, миллий орият мавзуси давом эттирилди. Бири грузинлар ўз юртидаги “катта оға”ларни умуман менсимаслиги, уларни асосан “қора иш”ларга ёллашидан сўзласа, бошқаси Болтиқбўйи республикаларидаги ерли аҳоли совет ҳукуматини ҳалиям очиқчасига “оккупант” дейишдан қўрқмаслигини ҳайратланиб ҳикоя қиларди. Гап орасида кимдир “бу оққулоқлардан қачон қутуларкинмиз”, деди-ю, баҳс қизиб кетди:
— Умидимиз – биттагина Америкадан. СССРни йиқитса, шу Америка йиқита олади холос.
— Олдин ўзининг негрларига эрк берсин Американгиз.
— Тўғри, негрлар масаласи уларда энг оғриқли масала. Аммо Американи яқиндан биладиган бир таниш сиёсатдоннинг айтишича, негрлар шунчалик тиккабосар, бетартиб эмишки, уларга тўлиқ эрк берилса, оқтанлилар маданиятини тепалаб юбориши ҳеч гап эмасмиш.
— Бу – оқтанлилар тўқиган ваҳима. Улар негрларни юз йиллаб миниб келди, яна миниб юрмоқчи.
— Бошқа ёқдан қарасак, кичкина миллатмиз. Ўрис кетса, бизни барибир ё Хитой босиб олади, ё ўша Американинг ўзи. Жуда омадимиз келса, хом ашёларимизни қайсидир зўрга арзонгина сотиб, бир нав жон сақлашимиз мумкин.
— Масалан, мен эркин юртда хор-зор бўлиб яшашгаям розиман…
Дамодам ўйланиб қолардим. Агар руслар кетиб, бизни барибир каттароқ бир давлат босиб оладиган бўлса, нима ўзгаради? Улардан қайси бири инсофлироқ? Ё у, ё бу зўравоннинг оёғи остида яшашга маҳкум эсак, қай бири “ўзимизбоп”роқ бўлсайкин?
Буларга жавоб тополмасдим. Фақат, мутойибасимон бир ўй бошимда лип этиб ёниб-ўчарди – ҳартугур, ўрисча гаплашишни биламан…
Шу тариқа, бир қатор шеърларимда исёнкорлик, эрксеварлик, миллатпарварлик учқунлари яллиғланиб, алангага айланиб бораверди. Улардан айримлари марказий нашрларда ҳам кўрина бошлади. Бош муҳаррир Асқад Мухторнинг муруввати билан, ўшанда киоскалардан сотиб олиш тугул, миқдори чеклаб қўйилгани туфайли ҳатто обуна бўлиш мушкул ҳисобланмиш довруқли “Гулистон” журналида босилган “Мартин Иден” сарлавҳали шеърим кўпчиликнинг эътиборини тортди, биринчи ўринда Миразиз ака мени телефон орқали табриклаб, астойдил мақтаганидан бошим осмонга етди.
Кейинроқ Тошкентга курс имтиҳонларини топширишга бориб, қайтишда Асқад Мухторга ҳам раҳмат айтиб чиқаётганимда, шу журналда ишловчи қалами ширин шоир Абдулла Шер мени тўхтатиб, Рауф Парфи “Мартин Иден”ингизни ўқиган экан, бу йигит ким деб суриштириб, келса, менга албатта учраштиринг деган эди, дея Рауф акага қўнғироқ қилди. Келгач, учаламиз шеърни ювиш учун кўпқаватли “Журналлар корпуси”нинг соатдор биносидан тушиб, КГБ идораси қаршисидаги чучварахонага бордик. Ўқиш давомида бор пулимни харжлаб, йўлкирадан салгина ошадигани қолганди, битта арақ, бир нонкосадаги музқаймоқни олишга зўрға кучим етди. Арақни ичамиз, музқаймоқни навбати билан ялаймиз, арақни ҳўплаймиз, яна музқаймоққа ёпишамиз. Тураётганимизда, тили аччиқлиги билан алоҳида ном қозонган Рауф Парфи лоҳасланиб қорин силаркан, шунча арақ ичиб юриб, бунақа хор бўлмаган эдим, дея гулдираб кулди.
Катталарга аталган шеърларимнинг талайи севги мавзусида эди. Буларда нимадир етишмаётганга ўхшайверарди. Ўйлаб-ўйлаб кўрсам, мени мактабларда, қисман техникум ва ҳарбийда куйдириб юрган нозанинларим энди йўқ; гоҳ томорқада бодринг чопаётган, гоҳ букчайиб кир юваётган, гоҳ даладан юлиб келган ўтларини ҳансираб офтобга ёяётган, гоҳ молга терит қораётган, салга жиззакиланувчи, янгироқ рўмоли йўқлигини ҳам фожиага айлантирувчи хотинингга тикилиб эса, кесатибми, ҳазиллашибми, ачинибми уч-тўртта шеър ёзиш мумкиндир, аммо у ҳақда ичикиб-ичикиб хаёл суролмайсан, тинимсиз ўртанолмайсан, ёниқиб тўлғанолмайсан.
Ҳа, аллақачон пайқаб улгурганингиздек, юрагимни бетўхтов жазиллатиб турувчи битта хушбичимроқ, ўжарроқ “севикли ёр” камлик қилаётганди менга. Бунақаси ҳадеганда олдимдан чиқавермади. Дуч келавермагач, камтарликка ўтиб, уни ўзим қидиришга тушдим. Босмахонамизда боши очиқ қизлар кўп эди, яқинроқда бўла қолсин деб, “объект”ни шуларнинг орасидан излаб юрганимда, бирдан редакциямизнинг ўзида ишловчи саноқли қизлардан бири лоп этиб саҳнага чиқди. Бир куни у писмайиб туриб, хотинингизни яхши кўрасизми, деб савол берди.
— Кўрмай-танимай уйланганман-у, барибир ёмонмас, — дедим.
Қизи тушмагур яна сўроққа тутди:
— Шеър ўқишни ёқтирадими?
— Шеърни гапирасиз-а, — деб кулдим мен. – Ўзининг отини зўрға хатосиз ёза олади боёқиш.
— Мен шеъриятни жуда яхши кўраман, — деди қиз. – Дафтарларингизни бериб туролмайсизми? Босилмаган шеърларингизни шунақаям ўқигим келадики!
Ана-а, бор экан-ку! Туйқусдан қўлга тушди шўринг қурғур! Қидириб топишимни кутмасдан, мени ялинтириб-нетмасдан, ўзи чангалимга қўниб ўтирибди-я! Ҳе, сабрсиз! Ҳе, лодон! Нима бўлгандаям, энди мендан қутулиб бўпсан! Шу пайтнинг ўзидаёқ сенга дабдабали ном берганим бўлсин – “Севгилим”! Гап тамом!

Бошинг эгик,
Сўник нигоҳинг,
Портлагудек қалбингдан оҳинг.
Остонадан ўтдинг паришон,
Мени излаб келдингми, жонон?

Ўзинг келдинг – нур устига нур,
Менда қайдан пайдо бу ғурур?
Келмасанг-ку
Борардим излаб,
Ялинардим, сўзлардим сизлаб.
(1972)

Ишни пайсалга солмадим, кейинги йилларда тўлдирилган шеърий дафтарларимдан бирини эртасигаёқ олиб келиб, Севгилимнинг қўлига тутқаздим. Дафтарни уч-тўрт кун ўтиб қайтаргач, тушликдан сўнг ҳовлидаги фонтанчали ҳовузча ёқасига қўйилган боғкурсида ўтириб, олган таассуротларини ўртоқлашдик. Сатрларимдан анчагинасини, баъзи шеърларимни тўлиғича ёдаки айтганидан бир қувонсам, булар аллақачон китоб бўлиши керак эди, зўр китоб бўлади, деганидан икки қувондим. Кейин аста-секин “интим” гапларга ўтдик, мен турмушдаги бир хилликлардан жуда зерикиб бораётганимни айтдим, у эса, бу олди-юлди ҳаётда кунлари мазмунсиз кечаётгани, уйидагилар оила қуришга қанча қисташмасин, лоақал салгина дидлироқ йигитни учратолмаётганидан нолиди.
Ана энди шеър ёзишми! Семиз-семиз “умумдафтар”ларни баъзан икки ой ўтиб-ўтмай тўлдириб ташлайман, ичимдаги Ғалати ойсанамнинг қитиққўзар дугонасига айланаётган Севгилим уларни бир бошдан олиб ўқийверади, мени мақтайверади, ўзининг қиёфаси, қилиқлари бўртиб турувчи шеърлардан гап очиб, булар кимга аталган, дея сирли жилмаяди. Ишдан қайтгач, тунлари танамда ҳузурли титроқ ўрмалаб ўйлайман: ҳозир Севгилим шеърларимни ёниб-ёниб ўқиётгандир, ўзига очиқ шама қилинган жойлари учраса, балки юраги оқишни бошлагандир. Йиғлаётган бўлса, янаям яхши…
Гоҳо кўриб чиқиладиган хатлар, таҳрир қилиниши керак бўлган мақолалар кўпайиб кетгани учун шанба куни ҳам редакцияда ишламоқчилигимни айтиб, вақтингиз бўлса, сиз ҳам келинг, дердим. Келарди. Озгина ишлаган бўлардим, сўнг яна дардлашишга тушардик. У оиладаги ёки ҳаётдаги бирор ноҳақликдан ўкиниб, кўзига ёш олса, юрак-юракдан ачинганимча, таскин беришга уринардим. Баъзида елкасидан қучиб юпатгим келарди-ю, тезда ўзимни ўнглаб, ниятимдан қайтардим.
Олдин елкасидан қучасан, кейин белидан, кейин ўпишишлар бошланади. Бунақада унинг оғушига ташналик, мурувватидан бенасиблик изтироблари қаёқда қолади? Истаган вақтингда бемалол қучоқлаб юришга ҳаддинг сиғадиган қиз ҳақида ловуллаб-ловуллаб шеър ёзиб бўларканми? Аслида, бу қизнинг эси кўпроқ бўлса, таклифимга “қани, кўрамиз” деб қўйиб, бу учрашувга умуман келмасди. Шунда, унинг оқибатсизлигидан баттар алангаланардим, бор оҳ-воҳларимни қоғозга тўксам, шеърмисан шеър бўларди. Агар мендан бутунлай аразлаб, бошқа йигит билан очиқ-ойдин учраша бошласа, бундан зўри йўқ, инқиллаганимча қаламга ёпишиб, дафтардан умуман бош кўтармай қўйишим ҳеч гапмас. Ана ўшанда кўрасиз қанақа шоирлигимни!
Севгилим анча бўшанглик қилиб, ичимдаги бор туғённи ҳануз тўлиқ юзага чиқаролмаётганди. Минг афсуски, буни қизга айтиб йўл кўрсатолмайсан, ушбу севгибозлик жараёнида ҳиссий жумбушлардан кўра шоир манфаати устунроқлиги фош бўлса, сендан совийди, илҳом булоғининг томчилиб турган сувидан ҳам қуруқ қоласан.
Ёши каттароқ машинкачимиз бўларди, унинг эри негадир мендан ҳадиксираб, изимдан пойлагани пойлаган эди. Буни сезиб юрган Севгилим, шамол бўлмаса, теракнинг учи қимирламайди, бу аёлдан узоқроқ юринг, деб бир куни мени тергаб қолди. Табелчилигимда рус тилидан дарс бериш учун Украинадан икки йиллик мажбурий йўлланма орқали қишлоғимизга келган, мен билан қалинлашиб кетган Толикнинг турмуш ўртоғига хотиним рашк қилаверганидек, энди редакциямиз ёнидаги пионерлар уйида мусиқа тўгарагини бошқарувчи Женянинг ёнимга тез-тез кириб турувчи хотини Людани ҳам Севгилим хуш кўрмай қаршиларди. Бундай пайтларда, қизғанаётганини пайқаб, ҳузурланиб кетардим.
Туман газетасидаги салкам етти йиллик фаолиятим даврида шоирчилигимда кескин ўзгаришлар кузатилаётган эса-да, оиламиздаги аҳвол ҳалиям ўша-ўша эди. Аям тикув машинасини туну кун ғалдиратиб, чеварчиликдан пул топишда давом этар, бу тушум ёнига менинг ва ҳарбийдан сўнг ўрта маълумоти билан мактабда жисмоний тарбиядан дарс бераётган Акрам укамнинг маоши, аскарликдан қайтибоқ четга сабзавот олиб чиқиб сотишни ўрганган Тоҳир укамнинг орттиргани қўшилиб ҳам, тирикчилигимиз барибир яхши томонга ўзгармаётганди. Айниқса, Акрам укамни уйлантиришдаги харажатлар эндигина тикланаётган тирикчилигимиз қўрғончасини қайтадан нуратгандек эди.
Баҳромнинг ёнига энди Баҳодир ва Бобур ўғилларим келиб қўшилган, Акрам укамда ҳам бирин-кетин фарзандлар пайдо бўлаётган бу тиқин-тўполон хонадоннинг бурчак-бурчакларига биқиниб бўлса-да ижод қилишдан кўра, камхарж рўзғорда қалашиб ётган икир-чикирларга ҳадеб қоқинавериш мени кўпроқ толиқтираётганди.

* * *

Леонид Брежнев йигирма йилда коммунизм қуришни ваъда қилган хомхаёл Никита Хрушчёвдан ҳокимиятни юлиб олиб, коммунистик ғояни бутун дунё ишчи-деҳқонлари кўнглига чуқурроқ сингдиришга берилиб кетган даврларда партияга ҳақиқий аъзоликка ўтиб, “ишончли зотлар” сафига суқулиб улгурган мен шилдирвоқини Севгилим билан бўлган муносабатларнинг бир кунмас бир куни қалтис нуқтага етувими ёки тумандаги айрим ахлоқи нотўкис “гражданка”лар билан гоҳо пана-панада шивирлашиб туришимми тугалай бадном қилиши мумкиндек туюлар, буни ўйласам, юрагим нотинч тепарди. Хайриятки, ишдан кетишимга тамоман бўлак нарса, обрўйимга қаттиқ рахна солмайдиган бошқа бир воқеа сабабчи бўлди.
Бунгача муҳаррирнинг менга бўлган муносабати ҳар доимгидек илиққина эди. Ўзбекистон милицияси ташкил топганининг қирқ йиллиги шарафига 1975 йили ўтказилган республика конкурсида пул ишлаб олиш умиди билан атайлаб ёзган “Милиция солдатлари ўлмайдилар” деган достоним Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, Эътибор Охунованинг қандайдир асаридан сўнг учинчи ўринни олганидан қувониб, мени ҳаммага мақтаб юрганди. Достонни газетадаям босганди. Ўсишимни истаган бўлса керак, КГБнинг оммавий ахборот воситаларини назорат этувчи бўлимидаги танишлари ўзларига мақбул кадр излаётганини айтиб ундан маслаҳат сўрашгани, бу соҳада ишлашни истаганлар қандай фазилатларга эга бўлмоғи лозимлиги ҳақида ора-сира гап очиб турадиган, чамаси, бунга аввало ўзим хоҳиш билдириб, илтимос қилишимни кутаётган эди.
Мен буни тушунмаганга олиб юравердим. Очиғини айтсам, бу соҳада маошлар мўл, имтиёзлар катталигини билиб, ўтиб ишлашга кўнглим мойил эди-ю, мени шу ерга жойлаб қўйишини сўраб ҳозир муҳаррирга элансам-у, наригиларга бирор томоним маъқул келмай эътироз билдиришса, юзим шувит бўлишидан чўчир эдим. Агар ўшанда ушбу идоранинг бирорта каттароғи мени ҳузурига чақириб, бизга сиздек фидойи йигитлар керак, сафимизга ўтинг, деса, оиламиз нуфузини тезроқ кўтариш йўлида бор орзуларимни қурбон қилиб бўлса-да, индамасдан ўтган, кейинчалик онгимда қандай ўзгаришлар юз бермасин, барибир қасамимга содиқ қолиб, умримнинг охиригача уларнинг чизган чизиғидан чиқмай ишлашим аниқ эди. Инчунин, феълим шунақа: қасамни-ку қўятуринг, ҳатто ўз боласига жиддий тарзда берилган ваъданиям бузолмайдиган нусхаларданман.
Муҳаррир гапимни иложи борича ерда қолдирмасди. Ёшлар номидан қилган илтимосим билан бизга аввал стол тенниси, сўнг биллиард столи олиб берди. Қишда ҳам ўйнашимиз учун алоҳида спорт залчаси қурдирди. Гоҳ Шоҳимардон, гоҳ Арслонбоб, гоҳ Йигитпиримга саёҳат уюштирилса, ғазначиликни битта менга ишонарди. Тўнғич ўғлини журналистликка ўқишга киритишда яна меҳрибонлиги тутиб, орада шеърларингизни редакцияларга тарқатиб келарсиз, дея мени Тошкентга эргаштириб кетди. Кўпинча йиғинларга мени ё бирга олиб борарди, ё машинасида ўзимни юборарди. Баъзан соғлиғимдан ташвишланиб, иш кетаверади, курортгами, санаториягами бориб дам олишни ўрганинг, деб қистар, шу туртки боис бир гал Бологоедаги туристик базага йўлланма олиб, баҳонада ҳарбийда орттирган эски қадрдонларимни йўқлаб келгандим.
Қисқаси, муҳаррир менга аёвли муносабатда эди, у билан ака-укадек бўлиб бораётгандик. Кейин… орамиз бирдан бузилди…
Шафоат аммамизнинг ўғли Машраб тимсоҳсимон Россиянинг думи бўлмиш Камчаткага тез-тез қатнаб турар, у ердаги базаларга жўнатилувчи мева-сабзавотни Фарғона тайёрлов идораси вакили сифатида топшириб қайтарди. Вагонлардаги давлат юклари орасига ўзиникини ҳам озгина тиқиштириб, уларни “бозор учарлари”га қиммат нархда кўтарасича бериб юборишдан, базадагилар билан келишиб, топширилаётган маҳсулотнинг бир қисмини ириди-чиридига чиқариб юборишдан катта пул ишлаб олар эди. 1976 йилнинг кузида бир ойлик таътилга чиққан кунларим у уйимизда меҳмон бўлиб ўтириб, ишга қайтгунингча мен билан Камчаткага бориб келсанг-чи, вагондаги юкларни кузатиб борувчи қилиб расмийлаштирсам, бир ёқдан – яхшигина ҳақ тўлашади, иккинчи ёқдан – кўрган фойдамиздан улуш оласан, деб қолди. Суюнганимча кўндим.
Кўнибман-у, бу ишлар қанчага чўзилишини суриштириб кўрмабман. Вагонларга бир ҳафта пиёз урдик, жўнатдик. Ўзимиз ўн кундан кейингина учоққа ўтириб, Владивосток шаҳрига бориб қўндик. Борсак, вагонларимиз эндигина етиб келган экан, пиёзлар портга туширилиб, юк кемасига жойлангач, тўрт кун денгизда сузиб, Камчаткага йўл олдик. Пиёзларни у ердаги базага топширишга ҳам ўн кунча вақт кетди.
Савдогарчилик баҳонасида, сира ёддан чиқмайдиган қанча-қанча тааассуротга эга бўлдим: умримда биринчи бор кемага ўтириб, денгизда суздим; дунёда коряк деган миллат борлигини билдим, уларнинг асосан дудланган гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари тановул қилиб кечираётган ҳаёти, ўзбекнинг тасаввурига сиғмайдиган даражадаги жайдари турмуш тарзи билан танишдим; биз томонда пиёладан кичикроқ идишчадагиси фалон пул турадиган балиқ увилдириқлари бу ерда оёқости бўлиб ётгани, бир шиша араққа уч литрли банкадагисини олиш мумкинлигидан донг қотдим; чиройи касал кўзни ҳам даволовчи ўрмонлар аро чўзилган ўркач-ўркач йўллар, қайноқ сувлари булутдек буғланиб, булоқлари кўпчиб-кўпчиб отилиб турувчи вулқонли тоғлар дилимни ўзига буткул ром этиб бораверди. Совуқ авжига чиққанига қарамай, озгина бўш вақт топилса, портдаги катерлардан бирортасини ёллаб, денгизда сузганим сузган эди.
Машрабнинг икки поччаси – Абдуваҳоб ака ва Абдуқодир, маҳалладоши Ҳомиджон бизга шерик эди, кўрилган фойда ўртада тақсимланиши биланоқ, уч киши тўғри уйига жўнади. Машраб иккимиз учоқда яна Владивостокка қайтдик. Ҳарбийдаги Аваз укам шу шаҳардан олисроқдаги Олга деган бухтада хизмат қиларди, уни йўқлаб бориб, командирлари билан биргаликда уч кун айш-ишратга берилдик. Шу асно, салкам икки ойда ишхонамга кириб келдим.
Кириб борсам, муҳаррирнинг қовоғидан қор ёққан, ўринбосари шовқин кўтарган, ходимларнинг сўрашиб-кўришишида ҳам қандайдир ноқулайлик. Жуда узоқда эдим, аҳволни телефонда тушунтиришга, таътилимни ўз ҳисобимдан чўзиб туринглар дейишга имконим бўлмади, деган гапларимни раҳбарият ҳатто эшитгиси келмаётганди.
— Баъзилар сизни ишдан ҳайдашни таклиф қилишди, — деди муҳаррир. – Очиғи, ўзимнинг ҳам фикрим шу эди, лекин кўнглим бўлмади, майли, ҳозирча лавозимини пастлатиб, адабий ходимликка тушириб турайлик-чи, дедим. Одам деганиям шунақа масъулиятсиз бўладими?! Э-э…
Оҳиста бош қимирлатиб қўйиб, хонадан индамай чиқиб кетдим. Редакция ҳовлисидаги боғда ўйланганимча анча кезиб юрдим, кейин кўчага чиқиб бориб, уйгача пиёда кетдим, деярли тун бўйи хаёл сурдим, бир қарорга келдим-у, юрагимдаги сиқилиш сал камайгандек бўлди.
Гоҳ ярим кечагача ишлатишди, гоҳ дам олиш кунларидаям ишлатишди, гоҳ ойлик таътилимнинг бир ҳафтаси ўтмасиданоқ қайта чақириб олиб ишлатишди, бирор марта “вой жоним-а” демадим. Юриб-юриб, ишга уч ҳафта кечикибман-у, бунинг оқибатида редакция ёниб кетган тақдирдаям, ҳа энди бир бўлди-да, олдин келсин, сабабини суриштирайлик, демай, орқаворатдан лойга чайишгани нимаси? Тўғри, айбдорман, аммо шу айбимни хаспўслашга бемалол етиб-ортадиган хизматларим ҳам бор-ку! Тамом – бу ер менга тўғри келмади!
Эртасига муҳаррирнинг олдига сокин кайфиятда кириб бориб, ўз хоҳишим билан ишдан бўшатишларини сўраб ёзган аризамни қўлига тутқаздим. Унинг бирдан авзойи бузилди, э, қанақа одамсиз, шунга шунчами, деб аризамни йиртиб ташлади.
— Чиқинг, ишланг! – деб пўписалади у. – Тоқат қиптуринг-чи, амал керак бўлса, яна қайтариб берармиз!
Хонадан чиқиб, аризани бошқатдан ёздим-да, уни бу гал ўринбосарга топшириб, гап битта, энди бу ерда ишламайман, дедим. Бу нарсани мен эмас, муҳаррир ҳал қилади, дея у мени ўтирган жойида совуқ кузатиб қолди.
Шу тариқа, 1976 йилнинг ноябрида ишсиз қолдим. Аямга ёлғон гапирдим, ишдан ўзим аразлаб бўшадим, десам қаттиқ жаҳли чиқишидан чўчиб, мени ҳайдашди, дедим. Тергамади. Раҳми келди.

Ўтар юзлаб хоқонлар,
Чиқар минглаб фармонлар,
Она меҳри ўзгармас!

Ишдан хўрланиб ҳайдалганимга ўша кунлари, негадир, ўзимни ҳам ишонтиргим келаверди. Бундан қанча ғазаблансам, кучимга шунча куч қўшилаётгандек, қадримга етмаганларга тезроқ ўзимни кўрсатиб қўйишга бўлган иштиёқим тошқинланиб, турмушнинг қандайдир янгича поғонасига бўлган интилувим ошаётгандек эди. Бу ғалати ҳолат сабабини орадан неча йиллар ўтиб англадим. Ўшанда шундай қилишим зарурати туғилган экан: Тошкентга бориб ижодимга кенгроқ йўл очишни тез-тез орзулаб турсам-да, аямни бунга кўндиришим амримаҳол эканини билиб, зўрға чидаб яшаётгандим, энди кутилмаганда қулай вазият туғилди, бундан фойдаланиб қолиш учун воқеани уйдагиларга бўрттириб кўрсатишим керак, токи бош олиб кетишдан бошқа иложим қолмаганига иқрор бўлишсин. Бу қишлоқдан шунақа қилиб қочмасам, қутулишнинг бошқа йўли йўқ. Кетмасам, бу баракасиз муҳитда ўлгунчаям овим юришмайди, “ов”нинг энг гавжум жойига бориш учун эса “аслаҳалар”им етарли. Ана, Миразиз Аъзам охирги дафтарларимдаги шеърларни ўқиб кўриб, агар ихтиёр менда бўлса, болаларга аталганларини ҳозироқ китоб қилиб чиқарардим, булар тамоман янгича нарсалар, деб турибди. “Гулистон”даги, “Ғунча”даги, “Муштум”даги танишлар ҳам жон куйдириб, имкон бўлса, пойтахтга келинг, қишлоқда юриб назарга тушиш қийин, дейишгани дейишган.
Хуллас, Тошкентга кетишга кўпдан баҳона излаб юрардим. Мана, ниҳоят катта баҳона топилди…
Ўзингни ноҳақликка учраган муштипарга солгин-да, пойтахтга ғизилла. Дангал жўнайверсанг-чи, ландавур!

