18 октябрь — Самарқанд куни
Қадим-қадимдан ажиб мадҳияларга сазовор Самарқанд ва унинг тарихига бағишланган китоблар кўп ёзилган. Уларнинг баъзилари етиб келмаган (Ал-Муставфийнинг «Таворихи Самарқанд» (XI аср) ал-Идрисийнииг «Кнтоб ал-камол ли-маърифат ар-рижол» (XI аср), ан-Насафийнинг «Китоб ал-қанд фи тарихи Самарқанд» (XI аср) ва бошқ.), баъзилари етиб келсаям, ўқилмай сарғайиб, асрлар чанги босиб ётибди (ан-Насафий китобининг мухтасари Абулфазл Муҳаммад ас-Самарқандийнинг «Қандияйи хурд» номи билан машҳур «Қанд дар таърифи Самарқанд», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарномаи Темурий», Низомуддин Шомийнинг «Зафарнома» ва бошқ.).
«Боқий Самарқанд» маърифий фильми 2007 йили «O’zbekiston» телерадиоканалининг Маънавий-маърифий кўрсатувлар таҳририяти томонидан тайёрланган.
Самарқанд Ўзбекистоннинг жанубий — ғарбий қисмида, Зарафшон водийсининг ўрта қисмида, Дарғом ва Сиёб каналлари орасида, денгиз сатҳидан 725 м . баландликка жойлашган, аҳолиси 400 мингга яқин, майдони 0,09 минг м 2 .
Самарқанд жуда бой ва қадимий тарихга эга. Шаҳарнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ниҳоятда мураккаб жараёнда кечган. Археологик маълумотларга қараганда тош давриданоқ Зарафшон водийси ибтидоий аждодлар томонидан ўзлаштирилган. Бунга водийнинг серунум тупроғи, мўътадил иқлим ва одамзод яшаш учун қулай шароит мавжудлиги сабаб бўлган. Ургут тоғларидаги Омонқўтон, Булунғур туманидаги қўтирбулоқ, Нарпайдаги Зирабулоқ, Самарқанд шаҳридаги «Динамо» ўйингоҳининг ёнида топилган ибтидоий одамлар яшаган манзилгоҳлар фикримизнинг далилидир. қолаверса тош асрдан кейинги бронза даврида Зарафшон водийсининг бир неча жойларга одамлар истиқомат қилганлар. ҳозирги Самарқанд ҳудудида ҳали шаҳар пайдо бўлмасдан анча олдин Университет хиёбонининг жанубий томонида Лолазор маҳалласи ўрнида, Оби Раҳмат ариғининг чап қирғоғидан қўрғонча маҳалласида ва Сартепа мавзеининг жанубий қисмида энг қадимги қишлоқлар юзага келган.
Маълумки, 1970 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан Самарқанднинг 2500 йиллиги нишонлаган. Бу юбилей ўша даврда қадимшуносларимиз қўлга киритган ютуқлар асосида қайд қилинган эди. Мустақилик шарофати туфайли Самарқанднинг пайдо бўлиш тарихи янада ҳам қадимийроқ эканлиги аниқланди. ўзбек археологлари М. Исомиддинов ва А.Отахўжаевларнинг франциялик олимлар Поль Бернар, Франц Грене, ва Клод Рапенлар билан ҳамкорликда Афросиёбда олиб борилган тадқиқотлари натижасида унинг энг қуйи маданий қатлами ўрганилди. Натижада ер сатҳидан 10- 15 метр чуқурликда милоддан аввалги IX — VII асрларга таалуқли ашёлар топилди. Булар қўлга ясаб рангли нақш берилган идишларнинг парчалари ва шунингдек, гуваладан тикланган 7 м . қалинликдаги мудофаа девори қолдиқларидир. Топилган ушбу намуналар Франциянинг Жив-Сюр-Ивст шаҳридаги радиоактив лабораториясида тадқиқ қилинди. Лабораториядаги таҳлиллар бу ашёлар бундан 2750 йил илгари яратилганлигини кўрсатди.
