Konstantin Paustovskiy. Telegramma & Konstantin Paustovskiy. Yiroq yillar. Qissa

43Рассом қаригач, Петербугдан туғилган қишлоғига қайтди, тинчгина яшаб, боғбончилик қилди. Бу пайтда расм чизолмай қолганди: қўллари қалтирар, кўриши ҳам ёмонлашган, тез-тез кўзи оғриб турарди.

Константин ПАУСТОВСКИЙ
ТЕЛЕГРАММА


  0042 Константин Паустовский (1892–1968) — ХХ аср рус адабиётининг энг ёрқин вакилларидан бири. Илк китоби – “Рўпарадаги кемалар” (1928). “Қорабўғоз” қиссаси билан шуҳрат қозонган. “Шарль Лонсвиль тақдири”, “Колхида”, “Қора денгиз”, “Този ит юлдузлар туркуми”, “Шимол қиссаси”, “Мешёра томонларда” каби қиссалар, “Романтиклар”, “Ярқироқ булутлар” каби романлар, бир қатор пьеса, ҳикоя, очерк ва эртаклар муаллифи. Асарлари асосида қатор фильмлар суратга олинган. “Тилла атиргул” қиссасида ижод моҳияти ҳақида сўз боради.


   Октябр жуда совуқ, ёғин-сочинли келди. Тахта қопланган томлар қорайиб қолди.

Боғдаги ўт-ўланлар ерга қапишди, уларнинг бари аллақачон гуллаб, гулларини тўккан, фақат девор ёнидаги кичкина кунгабоқаргина бунга улгурмади.

Дарё ортидан майсазор томон ёпирилган майин булутлар оқ толнинг яланғоч новдаларига илиниб қолган. Эзғилаб ёмғир ёғяпти.

Йўллардан ўтиш-қайтиш қийинлашиб, чўпонлар ҳам отарни ўтлоққа олиб чиқмай қўйди.

Чўпоннинг сибизғаси баҳоргача тинди. Катерина Петровна учун ҳар тонг ўрнидан туриш ва доимий манзарани: иситилмаганидан аччиқ ҳид ўрнаб қолган хоналар, чанг босган “Европа хабарлари”, стол устидаги сарғайиб кетган пиёлалар, анчадан буён тозаланмаган самовар ва деворга илиғли суратларни кўриш янаям қийинлашиб қолди. Балки хоналар қоронғилигидандир, Катерина Петровнанинг кўзига суратлар қора сувдай кўрина бошлади. Ёки вақт ўтиб улар хиралашган, бироқ суратларда нима тасвирланганини фарқлаш қийин эди. Катерина Петровна хотирасига таяниб анави – отасининг портрети, кичкинагина, тилларанг ромга солингани эса – Крамскийнинг совғаси, унинг “Нотаниш аёл”и эскизи эканини ажарата оларди, холос. Катерина Петровна бутун умрини отаси – таниқли рассом қуриб берган мана шу уйда ўтказди.

Рассом қаригач, Петербугдан туғилган қишлоғига қайтди, тинчгина яшаб, боғбончилик қилди. Бу пайтда расм чизолмай қолганди: қўллари қалтирар, кўриши ҳам ёмонлашган, тез-тез кўзи оғриб турарди.

Бу уй, Катерина Петровна айтмоқчи, “ёдгорлик уй” эди. Вилоят музейи муҳофазасига олинганди. Лекин у ўлгач, бу уйнинг тақдири нима кечади – буни Катерина Петровна билмасди. Бутун Заборье қишлоғида суратлар, Петербургдаги ҳаёт, Катерина Петровна отаси билан Парижда ёз бўйи яшагани ва Виктор Ҳюгонинг дафн маросимини кўргани ҳақида гаплашадиган бирорта одам йўқ эди.

Булар ҳақида Манюшка билан ҳам гаплашиб бўлмайди. Колхозда этикдўз бўлиб ишлайдиган қўшнинисининг қизи ҳар куни қудуқдан сув олиб келиб беради, супур-сидир қилади, чой тайёрлайди.

Катерина Петровна Манюшкага хизматлари учун бурушган қўлқоп, тяқуш пати, шиша мунчоқли қора шляпа совға қилди.

– Нима қиламан буларни? – деди Манюшка хириллоқ товуш билан ва бурнини тортиб қўйди. – Латта-путталарга ўч эмасман.

– Сотасан, қизалоғим, сотасан, – деб шивирлади Катерина Петровна. Баланд товушда гапиролмай қолганига ҳам бир йил бўлди.

– Утилга топшираман, – деди Манюшка, сўнг ҳаммасини йиғиштириб, кетди.

Баъзан ўт ўчириш жиҳозлари омборхонасида қоровул бўлиб ишлайдиган озғин ва маллатус Тихон йўқлаб ўтади. Катерина Петровнанинг отаси Петербургдан қандай келгани, уй қургани, томорқа эккани – ҳамма-ҳаммаси унинг ёдида.

Тихон у пайтлари бола эди, лекин қария рассомга ҳурматини бир умр қалбида сақлади. Расмларига боқиб:

– Табиий ишлар-да булар, табиий! – деб хўрсиниб қўяди.

Тихон ачинганидан ёрдам беришга уринади, аммо кўпинча беҳуда, лекин рўзғорга барибир нафи тегади: боғдаги қуриган дарахтларни кесади, арралаб, майдалайди, ўтин қилиб ғамлаб қўяди. Ҳар сафар кетаётиб, остонада тўхтаб, сўрайди:

– Катерина Петровна, Настядан хат-хабар борми? Ёзиб турибдими?

Диванда муштдеккина бўлиб ўтирган Катерина Петровна индамайди, теридан ишланган сариқ халтачасидаги қоғозларни титишда давом этади. Тихон мириқиб бурун қоқади, остонада каловланиб туради.

– Анаққиса… – дейди у жавобни кутмай, – Мен кетсам дегандим, Катерина Петровна.

– Майли, боравер, Тиша, – деб шивирлайди Катерина Петровна. – Худо қўлласин сени.

У эшикни аста ёпиб, ташқарига йўналади, Катерина Петровнанинг кўзларига эса аста ёш қуйилиб келади. Шундоқ дераза ортида шамол яланғоч шох-шаббалар орасидан ҳуштак чалиб ўтади, охирги япроқларни ҳам тўкади. Хонтахта устидаги мойчироқ хира липиллайди. У ташландиқ уйдаги ягона тирик мавжудот эди, шу заифгина нур ҳам бўлмаса, Катерина Петровна тонггача қандай чидашини тасаввур қилолмасди.

Тунлар аллақачон узайган, уйқусизликдай оғир эди. Тонг тобора секинлашар, тобора кечикар ва артилмаган ойналардан истамайгина кириб келар эди. Ромлар орасидаги пахталар устида ўтган йилдан бери бир пайтлар сап-сариқ бўлган, ҳозир чириб-қорайиб қолган барглар ётарди.

Катерина Петровнанинг қизи ва ягона қариндоши Настя узоқда, Ленинградда яшайди. Охирги бор уч йил олдин йўқлаб келганди.

Катерина Петровна Настянинг иши кўплиги, онасига вақт ажратишга имкони йўқлигини биларди. Унинг, унга ўхшаган ёшларнинг ўз ташвишлари, тушуниксиз қизиқишлари, ўз бахтлари бор. Халал бермаган маъқул. Шу сабабли Катерина Петровна Настяга кам хат ёзар, лекин чўкиб қолган диваннинг бир бурчида ўтирганча кун бўйи у ҳақда ўйларди. Шундай сассиз эдики, сукунатга алданган сичқон печка ортидан югуриб чиқар, орқа оёқларида тик турганча бурнини у ёқ-бу ёққа буриб, чўкинди ҳавони узоқ ҳидларди.

Настя ҳам хат ёзмас, бироқ икки-уч ойда бир марта ёш ва қувноқ почтачи Василий Катерина Петровнага икки юз сўмлик ўтказмани олиб келарди. Катерина Петровна имзо чекаётган пайт бошқа жойга қўл қўйвормасин деб, уни авайлаб суяб турарди.

Василий кетгач, Катерина Петровна қўлида пул билан паришон ўтиради. Кейин кўзойнагини тақиб почта ўтказмасидаги бир нечта сўзни қайта ўқийди. Сўзлар ўша-ўша: иш кўплигидан боргани, ҳатто хат ёзгани ҳам вақт йўқ.

Катерина Петровна майин қоғозчаларни авайлабгина силайди. Қарилик қурсин, қўлидаги пуллар айнан Настя жўнатганлари эмаслигини ҳам унутади. Пуллардан қизининг ҳиди келиб тургандай бўлади.

Бир куни кечаси, октябрнинг охирларида чорбоғдаги аллақачон михлаб ташланган эшикни кимдир узоқ тақиллатди.

