Mirzaali Akbarov va tarjimalari haqida

002

15 март — истеъдодли таржимон Мирзаали Акбаров 60 ёшга тўлади. Қутлаймиз!

Таниқли таржимон Мирзаали Акбаров 15 март куни 60 ёшга тўлади. Таржимачилик соҳасида ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси эътиборга моликдир. Машҳур олмон адиби, Нобел мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессенинг “Чўл бўриси” романи, “Нюренбургга саёҳат” сафарномаси, Гёте ҳикматлари ва бошқа олмон забон адиблар ижодидан юзга яқин роман, қисса ва ҳикояларни она тилимизга ўгирган. Шу билан бирга ўзбек адиб ва шоирларининг асарларини немис тилига ўгирганлиги ҳам алоҳида эътирофга лойиқдир.
Биродаримизни бу борадаги ижодий ишларига муваффақиятлар тилаймиз. Айни кунларда у киши Швецарияда (икки ойдан буён) сафарда. Шу бугун тонгда дўстимиздан хат олдим. Уни эътиборингизга ҳавола қилишни мақбул деб билдим.
“Ўрозжон, ассалому-алайкум!
Ҳозиргина … эл. почтамни очсам, Сиздан хат келган экан, ўқиб хурсанд бўлдим.
Шунчалик бизни эслаб, эътироф этганингиз учун катта раҳмат! Февраль совуқ бўлгании учун, тадбир — тақдимот маросимим, Худо хоҳласа, 20 март куни бўладиган бўлди. Суратим билан таклифномалар тарқатилди. Райнҳард ҳам худди шу куни Мюнхендан етиб келади. Тадбир дастурида: таржима лойиҳам ва ўзбек адабиёти, хусусан, Сизнинг ижодингиз билан бошланади. Маросимнинг «бадиий» қисмида мезбонлар туғилган куним — 60 йиллигим шарафига зиёфат беришади, рухсатингиз билан… Шунақа гаплар, дўстим… Сизга, жамоадошларингиз ва оилангизга самимий саломлар йўллаб қоламан. Хайр, соғ-омон бўлинг (Шоир  Ўроз Ҳайдарнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди).

099
0034

021
ТАРЖИМАДА МЕТАФОРАНИНГ ИШЛАТИЛИШИ
(Ҳ. Ҳессенинг «Чўл бўриси» романи асосида)
055

Атоқли таржимашунос олим А.В. Фёдоровнинг фикрига кўра, «Таржимада ҳар бир ёзувчининг ўзига хос услубини, бошқа тилнинг имкониятлари ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, қайта яратиш даркор. Дарҳақиқат, таржимон Мирзаали Акбаров Ҳерманн Ҳессенинг „Чўл бўриси“ романини таржима қилиш жараёнида ўзбек тилининг имкониятарини ҳам четда қолдирмади. Метафорани метафора тарзида таржимада акс эттириш, адекват таржима усулининг муҳим хусусиятларидан бири ҳисобланади. Шу ўринда, метафора хусусида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

Метафора ҳақида бениҳоя катта миқдордаги илмий адабиётлар яратилган.Адабиётларнинг аксариятида метафоранинг асосий моҳияти ўхшатиш, қиёслашдан иборат. Метафора деганда, нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашлик тушунилади, яъни нутққа образлилик, эмоция бериш мақсадида нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликка асосланиб, сўзлар ва ибораларнинг кўчма маънода ишлатилишидир. Марита Рот фикрига кўра: „Метафоралар тилнинг безаги учунгина эмас, балки, кўпроқ тушунарлилик учун ҳам хизмат қилади [3:31].

