Vohid Abdullayev. Alisher Navoiy va Fazlullo Abulaysiy xonadoni

0715 май — Адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев таваллуд топган кун

   Академик Воҳид Абдуллаев қирқ йил давомида Самарқандда адабиётшунослик мактабини яратиш, ўз атрофига зукко, салоҳиятли, маданий-маънавий меросимизни холис илмий асосда баҳолайдиган, чуқур таҳлил ва тадқиқ эта оладиган ёш кадрларни тўплаш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш йўлида тинмай меҳнат қилган эди.

Воҳид АБДУЛЛАЕВ
АЛИШЕР НАВОИЙ
ВА ФАЗЛУЛЛО АБУЛАЙС ХОНАДОНИ

009

09Абдуллаев Воҳид Абдуллаевич (1912.15.5 — Самарқанд — 1985.30.7) -адабиётшунос. Ўзбекистон ФА акад. (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1973). Филол. фанлари д-ри (1959), проф. (1960). 1932 й. Фарғона педагогика ин-тини битирган. Воҳид Абдуллаев 1935 — 43 й.ларца Бухоро ва Самарқанд педагогика ин-тларининг, 1944 — 69 йларда Алишер Навоий номидаги Самарқанд ун-ти ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири, 1963 й. дан шу ун-т ректори. 1930 й.дан шеърлар, илмий мақолалар ёза бошлаган.
«Самарқанд сайли» (1970) шеърий китоби нашр этилган. «Навоий Самарқандда» (1948), «Нишотий ва унинг «Ҳусни Дил» достони», «Хоксор ва унинг «Мунтахаб ул-луғот» китоби» (1955), «Нишотий ва Хоксор» (1960), «Ўзбек адабиёти тарихи» (1964), «Сайланма» (1982) каби китоблари ўзбек адабиёти ва адабиётшунослиги масалаларига бағишланган.Воҳид Абдуллаевнинг олий ўқув юртлари учун «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслигида 17 — 19-а.лардаги ўзбек адабиёти тарихи тадқик этилган.

009

  Алишер Навоийнинг ўз асарларида эътироф қилиб ёзганидан маълумки, у ўз маданий савиясини ошириш, билимини янада чуқурлаштириш йўлида Шайх Садриддини Ревасий, Шайх Камол Турбатий, Саид Ҳасан Ардашер, Хожа Муҳаммад Астрабодий, Хожа Юсуф Бурҳон, Абдураҳмон Жомий ва Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб каби олимлар қошида жуда қўп дарс ўқиган 1.

Аммо у Самарқандда Муҳаммад Олим Самарқандий, Хожа Хисрав, Алои Шоший каби олимлар суҳбатидан ташқари кўпроқ вақтини Фазлулло Абулайсий (Фазлуллоҳ ибн Абдулвоҳид ибн Абу Лайс Самарқандий. ХДК изоҳи) оиласида ва унинг мадрасасида ўтказган. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётида бу оила, шахсан Фазлулло Абулайсийнинг ўзи муҳим ижобий роль ўйнаган эди.

Абулайсийлар хонадонининг Шарқда шуҳратланиши Фақиҳ Абулайс бин Муҳаммад бин Иброҳим Самарқандийдан бошланган эди 2.

Фақиҳ Абулайсий яшаган давр Ўрта Осиё халқларининг қадимги маданияти устига жаҳон маданий бойликларининг Самарқанд ҳамда Бухорода тўплаган вақтидурки, Фақиҳ Абулайс бу адабий-маданий хазиналардан ўз  даврига кўра тўла фойдалана олган киши эди 3.

Алишер Навоийнинг Самарқандда Фазлулло Абулайсий даргоҳини маъқул кўриши, у даргоҳга қараб интилишининг бош сабаби ҳам шунда эдики, фаҳиҳ Абулайс авлодларининг маданий анъаналарини темурийлар даврида ҳам давом эттирган кишилардан бири Самарқанднинг «аъламул-уламоси» (олимлар олими) Фазлулло Абулайсий эди. Унинг кутубхонасида бой маданий ва адабий мероснинг дурдоналари кўп бўлганидек, шахсан ўзи ҳам XV асрнинг 60—70- йилларидаги Самарқанд олимлари ўртасида катта обрўга эга эди. Алишер Навоий «Мажолисун-нафоис»да: «Иккинчи мажлис ул жамоати азизлар зикриданким, фақир алардин баъзини мулозаматиға кичикликда етибмен», деб бир қатор олимлар билан бирга Фазлулло Абулайсийнинг маданий савияси ва олимлар ўртасидаги мавқеи ҳақида ҳам муҳим маълумотлар келтиради.