Катерина Петровнанинг юрагига ғулғула тушди, имиллаб бошига иссиқ рўмолини ўради, эски рўдапо кийимни қийди ва шу йил ҳисобидан биринчи бор уйдан ташқарига чиқди. Жуда секин, пайпасланиб юрди. Изғириннинг кучидан бошига оғриқ кирди. Унутилган юлдузлар ерга ўткир нигоҳларини қадаган, тўкилган барглар Катерина Петровнанинг юришига халал берарди.

Онахон эшикчага яқинлашиб, овоз берди:

– Ким у?

Аммо девор ортидан ҳеч ким жавоб қайтармади.

– Менга шундай туюлди, шекилли, – деди Катерина Петровна ва ортига қайрилди.

Нафаси тиқилиб, қари бир дарахт олдида тўхтади, совуқ ва нам новдани ушлаб, унинг заранг эканини пайқади. Уни бир замонлар ўзи экканди, у пайтлари ғами йўқ ёшгина қиз эди. Мана, энди ғарибу нотавон, қалтироқ бир ҳолда турибди, бу кимсасиз, ҳувиллаган кечадан ҳеч қаёққа қочиб кетишнинг имкони йўқ.

Катерина Петровнанинг зарангга ичи ачишди, ғадир-будир танасини силади. Амаллаб уйга етиб олгач, ўша заҳоти Настяга хат ёзди.

“Нуридийдам, жоним қизим, – деб ёзди Катерина Петровна, – Бу қишдан чиқмасам керак. Ҳеч йўқ бир кунга кел. Дийдорингни кўрай, қўлларингдан тутай. Қаридим, юриш тугул, ўтириш, ётиш ҳам оғирлик қиляпти. Ўлим манзилимни тополмаяпти, холос. Боғ қурияпти – олдингидай эмас, тўғри, уни кўрмайман ҳам. Куз ёмон келди. Жудаям ёмон. Ҳатто бутун умримдан мана шу куз узунроқ туюляпти”.

Манюшка бурнини торта-торта хатни почтага олиб борди, почта қутисига бир амаллаб солди, сўнг ичига мўралади: нималар бор экан? Аммо ичкарида тунука ва бўшлиқдан бошқа ҳеч нарса кўринмади.

Настя Рассомлар уюшмасида котиба бўлиб ишларди. Иш кўп эди. Кўргазмалар, танловлар – бари-бари унинг қўлидан ўтарди.

Онасининг хатини Настя ишдалигида олди. Сумкасига солиб қўйди – ишдан кейин ўқийман, деди. Катерина Петровнанинг хатини кўриб Настя енгил тин олди – хат ёзибдими, демак, тирик. Бироқ унда соқов бир безовталик бошланди, гўё ҳар бир мактуб сўзсиз таъна эди.

Ишдан кейин Настя ёш ҳайкалтарош Тимофеевнинг устахонасига бориши, яшаш шароити билан танишиб, кейин Уюшма раҳбариятига ҳисобот бериши керак эди. Тимофеев устахонасининг совуқлиги, умуман, унга имкон беришмаётгани ва ривожланишига тўсиқ бўлишаётганидан шикоят қилганди.

Настя бир бурчакдан ойнача топиб олди, сўнг юзига упа сепди ва кулимсиради – шу пайт ўзига ўзи ёқиб кетди. Рассомлар малла сочлари ва катта кўзлари сабаб уни Солвейг деб аташарди.

Эшикни Тимофеевнинг ўзи очди – пакана, бир сўзли, заҳаргина йигит. Эгнида пальто, бўйнига катта шарф ўраган эди. Настя ҳайкалтарош оёғига аёлларнинг фетр ботинкасини кийиб олганини пайқади.

– Кийимингизни ечманг, – тўнғиллади Тимофеев. – Музлаб қоласиз. Илтимос сиздан!

У Настяни қоронғи йўлакчадан олиб ўтиб, юқорига бир неча зина кўтарилди ва устахонанинг энсиз эшигини очди.

Устахонадан тутун ҳиди анқирди. Лой солинган бочка ёнида керосинка ёниб турар, дастгоҳлардаги ҳайкаллар устига нам латталар ёпилган эди. Катта дераза ортида қиялаб қор ташлар, Нева устини тумандай қоплаган қорпарчалар дарё сувларида эриб кетарди. Шамол дераза ромлари орасидан ҳуштак чалиб ўтиб, полдаги эски газеталарни қимирлатиб қўярди.

– Вой, Худойим-эй, совуқлигини қаранг-а! – деди Настя, унинг назарида устахона деворларига тартибсиз осилган оқ мармар бўртма нақшлар ҳавони янаям музлатиб юбораётгандек эди.

– Бир ҳавасингизни келтирай дедим-да, – деди Тимофеев лой юқи курсини Настяга яқин суриб. – Бу кулбада ҳаром қотмаганимга ҳайрон қоламан. Першиннинг устахонасини бир кўринг, иссиққина, нақ Саҳройи Кабир.

– Першинни ёқтирмайсизми? – қўрқибгина сўради Настя.

– Жўжахўроз у! – деди Тимофеев аччиқланиб. – Косиб! Ҳайкалларида елка ишламайди у, пальто иладиган илгак ясайди. Калхозчи аёли – фартук таққан тош. Ишчиси неандертал одамга ўхшайди. Ҳайкалларини ёғоч курак билан ясайди у. Лекин ўта айёр, сизга айтсам, ўлгудай айёр!

– Гоголни ишлаган эдингиз, ўшани кўрсатинг-чи, – деди Настя суҳбат мавзусини ўзгартириш учун.

– Юринг, – деди ҳайкалтарош қовоғи осилганча. – Йўқ, у ёққа эмас, бу ёққа. Анави бурчакка. Ана, шундай!

У ҳайкаллардан бири устидаги ҳўл латтани олди, унга яхшилаб разм солди, керосинка ёнига чўк тушиб ўтирди, қўлларини тоблади ва деди:

– Ана, кўринг Николай Васильевични. Марҳамат!

Настя сесканиб кетди. Қиррабурун, букчайган бир одам унга устидан кулаётгандай истеҳзоли тарзда, еб қўйгудек бўлиб қараб турарди. Настя ҳайкалнинг чаккасида бўртган қон томирлар уриб турганини кўрди.

“Халтангдаги хат ҳали очилмаган, – дегандай эди Гоголнинг ўқ кўзлари. – Эҳ, сен, олашақшақ!”

– Қалай? – деб сўради Тимофеев. – Жиддий ишми?

– Ажойиб! – чайналибгина деди Настя. – Ҳақиқатан ҳам ажойиб.

Тимофеев аччиқ кулди.

– Ажойиб, – қайтарди у, – ҳамма шундай дейди. Першин ҳам, Матяш ҳам, ҳар қандай қўмитадаги ҳар қандай доно худди шундай дейди. Лекин бундан нима фойда? Бу ерда – ажойиб, лекин менинг ҳайкалтарош сифатида тақдирим ҳал бўладиган жойда ҳаммамизга маълуму машҳур Першин бетайинларча минғирлайди ва тамом. Першин нимадир дедими, ҳаммаси ҳал!.. Кечаси билан ухлаёлмайсан! – бақирди Тимофеев ва ботинкасини тапиллатиб залда юра бошлади. – Лой ушлайвериб қўлим ревматизм бўлди. Уч йилдан бери Гогол ҳақида бир хил сўзларни ўқийман. Башараси тушларимга ҳам кириб чиқади!

Тимофеев столдан бир даста китоб олди, ҳавода силкитди-да жойига улоқтирди. Столдан ганч чанглари кўтарилди.

– Буларнинг ҳаммаси Гогол ҳақида! – деди у ва бирдан тинчланди. – Нима? Қўрқитвордимми? Кечиринг, азизим, лекин, тўғриси, роса олишгим келиб турибди.

– Унда… бирга олишамиз, – деди Настя ва ўрнидан турди.

Тимофеев унинг қўлини қаттиқ сиқиб хайрлашди. Настя бундай истеъдод эгасини нима қилиб бўлса ҳам бу ном-нишонсизликдан олиб чиқишга қатъий қарор қилди.

Настя Рассомлар уюшмасига қайтиб, раис ҳузурига кирди, у билан узоқ гаплашди, озроқ қизишди ҳам, Тимофеевнинг кўргазмасини ташкиллаштириш кераклигини уқдирди. Раис қалам билан стол чертди, ниманидир узоқ чамалади ва ниҳоят рози бўлди.

Настя Мойкадаги уйига, эскиган, шифти ганч қилинган хонасига қайтди. Шундан сўнггина Катерина Петровнанинг хатини очиб ўқиди.

– У ерга боргани ҳозир вақт борми! – деди у ва ўрнидан турди. – Қани, бу ердан суғурилиб чиқа олсанг!

Кўз олдида жиқ тўла поездлар, бошқа поездга алмашлаш, дўқ-дўқ арава, қуриган боғ, онасининг доимги йиғи-сиғиси, қишлоқнинг чўзилувчан, зерикарли рангсиз кунлари жонланди ва хатни ёзув столининг тортмасига солиб қўйди.

Настя икки ҳафтани Тимофеевнинг кўргазмасини ташкил этиш ташвишлари билан ўтказди.