Аристотель ўзининг “Риторика» асарида метафора билан ўхшатиш ўртасида катта фарқ йўқлигини яхши ўхшатишни осонлик билан метафорага айлантириш мумкинлигини, уларни моҳиятида яқинлик мавжудлигини таъкидлаб кўрсатди. Юнон файласуфи айтадики, агар шоир Ахилл ҳақида «у шердек ташланди» деса бу ерда ўхшатиш воқе бўлади, агар шоир шу қаҳрамон ҳақида «шер ташланди» деса метафора юзага келади. Метафора — кўп қиррали жараён ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг таснифи бир неча жиҳатни қамраб олиши шубҳасиздир. Бу кўчим асос метафора, очиқ, экспрессив, номунтазам, луғавий метафора ҳисобланади. Метафоранинг кучи шундаки, жумлани қисқа ва аниқ, таъсирчан акс эттиради. Ҳар қандай лингвистик ҳодиса каби метафора ҳам лисоний асосга эга.

Метафора асосида ном кўчиши предмет, ҳаракат, ҳолатларнинг кенг маънодаги ўхшашлигига асосланади. Асос конкрет, абстракт бўлиши мумкин. Метафора тузилишига кўра содда ва кенгайган, бадиий ҳамда лингвистик метафораларга ажратилади. Лингвистик метафора экспрессив бўлмаган атама, бадиий метафора экспрессивдир. Метафоранинг ана шундай моҳиятини инобатга олган ҳолда профессор Р. Қўнғуров мана бундай деб ёзган: «Метафорани яширин ўхшатиш дейиш мумкин. Аммо, у оддий қиёсдан фарқ қилади. Агар оддий қиёс ҳар доим иккита аъзодан ташкил топса (яъни нима қиёс қилинади, нима билан қиёс қилинади, қиёс қилинувчи ва қиёс қилинадиган предмет) метафорада фақат иккинчи аъзо — ўхшатилган нарса қолади, ўхшаган нарса тушириб қолдирилади ва у контекстда очиқ сезилиб туради. Демак, метафорада тасвирланаётган предмет ана шу иккинчи аъзо орқали идрок қилинади» [4:236]. Ушбу фикрга қўшилган ҳолда шуни ҳам айтиш керакки, соф лисоний нуқтаи назардан, бизнингча, метафорани «яширин ўхшатиш» эмас, балки «қисқартирилган ўхшатиш» деб қараш мақсадга мувофиқроқ кўринади. Метафора аслида нутқда образлилик, эмоция бериш мақсадида нарса ва ҳодисалар ўртасидаги ўхшашликка асосланиб, сўзлар ва ибораларни кўчма маънода ўхшатишдир.

Мисол тариқасида: Aber wenn ich auch ein alter und etwas ruppiger Steppenwolf bin, so bin doch auch ich der Sohn einer Mutter, und meine Mutter war eine Bürgersfrau und zog Blumen und wachte über Stube und Treppe, Möbel und Gardinen, und bemühte sich, ihrer Wohnung und ihrem Leben so viel Sauberkeit, Reinheit, und Ordentlichkeit zu geben, als nur immer gehen wollte [5:20].

Таржимаси: Лекин мен ўзим қариган, бир оз ночор Чўл бўриси бўлсам ҳам барибир онанинг фарзандиман. Лекин онам ҳам худди шундай, келиб чиқиши оддий, мешчан аёл бўлган. Гуллар ўстирган ҳонадонга, зиналарга, мебел ва дарпардаларга кўз қулоқ бўлиб, уйда ва турмушда ҳамиша тозалик; озодалик ва тартиблилик бўлиши учун тиришиб, уннаган эди.

Таржимон ушбу таржимасида аслиятдаги яхлит жумлани бир неча жумлаларга ажратиб, эркин таржима усулидан фойдаланиб ўгирган. «қариган, бир оз ночор Чўл бўриси» метафорасини таржимада ҳам метафора шаклида берган. «Чўл бўриси» орқали ёлғизланиб қолган жамиятдан бироз узоқлашган шахс асарнинг асосий қаҳрамони Ҳарри Ҳаллер тасвирланган. Аслини олганда, жумланинг услубий тасвир бутунлигини акс эттириш жуда мураккаб иш, негаки, эҳтиёт бўлинмаса, муаллифнинг услубига путур етказиб қўйиш мумкин.