ПОЙТАХТГА ЮРИШ

Ваҳ! Йўқ этикка ишониб, чориғингни итқитдингми?
КУЛКУЛ афанди

Кейинчалик “Ялтироқ тугма” асаримда битганимдек, барча ақли расо саркардалар каби забткорликни буғдой ўримида бошламай, Қўқонни қаҳратонда қамалга олган Бухоро амири Насруллога ўхшаб, юриш қилишга туруп пишиғида киришдим. Камчатка сафари чоғида, Машраб ошнамнинг маслаҳати билан, биз томонда камёб бўлган бахмал матодан икки тўпини почта орқали уйга жўнатгандим, шундан қолган фойданинг ўзи аямни қониқтиргани учун, топган мўмайроқ пулимнинг кўпроғини ўзимда олиб қолгандим, шу маблағнинг ҳовури билан пойтахтга тетик кайфиятда келдим.
Бирон ишга кириш учун энг аввало паспортимни Тошкентга қўнимдор (прописка) қилишим шарт эди. Масаланинг энг қийини шу бўлиб, у замонда ўзбекларнинг вилоятлардан, айниқса қишлоқлардан “қочиб келиб”, ҳузурижон пойтахтда тирбандланишининг барча йўллари тўсиб ташланган, бу масалада фақат икки тоифага катта имтиёз бор эди: бири – четдан ишга чақириб олинган керакли мутахассислар, иккинчиси – Россияда хутор системасини тугатишга қаратилган ҳукумат қароридан сўнг, рус қишлоқларидан тўп-тўпича оқиб келаётган сариқсочлар. Шу “қалтис масала”нинг кетидан бир ойча югурдик, баъзи амалдорларни ўртага солдик, пора таклиф қилдик, барибир ишимиз битмади. Охири Ўктам аканинг Тошкент вилоятига қарашли Янгибозор шаҳарчасида яшовчи ошпаз таниши Тўхтасин ака хонадонига бир амаллаб қўнимдор қилиндим.
Сўнг иш қидиришлар бошланди. Эндиликда Ғафур Ғулом нашриётида муҳаррирлик қилаётган Миразиз ака олдин ўзи ишлаган “Ёш гвардия” нашриётидан менга бирор ковакча топилишига аминдек эди. Лекин, бош муҳаррирга учраб, сизларда корректорлик лавозимида битта бўш ўрин бор экан, шу нашриётда китоби чиққан бир йигитни ўша жойга олсаларинг-чи, деса, бизга шоир эмас, малакали корректор керак, деб жавоб қилибди. Директорга кирса, ўзи нашриётимизнинг қоровулигача шоир бўлиб ётибди, дея қўлини силтабди. Гоҳ Миразиз акага, гоҳ Ўктам акага, гоҳ Маҳкам Маҳмудовга эргашиб мен бош суқмаган нашриёт, газета-журнал қолмади. Ҳамма жойда икки хил жавобдан бири: “Ҳе, аттанг, паспорт пропискаси Тошкент вилоятида экан, Тошкент шаҳрида яшовчиларгина ишга олинсин деган кўрсатма бор”, ёки “Ҳозирча бўш ўрин йўқ!”
Миразиз ака бир куни мени Ёзувчилар уюшмасига бошлаб бориб, Ҳаким Назирга таништирди, кейин эса, болалар адабиётининг йўғонбилак югандорига айланиб турган Пўлат Мўминга йўлиқтирди, олдин таърифимни келтириб, ишга жойлашишимга кўмаклашишини сўради. Ўта дабдабали тарзда дастхат битилган китобчамни олаётиб, бир ўйлаб кўрармиз, дейишди-ю, ўйлаб юришлари жуда узоққа чўзилди. Балки, улар мени қайтиб эсламагандир ҳам. Шоирлик даъвосида дайдиб юрганлардан кўпи бораканми!
Биргина “Ғунча” журналидагилар очиқ юз билан қаршилаб, одамдек гаплашишди: “Ёши ўтиброқ қолган иккита ходимимиз бор, ё униси, ё буниси пенсияга чиқадиган бўлса, сизни жон-жон деб ишга олардик”. Орқасидан пойлаб юриб, шулардан бирини машинанинг тагига итариб юборсаммикин, деб кулимсирардим ичимда.
Китобсеварлар жамияти деган бир ташкилот бўларди, асосий вазифаси – аҳоли орасида китобларни тарғиб қилиш, жойлардаги завод-фабрикаларда, далаларда, ўқув юртларида адиблар билан учрашувлар ўтказиб туриш. Маҳкам Маҳмудовнинг илтимоси билан мени охири шу жойга оладиган бўлишди. Эртасига ҳужжат расмийлаштиришга борсам, новча бир ходим мени хонасига бошлаб кириб, директор сизни менинг бўлимимга ўтказар эмиш, олдин билиб олайлик, русчада пухтамисиз, деб қолди. Жудаям пухта эмасман, десам, унда чиқишиб кетишимиз қийин, билиб қўйинг, директор билан эмас, мен билан ишлайсиз, тақдирингизни мен ҳал қиламан, деб гезарди. Директор Норматовнинг олдига кирдим, бўлим мудири шунақа-шунақа деяпти, сиздан минг марта хурсандман, аммо энди бу жойда ишлолмайман, десам; мени қўшни хонага бошлаб чиқиб, мудирни тикка сўкишга тушди, сўнг менга қараб, ишлайверинг, яна жиғингизга тегса, ўзини йўқотаман, деди. Эски бемаънилигим қўзиб, барибир бу идорага қайтиб бормадим.
Баҳор ўтди, ёз охирлаяпти, ҳануз ишсизман. Захирадаги пулларим аллақачон тугаб бўлган, бир нав қишлоққа бориб олсам, қайтишимда аямдан ташқари укаларим ҳам чўнтагимга беш-олти сўм тиқиб қўйишади. Хотиним дайдилигимдан шикоятланиб, ҳар гал ичимни хуфтон қилиб жўнатади. Тағин қачон келасиз, деб ўғилларим кўчагача эргашиб чиқади. Бундан юрагим оқади, ўпкам бўғзимга тиқилади, додлаб юборгим келади. Болаларимнинг мунгли нигоҳлари ҳафталаб кўз олдимдан кетмай қийнайверади.
Бир жумада яна қишлоққа бордим. Уйда икки кун тунагач, кечки 559-поезддаТошкентга жўнашга (бу поезд пойтахтдан Андижон сари қайтишда 660-га айланарди) шайланиб, бошқа хонадонларда камдан-кам учровчи, ҳосилдорлиги пастроқ, лекин шираси тилни ёрадиган, дадам Мамасоли деган миришкор танишиникидан олиб келиб эккан карсиллоқ ҳасайни узумларни халтага жойлаётсам, болаларингни тентиратиб, қачонгача шу аҳволда юрасан, ўғлим, дея аям қайтадан куйканишга тушди. Бор қоним тепага йиғилаётгандек туюлди, ҳозир бошим гумбирлаб портлайди-ю, мия парчаларим тирқираб учиб, деворларга чапланиб қолади, деб ўйладим. Халтани ерга ташладим-у, гандираклагудек одимлаганимча бориб, уйдан қизил қутини кўтариб чиққач, қопқоғини очдим-да, манавилар ҳаммаси пул, ая, дедим Аламазон ҳақидаги қисса, болаларга аталмиш пиеса ва туркум ҳикоялар солинган папкаларни пеш қилиб. Кейин ўшанда сони қирқтага яқинлашиб қолган, кўплари тўқсон олти бетли умумдафтарлардан айримларини варақлаб кўрсатдим:
— Манавилар ҳам пул! Пайти келиб, булар китоб бўлади! Китоб бўлса, ҳар битта сатрига камида етмиш тийиндан тўлашади! Кўргансиз, биринчи китобимга етти юз сўм беришди! Ҳали каттароқлари чиқса, уч минг, беш минг сўмлаб оламан! Озгина тоқат қиптуринглар, худо хайрингни бергурлар!
Икки минг сўмга кичикроқ уй қурса бўлади, бу ҳоббонининг безрайиб беш мингдан келишини кўринг! Олдин беш сўмга бир коло гўшт олиб беришга қурбинг етсин-чи.
Кечки овқат татимади. Кетаётганимни билиб, болаларим тағин мўлтираб туришибди. Улар қиммат кийимлар, чиройли ўйинчоқлардан кўра доим ёнларида бўлишимни кўпроқ исташаётганга ўхшарди. Наҳотки, менга ўчакишиб, йўқлигимда буларни атайин ўксинтираётган бўлишса? Йўғ-е, бунчаликка боришмас…
Тошкентдаги жонкуярларим менга бошқа иш топишди, республика радиосининг қишлоқ хўжалик бўлимига олти ойлик синов муддати билан югурдакликка қабул қилиндим. Югурдакликнинг маъноси шуки, синов даврида ишга расмийлаштиришмайди, бўлимдагиларнинг топшириғи билан тайёрлаган эшиттиришларингга қалам пули оласан холос. Қалампули ёмон эмас, чидаб кун кўрса бўлади. Энг муҳими, бўлимдагилар билан қалинман, ўртада совуқ гап ораламади.
Ярим йил ҳам ўтиб, ниҳоят мени ишга оладиган бўлишди. Қувониб турганимда, кадрлар бўлимидаги музкўз қария паспортим Тошкент шаҳрида қўнимдор эмаслигини баҳона қилиб, ишнинг белига тепди, бўлимимиз бошлиғининг илтимоси ҳам ўтмади. Тарвузим яна қўлтиғимдан тушди. Энди нима қиламан? Яна қаерга бориб ялинаман?
Шунча ташвишлар ичида университетдаги ўқишимнинг ғалвалари ҳам бор эди. Гоҳ синов иши, гоҳ курс иши ёзасан, имтиҳон ойи келса, умринг аудиторияларда ўта бошлайди, “қониқарсиз” баҳо олмаслик учун муаллимларга пой-патак бўлишга тушасан. Дарс тайёрлашга вақтинг бўлмай, гоҳ бирига “Талабалар шаҳарчасидан МУМга саёҳат” каби қизиқ шеърларингдан ўқиб бериб, гоҳ иккинчисига тишинг қаттиқ оғриётганидан шикоят қилиб ўтириб, минг найранг билан имтиҳондан ўтасан.
Иш қидиришдаги омадсизликлардан, иқтисодий қийинчиликлардан кўнглим буткул чўкиб кетганми, Тошкент сарсонгарчиликлари даврида учта имтихондан ўтолмадим, қайта топширишга ҳафсалам келмай, бўлди, энди ўқишниям йиғиштираман, дея университетга бормай юравердим. Бу пайтда Бешёғочдаги бир кампирнинг уйида ижара турардим, группамиз курсбошиси Назиржон, курсдошимиз Шукурни ҳам вақтинча шу ерга жойлагандим. Кўнглига яқин ўқитувчиларни авраб, имтиҳон топширмасам ҳам менга баҳо қўйдириб бераверадиган Назиржон аразимдан куйиниб, иложим қанча, бу домлаларга гапим ўтмади, лекин сиз бунақа ўжарлик қилманг, курсда қолдириб юборишади, деса ҳам парвойимга келтирмадим. Бу ҳолдан Миразиз аканиям хабардор қилишган экан, охири шу узтознинг аччиқ сўзлари таъсирида зардаланганимча бориб, бир зарбда ҳамма қарзимни узиб ташладим.
Курсдошларим ичида андижонлик Назиржон ва Шукурдан ташқари, қашқадарёлик Акрамжон, оҳангаронлик Жўравой билан ҳам жуда иноқ эдим. Қизлардан сирдарёлик Баҳорой, тошкентлик Назирахон (адабиётшунос Ғайбулла ас-Саломнинг қизи) ўзларини менга яқин тутишарди. Бошқа курсдошлар билан ҳам аҳил эдим, ёзги ёки қишки сессияга йиғилсак, қай бирлари менга хонадош бўлишни истаб, яхши жой топдик, квартирада биз билан яшасангиз-чи, деб қисташарди. Дам униси, дам буниси меҳмонга чақириб турарди.
Кундузги бўлимда ўқийдиганлар орасида ҳам танишларим кўп эди, баъзан уларнинг ижарахонасида тўпланиб, айрим ёш шоирлар билан мушоира ўтказардик. Бир гал Акрамжон ташкилотчилигида қашқадарёлик талаба Юсуфжон Ҳамдамовнинг кулбачасига Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст кабилар йиғилиб, шеърхонлик қилдик. Қиссанавислиги боис ўзини даврада кўрсата олмаётганиданми, ё Москва адабиёт институтидаги дўстидан қарзга сўраб кийиб келган костюмини мастликда электр печи устига ташлаб куйдириб қўйгани учунми, биргина Мурод йиғинга унча қовушолмай ўтирарди.
Бир пайт Акрамжон балет ҳақидаги шеърни ўқиб беришимни сўраб қолди. Найниқ сўзлар кўп бўлгани учун аввалига кўнмадим, бошқалар ҳам қисташга тушгач, ёддан ўқиб бердим. Бўлди кулки, бўлди кулки. Бундан руҳланиб, орқасидан Гулмат ғазалларидан ҳам биттасини қистирдим.
Гулмат деган девонаваш шоир номидан талай қизиқ ғазаллар ёзиб юрган бўлсам-да, уларни на “Муштум”дагилар юрак бетлаб боса олишди, на бошқа газета-журналдагилар. Фақат талаба дўстларим даврасидагина ўқиб турардим. Самарқандлик курсдошим Сирожиддин бунга тақлид қилиб, Хумий тахаллуси билан ҳажвий ғазаллар ёза бошлади. Қойилмақом ёзарди. (Гулмат туркумидаги ғазалларни шеърий умумдафтарларга кўчирмай, алоҳида папкага йиғиб юрардим; 80-йиллар атрофида ўта бўш туюлганларини меҳнатимга ачина-ачина йиртиб ташлагач, айрим тузукроқларини қайта пишитиб, буғолтирлар ишлатадиган катта қора дафтарга жамлашга тутиндим).
Аҳволим оғирлашаверди. Олтиариққа шалвираб қайтишга бетим чидамасди, Тошкентда яшашга қурбим қолмаганди. Хонани ижарага берган кампир кўнгли юмшоқ аёл эди, топганда пул тўлардим, вақтида тўлолмасам, қистовга олмасди. Барибир бу хонадондан кетишимга тўғри келди. Гоҳ Миразиз аканикига, гоҳ Ўктам аканикига, гоҳ қишлоғимиздан келиб турли жойларда ўқиётган танишларимникига бориб тунайман, овқатларига шерик бўламан. Бир неча марта темирйўл вокзалига бориб, узункурсида мудраганча тонг оттирган кунларим ҳам бўлди. Бир қултум винони тангрининг чексиз инояти сифатида қабул қилувчи уйсиз саёқларнинг юзаки қараганда ўта қувноқдек туюладиган, уларнинг ўрнига ўзингни қўйиб кўрсанг, беҳад аянчли бўлган турмуш тарзи билан шу жойда тобора яқиндан танишавердим. Ўзимни ухлаганга солиб, уларнинг ўзаро суҳбатларини зўр қизиқиш ва ҳаяжон ила тинглаб ўтирардим баъзан.
Нонуштадан тортиб кечки овқатимгача бир хил таом – бор-йўғи тўрт тийин турадиган, биров “ухо-горло-нос”, биров “беданакабоб” деб атайдиган гўмма сомсачалардан тўрт-бешта олиб, чапиллатиб-чапиллатиб ейман, ҳиқичоқ тутса, артизоннинг сувидан босиб ичаман. Ҳеч илож қолмаганда, аҳволи меникидан яхшироқ бўлмаган Ўктам акага қўшилиб, тиламчиларнинг олдида тўпланиброқ қолган тангаларни талашда ҳам қатнашардим. Бу – жуда уятли, жуда изтиробли эди.

Ғалаба ҳам икки хил:
Бирисидан яшнар дил,
Орланасан биридан.

Болалар нашрларида, гоҳо “Муштум” журналида исмим кўриниб турарди, аммо плагиатлик авж олган, баъзилар туман, вилоят миқёсидаги газеталарда босилган шеърларни йиғиб, пойтахтда ўз номидан китоб қилиб чиқаришгача бориб етган, бу кўчирмачилар ҳақида фелетонлар босилаётган муҳитда битганларимни туркум-туркум тарзда бировларнинг қўлига топшириб қўйишни истамасдим, редакцияларга уч-тўрттадан шеър тарқатиб турардим холос. Шунга қарамай, мавзу ўғриларига бир-икки бор дуч келдим. Масалан, ўшанда “Шарқ юлдузи” журналида ишловчи ходима қолдириб юборган шеърларимдан биридаги “қувғинди каптар”га оид сатрлардан ўзининг шеърида деярли ўшандай фойдаланганига гувоҳ бўлдим. Этикдўз мушук ҳақида эртакча ёзиб, “Ғунча”га топширсам, орадан анча ўтиб, бошқа одамнинг шу мавзудаги каттагина шеъри босилиб чиқди.
Худди шундан чўчиб, саргардонликда ёзиб тугалланган “Аламазон ва унинг пиёдалари” деган қиссамни ҳам анчагача бировга кўрсатмай юрдим. Охири Ўктам ака ўқиб кўргач, жуда қизиқ асар бўлибди, дея мени “Шарқ юлдузи”га етаклаб борди, қиссамни мақтаб, наср бўлими мудири Шукур Холмирзаевга топширди. Шукур ака икки ойчадан сўнг остига фамилия қўйилмаган тақризни қўшиб (дўстим Тоҳир Малик одоб юзасидан шундай қилганини журналда ишловчи Тоҳир Қаҳҳордан барибир билиб олдим), асар ҳали хом, дея папкамни қайтариб берди. Тақризда айтилган камчиликлардан ўринлиларини тузатиб, қиссамни яна олиб бордим. Шундан кейин ора-сира йўлиқиб турдим, аммо Шукур ака асар ҳақида бошқаларнинг ҳам фикрини эшитиш учун кимгадир бергани, кимлиги эсида йўқлигини айтиб, гапни чувалайверди. Охири суриштирмай қўйдим.
Ҳар нарсанинг ўз пайти бўларкан, кунлар кетидан ойлар кечиб, бу асарни босиш “Шарқ юлдузи”га Холмирзаевдан кейин ишга келганларга насиб этди. Фақат, улар очиқ-ойдин шартлар қўйишди – фалон-фалон бобларнинг фалон-фалон қисмларидаги маънолар ўта қалтис, бошқа боблардаги фалон-писмадон жумлаларни ҳам ҳозирги замонда бериб бўлмайди, уларни қисқартириб ташлаймиз. Шунда тушундимки, Шукур ака менга бу гапларни ошкора айтиб ўзини бир қишлоқи йигитча олдида ҳуркак кимса қилиб кўрсатишни истамаган, у-бу баҳоналар билан ишни ортга сураверган.
Мазкур қиссани нашриёт ўшанда аллақачон босмахонага топширгани, ҳадемай бирон жойи ўзгартирилмаган тарзда китоб бўлиб чиқишини назарда тутиб, ҳартугур тузуккина гонорар тўлашади-ку, дея журналдагиларнинг шартига рози бўлдим. У ёғини сўрасангиз, асарнинг нашриётдан бус-бутун ўтиб олиш жараёни ҳам осон кечмаган, бундан олдин Ёзувчилар уюшмасида яхшигина тазйиққа учраган эди. Ушбу воқеа ҳақида, фурсати келиб, балки келгуси китобда алоҳида тўхталармиз.
Ҳозирда ўша дамларни ўйлаб қолсам, қанчалар оғирчиликлар кўрмайин, ёзганларимни тезроқ нашр қилдиришнинг орқасидан қувавермай, ўзим таг-тагигача тушуниб етмаган ҳолда, асосий вақтимни ёзишга сарфлайверганим зап тўғри иш бўлган экан, деб қўяман. Зеро, йиллар ўтиб, ёшликдаги кучни ҳам, кўнгил ёниқликларини ҳам топиб бўпсан!

Давоми бор

006Anvar Obidjon
AJINASI BOR YO‘LLAR
(TURMUSH KЕCHINMALARI)
094

   Anvar Obidjon Farg‘ona viloyati Oltiariq tumanining Poloson qishlog‘ida 1947 yilning 25 yanvarida xizmatchi oilasida tug‘ilgan. 1964 yilda o‘rta maktabni tugatgach, Samarqand moliya texnikumida, 1969-1971 yillarda jamoa xo‘jaligida hisobchi, klub mudiri, tuman gazetasi, viloyat radiosida turli vazifalarni bajardi, Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetini sirtdan tamomladi. 1981 yildan boshlab u Toshkentga ko‘chib kelib, «Yosh gvardiya» nashriyotida, «Yosh kuch», «Mushtum» jurnallarida ishladi. «Cho‘lpon» nashriyotida bosh muharrir, O‘zbekiston televideniyesida muharrir bo‘lib ishlagan.

Anvar Obidjon bolalar adabiyotiga dastlab «Ona Yer», «Bahromning hikoyalari» to‘plamlari orqali shoir sifatida kirib keldi va mavjud ijodiy an’analardan foydalangan holda o‘ziga xos yo‘l tanladi. «Bulbulning cho‘pchaklari», «G‘alati maktublar», «Kumush uy», «Gurungdagi gaplar», «Ajoyibxona», «O‘zimizning ansambl», «Ignalarim chiroyli», «Mening kolleksiyam», «Shirin so‘ylar jajjivoylar», «Kalamushlar kemasi», «Siz eshitmagan qo‘shiqlar», «Dalalardan bolalarga», «Osmondan tushgan sozanda» turkum she’rlari fikrimizga dalildir. Uning «Ona yer» (1974), «Masxaraboz bola» (1980), «Olovjon va uning do‘stlari» (1983), «Bahromning hikoyalari» (1984), «Ey, yorug‘ dunyo» (1983), «Ketmagil» (1985), «Bezgakshamol» (1985), «Juda qiziq voqea» (1987), «Oltin yurakli avtobola» (1988), «Dahshatli Meshpolvon» (1990) kabi she’riy, nasriy kitoblari chop etildi.
Bulardan tashqari, adibning «Qo‘ng‘iroqli yolg‘onchi», «Pahlavonning o‘g‘irlanishi» Anvar Obidjon so‘nggi yillarda «Ramazon va Gulmat hangomasi» (1992), «Meshpolvonning janglari» (1994), «Alisher ila Husayn yoki uch dono va o‘g‘ri» (1996), «To‘tiqush», «Topsang hay-hay…» kabi qissa, pesa va she’r, dostonlarini ham yaratdi. U«O‘zbekiston xalq shoiri» unvoniga sazovor bo‘lgan (1998).