Бу вақт ичида муросани билмайдиган Тимофеев билан бир неча бор уришиб-ярашди. Тимофеев ишларини кўргазмага худди йўқ қилишга жўнатгандай жўнатди.

– Бу югур-югурларингиздан ҳеч нарса чиқмайди, – деди у Настяга ичиқоралик билан. Гўё кўргазмани у эмас, қиз ўтказаётгандай. – Вақтимни беҳуда сарфлаяпман. Тўғриси шу.

Настя бошида тушкунликка тушди, аччиқланди, кейинчалик бу инжиқликларга таҳқирланган мағрурлик сабаб эканини англади. Ҳаммаси ёлғондакам, Тимофеев ичида бўлажак кўргазмасидан жуда шод.

Кўргазма кечқурун очилди. Тимофеев жаҳлланди, ҳайкални электр ёруғида томоша қилиб бўлмаслигини айтди.

– Ўлик нур! – деб вайсади у. – Зиғирча фойдаси йўқ. Ундан кўра керосин лампа бўлгани ҳам тузук эди.

– Сизга қанақа нур керак ўзи? Ҳамиша ҳар ерда норози одам экансиз-ку! – охири портлади Настя.

– Шам керак! Шам! – деди Тимофеев алам билан. – Гоголни қандай қилиб электр чироқ остига қўйиш мумкин?! Абсурд-ку бу!

Очилиш маросимида ҳайкалтарошлар, рассомлар қатнашди. Ҳайкалтарошларнинг мавзудан йироқроқ суҳбатларини эшитиб, улар Тимофеевнинг ишларини мақтаяптими ёки танқид қиляптими – билиб бўлмасди. Лекин кўргазма муваффақиятли бўлганини Тимофеев тушунди.

Оқ сочли жиззаки бир ҳайкалтарош Настянинг ёнига келиб, қўлларини сиқди:

– Миннадорчилик билдираман. Эшитишимча, Тимофеевни ёруғ оламга сиз олиб чиқибсиз. Ажойиб иш қилибсиз. Бизда, билсангиз, ижодкорга эътибор бериш, унга ғамхўрлик қилиш кераклиги ҳақида гап сотадиганлар кўп. Лекин амалий ишга келганда қуп-қуруқ нигоҳларга йўлиқасан. Яна бир бор миннадорчилик изҳор этаман!

Муҳокама бошланди. Кўп гапиришди, мақташди, баҳслашишди. Кекса рассом инсонга, ноҳақ унутилган ёш рассомга эътибор ҳақида айтган гап ҳар бир нутқда қайтарилди.

Тимофеев паркетга тикилиб тумшайганча ўтирар, кўз қири билан маърузачиларга қараб қўярди. Лекин уларга ишониш керакми ё ҳали эртами – билолмасди.

Эшик олдида Уюшма хат ташувчиси – очиқкўнгил ва овсар Даша пайдо бўлди. У Настяга имо қилиб, ёнига чақирди. Настя ёнига келгач, илжайиб унга телеграмма узатди.

Настя жойига қайтди, сездирмай телеграммани очди, ўқиди, лекин ҳеч нимани тушунмади:

“Катя ўляпти. Тихон”.

“Қанақа Катя? – асабийлашди Настя. – Қайси Тихон? Менга адашиб берди, шекилли”.

Манзилига қаради: йўқ, телеграмма унга экан. Шундагина у қоғоз тасмадаги нозик босма ҳарфларни пайқади: “Заборье”.

Настя телеграммани ғижимлади ва қошларини чимирди. Першин сўзга чиқди:

– Бугун, – деди у аста тебраниб ва кўзойнагини ушлаб, – инсон ҳақида қайғуриш ажойиб ҳақиқатга айланмоқда. У бизнинг ўсишимиз ва ишлашимизга ёрдам беради. Мен бизнинг даврамизда, ҳайкалтарош ва рассомлар орасида ана шу ғамхўрлик пайдо бўлганини сезганимдан мамнунман. Ўртоқ Тимофеевнинг ишлари кўргазмаси ҳақида гапирсам. Кўргазма учун барчамиз бутунича – албатта бундан ҳурматли раҳбариятимиз ранжимайди – Уюшманинг оддий ходимларидан бири, севимли Анастасия Семёновна олдида қарздормиз.

Першин Настяга таъзим қилди, гулдурос қарсак чалинди. Уялганидан Настянинг кўзларига ёш келди.

Кимдир ортидан унинг қўлини тутди. Бу бояги жиззаки қария рассом эди.

– Нима гап? – деди у шивирлаб ва кўзлари билан Настянинг қўлидаги ғижимланган телеграммага ишора қилди. – Бирор кўнгилсизлик бўлдими?

– Йўқ, – деб жавоб берди Настя. – Бу шунчаки… Бир танишимдан…

– Аҳа, – деб тўнғиллади чол ва яна Першинни тинглай бошлади.

Ҳамманинг кўзи Першинда эди. Лекин Настя тинимсиз кимнингдир оғир ва ўткир нигоҳини сезиб турди, шу сабаб бош кўтаришга қўрқди. “Ким бўлиши мумкин? – ўйлади у. – Наҳотки кимдир сезиб қолган бўлса? Қандай бемаънилик. Яна асабларим бузилди”.

У амаллаб бошини кўтарди ва дарров кўзларини олиб қочди: Гогол унга тиржайиб қараб турарди. Чаккасидаги қон томирлари оғир-оғир ураётгандек, юмуқ лаблари орасидан паст овозда: “Эҳ, сен!” деяётгандек эди.

Настя дик этиб турди, пастга тушиб, кийимларини кийди ва кўчага отилди.

Гупиллаб қор ёғарди. Исаакиевский жомесидаги оқиш булдуруқлар яққол кўзга ташланар, бадқовоқ осмон янаям энкайиб, шаҳарга, Настяга, Невага яқин келиб олган эди.

“Нуридийдам, жоним қизим… – Настя яқинда олган хатини эслади. – Нуридийдам, жоним қизим!”

Настя Адмиралтейство яқинидаги хиёбонда ўриндиққа чўкди ва ўкириб йиғлади. Қор унинг юзларидан кўз ёшларга қўшилиб сирғалиб тушарди.

Настя совуқдан титради ва бирдан уни Заборьеда бу қоқсуяк, ҳамма ташлаб кетган кампирчалик ҳеч ким яхши кўрмаслигини тушунди.

“Кеч қолдим! Ойимни энди кўролмасам керак”, деди у ўзига ўзи ва сўнгги йилда болаларча “ойи” сўзини илк бор ишлатаётганини сезди.

У сапчиб турди ва юзига савалаётган қорга қарама-қарши тез юриб кетди.

“Қандай қилиб? Ахир, қандай қилиб, ойи? – ўйлади у кўзлари ҳеч нарсани кўрмай. – Ойи! Қандай қилиб бунақа бўлиши мумкин? Ахир, ҳаётимда сиздан бошқа ҳеч ким йўқ! Бундан кейин ҳам бўлмайди, бўлолмайди. Ҳеч йўқ улгуришим керак, ҳеч йўқ онам мени кўрсин, мен нотавонни кечирсин”.

Настя Невский шоҳкўчасига чиқди, шаҳар темир йўл станциясига йўл олди.

Кеч қолибди. Чипта йўқ.

Настя касса олдида турар, лаблари қалтирар, биринчи сўзиданоқ ҳўнграб йиғлаб юборишини билиб гапиришга ботинолмасди.

Кўзойнакли кекса ғазначи аёл тирқишдан қаради.

– Нима гап, қизим? – ёқинқирамай сўради у.

– Ҳеч гап йўқ, – деди Настя. – Ойим, ойижоним…

Настя ортига ўгирилди ва шитоб билан чиқиш эшигига йўналди.

– Қаёққа?! – бақирди ғазначи аёл. – Бошидаёқ айтмайсизми шундай деб. Бир дақиқа кутиб туринг.

Ўша кеча Настя йўлга чиқди. Гарчи “Қизил ўқ” поезди тунги ўрмонлар оралаб ҳар ёққа буғларини пуркаб, огоҳлантирувчи чўзиқ-чўзиқ чинқириқлари билан шитоб кетиб бораётган бўлса-да, бутун йўл бўйи зўрға судралгандек туюлди.

…Тихон почтага келди, почтачи Василий билан шивирлашиб гаплашгач, ундан телеграф қоғозини олди, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўргач, узоқ вақт мўйлабини силаб турди ва қоғозга қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан нималарнидир ёзди. Кейин қоғозни авайлаб буклади, қалпоғига қистирди ва Катерина Петровнаникига имиллаб йўлга тушди.

Катерина Петровна ўн кундирки ўрнидан тургани йўқ. Ҳеч қаери оғримаяпти, лекин кўкси, боши, оёқларини кучли ҳолсизлик эгаллаб олган, нафас олиш ҳам оғирлашиб қолган.

