Alisher Mirzo. Kallaxonalik yigitcha. Avtobiografik roman-essedan parchalar

Ashampoo_Snap_2017.03.21_14h24m00s_001_.png21 март — Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо таваллуд топган куннинг 75 йиллиги

     Етти йилча аввал Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Алишер Мирзо кетма-кет нашр этилган икки китобини: «Каллахоналик йигитча» ва «Мусаввир» номли автобиографик  романларини туҳфа қилганидан бошим осмонга етган эди. Зеро, Алишер Мирзо ёшликдан меҳр қўйган акам, 80-йилларда узоқ йиллик суҳбатхонамиз бўлмиш Шуҳрат Абдурашидов билан биргаликда ишлаган устахоналарида маънан биродарлашган инсондир. Бугун иқтидорли мусаввирнинг туғилган куни «Каллахоналик йигитча»дан айрим бобларни мамнуният билан тақдим этмоқдаман.

«Каллахоналик йигитча» романида рассомнинг болалик, ўсмирлик йиллари, катта ҳаёт фалсафаси, ижодий йўлида кечган бирда қувончли, бирда қайғули, баъзан эса ўйга толдирадиган воқеалар таснифи бадиий маҳорат билан баён этилган.

Алишер МИРЗО
КАЛЛАХОНАЛИК ЙИГИТЧА
Автобиографик роман-эссенинг журнал варианти
007

14.jpgЎзбекистон халқ рассоми, , Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги Алишер Мирзо (Мирзаев) 1948 йилда Тошкентда туғилган. Беньков номидаги Рассомлик билим юртини, кейинчалик Суриков номидаги Москва Давлат бадиий институтини тамомлаган. Хорижий мамлакатларда бир нечта шахсий кўргазмалари ташкил этилган, тасвирий санъат муаммоларига бағишланган қатор халқаро анжуманлар иштирокчиси.

007

I БОБДАН

img124.jpgБиродарлар! Ўзиям нақ пешонаси ялтираган йигитман-да. Бўлмаса айни Наврўз шодиёнаси куни бу ёруғ дунёни бошимга кўтариб, яқинларнинг бир қувончига ўн қувонч қўшармидим! Ўзи дала ҳовлимизда ишкомлар оралаб юргану, қулоғи уйимиз томонга динг юрган қиблагоҳимиз бўлмиш Тўлаган афандига Содиқ амакимнинг қизлари Карима опа “Суюнчи, ўғил!” деб югурармиди?!
Туғилишга туғилдиму менга исм қўйиш оғир кечди чоғи. Қулоқ қилиб олис Сибирияга бадарға қилинган қиблагоҳлари Мирзамуҳаммадбойнинг қисматидан ташвишда юрган ва қама-қаманинг янги “сезон”и бошланиб қолишидан хавотирда бўлган отам Тўлаган Мирзаев каминанинг исмини Абдулла ёинки Саидваққос қўйсалар, маҳалла “ёзувчиларидан” бирортаси ана, халқ душмани бўлмиш фалончининг исмини танлади, дея гапни чувалатишдан тоймаслиги эҳтимолдан йироқ эмаслигини ўйлаб, бир неча антиқа исмларни мўлжаллаб оладилар. Антиқа исмлар қандай бўлади, дерсиз? Бир чеккадан айтаман: Мэлс, Махсим (Горкий), Октабржон ва ҳатто Маркс (Маркс Мирзаев)… Бир худо асрагани шулки, қиблагоғимизнинг зиёлитабиатлиги, қолаверса жўмардлиги зўр келиб, таваккалига Алишер деган исмни қўядилар, вассалом! Буёғини сўрасангиз, айни жаҳон муҳорабаси кезларида ўтказилмай қолган Навоий бобомизнинг таваллудига бағишланган мўътабар анжуман 1948 йилнинг февралида ташкил этилган, бир чеккаси, отамиз шул воқеадан руҳ олган бўлишлари анчайин ҳақиқатга яқин. Зеро, анжуман шукуҳи тарқамай туриб, яъни орадан бир ой ўтар-ўтмас – мартнинг йигирма бирида таваллуд топган ўғилчага ушбу муборак исм раво кўрилган. Айтишларича, ўша йиллардан бошлаб ушбу исм халқ орасида расм бўлган. Шу боисдан катта холамиз яшайдиган Чувалачидаги тўқсонларни қоралаб қолган татар ўғлони Алишер абзийни ҳисобга олмаганда, ўзимдан катта Алишерни учратмаганман…

* * *

Вой, биродарлар-ей! Ҳали атак-чечак оёқ босиб улгурмасимдан лақаблик бўлдим. Дўмбоққина қип-қизил бола бўлганим учун мени Шолғом дея атай бошлашди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Негаки, Каллахонада истиқомат қилувчи жумлаи мўмин борки, бари лақаблик! Ён атрофимизда Қосим Шақилдоқ, Шу-Шу домла, Пайзи Чакай, Ҳури Пошшо, Қора Ялоқ, Холгаранг, Раҳим Патак, улуғлардан эса Орип Ўрис, Маркис, Абдуфаттоҳ Румий, Чапаев ва ҳоказо. Разм солинса, лақабда ўзига яраша ҳикмат йўқ эмас. Аксаран лақаблар узукка кўз қўйгандек “эга”сининг шахсиятига, феълига чунонам ярашиб тушади. Дейлик, Қосим Шақилдоқ қотмадан келган киши, шанғиллашидан қулоқ қоматга келади. Унинг “Пахтакор”нинг ашаддий мухлиси эканлигини айтмайсизми? Футбол ўйини чоғидаги стадионни бошига кўтариб бақиришлари ўз йўлига, илло у ўйиндан кейинги кунлар ҳам ҳеч кимни ҳоли-жонига қўймай, маҳаллани бошига кўтариб футболдан вайсагани-вайсаган.
Кунларнинг бирида Чапаев лақабли мўйловдор уйғур мантипаз амакидан, “Сизни нега Чапаев деб чақиришади?” – деб сўраб қолибман. Сўрашга сўрадиму, ҳо-о-зир олдига солиб қувади деб турсам, йўқ, амаки чап мўйлаби билан ўнг мўйлаби паст-баландлашдию, вазмин тортди, сўнгра мулойимлик билан:
– Э-э, болам-ей, насибамизга шу ёзилган экан-да… Ўзи қара, Каллахонада лақаб қўйилмаган одам қолганми? – деди жилмайиб.
Шўх, сўзга чечан бола бўлиб, думалаб-юмалаб улғая бошладим. Ҳамма тенгқур болалар қатори музқаймоққа ўч эдим. Додамдан чақа ундириш пайида, гапни “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм”дан бошлар эдим. Яъни, шундай:
– Савол берсам майлими?
Отам мамнуният билан:
– Ҳа, – десалар бас, дарҳол мақсадга кўчиб:
– Маражнийни иложи борми?, – дер эдим ва муддаомга эришардим.
Бир кун арзимаган буюмни додам билан обдон талашиб қолдим. Инжиқлигимдан додам жаҳл билан:
– Манга қара, ҳамма нарса меники деяверасанми! Билиб қўй уй ҳам, ҳовли ҳам, мол-ҳол ҳам, сен ҳам меники! – десалар пинагимни бузмай:
– Ёлғон, сизники эмас, бунинг барчаси Худоники! – дедим. Шу пайтда тўрт яшарлик йигитчаман.
Уйларимиз Паст (Чорсу) бозорнинг ёнида бўлгани учун барча олди-берди билан банд. Мендек зумрашалар ҳам олди-сотдидан четда қолмаймиз, олти-етти ёшлигимиздаёқ бошимизга чамбарак қўйволиб, мўъжазгина саватда ширмойи, патир, “ёпган” нон кўтариб Каллахонадан бозорга, бозордан маҳалламизга бўзчининг мокисидай қатнаганимиз-қатнаган. Онамиз кафтдеккина ҳовлимиз саҳнига шивит, кашнич, редис, кўк пиёз экиб, кунига икки маротаба саватимга йигирма-ўттиз боғ кўкатни чиройли териб, бозорга жўнатади. Мен саватни кўтарганча бозор оралаб Махсидўзлик кўчасидан ғизиллаб ўтиб Эски Жўва майдонидаги ҳайкал пойида жойлашган бекатни гуллатаман. Ўйинқароқликни ҳам унутиш йўқ, албатта. Маҳалла болалари билан ланка тепаман, чиллак, соққа ташлайман, зу-зу ўйнайман.
Соққа ташлашда менга тенг келадигани оз. Тимни тагида чуқурча ковлаб, дўппимга ёнғоқ тўлдириб отаман, чуқурчада қолиб кетган ёнғоқлар саноқда жуфт чиқса, рақибим менга шунча ёнғоқ товон тўлайди.
Чиллак отишда нўноқроқман. Бу ўйин чаққон, эпчилларники. Одатда ориқ, хипча болалар чаққон, эпчил бўладилар. Мен эса дўмбоқман, ҳаракатларим ҳам шунга яраша.
Додам Мирзамуҳаммадбой замоннинг зайли билан камбағаллашиб қолган, бир куни боғ ҳовлимиздан чоққина тоғорада тоғолча териб бериб, бозорга тушиб сотишни, пулига эса қалам-дафтар олишимни уқтирди. Мен бозорда пешингача қолиб кетдим. Тоғолча оламан деган бирорта харидор учрамади. Чунки бозор тўла сархил мева. Улар ҳам сариқ чақага сотиляпти. Кун пешиндан оғди, бир пайт рўпарамда рус аёли пайдо бўлди, издиҳомда боши айланиб қолганми, тоғорачага ишора қилиб: “Что это?” деб бурнини жийирди. Харидор топилди, деган хаёлда шошганимдан “Эта, эта тагал-чуууу!” – деб юборибман.
Савдо-сотиқда омадим келавермади. Нон сотиб, харидор пойлаш ўрнига тиззамга китоб қўйиб ўқиб ўтирибман. Бир пайт барваста амаки келиб, растага терилган патирни у ёқ-бу ёғини ўгириб, қараб кўрди-да, ёқмади шекилли, гўё зарда қилгандай итқитиб кета бошлади. Сариқлигим тутди. Жаҳлим чиқди. Ранжиганимни яширмай-нетмай, амакини таниган бўлсам-да, тап тормадим.
– Менга қаранг, амаки, – дедим дангалига, – Ғафур Ғулом бўлсангиз ўзингизга, нонни унақасига ирғитмай, жойига қўймайсизми, деб юбордим.
Растадан икки қадам узоқлашиб улгурмаган Ғафур Ғулом таққа тўхтаб орқага ўгирилди, тиззамдаги китобга ишора қилиб:
– Ўғлим нимани ўқияпсан? – деб сўради.
Мен бояги важоҳатда:
– Толстойнинг “Холстомери” – дедим авзоимни ўзгартирмай.
– Ия болам, русча ўқийсанми? ­ сўради Ғафур Ғулом меҳрибон оҳангда.
­– Русча мактабда ўқисам, русча ўқимай немисча ўқийми? – дедим бўш келишни истамай.

Эртаси куни ЗиМ машинасидан тушган бир киши, икки қўли тўла китоблар, нон растасини оралаб, “Алишерни кўрган борми?” деб сўроқлаб келди. Китобларни менга узатар экан:

– Ғафур ака сенга ўзбекча китоблар бериб юбордилар. Салом айтдилар, – деди.

Шундагина кеча йўл қўйган қўполлигимдан ҳижолат чекдим, донгдор шоиримизни ранжитиб қўймадимми деган истиҳоладан анчагача изтироб чекиб юрдим. Ушбу бозор фаолиятимни бошлаб юборганимда эски шаҳарда тўлиқсиз рус мактабининг бешинчи синф фаолларидан эдим.

* * *

Онажоним янги ёзувда саводлари бўлмаса-да, табиатан доно аёл эдилар, бинобарин, оқ-қоранинг фарқини, аҳамиятини яхши тушунар эдилар. Шулар сабаб, Алишертой Каллахонанинг юқори қисмидаги Культиваторний кўчасида жойлашган русча мактабга ўқишга қатнай бошлайди.
Мактабга қабул “имтиҳон”ларида русчасига бир амаллаб ўнгача санаб бердиму, ёши катта яҳудий амаки – Қалантаров деган директор: “Теперь считай пальцами” деса, ҳеч нимани тушунмай, кўзимни ғилай қилиб туравердим.
Ўрисчада икки ой ўқидим чоғи. Қалантаров мактабга бизнинг кўчадан қатнар эди, бир куни йўлагимиз бошида аёллар билан гурунглашиб турган онамни кўриб, мендан гап очади. Нима эмиш, онамжонимнинг арзандаси русчадан қийналаётганмиш, шунинг учун ҳали ҳам кеч эмас, ўзбек мактабига учирма қилинса, айни муддао бўлар эмиш. Онам аввалига директорнинг маслаҳатига индамай қулоқ солибди, сўнгра шу қадар жўшиб гапирибдики! Директор янглишаётгани, қолаверса, ғирт сиёсий хатога йўл қўяётганини чулчутнинг тўққиз пулидек қилиб тушунтирибди. Ҳатто ўзбек фарзанди “улуғ” рус тилини ўрганиши, билиши миллат учун муҳимлигини ҳам ўхшатиб қўшиб қўйибди. Бундай жўшқин сиёсий нутқни ўзбек аёлидан кутмаган директоримизнинг пешонасидан мошдек-мошдек тер чиқиб, хатосини бўйнига олиб, ўз йўлига равона бўлибди.
Юз берган воқеадан мен ўзимча чўчиб, хавотирда юрган эдим, аксинча ҳаммаси ижобий ҳал бўлди-қўйди, бунинг устига, Исроил Натанович қаерда каминани кўрсалар, албатта бир зум тўхтатиб, мулойимлик билан, “Онажонингга мендан албатта салом айтгин, Мирзаев”, – дейдиган бўлди.
Рус мактабида, бармоғида ўнгача санай олмаган Алишержон, иккинчи, учинчи синфга бориб ўзга тилда анча-мунча тили чиқиб қолди. Нафақат сўзлашиш, балки куйлай ҳам бошладим.
Мусиқа муаллимимиз Виктор Ивановичнинг таъбири билан айтганда каминанинг “слухи” яхши эмиш. Албатта, яхши бўлмай-чи! Йўргакда ётган кезларимданоқ деворимиз орқасида янграган Маъмуржон ҳофизнинг нолаларидан баҳра олганларим зое кетмаган, албатта. Онамнинг айтишларича, бешикда уйқуга кетишим учун ҳам мусиқа қўйиб беришган экан, унча-мунча мусиқа эмас, фақат мумтоз – мақом оҳанглари бўлиши керак, аллалару яллаларга қулоқ солмаган эмишман. Деворимиз ортидан атоқли ҳофизнинг машқлари ҳар доим ҳам янграб турмагани боис (оналар нимага қодир эмас!), бошқа бир девор-дармиён қўшнимиз Абдуфаттоҳ шивандадан, девор орқасидан бўлса-да, Маъмуржон акага тақлид тарзида ўхшов-беўхшов бўлса ҳам “Э, сабо” ними ёки “Савти сувора”ними хиргойи қилиб юборишни сўрар эканлар.
Хуллас, мактабда устоз ўргатган аксари сиёсий қўшиқларни авж пардалари ила бемалол қойилмақом ижро этишни ўргандим.
Кунлардан бир кун нуфузли катта беллашувда “Хотят ли русские войны” қўшиғини (каминадан олдин ижро этган Бернес Маркмиди) ижро этадиган бўлдим. Устозим Виктор Иванович репетициялар чоғида ушбу қўшиқ матнини ёд олдириб “Спросите у жены моей…” ўрнига “Спросите у сестры моей…” деб ижро этишимни бир неча бор уқтирди, нима сабабдан бундайлигини тушунтириб ҳам ўтирмади.
Ҳашаматли концерт зали. Залда бўш ўриндиқлар қолмаган. Бутун Тошкент шаҳридан мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилар томоша кўриш, маданий хордиқ чиқариш ниятида келишган. Танлов концертида саҳнага Виктор Иванович гармонини қўлтиқлаб, омонатга олинган уст-бошда, биринчи бор бўйнига капалакнусха бўйинбоғ таққан каминани олдига солиб савлат билан чиқиб борди.
Аммо бу ёғи чатоқ бўлди, нега бундай бўлганини кейин, кеч тушундим.
Хуллас, қўшиқ айни авжига етганда, “Хотят ли русские войны, спросите у сестры моей”нинг ўрнига баралла хўроздай қичқириб: “спросите у жены-ы-ы моей!” – деб юборибман.
Ҳамма кулиб юборди. Кулги аралаш қарсакбозликни айтмайсизми! Очиғи, каминага оломоннинг бемаврид кулиши ғалати туюлди, илло қарсаклари ёқиб тушди.
Бироқ мен йўл қўйган “сиёсий хато” қимматга тушди, охир-оқибат қўшиқ ижроси чоғидаги ўзбошимчалигим учун мактаб саҳнасидан батамом бадарға қилиндим ва ўша қўшиқнинг ўрнига ўзимизнинг “Жонон бўламан деб ҳаммани куйдирасанми…”ни хиргойи қилиб юравердим.

* * *

Ўзим зиғиртайману, бир талай касбнинг бошини тутиб қўйдим. Муштдай бошимда саватда ширмой ташидим, кабобпазга шогирд тушдим, мурч сотдим, чойхонада дастёрлик қилдим. “Кеб қолинг, қайноқ нон!”, “Бўрсилдоқ тандир нон!”, “Кеб қолинг, қўй гўштидан думбали кабоб!” , “Гатоб!”, “Қора мурч – чёрный перец!”… Бу каби ҳайқириқлар ёд бўлиб кетди, азбаройи тушларимда ҳам уйқу аралаш бақириб қолар эканман.
Чойхонани айтмайсизми, чойхонани!
– Ҳў, бола, кўк чой!
– Ў-ў, жиян, иккита памил чой опке!
– Яхнасидан опке. Томоқ қақраб кетди!..
Чойхўр мингта, дастёр битта. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шом яқинлашди дегунча оёқлар зирқирайди. Издиҳом сийраклашганда нафас ростлайман деган хаёл… ҳа, ҳали ҳордиқ чиқариш қаёқда, дам олиш ҳақидаги хаёлдан сармаст бўлиб турганимда чойхоначи амакининг “Ҳа, бўлақол”и авжига чиқади.
Кунига камида юзта, айрим кунлар эса икки юзтагача чойнак ва пиёлани кул билан обдон ишқалаб ювиб тўнкариб қўйишим керак. Кейин худонинг берган куни чойхўрлардан ортган-қолган бир қоп бурда-сурда нонни орқалаб “Қайдасан, Самарқанд Дарвоза”, дея йўлга тушаман. Чойхоначи устоз – Фармон шоирнинг ҳовлиси ўша томонда…
Чойхонамизга тунда-шундалардан бири – чойхонага қўшни уйда яшовчи, отаси раҳматли бўлиб кетган Ғулом чўлоқнинг маишат деса ўзини томдан ташлайдиган ўғли Саидваққос.
Тирик жон борки, нафси бор. Илло нафсда ҳам меъёр бўлиши керак-да, шундай эмасми? Саидваққос ҳазратим эса қиттак-қиттак кўринса, бу ёруғ дунёни унутадиган хилидан. Шу ўй-хаёлда чойхонани иккинчи уй қилиб олди. Онаси бизнинг остонага келиб, арзандасини чақиргани-чақирган:
– Саидваққос! Кеч бўлиб кетдию жувонмарг, уйга қачон кирасан?
Нариги сўрида мудраб ўтирган Саидваққос кўзини ишқалаб:
– Ойи! Кеч бўлган бўлса, ҳа, соат бир бўлгандир, икки бўлгандир, – деб жавоб берди. Оппоқойим соддалигига бориб:
– Ҳа, ўқимаган, бир-иккини бойлаб қўйибдими санга? Ўн дегин, ўн бир дегин! – дея зарда қилади.
Қараса, онаси бўш келмаётир, уйга, ўттизларни қоралаб қолган арзандаси онаси олдига чайқалиб тушиб боради.
Ўғлининг афти-ангоридан ичганини сезган она койишни давом эттиради:
– Яна ичдингми, бетавфиқ?
– Ойи! – дейди дўриллаб болажон.
– Нима ойи, дард ойи, бало ойи!
– Намунча, ойи? Ҳа, ичган бўлсам, юз грамм-икки юз грамм ичгандурман, – дейишига бўш келмаган онаизор бор кучини йиғиб:
– Юз, икки юз грамм ичиб нима қиласан? Ичсанг, атиги бир кило ич. Икки кило ич!
Онаси барибир ҳеч вақони тушунмаган Саидваққосни жавраб-жавраб олдига солиб олиб кетади.

III БОБДАН

Китобга ўч бўлдим. Мактаб кутубхонасидан тўртталаб, бешталаб китоб ташидим. Рус адабиётидан дуч келганини ўқийвердим. Кутубхоначи иштаҳамни кўриб, жилмайди. “Вот молодец. Хороший мальчик!” – деди. Сўнг энсаси қотадиган бўлди. Китоб беравериб чарчади, чоғи.
Барини ўқиб битирдим. Пушкиннинг “Шоҳ Салтан”, Чеховнинг “Каштанка”си, Толстойни “Холстомер”ини ҳам бош кўтармай ўқидим. Баъзиларини ўқиб таъсирландим, ўпкам тўлиб, йиғладим.
Кутубхоначи Алия опа китоб бермай қўйди. “Син Каллахоналикдан ташқари тиги малайларни ҳам грамотаси чиқсин”, – деди.
Бахтимга бозордан чиқаверишда, Каллахонага кираверишда, илгари қулоқ бўлган бойнинг уйида қироатхона очилди.
Болалар кутубхонаси иккинчи уйимга айланди. Қўлимдан ёзув-чизув, расм чизиш келгани боис, кутубхоначининг дастёрига айландим-қўйдим. Менга ишониб муҳим вазифаларни топширишди. Каллахоналик китобхон болалар адашиб кетишмасин, деб ҳар бир китоб жавонига “Русская литература”, “Зарубежная литература”, “Узбекская литература”, “Фантастика”, “Поэзия”, “Отдел фолианта”, “Прочая литература” каби сўзларни чиройли, нақшинкор, рангли ҳарфларни соялик қилиб ёзиб бердим.
Кутубхоначи Ёқут опа бамисли ёқут топиб олгандек мени бироз жаҳлдор Арофат опа деган бошлиққа рўпара қилиб мақтади. Эриб кетдим. Менинг расмларимдан, ёзувларимдан кутубхона деворларида соғ жой қолмади, ҳисоб. Меҳнатимни ҳурмат қилиб, ичкарига, ҳеч ким қўйилмайдиган фолиант нашрлар бўлимига кириб туришга ҳам рухсат беришди.
Бу масканга қаноат қилмай, назаримни бозор ичидаги “Октябрь” (Турон) кутубхонасига қаратдим. Чунки барча рус ва чет эл адиблари асарларини шу ердан топиш мумкин эди. Менга худо берди: роса кўп китобларни ўқиб туширдим, Жек Лондон, Майн Рид, Эрнест Хемингуэй асарларининг мағзини чақдим. Ҳатто ХIХ аср рус адабиёти қаҳрамонларига тақлид ҳам қила бошладим.
Тез кунларда кутубхонанинг “Полк ўғли”га айландим. У ерда ишлайдиган яхудий опалар мени ўғилларидек кўра бошлашди. Тасвирий санъатга оид альбом, каталог ва журналлар кўп эди ул даргоҳда. Рухсат бор. Китоб хазинасига кириб, нарвонларга чиқиб, рассомлар ҳақидаги ҳали босмахона бўёғининг ҳиди кетмаган альбомларни варақлаб завқ оламан. Янги китоблар ҳиди маст қилади. Режалар тузаман.