094

BIRINCHI KITOB
5 parcha

BOSHIM IKKITA BO‘LDI

Dalaga tupurmagil, o‘zing ertaga yeydigan qovunni bulg‘aydursan.
Gulmat SHOSHIY

7a.jpgHarbiydan qaytganimda, dadam anchadan beri viloyat kasalxonasida yotgan ekan. Ta’tilga kelganimda ham, bir vaqtlardagidek bo‘yni bag‘baqali bo‘lmasa-da, jussasi haliyam go‘shtdorgina edi. Shu qisqa vaqtda butkul ozib-to‘zib, eti suyakka yopishib qolibdi. Kirtaygan ko‘zlarida ilgarigi tiyraklikdan asar yo‘q. Hatto ta’bi xiraroq chog‘idayam kulimsirash alomatlari zohirlanib turaveradigan chehrasini endi mung to‘liq qoplab olgandi.
Qo‘shnilar, tanish-bilishlar, qondoshlarning keldi-ketdisi kamayganidan keyin, kasalxonadan vaqtincha javob so‘rab kelgan dadam meni yoniga chaqirib, to‘yni tezlatish xususida gap ochdi. Umrimda ko‘rmagan qizga mening roziligimsiz oq kiyib, fotiha to‘yini ham o‘tkazib ulgurishganidan jahllanib yurganim uchun, jurnalistlikka o‘qish niyatim borligini bilardingiz-ku, uylanadigan bo‘lsam, ro‘zg‘orda uymalangancha qishloqdan chiqolmay qolishimni o‘ylamadingizmi, deb jerkindim.
— Umrim juda oz qolganini bilib turibman, — dedi dadam xotirjam tovushda. – Katta o‘g‘limsan. Hech bo‘lmasa, sening boshingni ikkita qilib, ko‘nglim tinchibroq ketay.
Men nodon yana tixirlanishga tushdim:
— Siz aytsangiz, shaxtada ishlashgayam roziman, dada. Omaleykin, uylanish masalasiga kelsak…
— E, bolam-ma! – so‘zimni bo‘lib, xiyol zardalandi dadam. – Bir narsani hisobga olmayapsan. To uylanmaguningcha, ukalaringga otalik salobatida ko‘rinolmaysan. Yo gapimga haliyam tushunmadingmi?
Hammasi tushunarli: men ketyapman, endi bu hovlining xo‘jayini sensan. Tezroq uylan, ro‘zg‘or tebratish mas’uliyatini chuqurroq his et. Kenja ukang bor-yo‘g‘i o‘n yoshda, kattalari ham hali g‘o‘rroq. Shoirlikni havas qilasanmi, poshsholiknimi, eng oldin, oila a’zolarining birligini ta’minlashing, xonadon mavqeini bundan oshirolmasang, loaqal borini asrab turishga intilishing, ota bo‘lib, uyning fayzu tarovatini qo‘riqlashing shart!
Qanchalar qaysar bo‘lmayin, dadamning shu ahvolida oraga bundan ortiq so‘z sig‘masligini anglab, bo‘pti-da, nima desangiz – shu, deb peshanamni tirishtirdim. Dadam quvonib ketib, opanglarga aytaman, seni kelin bilan biror joyda uchrashtirishadi, bir ko‘z urishtirib olarsan, degan edi, baribir uylanadigan bo‘lsam, ko‘rib nima qildim, deya lab jimirdim.
Bu orada, dadam yana kasalxonaga tushgani, dardi kuchayib borayotgani bois, unga qarashli magazinni yangi do‘konchiga o‘zim topshirishimga to‘g‘ri keldi. Yoshgina, butkul tajribasiz bir tatar qizni revizor qilib tayinlashgan ekan, ishni urinib-surinib yotib zo‘rg‘a oxiriga yetkazdik. Anchagina kamomad chiqqanidan ko‘nglim juda xira tortdi, matlubot jamiyati rahbarlaridan biri bo‘lgan Obidov idorasiga chaqirtirib, pul tezroq joyiga qo‘yilmasa, ish sudga oshadi, deganida, yuragim po‘killashga tushdi. Voh! Endi nima bo‘ladi? Nahot, dadamni shu ahvolidayam sud qilishsa? Yo‘g‘-ye, bungacha borishmasa kerak. Balki, qarzni oyligimdan sekin-sekin uzishimga to‘g‘ri kelar…
Ko‘p o‘tmay, endi davolashga urinishdan foyda yo‘q, uyda boricha parvarishlab tura qolinglar, deb dadamni kasalxonadan qaytarishdi. Goho mahalliy do‘xtirlar kelib, u-bu muolajalar qilib turishdi. O‘shanda yigitdek vazmin turolmaganim, do‘konning qarzidan qutulish masalasida dadamga injiqlanib gap ochganim, dadam meni tinchlantirishga tirishib, qo‘rqma, tirik qolsam, javobini berarman, o‘lib ketsam, senga yopishib olishmaydi, deb iztiroblangani esimga tushsa, birovlarga qamchi tutqazib, o‘zimni ayovsiz savalatgim keladi hanuz. Aksincha bo‘lishi kerak edi-ku! Mabodo, dadamning o‘zi shu mavzuni qo‘zg‘ab qolsa, ko‘p siqilavermang, to jonim ichimda ekan, hamma ish joyiga tushib ketadi, deb taskin berishim kerak emasmidi?
Dadam umrining so‘nggi haftalarida yashayotganini do‘xtirlardan surishtirib bilishganmi, bir kuni o‘sha matlubotchi Obidov kelib, do‘koningizning kamomadini amal-taqal qilib yopib yubordik, endi tashvish tortmang, deb dadamga xushxabar aytdi. Ichimga birdan yorug‘lik yog‘ildi. Buni sezgan dadam, menga qarab, majolsizgina kulimsirab qo‘ydi. O‘zining ishi bitganidan ko‘ra, mening qo‘rquvim barham topganidan ko‘proq xursand edi, chamasi.
Amaliyotda yurgan vaqtimda tuman moliya bo‘limi mudiriga ma’qul ko‘ringanmanmi, o‘zi meni ishga taklif etib qoldi. Odamlarga po‘pisa qilib soliq yig‘ishga bo‘lgan azaliy bezillog‘im bois, ana-mana deb, gapni mujmallab yuraverdim. Bir kuni kolxozimiz rahbarlari dadamni yo‘qlab kelib, shu Anvaringizni bizga bering, hozircha dalada tabelchilik qiptursin, paxta terimi tugaganidan keyin idoraga bug‘oltir qilib olamiz, tomorqa-pomorqa beramiz, deb qolishdi. Bir maslahatlashaylik-chi, dedi dadam. Ular ketgach, ukalaring orqangda qatorlashib turibdi, kolxozda hech bo‘lmasa ikki-uch yil ishlab, tomorqa olvolishing kerak, deb menga yo‘l ko‘rsatdi.
U davrda paxta siyosati o‘ta tajovuzkor edi. Qo‘riq yerlar tinimsiz o‘zlashtirilar, bog‘larni buzib, zovur do‘nglarini tekislab, yo‘l chetidagi va ariq yoqasidagi uvatlarni toraytirib bo‘lsa ham ko‘proq g‘o‘za ekishar, paxtazorlar ko‘pincha xonadonlarning devoriga borib taqalar, tomlargayam chigit qadagilari kelardi (bundan Orol dengizi qurib borayotganini hali bilmasdik). Mahalliy fuqarolarga, hatto kolxozchilarga keng-keng tomorqalar berish allaqachon elliginchi yillar “sarqiti”ga aylangandi. Endi tomorqa so‘rasang, hozir berolmaymiz, O‘zbekiston qishloqlaridagi har bir qarich yer Moskvadagilarning nazoratida turadi, paxtazorni bir qarichga kamaytirish uchun ham o‘shalardan ruxsat olish kerak, deyishardi.
Qizil imperiyaga o‘zbeklar emas, o‘zbekning paxtasi kerak edi. Bolaligimda respublikamizning paxta xirmoni ikki million tonnaga yetdi, deb jar solingani esimda. Endi besh million tonnadan oshibdi hamki, Moskva “to‘ydim” demasdi.
Aslida, chetroq-chetroqdan bo‘lsa ham yer topsa bo‘lardi, ammo tomorqa berishni qisishdan asosiy maqsad yer taqchilligi emas edi, buning tub-tubida boshqa yashirin siyosat yotardi – Turkiston aholisining aksariyatini tashkil etuvchi o‘zbeklar o‘z yurtida ko‘paygandan ko‘payib borar, saltanatning Yevropa qismida esa tug‘ilish keskin kamayib ketayotgandi. O‘rta Osiyoliklar, ayniqsa, o‘zbeklarning bir qismini Rossiyaning noqoratuproq mintaqalariga ko‘chirib, bu o‘ramlarda qishloq xo‘jaligi madaniyatini yuksaltirishga qodir arzon ishchilarga ega bo‘lishdan tashqari, kelgusida osongina ruslashtirib yuborish choralari bundan ancha oldinoq belgilab chiqilgan; borganlarga tayyor uy-joylardan tashqari tekin sigir, boshlang‘ich mablag‘ berish kabi katta imtiyozlar va’da qilinar, ayrim joylarda o‘zbek qishloqchalari ham paydo bo‘la boshlagandi. Moskvaning niyati shu – tilini, qadimiy madaniyatini ba’zi qo‘shnilaridan ko‘ra (masalan, Qozog‘iston poytaxti Olmaotada o‘shanda bittagina qozoqcha maktab qolgan ekan) hanuz mustahkam asrab kelayotgan o‘zbeklarni O‘zbekistondan tashqaridagina ko‘hna qadriyatlaridan judo qilish mumkin; O‘zbekistondagilarini “tartibga solish” uchun esa, bittasining atrofiga ikki-uchta slavyanni tiqishtirish kifoya.
O‘zbek o‘z yurtida yashashga joy topolmay, ba’zilari Rossiyadan boshpana qidira boshlagan bo‘lsa, ayni pallada, turli mutaxassislarga ehtiyoj ortayotgani, zavod-fabrikalarda yuqori malakali ishchilar yetishmayotgani ro‘kach qilinib, Rossiyadan O‘zbekistonga ming-minglab ruslar ko‘chirib kelinmoqda edi. “Aziz mehmon”lar asosan shahar va tumanlar markaziga solingan uylarga kelib joylashar, ularga yangi binolar qurish yoki ular ishlaydigan korxona hududini kengaytirish zarurati tug‘ilib, bo‘sh maydon topilmasa, ekinzorlardan yer ajratilishiga hech kim to‘sqinlik qilmasdi. Masalan, Toshkentning Chilonzori, Yunusobodidagi minglab gektar bo‘liq ekinzorlaru bog‘-rog‘lar o‘rnida yuzlab ko‘pqavatli binolar barpo etilib, o‘shanda ularning sakson foizdan ziyod kvartirasi rusiyzabonlarga bo‘lib berilgandi.
Sharoit shundayligiga qaramay, o‘zbekning asosiy qismi hadeganda joyidan siljimayotgandi. Ha, bu shunaqa gajir xalq; hatto uni qushga aylantirib, falon joyda don-dun tiqilib yotibdi, deganingdayam, zuvillab uchib ketavermaydi. Mabodo parvozga majburlasang, o‘zining tomidan uchib, baribir o‘zining tomorqasiga qo‘naveradi.
Bunaqa sirli gaplarni necha yillardan keyin tushunib yetdim. O‘sha topda esa, faqat bir narsani bilardim: paxta – o‘zbekning g‘ururi va iftixori; qancha ko‘p “oq oltin” bersak, sovetlar davlati shuncha kuchli bo‘ladi; agar kuchsizlansak, tevarakdagi zo‘rlarga yem bo‘lamiz, burjo‘ylar yana qamchilab yurib, qonimizni ichadi. Ana, chorak asr oldinroq gitlerchi fashist deganlari qo‘limizga kishan urishiga salgina qoldi-ku. Bu battollar kitoblarda o‘qib, kinolarda ko‘rganimizdek, duch kelgan qishloq-shaharga o‘t qo‘yaversa, uchragan odamni yosh-qari demay otaversa, pechlarga tiqib yoqaversa!
Sovetlar mamlakatida yigirmanchi, o‘ttizinchi yillari fashistlarnikidan battarroq vahshiyliklar bo‘lgani, fuqarolar urushida qonunsizlik qonunga aylangani, ocharchiliklar oqibatida qarovsiz, himoyasiz qolgan odamlar tutdek to‘kilavergani, millatning eng sara farzandlari Stalin lagerlarida sudsiz otib yuborilavergani, xo‘rlovli qiynoqlarga solingani to‘g‘risida na kitoblar bor edi, na kinolar. Bularni ko‘rgan, gapirib berishi mumkin bo‘lgan, necha-necha xunrezliklardan zo‘rg‘a omon chiqqan kimsalar yurtda hali ko‘p edi, ammo birovga og‘iz ochishdan qo‘rqib, dim-dim yashab yurishardi. Jumladan, dadam ham.
Tomorqa degan baxtni orzu qilib, moliyachilikni emas, tabelchilikni; biqqi kursili pokiza xonani emas, changli dalani tanladim. Harbiydan qaytganimdan beridagi satangliklar tugadi; o‘sha mahallari keng rusum bo‘layotgan karnaypocha “klyosh” shimni, matroslarnikidek yo‘l-yo‘l chiziqli shoyi ko‘ylakni, tarsillagan xirom tuflini yechib, yog‘ surtib yaltiratilgan qalin sochimni ustarada qirdirdim; egnimga atlas belbog‘li parpasha beqasam to‘n, oyog‘imga kirza etik kiyib, boshimga marg‘iloncha do‘ppini bostirdim. Mahallamiz do‘konidan tepada yashovchilardan tuzilgan brigadaga tabelchi bo‘lib, “ZIL” yuk mashinasining usti ochiq kuzovida dalaga yo‘l oldim. Temiryo‘ldan ancha pastdagi bu brigadaga o‘quvchilik davrimizda paxta terishga kelib turardik, endi yangi yer o‘zlashtiruvchi cho‘lquvarlar uchun tomorqali uylar qurib berishga majbur bo‘linib, manzara ancha o‘zgarib ketibdi.

* * *

Oq miltiq, qora miltiq otgan otam, yor-yor,
O‘z qizini tanimay sotgan otam, yor-yor.
O‘z qizining o‘rniga bodam eksin, yor-yor,
Bodam shoxi titrasa, “Bolam!” desin, yor-yor…

1969 yilning beshinchi sentyabrida to‘yim bo‘ldi. Polkdosh oshnam Qahramonni yo‘qlab Samarqandga borganimda mezbonlar yelkamga yopgan olacha beqasam to‘nni kiyvolgan dadamni qo‘ltig‘idan suyab chiqib, tashqidagi krovatga yonboshlatdik, to‘yni shu joydan boshqarib, shu joydan tomosha qilib yotdi.
Kelin hali o‘n sakkizga to‘lmagani sababli, hukumat idorasida hujjat rasmiylashtirolmay; davlat bu “birlashuv”dan xabardor bo‘lgan-bo‘lmaganini oldin albatta surishtirib oladigan, arabiydan boshqa harfni tanimaydigan mulla Ahmadqul otaga Avazbek ukamning tug‘ilish guvohnomasini ZAGS qog‘ozi deb ko‘rsatib, musulmoncha nikohdan o‘tib qo‘ya qolgandik; to‘yning ertangi kunidagi “yuzochdi”da xotinimning yuzini birinchi marta ko‘rdim. Yoqdi. Turqim ma’qul kelgan-kelmaganini G‘alati oysanamning raqibiga aylangan Karomatbonudan so‘rab o‘tirmadim.
To‘ydan o‘n kuncha keyin dadamning ahvoli juda og‘irlashdi. Yomon xayollarga borib, ruhi butunlay cho‘kmasin deya, do‘xtirlar bilan kelishib, yana viloyat kasalxonasiga yotqizdik. Ancha yotdi, yaxshi tomonga o‘zgarish bo‘lmadi. Bir kuni do‘xtir bizni yoniga chaqirib, jigari butunlay tugab, bu yog‘i yaqin qoldi, uyga olib borib, tayyorgarlik ko‘raveringlar, dedi. Yana uyda ozgina dam olib, ukollarni singdirishingiz kerak ekan, deya dadamni aldab, hovlimizga olib ketdik.
— Ha, yaxshilab dam oladigan paytim keldi, — dedi dadam o‘zini sokin tutib.
Buni eshitish alamli edi. Dadam gap nimadaligini allaqachon fahmlab yetgandi, chamasi. Uying kuygur araqlar, qotillar! Chayirdan chayir dadaginamni o‘shalar shu ahvolga soldi. Bunga qo‘shadigan bo‘lsak, yoshgina vafot etgan to‘rt farzandning qiyofasini ko‘z oldiga keltiraverish ham otaning jigarini to‘kmasdan qo‘ymaydi…
Shafoat ammam kiyim-kechaklarini tugib kelib, biznikida muqim yashay boshladi. Ayam ikkovi navbatma-navbat uxlab, dadamni goh uqalashar, goh ovqatlantirishar, goh yuvib-tarab qo‘yishardi. Men esa, dalaga erta ketib, kech qaytardim, dadamning yonida uzoqroq o‘tirib qolsam, bor, uyingga kir, vaqtida uxla, deb buyurardi. Yangi uylangan o‘g‘ilga bu gap xush yoqardi, albatta.
Paxta terimi avj olgach, daladan umuman bo‘shamay qoldim. Ishdan kech qaytishimizga qaramay, rais kunda majlis qilib, brigadir va tabelchilardan hisobot so‘rashga tushardi. Yig‘in ba’zida yarim kechagacha cho‘zilardi. Ertalab yana soat besh bo‘lmasidanoq ko‘rpadan turib, a’zolarni uyma-uy chaqirishga, bugun falon ishim chiqib qoldi deganlarni ham majburlab mashinaga yuklashga tushasan. Paxta terimi davrida mahallada to‘ylar taqqa to‘xtar, dalaga chiqmaslik uchun yo o‘zing qattiqroq kasal bo‘lishing kerak, yo uyingda birov o‘lishi lozim. Mabodo, kimgadir yon bosib, biror kunga ruxsat bersak ham, bizdan keyin mahallalarni uyma-uy tekshirib chiqadigan, raykom vakili, kolxoz faollari va militsionerdan iborat maxsus guruh a’zolari ularni tutib olib, baribir dalaga jo‘natishardi.
Daladan qaytgach, goho majlisga bormay, dadamning yonida uymalangan bo‘lardim. Ko‘ngilni ko‘taradigan shirin so‘zlarni taxlab tashlashga azaldan uquvsizroqligim vajhidan, dadamga nima deyishni bilmay, bir ashtdan, bir dashtdan gapirib o‘tirardim. Bunaqada ammam jonimga ora kirar, eski qiziq voqealarni eslab, dadamni jilmaytirishga urina boshlardi.
Bir gal majlisga bormaganimda, rais odam yuborib, chaqirtirib ketdi. Borishim bilanoq, zahrini sochishga tushdi.
— Men tabelchiman, — deb jirrakilandim. – Vazifam – odamlarning ishiga to‘g‘ri haq qo‘yish. Paxtaning oz-ko‘pligiga brigadir javob beradi. Bunaqa majlislarga kelmayman endi.
Raisning og‘zi pesharoq bo‘lsa ham, nayniq gaplarni qo‘shmasdan, meni qattiq po‘pisalab berdi. Dag‘dag‘asiga jim chidab turdim-u, lekin o‘shandan keyin ham majlisga bir kun borsam, uch kun bormay yuraverdim. Rais buni yo payqamasdi, yo sezmaganga olardi. Qolaversa, bu zamonda brigadir topishdan ko‘ra, hisob-kitobni joyiga qo‘ya oladigan tabelchini topish qiyinroq edi, salga haydab yuborishavermasdi.
Kallam hali uncha pishib yetmagan yoshimda kolxozdagi eng yirik brigadalardan birida tabelchilik qilish; oltmishga yaqinlayotganiga qaramay, hanuz musht-mushtni pulga sotvoladigan Bozor-qantovuz, mastligida qo‘l-oyog‘ini arqonda bog‘labgina tajovuzidan qutulish mumkin bo‘lgan Turg‘un-eshoncha, achchiqtil Komil-siyosat, cho‘rtkesar Qo‘chqor-qaysar, o‘jar G‘ani-tarvuzchi, devonavash Marip-gapbuzar, dangalfe’l To‘lqin-moryak, sharttaki O‘rin-novcha, hangomachi Husanboy-tuya, dimog‘dor Madamin-taqachi kabi biri besh-olti farzandli, biri nevarali kimsalar bilan til topishish boshda oson kechmadi. Goh Bozor-qantovuz qutqu qo‘zib, Turg‘un polvonni kurashib yiqitolmasang, bizga xo‘jayinchilik qilolmaysan, deb karillar; goh Husanboy-tuyaning kayfi oshib, ichishamiz, qani, kim oldin yiqilarkin, deya bahsga chorlardi. Brigadada eskitdan chatoqroq bir an’ana hukm surarkan, jamoaga yangi qo‘shilganni ko‘pchilik bo‘lib tappa yerga bosisharkan-da, shimini tushirib, tomosha qilisharkan. Meni ham so‘riga yiqitib, shimimning kamarini yechishayotganda, indamasdan xotirjam yotaverdim. Ie, vey, nimaga tipirchilamayapsan, deb so‘rashdi. Nega tipirchilar ekanman, ko‘rsalaring ko‘raveringlar, deganimdan keyin, bunaqada qizig‘i qolarkanmi, deb qo‘yib yuborishgandi.
E, maynavozchiliging qo‘zimay ketgurlar-a! O‘shanda hammaga o‘xshab baqiriqlagancha nega potirlab-potirlab turmadim? Bir yayrab olishmasmidi sho‘rliklar.
Ayollar ichida ham tili o‘tkirlari, tabiati tersroqlari anchagina edi. Oshpazimiz Salomat opa bu galaning “enasi” hisoblanar, tushlikka to‘plangan ayollarning yonidan o‘ta boshlasam, kimligini aytmayman-u, juvonlarimizdan bittasi sizni yaxshi ko‘rib qolibdi, bo‘pti desangiz, bir chekkada uchrashtirib qo‘yaman, deganga o‘xshash hazil gaplarni qistirar, xotinlar har safar hayhayuvlab kulishga tushardi.
Erkaklarning ko‘pi yalqovtabiat edi. Ularning orasidan brigadirlikka ko‘tarilgan Mo‘sa aka kechagina tengma-teng gaplashib yurgan kimsalarga bugun xo‘jayinchilik qilib qattiqroq tegishdan tortinarmidi, dadil bo‘ling, bularning qulog‘ini sal-sal burab turing, deb meni dam-dam nuqilab qo‘yardi. Erkaklardan tuzukroq ishlashni talab qilishga tushsam, normani ikki baravar bajarganimizdayam, idorada o‘tiradigan bosh tabelchi, iye, suvchi mendan ham ko‘p oylik olarkanmi, deb baribir pulimizni qirqib tashlayveradi, deya xitlanishardi. Endi haqlaringni qirqisholmaydi, men turibman, desam, qani, ko‘ramiz-da, deb normalarni bir yarim baravarga yetkazib bajara boshladilar.
To‘g‘ri gapirishgan ekan, birinchi marta oylik tabelni to‘ldirib borganimdayoq, bu hujjatni tasdiqlashi lozim bo‘lgan uchastka boshlig‘i ham, bosh tabelchi ham tundlanib, manavi-manavilarga juda ko‘p haq yozib yuboribsan, boshqatdan kamaytirib kel, deya xiralik qilishdi. Qancha ishlashgan bo‘lsa, shuncha yozdim, menga ishonmasalaring, o‘rnimga o‘zlaring tabelchilik qilinglar, deb turib olganim, ish baqiriq-chaqiriqlarga borib taqalganidan keyin, noiloj yon berishdi. A’zolar mo‘may pul olayotib, ko‘zlariga ishonishmadi, aytganingni qilding, e qoyil, deb mendan qahramon yasay boshlashdi.
Ayollarning aksariyati pulning oz-ko‘pligi yuzasidan tortishmasdi. Nari borsa, tagimizdagi sholchalarning yirtilib yotishini qarang, bularni qachon yangilab berasizlar, degan g‘alvadan nariga o‘tishmas edi. Bolalik ayollarning dardi boshqa bo‘lib, kichkintoylarini uydan olib kelingan yumshoqroq ovqatlar bilan boqishar (u paytda bolalarga markazlashgan holda sutli bo‘tqa tarqatish yo‘lga qo‘yilmagandi); tepadan tekshiruvchilar kelsa, bolalarga alohida ovqat pishirib berish uchun xarajat tashlab ketishadi, keyin idoradagilar yana o‘zining jig‘ildoniga urishni boshlaydi, deb vaysashga tushardilar.
Surishtirib ko‘rsam, haqiqatan ham, bolalarga alohida ovqat pishirib yedirish uchun, brigadadagi kichkintoylar soniga qarab, kolxoz tomonidan ma’lum miqdorda mahsulot berib borilishi lozim ekan. Lekin, bu bolaparvarlik faqat qog‘ozda bo‘lib, amalda bayram kunlari yoki komissiya kelgandagina namoyon bo‘lib turarkan.
Eski maktabdosh o‘rtog‘im, ashaddiy mushtlashqoq Abdubannob ham armiyadan so‘ng tabelchilik qila boshlagandi. Bolalarning tekin ovqati borligini unga ham chikitdim, ikkalamiz gapni bir joyga qo‘yib, omborga bostirib kirdik. Omborchi, avvaliga, yuqoridan shunaqa topshiriq berilgan bo‘lsa-da, kolxozning bunday katta chiqimga qurbi yetmasligini pesh qilishga tutindi; Abdubannobning kuchukligi qo‘zib, bilamiz, hammasini o‘zing yeb yotibsan, deya yoqasidan olgach, sho‘rlikning kapalagi uchib, bo‘pti-bo‘pti, beraman, lekin ikkalangga beraman xolos, boshqa tabelchilarga aytib yurmanglar, deb terimchilarning bo‘z etagini masalliqqa to‘ldirib berdi: guruch, makaron, shishali paxta yog‘lari, go‘sht, shakar. “Jang”da g‘alaba qozonganimizdan taltayib, bitta bolaga bir oyda nimalar qanchadan berilishi kerakligini surishtirishga o‘tsak, omborchining peshanasi terlab, endi-i gapni chuqurlashtirmanglar, yanagi oy kelsalaring, yana shunchadan olasizlar, deb g‘o‘dangladi.
Masalliqlarni ombordan qanday olgan bo‘lsam, ertasiga o‘shandayicha dalaga eltdim, bularni bolalarga yedirasiz, deb oshpazimiz Salomat opaning qo‘liga topshirdim. Bir payt tushlikka chiqsam, erkaklar dasturxonga ikkita katta oshtovoqda shavla qo‘yib, meni kutib turishibdi. Bugun kim bunchalik eridi, deb so‘rasam, ertalab o‘zingiz xarajat olib kelibsiz-ku, deyishdi. To‘satdan barog‘im aynidi, oshtovoqlardan birini ko‘targanimcha, Salomat opaga olib bordim; keltirgan xarajatlarimning bari bolalarniki, ja borsa, onalariyam yeyishi mumkin, agar yana bir marta boshqalarga ilinsangiz, pulingizni qirqaman, dedim. Ikkinchi tovoqni erkaklardan tortib ololmadim, allaqachon yeyishni boshlab yuborishgan ekan.
Omborchi keyingi oylardayam bolalarning ulushini indamasdan berib turdi. Orada undan ikkita yangi sholcha ham undirdim, ayollarimiz shunaqangi xursand bo‘lishdiki!
Ishda qiyinchilik ko‘p bo‘lsa ham, brigadadagi muhitning yaxshiligi charchog‘imni sezdirmasdi. Erkagu ayolning barchasi ko‘nglida kiri yo‘q, ig‘vodan, xusumatdan olis, ancha-munchaga kek saqlayvermaydigan shaldir-shuldir kimsalar edi. Brigadirim Mo‘sa aka otasi Oymat qo‘rboshi rahmatliga o‘xshab nihoyatda bosiq, royishli kishi edi. Biror narsadan bo‘g‘ilsam, kengroq bo‘ling, har qanday g‘alva o‘tadi-ketadi, sog‘lik ketmasa bas, deb qo‘yardi.
Kunda olomonning ichida yurardim, bu odamlarning eng mayda tashvishu ehtiyojlaridan deyarli to‘liq xabardor edim, ularning tavozedan holi turmush tarzi menga sekin-asta yuqib borayotgandi. Hayotning bu yangicha bo‘lagi har qanday ijodkor uchun qiyosi yo‘q akademiya edi.