Мирзаали Акбаров таржимасидаги қуйида берилган метафора аслиятдаги маънога салбий таъсир кўрсатмаганлигини кузатишимиз мумкин. Zwei schöne Mädchen zogen meine Blicke an, beide gute Tänzerinnen, denen ich mit Bewunderung und Neid blickte, wie sie elastisch, schön, fröhlich und sicher dahin tanzen [5:134]. Таржимада қуйидагича талқин қилинган: Рақс тушаётганлар ичида иккита чиройли қиз диққатимни тортди, иккалови ҳам яхши раққоса эди, уларга ҳайрат ва ҳавас билан боқдим — силлиқ, равон, гўзал, қувноқ ва дадил рақс тушишарди улар. Таржимон zogen meine Blicke an метафорик жумласини ўзбек тилига худди шу асосда яъни диққатимни тортди метафора кўринишда истеъфода этишга ҳаракат қилган. Бу билан аслиятдаги маънони ўз ҳолида сақлашга эришган. Қуйидаги: Тортмоқ- бирор бир нарсани ҳаракатга келтирмоқ -юкни тортмоқ -кучни ифодалайди.

Юқоридаги ҳолат кўпроқ физик кўринишга эга. Ёзувчи жумлани маъновий ҳусусиятини ўзгартирмасдан, қуйидаги бадиий бўёқдорликдан фойдаланди. Лекин шунга қарамасдан муаллиф ҳам таржимон ҳам нутқнинг бадиий қимматини ошириш мақсадида шу каби метафорик ифодани қўллаган. Метафоралар энг кўп ва кенг қўлланиладиган троплар сирасига киради, ва ўхшатиш маъноларида келади. Бир вақтнинг ўзида ўхшатиш каби муҳим роль бажаради. Ўхшатишдан фарқи шундаки, у нарсалардан мустақил равишда бўлади, бу икки нарса ўртасидаги муносабатдан юзага келади. Ва ўхшатиш юкламасиз образда сингиб кетади. Кўчим ички ўхшашлик муносабатларидан кўра ташқисида учрайди ва от, сифат, феъл номинал ва вербал фраземаларга хос ҳисобланади. Одатда метафораларни бадиий услубда учратиш мумкин. Улар китобхоннинг дунёқарашидан юқори поғонада туриши билан ҳам аҳамиятлидир, лекин уларни кундалик мулоқотда, фанда ва ахборотларда учратиш мумкин.

Таржимон ўзи севган, фойдали ва зарур деб билган асарни бутун салмоғи, ғоявий бадиий нафосатини сақлаган ҳолда қалб қўри билан ўгиришга шайланади, ўз қалам тебратиш йўсинини муаллифнинг услубига мослаб ижод этишга киришади. Бунинг натижасида, санъат асари бошқа тилга, ўзга адабий муҳитга, янги китобхонлар орасига қараб йўл олади. Мирзаали Акбаров ҳам муаллиф услубини юксак маҳорат билан таржимада акс эттира олган.

Н.Элчибеков, ЎзМУ, С. Назаров, ТДПУ

033
Йоҳанн Вольфганг Гёте
ҲИКМАТЛАР
Мирзаали Акбаров таржимаси
04

003 Йоханн Вольфганг Гёте (1749.28.8, Франкфурт-майн — 1832.22.3, Веймар) — немис ёзувчиси ва мутафаккири. Янги давр немис адабиётининг асосчиси. Ижоди 18-асрнинг 70—80-йиллари Германияда мавжуд бўлган «Бўрон ва ҳужум» адабий ҳаракатида иштирок этишдан бошланган.
Гёте адабий фаолиятининг илк даврига мансуб «Ёш Вертернинг изтироблари» (1774) романи ўша давр немис адабиётида катта воқеа бўлди. Шу даврда у «Ифигения Тавридда» (1779— 81), «Эгмонт» (1788), «Торквато Тассо» (1780—89) каби драмалар ёзади. «Шеърият ва ҳақиқат» автобиографик китоби (1811—33), «Вильхельм Майстернинг ўқиш йиллари» (1793—96), «Вильхельм Майстернинг дарбадарлик йиллари» (1821—29) романларида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масаласи акс этган.
Гёте Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиётини чуқур ўрганади, Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Румий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби шоирлар шеъриятидан илҳомланиб «Мағрибу машриқ девони»ни (1814—19) ёзган. Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди.
Гёте шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш 20-асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган (Чўлпон, Ойбек, Шайхзода ва б.). Кейинчалик Гётенинг «Фауст» (Эркин Вохидов таржимаси, 1972—75), «Мағрибу машриқ девони» (Садриддин Салим Бухорий таржимаси, 1985—90), «Ёш Вертернинг изтироблари» (Я. Эгамова таржимаси, 1975), ҳикматлари ва «Мағрибу машриқ девони»нидан намуналар, ўзига хос сайланмаси (Мирзаали Акбаров таржимаси, 2011) ўзбек тилида нашр этилган.