* * *

Ижодий фаолиятимга пойдевор Островскийда қўйилган. “Островский” – бу Лабзак кўчасида жойлашган пионер ва ўқувчилар саройининг номи.
Рассомчилик тўгарагига бўлган ихлосим шу қадар катта эдики, кичкина этикчаларимни кийиб олиб, қишин-ёзин, дўл ёғса ҳам, тош ёғса ҳам саройга қатнайман. Саройга ета-етгунча Лабзак кўчаси бўйлаб еттита баланд тепаликни босиб ўтишим керак. Мен учун булар тепалик эмас, тоғ. Ортда қолган тоғларни санаб бораман. Йўлнинг адоғи йўқ. Баъзида бахтимга қўша отли “Абдуқашқа” арава ўтиб қолади. Аравага тармашаман. Аравакашни хипчини етмайди менга, етса ҳам арава тагига осилиб беркиниб оламан. Бу маҳоратим, келажакда, трамвай ва троллейбусларда осилиб, қуён бўлиб юришларимда роса асқотди.
Йўл паст-баланд, бора боргунча Лабзаксой гоҳ шаршарадек қуйилиб, гоҳ сокин жилвираб, гоҳ жўшиб оқади. Орамизда пойга бошланади, сой мендан ўзаман дейди, мен сойдан.
Олтинчи тоғдан сўнг еттинчи – сўнгги тоғ орқасидан мен севган сарой дарбозаси кўринади. Манзилни кўриб юрагим ўйнайди. Оёқни қўлга олиб чопаман, жонли одамни – онажонимни соғингандек соғинаман. Тезроқ етиб боргим, дарбозадан ўзимни ичкарига ургим келади.
ИЗО тўгарак аъзосиман. “ИЗО” – бу “тасвирий санъат” дегани. Мактабимизда осилган эълонни ўқиб қўшним Раззоқ билан биринчи бор ушбу даргоҳга қадам ранжида қилганмиз.
Раззоқ Манноповнинг отаси “Городежда”нинг директори. Маннопдан ташқари оилада яна ака-ука, опа-сингиллардан тўққизтаси бор. Уларни Гуручариқда дала ҳовлилари бўлиб, ҳар шанба-якшанба кунлари, ўнта бола, отаси бошчилигида шаҳар чеккасига равона бўлишади.
Раззоқнинг адаси Шопур аканинг кайфияти яхши бўлганда мен ҳам ўн биринчи бола қилиб машинага чиқаман. Қўштутда ҳаммамиз биттадан музқаймоқлик бўламиз.
Баъзида музқаймоқни охиригача ялаб-юлқаш менга насиб этмайди, ярим-ёрти бўлмай Раззоқ олиб қўяди. Дўстим ҳисоб-китобга, олди-бердига жуда пухта. “Маражний адамни пулига келган”, дейди. Шу хавотирда Ачаободга етгунча музқаймоқни гум қиламан…
Тўгаракка қатнашимни эшитиб дўстимнинг онаси Хатира опоқи бебошроқ арзандасини менга қўшиб ижод этиб келишга жўнатадиган бўлди.
Машғулотда чизиш учун янги натюрморт қўйилган. Натюрморт қаҳрамонлари – қандайдир қуш тулупи, олма ва энг қизиғи, оддий товуқ тухумига ўн баробар келадиган, гипсдан ясалган катта оппоқ тухум.
Тўгарак аъзоларига давлат томонидан бир варақдан қоғоз, бўёқ, чўтка берилади.
Чизишни қўрқмасдан рангда, сув бўёқни оқизиб-оқизиб бошладим.
Қуш учиб кетишга тайёрдай жонли, олма еб қўйишга тайёр дум-думалоқ чиқди, “дода” тухумни ўхшатиш меҳнат талаб қилди, тер тўкишга тўғри келди. Тухум оқ эмасми, ўхшатиш қийин, рангни нозик, бўёқни суюқ, сояни қуюқ бердим. Бинойи чиқди.
Раззоқ менга эргашди, бироқ у тухумни ўхшатолмади – қовун туширди. Нозик ранглар ўрнига жигарранг ва қора рангларни аямади, жундор қоп-қора кир тухум чиқди.
Домламиз Роза Хафизовна Сафина барчанинг расмларини кўриб маслаҳат бериб, бизга яқинлаша бошлади.
Раззоқга чизган тухумига ишора этиб: “Ўласан!” дедим, вазиятнинг қалтислигини тушунган қўшнимизнинг арзандаси, отни қамчилаб: “Ёзилиб келсам майлими?” деб қўл кўтарди. Домла янги бола бир балони бошлаб қўймасин дея ўша заҳоти рухсат берди.
Раззоқ мингга қўйиб, қуённи ростлади, Каллахона томон ошиқди. Рассомлик фаолиятига якун ясалди.
Тўгаракда қиши билан қумғон, обдаста, палак, чойшаб, дўппи, гипсдан ҳар хил разеткалар ва қушлар тулупларидан натюрмортлар чиздик. Расмда ушбу буюмлар “материальний” чиқсин, яъни, қумғон мисдан ишлангани, разетка буюмларнинг гипсданлиги билинсин, қушларнинг патлари парпираб момиқдек чиқсин, гипс оқ бўлганлиги сабаб соялари нозик чиқмоғи керак деди. “Хўп” дедик.
Ёз ва куз ойларида қовун, тарвуз, ҳандалак, узум, олма, шафтоли, нок, олхўри, гилос ва қовоқларни натюрморт қилиб чизамиз.
Бир куни ҳўл мевалардан чиройли палакнинг фонида натюрморт чиза бошладик. Натюмортни бирваракайига чизиб тугатиш мушкул иш. Вазифани адо этишни эртанги кунга қолдирдик. Эртасига қўлларни ишқалаб илҳом билан хонамизга кириб келдиг-у, ҳайкал бўлиб қотдик. Расм чизишга мўлжалланган мольбертлар (дастгоҳлар) кўчага олиб чиқиб ташланган, наюрмортдан эса асар ҳам йўқ.
Бу аҳволни кўрган устозимиз гангиб қолди. Кейин “қидирув” ва “тергов” ишлари бошланди. Фаррош Озода хола кўрсатмалар берди. Масала ойдинлашди.
Биз кетгандан сўнг янги тайинланган фаррош опа хонамизга ўз ишини бажаришга кириб, биз чизиб тугатмаган натюмортни, болаларим менга илинибди, дея паққос туширибди. Қолган меваларни увол бўлмасин дея, халтага солиб олиб кетибти.
Темир жиҳозларга (мольберт) келсак, саройга янги тайинланган (собиқ полковник) директор бул лаш-луш, темир-терсакларнинг дастгоҳ эканлигини англамай, ташқарига олиб чиқиб ташлашга буйруқ берган экан.

* * *

Ёз кунлари тўгаракка бормайман. Эски шаҳардаги чакана ишларда бандман. Умуман, дам олиш куни йўқ. Бизнинг Эски шаҳарда дам олиш яхши фазилат ҳисобланмайди.
Сентябрни кутаман. Лабзак кўчасини, ўқувчилар саройи дарвозасига зиналардан кўтарилиб кириб боришни, этюдлар чизадиганим сарой паркини қумсайман.
Ишдан қайтсам онам хат узатиб, “ўқи”, деди. Ўқидим. Ифодали ўқидим, таржима қилиб ўқидим.
Во-ей, ўртоқлар-ей, кўзимга ишонмадим, кайта-қайта ўқидим. Республика кўрик танловида мукофот олибман. Машинкада ёзилган чиройли хатда болалар ижодиёти декадасида “Она Ватан” асарим учун биринчи даражалик диплом ва мукофот билан тақдирланибман. Хатни тагида бир эмас, уч одамнинг имзоси бор, бироз хирароқ урилган тамғаси ҳам бор.
“Қандай мукофот?” дерсиз. Ғолиб бўлганим шарофати билан мени бир гуруҳ менга ўхшаган омади келганлар билан узоқларга олиб кетишармиш, самолётда олиб кетишармиш, бир ойга!
Кавказортига, Қора денгизга, Сухуми, Батуми, Сочи, Новороссийск, Керчь, Ялтага борар эканмиз. Ҳатто “Артек” деб бутун дунёга ном чиқарган болалар лагерига ҳам ташриф буюрар эканмиз.
Ах-ей, Ах-ей! Мана энди каминани менсимай кабобчи, ўракаш, чойхоначи, энг алам қиладигани “Алишер новвой” деб мазах қиладиган Раҳим-Патакка ҳам, бойвачча Раззоққа ҳам, Қосим-Шақилдоқнинг ўғли Шокир-Шанғига ҳам алам қилсин! Бир кўриб қўйишсин!
Самолётда Ватан узра учишимни, Қора денгизда кемада сузишимни, Артек тоғларида Аю-тоғ, Ай-Петри чўққиларига чиқишимни тасаввур қилдим.
Саёҳатда чизган расмларим билан қайтгач, “Свердлоп”да шахсий кўргазма қиламан, асарларим олдида камтарона туриб бераман. Синфимиздаги Шарифа деган қиз кўриб қўйсин. “Вой, бу ўзимизни Алишерми?” деб, оғзини очиб қолсин, “ҳай-ҳай, зўр-ку!” – десин.
Кавказ тоғларида драма тўгарагидаги артист қизлар билан қувлашиб юрсак, энг чиройли артист қизнинг рўмолими, шарфими шамолдан учса, бамисли ҳинд фильмлари “Сангам”, “Садоқат” қаҳрамонларига ўхшаб мен уларни тутиб олсам! Сўнг… Денгизга калла ташлаб, қўрқмасдан узоқларга сузиб кетсам… Сузиб кетатуриб орқага қарасам, узоқда қирғоқда бир қатор қалдирғочдек қизлар хавотирда, баъзилари кўзида ёш билан туришса…
Гуруҳдаги артист ва раққоса қизларга раҳмим келди. Орқага бурилиб сузишга аҳд қилдим. Қулочни катта отдим.
Ҳа, сузишни биламан-да! Ким бўлмаса холамникига, Тешикқопқага борганда Кайковуз сувида нақ Тахтапулдан Қумлоққача бир неча кўприк тагидан оқиб ўтиб, сузиб келган? Мен-да!
Ана, уйга ҳам қайтяпман. Самолётдан кузатаман, ана “Тошкент” деган ёзув, аэропортда карнай-сурнай садолари янграяпти. Тумонат одам!.. Бутун мактабимиз, бутун Каллахона, ана бор-э, бутун Эски Шаҳар мени кутиб олишга чиққан, ўртада онам, кўзларида қувонч, соғинч ёшлари, қўлларида даста гул билан турибди.
Хуллас, таъсирландим, ғурурландим.
Бир оз ўзимга қараб олай дедим.
Қўлим билан пионер боғичимни тўғрилаб қўяй десам, бўйнимда галстук йўқ. И-и-и, галстуксиз “Артек”ка бориб бўладими? Кўзим очилгандай бўлди. Осмондай ерга тап этиб тушдим.
Рўпарамда онам ҳовлимизда қўлларида чўлтоқ супурги, менга ғалати қараб турибди. Тез ҳушимни йиғдим. Ҳали ҳовуримдан тушолмай мулойимлик билан: “Ойи, хатга нима дейсиз?” – дедим. Онам қисқа қилиб: “Бор, ишингни қил!” деб қўя қолди.
Онам айтган бир оғиз жумланинг остида “Сенга ким қўйибди, болам?” деган ўксикларга тўла маъно ётганини кейин билдим. Пешона шўр экан. Кўргилик экан. Саёҳатга менинг ўрнимга танловда иккинчи ўринни олган Валера Дергачёвни жўнатишди. Валеранинг ижоди, бўлажак истиқболи матбуотда зўр ёритилди. “Ленин учқуни”, “Пионер Востока” газеталари, “Гулхан”, “Ғунча” журналлари ва ҳатто “Қизил Ўзбекистон”да ҳам “аюҳаннос” солишди. Валерага “Оқ йўл” тилашди, “Ой бориб, омон қайт” дейишди.
Мен эса… менинг борар-келар жойим эски шаҳар бозори билан Каллахонадан нарига чиқмади, турли касбларни эгаллаб юравердим.

* * *

Портрет чизишни Шопайзи амакидан бошладим. Нега энди келиб-келиб айнан Шопайзи амакининг қиёфасидан?
Маълумки, менга ўхшаган ёш рассомлар қарияларни чизишни хуш кўришади, чунки уларни юзларида маъно, мусаввирлар тили билан айтганда, ,шакл ўйини бор, харитани эслатувчи чизгилар кўп, ўнқир-чўнқирлар бисёр бўлиб, расмни эгасига ўхшатиш осон кечади.
Ёш одамнинг нимасини чизасиз? На соқол бор, на мўйлов, бет сип-силлиқ, кўсага ўхшаса. “Майсаранинг иши” спектаклидаги Ҳидоятхонга ўхшаганларнинг пичоққа илинадиган нимаси бор?
Чизсанг обрўли, ёши катта одамларни чизмоқ керак.
Шопайзи амакининг нуроний қиёфаси ижод ришталаримни қўзғатди. Амакининг эски чопони ўрнига бухороча зар чопон кийғизсангиз борми, нақ Алишер Навоийнинг ўзгинаси.
Ул зот менга деярли устоз.
Маҳаллада ўтадиган анжуманларда катта ошпаз Мўмин акадан сўнг кичик 30-40 килолик, ошларни дамлайди, ёнларида ўзим ўчоқ қазийман, ўт ёқаман, дуо оламан. Устоз-шогирд ҳазиллашиб ҳам турамиз.
Қосим-Шақилдоқ уйидаги маъракада ошнинг ер ўчоғини ўз қўлим билан қазидим. Ушбу юмушни маҳалла йигитлари ичидан устоз фақат менга топширади, гавдага қараб бўлса керак-да…
Устознинг ёмон одати бор. Ўчоқ кавлашни бир бошлаб тугатмагунимча нафас олдирмайди, тепамда энгашиб оёқларини кериб олиб “Ҳа! Ҳа!” деб тураверади. Ўша куни мен, шўр пешона, тўхтамай иккита ўчоқ қазишимга тўғри келди. Сабаби, биринчи ер ўчоқни тугатиш арафасида икки-уч кетмон қолган тупроқни сидириб чиқариб ташлаётсам, кетмон бир нарсага тақ этиб урилди. Юқорида кузатиб турган устоз тақиллаган водопровод қувури эканлигини билиб:
– Алишер полвон, бу ўрани ташлаб бошқа ердан қазинг, ҳа, айланайин полвонимдан! – дея тоза энсамни қотирди.
Қазимай қўйгим келди. Бироқ ориятим йўл қўймади. Қовоғимнинг пешайвони тушиб кетди.
Бунинг устига иккинчи ўчоқни қўйлар боғланган оғилхона ёнидан қазиб қўйибман. Устоз ёғни доғ олдириб гўштни ташлагунича оғилхона меҳмонлари – қўй жониворлар бири олиб-бири қўйиб маърайверишди. Маъраганда ҳам оғилхона тахта деворига чакакларини қўйиб олиб бўзлашди.
Чолнинг асабига тегишди чоғи, устоз менга қараб жиддий оҳангда: “Алишер, жониворларга у-бу нарса ташлаб қўй, зора тинчиса”, – дейишларини пойлаб тургандек, ул бефаҳмларга ўра қазиган белкурагимни олиб отдим.
Ўша кезларда ҳукумат тўй-маъракаларни қисқартириш борасида фармон чиқарди. Амалий ишлар олиб борилиб, кўп ошпазлар, ўртакашлар, бир қайнови ичида чой дамловчи самоварчилар, отарчи ҳофизлар, карнай-сурнайчилар ва ҳатто тўйларга чорловчи ҳангилар ишсиз қолди. Хадрадаги чойхонанинг олдида ҳақ деб тўй томоша бошлаганларни пойлаб ўтирувчи карнай-сурнайчилар кўпайгандан-кўпайди. Илгари карнай-сурнайчиларнинг борлигини белгилаб, дарахт танасига биттагина доира осиларди, энди барча шохларга доира осилди, дарахт шўрлик кўзга узоқдан доира дарахти бўлиб кўринади.
Устига-устак “гадонинг душмани гадо бўлади”, деганларидек, Шофайзи устозни ҳам Худо урди – Каллахонанинг ёмонлари ош пишираётган қозонларига бир парча димиққан думба ёғ ташлаб, қўпчиликнинг ошини бузишди ва устоз ошпазликдан қўл силтаб, иморат устачилигига юз тутди.
Катта ош дамламаганларидек, Шопайзи-уста ушбу соҳада ҳам ҳаваскорона чакана-чукана юмушларни бажариб юрарди.
Каллахонадаги кичик шаҳар ҳовлимизда бир туп олма дарахти, бир туп узум ва бир пол кўкатлар ўсади. Бошқа ўсимликларга жой йўқ. Ҳовли ҳам мўъжазгина, дастрўмолдек келади. Сув қувури ҳам йўқ. Бутун Каллахонадан ҳовлима-ҳовли ўтиб келадиган ариқлар кўмилиб кетган. Зарурати қолмагач, ҳамманинг ҳовлисида бўлган ҳовузчалар ҳам ўз-ўзидан кўмилиб йўқ бўлди.
Сув бўлмагандан кейин ҳовлининг шўрхоки чиқиб, жазирамада бечора ўсимликлар зўрға жон сақлайди.
Ҳовлидаги аҳволни кузатган онам ғайрат қилиб кўчадан водопровод олиб кирди. Йўлак қўшнилар пойлаб тургандек қувурлаб ўзларига учирма қилиб олишди. Сўнг “устозингни чақир, заказ бор, узумга сўри керак”, – деди.
Амаки билан ишни бошладим, устознинг ҳаракатларини астойдил кузатдим. Устачилик касбидан сабоқ ола бошладим, ўргандим. Устозга мих узатиб турдим, у эса ҳар мих қоқишдан олдин тешани бир ёққа қўйиб олиб, қўл очиб узундан-узоқ дуо қилади, сўнг бисмилло деб, тешанинг орқаси билан михга ура бошлайди.
Ҳар урилган уч михдан иккитаси эсон-омон қийшаяди, мих бояқиш Г ҳарфига, баъзида Л ҳарфига ўхшаб қолади, омбир керак бўлади. Узатаман. Қийшайган михни чопиб бориб йўлакдаги харсанг тошда тўғрилаб келаман.
Иш қизигандан-қизиди. Қош қорайганини ҳам сезмай қолибмиз. Устоз мўъжазгина сўричанинг тепа қисмига чиқиб олиб рейка ташлайди. Ўнг ва сўл томонларидан аста секин қотира бошлайди. Зеҳн ила устозни кузатаман. Эътибор ила кузатаман.
Бир маҳал устози-азим менга ожизона қараб: “Алишер, афандининг ишини қилиб қўйибмиз-ку”, –деди, қафасга тушган ўғри мушукдай аланглаб.
Разм солсам, кеч кириб қолиб чарчаганлариданми, сўрини орасидан белларигача юқорига кўтарилган ҳолда, икки ёнларидан ингичка тахтача қоқиб, ўзини ҳибсга олиб ўртада қолиб кетибди устози азим.
– Омбирни олиб чиқиб, мени қамоқдан қутқазинг, полвон, – деди.
Бу – кечга бориб, устозни менга ишониб топширган биринчи мустақил вазифаси эди.

* * *

Манзара чизишга қизиқишимга XIX асрнинг катта рассомларидан Саврасов сабаб бўлди. Таниқли ижодкорнинг ҳаёти бир текисда ўтавермаган экан. Китобда ўқиганим бор: гарчи бу рассом ичкилик оқибатида забун бўлиб, ушбу гўзал дунёни тарк этган бўлса-да, унинг “Дала йўли”, “Қарғалар келди” асарлари менга хуш ёқади.
Унга тақлид қилдим, нусха кўчирдим, завқландим. Бўёқлар ёрдамида шу рассомдек табиатда бор нозик ҳолатларни айнан “живой” кўрсатишга ҳаракат қилдим.
Каллахонанинг бариси шаҳар ҳовли эмасми, кенгроқ манзара қидириб, нарвон қўйиб, томга чиқдим. Ғир-ғир шабада. Енгил тортдим. Чуқур-чуқур нафас олдим. Томга чиқсангиз бир ҳид бор – юракни ўйнатади, руҳиятни кўтаради, ажиб бир ҳолатга кириб борасиз. Томсувоқдан чиқар эди ўша ис.
Томга чиқиб расм чизишни одат қилдим. Ўз томимдан манзара чизиб бўлиб, ўзга томларга ўтдим, лекин эгилиб, пусиб ўтдим. Қўшни ҳовлиларга назар солгим келди, аммо қаролмадим – уят-да, аёл бор, қиз бор дегандек. Бундан ташқари, аларнинг отаси, акасидан қўрқдим. Эски шаҳар аҳли чапани халқ. Улар билан ҳазиллашиб бўлмайди.
Ижод қурмагур нозик нарса-да, эркинликни талаб қилади, лекин ишни қонун расамади билан олиб бормасангиз нақ халқнинг назаридан қоласиз-да.
Томда туриб узоқларни кузатдим, чиздим. Каллахона масжиди орқасига қип-қизил оловдек бўлиб ботаётган қуёшни чиздим. Эгилиб олиб томдан ўсиб чиққан лолақизғалдоқни осилиб турган ғунчалари билан чиздим. Чап қўл Каллахона томонда Ишқивот маҳалласи орқасида савлат тўкиб турган Кўкалдош мадрасасини чиздим, Хўжа Аҳрор масжидини чиздим.

* * *

Табиат манзараларидан этюдлар чизишга ўзим қатнайдиган ўқучилар саройининг парки қўл келди. Шийпонга жойлашволиб, бозордаги устозлар ўргатгандек “бисмилло” деб оппоқ қоғозга бўёқ чаплаштира бошладим. Қўл келиб қолган эмасми, боғни туманли ҳолатини боплаб тасвирлай бошладим.
Табиатга ўйчан қарадим, кўзимни қисиб қарадим, орқага-олдинга бориб-келиб қарадим.
Ҳали суви қуримаган асаримни тўгарак раҳбаримиз Роза Сафинага кўрсатиб, мақтовни пойладим.
Берилган баҳо кутганимдан ҳам зиёда бўлди-ёв. Домла қимматли фикрларини аниқ ва қисқа ифодалади:
– Малайим, син хакинда художиствинний училише скучат ита! – деди.
Қаноат ҳосил қилдим. Мени кутиб турган даргоҳга боргим келиб, синовларга тайёрлана бошладим.

* * *

Ёмғир шивалаяпти. Мактаб ҳовлисидаги шийпончадан ердаги кўлмакларни, уларнинг биқир-биқирлаб қайнашини кузатиб турибман. Орқамдан расм ўқитувчимиз Раиса Мечеславовна келиб:
– Хўш, рассом бола, нима қилаяпсан? – деса, рассомлигимдан ғурурланиб:
– Эх, была-бы сейчас бумага с красками, написал бы я эти лужи, как в картине, у Саврасова “Проселок!” – деб юбордим.
Жавобимдан устоз тўлқинланиб кетди, оналарча меҳр билан пешонамдан ўпди.

* * *

Айни саратон кунлари кўлда чўмилишни қайси бола ёқтирмайди.
Онам Каромат опанинг уйида тарбия масалалари жиддий қўйилгани боис Бешёғочдаги ўша машҳур кўлга бориб чўмилишга ҳар доим ҳам рухсат берилавермайди.
Ундай жойларга боришга рухсат сўрашни ўзи бизнинг хонадонда беъманилик. Агар рухсат сўралганда ҳам қисқагина: “Бор юмушингни қил!” деган жавоб олинади.
Керак бўлганидан сўнг ижозат сўрашнинг минг хил усулини ўйлаб топаман. Рухсат олиш илинжида уй ишларига киришиб кетаман. Дастрўмолдай ҳовли бўлгани билан лой ишлари, дурадгорлик, турли хил таъмир юмушлари етарлидан ортиқ.
Ишлар боплаб бажарилади.
Ахир кун бўйи қилинган меҳнатдан сўнг чўмилиш керакми?
Афсуски, ҳовлимизда душ, мўрча йўқ, ювиниш, тараниш дегандек, инсон ўзига қараши керак. Ювиниб-тараниш баҳонасида ҳаммомга рухсат олиб равона бўламан.
Эски шаҳарда учта ҳаммом бор – иккитаси эскидан қолган еттита-саккизта гумбазликлари. Бири Чорсудагиси, иккинчиси бозор ўрталиғида, Махсидўзликда жойлашган, учинчиси — замонавий ҳаммом, у узоқда, Себзор даҳасида жойлашган. Биринчиларининг гумбази кўп, катта ҳаммом бўлгани билан ичи тор, гумбаз остидаги совуқ хонадан насиб этиб қолса ҳаммомга тегишли тешик тоғорасини қўлтиқлаб бора-бора иссиқ хоналарга кириб бораверасиз.
Охирги гумбазли хона энг иссиғи, нафас олиб бўлмайди. Бу ерда амакилар, нимагадир, баданларини фақат қизитишади, шу боис ҳаммомхўрлар бир-бирларига иссиқдан ола-кула қизарган кўзларини лўқ этиб беъмани назар билан ўтиришаверади. Баъзилари иссиқдан қочишга йўл тополмагандек эгилган бошларини кафтлари орасига олиб қайсидир рус рассомининг “Странник в пустыне” асари қаҳрамонини эслатиб ўтираверишади.
Менга кўпроқ ёққан ҳаммом – бу замонавий ҳаммом, Себзор даҳасида жойлашган. У ерда “киринг битта, киринг битта!” кам айтилади, кунингиз навбатда ўтади, лекин шунисига чидасангиз битта катта ёруғ зали бор ва энг муҳими, бутун маҳалла болаларини тортадиган оҳанграбоси бор – икки дона души. Душга навбатда турган яланғочланганлар худди армияга олинаётган бўлажак аскарлардек кутиб туришади.
Менга ҳаммомга боришга бир шарт билан рухсат берилади. Қўлимда бир бўлак кир совунни ёки Фарғонада чиқадиган атир совунни майда катакли оқ сочиққа ўралган ҳолда қўлтиғимга қистириб кетишим шарт.
Албатта уйдагиларга Чорсудаги эски ҳаммомга кетяпман, узоқ қолиб кетаман, навбат кўп, дейман, ўзим эса тўппа-тўғри Чорсудан 1-тромбойга ўлтираман. Қарабсизки, камина Чақар орқали Бешёғочга келиб турибди-да!
Аввал уйдан чиқаман. Йўлак тугаб “катта” кўчамиз – Қизил тутга бурилишим билан Ҳури Пошшонинг қийшайган уйи келади.
Ҳар гал қўлтиғимдаги совунни шу уйнинг лойсувоқ томига улоқтираман. Чунки кўлда совундан фойдаланиш маън этилган. Ахир у ер маданий ҳордиқ чиқазадиган маскан-да!
Агар Пошшонинг томидан совун деган матоҳ ўсиб чиқадиган бўлганда эди, каминанинг ул ерда экиб кетган совун бўлакларидан икки хил ўрмон ўсиб чиққан бўлур эди. Бири атир ўрмони, иккинчиси қора – кир совун ўрмони.
Бозордаги мўрчага бормаслигимнинг сабаби – биринчидан жуда ҳаммом иссиқ, иккинчидан, навбат катта, ҳар ярим соатда ҳаммом ходимининг “Келинг битта!” деган наърасини пойлайвериб кунингиз ўтади, учинчидан ҳаммом бўйича қулоғи тешилмаган бутун тоғора анқонинг уруғидан камёб. Энг қизиғи, номигагина осиб қўйилган, жуҳудларнинг артелида яратилган омонат қулфни четга суриб жавончадан жомакор кийимнинг тинч турмай “қуён” бўлиш одати ҳам йўқ эмас.
Бешёғоч кўлида эса яхши, баданга совун сурмайсан, сув муздаккина, қулочни катта очиб эски шаҳарчасига тапиллатиб-тапиллатиб сузасан. “Оҳ-ей, воҳ-ей” деб сузасан. “Оромижон” деб сузасан.
Бешёғочдан нон заводининг бир тарафи кўл томонга чиққанлиги сабаб у ердаги савобхўр ишчи ўрис опалар чўмилавериб кўкариб кетган биздайларга синган ойна дарчаларидан иссиқ нон улашишади. Бўлка нонни дарча тешигидан бўлак-бўлак қилиб узатишиб, қиқир-қиқир кулишади. Бўлка ноннинг исини, мазалигини айтмайсизми? Биз болаларнинг назаримизда Чорсунинг ширмойи ҳам, Бешқайрағочнинг ёпган нони ҳам, Чиғатойнинг патири ҳам “серий буханка” билан беллашолмайди.
Биз ноғора қоққан қорнимизни тинчлантирамиз, қўлдан келганча опаларни дуо қиламиз, “испасиба”ни аямаймиз.