ALVIDO, DADAJON!

Yetimlikka tan ber! Bolangni tirikligingda yetim qilma!
KULKUL afandi

Oktyabrning yarimlaridan o‘tib, dadamning ahvoli keskin og‘irlashdi, hatto bir qoshiqqina ovqat yeyish yoki bir qultumgina suv ichish uchun yostiqdan o‘zicha bosh ko‘tarishga ham holi kelmay qoldi.
Brigadir dadamning ahvolidan xabardorligi tufayli, ko‘pincha tushdan keyinoq daladan qaytishimga ijozat berardi. Bemordan xabar olishga keladigan qishloq feldsheri, kasalxona do‘xtirlarini kutib-kuzatib, vaqtlari bo‘lsa, biror piyola choy ichkizib jo‘natardim. Dadamni chaqaloqqa o‘xshatib jomga to‘sgan paytim ham bo‘ldi. Yashirmayman, ichimda oz-moz ijirg‘anardim goh.
Akram ukam hanuz harbiyda edi, chaqirtiraylik desak, dadam ko‘nmasdi. Ukamning kiyimlarini qoziqqa ildirib, suratini tokchaga tikkalatib qo‘ygandi, goho ularga bir-bir tikilib, bu zarg‘aldoq judayam mung‘aygan bola-da, uni hafa qilmanglar, deb shivirlardi. Nihoyat, yigirma sakkizinchi oktyabrda, Akramboyni chaqirsakmikan, dedi. Shu kuniyoq tuman harbiy komissariati orqali Turkmanistonga telegramma jo‘natdik.
Dadam, ikki kun o‘tib, o‘ttizinchi oktyabrda vafot etdi. Dadamning qanday jon berayotganini ham ko‘rolmay qoldim. Aslida, buni ko‘rishdan qo‘rqib yurardim. Meni bemahalda uyg‘otishgach, shoshib do‘ngalak uyga kirsam, dadam ko‘ksi ko‘tarilib-ko‘tarilib nafas olyapti. Ammam bilan ayamning ko‘zida jiqqa yosh. Nima qilishimni bilmay, dadamning u yer-bu yerini silagan, allanarsalar degan bo‘ldim. Shunda ammam biqinimga nuqilab, yugur, tezda Orifjon tog‘angni chaqirib chiq, deb buyurdi. Qo‘shnimiz usta Orifjon tog‘ani boshlab qaytganimda, dadam uzilib bo‘lgan ekan; jag‘ini, oyoqlarining boshmaldoqlarini bog‘lashdi, qo‘llarini ko‘krakka qovushtirishdi. Juda oson jon berdi, biror martayam xirillab qo‘ymadi, qiblaga o‘girayotganimizda kalima keltirib turdi, dedi ammam.
Mahalladoshlar, qarindoshlar birin-sirin kelib ko‘ngil so‘rayotganida ham, dadasiga suv quyib bersa, savob bo‘ladi, deya yuvg‘ichining yordamchisi meni ichkariga boshlab kirganida ham, ta’ziya o‘qilayotganida ham, tobutni qabristonga eltayotganimizda ham ko‘zimga uncha yosh inmay, karaxtligimcha yuraverdim. Dadamni qabrga qo‘yishayotganda, shu qadar yig‘i keldiki, o‘kranishdan o‘zimni hech to‘xtatolmadim. Meni ko‘rib, ukalarim ham dod solishni boshladi. Xudo bu yig‘ilarimizni ko‘rib turgan bo‘lsa, rahmi kelib, dadamizni birdan tiriltirib yuborsa-ya!
Dadajonim-a, dadajonim-a! Nahotki, endi hech qachon ko‘rishmasak?! Qiyomatda hamma uchrashadi, deyishadi. Hah h-o‘-o‘, qiyomatgacha kutib yotish osonmi?! Bir ketgan sira-sira qaytmasligini bila turib, nega kechasiyu kunduzi yoningizda bo‘lolmadim, diydoringizga to‘yib-to‘yib ololmadim?! Ozgina bo‘lsayam, Sizni rozi qiloldimmi?!
Akram ukam dadamni qabristonga qo‘yib qaytganimizda yetib keldi.
Shu joyda bir narsani aytib o‘tmasam bo‘lmaydi. Buni tentaklikka yo‘yasizmi, ashaddiy beta’sirlikkami, u yog‘i o‘zingizga havola. Dadam uzilgan kuni tumanimizdagi “Paxta uchun” gazetasida bir nechta “To‘rtlik”larim chiqqan ekan, buni kechki payt qo‘shnimiz O‘rinboy akadan eshitib, entikib ketdim, motam butkul esimdan chiqdi, ularnikiga kirib, gazetani o‘qishga tushdim; hozirgi ko‘z bilan qaralsa, bir chaqaga arzimaydigan o‘sha oldi-qochdi narsalarimni huzurga chulg‘anib-chulg‘anib o‘qidim. Bu damda, balki, dadamning go‘rdagi tanasi hali butkul sovib ulgurmagandir ham. Mening esa, ichim charog‘on…
Shu topda shu narsa ko‘nglingga sig‘ganini qara! He, sumbatingdan o‘rgildim!

* * *

Fotihaga kelib-ketuvchilarga ko‘chada qo‘l qovushtirib turishim uch kunginaga cho‘zildi. To‘rtinchi kuni mahallaga osh berganimizdan keyin, brigadirim Mo‘sa aka kuragimni siypalab turib, dunyoning ishlari shunaqa, ukam, bitta-bitta bo‘lib o‘taveramiz, qolganlar yana tirikchiligini qilaveradi, deb taskin bergach, meni dalaga yetakladi. Daladagi ishlarning kundalik hisob-kitobi bu chalasavod kimsani qiynab yuborganini sezdim.
Yana o‘sha chang-to‘zonli dala sari boryapman. Qadamim sust, ko‘zlarim ma’yus, kayfiyatim tushkun, ko‘nglim g‘ijimlangan…

Shamol xomush yelyapti,
La-la-lay…
Qo‘shiq aytgim kelyapti,
La-la-lay…

Men kuylayman nechun goh?
La-la-lay…
Yig‘lamaslik uchun… Oh!
La-la-lay…
(1976)

Dalada ishlar behad tig‘iz edi. Ketma-ket terilaverib, paykallardagi hosil haftama-hafta kamaygani sari; paxtani bugun kechagidan kam topshirib ko‘r-chi, uni qayerdan bo‘lmasin topasan, birinchi sinf o‘quvchisi tugul, menga desa, bog‘cha bolalariniyam dalaga hayda, deydiganlarning qamchisidan ko‘proq qon tomib borayotgandi.
Aynan o‘sha kunlarda kolxoz rahbariyati bilan yana tortishib qoldim. Paxtachilikdagi eng rasvo odatlardan biri – bor hosilni terib topshirib, davlatga paxta sotish rejasini barvaqt bajarib bo‘lgan ilg‘or brigadadan ham, to tuman, viloyat, respublika miqyosidagi “plan”lar to‘lmaguncha, paxta talab qilishaverardi. Dekabrning yarmi o‘tib bo‘ldiki, hech kimda tinchlik yo‘q, chol-kampirlardan tortib, tashkilot-muassasa, zavod-fabrika ishchi-xodimlarining bir qismi terimga safarbar etilgan; oliy, o‘rta maxsus bilim dargohlari talabalari, maktablarning beshinchidan yuqori sinf o‘quvchilari dalada tunab ishlashadi; uchinchi, to‘rtinchi sinfdagilar darsdan keyin yaqinroq joylardagi paxtazorga chiqishadi; ba’zi qishloqlarda birinchi, ikkinchi sinfdagilarniyam paykalga haydashib, bolakaylarning ko‘pi sovuqdan, turli o‘tkir ximikatlarga bo‘kib yotgan g‘o‘zalar zahridan kasalga chalina boshlagan, hatto vafot etgan hollar yuz bergach, aholi orasida paydo bo‘layotgan noroziliklar kuchayishidan cho‘chishdimi, qahratonda boshlang‘ichlarga tegmay qo‘yishdi.
Brigadamizdagilar olachalpak qor qoplagan paykalni dildiragan asnoda kezib, chanoq chetida qolganlari, yerga to‘kilganlarini to‘plab yurib, tong yorishganidan asrgacha zo‘rg‘alatdan bir-bir yarim kilodan paxta terishardi. Asrdan shomgacha esa, qurib bo‘lgan g‘o‘za shoxlarida muzlab qolgan, hali yetilib-yetilmagan g‘o‘r ko‘raklarni uyda chuvish uchun tera boshlashar, terganlarini yuk mashinasi kuzoviga bosib, ustiga o‘zlari o‘tirib olishar, besh kilometrcha masofadagi mahallamizga yetib borguncha sovuqdan ko‘karib ketishardi. Uyga kelgach, daladan sillasi qurib qaytgan kishilar, ovqatlanib bo‘liboq, ko‘rak chuvishga tutinar, oiladagi ko‘makchilarning ko‘pchilik-ozchiligiga qarab, biri xuftonda, biri yarim kechadan o‘tganda ishni tugatardi. So‘ng tabelchi mashina kuzovi chetiga osmatarozini ilib olib, chuvilgan paxtalarni birma-bir yig‘ib kelaverar, ularni qabul punktiga topshirguncha soat uchdan o‘tib qolardi. Garchi, o‘zbeklar “varaqa” deb ataydigan (ruscha “voraxochistilel”), traktor ortidagi maxsus g‘ildirakchadan tortilgan aylanuvchan qayish tasma yordamida ishlaydigan ko‘sak chuvish agregatlari ancha yillar oldinoq ixtiro qilingan esa-da, ular po‘sti qurigan jirttak ko‘saklarnigina chuvishga yarar, ho‘l ko‘raklar “tishlari” orasida hadeb tiqilib qolaverardi. Bundan tashqari, “varaqa” paxtalarning bir qismini po‘choqqa qo‘shib, chiqindiga chiqarib tashlardi, shu bois, kattakonlar iloji boricha bu isrofchi agregatdan foydalanmaslikka intilardi.
Orqaga burilib olishi uchun yerning boshi va oxiridan besh-olti qadam joydagi g‘o‘zalar o‘rib tashlanishi lozim bo‘lgan; paykallarni paypaslab, ko‘rak va paxtalarni yerga to‘kib tashlaydigan; xom ashyoni xas-xashakka qorishtirib, ortiqcha ifloslantirib yuboradigan terim mashinalarining taqdiri ham “varaqa”nikiga o‘xshardi. Yuqoridagilar jazolashidan qo‘rqib, raislar dastlabki terimlarda mashinalarni xo‘jako‘rsinga oz-moz ishlatgan bo‘lishar, so‘ng kolxozchilarning puliga kelgan bu qimmatbaho texnikalar traktor parklarida qatorlashganicha zanglab yotardi. Bu agregatlar ekin maydoni ko‘p, aholisi siyrak bo‘lgan Sirdaryo, Jizzax, Qashqadaryo kabi joylardagina ancha-muncha qadrlanar edi.
Ko‘rak chuvishdagi jinnicha ishlar oxiri hiqildog‘imga qadaldi. Bir kuni brigada a’zolariga chuvishni tugatib bo‘liboq bemalol uxlayverishni, shofyorga paxtalarni yig‘ishga kelmaslikni tayinlab, o‘zim ham vaqtida ko‘rpamga kirdim. Sahardayoq meni idoraga chaqirishdi, bir rais, bir partkom kotibi koptok-koptok qilib bo‘ralashga tushdi.
— Barini yiqqanda, yuz kilodan oshib-oshmaydigan paxtani punktga bugun topshirdik nima-yu, ertaga topshirdik nima, — deb o‘jarlandim men. – O‘sha suvi vishillab turgan paxtalarni bu yoqdan olib borganimiz zahoti u yoqdan ip qilib chiqarishayotgan bo‘lsa, boshqa gap edi, punktda quritilib, yanagi yilning kuzigacha g‘alvayib yotadi baribir.
Ana endi baqiriqlarni yonboshlab tinglayvering:
— O‘rningga odam topilishi bilanoq, sen bolani ketingga tepmasammi!
— Siyosiy tomondan qoloq desam, davlatga g‘irt dushman ekansan-ku!
So‘kishlar eshitish evaziga bir kunlik zaxirani yaratib olib, ishni yangicha tartibda davom ettiraverdim. O‘zimgayam, a’zolargayam ancha yengillik tug‘ildi.
O‘zbekning joni bir misqol paxtaga arzimay turgan o‘sha qarg‘ishli kunlarning birida “yumshoqtabiat eshonvachchalar” sulolasi tarixiga qizil dog‘ sachratuvchi qonli fojia; o‘zimning hayotimda na kechirib, na tuzatib bo‘ladigan mudhish xato yuz berishiga sal qoldi. Daladan qaytib, endigina ovqatlanayotsam, ayam dasturxon ustida o‘z-o‘zidan yig‘lab yubordi. Sababini surishtirdim. Bilsam, uchraganni dalaga quvib yuruvchi guruhdagilardan biri – deputat brigadir zug‘um qilgan ekan; astmam bor, sovuqda nafasim qisadi, desa ham, bozorda erkaklarga iljayib kamzul sotishga yaraydilar-u, paxta terishga yaramaydilarmi, deb ayamni haqoratlabdi. Agar, “erkaklarga iljayib” iborasi qo‘shilmagan bo‘lsa, ayam bu voqeani aytib o‘tirmagan, aytganida ham, men ortiqcha bo‘g‘ilmay, hozir hammaning ahvoli shu, deb qo‘ya qolgan bo‘lardim. Bir vaqtlar biznikiga ta’zimlanib kirib yurgan, yaqingachayam dadam bilan memaxonalarda tovoqdosh bo‘lgan kimsaning bu qadar beyuzligi, oilamiz hamiyatini tepalashga botingani yuragimga bigiz sanchdi, tomog‘imdan ovqat o‘tmay qoldi.
Akram ukam hanuz harbiydaligi, kichiklari hali yosh bo‘lgani uchun, jangarilikda tengi yo‘q, undan o‘zim ham cho‘chib turadigan Tohir ukamni sekin tashqariga imladim. Chiqqach, yopilma pichoqchamni cho‘ntakdan olib, qo‘liga tutqazdim-da, hozir falonchinikiga boramiz, men chaqirib mushtlashaman; agar ular ko‘pchilik bo‘lib tashlanishsa, boshqalarga tegmaysan-u, to‘g‘ri borib, o‘sha falonchining qorniga emas, oyoq-poyog‘iga pichoq urasan; qo‘rqma, sen hali o‘spirinsan, turmaga qamashmaydi, akamni savalashayotganini ko‘rib, pichoqchamni qanday ishga solganimni bilmay qoldim, desang, bolalar koloniyasiga jo‘natishadi xolos; shunaqa marazlarga indamay yuraversak, birov biz yetimlarni mensimay qo‘yadi, oxiri mahallada kun ko‘rolmay qolamiz, dedim. Ukam negadir qattiq qizarib ketdi-yu, e’tiroz bildirmay, bo‘pti, dedi.
O‘shanda mahalladoshlar o‘rtaga tushib, ikkalamizni ertasigayoq yarashtirib qo‘ygan, hozirga kelib, farzandlari farzandlarim bilan do‘stlashib yurgan, shularni nazarda tutib, shu topda men otini yashirayotgan o‘sha kimsaning xonadoniga borib, darvozasini itarsam, orqadan tanbalab qo‘yilibdi. Qancha qichqirib chaqirmayin, ichkaridan “tiq” etgan tovush eshitilmadi, bezovta bo‘lgan qo‘shnilar bir-bir chiqib kelib, nima gapligini surishtira boshlashdi. Eslikroqlaridan biri qo‘ltig‘imdan mahkam tutib, bilib turibman, bu odam sizni qattiq xafa qilganga o‘xshaydi, shuni ertaga o‘zim birga turib gaplashaylik, deya meni uyimiz tomonga sudradi. Bu g‘alvadan kechroq xabar topgan keksa tabelchi Bozor Mirza endigina kiyinib, ko‘chaga chiqayotgan ekan, meni yetaklab kelishayotganini ko‘rib, uyimizga birga kirdi, o‘sha guruhda o‘zim ham bor edim, bu yaramasning “sassiq”ligi qo‘zib, ayangizni ranjitganida, uni sekin ko‘chaga tortib, chakki qilding, bugun uyingdan chiqmayroq tur, ayasi Anvarga arzlanib qolsa, bir baloni boshlamasin, deb uni ogohlantiruvdim-a, dedi. Buni eshitib, nima uchun darvoza erta tanbalab qo‘yilgani, shuncha chaqirsam ham hech kim javob qaytarmagani sababini nihoyat anglab yetdim.
Bu hodisa qachon esimga tushsa, zap dono odam bo‘lgan ekan o‘sha Bozor Mirza, deb qo‘yaman. Agar u raqibimni oldindan seskantirib qo‘ymaganida, janjalning oqibati nima bilan tugashi noma’lum edi. Avvalo, Xudoning o‘zi ish yaxshi tomonga burilishini boshqarib turgani aniq.
Ayam yozda dalachilar kiyadigan kitellar, qishda erkaklarning paxtali kamzulini tikib sotib, menikidan ikki-uch baravar ko‘p pul topsa-da, ro‘zg‘orimizdagi yetishmovchiliklar ortib bormoqda edi. O‘spirinlik belgilari qiyofasida endigina tepchilanayotgan Avazbek ukam qiyinchiliklarga chidamadimi, kuzning boshrog‘ida, hatto, uydan qochib ham ketdi. Jon hovuchlagancha qidirib-surishtirib yurganimizda, xayriyatki, uch kundan keyin o‘zi uyga qaytdi. Abdusattor degan sinfdoshi bilan Qo‘qonga borib, bir choyxonachiga yugurdaklik qila boshlashganida, uchastka militsioneri ularni so‘roqqa tutib, qamamasimdan oldin tezda uyga jo‘na ikkoving, deb quvib solibdi.
Bug‘oltir bo‘lib olsam, balki ahvolimiz ancha yaxshilanar, deb umid qilardim. Lekin, yangi yilga o‘tib, eski yilning yakunlari hisob-kitob qilinayotgan kunlari rahbarlar bilan oram yanada buzildi-yu, bu umid tugal chippakka chiqdi. G‘alati bir qoida mavjud bo‘lib, yil davomida dalachilarga issiq ovqat pishirib berib turildi deya, har qaysi brigadaga alohida vedomostlar tuzilarkan, kolxozchilar bularni yegani haqida qo‘l qo‘yib berishgach, ularning “otchyot” degan yillik qo‘shimcha mukofotidan ma’lum miqdorda pul chegirib qolinar ekan. A’zolar uylaridan navbati bilan qaymoq opkelib sho‘rva pishirishardi, yemagan narsalariga qanday qo‘l qo‘ydiraman, deb ko‘nmadim. Yana tortishuv, yana mashmasha!
Partkom kotibi mahalladoshim edi. Bir kuni uning onasi ayamning oldiga kirib, o‘g‘limning aytishicha, bolangiz haddidan oshib ketganmish, endi uni bug‘oltirlikkayam olishmaydi, tomorqayam berishmaydi, debdi.
Qishlog‘imizda ikkita kolxoz bo‘lib, men ishlayotganim Jdanov nomida edi, unisini “Leninobod” deyishardi (u davrda o‘zbekona atalguchi kolxoz deyarli yo‘q edi). “Leninobod”ga uyimizning ortidagi hovlida yashovchi Mamadali G‘iyosov rais edi. Ayam uning onasi yoki xotini orqali iltimos qilgan bo‘lsa kerak, bir kuni meni ko‘chada uchratib, bizning kolxozga o‘tib ishlasangiz-chi, deb qoldi. Darrov rozi bo‘ldim.
Mayli, bu “kabob”niyam bir tatib ko‘rsak ko‘ribmiz-da…

O‘PKANI BOSISH KЕRAKMI, BOSAMIZ

Holingga kuymag‘onlardan noliyvermay, o‘zingga o‘zing kuyaversang-chi, okosi!
Gulmat SHOSHIY