006

Ўғрилар орасида энг хавфлиси – аҳмоқлар. Улар вақтингни ўғирлагани камдек,кайфиятингни ҳам бузади.

Чироқ ёнган жойда ёғ доғи, шам ёнган жойда мум сўхтаси қолади; фақат осмон ёритқичларигина соф,беқолдиқ нур сочади.

Дўстни алдагандан кўра унга алданган яхшироқ.

Қаёққa кетаётганини билмаган одам узоққа бора олмайди.

Агар маймунлар зерика бошлаганда эди, аллақачон одамга айланган бўларди.

Меҳнат аҳли дунёни қўл билан, илс аҳли эса мия билан бошқаришг интилади. Бунга ким қанчалик эришяпти – ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

Лайлакнинг кўнглидан нелар кечаётганини чумчуқ қайдан билсин?

Бирваракайига тенглик ва озодлик ваъда қилаётган қонун чиқарувчилар ё инқилобчи, ё хаёлпараст ёки фирибгарлардир.

Буюклик мукофот ёки жазо олишни ўйлаб ўтирмай ҳаракат қилишдадир.

Томошабинга ҳам гўё аёлдек муносабатда бўлинг — унга ўзи билан тенглаша оладиган кимса борлигига ҳеч тоқат қилолмайди.

Ёшликдан кўп нарса кутган одам хато қилмайди. Фақат у қалбан нени ҳис этган бўлса, унинг ижросини ҳам ташқаридан эмас,қалбидан изламоғи керак,холос.

Биз шу қадар калтабинмизки, ўзимизни доим ҳақ деб биламиз; шу тариқа доно кишилар ҳам наинки адашади, балки атайлаб хатога йўл қўяди,деган нотўғри фикр пайдо бўлади.

Ҳақиқат шундай улкан,мислсиз машъалаки,ёнидан ўтаётганда беихтиёр кўзлар қамашади, ҳатто бирон жойимни куйдирмасмикан, деган ҳадик пайдо бўлади кишида.

Ҳамма одамлар озодликка чиқди дегунча хатога йўл қўяди: кучлилар ошириб юборса,кучсизлар беписандлик қилади.

Хурофот,бидъат – инсонга хос иллат. Ундан буткул қутулмоқчи бўлсангиз ҳам вужудингизнинг пана-пучмоқларига бекиниб олади-да, сўнг бехос пайдо бўлиб қолаверади.

Ақл ёки тасодиф тўғри йўлга сола билмайдиган тентаклик йўқ; тентаклик ёхуд тасодиф йўлдан ура олмайдиган ақл ҳам.

Ўзимизни бошқалар ўрнига қўйиб кўрганимизда,уларга нисбатан рашк ва нафратимиз барҳам топган; бошқаларни ўз ўрнимизга қўйиб кўрганимизда эса кибр-ҳаво ва манманлик хийла камайган бўлур эди.

Йўлбарсга қўйиб берсанг, қоннинг таъмини буғуга тушунтирмоқчи бўлади.

Одамларнинг ахлоқан бузилишига мос равишда адабиёт ҳам айниб боради.

Мундоқ олиб қараганда, бутун фалсафа чигал,дудмал тилда баён этилган Инсон тафаккуридир.

Қалб ҳаммага, ирода айримларга, санъатни ҳис қилишдек нозик дид эса камдан-кам одамга ато этилган.