«Самарқанд акобиридиндур, Фаҳиҳ Абулайсий авлодидин,—деб давом этади Алишер,—Сайид Шарифнинг 4 шогирди ва Сайид ўз хатлари билан дарс айтурға ижозатнома аларнинг учун битиб эрди».

Сайид Шариф Журжоний тарбиясида етишиб, ундан «дарс айтурға ижозатнома» олган мударрис Фазлулло Абулайсийнинг ҳуқуқшуносликда — Абу Ҳанифаи соний ва араб тилини билишда Ибн Ҳожиб билан тенғ даражадаги билимдон киши бўлганини Алишер Навоий мазкур асарида қуйидагича келтиради: «Фиқҳда ани Абу Ҳанифаи соний 5 дерлар эрди ва арабиятда (араб тилида — В. А.) Ибн Ҳожиб 6 каффасида тутар эрдилар».

Самарҳанд олимлари ўртасида «аъламул-уламо» — олимлар олими деган юксак унвон билан машҳур бўлган Фазлулло Абулайсий Навоийдек талабчан талабаларга дарс бериш, мударрислик қилиш бўйнча машғулотлари кўп бўлганидан қатъи назар, шеърлар ҳам ёзган, муаммолар тўқиган. Унинг бошқаларга, жумладан, шогирдларига намуна бўларли даражада шоирлик қобилиятига эга эканлигини уқтириб, Навоий мисолларни илова қилгани ҳолда яна бундай деб ёзади:

 «Бовужудиким, Самарқанднинг аъламул-уламоси эрди, шеър ва муаммоға дағи мойил эрди…
Бу матлаъ анингдурким:

Қади чун сарв жон аст маро, сарви равон,
Сўям, эй сарв, равон шав, ки фидо созам жон.

(Мазмуни: Сенинг сарвмонанд қаддинг менинг учун жон кабидур. Эй сарв, қошимға равон бўлиб келким, жонимни фидо қилай) ва Ҳаким отиға бу муаммо аиингдурким:

Чун биҳишт ояд ба фатҳ аз рўи боғ,
Булбулаш гар гум шавад ёбад шикаст.

Алишер Навоий ўз устози Фазлулло Абулайсийнинг шогирдларга илтифоти ва шахсан унга оқилона, юмшоқ муомалада бўлгани, ўз фарзандидай эъзоз қилиб сабоқ ўргатгани тўғрисида айтади:
«…Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқидим. Онча илтифоти бор эрдиким фарзанд дер эрди» 7.

Бу далиллардан яққол кўриниб турадики, Алишер Навоийнинг устози Фазлулло Абулайсий ўз даврининг одамлари орасида фалсафа, илми фиқҳ ва араб тилини билишда Самарқанддаги олимларнинг пешқадами саналган, унинг мадрасасида фақат Алишер Навоий эмас, балки Юсуф Андижоний, Юсуф Сафоий (бу киши ҳам Андижондан), Ҳаримий Қаландар, марвлик Нодир, хоразмлик Бақоий, қундузлик Муҳаммад  Бадахший каби неча ўнлаб шогирдлар бўлган. Ҳеч шубҳа йўқки, Алишер Навоий Самарқандда Фазлулло Абулайсий мадрасасида шу шогирдлар билан бирга фалсафа, тарих, ҳуқуқ, фалакиёт, жуғрофия ва тил-адабиётни ўрганган. Фақат Фазлулло Абулайсий мадрасасидагина змас, балки самарқандлик олимлар даврасида, суҳбатида ҳам у бу фанлар устидаги машғулотларнн давом эттирган.