Yangi joyga o‘tishimdan oldin, ayam meni yoniga o‘tirg‘izib, suyanadigan dadang ketdi, endi oilaning otasi sensan, ukalaring izingdan yurishini o‘ylab, o‘zingni bosvol; kim nima buyursa, to‘g‘ri-noto‘g‘riligini surishtirib o‘tirmay, “xo‘p” deyaver-chi, shundayam ko‘kragingdan turtaveradigan battol topilsa, uni Parvardigor o‘zi yo‘lingdan olar, deb ancha nasihat qildi. Ko‘pincha bo‘ladiganidek jerkib emas, sokin tovushda yig‘lamsirab gapirgani uchunmi, so‘zlari ko‘nglimga qattiqqina ta’sir qildi. Qolaversa, ishlar chappa keta boshlagach, shunchalar qaysar bo‘lishim shartmidi, loaqal tomorqa olguncha kattakonlar bilan kelishib turatursam bo‘lmasmidi, deya o‘zim ham fe’l-atvorimni o‘zimcha tahlil qilib yurgandim.
“Leninobod”da meni Grajdan mudofaasi shtabi boshlig‘i lavozimiga tayinlashib, klub mudirliginiyam vaqtincha eplab turasiz, deyishdi (klubda qiladigan ish uncha ko‘p bo‘lmasa-da, keyinroq alohida mudir olishdi). Yuqoridan belgilab berilgan ko‘rsatmalar bo‘yicha kolxozchilar o‘rtasida o‘quv-mashg‘ulotlar o‘tkazib, ularga ommaviy qirg‘in qurollaridan qanday saqlanishni, gazniqoblardan foydalanishni, omadi kelib o‘lmay qolgan yaradorlarga dastlabki tibbiy yordam ko‘rsatishni o‘rgatish birinchi galdagi vazifam hisoblanar; goh tepadan tekshiruvchilar kelib, idora xodimlaridan yigirma-o‘ttiztasi orasida mashg‘ulot o‘tkazib ketishini istisno etganda, qolgan ishlarning hammasi quruq qog‘ozda “bajarilar”, men kolxozdagi son-sanoqsiz katta-kichik yumushlardan ortmasdim. Bir garajga yugurtirishadi, bir fermaga, bir do‘kon yoki bozorga.
Raisimiz Mamadali aka qattiqqo‘l va tajangfe’lligiga qaramay, menga doim mo‘’tadil munosabatda bo‘lardi. Idora xodimlari bilan ham qalin edim. Ayniqsa, bosh buxgalter Urayim aka, partkom kotibi Qahhor aka mendan tez-tez ahvol so‘rab, oilada muammolar yo‘qmi, deb turishardi. Bu mehribonliklar raisning menga munosabati yaxshiligi uchungina emas, kim nima ish buyursa, uchib-chopqillab yurib bajarishim, har qanday tang vaziyatdayam deyarli gap qaytarmasligim, yumushlarni nechog‘li ortiqcha tiqishtirib yuborishmasin, charchab ketganimdan shikoyat qilmasligim tufayli edi, avvalo. Qolaversa, “Leninobod” oldin ishlagan kolxozimga o‘xshab qoloq emas, ilg‘or xo‘jalik bo‘lgani ta’siridanmi, bu yerdagilarning kayfiyati baland, ko‘ngli doim yorug‘ edi.
Kunda xil-xil yumush ko‘ndalang kelaverardi. Partkom kotibi qo‘limga qizil mato, chizuv qurollarini tutqazar, dam qo‘shni tuman, dam boshqa viloyat yoki qardosh respublikadan kelib, tajriba almashib ketadigan musobaqadoshlarni alqovchi shiorlar yozib berishimni so‘rar; asli kasbimdan xabardor bosh buxgalter ba’zi-bir hisob-kitob ishlariga ko‘maklashishimni iltimos qilar; raisimiz o‘tgan besh yillik mobaynida kolxozning davlatga paxta, pilla, don, go‘sht, sut, jun kabi mahsulotlar sotishdagi o‘sishlarini katta-katta oq karton qog‘ozlarga suratdor qilib chizib, xonasi devorlariga qoqib qo‘yishimni buyurar edi. Goh konserva zavodiga kolxozning meva-sabzavotini topshirib kelardim, goh omborchiga narsalarini tartibga solishda ko‘maklashardim, goh pilla qurti parvarishini tekshiruvchilar bilan birga uyma-uy yurardim, goh chokidan ketgan stullarni tuzatib berardim, goh paxta terimiga chiqqan qariyalarga vaqtincha brigadir bo‘lardim, goh kolxoz a’zolarini gazeta-jurnallarga obuna qilardim, goh idora xodimlariga ovqat pishirayotgan oshpazning yonida o‘choqqa o‘t qalab o‘tirardim…
Boshqacha odam bo‘lib borayotgandim. Birda ayamning nasihati, birda og‘ir yotgan dadamning aka-ukalar birligini yo‘qotmaslik, oila nufuzini qattiq asrash haqidagi gaplari tez-tez yodimga tushar, xulqimni o‘nglashga astoydilroq intila boshlagan edim.
Hammasini bilib yuribsan, yigitcha, hayotda telba-teskari ishlar, ma’nisiz topshiriqlar, o‘rinsiz qo‘polliklar, ko‘r-ko‘rona nohaqliklarning adog‘i yo‘q; olishaman, kurashaman, haqligimni isbotlayman, desang, umr bo‘yi boshing g‘alvadan chiqmaydi, baribir oxiriga yetolmaysan. To‘g‘ri, bularni ko‘rib turib, indamay chidab yuraverish nihoyatda qiyin. Biroq, bariga bas kelaman, deyish – pastga yumalanayotgan ulkan xarsangni to‘xtatib qolishga urinishdek gap. Shunday ekan, odamlarning aksariyatiga taalluqli muammolar xarsangini bir zarbda parchalab tashlashga behuda guvlanavermay, ahvolini yuqoridagilar emas, o‘zing yengillatib bera oladigan alohida-alohida kishilarga qaralashib, ularni zaha yeb qolishdan imkon qadar asrashga intilaversang, qalay bo‘larkin? Shunday qiluvchilar qancha ko‘payaversa, chalkashliklar, nohaqliklar shuncha kamayib, kishilarning mushkuli o‘z-o‘zidan osonlashib boraveradi-ku. Bu olamda odamlarga faqat o‘z vakolating, o‘z mavqeing, o‘z imkoniyating doirasidagina yaxshilik qila olishing mumkinga o‘xshaydi. Agar, aytilgan iltimosni bajarish vakolatingdan tashqarida bo‘lsa, buni yuqoridagilar ko‘magida hal qilishga urinib ko‘r, ular rad etsa, xafa bo‘lma, tortishma. Boshqa yo‘lini izla.
Ha, sabrliroq bo‘lishing, har bir vaziyatga vazminlik bilan, aql bilan yondoshishni o‘rganishing, oldin ishning tagiga yetib, so‘ng biron to‘xtamga kelishing lozim shekilli. Senga yoqmagan narsani o‘zgalar faqat shaxsiy nafsi, shaxsiy mavqeini o‘ylab qilyaptimi yoki, o‘zi istamagan taqdirdayam, baribir shunday qilishga majburmi? Masalan, narigi kolxozning rahbarlari bilan so‘nggi tortishuvingga sabab nima? Doim shunday qilingan, bundan keyin ham qilinaveradi, boshqa iloji yo‘q, deb brigadiringdan tortib partkom kotibigacha peshanangga qo‘l niqtashdi, sen tagini surishtirmay, brigadamizdagilar yemagan ovqatni yeyildiga chiqarib qo‘l qo‘yolmayman, deya so‘zingda turib olding. Oxiri, rais xonasiga chaqirtirdi. Hushyor bo‘l, qo‘rsligi tutsa, kaltaklashi hech gapmas, deb seni qo‘rqitishgani uchun, pufaykangning cho‘ntagiga tosh solib, sekingina huzuriga kirding. Rais baqirmadi, o‘tirishga taklif etib, bosiq tovushda so‘zlay boshladi:
— Nimaga hadeb bizga sapchilayverasan, Anvarjon? Dadang rahmatli bilan ko‘p ulfatchilik qilganmiz, uylaringdan tuz totganman. Shularni o‘ylab, seni iloji boricha avaylab yuribman. Bir chidadim, ikki chidadim, hozirga kelib odamni qon qilvording-ku, bolam! Kolxozga har kuni raykom vakili, har haftada obkom vakili keladi, oyida kamida bir marta gala-gala bo‘lib komissiya bosadi, uch-to‘rt kunlab ishimizni tekshirishadi, bir mexanizatorlar, chorvachilar, ximizatorlar seminarini qatorlashtirib o‘tkazishsa, bir yong‘inga qarshi kurashuv, yo bo‘lmasa, atom bombasidan saqlanish mashg‘ulotlarini tashkil etishadi. Ularni yedirib-ichirmasang, bo‘lmasa. Shularga ketgan xarajatlarni kolxozchilarning hisobidan yopamiz-da, bolam.
Baribir tushunishni istamading, uyimga mehmon kelsa, o‘zimning cho‘ntagimdan xarjlab kuzataman, nega sizlarnikini birovlar to‘lashi kerak ekan, deb yana to‘nglik qilding. Rais sho‘rlik shundayam lovullamay, bo‘pti, bu brigadaga hasharchilar uchun tekin ovqat tarqatib turilgan, desak ko‘ngling to‘ladimi, deya yon berdi. Nima bo‘lgandayam, jo‘yali odam ekan bu Esa Hakim degani…
Qisqasi, o‘pkangni bosib ol, Anvarvoy. Dadangning: “Endi hamma narsa senga qolyapti, pishiq bo‘l”, degan gaplari esingdami? Hali xomsan, g‘o‘rlikdan tezroq qutul, degani bu. Balki, tag‘in ko‘p gaplarni aytgisi kelgandir-u, aytmagandir. Senga bezovta tikilgan ko‘zlar o‘shanda o‘zicha yana nimalar deganini topishga urinib ko‘r: bilib turibman, bolajonim, senga juda qiyin bo‘ladi. Qanday chigalliklarga duch kelishing mumkinligi-yu, ulardan qutulishda qanday xislatlarga tayanmog‘ing lozimligi, birinchi galda qaysi xil ofatlardan ehtiyot bo‘lishing zarurligi haqida ortiqcha ezmalanishimdan shu topda foyda yo‘q, bunaqa narsalarni eshitging ham kelmaydi hozir. Tomdan yiqilib ko‘rmagan odam, o‘zidan ko‘proq ko‘ylak yirtganlarning “tomning qirg‘og‘ida yurma”, degan nasihatini bir pulga olmasligi aniq. Odam bolasi, turtinib-qoqinib yurib, bularni o‘zi bir-bir anglab yetaveradi. Muhimi, Xudoyim seni biron-bir xato bois qattiq shikastlanishdan asrasa bas, mundoqroq yaralar bitib ketaveradi. Ishqilib, ko‘r hassasini bir marta yo‘qotadi, degan maqolga amal qilib yashay olsang, xatolardan to‘g‘ri xulosa chiqarishni o‘rganolsang bo‘lgani. Seni Xudoga topshirdim, bolajonim, manglayingni O‘zi yorlaqasin.
Bir narsa o‘zimga ham ayon edi – irodam kuchli emas, asabim bo‘sh. Menga, birinchi galda, shular pand berishi mumkin. Irodani aql bilan boshqarsa, chidashga kuch topsa bo‘ladi. Kuchning bosh manbai – ruh, ruhni hozirgidek baland tutishga urinaverishim kerak. Demak, eng xavflisi – asabim. Qattiq jahlim chiqdimi, tamom – o‘zimni butkul idora qilolmay qolaman, nimalar deb, nimalar qipqo‘yganimni o‘tim bosilgandagina anglab yetaman. Dadamning ajdodlari orasida bunaqalarni ko‘rmaganman, bu xislat menga ona urug‘imdan o‘tgan. Eng oldin, har qanday holatda ham asabni jilovlashni qattiq mashq qilmog‘im zarur.
Yangicha tushunchalar bilan yangicha kayfiyatda yashayotganim har qadamda o‘z samaralarini berayotgandi, boshqalarga bo‘lgan hurmatim o‘zimga izzat bo‘lib qaytayotgandi, o‘zgalardan ko‘proq yaxshiliklar ko‘ra boshlagan edim. Menga bir yil o‘tmayoq tomorqa bermoqchi bo‘lishdi. Mamadali akaga o‘z mahallamga yaqinroq joyda yashasam devdim, desam, mayli, narigi kolxozdagi yangi raisga aytaman, birorta tomorqa topsa bo‘ladi, deb ko‘nglimga quvonch soldi. Narigi kolxozda rahbar almashib, oldingi partkom kotibi endi rais bo‘lgandi. Unga Mamadali aka aytgan bo‘lsa kerak, bir kuni o‘zi uyimizga kirib, senga qayerdan tomorqa berishni mo‘ljallab yuribman, topsam, xabar qilaman, dedi. Yanada sevindim. Ammo, besh-olti kundan keyin qo‘shnimiz usta Orifjon tog‘a meni ko‘chada to‘xtatib; Anvar o‘zi kolxozimizdan qochib ketgan bo‘lsa-yu, yana mendan tomorqa so‘raydi-ya, aytib qo‘ying, berolmayman, dedi raisimiz, deb qoldi. “Leninobod”dagi raisimiz Mamadali akaga bu haqda hech nima demadim, toqat qilsam, xudo axiyri beradi-da, degan qarorga kelgandim.

Non yemadi zorlanib…
Tilanishdan orlanib,
O‘lib ketdi xorlikda.

Oldingidan yaxshiroq pul topayotgan bo‘lsam-da, haligacha tomorqa ololmayotganim, bo‘sh vaqtimda hovlidagi ishlarga unnamay, yana nimalarnidir yozib-chizaverishim hanuz ayamning asabiga tegardi. Harbiydan qaytgan Akram ukangni uylashimiz kerak, unga joy qani, deyavergach, dadam qurdirgan uyning biqiniga usta Abduqahhor boshchiligida ayvonli imorat solishga kirishdim. Shundayam ora-sira she’r yozaverardim. Kolxozimizdagi zafarlarga bag‘ishlangan biri gugurtning, biri sigaretning qutisidek keladigan xabar-maqolachalar qatorida goh-goh she’rlarim ham ko‘rinib qolardi. Bahonada, tuman gazetasidagi barcha xodimlar, jumladan muharrir Tursunali Azizov bilan ham yaqinroqdan tanishib boraverdim. Gohi gazetada adabiy xodimlik qiluvchi qishloqdoshim Erkin Ibrohimovga (bir mahallar mendan oldin qishlog‘imiz kutubxonasida ishlagan o‘sha o‘qituvchi yigit), gohi redaktorning o‘ziga shu dargohga o‘tib ishlash orzum borligini chikitib turardim. Harbiyda yurganimda, uzoq vaqt she’r jo‘natmay qo‘yganimdan taajjublanib, obuna tashviqoti bahonasida uyimizga shoir Miraziz A’zamni yuborgan “G‘uncha” jurnali jamoasi bilan ham eski aloqani tiklab oldim – xatda she’rlar yo‘llashni davom ettirdim.
Kolxoz partkomi kotibi Qahhor akaga majlislar protokolini rasmiylashtirib, papkalarga tikib borishda, kommunistlardan a’zolik badallari yig‘ishda, yuqori tashkilotdan kelgan ko‘rsatmalar qanday bajarilayotgani yuzasidan hisobotlar tayyorlashda ko‘maklashib turar edim. Shu boisdan u meni bot-bot qistovga olib, ba’zida qo‘lingizdan hatto partiyaning maxfiy hujjatlari o‘tyapti, sizni partiyaga qabul qilmasak bo‘lmaydi, deyishga tushar; men esam, biron-bir firqa a’zosi xotinini qattiqroq xafa qilib qo‘ysa ham, ayamay po‘stagini qoqaveradigan partiyaga yaqin yo‘lashdan cho‘chib, ishni paysalga solaverardim. Vaholanki, o‘sha davrda, ayniqsa, ziyolilar, mutaxassis kadrlar orasida firqaga o‘tishga urinuvchilarning soni besanoq edi; partiya esa, o‘z safida ko‘proq oddiy ishchi-dehqonlar bo‘lishini istardi, bundaylar bilan umumiy til topishish oson edi, chamasi.
Odmife’lligim, ijrochiligim kuchimdan foydalanib turuvchilarning bariga yog‘dek yoqardi, hammasi biron yaxshilik qilishga, loaqal yaxshi yo‘l ko‘rsatishga tirishardi. Bosh buxgalter Urayim aka menga kasbining sirlarini chuqurroq o‘rgatishga, bug‘oltirlikka olishga urinar; iqtisodchi lavozimida ishlab, kolxoz komsomol tashkilotini ham boshqarayotgan Muhammadjon aka mendan komsorg yasamoqchi bo‘lar; A’zam aka, Haydar aka, Ikrom akalar, agar qishloq xo‘jalik institutini loaqal sirtdan bitirib olsam, kelajakda albatta rais bo‘lishimni bashorat qilishar; partkom kotibi Qahhor aka, xo‘p deb partiyaga kirsam, ikki yildan keyin oliy partiya maktabiga o‘qishga yuborishini aytib, sizning joyingiz kamida raykom idorasida bo‘lishi kerak, deya yanada balandroqdan kelardi. Go‘yo bari o‘zaro maslahatlashib, shoirlikdan ko‘nglimni batamom sovutmoqchidek.
Bir kuni, hisobchilikdan nafaqaga chiqqan yahudiy cholni shahardan chaqirib, arxivga topshiriladigan buxgalteriya hujjatlarini joy-joyiga qo‘yib papkaga tikish ishiga yollashdi. Xona devoriga qoqilgan, ishlab chiqarishdagi o‘sishlarga oid bezakdor plakatchalarni men chizganimni bilgach, chol oldimga yaqinroq surilib, nega bu yerda changga botib yuribsan, o‘g‘lim Farg‘ona rus teatrida ishlaydi, rozi bo‘lsang, o‘sha yerga rassom qilib joylab qo‘yardim, dedi. She’rlar, maqolalar yozib turishim, jurnalistikaga kirib o‘qish niyatim borligini aytdim.
— Unda, bu yerdan tezroq qorangni o‘chir, — deb kuymalandi chol. – Shahardagi gazetadayam tanishlarim bor. Qatnashdan erinmasang, kichikroq bir ishni bo‘lsayam to‘g‘rilaymiz. Qani, uy telefonimni yozvol-chi…
Redaksiyaga kirib ishlash borasidagi orzuyimning cho‘g‘iga yahudiy chol kerosin sepgandek bo‘ldi. Muxbir Erkin akaga aytaman, muharrirning ko‘ngliga yana bir marta qo‘l solsin, hali-veri ishga olisholmasa, shu cholga osilib ko‘rarman, deb o‘yladim.
Harbiy bazadagi bosh buxgalterimiz Tamara opani ham, pasportida “rus” deb yozilgan bo‘lsa-da, aslida yahudiy, deyishardi. O‘sha opa menga qancha mehribonliklar qildi. Mana endi yana bir yahudiy qo‘ltig‘imdan ko‘tarmoqchi. Yahudiylar mafiyasi jahondagi ba’zi yirik-yirik mamlakatlar iqtisodiyoti va siyosatida hal qiluvchi qora kuchga aylangani, Isroil davlati musulmon qo‘shnilarning tinchini buzib turish maqsadida ataylab yaratilgani xususidagi qarashlarni chuqur tahlil qilishdan ojizman. Ammo yahudiy haqida kim nima desa desin-u, mendan so‘rashsa, hamma millat vakillariga o‘xshab, bularning ham yaxshisi bor, bema’nisi bor, degan bo‘lardim.
Temur hazratlari 1370 yili Balhda bo‘lgan qurultoyda Turkistonning amiri deb tan olinganidan so‘ng, oradan roppa-rosa olti yuz yil o‘tib, 1970 yilda turmushimdagi eng quvonchli, eng esda qolarli voqealardan biri yuz berdi – o‘g‘il ko‘rdim, “ota” degan unvon oldim. Eshon bobomizning xotirasini e’zozlab, birinchi farzandimga Bahrom deb ot qo‘ydim.
Surat titkilashni bolalikdan xush ko‘raman. Damodam albomni ochaman, eski suratlarga uzoq-uzoq tikilaman, abadiy qotib qolgan ko‘zlardan ma’no qidirishga tushaman. Dadamning nigohidagi ma’no boshqalarnikidan ming baravar ko‘proqdek. Bu tiyrak ko‘zlarga birdan dadil boqaman, o‘zimcha pichirlab qo‘yaman: “Tashvish tortmang, dada. Hammasi yaxshi bo‘ladi…”

KISSAVURNING MAKTUBI

Vaysaqilar ikki toifaga bo‘linadir: biri – tentak, biri – jo‘rnolis.
KULKUL afandi

Bahromboyning qadami qutlug‘ keldi, o‘sha yili xonadonimizga yangi uy qo‘shildi, u tug‘ilgan oktyabr oyida kolxozdagilar maoshimni oshirishdi. Yana desangiz, 1971 yilning boshidayoq tumanimizdagi “Paxta uchun” gazetasiga ishga chaqirilib, birinchi fevralda adabiy xodim lavozimiga tayinlandim. Erkin aka o‘rnini menga berib, ishdan bo‘shab ketgan bo‘lim mudirining joyini egallagandi. Shu davrgacha bosib o‘tgan yo‘limdagi turli-tuman ishlarni tiqishtirib o‘tirmayin, Tangrim umr bersa, pensiyaga chiqishimda bundan buyongi mehnat faoliyatimning o‘zi yetib ortadi deb, redaksiyada yangitdan “Mehnat daftarchasi” ochdirdim.
Voh! Shu balandmaqom muassasada ishlayotganim, nahotki, rost bo‘lsa?! Bu yerga yaqinginadayam oyog‘imning uchida kirib kelib, hatto qorovuli bilan egilib so‘rashardim. Mana, endi jigarrang polidan tortib ko‘kish derazasi oynalarigacha chinnidek artilgan, devorlari yangi qordek oppoq, pastdan shipgacha bo‘y cho‘zgan golland gaz-pechi laklangan xirom etikning qo‘nji misol tim qora, eshigi qo‘shqanot bo‘lgan xonadagi biqqi stulda Xudoyorxonga o‘xshab yap-yalpayib o‘tiribman.
Jurnalistikaning “odmi qolipi”ga tushishim oson kechmadi. Shoirchilikda gapning gajagini burab, jumlalarga badiiy qalpoq kiydirib yozishga o‘rganib qolgan ekanman, qaysidir brigada a’zolari paxta topshirish planini tumanda birinchilar qatorida bajarganligi to‘g‘risidagi kichkinagina oddiy xabarni ham quyuq ranglarga to‘ldirib, falon brigada Alpomishzodalari xalqparvarlikda tengi yo‘q hukumatimizning tabarruk topshirig‘ini ohudek ildam qadamlilar safida sharaf bilan do‘ndirishga musharraf bo‘ldilar, kabi jimjimador so‘zlarni qalashtirib tashlardim. Bo‘lim mudiri bularni indamay tahrir qilar, agar bitganlarim shundayicha redaktor o‘rinbosarining qo‘liga borib qolsa, jaybillosi qo‘zib, shovqindan xona devorlarining suvog‘i ko‘chgudek bo‘lardi. Dastlabki chog‘larda tanbehlarni mensigim kelmay, o‘zlari chiroyli yozolmaydi, uddalaganni ko‘rolmaydi, deb ranjib yurgan bo‘lsam, bora-bora epaqaga kelib, ikki-uch oyda sharoitga deyarli to‘liq moslashdim.
Adabiy xodim degan nomni tuzukroq oqlash uchun oldin gazetaning to‘rtinchi betida “Shanba sahifasi” degan rukn tashkil etib, ustiga o‘zim suratli ramka chizib berdim; sal o‘tib, redaksiya qoshida adabiy to‘garak ochdim. To‘garakda oyiga ikki marta mashg‘ulot o‘tkazib turilar, qatnovchilar soni yigirmadan oshib qolgan, ular orasida keyinchalik shoira sifatida keng tanila borib, Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilingan Enaxon Siddiqova (Erkaboyeva), Maqsuda Ergashevalar ham bor edi. “Shanba sahifasi”da to‘garakchilarning she’r va hikoyachalariga birinchi navbatda o‘rin berilardi.
Gazetamiz ixlosmandlarining oshishiga shu yangilik ham sabab bo‘ldimi, navbatdagi obuna mavsumidan keyin, tiraj keskin o‘sdi. Ko‘p o‘tmay, qo‘shni tuman gazetalaridayam shunday adabiy sahifalar paydo bo‘la boshladi. Bu hol tepadagilarga yoqmay, viloyat Matbuot boshqarmasida bo‘lgan bir yig‘ilishda “xashakona she’rbozlik”lar qattiq tanqid qilinibdi, ayniqsa, bizning nashrimiz ustida alohida to‘xtalishibdi, viloyatdagi nomdor shoirlardan biri bu partiya gazetasimi, adabiyot gazetasimi, deyishgacha borib yetibdi. Shundan keyin, boshqa gazetalardagi adabiy sahifalar o‘z-o‘zidan yo‘q bo‘lib ketdi. Biz esak, yo‘ldan toymadik, gazetani uzoq vaqtdan beri boshqarib kelayotgan, kattakonlar orasida hurmati baland bo‘lgan redaktorimiz Tursunali aka menga o‘sha majlisdagi gaplarni bamaylixotir aytib, bundan keyin ko‘proq tarbiyaviy ahamiyati bor she’rlardan bering, deb tayinladi xolos.
Tursunali aka o‘zi ham she’r, hajviyalar yozib turardi. Men gohida ruslarning “Krokodil” jurnalidan hajviyalar tarjima qilib, “Shanba sahifasi”da bersam, qalamingiz bor, shunaqa narsalarni o‘zingiz to‘qolmaysizmi, derdi. Ilgariyam hajviya janrida salgina mashq qilib yurardim, astoydilroq qo‘l urdim. Ba’zan Tursunali aka biror mavzuni shama qilib qolsa (keyinchalik, hatto, shama qilmasa ham), hajviya yozib, ko‘pincha ikkalamizning nomimizdan bosardim.
Bir yildan so‘ng meni qishloq xo‘jaligi bo‘limi mudirligiga tayinlashgan bo‘lsa-da, “Shanba sahifasi”ni chiqarish baribir zimmamda qolaverdi. Matbuot boshqarmasidagi tanqidlardan keyin, muharrirning aytganini qilib, dastlabki davrlarda asosan zamonani, mehnat qahramonlarini ulug‘lovchi she’rlarni berib bordik, tepadagilar qaytib injiqlik qilishmagach, goh-goh “o‘tkirroq”larini ham qo‘sha boshladik.
U davrda ommaviy axborot vositalari ustidan davlatning qat’iy nazorati o‘rnatilgan, nashriyotlardagi kitoblar, respublika, viloyat gazetalari, teleradio materiallari oldin senzuradan o‘tkazilib, so‘ng ommaga tarqatilardi. Tuman gazetalarini esa, nazoratchi kadrlar soni kamroq bo‘lsa kerak, chiqib bo‘lganidan keyin, bir oyligini to‘picha tekshirib, e’tirozlar tug‘ilsa, redaktorga ma’lum qilib turishar, kattaroq xatoga yo‘l qo‘yganlarni partiyadan o‘chirib, ishdan haydashgacha borib yetishardi.
Muharririmiz materiallarning aksariyat qismini gazeta bosiladigan kunda bosmaxona terib bergan sahifadan o‘qirdi. O‘qib ko‘rib, bu narsani aytish taqiqlangan, deya ba’zi maqolalarning ayrim joylarini o‘chirib tashlardi. Bularning hammasini u qayerdan bilarkin, deb hayron bo‘lardim, keyinchalik sirning tagiga yetdim. Tursunali akaning tez-tez qon bosimi ko‘tarilib turar, yuragi ham kasalga chalingan, hadeb davolanishga yotavermasa-da, o‘zini kamroq urintirishga astoydil harakat qilardi. Gohida sahifalarni menga berib, bularga shunchaki ko‘z yugurtirib chiqdim xolos, siz sinchiklabroq o‘qing, imlo xatolar ketmasin, derdi. Ishni sidqidildan bajarardim, imlo xato kamdan-kam o‘tib ketardi. Ayrim maqolalarda mujmalroq jumla uchrasa, muharrir bilan maslahatlashib, tahrir qilardim.
Bir galgi jumada, ishlar tugagach, Tursunali aka meni xonasiga chaqirib, buni birovga ko‘rsatish mumkin bo‘lmasa ham, sizga ishonib beryapman, uyga olib ketib, shanba-bozor ichi yaxshilab o‘qib chiqing, unda yozilganlarni boshqalarga gapirib yurmang, deya qo‘limga yupqagina kitobchani tutqazdi. Bu – gazeta ishida nimalarga alohida e’tibor berish lozimligi haqida senzurachilar tomonidan tayyorlangan qo‘llanma ekan. O‘qib ko‘rdim: falon-falon yo‘nalishdagi zavod-fabrikalar haqida umuman og‘iz ochmaslik kerak; falon-falon korxonalar ishini yoritsa bo‘ladi-yu, rejalar oshirib bajarilayotganini maqtash bilan cheklanib, qanday turdagi mahsulotlar ishlab chiqarilayotgani aytilmasin; dalaga samolyotlarda kimyoviy dori sochilayotganini yozish mumkin, samolyotlarning umumiy miqdorini ko‘rsatish, hatto falon joydagi eskadrilyaga qarashli deyish mumkin emas; askarlarni maqtashga ijozat bor, ular qay hududda joylashgan qism ixtiyorida ekanini ma’lum qilishga ruxsat yo‘q va hokazo, hokazo.
Muharrirning niyati nimaligini dushanba kuni kitobchani qaytarib berganimdan keyin bildim.
— Ko‘rib yuribsiz, ora-sira bir-ikki kun davolanib turishimga to‘g‘ri kelyapti, — dedi u. – O‘rinbosarim andak mas’uliyatsizroq odam. Bundan keyin yo‘qligimda sahifalarni o‘zingiz o‘qib, bosishga o‘zingiz ruxsat berasiz. Manavi o‘qigan kitobchangizda nimaiki taqiqlangan bo‘lsa, boshqalarga tushuntirib o‘tirmay, maqolalardan indamasdan o‘chirib tashlayverasiz.
Muharrir o‘rinbosarining ko‘ngli nozikligini eslab, men turganda, sahifaga nega bu bola qo‘l qo‘yarkan, deb Yoqub aka xafa bo‘lmasmikin, desam, bir ko‘zingiz ojizligini o‘ylab, sizni xatga ko‘p tikiltirib qiynagimiz kelmayapti, deyman-da, deb kuldi muharrir. Shundan keyin muharrir ishga chiqolmagan kunlari sahifalarni o‘qib, bosishga men ruxsat beradigan bo‘ldim. Bunday e’tibor, bunday ishonchlardan juda quvonardim, o‘zimni bosishga qancha urinmayin, sekin-sekin havolanib ham borayotgandim.
Hayotda oyoqqa turib oldim deb yurganimda, eski revmatizmim qayta qo‘zib, oyog‘im birdan pand berdi. Bir-ikki kun uyda yotganimdan so‘ng, kasalxonaga zambarda olib ketishdi. Bir oycha davolandim. Bu jarayonda bir hamshira juvonchani sevibroq qoldim. U she’riyatni juda yaxshi ko‘rarkan, kechqurun navbatchilik qilsa, she’rlarimdan o‘qib berardim, keyin yelkaga yelka tirab sirlashishga tushardik. Menga nisbatan mehribonligi shu qadar ortib borayotgandiki, bemalol yura oladigan bo‘lganimda ham, tashqari shabadaroq, bod bilan hazillashib bo‘lmaydi, deb ovqatimni oshxonadan olib kelib berardi; uydagilar, qarindoshlar keltirgan taomlar idishini yarqiratib yuvib qo‘yardi; ko‘pning nazaridagi odamsiz, deya, kasalxonaga tegishli ichki kiyimlarimni har uch kunda almashtirgizardi. Turmushidan ko‘ngli to‘lmay yurgan bo‘lsa, meni o‘ziga og‘dirmoqchimikan, desam, eridan nolish tugul, nuqul uning yaxshi tomonlaridan gapirardi.
Bir kuni shoirga oiladosh bo‘lish nihoyatda faxrli ekanini aytib, xotiningiz sizni boshida ko‘tarib yursa kerak, a, deb so‘radi. Ko‘tarishga ko‘tarmaydi-yu, o‘tqazishga joy topolmaydi, deb hazillashdim.
Shu juvon dardimni oldimi, tez tuzaldim. O‘zimni oldingidan ham tetikroq his qilayotgandim.