Кўпинча ота-боболаримизнинг ҳикматли гапларини такрорлаб юрамиз, ўзимизча талқин қиламиз. Бироқ улар ўз даврида бутунлай бошқача маъно-мазмун касб этганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Аксарият хатолар ожизликдан далолат.

Ингичка соч толаси ҳам кўланка ташлайди.

Камалак ҳам узоқ вақт товланиб турса, одамлар унга ҳам қарамай қўйган бўларди.

Ҳар тонг ҳаётдан хурсандлик кутиб уйғонмасак, оқшом янги умидлар билан уйқуга кетмасак эди,кийиниш ва ечиниш ҳам бизга малол келарди.

Кимки хавфдан огоҳ бўлатуриб, гунгдек миқ этмай юрса, билингки,ўша – душман.

Аёл зоти билан ўйлаб муомала қилинг. Чунки у эгик қовурғадан яралган. Қодир Эгамнинг иродаси – шу. Мабодо уни тўғриламоқчи бўлсангиз, синдириб қўясиз. Ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз баттар майишиб кетади.

Ҳар бир айтилган сўз тескари маъно уйғотади.

Бурчинг нима ўзи у? Шу куннинг талаби.

Одам ҳеч қачон алданмайди, ўзини ўзи алдайди, холос.

Нотўғри нарсанинг устунлиги шундаки, у ҳадеб алжийвериш учун мавзу бўла олади; ҳақиқат эса дарров амалда намоён бўлиши керак, акс ҳолда унинг қадри қолмайди.

Ақлли жавоб олмоқчи бўлсанг, ақлли савол бер.

Юксак мақсадлар юзага чиқмай қолган тақдирда ҳам — биз учун амалга ошган иккинчи даражали мақсадлардан кўра қимматлироқдир.

Мақсадга яқинлашган сайин машаққат ортиб боради. Лекин ҳар бир киши юлдузларга ўхшаб сокинлик билан, шошмасдан, бироқ белгиланган мақсад сари узлуксиз интилган ҳолда, ўз йўлларини босиб ўтиши керак.

Инсон бўлиш — курашчи бўлмоқликдир.

Натижа — ишга берилган баҳо.

Энг кулгили хоҳиш, — бу барчага ёқиш истаги.

Ишонтириш — ҳар қандай илмнинг ибтидоси эмас, балки интиҳосидир.

Жанжаллашаётган икки кишининг қайси бири ақллироқ бўлса, ўша айбдор.

Ҳеч нарса йўқотмайдиган одам бўлиш — ўта даҳшатлидир.

Донишмандлик — фақат ҳақиқатда.

Ҳаёт, гарчи у лаҳза бўлса ҳам, бурчдир.

Бекор ўтган умр, бу — барвақт ўлим топиш демакдир.

Тажрибалар — бизнинг абадий ҳаёт муаллимимиз.

Излаган одам адашиши мумкин.

Кимки кўп нарсага эришмоқчи бўлса, ўз олдига катта талаблар қўйиши лозим.

Бегона юрт Ватан бўла олмайди.

Мукаммал санъат асари, бу — инсон руҳий оламининг инъикосидир, у шу маънода табиат фарзанди ҳисобланади.

Агар тутуриқсиз нарса дид билан тасвирланган бўлса, у ҳам завқ уйғотади, ҳам нафрат.

Нимаики ўзига жалб этмас экан, у жонсиздир.

Ғазаб учун далилнинг кераги йўқ. У фақат сабаб ахтаради.

Ақлли кишилар-бебаҳо қомус.

Фаол жоҳилликдан даҳшатлироқ нарса йўқ.

Ким сабрли бўлса-ўша ҳақдир.

Инсон дунёни қанчалик билса, ўзлигини ҳам шунчалик англайди.

Инсон тушуниб бўлмайдиган нарсаларни ҳам тушуниши мумкинлигига инонмоғи лозим, акс ҳолда, у булар ҳақида фикр юритмай қўйган бўлур эди.

Турли-туман тарбиявий ҳикоятлар ва ҳикматли сўзларни тўплаш тенгсиз давлатдир.