Самарқанд шаҳри номининг келиб чиқиши ва унинг маъносига келсак, бу борадаги баҳслар ҳамон давом этмоқда. Кўпчилик Шарқ муаллифлари «Самарқанд» сўзининг биринчи қисми, яъни «Самар» сўзи шу шаҳарда асос солган ёки шаҳарни босиб олган киши номи билан боғлайдилар. Аммо тарихда бундай исмли киши тўғрисида маълумот йўқ. Сўзнинг иккинчи қисми «Кент» (қанд) – қишлоқ, шаҳар деган маънони билдиради. Бу ҳақда жуда кўплаб ривоятлар битилган. Айрим европалик олимлар, бу қадимдан қолган, санскритча «Самариа»га яқин, яъни «йиғилиш, йиғин» сўзидан келиб чиққан деб изоҳлайдилар. Антик давр манбаларида шаҳар «Мараканда» деб аталган. Бу балким «Смараканда»нинг юнонча айтилишидир. X — XI асрларда яшаган олимлар Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд қошгарий шаҳар номининг келиб чиқишини «Семизкент», яъни «семиз, бой қишлоқ, шаҳар» сўзининг бузиб талаффуз қилиниши деб тушунтирадилар.
Самарқанд жаҳон шаҳарсозлиги тарихида чуқур из қолдирган љадимий масканлардан бири ҳисобланади. Милоддан олдинги 1-минг йилликнинг ўрталаридан то XVII аср бошларигача Самарқанд Суғднинг маъмурий маркази бўлган. Кўҳна шаҳарнинг қолдиқлари Афросиёб харобаларида сақланиб қолган. Рим тарихчиси Квинт Курций Руф (1 аср) нинг ёзишича Самарқанд қалъаси деворининг айланаси тахминан 10,5 км бўлган. Бошқа Юнон манбаларида ёзилишича шаҳарнинг ичида ҳашаматли саройлар бўлган. Шундай ҳашаматли саройларнинг бирида кайфи ошиб қолган Александр Македонский ўзининг яқин сарфдоши Клитни ўлдириб қўйган эди.
Қадимги Суғд, жумладан Самарқанд халқи ўз тарихи давомида бир неча марта чет эл босқинчиларга қарши ўз мустақиллигини сақлаб қолиш мақсадида мардонавор курашиб келган. 329-327 (м.о) йилларда Самарқанд аҳолиси Спитамен бошчилигида Александр Македонский босқинига қарши кураш олиб боради. Юнон-Бохтар ва Кушон подшоликлари даврида Самарқандда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, маданият ва шаҳарсозлик юксак даражада ривожланади. VI асрдан бошлаб Суғд давлати, жумладан Самарқанд ҳам Турк ҳоқонлиги таркибига киради. Аммо Самарқанд ҳукмдорлари ўз сиёсатларида мустақил эдилар.
Самарқанд орқали шарқ ва ғарб савдоси амалга оширилар эди. Буюк ипак йўлида Самарақанд муҳим бўғин ҳисобланар эди. Шаҳар савдогарлари Хитой, Эрон, Миср, Сурия, ҳиндистон, Византия билан савдо сотиқ қилар эдилар. Айнан Самарқандда шарқ ва ғарб маданиятлари ўзаро тўқнашган ва бир-бирини бойитган. Шу боис шарқда кенг тарқалган мақолалардан бирида «ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд» дейилган. Шунинг учун бўлса керак Самарқанд ва Рим инсоният тақдирдаги буюк хизматларни назарда тутиб «Боқий» шаҳарлар номни олганлар.
712 йилда Самарқанд қутайба бошчилигидаги араб босқинчилари томонидан забт этилди. қўзғолон кўтарган шаҳар аҳолисининг бир қисми қириб ташланган, бир қисми қувиб чиқарилган. Шундай кейин ҳам Самарқанд аҳли ўз истиқлоли учун курашни давом эттирган. Шаҳар VII — IX асрларда араб босқинчиларига қарши йирик қўзғолонлар: Муқанна ва Рофе ибн Лайс бошчилигидаги чиқишларнинг маркази бўлган. IX -асрнинг 20 йилларидан бошлаб Самарқанд сомонийлар давлатининг пойтахти бўлган. 887 йилда биринчи марта сомонийларнинг кумуш тангалари Самарқандда зарб қилинган. Сомонийлар пойтахти Бухорога кўчирилгандан (889 й) кейин ҳам Самарқанд Мовароуннаҳрнинг энг йирик ҳунармандчилик, савдо ва маданият марказларидан бири бўлган. Айнан шу даврда дастлабки мадрасалар, кутубхоналар вужудга келган. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллалар шаклланиб борган.