VI БОБДАН

Чорсу бозори – эски шаҳарнинг юраги, унинг қоқ ўртасида, Эски Жўва ва Чорсу оралиғида жойлашган. Худди чуқурликдаги патнисни эслатади.
Бозор атрофидан унга Чақичмон, Сағбон, Қорасарой, Себзор, Махсидўзлик, Уйғур, Лабзак, Қизил тут, Самарқанд дарвоза кўчалари оқиб келади, бозорда одамлар чумолидек, ўрамани ташкил қилгандек, қатнашади.
Бозорнинг талайгина номлари бор – Октабрь бозори, Паст бозор, Картошка бозор, Кўк бозор, Чорсу бозори, Эски жўва бозори.
Менга қолса “Паст бозор” дейман. “Паст бозорга тушиб чиқ”, “Пастга тушиб чиқ”, “Пастдан нон олиб чиқ” дейиш осон-да!
Бозоримиз Каллахонанин кунчиқар томонида жойлашган, бизнинг маҳалламизга девор-дармиён қўшни. Ундан тонг қоронғусидан то шом қоронғусигача шанғиллаган овоз эшитилади.
Мўйсафид бозоримиздан яхлит, мумтоз мусиқа эшитиладигандек. Ушбу шовқин баҳайбат ҳайвоннинг уф тортиб хириллашини эслатади. Азонда ўрнингдан бисмилло деб турсанг ҳам, худога шукур дея ётаётганингда ҳам шу аҳвол. Саҳнада ўрисларнинг машшоқлари қатор-қатор ўтириб чаладиган симфонияга ўхшайди. Мусиқанинг кўлами кенг туюлса ҳам, ҳеч вақони тушунмайсан.
Бизга бу беъмани шовқин халақит бермайди, аксинча, хуш ёқади.
Каллахонани ҳам тинч жой деб бўлмайди. Маҳалламизнинг дастрўмолдек келадиган ҳовличаларида ҳаёт қайнайди. Бу ернинг ҳаёти бозор билан чамбарчас боғланган – нонвойлар, қассоблар, сомсачилар, кабобчилар, сандиқчи-бешикчилар, ҳаммоллар, от арава, эшак арава эгалари тирикчилик билан банд.
Ёнимиздаги бойнинг уйида жойлашган “обшежит”да эса татарлар, ўрислар, жухудлар истиқомат қилишади. Барчаси ўзбек тилида, эски шаҳарчасига сувдек гаплашишади.
Уйғур биродарлар ҳам талайгина. Катталарнинг гапи бўйича улар Хитойдан келиб, тўппа-тўғри бизнинг бозор атрофи маҳаллаларига жойлашиб олиб ўзларини ҳунарлари бўлмиш лағмончи, сомсачи, мантипазликда устаси фаранг бўлишган экан.
Қаюм охун, Турди охунларнинг қатламали, қовурға гўштли, пармуда сомса ва хонимларини татиб кўрган хўрандалар ошхоналарнинг арзонгина йигирма тийинлик сомсасини емай қўйди. Бозорнинг қаерига борманг, уларнинг: “Манти ва!”, “Сомса ва!”, “Хоним ва!” деган ҳайқириқлари эшитиладиган бўлди.
Шовқин-сурони билан бозор маҳалла ичига кириб кетгандек. Паст гувала деворлар ортида панжани панжага уриб савдолашишлар, қассобларнинг маъратиб қўй сўйишлари, бир ёқда Чақичмон масжиди, яна бир ёқда Каллахона ва Маҳкама масжидларидан азон товушлари, машҳур ҳофизларнинг машқлари, севишганларнинг “ўлдим-куйдим”лари, чақалоқларнинг чинқириб туғилишлари, муросага келолмаган эр-хотиннинг жанжаллари, болохонадор сўкишлар жаранглаб эшитилади.
Каллахона ва бозор гўёки бир жойда яшайдиган Ҳасан-Ҳусан мўйсафидлар. Қўлни чўзсанг бозор ичидасан. Барча нарса қўл остимизда. Харажатни қилиб олиб ҳаммол, эшак аравани ёллаш ҳам шарт эмас. Тромбой, толлейбусга осилишнинг ҳам ҳожати эмас. Таксичи билан кира нархини савдолашиб кунингиз ҳам ўтмайди.
Овқат тайёрлаётган онамга бир боғ кўк пиёз керак бўлса, қўшни хонадан олиб чиқиб бергандек, бозордан бир дақиқа ичида ҳозир қиламан.
Бундай дастёрчиликдан эринмайман, оёғим чаққон. Ҳар қандай матоҳнинг бозорда қаерда жойлашганини ёдлаб олганман. Кўзимни юмиб ҳам топиб бера оламан.
Пешонасига қийиқча боғлаб, яктак кийиб олган бўлса ҳам, олибсотарни деҳқондан ажратиб оламан. Савдолашишга келсак сотувчининг тинкасини қуритиб бўлса ҳам матоҳни арзонга харид қиламан. Бозорда сувга тушган балиқдек эркин ҳаракат қиламан.

* * *

Мен учун бозор ўйингоҳ, у ерда зерикмайсан. Бола бўлиб бирорта ўйинчоқ ўйнамаганман, бирорта уч ғилдиракли бўлса ҳам велосипед ҳайдамаганман. Бозордан ортмаганман.
Бутун дунё ўз муаммолари билан, бою-камбағали, ўғрию-тўғри, яхшию-ёмони билан шу ерда қўноқ топишган.
Бозор сайрига маҳалладан, қулочимни ёйиб самолёт бўлиб чопиб учиб тушишдан бошлайман. Чопқиллаб тушмасликнинг иложи йўқ. Йўл қиялик, қиялик бўлганда ҳам қишин-ёзин маҳаллага от, эшак араваларнинг эгалари араваларни чоптириб чиқишга мажбур. Неча отлар майиб бўлиб, аравалар ишдан чиққан.

* * *

Бозор сайрини, маҳалладаги устоз акаларим ўргатганларидек, бисмилло дея ўнг қўлдан бошлайман.
Беш-олти ёш бўлганимда, шу ерларда, бозор чегарасидаги катта йўлда, Сағбон кўчасидан кириб келаётган беш-олти туялик карвонни кўрганим бор. Карвон бозор марказида жойлашган карвон саройга кириб кетган.
Ўнг қўлда Каллахона билан туташиб кетган Ишқивот маҳалласи жойлашган. У ерда мен билан мактабда бирга ўқийдиган дўстим Баҳром Дадамуҳамедов яшайди. Баҳром менга қадрдон дўст, у билан бозорда кунимизнинг ярмиси ўтади.
Отаси эски шофёрлардан. Эски шаҳарда бир одат бор. Қиз бор жойга совчилар келса, бўлажак куёвнинг касби аравакаш бўлса – шофёр, ошпаз бўлса – шеф повар, темир йўлда проводник бўлса – вагрес бошлиғи, яъни вагон ресторан бошлиғи, деб таърифлашади. Шунинг учун бўлса керак, Баҳромнинг отаси икки бор уйланишга улгурган.
Ишқивот маҳалласининг довруғини Тошкентга ёйган – маҳалла қўмитасининг раиси Махсум отанинг оиласи. Махсум ота – машҳур инсон, иккита ўғилларидан бири рентгенолог – академик, иккинчиси олим – профессор.
Ёши саксондан ошган бўлса ҳам ота ўртача бўйли, соқол-мўйлаби йўқ, оқ-сариқдан келган ҳаракатчан киши. Махсум ота эскичадан, янгичадан хабардор.
Кези келганда маҳалладаги худойи, ақиқаларда имом, қорилар билан дину диёнатдан баҳслашиб ғолиб чиққан. Илҳомлари келганда кўпини ер тишлатган. Янгичага келсак, замонавий ёзувда бир оз камчиликлари йўқ эмас. Бир вақт менга қандайдир справка ёзиб бературиб фамилиямни Мирзаюп, таваллуд кунимни эса 21 нчи марит деб ёзган.
Сўнгги йилларда Каллахона ва Ишқивотга ташқаридан келиб қўноқ топган уйғур ошпазлар, майда савдогарлар, олибсотарлар жойлашиб олишгани боис, маҳалланинг асл зиёлилари янги ҳовлилар қилиб кўчиб кетишган. Махсум отанинг икки машҳур ўғли бизда ибрат билан тилга олинади.

* * *

Ишқивот билан бозор оралиғида Маҳкама масжиди жойлашган. Бу ер файзли жой. Файзлилиги биринчидан – масжид Ишқивот маҳалласининг бурчагида савлат билан бозорга қараган. Масжид тагидан Ишқивотга қиялик кўча кўтарилади. Тошкентнинг ушбу қадимий кўчасини номи ҳурмат ила Переяславская деб қайта номланган. Масжид рўпарасида машҳур булоқ оқиб чиқади. Булоқ атрофи мусулмон ғиштлар билан ҳовузча қилиб ўралган. Сувда аксингиз кўринади. Ҳовузча тубига зиёратчилар тангалар ташлашган.
Тўгаракдаги домлам Роза Ҳафизовнанинг ибораси бўйича масжиднинг пештоқи, чиройли мезанаси катта тут дарахти остида жуда “живописний” кўринишга эга.
Бир вақтлар Ленинграддан келган ўрис рассомлар ушбу манзарани чизаётганини кузатиб рассом бўлгим келган, мойбўёқларни чаплаштириб матони қоплагим келган, атрофдаги мўйсафидларнинг “ҳай, ҳай”ларини, “бинои, бинои” дейишларини, “ўзимизнинг Каллахоналик бола-ку” дейишларини эшитгим келган.
Мен ҳам кўп маротаба шу кўринишни акварель ва қаламда чиздим, Свердлоп концерт залини даҳлизларида кўргазма бўлди. Мукофот беришди. Диплом беришди.
Намоз ўқиш учун масжидга атроф маҳаллалардан обрўли, тақводор, бозордан завмаг, бойвачча амакилар ташриф буюришади.
Масжид биқинида бешикчи, тароқчи, тунукачиларнинг дўконлари бор. Барвақт, намоздан олдин намозга келган амакилар ушбу дўкон эгалари билан бир пиёла чой устида ундан-бундан суҳбат қуришади.
Айниқса, қўшнимиз Жўрабой чархчи амакини атрофи гавжум. Томоша бор-да, томоша!
Жўравой амаки супачанинг устига чордона қуриб олиб, олдида гир айланадиган чархда пичоқ чархлайди. Пичоқ эгаси (албатта эркак киши бўлади) уста рўпарасида оёқларини кериб ўлтириб, икки чарм камар арқон ёрдамида қўлларини олдинма-кейин ҳаракатлантириб чархни чирпирак қилиб айлантиради.
Пичоқ билан чархнинг орасидан шиғиллаган овоз билан учқунлар чиқади. Мен учун ана шуниси томошанинг қаймоғи.
Қўшнимизни хуш кўрмайман. Дум-думалоқ хиралашган кўзойнаклари остида, бароқ қошлари билан қўшилиб, кўзлари тешиб юборай деб ўқраяди.
У жаҳлдор. Урушда қатнашмаган бўлса ҳам қўлларида иккита бармоқи йўқ. Қай аҳволда улардан айрилган, билмайман.
Жўрабой амакини ёқтирмаслигимга сабаблар бор. Бири, хотинлари бўлмиш Умри аммани мунтазам “Гўрингга ғишт қўяй!” дея тор ҳовлиларида қувлаб, етти маҳаллага эшитарли қилиб болохонадор сўкиши. Иккинчиси бир пайтлар уйидаги ҳужрадан кўзада оқ ёғ йўқолгани баҳона лўли фолбинни чақиртиргани ва “ҳақиқатпарастнинг” ўғрини кўрсатиб берувчи қандайдир асбоби ўзларининг уйи томонга бурилганда, ўша асбобнинг кўрсаткичини калта бармоқлари билан бизнинг ҳовли томонга суриб, қуруқ туҳмат билан ойижонимни қон-қон йиғлатгани.
Маҳкама масжид бузиларкан, деган гап тарқалди. Ҳукумат айтганмиш. Қариялар қўл жуфтлаб бу балои-азимни қайтаришни худодан сўрашди. Бўлмади.
Юқоридан буйруқ бўлибди, эскилик “сарқити” экан бу масжид. Ул даргоҳга асосан қариялар кириб-чиқиб тургандан сўнг қарилик эскилик бўлса керак-да.
Бузиш бошланди. Лекин бу номақбул юмушда маҳаллий аҳоли қатнашмади. Шунда четдан келган мардикорлар ишга солинди. Биринчи куниёқ мачитни бузаётган шўринг қурғурларнинг бир нечтаси майиб бўлди. Шунда пиёниста ишчилар ишга солинди. Шиша билан ҳисоб-китобни эшитган ғайри динлар масжидни бир амаллаб қулатишди.
Масжид ўрнида қуп-қуруқ қутини эслатадиган дорихона барпо этмлди. Номини “Саккизинчи” деб қўйишди.
Собиқ масжид ўрнининг файзи кетди. Ҳунармандлар кўчиб кетишди, жумлаи мўмин кўринмай қўйди, рассомлар расм чизмай қўйишди, азон айтилмай қўйди.

* * *

Чорсу томондан бозорга қараб, икки томони эскича қурилган иморатлар жойлашган. Чап қатор дўконлар ўртасида, шифти ярим думалоқ, туйнук орқали пастга тушадиган зина бўлиб, тўппа тўғри “Дом деҳқонга” олиб тушади.
“Дом деҳқон” – боғ бўлиб унда лўлиларни жамоаларидан ва хуфёна соққа тепадиган қиморбозлардан бошқа инсонлар кўринишмайди.
Бир пайтлар сиёсат йўлида “ҳашар” қилиниб, халқ “ёғилиб”, шу савил боғни барпо этганмиш. Бозорга узоқлардан келган мусофир деҳқонлар шул даргоҳда тунашганмиш, сайиллар ва сайловлар ўтганмишми-ей…
“Дом деҳқон”лигини кейинроқ билдим. Ёшу қари бу ерни “Дўндиқон” деб аташади. Дўндиқон пастқам сой бўйида жойлашган. Сойнинг қийшиқ “Пулсирот” кўприги ҳам бор. Бу пастқам, нообод ерни кўпинча четлаб ўтаман.
Юқорини хуш кўраман. Юқоридан узоқ-узоқлар кўринади, юқоридан расм чизсанг яхши, юқори баҳаво бўлади.
Бозор кўчасининг ўнг томонида, дўконлар ортида менга катта тоғ бўлиб кўринадиган баландлик бор. Ушбу тоғнинг тепасида . Эски шаҳарнинг кўрки бўлиб Хўжи Аҳрор масжиди ва Кўкалдош мадрасаси савлат тўкиб туради. Хожи Ахрорнинг гумбази баландроқ жойлашган. Кўкалдош эса ялтираган орқа пештоқи ва ҳовлисидаги бир-иккита дарахти билан пастроқ кўринади.
Каллахонанинг лойли томларидан неча маротаба ушбу ажабтовур манзарани чизавериб бу ерлар менга ёд бўлиб кетган.

* * *

Мени ана шу чўққига чорлайдиган яна бир жой бор – бу шундоққина Хўжа Аҳрор масжиди тагидаги қовун бозори. Тўгарагимиз раҳбари Роза Хафизовнанинг ибораси бўйича бу жуда “живописний, бик яхши жой”.
Қовун-тарвузларнинг ранг-баранг уюмлари, деҳқонларнинг олачалпоқ чопонлари илҳомни қитиқлайди, ижодга чорлайди.
Бу ажойиб манзарани хаёлдан чиза оламан, натурадан чизолмайман. Сабаби расм чизадиган уч оёқли дастгоҳим йўқ, фақат қоғоз-қаламда, тиззамга фанер бўлагини қўйиб чизаман. Туриб чизганга нима етсин. Туриб чизсанг, қовун бозор кафтингда жойлашгандек бамисли палак бўлиб кўринади.
Қовун бозор ижодимни илҳомлантириш билан бирга нафсимни ҳам қондиради. Каллахоналик мол-ҳоли бор болалар бу ерда пўчоқ йиғишади. Пўчоқ йиғишдан осон иш йўқ, бир парча клеёнка дастурхон билан қийшиқ пичоқ бўлса бас.
Чидолмай нафси жўш урган амакижонлар йигитларнинг дастурхон пичоқларини ижарага олиб, бозорнинг ўзида қовун-тарвузни сўйишади, “Оҳ-оҳ”лашади, “Вой-во-ей, мунча асал” дейишади. “Яратганга шукур” дейишади. Деҳқон бувани эслашмайди ҳам. Полиз экинлари билан ошқозонлари тўлгандан сўнг тарвуз-қовундан бизга ҳам улашишади. Ижара ҳақи – амакиларнинг базмидан қолган тарвуз-қовун пўчоғи ва бир-икки тилим билан сийлашгани.
Қовун бозорни хўп айланаман, ҳар бир қовун-тарвуз уюмидан сўнг янги, илҳомни қўзғатувчи қўриниш, домламизнинг иборалари бўйича “мотив” туғилади.
Бу ерда сандироқлайвериб полиз неъматларинг босволди, кўкча, обиноввот, мирзачўл, бўрикалла, қирқма, қизил уруғ, қора тарвуз, қўзибой турларини бир-биридан ажратиб олишни ўргандим, уларни пўстидан, шаклидан ажратаман, қайси бири пишиб етилган, қайси бири думбул, сапча, бир қарашда биламан.
Савдолашишга келсак, менга тенг келадиган кўча боласи йўқ. Савдолашавериб, деҳқоннинг қўлини силтайвериб, бор-баракалла деявериб, миришкор бобо деҳқоннинг тинкасини қуритаман, Тошкентнинг эски шаҳарига қовун олиб келганидан пушаймон бўлиб, сира хурсанд бўлмай қолади.
Қовун бозорни рангли бўёқларда тасвирлаб юбордим-ов. “Алишер бойвачча, қовун бозор билан боғлиқ озорларингиздан сўз очинг”, — дейдиган одам йўқ.
Уф, эслагим келмайди, ҳали ҳам қулоқларим шолғом бўлиб лўқиллаётгандек туюлади.
Ҳаммасига қовун бозорининг ўртасида, ердан топиб олинган ўн сўм пул сабаб бўлди. Букланиб ётган пул кўзимга чўғ бўлиб кўринди. Бир оз томоша қилиб қолдим ва тезда қирқинчи патинкам билан, биров кўриб қолмасин дея босиб олдим. Сўнг орқа-олдимга қарамай ушбу ганжни ердан олиб чўнтакка урдим-у, бозорни тез тарк этишга шошилдим.
Нақ ўн сўм пул-а! Бир сўм, икки сўм бўлса ҳам бундай ҳаяжонланмас эдим.
Пул эгаси, мелиса Бурунбой ва Семизбойлар билан мени таъқиб этишаётгандек тоғдан қушдек учиб тушиб ғир-р этиб уям бўлмиш Каллахонага кириб кетдим. Каллахонага киришдан олдин Ишқивот ва Сассиқ ҳовуз жин кўчаларидан мени таъқиб қилаётганларни чалғитиб, адаштириб ортда қолдиргандек бўлдим.
Уйга кириб биқиниб олдим, бойиб кетганимга ишонмай червонни томоша қила бошлайман. Пулда бизга “ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш” деб қимматли маслаҳатларини берган доҳий қараб турибти. Рухсоридан менинг бойиб кетганимдан хурсандми ёинки хафами, сезилмайди.
Пул қоғозга меҳр ила қарадим, узоқ тикилдим, тепамда таажжубдан оғиз очиб турган Гулнафис опамни сезмай қолибман.
– Пулни қаердан олдинг? – дея мулойимлик билан сўз очди.
Кулиб турганларига жавобан тўғрисини айта қолдим, содда бўлмай ўлай.
– Ҳай-ҳай, катта пул, – деди.
– Қуллуқ! – дедим мамнунлик билан.
Опам бисотимга шерик бўлмади, капиталимни туя қилмади, секин чиқиб кетди. Топилмамнинг гаштини сура бошладим.
Ўн сўм пулга нима олса бўлади? Кийим олсаммикан? Уст-бош кийим олиб, куёвлардек Каллахонага кириб келсам, йўғ-е. Кийимим, худога шукур, бор, ўзим қирқиб найча поча қилиб олган тринка шимим, олди нақшли жужун кўйлагим, бошимда соябонли аэродром – ўрисча шапкам, оёғимда футбол тўгарагидан қолиб кетган, менга не балоларни ҳадя этган 39-размерли кетам ҳам бор.
Арқонни узоққа ташлагим келди. “Тўхта, Алишер, ўйла Алишер”, – дедим. “Ке, рассом бўлмоқчи экансан, этюдник ол, Навоий театри ортидаги дўкондан мой бўёқ, чўтка ол. Қолганига эса бир нечта картон олиб, менга ушбу бойликни тортиқ этган қовун бозорининг суратини чизиб қўй”, – дедим.
Тузган режамдан мамнун тиржайганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Мени қутлаган опажоним, мулойимлик билан, кўзда айёрона қараш ила онаизорим йўқлаётганликларини айтиб, мени ширин ижодий хаёллардан уйғотди.
Бир балони сезгандек бўлдим. Назаримда қўлимдаги олтин маъбудадан айрилиб қоладигандек бўлдим, чунки онам қўшни опоқойилардек болалари билан мулойим айланиб, ўргилиб муомала қилмасликларини билардим.
Тарихдан ўқиганим бор – “спартан тарбия” дейди буни. Онам ана ўша спартанча – сиқиб сувини оқизадиган тарбия тарафдори. Ади-бади айтишиш маросими бўлиб ўтмади. Ҳеч қанақа ҳаяжон ва ифодасиз бойликни орттирганим ҳақида сўрадилар.
– Қовун бозоридан, – дедим.
Астма касаллигига учраганига қарамай, онам секин ўрнидан турдилар. Пойгакда калишларини оёқларига илиб, мени олдига чорладир. Ҳеч нимани тушунмай бордим.
Чап қулоғимдан маҳкам ушлади.
“Вой дод!” Қулоғим “Спартак” стадионидаги кураш тўгараги полвонларининг қулоқларига ўхшаб, қирсиллаб чиройли шаклини йўқота бошлади. Ана шу аҳволда йўлагимиздан чиқиб кўчага бошлади.
Олдин, қулоғимни ловуллатиб Каллахонадан бозорга тушдик, ўнгга бурилиб бозор оралаб қовун бозор жойлашган тоққа яқинлашдик.
Қулоғим ҳамон исканжада. Мени судраб онаизорим ҳансираб тепага чиқа бошлади.
Йўлимизда жойлашган тароқчилар, бешикчилар, заргарлар дўконларига қиё боқмай тепадаги манзилга етиб олдик. Йўлни босиб ўтиш осон кечмади. Онам ҳансираб қолди, ранги ўчди.
Онамга пулни топиб олган жойимни кўрсатдим.
– Пулни қўй жойига! – деди.
Онамнинг амри бажарилди. Шундан сўнг қисқагина:
– Ердан бировнинг нарсасини ола кўрма! – деб шолғомга айланган қулоғимни қўйиб юборди.

* * *

Қовун бозоридан ҳафсалам пир бўлди. Катта бозоримизнинг бошқа ерларини гуллатгим келиб, ўртадаги нон бозорини танладим. Нон бозор гир айлана доира шаклида. Ўзиям Чорсу бозорининг қоқ марказида!
Минг хил нон сотилади – оддий ёпган нондан тортиб, ширмою-патир, қашқарча лўппи, седанали ширмондан тортиб пиёзли, жиззали нонгача. Лочирадан тортиб гиждагача бор бу айлана бозорда.
Нон бозор атрофида ўрисча нон дўкони ҳам бор. Пештоқида “Хлеб” деган сўз зикр этилган. Бу ерда турли буханкалар, булкалар, булочкалар тахлаб ташланган. Дўконнинг орқа эшик томонида биқинига “хлеб” дея ёзилган машиналарининг кети узилмайди.
Эски шаҳар аҳли бу дўконга яқинлашмайди. Чунки миллий нонларни хуш кўради, қизариб, кўмирда пиширилган тандир нонни, таги сингиб пиширилган нонни, тандирда етилган юзи кулиб турадиган нонни хуш кўради.
Ўрисча нон дўконни савдо планини тўлдиришга. Келес, Кўктерак, Сариоғочдан келган қозоқлар қоплаб олиб ҳисса қўшишади. Ўзигаям, молигаям етарли қилиб олишади. Нонни сифатига қарашмайди, печкада пишганми, тандирдами, индамасдан қопларга тахлашгани-тахлашган, жойлашгани-жойлашган.
Ушбу дўконга ҳам қуллуқ қилган кунларим бўлди.
50-йилларнинг иккинчи ярми, Хрушчев даври эди. Ун топиш қийин кечди. Каллахона нонвойларига қоплаб ун ташийдиган от арава ва ҳаммолларга иш қолмай, тирикчиликлари касод бўлди. Араваларнинг ўқлари осмону фалакка қараб тарвақайлаб қолди. Айлана нон бозор ҳам ҳувиллаб қолди.
Барча ўзини ўша “Хлеб” магазинига урди. Аҳоли хамири оғир, гижда нонларни сотиб ола бошлади. Мағзи пишмаган хом нондан жиғилдон, зарда қайнайди. Лекин инсон чидар экан, инсон сабрли экан.
Онам касал. Гижда нон емай қўйди. Оқ нон анқонинг уруғи. Фақат эрта тонг “Хлеб”да бир оз вақт оқ булочкалар сотилади. Ким зўр бўлса ўшандан олади. Қолганига – тошдек оғир гижда.
Чети кўк ҳошияли дастурхонимизни қўлтиқлаб, сахарда “Хлеб” дўконида навбатга учинчи бўлиб қўшилдим. Совуқда тўрт соат ер тепиниб турдим. Ноумид шайтон.
Соат саккизда дўконнинг дарчалари очилди. Навбатда турган, турмаганлар ҳаракатга кириб, тўполон бошланди. “Ит эгасини танимай қолди”.
Бир маҳал қарасам, ширин хаёллар билан учинчи бўлиб турган Алишержон навбат деган бевафо қурилманинг ўттиз-ўттиз бешинчиси бўлиб қолибди.
Беш тийинлик оқ булочкалар савдоси бошланди. Қарасам, қуруқ қоладиганман.
“Ҳаракат қил, Алишер, отни қамчила, Алишер!” дедим. Тенгқур болалардан бир калла катта эмасманми, “Ё, Али!” дея икки бақувват тирсагим билан навбатда турганларни чапга, ўнга суриб ташлаб дарча томон ошиқдим.
Прилапка устига дастурхонимни ёзиб пулни узатишимни биламан, дув этиб ўттизта оқ булочкалар ёғилди. Дастурхонни тўрт чаккасини ғижимлаб кўтариб нончаларни эсон-омон оломон ичидан олиб чиқдим.
Шу кун онамни оқ нон билан сийладим. Қўл очиб дуо қилди.