Ҳар куни ақалли битта қўшиқ эшитиш, яхши расм кўриш ва иложи бўлса, истаган бир ҳикматли сўзни ўқиб олиш даркор.

Киши узлатда яшай олмайди, унга жамоат керак.

Фақат одамлар орасидагина киши ўз-ўзини англашга қодир.

Кишининг танҳо қолиши, айниқса, у якка ўзи ишласа, беҳад ёмон; агар у бирон-бир нарсага эришмоқчи бўлса, унга ҳамдардлик ва маънавий ёрдам керак.

Айнан бошқаларнинг хайрихоҳлигидан баҳра топган ҳолдагина ҳаёт нашъали бўлади.

Ҳамиша қаҳрамон бўлиш мумкин эмасдир, лекин ҳамиша инсон бўлиб қолиш мумкин.

Ўзи ҳақида ҳукм чиқаришни ўрганмаган одам бошқалар ҳақида ҳукм чиқаролмайди.

Яқин кишиларимизга ўзларига муносиб муомала қилиб, биз уларни баттар бузамиз. Агар биз уларга ўзларидан кўра яхшироқ одамлар, дея ёндашсак, уларни биз янада яхшироқ бўлишга мажбур этамиз.

Барча камчиликларидан қатъи назар, одамлар ҳар нарсадан ҳам кўпроқ меҳрга сазовордирлар.

Гўзаллик -ҳар ерда орзу қилинган меҳмон.

Бенаф яшашдан бевақт ўлим афзал.

Кимки курашса гар эрк ва ҳаёт деб, ўшанга лойиқдир эрк ҳам, ҳаёт ҳам.

Айниқса, вақтни бой бериш билимдон одамга қимматга тушади.

Ҳадеб ўйлайверган одам ҳамиша ҳам тўғри қарорга келавермайди.

На бўйсунишга, на ўзининг нимага қодирлигини кўрсатиш учун буйруқ беришга эҳтиёжи йўқ кишигина чинакам бахтиёр ва улуғвордир.

Зўр қувончга фақат катта меҳнат билан эришиш мумкин.

Ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди.

Инсон ўз бурчини бажарар экан, ўзи мажбуран қилаётган ишига ҳам муҳаббат билан қарайди.

Қўлидан келадиган ишга эмас, ўзи тушунмайдиган ишга қўл урган киши бахтсиздир.

Ҳеч қандай ишга дабдаба билан киришмаслик керак: тантанаворлик иш тугаганда ярашади.

Ҳали ёш эканмиз, хато ҳам фойдадан холи эмас, фақат уни то қаригунча судраб юрмасак бўлгани.

Нарсаларга қизиқишинг йўқолса, хотирангдан ҳам айриласан.

Хурсанд одамга бутун олам қувноқ кўринади.

Ўзини ақлли кўрсатишга уринган аҳмоқдан ҳам хатарлироқ кимса йўқ.

Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди.

Ишонч билан гапир, ана шунда сўз ҳам, тингловчиларни маҳлиё этиш ҳам ўз-ўзидан кела қолади.

Мухолифинг билан баҳслаша туриб, ўз ожизлигингни англай бошладингми, баҳсни тўхтат, акс ҳолда, қанча кўп гапирганинг сайин баттар бемаъни аҳволга тушаверасан.

Энг яхши санъат асарларини вақт-вақти билан такрор синчиклаб кўриб турмоқ зарур; уларда кўз илғамас теранлик яширинган бўлади.

Ўртамиёна китобларни керагидан ортиқ ўқиб, беҳуда вақт сарфлайдилар. Аслида ҳайратланган нарсангнигина ўқишинг лозим.

Ҳаётга инон, ахир у ҳар қандай китобдан ҳам яхшироқ таълим беради-ку.

Меҳнатсиз чинакам буюклик бўлиши мумкин эмас.

Фақат тажрибагина бизни ҳаёт неъматларини қадрлашга ўргатади.

Буюк одамдан биз, аввало, ҳақиқатга муҳаббатни талаб қиламиз.

Давлатингдан айрилсанг — кўп нарса йўқотасан,
Номусингдан айрилсанг — кўп нарса йўқотасан,
Мардлигингдан айрилсанг — ҳамма нарсангни йўқотасан.