Шу муносабат билан бу жойда яна шунга ҳам аниқлик киритиш лозимки, баъзи тадқиқотчилар Алишернинг «Фақир икки йил аларнинг қошида сабақ ўқидом», деган жумласидан Навоий Самарқандда фақат икки  йил бўлган деган хулоса чиқарадилар. Бу тўғри, албатта. Бу жойда гап Фазлулло Абулайсий мадрассидаги икки йиллик машғулот тўғрисида бораётир. Алишер Навоий 1465 йили Ҳиротдан чиққан экан, икки йилни мазкур устод мадрасасида ўқигандан сўнг 1460 йилгача қолган йилларни қаерда ўтказди?  Ҳиротга-ку бора олмас эди! Бас, шундай экан, ўз-ўзидан равшанки, бу йилларда ҳам у Мовароуннаҳрда ва кўпроқ Самарқандда бўлган. Бу даъвони «Равзатус-сафо»нинг 7- китобида келтирилган Алишер Навоийнинг Ҳиротга орадан деярли тўрт йилни ўтказиб, бешинчи йил деганда қайтиб борганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Алишер Навоий дастлабки икки йилни Фазлулло Абулайсий мадрасасида ўтказган, сўнгра 1469 йилгача бўлган фурсатни ҳам Мовароуннаҳр шаҳарларида ва кўпроқ Самарқанд шаҳрида илм олиш йўлида ўтказгандир 8.

ИЗОҲЛАР

1. Алишер Навоийнинг ўзи бу устозлари ҳақида кейинча бундай деб ёзган эди: а) Шайх Садриддини Ревасий — шайх Зайниддин хулафосидиндур. Шайх зебо ва раъно эрди, суҳбатига етишдим. Кўнглимни басе сайд қилди. Назмга дағи иштиғол кўргузур эрди. б) Саид Ҳасан Ардашер — «Бу фақирға ота масобасида эрди. Бу фақир турк ва сорт аросида андин тамомроқ киши кўрмайдурмен, туркийча тил бирлаи назм айтур эрди». р) Хожа Юсуф Бурҳон — «Фақир мусиқий фанида анинг шогирдимен. Кўпроқ ўз шеърига савт ва амал боғлар эрди». Алишер Навоий. Асарлар, 12-том, «Мажолисун-нафоис»- га қаралсин.
2. Бу ҳақда қараш учун: а) МирмуҳаммадАзим Балхий, «Жароидул-фароид» 1248 ҳижрий, қўлёзма, 515-бет. б) Шамсиддин Сомий, «Қомусул-аълом», 1884 йил, IV жилд 26—27- бетлар, в) Муҳаммад Тоҳир, «Туркларинг улум ва фунуна хизматлари», 1328 ҳижрий, 16-бет.
3. Фақиҳ Абулайсийнинг ахлоқ ва ҳуқуқ масалаларига оид биз юқорида уқтирганимиз «Танбиҳал-ғофилин», «Хазинаҳои фиқҳ», «Саҳойифал-ҳаёт» сингари асарлари ўз даврида катта шуҳрат топган эди. У адабиёт соҳасида ҳам мулоҳазалар юритган ва назарий фикрлар қолдирган. Фақиҳ Абулайс 373 ҳижрий (984 йили) вафот этиб, Самарқанднинг Фақиҳ Абулайс маҳалласидаги .ўз хонақосида дафн қилинган.
4. Сайид Шариф Абул Ҳасан Али Журжоний ҳақида: Роқим Самарқандийнинг «Тарихи Роқимий» 1113 хижрий, Хондамирнииг «Ҳабибус-сияр», 1848 йил. нашри, 160-бет, Шамсиддин Сомийнииг «Қомусул аълом» (III жилд. 177-бет) асарларига қаралсин.
5. Имом Аъзам Нўъмон бин Собит Абу Ҳанифанинг туғилган йили 80, вафоти 150 йил ҳижрий. (698—766 йил милодий.)
6. Ибн Ҳожиб вафоти 1228 йил.
7. Алишер Навоий. Асарлар, 12-том, «Мажолнсун-нафоис», 32-бет.
8. Алишер Навоийнииг «Мажолисун-нафоис» асарида кўпгина жумлалар юқоридаги даъвони тасдиқлайдиган тарзда тузилган. Бироқ Фазлулло мадрасасида икки йил ўқиганидан сўнг 1469 йилгача қаерларда бўлганлиги бу кунгача маълум бўлмаганлигидан Мовароуннаҳр олимлари, шоирларига дахлдор жумлалар конструкцияси, бу йилларда ҳам Самарқандда, Мовароунаҳрда бўлган деган хулоса чиқаришга ўрин беради. «Бобирнома»да эса: «Алишербек… Самарқандга борди, неча йил Самарқандда эди», деб Заҳириддин Муҳаммад Бобир томонидан келтирилган бу жумла ҳам бизнинг фикримизии тўла қувватлайди.