Sizsiz yolg‘iz darddoshim,
Sirni gullab qo‘ymaysiz.
Balandparvoz so‘z aytsam,
Devonaga yo‘ymaysiz.

Sizsiz yolg‘iz hamdardim,
Bordir, afsus, eringiz.
Sadag‘aga o‘xshaydi
Shafqatingiz, mehringiz. (1978)

Ishga qaytdim. Kunim yana Yoqub aka, Karim aka, Yigitali aka, Abdumalik aka, Erkin aka, Mahmud aka, Olimjon, Salomatxon, Nurxon, Nasibaxon, Zarifaxon, radiochi Rahmonali aka kabilar davrasida kecha boshladi.
Orzulay-orzulay, zo‘rg‘a topgan ishimni kelgusida bexavotir davom ettirish uchun Toshkentdagi universitetning jurnalistika fakultetiga sirtdan bo‘lsayam o‘qishga kirishim zarur edi. Yo‘qsa, qachondir diplomli jurnalistlar ko‘payib, menga o‘xshagan “malakasiz”lar tabiiy ravishda surib chiqariladi. Shuni mulohazalab, 1972 yilning yozida Toshkentga bordim. Surishtirib bilsam, sirtqi fakultetga hujjat topshiruvchilar kamida ikki yil biron redaksiyada ishlagan bo‘lishi shart ekan. Orzuni keyinroqqa surishga to‘g‘ri keldi. Imkon tug‘ilganidan foydalanib, menga g‘oyibona ustozlik qilib yurgan Miraziz A’zam bilan uchrashish niyatida “G‘uncha” jurnaliga kirdim, o‘zimni tanitganimdan keyin, sizni ko‘radigan kun ham bor ekan-ku, deb iliq so‘rasha ketdilar. Bir papka she’rlar olib borgan edim, ikki-uchtasini tanlab olishdi.
Miraziz aka bu paytda yoshlarning “Yosh gvardiya” nashriyotiga o‘tib ishlayotgan ekan, izlab borib, u bilan umrimda birinchi bor yuz ko‘rishdim. Ishdan so‘ng uyiga olib ketdi, papkamdagi she’rlarni birma-bir ko‘zdan kechirib, tuzukkina to‘plam bo‘libdi, menga qolsa, shu yiliyoq bosmaxonaga tushirtirardim, lekin bizda ishlab chiqarish rejasi bir yil oldin tuziladi, yetmish uchinchi yilniki allaqachon tasdiqlab bo‘lingan, bu she’rlaringizni yetmish to‘rtinchi yil rejasiga kiritib, kitob qilamiz, dedi.
Men hali iltimos qilib ulgurmasimdan aytilgan bu gapdan so‘ng hushimdan ketib yiqilishimga oz qoldi. Nima deyishni bilolmayotgandim. Miraziz aka buni tushunib, o‘zining samimiy chehrasiga yarashiqli chiroyli tabassum bilan menga zimdan muloyim boqib turardi.
— Endi “Obidjonov”likdan qutuling, -dedi Miraziz aka. – Kitobga nima deb yozaylik? Anvar Obid debmi, Anvar Obidjon debmi?
— Bilmadim, — dedim hanuz hushimni yig‘olmay. – Siz nima desangiz, shu…
Qishloqqa qaytgach, bu xushxabarni hayajonlanganimcha ayamga aytsam, menga qo‘shilib quvongan bo‘ldi-yu, so‘ng entikib turib, kitobga qancha pul to‘lasharkan, so‘ramadingmi, deb og‘zimga tikildi.
Kitobimni chiqarmoqchi bo‘lishyapti degan gapni ishxonadagilarga aytmadim. Biror sabab bilan bosilmay qolsa, masxara bo‘lasan.
Eh, qaniydi, Yerni shapalog‘imda globusdek chirpiratib aylantirsam-u, bir zumda 1974 yil kelsa-qolsa! Lekin, buni Xudoning o‘zi xohlashi kerak, xohlaydigan bo‘lsa, birgina U shunday qila oladi.
Miraziz aka bilan goh xat yozishib, goh telefonlashib turdim. Uning maslahatiga ko‘ra, 1973 yili yana Toshkentga borib, to‘plamni yangi yozgan she’rlarim, baxillar futbol jamoasi, sotqin baroq haqidagi ertaklar bilan to‘ldirdim. Bu gal ham ustozning xonadonida tunab, onasi Hatira oyining suhbatini oldim, Siddiqa kelin opamiz pishirgan moshkichirini o‘g‘illari Mirsodiq, Mirvosil, Mirahmadlar bilan talashgudek bo‘lib tanovul qildim.
Ertasi kuni hayit edi. Miraziz aka meni barvaqt uyg‘otdi, qo‘limga joynamoz tutqazib, Hastimom machitiga boshlab bordi. Namoz o‘qishni bilmasam-da, hamma egilganda egilib, tiklanganda tiklanib turaverdim. Ortga qaytayotganimizda, kommunist odam bo‘lsangiz, birortasi boshliqlaringizga aytib qo‘ysa, gap tegmaydimi, desam, qandaydir ayg‘oqchidan qo‘rqsam-u, Xudodan qo‘rqmasam, shu to‘g‘ri bo‘ladimi, deb kulimsiradi Miraziz aka. E’tiqodni ko‘ring! Yurakning butunligini qarang!
Yerni globusdek shapatilab tezlatolmaganimga qaramay, 1974 yil baribir zuvillab yetib keldi. Kitobim yilning oxirrog‘ida chiqishini Miraziz aka universitetga hujjat topshirishga borganimda ham, imtihonlardan o‘tib, jurnalistlikka kirib olganimda ham qayta-qayta aytgan esa-da, kitob do‘koni duch kelsayoq hovliqib kirib borib, tokchalardagi adabiyotlarni jalanglab ko‘zdan kechirishga tushardim – shu qishloqi bir quvonsin deb, menikini oldinroq chiqarib yuborishgandir, balki…
Kerakli kitoblarni titkilashga, imtihonlarga tayyorgarlik ko‘rishga deyarli vaqt topolmaganimga qaramay, o‘qishga kirishim juda oson, juda qiziq kechdi. Abdusalom o‘rtog‘im bilan harbiyda birga xizmat qilgan, tor ijara uyidan menga bir necha kunga joy ajratgan o‘shlik Ahmadjon Meliboyev topshirgan hujjatlarim papkasiga 55 raqami qo‘yilganini eshitib, iye, ish bitibdi-ku, bunaqa baxtli raqam bilan imtihonlardan g‘irillab o‘tib ketaverasiz, deb hazillashgani chinga aylandi. Birinchi imtihonga tonggi poyezddan tushib, zo‘rg‘a ulgurib kelganim, uyqusirab o‘tirganim bois, sinov boshlanishi oldidan, odatga ko‘ra, ishga kirishaveraylikmi, hech kimda muammo yo‘qmi, deb so‘raganlarida, men qo‘l ko‘tarib:
— Tiqin vagonda yaxshi uxlayolmay kelganim uchun mudrab o‘tiribman, agar bitta sigaret chekvolishimga ruxsat bersalaring, bu inshoni “besh”ga yozardim, — dedim.
Yoshroq o‘qituvchi menga endigina dakki berishga tutingan edi, keksa professor uning so‘zini bo‘lib, ruchkam yaxshi yozmayapti, siyoh opkelishni esdan chiqaribman, deganlarini eshitganman-u, bunaqasini birinchi ko‘rishim, bor, uni balkonga olib chiq, cheksa chekvolsin, deb buyurdi. Ikkinchi qavatdagi auditoriyaning balkoniga o‘qituvchi nazoratida chiqib, ikkita sigaretni ketma-ket so‘rdim, uyqum ancha yozilgandek bo‘ldi.
Qaytib kirgach, yana mudroq bosishidan cho‘chib, Hamzaning maktabdanoq tanish bo‘lgan “Boy ila xizmatchi” piyesasi mavzuidagi inshoni jadal yozishga tushdim. Hammadan erta tugatib, birinchilardan bo‘lib o‘qituvchilarga topshirdim. Xonadan chiqib ketganimdan so‘ng keksa professorda (keyinchalik bizga dars bermagani, boshqa uchratmaganim uchun, uning ismini bilolmadim) qiziqish tug‘ilganmi, qani, bu maqtanchoqning inshosini menga beringlar-chi, shu joydayoq ko‘rib qo‘yaqolay, debdi. Gazetadagi sahifalarni o‘qishda ko‘pincha korrektor vazifasini ham o‘zim bajarib yurganim mevasini berib, ko‘p imlo xato topolmabdi, mazmuniga ham ortiqcha e’tiroz bildirmay, “to‘rt” baho qo‘yibdi. Yakuniy natijani ko‘rsak, ikki yuztaga yaqin abituriyentlar orasida inshoda mendan tashqari yana ikki kishiga “to‘rt”, qirqtachasiga “uch” qo‘yilibdi, qolganlari “ikki” baho bilan “yiqitilibdi”.
Grammatik atamalarni azaldan yaxshi tushunmasdim, “O‘zbek tili” imtihonida inshodagi “to‘rt”ning hurmatidan zo‘rg‘a “uch” qo‘yib berishdi. “Tarix” imtihonida yolg‘on-yashiqni qo‘shib yotib, yana “to‘rt” oldim.
Eng qaltisi – oxirgi imtihon bo‘ldi. O‘qituvchi yetishmaganidan to‘qqizinchi, o‘ninchi sinflarda chet tili o‘tmaganimiz bois, “attestat”ga ham baho qo‘yilmagan, universitet rektori nomiga chet tilidan mustaqil saboq olganim haqida ariza yozib berganimdan keyingina universitetga hujjat topshirishimga ijozat etilgandi. Qabul komissiyasidagi yigit rektor tasdiqlagan arizani papkamga tikayotib, arizada “chet tilidan” debsiz-u, qaysi tildan mustaqil tayyorlanganingizni aniq yozmabsiz-a, deganidi. Imtihon topshiruvchilardan biri fransuz, biri ingliz, biri nemis, biri ispan tili kafedrasi eshigi oldida qatorlashib turganini ko‘rib, menga qaysi biri qulayroqligini o‘ylay boshladim. Chet tili o‘qituvchilari topilishiga qarab, oltinchi sinfda fransuz, yettinchida nemis, sakkizinchida ingliz tilidan dars olgandik. Shunisidan, hartugur, o‘ngacha sanashni, besh-oltita so‘zni ham bilaman, deb “inglizlar”ning ortidan navbatga turdim.
Kirib, imtihon biletini sug‘urdim-da, bir rus qizning yoniga borib o‘tirdim, inglizchadagi so‘zlarning tarjimasini (“buvim bozorga bordi, kartoshka, pomidor, piyoz oldi” kabilarni) bilib olib, galim kelishini kutdim. Chaqirishgach, borib o‘tirishim bilanoq, ellik yoshlardagi kavkazbashara ayol menga bir nimalar deb murojaat qildi; tavakkaldan “rahmat” desam, ayol ham, uning yonida yordamlashib o‘tirgan yoshgina o‘zbek qiz ham kulib yuborishdi.
— Familiyangiz nima deb so‘rayapti, — dedi kulgisini hanuz bosib ulgurmagan o‘zbek qiz.
— Obidjonov, — dedim darrov.
— Inglizchalab ayting, — deya jilmaydi qiz.
Men hayronlanib qarab, o‘zbekchasigayam, inglizchasigayam Obidjonov-da, desam, ikkalasi yana kuldi. Ayolning kayfiyati ochilgani uchunmi, ikkita “to‘rt”i bor ekan, mayli, yigitni qiynamaylik, deb, “uch” qo‘yib berdi. Shu bilan student bo‘ldim-qoldim.
Bundan ruhim tog‘ bo‘yi ko‘tarildi. O‘zim qishloqdagi tashvishlarga botib yotibman-u, endi imkon tug‘ildi deguncha Toshkentga borib, biron-bir gazeta-jurnalda ishlashim ham mumkin, degan o‘y boshimda tez-tez aylanadigan bo‘lib qoldi.
Talabalik gashtidan rohatlanish boshqa bir “katta voqea”ga ulanib ketdi. Tuman partiya qo‘mitasining birinchi kotibi Xoldor Zokirov negadir meni yoqtirib qolgan, qayerda duch kelsak, quyuq hol-ahvol so‘ray boshlar, ba’zan majlislarda ham menga murojaat qilib, Anvarjon, manavi brigadir juda ilg‘or, uni gazetada bir maqtanglar, deb qo‘yardi. Bir safar hatto xonasiga chaqirib, oilangizda qanday kamchiliklar bor, mendan nima yordam kerak, deb so‘radi. Muammolar shunchalik ko‘pki, hammasini birdan bitirish qiyin, eng zarurini o‘ylab olib aytarman, desam, o‘ylang, istagan paytingizda to‘g‘ri oldimga kiravering, deb marhamat ko‘rsatgandi.
Toshkent qishloq xo‘jalik institutini tugatgach, endi tuman qishloq xo‘jaligi boshqarmasida bosh agronom bo‘lib ishlayotgan Abdusalom oshnamning eskidan eski “Gazik” mashinasida kechqurun dalama-dala kezib, suvchilar ishini tekshirib yursak, oq “Volga” qorong‘ulikdan chiqib kelib, oldimizda to‘xtadi, undan tushgan Zokirov meni ko‘rib, e qoyil, muxbir degani sizga o‘xshab kechani kecha demay ishlasa-da, deb maqtay ketdi. Jurnalistlikka kirib olganimniyam eshitgan ekan, qo‘limni siqib tabrikladi. Keyin, sizdaqalar partiya safida bo‘lishi shart, indiniga byuro o‘tkazamiz, redaktoringizga ayting, tezda hujjatlaringizni tayyorlasin, dedi. Ikki kundan so‘ng kompartiya a’zoligiga nomzod etib qabul qilindim.
O‘sha kezlarda gazetamizdagi “she’rbozlik”ning tagiga ikkinchi bor suv ketishiga ozgina qoldi. “Kissavurning poraxo‘rga maktubi” degan bir nazmiy hangomacha yozgandim, u “Paxta uchun”da bosilganidan so‘ng, o‘n kunlar o‘tib, tuman prokurori Shokirov meni huzuriga chaqirtirdi. Xonasiga kirib borib, uzun stolning quyirog‘idagi stulga o‘tirgan zahotim, davara qilishni boshladi:
— Poraxo‘r haqida she’r yozibsiz… Bizning jamiyatimizda hozir ham poraxo‘r borakanmi?
— Jinoyat kodeksida kolxoz tuzumi dushmani bo‘lgan “quloq”larni jazolovchi modda yo‘q, chunki ular bundan qirq yil oldin tugatib tashlangan, — deya bosiqlik bilan javob qildim men. – Kitobingizda poraxo‘rlarni jazolash to‘g‘risidagi modda turgan ekan, demak ular haliyam bor.
— Masalan? Misol keltiring-chi… Keltira olasizmi?
— Har kim o‘zining ishini qilgani yaxshi. Mening vazifam – yozish, sizning vazifangiz – topish.
Prokuror ko‘zimga uzoq tikilib qoldi. Keyin, o‘zini osoyishta tutib so‘zlashga o‘tdi:
— Endi-i… poraxo‘rniyam darajasi bor-da, uka. She’ringizni o‘qib ko‘rsam, siz aytayotgan poraxo‘rning tagida uchar mashina, idorasida shaxsiy kotiba. Surishtirib ko‘rdim, respublika gazetalaridayam u-bu narsalaringiz chiqib turarkan, o‘sadigan kadr ekansiz. Sal ehtiyot bo‘lish kerak-da. Bu shamangiz Zokirovgami, Mamatxonovgami tegib ketsa-chi? Oqibati nima bo‘lishini tushunasizmi?
Yuqorida aytganimdek, Zokirov tuman partiya qo‘mitasining birinchi kotibi, Mamatxonov esa, tuman ijroiya qo‘mitasi raisi edi. Ularning qahriga uchrashdan cho‘chib, avvaliga biroz gangib qoldim, so‘ng tezda o‘zimni o‘ngladim.
— Buni yaxshi aytdingiz, — dedim o‘zim raqibning dumidan ushlashga tirishib. – Bugunoq Zokirovning qabuliga kirib, undan kechirim so‘rayman, prokurorning aytishicha, poraxo‘r to‘g‘risida yozgan she’rim sizga tegib ketishi mumkinmish, men bunday bo‘lishini xayolimgayam keltirmagandim, chunki sizning halol odamligingizni hammamiz yaxshi bilamiz, deyman.
Bu gapimni eshitib, prokurorning birdan rangi oqardi
— Unaqamas-da, uka… Sizni avaylamoqchi bo‘lsak… E, qo‘ying-e!
Mundoq o‘ylab qaraganda, bular qattiq qasdlashsa, boshqa bir bahona topib, meni chetga pirpiratib tashlashi hech gap emasdi. Shu bois, murosaga kelib, mayli, bundan keyin ehtiyotroq bo‘laman, dedim. Prokurorning chehrasi ochilib, do‘stona nasihatlar qilgan bo‘ldi, meni tashqariga kuzatayotib, yaqinda bir maqola olib kiraman, shuning uyoq-buyog‘ini tuzatib, ikkalamizning nomimizdan chiqararsiz, deb qo‘ydi.
Keyinroq, prokurorning maqolasini ham chiqarib berdim, “Poraxo‘rning kissavurga javobi” degan she’rimni ham e’lon qildim. Bu – sizlar bilan jurnalist sifatida kelishib yashayman, lekin “chatoqroq” shoirligimdan voz kecholmayman, deganim edi. Menimcha, buni to‘g‘ri tushunishdi, bu gal hech kim hech nima demadi.
O‘sha palladan turib qaralsa, o‘zim tavallud topgan qirq yettinchi yilning teskarisi bo‘lmish yetmish to‘rtinchi yil men uchun juda “serhosil” keldi. Nihoyat, kitobim ham chiqdi. Uni kech kuzda, viloyat partiya qo‘mitasi qoshidagi malaka oshirish kursi tinglovchilari bilan birga Marg‘ilondagi “Atlas” firmasini tomosha qilishga borib, orada kitob magaziniga kirganimda, birinchi marta qo‘limda ushlab ko‘rdim; borini sotib olib, bir qismini sheriklarimga tarqatdim, bir qismini uyga olib ketdim.
Ishga qaytgan kunimoq redaksiyadagilar kitobni yuvishdi. O‘shanda 12 mingdan ziyod nusxada chiquvchi “Paxta uchun” gazetasida tuman miqyosidagi bu katta yangilik baralla ovoza qilindi.

Yuguraver, toliqma,
Eng muhimi – hovliqma
Manzil yaqin qolganda.

Shunday “hayov-hayov”lardan keyin ham o‘zimni kamtarroq tutib, katta-kichikning xizmatiga doim shay turishga, ijrochi va itoatkor bo‘lib ko‘rinishga urinaverdim. Oldingidan farqi, endi ruhim balandlashib, kimdir zug‘um qilib qolishidan bezillash tuyg‘usi ko‘nglimdan butkul g‘oyib bo‘lgan, qaysidir zo‘ravon meni bu tumanga sig‘dirmasligi mumkinligidan qo‘rqadigan joyim qolmagandek edi. Sig‘dirishmasa, boshqa joyga ketib ham, bundan yaxshiroq kun ko‘ra olaman, deb o‘ylardim.