Мана, олтинчи кун, Манюшка Катерина Петровнанинг ёнида. Кечалари чўкиб қолган диванда кийим-боши билан ухлайди. Баъзида Катерина Петровна нафас олмаётгандек туюлади. Шундай пайтлари Манюшка қўрқиб йиғига тушади: тирикмикан, ишқилиб?

Катерина Петровна кўрпа остидан қўлини бироз қимирлатади ва Манюшка хотиржам тортади.

Хоналарнинг бурчакларини эрталабданоқ ноябрь зулмати эгаллаган, бироқ ҳаво илиқ эди. Манюшка печкага ўт қалади. Қувноқ оловнинг шуълалари ёғоч деворларни ёритди, Катерина Петровна астагина хўрсинди – ўт ёқилгач, хона ҳов бир пайтлардагидек, Настя борлигидагидек шинам, ёқимли бўлиб қолганди. Катерина Петровна кўзларини юмди, ундан сизган бир томчи ёш сарғиш чаккаларидан ўтиб, оппоқ сочларига осилиб қолди.

Тихон келди. Йўталди, бурун тортди, туришидан ҳаяжонда эди.

– Нима гап, Тиша? – деди Катерина Петровна ҳолсиз.

– Совқотдим, Катерина Петровна! – деди ўзини бардам тутиб Тихон ва қалпоғига хавотир билан қараб қўйди. – Тез орада қор ёғади. Лекин бу – яхшиликка. Йўллар музлайди, йўл юришига осонроқ бўлади.

– Ким йўл юришига? – Катерина Петровна кўзларини очди ва беихтиёр тўшакни сийпалай бошлади.

– Ким дейсизми? Настася Семёновна-да! – деди Тихон ва ғалати илжайиб қалпоғи ичидан телеграммани олди. – Бошқа ким ҳам бўларди?

Катерина Петровна турмоқчи бўлди, лекин эплолмади, ёстиққа қайта бош қўйди.

– Мана! – деди Тихон, телеграммани аста очиб, Катерина Петровнага узатди.

Лекин Катерина Петровна уни олмади, ўтинч тўла кўзлари билан қараб тураверди.

– Ўқи! – деди Манюшка хириллоқ товушда. – Кампир энди ўқий олмайди. Кўзи чарчаган.

Тихон қўрқувда аланглади, ёқасини тўғрилаб, яккам-дуккам малла сочларини силади ва қуруқ, ишончсиз овозда қироаат қилди: “Кутинглар, йўлга чиқдим. Сизни ҳамиша севувчи қизингиз Настя”.

– Керакмас, Тиша! – сокин деди Катерина Петровна. – Керакмас, азизим. Худо ёрлақасин сени. Яхши сўзинг, меҳринг учун раҳмат.

Катерина Петровна қийналиб-сиқталиб девор томонга ўгирилди, уйқуга кетгандай бўлди.

Манюшка чиқиб, Катерина Петровнанинг хонасига имламагунча Тихон совуқ даҳлиздаги ўриндиқда бошини эгганча тамаки тутатди, “чирт” этказиб туфлади ва уҳ тортди.

Тихон оёқ учида юриб хонага кирди ва бутун панжаси билан юзини артди. Катерина Петровна муштдеккина бўлиб ётар, рангида қон йўқ, ташвишу оғриқларни унутиб, уйқуга кетгандек эди.

– Кутолмади, – деб минғирлади у. – Дарди оғир эди, қаттиқ қийналди. Эй, сен, яхшилаб қулоғингга қуйиб ол, – деди Тихон Манюшкага ғазаб билан, – яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтар, бемаъни одам бўлма… Сен шу ерда ўтириб тур, мен маҳаллага борай, хабар берай.

Тихон кетди. Манюшка тиззаларини йиғиб олганча курсида ўтирар, титрар ва Катерина Петровнадан кўзларини узмай қараб турарди.

Катерина Петровнани кейинги куни сўнгги йўлга кузатишди. Ҳаммаёқ музлади. Ширава қор ёғди. Бутун борлиқ оппоқ, осмон эса қуруқ ва ёруғ, кулранг эди. Худди бош устингга нам, музлаб қолган қоп ёйиб қўйилгандек эди. Дарёдан наридаги кенгликлар кўкимтир тусга кирган. Илк изғирин таъсирида тол пўстлоқларидан қорнинг кучли ва ёқимли ҳиди таралади.

Дафн маросимига кексалар ва болалар йиғилди. Тобутни қабристонга Тихон, Василий ва пахмоқ соч-соқолли ака-ука қариялар – Малявинлар олиб борди. Манюшка акаси Володка билан бирга чиқди, тобут қопқоғини кўтариб олди, кўзларини юммай фақат олдинга тикилганча кетди.

Мозор қишлоқ ортида, дарёнинг тепароғида эди. У ерда замбуруғдан танаси сарғайиб кетган баланд самбиттоллар ўсади.

Йўлда муаллимани кўриб қолишди. У яқинда вилоят марказидан келган ва Заборьеда ҳали биров-яримни яхши танимасди.

– Муаллима келяпти, муаллима келяпти, – деб шивирлашди болалар.

Муаллима ёш, уятчан, кулранг кўзли эди, кўрган одам бола деб ўйларди. У тобутни кўриб, тўхтади, тобут ичида ётган миттигина кампирга қўрқа-писа назар ташлади. Кампирнинг юзларига қўнган ўткир қорпарчалар эримай турарди. Вилоят марказида муаллиманинг онаси қолган – уям худди шундай кичкинагина, ҳамиша қизининг қайғуси билан яшайди, сочлари ҳам худди шунақа оппоқ.

Муаллима бироз турди ва тобут ортидан аста эргашди. Буни кўрган кампирлар аста шивирлаша бошлади: қаранг, жуда ювош экан, бошида анча қийналади, ахир Заборьенинг болалари жуда шум ва гапуқмас.

Муаллима охири сўрашга қарор қилди ва Матрена кампирни гапга тутди:

– Ёлғиз яшармиди бу кампир?

– Эҳ, болажоним-а, – шу заҳоти жаврашга тушди Матрена хола, – ёлғиз десаям бўлаверади. Шундай дилкаш, шундай самимий аёл эди. Қачон қарама, диванчасида бир ўзи ўтирарди, дардлашадиган ҳеч кими йўқ эди. Бечора! Ленинградда яшайдиган қизи бор, лекин узоқларга учирма бўлган-да. Мана, кимсасиз ўлди, қариндошларидан ҳеч ким келмади.

Тобутни янги ковланган қабр ёнига қўйишди. Қариялар қабрга эгилишди, қўллари билан тупроқни ушлаб кўришди. Муаллима тобутга яқин келди ва эгилиб, Катерина Петровнанинг маллатоб озғин қўлларидан ўпди. Сўнг тез қаддини тиклади, ўгирилиб, бузилган ғишт девор томон юрди.

Девор ортида, енгил-енгил қўнаётган қорпарчалар остида бироз ғамгин она ер ётибди.

Муаллима узоқ тикилиб турди, ортидаги қариялар суҳбатини, тобут қопқоғига тупроқ қандай урилаётганини, узоқда – ҳовлиларда турфа овозли хўрозлар ёруғ кун, енгил совуқ ва қишки сукунатдан дарак бериб қичқираётганини тинглади.

Заборьега Настя дафн маросимидан икки кун ўтиб келди. Мозорда устидаги тупроғи юмалоқланиб музлаб қолган янги қабрга, уйда эса Катерина Петровнанинг ҳаёт аллақачон тарк этган совуқ ва қоронғи хонасига дуч келди. Бу хонада Настя кечаси билан, ойнадан хира ва оғир тонг мўраламагунча йиғлаб чиқди.

Настя Заборьедан уни биров кўриб қолмаслиги, саволга тутмаслиги учун биқиниб, яшириниб чиқиб кетди. Унинг назарида елкасидаги тузалмас гуноҳ, мислсиз юкни Катерина Петровнадан бошқа ҳеч ким олиб ташлолмасди.

Рус тилидан Ориф Толиб таржимаси

Манба: Шоир Ориф Толиб веб-саҳифаси: www.oriftolib.uz

09 Rassom qarigach, Peterbugdan tugʻilgan qishlogʻiga qaytdi, tinchgina yashab, bogʻbonchilik qildi. Bu paytda rasm chizolmay qolgandi: qoʻllari qaltirar, koʻrishi ham yomonlashgan, tez-tez koʻzi ogʻrib turardi.

Konstantin Paustovskiy
TELEGRAMMA


0042 Konstantin Paustovskiy (1892–1968) — XX asr rus adabiyotining eng yorqin vakillaridan biri. Ilk kitobi – “Ro’paradagi kemalar” (1928). “Qorabo’g’oz” qissasi bilan shuhrat qozongan. “Sharl` Lonsvil` taqdiri”, “Kolxida”, “Qora dengiz”, “Tozi it yulduzlar turkumi”, “Shimol qissasi”, “Meshyora tomonlarda” kabi qissalar, “Romantiklar”, “Yarqiroq bulutlar” kabi romanlar, bir qator p`esa, hikoya, ocherk va ertaklar muallifi. Asarlari asosida qator fil`mlar suratga olingan. “Tilla atirgul” qissasida ijod mohiyati haqida so’z boradi.