Ўз номукаммаллигингни англашинг камолотга етаклайди.

Кимки дунёда ўз дўстлари борлигини билмас экан, дунё ҳам уни билиши шарт эмас.

Чинакам маслакдошлар узоқ вақт аччиқлашиб юролмайдилар; улар ахир бир кун ярашиб оладилар.

Ота дунёдан кўз юмганда, болаларига ота ўрнини боса оладиган аёл чинакам онадир.

Ошиқлар висолига ҳамиша вақт етмайди.

Аждодлар ҳурматини чин қалбдан бажо келтирувчи киши бахтлидир.

Ўзингни ўз қобилиятингдан устун қўйишинг ҳам, ўзингни камситишинг ҳам ярамайди.

Ҳар қандай киши ҳам ўзи тушунадиган нарсага қулоқ солади.

Қўрқоқ хавф ўтганидан кейингина дўқ-пўписа қилади.

Камчилиги, айниқса, руҳий камчилиги бор кишилар доимо ўзлари ҳақида юқори фикрда бўладилар. Гўё сахий табиат кимни бошида ақлдан қисган бўлса, ўша камчиликни тўлдириш учун манманликни қўшимча чора сифатида юборгандек.

Ўлимдан қўрқиш ҳам, қўрқмаслик ҳам мумкин, у — муқаррар нарса.

Наҳот муҳаббат билан ақл ўртасида бирон-бир умумийлик бўлса!

Зиддият ва хушомад бор жойда суҳбат қовушмайди.

Ишқибозлик-қусур ёки фазилатнинг юқори даражадаги кўринишидир.

Бизнинг майл-ҳавасларимизни Қақнус қушга ўхшатиш мумкин. Бири ёниб битса, шу заҳоти кул ичидан яна янгиси чиқиб келаверади.

Ихтиёрий боғлиқлик энг гўзал ҳолатдир, уни муҳаббатсиз қандай тасаввур қилиш мумкин?!

Санъат қийин ва эзгу ишлар билан шуғулланади.

Манзилга яқинлашганинг сайин қийинчиликлар янада орта боради.

Энг ингичка соч толасининг ҳам сояси бор.

Агар инсон табиатан олижаноб бўлмаганида, у ер юзидаги энг улуғ мавжудот бўла олмас эди.

Кимки ўз умри интиҳосини ибтидоси билан боғлай олса, у энг бахтиёр инсондир.

Манба: “Тафаккур” журнали, 2011,3-сон.

037
Волфганг Борҳерт

НОН
Мирзаали Акбаров таржимаси
055

002Олмон шоири ва ёзувчиси Вольфганг Борҳерт 1921 йилда Ҳамбургда туғилиб, 1947 йили Швецариянинг Базел шаҳрида оғир бетобликдан вафот этган. У жуда қисқа умр кечирган бўлса-да, ўзидан битта драма, ғоят нафис шеърлар, кўплаб ҳикоялар мерос қилиб қолдирган. Адолатсиз уруш туфайли шоир жуда кўп бегуноҳ олмонлар сингари ўз уйида, ўз ватанида яшаб ватангадо бўлди. Беҳад қайноқ қалб эгаси бўлган Борхерт ҳаёти азоб-уқубат, сарсон-саргардонликда кечди. Шоирнинг бутун ижоди фашизм балосини, урушни қоралашга бағишланган. Қуйида эълон қилинаётган ҳикоя ҳам айни шу мавзуда.

055

Аёл тўсатдан чўчиб уйғонди. Соат тунги икки ярим эди. Назарида ошхонада кимдир нимагадир туртингандай бўлди. Ўша тарафга қулоқ осди. Жимлик эди. Шу қадар жимликки… У қўлларини ёнига ташлади, бўм-бўш. Э-ҳа, ана гап қаёқда экан. Аёлнинг нафаси ичига тушиб кетди.