* * *

Гўшт бозори юқорида – Чақичмонда. Бозор марказидаги тошқин сув у ерга етиб боролмайди.
Ёмғир шивалайдими, жала қуядими гўшт бозорида савдо авжида.
Ҳар бир қассобнинг қўлида кўзи ожизларнинг кутубхоналаридан ундириб олинган, пайпаслаб ўқиш учун махсус майда тешикчалари очилган қалин қоғозга ўралган гўшт. Хоҳлаган ҳажмдаги – бир киломи, икки, икки ярим киломи, ҳатто ярим килолик гўштларни, қўлида бўлмаса, қўлтиғидан, керак бўлса оёғи орасидаги латта сумкадан ҳозиру-нозир қилиб беришади.
Гўштнинг таърифига эса гап йўқ. Бу бозорда қўлда боқилган, албатта, ҳалол сўйилган, исталавойнинг чиқиндиси билан боқилмаган, далама-дала сандироқламаган жониворларнинг гўшти бўлади.
Гўшт харид қилувчи қандай гўшт олаётганини билиши керак. Қўйнинг олд оёғи билан сони гўштини фарқламайдиганлар кўп. Учар амакилар – Ғофир қассоб, Раҳмон қассоб, Шодмон қассоблар уларни бир зумда калака қилиб чўнтакларини пуч ёнғоққа тўлдириб юборадилар. Ул зотлар қанчадан-қанча одамларни гипноз қилиб сеҳрлаб қўйганларига гувоҳ бўлганман. Сеҳрлашдан мурод битта – гўштнинг остига амакиларнинг муштидек келадиган мол суякларини кўмма қилиб, уриб юбориш.
Лекин мендекларни алдай олишмайди. Гўштнинг фарқига бораман. Масалан, сарпанжа – қўйнинг олд оёғи қисми, қоғозга бир, бир ярим кило қилиб ўралади. Миён қовурға нимтанинг энг ширин жойи, жониворнинг биқин қисми, шунинг учун ярим ва бир кило қилиб ўралади. Чойхонанинг шодигул палови учун тўқли ва ошиқлик сон олингани маъқул. Ушбу гўштдор – лаққа қисмлари икки, икки ярим кило қилиб ўралади.
Каллахона бойваччалари сонли гўштга қўшиб тўшни пешноб қилиб олишади. Пешноб – бу тўшни бўйин гўшти билан шилиб олингани, шунинг учун тўрт, тўрт ярим, беш кило, баъзида олти кило тошни босади. Қўйнинг салобатига қараб, албатта.
Эски ёки қари молнинг гўшти бир оз қорайган, кўримсиз бўлади. Ёш молнинг гўшти қизил рангга тортган бўлади. Жайдари қўй уйда боқилган, думбаси катта бўлади. Баъзида оппоқ думба ёғда қизил тангачалар шаклида доғлар кўзга ташланади. Бу бармоқ излари, думбанинг вазнини билиш пайтида, қассобларнинг икки қўллаб кўтариб кўришганлиги оқибати.
Ҳисори қўйни гўшти қиммат юради. Мазаси жайдари қўй гўштидан ширин. Гўштнинг энг арзони – малиш думли оқ қўй гўшти. Аслида бундай қўйлар жун олиш учун боқилади, гўшти ширин бўлмайди.
Умуман, қўлда сотиладиган гўшт ҳар жиҳатдан сифатли – янги сўйилган жониворнинг гўшти бўлади. Гўшт дўконларидаги гўштлар заҳирадан, аниқроғи уруш заҳираларидан келтирилган, яхлаган бўлиб, уларнинг гўштларни мазаси йўқ. Ошпаз қанчалик моҳир бўлмасин, бу гўштлардан мазалик таом тайёрлай олмайди.
Айниқса, Австралиядан келтирилган кафанли қўйларнинг гўшти бемаза. Кафанли гўштлар “обшепит” ресторани, ошхоналарига тарқатилади. Шунинг учун бўлса керак ресторан ўрнига хўранда Жардаги уйғур Холисхон опанинг лағмон, кабобларини маъқул кўради. Қийшиқ Жар кўчасида чўккалаб олиб бўлса ҳам, мазали таомдан баҳраманд бўлади.
Сотувчи амакилар баъзида сирли қилиб, чет тилда савдолашишади. Мактабда инглиз тилига ҳушим бўлмаса ҳам, қассоб даллоларнинг лаҳжасини ўзлаштирганман.
Савдо устида “Капа Носир” сўзи айтилса, нархнинг устига 200 сўм қўшилган бўлади. “Пиёз Кам” дейишса, икки юз сўм камига розиман дегани. “Сари Ками” юз сўм кам дегани. “Панжоб” дегани атиги 50 сўм дегани. Бу лаҳжа асосан даллолларга тааллуқли бўлиб, гўшт бозордан кўра кўпроқ мол бозорда, гўшт бозорга келтирилувчиган нимта гўштлар ҳали тўрт оёқлаб чопқиллаб юрган жонивор шаклида бўлганида зикр этилади.
Гўшт бозорнинг ҳам тили бор: эчки бозор тилида Макарон ёки Абдукарим дейилади. Қўй гўштлари ҳам турлича: қора қўчқорнинг гўшти, қоракўл қўй гўшти, малиш думли қўй гўшти, солих гўшт, жайдари қўй гўшти.
Гўшт бозорда қорамол, қўй, эчки, от гўштларидан ташқари декабр, ноябрлардан бошлаб қуён, курка гўштлари ҳам сотилади. Калла-поча сотувчи опоқиларга ачинаман. Ёмғир тагида бўке-е-еб ўтиришади. Бошларига ўраб олишган момиқ рўмоллари ёмғир тагида сотувга қўйилган терининг юнгидан фарқи йўқ.
Қаторлаштириб қўйилган қўй каллалари ғалати тиржайиб қарайди. Барчасининг тили тишланган. Ерда ичаклар нақшинкор гажак қилиб тортилган. Қўй туёқчалари бир қатор чиройлик тахланган. Туёқчаларнинг юқорисига қарамасангиз афсонавий тулпорлар туёқларини эслатади.
Ушбу матохлардан ташқари бу ерда қорин-чарви, буйрак, ўпка, калла поча каби қўйнинг “запчаст”лари ҳам сотилади. Қўй ва мол гўштларини чиройли чопиб, қалин қоғозларга ўраб, кўзлари ола-кула ёш йигитчалар сотишади.
Мелисаларни облавасидан, таъқибидан қочишга сотувчиларни оёқлари чаққон бўлмоғи керак. Юрагини ҳовучлаган сотувчи бечоралар Каллахона томонга тумтарақай бўлишади. Чунки Каллахонада яширинадиган жин кўча ва йўлаклар бисёр. Хонадонга Каллахона томондаги эшикдан кириб, қўшни Ишқивот маҳалласидан чиқиб кетиш мумкин.
Баъзан облавачи мелисалар шўринг қургур қассобларга етиб олиш хавфи пайдо бўлса, охирги имкониятни ишга солишади шоввозлар. Яъни, қоғозга ўралган гўштни зўр бериб, бирин-кетин Хури пошшо, Ҳожинисо хола хонадони томига ёки бизларнинг томларимизга улоқтиришади.
Облава тугагач, нарвон қўйиб, сомон сувоқли лой томимиздан лахим гўштларни териб олиб, терлаб, ҳаллослаган эгаларига қайтараман. Мукофотга ярим кило бўлса ҳам гўштни миннатдор бўлиб раво кўришмайди. Гўшт сотувчилар савдолашавериб ҳар мисқол гўшт устида пишиб, қурумсоқ бўлиб кетишган-да. Мендек ёш болани мукофотлашардими?
Яна “Томга чиқиб қара, битта-яримта гўшт қолиб кетмабдими” дейишига ўласизми. “Ҳа, гўшт қолиб кетса, униб чиқиб кўринар эди-ку”, – дейман уларнинг жиғига тегиб.
Мирободдан катта бувим келган кунлари уйимизда гўшт қолмаганди. Онам ҳолвайтар пиширди. Бувим норози оҳангда:
– Мен ўлганмидим, онанг ҳолвайтар пиширади. Ордона қолсин! – дейди.
Бувимга ҳайронман. Уруш даврини ўз кўзлари билан кўрган, ейишга нон, сотиб олишга ҳемириям бўлмаган-ку. Энди… ҳолвайтар еса ебди-да!
Ўша куни ташқарида облава бўлаётган эканми, бир маҳал том оша ҳовлига бир неча бўлак гўшт тап-тап этиб тушди. Ўралган қоғозлари осмонда ипи узилган варраклар бўлиб томга қўнишди. Онам ошхонада қозондаги ҳолвайтарнинг қирмочини қириш билан овора. Бувим аввал чўчиб тушиб, “Ло иллоҳа”ни бир неча бор ўқиб ташлади. Сўнг ўзини ўнглаб олгач, онамни чақирди.
— Мана, Каромат, худойимнинг марҳамати, ғойибдан гўшт тушди, худойимдан ўргилай! — дея чапак чалиб қолди.
Асл аҳволни минг тушунтирмайлик, фойдаси бўлмади. Бувижоним ҳолвайтарни ялаб, “ғойибдан, ғойибдан” дейишдан тўхтамади.
Катта бола бўлиб қолганман. Еттинчи синфда ўқийман. Гўшт бозорда тирикчилигим ҳам бор, Худога шукур.
Оёғим чаққон, гавдам ёшимга нисбатан йирик эмасми, устоз қассоблар менга ўз молларини ишониб топширишади. Тошкент атрофидаги мол бозорлардан жониворларни қассобларнинг қўраларига, тўппа-тўғри “кунда” тепасига ҳайдаб келаман. Хафа қилишмайди.
Абай ёки Сариоғочдан ҳайдаб келинган битта қўйга ўн беш сўм, Кўк терак, Шўро бозордан бир оз камроқ – ўн сўм беришади. Чуқурсой ва Хастимом бозорларидан мол ҳайдаган кунларим ҳам кўп бўлган.
Бир қўлимда толдан синдириб олинган хивич, иккинчи қўлимда бир челак тухум. Тухумларни, мол бозорнинг четида, атрофлардан келган қозоқ шешелар “айланайин, айланайин ширағим”, дея сотишади. Донасига беш-ўн тийиндан сўрашади. Тухумларнинг кўриниши ачинарли. Бефаросат товуқлар дуч келган жойга тухум ташлаб кетаверганми, кири чиқиб ётади.
Ҳа, энди бозорда савдо қилгандан сўнг бир оз тадбиркор, бир оз чаққон бўлмоқ керак-да!
Тадбиркорлигим уйдаги ошхонамиздан бошланади, яширинча озроқ сирка олиб бир литр сувга қўшиб аралаштираман. Сўнг челак тўла тухум устига қуяман. Қарабсизки, тухумлар оппоқ-да!
Тирикчилик авжига чиқиб, гулдай яшнаб турган бир пайтда ишимга, ёмон кўз тегди.
Бозоримиздаги Бурунбой мелиса, Семизбой мелиса, юзи хунук Юсуф мелисаларнинг мендеклар билан иши йўқ. Илло Қодир мелиса ёмон чиқди. Ўша менга кўз тиккан экан. Мени қўлга туширган ўша киши. “Безформа” экан. Мени гапга солса лаққа тушиб ўтирибман. Алдаб-сулдаб, бозор четидаги мелиса бўлимини зиндонига жойлаштириб қўйди.
Савдогарсан, деган айблов қўйишди бўйнимга. Ёш экансан, атиги ўн беш сутка ётасан, дейишди. “Нурилла мелиса менинг ён қўшним” дедим. “Етимман” дедим, “Ойимни соғиндим” дея йиғлаб қўрқитдим. Бўлмади. Ҳийла-найрангим ўтмади.
Тақдирга тан бердим. Аммо воқеадан хабардор шерикларим бўш келишмабди.
Мол бозордан қўйларни ҳайдаб Чиғатойдан ўтардим. Гузардан ўтаётиб, учраган мўйсафид зотига саломимни канда қилмас эдим.
Муҳиддин ота деган ота бўларди. Мен билан қуюқ сўрашиб, елкамга қоқарди, “баракалла” дерди.
Отам йўқ эмасми, дўстларим ўша отага воқеани айтиб нажот кутишибти.
Отанинг мавқеи зўр, қўли анчагина узун экан, қамалган кунимни эртаси Муҳиддин ота мелисахонага келиб мени озод этди. Мелисалар отани ҳурмат қилишаркан, ота-болани икки букилиб кузатиб қўйишди.

* * *

Онам билан пакетчилик – халтачилик касбини ўзлаштирдик. Бунга Ниғматжон исмлик катта поччам сабабчи бўлдилар. У киши саксон тўртинчи заводда шофёр эмасми, арзонроқ қилиб бизга, сарғишдан келган, катта рулонда пакет қоғоз олиб келадиган бўлди. Онам билан қоғоздан пакет ясаб тикамиз, сўнг бозорга олиб чиқиб сотамиз.
Замон нотинч. Қоғозни уйга тушириб бўлмайди. Матоҳни чап қўл Каллахонада яшайдиган Акбар аканикига туширадиган бўлдик. Акбар ака эски бойнинг ўғли бўлгани боис, мустаҳкам уйи ва баҳайбат дарвозаси бор. Поччажонимнинг қоғоз ортилган юк машинаси бемалол ичкарига киролади. Акбар аканинг оналари Руқия хола онамнинг қадрдон дугонаси, тутинган опа-сингил улар. Холамлар ўғиллари билан ўзларини хавф-хатарга солиб бўлса ҳам савоб ишга қўл уришади, бизнинг матоҳимизни сақлаб беришади.
Серсавоб поччажон зудлик билан мошинани кетига тиралган икки тахта устидан қоғозни юмалатиб ичкарига туширадилар сўнг ўша заҳоти дарвоза тавақасини ёпишни ҳам насия айлаб, мошинага ўлтириб жуфтакни ростлаб қолади. Шу қочганча пулни ҳам олмайди, раҳматни ҳам хазм қилиб улгурмайди.
Почча – ғирт қуёнюрак. Чамамда бир вақтлар менга ўхшаб мелиса хонада тунаган бўлса керак.
Қўлимда ўткир пичоқ, ғилдирак-ўрам қоғозни ўртасидан қирқишга киришаман. Қирқилган қоғозларни ўн беш, йигирма килоли қилиб ўраб Акбар акани ертўласига олиб тушиб саржин тахлагандек териб чиқаман.
Сўнг бир ўрам қоғозни чойшабга ўраб ҳовлининг этагидаги ўнг қўл Каллахонага чиқадиган туйнук орқали чиқиб кетаман.
Онам қоғозларни ёйиб бичади. Халтачалар ҳар хил ҳажмда бўлмоғи керак. Каттаси – беш тийинлик, ўртанчаси уч тийин ва кичиги икки тийинлик бўлади. Бичилган қоғозларни буклаб четини тикиб чиқамиз.
Дўстларимга айтмайман, пакет тикиш менинг зиммамда. Ушбу юмуш аёлларники-да. Начора, тирикчилик-да. Гулнафис опам узатилганларидан сўнг бу фаолият менга мерос бўлиб қолди.
Аввалига ишим юришмади. Букланган қоғозларни икки томонидан Г ҳарфи шаклида тикиш ўрнига П шаклида тикибман. Қарасам, мен тиккан халталардан фойдаланиб бўлмайди. Тўрт томони ёпиқ.
Онам бечора антиқа пакетларни учинчи томонини қирқиб чиқди. Халтачалар муомаладаги стандартдан чиқиб кетгани учун кўтарасига беш тийинлиги – тўрт ярим тийин, уч тийинлиги – икки ярим тийин, икки тийинлиги эса бир ярим тийиндан сотилди.
Қоқилиб, қоқилиб “йигит кишига қирқ ҳунар оз” деганларидек, тез кунларда тикув ишларининг устаси фарангига айландим.
Алмисохдан қолган тикув машинамизга мотор ўрнатдик. Моторни ванғиллатиб ишлатдим, техникани жилови ўз қўлимда. Ишим юришиб кетди, ўзимизни халталардан ташқари бошқа пакетчи опаларнинг мушкулини осон қила бошладим. Чаққонлигим шу даражага етдики, кўзимни юмиб олиб ҳам элликтадан юзтагача халтачани бемалол тика оламан.
Отадан етим бўлсам ҳам қорним тўқ, эгним бут. Ҳа, айтгандай, бир оз каттароқ бўлганимда, ул мукофотни пулига уйланиб олармидим. Э, бор-ей, хаёлинг кўчаларига қурт тушсин!

* * *

Пакет савдосидан ортган пулларимга Келес автостанцияси яқинидаги УзГиз китоб дўконидан ақлимни пешлаш дардида нашрлар харид қила бошладим.
Мактабдаги кутубхона, маҳалламиздаги болалар кутубхонаси ва бозор ичидаги “Октябр” (Турон) кутубхоналаридаги менга ёққан китобларни битта қўймай ўқиб туширдим.
Назаримни УзГиз дўконига қаратдим. Китоб кошонасининг мудири Қори ака деган, тўладан келган кўк дўппили киши.
Дўконнинг чап томонида ўзбек адабиётига оид китоблар тахланган, ўнг томонида эса менга анча маълум бўлиб қолган рус адабиётидан классик намуналари. Ўзбек ёзувчиларидан Абдулла Қодирий, Миркарим Осим, Ҳамид Ғулом. Мирмуҳсин, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировларнинг асарларини мутолаа қилдим.
Рус адабиётидан баҳраманд бўлиб, китоб қаҳрамонлари Денис Давидов, Рахметов, Каштанканинг эгаси Лука Александров, мардикор Балда қиёфасидан чиқиб, хаёлан шарқ адабиёти қаҳрамонлари қиёфасига кирдим. Отабекка тақлид қилиб севиш, севилиш ҳақида ўй сурдим, сўнг Худойберди Тўхтабоевнинг қаҳрамони бўлмиш “Беш болали йигитча”га айланиб бир изтироб чексам, бир кулдим.
Чет эл ёзувчиларидан Майн Рид, Жек Лондон, Эрнест Хемингуейларнинг асарларини ўқиб туширдим. Айниқса, Жек Лондонни “Ҳаёт учун кураш” ҳикояси руҳиятимни остин-устун қилди. Қаҳрамонга ҳамдард бўлдим, ҳатто асарнинг авж кўринишини қора қаламда тасвирладим.
Хона ўртасида, йўл азобида, бармоқлари совуқ уриб кесилган, боши эгик хаёли паришон Жон. Олдида, харидорлар қайтариб берган, ўнта-ўнта қилиб кесилган тухумлар. Хонанинг иссиғидан, совуқ уриб, сўнг сасий бошлаган тухумлардан бадбўй ҳид кўтарилаётир. Боши берк кўчага кириб қолган инсон.
Раҳмим келди Жонга. Кўзимга ёш олдим. Ҳикоядаги ҳарорат суратга ўтган бўлиб кўринди кўзимга.
Асаримни “Гулхан” журналига жўнатдим. Жавоб хатида: “Асарингиз бизга маъқул, лекин бизга бахтли келажак образи керак. Қуйидаги мавзуларни қоралаб беришингизни хоҳлардик. Қримдаги Артек лагерида дам олаётган бахтли сафдошларингизни образи керак. Ёш қаҳрамон пионер Павлик Морозов образи. Шул вазифани бажарсангиз, бизни журналимизни зарварақлари сиздек қобилиятли ёш мусаввирга мунтазир” деган илиқ сўзлар билан битилган эди.
Қори аканинг УзГиз китоб дўконидан кўп фойда олдим. Гўёки дунё кездим. Америка ҳиндуларидан Ўткир кўзни танидим. Навоийнинг Мажнунини, Ойбекнинг Йўлчисини, Қодирийнинг Отабегини танидим. Пушкиннинг “Дубровский”, “Капитан қизи” асарларини ўқидим. Гарчи шоир бўлса ҳам Пушкин ушбу қиссаларни боплаб ёзгар. Мароқ ила ўқидим. Фақат “Капитан қизи”нинг бир жойига тушунмадим.
Асар қаҳрамонининг севгилиси айбсиз Гринёвнинг ёнини олиб, нажот сўраб Петербургга – саройгача боради. Малика билан учрашиб илтимосини ҳаяжон ила, аммо собит, вазмин оҳангда тушунтиради. Малика… ёрдам беради.
Шу вақтгача мактабда подшо, маликалар қораланиб, жоҳил, меҳрсиз инсон деб уқтириларди, бу асарда эса ёзувчи ижобий қаҳрамон сифатида тасвирлабди.
Жавоб излаб адабиёт ўқитувчимиз Лидия Степановнага мурожаат этдим. Ул зот қисқа қилиб “голову не морочь!” (“Бошимни қотирма!”) деди-қўйди.
Шундай қилиб, савол савил қолди.

21 mart — O‘zbekiston xalq rassomi Alisher Mirzo tavallud topgan kunning 75 yilligi

Yetti yilcha avval O‘zbekiston xalq rassomi, O‘zbekiston Badiiy Akademiyasi akademigi Alisher Mirzo ketma-ket nashr etilgan ikki kitobini: “Kallaxonalik yigitcha” va “Musavvir” nomli avtobiografik  romanlarini tuhfa qilganidan boshim osmonga yetgan edi. Zero, Alisher Mirzo yoshlikdan mehr qo‘ygan akam, 80-yillarda uzoq yillik suhbatxonamiz bo‘lmish Shuhrat Abdurashidov bilan birgalikda ishlagan ustaxonalarida ma’nan birodarlashgan insondir. Bugun iqtidorli musavvirning tug‘ilgan kuni “Kallaxonalik yigitcha”dan ayrim  boblarni mamnuniyat bilan taqdim etmoqdaman.

«Kallaxonalik yigitcha» romanida rassomning bolalik, o‘smirlik yillari, katta hayot falsafasi, ijodiy yo‘lida kechgan birda quvonchli, birda qayg‘uli, ba’zan esa o‘yga toldiradigan voqealar tasnifi badiiy mahorat bilan bayon etilgan.

Alisher MIRZO
KALLAXONALIK YIGITCHA
Avtobiografik roman-essedan parchalar
007

1428829126_image001.jpgO‘zbekiston xalq rassomi, , O‘zbekiston Badiiy Akademiyasi akademigi Alisher Mirzo (Mirzayev) 1948 yilda Toshkentda tug‘ilgan. Benkov nomidagi Rassomlik bilim yurtini, keyinchalik Surikov nomidagi Moskva Davlat badiiy institutini tamomlagan. Xorijiy mamlakatlarda bir nechta shaxsiy ko‘rgazmalari tashkil etilgan, tasviriy san’at muammolariga bag‘ishlangan qator xalqaro anjumanlar ishtirokchisi.