XI асрдан бошлаб Самарқанд қорахонийлар давлати таркибига кирган. 1089 ва 1130 йилларда уни салжуқийлар босиб олган, XII асрдан қорахитойларга тобе бўлган. 1210 йилдан Муҳаммад Хоразмшоҳ давлати таркибида бўлган. 1212 йили самаркандликлар Хоразмшоҳга қарши қўзғолон кўтарган. 1220 йили Чингизхон қўшинлари Самарқандга бостириб кириб, шаҳарга ўт қўйган ва аҳолининг кўп қисмини қирган, тирик қолганлар шаҳардан чиқиб кетган. Бир неча йилдан сўнг Самарқанд қайта тиклана бошлаган. Марко Поло Самарқандга келмаган, у Самарқанд ҳақидаги маълумотларни отаси ва амакисидан олиб ?з китобига киритган.
XIV асрнинг ўрталарига келиб муғулларга қарши Мовароуннаҳрда халқ ҳаракатлари бошланди. 1365 йилда Самарқанд аҳолиси сарбадорлар бошчилигида шаҳарда ҳокимиятни ўз қўлларига олдилар ва уни 1366 йилнинг баҳоригача бошқардилар.
1370 йилда Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эътироф этилиши Самарқанд тарихи учун янги саҳифа очиб берди. Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида Самарқанд давлат пойтахти сифатида XIV асрнинг охирлари XV –асрларда Шарқнинг энг гўзал шаҳри, Марказий Осиёнинг йирик иқтисодий, сиёсий, маданий марказига айланди. Бу даврда Самарқандда ўнлаб бинолар, ғарбий қисмида эса шаҳар қалъаси ( 34 га ) барпо этилди. Унинг ичида иккита қаср — Кўксарой ва Бўстонсарой, ҳунармандчилик устахоналари, савдо расталари, карвонсаройлар, ҳаммомлар, шифохоналар ва бошқа маданий – маиший бинолар қурилди. Амир ва амирзодалар қалъадан ташқари Боғи Нақши Жаҳон, Боғи Биҳишт, Боғи Дилкушо, Боғи Шамол, Боғи Майдон, Боғи Зоғон, Боғи Нав, Боғи Феруза, Давлатобод, Боғи Баланд каби боғлар бунёд этдилар. Шаҳар ичкариси ва ташқарисида Бибихоним Жоме масжиди, Гўри Амир мақбараси, Шохи Зинда мажмуаси, Улуғбек мадрасаси, расадхонаси каби кўплаб машҳур меъморий обидалар яратилди. Самарқанд замонасининг йирик илмий марказларидан бирига айланди. Тафтазоний, Журжоний, қозизода Румий, ғиёсиддин Жамшед, Али қушчи каби олимлар жаҳоний шуҳрат топдилар. Улуғбек бошчилигидаги Самарқанд илмий мактабининг маҳсули бўлган «Зижи жадидий Кўрагоний» асарида келтирилган астрономик, математик мушоҳадалар ва фактлар ўзининг аниқлиги билан ҳамон дунёни ҳайратга солмоқда. Жаҳон мумтоз адабиётининг йирик намоёндалари Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам Самарқандда таълим олганлар.
XV асрнинг охирида, қисқа муддат давомида шаҳарда ҳукмронлик қилган Заҳириддин Бобур Самарқандга қуйидагича таъриф беради: «Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Узуми ва қовуни ва олмаси ва анори, балки жаъми меваси хуб бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдир: себи Самарқанд ва соҳибий Самарқанд… Самарқанд шаҳри ажаб ораста шаҳредур… Оламда яхши қоғоз Самарқанддин чиқар».