У аста ўрнидан турди ва қоронғи хонани бир-бир босиб, ошхонага кирди. У ерда нимадир оқариб кўрингандай бўлди. Чироқни ёққан эди, қарангки, эри… Энди улар ички кўйлакда, тунги соат икки яримда, яна ошхонада бир-бирларига рўбарў туришарди.

Ошхонадаги стол устида нон солинган ликопча турар, унда кесилган нон ва пичоқ бор эди. Оёғидан совуқ ўтгандай бўлиб, аёл жунжика бошлади.
— Ошхонада кимдир юрибдимикан, деб ўйлабман, — деди эри атрофга жовдираб.
— Менинг қулоғимга ҳам нимадир чалингандай бўлди, — деди аёл ва шу дамда эрининг кўйлакчан жуда қаримсиқ кўринишига ажабланди. Олтмиш уч ёшга кирди-да, ўзиям. Кундузи сал ёшроқ кўринади.

“Кампирим ҳам қариб қолибди, — деб ўйларди эркак ҳам шу тобда. — Ич кўйлакда янаям кексайиб кўринаркан, тавба”.
— Оёғингга бирор нарса илиб олсанг бўлмайдими? Шундай совуқда ялангоёқ турибсан-а, шамоллаб қоласан-ку, — деди у.

У эрига қарамади ҳам. Шунақа ёлғон сўзласа, чидай олмайди. Ахир бир ёстиққа бош қўйганларига ўттиз тўққиз йил бўляпти-ю, ҳалиям тил учида сўзлайди.
— Қара-я, ошхонада кимдир юрибди, дебман, — эри шундай деб, хонанинг у бурчидан бу бурчига бемаъни тикилди. Кимнингдир овозини эшитгандай бўлди.
— Менга ҳам шундай туюлди, — аёл дастурхондаги увоқларни қўли билан тўплай бошлади. — Ҳар қалай, ҳеч ким йўқ экан-ку.
— Рост айтасан, ҳеч ким йўқ экан, — эрининг овози ғайритабиий чиқди.

Аёл эрига ачинди:
— Ўрнинггга ёта қол, ўша тарақлаган нарса ташқарида экан, шамоллаб қолмагин тағин.
Эр дераза тарафга қаради.
— Ҳа, ташқарида бўлса керак.

Аёл ликопча тарафга қарагиси келмай, чироқни тезроқ ўчиришни истарди.
— Албатта ташқарида, қаерда бўларди. Шамолда тарнов деворга тегиб, тарақлаб туради. Ўша тарнов бўлса керак.

Улар қоронғу йўлакдан қайтиб, ётоқхонага ўтдилар.
— Ҳа, ўзиям шамол туни билан увиллаб чиқди-да.
Ўринларига ётишгач, аёл эрининг гапини маъқуллади:
— Шамол бўлганда тарнов тақирлар экан-да.
— Мен бўлсам, ошхонадами деб ўйлабман, — эри уйқу аралаш ғўлдиради. Овозидан алдаётгани сезилиб турарди.
— Ҳаво ҳам совибди, — эснади аёл. ¬— Кўрпани ёпинмасак бўлмас. Хайрли тун.
— Хайрли тун, — аранг жавоб қайтарди эр. — Совуқ чаккимас…

Сўнг атрофга сукунат чўкиб, бир неча дақиқа ўтгач, аёл эрининг хўрсинаётганини сезди. Уйғоқлигини билдирмасликка тиришиб, жим ётаверди. Шу зайлда аёлнинг кўзи илинди.

Кейинги куни оқшом эри уйига қайтгач, аёл унинг олдига тўрт бурда нон қўйди. Одатда уч бурда қўярди.
— Бемалол олавер, ош бўлсин, — деди у эрига.
Эр нонни иштаҳа билан еяркан, ўзини сезмаганга олди, аммо бошини кўтармасди. Аёлнинг эрига раҳми келиб кетди.

МИРЗААЛИ АКБАРОВ ТАРЖИМАСИДА ЙОҲАНН ВОЛЬФГАНГ ГЁТЕНИНГ САЙЛАНМА АСАРЛАРИ КИТОБИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
055

09

003

(Tashriflar: umumiy 515, bugungi 1)

Izoh qoldiring