Oktyabr juda sovuq, yogʻin-sochinli keldi. Taxta qoplangan tomlar qorayib qoldi.

Bogʻdagi oʻt-oʻlanlar yerga qapishdi, ularning bari allaqachon gullab, gullarini toʻkkan, faqat devor yonidagi kichkina kungaboqargina bunga ulgurmadi.

Daryo ortidan maysazor tomon yopirilgan mayin bulutlar oq tolning yalangʻoch novdalariga ilinib qolgan. Ezgʻilab yomgʻir yogʻyapti.

Yoʻllardan oʻtish-qaytish qiyinlashib, choʻponlar ham otarni oʻtloqqa olib chiqmay qoʻydi.

Choʻponning sibizgʻasi bahorgacha tindi. Katerina Petrovna uchun har tong oʻrnidan turish va doimiy manzarani: isitilmaganidan achchiq hid oʻrnab qolgan xonalar, chang bosgan “Yevropa xabarlari”, stol ustidagi sargʻayib ketgan piyolalar, anchadan buyon tozalanmagan samovar va devorga iligʻli suratlarni koʻrish yanayam qiyinlashib qoldi. Balki xonalar qorongʻiligidandir, Katerina Petrovnaning koʻziga suratlar qora suvday koʻrina boshladi. Yoki vaqt oʻtib ular xiralashgan, biroq suratlarda nima tasvirlanganini farqlash qiyin edi. Katerina Petrovna xotirasiga tayanib anavi – otasining portreti, kichkinagina, tillarang romga solingani esa – Kramskiyning sovgʻasi, uning “Notanish ayol”i eskizi ekanini ajarata olardi, xolos. Katerina Petrovna butun umrini otasi – taniqli rassom qurib bergan mana shu uyda oʻtkazdi.

Rassom qarigach, Peterbugdan tugʻilgan qishlogʻiga qaytdi, tinchgina yashab, bogʻbonchilik qildi. Bu paytda rasm chizolmay qolgandi: qoʻllari qaltirar, koʻrishi ham yomonlashgan, tez-tez koʻzi ogʻrib turardi.

Bu uy, Katerina Petrovna aytmoqchi, “yodgorlik uy” edi. Viloyat muzeyi muhofazasiga olingandi. Lekin u oʻlgach, bu uyning taqdiri nima kechadi – buni Katerina Petrovna bilmasdi. Butun Zaborye qishlogʻida suratlar, Peterburgdagi hayot, Katerina Petrovna otasi bilan Parijda yoz boʻyi yashagani va Viktor Hyugoning dafn marosimini koʻrgani haqida gaplashadigan birorta odam yoʻq edi.

Bular haqida Manyushka bilan ham gaplashib boʻlmaydi. Kolxozda etikdoʻz boʻlib ishlaydigan qoʻshninisining qizi har kuni quduqdan suv olib kelib beradi, supur-sidir qiladi, choy tayyorlaydi.

Katerina Petrovna Manyushkaga xizmatlari uchun burushgan qoʻlqop, tyaqush pati, shisha munchoqli qora shlyapa sovgʻa qildi.

– Nima qilaman bularni? – dedi Manyushka xirilloq tovush bilan va burnini tortib qoʻydi. – Latta-puttalarga oʻch emasman.

– Sotasan, qizalogʻim, sotasan, – deb shivirladi Katerina Petrovna. Baland tovushda gapirolmay qolganiga ham bir yil boʻldi.

– Utilga topshiraman, – dedi Manyushka, soʻng hammasini yigʻishtirib, ketdi.

Baʼzan oʻt oʻchirish jihozlari omborxonasida qorovul boʻlib ishlaydigan ozgʻin va mallatus Tixon yoʻqlab oʻtadi. Katerina Petrovnaning otasi Peterburgdan qanday kelgani, uy qurgani, tomorqa ekkani – hamma-hammasi uning yodida.

Tixon u paytlari bola edi, lekin qariya rassomga hurmatini bir umr qalbida saqladi. Rasmlariga boqib:

– Tabiiy ishlar-da bular, tabiiy! – deb xoʻrsinib qoʻyadi.

Tixon achinganidan yordam berishga urinadi, ammo koʻpincha behuda, lekin roʻzgʻorga baribir nafi tegadi: bogʻdagi qurigan daraxtlarni kesadi, arralab, maydalaydi, oʻtin qilib gʻamlab qoʻyadi. Har safar ketayotib, ostonada toʻxtab, soʻraydi:

– Katerina Petrovna, Nastyadan xat-xabar bormi? Yozib turibdimi?

Divanda mushtdekkina boʻlib oʻtirgan Katerina Petrovna indamaydi, teridan ishlangan sariq xaltachasidagi qogʻozlarni titishda davom etadi. Tixon miriqib burun qoqadi, ostonada kalovlanib turadi.

– Anaqqisa… – deydi u javobni kutmay, – Men ketsam degandim, Katerina Petrovna.

– Mayli, boraver, Tisha, – deb shivirlaydi Katerina Petrovna. – Xudo qoʻllasin seni.

U eshikni asta yopib, tashqariga yoʻnaladi, Katerina Petrovnaning koʻzlariga esa asta yosh quyilib keladi. Shundoq deraza ortida shamol yalangʻoch shox-shabbalar orasidan hushtak chalib oʻtadi, oxirgi yaproqlarni ham toʻkadi. Xontaxta ustidagi moychiroq xira lipillaydi. U tashlandiq uydagi yagona tirik mavjudot edi, shu zaifgina nur ham boʻlmasa, Katerina Petrovna tonggacha qanday chidashini tasavvur qilolmasdi.

Tunlar allaqachon uzaygan, uyqusizlikday ogʻir edi. Tong tobora sekinlashar, tobora kechikar va artilmagan oynalardan istamaygina kirib kelar edi. Romlar orasidagi paxtalar ustida oʻtgan yildan beri bir paytlar sap-sariq boʻlgan, hozir chirib-qorayib qolgan barglar yotardi.

Katerina Petrovnaning qizi va yagona qarindoshi Nastya uzoqda, Leningradda yashaydi. Oxirgi bor uch yil oldin yoʻqlab kelgandi.

Katerina Petrovna Nastyaning ishi koʻpligi, onasiga vaqt ajratishga imkoni yoʻqligini bilardi. Uning, unga oʻxshagan yoshlarning oʻz tashvishlari, tushuniksiz qiziqishlari, oʻz baxtlari bor. Xalal bermagan maʼqul. Shu sababli Katerina Petrovna Nastyaga kam xat yozar, lekin choʻkib qolgan divanning bir burchida oʻtirgancha kun boʻyi u haqda oʻylardi. Shunday sassiz ediki, sukunatga aldangan sichqon pechka ortidan yugurib chiqar, orqa oyoqlarida tik turgancha burnini u yoq-bu yoqqa burib, choʻkindi havoni uzoq hidlardi.

Nastya ham xat yozmas, biroq ikki-uch oyda bir marta yosh va quvnoq pochtachi Vasiliy Katerina Petrovnaga ikki yuz soʻmlik oʻtkazmani olib kelardi. Katerina Petrovna imzo chekayotgan payt boshqa joyga qoʻl qoʻyvormasin deb, uni avaylab suyab turardi.

Vasiliy ketgach, Katerina Petrovna qoʻlida pul bilan parishon oʻtiradi. Keyin koʻzoynagini taqib pochta oʻtkazmasidagi bir nechta soʻzni qayta oʻqiydi. Soʻzlar oʻsha-oʻsha: ish koʻpligidan borgani, hatto xat yozgani ham vaqt yoʻq.

Katerina Petrovna mayin qogʻozchalarni avaylabgina silaydi. Qarilik qursin, qoʻlidagi pullar aynan Nastya joʻnatganlari emasligini ham unutadi. Pullardan qizining hidi kelib turganday boʻladi.

Bir kuni kechasi, oktyabrning oxirlarida chorbogʻdagi allaqachon mixlab tashlangan eshikni kimdir uzoq taqillatdi.

Katerina Petrovnaning yuragiga gʻulgʻula tushdi, imillab boshiga issiq roʻmolini oʻradi, eski roʻdapo kiyimni qiydi va shu yil hisobidan birinchi bor uydan tashqariga chiqdi. Juda sekin, paypaslanib yurdi. Izgʻirinning kuchidan boshiga ogʻriq kirdi. Unutilgan yulduzlar yerga oʻtkir nigohlarini qadagan, toʻkilgan barglar Katerina Petrovnaning yurishiga xalal berardi.

Onaxon eshikchaga yaqinlashib, ovoz berdi:

– Kim u?

Ammo devor ortidan hech kim javob qaytarmadi.

– Menga shunday tuyuldi, shekilli, – dedi Katerina Petrovna va ortiga qayrildi.