SHE’R YOZDIRADIGAN QIZ

Ilhom kelmasa, ustig‘a ot soldirib borg‘il.
Gulmat SHOSHIY

Kitobim chiqqach, shoirlikka kuchliroq berildim. Hanuz bolalar va kattalar uchun aralash-quralash yozardim. Hajviy hikoyalarga qo‘lim ancha kelib qolganidan chuchcham ko‘tarilib, nasrga ham kengroq ko‘lamda qo‘l ura boshladim. Kulgiliroq bir qissa yozib ko‘rdim, ko‘nglimga o‘tirmadi. Uni chetga surib (bu asarchaga keyin ham qaytib qo‘l urmadim, undagi ba’zi epizodlardan boshqa qissalarimda foydalandim), “Uyqudagi qotil” degan detektiv qissa yozdim. Maslahat olish uchun muharririmizga bersam, o‘qib ko‘rib, tantiligi qo‘zidi-yu, gazetamizda sonma-son bera boshladi ( bu ham gazetada chiqqanicha qolib ketdi, birorta kitobimga kiritmadim). Keyin dilimda Alamazon ismli sharttaki bola haqidagi quvnoq qissa g‘oyasi tug‘ildi. Ayrim parchalarni o‘sha mahallardayoq qoralamalab qo‘ygan esam-da, yozishni boshlayolmay, miyamda pishitib yuraverdim.
Birinchi kitobim birorta tanqidchining nazariga tushmagan bo‘lsa ham (aslida, birinchi kitobim o‘ta bo‘sh edi, askasiyati o‘smirlikda, ilk yigitlik davrimda matbuotda bosilgan g‘o‘r she’rlardan iborat edi), baribir asosan bolalar uchun yozaverishim kerak, Miraziz aka aytganidek, shu janrda ko‘zga chalinish imkoniyatim ko‘proq, deb o‘zimga yo‘l ko‘rsatardim. Qo‘lim bo‘shadi deguncha, to‘shakka cho‘zilib yozaverardim.
Bolalarga atalgan yaxshi kitoblar kamligi, o‘zbek bolalar adabiyoti kattalarnikidan ancha orqadaligi, milliy adiblarimizning kichkintoylarga atalgan asarlari orasida Xudoyberdi To‘xtaboyevning “Sehrli qalpoqcha”sigina keng shuhrat qozona olganini munaqqidlar ko‘p ta’kidlashardi. Bolalar shoirlari ichida Miraziz A’zam yangicha ovozi bilan ajralib borayotganini goho andak shamalab, Quddus Muhammadiy, Po‘lat Mo‘minlarning bolalarimizni vatanparvarlik ruhida tarbiyalashdagi xizmatlarini tez-tez do‘mbiralab turishardi. Miraziz A’zamdan tashqari Quddus Muhammadiy she’rlarini yoqtirardim. Uning o‘ynoqi misralari, baxshiyona serohang qofiyalari ta’sirini dastlabki ijodimdan ora-sira sezib olish qiyin emas. Qisqasi, bu janrda ichingni qaynatadigan kitob yo‘q hisobi edi. Asosan kattalar adabiyotini o‘qirdim.
Navoiyga tishim o‘tavermas, Mashrab, Furqat, Muqimiy, Ogahiy, Mahtumquli, Boburlarni ko‘p mutolaa qilardim, o‘zbekchaga o‘girilgan shoirlardan Yesenin, Geyne, Byorns nazmini behad xush ko‘rardim. O‘zimizning zamonaviy shoirlarimizga kelsak, “Kommunistlar gullatmish bu ozod Osiyoni”, “Osmondagi yulduzni sanab yetoman dema, Hamrohingman yoningda, tashlab ketoman dema”, “Bizlarga ustoz dono partiya, Erksevar xalqning suyangan tog‘i”, “Osmondagi oyga qarang, Ko‘rinadi ko‘zga arang. To‘yingizga o‘zim borib, O‘ynab beray qilmay tarang”, “Jon Moskvam – poytaxtim, salom senga Xorazmdan”, “Ey, ulug‘ partiya, ming yasha, yasha” kabi she’rlari qo‘shiqqa aylanib ketgan nomi ulug‘ unsurlarni chetlab o‘tardim, adabiyot otbozoriga urinib-surinib bosh suqayotgan Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Omon Matjon, Rauf Parfi kabi “boshqachalar”ning kitoblarini qidirib topib, qa’riga sho‘ng‘irdim. Bunaqa paytda, qalamim yana o‘z-o‘zidan kattalar she’riyati tomon burilaverardi. “Boshqacha” shoirlarning ba’zi satrlari tagiga yashiringan g‘alayonlarni ko‘pincha ayrim zukko she’rxonlardan eshitibgina anglab yetardim, she’riyatdan yangicha olam kashf etayotgandim.
Kattalar she’riyatida kun ko‘rish murakkabroqdek tuyular, bu “o‘rmon”dagi son-sanoqsiz, turli-tuman “daraxt”lar orasidan bo‘y cho‘zib chiqish, ko‘zga tashlanish mushkuldan mushkulligini anglab olish kishidan katta aql talab qilmasdi. Ko‘nglim esa, aqlimga quloq solavermasdi, qalamimni hadeb kattalar she’riyatiga yetaklayverardi. Kattalar adabiyotida torgina joy egallay olish uchun kerakli omillar yetarlidek edi – taqdir taqozosi bilan, hayotning ko‘p og‘irliklarini ko‘rdim, ko‘ryapman; oddiy kishilarning eng mitti dardlarigacha menga bolamdek tanish; millat degani nima ekanini, “erk” so‘zining salmog‘i “mol-davlat”, “obro‘-martaba”, “shon”, hatto “jon”nikidan ming-ming baravar ortiqligini Toshkentdagi ziyolilar gurunglarida chuqurgina his etib ulgurdim…
Ha, Vatan erki, milliy g‘urur borasidagi tushunchalarning menga shu damgacha notanishroq bo‘lgan urug‘lari ko‘nglimga endi qalingina sepilib, ular tobora gurkirab unayotgan edi. Bularning hammasi “Mushtum” jurnalida bosmachilarni mazaxlovchi uch-to‘rtta latifachalarim e’lon qilinishidan boshlandi. Miraziz A’zam bularni o‘qigan ekan, bir gal Toshkentga borganimda oldiga o‘tirgizib olib, bosmachilarning nimasini yomon ko‘rasiz, deb o‘qraydi. Bu – ustozning menga birinchi marta qo‘rs muomala qilishi edi, dovdirab qoldim.
— “Bosmachi” degan haqoratomuz nomni qizil bolsheviklar ataylab to‘qib chiqargan, — deb kuykandi u. – Aslida ular yurtimizni kelgindilarga bermaymiz, o‘zbekni quldorlarga qaram qilib qo‘ymaymiz, deb jonini ayamay kurashgan botirlar, millatimizning eng oriyatli kishilari.
Miraziz aka, shu tariqa, meni ezaverdi, ezaverdi, qaniydi, birdaniga yer yorilsa-yu, oyog‘im osmondan bo‘lganicha tubiga ag‘nab tushsam. Yuragim uvishib borayotgandi. Bunaqa ishni sotqinlar qiladi, devordi-ya ustoz, endi aloqani chirt uzib, betimga butkul qaramay qo‘ysa-chi?
Keyinroq O‘ktam akaning uyida Miraziz aka, Mahkam Mahmudov, Tohir Malik singari adiblar ishtirokidagi oshxo‘rlikda ham millat g‘ururi, milliy oriyat mavzusi davom ettirildi. Biri gruzinlar o‘z yurtidagi “katta og‘a”larni umuman mensimasligi, ularni asosan “qora ish”larga yollashidan so‘zlasa, boshqasi Boltiqbo‘yi respublikalaridagi yerli aholi sovet hukumatini haliyam ochiqchasiga “okkupant” deyishdan qo‘rqmasligini hayratlanib hikoya qilardi. Gap orasida kimdir “bu oqquloqlardan qachon qutularkinmiz”, dedi-yu, bahs qizib ketdi:
— Umidimiz – bittagina Amerikadan. SSSRni yiqitsa, shu Amerika yiqita oladi xolos.
— Oldin o‘zining negrlariga erk bersin Amerikangiz.
— To‘g‘ri, negrlar masalasi ularda eng og‘riqli masala. Ammo Amerikani yaqindan biladigan bir tanish siyosatdonning aytishicha, negrlar shunchalik tikkabosar, betartib emishki, ularga to‘liq erk berilsa, oqtanlilar madaniyatini tepalab yuborishi hech gap emasmish.
— Bu – oqtanlilar to‘qigan vahima. Ular negrlarni yuz yillab minib keldi, yana minib yurmoqchi.
— Boshqa yoqdan qarasak, kichkina millatmiz. O‘ris ketsa, bizni baribir yo Xitoy bosib oladi, yo o‘sha Amerikaning o‘zi. Juda omadimiz kelsa, xom ashyolarimizni qaysidir zo‘rga arzongina sotib, bir nav jon saqlashimiz mumkin.
— Masalan, men erkin yurtda xor-zor bo‘lib yashashgayam roziman…
Damodam o‘ylanib qolardim. Agar ruslar ketib, bizni baribir kattaroq bir davlat bosib oladigan bo‘lsa, nima o‘zgaradi? Ulardan qaysi biri insofliroq? Yo u, yo bu zo‘ravonning oyog‘i ostida yashashga mahkum esak, qay biri “o‘zimizbop”roq bo‘lsaykin?
Bularga javob topolmasdim. Faqat, mutoyibasimon bir o‘y boshimda lip etib yonib-o‘chardi – hartugur, o‘rischa gaplashishni bilaman…
Shu tariqa, bir qator she’rlarimda isyonkorlik, erksevarlik, millatparvarlik uchqunlari yallig‘lanib, alangaga aylanib boraverdi. Ulardan ayrimlari markaziy nashrlarda ham ko‘rina boshladi. Bosh muharrir Asqad Muxtorning muruvvati bilan, o‘shanda kioskalardan sotib olish tugul, miqdori cheklab qo‘yilgani tufayli hatto obuna bo‘lish mushkul hisoblanmish dovruqli “Guliston” jurnalida bosilgan “Martin Iden” sarlavhali she’rim ko‘pchilikning e’tiborini tortdi, birinchi o‘rinda Miraziz aka meni telefon orqali tabriklab, astoydil maqtaganidan boshim osmonga yetdi.
Keyinroq Toshkentga kurs imtihonlarini topshirishga borib, qaytishda Asqad Muxtorga ham rahmat aytib chiqayotganimda, shu jurnalda ishlovchi qalami shirin shoir Abdulla Sher meni to‘xtatib, Rauf Parfi “Martin Iden”ingizni o‘qigan ekan, bu yigit kim deb surishtirib, kelsa, menga albatta uchrashtiring degan edi, deya Rauf akaga qo‘ng‘iroq qildi. Kelgach, uchalamiz she’rni yuvish uchun ko‘pqavatli “Jurnallar korpusi”ning soatdor binosidan tushib, KGB idorasi qarshisidagi chuchvaraxonaga bordik. O‘qish davomida bor pulimni xarjlab, yo‘lkiradan salgina oshadigani qolgandi, bitta araq, bir nonkosadagi muzqaymoqni olishga zo‘rg‘a kuchim yetdi. Araqni ichamiz, muzqaymoqni navbati bilan yalaymiz, araqni ho‘playmiz, yana muzqaymoqqa yopishamiz. Turayotganimizda, tili achchiqligi bilan alohida nom qozongan Rauf Parfi lohaslanib qorin silarkan, shuncha araq ichib yurib, bunaqa xor bo‘lmagan edim, deya guldirab kuldi.
Kattalarga atalgan she’rlarimning talayi sevgi mavzusida edi. Bularda nimadir yetishmayotganga o‘xshayverardi. O‘ylab-o‘ylab ko‘rsam, meni maktablarda, qisman texnikum va harbiyda kuydirib yurgan nozaninlarim endi yo‘q; goh tomorqada bodring chopayotgan, goh bukchayib kir yuvayotgan, goh daladan yulib kelgan o‘tlarini hansirab oftobga yoyayotgan, goh molga terit qorayotgan, salga jizzakilanuvchi, yangiroq ro‘moli yo‘qligini ham fojiaga aylantiruvchi xotiningga tikilib esa, kesatibmi, hazillashibmi, achinibmi uch-to‘rtta she’r yozish mumkindir, ammo u haqda ichikib-ichikib xayol surolmaysan, tinimsiz o‘rtanolmaysan, yoniqib to‘lg‘anolmaysan.
Ha, allaqachon payqab ulgurganingizdek, yuragimni beto‘xtov jazillatib turuvchi bitta xushbichimroq, o‘jarroq “sevikli yor” kamlik qilayotgandi menga. Bunaqasi hadeganda oldimdan chiqavermadi. Duch kelavermagach, kamtarlikka o‘tib, uni o‘zim qidirishga tushdim. Bosmaxonamizda boshi ochiq qizlar ko‘p edi, yaqinroqda bo‘la qolsin deb, “obyekt”ni shularning orasidan izlab yurganimda, birdan redaksiyamizning o‘zida ishlovchi sanoqli qizlardan biri lop etib sahnaga chiqdi. Bir kuni u pismayib turib, xotiningizni yaxshi ko‘rasizmi, deb savol berdi.
— Ko‘rmay-tanimay uylanganman-u, baribir yomonmas, — dedim.
Qizi tushmagur yana so‘roqqa tutdi:
— She’r o‘qishni yoqtiradimi?
— She’rni gapirasiz-a, — deb kuldim men. – O‘zining otini zo‘rg‘a xatosiz yoza oladi boyoqish.
— Men she’riyatni juda yaxshi ko‘raman, — dedi qiz. – Daftarlaringizni berib turolmaysizmi? Bosilmagan she’rlaringizni shunaqayam o‘qigim keladiki!
Ana-a, bor ekan-ku! Tuyqusdan qo‘lga tushdi sho‘ring qurg‘ur! Qidirib topishimni kutmasdan, meni yalintirib-netmasdan, o‘zi changalimga qo‘nib o‘tiribdi-ya! He, sabrsiz! He, lodon! Nima bo‘lgandayam, endi mendan qutulib bo‘psan! Shu paytning o‘zidayoq senga dabdabali nom berganim bo‘lsin – “Sevgilim”! Gap tamom!

Boshing egik,
So‘nik nigohing,
Portlagudek qalbingdan ohing.
Ostonadan o‘tding parishon,
Meni izlab keldingmi, jonon?

O‘zing kelding – nur ustiga nur,
Menda qaydan paydo bu g‘urur?
Kelmasang-ku
Borardim izlab,
Yalinardim, so‘zlardim sizlab.
(1972)

Ishni paysalga solmadim, keyingi yillarda to‘ldirilgan she’riy daftarlarimdan birini ertasigayoq olib kelib, Sevgilimning qo‘liga tutqazdim. Daftarni uch-to‘rt kun o‘tib qaytargach, tushlikdan so‘ng hovlidagi fontanchali hovuzcha yoqasiga qo‘yilgan bog‘kursida o‘tirib, olgan taassurotlarini o‘rtoqlashdik. Satrlarimdan anchaginasini, ba’zi she’rlarimni to‘lig‘icha yodaki aytganidan bir quvonsam, bular allaqachon kitob bo‘lishi kerak edi, zo‘r kitob bo‘ladi, deganidan ikki quvondim. Keyin asta-sekin “intim” gaplarga o‘tdik, men turmushdagi bir xilliklardan juda zerikib borayotganimni aytdim, u esa, bu oldi-yuldi hayotda kunlari mazmunsiz kechayotgani, uyidagilar oila qurishga qancha qistashmasin, loaqal salgina didliroq yigitni uchratolmayotganidan nolidi.
Ana endi she’r yozishmi! Semiz-semiz “umumdaftar”larni ba’zan ikki oy o‘tib-o‘tmay to‘ldirib tashlayman, ichimdagi G‘alati oysanamning qitiqqo‘zar dugonasiga aylanayotgan Sevgilim ularni bir boshdan olib o‘qiyveradi, meni maqtayveradi, o‘zining qiyofasi, qiliqlari bo‘rtib turuvchi she’rlardan gap ochib, bular kimga atalgan, deya sirli jilmayadi. Ishdan qaytgach, tunlari tanamda huzurli titroq o‘rmalab o‘ylayman: hozir Sevgilim she’rlarimni yonib-yonib o‘qiyotgandir, o‘ziga ochiq shama qilingan joylari uchrasa, balki yuragi oqishni boshlagandir. Yig‘layotgan bo‘lsa, yanayam yaxshi…
Goho ko‘rib chiqiladigan xatlar, tahrir qilinishi kerak bo‘lgan maqolalar ko‘payib ketgani uchun shanba kuni ham redaksiyada ishlamoqchiligimni aytib, vaqtingiz bo‘lsa, siz ham keling, derdim. Kelardi. Ozgina ishlagan bo‘lardim, so‘ng yana dardlashishga tushardik. U oiladagi yoki hayotdagi biror nohaqlikdan o‘kinib, ko‘ziga yosh olsa, yurak-yurakdan achinganimcha, taskin berishga urinardim. Ba’zida yelkasidan quchib yupatgim kelardi-yu, tezda o‘zimni o‘nglab, niyatimdan qaytardim.
Oldin yelkasidan quchasan, keyin belidan, keyin o‘pishishlar boshlanadi. Bunaqada uning og‘ushiga tashnalik, muruvvatidan benasiblik iztiroblari qayoqda qoladi? Istagan vaqtingda bemalol quchoqlab yurishga hadding sig‘adigan qiz haqida lovullab-lovullab she’r yozib bo‘larkanmi? Aslida, bu qizning esi ko‘proq bo‘lsa, taklifimga “qani, ko‘ramiz” deb qo‘yib, bu uchrashuvga umuman kelmasdi. Shunda, uning oqibatsizligidan battar alangalanardim, bor oh-vohlarimni qog‘ozga to‘ksam, she’rmisan she’r bo‘lardi. Agar mendan butunlay arazlab, boshqa yigit bilan ochiq-oydin uchrasha boshlasa, bundan zo‘ri yo‘q, inqillaganimcha qalamga yopishib, daftardan umuman bosh ko‘tarmay qo‘yishim hech gapmas. Ana o‘shanda ko‘rasiz qanaqa shoirligimni!
Sevgilim ancha bo‘shanglik qilib, ichimdagi bor tug‘yonni hanuz to‘liq yuzaga chiqarolmayotgandi. Ming afsuski, buni qizga aytib yo‘l ko‘rsatolmaysan, ushbu sevgibozlik jarayonida hissiy jumbushlardan ko‘ra shoir manfaati ustunroqligi fosh bo‘lsa, sendan soviydi, ilhom bulog‘ining tomchilib turgan suvidan ham quruq qolasan.
Yoshi kattaroq mashinkachimiz bo‘lardi, uning eri negadir mendan hadiksirab, izimdan poylagani poylagan edi. Buni sezib yurgan Sevgilim, shamol bo‘lmasa, terakning uchi qimirlamaydi, bu ayoldan uzoqroq yuring, deb bir kuni meni tergab qoldi. Tabelchiligimda rus tilidan dars berish uchun Ukrainadan ikki yillik majburiy yo‘llanma orqali qishlog‘imizga kelgan, men bilan qalinlashib ketgan Tolikning turmush o‘rtog‘iga xotinim rashk qilaverganidek, endi redaksiyamiz yonidagi pionerlar uyida musiqa to‘garagini boshqaruvchi Jenyaning yonimga tez-tez kirib turuvchi xotini Lyudani ham Sevgilim xush ko‘rmay qarshilardi. Bunday paytlarda, qizg‘anayotganini payqab, huzurlanib ketardim.
Tuman gazetasidagi salkam yetti yillik faoliyatim davrida shoirchiligimda keskin o‘zgarishlar kuzatilayotgan esa-da, oilamizdagi ahvol haliyam o‘sha-o‘sha edi. Ayam tikuv mashinasini tunu kun g‘aldiratib, chevarchilikdan pul topishda davom etar, bu tushum yoniga mening va harbiydan so‘ng o‘rta ma’lumoti bilan maktabda jismoniy tarbiyadan dars berayotgan Akram ukamning maoshi, askarlikdan qaytiboq chetga sabzavot olib chiqib sotishni o‘rgangan Tohir ukamning orttirgani qo‘shilib ham, tirikchiligimiz baribir yaxshi tomonga o‘zgarmayotgandi. Ayniqsa, Akram ukamni uylantirishdagi xarajatlar endigina tiklanayotgan tirikchiligimiz qo‘rg‘onchasini qaytadan nuratgandek edi.
Bahromning yoniga endi Bahodir va Bobur o‘g‘illarim kelib qo‘shilgan, Akram ukamda ham birin-ketin farzandlar paydo bo‘layotgan bu tiqin-to‘polon xonadonning burchak-burchaklariga biqinib bo‘lsa-da ijod qilishdan ko‘ra, kamxarj ro‘zg‘orda qalashib yotgan ikir-chikirlarga hadeb qoqinaverish meni ko‘proq toliqtirayotgandi.

* * *

Leonid Brejnev yigirma yilda kommunizm qurishni va’da qilgan xomxayol Nikita Xrushchyovdan hokimiyatni yulib olib, kommunistik g‘oyani butun dunyo ishchi-dehqonlari ko‘ngliga chuqurroq singdirishga berilib ketgan davrlarda partiyaga haqiqiy a’zolikka o‘tib, “ishonchli zotlar” safiga suqulib ulgurgan men shildirvoqini Sevgilim bilan bo‘lgan munosabatlarning bir kunmas bir kuni qaltis nuqtaga yetuvimi yoki tumandagi ayrim axloqi noto‘kis “grajdanka”lar bilan goho pana-panada shivirlashib turishimmi tugalay badnom qilishi mumkindek tuyular, buni o‘ylasam, yuragim notinch tepardi. Xayriyatki, ishdan ketishimga tamoman bo‘lak narsa, obro‘yimga qattiq raxna solmaydigan boshqa bir voqea sababchi bo‘ldi.
Bungacha muharrirning menga bo‘lgan munosabati har doimgidek iliqqina edi. O‘zbekiston militsiyasi tashkil topganining qirq yilligi sharafiga 1975 yili o‘tkazilgan respublika konkursida pul ishlab olish umidi bilan ataylab yozgan “Militsiya soldatlari o‘lmaydilar” degan dostonim Xudoyberdi To‘xtaboyevning “Sariq devni minib”, E’tibor Oxunovaning qandaydir asaridan so‘ng uchinchi o‘rinni olganidan quvonib, meni hammaga maqtab yurgandi. Dostonni gazetadayam bosgandi. O‘sishimni istagan bo‘lsa kerak, KGBning ommaviy axborot vositalarini nazorat etuvchi bo‘limidagi tanishlari o‘zlariga maqbul kadr izlayotganini aytib undan maslahat so‘rashgani, bu sohada ishlashni istaganlar qanday fazilatlarga ega bo‘lmog‘i lozimligi haqida ora-sira gap ochib turadigan, chamasi, bunga avvalo o‘zim xohish bildirib, iltimos qilishimni kutayotgan edi.
Men buni tushunmaganga olib yuraverdim. Ochig‘ini aytsam, bu sohada maoshlar mo‘l, imtiyozlar kattaligini bilib, o‘tib ishlashga ko‘nglim moyil edi-yu, meni shu yerga joylab qo‘yishini so‘rab hozir muharrirga elansam-u, narigilarga biror tomonim ma’qul kelmay e’tiroz bildirishsa, yuzim shuvit bo‘lishidan cho‘chir edim. Agar o‘shanda ushbu idoraning birorta kattarog‘i meni huzuriga chaqirib, bizga sizdek fidoyi yigitlar kerak, safimizga o‘ting, desa, oilamiz nufuzini tezroq ko‘tarish yo‘lida bor orzularimni qurbon qilib bo‘lsa-da, indamasdan o‘tgan, keyinchalik ongimda qanday o‘zgarishlar yuz bermasin, baribir qasamimga sodiq qolib, umrimning oxirigacha ularning chizgan chizig‘idan chiqmay ishlashim aniq edi. Inchunin, fe’lim shunaqa: qasamni-ku qo‘yaturing, hatto o‘z bolasiga jiddiy tarzda berilgan va’daniyam buzolmaydigan nusxalardanman.
Muharrir gapimni iloji boricha yerda qoldirmasdi. Yoshlar nomidan qilgan iltimosim bilan bizga avval stol tennisi, so‘ng billiard stoli olib berdi. Qishda ham o‘ynashimiz uchun alohida sport zalchasi qurdirdi. Goh Shohimardon, goh Arslonbob, goh Yigitpirimga sayohat uyushtirilsa, g‘aznachilikni bitta menga ishonardi. To‘ng‘ich o‘g‘lini jurnalistlikka o‘qishga kiritishda yana mehribonligi tutib, orada she’rlaringizni redaksiyalarga tarqatib kelarsiz, deya meni Toshkentga ergashtirib ketdi. Ko‘pincha yig‘inlarga meni yo birga olib borardi, yo mashinasida o‘zimni yuborardi. Ba’zan sog‘lig‘imdan tashvishlanib, ish ketaveradi, kurortgami, sanatoriyagami borib dam olishni o‘rganing, deb qistar, shu turtki bois bir gal Bologoyedagi turistik bazaga yo‘llanma olib, bahonada harbiyda orttirgan eski qadrdonlarimni yo‘qlab kelgandim.
Qisqasi, muharrir menga ayovli munosabatda edi, u bilan aka-ukadek bo‘lib borayotgandik. Keyin… oramiz birdan buzildi…
Shafoat ammamizning o‘g‘li Mashrab timsohsimon Rossiyaning dumi bo‘lmish Kamchatkaga tez-tez qatnab turar, u yerdagi bazalarga jo‘natiluvchi meva-sabzavotni Farg‘ona tayyorlov idorasi vakili sifatida topshirib qaytardi. Vagonlardagi davlat yuklari orasiga o‘zinikini ham ozgina tiqishtirib, ularni “bozor ucharlari”ga qimmat narxda ko‘tarasicha berib yuborishdan, bazadagilar bilan kelishib, topshirilayotgan mahsulotning bir qismini iridi-chiridiga chiqarib yuborishdan katta pul ishlab olar edi. 1976 yilning kuzida bir oylik ta’tilga chiqqan kunlarim u uyimizda mehmon bo‘lib o‘tirib, ishga qaytguningcha men bilan Kamchatkaga borib kelsang-chi, vagondagi yuklarni kuzatib boruvchi qilib rasmiylashtirsam, bir yoqdan – yaxshigina haq to‘lashadi, ikkinchi yoqdan – ko‘rgan foydamizdan ulush olasan, deb qoldi. Suyunganimcha ko‘ndim.
Ko‘nibman-u, bu ishlar qanchaga cho‘zilishini surishtirib ko‘rmabman. Vagonlarga bir hafta piyoz urdik, jo‘natdik. O‘zimiz o‘n kundan keyingina uchoqqa o‘tirib, Vladivostok shahriga borib qo‘ndik. Borsak, vagonlarimiz endigina yetib kelgan ekan, piyozlar portga tushirilib, yuk kemasiga joylangach, to‘rt kun dengizda suzib, Kamchatkaga yo‘l oldik. Piyozlarni u yerdagi bazaga topshirishga ham o‘n kuncha vaqt ketdi.
Savdogarchilik bahonasida, sira yoddan chiqmaydigan qancha-qancha taaassurotga ega bo‘ldim: umrimda birinchi bor kemaga o‘tirib, dengizda suzdim; dunyoda koryak degan millat borligini bildim, ularning asosan dudlangan go‘sht, baliq, sut mahsulotlari tanovul qilib kechirayotgan hayoti, o‘zbekning tasavvuriga sig‘maydigan darajadagi jaydari turmush tarzi bilan tanishdim; biz tomonda piyoladan kichikroq idishchadagisi falon pul turadigan baliq uvildiriqlari bu yerda oyoqosti bo‘lib yotgani, bir shisha araqqa uch litrli bankadagisini olish mumkinligidan dong qotdim; chiroyi kasal ko‘zni ham davolovchi o‘rmonlar aro cho‘zilgan o‘rkach-o‘rkach yo‘llar, qaynoq suvlari bulutdek bug‘lanib, buloqlari ko‘pchib-ko‘pchib otilib turuvchi vulqonli tog‘lar dilimni o‘ziga butkul rom etib boraverdi. Sovuq avjiga chiqqaniga qaramay, ozgina bo‘sh vaqt topilsa, portdagi katerlardan birortasini yollab, dengizda suzganim suzgan edi.
Mashrabning ikki pochchasi – Abduvahob aka va Abduqodir, mahalladoshi Homidjon bizga sherik edi, ko‘rilgan foyda o‘rtada taqsimlanishi bilanoq, uch kishi to‘g‘ri uyiga jo‘nadi. Mashrab ikkimiz uchoqda yana Vladivostokka qaytdik. Harbiydagi Avaz ukam shu shahardan olisroqdagi Olga degan buxtada xizmat qilardi, uni yo‘qlab borib, komandirlari bilan birgalikda uch kun aysh-ishratga berildik. Shu asno, salkam ikki oyda ishxonamga kirib keldim.
Kirib borsam, muharrirning qovog‘idan qor yoqqan, o‘rinbosari shovqin ko‘targan, xodimlarning so‘rashib-ko‘rishishida ham qandaydir noqulaylik. Juda uzoqda edim, ahvolni telefonda tushuntirishga, ta’tilimni o‘z hisobimdan cho‘zib turinglar deyishga imkonim bo‘lmadi, degan gaplarimni rahbariyat hatto eshitgisi kelmayotgandi.
— Ba’zilar sizni ishdan haydashni taklif qilishdi, — dedi muharrir. – Ochig‘i, o‘zimning ham fikrim shu edi, lekin ko‘nglim bo‘lmadi, mayli, hozircha lavozimini pastlatib, adabiy xodimlikka tushirib turaylik-chi, dedim. Odam deganiyam shunaqa mas’uliyatsiz bo‘ladimi?! E-e…
Ohista bosh qimirlatib qo‘yib, xonadan indamay chiqib ketdim. Redaksiya hovlisidagi bog‘da o‘ylanganimcha ancha kezib yurdim, keyin ko‘chaga chiqib borib, uygacha piyoda ketdim, deyarli tun bo‘yi xayol surdim, bir qarorga keldim-u, yuragimdagi siqilish sal kamaygandek bo‘ldi.
Goh yarim kechagacha ishlatishdi, goh dam olish kunlaridayam ishlatishdi, goh oylik ta’tilimning bir haftasi o‘tmasidanoq qayta chaqirib olib ishlatishdi, biror marta “voy jonim-a” demadim. Yurib-yurib, ishga uch hafta kechikibman-u, buning oqibatida redaksiya yonib ketgan taqdirdayam, ha endi bir bo‘ldi-da, oldin kelsin, sababini surishtiraylik, demay, orqavoratdan loyga chayishgani nimasi? To‘g‘ri, aybdorman, ammo shu aybimni xaspo‘slashga bemalol yetib-ortadigan xizmatlarim ham bor-ku! Tamom – bu yer menga to‘g‘ri kelmadi!
Ertasiga muharrirning oldiga sokin kayfiyatda kirib borib, o‘z xohishim bilan ishdan bo‘shatishlarini so‘rab yozgan arizamni qo‘liga tutqazdim. Uning birdan avzoyi buzildi, e, qanaqa odamsiz, shunga shunchami, deb arizamni yirtib tashladi.
— Chiqing, ishlang! – deb po‘pisaladi u. – Toqat qipturing-chi, amal kerak bo‘lsa, yana qaytarib berarmiz!
Xonadan chiqib, arizani boshqatdan yozdim-da, uni bu gal o‘rinbosarga topshirib, gap bitta, endi bu yerda ishlamayman, dedim. Bu narsani men emas, muharrir hal qiladi, deya u meni o‘tirgan joyida sovuq kuzatib qoldi.
Shu tariqa, 1976 yilning noyabrida ishsiz qoldim. Ayamga yolg‘on gapirdim, ishdan o‘zim arazlab bo‘shadim, desam qattiq jahli chiqishidan cho‘chib, meni haydashdi, dedim. Tergamadi. Rahmi keldi.