007

I BOBDAN

Birodarlar! O‘ziyam naq peshonasi yaltiragan yigitman-da. Bo‘lmasa ayni Navro‘z shodiyonasi kuni bu yorug‘ dunyoni boshimga ko‘tarib, yaqinlarning bir quvonchiga o‘n quvonch qo‘sharmidim! O‘zi dala hovlimizda ishkomlar oralab yurganu, qulog‘i uyimiz tomonga ding yurgan qiblagohimiz bo‘lmish To‘lagan afandiga Sodiq amakimning qizlari Karima opa “Suyunchi, o‘g‘il!” deb yugurarmidi?!
Tug‘ilishga tug‘ildimu menga ism qo‘yish og‘ir kechdi chog‘i. Quloq qilib olis Sibiriyaga badarg‘a qilingan qiblagohlari Mirzamuhammadboyning qismatidan tashvishda yurgan va qama-qamaning yangi “sezon”i boshlanib qolishidan xavotirda bo‘lgan otam To‘lagan Mirzayev kaminaning ismini Abdulla yoinki Saidvaqqos qo‘ysalar, mahalla “yozuvchilaridan” birortasi ana, xalq dushmani bo‘lmish falonchining ismini tanladi, deya gapni chuvalatishdan toymasligi ehtimoldan yiroq emasligini o‘ylab, bir necha antiqa ismlarni mo‘ljallab oladilar. Antiqa ismlar qanday bo‘ladi, dersiz? Bir chekkadan aytaman: Mels, Maxsim (Gorkiy), Oktabrjon va hatto Marks (Marks Mirzayev)… Bir xudo asragani shulki, qiblagog‘imizning ziyolitabiatligi, qolaversa jo‘mardligi zo‘r kelib, tavakkaliga Alisher degan ismni qo‘yadilar, vassalom! Buyog‘ini so‘rasangiz, ayni jahon muhorabasi kezlarida o‘tkazilmay qolgan Navoiy bobomizning tavalludiga bag‘ishlangan mo‘’tabar anjuman 1948 yilning fevralida tashkil etilgan, bir chekkasi, otamiz shul voqeadan ruh olgan bo‘lishlari anchayin haqiqatga yaqin. Zero, anjuman shukuhi tarqamay turib, ya’ni oradan bir oy o‘tar-o‘tmas – martning yigirma birida tavallud topgan o‘g‘ilchaga ushbu muborak ism ravo ko‘rilgan. Aytishlaricha, o‘sha yillardan boshlab ushbu ism xalq orasida rasm bo‘lgan. Shu boisdan katta xolamiz yashaydigan Chuvalachidagi to‘qsonlarni qoralab qolgan tatar o‘g‘loni Alisher abziyni hisobga olmaganda, o‘zimdan katta Alisherni uchratmaganman…

* * *

Voy, birodarlar-yey! Hali atak-chechak oyoq bosib ulgurmasimdan laqablik bo‘ldim. Do‘mboqqina qip-qizil bola bo‘lganim uchun meni Sholg‘om deya atay boshlashdi. Buning ajablanarli joyi yo‘q. Negaki, Kallaxonada istiqomat qiluvchi jumlai mo‘min borki, bari laqablik! Yon atrofimizda Qosim Shaqildoq, Shu-Shu domla, Payzi Chakay, Huri Poshsho, Qora Yaloq, Xolgarang, Rahim Patak, ulug‘lardan esa Orip O‘ris, Markis, Abdufattoh Rumiy, Chapayev va hokazo. Razm solinsa, laqabda o‘ziga yarasha hikmat yo‘q emas. Aksaran laqablar uzukka ko‘z qo‘ygandek “ega”sining shaxsiyatiga, fe’liga chunonam yarashib tushadi. Deylik, Qosim Shaqildoq qotmadan kelgan kishi, shang‘illashidan quloq qomatga keladi. Uning “Paxtakor”ning ashaddiy muxlisi ekanligini aytmaysizmi? Futbol o‘yini chog‘idagi stadionni boshiga ko‘tarib baqirishlari o‘z yo‘liga, illo u o‘yindan keyingi kunlar ham hech kimni holi-joniga qo‘ymay, mahallani boshiga ko‘tarib futboldan vaysagani-vaysagan.
Kunlarning birida Chapayev laqabli mo‘ylovdor uyg‘ur mantipaz amakidan, “Sizni nega Chapayev deb chaqirishadi?” – deb so‘rab qolibman. So‘rashga so‘radimu, ho-o-zir oldiga solib quvadi deb tursam, yo‘q, amaki chap mo‘ylabi bilan o‘ng mo‘ylabi past-balandlashdiyu, vazmin tortdi, so‘ngra muloyimlik bilan:
– E-e, bolam-yey, nasibamizga shu yozilgan ekan-da… O‘zi qara, Kallaxonada laqab qo‘yilmagan odam qolganmi? – dedi jilmayib.
Sho‘x, so‘zga chechan bola bo‘lib, dumalab-yumalab ulg‘aya boshladim. Hamma tengqur bolalar qatori muzqaymoqqa o‘ch edim. Dodamdan chaqa undirish payida, gapni “Bismillohir rahmonir rohiym”dan boshlar edim. Ya’ni, shunday:
– Savol bersam maylimi?
Otam mamnuniyat bilan:
– Ha, – desalar bas, darhol maqsadga ko‘chib:
– Marajniyni iloji bormi?, – der edim va muddaomga erishardim.
Bir kun arzimagan buyumni dodam bilan obdon talashib qoldim. Injiqligimdan dodam jahl bilan:
– Manga qara, hamma narsa meniki deyaverasanmi! Bilib qo‘y uy ham, hovli ham, mol-hol ham, sen ham meniki! – desalar pinagimni buzmay:
– Yolg‘on, sizniki emas, buning barchasi Xudoniki! – dedim. Shu paytda to‘rt yasharlik yigitchaman.
Uylarimiz Past (Chorsu) bozorning yonida bo‘lgani uchun barcha oldi-berdi bilan band. Mendek zumrashalar ham oldi-sotdidan chetda qolmaymiz, olti-yetti yoshligimizdayoq boshimizga chambarak qo‘yvolib, mo‘’jazgina savatda shirmoyi, patir, “yopgan” non ko‘tarib Kallaxonadan bozorga, bozordan mahallamizga bo‘zchining mokisiday qatnaganimiz-qatnagan. Onamiz kaftdekkina hovlimiz sahniga shivit, kashnich, redis, ko‘k piyoz ekib, kuniga ikki marotaba savatimga yigirma-o‘ttiz bog‘ ko‘katni chiroyli terib, bozorga jo‘natadi. Men savatni ko‘targancha bozor oralab Maxsido‘zlik ko‘chasidan g‘izillab o‘tib Eski Jo‘va maydonidagi haykal poyida joylashgan bekatni gullataman. O‘yinqaroqlikni ham unutish yo‘q, albatta. Mahalla bolalari bilan lanka tepaman, chillak, soqqa tashlayman, zu-zu o‘ynayman.
Soqqa tashlashda menga teng keladigani oz. Timni tagida chuqurcha kovlab, do‘ppimga yong‘oq to‘ldirib otaman, chuqurchada qolib ketgan yong‘oqlar sanoqda juft chiqsa, raqibim menga shuncha yong‘oq tovon to‘laydi.
Chillak otishda no‘noqroqman. Bu o‘yin chaqqon, epchillarniki. Odatda oriq, xipcha bolalar chaqqon, epchil bo‘ladilar. Men esa do‘mboqman, harakatlarim ham shunga yarasha.
Dodam Mirzamuhammadboy zamonning zayli bilan kambag‘allashib qolgan, bir kuni bog‘ hovlimizdan choqqina tog‘orada tog‘olcha terib berib, bozorga tushib sotishni, puliga esa qalam-daftar olishimni uqtirdi. Men bozorda peshingacha qolib ketdim. Tog‘olcha olaman degan birorta xaridor uchramadi. Chunki bozor to‘la sarxil meva. Ular ham sariq chaqaga sotilyapti. Kun peshindan og‘di, bir payt ro‘paramda rus ayoli paydo bo‘ldi, izdihomda boshi aylanib qolganmi, tog‘orachaga ishora qilib: “Chto eto?” deb burnini jiyirdi. Xaridor topildi, degan xayolda shoshganimdan “Eta, eta tagal-chuuuu!” – deb yuboribman.
Savdo-sotiqda omadim kelavermadi. Non sotib, xaridor poylash o‘rniga tizzamga kitob qo‘yib o‘qib o‘tiribman. Bir payt barvasta amaki kelib, rastaga terilgan patirni u yoq-bu yog‘ini o‘girib, qarab ko‘rdi-da, yoqmadi shekilli, go‘yo zarda qilganday itqitib keta boshladi. Sariqligim tutdi. Jahlim chiqdi. Ranjiganimni yashirmay-netmay, amakini tanigan bo‘lsam-da, tap tormadim.
– Menga qarang, amaki, – dedim dangaliga, – G‘afur G‘ulom bo‘lsangiz o‘zingizga, nonni unaqasiga irg‘itmay, joyiga qo‘ymaysizmi, deb yubordim.
Rastadan ikki qadam uzoqlashib ulgurmagan G‘afur G‘ulom taqqa to‘xtab orqaga o‘girildi, tizzamdagi kitobga ishora qilib:
– O‘g‘lim nimani o‘qiyapsan? – deb so‘radi.
Men boyagi vajohatda:
– Tolstoyning “Xolstomeri” – dedim avzoimni o‘zgartirmay.
– Iya bolam, ruscha o‘qiysanmi? ­ so‘radi G‘afur G‘ulom mehribon ohangda.
­– Ruscha maktabda o‘qisam, ruscha o‘qimay nemischa o‘qiymi? – dedim bo‘sh kelishni istamay.

Ertasi kuni ZiM mashinasidan tushgan bir kishi, ikki qo‘li to‘la kitoblar, non rastasini oralab, “Alisherni ko‘rgan bormi?” deb so‘roqlab keldi. Kitoblarni menga uzatar ekan:

– G‘afur aka senga o‘zbekcha kitoblar berib yubordilar. Salom aytdilar, – dedi.

Shundagina kecha yo‘l qo‘ygan qo‘polligimdan hijolat chekdim, dongdor shoirimizni ranjitib qo‘ymadimmi degan istiholadan anchagacha iztirob chekib yurdim. Ushbu bozor faoliyatimni boshlab yuborganimda eski shaharda to‘liqsiz rus maktabining beshinchi sinf faollaridan edim.

* * *

Onajonim yangi yozuvda savodlari bo‘lmasa-da, tabiatan dono ayol edilar, binobarin, oq-qoraning farqini, ahamiyatini yaxshi tushunar edilar. Shular sabab, Alishertoy Kallaxonaning yuqori qismidagi Kultivatorniy ko‘chasida joylashgan ruscha maktabga o‘qishga qatnay boshlaydi.
Maktabga qabul “imtihon”larida ruschasiga bir amallab o‘ngacha sanab berdimu, yoshi katta yahudiy amaki – Qalantarov degan direktor: “Teper schitay palsami” desa, hech nimani tushunmay, ko‘zimni g‘ilay qilib turaverdim.
O‘rischada ikki oy o‘qidim chog‘i. Qalantarov maktabga bizning ko‘chadan qatnar edi, bir kuni yo‘lagimiz boshida ayollar bilan gurunglashib turgan onamni ko‘rib, mendan gap ochadi. Nima emish, onamjonimning arzandasi ruschadan qiynalayotganmish, shuning uchun hali ham kech emas, o‘zbek maktabiga uchirma qilinsa, ayni muddao bo‘lar emish. Onam avvaliga direktorning maslahatiga indamay quloq solibdi, so‘ngra shu qadar jo‘shib gapiribdiki! Direktor yanglishayotgani, qolaversa, g‘irt siyosiy xatoga yo‘l qo‘yayotganini chulchutning to‘qqiz pulidek qilib tushuntiribdi. Hatto o‘zbek farzandi “ulug‘” rus tilini o‘rganishi, bilishi millat uchun muhimligini ham o‘xshatib qo‘shib qo‘yibdi. Bunday jo‘shqin siyosiy nutqni o‘zbek ayolidan kutmagan direktorimizning peshonasidan moshdek-moshdek ter chiqib, xatosini bo‘yniga olib, o‘z yo‘liga ravona bo‘libdi.
Yuz bergan voqeadan men o‘zimcha cho‘chib, xavotirda yurgan edim, aksincha hammasi ijobiy hal bo‘ldi-qo‘ydi, buning ustiga, Isroil Natanovich qayerda kaminani ko‘rsalar, albatta bir zum to‘xtatib, muloyimlik bilan, “Onajoningga mendan albatta salom aytgin, Mirzayev”, – deydigan bo‘ldi.
Rus maktabida, barmog‘ida o‘ngacha sanay olmagan Alisherjon, ikkinchi, uchinchi sinfga borib o‘zga tilda ancha-muncha tili chiqib qoldi. Nafaqat so‘zlashish, balki kuylay ham boshladim.
Musiqa muallimimiz Viktor Ivanovichning ta’biri bilan aytganda kaminaning “sluxi” yaxshi emish. Albatta, yaxshi bo‘lmay-chi! Yo‘rgakda yotgan kezlarimdanoq devorimiz orqasida yangragan Ma’murjon hofizning nolalaridan bahra olganlarim zoye ketmagan, albatta. Onamning aytishlaricha, beshikda uyquga ketishim uchun ham musiqa qo‘yib berishgan ekan, uncha-muncha musiqa emas, faqat mumtoz – maqom ohanglari bo‘lishi kerak, allalaru yallalarga quloq solmagan emishman. Devorimiz ortidan atoqli hofizning mashqlari har doim ham yangrab turmagani bois (onalar nimaga qodir emas!), boshqa bir devor-darmiyon qo‘shnimiz Abdufattoh shivandadan, devor orqasidan bo‘lsa-da, Ma’murjon akaga taqlid tarzida o‘xshov-beo‘xshov bo‘lsa ham “E, sabo” nimi yoki “Savti suvora”nimi xirgoyi qilib yuborishni so‘rar ekanlar.
Xullas, maktabda ustoz o‘rgatgan aksari siyosiy qo‘shiqlarni avj pardalari ila bemalol qoyilmaqom ijro etishni o‘rgandim.
Kunlardan bir kun nufuzli katta bellashuvda “Xotyat li russkiye voynы” qo‘shig‘ini (kaminadan oldin ijro etgan Bernes Markmidi) ijro etadigan bo‘ldim. Ustozim Viktor Ivanovich repetitsiyalar chog‘ida ushbu qo‘shiq matnini yod oldirib “Sprosite u jenы moyey…” o‘rniga “Sprosite u sestrы moyey…” deb ijro etishimni bir necha bor uqtirdi, nima sababdan bundayligini tushuntirib ham o‘tirmadi.
Hashamatli konsert zali. Zalda bo‘sh o‘rindiqlar qolmagan. Butun Toshkent shahridan maktab o‘quvchilari va o‘qituvchilar tomosha ko‘rish, madaniy xordiq chiqarish niyatida kelishgan. Tanlov konsertida sahnaga Viktor Ivanovich garmonini qo‘ltiqlab, omonatga olingan ust-boshda, birinchi bor bo‘yniga kapalaknusxa bo‘yinbog‘ taqqan kaminani oldiga solib savlat bilan chiqib bordi.
Ammo bu yog‘i chatoq bo‘ldi, nega bunday bo‘lganini keyin, kech tushundim.
Xullas, qo‘shiq ayni avjiga yetganda, “Xotyat li russkiye voynы, sprosite u sestrы moyey”ning o‘rniga baralla xo‘rozday qichqirib: “sprosite u jenы-ы-ы moyey!” – deb yuboribman.
Hamma kulib yubordi. Kulgi aralash qarsakbozlikni aytmaysizmi! Ochig‘i, kaminaga olomonning bemavrid kulishi g‘alati tuyuldi, illo qarsaklari yoqib tushdi.
Biroq men yo‘l qo‘ygan “siyosiy xato” qimmatga tushdi, oxir-oqibat qo‘shiq ijrosi chog‘idagi o‘zboshimchaligim uchun maktab sahnasidan batamom badarg‘a qilindim va o‘sha qo‘shiqning o‘rniga o‘zimizning “Jonon bo‘laman deb hammani kuydirasanmi…”ni xirgoyi qilib yuraverdim.

* * *

img122a.jpgO‘zim zig‘irtaymanu, bir talay kasbning boshini tutib qo‘ydim. Mushtday boshimda savatda shirmoy tashidim, kabobpazga shogird tushdim, murch sotdim, choyxonada dastyorlik qildim. “Keb qoling, qaynoq non!”, “Bo‘rsildoq tandir non!”, “Keb qoling, qo‘y go‘shtidan dumbali kabob!” , “Gatob!”, “Qora murch – chyornыy peres!”… Bu kabi hayqiriqlar yod bo‘lib ketdi, azbaroyi tushlarimda ham uyqu aralash baqirib qolar ekanman.
Choyxonani aytmaysizmi, choyxonani!
– Ho‘, bola, ko‘k choy!
– O‘-o‘, jiyan, ikkita pamil choy opke!
– Yaxnasidan opke. Tomoq qaqrab ketdi!..
Choyxo‘r mingta, dastyor bitta. Bu bilan hech kimning ishi yo‘q. Shom yaqinlashdi deguncha oyoqlar zirqiraydi. Izdihom siyraklashganda nafas rostlayman degan xayol… ha, hali hordiq chiqarish qayoqda, dam olish haqidagi xayoldan sarmast bo‘lib turganimda choyxonachi amakining “Ha, bo‘laqol”i avjiga chiqadi.
Kuniga kamida yuzta, ayrim kunlar esa ikki yuztagacha choynak va piyolani kul bilan obdon ishqalab yuvib to‘nkarib qo‘yishim kerak. Keyin xudoning bergan kuni choyxo‘rlardan ortgan-qolgan bir qop burda-surda nonni orqalab “Qaydasan, Samarqand Darvoza”, deya yo‘lga tushaman. Choyxonachi ustoz – Farmon shoirning hovlisi o‘sha tomonda…
Choyxonamizga tunda-shundalardan biri – choyxonaga qo‘shni uyda yashovchi, otasi rahmatli bo‘lib ketgan G‘ulom cho‘loqning maishat desa o‘zini tomdan tashlaydigan o‘g‘li Saidvaqqos.
Tirik jon borki, nafsi bor. Illo nafsda ham me’yor bo‘lishi kerak-da, shunday emasmi? Saidvaqqos hazratim esa qittak-qittak ko‘rinsa, bu yorug‘ dunyoni unutadigan xilidan. Shu o‘y-xayolda choyxonani ikkinchi uy qilib oldi. Onasi bizning ostonaga kelib, arzandasini chaqirgani-chaqirgan:
– Saidvaqqos! Kech bo‘lib ketdiyu juvonmarg, uyga qachon kirasan?
Narigi so‘rida mudrab o‘tirgan Saidvaqqos ko‘zini ishqalab:
– Oyi! Kech bo‘lgan bo‘lsa, ha, soat bir bo‘lgandir, ikki bo‘lgandir, – deb javob berdi. Oppoqoyim soddaligiga borib:
– Ha, o‘qimagan, bir-ikkini boylab qo‘yibdimi sanga? O‘n degin, o‘n bir degin! – deya zarda qiladi.
Qarasa, onasi bo‘sh kelmayotir, uyga, o‘ttizlarni qoralab qolgan arzandasi onasi oldiga chayqalib tushib boradi.
O‘g‘lining afti-angoridan ichganini sezgan ona koyishni davom ettiradi:
– Yana ichdingmi, betavfiq?
– Oyi! – deydi do‘rillab bolajon.
– Nima oyi, dard oyi, balo oyi!
– Namuncha, oyi? Ha, ichgan bo‘lsam, yuz gramm-ikki yuz gramm ichgandurman, – deyishiga bo‘sh kelmagan onaizor bor kuchini yig‘ib:
– Yuz, ikki yuz gramm ichib nima qilasan? Ichsang, atigi bir kilo ich. Ikki kilo ich!
Onasi baribir hech vaqoni tushunmagan Saidvaqqosni javrab-javrab oldiga solib olib ketadi.

III BOBDAN

Kitobga o‘ch bo‘ldim. Maktab kutubxonasidan to‘rttalab, beshtalab kitob tashidim. Rus adabiyotidan duch kelganini o‘qiyverdim. Kutubxonachi ishtahamni ko‘rib, jilmaydi. “Vot molodes. Xoroshiy malchik!” – dedi. So‘ng ensasi qotadigan bo‘ldi. Kitob beraverib charchadi, chog‘i.
Barini o‘qib bitirdim. Pushkinning “Shoh Saltan”, Chexovning “Kashtanka”si, Tolstoyni “Xolstomer”ini ham bosh ko‘tarmay o‘qidim. Ba’zilarini o‘qib ta’sirlandim, o‘pkam to‘lib, yig‘ladim.
Kutubxonachi Aliya opa kitob bermay qo‘ydi. “Sin Kallaxonalikdan tashqari tigi malaylarni ham gramotasi chiqsin”, – dedi.
Baxtimga bozordan chiqaverishda, Kallaxonaga kiraverishda, ilgari quloq bo‘lgan boyning uyida qiroatxona ochildi.
Bolalar kutubxonasi ikkinchi uyimga aylandi. Qo‘limdan yozuv-chizuv, rasm chizish kelgani bois, kutubxonachining dastyoriga aylandim-qo‘ydim. Menga ishonib muhim vazifalarni topshirishdi. Kallaxonalik kitobxon bolalar adashib ketishmasin, deb har bir kitob javoniga “Russkaya literatura”, “Zarubejnaya literatura”, “Uzbekskaya literatura”, “Fantastika”, “Poeziya”, “Otdel folianta”, “Prochaya literatura” kabi so‘zlarni chiroyli, naqshinkor, rangli harflarni soyalik qilib yozib berdim.
Kutubxonachi Yoqut opa bamisli yoqut topib olgandek meni biroz jahldor Arofat opa degan boshliqqa ro‘para qilib maqtadi. Erib ketdim. Mening rasmlarimdan, yozuvlarimdan kutubxona devorlarida sog‘ joy qolmadi, hisob. Mehnatimni hurmat qilib, ichkariga, hech kim qo‘yilmaydigan foliant nashrlar bo‘limiga kirib turishga ham ruxsat berishdi.
Bu maskanga qanoat qilmay, nazarimni bozor ichidagi “Oktyabr” (Turon) kutubxonasiga qaratdim. Chunki barcha rus va chet el adiblari asarlarini shu yerdan topish mumkin edi. Menga xudo berdi: rosa ko‘p kitoblarni o‘qib tushirdim, Jek London, Mayn Rid, Ernest Xeminguey asarlarining mag‘zini chaqdim. Hatto XIX asr rus adabiyoti qahramonlariga taqlid ham qila boshladim.
Tez kunlarda kutubxonaning “Polk o‘g‘li”ga aylandim. U yerda ishlaydigan yaxudiy opalar meni o‘g‘illaridek ko‘ra boshlashdi. Tasviriy san’atga oid albom, katalog va jurnallar ko‘p edi ul dargohda. Ruxsat bor. Kitob xazinasiga kirib, narvonlarga chiqib, rassomlar haqidagi hali bosmaxona bo‘yog‘ining hidi ketmagan albomlarni varaqlab zavq olaman. Yangi kitoblar hidi mast qiladi. Rejalar tuzaman.

* * *

Ijodiy faoliyatimga poydevor Ostrovskiyda qo‘yilgan. “Ostrovskiy” – bu Labzak ko‘chasida joylashgan pioner va o‘quvchilar saroyining nomi.
Rassomchilik to‘garagiga bo‘lgan ixlosim shu qadar katta ediki, kichkina etikchalarimni kiyib olib, qishin-yozin, do‘l yog‘sa ham, tosh yog‘sa ham saroyga qatnayman. Saroyga yeta-yetguncha Labzak ko‘chasi bo‘ylab yettita baland tepalikni bosib o‘tishim kerak. Men uchun bular tepalik emas, tog‘. Ortda qolgan tog‘larni sanab boraman. Yo‘lning adog‘i yo‘q. Ba’zida baxtimga qo‘sha otli “Abduqashqa” arava o‘tib qoladi. Aravaga tarmashaman. Aravakashni xipchini yetmaydi menga, yetsa ham arava tagiga osilib berkinib olaman. Bu mahoratim, kelajakda, tramvay va trolleybuslarda osilib, quyon bo‘lib yurishlarimda rosa asqotdi.
Yo‘l past-baland, bora borguncha Labzaksoy goh sharsharadek quyilib, goh sokin jilvirab, goh jo‘shib oqadi. Oramizda poyga boshlanadi, soy mendan o‘zaman deydi, men soydan.
Oltinchi tog‘dan so‘ng yettinchi – so‘nggi tog‘ orqasidan men sevgan saroy darbozasi ko‘rinadi. Manzilni ko‘rib yuragim o‘ynaydi. Oyoqni qo‘lga olib chopaman, jonli odamni – onajonimni sog‘ingandek sog‘inaman. Tezroq yetib borgim, darbozadan o‘zimni ichkariga urgim keladi.
IZO to‘garak a’zosiman. “IZO” – bu “tasviriy san’at” degani. Maktabimizda osilgan e’lonni o‘qib qo‘shnim Razzoq bilan birinchi bor ushbu dargohga qadam ranjida qilganmiz.
Razzoq Mannopovning otasi “Gorodejda”ning direktori. Mannopdan tashqari oilada yana aka-uka, opa-singillardan to‘qqiztasi bor. Ularni Guruchariqda dala hovlilari bo‘lib, har shanba-yakshanba kunlari, o‘nta bola, otasi boshchiligida shahar chekkasiga ravona bo‘lishadi.
Razzoqning adasi Shopur akaning kayfiyati yaxshi bo‘lganda men ham o‘n birinchi bola qilib mashinaga chiqaman. Qo‘shtutda hammamiz bittadan muzqaymoqlik bo‘lamiz.
Ba’zida muzqaymoqni oxirigacha yalab-yulqash menga nasib etmaydi, yarim-yorti bo‘lmay Razzoq olib qo‘yadi. Do‘stim hisob-kitobga, oldi-berdiga juda puxta. “Marajniy adamni puliga kelgan”, deydi. Shu xavotirda Achaobodga yetguncha muzqaymoqni gum qilaman…
To‘garakka qatnashimni eshitib do‘stimning onasi Xatira opoqi beboshroq arzandasini menga qo‘shib ijod etib kelishga jo‘natadigan bo‘ldi.
Mashg‘ulotda chizish uchun yangi natyurmort qo‘yilgan. Natyurmort qahramonlari – qandaydir qush tulupi, olma va eng qizig‘i, oddiy tovuq tuxumiga o‘n barobar keladigan, gipsdan yasalgan katta oppoq tuxum.
To‘garak a’zolariga davlat tomonidan bir varaqdan qog‘oz, bo‘yoq, cho‘tka beriladi.
Chizishni qo‘rqmasdan rangda, suv bo‘yoqni oqizib-oqizib boshladim.
Qush uchib ketishga tayyorday jonli, olma yeb qo‘yishga tayyor dum-dumaloq chiqdi, “doda” tuxumni o‘xshatish mehnat talab qildi, ter to‘kishga to‘g‘ri keldi. Tuxum oq emasmi, o‘xshatish qiyin, rangni nozik, bo‘yoqni suyuq, soyani quyuq berdim. Binoyi chiqdi.
Razzoq menga ergashdi, biroq u tuxumni o‘xshatolmadi – qovun tushirdi. Nozik ranglar o‘rniga jigarrang va qora ranglarni ayamadi, jundor qop-qora kir tuxum chiqdi.
Domlamiz Roza Xafizovna Safina barchaning rasmlarini ko‘rib maslahat berib, bizga yaqinlasha boshladi.
Razzoqga chizgan tuxumiga ishora etib: “O‘lasan!” dedim, vaziyatning qaltisligini tushungan qo‘shnimizning arzandasi, otni qamchilab: “Yozilib kelsam maylimi?” deb qo‘l ko‘tardi. Domla yangi bola bir baloni boshlab qo‘ymasin deya o‘sha zahoti ruxsat berdi.
Razzoq mingga qo‘yib, quyonni rostladi, Kallaxona tomon oshiqdi. Rassomlik faoliyatiga yakun yasaldi.
To‘garakda qishi bilan qumg‘on, obdasta, palak, choyshab, do‘ppi, gipsdan har xil razetkalar va qushlar tuluplaridan natyurmortlar chizdik. Rasmda ushbu buyumlar “materialniy” chiqsin, ya’ni, qumg‘on misdan ishlangani, razetka buyumlarning gipsdanligi bilinsin, qushlarning patlari parpirab momiqdek chiqsin, gips oq bo‘lganligi sabab soyalari nozik chiqmog‘i kerak dedi. “Xo‘p” dedik.
Yoz va kuz oylarida qovun, tarvuz, handalak, uzum, olma, shaftoli, nok, olxo‘ri, gilos va qovoqlarni natyurmort qilib chizamiz.
Bir kuni ho‘l mevalardan chiroyli palakning fonida natyurmort chiza boshladik. Natyumortni birvarakayiga chizib tugatish mushkul ish. Vazifani ado etishni ertangi kunga qoldirdik. Ertasiga qo‘llarni ishqalab ilhom bilan xonamizga kirib keldig-u, haykal bo‘lib qotdik. Rasm chizishga mo‘ljallangan molbertlar (dastgohlar) ko‘chaga olib chiqib tashlangan, nayurmortdan esa asar ham yo‘q.
Bu ahvolni ko‘rgan ustozimiz gangib qoldi. Keyin “qidiruv” va “tergov” ishlari boshlandi. Farrosh Ozoda xola ko‘rsatmalar berdi. Masala oydinlashdi.
Biz ketgandan so‘ng yangi tayinlangan farrosh opa xonamizga o‘z ishini bajarishga kirib, biz chizib tugatmagan natyumortni, bolalarim menga ilinibdi, deya paqqos tushiribdi. Qolgan mevalarni uvol bo‘lmasin deya, xaltaga solib olib ketibti.
Temir jihozlarga (molbert) kelsak, saroyga yangi tayinlangan (sobiq polkovnik) direktor bul lash-lush, temir-tersaklarning dastgoh ekanligini anglamay, tashqariga olib chiqib tashlashga buyruq bergan ekan.