Nafasi tiqilib, qari bir daraxt oldida toʻxtadi, sovuq va nam novdani ushlab, uning zarang ekanini payqadi. Uni bir zamonlar oʻzi ekkandi, u paytlari gʻami yoʻq yoshgina qiz edi. Mana, endi gʻaribu notavon, qaltiroq bir holda turibdi, bu kimsasiz, huvillagan kechadan hech qayoqqa qochib ketishning imkoni yoʻq.

Katerina Petrovnaning zarangga ichi achishdi, gʻadir-budir tanasini siladi. Amallab uyga yetib olgach, oʻsha zahoti Nastyaga xat yozdi.

“Nuridiydam, jonim qizim, – deb yozdi Katerina Petrovna, – Bu qishdan chiqmasam kerak. Hech yoʻq bir kunga kel. Diydoringni koʻray, qoʻllaringdan tutay. Qaridim, yurish tugul, oʻtirish, yotish ham ogʻirlik qilyapti. Oʻlim manzilimni topolmayapti, xolos. Bogʻ quriyapti – oldingiday emas, toʻgʻri, uni koʻrmayman ham. Kuz yomon keldi. Judayam yomon. Hatto butun umrimdan mana shu kuz uzunroq tuyulyapti”.

Manyushka burnini torta-torta xatni pochtaga olib bordi, pochta qutisiga bir amallab soldi, soʻng ichiga moʻraladi: nimalar bor ekan? Ammo ichkarida tunuka va boʻshliqdan boshqa hech narsa koʻrinmadi.

Nastya Rassomlar uyushmasida kotiba boʻlib ishlardi. Ish koʻp edi. Koʻrgazmalar, tanlovlar – bari-bari uning qoʻlidan oʻtardi.

Onasining xatini Nastya ishdaligida oldi. Sumkasiga solib qoʻydi – ishdan keyin oʻqiyman, dedi. Katerina Petrovnaning xatini koʻrib Nastya yengil tin oldi – xat yozibdimi, demak, tirik. Biroq unda soqov bir bezovtalik boshlandi, goʻyo har bir maktub soʻzsiz taʼna edi.

Ishdan keyin Nastya yosh haykaltarosh Timofeevning ustaxonasiga borishi, yashash sharoiti bilan tanishib, keyin Uyushma rahbariyatiga hisobot berishi kerak edi. Timofeev ustaxonasining sovuqligi, umuman, unga imkon berishmayotgani va rivojlanishiga toʻsiq boʻlishayotganidan shikoyat qilgandi.

Nastya bir burchakdan oynacha topib oldi, soʻng yuziga upa sepdi va kulimsiradi – shu payt oʻziga oʻzi yoqib ketdi. Rassomlar malla sochlari va katta koʻzlari sabab uni Solveyg deb atashardi.

Eshikni Timofeevning oʻzi ochdi – pakana, bir soʻzli, zahargina yigit. Egnida palto, boʻyniga katta sharf oʻragan edi. Nastya haykaltarosh oyogʻiga ayollarning fetr botinkasini kiyib olganini payqadi.

– Kiyimingizni yechmang, – toʻngʻilladi Timofeev. – Muzlab qolasiz. Iltimos sizdan!

U Nastyani qorongʻi yoʻlakchadan olib oʻtib, yuqoriga bir necha zina koʻtarildi va ustaxonaning ensiz eshigini ochdi.

Ustaxonadan tutun hidi anqirdi. Loy solingan bochka yonida kerosinka yonib turar, dastgohlardagi haykallar ustiga nam lattalar yopilgan edi. Katta deraza ortida qiyalab qor tashlar, Neva ustini tumanday qoplagan qorparchalar daryo suvlarida erib ketardi. Shamol deraza romlari orasidan hushtak chalib oʻtib, poldagi eski gazetalarni qimirlatib qoʻyardi.

– Voy, Xudoyim-ey, sovuqligini qarang-a! – dedi Nastya, uning nazarida ustaxona devorlariga tartibsiz osilgan oq marmar boʻrtma naqshlar havoni yanayam muzlatib yuborayotgandek edi.

– Bir havasingizni keltiray dedim-da, – dedi Timofeev loy yuqi kursini Nastyaga yaqin surib. – Bu kulbada harom qotmaganimga hayron qolaman. Pershinning ustaxonasini bir koʻring, issiqqina, naq Sahroyi Kabir.

– Pershinni yoqtirmaysizmi? – qoʻrqibgina soʻradi Nastya.

– Joʻjaxoʻroz u! – dedi Timofeev achchiqlanib. – Kosib! Haykallarida yelka ishlamaydi u, palto iladigan ilgak yasaydi. Kalxozchi ayoli – fartuk taqqan tosh. Ishchisi neandertal odamga oʻxshaydi. Haykallarini yogʻoch kurak bilan yasaydi u. Lekin oʻta ayyor, sizga aytsam, oʻlguday ayyor!

– Gogolni ishlagan edingiz, oʻshani koʻrsating-chi, – dedi Nastya suhbat mavzusini oʻzgartirish uchun.

– Yuring, – dedi haykaltarosh qovogʻi osilgancha. – Yoʻq, u yoqqa emas, bu yoqqa. Anavi burchakka. Ana, shunday!

U haykallardan biri ustidagi hoʻl lattani oldi, unga yaxshilab razm soldi, kerosinka yoniga choʻk tushib oʻtirdi, qoʻllarini tobladi va dedi:

– Ana, koʻring Nikolay Vasilyevichni. Marhamat!

Nastya seskanib ketdi. Qirraburun, bukchaygan bir odam unga ustidan kulayotganday istehzoli tarzda, yeb qoʻygudek boʻlib qarab turardi. Nastya haykalning chakkasida boʻrtgan qon tomirlar urib turganini koʻrdi.

“Xaltangdagi xat hali ochilmagan, – deganday edi Gogolning oʻq koʻzlari. – Eh, sen, olashaqshaq!”

– Qalay? – deb soʻradi Timofeev. – Jiddiy ishmi?

– Ajoyib! – chaynalibgina dedi Nastya. – Haqiqatan ham ajoyib.

Timofeev achchiq kuldi.

– Ajoyib, – qaytardi u, – hamma shunday deydi. Pershin ham, Matyash ham, har qanday qoʻmitadagi har qanday dono xuddi shunday deydi. Lekin bundan nima foyda? Bu yerda – ajoyib, lekin mening haykaltarosh sifatida taqdirim hal boʻladigan joyda hammamizga maʼlumu mashhur Pershin betayinlarcha mingʻirlaydi va tamom. Pershin nimadir dedimi, hammasi hal!.. Kechasi bilan uxlayolmaysan! – baqirdi Timofeev va botinkasini tapillatib zalda yura boshladi. – Loy ushlayverib qoʻlim revmatizm boʻldi. Uch yildan beri Gogol haqida bir xil soʻzlarni oʻqiyman. Basharasi tushlarimga ham kirib chiqadi!

Timofeev stoldan bir dasta kitob oldi, havoda silkitdi-da joyiga uloqtirdi. Stoldan ganch changlari koʻtarildi.

– Bularning hammasi Gogol haqida! – dedi u va birdan tinchlandi. – Nima? Qoʻrqitvordimmi? Kechiring, azizim, lekin, toʻgʻrisi, rosa olishgim kelib turibdi.

– Unda… birga olishamiz, – dedi Nastya va oʻrnidan turdi.

Timofeev uning qoʻlini qattiq siqib xayrlashdi. Nastya bunday isteʼdod egasini nima qilib boʻlsa ham bu nom-nishonsizlikdan olib chiqishga qatʼiy qaror qildi.

Nastya Rassomlar uyushmasiga qaytib, rais huzuriga kirdi, u bilan uzoq gaplashdi, ozroq qizishdi ham, Timofeevning koʻrgazmasini tashkillashtirish kerakligini uqdirdi. Rais qalam bilan stol chertdi, nimanidir uzoq chamaladi va nihoyat rozi boʻldi.

Nastya Moykadagi uyiga, eskigan, shifti ganch qilingan xonasiga qaytdi. Shundan soʻnggina Katerina Petrovnaning xatini ochib oʻqidi.

– U yerga borgani hozir vaqt bormi! – dedi u va oʻrnidan turdi. – Qani, bu yerdan sugʻurilib chiqa olsang!

Koʻz oldida jiq toʻla poyezdlar, boshqa poyezdga almashlash, doʻq-doʻq arava, qurigan bogʻ, onasining doimgi yigʻi-sigʻisi, qishloqning choʻziluvchan, zerikarli rangsiz kunlari jonlandi va xatni yozuv stolining tortmasiga solib qoʻydi.

Nastya ikki haftani Timofeevning koʻrgazmasini tashkil etish tashvishlari bilan oʻtkazdi.

Bu vaqt ichida murosani bilmaydigan Timofeev bilan bir necha bor urishib-yarashdi. Timofeev ishlarini koʻrgazmaga xuddi yoʻq qilishga joʻnatganday joʻnatdi.