003a.jpg
Vohid ABDULLAEV

ALISHER NAVOIY
VA FAZLULLO ABULAYS XONADONI

009

Abdullaev Vohid Abdullaevich (1912.15.5 — Samarqand — 1985.30.7) -adabiyotshunos. O’zbekiston FA akad. (1966), O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi (1973). Filol. fanlari d-ri (1959), prof. (1960). 1932 y. Farg’ona pedagogika in-tini bitirgan. Vohid Abdullaev 1935 — 43 y.lartsa Buxoro va Samarqand pedagogika in-tlarining, 1944 — 69 ylarda Alisher Navoiy nomidagi Samarqand un-ti o’zbek adabiyoti kafedrasining mudiri, 1963 y. dan shu un-t rektori. 1930 y.dan she’rlar, ilmiy maqolalar yozaboshlagan.
«Samarqand sayli» (1970) she’riy kitobi nashr etilgan. «Navoiy Samarqandda» (1948), «Nishotiy va uning «Husni Dil» dostoni», «Xoksor va uning «Muntaxab ul-lug’ot» kitobi» (1955), «Nishotiy va Xoksor» (1960), «O’zbek adabiyoti tarixi» (1964), «Saylanma» (1982) kabi kitoblari o’zbek adabiyoti va adabiyotshunosligi masalalariga bag’ishlangan.Vohid Abdullaevning oliy o’quv yurtlari uchun «O’zbek adabiyoti tarixi» darsligida 17 — 19-a.lardagi o’zbek adabiyoti tarixi tadqik etilgan.

009

Alisher Navoiyning o’z asarlarida e’tirof qilib yozganidan ma’lumki, u o’z madaniy saviyasini oshirish, bilimini yanada chuqurlashtirish yo’lida Shayx Sadriddini Revasiy, Shayx Kamol Turbatiy, Said Hasan Ardasher, Xoja Muhammad Astrabodiy, Xoja Yusuf Burhon, Abdurahmon Jomiy va Mavlono Fasihiddin Sohib kabi olimlar qoshida juda qo’p dars o’qigan 1.

Ammo u Samarqandda Muhammad Olim Samarqandiy, Xoja Xisrav, Aloi Shoshiy kabi olimlar suhbatidan tashqari ko’proq vaqtini Fazlullo Abulaysiy (Fazlulloh ibn Abdulvohid ibn Abu Lays Samarqandiy. XDK izohi) oilasida va uning madrasasida o’tkazgan. Alisher Navoiyning Samarqanddagi hayotida bu oila, shaxsan Fazlullo Abulaysiyning o’zi muhim ijobiy rol` o’ynagan edi.

Abulaysiylar xonadonining Sharqda shuhratlanishi Faqih Abulays bin Muhammad bin Ibrohim Samarqandiydan boshlangan edi 2.

Faqih Abulaysiy yashagan davr O’rta Osiyo xalqlarining qadimgi madaniyati ustiga jahon madaniy boyliklarining Samarqand hamda Buxoroda to’plagan vaqtidurki, Faqih Abulays bu adabiy-madaniy xazinalardan o’z davriga ko’ra to’la foydalana olgan kishi edi 3.

Alisher Navoiyning Samarqandda Fazlullo Abulaysiy dargohini ma’qul ko’rishi, u dargohga qarab intilishining bosh sababi ham shunda ediki, fahih Abulays avlodlarining madaniy an’analarini temuriylar davrida ham davom ettirgan kishilardan biri Samarqandning «a’lamul-ulamosi» (olimlar olimi) Fazlullo Abulaysiy edi. Uning kutubxonasida boy madaniy va adabiy merosning durdonalari ko’p bo’lganidek, shaxsan o’zi ham XV asrning 60—70- yillaridagi Samarqand olimlari o’rtasida katta obro’ga ega edi. Alisher Navoiy «Majolisun-nafois»da: «Ikkinchi majlis ul jamoati azizlar zikridankim, faqir alardin ba’zini mulozamatig’a kichiklikda yetibmen», deb bir qator olimlar bilan birga Fazlullo Abulaysiyning madaniy saviyasi va olimlar o’rtasidagi mavqei haqida ham muhim ma’lumotlar keltiradi.