* * *

Yoz kunlari to‘garakka bormayman. Eski shahardagi chakana ishlarda bandman. Umuman, dam olish kuni yo‘q. Bizning Eski shaharda dam olish yaxshi fazilat hisoblanmaydi.
Sentyabrni kutaman. Labzak ko‘chasini, o‘quvchilar saroyi darvozasiga zinalardan ko‘tarilib kirib borishni, etyudlar chizadiganim saroy parkini qumsayman.
Ishdan qaytsam onam xat uzatib, “o‘qi”, dedi. O‘qidim. Ifodali o‘qidim, tarjima qilib o‘qidim.
Vo-yey, o‘rtoqlar-yey, ko‘zimga ishonmadim, kayta-qayta o‘qidim. Respublika ko‘rik tanlovida mukofot olibman. Mashinkada yozilgan chiroyli xatda bolalar ijodiyoti dekadasida “Ona Vatan” asarim uchun birinchi darajalik diplom va mukofot bilan taqdirlanibman. Xatni tagida bir emas, uch odamning imzosi bor, biroz xiraroq urilgan tamg‘asi ham bor.
“Qanday mukofot?” dersiz. G‘olib bo‘lganim sharofati bilan meni bir guruh menga o‘xshagan omadi kelganlar bilan uzoqlarga olib ketisharmish, samolyotda olib ketisharmish, bir oyga!
Kavkazortiga, Qora dengizga, Suxumi, Batumi, Sochi, Novorossiysk, Kerch, Yaltaga borar ekanmiz. Hatto “Artek” deb butun dunyoga nom chiqargan bolalar lageriga ham tashrif buyurar ekanmiz.
Ax-yey, Ax-yey! Mana endi kaminani mensimay kabobchi, o‘rakash, choyxonachi, eng alam qiladigani “Alisher novvoy” deb mazax qiladigan Rahim-Patakka ham, boyvachcha Razzoqqa ham, Qosim-Shaqildoqning o‘g‘li Shokir-Shang‘iga ham alam qilsin! Bir ko‘rib qo‘yishsin!
Samolyotda Vatan uzra uchishimni, Qora dengizda kemada suzishimni, Artek tog‘larida Ayu-tog‘, Ay-Petri cho‘qqilariga chiqishimni tasavvur qildim.
Sayohatda chizgan rasmlarim bilan qaytgach, “Sverdlop”da shaxsiy ko‘rgazma qilaman, asarlarim oldida kamtarona turib beraman. Sinfimizdagi Sharifa degan qiz ko‘rib qo‘ysin. “Voy, bu o‘zimizni Alishermi?” deb, og‘zini ochib qolsin, “hay-hay, zo‘r-ku!” – desin.
Kavkaz tog‘larida drama to‘garagidagi artist qizlar bilan quvlashib yursak, eng chiroyli artist qizning ro‘molimi, sharfimi shamoldan uchsa, bamisli hind filmlari “Sangam”, “Sadoqat” qahramonlariga o‘xshab men ularni tutib olsam! So‘ng… Dengizga kalla tashlab, qo‘rqmasdan uzoqlarga suzib ketsam… Suzib ketaturib orqaga qarasam, uzoqda qirg‘oqda bir qator qaldirg‘ochdek qizlar xavotirda, ba’zilari ko‘zida yosh bilan turishsa…
Guruhdagi artist va raqqosa qizlarga rahmim keldi. Orqaga burilib suzishga ahd qildim. Qulochni katta otdim.
Ha, suzishni bilaman-da! Kim bo‘lmasa xolamnikiga, Teshikqopqaga borganda Kaykovuz suvida naq Taxtapuldan Qumloqqacha bir necha ko‘prik tagidan oqib o‘tib, suzib kelgan? Men-da!
Ana, uyga ham qaytyapman. Samolyotdan kuzataman, ana “Toshkent” degan yozuv, aeroportda karnay-surnay sadolari yangrayapti. Tumonat odam!.. Butun maktabimiz, butun Kallaxona, ana bor-e, butun Eski Shahar meni kutib olishga chiqqan, o‘rtada onam, ko‘zlarida quvonch, sog‘inch yoshlari, qo‘llarida dasta gul bilan turibdi.
Xullas, ta’sirlandim, g‘ururlandim.
Bir oz o‘zimga qarab olay dedim.
Qo‘lim bilan pioner bog‘ichimni to‘g‘rilab qo‘yay desam, bo‘ynimda galstuk yo‘q. I-i-i, galstuksiz “Artek”ka borib bo‘ladimi? Ko‘zim ochilganday bo‘ldi. Osmonday yerga tap etib tushdim.
Ro‘paramda onam hovlimizda qo‘llarida cho‘ltoq supurgi, menga g‘alati qarab turibdi. Tez hushimni yig‘dim. Hali hovurimdan tusholmay muloyimlik bilan: “Oyi, xatga nima deysiz?” – dedim. Onam qisqa qilib: “Bor, ishingni qil!” deb qo‘ya qoldi.
Onam aytgan bir og‘iz jumlaning ostida “Senga kim qo‘yibdi, bolam?” degan o‘ksiklarga to‘la ma’no yotganini keyin bildim. Peshona sho‘r ekan. Ko‘rgilik ekan. Sayohatga mening o‘rnimga tanlovda ikkinchi o‘rinni olgan Valera Dergachyovni jo‘natishdi. Valeraning ijodi, bo‘lajak istiqboli matbuotda zo‘r yoritildi. “Lenin uchquni”, “Pioner Vostoka” gazetalari, “Gulxan”, “G‘uncha” jurnallari va hatto “Qizil O‘zbekiston”da ham “ayuhannos” solishdi. Valeraga “Oq yo‘l” tilashdi, “Oy borib, omon qayt” deyishdi.
Men esa… mening borar-kelar joyim eski shahar bozori bilan Kallaxonadan nariga chiqmadi, turli kasblarni egallab yuraverdim.

* * *

Portret chizishni Shopayzi amakidan boshladim. Nega endi kelib-kelib aynan Shopayzi amakining qiyofasidan?
Ma’lumki, menga o‘xshagan yosh rassomlar qariyalarni chizishni xush ko‘rishadi, chunki ularni yuzlarida ma’no, musavvirlar tili bilan aytganda, ,shakl o‘yini bor, xaritani eslatuvchi chizgilar ko‘p, o‘nqir-cho‘nqirlar bisyor bo‘lib, rasmni egasiga o‘xshatish oson kechadi.
Yosh odamning nimasini chizasiz? Na soqol bor, na mo‘ylov, bet sip-silliq, ko‘saga o‘xshasa. “Maysaraning ishi” spektaklidagi Hidoyatxonga o‘xshaganlarning pichoqqa ilinadigan nimasi bor?
Chizsang obro‘li, yoshi katta odamlarni chizmoq kerak.
Shopayzi amakining nuroniy qiyofasi ijod rishtalarimni qo‘zg‘atdi. Amakining eski choponi o‘rniga buxorocha zar chopon kiyg‘izsangiz bormi, naq Alisher Navoiyning o‘zginasi.
Ul zot menga deyarli ustoz.
Mahallada o‘tadigan anjumanlarda katta oshpaz Mo‘min akadan so‘ng kichik 30-40 kilolik, oshlarni damlaydi, yonlarida o‘zim o‘choq qaziyman, o‘t yoqaman, duo olaman. Ustoz-shogird hazillashib ham turamiz.
Qosim-Shaqildoq uyidagi ma’rakada oshning yer o‘chog‘ini o‘z qo‘lim bilan qazidim. Ushbu yumushni mahalla yigitlari ichidan ustoz faqat menga topshiradi, gavdaga qarab bo‘lsa kerak-da…
Ustozning yomon odati bor. O‘choq kavlashni bir boshlab tugatmagunimcha nafas oldirmaydi, tepamda engashib oyoqlarini kerib olib “Ha! Ha!” deb turaveradi. O‘sha kuni men, sho‘r peshona, to‘xtamay ikkita o‘choq qazishimga to‘g‘ri keldi. Sababi, birinchi yer o‘choqni tugatish arafasida ikki-uch ketmon qolgan tuproqni sidirib chiqarib tashlayotsam, ketmon bir narsaga taq etib urildi. Yuqorida kuzatib turgan ustoz taqillagan vodoprovod quvuri ekanligini bilib:
– Alisher polvon, bu o‘rani tashlab boshqa yerdan qazing, ha, aylanayin polvonimdan! – deya toza ensamni qotirdi.
Qazimay qo‘ygim keldi. Biroq oriyatim yo‘l qo‘ymadi. Qovog‘imning peshayvoni tushib ketdi.
Buning ustiga ikkinchi o‘choqni qo‘ylar bog‘langan og‘ilxona yonidan qazib qo‘yibman. Ustoz yog‘ni dog‘ oldirib go‘shtni tashlagunicha og‘ilxona mehmonlari – qo‘y jonivorlar biri olib-biri qo‘yib ma’rayverishdi. Ma’raganda ham og‘ilxona taxta devoriga chakaklarini qo‘yib olib bo‘zlashdi.
Cholning asabiga tegishdi chog‘i, ustoz menga qarab jiddiy ohangda: “Alisher, jonivorlarga u-bu narsa tashlab qo‘y, zora tinchisa”, – deyishlarini poylab turgandek, ul befahmlarga o‘ra qazigan belkuragimni olib otdim.
O‘sha kezlarda hukumat to‘y-ma’rakalarni qisqartirish borasida farmon chiqardi. Amaliy ishlar olib borilib, ko‘p oshpazlar, o‘rtakashlar, bir qaynovi ichida choy damlovchi samovarchilar, otarchi hofizlar, karnay-surnaychilar va hatto to‘ylarga chorlovchi hangilar ishsiz qoldi. Xadradagi choyxonaning oldida haq deb to‘y tomosha boshlaganlarni poylab o‘tiruvchi karnay-surnaychilar ko‘paygandan-ko‘paydi. Ilgari karnay-surnaychilarning borligini belgilab, daraxt tanasiga bittagina doira osilardi, endi barcha shoxlarga doira osildi, daraxt sho‘rlik ko‘zga uzoqdan doira daraxti bo‘lib ko‘rinadi.
Ustiga-ustak “gadoning dushmani gado bo‘ladi”, deganlaridek, Shofayzi ustozni ham Xudo urdi – Kallaxonaning yomonlari osh pishirayotgan qozonlariga bir parcha dimiqqan dumba yog‘ tashlab, qo‘pchilikning oshini buzishdi va ustoz oshpazlikdan qo‘l siltab, imorat ustachiligiga yuz tutdi.
Katta osh damlamaganlaridek, Shopayzi-usta ushbu sohada ham havaskorona chakana-chukana yumushlarni bajarib yurardi.
Kallaxonadagi kichik shahar hovlimizda bir tup olma daraxti, bir tup uzum va bir pol ko‘katlar o‘sadi. Boshqa o‘simliklarga joy yo‘q. Hovli ham mo‘’jazgina, dastro‘moldek keladi. Suv quvuri ham yo‘q. Butun Kallaxonadan hovlima-hovli o‘tib keladigan ariqlar ko‘milib ketgan. Zarurati qolmagach, hammaning hovlisida bo‘lgan hovuzchalar ham o‘z-o‘zidan ko‘milib yo‘q bo‘ldi.
Suv bo‘lmagandan keyin hovlining sho‘rxoki chiqib, jaziramada bechora o‘simliklar zo‘rg‘a jon saqlaydi.
Hovlidagi ahvolni kuzatgan onam g‘ayrat qilib ko‘chadan vodoprovod olib kirdi. Yo‘lak qo‘shnilar poylab turgandek quvurlab o‘zlariga uchirma qilib olishdi. So‘ng “ustozingni chaqir, zakaz bor, uzumga so‘ri kerak”, – dedi.
Amaki bilan ishni boshladim, ustozning harakatlarini astoydil kuzatdim. Ustachilik kasbidan saboq ola boshladim, o‘rgandim. Ustozga mix uzatib turdim, u esa har mix qoqishdan oldin teshani bir yoqqa qo‘yib olib, qo‘l ochib uzundan-uzoq duo qiladi, so‘ng bismillo deb, teshaning orqasi bilan mixga ura boshlaydi.
Har urilgan uch mixdan ikkitasi eson-omon qiyshayadi, mix boyaqish G harfiga, ba’zida L harfiga o‘xshab qoladi, ombir kerak bo‘ladi. Uzataman. Qiyshaygan mixni chopib borib yo‘lakdagi xarsang toshda to‘g‘rilab kelaman.
Ish qizigandan-qizidi. Qosh qorayganini ham sezmay qolibmiz. Ustoz mo‘’jazgina so‘richaning tepa qismiga chiqib olib reyka tashlaydi. O‘ng va so‘l tomonlaridan asta sekin qotira boshlaydi. Zehn ila ustozni kuzataman. E’tibor ila kuzataman.
Bir mahal ustozi-azim menga ojizona qarab: “Alisher, afandining ishini qilib qo‘yibmiz-ku”, –dedi, qafasga tushgan o‘g‘ri mushukday alanglab.
Razm solsam, kech kirib qolib charchaganlaridanmi, so‘rini orasidan bellarigacha yuqoriga ko‘tarilgan holda, ikki yonlaridan ingichka taxtacha qoqib, o‘zini hibsga olib o‘rtada qolib ketibdi ustozi azim.
– Ombirni olib chiqib, meni qamoqdan qutqazing, polvon, – dedi.
Bu – kechga borib, ustozni menga ishonib topshirgan birinchi mustaqil vazifasi edi.

* * *

Manzara chizishga qiziqishimga XIX asrning katta rassomlaridan Savrasov sabab bo‘ldi. Taniqli ijodkorning hayoti bir tekisda o‘tavermagan ekan. Kitobda o‘qiganim bor: garchi bu rassom ichkilik oqibatida zabun bo‘lib, ushbu go‘zal dunyoni tark etgan bo‘lsa-da, uning “Dala yo‘li”, “Qarg‘alar keldi” asarlari menga xush yoqadi.
Unga taqlid qildim, nusxa ko‘chirdim, zavqlandim. Bo‘yoqlar yordamida shu rassomdek tabiatda bor nozik holatlarni aynan “jivoy” ko‘rsatishga harakat qildim.
Kallaxonaning barisi shahar hovli emasmi, kengroq manzara qidirib, narvon qo‘yib, tomga chiqdim. G‘ir-g‘ir shabada. Yengil tortdim. Chuqur-chuqur nafas oldim. Tomga chiqsangiz bir hid bor – yurakni o‘ynatadi, ruhiyatni ko‘taradi, ajib bir holatga kirib borasiz. Tomsuvoqdan chiqar edi o‘sha is.
Tomga chiqib rasm chizishni odat qildim. O‘z tomimdan manzara chizib bo‘lib, o‘zga tomlarga o‘tdim, lekin egilib, pusib o‘tdim. Qo‘shni hovlilarga nazar solgim keldi, ammo qarolmadim – uyat-da, ayol bor, qiz bor degandek. Bundan tashqari, alarning otasi, akasidan qo‘rqdim. Eski shahar ahli chapani xalq. Ular bilan hazillashib bo‘lmaydi.
Ijod qurmagur nozik narsa-da, erkinlikni talab qiladi, lekin ishni qonun rasamadi bilan olib bormasangiz naq xalqning nazaridan qolasiz-da.
Tomda turib uzoqlarni kuzatdim, chizdim. Kallaxona masjidi orqasiga qip-qizil olovdek bo‘lib botayotgan quyoshni chizdim. Egilib olib tomdan o‘sib chiqqan lolaqizg‘aldoqni osilib turgan g‘unchalari bilan chizdim. Chap qo‘l Kallaxona tomonda Ishqivot mahallasi orqasida savlat to‘kib turgan Ko‘kaldosh madrasasini chizdim, Xo‘ja Ahror masjidini chizdim.

* * *

Tabiat manzaralaridan etyudlar chizishga o‘zim qatnaydigan o‘quchilar saroyining parki qo‘l keldi. Shiyponga joylashvolib, bozordagi ustozlar o‘rgatgandek “bismillo” deb oppoq qog‘ozga bo‘yoq chaplashtira boshladim. Qo‘l kelib qolgan emasmi, bog‘ni tumanli holatini boplab tasvirlay boshladim.
Tabiatga o‘ychan qaradim, ko‘zimni qisib qaradim, orqaga-oldinga borib-kelib qaradim.
Hali suvi qurimagan asarimni to‘garak rahbarimiz Roza Safinaga ko‘rsatib, maqtovni poyladim.
Berilgan baho kutganimdan ham ziyoda bo‘ldi-yov. Domla qimmatli fikrlarini aniq va qisqa ifodaladi:
– Malayim, sin xakinda xudojistvinniy uchilishe skuchat ita! – dedi.
Qanoat hosil qildim. Meni kutib turgan dargohga borgim kelib, sinovlarga tayyorlana boshladim.

* * *

Yomg‘ir shivalayapti. Maktab hovlisidagi shiyponchadan yerdagi ko‘lmaklarni, ularning biqir-biqirlab qaynashini kuzatib turibman. Orqamdan rasm o‘qituvchimiz Raisa Mecheslavovna kelib:
– Xo‘sh, rassom bola, nima qilayapsan? – desa, rassomligimdan g‘ururlanib:
– Ex, bыla-bы seychas bumaga s kraskami, napisal bы ya eti luji, kak v kartine, u Savrasova “Proselok!” – deb yubordim.
Javobimdan ustoz to‘lqinlanib ketdi, onalarcha mehr bilan peshonamdan o‘pdi.

* * *

Ayni saraton kunlari ko‘lda cho‘milishni qaysi bola yoqtirmaydi.
Onam Karomat opaning uyida tarbiya masalalari jiddiy qo‘yilgani bois Beshyog‘ochdagi o‘sha mashhur ko‘lga borib cho‘milishga har doim ham ruxsat berilavermaydi.
Unday joylarga borishga ruxsat so‘rashni o‘zi bizning xonadonda be’manilik. Agar ruxsat so‘ralganda ham qisqagina: “Bor yumushingni qil!” degan javob olinadi.
Kerak bo‘lganidan so‘ng ijozat so‘rashning ming xil usulini o‘ylab topaman. Ruxsat olish ilinjida uy ishlariga kirishib ketaman. Dastro‘molday hovli bo‘lgani bilan loy ishlari, duradgorlik, turli xil ta’mir yumushlari yetarlidan ortiq.
Ishlar boplab bajariladi.
Axir kun bo‘yi qilingan mehnatdan so‘ng cho‘milish kerakmi?
Afsuski, hovlimizda dush, mo‘rcha yo‘q, yuvinish, taranish degandek, inson o‘ziga qarashi kerak. Yuvinib-taranish bahonasida hammomga ruxsat olib ravona bo‘laman.
Eski shaharda uchta hammom bor – ikkitasi eskidan qolgan yettita-sakkizta gumbazliklari. Biri Chorsudagisi, ikkinchisi bozor o‘rtalig‘ida, Maxsido‘zlikda joylashgan, uchinchisi — zamonaviy hammom, u uzoqda, Sebzor dahasida joylashgan. Birinchilarining gumbazi ko‘p, katta hammom bo‘lgani bilan ichi tor, gumbaz ostidagi sovuq xonadan nasib etib qolsa hammomga tegishli teshik tog‘orasini qo‘ltiqlab bora-bora issiq xonalarga kirib boraverasiz.
Oxirgi gumbazli xona eng issig‘i, nafas olib bo‘lmaydi. Bu yerda amakilar, nimagadir, badanlarini faqat qizitishadi, shu bois hammomxo‘rlar bir-birlariga issiqdan ola-kula qizargan ko‘zlarini lo‘q etib be’mani nazar bilan o‘tirishaveradi. Ba’zilari issiqdan qochishga yo‘l topolmagandek egilgan boshlarini kaftlari orasiga olib qaysidir rus rassomining “Strannik v pustыne” asari qahramonini eslatib o‘tiraverishadi.
Menga ko‘proq yoqqan hammom – bu zamonaviy hammom, Sebzor dahasida joylashgan. U yerda “kiring bitta, kiring bitta!” kam aytiladi, kuningiz navbatda o‘tadi, lekin shunisiga chidasangiz bitta katta yorug‘ zali bor va eng muhimi, butun mahalla bolalarini tortadigan ohangrabosi bor – ikki dona dushi. Dushga navbatda turgan yalang‘ochlanganlar xuddi armiyaga olinayotgan bo‘lajak askarlardek kutib turishadi.
Menga hammomga borishga bir shart bilan ruxsat beriladi. Qo‘limda bir bo‘lak kir sovunni yoki Farg‘onada chiqadigan atir sovunni mayda katakli oq sochiqqa o‘ralgan holda qo‘ltig‘imga qistirib ketishim shart.
Albatta uydagilarga Chorsudagi eski hammomga ketyapman, uzoq qolib ketaman, navbat ko‘p, deyman, o‘zim esa to‘ppa-to‘g‘ri Chorsudan 1-tromboyga o‘ltiraman. Qarabsizki, kamina Chaqar orqali Beshyog‘ochga kelib turibdi-da!
Avval uydan chiqaman. Yo‘lak tugab “katta” ko‘chamiz – Qizil tutga burilishim bilan Huri Poshshoning qiyshaygan uyi keladi.
Har gal qo‘ltig‘imdagi sovunni shu uyning loysuvoq tomiga uloqtiraman. Chunki ko‘lda sovundan foydalanish ma’n etilgan. Axir u yer madaniy hordiq chiqazadigan maskan-da!
Agar Poshshoning tomidan sovun degan matoh o‘sib chiqadigan bo‘lganda edi, kaminaning ul yerda ekib ketgan sovun bo‘laklaridan ikki xil o‘rmon o‘sib chiqqan bo‘lur edi. Biri atir o‘rmoni, ikkinchisi qora – kir sovun o‘rmoni.
Bozordagi mo‘rchaga bormasligimning sababi – birinchidan juda hammom issiq, ikkinchidan, navbat katta, har yarim soatda hammom xodimining “Keling bitta!” degan na’rasini poylayverib kuningiz o‘tadi, uchinchidan hammom bo‘yicha qulog‘i teshilmagan butun tog‘ora anqoning urug‘idan kamyob. Eng qizig‘i, nomigagina osib qo‘yilgan, juhudlarning artelida yaratilgan omonat qulfni chetga surib javonchadan jomakor kiyimning tinch turmay “quyon” bo‘lish odati ham yo‘q emas.
Beshyog‘och ko‘lida esa yaxshi, badanga sovun surmaysan, suv muzdakkina, qulochni katta ochib eski shaharchasiga tapillatib-tapillatib suzasan. “Oh-yey, voh-yey” deb suzasan. “Oromijon” deb suzasan.
Beshyog‘ochdan non zavodining bir tarafi ko‘l tomonga chiqqanligi sabab u yerdagi savobxo‘r ishchi o‘ris opalar cho‘milaverib ko‘karib ketgan bizdaylarga singan oyna darchalaridan issiq non ulashishadi. Bo‘lka nonni darcha teshigidan bo‘lak-bo‘lak qilib uzatishib, qiqir-qiqir kulishadi. Bo‘lka nonning isini, mazaligini aytmaysizmi? Biz bolalarning nazarimizda Chorsuning shirmoyi ham, Beshqayrag‘ochning yopgan noni ham, Chig‘atoyning patiri ham “seriy buxanka” bilan bellasholmaydi.
Biz nog‘ora qoqqan qornimizni tinchlantiramiz, qo‘ldan kelgancha opalarni duo qilamiz, “ispasiba”ni ayamaymiz.