– Bu yugur-yugurlaringizdan hech narsa chiqmaydi, – dedi u Nastyaga ichiqoralik bilan. Goʻyo koʻrgazmani u emas, qiz oʻtkazayotganday. – Vaqtimni behuda sarflayapman. Toʻgʻrisi shu.

Nastya boshida tushkunlikka tushdi, achchiqlandi, keyinchalik bu injiqliklarga tahqirlangan magʻrurlik sabab ekanini angladi. Hammasi yolgʻondakam, Timofeev ichida boʻlajak koʻrgazmasidan juda shod.

Koʻrgazma kechqurun ochildi. Timofeev jahllandi, haykalni elektr yorugʻida tomosha qilib boʻlmasligini aytdi.

– Oʻlik nur! – deb vaysadi u. – Zigʻircha foydasi yoʻq. Undan koʻra kerosin lampa boʻlgani ham tuzuk edi.

– Sizga qanaqa nur kerak oʻzi? Hamisha har yerda norozi odam ekansiz-ku! – oxiri portladi Nastya.

– Sham kerak! Sham! – dedi Timofeev alam bilan. – Gogolni qanday qilib elektr chiroq ostiga qoʻyish mumkin?! Absurd-ku bu!

Ochilish marosimida haykaltaroshlar, rassomlar qatnashdi. Haykaltaroshlarning mavzudan yiroqroq suhbatlarini eshitib, ular Timofeevning ishlarini maqtayaptimi yoki tanqid qilyaptimi – bilib boʻlmasdi. Lekin koʻrgazma muvaffaqiyatli boʻlganini Timofeev tushundi.

Oq sochli jizzaki bir haykaltarosh Nastyaning yoniga kelib, qoʻllarini siqdi:

– Minnadorchilik bildiraman. Eshitishimcha, Timofeevni yorugʻ olamga siz olib chiqibsiz. Ajoyib ish qilibsiz. Bizda, bilsangiz, ijodkorga eʼtibor berish, unga gʻamxoʻrlik qilish kerakligi haqida gap sotadiganlar koʻp. Lekin amaliy ishga kelganda qup-quruq nigohlarga yoʻliqasan. Yana bir bor minnadorchilik izhor etaman!

Muhokama boshlandi. Koʻp gapirishdi, maqtashdi, bahslashishdi. Keksa rassom insonga, nohaq unutilgan yosh rassomga eʼtibor haqida aytgan gap har bir nutqda qaytarildi.

Timofeev parketga tikilib tumshaygancha oʻtirar, koʻz qiri bilan maʼruzachilarga qarab qoʻyardi. Lekin ularga ishonish kerakmi yo hali ertami – bilolmasdi.

Eshik oldida Uyushma xat tashuvchisi – ochiqkoʻngil va ovsar Dasha paydo boʻldi. U Nastyaga imo qilib, yoniga chaqirdi. Nastya yoniga kelgach, iljayib unga telegramma uzatdi.

Nastya joyiga qaytdi, sezdirmay telegrammani ochdi, oʻqidi, lekin hech nimani tushunmadi:

“Katya oʻlyapti. Tixon”.

“Qanaqa Katya? – asabiylashdi Nastya. – Qaysi Tixon? Menga adashib berdi, shekilli”.

Manziliga qaradi: yoʻq, telegramma unga ekan. Shundagina u qogʻoz tasmadagi nozik bosma harflarni payqadi: “Zaborye”.

Nastya telegrammani gʻijimladi va qoshlarini chimirdi. Pershin soʻzga chiqdi:

– Bugun, – dedi u asta tebranib va koʻzoynagini ushlab, – inson haqida qaygʻurish ajoyib haqiqatga aylanmoqda. U bizning oʻsishimiz va ishlashimizga yordam beradi. Men bizning davramizda, haykaltarosh va rassomlar orasida ana shu gʻamxoʻrlik paydo boʻlganini sezganimdan mamnunman. Oʻrtoq Timofeevning ishlari koʻrgazmasi haqida gapirsam. Koʻrgazma uchun barchamiz butunicha – albatta bundan hurmatli rahbariyatimiz ranjimaydi – Uyushmaning oddiy xodimlaridan biri, sevimli Anastasiya Semyonovna oldida qarzdormiz.

Pershin Nastyaga taʼzim qildi, gulduros qarsak chalindi. Uyalganidan Nastyaning koʻzlariga yosh keldi.

Kimdir ortidan uning qoʻlini tutdi. Bu boyagi jizzaki qariya rassom edi.

– Nima gap? – dedi u shivirlab va koʻzlari bilan Nastyaning qoʻlidagi gʻijimlangan telegrammaga ishora qildi. – Biror koʻngilsizlik boʻldimi?

– Yoʻq, – deb javob berdi Nastya. – Bu shunchaki… Bir tanishimdan…

– Aha, – deb toʻngʻilladi chol va yana Pershinni tinglay boshladi.

Hammaning koʻzi Pershinda edi. Lekin Nastya tinimsiz kimningdir ogʻir va oʻtkir nigohini sezib turdi, shu sabab bosh koʻtarishga qoʻrqdi. “Kim boʻlishi mumkin? – oʻyladi u. – Nahotki kimdir sezib qolgan boʻlsa? Qanday bemaʼnilik. Yana asablarim buzildi”.

U amallab boshini koʻtardi va darrov koʻzlarini olib qochdi: Gogol unga tirjayib qarab turardi. Chakkasidagi qon tomirlari ogʻir-ogʻir urayotgandek, yumuq lablari orasidan past ovozda: “Eh, sen!” deyayotgandek edi.

Nastya dik etib turdi, pastga tushib, kiyimlarini kiydi va koʻchaga otildi.

Gupillab qor yogʻardi. Isaakiyevskiy jomesidagi oqish bulduruqlar yaqqol koʻzga tashlanar, badqovoq osmon yanayam enkayib, shaharga, Nastyaga, Nevaga yaqin kelib olgan edi.

“Nuridiydam, jonim qizim… – Nastya yaqinda olgan xatini esladi. – Nuridiydam, jonim qizim!”

Nastya Admiralteystvo yaqinidagi xiyobonda oʻrindiqqa choʻkdi va oʻkirib yigʻladi. Qor uning yuzlaridan koʻz yoshlarga qoʻshilib sirgʻalib tushardi.

Nastya sovuqdan titradi va birdan uni Zaboryeda bu qoqsuyak, hamma tashlab ketgan kampirchalik hech kim yaxshi koʻrmasligini tushundi.

“Kech qoldim! Oyimni endi koʻrolmasam kerak”, dedi u oʻziga oʻzi va soʻnggi yilda bolalarcha “oyi” soʻzini ilk bor ishlatayotganini sezdi.

U sapchib turdi va yuziga savalayotgan qorga qarama-qarshi tez yurib ketdi.

“Qanday qilib? Axir, qanday qilib, oyi? – oʻyladi u koʻzlari hech narsani koʻrmay. – Oyi! Qanday qilib bunaqa boʻlishi mumkin? Axir, hayotimda sizdan boshqa hech kim yoʻq! Bundan keyin ham boʻlmaydi, boʻlolmaydi. Hech yoʻq ulgurishim kerak, hech yoʻq onam meni koʻrsin, men notavonni kechirsin”.

Nastya Nevskiy shohkoʻchasiga chiqdi, shahar temir yoʻl stansiyasiga yoʻl oldi.

Kech qolibdi. Chipta yoʻq.

Nastya kassa oldida turar, lablari qaltirar, birinchi soʻzidanoq hoʻngrab yigʻlab yuborishini bilib gapirishga botinolmasdi.

Koʻzoynakli keksa gʻaznachi ayol tirqishdan qaradi.

– Nima gap, qizim? – yoqinqiramay soʻradi u.

– Hech gap yoʻq, – dedi Nastya. – Oyim, oyijonim…

Nastya ortiga oʻgirildi va shitob bilan chiqish eshigiga yoʻnaldi.

– Qayoqqa?! – baqirdi gʻaznachi ayol. – Boshidayoq aytmaysizmi shunday deb. Bir daqiqa kutib turing.

Oʻsha kecha Nastya yoʻlga chiqdi. Garchi “Qizil oʻq” poyezdi tungi oʻrmonlar oralab har yoqqa bugʻlarini purkab, ogohlantiruvchi choʻziq-choʻziq chinqiriqlari bilan shitob ketib borayotgan boʻlsa-da, butun yoʻl boʻyi zoʻrgʻa sudralgandek tuyuldi.

…Tixon pochtaga keldi, pochtachi Vasiliy bilan shivirlashib gaplashgach, undan telegraf qogʻozini oldi, u yoq-bu yogʻini aylantirib koʻrgach, uzoq vaqt moʻylabini silab turdi va qogʻozga qingʻir-qiyshiq harflar bilan nimalarnidir yozdi. Keyin qogʻozni avaylab bukladi, qalpogʻiga qistirdi va Katerina Petrovnanikiga imillab yoʻlga tushdi.