«Samarqand akobiridindur, Fahih Abulaysiy avlodidin,—deb davom etadi Alisher,—Sayid Sharifning 4 shogirdi va Sayid o’z xatlari bilan dars ayturg’a ijozatnoma alarning uchun bitib erdi».

Sayid Sharif Jurjoniy tarbiyasida yetishib, undan «dars ayturg’a ijozatnoma» olgan mudarris Fazlullo Abulaysiyning huquqshunoslikda — Abu Hanifai soniy va arab tilini bilishda Ibn Hojib bilan teng’ darajadagi bilimdon kishi bo’lganini Alisher Navoiy mazkur asarida quyidagicha keltiradi: «Fiqhda ani Abu Hanifai soniy 5 derlar erdi va arabiyatda (arab tilida — V. A.) Ibn Hojib 6 kaffasida tutar erdilar».

Samarhand olimlari o’rtasida «a’lamul-ulamo» — olimlar olimi degan yuksak unvon bilan mashhur bo’lgan Fazlullo Abulaysiy Navoiydek talabchan talabalarga dars berish, mudarrislik qilish bo’yncha mashg’ulotlari ko’p bo’lganidan qat’i nazar, she’rlar ham yozgan, muammolar to’qigan. Uning boshqalarga, jumladan, shogirdlariga namuna bo’larli darajada shoirlik qobiliyatiga ega ekanligini uqtirib, Navoiy misollarni ilova qilgani holda yana bunday deb yozadi:

«Bovujudikim, Samarqandning a’lamul-ulamosi erdi, she’r va muammog’a dag’i moyil erdi…
Bu matla’ aningdurkim:

Qadi chun sarv jon ast maro, sarvi ravon,
So’yam, ey sarv, ravon shav, ki fido sozam jon.

(Mazmuni: Sening sarvmonand qadding mening uchun jon kabidur. Ey sarv, qoshimg’a ravon bo’lib kelkim, jonimni fido qilay) va Hakim otig’a bu muammo aiingdurkim:

Chun bihisht oyad ba fath az ro’i bog’,
Bulbulash gar gum shavad yobad shikast.

Alisher Navoiy o’z ustozi Fazlullo Abulaysiyning shogirdlarga iltifoti va shaxsan unga oqilona, yumshoq muomalada bo’lgani, o’z farzandiday e’zoz qilib saboq o’rgatgani to’g’risida aytadi:
«…Faqir ikki yil alarning qoshida sabaq o’qidim. Oncha iltifoti bor erdikim farzand der erdi» 7.

Bu dalillardan yaqqol ko’rinib turadiki, Alisher Navoiyning ustozi Fazlullo Abulaysiy o’z davrining odamlari orasida falsafa, ilmi fiqh va arab tilini bilishda Samarqanddagi olimlarning peshqadami sanalgan, uning madrasasida faqat Alisher Navoiy emas, balki Yusuf Andijoniy, Yusuf Safoiy (bu kishi ham Andijondan), Harimiy Qalandar, marvlik Nodir, xorazmlik Baqoiy, qunduzlik Muhammad Badaxshiy kabi necha o’nlab shogirdlar bo’lgan. Hech shubha yo’qki, Alisher Navoiy Samarqandda Fazlullo Abulaysiy madrasasida shu shogirdlar bilan birga falsafa, tarix, huquq, falakiyot, jug’rofiya va til-adabiyotni o’rgangan. Faqat Fazlullo Abulaysiy madrasasidagina zmas, balki samarqandlik olimlar davrasida, suhbatida ham u bu fanlar ustidagi mashg’ulotlarnn davom ettirgan.