VI BOBDAN

Chorsu bozori – eski shaharning yuragi, uning qoq o‘rtasida, Eski Jo‘va va Chorsu oralig‘ida joylashgan. Xuddi chuqurlikdagi patnisni eslatadi.
Bozor atrofidan unga Chaqichmon, Sag‘bon, Qorasaroy, Sebzor, Maxsido‘zlik, Uyg‘ur, Labzak, Qizil tut, Samarqand darvoza ko‘chalari oqib keladi, bozorda odamlar chumolidek, o‘ramani tashkil qilgandek, qatnashadi.
Bozorning talaygina nomlari bor – Oktabr bozori, Past bozor, Kartoshka bozor, Ko‘k bozor, Chorsu bozori, Eski jo‘va bozori.
Menga qolsa “Past bozor” deyman. “Past bozorga tushib chiq”, “Pastga tushib chiq”, “Pastdan non olib chiq” deyish oson-da!
Bozorimiz Kallaxonanin kunchiqar tomonida joylashgan, bizning mahallamizga devor-darmiyon qo‘shni. Undan tong qorong‘usidan to shom qorong‘usigacha shang‘illagan ovoz eshitiladi.
Mo‘ysafid bozorimizdan yaxlit, mumtoz musiqa eshitiladigandek. Ushbu shovqin bahaybat hayvonning uf tortib xirillashini eslatadi. Azonda o‘rningdan bismillo deb tursang ham, xudoga shukur deya yotayotganingda ham shu ahvol. Sahnada o‘rislarning mashshoqlari qator-qator o‘tirib chaladigan simfoniyaga o‘xshaydi. Musiqaning ko‘lami keng tuyulsa ham, hech vaqoni tushunmaysan.
Bizga bu be’mani shovqin xalaqit bermaydi, aksincha, xush yoqadi.
Kallaxonani ham tinch joy deb bo‘lmaydi. Mahallamizning dastro‘moldek keladigan hovlichalarida hayot qaynaydi. Bu yerning hayoti bozor bilan chambarchas bog‘langan – nonvoylar, qassoblar, somsachilar, kabobchilar, sandiqchi-beshikchilar, hammollar, ot arava, eshak arava egalari tirikchilik bilan band.
Yonimizdagi boyning uyida joylashgan “obshejit”da esa tatarlar, o‘rislar, juxudlar istiqomat qilishadi. Barchasi o‘zbek tilida, eski shaharchasiga suvdek gaplashishadi.
Uyg‘ur birodarlar ham talaygina. Kattalarning gapi bo‘yicha ular Xitoydan kelib, to‘ppa-to‘g‘ri bizning bozor atrofi mahallalariga joylashib olib o‘zlarini hunarlari bo‘lmish lag‘monchi, somsachi, mantipazlikda ustasi farang bo‘lishgan ekan.
Qayum oxun, Turdi oxunlarning qatlamali, qovurg‘a go‘shtli, parmuda somsa va xonimlarini tatib ko‘rgan xo‘randalar oshxonalarning arzongina yigirma tiyinlik somsasini yemay qo‘ydi. Bozorning qayeriga bormang, ularning: “Manti va!”, “Somsa va!”, “Xonim va!” degan hayqiriqlari eshitiladigan bo‘ldi.
Shovqin-suroni bilan bozor mahalla ichiga kirib ketgandek. Past guvala devorlar ortida panjani panjaga urib savdolashishlar, qassoblarning ma’ratib qo‘y so‘yishlari, bir yoqda Chaqichmon masjidi, yana bir yoqda Kallaxona va Mahkama masjidlaridan azon tovushlari, mashhur hofizlarning mashqlari, sevishganlarning “o‘ldim-kuydim”lari, chaqaloqlarning chinqirib tug‘ilishlari, murosaga kelolmagan er-xotinning janjallari, boloxonador so‘kishlar jaranglab eshitiladi.
Kallaxona va bozor go‘yoki bir joyda yashaydigan Hasan-Husan mo‘ysafidlar. Qo‘lni cho‘zsang bozor ichidasan. Barcha narsa qo‘l ostimizda. Xarajatni qilib olib hammol, eshak aravani yollash ham shart emas. Tromboy, tolleybusga osilishning ham hojati emas. Taksichi bilan kira narxini savdolashib kuningiz ham o‘tmaydi.
Ovqat tayyorlayotgan onamga bir bog‘ ko‘k piyoz kerak bo‘lsa, qo‘shni xonadan olib chiqib bergandek, bozordan bir daqiqa ichida hozir qilaman.
Bunday dastyorchilikdan erinmayman, oyog‘im chaqqon. Har qanday matohning bozorda qayerda joylashganini yodlab olganman. Ko‘zimni yumib ham topib bera olaman.
Peshonasiga qiyiqcha bog‘lab, yaktak kiyib olgan bo‘lsa ham, olibsotarni dehqondan ajratib olaman. Savdolashishga kelsak sotuvchining tinkasini quritib bo‘lsa ham matohni arzonga xarid qilaman. Bozorda suvga tushgan baliqdek erkin harakat qilaman.

* * *

Men uchun bozor o‘yingoh, u yerda zerikmaysan. Bola bo‘lib birorta o‘yinchoq o‘ynamaganman, birorta uch g‘ildirakli bo‘lsa ham velosiped haydamaganman. Bozordan ortmaganman.
Butun dunyo o‘z muammolari bilan, boyu-kambag‘ali, o‘g‘riyu-to‘g‘ri, yaxshiyu-yomoni bilan shu yerda qo‘noq topishgan.
Bozor sayriga mahalladan, qulochimni yoyib samolyot bo‘lib chopib uchib tushishdan boshlayman. Chopqillab tushmaslikning iloji yo‘q. Yo‘l qiyalik, qiyalik bo‘lganda ham qishin-yozin mahallaga ot, eshak aravalarning egalari aravalarni choptirib chiqishga majbur. Necha otlar mayib bo‘lib, aravalar ishdan chiqqan.

* * *

Bozor sayrini, mahalladagi ustoz akalarim o‘rgatganlaridek, bismillo deya o‘ng qo‘ldan boshlayman.
Besh-olti yosh bo‘lganimda, shu yerlarda, bozor chegarasidagi katta yo‘lda, Sag‘bon ko‘chasidan kirib kelayotgan besh-olti tuyalik karvonni ko‘rganim bor. Karvon bozor markazida joylashgan karvon saroyga kirib ketgan.
O‘ng qo‘lda Kallaxona bilan tutashib ketgan Ishqivot mahallasi joylashgan. U yerda men bilan maktabda birga o‘qiydigan do‘stim Bahrom Dadamuhamedov yashaydi. Bahrom menga qadrdon do‘st, u bilan bozorda kunimizning yarmisi o‘tadi.
Otasi eski shofyorlardan. Eski shaharda bir odat bor. Qiz bor joyga sovchilar kelsa, bo‘lajak kuyovning kasbi aravakash bo‘lsa – shofyor, oshpaz bo‘lsa – shef povar, temir yo‘lda provodnik bo‘lsa – vagres boshlig‘i, ya’ni vagon restoran boshlig‘i, deb ta’riflashadi. Shuning uchun bo‘lsa kerak, Bahromning otasi ikki bor uylanishga ulgurgan.
Ishqivot mahallasining dovrug‘ini Toshkentga yoygan – mahalla qo‘mitasining raisi Maxsum otaning oilasi. Maxsum ota – mashhur inson, ikkita o‘g‘illaridan biri rentgenolog – akademik, ikkinchisi olim – professor.
Yoshi saksondan oshgan bo‘lsa ham ota o‘rtacha bo‘yli, soqol-mo‘ylabi yo‘q, oq-sariqdan kelgan harakatchan kishi. Maxsum ota eskichadan, yangichadan xabardor.
Kezi kelganda mahalladagi xudoyi, aqiqalarda imom, qorilar bilan dinu diyonatdan bahslashib g‘olib chiqqan. Ilhomlari kelganda ko‘pini yer tishlatgan. Yangichaga kelsak, zamonaviy yozuvda bir oz kamchiliklari yo‘q emas. Bir vaqt menga qandaydir spravka yozib beraturib familiyamni Mirzayup, tavallud kunimni esa 21 nchi marit deb yozgan.
So‘nggi yillarda Kallaxona va Ishqivotga tashqaridan kelib qo‘noq topgan uyg‘ur oshpazlar, mayda savdogarlar, olibsotarlar joylashib olishgani bois, mahallaning asl ziyolilari yangi hovlilar qilib ko‘chib ketishgan. Maxsum otaning ikki mashhur o‘g‘li bizda ibrat bilan tilga olinadi.

* * *

Ishqivot bilan bozor oralig‘ida Mahkama masjidi joylashgan. Bu yer fayzli joy. Fayzliligi birinchidan – masjid Ishqivot mahallasining burchagida savlat bilan bozorga qaragan. Masjid tagidan Ishqivotga qiyalik ko‘cha ko‘tariladi. Toshkentning ushbu qadimiy ko‘chasini nomi hurmat ila Pereyaslavskaya deb qayta nomlangan. Masjid ro‘parasida mashhur buloq oqib chiqadi. Buloq atrofi musulmon g‘ishtlar bilan hovuzcha qilib o‘ralgan. Suvda aksingiz ko‘rinadi. Hovuzcha tubiga ziyoratchilar tangalar tashlashgan.
To‘garakdagi domlam Roza Hafizovnaning iborasi bo‘yicha masjidning peshtoqi, chiroyli mezanasi katta tut daraxti ostida juda “jivopisniy” ko‘rinishga ega.
Bir vaqtlar Leningraddan kelgan o‘ris rassomlar ushbu manzarani chizayotganini kuzatib rassom bo‘lgim kelgan, moybo‘yoqlarni chaplashtirib matoni qoplagim kelgan, atrofdagi mo‘ysafidlarning “hay, hay”larini, “binoi, binoi” deyishlarini, “o‘zimizning Kallaxonalik bola-ku” deyishlarini eshitgim kelgan.
Men ham ko‘p marotaba shu ko‘rinishni akvarel va qalamda chizdim, Sverdlop konsert zalini dahlizlarida ko‘rgazma bo‘ldi. Mukofot berishdi. Diplom berishdi.
Namoz o‘qish uchun masjidga atrof mahallalardan obro‘li, taqvodor, bozordan zavmag, boyvachcha amakilar tashrif buyurishadi.
Masjid biqinida beshikchi, taroqchi, tunukachilarning do‘konlari bor. Barvaqt, namozdan oldin namozga kelgan amakilar ushbu do‘kon egalari bilan bir piyola choy ustida undan-bundan suhbat qurishadi.
Ayniqsa, qo‘shnimiz Jo‘raboy charxchi amakini atrofi gavjum. Tomosha bor-da, tomosha!
Jo‘ravoy amaki supachaning ustiga chordona qurib olib, oldida gir aylanadigan charxda pichoq charxlaydi. Pichoq egasi (albatta erkak kishi bo‘ladi) usta ro‘parasida oyoqlarini kerib o‘ltirib, ikki charm kamar arqon yordamida qo‘llarini oldinma-keyin harakatlantirib charxni chirpirak qilib aylantiradi.
Pichoq bilan charxning orasidan shig‘illagan ovoz bilan uchqunlar chiqadi. Men uchun ana shunisi tomoshaning qaymog‘i.
Qo‘shnimizni xush ko‘rmayman. Dum-dumaloq xiralashgan ko‘zoynaklari ostida, baroq qoshlari bilan qo‘shilib, ko‘zlari teshib yuboray deb o‘qrayadi.
U jahldor. Urushda qatnashmagan bo‘lsa ham qo‘llarida ikkita barmoqi yo‘q. Qay ahvolda ulardan ayrilgan, bilmayman.
Jo‘raboy amakini yoqtirmasligimga sabablar bor. Biri, xotinlari bo‘lmish Umri ammani muntazam “Go‘ringga g‘isht qo‘yay!” deya tor hovlilarida quvlab, yetti mahallaga eshitarli qilib boloxonador so‘kishi. Ikkinchisi bir paytlar uyidagi hujradan ko‘zada oq yog‘ yo‘qolgani bahona lo‘li folbinni chaqirtirgani va “haqiqatparastning” o‘g‘rini ko‘rsatib beruvchi qandaydir asbobi o‘zlarining uyi tomonga burilganda, o‘sha asbobning ko‘rsatkichini kalta barmoqlari bilan bizning hovli tomonga surib, quruq tuhmat bilan oyijonimni qon-qon yig‘latgani.
Mahkama masjid buzilarkan, degan gap tarqaldi. Hukumat aytganmish. Qariyalar qo‘l juftlab bu baloi-azimni qaytarishni xudodan so‘rashdi. Bo‘lmadi.
Yuqoridan buyruq bo‘libdi, eskilik “sarqiti” ekan bu masjid. Ul dargohga asosan qariyalar kirib-chiqib turgandan so‘ng qarilik eskilik bo‘lsa kerak-da.
Buzish boshlandi. Lekin bu nomaqbul yumushda mahalliy aholi qatnashmadi. Shunda chetdan kelgan mardikorlar ishga solindi. Birinchi kuniyoq machitni buzayotgan sho‘ring qurg‘urlarning bir nechtasi mayib bo‘ldi. Shunda piyonista ishchilar ishga solindi. Shisha bilan hisob-kitobni eshitgan g‘ayri dinlar masjidni bir amallab qulatishdi.
Masjid o‘rnida qup-quruq qutini eslatadigan dorixona barpo etmldi. Nomini “Sakkizinchi” deb qo‘yishdi.
Sobiq masjid o‘rnining fayzi ketdi. Hunarmandlar ko‘chib ketishdi, jumlai mo‘min ko‘rinmay qo‘ydi, rassomlar rasm chizmay qo‘yishdi, azon aytilmay qo‘ydi.

* * *

Chorsu tomondan bozorga qarab, ikki tomoni eskicha qurilgan imoratlar joylashgan. Chap qator do‘konlar o‘rtasida, shifti yarim dumaloq, tuynuk orqali pastga tushadigan zina bo‘lib, to‘ppa to‘g‘ri “Dom dehqonga” olib tushadi.
“Dom dehqon” – bog‘ bo‘lib unda lo‘lilarni jamoalaridan va xufyona soqqa tepadigan qimorbozlardan boshqa insonlar ko‘rinishmaydi.
Bir paytlar siyosat yo‘lida “hashar” qilinib, xalq “yog‘ilib”, shu savil bog‘ni barpo etganmish. Bozorga uzoqlardan kelgan musofir dehqonlar shul dargohda tunashganmish, sayillar va saylovlar o‘tganmishmi-yey…
“Dom dehqon”ligini keyinroq bildim. Yoshu qari bu yerni “Do‘ndiqon” deb atashadi. Do‘ndiqon pastqam soy bo‘yida joylashgan. Soyning qiyshiq “Pulsirot” ko‘prigi ham bor. Bu pastqam, noobod yerni ko‘pincha chetlab o‘taman.
Yuqorini xush ko‘raman. Yuqoridan uzoq-uzoqlar ko‘rinadi, yuqoridan rasm chizsang yaxshi, yuqori bahavo bo‘ladi.
Bozor ko‘chasining o‘ng tomonida, do‘konlar ortida menga katta tog‘ bo‘lib ko‘rinadigan balandlik bor. Ushbu tog‘ning tepasida . Eski shaharning ko‘rki bo‘lib Xo‘ji Ahror masjidi va Ko‘kaldosh madrasasi savlat to‘kib turadi. Xoji Axrorning gumbazi balandroq joylashgan. Ko‘kaldosh esa yaltiragan orqa peshtoqi va hovlisidagi bir-ikkita daraxti bilan pastroq ko‘rinadi.
Kallaxonaning loyli tomlaridan necha marotaba ushbu ajabtovur manzarani chizaverib bu yerlar menga yod bo‘lib ketgan.

* * *

Meni ana shu cho‘qqiga chorlaydigan yana bir joy bor – bu shundoqqina Xo‘ja Ahror masjidi tagidagi qovun bozori. To‘garagimiz rahbari Roza Xafizovnaning iborasi bo‘yicha bu juda “jivopisniy, bik yaxshi joy”.
Qovun-tarvuzlarning rang-barang uyumlari, dehqonlarning olachalpoq choponlari ilhomni qitiqlaydi, ijodga chorlaydi.
Bu ajoyib manzarani xayoldan chiza olaman, naturadan chizolmayman. Sababi rasm chizadigan uch oyoqli dastgohim yo‘q, faqat qog‘oz-qalamda, tizzamga faner bo‘lagini qo‘yib chizaman. Turib chizganga nima yetsin. Turib chizsang, qovun bozor kaftingda joylashgandek bamisli palak bo‘lib ko‘rinadi.
Qovun bozor ijodimni ilhomlantirish bilan birga nafsimni ham qondiradi. Kallaxonalik mol-holi bor bolalar bu yerda po‘choq yig‘ishadi. Po‘choq yig‘ishdan oson ish yo‘q, bir parcha kleyonka dasturxon bilan qiyshiq pichoq bo‘lsa bas.
Chidolmay nafsi jo‘sh urgan amakijonlar yigitlarning dasturxon pichoqlarini ijaraga olib, bozorning o‘zida qovun-tarvuzni so‘yishadi, “Oh-oh”lashadi, “Voy-vo-yey, muncha asal” deyishadi. “Yaratganga shukur” deyishadi. Dehqon buvani eslashmaydi ham. Poliz ekinlari bilan oshqozonlari to‘lgandan so‘ng tarvuz-qovundan bizga ham ulashishadi. Ijara haqi – amakilarning bazmidan qolgan tarvuz-qovun po‘chog‘i va bir-ikki tilim bilan siylashgani.
Qovun bozorni xo‘p aylanaman, har bir qovun-tarvuz uyumidan so‘ng yangi, ilhomni qo‘zg‘atuvchi qo‘rinish, domlamizning iboralari bo‘yicha “motiv” tug‘iladi.
Bu yerda sandiroqlayverib poliz ne’matlaring bosvoldi, ko‘kcha, obinovvot, mirzacho‘l, bo‘rikalla, qirqma, qizil urug‘, qora tarvuz, qo‘ziboy turlarini bir-biridan ajratib olishni o‘rgandim, ularni po‘stidan, shaklidan ajrataman, qaysi biri pishib yetilgan, qaysi biri dumbul, sapcha, bir qarashda bilaman.
Savdolashishga kelsak, menga teng keladigan ko‘cha bolasi yo‘q. Savdolashaverib, dehqonning qo‘lini siltayverib, bor-barakalla deyaverib, mirishkor bobo dehqonning tinkasini quritaman, Toshkentning eski shahariga qovun olib kelganidan pushaymon bo‘lib, sira xursand bo‘lmay qoladi.
Qovun bozorni rangli bo‘yoqlarda tasvirlab yubordim-ov. “Alisher boyvachcha, qovun bozor bilan bog‘liq ozorlaringizdan so‘z oching”, — deydigan odam yo‘q.
Uf, eslagim kelmaydi, hali ham quloqlarim sholg‘om bo‘lib lo‘qillayotgandek tuyuladi.
Hammasiga qovun bozorining o‘rtasida, yerdan topib olingan o‘n so‘m pul sabab bo‘ldi. Buklanib yotgan pul ko‘zimga cho‘g‘ bo‘lib ko‘rindi. Bir oz tomosha qilib qoldim va tezda qirqinchi patinkam bilan, birov ko‘rib qolmasin deya bosib oldim. So‘ng orqa-oldimga qaramay ushbu ganjni yerdan olib cho‘ntakka urdim-u, bozorni tez tark etishga shoshildim.
Naq o‘n so‘m pul-a! Bir so‘m, ikki so‘m bo‘lsa ham bunday hayajonlanmas edim.
Pul egasi, melisa Burunboy va Semizboylar bilan meni ta’qib etishayotgandek tog‘dan qushdek uchib tushib g‘ir-r etib uyam bo‘lmish Kallaxonaga kirib ketdim. Kallaxonaga kirishdan oldin Ishqivot va Sassiq hovuz jin ko‘chalaridan meni ta’qib qilayotganlarni chalg‘itib, adashtirib ortda qoldirgandek bo‘ldim.
Uyga kirib biqinib oldim, boyib ketganimga ishonmay chervonni tomosha qila boshlayman. Pulda bizga “o‘qish, o‘qish va yana o‘qish” deb qimmatli maslahatlarini bergan dohiy qarab turibti. Ruxsoridan mening boyib ketganimdan xursandmi yoinki xafami, sezilmaydi.
Pul qog‘ozga mehr ila qaradim, uzoq tikildim, tepamda taajjubdan og‘iz ochib turgan Gulnafis opamni sezmay qolibman.
– Pulni qayerdan olding? – deya muloyimlik bilan so‘z ochdi.
Kulib turganlariga javoban to‘g‘risini ayta qoldim, sodda bo‘lmay o‘lay.
– Hay-hay, katta pul, – dedi.
– Qulluq! – dedim mamnunlik bilan.
Opam bisotimga sherik bo‘lmadi, kapitalimni tuya qilmadi, sekin chiqib ketdi. Topilmamning gashtini sura boshladim.
O‘n so‘m pulga nima olsa bo‘ladi? Kiyim olsammikan? Ust-bosh kiyim olib, kuyovlardek Kallaxonaga kirib kelsam, yo‘g‘-ye. Kiyimim, xudoga shukur, bor, o‘zim qirqib naycha pocha qilib olgan trinka shimim, oldi naqshli jujun ko‘ylagim, boshimda soyabonli aerodrom – o‘rischa shapkam, oyog‘imda futbol to‘garagidan qolib ketgan, menga ne balolarni hadya etgan 39-razmerli ketam ham bor.
Arqonni uzoqqa tashlagim keldi. “To‘xta, Alisher, o‘yla Alisher”, – dedim. “Ke, rassom bo‘lmoqchi ekansan, etyudnik ol, Navoiy teatri ortidagi do‘kondan moy bo‘yoq, cho‘tka ol. Qolganiga esa bir nechta karton olib, menga ushbu boylikni tortiq etgan qovun bozorining suratini chizib qo‘y”, – dedim.
Tuzgan rejamdan mamnun tirjayganimni o‘zim ham sezmay qolibman. Meni qutlagan opajonim, muloyimlik bilan, ko‘zda ayyorona qarash ila onaizorim yo‘qlayotganliklarini aytib, meni shirin ijodiy xayollardan uyg‘otdi.
Bir baloni sezgandek bo‘ldim. Nazarimda qo‘limdagi oltin ma’budadan ayrilib qoladigandek bo‘ldim, chunki onam qo‘shni opoqoyilardek bolalari bilan muloyim aylanib, o‘rgilib muomala qilmasliklarini bilardim.
Tarixdan o‘qiganim bor – “spartan tarbiya” deydi buni. Onam ana o‘sha spartancha – siqib suvini oqizadigan tarbiya tarafdori. Adi-badi aytishish marosimi bo‘lib o‘tmadi. Hech qanaqa hayajon va ifodasiz boylikni orttirganim haqida so‘radilar.
– Qovun bozoridan, – dedim.
Astma kasalligiga uchraganiga qaramay, onam sekin o‘rnidan turdilar. Poygakda kalishlarini oyoqlariga ilib, meni oldiga chorladir. Hech nimani tushunmay bordim.
Chap qulog‘imdan mahkam ushladi.
“Voy dod!” Qulog‘im “Spartak” stadionidagi kurash to‘garagi polvonlarining quloqlariga o‘xshab, qirsillab chiroyli shaklini yo‘qota boshladi. Ana shu ahvolda yo‘lagimizdan chiqib ko‘chaga boshladi.
Oldin, qulog‘imni lovullatib Kallaxonadan bozorga tushdik, o‘ngga burilib bozor oralab qovun bozor joylashgan toqqa yaqinlashdik.
Qulog‘im hamon iskanjada. Meni sudrab onaizorim hansirab tepaga chiqa boshladi.
Yo‘limizda joylashgan taroqchilar, beshikchilar, zargarlar do‘konlariga qiyo boqmay tepadagi manzilga yetib oldik. Yo‘lni bosib o‘tish oson kechmadi. Onam hansirab qoldi, rangi o‘chdi.
Onamga pulni topib olgan joyimni ko‘rsatdim.
– Pulni qo‘y joyiga! – dedi.
Onamning amri bajarildi. Shundan so‘ng qisqagina:
– Yerdan birovning narsasini ola ko‘rma! – deb sholg‘omga aylangan qulog‘imni qo‘yib yubordi.