Katerina Petrovna oʻn kundirki oʻrnidan turgani yoʻq. Hech qayeri ogʻrimayapti, lekin koʻksi, boshi, oyoqlarini kuchli holsizlik egallab olgan, nafas olish ham ogʻirlashib qolgan.

Mana, oltinchi kun, Manyushka Katerina Petrovnaning yonida. Kechalari choʻkib qolgan divanda kiyim-boshi bilan uxlaydi. Baʼzida Katerina Petrovna nafas olmayotgandek tuyuladi. Shunday paytlari Manyushka qoʻrqib yigʻiga tushadi: tirikmikan, ishqilib?

Katerina Petrovna koʻrpa ostidan qoʻlini biroz qimirlatadi va Manyushka xotirjam tortadi.

Xonalarning burchaklarini ertalabdanoq noyabr zulmati egallagan, biroq havo iliq edi. Manyushka pechkaga oʻt qaladi. Quvnoq olovning shuʼlalari yogʻoch devorlarni yoritdi, Katerina Petrovna astagina xoʻrsindi – oʻt yoqilgach, xona hov bir paytlardagidek, Nastya borligidagidek shinam, yoqimli boʻlib qolgandi. Katerina Petrovna koʻzlarini yumdi, undan sizgan bir tomchi yosh sargʻish chakkalaridan oʻtib, oppoq sochlariga osilib qoldi.

Tixon keldi. Yoʻtaldi, burun tortdi, turishidan hayajonda edi.

– Nima gap, Tisha? – dedi Katerina Petrovna holsiz.

– Sovqotdim, Katerina Petrovna! – dedi oʻzini bardam tutib Tixon va qalpogʻiga xavotir bilan qarab qoʻydi. – Tez orada qor yogʻadi. Lekin bu – yaxshilikka. Yoʻllar muzlaydi, yoʻl yurishiga osonroq boʻladi.

– Kim yoʻl yurishiga? – Katerina Petrovna koʻzlarini ochdi va beixtiyor toʻshakni siypalay boshladi.

– Kim deysizmi? Nastasya Semyonovna-da! – dedi Tixon va gʻalati iljayib qalpogʻi ichidan telegrammani oldi. – Boshqa kim ham boʻlardi?

Katerina Petrovna turmoqchi boʻldi, lekin eplolmadi, yostiqqa qayta bosh qoʻydi.

– Mana! – dedi Tixon, telegrammani asta ochib, Katerina Petrovnaga uzatdi.

Lekin Katerina Petrovna uni olmadi, oʻtinch toʻla koʻzlari bilan qarab turaverdi.

– Oʻqi! – dedi Manyushka xirilloq tovushda. – Kampir endi oʻqiy olmaydi. Koʻzi charchagan.

Tixon qoʻrquvda alangladi, yoqasini toʻgʻrilab, yakkam-dukkam malla sochlarini siladi va quruq, ishonchsiz ovozda qiroaat qildi: “Kutinglar, yoʻlga chiqdim. Sizni hamisha sevuvchi qizingiz Nastya”.

– Kerakmas, Tisha! – sokin dedi Katerina Petrovna. – Kerakmas, azizim. Xudo yorlaqasin seni. Yaxshi soʻzing, mehring uchun rahmat.

Katerina Petrovna qiynalib-siqtalib devor tomonga oʻgirildi, uyquga ketganday boʻldi.

Manyushka chiqib, Katerina Petrovnaning xonasiga imlamaguncha Tixon sovuq dahlizdagi oʻrindiqda boshini eggancha tamaki tutatdi, “chirt” etkazib tufladi va uh tortdi.

Tixon oyoq uchida yurib xonaga kirdi va butun panjasi bilan yuzini artdi. Katerina Petrovna mushtdekkina boʻlib yotar, rangida qon yoʻq, tashvishu ogʻriqlarni unutib, uyquga ketgandek edi.

– Kutolmadi, – deb mingʻirladi u. – Dardi ogʻir edi, qattiq qiynaldi. Ey, sen, yaxshilab qulogʻingga quyib ol, – dedi Tixon Manyushkaga gʻazab bilan, – yaxshilikka yaxshilik bilan javob qaytar, bemaʼni odam boʻlma… Sen shu yerda oʻtirib tur, men mahallaga boray, xabar beray.

Tixon ketdi. Manyushka tizzalarini yigʻib olgancha kursida oʻtirar, titrar va Katerina Petrovnadan koʻzlarini uzmay qarab turardi.

Katerina Petrovnani keyingi kuni soʻnggi yoʻlga kuzatishdi. Hammayoq muzladi. Shirava qor yogʻdi. Butun borliq oppoq, osmon esa quruq va yorugʻ, kulrang edi. Xuddi bosh ustingga nam, muzlab qolgan qop yoyib qoʻyilgandek edi. Daryodan naridagi kengliklar koʻkimtir tusga kirgan. Ilk izgʻirin taʼsirida tol poʻstloqlaridan qorning kuchli va yoqimli hidi taraladi.

Dafn marosimiga keksalar va bolalar yigʻildi. Tobutni qabristonga Tixon, Vasiliy va paxmoq soch-soqolli aka-uka qariyalar – Malyavinlar olib bordi. Manyushka akasi Volodka bilan birga chiqdi, tobut qopqogʻini koʻtarib oldi, koʻzlarini yummay faqat oldinga tikilgancha ketdi.

Mozor qishloq ortida, daryoning teparogʻida edi. U yerda zamburugʻdan tanasi sargʻayib ketgan baland sambittollar oʻsadi.

Yoʻlda muallimani koʻrib qolishdi. U yaqinda viloyat markazidan kelgan va Zaboryeda hali birov-yarimni yaxshi tanimasdi.

– Muallima kelyapti, muallima kelyapti, – deb shivirlashdi bolalar.

Muallima yosh, uyatchan, kulrang koʻzli edi, koʻrgan odam bola deb oʻylardi. U tobutni koʻrib, toʻxtadi, tobut ichida yotgan mittigina kampirga qoʻrqa-pisa nazar tashladi. Kampirning yuzlariga qoʻngan oʻtkir qorparchalar erimay turardi. Viloyat markazida muallimaning onasi qolgan – uyam xuddi shunday kichkinagina, hamisha qizining qaygʻusi bilan yashaydi, sochlari ham xuddi shunaqa oppoq.

Muallima biroz turdi va tobut ortidan asta ergashdi. Buni koʻrgan kampirlar asta shivirlasha boshladi: qarang, juda yuvosh ekan, boshida ancha qiynaladi, axir Zaboryening bolalari juda shum va gapuqmas.

Muallima oxiri soʻrashga qaror qildi va Matrena kampirni gapga tutdi:

– Yolgʻiz yasharmidi bu kampir?

– Eh, bolajonim-a, – shu zahoti javrashga tushdi Matrena xola, – yolgʻiz desayam boʻlaveradi. Shunday dilkash, shunday samimiy ayol edi. Qachon qarama, divanchasida bir oʻzi oʻtirardi, dardlashadigan hech kimi yoʻq edi. Bechora! Leningradda yashaydigan qizi bor, lekin uzoqlarga uchirma boʻlgan-da. Mana, kimsasiz oʻldi, qarindoshlaridan hech kim kelmadi.

Tobutni yangi kovlangan qabr yoniga qoʻyishdi. Qariyalar qabrga egilishdi, qoʻllari bilan tuproqni ushlab koʻrishdi. Muallima tobutga yaqin keldi va egilib, Katerina Petrovnaning mallatob ozgʻin qoʻllaridan oʻpdi. Soʻng tez qaddini tikladi, oʻgirilib, buzilgan gʻisht devor tomon yurdi.

Devor ortida, yengil-yengil qoʻnayotgan qorparchalar ostida biroz gʻamgin ona yer yotibdi.

Muallima uzoq tikilib turdi, ortidagi qariyalar suhbatini, tobut qopqogʻiga tuproq qanday urilayotganini, uzoqda – hovlilarda turfa ovozli xoʻrozlar yorugʻ kun, yengil sovuq va qishki sukunatdan darak berib qichqirayotganini tingladi.

Zaboryega Nastya dafn marosimidan ikki kun oʻtib keldi. Mozorda ustidagi tuprogʻi yumaloqlanib muzlab qolgan yangi qabrga, uyda esa Katerina Petrovnaning hayot allaqachon tark etgan sovuq va qorongʻi xonasiga duch keldi. Bu xonada Nastya kechasi bilan, oynadan xira va ogʻir tong moʻralamaguncha yigʻlab chiqdi.

Nastya Zaboryedan uni birov koʻrib qolmasligi, savolga tutmasligi uchun biqinib, yashirinib chiqib ketdi. Uning nazarida yelkasidagi tuzalmas gunoh, mislsiz yukni Katerina Petrovnadan boshqa hech kim olib tashlolmasdi.

Rus tilidan Orif Tolib tarjimasi

Manba: Orif Tolib veb-sahifasi: www.oriftolib.uz

044

(Tashriflar: umumiy 3 367, bugungi 1)

Izoh qoldiring