Shu munosabat bilan bu joyda yana shunga ham aniqlik kiritish lozimki, ba’zi tadqiqotchilar Alisherning «Faqir ikki yil alarning qoshida sabaq o’qidom», degan jumlasidan Navoiy Samarqandda faqat ikki yil bo’lgan degan xulosa chiqaradilar. Bu to’g’ri, albatta. Bu joyda gap Fazlullo Abulaysiy madrassidagi ikki yillik mashg’ulot to’g’risida borayotir. Alisher Navoiy 1465 yili Hirotdan chiqqan ekan, ikki yilni mazkur ustod madrasasida o’qigandan so’ng 1460 yilgacha qolgan yillarni qaerda o’tkazdi? Hirotga-ku bora olmas edi! Bas, shunday ekan, o’z-o’zidan ravshanki, bu yillarda ham u Movarounnahrda va ko’proq Samarqandda bo’lgan. Bu da’voni «Ravzatus-safo»ning 7- kitobida keltirilgan Alisher Navoiyning Hirotga oradan deyarli to’rt yilni o’tkazib, beshinchi yil deganda qaytib borganligi to’g’risidagi hujjatlar ham to’liq tasdiqlaydi. Alisher Navoiy dastlabki ikki yilni Fazlullo Abulaysiy madrasasida o’tkazgan, so’ngra 1469 yilgacha bo’lgan fursatni ham Movarounnahr shaharlarida va ko’proq Samarqand shahrida ilm olish yo’lida o’tkazgandir 8.

IZOHLAR

1. Alisher Navoiyning o’zi bu ustozlari haqida keyincha bunday deb yozgan edi: a) Shayx Sadriddini Revasiy — shayx Zayniddin xulafosidindur. Shayx zebo va ra’no erdi, suhbatiga yetishdim. Ko’nglimni base sayd qildi. Nazmga dag’i ishtig’ol ko’rguzur erdi.  b) Said Hasan Ardasher — «Bu faqirg’a ota masobasida erdi. Bu faqir turk va sort arosida andin tamomroq kishi ko’rmaydurmen, turkiycha til birlai nazm aytur erdi». r) Xoja Yusuf Burhon — «Faqir musiqiy fanida aning shogirdimen. Ko’proq o’z she’riga savt va amal bog’lar erdi». Alisher Navoiy. Asarlar, 12-tom, «Majolisun-nafois»- ga qaralsin.
2. Bu haqda qarash uchun: a) MirmuhammadAzim Balxiy, «Jaroidul-faroid» 1248 hijriy, qo’lyozma, 515-bet. b) Shamsiddin Somiy, «Qomusul-a’lom», 1884 yil, IV jild 26—27- betlar, v) Muhammad Tohir, «Turklaring ulum va fununa xizmatlari», 1328 hijriy, 16-bet.
3. Faqih Abulaysiyning axloq va huquq masalalariga oid biz yuqorida uqtirganimiz «Tanbihal-g’ofilin», «Xazinahoi fiqh», «Sahoyifal-hayot» singari asarlari o’z davrida katta shuhrat topgan edi. U adabiyot sohasida ham mulohazalar yuritgan va nazariy fikrlar qoldirgan. Faqih Abulays 373 hijriy (984 yili) vafot etib, Samarqandning Faqih Abulays mahallasidagi .o’z xonaqosida dafn qilingan.
4. Sayid Sharif Abul Hasan Ali Jurjoniy haqida: Roqim Samarqandiyning «Tarixi Roqimiy» 1113 xijriy, Xondamirniig «Habibus-siyar», 1848 yil. nashri, 160-bet, Shamsiddin Somiyniig «Qomusul a’lom» (III jild. 177-bet) asarlariga qaralsin.
5. Imom A’zam No»mon bin Sobit Abu Hanifaning tug’ilgan yili 80, vafoti 150 yil hijriy. (698—766 yil milodiy.)
6. Ibn Hojib vafoti 1228 yil.
7. Alisher Navoiy. Asarlar, 12-tom, «Majolnsun-nafois», 32-bet.
8. Alisher Navoiyniig «Majolisun-nafois» asarida ko’pgina jumlalar yuqoridagi da’voni tasdiqlaydigan tarzda tuzilgan. Biroq Fazlullo madrasasida ikki yil o’qiganidan so’ng 1469 yilgacha qaerlarda bo’lganligi bu kungacha ma’lum bo’lmaganligidan Movarounnahr olimlari, shoirlariga daxldor jumlalar konstruktsiyasi, bu yillarda ham Samarqandda, Movarounahrda bo’lgan degan xulosa chiqarishga o’rin beradi. «Bobirnoma»da esa: «Alisherbek… Samarqandga bordi, necha yil Samarqandda edi», deb Zahiriddin Muhammad Bobir tomonidan keltirilgan bu jumla ham bizning fikrimizii to’la quvvatlaydi.

033

Vohid Abdullayev. Alisher Navoiy Samarqandda by Khurshid Davron on Scribd

021

(Tashriflar: umumiy 456, bugungi 1)

Izoh qoldiring