O‘tar yuzlab xoqonlar,
Chiqar minglab farmonlar,
Ona mehri o‘zgarmas!

Ishdan xo‘rlanib haydalganimga o‘sha kunlari, negadir, o‘zimni ham ishontirgim kelaverdi. Bundan qancha g‘azablansam, kuchimga shuncha kuch qo‘shilayotgandek, qadrimga yetmaganlarga tezroq o‘zimni ko‘rsatib qo‘yishga bo‘lgan ishtiyoqim toshqinlanib, turmushning qandaydir yangicha pog‘onasiga bo‘lgan intiluvim oshayotgandek edi. Bu g‘alati holat sababini oradan necha yillar o‘tib angladim. O‘shanda shunday qilishim zarurati tug‘ilgan ekan: Toshkentga borib ijodimga kengroq yo‘l ochishni tez-tez orzulab tursam-da, ayamni bunga ko‘ndirishim amrimahol ekanini bilib, zo‘rg‘a chidab yashayotgandim, endi kutilmaganda qulay vaziyat tug‘ildi, bundan foydalanib qolish uchun voqeani uydagilarga bo‘rttirib ko‘rsatishim kerak, toki bosh olib ketishdan boshqa ilojim qolmaganiga iqror bo‘lishsin. Bu qishloqdan shunaqa qilib qochmasam, qutulishning boshqa yo‘li yo‘q. Ketmasam, bu barakasiz muhitda o‘lgunchayam ovim yurishmaydi, “ov”ning eng gavjum joyiga borish uchun esa “aslahalar”im yetarli. Ana, Miraziz A’zam oxirgi daftarlarimdagi she’rlarni o‘qib ko‘rib, agar ixtiyor menda bo‘lsa, bolalarga atalganlarini hoziroq kitob qilib chiqarardim, bular tamoman yangicha narsalar, deb turibdi. “Guliston”dagi, “G‘uncha”dagi, “Mushtum”dagi tanishlar ham jon kuydirib, imkon bo‘lsa, poytaxtga keling, qishloqda yurib nazarga tushish qiyin, deyishgani deyishgan.
Xullas, Toshkentga ketishga ko‘pdan bahona izlab yurardim. Mana, nihoyat katta bahona topildi…
O‘zingni nohaqlikka uchragan mushtiparga solgin-da, poytaxtga g‘izilla. Dangal jo‘nayversang-chi, landavur!

POYTAXTGA YURISH

Vah! Yo‘q etikka ishonib, chorig‘ingni itqitdingmi?
KULKUL afandi

Keyinchalik “Yaltiroq tugma” asarimda bitganimdek, barcha aqli raso sarkardalar kabi zabtkorlikni bug‘doy o‘rimida boshlamay, Qo‘qonni qahratonda qamalga olgan Buxoro amiri Nasrulloga o‘xshab, yurish qilishga turup pishig‘ida kirishdim. Kamchatka safari chog‘ida, Mashrab oshnamning maslahati bilan, biz tomonda kamyob bo‘lgan baxmal matodan ikki to‘pini pochta orqali uyga jo‘natgandim, shundan qolgan foydaning o‘zi ayamni qoniqtirgani uchun, topgan mo‘mayroq pulimning ko‘prog‘ini o‘zimda olib qolgandim, shu mablag‘ning hovuri bilan poytaxtga tetik kayfiyatda keldim.
Biron ishga kirish uchun eng avvalo pasportimni Toshkentga qo‘nimdor (propiska) qilishim shart edi. Masalaning eng qiyini shu bo‘lib, u zamonda o‘zbeklarning viloyatlardan, ayniqsa qishloqlardan “qochib kelib”, huzurijon poytaxtda tirbandlanishining barcha yo‘llari to‘sib tashlangan, bu masalada faqat ikki toifaga katta imtiyoz bor edi: biri – chetdan ishga chaqirib olingan kerakli mutaxassislar, ikkinchisi – Rossiyada xutor sistemasini tugatishga qaratilgan hukumat qaroridan so‘ng, rus qishloqlaridan to‘p-to‘picha oqib kelayotgan sariqsochlar. Shu “qaltis masala”ning ketidan bir oycha yugurdik, ba’zi amaldorlarni o‘rtaga soldik, pora taklif qildik, baribir ishimiz bitmadi. Oxiri O‘ktam akaning Toshkent viloyatiga qarashli Yangibozor shaharchasida yashovchi oshpaz tanishi To‘xtasin aka xonadoniga bir amallab qo‘nimdor qilindim.
So‘ng ish qidirishlar boshlandi. Endilikda G‘afur G‘ulom nashriyotida muharrirlik qilayotgan Miraziz aka oldin o‘zi ishlagan “Yosh gvardiya” nashriyotidan menga biror kovakcha topilishiga amindek edi. Lekin, bosh muharrirga uchrab, sizlarda korrektorlik lavozimida bitta bo‘sh o‘rin bor ekan, shu nashriyotda kitobi chiqqan bir yigitni o‘sha joyga olsalaring-chi, desa, bizga shoir emas, malakali korrektor kerak, deb javob qilibdi. Direktorga kirsa, o‘zi nashriyotimizning qorovuligacha shoir bo‘lib yotibdi, deya qo‘lini siltabdi. Goh Miraziz akaga, goh O‘ktam akaga, goh Mahkam Mahmudovga ergashib men bosh suqmagan nashriyot, gazeta-jurnal qolmadi. Hamma joyda ikki xil javobdan biri: “He, attang, pasport propiskasi Toshkent viloyatida ekan, Toshkent shahrida yashovchilargina ishga olinsin degan ko‘rsatma bor”, yoki “Hozircha bo‘sh o‘rin yo‘q!”
Miraziz aka bir kuni meni Yozuvchilar uyushmasiga boshlab borib, Hakim Nazirga tanishtirdi, keyin esa, bolalar adabiyotining yo‘g‘onbilak yugandoriga aylanib turgan Po‘lat Mo‘minga yo‘liqtirdi, oldin ta’rifimni keltirib, ishga joylashishimga ko‘maklashishini so‘radi. O‘ta dabdabali tarzda dastxat bitilgan kitobchamni olayotib, bir o‘ylab ko‘rarmiz, deyishdi-yu, o‘ylab yurishlari juda uzoqqa cho‘zildi. Balki, ular meni qaytib eslamagandir ham. Shoirlik da’vosida daydib yurganlardan ko‘pi borakanmi!
Birgina “G‘uncha” jurnalidagilar ochiq yuz bilan qarshilab, odamdek gaplashishdi: “Yoshi o‘tibroq qolgan ikkita xodimimiz bor, yo unisi, yo bunisi pensiyaga chiqadigan bo‘lsa, sizni jon-jon deb ishga olardik”. Orqasidan poylab yurib, shulardan birini mashinaning tagiga itarib yuborsammikin, deb kulimsirardim ichimda.
Kitobsevarlar jamiyati degan bir tashkilot bo‘lardi, asosiy vazifasi – aholi orasida kitoblarni targ‘ib qilish, joylardagi zavod-fabrikalarda, dalalarda, o‘quv yurtlarida adiblar bilan uchrashuvlar o‘tkazib turish. Mahkam Mahmudovning iltimosi bilan meni oxiri shu joyga oladigan bo‘lishdi. Ertasiga hujjat rasmiylashtirishga borsam, novcha bir xodim meni xonasiga boshlab kirib, direktor sizni mening bo‘limimga o‘tkazar emish, oldin bilib olaylik, ruschada puxtamisiz, deb qoldi. Judayam puxta emasman, desam, unda chiqishib ketishimiz qiyin, bilib qo‘ying, direktor bilan emas, men bilan ishlaysiz, taqdiringizni men hal qilaman, deb gezardi. Direktor Normatovning oldiga kirdim, bo‘lim mudiri shunaqa-shunaqa deyapti, sizdan ming marta xursandman, ammo endi bu joyda ishlolmayman, desam; meni qo‘shni xonaga boshlab chiqib, mudirni tikka so‘kishga tushdi, so‘ng menga qarab, ishlayvering, yana jig‘ingizga tegsa, o‘zini yo‘qotaman, dedi. Eski bema’niligim qo‘zib, baribir bu idoraga qaytib bormadim.
Bahor o‘tdi, yoz oxirlayapti, hanuz ishsizman. Zaxiradagi pullarim allaqachon tugab bo‘lgan, bir nav qishloqqa borib olsam, qaytishimda ayamdan tashqari ukalarim ham cho‘ntagimga besh-olti so‘m tiqib qo‘yishadi. Xotinim daydiligimdan shikoyatlanib, har gal ichimni xufton qilib jo‘natadi. Tag‘in qachon kelasiz, deb o‘g‘illarim ko‘chagacha ergashib chiqadi. Bundan yuragim oqadi, o‘pkam bo‘g‘zimga tiqiladi, dodlab yuborgim keladi. Bolalarimning mungli nigohlari haftalab ko‘z oldimdan ketmay qiynayveradi.
Bir jumada yana qishloqqa bordim. Uyda ikki kun tunagach, kechki 559-poyezddaToshkentga jo‘nashga (bu poyezd poytaxtdan Andijon sari qaytishda 660-ga aylanardi) shaylanib, boshqa xonadonlarda kamdan-kam uchrovchi, hosildorligi pastroq, lekin shirasi tilni yoradigan, dadam Mamasoli degan mirishkor tanishinikidan olib kelib ekkan karsilloq hasayni uzumlarni xaltaga joylayotsam, bolalaringni tentiratib, qachongacha shu ahvolda yurasan, o‘g‘lim, deya ayam qaytadan kuykanishga tushdi. Bor qonim tepaga yig‘ilayotgandek tuyuldi, hozir boshim gumbirlab portlaydi-yu, miya parchalarim tirqirab uchib, devorlarga chaplanib qoladi, deb o‘yladim. Xaltani yerga tashladim-u, gandiraklagudek odimlaganimcha borib, uydan qizil qutini ko‘tarib chiqqach, qopqog‘ini ochdim-da, manavilar hammasi pul, aya, dedim Alamazon haqidagi qissa, bolalarga atalmish piyesa va turkum hikoyalar solingan papkalarni pesh qilib. Keyin o‘shanda soni qirqtaga yaqinlashib qolgan, ko‘plari to‘qson olti betli umumdaftarlardan ayrimlarini varaqlab ko‘rsatdim:
— Manavilar ham pul! Payti kelib, bular kitob bo‘ladi! Kitob bo‘lsa, har bitta satriga kamida yetmish tiyindan to‘lashadi! Ko‘rgansiz, birinchi kitobimga yetti yuz so‘m berishdi! Hali kattaroqlari chiqsa, uch ming, besh ming so‘mlab olaman! Ozgina toqat qipturinglar, xudo xayringni bergurlar!
Ikki ming so‘mga kichikroq uy qursa bo‘ladi, bu hobbonining bezrayib besh mingdan kelishini ko‘ring! Oldin besh so‘mga bir kolo go‘sht olib berishga qurbing yetsin-chi.
Kechki ovqat tatimadi. Ketayotganimni bilib, bolalarim tag‘in mo‘ltirab turishibdi. Ular qimmat kiyimlar, chiroyli o‘yinchoqlardan ko‘ra doim yonlarida bo‘lishimni ko‘proq istashayotganga o‘xshardi. Nahotki, menga o‘chakishib, yo‘qligimda bularni atayin o‘ksintirayotgan bo‘lishsa? Yo‘g‘-ye, bunchalikka borishmas…
Toshkentdagi jonkuyarlarim menga boshqa ish topishdi, respublika radiosining qishloq xo‘jalik bo‘limiga olti oylik sinov muddati bilan yugurdaklikka qabul qilindim. Yugurdaklikning ma’nosi shuki, sinov davrida ishga rasmiylashtirishmaydi, bo‘limdagilarning topshirig‘i bilan tayyorlagan eshittirishlaringga qalam puli olasan xolos. Qalampuli yomon emas, chidab kun ko‘rsa bo‘ladi. Eng muhimi, bo‘limdagilar bilan qalinman, o‘rtada sovuq gap oralamadi.
Yarim yil ham o‘tib, nihoyat meni ishga oladigan bo‘lishdi. Quvonib turganimda, kadrlar bo‘limidagi muzko‘z qariya pasportim Toshkent shahrida qo‘nimdor emasligini bahona qilib, ishning beliga tepdi, bo‘limimiz boshlig‘ining iltimosi ham o‘tmadi. Tarvuzim yana qo‘ltig‘imdan tushdi. Endi nima qilaman? Yana qayerga borib yalinaman?
Shuncha tashvishlar ichida universitetdagi o‘qishimning g‘alvalari ham bor edi. Goh sinov ishi, goh kurs ishi yozasan, imtihon oyi kelsa, umring auditoriyalarda o‘ta boshlaydi, “qoniqarsiz” baho olmaslik uchun muallimlarga poy-patak bo‘lishga tushasan. Dars tayyorlashga vaqting bo‘lmay, goh biriga “Talabalar shaharchasidan MUMga sayohat” kabi qiziq she’rlaringdan o‘qib berib, goh ikkinchisiga tishing qattiq og‘riyotganidan shikoyat qilib o‘tirib, ming nayrang bilan imtihondan o‘tasan.
Ish qidirishdagi omadsizliklardan, iqtisodiy qiyinchiliklardan ko‘nglim butkul cho‘kib ketganmi, Toshkent sarsongarchiliklari davrida uchta imtixondan o‘tolmadim, qayta topshirishga hafsalam kelmay, bo‘ldi, endi o‘qishniyam yig‘ishtiraman, deya universitetga bormay yuraverdim. Bu paytda Beshyog‘ochdagi bir kampirning uyida ijara turardim, gruppamiz kursboshisi Nazirjon, kursdoshimiz Shukurni ham vaqtincha shu yerga joylagandim. Ko‘ngliga yaqin o‘qituvchilarni avrab, imtihon topshirmasam ham menga baho qo‘ydirib beraveradigan Nazirjon arazimdan kuyinib, ilojim qancha, bu domlalarga gapim o‘tmadi, lekin siz bunaqa o‘jarlik qilmang, kursda qoldirib yuborishadi, desa ham parvoyimga keltirmadim. Bu holdan Miraziz akaniyam xabardor qilishgan ekan, oxiri shu uztozning achchiq so‘zlari ta’sirida zardalanganimcha borib, bir zarbda hamma qarzimni uzib tashladim.
Kursdoshlarim ichida andijonlik Nazirjon va Shukurdan tashqari, qashqadaryolik Akramjon, ohangaronlik Jo‘ravoy bilan ham juda inoq edim. Qizlardan sirdaryolik Bahoroy, toshkentlik Naziraxon (adabiyotshunos G‘aybulla as-Salomning qizi) o‘zlarini menga yaqin tutishardi. Boshqa kursdoshlar bilan ham ahil edim, yozgi yoki qishki sessiyaga yig‘ilsak, qay birlari menga xonadosh bo‘lishni istab, yaxshi joy topdik, kvartirada biz bilan yashasangiz-chi, deb qistashardi. Dam unisi, dam bunisi mehmonga chaqirib turardi.
Kunduzgi bo‘limda o‘qiydiganlar orasida ham tanishlarim ko‘p edi, ba’zan ularning ijaraxonasida to‘planib, ayrim yosh shoirlar bilan mushoira o‘tkazardik. Bir gal Akramjon tashkilotchiligida qashqadaryolik talaba Yusufjon Hamdamovning kulbachasiga Usmon Azim, Muhammad Rahmon, Erkin A’zam, Murod Muhammad Do‘st kabilar yig‘ilib, she’rxonlik qildik. Qissanavisligi bois o‘zini davrada ko‘rsata olmayotganidanmi, yo Moskva adabiyot institutidagi do‘stidan qarzga so‘rab kiyib kelgan kostyumini mastlikda elektr pechi ustiga tashlab kuydirib qo‘ygani uchunmi, birgina Murod yig‘inga uncha qovusholmay o‘tirardi.
Bir payt Akramjon balet haqidagi she’rni o‘qib berishimni so‘rab qoldi. Nayniq so‘zlar ko‘p bo‘lgani uchun avvaliga ko‘nmadim, boshqalar ham qistashga tushgach, yoddan o‘qib berdim. Bo‘ldi kulki, bo‘ldi kulki. Bundan ruhlanib, orqasidan Gulmat g‘azallaridan ham bittasini qistirdim.
Gulmat degan devonavash shoir nomidan talay qiziq g‘azallar yozib yurgan bo‘lsam-da, ularni na “Mushtum”dagilar yurak betlab bosa olishdi, na boshqa gazeta-jurnaldagilar. Faqat talaba do‘stlarim davrasidagina o‘qib turardim. Samarqandlik kursdoshim Sirojiddin bunga taqlid qilib, Xumiy taxallusi bilan hajviy g‘azallar yoza boshladi. Qoyilmaqom yozardi. (Gulmat turkumidagi g‘azallarni she’riy umumdaftarlarga ko‘chirmay, alohida papkaga yig‘ib yurardim; 80-yillar atrofida o‘ta bo‘sh tuyulganlarini mehnatimga achina-achina yirtib tashlagach, ayrim tuzukroqlarini qayta pishitib, bug‘oltirlar ishlatadigan katta qora daftarga jamlashga tutindim).
Ahvolim og‘irlashaverdi. Oltiariqqa shalvirab qaytishga betim chidamasdi, Toshkentda yashashga qurbim qolmagandi. Xonani ijaraga bergan kampir ko‘ngli yumshoq ayol edi, topganda pul to‘lardim, vaqtida to‘lolmasam, qistovga olmasdi. Baribir bu xonadondan ketishimga to‘g‘ri keldi. Goh Miraziz akanikiga, goh O‘ktam akanikiga, goh qishlog‘imizdan kelib turli joylarda o‘qiyotgan tanishlarimnikiga borib tunayman, ovqatlariga sherik bo‘laman. Bir necha marta temiryo‘l vokzaliga borib, uzunkursida mudragancha tong ottirgan kunlarim ham bo‘ldi. Bir qultum vinoni tangrining cheksiz inoyati sifatida qabul qiluvchi uysiz sayoqlarning yuzaki qaraganda o‘ta quvnoqdek tuyuladigan, ularning o‘rniga o‘zingni qo‘yib ko‘rsang, behad ayanchli bo‘lgan turmush tarzi bilan shu joyda tobora yaqindan tanishaverdim. O‘zimni uxlaganga solib, ularning o‘zaro suhbatlarini zo‘r qiziqish va hayajon ila tinglab o‘tirardim ba’zan.
Nonushtadan tortib kechki ovqatimgacha bir xil taom – bor-yo‘g‘i to‘rt tiyin turadigan, birov “uxo-gorlo-nos”, birov “bedanakabob” deb ataydigan go‘mma somsachalardan to‘rt-beshta olib, chapillatib-chapillatib yeyman, hiqichoq tutsa, artizonning suvidan bosib ichaman. Hech iloj qolmaganda, ahvoli menikidan yaxshiroq bo‘lmagan O‘ktam akaga qo‘shilib, tilamchilarning oldida to‘planibroq qolgan tangalarni talashda ham qatnashardim. Bu – juda uyatli, juda iztirobli edi.

G‘alaba ham ikki xil:
Birisidan yashnar dil,
Orlanasan biridan.

Bolalar nashrlarida, goho “Mushtum” jurnalida ismim ko‘rinib turardi, ammo plagiatlik avj olgan, ba’zilar tuman, viloyat miqyosidagi gazetalarda bosilgan she’rlarni yig‘ib, poytaxtda o‘z nomidan kitob qilib chiqarishgacha borib yetgan, bu ko‘chirmachilar haqida feletonlar bosilayotgan muhitda bitganlarimni turkum-turkum tarzda birovlarning qo‘liga topshirib qo‘yishni istamasdim, redaksiyalarga uch-to‘rttadan she’r tarqatib turardim xolos. Shunga qaramay, mavzu o‘g‘rilariga bir-ikki bor duch keldim. Masalan, o‘shanda “Sharq yulduzi” jurnalida ishlovchi xodima qoldirib yuborgan she’rlarimdan biridagi “quvg‘indi kaptar”ga oid satrlardan o‘zining she’rida deyarli o‘shanday foydalanganiga guvoh bo‘ldim. Etikdo‘z mushuk haqida ertakcha yozib, “G‘uncha”ga topshirsam, oradan ancha o‘tib, boshqa odamning shu mavzudagi kattagina she’ri bosilib chiqdi.
Xuddi shundan cho‘chib, sargardonlikda yozib tugallangan “Alamazon va uning piyodalari” degan qissamni ham anchagacha birovga ko‘rsatmay yurdim. Oxiri O‘ktam aka o‘qib ko‘rgach, juda qiziq asar bo‘libdi, deya meni “Sharq yulduzi”ga yetaklab bordi, qissamni maqtab, nasr bo‘limi mudiri Shukur Xolmirzayevga topshirdi. Shukur aka ikki oychadan so‘ng ostiga familiya qo‘yilmagan taqrizni qo‘shib (do‘stim Tohir Malik odob yuzasidan shunday qilganini jurnalda ishlovchi Tohir Qahhordan baribir bilib oldim), asar hali xom, deya papkamni qaytarib berdi. Taqrizda aytilgan kamchiliklardan o‘rinlilarini tuzatib, qissamni yana olib bordim. Shundan keyin ora-sira yo‘liqib turdim, ammo Shukur aka asar haqida boshqalarning ham fikrini eshitish uchun kimgadir bergani, kimligi esida yo‘qligini aytib, gapni chuvalayverdi. Oxiri surishtirmay qo‘ydim.
Har narsaning o‘z payti bo‘larkan, kunlar ketidan oylar kechib, bu asarni bosish “Sharq yulduzi”ga Xolmirzayevdan keyin ishga kelganlarga nasib etdi. Faqat, ular ochiq-oydin shartlar qo‘yishdi – falon-falon boblarning falon-falon qismlaridagi ma’nolar o‘ta qaltis, boshqa boblardagi falon-pismadon jumlalarni ham hozirgi zamonda berib bo‘lmaydi, ularni qisqartirib tashlaymiz. Shunda tushundimki, Shukur aka menga bu gaplarni oshkora aytib o‘zini bir qishloqi yigitcha oldida hurkak kimsa qilib ko‘rsatishni istamagan, u-bu bahonalar bilan ishni ortga suravergan.
Mazkur qissani nashriyot o‘shanda allaqachon bosmaxonaga topshirgani, hademay biron joyi o‘zgartirilmagan tarzda kitob bo‘lib chiqishini nazarda tutib, hartugur tuzukkina gonorar to‘lashadi-ku, deya jurnaldagilarning shartiga rozi bo‘ldim. U yog‘ini so‘rasangiz, asarning nashriyotdan bus-butun o‘tib olish jarayoni ham oson kechmagan, bundan oldin Yozuvchilar uyushmasida yaxshigina tazyiqqa uchragan edi. Ushbu voqea haqida, fursati kelib, balki kelgusi kitobda alohida to‘xtalarmiz.
Hozirda o‘sha damlarni o‘ylab qolsam, qanchalar og‘irchiliklar ko‘rmayin, yozganlarimni tezroq nashr qildirishning orqasidan quvavermay, o‘zim tag-tagigacha tushunib yetmagan holda, asosiy vaqtimni yozishga sarflayverganim zap to‘g‘ri ish bo‘lgan ekan, deb qo‘yaman. Zero, yillar o‘tib, yoshlikdagi kuchni ham, ko‘ngil yoniqliklarini ham topib bo‘psan!

Davomi bor

06

(Tashriflar: umumiy 2 624, bugungi 1)

Izoh qoldiring