Самарқанд XVI асрда шайбонийлар давлатининг пойтахти бўлганда ҳам, Бухоро хонлиги даврида ҳам муҳим иқтисодий ва маданий марказ бўлиб қолаверди. Аммо Бухоро хонлиги даврида кечган ўзаро урушлар шаҳар тараққиётига салбий таъсир кўрсатди. Шунга қарамасдан иқтисодий ва маънавий анъаналар давом этди. ҳаттотлик ва минатюра санъатининг Самарқанд мактаби вужудга келди. Ялангтўш Баҳодир ҳокимлиги даврида Регистон майдонида Шердор (1619-1636), Тиллакори (1646-1660) мадрасалари, Хўжа Ахрори Вале қабри олдида Нодир девонбеги мадрасаси ва бошқа бинолар қурилди.
1868 йил майидан бошлаб Самарқанд ҳам Чор Россиясининг мустамлакасига айланди ва ташкил этилган Самарқанд вилоятининг маъмурий маркази бўлди. Бу даврда ҳам шаҳар ўз иқтисодий ва маданий аҳамиятини йўқотмади. Эрксевар самарқандликлар бир неча марта мустамлакачиларга қарши бош кўтардилар. Айниқса 1868 ва 1916 йилларда бўлиб ўтган қўзғолонлар мустамлакачиликларни шошириб қўйди. Рус чоризми мустамлакаси йиллари эски шаҳар ёнида Европа шаҳарсозлиги анъаналари асосида янги шаҳар қад кўтара бошлади. Янги типдаги бинолар, хусусан, христиан черковлари, ҳозирги университет хиёбони бунёд этилди. Шўролар ҳукмронлиги даврида ўтказилган миллий худудий чегараланиш натижасида вужудга келган Ўзбекистон Республикасининг биринчи пойтахти (1925-1930 йил) Самарқанд шаҳри бўлди. Аммо чор мустамлакачилик даврида бўлгани сингари Шўролар ҳукмронлиги даврида шаҳарнинг тарихий қисми эътибордан четда қолди.
Самарқанд бой тарихий ва маданий меросга эга шаҳар. Турли даврларда бу ерда жаҳон мумтоз адабиётининг намояндаси Рудакий ва олим ҳамда шоир Умар Хайём, калом илмининг асосчиси Абу Мансур Мотирудий ва фиқх илмининг билимдони Бурхониддин Марғилоний, нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Хўжа Ахрори Валий, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийлар яшаб ижод этдилар, давлат ва жамоат арбоблари Ф.Хўжаев ва Ш.Рашидовлар камол топдилар, ҳадис илмининг буюк билимдони Исмоил Челакда дафн қилинган ал-Бухорийнинг отасидир, у кишининг асл исми Муҳаммад б?лиши керак, Исмоил ал Бухорий Самарқанд яқинида абадий қўним топган. Тарихий манбаларда Самарқандда Балхий, Дамашқий, Бағдодий, Нишопурий, Астрободий, ҳамадоний, Бухорий, Насафий, Марвазий, Хўжандий, Марғиноний, Ахсикати, Добусий, Термизий, Шоший тахаллусли юзлаб алломалар яшаб ижод қилганликлари ва шу ерда дафн этилганликлари қайд этилади. Туркистон жадидларининг йўлбошчиси, истиқлол учун толмас курашчи Маҳмудхўжа Беҳбудий ва мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов шу юрт фарзандларидирлар. Шоир ва ёзувчилар ҳамид Олимжон ва Садриддин Айний, академиклар Иброҳим Мўминов ва Яҳъё ғуломов, Воҳид Абдуллаев ва Акбар Отахўжаев, Ботирхон Валихўжаев ва Юрий Буряков, профессорлар Мавлон Жўракулов ва Темур Шириновлар сингари кўплаб олимлар Самарқанд илм-фани ва маданиятини ХХ- XXI аср бошида дуне миқёсига олиб чиқдилар. Ана шунинг учун ҳам Самарқанд Шарқда уйғониш даврини бошлаб берган марказлардан бири, образли қилиб айтганда, унинг ўзига хос дурдонаси ҳисобланади. ЮНЕСКОнинг 2001 йил Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Самарқанд меъморий-тарихий ёдгорликларнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилганлиги бежиз эмас. Зеро шаҳар ҳудудида 73 та йирик тарихий-меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган.