Hojiakbar Shayxov. Ikki hikoya.

2002

24 март — Илк ўзбек фантаст ёзувчиларидан Ҳожиакбар Шайхов  таваллуд топган кун

Ўзбекистонда фантастика ўтган асрнинг иккинчи ярмида тараққий эта бошлади. Раҳматли устозларимиздан бири Ғани Жаҳонгиров ҳали биз хат танимаган пайтларимизда фантастика тарзидаги асарларини эълон қилганлар. Бу соҳада марҳум дўстим Ҳожиакбар Шайхов юқори чўққиларни эгаллади (Тоҳир Малик).

90

 Ҳожиакбар Шайхов ўзбек адабиётида ижод қилган илк фантаст ёзувчилардан бири эди. У 1945 йилнинг 25 мартида туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1964—1967 йилларда Совет Армияси сафларида хизмат қилган. 1967—1971 йилларда Тошкент политехника олий билимгоҳида таҳсил кўрган. Сўнгра, 1971—1978 йиллар мобайнида электр тармоқлари идораларида, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Электроника институтида ишлаган. 1978 йилда «Ёш гвардия» нашриётида бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси биринчи котибининг ижодий ишлар бўйича муовини,«Сирли олам» ойномаси ва унииг иловаси бўлмиш «Қалб кўзи» рўзномасининг бош муҳаррири бўлиб хизмат қилган. Ҳожиакбар Шайхов ёзувчи сифатида 70-йиллар бошида адабиётга кириб келган. Унинг ўттизга яқии китоблари чоп этилган. Жумладан, «7-СЕР»—илмий-фантастик ҳикоя ва қиссалари (1972, ҳамкорликда ёзилган), «Рене жумбоғи — кўланка» (1980), «Олмос жилоси» (1983), «Телба дунё» — роман (1990), «Кўз» — қисса (1986) каби асарлари китобхонларнинг севимли асарларига айланиб қолган. Ҳожиакбар Шайхов 2002 йилнинг 27 майида вафот этган.

90

ҲОЖИАКБАР ШАЙХОВ ИЖОДИ ҲАҚИДА

«023Фантастика» атамаси юнонча «пҳатастика» сўзидан олинган бўлиб, тахаййўл санъати демакдир. Ҳақиқатда мавжуд бўлмаган, тахаййўл кучи билан тасаввурдагина яратилган нарса-ҳодисалар тасвири, шунга асосланувчи адабий асарлар мажмуасидир. Фантастика фақат хаёлат маҳсули эмас, унинг замирида мавжуд воқеликнинг излари сезилиб туради. Зеро, хаёл шу мавжудликдан куч олган ҳолда парвоз қилади. Инсон табиат сир-синоатларини чуқур англаб бориши баробарида фантастикани шартли объектлилик, бадиий восита сифатида тушуниш барқарорлашиб боради. Янги ўзбек адабиётида фантастика унсурларидан самарали фойдаланиш А.Фитратнинг «Қиёмат», «Абдулфайзхон», А.Қаҳҳорнинг «Қабрдан товуш», Х.Дўстмуҳаммаднинг «Жажман» асарларида кузатилади.Шунингдек, ХХ асрда ўзбек саргузашт-фантастик адабиётини ривожлантиришда Х.Тўхтабоев, Т.Малик каби адибларнинг хизмати катта бўлди. Ўзбек илмий-бадиий фантастикасининг асосчиларидан бири марҳум адиб Ҳожиакбар Шайхов эди. Унинг ижоди ўзбек фантастик адабиётида катта ютуқларни эгаллаш учун йўл очиб берди. Ҳ.Шайхов ўзбек фантастик адабиётида ўзига хос йўналишга асос солди.

Адибнинг ўттиздан зиёд илмий-фантастик ҳикоялари, қиссалари ва романлари бизга улкан мерос бўлиб қолди. Муаллифнинг асарлари бир неча тўплам ҳолида нашр этилди. Хусусан, «Рене жумбоғи», «Заҳарли одимлар» (1977), «Еттинчи операция» (1979), «Ғаройиб кўланка» (1980), «Олмос жилоси»(1983), «СЎнгги аждарнинг ҳалокати», «Ҳаётбахш хаёллар» (1985), «Аждодлар хотираси», «Ўнар дарё» (1986), «Мактаб саҳнаси» (1988), «Сеҳрли қиз» (1989), «Телба дунё» (1990), «Жодугарнинг эри» (Фаришта ташрифи), «Само меҳваридаги намойиш» каби қисса ва ҳикоялари, «Туташ оламлар» (1996), «Икки жаҳон овораси» (2001) фантастик романлари китобхонлар хукмига ҳавола этилди. Ўзувчининг айрим ҳикоя ва қиссалари бир неча тилларга таржима қилиниб, Парижда, Чехословакияда, Булғорияда, Олмонияда ва бошқа мамлакатларда тўплам ҳолида нашр этилган. Мустақиллик йилларида ёзувчи ижоди янада гуркиради. Ҳ.Шайховнинг ўзбек фантастик адабиётида биринчи мистик-фантастик романлари, «Туташ оламлар» ва «Икки жаҳон овораси»да ҳаёт, руҳ, онг, бизни қуршаб турган олам ва бошқа руҳиятимиз билан чамбарчас боғлиқ оламлар ҳақида фалсафий фикрлар, эстетик қарашларини, ҳаёт тажрибаларини қизиқарли воқеалар силсиласида акс эттирган. Ҳожиакбар Шайховнинг «Туташ оламлар» номли романи ўзбек адабиётида биринчи яратилган мистик-фантастик романдир. Бу асарнинг бошқа фантастик асарлардан фарқи шундаки, асарда реал ҳаётда юз бериши мумкин бўлмаган ғайриоддий воқеалар, яъни фақатгина руҳ билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар тасвир этилади. Ўнгинамизда бизнинг олам билан туташган оламлар кўз билан кўра олмай, қалб кўзи билан кўра олиши мумкин бўлган оламлар ҳақидаги тасаввурлар билан айнан шу асарда танишишимиз мумкин. Гарчи бу оламлар мавжуд бўлса-да, унга баъзан шуб-ҳа кўзи билан қараймиз. Асарда етмиш икки олам ҳақида маълумотлар келтирилган, алоҳида содир бўладиган ғайриоддий воқеалар қизиқарли тарзда ҳикоя қилинган. Бу асарда руҳият олами билан боғлиқ воқеалар акс эттирилган бўлиб, унда азиз авлиёлар Ғавсул Аъзам, ҳазрат Шайхон Тохир, Шайх хўжа Аҳрор, авлиё-анбиё Тилла Шайхлар билан бир қаторда, ёвуз ниятли Иблис (Улиспир) ва унинг содиқ малайлари: Шалпангқулоқ, каламуш, Нуж, илон суратли, биқинида ёлдор қанотлари бор бадбин Нут, қора мушук қиёфасидаги манфур Яос сингари инс-жинслар, ҳалол инсонлар билан бир қаторда турувчи ўғрилар, каззоблар, иймонсиз бандалар образлари орқали ҳаётнинг икки қарама-қарши кучлари, яъни яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги азалий кураши тасвирланган.

Асардаги барча воқеалар, гарчи хаёлат меваси бўлса-да, инсонни ўйлантиради, ҳаётда тўғри йўл тутишга, виждон азобини хис қилишга ундайди. Дунёда илм-фан тараққий этаётган бир замонда, олимлар томонидан биздан бошқа оламлар ҳам бор бўлиши, унда ақлли мавжудотлар яшаши мумкинлигини фараз қилинмоқда. Келажакда инсонлар буюк кашфиётлар натижаси ўлароқ, бошқа оламлар билан алоқа қилиш йўлларини топишса ҳам не ажаб. Асарда қаламга олинган веқеа-ҳодислар биз хали англаб бўлмас даражадаги руҳ билан боғлиқ бўлган ҳақиқатни аён этади.

Адиб асарда воқеалар силсиласи орқали инсонларни эзгуликка, фақат яхшиликка чорлайди. Асарнинг тарбиявий аҳамияти ҳам беқиёсдир. Ота-онага ҳурмат, кичикка иззат, яқин инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат ўз аксини топган.

Адибнинг иккинчи романи-«Икки жаҳон овораси»да ҳам биринчи романдаги воқеалар ривожи давом этади. Эндиликда бош қаҳрамонлар Назира ва Нафисаларнинг танасидан азиз авлиё боболари фойдалана бошлайдилар. Романда эл учун, унинг озодлиги учун мардонавор курашувчи профессор Саидмансур ака, собиқ жангчи Раҳматилло ва олим Асадбеклар билан бир қаторда, сохта партия тузиб, жиноий ишларни хаспўшлашга ҳаракат қилувчи ёвуз ниятли бадбин кишилар ҳам ўз ғаразли кирдикорларини амалга оширишга астойдил ҳаракат қилишади. Инсон турфа гуноҳларни қилиб, разиллик ботқоғига ботар экан, ўз оёғига ўзи болта ураётганидан бехабар бўлади. Бу дунёда ҳеч бир жиноят, жазосиз қолмайди. Асарда воқеаларнинг хилма-хиллиги реал ҳаёт билан хаёлат мевасининг уйғунлашуви, мароқли саргузаштлар китобхонни зериктирмайди, аксинча, қизиқтиради.

Хуллас, ўзбек адабиётида илмий фантастиканинг ривожига муносиб ҳисса қўшган Ҳожиакбар Шайховнинг адабий мероси ҳар томонлама ўрганиш ва тадқиқ этишга лойиқдир. Бу мерос ёшлар дунёқарашини ўстириш, эзгу қадриятлар руҳида тарбиялаш жиҳатидан аҳамиятлидир.

Зебинисо САПАРОВА
Термиз давлат университети филология факультети III-босқич талабаси

040
Ҳожиакбар Шайхов
ИККИ ҲИКОЯ

Иблис билан мулоқот

Болтабой ярим кечаси ётган жойида кўзларини очди-ю, бир зум ҳеч нарса тушунмай, анграйиб қолди. Икки укаси эрон гилами устида маст одамлардай бесўнақай ҳолатда думалаб ётишар, бутун айвон худди даҳшатли зилзила юз бергандай ағдар-тўнтар қилиб ташланган эди. Шунда кеча тунда бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар зиммо ёдига тушди. Тўс-тўполон ярим тунда ногаҳон томдан келаётган тарақа-туруқ овозлар билан бошланди. Ака-укалар аввал зилзила юз берди, деб ўйлашди. Сўнгра ҳе йўк-бе йўқ ўртада турган улкан хонтахта ўз-ўзидан қарсиллаб синиб кетди, унинг гиламга чалпак бўлиб ёпишиб қолганини кўрган ака-укаларнинг ўтакалари ёрилаёзди. Бамисоли кўзга кўринмас ёвуз бир кимса жавонлардаги чинни идиш-товоқларни шиддат билан у ёқдан-бу ёққа улоқтирар, атлас кўрпачаларни ҳафсала билан қийқим-қийқим қилиб қирқар, айвон токчасидаги турфа гул тувакларни аямай гилам устига ағдарар эди. Ўша куни ака-укалар катта бир «иш»ни муваффақиятли якунлаб, одам ўлдиришган, сўнгра олган «мукофот»ларини ювишган ва хилватгоҳдаги чойхонада роса маишат қилиб қайтишганди. Уйга қайтиб, ёстикқа бош қўйишлари билан бошланган бу фавқулодда ҳодисалар боис кайфларидан бирпасда асар ҳам қолмаганди.

Болтабой тирриқ кайфиятда ўрнидан турди-да, ташқарига йўналди. Эшикни очиб, остона ҳатлаб ўтди-ю, турган жойида тахтадек қотиб қолди. Не кўз билан кўрсинки, ҳовлиси ўрнида улкан мозор пайдо бўлган, ҳаммаёқни катта-кичик сағаналар, қабрлар, уларнинг устига ўрнатилган турли мақбарача ва ёдгорлик тошлари босиб кетганди. Сал нарида гўрков ёки мозор қоровули бўлса керак, белкурак ушлаган баланд бўйли аллаким ивирсилаб юрарди. Болтабой мармар зиналар орқали пастга тушиб, беихтиёр ҳалиги одам сари юрди. Ажабо, «Адидас» қалпоқ кийган, қоп-қора қошлари худди чимирилгандек юқорига кўтарилган, узун қора чопон ва чарақлатиб мойланган чарм этиқдаги бу кимсанинг юз қиёфаси унга жуда-жуда таниш туюлди.

Болтабой унинг рўпарасида тўхтаб, салом берди. Қора чопонли кимса кўзларини чақчайтирганча унга тикилиб, истамайгина алик олди. — Бу ерда мозор қаёқдан пайдо бўлиб қолди, ака? — деб сўради Болтабой ҳайратини яширолмай. — Нега у пайдо бўлиб қолиши керак?! — деди «гўрков» жаҳл аралаш ажабланиб. — Нима бало, кайфинг борми? Бу мозор пайдо бўлганига юз йилдан ошган, ука.

Болтабой баттар ҳайратга тушиб, тили аранг гапга айланди: — Ахир, бу жой — менинг ҳовлим… менинг уйим-ку?.. — Эсингни едингми, ука, — деди «гўрков» энди очиқдан-очиқ энсаси қотиб, унга худди савдойилардек тикиларкан. — Қанақа уй? Қанақа ҳовли?..

Болтабой орқасига ўгирилиб, онг-тонг бўлиб қолди. Энди уйи ҳам ғойиб бўлган, унинг ўрнида эшига ўймакорлик санъатининг энг нафис усулларидан ишланган салобатли, гумбазли, баланд пештоқли дарвозахона пайдо бўлганди.

Атрофга олазарак аланглади. Шу чоғ сал наридаги бўйи ва эни тахминан ўн газ атрофидаги тепаси гумбаз қилинган сағана йигитнинг эътиборини ўзига тортди. Эски мусулмон ғиштдан одам бўйи баландлигида қурилган бу мақбаранинг олди томонида пастга олиб тушувчи мармар зиналар бўлиб, зиналар тугаган майдонча охирида занг босган улкан темир эшик кўзга ташланарди. Унинг ичида қайсидир азиз авлиёнинг мармардан ишланган қабри жойлашган бўлса керак, хаёлидан ўтказди Болтабой. Ҳойнаҳой бизга ўхшаган шоввозлар уни ҳам аяшмаган, нимани ўмариш мумкин бўлса, ўмариб, нимани бузиш мумкин бўлса, бузиб ташлашган, албатта. Айниқса, шўролар давридаги болшавойларнинг бунақа ишларга суяги йўқ эди. — Қизиқиб қолдинг шекилли? — Болтабой нохос қулоқлари остида янграган овоздан сесканиб тушди. Ўгирилиб, «гўрков» энди ўзи билан ёнма-ён турганини кўрди. Воажаб: унинг бошидаги «Адидас» қалпоғининг тепа қисми худди икки шохи бордай юқорига туртиб чиққанди. «Нима бало, шайтонми бу?» — хаёлидан ўтказди Болтабой бадани жунжикиб. — Ака, танишиб қўяйлик, — деди йигит унга қўлини узатиб. — Менинг исмим Болтабой. — Хавотир қилма, Болтабой, — деди «гўрков» худди унинғ фикрини ўқиётгандай. — Камина шу мозорнинг қоровулиман. Ўлжабой деб аташинг мумкин. — Ўлжабой ака, анави сағананинг ичига бир кириб чиқишнинг иложи бормикан? — сўради йигит журъатсизгина. — Мармар қабрлар, мўмиёланган жасадлар қолганмикин? — Нима қиласан у ерда? — жавоб берди қоровул жаҳли чиқиб. — Ўлган одамларнинг руҳини безовта қилишнинг нима кераги бор?! Бу жой сенга музей ёки томошахона эмас-ку! Мўмиёланган жасадларни эса, бекор тилга олдинг. Дарвоқе… — Ўлжабой ака худди муҳим бир нима ёдига тушгандай ўйланиб турди-да, сирли оҳангда давом этди: — Дарвоқе, бундан кўп асрлар аввал бу ерда ётган улуғ авлиёнинг қабр тоши тагида илоҳий бир яшм тош ҳам сақланган, дейишади. Жуда ноёб хусусиятга эга сеҳрли тош! Уни қадимда яшаган машҳур алкимёгарлар бунёд этишган экан. Айтишларича, унинг баҳоси йўқ эмиш. — Унинг нимаси ноёб экан? — сўради Болтабой дарров сергак тортиб. — Унинг ёрдамида истаган ишингни амалга оширишинг, келажакда кечадиган воқеа-ҳодисаларни олдиндан билиб туришинг мумкин, — деди қоровул бамисоли арзимас бир матоҳ ҳақида сўз юритаётгандай лоқайд оҳангда.

Болтабойнинг кўзлари чақнаб кетди. — Чинданам ноёб тош экан! У ҳозир ҳам шу ерда сақланадими? — Билишимча, йўқ, — деди қоровул атайин ўзини гўлликка солиб. — Бўлмаса қаерда? — яна сўради Болтабой сабрсизлик билан унинг чақчайган кўзларидан нигоҳини узмай. — Айтишларича, кейинчалик уни Хизр бува деган мангу яшовчи авлиё олиб кетиб, сақлаш учун яна аллақайси бир авлиёга топширган эмиш. — У қайси авлиё экан? Яшм тош ҳалиям унинг қўлидами? — сўроқ қилишда давом этарди Болтабой борган сари тоқатсизланиб. — Йўқ, — деди қоровул, кейин товушини пасайтириб, яна сирли оҳангда изоҳ берди: — Ҳозир тош ўша сенга таниш уч опа-сингилнинг уйига яшириб қўйилган. — Қанақа опа-сингил? — Дарров ёдингдан кўтарилдими? Уларнинг каттасини кенжа уканг севиб қолгани, яқиндагина оҳ-воҳ қилиб юрганини унутибсан-да? — Сиз мени қаёқдан танийсиз? — Э, ука, шаҳарда, қолаверса, бутун жумҳуриятда Болта бойваччани танимайдиган одам бор эканми!

Бу гапни эшитган Болта бойваччанинг беихтиёр оғзининг таноби қочди. У ифтихор билан тез-тез нафас ола бошлади.

Ўлжабой ака боши билан рўпараларидаги сағанага имо қилди. — У ёққа яқин ўртада деярли ҳеч ким кирмаган, мумкин эмас! Лекин сен… нуфузли одамсан. Агар сағананинг ичига киришни жуда истасанг… марҳамат!

Шундай деб, у Болтабойни чанг босган мармар зиналар орқали пастга бошлади.

Улкан темир эшик қийинчилик билан чийиллаб очилди ва улар ним қоронғи ертўлага қадам қўйишди. Қоровул сал олдинда чўнтак фонари билан йўлни ёритиб борарди. Ертўла ичкарига юрганлари сари кенгайиб борар, лекин бу ерда ҳеч қандай қабр тоши кўринмасди. Бирдан яна зиналар бошланиб, улар тағин пастга қараб йўналишди. — Мендан ҳеч нарса сўрама, бу ерда савол-жавоб қилиш мумкин эмас! — деди Ўлжабой ака уни аста шивирлаб огоҳдантираркан. — Фақат томоша қил, керакли гапларни ўзим айтиб бераман. Шунақанги ғаройиботларни кўрсатаманки, унақаси етти ухлаб тушингга ҳам кирмаган. Ўзингни йўқотиб қўймасанг бўлгани, ишқилиб…

Ўлжабой ака бу гагшарни укдираркан, улар азбаройи эскирганидан тўкилиб кетган зиналар орқали тим қоронғи ертўлага кириб келишди. Деворлари эски мусулмон ғиштлардан қурилган ертўланинг баландлиги икки газча келарди.

Оёқлари остида кўлмак сув шапиллади. Бу ернинг ҳавоси оғир, диққинафас эди. Ногаҳон чийиллаган овозлар эшитилиб, шундоқ ёнларидан девор ёқалаб баҳайбат каламушлар галаси югуриб ўтди. Улар одамларга эътибор ҳам қилишмади. Шунга қарамай, бойвачча кўнгли айниб, қайт қилиб юбораёзди. Ҳамроҳининг аҳволини пайқадими, қоровул дарров унинг қўлидан ушлаб олди. Бу ишни у жуда вақтида қилган экан, чунки бир сония ўтмай Болтабой фонар ёғдуси остида кўнгилни оздиргудек ўлгудай бадбашара махлуққа рўпара келди. У йигитга қаҳр-ғазаб билан тикилар ва улкан жағдор тишларини ғижирлатарди. Азбаройи қўрқиб кетганидан Болтабой ўзини кескин четга олди, агар қоровул бўлмаганида, деворга урилиб, бошини ёриши аниқ эди. Ўлжабой ака секингина кулиб қўяркан, унга тасалли берди: — Ҳечқиси йўқ. Дастлабки пайтларда кўршапалаклардан мен ҳам қўрқардим.

Ниҳоят, улар узундан-узун бу мудҳиш ертўланинг охиридаги маҳобатли темир эшикка юзма-юз келишди. Қоровул анча-мунча куч сарфлаб эшикни очганидан сўнг улар остона ҳатлаб, ярми ғишт, ярми мармар ушоқлари тўшалган каттакон бўлмага ўтишди. Ертўладан фарқли ўлароқ,— бўлма фавқулодда ёрқин нурларга чўмган, деворларга ловуллаб ёниб турган улкан шамлар осилганди. Уларни ким ва қачон ёққанини Ўлжабой ака изоҳлаб ўтирмади. Деворлар ёқалаб кишининг дилига ғулғула соладиган даражада ялт-ялт қилаётган оппоқ устунлар қад кўтарганди. Улар йигирмага яқин эди. Уларнинг бирига яқинлашган бойвачча шу заҳоти даҳшат ичида ортига тисарилди. Булар шиша тобут (саркофаг)лар бўлиб, ичига мўмиёланган эркакларнинг жасадлари жойлаштирилган эди. Уларнинг кийим-кечакларига қараганда, бу одамлар ўрта асрларда яшаб ўтган жангчи сарбозларга ўхшар эди.

Шу пайт мозор коровули бойваччанинг елкасига қўл ташлаб, бўлманинг ўртасига имо қилди. Болтабой ўша томонга ўгирилиб, тош сандиқни эслатувчи улкан супага кўзи тушди. «Сандиқ»нинг четларига ўймакорлик усулида жимжимадор гуллар сурати туширилган, қопқоғининг сиртига сал-пал хитойчага ўхшаб кетадиган имлода аллақандай нотаниш ёзувлар битилган эди. — Хосиятли яшм тоши ўз даврида мана шу сандиқда сақланган, — деди Ўлжабой ака йўлдошининг қулогига шивирлаб. — Уни олиб кетмагунларига қадар бу ерни аждарҳога ўхшаган баҳайбат илонлар қўриқлашган ва бу ерга ҳеч ким яқинлашолмаган. Тошни олиб кетишибди-ю, бу жойнинг ҳам файз-хосияти қолмабди. Анави жасадлар ҳам қўриқчилар саналиб, биров тошга яқинлашса, шиша тобутларни ёриб чиқиб, ўғриликка келган одамнинг жонини суғуриб олишган эмиш. — Ё тавба! — деди Болтабой ҳайрат бармоғини тишлаб. — Лекин сен қўрқма! — шийирлаб гапида давом этарди қоровул. — Бари бир тошни қўлга киритишга ҳаракат қил. Агар бу ишни уддаласанг, — Болта бойвачча буни албатта уддалайди, бунга ишончим комил, — нафақат юртинг, балки жами мулки оламга ҳукмронликни қўлга киритишинг мумкин.

Болтабой унга ағрайиб тикиларкан, айни кўнглидаги гапни топиб айтаётганидан баттар ҳайратга тушганди. Айни дамда хаёлидан: «Нима бало, чинданам шайтонга рўпара келдим шекилли», — деган фикр ўтди.

Шу ондаёқ қоровул биқинига туртиб: — Намунча мижғов бўлмасанг! — дея хитоб қилди сал товушини кўтариб, унинг аччиғи чиққани кўриниб турарди. — Мен ҳам Худонинг бир бандасиман. Лекин оддий банда эмас! Истасанг, авлиё дейишинг мумкин. Чунки мен дунёдаги ҳамма гаплардан хабардорман. Айтайлик, кеча кечаси сенинг уйингда бўлиб ўтган ағдар-тўнтардан…

Болтабой тунги гаройиб йўлдошининг жавлон уриб ёнаётган шам нурида аллақандай сирли, кўкимтир тусда товланаётган совуқ башарасига янада синчиклаброқ тикиларкан, азбаройи қўрқув ва саросимага тушганидан жағи осилиб қолган эди. У тили зўрға айланиб, сўради: — Сиз буни… қаёқдан биласиз? — Айтдим-ку, камина авлиёман, ахир! — Авлиёлар… турли кароматлар кўрсатишган, дейишади. Чинакам авлиёлигингизни менга исботлаб бера оласизми? — Жуда кўп савол бераяпсан, — деди қоровул энди аччиқ данак чайнаб қўйгандай афтини буриштириб. — Бунинг оқибати яхши бўлмайди. Авлиёлигимни сенга аллақачон исботлаб бўлдим. Буни уйингта қайтганингда биласан. — Йў-ғе?.. Уйимда ҳамма нарса яна ўз ҳолига қайтди, демоқчимисиз? — Савол беришни бас қил, деяпман! Айтдим-ку, ҳаммасини ҳализамон ўзинг кўрасан!..

Шу пайт Ўлжабой ака жасад солинган шиша тобутларнинг бирига синчков тикиларкан, рангги бўздай оқариб кетди. Болтабой ҳам ўша тарафга юзланди-ю, қичқириб юбораёзди. Жасаднинг тўсатдан киприклари қимирлаб, бесўнақай қалин лабларида заҳархандали кулгу ифодаси пайдо бўлганди. — Сенга неча бор айтдим-а, ана энди ҳаммаси расво бўлди! — хитоб қилди қоровул афсус-надомат билан энди баралла овозда. — Жасадлар тирила бошлашди. Сенга аввалдан ҳаммасини тушунтириб берсам бўларкан. Бу ерга кирган ҳар қандай ўғрининг миясида, яшм тош қаерга яширинган экан, деган савол-ўй бўлади. Жасадлар ҳам ана шу савол-ўйга, умуман, савол биотўлқинларига созланган. Бу тўлқинлар жасадларга етиб бориши билан улар тирилиб, ўғрига ҳужумга ўтишади. Уларнинг биттаси жонланса, бўлди, шу заҳоти қолган йигирматасини тирилтиради. Хайр, майли, бўлар иш бўлди, мен уларни чалғитиб тураман, сен қочиш пайида бўл!

Шу пайт ҳалиги киприкларини қимирлатган жасад қўйилган шиша тобут карсиллаб ўртасидан дарз кетди. Эсхонаси чиқиб кетган Болтабой қимирлашга ҳам ҳоли етмай, ҳайкалдек қотиб тураркан, тобутнинг бир бўлаги тўкилиб тушди, айни дамда ундан аччиқ ва ўлгудай қўланса тутун бурқсиб кўтарилганини пайқади. Тутун тарқалгач, шиша тобут ғойиб бўлгани, унинг парчалари асирлиқдан қутулиб чиққан сирли мавжудотнинг оёклари остида ётганини кўрди. Шу заҳоти жасад кўзларини очиб, аввал Болтабойга, сўнгра қоровулга тешиб юборгудек ғазабнок нигоҳ билан тикилди. Бойваччанинг борлиқ вужудини аллақандай ибтидоий бир даҳшат ҳисси чулғади. Иккови ҳам жон-жаҳдлари билан ўзларини эшикка отишга интилишар, лекин қандайдир шайтоний бир куч оёқларини занжирбанд қилиб қўйгандай эди. Шу чоғ Болтабой ўз ҳамроҳининг юзи қандайдир маънисиз, совуқ бир ифода касб этгани, қўллари жонсиздай осилиб тушгани, у бамисоли бўғма илоннинг жодули нигоҳига дуч келган қуёнчадай жасаднинг истиқболига қараб юра бошлаганини кўрди. Ана шундан сўнг юз берган воқеадан бойваччанинг оёқлари акашак бўлиб, ҳуши бошидан учаёзди.

Мозор қоровули худди сеҳрлангандай ўрта асрларда яшаб ўтган, айни дамда ҳайкалдай котиб турган девдай ҳайбатли жангчи сари юраркан, бошқа шиша тобутлар ҳам қоқ ўртасидан қарсиллаб дарз кетиб, шишалар тўкилиб туша бошлаган, бўлмани улардан бурқсиб чиқаётган кўм-кўк ва ўлгудай бадбўй тутун тўлдирганди. Мана, Ўлжабой ака даҳшатли маҳлуқ билан юзма-юз келди-ю… ё фалак! — бир сакраб унинг танасига сингиб кетди! Уни ўзига «ютиб» юборган одамхўр «дев» шу заҳоти жонланиб, олдинга бир қадам ташлади.

Ўтакаси ёрилаёзган Болтабойнинг оёқларини занжирбанд қилиб турган кўзга кўринмас куч шу ондаёқ йўқолиб, у бир зум ҳам ўйланиб ўтирмай, ўзини ташқарига отди.

Қўрқувдан эс-хушини йўқотган ҳолатда бу Худо урган ертўладан юқорига олиб чиқувчи зиналар сари шаталоқ отиб югураркан, оркасидан гумбурлаган оғир қадам товушлари қулоғига чалинди. Ортига ўгирилиб қарашга ҳам юраги дов бермай, баттар жон-пони чиқиб, бор овози билан чинқирганча янаям тезроқ югурди. Мана, ниҳоят, халоскор зиналарга ҳам етиб олди. Темир эшик остонасидан ҳатлаб ўтди-ю, уни бор кучи билан беркитди. Шу ондаёқ ичкаридан худди Фантомасга ўхшаб ваҳимали дўриллаган кулгу овозини эшитди. Бу кинояли кулгу шайтоний кучлар тантанасидан далолат бераётгандай эди.

Ўғриликни ўзига касб-кор қилиб олган Болта бойвачча умрида газет-журнал ўқимаган, ғирт маҳдуд йигит эмасми, ярим тунда кечган бу ғаройиб саргузаштларининг моҳиятини ҳаётининг охиригача англай олмай ўтади… Гап шундаки, «Сирли олам» ойномаси яқинда бир илмий мақола чоп этган, унда ёзилишича, ўрта асрларда алкимёгарлар инсон танасининг бир неча ой яшай олишини таъминловчи модда кашф қилишган, бу тажрибаларга розилик билдирган одамларнинг кони сўриб олиниб, унинг ўрнига инсон жасадини емирилишдан сақловчи махсус суюқлик модда қуйишган. Бундан одам ўлмаган, ўзига хос муроқаба ҳолатига ўтиб, летаргик уйқуга кетган. Мозий олимлари ўзлари бунёд этган ягона нусхадаги илоҳий яшм тошини қўриқлашда, афтидан, ана шундай одамлардан фойдаланишган кўринади.

…Болтабой сапчиб ўрнидан турди-ю, ўзини яна уйида, катта айвонда кўриб, сал кўнгли таскин топди. Икки укаси икки томонида алоқ-шалоқ думалаб ётишарди. Аланглаб ён-верига тикилди, ажабо: ҳамма нарса яна жой-жойида, кеча тунда бўлиб ўтган тўс-тўполоннинг иси ҳам, изи ҳам қолмаганди.

«Қоровул чинданам авлиё экан шекилли?» — хаёлидан ўтказди у ўйчан киёфада ташқарига тикилиб. Ғафлат уйқусидаги бу оми ва жоҳил йигит шу бугун шайтонлар ва инс-жинслар раҳнамоси Улуспирнинг нақ ўзи билан мулоқотда бўлганини хаёлига келтиришга ҳам қодир эмас эди…

Оловдан чиққан одам

Кўҳна Қипчоқ даштларини баҳор танқис гуллари билан безаган. Қонталаш рангдаги улкан қуёш баркаши чоратрофга аёвсиз тиғ уради. Унча катта бўлмаган қум тепаликлар, барханлар орасида янги чиққан тўртта ўтов қад ростлаган. Ўтовларнинг атрофида тўқсон икки бовли ўзбек уруғларидан бири одатдаги кундалик турмуш ташвишлари билан банд. Туя жунидан тўқилган корамтир катта кийгиз устида қариялар осойишта суҳбат қуришади. Уларнинг ичида бошига оқ салла ўраган, қордай оппоқ оқсоқоллари кўксига тушган нуроний мўйсафид алоҳида ажралиб туради. У елкасига эчки терисидан тикилган жигарранг чакмон ташлаб олган, вақти-вақти билан олдида турган чилим нилини оғзига солиб, хўриллатиб ичига тортар экан, қабиладошларига салобат билан алланималарни уқтиради. Атрофдагилар унга этибор билан қулоқ солишмоқда. Сал нарида болалар чуғурлашиб чавандозлар ўйинини ўйнашади, оёқлари орасидаги эгри-бугри саксовул таёқчалари улар учун от вазифасини ўтайди. Юқорироқда ичида нимадир биқирлаб қайнаётган катта қозон, атрофида аёллар куймаланиб юришибди. Улариинг ёнида митти гиламча, устида оппоқ сочлари шамолда тартибсиз тўзғонётган фолбин кампир ажин қоплаган юзини яна ҳам тириштириб, кўзлари ярим юмуқ ҳолда руҳлар билан сирли суҳбат қурмоқда.

Нарида, буларга қарама-қарши тарафда, майда ўрилган сочлари тақимига тушган, қуюқ киприклари остидаги тим қора кўзлари чақнаб турган хушқомат қиз кўркам гавдали, мутаносиб қора қошли, эндигина мўйлови сабза урган жингалак сочли йигит билан оҳиста суҳбат қурганча буғдой янчишмоқда. Улар бир-бирларига тез-тез ёниқ нигоҳ ташлайдилар, қалблари алланечук ошифта ва нурли ҳислар билан тўлиб-тошаётганини четда қараган одам албатта илғаб олади. Йигитнинг ярим яланғоч елкаларини, этлари бўғма илон танасидай қаба-риб-бўртиб турган бақувват мушак ва билакларини ваҳший ҳайвон тишларининг излари бўлса керак— тарам-тарам қорамтир доғлар қоплаган.

Бундан бир неча ой аввал ўн етти яшар ўспирин отаси ва акалари билан биргаликда Қирқ Қароқчи даштига жайрон овига чиққан, ов кетидан қувишга азбаройи берилиб кетганидан тўдасидан ажралиб, охир-оқибат инсон йўк, саҳройи-биёбонда адашиб қолганди. Темир-тирноқ аталмиш вафодор итини эргаштирганча саман отида даштда бир неча кун изғигач, охири умидсизлик билан саксавулзорда тунаб, ҳордиқ чиқаришга қарор қилганди. Йигит ўшанда ҳаётида илк марта ақл бовар қил майдиган даҳшатли воқеага рўбарў келганди.

Бола отининг жиловини саксовул шохига илиб, ҳали ҳам иссиғи аримаган кулранг қумга бош қўйганча пинакка кетди. Қанча ухлади, ёдида йўқ, бир пайт отнинг кишнаши, итнинг жон аччиғида акиллашидан уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, ёнгинасида эшакдай келадиган бўри саман отининг бўйиига тишларини ботирганча гир айлантирар, Темиртирноқ зса, нккннчи бир баҳайбат бўрииинг чангалида жон талвасасида акиллар эди. Бу мудҳиш манзарадан бола ақлдан озгудек аҳволга келди, оёқ-қўлларидан мадор кетди. Кўп ўтмай утнинг овози тинди, очиққан она бўри унинг ичак-чаоғини ағдариб, энг мазали жойи — ўпкасию жигарини ғажишга киришганди Ота бўрининг шиддатли хуружига саман от ҳам узоқ дош беролмади. У бамисоли нажот сўраётгандай сунги бор аянчли кишнади-ю, томоғига нимадир тиқилгандай овози қўққис бўадади — бўрининг чархлангндай ўткир тишлари унниг бўғзига икки томондан ёриб кирганди. От гандираклаб кетдида, чап билан ғумбурлаб қумга ағдарилди. Агар ота бўри чаққонлик қилиб ўзнин нари олмаганида, отнинг оғир танаси остида қолиши ҳеч гап эмас эди. Бир газча орқага ташланган бўри шу заҳоти ўзини яна отнинг устига отди-да, бўғзидан тирқираб қон отилаётган жониворнинг қорнини ёриб ташлади. От талваса ичида оёқларини лопиллатиб бир-икки типирчилади-ю, охири тинчиди. Лаҳза ўтмай унинг кўзлари косасидан чиққудек орайиб, маъносиз тус олди. Ота бўри сал нарида даҳшатга тушганча ундан нигоҳини узмаётган болага эътибор ҳам бермай, ҳаф-сала билан отнинг ичак-чавоқларини ямламайй ютди. Сарғимтир жун босган тумшуғи, олдинги оёқлари қип-қизил қон.

Бу даҳшатли манзара болани шу даражада саросима ва қўрқувга солгандики, у чиндан ҳам тош ҳайкалга айланиб қолгандай мияси карахт, қинидан чиққудай олайган кўзлари ҳеч нимани кўрмайди Бола шу аяфозда қанча ётганинн билмайди, лекии бир маҳал — ажабо! — қайноқ танаси бўйлаб жимир-жимир этганча алланечук ёқимли оғриқ пайдо бўлаётганини ҳис этди. Карахт миясига, бўрилар энди ўзини ямлашга тушишди чоғи, деган ўй келди. Лекин, қизиғи шунда эдики, у эндн кутилмаганда ҳеч нарсадан қўрқмай қўйди. Ҳаётининг энг сўнгги дамларини яшаётганини билиб қолган одамлардагина шундай ҳиссиёт пайдо бўлса керак.

Бирдан танасидаги ёқимли оғриқ уқубатга айланди, бамисоли қандайдир дашт чумолилари баданининг ҳар бир нуқтасини аёвсиз кемираётгандай, у ўз танасини ҳис қилмай қўйди. Айни вақтда кўкрак ва елкалари, билак ва сонларининг териси ўрнида балиқнннг пўстига ўхшаш шилимшиқ ва қаттиқ пўстлоқ ҳосил бўла бошлади. Гўё тапасининг тери қисми борган сайин музлаб бораётгандай. Бу ҳолдан бола хавотирланиш ўрнига аксинча, негадир хотиржам тортди. Энди у ўз ўлжаларини ҳафсала ва иштаҳа билан ғажиётган қонхўр йиртқичларга ҳоргин ва беписанд тикилиб ётарди.

Ниҳоят, бўрилар обдон тўйишди шекилли, эринчоқлик билан бирин-кетин бола томонга силжишди. Биринчи бўлиб ота бўри унинг тепасига келди. Бу пайтда боланинг борлиқ танаси балиқларга хос шилимшиқ ва каттиқ пўстлоқ билан қопланиб улгурган, айни дамда ўзидан бадбўй ва кўланса ҳид таратарди. Бўри қонга булгаланган тумшуғини боланинг қорнига яқинлаштирди-ю, шу заҳоти сапчиб орқасига қайрилди. Шеригининг ҳатти-ҳаракатидан таажжубда қолган она бўри ҳам боланинг тепасига келиши ҳамон орқага чекинди. Кейин улар отнинг ярми гажиб ташланган гавдасини тишлаганларича қаёққадир судраб кетишди.

Бола саксовулзор ўртасидаги қумлоқ ерда ҳамон ўша лоқайд нигоҳ билан осмонга тикилиб ётаркан, танасидан чиқаётган димоғини ёргудек қўланса ҳидни ўзи ҳам пайқаб қолди. Ажабо, бу бадбўй ҳиддан негадир у сира ҳам жирканмади, аксинча, кўнглида аллақандай ғайри-табиий қониқиш ҳиссини туйди, юлдуз санай бошлади. Шу тариқа кўзлари илиниб, ухлаб қолди. Уйқуси оз эмас кўп эмас, роппа-роса егти кечаю кундуз давом этди. Бу орада калхатлару йўлбарслар, дашт илонларию жайронлар, шоқоллару юмронқозиқлар, хуллас, яна бир талай йиртқич ҳайвонлар уни искаб кўрди. Бўйи уч метрча келадиган йўгон бўғма илон, ҳид билмайди чоги, боланинг елкасига тишларини ботириб, заҳрини солмоқчи бўлди. Тиши ўтмади. Охири уни оддин тошга қўйиб, янги ўлжа қидириш мақсадида устидан сиргалиб ўтди-да, йўлида давом этди.

Орадан роппа-роса етти кечаю кундуз ўтгач, бола кўзларинн очди. Каерда ётганини дарров фаҳмлай олмади. Коронғи кеча бўлишига қарамай, ҳаммаёқни худди кундуздагидай аниқ кўраётганини сезиб ҳайратга тушди. Назарида осмондаги бодроқдай сочилган сон-саноқсиз юлдузлар шриклашиб, тўлин ой янада тўлишиб қолгандай эди. Бўлиб ўтган воқеа бирданига хотирасида тикланди-ю, шу заҳоти бошида қаттиқ оғриқ турди. Устига устак саман оти билан Темиртирноқни эслаб, юраги увишди. Кўксига чақир тиканакдак санчила бошлаган ғашликдан қутулиш, нимадир қилиш учун ўрнидан турмоқчи бўлган эди, негадир танаси қисирлаб кетганини пайқади. Шунда бутун бадани худди балиқтерисига ўхшаган силлиқ ва қаттиқ, тарам-тарам пўстлоқ билан қопланганини сезди ва яна ҳуши бошидан учаёзди.

Боланинг хасталиги узоққа чўзилмади. Кутилмаганда кўксида чирсиллаган овоз эшитилиб, кўп ўтмай, териси палахса-палахса бўлиб танасидан ажралиб чиқа бошлади. Орадаи бир неча фурсат ўтгач, ҳалиги чирсиллаган овозлар янада авжга чиқиб, бир неча дақикадан кейин у балиқсимон «пўстлоғи»дан тамомила қутулди. Онадан янги туғнлгандай шир-яланғоч. . У ўрнитдан турди-да, негадир сира иккиланмай жануб томонга йўл олди. Тўлин ой нурида унинг танаси ўзидан алланечук олтинсимон заррин шуъла таратиб борарди.

У бутун даштни нурга чулгаб анча-мунча йўл босди. Тонгга яқин етти-саккизта отлиқ кўринди. Булар бир ҳафтадан бери болани излаб юрган унинг амакилари, тоғалари ва акалари эди. Кабила аъзолари боланиинг шир-яланғоч ҳолда топилганига ҳам шукроналик қилишиб, тўй-тантана бошлаб юборишди. Кўйлар сўйилган, ошлар дамланган, ўйин-кулги авжида. Танасидан кечалари нур таралгани учун уни Нурбек деб атай бошлашди.

Шундан кейин Нурбекда фавқулодда ғайриоддий хусусиятлар зоҳир бўла бошлади. У ёниб турган олов устида бемалол юра олар, айни вақтда танаси ҳар қандай совуққа ҳам дош берарди. Бундан ташқари кечалари ҳамма нарсаларни худди кундузгидай кўра олади, ҳар қандай одам ёки ҳайвонинг қаерида қандай касаллик борлигинн ҳам бир кўришда билади.

Эркаклар овда, Нурбек билан майда ўрилган сочлари тақимига тушган хушкомат қизнинг суҳбати айни авжига чиққан бир пайтда ўтовлар орқасида жимгина мудраб ётган итларнинг жон-жаҳдлари билан ҳурий бошлаши кўчманчи қабилани сергак торттирди. Одамлар олазарак бўлиб чор-атрофга қарашди. Ғарб тарафдан от туёқларининг дўпир-дўпири, қийқириқ овозлари қулоққа чалинарди. Қабила оқсоқоли ўзига ярашмаган чаққонлик билан ўрнидан турди. Бошқалар ҳам оёққа қалқишди. Аёллар ва болалар бир-бирларига қўрқув ва саросима аралаш савол назари билан тикилишарди. Шу чоқ туман орасидан Сузиб чиққандай ўтовлар олдида ўнта отлиқ пайдо бўлди. Уларнинг узун, кўк рангли энгил-бошлари, темир қалқонлари ва пўлат ғилофлари қуёш нурида чарақлаб кўринарди. Отларннинг оёқлари йўғон, ёллари узун, пакана. Сувонийларнинг қўлларида туғ, найза, ойсимон қилич. Олдинда маймунжон тусли чопон кийган оқ саллали, чўтир юзли, чувак соқол одам. — Ассалому алайкум! — қичқирди у гердайганча отда ўтираркан, кўчманчиларга нафрат билан тикилиб — Менга қабилангиз оксоқоли керак. — Ваалайкум… — Қабила оқсоқоли бир қадам олдинга чиқди. — Хўш, хизмат? — Камина жами Шарқ мамлакатларининг ҳукмдори, буюк нойиб Хўжахоннинг тилмочи, жасур мўғул қўшинлари учун солиқ йиғаётганимизни билдирмоқчи эдим. — Агар кўнглингиз тортса, қашшоқ ўтовларимизга марҳамат қилинглар!… — Сизда мол-ҳол, буғдой ва арпа бор, ёш аёллар бор. Шулар бизни қониқтиради. — Лекин, ушбу ташрифингиздан кейин очликдан ҳалок бўлишга мумкин бўлган болалар ва кексалар ҳам бор. Шунинг учун илтимосингизни… — Биз илтимос эмас, талаб қиламиз!

Мўғуллар тилмочи ўнг қўлини кўтариб, енгил бир ишора қилди. Ҳезланиб турган суворийлар отларидан кетма-кет сакраб тушишди-ю, ўзларини кабила аъзолари устига отишди. Қий-чув босди. Уруш-уруш ўйнаб юрган болалар топталди, улардан инсоф сўраб олдинга чиккан уч-тўрт мўйсафид найзадан ўтказилди. Сўнгра эркакми, аёлми — қараб ҳам ўтирмай, ҳамманинг қўлини орқасига қайириб, ўтовларнинг бирига итариб киргиза бош-лашди Босқинчилардан бири сочлари тақимига тушган соҳибжамол қизга ташланди. — Нима қилаяпсизлар, малъунлар?! — қичқирди қабила бошлиғи ғазаб билан — Тегма… Тегманглар!… Худодан қўрқмайсизларми?

Шу чоқ қаёқдандир Нурбек пайдо бўлди. У севгилисини зўрлашга уринаётган мўгулнинг кураги остига зарб билан ханжар урди. Мўғул шу заҳоти инграб, қизнинг оёқлари остига қулади. Иккинчи муғул сакраб отига минди-да, Нурбекнинг бўйнига арқон ташлаб, дашт сари от солди. Босқинчилар қутуриб кийқирганча қабила аъзоларини қиргинбарот қилишга киришдилар. Калқонлару мис дубулғалар қуёш нурида чарақлаб, ёйсимон қиличлар бот-бот юқорига кўтарилиб, зарб билаи пастга, навбатдаги қурбоннинг боши ёки елкасига келиб тушар-ди. «Оҳ-воҳлар» оламни тутган, охири ярадорлару қолган-қутган ёшларни ва қари-қартангларни ўтовга судраб олиб киришди-да, атрофига сомон уйиб, ўт қўйиб юборишди. Нурбекни судраб кетган муғул ҳам уни ўтов яқинига олиб келди-да, гуриллаб ёнаётган оловга ирғитди. Оқсоқол билан фолбин кампирдан бошқа ҳамма ўлимга маҳкум этилган эди. Нима воқеа бўлаётганлигини англаб етган оқсоқол ўзини қабиладошлари ёнаётган оловга урмоқчи бўлган эди, тилмоч йўлини тўсди. — Шошилма, қария алвасти, — деди у заҳархандалик билан. — Ҳали сен керак бўласан. Бизга йўлбошчилик қиласан.

Оқсоқол аланга оғушидаги ўтовга иитиларкан, ҳўнграб йиғлаб юборди. — Қўйворинглар мени, лаънатилар!… Мен… мен улар билан бирга ёнаман!.. — Бу қандай кўргулик бўлди?!— Бир чеккада фолбин фиғон чиқарди — Гуноҳга ботибмиз!. — Муқаддас жайронларни кўпам овлайвериш керак эмас, дея айтувдим-а!..

Шу пайт мўъжиза рўй берди ёнаётган ўтовдан биров отилиб чиқди. Кўз очиб юмгунча отларнинг бирига минди-да, жиловни қўлига олди. Гуркираб ёниб турган аланганинг икки оёқда юриб келиб устига ўтирганидан эсхонаси чиқиб кетган от ўзини даштга урди. Ёниб жиз-ганак бўлаётган одамнинг узоққа боролмаслигини тахмин қилган мўғуллар йигитнинг орқасидан қувишни лозим топишмади. Буни кўрган оқсоқолнинг сўниқ кўзларида умид учқунлари чақнаб кетди. Фолбин бош кўтариб пичирлади. — Сендан яхши одам чиқишини билардим, Нурбек болам-ов!.. — Менга қара, ялмоғиз! — деди тилмоч унга яқинлашаркан, чамаси у ёнидаги алланималар деяётган митти гавдали, бир кўзи шиғрайган мўғулнинг сўзларини таржима қиларди— Агар сен шонли мўғул лаганарларига худо ёр бўлишини тилаб оллога илтижо қилмасанг, кунингга маймунлар йиғлайди. — Илоё… сен нима десанг шу…

Нурбек отга миниб кетганидан кейин қабила саркори ҳам пича ўзини босиб олган, энди қоқ ерда чордона қуриб ўтираркан, тоқатсизлик билан уфққа тикиларди. Қуёшнинг чўғсимон улкан баркаши уфққа чўкиб кетганига анча бўлган, уфқ қонталаш рангда жилваланар, қипчоқ даштидаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган бу қирғинбарот ёвузликнинг гувоҳи бўлмаслик учун гўё тоғлар ҳам ғира-шира шом пардасини юзига тортишга уринаётгандек эди.

Чирсиллаб ёнаётган ўтов босиб тушди, дод-фарёд ва қийчув кескин кучайиб, сал ўтмай улар жон аччиғидаги бўғиқ ҳиррвраш ва инграш овозлари билан алмашинди. Яна бир неча фурсатдан кейин чор-атрофга қабристон сукунати чўкиб, фақат ўтов қолдиқларининг чир-силлаб ёнаётгани қулоққа чалинарди, холос. Ҳамма ёқни кийгиз, латта-путта ва жизғанак бўла бошлаган инсон гўштининг ҳидлари тутган, дайди дашт шамоли бу қўланса дудни тўзитмоққа беҳуда уринарди.

Мўғул лашкарлари энди бамайлихотирлик билан қабиланинг қолган-қутган бойликларни талон-тарож қилишга киришишди. Аввал бут қолган ўтовлардаги ишга яроқли буюмлар, турли мол-бисотлар олиб чиқилди. Сўнгра сал наридаги қўрадан сигирлар ва қўйларни ҳай-даб чиқдилар. Бир неча қоп буғдой ва арпа ҳам пакана отларнинг елкасига ташлаяди. Энди манзилга қайтишса ҳам бўларди-ю, лекин босқинчилар негадир шошилмасди. Митти гавдали, бир кўзи шиғрайган мўғул тилмочга алланималар деган эди, у қабила оқсоқолига юзланди: — Менга қара, қари алвасти, агар тирик қолишни истасанг, қўйларнинг бирини сўйиб, эт. Шонли мўғул лашкарлари шу ерда овқатланишмоқчи.

Оқсоқол зийрак тортди. У яна бир неча фурсатдан сўнг ғайриоддий воқеа содир бўлишини сезгандек, гавдасига ярашмаган чаққонлик билан ўтовларнинг бирига кириб, пичоқ олиб чиқди-да, қўйлардан бирининг оёқларини боғлаб, ерга ётқизди. Кейин «бисмилло», деб бўй-нига пичоқ тортди. Қўйнинг кекирдагидан тирқираб отилган қон эгнига сачраб кетганиданми, мўйсафиднинг юзлари буришди.

Олис уфқда йигирма чоқли қорабайир ва саман отлар минган чавандозлар кўринганида, оқсоқол қўйнинг икки сонини майдалаб, қозонга ташлаётган эди. Улар шамолдай елиб келишарди. Нурбек бошлаб келаётгани аниқ. Боягина қабила кексалари осуда суҳбат қуриб ўтирган кийгиз устида ёнбошлаб ётган тилмоч ва муғуллар ҳали уларни пайқаганлари йўқ.