* * *

Qovun bozoridan hafsalam pir bo‘ldi. Katta bozorimizning boshqa yerlarini gullatgim kelib, o‘rtadagi non bozorini tanladim. Non bozor gir aylana doira shaklida. O‘ziyam Chorsu bozorining qoq markazida!
Ming xil non sotiladi – oddiy yopgan nondan tortib, shirmoyu-patir, qashqarcha lo‘ppi, sedanali shirmondan tortib piyozli, jizzali nongacha. Lochiradan tortib gijdagacha bor bu aylana bozorda.
Non bozor atrofida o‘rischa non do‘koni ham bor. Peshtoqida “Xleb” degan so‘z zikr etilgan. Bu yerda turli buxankalar, bulkalar, bulochkalar taxlab tashlangan. Do‘konning orqa eshik tomonida biqiniga “xleb” deya yozilgan mashinalarining keti uzilmaydi.
Eski shahar ahli bu do‘konga yaqinlashmaydi. Chunki milliy nonlarni xush ko‘radi, qizarib, ko‘mirda pishirilgan tandir nonni, tagi singib pishirilgan nonni, tandirda yetilgan yuzi kulib turadigan nonni xush ko‘radi.
O‘rischa non do‘konni savdo planini to‘ldirishga. Keles, Ko‘kterak, Sariog‘ochdan kelgan qozoqlar qoplab olib hissa qo‘shishadi. O‘zigayam, moligayam yetarli qilib olishadi. Nonni sifatiga qarashmaydi, pechkada pishganmi, tandirdami, indamasdan qoplarga taxlashgani-taxlashgan, joylashgani-joylashgan.
Ushbu do‘konga ham qulluq qilgan kunlarim bo‘ldi.
50-yillarning ikkinchi yarmi, Xrushchev davri edi. Un topish qiyin kechdi. Kallaxona nonvoylariga qoplab un tashiydigan ot arava va hammollarga ish qolmay, tirikchiliklari kasod bo‘ldi. Aravalarning o‘qlari osmonu falakka qarab tarvaqaylab qoldi. Aylana non bozor ham huvillab qoldi.
Barcha o‘zini o‘sha “Xleb” magaziniga urdi. Aholi xamiri og‘ir, gijda nonlarni sotib ola boshladi. Mag‘zi pishmagan xom nondan jig‘ildon, zarda qaynaydi. Lekin inson chidar ekan, inson sabrli ekan.
Onam kasal. Gijda non yemay qo‘ydi. Oq non anqoning urug‘i. Faqat erta tong “Xleb”da bir oz vaqt oq bulochkalar sotiladi. Kim zo‘r bo‘lsa o‘shandan oladi. Qolganiga – toshdek og‘ir gijda.
Cheti ko‘k hoshiyali dasturxonimizni qo‘ltiqlab, saxarda “Xleb” do‘konida navbatga uchinchi bo‘lib qo‘shildim. Sovuqda to‘rt soat yer tepinib turdim. Noumid shayton.
Soat sakkizda do‘konning darchalari ochildi. Navbatda turgan, turmaganlar harakatga kirib, to‘polon boshlandi. “It egasini tanimay qoldi”.
Bir mahal qarasam, shirin xayollar bilan uchinchi bo‘lib turgan Alisherjon navbat degan bevafo qurilmaning o‘ttiz-o‘ttiz beshinchisi bo‘lib qolibdi.
Besh tiyinlik oq bulochkalar savdosi boshlandi. Qarasam, quruq qoladiganman.
“Harakat qil, Alisher, otni qamchila, Alisher!” dedim. Tengqur bolalardan bir kalla katta emasmanmi, “Yo, Ali!” deya ikki baquvvat tirsagim bilan navbatda turganlarni chapga, o‘nga surib tashlab darcha tomon oshiqdim.
Prilapka ustiga dasturxonimni yozib pulni uzatishimni bilaman, duv etib o‘ttizta oq bulochkalar yog‘ildi. Dasturxonni to‘rt chakkasini g‘ijimlab ko‘tarib nonchalarni eson-omon olomon ichidan olib chiqdim.
Shu kun onamni oq non bilan siyladim. Qo‘l ochib duo qildi.

* * *

Go‘sht bozori yuqorida – Chaqichmonda. Bozor markazidagi toshqin suv u yerga yetib borolmaydi.
Yomg‘ir shivalaydimi, jala quyadimi go‘sht bozorida savdo avjida.
Har bir qassobning qo‘lida ko‘zi ojizlarning kutubxonalaridan undirib olingan, paypaslab o‘qish uchun maxsus mayda teshikchalari ochilgan qalin qog‘ozga o‘ralgan go‘sht. Xohlagan hajmdagi – bir kilomi, ikki, ikki yarim kilomi, hatto yarim kilolik go‘shtlarni, qo‘lida bo‘lmasa, qo‘ltig‘idan, kerak bo‘lsa oyog‘i orasidagi latta sumkadan hoziru-nozir qilib berishadi.
Go‘shtning ta’rifiga esa gap yo‘q. Bu bozorda qo‘lda boqilgan, albatta, halol so‘yilgan, istalavoyning chiqindisi bilan boqilmagan, dalama-dala sandiroqlamagan jonivorlarning go‘shti bo‘ladi.
Go‘sht xarid qiluvchi qanday go‘sht olayotganini bilishi kerak. Qo‘yning old oyog‘i bilan soni go‘shtini farqlamaydiganlar ko‘p. Uchar amakilar – G‘ofir qassob, Rahmon qassob, Shodmon qassoblar ularni bir zumda kalaka qilib cho‘ntaklarini puch yong‘oqqa to‘ldirib yuboradilar. Ul zotlar qanchadan-qancha odamlarni gipnoz qilib sehrlab qo‘yganlariga guvoh bo‘lganman. Sehrlashdan murod bitta – go‘shtning ostiga amakilarning mushtidek keladigan mol suyaklarini ko‘mma qilib, urib yuborish.
Lekin mendeklarni alday olishmaydi. Go‘shtning farqiga boraman. Masalan, sarpanja – qo‘yning old oyog‘i qismi, qog‘ozga bir, bir yarim kilo qilib o‘raladi. Miyon qovurg‘a nimtaning eng shirin joyi, jonivorning biqin qismi, shuning uchun yarim va bir kilo qilib o‘raladi. Choyxonaning shodigul palovi uchun to‘qli va oshiqlik son olingani ma’qul. Ushbu go‘shtdor – laqqa qismlari ikki, ikki yarim kilo qilib o‘raladi.
Kallaxona boyvachchalari sonli go‘shtga qo‘shib to‘shni peshnob qilib olishadi. Peshnob – bu to‘shni bo‘yin go‘shti bilan shilib olingani, shuning uchun to‘rt, to‘rt yarim, besh kilo, ba’zida olti kilo toshni bosadi. Qo‘yning salobatiga qarab, albatta.
Eski yoki qari molning go‘shti bir oz qoraygan, ko‘rimsiz bo‘ladi. Yosh molning go‘shti qizil rangga tortgan bo‘ladi. Jaydari qo‘y uyda boqilgan, dumbasi katta bo‘ladi. Ba’zida oppoq dumba yog‘da qizil tangachalar shaklida dog‘lar ko‘zga tashlanadi. Bu barmoq izlari, dumbaning vaznini bilish paytida, qassoblarning ikki qo‘llab ko‘tarib ko‘rishganligi oqibati.
Hisori qo‘yni go‘shti qimmat yuradi. Mazasi jaydari qo‘y go‘shtidan shirin. Go‘shtning eng arzoni – malish dumli oq qo‘y go‘shti. Aslida bunday qo‘ylar jun olish uchun boqiladi, go‘shti shirin bo‘lmaydi.
Umuman, qo‘lda sotiladigan go‘sht har jihatdan sifatli – yangi so‘yilgan jonivorning go‘shti bo‘ladi. Go‘sht do‘konlaridagi go‘shtlar zahiradan, aniqrog‘i urush zahiralaridan keltirilgan, yaxlagan bo‘lib, ularning go‘shtlarni mazasi yo‘q. Oshpaz qanchalik mohir bo‘lmasin, bu go‘shtlardan mazalik taom tayyorlay olmaydi.
Ayniqsa, Avstraliyadan keltirilgan kafanli qo‘ylarning go‘shti bemaza. Kafanli go‘shtlar “obshepit” restorani, oshxonalariga tarqatiladi. Shuning uchun bo‘lsa kerak restoran o‘rniga xo‘randa Jardagi uyg‘ur Xolisxon opaning lag‘mon, kaboblarini ma’qul ko‘radi. Qiyshiq Jar ko‘chasida cho‘kkalab olib bo‘lsa ham, mazali taomdan bahramand bo‘ladi.
Sotuvchi amakilar ba’zida sirli qilib, chet tilda savdolashishadi. Maktabda ingliz tiliga hushim bo‘lmasa ham, qassob dallolarning lahjasini o‘zlashtirganman.
Savdo ustida “Kapa Nosir” so‘zi aytilsa, narxning ustiga 200 so‘m qo‘shilgan bo‘ladi. “Piyoz Kam” deyishsa, ikki yuz so‘m kamiga roziman degani. “Sari Kami” yuz so‘m kam degani. “Panjob” degani atigi 50 so‘m degani. Bu lahja asosan dallollarga taalluqli bo‘lib, go‘sht bozordan ko‘ra ko‘proq mol bozorda, go‘sht bozorga keltiriluvchigan nimta go‘shtlar hali to‘rt oyoqlab chopqillab yurgan jonivor shaklida bo‘lganida zikr etiladi.
Go‘sht bozorning ham tili bor: echki bozor tilida Makaron yoki Abdukarim deyiladi. Qo‘y go‘shtlari ham turlicha: qora qo‘chqorning go‘shti, qorako‘l qo‘y go‘shti, malish dumli qo‘y go‘shti, solix go‘sht, jaydari qo‘y go‘shti.
Go‘sht bozorda qoramol, qo‘y, echki, ot go‘shtlaridan tashqari dekabr, noyabrlardan boshlab quyon, kurka go‘shtlari ham sotiladi. Kalla-pocha sotuvchi opoqilarga achinaman. Yomg‘ir tagida bo‘ke-ye-yeb o‘tirishadi. Boshlariga o‘rab olishgan momiq ro‘mollari yomg‘ir tagida sotuvga qo‘yilgan terining yungidan farqi yo‘q.
Qatorlashtirib qo‘yilgan qo‘y kallalari g‘alati tirjayib qaraydi. Barchasining tili tishlangan. Yerda ichaklar naqshinkor gajak qilib tortilgan. Qo‘y tuyoqchalari bir qator chiroylik taxlangan. Tuyoqchalarning yuqorisiga qaramasangiz afsonaviy tulporlar tuyoqlarini eslatadi.
Ushbu matoxlardan tashqari bu yerda qorin-charvi, buyrak, o‘pka, kalla pocha kabi qo‘yning “zapchast”lari ham sotiladi. Qo‘y va mol go‘shtlarini chiroyli chopib, qalin qog‘ozlarga o‘rab, ko‘zlari ola-kula yosh yigitchalar sotishadi.
Melisalarni oblavasidan, ta’qibidan qochishga sotuvchilarni oyoqlari chaqqon bo‘lmog‘i kerak. Yuragini hovuchlagan sotuvchi bechoralar Kallaxona tomonga tumtaraqay bo‘lishadi. Chunki Kallaxonada yashirinadigan jin ko‘cha va yo‘laklar bisyor. Xonadonga Kallaxona tomondagi eshikdan kirib, qo‘shni Ishqivot mahallasidan chiqib ketish mumkin.
Ba’zan oblavachi melisalar sho‘ring qurgur qassoblarga yetib olish xavfi paydo bo‘lsa, oxirgi imkoniyatni ishga solishadi shovvozlar. Ya’ni, qog‘ozga o‘ralgan go‘shtni zo‘r berib, birin-ketin Xuri poshsho, Hojiniso xola xonadoni tomiga yoki bizlarning tomlarimizga uloqtirishadi.
Oblava tugagach, narvon qo‘yib, somon suvoqli loy tomimizdan laxim go‘shtlarni terib olib, terlab, halloslagan egalariga qaytaraman. Mukofotga yarim kilo bo‘lsa ham go‘shtni minnatdor bo‘lib ravo ko‘rishmaydi. Go‘sht sotuvchilar savdolashaverib har misqol go‘sht ustida pishib, qurumsoq bo‘lib ketishgan-da. Mendek yosh bolani mukofotlashardimi?
Yana “Tomga chiqib qara, bitta-yarimta go‘sht qolib ketmabdimi” deyishiga o‘lasizmi. “Ha, go‘sht qolib ketsa, unib chiqib ko‘rinar edi-ku”, – deyman ularning jig‘iga tegib.
Miroboddan katta buvim kelgan kunlari uyimizda go‘sht qolmagandi. Onam holvaytar pishirdi. Buvim norozi ohangda:
– Men o‘lganmidim, onang holvaytar pishiradi. Ordona qolsin! – deydi.
Buvimga hayronman. Urush davrini o‘z ko‘zlari bilan ko‘rgan, yeyishga non, sotib olishga hemiriyam bo‘lmagan-ku. Endi… holvaytar yesa yebdi-da!
O‘sha kuni tashqarida oblava bo‘layotgan ekanmi, bir mahal tom osha hovliga bir necha bo‘lak go‘sht tap-tap etib tushdi. O‘ralgan qog‘ozlari osmonda ipi uzilgan varraklar bo‘lib tomga qo‘nishdi. Onam oshxonada qozondagi holvaytarning qirmochini qirish bilan ovora. Buvim avval cho‘chib tushib, “Lo illoha”ni bir necha bor o‘qib tashladi. So‘ng o‘zini o‘nglab olgach, onamni chaqirdi.
— Mana, Karomat, xudoyimning marhamati, g‘oyibdan go‘sht tushdi, xudoyimdan o‘rgilay! — deya chapak chalib qoldi.
Asl ahvolni ming tushuntirmaylik, foydasi bo‘lmadi. Buvijonim holvaytarni yalab, “g‘oyibdan, g‘oyibdan” deyishdan to‘xtamadi.
Katta bola bo‘lib qolganman. Yettinchi sinfda o‘qiyman. Go‘sht bozorda tirikchiligim ham bor, Xudoga shukur.
Oyog‘im chaqqon, gavdam yoshimga nisbatan yirik emasmi, ustoz qassoblar menga o‘z mollarini ishonib topshirishadi. Toshkent atrofidagi mol bozorlardan jonivorlarni qassoblarning qo‘ralariga, to‘ppa-to‘g‘ri “kunda” tepasiga haydab kelaman. Xafa qilishmaydi.
Abay yoki Sariog‘ochdan haydab kelingan bitta qo‘yga o‘n besh so‘m, Ko‘k terak, Sho‘ro bozordan bir oz kamroq – o‘n so‘m berishadi. Chuqursoy va Xastimom bozorlaridan mol haydagan kunlarim ham ko‘p bo‘lgan.
Bir qo‘limda toldan sindirib olingan xivich, ikkinchi qo‘limda bir chelak tuxum. Tuxumlarni, mol bozorning chetida, atroflardan kelgan qozoq sheshelar “aylanayin, aylanayin shirag‘im”, deya sotishadi. Donasiga besh-o‘n tiyindan so‘rashadi. Tuxumlarning ko‘rinishi achinarli. Befarosat tovuqlar duch kelgan joyga tuxum tashlab ketaverganmi, kiri chiqib yotadi.
Ha, endi bozorda savdo qilgandan so‘ng bir oz tadbirkor, bir oz chaqqon bo‘lmoq kerak-da!
Tadbirkorligim uydagi oshxonamizdan boshlanadi, yashirincha ozroq sirka olib bir litr suvga qo‘shib aralashtiraman. So‘ng chelak to‘la tuxum ustiga quyaman. Qarabsizki, tuxumlar oppoq-da!
Tirikchilik avjiga chiqib, gulday yashnab turgan bir paytda ishimga, yomon ko‘z tegdi.
Bozorimizdagi Burunboy melisa, Semizboy melisa, yuzi xunuk Yusuf melisalarning mendeklar bilan ishi yo‘q. Illo Qodir melisa yomon chiqdi. O‘sha menga ko‘z tikkan ekan. Meni qo‘lga tushirgan o‘sha kishi. “Bezforma” ekan. Meni gapga solsa laqqa tushib o‘tiribman. Aldab-suldab, bozor chetidagi melisa bo‘limini zindoniga joylashtirib qo‘ydi.
Savdogarsan, degan ayblov qo‘yishdi bo‘ynimga. Yosh ekansan, atigi o‘n besh sutka yotasan, deyishdi. “Nurilla melisa mening yon qo‘shnim” dedim. “Yetimman” dedim, “Oyimni sog‘indim” deya yig‘lab qo‘rqitdim. Bo‘lmadi. Hiyla-nayrangim o‘tmadi.
Taqdirga tan berdim. Ammo voqeadan xabardor sheriklarim bo‘sh kelishmabdi.
Mol bozordan qo‘ylarni haydab Chig‘atoydan o‘tardim. Guzardan o‘tayotib, uchragan mo‘ysafid zotiga salomimni kanda qilmas edim.
Muhiddin ota degan ota bo‘lardi. Men bilan quyuq so‘rashib, yelkamga qoqardi, “barakalla” derdi.
Otam yo‘q emasmi, do‘stlarim o‘sha otaga voqeani aytib najot kutishibti.
Otaning mavqei zo‘r, qo‘li anchagina uzun ekan, qamalgan kunimni ertasi Muhiddin ota melisaxonaga kelib meni ozod etdi. Melisalar otani hurmat qilisharkan, ota-bolani ikki bukilib kuzatib qo‘yishdi.

* * *

Onam bilan paketchilik – xaltachilik kasbini o‘zlashtirdik. Bunga Nig‘matjon ismlik katta pochcham sababchi bo‘ldilar. U kishi sakson to‘rtinchi zavodda shofyor emasmi, arzonroq qilib bizga, sarg‘ishdan kelgan, katta rulonda paket qog‘oz olib keladigan bo‘ldi. Onam bilan qog‘ozdan paket yasab tikamiz, so‘ng bozorga olib chiqib sotamiz.
Zamon notinch. Qog‘ozni uyga tushirib bo‘lmaydi. Matohni chap qo‘l Kallaxonada yashaydigan Akbar akanikiga tushiradigan bo‘ldik. Akbar aka eski boyning o‘g‘li bo‘lgani bois, mustahkam uyi va bahaybat darvozasi bor. Pochchajonimning qog‘oz ortilgan yuk mashinasi bemalol ichkariga kiroladi. Akbar akaning onalari Ruqiya xola onamning qadrdon dugonasi, tutingan opa-singil ular. Xolamlar o‘g‘illari bilan o‘zlarini xavf-xatarga solib bo‘lsa ham savob ishga qo‘l urishadi, bizning matohimizni saqlab berishadi.
Sersavob pochchajon zudlik bilan moshinani ketiga tiralgan ikki taxta ustidan qog‘ozni yumalatib ichkariga tushiradilar so‘ng o‘sha zahoti darvoza tavaqasini yopishni ham nasiya aylab, moshinaga o‘ltirib juftakni rostlab qoladi. Shu qochgancha pulni ham olmaydi, rahmatni ham xazm qilib ulgurmaydi.
Pochcha – g‘irt quyonyurak. Chamamda bir vaqtlar menga o‘xshab melisa xonada tunagan bo‘lsa kerak.
Qo‘limda o‘tkir pichoq, g‘ildirak-o‘ram qog‘ozni o‘rtasidan qirqishga kirishaman. Qirqilgan qog‘ozlarni o‘n besh, yigirma kiloli qilib o‘rab Akbar akani yerto‘lasiga olib tushib sarjin taxlagandek terib chiqaman.
So‘ng bir o‘ram qog‘ozni choyshabga o‘rab hovlining etagidagi o‘ng qo‘l Kallaxonaga chiqadigan tuynuk orqali chiqib ketaman.
Onam qog‘ozlarni yoyib bichadi. Xaltachalar har xil hajmda bo‘lmog‘i kerak. Kattasi – besh tiyinlik, o‘rtanchasi uch tiyin va kichigi ikki tiyinlik bo‘ladi. Bichilgan qog‘ozlarni buklab chetini tikib chiqamiz.
Do‘stlarimga aytmayman, paket tikish mening zimmamda. Ushbu yumush ayollarniki-da. Nachora, tirikchilik-da. Gulnafis opam uzatilganlaridan so‘ng bu faoliyat menga meros bo‘lib qoldi.
Avvaliga ishim yurishmadi. Buklangan qog‘ozlarni ikki tomonidan G harfi shaklida tikish o‘rniga P shaklida tikibman. Qarasam, men tikkan xaltalardan foydalanib bo‘lmaydi. To‘rt tomoni yopiq.
Onam bechora antiqa paketlarni uchinchi tomonini qirqib chiqdi. Xaltachalar muomaladagi standartdan chiqib ketgani uchun ko‘tarasiga besh tiyinligi – to‘rt yarim tiyin, uch tiyinligi – ikki yarim tiyin, ikki tiyinligi esa bir yarim tiyindan sotildi.
Qoqilib, qoqilib “yigit kishiga qirq hunar oz” deganlaridek, tez kunlarda tikuv ishlarining ustasi farangiga aylandim.
Almisoxdan qolgan tikuv mashinamizga motor o‘rnatdik. Motorni vang‘illatib ishlatdim, texnikani jilovi o‘z qo‘limda. Ishim yurishib ketdi, o‘zimizni xaltalardan tashqari boshqa paketchi opalarning mushkulini oson qila boshladim. Chaqqonligim shu darajaga yetdiki, ko‘zimni yumib olib ham elliktadan yuztagacha xaltachani bemalol tika olaman.
Otadan yetim bo‘lsam ham qornim to‘q, egnim but. Ha, aytganday, bir oz kattaroq bo‘lganimda, ul mukofotni puliga uylanib olarmidim. E, bor-yey, xayoling ko‘chalariga qurt tushsin!

* * *

Paket savdosidan ortgan pullarimga Keles avtostansiyasi yaqinidagi UzGiz kitob do‘konidan aqlimni peshlash dardida nashrlar xarid qila boshladim.
Maktabdagi kutubxona, mahallamizdagi bolalar kutubxonasi va bozor ichidagi “Oktyabr” (Turon) kutubxonalaridagi menga yoqqan kitoblarni bitta qo‘ymay o‘qib tushirdim.
Nazarimni UzGiz do‘koniga qaratdim. Kitob koshonasining mudiri Qori aka degan, to‘ladan kelgan ko‘k do‘ppili kishi.
Do‘konning chap tomonida o‘zbek adabiyotiga oid kitoblar taxlangan, o‘ng tomonida esa menga ancha ma’lum bo‘lib qolgan rus adabiyotidan klassik namunalari. O‘zbek yozuvchilaridan Abdulla Qodiriy, Mirkarim Osim, Hamid G‘ulom. Mirmuhsin, Odil Yoqubov, Pirimqul Qodirovlarning asarlarini mutolaa qildim.
Rus adabiyotidan bahramand bo‘lib, kitob qahramonlari Denis Davidov, Raxmetov, Kashtankaning egasi Luka Aleksandrov, mardikor Balda qiyofasidan chiqib, xayolan sharq adabiyoti qahramonlari qiyofasiga kirdim. Otabekka taqlid qilib sevish, sevilish haqida o‘y surdim, so‘ng Xudoyberdi To‘xtaboyevning qahramoni bo‘lmish “Besh bolali yigitcha”ga aylanib bir iztirob cheksam, bir kuldim.
Chet el yozuvchilaridan Mayn Rid, Jek London, Ernest Xeminguyeylarning asarlarini o‘qib tushirdim. Ayniqsa, Jek Londonni “Hayot uchun kurash” hikoyasi ruhiyatimni ostin-ustun qildi. Qahramonga hamdard bo‘ldim, hatto asarning avj ko‘rinishini qora qalamda tasvirladim.
Xona o‘rtasida, yo‘l azobida, barmoqlari sovuq urib kesilgan, boshi egik xayoli parishon Jon. Oldida, xaridorlar qaytarib bergan, o‘nta-o‘nta qilib kesilgan tuxumlar. Xonaning issig‘idan, sovuq urib, so‘ng sasiy boshlagan tuxumlardan badbo‘y hid ko‘tarilayotir. Boshi berk ko‘chaga kirib qolgan inson.
Rahmim keldi Jonga. Ko‘zimga yosh oldim. Hikoyadagi harorat suratga o‘tgan bo‘lib ko‘rindi ko‘zimga.
Asarimni “Gulxan” jurnaliga jo‘natdim. Javob xatida: “Asaringiz bizga ma’qul, lekin bizga baxtli kelajak obrazi kerak. Quyidagi mavzularni qoralab berishingizni xohlardik. Qrimdagi Artek lagerida dam olayotgan baxtli safdoshlaringizni obrazi kerak. Yosh qahramon pioner Pavlik Morozov obrazi. Shul vazifani bajarsangiz, bizni jurnalimizni zarvaraqlari sizdek qobiliyatli yosh musavvirga muntazir” degan iliq so‘zlar bilan bitilgan edi.
Qori akaning UzGiz kitob do‘konidan ko‘p foyda oldim. Go‘yoki dunyo kezdim. Amerika hindularidan O‘tkir ko‘zni tanidim. Navoiyning Majnunini, Oybekning Yo‘lchisini, Qodiriyning Otabegini tanidim. Pushkinning “Dubrovskiy”, “Kapitan qizi” asarlarini o‘qidim. Garchi shoir bo‘lsa ham Pushkin ushbu qissalarni boplab yozgar. Maroq ila o‘qidim. Faqat “Kapitan qizi”ning bir joyiga tushunmadim.
Asar qahramonining sevgilisi aybsiz Grinyovning yonini olib, najot so‘rab Peterburgga – saroygacha boradi. Malika bilan uchrashib iltimosini hayajon ila, ammo sobit, vazmin ohangda tushuntiradi. Malika… yordam beradi.
Shu vaqtgacha maktabda podsho, malikalar qoralanib, johil, mehrsiz inson deb uqtirilardi, bu asarda esa yozuvchi ijobiy qahramon sifatida tasvirlabdi.
Javob izlab adabiyot o‘qituvchimiz Lidiya Stepanovnaga murojaat etdim. Ul zot qisqa qilib “golovu ne moroch!” (“Boshimni qotirma!”) dedi-qo‘ydi.
Shunday qilib, savol savil qoldi.

007

(Tashriflar: umumiy 7 551, bugungi 1)

Izoh qoldiring