Ниҳоят, саҳрони от туёқларининг дўпир-дўпири тутиб кетди. Босқинчилар депсиниб ўринларидан турдилар. Лекин улар кечикишди. Олдинда қуюндай учиб келаётган отлиқ — сочлари ва қош-киприклари куйиб сарғайиб кетган ёш йигитнинг олисданоқ зарб билан отган пичоғи биринчи бўлиб тилмочнинг кўксига қадалди. Босқинчиларнинг малайи гайритабиий овоз чиқариб, бўкирганича чалқанчасига ағдарилди. Тил тортмай бандаликни бажо келтирган тилмочнинг кўзлари очиқ қолганди. Иккинчи отлиқ улоқтирган арқонга илашган митти гавдали, бир кўзи шиғрайган мўғул лаққа чўғ устига бориб тушди. Шу ондаёқ эгни-боши гуриллаб ёпа бошлаган мўғул жон ҳолатда икки-уч марта чинқирди-ю, тинчланди.

Отлиқлар бир неча фурсатдаёқ мўғулларнииг қўл-оёқларини боғлаб, бамисоли сўйишга тайёрланган қўйлардек оқсоқолнинг оёқлари остига ташлашди. Овдан муддатидан илгари қайтишга мажбур бўлган бу бақувват ва қирчилла йигитлар энди тобора сўниб бораётган аланганинг калта-калта алвон тилларига мислсиз ғам-ғусса ва армон билан тикилишар, ич-ичларидан ўртанишарди.

Қабила сардори шошилмай ўрнидан турди-да, олдинга ўтди. Бири биридан оғир ўйлар унинг миясини исканжага олганди. Чеҳрасидаги тарам-тарам ажинлар янада кўпайиб қолганга ўхшарди. Ҳозир қадимий, ибтидоий суд ўзининг узил-кесил ҳукмини чиқариши керак. Қабиланинг эски удумлари бўйича, келгиндилар ўлим жазосига маҳкум этилишлари даркор…

Ёш овчилар ҳукмни тезроқ ижро этишга шай ҳолда оқсоқолга сергаклик билан тикилишар ва унинг кўрсатмасини кутишарди. Аммо қабила саркори бир қарорга келишга негадир шошилмасди. Изтироб ва қайғу тумани чулғаган миясини:«Ёвузлик пайини қирқишнинг энг расво йўли қайси?» деган биргина азалий савол қийноққа солмоқда эди.

Бирдан у ўнг қўлини кўтариб, баланд овозда буюрди: — Найза, дубулға ва қиличларни синдириб, бир жойга тўпланглар!

Овчилар бир зумда тараддудда қолишди-ю, лекин тезда найза ва қиличларни бир жойга йигиштириб, бирма-бир синдиришди-да, устма-уст уйиб қўйишди. — Унга мой қуйинглар! — буюрди яна оқсоқол эътирозга ўрин қолмайдиган бир оҳангда. Йигитларнинг бири ёғоч челакни кўтариб келиб, қуролларнинг устига мой сепди. — Энди ёқннглар!

Лаҳза ўтмай саҳрода яна бир гулхан пайдо бўлди. Ҳамманинг диққат-эътибори ўт ичида қолган қуроллар уюмида. Бу одамзоднинг қирғинбарот уруш ва босқинчиликларга қарши илк исёни эди. Бу аланга инсонни тинч ҳаётга чорлаётгандай гуриллар, ёлкин сочар, жавлон урар эди.

Қиз пайдо бўлди. Чамаси, у тўс-тўполон вақтида босқинчиларнинг кўзларини шамғалат қилиб, яширинишга муваффақ бўлган эди. Жингалак сочли йигит унинг истиқболига отилди. Кишинг сочлари тўзиган, йиғлайверганидан кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетганди. У маъюс ва паришон ҳолда тобора сўниб бораётган аланганинг гоҳ бири, гоҳ иккинчисига тикиллркан, борлиқ вужуди шамолда қолган ниҳолдек титрарди. Қизни кўриб, дил-дилидан суюпиб кетган қабила саркори уни бағрнга босди-да, баланд овозда деди: — Мўғулларнинг қўл-оёқларини бўшатинглар!

Йигитлар ҳайрон. Бироқ оқсоқолиинг буйруғи муҳокама қилинмайди.

Ногоҳ боядан берн сукутда ўтирган фолбин кампирнинг жазаваси тутди: — Йўқ! Йўқ!.. Оллоҳи таоло ва жами муқаддас руҳлар ҳаққи илтижо қиламан, уларни ўлдиринг! йўқса, шафқатсиз қасос олишади!..

Қўл-оёқлари арқондан бўшатилган мўғул чериклари қўрқа-писа ўтовдан узоқлаша бошлашди. Кабила овчилари саросима ва тараддудда қолишди. Улар илгари сира кўрилмаган бундай вазиятда нима қилишларини билмай ҳайрон эдилар. Барибир жингалак сочли йигит ўзини тутиб туролмади. У кутилмаганда сал нарида ўтлаб юрган отга отилиб бориб шунда, қоча бошлаган мўғуллардан бирининг бўйнига арқон улоқтириб, саҳро бўйлаб судрай кетди. Бошқалар ҳам жунбушга келди. Кувиш, ола-тасир, муштлашиш бошланди. Бир неча фурсат ичида душман қора қонига беланди қолди.

Овчилар қалтис хатти-ҳаракатлари учуи ўзларини айбдор сезиб, шошилмай оқсоқолнинг ҳузурига қайтиш-ди. Улар ҳар қандай ёвузлик шафқатсиз жазога лойиқ, деб билишар ва ёвузликнинг пайини қирқишнинг бошқа йўллари бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйламасди ҳам. Бу ҳақда бош қотириб кўрган биринчи одам қабила оқсоқоли эди. — Сафар тараддудини кўринглар — деди у хомуш бир кайфиятда. — Энди бу ерда яшай олмаймиз. Олатоғни ошиб, янги саҳро топамиз…

Одамлар истамайгина оқсоқолнинг кўрсатмаларини бажаришга киришдилар. Бир четда фолбин кампир худога илтижо қиларди. Шу чоқ от туёқларининг дупури эшитилди — ҳали душманни сиртмоққа солиб саҳрога судраб кетган Нурбек кўринди. У хурсанд эди. — Юзиммизни ерга қаратдинг, — деди оқсоқол бирдан овози қалтираб. — Энди… тўрт томонинг қибла… — Гуноҳим нима, бобожон? Ахир, улардан куйиб кул бўлган онам, ака-укаларим, опа-сингилларимнинг хунини олдим-ку! — Гуноҳинг — қотиллигинг… — оқсоқол — мунг билан ерга қаради. — Ёвузликни ёвузлик билан енгиш мумкин эмас экан!..

У сукутга кетди. Рўпарасида қора кўзларини жовдиратиб Нурбек турарди — Нима гап? — йигитнинг олдига ўтов ортида бекиниб турган қиз югуриб келди. — Бобом сени ҳайдаяптими? — Ҳа… — Каёққа кетмоқчисан? — Бошим оққан томонга-да. — Мен ҳам сен билан…

Йигитнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. — Чиндан-а?..
— Чин сўзим!..

Нурбек майда ўрилган сочлари тақимига тушган хуш-қомат қизни бағрига босди. Унинг кўзларида ёш. — Нега йиғлаяпсан? — Ёлғиз иккаламиз… — Ундай дема, — йигит қизнинг гапини бўлди. — Оила қурамиз, ўзимиздан ўзимиз кўпаямиз. Халқ бўламиз! Шундай халқ бўламизки, унда меҳр-оқибат, садоқат, самимийлик мутлоқ қарор топган бўлади. — Айтганинг келсин! — Ният — муқаддас, еру кўк— муқаддас, шундан бизга теккан улуш-муқаддас… Қани, кетдик! — Кетдик!..

Икки отлиқ оқшом қуюқлашаётган дашти-биёбонга тобора сингиб борар, уларнинг ортидан кўтарилаётган паға-паға чанг булутлари осмону фалакни тутгудай эди…

011

(Tashriflar: umumiy 2 727, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring